Навоий шоҳларнинг илтифоти оғу эканлигини билади. Бу оғуга ўрганган одам уни дам-бадам қўмсаши табиий. Тинмай шоҳнинг илтифотини қозониш йўлларини қидиради. Бу илтифот шу қадар лазиз, шу қадар ширинки!.. Унинг домига илинмайдиган одам кам! Камдан-кам! Бу илтифот илинжида юрувчилар эса кўп! Ҳаддан зиёд кўп! Улар бу илтифотга эришгунларича ўзларини ҳаддан ташқари нотинч ва бахтсиз сезадилар. Илтифотга эришгач эса, бошлари осмонга етади, оламда улардан ҳам бахтиёрроқ зот йўқ! Гўё кўкнинг саодат ёғиладиган мовий дарвозаси очилиб, ундан сенинг қўранг сари мислсиз бойлик ортган карвонлар шоҳона оқ отлар етагида тўхтовсиз етиб келадилар. Қандай ширин бу илтифот!
Иброҳим Ғафуров
АМИР АЛИШЕРНИНГ ТАВБАСИ
Иброҳим Ғафуров — Шарқ классик адабиёти ва ўзбек адабиёти тарихининг билимдони. Шарқ классик адабиёти умрбоқий ғояларга, бетакрор нафислик ва маънавий улуғлик намуналарига тўла; ўзбек адабиёти тарихини билмай, севмай эса тилда кашфиёт қилиш мушкул. “Уйқумни ўчирди руҳият ҳазратлари, — деб ёзади адиб. — Ҳушимни ўчирди аларнинг ҳайбатлари қулф урган ғайратлари…” Таниш ҳол. Уйқуни ўчирган сўз ҳазратларидир. Шунинг учун адиб асарларида Гуштасп, Зардўшт, Табарий, Умар Хайём, Халлож, Абул Ҳусайн, Румий, Ғаззолий, Навоий, Бобур, Машраб, Чўлпон, Абдулла Қодирий, Абдулла Қаҳҳор, устозлар — Озод Шарофиддинов ва Ғайбуллоҳ ас-Салом сўзлайди.
Фалакнинг эврилишиданми ё бошқа, билмай қоласан: баъзан атрофингни сенга ёт нарсалар қуршаб олади. Расталардан аста-секин сен харидор нарсалар йўқолади. Қадим-қадимларда бир нозанин чўри бозорда айтгандай: Сен суймаган харидорлар пайдарпай келади. Сен суйган харидор эса топилмайди.
Саройда шоҳнинг энг яқин мулозимлари тавозеда аввалгидай заррача эътиносизликка йўл қўймасалар-да, лекин кўзларини сендан олиб қочадилар. Шоҳ эса ҳеч ёнарсани билдирмайди. У ҳамон ўша-ўша – ўзини сенга мурид санайди. Лекин мамлакат ишлари маслаҳатига сени аввалгидай дам-бадам йўқлатмайди. Баъзан вазирнинг шоҳ билан узоқ-узоқ ҳуфя суҳбатлари устидан чиқасан. Салтанатда сендан ҳуфя ишлар пайдо бўлдими, билгилки, энди сенинг хизматларингга муҳтож эмаслар.
Навоий шоҳларнинг илтифоти оғу эканлигини билади. Бу оғуга ўрганган одам уни дам-бадам қўмсаши табиий. Тинмай шоҳнинг илтифотини қозониш йўлларини қидиради. Бу илтифот шу қадар лазиз, шу қадар ширинки!.. Унинг домига илинмайдиган одам кам! Камдан-кам! Бу илтифот илинжида юрувчилар эса кўп! Ҳаддан зиёд кўп! Улар бу илтифотга эришгунларича ўзларини ҳаддан ташқари нотинч ва бахтсиз сезадилар. Илтифотга эришгач эса, бошлари осмонга етади, оламда улардан ҳам бахтиёрроқ зот йўқ! Гўё кўкнинг саодат ёғиладиган мовий дарвозаси очилиб, ундан сенинг қўранг сари мислсиз бойлик ортган карвонлар шоҳона оқ отлар етагида тўхтовсиз етиб келадилар. Қандай ширин бу илтифот!
Лекин ҳамма бало шундаки, сен бу бойликлар, иноятлардан роҳатланиб улгурмайсан. Қазонинг қиличи бошқа чопарлар, бошқа отларни сенга жўнатади. Сени хаш-паш дегунча ё қатл этадилар, ё бадарға қиладилар ё мол-мулкинг талон-тарожда қолади. Ана ўшанда шўрлик илтифот шайдосининг аҳволини кўринг! У нималигини англаб етар-етмай ўзини жаҳаннам қаърида кўради.
Шоҳ илтифоти шунчалар нозик, шунчалар заҳарли! Энг буюк, энг одил шоҳларнинг илтифотларига ҳам шу ғаройиб оғу омухта.
Ҳа, шоҳларнинг илтифотлари тез сўнади. Сўнса ҳам гўрга! Ундан ҳам баттар! Илтифот нафратга айланади. Шоҳларнинг илтифот ва нафратидан доим қон иси анқийди. Алҳазар! Алҳазар бу илтифотлардан!
Навоий то Дарвеш Алининг кутилмаган саркашлиги-га қадар нечукдир ўзини Ҳусайн Бойқаро билан бир одам деб биларди. Шоҳнинг нозик бир қарашидан ва бу қараш сарой аҳли учун қанчалар катта аҳамиятга эга эканлигини сездики, бу янглиш экан, ҳеч қачон шоҳ билан бир одам эмас эканлар! Бир одам бўлолмас эканлар! Навоий ҳеч қачон шоҳ манфаатидан ўзга манфаатни хаёлига келтирмаган эди. Шоҳ ҳам шундай деб билса керак деб юрарди. Бу борада ҳеч қачон заррача иштибога борган эмасди.
Лекин унда бу совуқчиликлар қаердан сизиб чиқяпти?
Навоий бирдан миясига келган кутилмаган фикрдан ҳаяжонга тушди: «Наҳотки мен ҳам шоҳнинг илтифотлари соясида, шу омонсиз оғуни ичиб яшашга ўрганиб қолган бўлсам? Наҳот менинг ҳаёт-мамотим шоҳнинг ногаҳон қош чимириши-ю лабининг четида ўйнайдиган кинояли табассумига боғланиб қолган? Наҳот мен шу ёшгача улуғ даргохдан илтифот кутиб яшадим? Ахир бировнинг илтифотига суяниб кун кўрган одам илтифотнинг сути камайса, қандай аҳволга тушади?
– Ҳиридан кетмоқ керак, – деб тез-тез шу ҳакда ўйлайди Навоий. – Ҳиридан кетмоқ керак. Қирқ бешга чиқиббиз. Лекин роҳат айёмида роҳатимиз ҳаром бўлибдир. Фароғатимиз салтанат юмушларига зое ўлмиш.
Навоий ҳеч қачон қўрқув деган нарсани билган эмас. Лекин саройда яқин кишиларнинг ўзларини ундан олиб қочаётганлари уни ортиқ даражада қийнайди. Темурийзодалар ҳамон илгаригидек шижоатли, закий ва ўта саховатли эсалар-да, лекин шоҳнинг маишатга тобора мук тушаётганидан, шаҳзодаларнинг ҳаддан ортиқ бачкана низоларга кун-бакун бошлари билан шўнғиб, майда низолар атрофига майда кимсалар кўпроқ йиғилиб бораётганидан юрагинг қон бўлади, айниқса, мирзоларнинг аянчли бир тарзда майдалашиб чиранчоқ бўлиб кетаётганликларини ҳар дамда ҳис қилиш жуда-жуда оғир. Темурийзодаларнинг қуёши май ва низо ичига ботиб турур. Қонга ғарқ бу қуёшни ким қутқарур? Ким уни яна авжи фалакка кўтарур? Во ажаб! Барча шаҳзодалар уни ўзларига пир деб биладилар. Унинг барча абётларини ёд тутадилар. Унинг панду насиҳатларига қулоқ осадилар. Лекин салтанат шавқи уларнинг қонларида ҳар дам тўхтовсиз жунбушга келадур. Салтанат шавқи қонда гупурганда ҳар қандай доно сўз, ҳар қандай пири муршид
унут бўладур. Гўёким ҳар бир темурийзодаким, дунёга келадур, она қорнидан қилич яланғочлаб тушадур. Ашъор айтадурлар, ашъор тинглайдурлар ва қон тўкадурлар. Мирзоларнинг қуввати харамларда йитадур.
Мирзоларнинг шавкати харамларда ётадур. Харам-ларда ўладур. Шоҳларнинг умри битаётганда уларнинг теваракларини қаланғи-қасанғи майда ҳашаротлар ўраб оладилар. Булар шоҳнинг инқирозини тезлаштирадилар. Фозиллар шоҳ атрофидан четлашадилар. Улар бирин-сирин ўзга юртларга бош олиб кетадилар. Ё саройдан буткул узоқлашадилар. Давлат идора ишлари бир тўда шуҳратпараст каламушларга қолади. Улар шоҳнинг ва шаҳзодаларнинг заифлашиб бораётганидан фойдаланиб, мамлакатни, эл-юртни талайдилар. Боғ-бўстонларни кемирадилар. Қадим шаҳарларни емирадилар. Шоҳ ўзидан ақли анча паст одамларни атрофига йиғади. Ақли қосирлар билан кенгаш қуради. Улар орасида ўз ақлидан мамнун бўлиб ўтиради. Ғурурини турли алдамчи йўллар билан алқайди. Менинг боболарим бари темурийлар салтанатининг гуллаб-яшнаши учун жон куйдирганлар. Эл-юрт идорасида мустаҳкам ва шаръий тартиботни йўлга қўйганлар. Менинг боболарим темурийлар давлатининг барча катта-кичик сирларидан воқиф ва ҳар ишга чорасоз эди
лар. Мен темурийлар хонадонининг энг сўнгги яқиниман ва энг сўнгги чорасиман. Мендан сўнг темурийзодалар хонадонларида мирлар хонадонларидан маходим бўлмагай. Бизнинг хизматимиз битган ўхшайдур…
Ҳали султони мансурнинг билагида куч, юрагида дов кўп. У ҳали-ҳамон ўзини қўлга олса бўлур. Лекин харамнинг тегирмони унинг бутун вужудини сўриб олади. Қувватини қайтариш учун эса тинмай маишат қилади, майхўрлик билан бари дардларини ювмоқчи бўлади. Ба-ковулга улфат ва сирдош тутинади. Баковул… баковул…
Навоий икки-уч ой бурун бўлиб ўтган бир таажжуб воқеани эслади. Юраги қаттиқ сиқилди. Шармисорлик… шармисорлик… – деб пичирлади у.
Атрофини совуқчилик ўраган одам жуда қийин аҳвол-да қолади. Атрофдаги кўзлардан меҳр ва хайрихоҳлик кетганлигини кўриб у бу кўзларга қандай қараш кераклигини анча вақтларгача англаб етолмайди. Атрофига қаттиқ совуқчилик тушган одам ё иғволардан қочиб ёлғизликни ихтиёр этади. Ёхуд ўзини ўтга-чўққа уриб саройдаги илгариги мавқеини тиклашга, ҳар қандай қилиб бўлмасин, совуқчиликнинг манбаини топиб, душманларини янчиб ташлашга уринади. Шунда у жуда катта хатоларга йўл қўйиши мумкин. Сўнг бу хатолардан умр бўйи уялиб, уларни эслаганда ўзини қўярга жой тополмай юради. Ё тамом ҳалок бўлади.
Навоий саройдаги совуқчиликнинг қайдан келиб чиқаётганлигини пайқади. Лекин пайқаганини ҳеч кимга билдирмади. Ўзини аста саройдан четга тортди. Янги вазир ва унинг мулозимлари ишига аралашмоқни ўзига эп кўрмади.
– Шармисорлик… шармисорлик… оҳ, не юзим қаро бўлди… – ўзига-ўзи шивирлаб айтди Навоий.
Гарчи орадан бир неча ойлар ўтган эса-да, ҳамон бу жароҳат битмайди. Ҳамон сира ёддан кўтарилай демайди. Ҳамон ўша оғриқ. Ўша алам. Ўша кин…
У воқеанинг барча тафсилотлари хотирасида бунчалар қаттиқ муҳрланиб қолганига Алишернинг ўзи ҳам ажабланади.
Неча дақиқада бўлиб ўтди ул юз қаролик? Бир зум, ё ўн зум, ё эллик зум? Бир зум… бир зум… – пичирлади ҳазрат. – Кўз очиб юмгунча… Сўфийлар айтган ҳолга ўхшайди бу бир зум. Ярқ этиб бутун яшаган умринг кўз ўнгингда намоён бўлади. Гўё атойи умрдан хулоса. Навоий «бир зум», «бир зум» деб пичирлаб бирдан бу «бир зум» қаердан келиб қолганлигини эсла-ди. Йигитлик айёмининг бошлари Султон Абусаид Мирзонинг қисти-бастидан безиб Машҳадга борган чоғлари-ни, бўғинлари зирқираб оғриб, оғриқнинг зўрига чидолмай бир хонақоҳда йиқилиб ётиб қолгани ва иситма аралаш муттасил: «Бир зум! Бир зум! Бахт бир зум! Тахт бир зум! Ўтар бир зум!» – деб тўхтовсиз такрорлаб ётган чоғлари ёдига тушди. Ўша оғир замонларда ҳам, на Машҳад, на Астробод, на Марв, на Самарқандда бунчалик паришон, ошуфта ва бесарупо аҳволлиққа тушмаган эди. Нега, нега шундай бўлди? Нечун югурди? Ненинг тамасида югурди? Ахир Навоий қачон, кимдан нени тама қилиб эрди? Кимнинг ризқи, кимнинг давлатиг
а бўйин чўзиб эрди? Боболаридан қолган не-не мулку мулкатлар Хуросону Мовароуннаҳрнинг қайси гўшаларига сочилмаган ва қайси эл-юрт ул мулку давлатлардан баҳраманд бўлмаган экан? Навоий ўз ожизликларини билади. Ҳар не ожизлиги бор – нозукмизожлиги ва ўжарлигида бор – буларни Алишер хўб жиловлаб олган, унинг ожизликларидан ўзгаларга тирноқча захму зиён етмас, Навоий ўзига икки нарса: қўрқинч ва тама ҳам мутлақ бегона эканлигини билади. Қўрқинч ва тама одамларни қанчалар хору забун қилганлигини у кичик чоғларидан бери кўп кўрган. Ва неки ёзган – ҳаргиз яхшиларни тамадан огоҳ қилган. Хўш, унда не? Не билан изоҳламоқ керак бу кўргуликни?
Ўша жума куни у қулоғига дам-бадам чалинаётган узуқ-юлуқ иғвога ўхшаган гап-сўзлардан юраги безиб, барвақт пиёда ҳазрат Абдуллоҳ Ансорий хонақоҳига отланди. Унда ёлғиз ўзи жуда узоқ ибодат қилди. Ўз муножотига берилиб вақт ўтганини ҳам билмади. Дарвозага қайтганда кўча тўла оппоқ кийинган одамлар масжидлардан жума намозидан тўда-тўда бўлиб чиқиб келардилар. Мусулмонлар Алишерга тизза баравар эгилиб қуллуқ қилиб ўтар, Навоий елкасини енгил эгиб таъзим билан жавоб қайтарарди. У ўз дарвозасига яқинлаганда, нечукдир бирдан орқадан шовқин-сурон эшитилди. «Пўшт-пўшт! Тарриқу! Тарриқу! Тарриқу!» – деб тўрт барзанги ғулом кўтарган тахти равон пайдо бўлди. Навоий нима гап экан деб орқасига ўгирилиб-ўгирилмай тахти равон унга етиб келди.
Кутилмаганда тахти равон пардаси сурилиб, кўзлари қийиқ, юзи тухумдай юмалоқ ва сарғиш-оқ хушбичимгина чеҳра кўринди.
– Махдум, – деди оқ-сарғиш хушрўй бу башара, – махдум, бугун ҳазрати Мирзо қошларида ажаб гапларни айтишди…
Парда яна сурилди. Хушрўй башара парда ортида ғойиб бўлди. Забардаст ғуломлар тахти равонни шиддат билан олиб ўтдилар. Алишер ҳайратдан ҳанг-манг бўлди. «Не гап? Не гап бўлган?» – деб изтиробга тушди. Шунда бир неча ойдан бери давом этаётган, лекин ҳеч учи, сабабини топиб бўлмайдиган иғволарнинг заҳари Алишернинг бошига урди. У ўзининг нима қилаётгани-ни англамади. Бутун азобли ўйларига ҳозир жавоб топилгандай эди. Ниҳоят, мана, гапнинг учи чикди. Мирзо не деганлар? Мирзо мусоҳиблари не жавоб айлаганлар? Хайрми? Хатарми?
Алишер нима қилаётганига ҳисоб бермай шахд билан ўтиб бораётган тахти равон ортидан югурди. «Шош-манг, махдум! Мирҳожи, тўхтанг! Мирҳожи!..» Забардаст ғуломлар тахти равонни шитоб билан элтиб борар эдилар. Тахти равон тўхтамади. Алишер ҳам унинг ортидан югураверди. «Мирҳожи… Тўхтанг!..» Бир оз югу-риб боргач, тахти равон пардаси яна сурилди. Яна боя-ги оқ-сарғиш хушрўй ва арчилган тухумдай калла кўринди. Калла қуёшдай чарақлаб илжаярди.
– Узрлар бўлсин! Узрлар бўлсин! Мирзо зарур иш билан жўнатган эдилар. Шошиб турибман. Хайр, махдум!
Кўча тўла жума намозидан қайтаётган бошдан-оёқ оқ кийинган салобат ва виқорга тўла одамлар бу воқеага ажабланиб қарашар, ҳеч нарсани тушунолмай улуғ амирнинг шоҳ баковули ортидан қўлини илтижо билан чўзиб югуриб боришини томоша қилишарди. Тахти равон жа-дал кўздан ғойиб бўлди. Алишер кўча ўртасида хаёллари сочилган кўйи харосон туриб қолди. Мусулмонлар унинг шамгин ҳолига, уятдан оқарган кўзига кўзимиз тушмасин деб, бошларини паст эгиб ўтардилар. Навоий ҳаддан ортиқ кулгили ва аянчли аҳволда қолганини бир-пасдан сўнг англади ва бошини ердан кўтармай ҳашаматли дарвозадан ичкарига кириб кетди. Анчагача дарвоза орқасига ҳолсиз суяниб туриб қолди.
Мирҳожи Пир султони мансурнинг арзанда ошпази. Хуросонда унчалар лазиз таом пиширадиган ва гўзал дастурхон тузайдурган кимса йўқ. Кейинги пайтларда султони мансурга яқин. Ҳатто сирдош деса ҳам бўлур. Мулозимнинг шоҳга бунчалар яқин бўлишини Навоий илгари ҳеч кўрмаган. Султон Маҳмудга гўзал Аёз қандай бўлса, Мирҳожи Пир ҳам ҳозир подшоҳга шунчалар суюкли… Аммо не гап ўтти экан?
Алишернинг қайтганини ва не учундир беҳол дарво-за ортига суяниб турганини пайқаган зийрак мулозим-лар югуриб келиб, уни қўлтиқлаб олдилар.
– Сизга не бўлди, пирим? Тобингиз қочдими? – деб ташвишланиб, дарҳол уни авайлаб ичкари музайян хонага олдилар.
Алишер бир зум ичида кўкси, лаблари ортиқ қуруқшаб кетганлигини сезди. Гулоб ва шинни келтирдилар. Алишер тут шиннисидан андак тамшаниб тотинган бўлди. Шиннининг ўткир таъми кўксидаги оғриқни босгандай бўлди.
Лекин шу тобда саройда Мирзо ҳузурида қандай гап бўлмасин, Алишерга ҳеч қандай аҳамияти қолмагандай туюлди. Бироқ «Нега подшоҳ ошпазининг ортидан уялмай-нетмай ёш боладай югурдим», деган савол миясини ўймалар ва унга жавоб топишга қийналарди. Ахир под-шоҳ: «Бор, сенга бутун Мовароуннаҳрнинг ихтиёрини бердим», – деганда ҳам, у бундай апил-тапил чопмас эди-ку. «Ўғонимга маълум, чопмас эдим ва менга бундай ихтиёрнинг лозими йўқ эди», деб такрорлади ичида Алишер. Бир дарвеш айтган экан: «Бурга босган тўшакда ётиб бўлмагай. Тик туриб ухлаган яхши». «Сени мабодо ўй таласа ҳам, ухлай олмас эдинг, эй дарвеш! – деб ичида хитоб қилди Навоий. – Ўй деган нарса бургадан хам қаттиқ талайди ва сени ҳолдан тойдириб йиқитма-гунча қўймайди. Баковул икки оғиз гапни шунчалар сирли ва маҳрамона қилиб айтдики, ҳар қандай одам унинг ортидан югурмай иложи йўқ эди. Менинг қонимда эса сирли нарсаларни билишга қизиқиш бор. Азиз боболаримдан, уларнинг кўкалтошлик ҳунаридан қолган бу одат
менга. Лекин салтанат буюк амирининг сарой ошпазига эланиб чопганини тарих тарих бўлиб кўрмаган бўлса керак. Шармисорлик», – деб афсус билан такрорлади Навоий. Бутун Хуросон ва икки дарё орасида шеърлари ёд ўқилатурғон шоирнинг ошпаз кетидан ёш гўдакдай ялиниб чопганини ким кўрган ахир? Навоий такрор-такрор шу ҳақда ўйлар экан, бадани қизиб, иситмаси чиқа бошлади. Тама-ку бу! Тама-ку бу! – деб қайтарди у бир неча марта. Мана, шоҳларга хизмат қилишнинг оқибати! Мана, шоҳларга яқин бўлишнинг оқибати! Мана, ҳар бир асарда мадҳиялар айтмоқ ва қасидалар тўқимоқнинг оқибати! Уял, эй шоир! Кўзингни оч, эй Навоий. Шоҳлардан элга имдод умиди қилмок ва илтифот кутмоқ киши бошига хорлик келтиргай.
«Ошпаз ортидан югурган буюк амир! Ошпаз кетидан чопган улуғ шоир!» Сени бу аҳволда ёш бола ҳам ўйин-чоқ қилиб олади!» – Навоий ўзини аямай масхаралай бошлади. Ўзини аёвсиз саваларкан, бирдан Мирҳожи Пир атай шундай қилган деган ўй миясини сирқиратиб ўтди. Эл олдида Навоий устидан кулди. Навоийни ёш боладек ўйнатди. Нечук ҳадди сиғди? Нечук журъат этти?»
Навоий шунда Мирҳожи Пир илгари ҳам шундай сирли гапларни сарой аъёнларига шипшиб юрганини эслади. Мирҳожи Пир оддий гап-сўзларни ҳам сирли қилиб айтишга уста комил эди. Бунинг устига подшоҳнинг арзанда баковули бўлгани учун унинг оғзидан чиққан энг жўн гаплар ҳам бошқаларга ғоятда сирли туюларди. Навоий Мирҳожи Пир шу бугун кечасиёқ янги вазирга бу ғаройиб воқеани хир-хир кулиб сўйлаб бераётгани ва янги вазирнинг кўкси тоғдай юксалиб бораётганлигини яққол тасаввур қилди.
У инграб ўрнидан туриб кетди. Ташқарига чиқди. Оқшом туша бошлаган боғда қушларнинг кечки хонишлари авжга минган эди. Мулозимлар югуриб келдилар. «Пирим, буюринг», деб қўл қовуштириб турдилар. Навоий уларни ўз юмушларига қайтарди. Бир нарсага қатъий қарор бериб дарвозага йўналди. Мулозимлар унинг ортидан ташвиш-хавотир ичида кузатиб қолдилар.
Алишер ҳеч қаёққа қарамай ва ҳеч нарсага чалғимай тўғри ота-онасининг мозорига етиб келди. Қуёш ботиб бораркан, узоқ тиловат қилди. Сўнг бошини яланғочлади-да, ота пойининг тупроғидан ҳовучлаб олиб боши устидан сочди. Бир сочди. Икки сочди. Уч сочди. Сочаверди. Сўнг то Ҳирот қуёши ботиб, атрофга қоронғилик чўккунича қабр пойига юкуниб ўтирди.
Мирҳожи Пир Алишер устидан кутилмаганда шундай ғалаба қозонгандан сўнг босар-тусарини билмай қолди. Унинг тахти равони Ҳирот кўчаларида қирмизи ялов каби учарди. Тахти равон жиловида йигирмата гўзал йигитчалар зебо кийимлар кийиб, қўлларида олтин, биллур қадаҳларда май тутиб юрадиган бўлдилар. Мирҳожи Пир ҳашаматли тахти равонда ўтириб, ўйнаб бораётган йигитчалар қўлидан олтин қадаҳда май ичар, сўнг уларнинг нозанин чеҳраларидан ўпиб қўярди. Не шоҳлар, Баҳрому Искандарлар хам бундай дабдаба-ю базму маишатни кўрмаган эдилар.
Орадан уч-тўрт ой ўтиб мулозимнинг бу эркаликлари пюҳ мансурнинг қулоғига етди. Шоҳ баковул хона-донини талон-тарожга буюрди.
Кўп ўтмай Алишер Астрободга кетди. Шоҳдан, саройдан, шаҳзодалардан буткул умидини узди. Баковул Навоий Астрободда экан, яна шоҳнинг ишончини қозонди. Астрободда унинг шогирдларидан бири Алишерни заҳарлашга уринди. Эл-юртда гап таркалди. Яна Навоийнинг ўзи шоҳ мансур саройини бу фитна шармандалигидан сақлаб қолди. Шов-шувларни ёлғонга чиқарди. Шоҳ енгил тин олди.
Навоий умрининг сўнги дамигача сарой баковули ортидан йигирма қадам югуриб борганини унутмади. Сўнг бу воқеани «Лисон ут-тайр»га ҳикоят қилиб киритди. Бундан илгарироқ, Навоий «Ҳайрат ул-аброр»ни тугатаркан, унда шоҳнинг бошидан банагоҳ шўрпо тўкиб юборган баковул ҳақида ёзган, у ҳикоятда ҳамма шоҳ энди баковулни ўлимга ҳукм қилади деб ўйлаган, лекин шоҳ баковулнинг қаттиқ хижолат чекканини кўриб, уни жазоламаган, бунинг уялгани ўлимдан ҳам оғирроқ деган эди.
Навоий баковулни кечирмади.
Ўзини ҳам ўзи кечиролмади.
Ibrohim G’afurov
AMIR ALISHERNING TAVBASI
Ibrohim G’afurov — Sharq klassik adabiyoti va o’zbek adabiyoti tarixining bilimdoni. Sharq klassik adabiyoti umrboqiy g’oyalarga, betakror nafislik va ma’naviy ulug’lik namunalariga to’la; o’zbek adabiyoti tarixini bilmay, sevmay esa tilda kashfiyot qilish mushkul. “Uyqumni o’chirdi ruhiyat hazratlari, — deb yozadi adib. — Hushimni o’chirdi alarning haybatlari qulf urgan g’ayratlari…” Tanish hol. Uyquni o’chirgan so’z hazratlaridir. Shuning uchun adib asarlarida Gushtasp, Zardo’sht, Tabariy, Umar Xayyom, Xalloj, Abul Husayn, Rumiy, G’azzoliy, Navoiy, Bobur, Mashrab, Cho’lpon, Abdulla Qodiriy, Abdulla Qahhor, ustozlar — Ozod Sharofiddinov va G’aybulloh as-Salom so’zlaydi.
Falakning evrilishidanmi yo boshqa, bilmay qolasan: ba’zan atrofingni senga yot narsalar qurshab oladi. Rastalardan asta-sekin sen xaridor narsalar yo’qoladi. Qadim-qadimlarda bir nozanin cho’ri bozorda aytganday: Sen suymagan xaridorlar paydarpay keladi. Sen suygan xaridor esa topilmaydi.
Saroyda shohning eng yaqin mulozimlari tavozeda avvalgiday zarracha e’tinosizlikka yo’l qo’ymasalar-da, lekin ko’zlarini sendan olib qochadilar. Shoh esa hech yonarsani bildirmaydi. U hamon o’sha-o’sha – o’zini senga murid sanaydi. Lekin mamlakat ishlari maslahatiga seni avvalgiday dam-badam yo’qlatmaydi. Ba’zan vazirning shoh bilan uzoq-uzoq hufya suhbatlari ustidan chiqasan. Saltanatda sendan hufya ishlar paydo bo’ldimi, bilgilki, endi sening xizmatlaringga muhtoj emaslar.
Navoiy shohlarning iltifoti og’u ekanligini biladi. Bu og’uga o’rgangan odam uni dam-badam qo’msashi tabiiy. Tinmay shohning iltifotini qozonish yo’llarini qidiradi. Bu iltifot shu qadar laziz, shu qadar shirinki!.. Uning domiga ilinmaydigan odam kam! Kamdan-kam! Bu iltifot ilinjida yuruvchilar esa ko’p! Haddan ziyod ko’p! Ular bu iltifotga erishgunlaricha o’zlarini haddan tashqari notinch va baxtsiz sezadilar. Iltifotga erishgach esa, boshlari osmonga yetadi, olamda ulardan ham baxtiyorroq zot yo’q! Go’yo ko’kning saodat yog’iladigan moviy darvozasi ochilib, undan sening qo’rang sari mislsiz boylik ortgan karvonlar shohona oq otlar yetagida to’xtovsiz yetib keladilar. Qanday shirin bu iltifot!
Lekin hamma balo shundaki, sen bu boyliklar, inoyatlardan rohatlanib ulgurmaysan. Qazoning qilichi boshqa choparlar, boshqa otlarni senga jo’natadi. Seni xash-pash deguncha yo qatl etadilar, yo badarg’a qiladilar yo mol-mulking talon-tarojda qoladi. Ana o’shanda sho’rlik iltifot shaydosining ahvolini ko’ring! U nimaligini anglab yetar-yetmay o’zini jahannam qa’rida ko’radi.
Shoh iltifoti shunchalar nozik, shunchalar zaharli! Eng buyuk, eng odil shohlarning iltifotlariga ham shu g’aroyib og’u omuxta.
Ha, shohlarning iltifotlari tez so’nadi. So’nsa ham go’rga! Undan ham battar! Iltifot nafratga aylanadi. Shohlarning iltifot va nafratidan doim qon isi anqiydi. Alhazar! Alhazar bu iltifotlardan!
Navoiy to Darvesh Alining kutilmagan sarkashligi-ga qadar nechukdir o’zini Husayn Boyqaro bilan bir odam deb bilardi. Shohning nozik bir qarashidan va bu qarash saroy ahli uchun qanchalar katta ahamiyatga ega ekanligini sezdiki, bu yanglish ekan, hech qachon shoh bilan bir odam emas ekanlar! Bir odam bo’lolmas ekanlar! Navoiy hech qachon shoh manfaatidan o’zga manfaatni xayoliga keltirmagan edi. Shoh ham shunday deb bilsa kerak deb yurardi. Bu borada hech qachon zarracha ishtiboga borgan emasdi.
Lekin unda bu sovuqchiliklar qaerdan sizib chiqyapti?
Navoiy birdan miyasiga kelgan kutilmagan fikrdan hayajonga tushdi: «Nahotki men ham shohning iltifotlari soyasida, shu omonsiz og’uni ichib yashashga o’rganib qolgan bo’lsam? Nahot mening hayot-mamotim shohning nogahon qosh chimirishi-yu labining chetida o’ynaydigan kinoyali tabassumiga bog’lanib qolgan? Nahot men shu yoshgacha ulug’ dargoxdan iltifot kutib yashadim? Axir birovning iltifotiga suyanib kun ko’rgan odam iltifotning suti kamaysa, qanday ahvolga tushadi?
– Hiridan ketmoq kerak, – deb tez-tez shu hakda o’ylaydi Navoiy. – Hiridan ketmoq kerak. Qirq beshga chiqibbiz. Lekin rohat ayyomida rohatimiz harom bo’libdir. Farog’atimiz saltanat yumushlariga zoe o’lmish.
Navoiy hech qachon qo’rquv degan narsani bilgan emas. Lekin saroyda yaqin kishilarning o’zlarini undan olib qochayotganlari uni ortiq darajada qiynaydi. Temuriyzodalar hamon ilgarigidek shijoatli, zakiy va o’ta saxovatli esalar-da, lekin shohning maishatga tobora muk tushayotganidan, shahzodalarning haddan ortiq bachkana nizolarga kun-bakun boshlari bilan sho’ng’ib, mayda nizolar atrofiga mayda kimsalar ko’proq yig’ilib borayotganidan yuraging qon bo’ladi, ayniqsa, mirzolarning ayanchli bir tarzda maydalashib chiranchoq bo’lib ketayotganliklarini har damda his qilish juda-juda og’ir. Temuriyzodalarning quyoshi may va nizo ichiga botib turur. Qonga g’arq bu quyoshni kim qutqarur? Kim uni yana avji falakka ko’tarur? Vo ajab! Barcha shahzodalar uni o’zlariga pir deb biladilar. Uning barcha abyotlarini yod tutadilar. Uning pandu nasihatlariga quloq osadilar. Lekin saltanat shavqi ularning qonlarida har dam to’xtovsiz junbushga keladur. Saltanat shavqi qonda gupurganda har qanday dono so’z, har qanday piri murshid
unut bo’ladur. Go’yokim har bir temuriyzodakim, dunyoga keladur, ona qornidan qilich yalang’ochlab tushadur. Ash’or aytadurlar, ash’or tinglaydurlar va qon to’kadurlar. Mirzolarning quvvati xaramlarda yitadur.
Mirzolarning shavkati xaramlarda yotadur. Xaram-larda o’ladur. Shohlarning umri bitayotganda ularning tevaraklarini qalang’i-qasang’i mayda hasharotlar o’rab oladilar. Bular shohning inqirozini tezlashtiradilar. Fozillar shoh atrofidan chetlashadilar. Ular birin-sirin o’zga yurtlarga bosh olib ketadilar. YO saroydan butkul uzoqlashadilar. Davlat idora ishlari bir to’da shuhratparast kalamushlarga qoladi. Ular shohning va shahzodalarning zaiflashib borayotganidan foydalanib, mamlakatni, el-yurtni talaydilar. Bog’-bo’stonlarni kemiradilar. Qadim shaharlarni yemiradilar. Shoh o’zidan aqli ancha past odamlarni atrofiga yig’adi. Aqli qosirlar bilan kengash quradi. Ular orasida o’z aqlidan mamnun bo’lib o’tiradi. G’ururini turli aldamchi yo’llar bilan alqaydi. Mening bobolarim bari temuriylar saltanatining gullab-yashnashi uchun jon kuydirganlar. El-yurt idorasida mustahkam va shar’iy tartibotni yo’lga qo’yganlar. Mening bobolarim temuriylar davlatining barcha katta-kichik sirlaridan voqif va har ishga chorasoz edi
lar. Men temuriylar xonadonining eng so’nggi yaqiniman va eng so’nggi chorasiman. Mendan so’ng temuriyzodalar xonadonlarida mirlar xonadonlaridan maxodim bo’lmagay. Bizning xizmatimiz bitgan o’xshaydur…
Hali sultoni mansurning bilagida kuch, yuragida dov ko’p. U hali-hamon o’zini qo’lga olsa bo’lur. Lekin xaramning tegirmoni uning butun vujudini so’rib oladi. Quvvatini qaytarish uchun esa tinmay maishat qiladi, mayxo’rlik bilan bari dardlarini yuvmoqchi bo’ladi. Ba-kovulga ulfat va sirdosh tutinadi. Bakovul… bakovul…
Navoiy ikki-uch oy burun bo’lib o’tgan bir taajjub voqeani esladi. Yuragi qattiq siqildi. Sharmisorlik… sharmisorlik… – deb pichirladi u.
Atrofini sovuqchilik o’ragan odam juda qiyin ahvol-da qoladi. Atrofdagi ko’zlardan mehr va xayrixohlik ketganligini ko’rib u bu ko’zlarga qanday qarash kerakligini ancha vaqtlargacha anglab yetolmaydi. Atrofiga qattiq sovuqchilik tushgan odam yo ig’volardan qochib yolg’izlikni ixtiyor etadi. Yoxud o’zini o’tga-cho’qqa urib saroydagi ilgarigi mavqeini tiklashga, har qanday qilib bo’lmasin, sovuqchilikning manbaini topib, dushmanlarini yanchib tashlashga urinadi. Shunda u juda katta xatolarga yo’l qo’yishi mumkin. So’ng bu xatolardan umr bo’yi uyalib, ularni eslaganda o’zini qo’yarga joy topolmay yuradi. YO tamom halok bo’ladi.
Navoiy saroydagi sovuqchilikning qaydan kelib chiqayotganligini payqadi. Lekin payqaganini hech kimga bildirmadi. O’zini asta saroydan chetga tortdi. Yangi vazir va uning mulozimlari ishiga aralashmoqni o’ziga ep ko’rmadi.
– Sharmisorlik… sharmisorlik… oh, ne yuzim qaro bo’ldi… – o’ziga-o’zi shivirlab aytdi Navoiy.
Garchi oradan bir necha oylar o’tgan esa-da, hamon bu jarohat bitmaydi. Hamon sira yoddan ko’tarilay demaydi. Hamon o’sha og’riq. O’sha alam. O’sha kin…
U voqeaning barcha tafsilotlari xotirasida bunchalar qattiq muhrlanib qolganiga Alisherning o’zi ham ajablanadi.
Necha daqiqada bo’lib o’tdi ul yuz qarolik? Bir zum, yo o’n zum, yo ellik zum? Bir zum… bir zum… – pichirladi hazrat. – Ko’z ochib yumguncha… So’fiylar aytgan holga o’xshaydi bu bir zum. Yarq etib butun yashagan umring ko’z o’ngingda namoyon bo’ladi. Go’yo atoyi umrdan xulosa. Navoiy «bir zum», «bir zum» deb pichirlab birdan bu «bir zum» qaerdan kelib qolganligini esla-di. Yigitlik ayyomining boshlari Sulton Abusaid Mirzoning qisti-bastidan bezib Mashhadga borgan chog’lari-ni, bo’g’inlari zirqirab og’rib, og’riqning zo’riga chidolmay bir xonaqohda yiqilib yotib qolgani va isitma aralash muttasil: «Bir zum! Bir zum! Baxt bir zum! Taxt bir zum! O’tar bir zum!» – deb to’xtovsiz takrorlab yotgan chog’lari yodiga tushdi. O’sha og’ir zamonlarda ham, na Mashhad, na Astrobod, na Marv, na Samarqandda bunchalik parishon, oshufta va besarupo ahvolliqqa tushmagan edi. Nega, nega shunday bo’ldi? Nechun yugurdi? Nening tamasida yugurdi? Axir Navoiy qachon, kimdan neni tama qilib erdi? Kimning rizqi, kimning davlatig
a bo’yin cho’zib erdi? Bobolaridan qolgan ne-ne mulku mulkatlar Xurosonu Movarounnahrning qaysi go’shalariga sochilmagan va qaysi el-yurt ul mulku davlatlardan bahramand bo’lmagan ekan? Navoiy o’z ojizliklarini biladi. Har ne ojizligi bor – nozukmizojligi va o’jarligida bor – bularni Alisher xo’b jilovlab olgan, uning ojizliklaridan o’zgalarga tirnoqcha zaxmu ziyon yetmas, Navoiy o’ziga ikki narsa: qo’rqinch va tama ham mutlaq begona ekanligini biladi. Qo’rqinch va tama odamlarni qanchalar xoru zabun qilganligini u kichik chog’laridan beri ko’p ko’rgan. Va neki yozgan – hargiz yaxshilarni tamadan ogoh qilgan. Xo’sh, unda ne? Ne bilan izohlamoq kerak bu ko’rgulikni?
O’sha juma kuni u qulog’iga dam-badam chalinayotgan uzuq-yuluq ig’voga o’xshagan gap-so’zlardan yuragi bezib, barvaqt piyoda hazrat Abdulloh Ansoriy xonaqohiga otlandi. Unda yolg’iz o’zi juda uzoq ibodat qildi. O’z munojotiga berilib vaqt o’tganini ham bilmadi. Darvozaga qaytganda ko’cha to’la oppoq kiyingan odamlar masjidlardan juma namozidan to’da-to’da bo’lib chiqib kelardilar. Musulmonlar Alisherga tizza baravar egilib qulluq qilib o’tar, Navoiy yelkasini yengil egib ta’zim bilan javob qaytarardi. U o’z darvozasiga yaqinlaganda, nechukdir birdan orqadan shovqin-suron eshitildi. «Po’sht-po’sht! Tarriqu! Tarriqu! Tarriqu!» – deb to’rt barzangi g’ulom ko’targan taxti ravon paydo bo’ldi. Navoiy nima gap ekan deb orqasiga o’girilib-o’girilmay taxti ravon unga yetib keldi.
Kutilmaganda taxti ravon pardasi surilib, ko’zlari qiyiq, yuzi tuxumday yumaloq va sarg’ish-oq xushbichimgina chehra ko’rindi.
– Maxdum, – dedi oq-sarg’ish xushro’y bu bashara, – maxdum, bugun hazrati Mirzo qoshlarida ajab gaplarni aytishdi…
Parda yana surildi. Xushro’y bashara parda ortida g’oyib bo’ldi. Zabardast g’ulomlar taxti ravonni shiddat bilan olib o’tdilar. Alisher hayratdan hang-mang bo’ldi. «Ne gap? Ne gap bo’lgan?» – deb iztirobga tushdi. Shunda bir necha oydan beri davom etayotgan, lekin hech uchi, sababini topib bo’lmaydigan ig’volarning zahari Alisherning boshiga urdi. U o’zining nima qilayotgani-ni anglamadi. Butun azobli o’ylariga hozir javob topilganday edi. Nihoyat, mana, gapning uchi chikdi. Mirzo ne deganlar? Mirzo musohiblari ne javob aylaganlar? Xayrmi? Xatarmi?
Alisher nima qilayotganiga hisob bermay shaxd bilan o’tib borayotgan taxti ravon ortidan yugurdi. «Shosh-mang, maxdum! Mirhoji, to’xtang! Mirhoji!..» Zabardast g’ulomlar taxti ravonni shitob bilan eltib borar edilar. Taxti ravon to’xtamadi. Alisher ham uning ortidan yuguraverdi. «Mirhoji… To’xtang!..» Bir oz yugu-rib borgach, taxti ravon pardasi yana surildi. Yana boya-gi oq-sarg’ish xushro’y va archilgan tuxumday kalla ko’rindi. Kalla quyoshday charaqlab iljayardi.
– Uzrlar bo’lsin! Uzrlar bo’lsin! Mirzo zarur ish bilan jo’natgan edilar. Shoshib turibman. Xayr, maxdum!
Ko’cha to’la juma namozidan qaytayotgan boshdan-oyoq oq kiyingan salobat va viqorga to’la odamlar bu voqeaga ajablanib qarashar, hech
narsani tushunolmay ulug’ amirning shoh bakovuli ortidan qo’lini iltijo bilan cho’zib yugurib borishini tomosha qilishardi. Taxti ravon ja-dal ko’zdan g’oyib bo’ldi. Alisher ko’cha o’rtasida xayollari sochilgan ko’yi xaroson turib qoldi. Musulmonlar uning shamgin holiga, uyatdan oqargan ko’ziga ko’zimiz tushmasin deb, boshlarini past egib o’tardilar. Navoiy haddan ortiq kulgili va ayanchli ahvolda qolganini bir-pasdan so’ng angladi va boshini yerdan ko’tarmay hashamatli darvozadan ichkariga kirib ketdi. Anchagacha darvoza orqasiga holsiz suyanib turib qoldi.
Mirhoji Pir sultoni mansurning arzanda oshpazi. Xurosonda unchalar laziz taom pishiradigan va go’zal dasturxon tuzaydurgan kimsa yo’q. Keyingi paytlarda sultoni mansurga yaqin. Hatto sirdosh desa ham bo’lur. Mulozimning shohga bunchalar yaqin bo’lishini Navoiy ilgari hech ko’rmagan. Sulton Mahmudga go’zal Ayoz qanday bo’lsa, Mirhoji Pir ham hozir podshohga shunchalar suyukli… Ammo ne gap o’tti ekan?
Alisherning qaytganini va ne uchundir behol darvo-za ortiga suyanib turganini payqagan ziyrak mulozim-lar yugurib kelib, uni qo’ltiqlab oldilar.
– Sizga ne bo’ldi, pirim? Tobingiz qochdimi? – deb tashvishlanib, darhol uni avaylab ichkari muzayyan xonaga oldilar.
Alisher bir zum ichida ko’ksi, lablari ortiq quruqshab ketganligini sezdi. Gulob va shinni keltirdilar. Alisher tut shinnisidan andak tamshanib totingan bo’ldi. Shinnining o’tkir ta’mi ko’ksidagi og’riqni bosganday bo’ldi.
Lekin shu tobda saroyda Mirzo huzurida qanday gap bo’lmasin, Alisherga hech qanday ahamiyati qolmaganday tuyuldi. Biroq «Nega podshoh oshpazining ortidan uyalmay-netmay yosh boladay yugurdim», degan savol miyasini o’ymalar va unga javob topishga qiynalardi. Axir pod-shoh: «Bor, senga butun Movarounnahrning ixtiyorini berdim», – deganda ham, u bunday apil-tapil chopmas edi-ku. «O’g’onimga ma’lum, chopmas edim va menga bunday ixtiyorning lozimi yo’q edi», deb takrorladi ichida Alisher. Bir darvesh aytgan ekan: «Burga bosgan to’shakda yotib bo’lmagay. Tik turib uxlagan yaxshi». «Seni mabodo o’y talasa ham, uxlay olmas eding, ey darvesh! – deb ichida xitob qildi Navoiy. – O’y degan narsa burgadan xam qattiq talaydi va seni holdan toydirib yiqitma-guncha qo’ymaydi. Bakovul ikki og’iz gapni shunchalar sirli va mahramona qilib aytdiki, har qanday odam uning ortidan yugurmay iloji yo’q edi. Mening qonimda esa sirli narsalarni bilishga qiziqish bor. Aziz bobolarimdan, ularning ko’kaltoshlik hunaridan qolgan bu odat
menga. Lekin saltanat buyuk amirining saroy oshpaziga elanib chopganini tarix tarix bo’lib ko’rmagan bo’lsa kerak. Sharmisorlik», – deb afsus bilan takrorladi Navoiy. Butun Xuroson va ikki daryo orasida she’rlari yod o’qilaturg’on shoirning oshpaz ketidan yosh go’dakday yalinib chopganini kim ko’rgan axir? Navoiy takror-takror shu haqda o’ylar ekan, badani qizib, isitmasi chiqa boshladi. Tama-ku bu! Tama-ku bu! – deb qaytardi u bir necha marta. Mana, shohlarga xizmat qilishning oqibati! Mana, shohlarga yaqin bo’lishning oqibati! Mana, har bir asarda madhiyalar aytmoq va qasidalar to’qimoqning oqibati! Uyal, ey shoir! Ko’zingni och, ey Navoiy. Shohlardan elga imdod umidi qilmok va iltifot kutmoq kishi boshiga xorlik keltirgay.
«Oshpaz ortidan yugurgan buyuk amir! Oshpaz ketidan chopgan ulug’ shoir!» Seni bu ahvolda yosh bola ham o’yin-choq qilib oladi!» – Navoiy o’zini ayamay masxaralay boshladi. O’zini ayovsiz savalarkan, birdan Mirhoji Pir atay shunday qilgan degan o’y miyasini sirqiratib o’tdi. El oldida Navoiy ustidan kuldi. Navoiyni yosh boladek o’ynatdi. Nechuk haddi sig’di? Nechuk jur’at etti?»
Navoiy shunda Mirhoji Pir ilgari ham shunday sirli gaplarni saroy a’yonlariga shipshib yurganini esladi. Mirhoji Pir oddiy gap-so’zlarni ham sirli qilib aytishga usta komil edi. Buning ustiga podshohning arzanda bakovuli bo’lgani uchun uning og’zidan chiqqan eng jo’n gaplar ham boshqalarga g’oyatda sirli tuyulardi. Navoiy Mirhoji Pir shu bugun kechasiyoq yangi vazirga bu g’aroyib voqeani xir-xir kulib so’ylab berayotgani va yangi vazirning ko’ksi tog’day yuksalib borayotganligini yaqqol tasavvur qildi.
U ingrab o’rnidan turib ketdi. Tashqariga chiqdi. Oqshom tusha boshlagan bog’da qushlarning kechki xonishlari avjga mingan edi. Mulozimlar yugurib keldilar. «Pirim, buyuring», deb qo’l qovushtirib turdilar. Navoiy ularni o’z yumushlariga qaytardi. Bir narsaga qat’iy qaror berib darvozaga yo’naldi. Mulozimlar uning ortidan tashvish-xavotir ichida kuzatib qoldilar.
Alisher hech qayoqqa qaramay va hech narsaga chalg’imay to’g’ri ota-onasining mozoriga yetib keldi. Quyosh botib borarkan, uzoq tilovat qildi. So’ng boshini yalang’ochladi-da, ota poyining tuprog’idan hovuchlab olib boshi ustidan sochdi. Bir sochdi. Ikki sochdi. Uch sochdi. Sochaverdi. So’ng to Hirot quyoshi botib, atrofga qorong’ilik cho’kkunicha qabr poyiga yukunib o’tirdi.
Mirhoji Pir Alisher ustidan kutilmaganda shunday g’alaba qozongandan so’ng bosar-tusarini bilmay qoldi. Uning taxti ravoni Hirot ko’chalarida qirmizi yalov kabi uchardi. Taxti ravon jilovida yigirmata go’zal yigitchalar zebo kiyimlar kiyib, qo’llarida oltin, billur qadahlarda may tutib yuradigan bo’ldilar. Mirhoji Pir hashamatli taxti ravonda o’tirib, o’ynab borayotgan yigitchalar qo’lidan oltin qadahda may ichar, so’ng ularning nozanin chehralaridan o’pib qo’yardi. Ne shohlar, Bahromu Iskandarlar xam bunday dabdaba-yu bazmu maishatni ko’rmagan edilar.
Oradan uch-to’rt oy o’tib mulozimning bu erkaliklari pyuh mansurning qulog’iga yetdi. Shoh bakovul xona-donini talon-tarojga buyurdi.
Ko’p o’tmay Alisher Astrobodga ketdi. Shohdan, saroydan, shahzodalardan butkul umidini uzdi. Bakovul Navoiy Astrobodda ekan, yana shohning ishonchini qozondi. Astrobodda uning shogirdlaridan biri Alisherni zaharlashga urindi. El-yurtda gap tarkaldi. Yana Navoiyning o’zi shoh mansur saroyini bu fitna sharmandaligidan saqlab qoldi. Shov-shuvlarni yolg’onga chiqardi. Shoh yengil tin oldi.
Navoiy umrining so’ngi damigacha saroy bakovuli ortidan yigirma qadam yugurib borganini unutmadi. So’ng bu voqeani «Lison ut-tayr»ga hikoyat qilib kiritdi. Bundan ilgariroq, Navoiy «Hayrat ul-abror»ni tugatarkan, unda shohning boshidan banagoh sho’rpo to’kib yuborgan bakovul haqida yozgan, u hikoyatda hamma shoh endi bakovulni o’limga hukm qiladi deb o’ylagan, lekin shoh bakovulning qattiq xijolat chekkanini ko’rib, uni jazolamagan, buning uyalgani o’limdan ham og’irroq degan edi.
Navoiy bakovulni kechirmadi.
O’zini ham o’zi kechirolmadi.