Sherzod Komil Xalil. O’ch

011

Алламаҳал ит ҳурганида қорним очиб уйғондим. Хотиним тушликда қилиб берган овқатдан қозонда бор эди. Дастурхон тўшаб, овқатни иситиб ичдим. Ит яна ғингший бошлади. Вагон ичидан ташқаридаги чироқни ёқдим. Деразадан атрофни кузатдим. Чироқ ёруғида қор ёғаётганлигини айтмаганда, деярли жимжитликдай туюларди. Аммо кўнглим тинчимади. Милтиқни олиб ташқарига чиқдим. Ит аккиллаганча ёнимга келди. Биласизларми, шу пайт нимани кўриб қолдим. Қўрадан унча узоқ бўлмаган жойда, қоронғуликда, кўзлари ёнган жондор мен томонга қараб турарди.

07
Шерзод Комил Халил
ЎЧ
011

088Шерзод Комил Xалил 1982 йил 13-сентябрда Ўзбекистон республикаси Қашқадарё вилояти Китоб туманида туғилган. 1999-2003 йилларда ЎзМУ фалсафа факултетида бакалавр, 2003-2005 йилларда шу факултетниннг магистратурасида ўқиб, замонавий ғарб фалсафаси ва тарихи магистри даражасини олган. 2005-2007 йилларда ЎзМУ ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси қошидаги Олий Адабиёт курси тингловчиси бўлган. 2005-2009 йилларда Тошкент Тўқимачилик ва енгил саноат институти Фалсафа кафедрасида ўқитувчи бўлиб ишлаган. 2009-2011 йилларда ЎзМУ фалсафа факултетида Аспирантурада таҳсил олган. 2011-2012 йилларда ЎзМУ фалсафа факултети стажёр-тадқиқотчиси.Ҳозирда фалсафа тарихи бўйича докторлик илмий иши устида иш олиб бормоқда.

011

Мадомики, бўри ҳақида гурунг кетган экан, мен сизларга бир воқеани айтиб берай. Ўшанда ҳам худди ҳозиргидек, чилла совуғи тушган қаҳратон қиш эди. Биласизларки, Оқсувдарё бўйида отам Ниёз чўпондан қолган бир қўра бор. Қиш олди қўйларни ўша ерга ҳайдаб тушгандим. Ўзи мен одатда сурувни Сўқори тоғларига боқаман. Эрта баҳордан то кеч кузгача тоғдан бери келмайман. Кўчар чўпонни кимдир йўқласа, тоғдан изласин. Хотиним Дилдорага шундай дейман. Ҳа, энди чўпон зотининг ҳаёти шундай бўлар экан-да. Гапнинг пўсткалласини айтганда, то қиш оёқлаб қолмагунча, поданинг орқасидан тоғма-тоғ юрамиз. Қишда биласизлар тоғда қор кўп тушади. Худонинг берган куни ёғаверади. Бунақа қорда қўйлар ҳеч нарса топи бея олмайди. Отамиз Ниёз чўпон шуни билгани учун Оқсувдарё бўйида бир қўра тиклайди. Қўра дарёдан бир неча чақирим берида эди. Қўйларга жуда қулай қилиб қурилган. Қўрада ичкари отардан ташқари, олди тош тўсиқдан қилинган ути очиқ майдон ҳам бор. Ичкари иссиқлик қилса, қўйлар ташқарига чиқиб оларди. Совуқ пайтлари эса, аксинча, ҳаммаси ичкарига кириб кетарди. Биз ҳароратни ўзимизча шунга қараб чамалардик. Хуллас, ўзимиз билан ўзимиз оввора бўлиб юрган одам эдик. Биров билан ишимиз йўқ эди. Аммо ҳаётда шундай бўлар эканки, сени биров билан ишинг бўлмаса ҳам, бировни сен била ниши бўлар экан. Энди буни нима десам бўлади?! Балки кўролмасликдир, балки ҳасаддир, яна ким билади дейсиз?! Кўчар чўпонни минг қўйи бор, меники йўқ дейишса керак-да?! Фермерлик ҳаракати бошлангандан буён, биласизлар, ҳамма ерлар эгалик бўлиб кетган. Бозор иқтисодиёти шу бўлса керак-да?! Сўқори тоғларида ҳам ҳозир бўш ернинг ўзи йўқ. Керакли одамлар чегара қилиб олишган. Мавсумга қараб бир миллион-икки миллион тўлаб қўйларни шу ерларда боқамиз. Буни тўғри тушунамиз. Ўша ерларни олган одамлар ҳам давлатга солиқ тўлайди ахир. Шундай бўлгандан кейин, бизга ўхшаганларга ўша ерларни чорвасини боқсин деб текиндан-текинга бериб қўймайди-ку?! Лекин дарё бўйи, биласизлар, бу бошқа масала. Бу жойлар ирригация ҳудудлари. У ерларни исталган пайтда сел олиб кетиши мумкин. Давлат бундай жойлардан солиқ олмайди. Бу тўғри ҳам, чунки, сел олишлар биласизлар, унда-мунда такрорланиб туради. Шунинг учун бу ерларда мироблар белгиланган. Биласизларки, Оқсувдарёнинг юқори тарафидан ҳам, ўрмон ортидаги қишлоқ тарафда ҳам уч-тўртта канал бор. Тошқин пайтлари шу каналлардан сув тошиши мумкин. Мироблар шунинг учун ҳам бу ерларга жуда керакли одамлар ҳисобланади. Шундай мироблардан бири биз томонга келиб қолди. Уни олдида Азим мироб, ортидан Азим қоровул дейишарди. Кўзи ичига ботган, ўсиққош, серсоқол писмиқроқ одам эди. Писмиқдан қўрқ деб халқ тўғри айтган экан. Шу одам менга нимагадир ёпишиб олди. Сирасини айтганда, менинг у билан ишим йўқ эди.

Қиш оёқлаб қолгани боис, қўйларни Сўқори тоғларидан дарё бўйидаги қўтонга ҳайдаб тушгандим. Ўзим бу ёқда қўтон ёнидаги вагонда яшардим. Хотиним ва болаларим бу ерга тез-тез келиб туришарди. Ҳар ҳолда, Сўқори тоғларидан кўра, бу ер уйимга яқинроқ эди. Баҳордан кузгача қўйларни боқишадиган икки чўпонга қишда жавоб бериб юборардим. Чунки, ўғилларим ва хотиним бу вақтда менга қарашиб туришарди. Кун очиқ кунлари дарё бўйидаги водийда қўйларни қўйиб юборардик. Бир тарафини болалар ва хотин олса, бир тарафига ўзим қарардим. Водийнинг қолган икки тарафидан канал ва дарё оққани учун қўйлар қаёққа ҳам борарди. Далаларда қор тушган кунлари эса, ёзда ғамлаб қўйган хашаклардан қўранинг ичига ташлардик. Қўйлар ташқарига чиқмаса ҳам ўша ерда ётаверарди.

Ўша куни ерда пича қор тушган, бунинг устига осмоннинг қовоғи солиқ эди. Афтидан кечга яқин қор ёғадиган манзара ҳосил бўлганди. Шунинг учун қўйларни қўрага қамаб, вагонда иссиқ чой ичиб, китоб ўқиб ўтирардим. Бир маҳал итлар аккиллаб қолди. Энди ўзларингиздан қолар гап йўқ, чўпон зоти ҳамма вақт ит асраб келган. Ҳар ҳолда тоғда юрамиз. Бўри-мўри қўйларга ҳужум қилиши мумкин. Тўғри, милтиғим ҳам бор. Аммо итнинг ўрни барибир бошқа-да. Менда ҳам учта чўпон кучукдан бор эди. Ишонасизларми, тоғда йигирма йилга яқин қўй боққан бўлсам, бирор марта ҳам бўрилар қўйларимга яқин келолмаган. Йўғасам, тоғларда бўрилар кўп. Бошқа чўпонлар ҳар йили бунча қўй олдирдим, унча қўй олдирдим деб фиғони фалак бўларди. Менда Худога шукрки, ҳеч бунақаси бўлмаганди. Бунга мана шу итларим, қолаверса, ўзимни хушёрлигим сабаб бўлганди. Ит аккилласа бас, ўша ерга бориб албатта қарардим. Ит бирор бир қорани кўрмаса, ўзидан-ўзи ҳурмайди.

Вагонда ўтирарканман, итлар ҳурганини эшитиб ташқарига чиқдим. Қарасам бир киши турибди. Қўра атрофидаги симларга боғланган итлар унга қараб аккиллашарди. У мени кўрибоқ дўқ урди:
– Итларингизга қарасангиз бўлмайдими?..
– Қўрқманг, – дедим. – Занжирга боғланган. Ечилмайди.
У мен билан келиб саломлашди. Бирор иш билан келгандир деб ичкарига, вагонга таклиф қилдим. У атрофга аланг-жаланг қилиб кираркан:
– Мен сизга бир гапни айтиб қўйиш учун кирдим. Мени танисангиз керак-а?..
– Унчалик эмас, – дедим мен.
– Унда танишайлик, – менга қўлини узатди у. – Мени исмим Азим. Юқори каналда миробман.
– Азим миробман денг? – дедим мен. – Мени Кўчар чўпон дейишади. Отамиз Ниёз чўпон қўйларини тоғдан Оқсувдарё бўйидаги мана шу отарга кўчираётган маҳал онамни дард тутиб қолиб мен туғилган эканман. Шунга исмимни Кўчар деб қўйишган. Мени Кўчар чўпон деб чақираверинг. Хафа бўлмайман. Мен ҳам сизни мироб деб ўтирмай, оддийгина қилиб сув қоровул дейман. Нима дедингиз?..

– Менга қаранг, – деди у юзи тиришиб. – Мен сиз билан ҳазиллашиш учун бу ерга келганим йўқ. Сув қоровуллигингизга тупурдим, мен миробман. Сиз билан жиддий бир масалани гаплашиб олмоқчиман.
– Кўнглингизга теккан бўлсам узр, – дедим мен. – Хўш, нима экан ўша жиддий масалангиз?..
– Ўзингиздан қолар гап йўқ, – деди у. – Сиз қўра қилиб олган бу жойлар сув хўжалиги бошқармасига қарайди.
– Тўғри, – дедим мен. – Буни биламан.
– Билганингиз учун отангизга рахмат, – деди у. – Аммо сиз бу ерлардан, билишимча, кўп йиллардан буён қўтон сифатида фойдаланаркансиз?..
– Бу ерни отам Ниёз чўпон қурган. Тахминан ўттиз-қирқ йиллар олдин. Тошлоқ бирж ой бўлса, шу ерни қўра қилганмиз-да…
– Лекин шунча йиллардан буён бу ерлардан текин фойдаланасизлар. Биров пишагингизни пишт дегани йўқ.

– Менга қаранг, – дедим унга. – Сиз менга қонунни ўргатманг. Чўпон бўлсам ҳам, қаердан текин, қаердан пуллик фойдаланишни жуда яхши биламан.
– Индамаганимга овозингизни кўтариб қўрқитаман, деб ўйламанг, – деди у. – Бу ерларга ҳозир мен хўжайинман. Агар истасам, қўра-пўрангизни бузиб, эртагаёқ қўйларингиз билан бу ердан чиқариб юбораман.
– Менга қаранг, нималар деяпсиз? – дедим мен. – Шу пайтгача бизга бу ер учун ҳеч ким дахл қилмаган. Сизни эса мақсадингизни тушунмаяпман?!
– Келинг, яхшиси келиша қолайлик, – деди у кутилмаганда. – Менга ҳар мавсум учун бир миллиондан тўлайсиз. Шунда мен ҳам сизга тегмайман.

Унинг бориб турган суллоҳ ва муттаҳамлигини кўриб қоним қайнаб кетди. Ўзимни тутолмай қолдим. Миробни қулоқ чаккасини ошириб шапати тортиб юбордим. У ҳам менга ташланиб қолди. Сурбетлик қилгани етмагандай, яна менга қўл кўтаргани ҳаммасидан ошиб тушди. Аблаҳни хумордан чиққанча урдим. Ахийри менга кучи етмаслигини тушуниб қочиб қутулди. Энди мендан узоқроқ юрса керак деб ўйлагандим. Лекин уни нима қилганини биласизларми?! Мени урди деб устимдан милицияга ёзиб берибди. Ўзи эса касалхонага ётиб олган экан. Бир маҳал, мени сўраб милиция ходимлари келиб қолди денг. Мен ҳайрон қолдим.
– Қўлингизга занжир тақайликми, ё ўз оёғингиз билан биз билан борасизми?
Тўғрилик томонда бўлганим учун: – Борсак, боравераман, – дедим.

Хотиним ва ўғилларимни чақиртириб, қўйларга кўз-қулоқ бўлиб туришни тайинладим-да, милиция ходимларининг машинасига чиқиб уларнинг идорасига бордим. Азим мироб билан ўртамизда бўлган вазиятни имкон қадар тушунтиришга ҳаракат қилдим. Бир Қутбой деган капитан бор экан. Бошлиқлари бўлса керак. Ўша киши айтди:
– Кўчар ака, сизни яхши тушундим. Аммо Азим миробга тан жароҳати етказилган. Уни бурнини синдиргансиз. Сиздан пора сўраган бўлса, нега қонунга мурожат қилмадингиз?
– Ҳа, энди жаҳл чиққанда, ақл кетади-да, – дедим.
– Сиз хато қилгансиз, – деди капитан Қутбой. – Азим мироб устингиздан ариза ташлаган. Мен сизни ўн беш суткага қамашга мажбурман.

Мен нима ҳам дердим. Қанча тушунтирай фойдаси бўлмади. Ўн беш суткага ўтириб чиқдим. Мен йўқ вақтимда хотиним ва болаларимнинг роса бўлари бўлибди. Мингта қўйга қараш осон дейсизми?..
– Чўпонларимизни чақиртирсанг бўлмасмиди?! – деб хотинимни койидим.

Бир томондан олганда, улар ҳам мени ўн беш суткага қамалганимни туш кўришмаганди. Майли, бу ҳам бошга бор экан, ўтди дегандим.

Лекин бу ҳали ҳаммаси эмас экан. Азим мироб менга қасдланиб қолибди. Мен буни кейин билдим. Йўқ вақтимда юз берган муҳим воқеалардан бири, иккита итимнинг бирданига ўлиб қолгани бўлди. Биттаси ўлганда ҳам майли эди. Ҳа, энди бирони балога йўлиқиб ўлгандирда деб ўйлардим. Иккита ит ўлибдими, демак бу ерда бир гап бор. Менинг фикримча, итларимни кимдир заҳарлаб ўлдирганди. Эндиликда биргина итим қолгани учун янада сергак бўлишим лозим эди. Албатта, итларимни ўлдирилганига ўз-ўзимдан Азим миробни айблай олмасдим. Бироқ уни қасдлашиб қолгани рост экан. Уни дўппослаганим миробга қаттиқ алам қилганди. Ўн беш суткага қамалганим ҳам уни хуморини босолмаган. У қандай қилиб бўлмасин, ўзи мироблик қиладиган ҳудуддан мени кўчиртириб юборишни мақсад қилган экан. Аммо буни на ақл, на куч билан қила олишига қурбати етмаслигини сезган. Шунинг учун мендан бўрилар воситасида ўч олиш пайига тушади. Қанақа қилиб дейсизми?! Буни йўли осон. Биласиз, Оқсувдарёнинг нариги соҳили ўрмон билан туташган. Ўрмонда нима кўп, бўри кўп. Айниқса, қиш пайтида овга чиқсангиз, нуқул бўрига дуч келасиз. Ўрмонда қор тушган пайтлари бўрини изидан ҳам топиб оласиз. Азим мироб ҳам шундай қилган. Уни қишлоқдагилар милтиқдан яхши отар экан дейишганди. У бўрилар билан менинг қўрамга ҳужум уюштирмоқчи бўлади. Итларимни заҳарлаб ўлдирилиши ҳам шу мақсадда амалга оширилган. Азим мироб ўрмондан учта бўри боласини отган. Тушуняпсизларми, атайин бўри болаларини. Нимага биласизларми?! Бўриларни қаҳрини менга нисбатан қўзғаш учун, айнан бўри болаларини ўлдиради. Кейин ўлдирилган бўри болаларини иккитасини кечаси мени қўрамни олдига олиб келиб ташлайди. Буни тирик қолган ёлғиз итим сезиб аккиллайди. Мен ташқарига чиқиб қарадим. Аммо ҳеч нарсани сезмадим. Итимни ҳар эҳтимолга қарши занжирдан бўшатиб юбордим. Кечаси билан ғингшиб чиқди жонивор. Уни ҳеч бундай одати йўқ эди. Ўша тун эрталабгача мижжа қоқмадим. Эрталаб чиқиб атрофни кузатсам қўра орқасида иккита бўри боласи ўлиб ётибди. Ҳайрон бўлдим. Яхшилаб қарасам, биттасини оёғида боғлоғлик сим ҳам бор. Ит ҳуриб қолгани туфайлими, ё қўрқув сабабми, бу ишни қилган одам симни ечиб олишга улгурмаган. Итим қор устида ўлиб ётган бўричаларни ҳидлаб кўрарди. Мен ҳам уларга яхшилаб разм солдим. Шунда бўри болаларини милтиқдан отилганлигини пайқадим. Вагондан белкурак олиб чиқиб, уларни қўрадан узоқроққа олиб бориб кўмдим. Териси ва тирноғини олмадингизми дейсизми?! Кимни хаёлига келибди. Биласизлар, баъзилар мода бўрини андомини ҳам олиб юришади. Бахт келтирармиш. Чўпон бўлсак ҳам бунақа ирим-сиримларга кўп ҳам ишонмайман. Аждодларимиз туркий халқлар бўрини муқаддас билишган. Бир куни теливизордан кўрсатишганди. Бўрини ҳозиргача ардоқлаб келишларининг сири ҳам балки шундадир. Яна ким билади дейсиз?! Ҳар ҳолда бўричаларни кўмган пайтим бунақа нарсалар мени хаёлимда йўқ эди. Уларни кўмиб вагонга қайтсам, ўғлим, қизим ва хотиним Дилдора мени кутиб туришган экан. Уларга бўлган воқеани айтиб бердим.
– Энди бу ерлар яна ҳам хавфли бўлиб қолди, – дедим. – Эҳтиёт бўлинглар бўричаларнинг ота-онаси энди биздан ўч олиши мумкин. Улар болаларини ўлигини бизнинг қўрамиз атрофида кўрган бўлса, аниқки, бизга зарар етказмасдан қўймайди.
– Буни ким қилган бўлса ҳам ёмонлиги ўзини бошини есин, – қарғанди хотиним.

Тушликни вагонда бирга қилганимиздан сўнг, уларни қишлоққа етиш жойигача кузатиб қўйдим. Оёғинг остидаги қор ғарч-ғурч қилади. Осмонни қовоғи қор ёғадигандек солиқ эди. Ҳамма жой қор бўлгани учун қўйларни ташқарига чиқармадим. Қўтон ташқарисида ғарам қилиб босиб қўйилган бедалардан эллик-олмиш боғ олиб ичкарига ташладим. Қўйлар беда билан андармон бўлиб қолишди. Ташқаридан қўранинг очиқ саҳнидан оқиб ўтадиган ариқни очиб қўйдим. Сувсаган қўйлар чанқоғини қондиришди. Шунақа ишлар билан банд бўлиб кеч тушганини ҳам сезмай қолибман. Ташқарида, итга овқат бераётганимда йирик-йирик лайлакқор ёға бошлади. Дарё тарафдан совуқ шамол эсди. Совуқдан қочиб ўзимни вагонга урдим. Доимо токка уланган турадиган электр печка вагон ичини иссиқ сақларди. Иссиқда элиб ухлаб қолибман. Алламаҳал ит ҳурганида қорним очиб уйғондим. Хотиним тушликда қилиб берган овқатдан қозонда бор эди. Дастурхон тўшаб, овқатни иситиб ичдим. Ит яна ғингший бошлади. Вагон ичидан ташқаридаги чироқни ёқдим. Деразадан атрофни кузатдим. Чироқ ёруғида қор ёғаётганлигини айтмаганда, деярли жимжитликдай туюларди. Аммо кўнглим тинчимади. Милтиқни олиб ташқарига чиқдим. Ит аккиллаганча ёнимга келди. Биласизларми, шу пайт нимани кўриб қолдим. Қўрадан унча узоқ бўлмаган жойда, қоронғуликда, кўзлари ёнган жондор мен томонга қараб турарди. Ит бекорга ғингшимаётган экан. Ўқланган милтиқни отишга чоғлаган ҳолда, итни олдимга чорлаб мудофаага ҳозирландим.
– Қоплон, бери кел, – дедим итга.

Ит олдимда думини ликкиллатганча ғингширди. Бироқ жондорлар ўрнидан қўзғалмай турарди. Уларнинг иккита эканлигига шубҳам йўқ эди. Мен ортга тисарилганча, вагонга чиқиб олдим. Ўша ердан бўриларни кузатиб турдим. Бир муддат ўтмай улар кўздан ғойиб бўлишди. Ҳар ҳолда, уларнинг мен томонга ёниб турган қизил кўзлари кўринмай қолди. Вагон эшигини ёпиб деразадан ташқарига қараб ётдим. Ухлаб қолмаслик учун хотиним туман кутубхонасидан олиб келиб берган китоблардан бирини давомини ўқий бошладим. Ўқий туриб кўзим илинибди. Бир маҳал, жуда кучли чинқириқдан кўзларимни катта-катта очганча уйғониб кетдим. Ит вагон олдида ғингшиганча аккилларди. Ўрнимдан туриб шошилинч кийимларимни кийдим. Чопонни елкамга илиб, милтиқни тутганча ташқарига чиқдим. Аммо чинқириқли овоз қандай тез кўтарилган бўлса, шундай тез жимиб қолганди. Овоз эгаси назаримда мени исмимни айтиб чақирганди. Балки бу хаёлимда туюлгандир деб ўйладим. Чамамда у менга қандайдир таниш эди. Бир муддат ташқарида турарканман, этим совуқдан жунжикди. Лайлакқор эса энди ёғишдан тўхтаганди. Мен вагонга қайтиб кирдим. Милтиқни жойига осиб, ечиниб ухладим. Шу ухлаганча, эрталабгача тошдек қотибман. Бир пайт, вагон эшигини кимдир бетиним таққиллатаётганидан уйғониб кетдим. Ўрнимдан ирғиб турарканман:
– Ким у?.. – дедим.
– Отаси, мен Дилдораман, – ташқаридан хотинимнинг таниш овози эшитилди.

Вагон эшигини очдим. Дилдоранинг рангида ранг қолмаганди. Уни ичкарига кирдирарканман:
– Дилдора, совуқ қотдингми? – дедим. – Эрталабдан нега келдинг?..
– Отаси, – деди у зўрға. – Кечаси билан алоқ-чалоқ тушлар кўриб чиққандим. Шунинг учун сиздан хавотир олиб йўлга чиққандим. Анови ёқда бир одамнинг бурдаланган жасадини кўриб қўрқиб кетдим. Унинг ёнида бўри боласининг ўлиги ҳам ётибди…

Хотиним йиғлаб юборди. Бу гапни эшитиб менинг ҳам юрагим қинидан чиқиб кетгандек бўлди.
– Дилдора, нималар деяпсан? – шошиб қолдим мен. – Қаёқда?..
Дилдора мени ўша жойга бошлаб борди. Не кўз билан кўрайки, оқшом ёққан лайлакқор устида Азим миробнинг бўғизланган жасади ётарди. Унинг ёнида эса, оёғида сим боғланган бўри боласининг пажмурда ўлиги узала тушганча турарди.
– Бу кимнинг иши отаси? – сўради хотиним мендан.
– Бўриларники, – дедим мен дирдираганча. – Улар болалари учун ўч олишган.

Хотинимга оқшом маҳали қулоғимга чалинган чинқириқ ҳақида айтиб бердим. Дилдора миробнинг жасадига қараб батамом эсанкираб қолди. Уни елкасидан тутганча вагонга олиб бордим.
– Сен шу ерда қўйларга кўз-қулоқ бўлиб тур. Мен бир жойга бориб келаман.
– Қаёққа борасиз? – сўради хотиним.
– Милицияга, – жавоб бердим мен. – Бўлган воқеадан уларни хабардор қилишим керак.
– Буни сиздан кўришса-чи? – хавотир олди хотиним.
– Сен қўрқма. Ҳаммаси жойида бўлади.

Хуллас, милицияга бориб бўлган воқеани айтиб бердим. Капитан Қутбойнинг шахсан ўзи тегишли одамлари билан етиб келди. Атрофни текширишди. Тўғри, биздан ҳам шубҳаланишди. Хотиним ва мени қўл изларимиздан экспертеза учун нусха олишди. Мен милиция идорасига бориб бир неча маротаба тегишли кўрсатмалар бердим. Худога шукр, қўлимиз қон бўлмагани учун терговдан тоза чиқдик. Капитан Қутбой хонасидан мени кузатиб қўяркан, шундай деди:
– Кўчар ака, кўрдингизми, ҳақиқат барибир қарор топади. Қонун бор-да…
– Ҳа, шундай шекилли, – дедим мен, у ердан чиқарканман.

Мана шунга ҳам анча бўлди. Бўрилар бизни бошқа безовта қилишмади. Ҳа, менми, ҳали ҳам тоғда қўй боқиб юрибман. Оқсувдарё бўйидаги қўра ҳам турибди. Борсангизлар бир қўй сўйиб бераман. Тандир кабоб қиламиз. Меҳмон бўлиб кетасизлар. Яхши ният билан борган одамга эшигимиз ҳамиша очиқ…

2012 йил.
Китоб – Искана.

033

Sherzod Komil Xalil
O’CH
011

Sherzod Komil Xalil 1982 yil 13-sentyabrda O’zbekiston respublikasi Qashqadaryo viloyati Kitob tumanida tug’ilgan. 1999-2003 yillarda O’zMU falsafa fakultetida bakalavr, 2003-2005 yillarda shu fakultetninng magistraturasida o’qib, zamonaviy g’arb falsafasi va tarixi magistri darajasini olgan. 2005-2007 yillarda O’zMU va O’zbekiston Yozuvchilar uyushmasi qoshidagi Oliy Adabiyot kursi tinglovchisi bo’lgan. 2005-2009 yillarda Toshkent To’qimachilik va yengil sanoat instituti Falsafa kafedrasida o’qituvchi bo’lib ishlagan. 2009-2011 yillarda O’zMU falsafa fakultetida Aspiranturada tahsil olgan. 2011-2012 yillarda O’zMU falsafa fakulteti stajyor-tadqiqotchisi.Hozirda falsafa tarixi bo’yicha doktorlik ilmiy ishi ustida ish olib bormoqda.

011

Madomiki, bo’ri haqida gurung ketgan ekan, men sizlarga bir voqeani aytib beray. O’shanda ham xuddi hozirgidek, chilla sovug’i tushgan qahraton qish edi. Bilasizlarki, Oqsuvdaryo bo’yida otam Niyoz cho’pondan qolgan bir qo’ra bor. Qish oldi qo’ylarni o’sha yerga haydab tushgandim. O’zi men odatda suruvni So’qori tog’lariga boqaman. Erta bahordan to kech kuzgacha tog’dan beri kelmayman. Ko’char cho’ponni kimdir yo’qlasa, tog’dan izlasin. Xotinim Dildoraga shunday deyman. Ha, endi cho’pon zotining hayoti shunday bo’lar ekan-da. Gapning po’stkallasini aytganda, to qish oyoqlab qolmaguncha, podaning orqasidan tog’ma-tog’ yuramiz. Qishda bilasizlar tog’da qor ko’p tushadi. Xudoning bergan kuni yog’averadi. Bunaqa qorda qo’ylar hech narsa topi beya olmaydi. Otamiz Niyoz cho’pon shuni bilgani uchun Oqsuvdaryo bo’yida bir qo’ra tiklaydi. Qo’ra daryodan bir necha chaqirim berida edi. Qo’ylarga juda qulay qilib qurilgan. Qo’rada ichkari otardan tashqari, oldi tosh to’siqdan qilingan uti ochiq maydon ham bor. Ichkari issiqlik qilsa, qo’ylar tashqariga chiqib olardi. Sovuq paytlari esa, aksincha, hammasi ichkariga kirib ketardi. Biz haroratni o’zimizcha shunga qarab chamalardik. Xullas, o’zimiz bilan o’zimiz ovvora bo’lib yurgan odam edik. Birov bilan ishimiz yo’q edi. Ammo hayotda shunday bo’lar ekanki, seni birov bilan ishing bo’lmasa ham, birovni sen bila nishi bo’lar ekan. Endi buni nima desam bo’ladi?! Balki ko’rolmaslikdir, balki hasaddir, yana kim biladi deysiz?! Ko’char cho’ponni ming qo’yi bor, meniki yo’q deyishsa kerak-da?! Fermerlik harakati boshlangandan buyon, bilasizlar, hamma yerlar egalik bo’lib ketgan. Bozor iqtisodiyoti shu bo’lsa kerak-da?! So’qori tog’larida ham hozir bo’sh yerning o’zi yo’q. Kerakli odamlar chegara qilib olishgan. Mavsumga qarab bir million-ikki million to’lab qo’ylarni shu yerlarda boqamiz. Buni to’g’ri tushunamiz. O’sha yerlarni olgan odamlar ham davlatga soliq to’laydi axir. Shunday bo’lgandan keyin, bizga o’xshaganlarga o’sha yerlarni chorvasini boqsin deb tekindan-tekinga berib qo’ymaydi-ku?! Lekin daryo bo’yi, bilasizlar, bu boshqa masala. Bu joylar irrigatsiya hududlari. U yerlarni istalgan paytda sel olib ketishi mumkin. Davlat bunday joylardan soliq olmaydi. Bu to’g’ri ham, chunki, sel olishlar bilasizlar, unda-munda takrorlanib turadi. Shuning uchun bu yerlarda miroblar belgilangan. Bilasizlarki, Oqsuvdaryoning yuqori tarafidan ham, o’rmon ortidagi qishloq tarafda ham uch-to’rtta kanal bor. Toshqin paytlari shu kanallardan suv toshishi mumkin. Miroblar shuning uchun ham bu yerlarga juda kerakli odamlar hisoblanadi. Shunday miroblardan biri biz tomonga kelib qoldi. Uni oldida Azim mirob, ortidan Azim qorovul deyishardi. Ko’zi ichiga botgan, o’siqqosh, sersoqol pismiqroq odam edi. Pismiqdan qo’rq deb xalq to’g’ri aytgan ekan. Shu odam menga nimagadir yopishib oldi. Sirasini aytganda, mening u bilan ishim yo’q edi.

Qish oyoqlab qolgani bois, qo’ylarni So’qori tog’laridan daryo bo’yidagi qo’tonga haydab tushgandim. O’zim bu yoqda qo’ton yonidagi vagonda yashardim. Xotinim va bolalarim bu yerga tez-tez kelib turishardi. Har holda, So’qori tog’laridan ko’ra, bu yer uyimga yaqinroq edi. Bahordan kuzgacha qo’ylarni boqishadigan ikki cho’ponga qishda javob berib yuborardim. Chunki, o’g’illarim va xotinim bu vaqtda menga qarashib turishardi. Kun ochiq kunlari daryo bo’yidagi vodiyda qo’ylarni qo’yib yuborardik. Bir tarafini bolalar va xotin olsa, bir tarafiga o’zim qarardim. Vodiyning qolgan ikki tarafidan kanal va daryo oqqani uchun qo’ylar qayoqqa ham borardi. Dalalarda qor tushgan kunlari esa, yozda g’amlab qo’ygan xashaklardan qo’raning ichiga tashlardik. Qo’ylar tashqariga chiqmasa ham o’sha yerda yotaverardi.

O’sha kuni yerda picha qor tushgan, buning ustiga osmonning qovog’i soliq edi. Aftidan kechga yaqin qor yog’adigan manzara hosil bo’lgandi. Shuning uchun qo’ylarni qo’raga qamab, vagonda issiq choy ichib, kitob o’qib o’tirardim. Bir mahal itlar akkillab qoldi. Endi o’zlaringizdan qolar gap yo’q, cho’pon zoti hamma vaqt it asrab kelgan. Har holda tog’da yuramiz. Bo’ri-mo’ri qo’ylarga hujum qilishi mumkin. To’g’ri, miltig’im ham bor. Ammo itning o’rni baribir boshqa-da. Menda ham uchta cho’pon kuchukdan bor edi. Ishonasizlarmi, tog’da yigirma yilga yaqin qo’y boqqan bo’lsam, biror marta ham bo’rilar qo’ylarimga yaqin kelolmagan. Yo’g’asam, tog’larda bo’rilar ko’p. Boshqa cho’ponlar har yili buncha qo’y oldirdim, uncha qo’y oldirdim deb fig’oni falak bo’lardi. Menda Xudoga shukrki, hech bunaqasi bo’lmagandi. Bunga mana shu itlarim, qolaversa, o’zimni xushyorligim sabab bo’lgandi. It akkillasa bas, o’sha yerga borib albatta qarardim. It biror bir qorani ko’rmasa, o’zidan-o’zi hurmaydi.

Vagonda o’tirarkanman, itlar hurganini eshitib tashqariga chiqdim. Qarasam bir kishi turibdi. Qo’ra atrofidagi simlarga bog’langan itlar unga qarab akkillashardi. U meni ko’riboq do’q urdi:
– Itlaringizga qarasangiz bo’lmaydimi?..
– Qo’rqmang, – dedim. – Zanjirga bog’langan. Yechilmaydi.
U men bilan kelib salomlashdi. Biror ish bilan kelgandir deb ichkariga, vagonga taklif qildim. U atrofga alang-jalang qilib kirarkan:
– Men sizga bir gapni aytib qo’yish uchun kirdim. Meni tanisangiz kerak-a?..
– Unchalik emas, – dedim men.
– Unda tanishaylik, – menga qo’lini uzatdi u. – Meni ismim Azim. Yuqori kanalda mirobman.
– Azim mirobman deng? – dedim men. – Meni Ko’char cho’pon deyishadi. Otamiz Niyoz cho’pon qo’ylarini tog’dan Oqsuvdaryo bo’yidagi mana shu otarga ko’chirayotgan mahal onamni dard tutib qolib men tug’ilgan ekanman. Shunga ismimni Ko’char deb qo’yishgan. Meni Ko’char cho’pon deb chaqiravering. Xafa
bo’lmayman. Men ham sizni mirob deb o’tirmay, oddiygina qilib suv qorovul deyman. Nima dedingiz?..

– Menga qarang, – dedi u yuzi tirishib. – Men siz bilan hazillashish uchun bu yerga kelganim yo’q. Suv qorovulligingizga tupurdim, men mirobman. Siz bilan jiddiy bir masalani gaplashib olmoqchiman.
– Ko’nglingizga tekkan bo’lsam uzr, – dedim men. – Xo’sh, nima ekan o’sha jiddiy masalangiz?..
– O’zingizdan qolar gap yo’q, – dedi u. – Siz qo’ra qilib olgan bu joylar suv xo’jaligi boshqarmasiga qaraydi.
– To’g’ri, – dedim men. – Buni bilaman.
– Bilganingiz uchun otangizga raxmat, – dedi u. – Ammo siz bu yerlardan, bilishimcha, ko’p yillardan buyon qo’ton sifatida foydalanarkansiz?..
– Bu yerni otam Niyoz cho’pon qurgan. Taxminan o’ttiz-qirq yillar oldin. Toshloq birj oy bo’lsa, shu yerni qo’ra qilganmiz-da…
– Lekin shuncha yillardan buyon bu yerlardan tekin foydalanasizlar. Birov pishagingizni pisht degani yo’q.

– Menga qarang, – dedim unga. – Siz menga qonunni o’rgatmang. Cho’pon bo’lsam ham, qaerdan tekin, qaerdan pullik foydalanishni juda yaxshi bilaman.
– Indamaganimga ovozingizni ko’tarib qo’rqitaman, deb o’ylamang, – dedi u. – Bu yerlarga hozir men xo’jayinman. Agar istasam, qo’ra-po’rangizni buzib, ertagayoq qo’ylaringiz bilan bu yerdan chiqarib yuboraman.
– Menga qarang, nimalar deyapsiz? – dedim men. – Shu paytgacha bizga bu yer uchun hech kim daxl qilmagan. Sizni esa maqsadingizni tushunmayapman?!
– Keling, yaxshisi kelisha qolaylik, – dedi u kutilmaganda. – Menga har mavsum uchun bir milliondan to’laysiz. Shunda men ham sizga tegmayman.

Uning borib turgan sulloh va muttahamligini ko’rib qonim qaynab ketdi. O’zimni tutolmay qoldim. Mirobni quloq chakkasini oshirib shapati tortib yubordim. U ham menga tashlanib qoldi. Surbetlik qilgani yetmaganday, yana menga qo’l ko’targani hammasidan oshib tushdi. Ablahni xumordan chiqqancha urdim. Axiyri menga kuchi yetmasligini tushunib qochib qutuldi. Endi mendan uzoqroq yursa kerak deb o’ylagandim. Lekin uni nima qilganini bilasizlarmi?! Meni urdi deb ustimdan militsiyaga yozib beribdi. O’zi esa kasalxonaga yotib olgan ekan. Bir mahal, meni so’rab militsiya xodimlari kelib qoldi deng. Men hayron qoldim.
– Qo’lingizga zanjir taqaylikmi, yo o’z oyog’ingiz bilan biz bilan borasizmi?
To’g’rilik tomonda bo’lganim uchun: – Borsak, boraveraman, – dedim.

Xotinim va o’g’illarimni chaqirtirib, qo’ylarga ko’z-quloq bo’lib turishni tayinladim-da, militsiya xodimlarining mashinasiga chiqib ularning idorasiga bordim. Azim mirob bilan o’rtamizda bo’lgan vaziyatni imkon qadar tushuntirishga harakat qildim. Bir Qutboy degan kapitan bor ekan. Boshliqlari bo’lsa kerak. O’sha kishi aytdi:
– Ko’char aka, sizni yaxshi tushundim. Ammo Azim mirobga tan jarohati yetkazilgan. Uni burnini sindirgansiz. Sizdan pora so’ragan bo’lsa, nega qonunga murojat qilmadingiz?
– Ha, endi jahl chiqqanda, aql ketadi-da, – dedim.
– Siz xato qilgansiz, – dedi kapitan Qutboy. – Azim mirob ustingizdan ariza tashlagan. Men sizni o’n besh sutkaga qamashga majburman.

Men nima ham derdim. Qancha tushuntiray foydasi bo’lmadi. O’n besh sutkaga o’tirib chiqdim. Men yo’q vaqtimda xotinim va bolalarimning rosa bo’lari bo’libdi. Mingta qo’yga qarash oson deysizmi?..
– Cho’ponlarimizni chaqirtirsang bo’lmasmidi?! – deb xotinimni koyidim.

Bir tomondan olganda, ular ham meni o’n besh sutkaga qamalganimni tush ko’rishmagandi. Mayli, bu ham boshga bor ekan, o’tdi degandim.

Lekin bu hali hammasi emas ekan. Azim mirob menga qasdlanib qolibdi. Men buni keyin bildim. Yo’q vaqtimda yuz bergan muhim voqealardan biri, ikkita itimning birdaniga o’lib qolgani bo’ldi. Bittasi o’lganda ham mayli edi. Ha, endi bironi baloga yo’liqib o’lgandirda deb o’ylardim. Ikkita it o’libdimi, demak bu yerda bir gap bor. Mening fikrimcha, itlarimni kimdir zaharlab o’ldirgandi. Endilikda birgina itim qolgani uchun yanada sergak bo’lishim lozim edi. Albatta, itlarimni o’ldirilganiga o’z-o’zimdan Azim mirobni ayblay olmasdim. Biroq uni qasdlashib qolgani rost ekan. Uni do’pposlaganim mirobga qattiq alam qilgandi. O’n besh sutkaga qamalganim ham uni xumorini bosolmagan. U qanday qilib bo’lmasin, o’zi miroblik qiladigan hududdan meni ko’chirtirib yuborishni maqsad qilgan ekan. Ammo buni na aql, na kuch bilan qila olishiga qurbati yetmasligini sezgan. Shuning uchun mendan bo’rilar vositasida o’ch olish payiga tushadi. Qanaqa qilib deysizmi?! Buni yo’li oson. Bilasiz, Oqsuvdaryoning narigi sohili o’rmon bilan tutashgan. O’rmonda nima ko’p, bo’ri ko’p. Ayniqsa, qish paytida ovga chiqsangiz, nuqul bo’riga duch kelasiz. O’rmonda qor tushgan paytlari bo’rini izidan ham topib olasiz. Azim mirob ham shunday qilgan. Uni qishloqdagilar miltiqdan yaxshi otar ekan deyishgandi. U bo’rilar bilan mening qo’ramga hujum uyushtirmoqchi bo’ladi. Itlarimni zaharlab o’ldirilishi ham shu maqsadda amalga oshirilgan. Azim mirob o’rmondan uchta bo’ri bolasini otgan. Tushunyapsizlarmi, atayin bo’ri bolalarini. Nimaga bilasizlarmi?! Bo’rilarni qahrini menga nisbatan qo’zg’ash uchun, aynan bo’ri bolalarini o’ldiradi. Keyin o’ldirilgan bo’ri bolalarini ikkitasini kechasi meni qo’ramni oldiga olib kelib tashlaydi. Buni tirik qolgan yolg’iz itim sezib akkillaydi. Men tashqariga chiqib qaradim. Ammo hech narsani sezmadim. Itimni har ehtimolga qarshi zanjirdan bo’shatib yubordim. Kechasi bilan g’ingshib chiqdi jonivor. Uni hech bunday odati yo’q edi. O’sha tun ertalabgacha mijja qoqmadim. Ertalab chiqib atrofni kuzatsam qo’ra orqasida ikkita bo’ri bolasi o’lib yotibdi. Hayron bo’ldim. Yaxshilab qarasam, bittasini oyog’ida bog’log’lik sim ham bor. It hurib qolgani tufaylimi, yo qo’rquv sababmi, bu ishni qilgan odam simni yechib olishga ulgurmagan. Itim qor ustida o’lib yotgan bo’richalarni hidlab ko’rardi. Men ham ularga yaxshilab razm soldim. Shunda bo’ri bolalarini miltiqdan otilganligini payqadim. Vagondan belkurak olib chiqib, ularni qo’radan uzoqroqqa olib borib ko’mdim. Terisi va tirnog’ini olmadingizmi deysizmi?! Kimni xayoliga kelibdi. Bilasizlar, ba’zilar moda bo’rini andomini ham olib yurishadi. Baxt keltirarmish. Cho’pon bo’lsak ham bunaqa irim-sirimlarga ko’p ham ishonmayman. Ajdodlarimiz turkiy xalqlar bo’rini muqaddas bilishgan. Bir kuni telivizordan ko’rsatishgandi. Bo’rini hozirgacha ardoqlab kelishlarining siri ham balki shundadir. Yana kim biladi deysiz?! Har holda bo’richalarni ko’mgan paytim bunaqa narsalar meni xayolimda yo’q edi. Ularni ko’mib vagonga qaytsam, o’g’lim, qizim va xotinim Dildora meni kutib turishgan ekan. Ularga bo’lgan voqeani aytib berdim.
– Endi bu yerlar yana ham xavfli bo’lib qoldi, – dedim. – Ehtiyot bo’linglar bo’richalarning ota-onasi endi bizdan o’ch olishi mumkin. Ular bolalarini o’ligini bizning qo’ramiz atrofida ko’rgan bo’lsa, aniqki, bizga zarar yetkazmasdan qo’ymaydi.
– Buni kim qilgan bo’lsa ham yomonligi o’zini boshini yesin, – qarg’andi xotinim.

Tushlikni vagonda birga qilganimizdan so’ng, ularni qishloqqa yetish joyigacha kuzatib qo’ydim. Oyog’ing ostidagi qor g’arch-g’urch qiladi. Osmonni qovog’i qor yog’adigandek soliq edi. Hamma joy qor bo’lgani uchun qo’ylarni tashqariga chiqarmadim. Qo’ton tashqarisida g’aram qilib bosib qo’yilgan bedalardan ellik-olmish bog’ olib ichkariga tashladim. Qo’ylar beda bilan andarmon bo’lib qolishdi. Tashqaridan qo’raning ochiq sahnidan oqib o’tadigan ariqni ochib qo’ydim. Suvsagan qo’ylar chanqog’ini qondirishdi. Shunaqa ishlar bilan band bo’lib kech tushganini ham sezmay qolibman. Tashqarida, itga ovqat berayotganimda yirik-yirik laylakqor yog’a boshladi. Daryo tarafdan sovuq shamol esdi. Sovuqdan qochib o’zimni vagonga urdim. Doimo tokka ulangan turadigan elektr pechka vagon ichini issiq saqlardi. Issiqda elib uxlab qolibman. Allamahal it hurganida qornim ochib uyg’ondim. Xotinim tushlikda qilib bergan ovqatdan qozonda bor edi. Dasturxon to’shab, ovqatni isitib ichdim. It yana g’ingshiy boshladi. Vagon ichidan tashqaridagi chiroqni yoqdim. Derazadan atrofni kuzatdim. Chiroq yorug’ida qor yog’ayotganligini aytmaganda, deyarli jimjitlikday tuyulardi. Ammo ko’nglim tinchimadi. Miltiqni olib tashqariga chiqdim. It akkillagancha yonimga keldi. Bilasizlarmi, shu payt nimani ko’rib qoldim. Qo’radan uncha uzoq bo’lmagan joyda, qorong’ulikda, ko’zlari yongan jondor men tomonga qarab turardi. It bekorga g’ingshimayotgan ekan. O’qlangan miltiqni otishga chog’lagan holda, itni oldimga chorlab mudofaaga hozirlandim.
– Qoplon, beri kel, – dedim itga.

It oldimda dumini likkillatgancha g’ingshirdi. Biroq jondorlar o’rnidan qo’zg’almay turardi. Ularning ikkita ekanligiga shubham yo’q edi. Men ortga tisarilgancha, vagonga chiqib oldim. O’sha yerdan bo’rilarni kuzatib turdim. Bir muddat o’tmay ular ko’zdan g’oyib bo’lishdi. Har holda, ularning men tomonga yonib turgan qizil ko’zlari ko’rinmay qoldi. Vagon eshigini yopib derazadan tashqariga qarab yotdim. Uxlab qolmaslik uchun xotinim tuman kutubxonasidan olib kelib bergan kitoblardan birini davomini o’qiy boshladim. O’qiy turib ko’zim ilinibdi. Bir mahal, juda kuchli chinqiriqdan ko’zlarimni katta-katta ochgancha uyg’onib ketdim. It vagon oldida g’ingshigancha akkillardi. O’rnimdan turib shoshilinch kiyimlarimni kiydim. Choponni yelkamga ilib, miltiqni tutgancha tashqariga chiqdim. Ammo chinqiriqli ovoz qanday tez ko’tarilgan bo’lsa, shunday tez jimib qolgandi. Ovoz egasi nazarimda meni ismimni aytib chaqirgandi. Balki bu xayolimda tuyulgandir deb o’yladim. Chamamda u menga qandaydir tanish edi. Bir muddat tashqarida turarkanman, etim sovuqdan junjikdi. Laylakqor esa endi yog’ishdan to’xtagandi. Men vagonga qaytib kirdim. Miltiqni joyiga osib, yechinib uxladim. Shu uxlagancha, ertalabgacha toshdek qotibman. Bir payt, vagon eshigini kimdir betinim taqqillatayotganidan uyg’onib ketdim. O’rnimdan irg’ib turarkanman:
– Kim u?.. – dedim.
– Otasi, men Dildoraman, – tashqaridan xotinimning tanish ovozi eshitildi.

Vagon eshigini ochdim. Dildoraning rangida rang qolmagandi. Uni ichkariga kirdirarkanman:
– Dildora, sovuq qotdingmi? – dedim. – Ertalabdan nega kelding?..
– Otasi, – dedi u zo’rg’a. – Kechasi bilan aloq-chaloq tushlar ko’rib chiqqandim. Shuning uchun sizdan xavotir olib yo’lga chiqqandim. Anovi yoqda bir odamning burdalangan jasadini ko’rib qo’rqib ketdim. Uning yonida bo’ri bolasining o’ligi ham yotibdi…

Xotinim yig’lab yubordi. Bu gapni eshitib mening ham yuragim qinidan chiqib ketgandek bo’ldi.
– Dildora, nimalar deyapsan? – shoshib qoldim men. – Qayoqda?..
Dildora meni o’sha joyga boshlab bordi. Ne ko’z bilan ko’rayki, oqshom yoqqan laylakqor ustida Azim mirobning bo’g’izlangan jasadi yotardi. Uning yonida esa, oyog’ida sim bog’langan bo’ri bolasining pajmurda o’ligi uzala tushgancha turardi.
– Bu kimning ishi otasi? – so’radi xotinim mendan.
– Bo’rilarniki, – dedim men dirdiragancha. – Ular bolalari uchun o’ch olishgan.

Xotinimga oqshom mahali qulog’imga chalingan chinqiriq haqida aytib berdim. Dildora mirobning jasadiga qarab batamom esankirab qoldi. Uni yelkasidan tutgancha vagonga olib bordim.
– Sen shu yerda qo’ylarga ko’z-quloq bo’lib tur. Men bir joyga borib kelaman.
– Qayoqqa borasiz? – so’radi xotinim.
– Militsiyaga, – javob berdim men. – Bo’lgan voqeadan ularni xabardor qilishim kerak.
– Buni sizdan ko’rishsa-chi? – xavotir oldi xotinim.
– Sen qo’rqma. Hammasi joyida bo’ladi.

Xullas, militsiyaga borib bo’lgan voqeani aytib berdim. Kapitan Qutboyning shaxsan o’zi tegishli odamlari bilan yetib keldi. Atrofni tekshirishdi. To’g’ri, bizdan ham shubhalanishdi. Xotinim va meni qo’l izlarimizdan eksperteza uchun nusxa olishdi. Men militsiya idorasiga borib bir necha marotaba tegishli ko’rsatmalar berdim. Xudoga shukr, qo’limiz qon bo’lmagani uchun tergovdan toza chiqdik. Kapitan Qutboy xonasidan meni kuzatib qo’yarkan, shunday dedi:
– Ko’char aka, ko’rdingizmi, haqiqat baribir qaror topadi. Qonun bor-da…
– Ha, shunday shekilli, – dedim men, u yerdan chiqarkanman.

Mana shunga ham ancha bo’ldi. Bo’rilar bizni boshqa bezovta qilishmadi. Ha, menmi, hali ham tog’da qo’y boqib yuribman. Oqsuvdaryo bo’yidagi qo’ra ham turibdi. Borsangizlar bir qo’y so’yib beraman. Tandir kabob qilamiz. Mehmon bo’lib ketasizlar. Yaxshi niyat bilan borgan odamga eshigimiz hamisha ochiq…

2012 yil.
Kitob – Iskana.

033

(Tashriflar: umumiy 256, bugungi 1)

Izoh qoldiring