Rafiq Mo’min. She’rlar

034

7 феврал — Шоир, драматург, педагог Рафиқ Мўмин таваллудининг 115 йиллиги.

Рафиқ Мўмин (Мўминов Рафиқ, 1900-1951) XX аср билан эгизак шоир. Рафиқ Мўмин ўқитувчи, шоир ва публицист, сифатида 20-30 йиллардаёқ таниқли адиблар эътиборига тушган. У ўз даврида лирик шеърлар қатори, сиёсий лирика намуналари ҳамда қиличдек кескир ҳажвий асарлари билан машҳур бўлган.

022

023афиқ Мўмин (Мўминов Рафиқ, 1900-1951) XX аср билан эгизак шоир. Рафиқ Мўмин ўқитувчи, шоир ва публицист, сифатида 20-30 йиллардаёқ таниқли адиблар эътиборига тушган. У ўз даврида лирик шеърлар қатори, сиёсий лирика намуналари ҳамда қиличдек кескир ҳажвий асарлари билан машҳур бўлган.

Рафиқ Мўмин XX аср билан эгизак шоир. У 1900 йилнинг 7 февралида Наманганда ғоят фақир ва серфарзанд бир оилада таваллуд топган. Унинг отаси Мулла Мўмин ночор ҳаёт кечирса ҳам, аммо маънавий соғлом, бой турмуш кечирган, десак хато бўлмас. Нега деганда, у ўз хонадонида қишнинг узоқ тунларида ҳаммаслак дўстлари билан сандал атрофида навоийхонлик, фузулийхонлик, машрабхонлик гашти билан очлик, ночорликни ҳам унутиб яшаганлар.
Табиатан иқтидорли, сезгир бўлган ёш Рафиқ ана шу ғазалхон муҳитда тарбия топди. Мадрасада таҳсил кўрди, хусусий мутолаага берилди. Шу йўсинда у мумтоз адабиётимиз намояндалари ижодини ўрганди, эргашди, баъзан тақлид ҳам қилди. Айниқса, Машраб ижоди уни ўзига ром этди. Машрабнинг қўпгина шеърларини ёдлаб улгурди, ёдлабгина қолмай, ундаги асл маънолар мағзини, шеърий шаклларни ҳам ўзича таҳлилдан ўтказа борди. Ўзи ҳам ижод билан шуғулланган дастлабки кезларда «Машраб» тахаллуси билан шеърлар ҳам ёзди.

Фақир бўлса ҳам, дунёнинг паст-баландлигини англаган ота ўғли Рафиқнинг келажагини ўйлаб рус-тузем мактабида ўқитади. Шу баҳона у Шарқ мумтоз адабиёти қаторида А.С.Пушкин, Л.Н.Толстой каби рус адабиёти намояндалари ижоди билан танишиш, ўрганиш имкониятига эга бўлади. Хуллас, оқ-қорани эрта англаган йигит Октябрь тўнтариши кезларида большевикларга катта умид тутди. Шунинг оқибатида маҳаллий инқилобчиларнинг кўзга кўринган намояндаларига эргашиб янги мактаблар, янги маданият ўчоқларини ташкил этиш ишларига ҳам аралашди, саводсизликка қарши курашда иштирок этди. Асли касби ўқитувчилик бўлган Рафиқ Мўмин дастлаб Намангандаги болалар уйларида тарбиячи ва ўқитувчи бўлиб ишлади. Айниқса, ота-онасиз қолган етим-есирларнинг бошини силайди, ўқитади. Шулардан айримлари, жумладан, Раззоқ Ҳамроев, Санжар Тилла, Учқун Раҳмон ва бошқалар ўз илмий ижодий ишлари билан халқимиз орасида машҳур бўлиб кетишган. Унинг ташаббуси билан 1925-1927 йилларда Наманганда тўртта янги мактаб бунёд бўлган.

Раззоқ Ҳамроевнинг кейинчалик эслашича, «Рафиқ Мўмин фақат қалбдангина шоир бўлмай, ташқи қиёфаси, хатти-ҳаракати билан ҳам шоирона одам эди. Рафиқ аканинг Навоий, Лутфий, Фурқат ижоди ҳақидаги ҳикоялари жуда мароқли бўларди… Рафиқ ака яхши хонанда ва бастакор ҳам эди. У ўз шеърларига куй тўқиб, болаларга ўргатар эди».

Рафиқ Мўмин ўқитувчи, шоир ва публицист, сифатида 20-30 йиллардаёқ Ғайратий, Ҳ.Олимжон, Миртемир каби машҳур адиблар эътиборига тушган. У ўз даврида лирик шеърлар қатори, сиёсий лирика намуналари ҳамда қиличдек кескир ҳажвий асарлари билан машҳур бўлган. Унинг қўпгина ҳажвий асарлари «Муштум», «Машраб» каби журналларда тез-тез босилиб турган. Унда олғир, текинхўр ва порахўрлар, ландавур, ишёқмас, такасалтанглар, эски урф-одат ва бидъат ишлар кескин танқид қилинган. Айни чоғда ўнлаб лирик шеърларида баҳор, гул, булбул образларининг ёрқин бир гулдастасини ўз ўқувчисига совға этади. Жумладан, «Эй, гўзал ғунча», «Гул капалаклари», «Яна баҳор» каби шеърларида ўзининг ҳаёт ва одамлар, табиат ҳақидаги нозик туйғуларини омухта ифодалайди. «Эй, гўзал ғунча» шеърида:

Ҳасратда йиғлама, эй гўзал ғунча,
Йиғласанг йиғларман сенга ҳам шунча, —

дея лирик қаҳрамоннинг руҳий ҳолатига яхлитлик бағишлайди. «Яна баҳор» шеърида:

Яна баҳор… яна ҳаёт қайнайди.
Мудраб ётган табиатга жон кириб.
Яшил ўтлар… себаргалар тирилиб
Яна борлиқ нурга тўлиб яшнайди, —

каби халқона, бахшиёна мисралар яратади. У лирик ва ҳажвий шеърлар қатори «Иброҳим», «Қапчиғай», «Қизил қиз», «Занглаган пичоқ», «Болақўр», «Тиёншон қизи» каби ажойиб достонлар, «Ёрилтош», «Ишчи бобо», «Ойдин» каби пьесалар ҳам яратди. У ана шундай ижодий камолот сари парвоз этаётганда қатағон занжири унинг ҳам елкасидан тортди.
У 1937 йилнинг 25 майида ҳибсга олиниб, ўн йилга Куйбишевдаги қамоқ лагерига сургун қилинди. Ўн йиллик қийноқлардан сўнг 1947 йилнинг ёзида ўз ватанига кириб келди. 1951 йилнинг 5 майида орттириб келган оғир касаллик туфайли вафот этди.

Мустақилликдан сўнггина унинг «Қапчиғай» (1998) номи билан шеърлар ва достонлар китоби босилиб чиқди.

06
Рафиқ Мўмин
ШЕЪРЛАР
022

НОЗЛИ  ТEГИЛИШ
Фарғоналик шоиримиз Чўлпонга

Оҳ юзғутмоқ, воҳ аламлар,
Дод, фарёдлар яна кетмади.
Айтдику сенга! Бу коронғунинг даҳшат қир йўли,
Биздан кетмайди.
Яна ўз тўлқинлари билан фортуналар ясаб,
Гўзал тоғларни, боғларни
Бузар.
Бу вайроналик, бу харобалик устида
Яна бойқушлар, қарғалар
Кезар.
Узоқдан келган кутсиз еллар.
Жонсиз, маъсум япроқларни—
Тилаган, истаганларича,
Кучсиз топиб янчалар.
Эзарлар.
Кўнглим юртининг ҳоқони қайғум!
Турма! Шошил!
Ошиқ!
Истагинг истаб куч!
Рўзғорларга карши тўфонлар яса!
Тўлқунларга қарши
Карбалолар яса!
Кет! Тўғри кет!
Аршга қадар кет-да,
Фарёдларга ет!
Вайроналиқ қайғуларин торт!
Бузғунлик, тенгсизликни эгангга
Битталаб, битталаб айт!
Қошингда Чўлпон учун умид тонгларин олиб қайт!
Ай, қанотсиз қарғалар, сиз,
Бойқушлар дўсти, қора девларсиз.
Маним севган дўстимни нечун қувдингиз?
Қувдингиз-да, қувдингиз, ўзингиз ҳам битарсиз.

Ҳўқанд, 23 феврал 1923 йил.

ТОНГ ЕЛИ
(…келишига)

Ҳануз бахтинг сочин ёзмаган экан,
Булбулинг сайрашдан толмаган экан,
Душманлар суюкли, яшил гулингни…
Заҳарли қўлида узмаган экан.

Кўкдаги юлдузлар, бахтинг гулига
Саломлар юборди малакларидан.
Узоқдан «эсган» «тонг онам» ели —
Орқали руҳингни солмиш йўлига…

Япроқлар ўйнашиб бир-бирларига
Сирларин айтишиб ҳам қитиғлашди.
Тонг ели келурда ҳарир кўрунган —
Гўзаллик тимсоли кулуб яйрашди.

Хўқанд, 18 июн 1923 йил.

ТЎҒРИ КEТАМИЗ

Тоғлиқ-тошлиқ кизғин қумлар устида,
Саҳросидан ҳам чўлидан, даштидан
Чопа-чопа қизиқишиб кетамиз
Қўл ушлашиб, ўйноқлашиб кетамиз.

Дарёларин, денгизларин, кўлларин
Биз босмасдан қўймайдурмиз йўлларин.
Ўрмонлардан, тўқайлардан кетамиз,
Шерлар билан сўроқлашиб кетамиз.

Харобалар, вайроналар кўкидан,
Ҳайқиришган бойқушларнинг ўқидан
Қўлда яроқ-ёйлар билан кетамиз,
Тикка жарнинг сойи билан кетамиз.

Девлар янглиғ чўзилишган тоғларнинг
Қор ҳам дўли босган гўзал боғларнинг
Қайғусидан уча-уча кетамиз,
Бир йўл қўймай кўча-кўча кетамиз.

Сувсизликдан сўлган яшил япроқлар,
Ер остида чуруб қолғон яроқлар.
«Тўғри йўл» деб янги йўлга кетамиз,
Юртимиз деб жанг йўлига кетамиз.

19 феврал 1923 йил.

БОРЛИҚДА БИР ҒАШ

Кўк юзида юлдуз ўйнар порпирашиб,
Кўклам билан қайғулашиб, «Чўлпон» йиғлар.

Кўркам юртнинг дев, қушлари ҳайқиришган,
Борлиқ кўзи ёшга тўлган, «Вулқон» йиғлар.

Қанот ростлаб ғозлар кетди ўз юртига,
Шунинг учун ҳамма дарё, тўфон йиғлар.

Сувлар оқмай бўлди чўлинг бу юртимиз,
Гўдак каби эл ёшлари қон-қон йиғлар.

Сув бўйида оғлар сизрам тўлқунидан,
Ҳамма маҳзун, ҳама ғариб, «Чўлпон» йиғлар.

Зўр тоғларнинг кўкрагида оппоқ соқол,
Бобом янглиғ мискинлашиб «Ҳоқон» йиғлар.

«Ғариб» кўнгли қариган юрт ғамида,
Балки ёшлик ҳасратида «Турон» йиғлар.

Қир остида кимсасизлик ўти бирлан,
Оҳлар тортиб, куюб ёнган «Ўғлон» йиғлар.

11 март 1923 й.

021

022

022afiq Mo’min (Mo’minov Rafiq, 1900-1951) XX asr bilan egizak shoir. Rafiq Mo’min o’qituvchi, shoir va publitsist, sifatida 20-30 yillardayoq taniqli adiblar e’tiboriga tushgan. U o’z davrida lirik she’rlar qatori, siyosiy lirika namunalari hamda qilichdek keskir hajviy asarlari bilan mashhur bo’lgan.

Rafiq Mo’min XX asr bilan egizak shoir. U 1900 yilning 7 fevralida Namanganda g’oyat faqir va serfarzand bir oilada tavallud topgan. Uning otasi Mulla Mo’min nochor hayot kechirsa ham, ammo ma’naviy sog’lom, boy turmush kechirgan, desak xato bo’lmas. Nega deganda, u o’z xonadonida qishning uzoq tunlarida hammaslak do’stlari bilan sandal atrofida navoiyxonlik, fuzuliyxonlik, mashrabxonlik gashti bilan ochlik, nochorlikni ham unutib yashaganlar.Tabiatan iqtidorli, sezgir bo’lgan yosh Rafiq ana shu g’azalxon muhitda tarbiya topdi. Madrasada tahsil ko’rdi, xususiy mutolaaga berildi. Shu yo’sinda u mumtoz adabiyotimiz namoyandalari ijodini o’rgandi, ergashdi, ba’zan taqlid ham qildi. Ayniqsa, Mashrab ijodi uni o’ziga rom etdi. Mashrabning qo’pgina she’rlarini yodlab ulgurdi, yodlabgina qolmay, undagi asl ma’nolar mag’zini, she’riy shakllarni ham o’zicha tahlildan o’tkaza bordi. O’zi ham ijod bilan shug’ullangan dastlabki kezlarda «Mashrab» taxallusi bilan she’rlar ham yozdi.

Faqir bo’lsa ham, dunyoning past-balandligini anglagan ota o’g’li Rafiqning kelajagini o’ylab rus-tuzem maktabida o’qitadi. Shu bahona u Sharq mumtoz adabiyoti qatorida A.S.Pushkin, L.N.Tolstoy kabi rus adabiyoti namoyandalari ijodi bilan tanishish, o’rganish imkoniyatiga ega bo’ladi. Xullas, oq-qorani erta anglagan yigit Oktyabr` to’ntarishi kezlarida bol`sheviklarga katta umid tutdi. Shuning oqibatida mahalliy inqilobchilarning ko’zga ko’ringan namoyandalariga ergashib yangi maktablar, yangi madaniyat o’choqlarini tashkil etish ishlariga ham aralashdi, savodsizlikka qarshi kurashda ishtirok etdi. Asli kasbi o’qituvchilik bo’lgan Rafiq Mo’min dastlab Namangandagi bolalar uylarida tarbiyachi va o’qituvchi bo’lib ishladi. Ayniqsa, ota-onasiz qolgan yetim-yesirlarning boshini silaydi, o’qitadi. Shulardan ayrimlari, jumladan, Razzoq Hamroev, Sanjar Tilla, Uchqun Rahmon va boshqalar o’z ilmiy ijodiy ishlari bilan xalqimiz orasida mashhur bo’lib ketishgan. Uning tashabbusi bilan 1925-1927 yillarda Namanganda to’rtta yangi maktab bunyod bo’lgan.

Razzoq Hamroevning keyinchalik eslashicha, «Rafiq Mo’min faqat qalbdangina shoir bo’lmay, tashqi qiyofasi, xatti-harakati bilan ham shoirona odam edi. Rafiq akaning Navoiy, Lutfiy, Furqat ijodi haqidagi hikoyalari juda maroqli bo’lardi… Rafiq aka yaxshi xonanda va bastakor ham edi. U o’z she’rlariga kuy to’qib, bolalarga o’rgatar edi».

Rafiq Mo’min o’qituvchi, shoir va publitsist, sifatida 20-30 yillardayoq G’ayratiy, H.Olimjon, Mirtemir kabi mashhur adiblar e’tiboriga tushgan. U o’z davrida lirik she’rlar qatori, siyosiy lirika namunalari hamda qilichdek keskir hajviy asarlari bilan mashhur bo’lgan. Uning qo’pgina hajviy asarlari «Mushtum», «Mashrab» kabi jurnallarda tez-tez bosilib turgan. Unda olg’ir, tekinxo’r va poraxo’rlar, landavur, ishyoqmas, takasaltanglar, eski urf-odat va bid’at ishlar keskin tanqid qilingan. Ayni chog’da o’nlab lirik she’rlarida bahor, gul, bulbul obrazlarining yorqin bir guldastasini o’z o’quvchisiga sovg’a etadi. Jumladan, «Ey, go’zal g’uncha», «Gul kapalaklari», «Yana bahor» kabi she’rlarida o’zining hayot va odamlar, tabiat haqidagi nozik tuyg’ularini omuxta ifodalaydi. «Ey, go’zal g’uncha» she’rida:

Hasratda yig’lama, ey go’zal g’uncha,
Yig’lasang yig’larman senga ham shuncha, —

deya lirik qahramonning ruhiy holatiga yaxlitlik bag’ishlaydi. «Yana bahor» she’rida:

Yana bahor… yana hayot qaynaydi.
Mudrab yotgan tabiatga jon kirib.
Yashil o’tlar… sebargalar tirilib
Yana borliq nurga to’lib yashnaydi, —

kabi xalqona, baxshiyona misralar yaratadi. U lirik va hajviy she’rlar qatori «Ibrohim», «Qapchig’ay», «Qizil qiz», «Zanglagan pichoq», «Bolaqo’r», «Tiyonshon qizi» kabi ajoyib dostonlar, «Yoriltosh», «Ishchi bobo», «Oydin» kabi p`esalar ham yaratdi. U ana shunday ijodiy kamolot sari parvoz etayotganda qatag’on zanjiri uning ham yelkasidan tortdi.U 1937 yilning 25 mayida hibsga olinib, o’n yilga Kuybishevdagi qamoq lageriga surgun qilindi. O’n yillik qiynoqlardan so’ng 1947 yilning yozida o’z vataniga kirib keldi. 1951 yilning 5 mayida orttirib kelgan og’ir kasallik tufayli vafot etdi.

Mustaqillikdan so’nggina uning «Qapchig’ay» (1998) nomi bilan she’rlar va dostonlar kitobi bosilib chiqdi.

06
Rafiq Mo’min
SHE’RLAR
022

NOZLI TEGILISH
Farg‘onalik shoirimiz Cho‘lponga

Oh yuzg‘utmoq, voh alamlar,
Dod, faryodlar yana ketmadi.
Aytdiku senga! Bu korong‘uning dahshat qir yo‘li,
Bizdan ketmaydi.
Yana o‘z to‘lqinlari bilan fortunalar yasab,
Go‘zal tog‘larni, bog‘larni
Buzar.
Bu vayronalik, bu xarobalik ustida
Yana boyqushlar, qarg‘alar
Kezar.
Uzoqdan kelgan kutsiz yellar.
Jonsiz, ma’sum yaproqlarni—
Tilagan, istaganlaricha,
Kuchsiz topib yanchalar.
Ezarlar.
Ko‘nglim yurtining hoqoni qayg‘um!
Turma! Shoshil!
Oshiq!
Istaging istab kuch!
Ro‘zg‘orlarga karshi to‘fonlar yasa!
To‘lqunlarga qarshi
Karbalolar yasa!
Ket! To‘g‘ri ket!
Arshga qadar ket-da,
Faryodlarga yet!
Vayronaliq qayg‘ularin tort!
Buzg‘unlik, tengsizlikni egangga
Bittalab, bittalab ayt!
Qoshingda Cho‘lpon uchun umid tonglarin olib qayt!
Ay, qanotsiz qarg‘alar, siz,
Boyqushlar do‘sti, qora devlarsiz.
Manim sevgan do‘stimni nechun quvdingiz?
Quvdingiz-da, quvdingiz, o‘zingiz ham bitarsiz.

Ho‘qand, 23 fevral 1923 yil.

TONG YELI
(…kelishiga)

Hanuz baxting sochin yozmagan ekan,
Bulbuling sayrashdan tolmagan ekan,
Dushmanlar suyukli, yashil gulingni…
Zaharli qo‘lida uzmagan ekan.

Ko‘kdagi yulduzlar, baxting guliga
Salomlar yubordi malaklaridan.
Uzoqdan «esgan» «tong onam» yeli —
Orqali ruhingni solmish yo‘liga…

Yaproqlar o‘ynashib bir-birlariga
Sirlarin aytishib ham qitig‘lashdi.
Tong yeli kelurda harir ko‘rungan —
Go‘zallik timsoli kulub yayrashdi.

Xo‘qand, 18 iyun 1923 yil.

TO’G’RI KETAMIZ

Tog‘liq-toshliq kizg‘in qumlar ustida,
Sahrosidan ham cho‘lidan, dashtidan
Chopa-chopa qiziqishib ketamiz
Qo‘l ushlashib, o‘ynoqlashib ketamiz.

Daryolarin, dengizlarin, ko‘llarin
Biz bosmasdan qo‘ymaydurmiz yo‘llarin.
O’rmonlardan, to‘qaylardan ketamiz,
Sherlar bilan so‘roqlashib ketamiz.

Xarobalar, vayronalar ko‘kidan,
Hayqirishgan boyqushlarning o‘qidan
Qo‘lda yaroq-yoylar bilan ketamiz,
Tikka jarning soyi bilan ketamiz.

Devlar yanglig‘ cho‘zilishgan tog‘larning
Qor ham do‘li bosgan go‘zal bog‘larning
Qayg‘usidan ucha-ucha ketamiz,
Bir yo‘l qo‘ymay ko‘cha-ko‘cha ketamiz.

Suvsizlikdan so‘lgan yashil yaproqlar,
Yer ostida churub qolg‘on yaroqlar.
«To‘g‘ri yo‘l» deb yangi yo‘lga ketamiz,
Yurtimiz deb jang yo‘liga ketamiz.

19 fevral 1923 yil.

BORLIQDA BIR G’ASH

Ko‘k yuzida yulduz o‘ynar porpirashib,
Ko‘klam bilan qayg‘ulashib, «Cho‘lpon» yig‘lar.

Ko‘rkam yurtning dev, qushlari hayqirishgan,
Borliq ko‘zi yoshga to‘lgan, «Vulqon» yig‘lar.

Qanot rostlab g‘ozlar ketdi o‘z yurtiga,
Shuning uchun hamma daryo, to‘fon yig‘lar.

Suvlar oqmay bo‘ldi cho‘ling bu yurtimiz,
Go‘dak kabi el yoshlari qon-qon yig‘lar.

Suv bo‘yida og‘lar sizram to‘lqunidan,
Hamma mahzun, hama g‘arib, «Cho‘lpon» yig‘lar.

Zo‘r tog‘larning ko‘kragida oppoq soqol,
Bobom yanglig‘ miskinlashib «Hoqon» yig‘lar.

«G’arib» ko‘ngli qarigan yurt g‘amida,
Balki yoshlik hasratida «Turon» yig‘lar.

Qir ostida kimsasizlik o‘ti birlan,
Ohlar tortib, kuyub yongan «O’g‘lon» yig‘lar.

11 mart 1923 y.

09

(Tashriflar: umumiy 300, bugungi 1)

Izoh qoldiring