Eshqobil Shukur. «Nasoyimul muhabbat»ga sayr

021

Иқтидорли шоир Эшқобил Шукурнинг «Насойимул муҳаббат»га сайр» туркуми ХХ аср ўзбек шеъриятида яратилган энг сара шеърий силсилалардан биридир. Ҳазрат Мир Алишер Навоийнинг тенгсиз асаридаги нақлу ривоятларни, ўтмиш авлиёларидан мерос қолган ҳикматларни идрок этиш ҳосиласи бўлмиш ушбу туркум орқали шоир бугунги дунё ташвишларига ўралиб қолган инсонни уйғоқликка даъват этади.

033
Эшқобил Шукур
“НАСОЙИМУЛ МУҲАББАТ”ГА САЙР
054

07Эшқобил Шукур 1962 йил Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон туманидаги Боймоқли қишлоғида туғилган. ТошДУнинг филология факультетини битирган (1984). Илк шеърлар тўплами — «Юракни ўрганиш» (1984). Шундан сўнг унинг «Сочлари сумбул-сумбул» (1988), «Тунги гуллар» (1989), «Яшил қушлар» (1995), «Ҳамал айвони» (2003) шеърий китоблари ва 2005 йилда «Кўҳна боғ ривоятлари» насрий китоби нашр этилган. «Нақшбанд», «Ибтидо хатоси» каби достонлари, «Насойим ул-муҳаббатга сайр» туркуми, шунингдек, «Оқибат оқшоми», «Дунёнинг кўчиши» каби қиссалари ҳам бор.

054

МУНОЖОТ

Борлиқ ҳам йўқликда мутлоқ ўзингсан,
Йўқдан бор этувчи халлоқ ўзингсан.

Ожизман, васфингга бирор сўзим йўқ,
Бир қутлуғ сўз ичра ҳали ўзим йўқ.

Бу хароб кўнгилга давлат ато эт,
Раҳм қил, раҳмлиғ раҳмат ато эт.

Каримсан, караминг бесарҳад кенгдир,
Бир назаринг икки жаҳонга тенгдир.

Бу тун кўр кўзимга нур тушса, шояд,
Дилим ҳидоятга йўл қўшса, шояд.

Дунёга қўл бериб гуноҳкордирман,
Вале, карамингдан умидвордирман.

Қай дилда сен йўқсан, у дил ўликдир,
Энг буюк озодлик сенга қулликдир.

ХИТОБ

Битик битмоқ эрсанг, эй ровий,
Қўлингни юракка ботириб битгил.
Савоб ёзмоқ эрсанг, эй осий,
Манглайингдан ўзинг бир юриб ўтгил.

Дунё кўрмоқ эрсанг, эй сўқир,
Ўз кўзинг ичига бир кириб ўтгил.
Ошиқ бўлмоқ эрсанг сен охир,
Қўлингни бўшатиб, дил ичра кетгил.

ШАЙХ УВАЙС ҚАРАНИЙ
02

ЎТТИЗ ИККИ ТИШ ДОСТОНИ

(Ул зот) «Уҳуд урушида пайғамбарнинг муборак тишин шаҳид бўлғонин эшитиб, мутобаат (тобеълик, ихлос) учун ўттиз икки тишин ушотти».

Юракка қадалиб ётган тошларни
Бирма-бир суғуриб олгандай гўё,
Шайх Увайс ушатар дурдай тишларин,
Қонга ботар тилин остида дунё.

Бир парча нур келиб теккан Оллохдан
Ҳақиқатнинг рамзи бу улуғ манглай,
Ҳамду сано учун расулуллоҳга
Лахта-лахта қондан сўз қилган танглай.

Шайх Увайс тишларин суғурар тезлаб,
Ҳавода қанотдай кўкарар ҳар тиш.
Сўнг етти водийдан Симурғни излаб,
Учиб бораётир ўттиз икки қуш.

ШАЙХ БОЯЗИД БИСТОМИЙ
02

I. НАМОЗ

«Ва султонул орифин Боязид Бистомий намоз қилса эрдилар, қаъқаа аларнинг кўкси сўнгакларидан чиқар эрди».

Машойих оғриниб қилар маломат:
Шайхда илм товуши, илоҳий овоз,
Кўксида Каъбасин қурган диёнат,
Вале Шайх нечукдир ўқимас намоз.

Унинг кўзларида ислом юлдузи,
Юзларида эса худо нури бор.
Одаммас, ҳақиқат фарзанди ўзи,
Лек намоз ўқимас, ул шайхи номдор.

Машойих таън қилур, машойих сўроқ:
«Сидқ қайда, Боязид, риёзат қайда?»
Шайх эса хотиржам, исломий байроқ
Каби қўзғолади жойидан:

«Эй сиз уламолар, таънадан олдин,
Мулоҳаза этинг, кўринг ҳолимни…»
Дея шайх Боязид намоз бошлади,
Жон кўриб қолгандай дил жамолини.

Қанотга айланди, қаранг, жойнамоз,
Вужуд сўнгаклари куйди беомон.
Шайх «Оллоҳу акбар» деб берганда овоз,
Хар туки тубидан бош кўтарди қон.

Машойих лол эди. Бу қандай намоз?
Зарбидан чайқалиб ётарди фалак.
«Оллоҳу акбар» деб берганда овоз,
Ҳар туки тубида қўзғолди юрак.

II. АҲВОЛИ РУҲИЯ

Кўнглим ҳоли надур? Яратган билур,
Бу дил Оллоҳ мулки — мендан зиёрат.
Элга ҳол айтмасам маломат қилур,
Ҳолим айтсам бу эл бошлар қиёмат.

III. МЕЪРОЖ

«Боязид дедики.Оллоҳ таолони туш кўрдим,
Сўрдимки, бор худоё, йўл санга не навъдур?
Дедиким, ўзунгдан ўттинг, еттинг».

Мумкиндир чақмоқни тиш билан тутмак,
Тил тишлаб, дунёни кўз билан ютмак,
Жараён келмакдур, моҳият — кетмак,
Ўзунгдан ўтмак бу — Оллоҳга етмак.

Кўз юмсанг, оламни аён кўрмоғинг,
Манглайинг остида фалак тирноғи,
Беш фарзга ишора бешта бармоғинг
Ва қонли кемадай дилга минмоғинг,
Ўз сари юрмоғинг, ўзга бормоғинг…

Бу дунё — келмакдур, моҳият — кетмак,
Ўзингдан ўтмак бу — Оллоҳга етмак.

IV. ОШИҚ

«Они ўтгандин сўнг туш кўрдилар, ҳолин сўрдилар. Дедиким, мендин сўрдиларки, эй қари, не келтурубсен? Дедим, дарвеш подшоҳ эшигига келса, андин сўрмагайларки не келтурубсен, сўрғайларки, не керак».

Бир парча нон бўлмас балки сўзимиз,
Валекин ошиқмиз, ошиқмиз.

Бир қултум сув бўлмас балки кўзимиз,
Валекин ошиқмиз, ошиқмиз.

Хаёл ва ҳижрондур нону тузимиз,
Воҳ, бул кун ошиқмиз, ошиқмиз,

Нетонг кўнгил бўлди ризқу рўзимиз,
Эртан ҳам ошиқмиз, ошиқмиз,

Йўқ бўлиб кетсак-да тамом ўзимиз,
Сўнг яна ошиқмиз, ошиқмиз.

ШАЙХ ЗУННУН МИСРИЙ
02

УЧ ИЛМ ҲИКМАТИ

«Зуннун дебтурки, уч сафар қилдим ва уч илм келтурдим» (Булар тавба илми, таваккал ва муомалат илми, ниҳоят, ҳакиқат илмидир)

Илм — гадоликни ихтиёр этган султондур…
султондур.

Тавба — охиратга яланғоч кетган инсондур,
инсондур.

Муҳаббат — жон қушин талаби, токи сайрондур,
ҳайрондур.

Ҳақиқат — бир дилда олишган икки жаҳондур,
жаҳондур.

СУРАТ ВА СИЙРАТ

Воажаб! Бир занги кўрдим бу дунда,
Минг кеча зулматин кийган бир занги.
У ҳар гал оҳ ила «Оллоҳ!» деганда,
Ботаётган ойдай оқарди ранги.

Воажаб! Ҳолинг не, эй осий банда,
Вужудингда балқмиш оламнинг тонги.
Сен ҳар гал ошиқиб, «Дунё!» деганда,
Тутилган ой каби қорайди рангинг.

ЯШИЛ ЎЛИМ

Шайхнинг хазон куни баҳорлар келди,
Фалак яшил байроқ тусига кирди.

Кўк юзини тутди соясиз
Ниҳоясиз яшил қушлар, ниҳоясиз…

О, шайхнинг тобути гўристон қадар
Дарахтдай кўкариб улгурди… (Шажар)

Ёраб, не масофа қондан жонгача,
Шайх кўкариб улгурди гўристонгача.

Ёраб, не ғавғода тан ила кўнгил,
Дарахт — Тобут ичра ўсарди бир гул.

Икки дунё аро тилим ва тилим
Ястаниб ётарди ям-яшил ўлим.

ИШҚ ВА ТАЛАБ ҚАЙҒУСИ
02

Шабнамдай дилимга ютдим субҳини,
Олов узра сочдим жон тасбеҳини.

Эй жон, ҳолинг хароб, матлабинг тараб,
Эй дил, ишқ қонидан бир коса шароб.

Кўнгилнинг кўнглаги, кел, эй шабистон,
Шамъингга кўмилиб куйсин устихон.

Ишқ ва талаб келсин қошу қабокдин,
Ишқ насиба бўлсин Шому Ирокдин.

Жон узра чайқалиб турар муттасил,
Мансур каби дорга тортилган бу дил.

ЙЎҚЛОВ

Симурғ юз йил излаб ўзидан топган,
Оллоҳ манглайидан эркалаб ўпган,
Карвонин шайтоннинг итлари қопган,
Кўнглим рисолати, қанисан, қани?..
Жоним ибодати, қанисан, қани?..

Қадр кечасида ўттиз ҳур туққан,
Минг-минг оч гадойни сўз билан боққан,
Дил ўтида эт ва суягин ёққан,
Кўнглим рисолати, қанисан, қани?..
Жоним ибодати, қанисан, қани?..

Саҳройи қуюнга дўнди булутлар,
Кемадай чайқалиб сузар тобутлар,
Сен омон кабутар, ҳайрон кабутар,
Кўнглим рисолати, қанисан, қани?..
Жоним ибодати, қанисан, қани?..

Бу кўҳна оламга балки қайтмассан,
Юрак яланғочлаб қайта ўтмассан,
Ёлғончи дунёга мени сотмассан,
Кўнглим рисолати, қанисан, қани?..
Жоним ибодати, қанисан, қани?..

ЯССАВИЙ
02

Мен энди сўзласам —
Яшил ялов кияр унут оятлар.
Мен энди оҳ урсам —
Жизиллаб пишади музлаб ётган ой.
Мен энди йиғласам —
Нуҳнинг кемасидай қиблага томон
Қайғули-қайғули суза бошлайди
Шилқиллаб ҳўл бўлган қари жойнамоз.

1992

09

Iqtidorli shoir Eshqobil Shukurning «Nasoyimul muhabbat»ga sayr» turkumi XX asr o’zbek she’riyatida yaratilgan eng sara she’riy silsilalardan biridir. Hazrat Mir Alisher Navoiyning tengsiz asaridagi naqlu rivoyatlarni, o’tmish avliyolaridan meros qolgan hikmatlarni idrok etish hosilasi bo’lmish ushbu turkum orqali shoir bugungi dunyo tashvishlariga o’ralib qolgan insonni uyg’oqlikka da’vat etadi.

033
Eshqobil Shukur
“NASOYIMUL MUHABBAT”GA SAYR
054

Eshqobil Shukur 1962 yil Surxondaryo viloyatining Qumqo’rg’on tumanidagi Boymoqli qishlog’ida tug’ilgan. ToshDUning filologiya fakul`tetini bitirgan (1984). Ilk she’rlar to’plami — «Yurakni o’rganish» (1984). Shundan so’ng uning «Sochlari sumbul-sumbul» (1988), «Tungi gullar» (1989), «Yashil qushlar» (1995), «Hamal ayvoni» (2003) she’riy kitoblari va 2005 yilda «Ko’hna bog’ rivoyatlari» nasriy kitobi nashr etilgan. «Naqshband», «Ibtido xatosi» kabi dostonlari, «Nasoyim ul-muhabbatga sayr» turkumi, shuningdek, «Oqibat oqshomi», «Dunyoning ko’chishi» kabi qissalari ham bor.

054

MUNOJOT

Borliq ham yo’qlikda mutloq o’zingsan,
Yo’qdan bor etuvchi xalloq o’zingsan.

Ojizman, vasfingga biror so’zim yo’q,
Bir qutlug’ so’z ichra hali o’zim yo’q.

Bu xarob ko’ngilga davlat ato et,
Rahm qil, rahmlig’ rahmat ato et.

Karimsan, karaming besarhad kengdir,
Bir nazaring ikki jahonga tengdir.

Bu tun ko’r ko’zimga nur tushsa, shoyad,
Dilim hidoyatga yo’l qo’shsa, shoyad.

Dunyoga qo’l berib gunohkordirman,
Vale, karamingdan umidvordirman.

Qay dilda sen yo’qsan, u dil o’likdir,
Eng buyuk ozodlik senga qullikdir.

XITOB

Bitik bitmoq ersang, ey roviy,
Qo’lingni yurakka botirib bitgil.
Savob yozmoq ersang, ey osiy,
Manglayingdan o’zing bir yurib o’tgil.

Dunyo ko’rmoq ersang, ey so’qir,
O’z ko’zing ichiga bir kirib o’tgil.
Oshiq bo’lmoq ersang sen oxir,
Qo’lingni bo’shatib, dil ichra ketgil.

SHAYX UVAYS QARANIY
02

O’TTIZ IKKI TISH DOSTONI

(Ul zot) «Uhud urushida payg’ambarning muborak tishin shahid bo’lg’onin eshitib, mutobaat (tobe’lik, ixlos) uchun o’ttiz ikki tishin ushotti».

Yurakka qadalib yotgan toshlarni
Birma-bir sug’urib olganday go’yo,
Shayx Uvays ushatar durday tishlarin,
Qonga botar tilin ostida dunyo.

Bir parcha nur kelib tekkan Olloxdan
Haqiqatning ramzi bu ulug’ manglay,
Hamdu sano uchun rasulullohga
Laxta-laxta qondan so’z qilgan tanglay.

Shayx Uvays tishlarin sug’urar tezlab,
Havoda qanotday ko’karar har tish.
So’ng yetti vodiydan Simurg’ni izlab,
Uchib borayotir o’ttiz ikki qush.

SHAYX BOYAZID BISTOMIY
02

I. NAMOZ

«Va sultonul orifin Boyazid Bistomiy namoz qilsa erdilar, qa’qaa alarning ko’ksi so’ngaklaridan chiqar erdi».

Mashoyix og’rinib qilar malomat:
Shayxda ilm tovushi, ilohiy ovoz,
Ko’ksida Ka’basin qurgan diyonat,
Vale Shayx nechukdir o’qimas namoz.

Uning ko’zlarida islom yulduzi,
Yuzlarida esa xudo nuri bor.
Odammas, haqiqat farzandi o’zi,
Lek namoz o’qimas, ul shayxi nomdor.

Mashoyix ta’n qilur, mashoyix so’roq:
«Sidq qayda, Boyazid, riyozat qayda?»
Shayx esa xotirjam, islomiy bayroq
Kabi qo’zg’oladi joyidan:

«Ey siz ulamolar, ta’nadan oldin,
Mulohaza eting, ko’ring holimni…»
Deya shayx Boyazid namoz boshladi,
Jon ko’rib qolganday dil jamolini.

Qanotga aylandi, qarang, joynamoz,
Vujud so’ngaklari kuydi beomon.
Shayx «Ollohu akbar» deb berganda ovoz,
Xar tuki tubidan bosh ko’tardi qon.

Mashoyix lol edi. Bu qanday namoz?
Zarbidan chayqalib yotardi falak.
«Ollohu akbar» deb berganda ovoz,
Har tuki tubida qo’zg’oldi yurak.

II. AHVOLI RUHIYA

Ko’nglim holi nadur? Yaratgan bilur,
Bu dil Olloh mulki — mendan ziyorat.
Elga hol aytmasam malomat qilur,
Holim aytsam bu el boshlar qiyomat.

III. ME’ROJ

«Boyazid dediki.Olloh taoloni tush ko’rdim,
So’rdimki, bor xudoyo, yo’l sanga ne nav’dur?
Dedikim, o’zungdan o’tting, yetting».

Mumkindir chaqmoqni tish bilan tutmak,
Til tishlab, dunyoni ko’z bilan yutmak,
Jarayon kelmakdur, mohiyat — ketmak,
O’zungdan o’tmak bu — Ollohga yetmak.

Ko’z yumsang, olamni ayon ko’rmog’ing,
Manglaying ostida falak tirnog’i,
Besh farzga ishora beshta barmog’ing
Va qonli kemaday dilga minmog’ing,
O’z sari yurmog’ing, o’zga bormog’ing…

Bu dunyo — kelmakdur, mohiyat — ketmak,
O’zingdan o’tmak bu — Ollohga yetmak.

IV. OSHIQ

«Oni o’tgandin so’ng tush ko’rdilar, holin so’rdilar. Dedikim, mendin so’rdilarki, ey qari, ne kelturubsen? Dedim, darvesh podshoh eshigiga kelsa, andin so’rmagaylarki ne kelturubsen, so’rg’aylarki, ne kerak».

Bir parcha non bo’lmas balki so’zimiz,
Valekin oshiqmiz, oshiqmiz.

Bir qultum suv bo’lmas balki ko’zimiz,
Valekin oshiqmiz, oshiqmiz.

Xayol va hijrondur nonu tuzimiz,
Voh, bul kun oshiqmiz, oshiqmiz,

Netong ko’ngil bo’ldi rizqu ro’zimiz,
Ertan ham oshiqmiz, oshiqmiz,

Yo’q bo’lib ketsak-da tamom o’zimiz,
So’ng yana oshiqmiz, oshiqmiz.

SHAYX ZUNNUN MISRIY
02

UCH ILM HIKMATI

«Zunnun debturki, uch safar qildim va uch ilm kelturdim» (Bular tavba ilmi, tavakkal va muomalat ilmi, nihoyat, hakiqat ilmidir)

Ilm — gadolikni ixtiyor etgan sultondur…
sultondur.

Tavba — oxiratga yalang’och ketgan insondur,
insondur.

Muhabbat — jon qushin talabi, toki sayrondur,
hayrondur.

Haqiqat — bir dilda olishgan ikki jahondur,
jahondur.

SURAT VA SIYRAT

Voajab! Bir zangi ko’rdim bu dunda,
Ming kecha zulmatin kiygan bir zangi.
U har gal oh ila «Olloh!» deganda,
Botayotgan oyday oqardi rangi.

Voajab! Holing ne, ey osiy banda,
Vujudingda balqmish olamning tongi.
Sen har gal oshiqib, «Dunyo!» deganda,
Tutilgan oy kabi qoraydi ranging.

YASHIL O’LIM

Shayxning xazon kuni bahorlar keldi,
Falak yashil bayroq tusiga kirdi.

Ko’k yuzini tutdi soyasiz
Nihoyasiz yashil qushlar, nihoyasiz…

O, shayxning tobuti go’riston qadar
Daraxtday ko’karib ulgurdi… (Shajar)

Yorab, ne masofa qondan jongacha,
Shayx ko’karib ulgurdi go’ristongacha.

Yorab, ne g’avg’oda tan ila ko’ngil,
Daraxt — Tobut ichra o’sardi bir gul.

Ikki dunyo aro tilim va tilim
Yastanib yotardi yam-yashil o’lim.

ISHQ VA TALAB QAYG’USI
02

Shabnamday dilimga yutdim subhini,
Olov uzra sochdim jon tasbehini.

Ey jon, holing xarob, matlabing tarab,
Ey dil, ishq qonidan bir kosa sharob.

Ko’ngilning ko’nglagi, kel, ey shabiston,
Sham’ingga ko’milib kuysin ustixon.

Ishq va talab kelsin qoshu qabokdin,
Ishq nasiba bo’lsin Shomu Irokdin.

Jon uzra chayqalib turar muttasil,
Mansur kabi dorga tortilgan bu dil.

YO’QLOV

Simurg’ yuz yil izlab o’zidan topgan,
Olloh manglayidan erkalab o’pgan,
Karvonin shaytonning itlari qopgan,
Ko’nglim risolati, qanisan, qani?..
Jonim ibodati, qanisan, qani?..

Qadr kechasida o’ttiz hur tuqqan,
Ming-ming och gadoyni so’z bilan boqqan,
Dil o’tida et va suyagin yoqqan,
Ko’nglim risolati, qanisan, qani?..
Jonim ibodati, qanisan, qani?..

Sahroyi quyunga do’ndi bulutlar,
Kemaday chayqalib suzar tobutlar,
Sen omon kabutar, hayron kabutar,
Ko’nglim risolati, qanisan, qani?..
Jonim ibodati, qanisan, qani?..

Bu ko’hna olamga balki qaytmassan,
Yurak yalang’ochlab qayta o’tmassan,
Yolg’onchi dunyoga meni sotmassan,
Ko’nglim risolati, qanisan, qani?..
Jonim ibodati, qanisan, qani?..

YASSAVIY
02

Men endi so’zlasam —
Yashil yalov kiyar unut oyatlar.
Men endi oh ursam —
Jizillab pishadi muzlab yotgan oy.
Men endi yig’lasam —
Nuhning kemasiday qiblaga tomon
Qayg’uli-qayg’uli suza boshlaydi
Shilqillab ho’l bo’lgan qari joynamoz.

1992

09

(Tashriflar: umumiy 1 051, bugungi 1)

Izoh qoldiring