Taqdimot: Zebo Mirzoning «Ishq» kitobi nashrdan chiqdi

022

Зебо Мирзо. Ишқ. Шеърлар; Сўзбоши муаллифи:  Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон.Тошкент —  Аkademnashr, 128   бет

Мен бу китобни ҳаяжон билан ўқиб чиқдим. Мутолаа давомида Зебонинг матбуотда эълон қилинган илк шеърий туркумларини, дастлабки китобларини эсладим. Унинг мураккаб ва сирли ҳаёти бу китобда жамланган шеърларда нечоғли акс этмасин,бари бир мен учун сирли бўлиб қолганини ҳам пайқадим. Шеърнинг ўзи,ижоднинг ўзи сирли бўлгандан кейин унинг одами ҳам сирли бўлиши керак деб ўйладим.

Хуршид Даврон
ИШҚ  ЁҒДУСИ ЁРИТГАН САТРЛАР
01

022Мен бу китобни ҳаяжон билан ўқиб чиқдим. Мутолаа давомида Зебонинг матбуотда эълон қилинган илк шеърий туркумларини, дастлабки китобларини эсладим. Унинг мураккаб ва сирли ҳаёти бу китобда жамланган шеърларда нечоғли акс этмасин,бари бир мен учун сирли бўлиб қолганини ҳам пайқадим. Шеърнинг ўзи,ижоднинг ўзи сирли бўлгандан кейин унинг одами ҳам сирли бўлиши керак деб ўйладим.

Бугунги ўзбек шеъриятида шоираларнинг алоҳида ўрни,янада очиқроқ айтадиган бўлсам, “эркаклар” шеърияти билан тенглашган даражадаги мавқеъи бор. Ана шу ўринни, мавқеъни белгилаган ва белгилаётган шоиралардан бири Зебодир.

Зебонинг шеърларини севиб ўқишимнинг сабаби маълум. Мен айнан мана шу руҳдаги: инсон туйғулари асосидагина пайдо бўладиган ва инсон туйғулари табиат руҳи билан бойитилган шеърларни аъло биламан.

Яна бир гапни айтиб ўтишим лозим. Йигирма йилча аввал,яъни шўро тузуми даврида бу китобдаги аксарият шеърлар шак-шубҳасиз гражданлик руҳидан маҳрум деб баҳоланар,субъективизм кўриниши сифатида қораланарди. Узоқ йиллик қатағон диктатурасига асосланган тузум даврида шеър адабиётнинг энг субъектив тури экани батамом унутилди. Ҳар бир шоирдан,ҳар бир шеърдан ижтимоийлик талаб этиш адабиётшунослигу адабий танқиднинг “қонуни”га айланган эди. Устозларимиздан бири “поэзия вазифа ва моҳият эътибори билан сиёсий масаладир,шеър – шоирнинг ижтимоий виждонидир” — деб таъкидлаганини эсга олиш кифоя. Ҳолбуки,шоир “мен” деб ёзади ва бу “мен” қанчалик инсоний ва табиий бўлса,унинг ёзганлари “биз”нинг мулкига айланади.
Шеър,ўзи нималигини тушунтирганларнинг ҳеч бири бу вазифани уддалай олмаганини жуда яхши биламан.Шеърнинг нималигини қўрқмай тушунтирадиганларнинг кўпи – адабиётшунослар. Шоирларнинг ўзи бу ишга камдан-кам қўл уради. Шахсан мен учун,шеър бу энг аввало туйғу,ғойибдан пайдо бўлиб,юракни (шоир юрагини) жунбушга солган,йиғлатган,шодлантирган инсон туйғуси. Шоирнинг истеъдоди шу туйғуни нечоғлик қабул қила олиши, шу туйғуни асллигини сақлаб,бошқа юракларга узата билиши билан ўлчанади. Кичкина “истеъдод” кичкинагина туйғуни кўтаришга яраса,улкан истеъдод улкан туйғуларни ғойибдан қабул қилишга,унинг бир япроғини,бир томчисини тўкдирмай,титроғу момогулдурагини сақлаган ҳолда милён юракларга бера олишга қодир бўлади.

Шу ўринда Жалолиддин Румийнинг ёзганлари эсга келди.Мавлоно фикрича,”вужуд ҳам Марям кабидир.Ҳар биримизнинг ичимизда Исомиз бор.Бизда ҳам Марямдаги каби дард пайдо бўлса,Исомиз туғилади.Агар дард бўлмаса, у ўз келган йўлидан қайтиб кетади”,яъни Исомиз туғилмайди. Мавлоно айтган ҳикмат шеърнинг қандай туғилиши ҳақидаги ривоятдек туюлади.
Қўлимдаги тўпламда Зебонинг қалбини кўргандай,унинг қалбидаги дарду шодлик билан юзма-юз келгандай бўлдим.Шоира жуда кўп шеърларида ўз-ўзини жасорат билан тафтиш этади,гоҳ муҳаббатдан телба бўлгандай,юрагида энг мубҳам қатламларгача дунёга очади. Бу шеърларда “нур билан соя қўшилган”,”майсалар титроғини яширганбкичик бахтни сиғдиролмаган улкан юрак” намоён бўлади.

Ватан,миллат,тил ва аввалан муҳаббат ҳар бир шоир руҳиятининг туганмас илҳом манбаидир. Зебонинг она юртига, ўзбек халқига бағишланган юксак шеърлари жуда кўп.  Бу шеърларда Навоий Ойбек билан учрашади, Хонзодабегим биродари бўлмиш Бобур Мирзога тасаллилар беради, Самарқанд билан Ҳирот сирли хаёлий кўприк орҳали туташади,шоира тунда ўзи тикилиб турган ойга Ҳазрат Навоий ҳам қараб турганини сезади,шу ой,шу мангу юлдузлар ёруғида Шоҳи Зинда зиналаридан кўтарилаётган Бибихонимни,Марғилон кўчасида Кумушни кўриб қолади.
Унинг туғилган диёри:

…Бир чеккаси чўлдир ҳарсиллаб ётган,
Бир чеккаси қорлар тизгача ботган,
Бир чеккаси тоғлар кўкни кўтариб,
Булоқлари бориб тонгни уйғотган

Қашқадарёга бағишлаган қасидаси ўқувчи юрагига жуда юксак ҳаяжон солишига ишончим комил.

Аммо, назаримда,Зебо бутун ижоди (демак,умри) давомида одамларга,дунёга ўзи севган,ўзи кутаётган,келишига ишончи тобора йўқолиб бораётган одамга бўлган меҳру муҳаббати кўзи билан қарайди. Унинг сатрларида афсусу надомат,фиғону фарёд рўйи рост кўринади.Бу ҳислар қанчалик мунгли бўлмасин,умид ва ишонч туйғулари барқарор қолади:

…Мен учун — ҳаёт,
…Сўнгсиз азоб-ғам,
…Руҳимдаги нур —
Бу дунёда сенинг севгинг борлиги.

Шоира умр бўйи битта шеърни — “Ишқ” сарлавҳали шеърни ёзаётгандай. Ҳар бир шеър олдинги шеърнинг давомидек туюлади,уни тўлдиради,уни янада кучлироқ порлашига қувват беради…
Минг йиллик муҳаббат Зебо юрагида янгиланади,унинг кўнгил мулкига айланади. Комил ишонч билан Ҳоди Тоқтошнинг “Муҳаббат эски нарсадир,ҳар бир юрак уни янгиртар” деган ҳикматини эслаган ҳолда шоиранинг ишқ дафтари ўзбек шеъриятининг кўҳна дафтарига янги саҳифалар қўшди деб айта оламан.

Шоира шеърларида бўртиб кўринадиган яна бир хусусият инсонга хос бўлган ишқий туйғулар табиат манзаралари,ҳолатлари билан ҳамоҳангликда намоён бўлади. Улуғ бобомиз ҳазрат Насафий катта олам билан кичик олам ҳақида гапириб,катта оламдаги ҳамма нарса кичик оламда акс этади деб таъкидлаганини эсланг. Шоир, энг аввало, Оллоҳ яратган икки улуғ мавжудот: Инсоният ва Табиатни ўзида мужассам этгувчидир. Инсон ва табиат руҳияти мужассам шоир юраги олам қадар кенгаяди ва бу кенгликка юзма-юз бўлган одамзотни ҳам юксаларга олиб чиқади.

Шоиранинг айрим шеърларидан Аннна Ахматованинг шивирлашларини ( айниқса, У-га бағишланган сатрларда: “Ёруғ-ёруғ хаёлларимдан Юрагимга кириб келдингиз…), Марина Цветаеванинг титроқ ва асaбий нафасини сезаман:

Ишқ ёғдудир юракка оққан,
Қайдан билсин зулмат сочганлар?
Бизни англар,бизни кўрарлар
Кўзни юмиб,дилни очганлар!

Ёр жамолидан умидвор Мавлоно ёзганидек: Кўзни юмгил,кўзга айлансин кўнгил…

Тўпламдаги кўп сатрлар шоиранинг буюклар руҳи яшаётган юксак тоғ томон интилиб бораётганини билдирса-да,улар ҳақли равишда Зебонинг ўз йўли,ўз овози борлигини ва бу йўл,бу овоз салмоқли эканини исботлаб туради.

Шоира шеърлари ўқувчидан кўз билан эмас,қалб билан идрок этиб мутолаа қилишни талаб қилади. Цветаева бир пайтлар таъкидлаганидек,” Шеър мутолааси — ижодий жараён.бу сатрлардаги,сўзлар тубидаги яширин сирларни кашф этиш,уларнинг маъносини минг кўйда тахмин этиш… Шеър мутолааси қувноқ ёки кўнгилёзар сайру саёҳат эмас,бу шоир билан баробар машаққатли довондан ўтишга қодирлик матонати ҳамдир.  Буюк Рауф Парфи “Санъаткор” шеърида айтганидай,асарда ҳал бўлган тақдир (шеърда сингдирилган туйғулар) китобхон юрагида давом этиши керак.

Бир куйни эшитасан,бир шеърни ўқисан,бир манзарани томоша қиласан ва узоқ вақт ўша лаҳзада юракда пайдо бўлган туйғулар асири бўлиб қоласан. Зебонинг шеърларини мутолаа қиладиган китобхон уни тезда унутиб қўймаслигига,юрагига кўчган ишқ сайли узоқ давом этишига ишонаман. Ҳоди Тоқтошнинг юқорида келтирилган сатрлари фақат ижодкорга эмас,ўқувчиларга ҳам тегишли эканини унутмасдан китобни варақлай бошлайлик.

Хуршид Даврон
Ўзбекистон халқ шоири

097

Xurshid Davron
ISHQ YOG’DUSI YORITGAN SATRLAR
01

Men bu kitobni hayajon bilan o’qib chiqdim. Mutolaa davomida Zeboning matbuotda e’lon qilingan ilk she’riy turkumlarini, dastlabki kitoblarini esladim. Uning murakkab va sirli hayoti bu kitobda jamlangan she’rlarda nechog’li aks etmasin,bari bir men uchun sirli bo’lib qolganini ham payqadim. She’rning o’zi,ijodning o’zi sirli bo’lgandan keyin uning odami ham sirli bo’lishi kerak deb o’yladim.

Bugungi o’zbek she’riyatida shoiralarning alohida o’rni,yanada ochiqroq aytadigan bo’lsam, “erkaklar” she’riyati bilan tenglashgan darajadagi mavqe’i bor. Ana shu o’rinni, mavqe’ni belgilagan va belgilayotgan shoiralardan biri Zebodir.

Zeboning she’rlarini sevib o’qishimning sababi ma’lum. Men aynan mana shu ruhdagi: inson tuyg’ulari asosidagina paydo bo’ladigan va inson tuyg’ulari tabiat ruhi bilan boyitilgan she’rlarni a’lo bilaman.

Yana bir gapni aytib o’tishim lozim. Yigirma yilcha avval,ya’ni sho’ro tuzumi davrida bu kitobdagi aksariyat she’rlar shak-shubhasiz grajdanlik ruhidan mahrum deb baholanar,sub’ektivizm ko’rinishi sifatida qoralanardi. Uzoq yillik qatag’on diktaturasiga asoslangan tuzum davrida she’r adabiyotning eng sub’ektiv turi ekani batamom unutildi. Har bir shoirdan,har bir she’rdan ijtimoiylik talab etish adabiyotshunosligu adabiy tanqidning “qonuni”ga aylangan edi. Ustozlarimizdan biri “poeziya vazifa va mohiyat e’tibori bilan siyosiy masaladir,she’r – shoirning ijtimoiy vijdonidir” — deb ta’kidlaganini esga olish kifoya. Holbuki,shoir “men” deb yozadi va bu “men” qanchalik insoniy va tabiiy bo’lsa,uning yozganlari “biz”ning mulkiga aylanadi.

She’r,o’zi nimaligini tushuntirganlarning hech biri bu vazifani uddalay olmaganini juda yaxshi bilaman.She’rning nimaligini qo’rqmay tushuntiradiganlarning ko’pi – adabiyotshunoslar. Shoirlarning o’zi bu ishga kamdan-kam qo’l uradi. Shaxsan men uchun,she’r bu eng avvalo tuyg’u,g’oyibdan paydo bo’lib,yurakni (shoir yuragini) junbushga solgan,yig’latgan,shodlantirgan inson tuyg’usi. Shoirning iste’dodi shu tuyg’uni nechog’lik qabul qila olishi, shu tuyg’uni aslligini saqlab,boshqa yuraklarga uzata bilishi bilan o’lchanadi. Kichkina “iste’dod” kichkinagina tuyg’uni ko’tarishga yarasa,ulkan iste’dod ulkan tuyg’ularni g’oyibdan qabul qilishga,uning bir yaprog’ini,bir tomchisini to’kdirmay,titrog’u momogulduragini saqlagan holda milyon yuraklarga bera olishga qodir bo’ladi.

Shu o’rinda Jaloliddin Rumiyning yozganlari esga keldi.Mavlono fikricha,”vujud ham Maryam kabidir.Har birimizning ichimizda Isomiz bor.Bizda ham Maryamdagi kabi dard paydo bo’lsa,Isomiz tug’iladi.Agar dard bo’lmasa, u o’z kelgan yo’lidan qaytib ketadi”,ya’ni Isomiz tug’ilmaydi. Mavlono aytgan hikmat she’rning qanday tug’ilishi haqidagi rivoyatdek tuyuladi.

Qo’limdagi to’plamda Zeboning qalbini ko’rganday,uning qalbidagi dardu shodlik bilan yuzma-yuz kelganday bo’ldim.Shoira juda ko’p she’rlarida o’z-o’zini jasorat bilan taftish etadi,goh muhabbatdan telba bo’lganday,yuragida eng mubham qatlamlargacha dunyoga ochadi. Bu she’rlarda “nur bilan soya qo’shilgan”,”maysalar titrog’ini yashirganbkichik baxtni sig’dirolmagan ulkan yurak” namoyon bo’ladi.

Vatan,millat,til va avvalan muhabbat har bir shoir ruhiyatining tuganmas ilhom manbaidir. Zeboning ona yurtiga, o’zbek xalqiga bag’ishlangan yuksak she’rlari juda ko’p. Bu she’rlarda Navoiy Oybek bilan uchrashadi, Xonzodabegim birodari bo’lmish Bobur Mirzoga tasallilar beradi, Samarqand bilan Hirot sirli xayoliy ko’prik orhali tutashadi,shoira tunda o’zi tikilib turgan oyga Hazrat Navoiy ham qarab turganini sezadi,shu oy,shu mangu yulduzlar yorug’ida Shohi Zinda zinalaridan ko’tarilayotgan Bibixonimni,Marg’ilon ko’chasida Kumushni ko’rib qoladi.
Uning tug’ilgan diyori:

…Bir chekkasi cho’ldir harsillab yotgan,
Bir chekkasi qorlar tizgacha botgan,
Bir chekkasi tog’lar ko’kni ko’tarib,
Buloqlari borib tongni uyg’otgan

Qashqadaryoga bag’ishlagan qasidasi o’quvchi yuragiga juda yuksak hayajon solishiga ishonchim
komil.

Ammo, nazarimda,Zebo butun ijodi (demak,umri) davomida odamlarga,dunyoga o’zi sevgan,o’zi kutayotgan,kelishiga ishonchi tobora yo’qolib borayotgan odamga bo’lgan mehru muhabbati ko’zi bilan qaraydi. Uning satrlarida afsusu nadomat,fig’onu faryod ro’yi rost ko’rinadi.Bu hislar qanchalik mungli bo’lmasin,umid va ishonch tuyg’ulari barqaror qoladi:

…Men uchun — hayot,
…So’ngsiz azob-g’am,
…Ruhimdagi nur —
Bu dunyoda sening sevging borligi.

Shoira umr bo’yi bitta she’rni — “Ishq” sarlavhali she’rni yozayotganday. Har bir she’r oldingi she’rning davomidek tuyuladi,uni to’ldiradi,uni yanada kuchliroq porlashiga quvvat beradi…

Ming yillik muhabbat Zebo yuragida yangilanadi,uning ko’ngil mulkiga aylanadi. Komil ishonch bilan Hodi Toqtoshning “Muhabbat eski narsadir,har bir yurak uni yangirtar” degan hikmatini eslagan holda shoiraning ishq daftari o’zbek she’riyatining ko’hna daftariga yangi sahifalar qo’shdi deb ayta olaman.

Shoira she’rlarida bo’rtib ko’rinadigan yana bir xususiyat insonga xos bo’lgan ishqiy tuyg’ular tabiat manzaralari,holatlari bilan hamohanglikda namoyon bo’ladi. Ulug’ bobomiz hazrat Nasafiy katta olam bilan kichik olam haqida gapirib,katta olamdagi hamma narsa kichik olamda aks etadi deb ta’kidlaganini eslang. Shoir, eng avvalo, Olloh yaratgan ikki ulug’ mavjudot: Insoniyat va Tabiatni o’zida mujassam etguvchidir. Inson va tabiat ruhiyati mujassam shoir yuragi olam qadar kengayadi va bu kenglikka yuzma-yuz bo’lgan odamzotni ham yuksalarga olib chiqadi.

Shoiraning ayrim she’rlaridan Annna Axmatovaning shivirlashlarini ( ayniqsa, U-ga bag’ishlangan satrlarda: “Yorug’-yorug’ xayollarimdan Yuragimga kirib keldingiz…), Marina Svetaevaning titroq va asabiy nafasini sezaman:

Ishq yog’dudir yurakka oqqan,
Qaydan bilsin zulmat sochganlar?
Bizni anglar,bizni ko’rarlar
Ko’zni yumib,dilni ochganlar!

Yor jamolidan umidvor Mavlono yozganidek: Ko’zni yumgil,ko’zga aylansin ko’ngil…

To’plamdagi ko’p satrlar shoiraning buyuklar ruhi yashayotgan yuksak tog’ tomon intilib borayotganini bildirsa-da,ular haqli ravishda Zeboning o’z yo’li,o’z ovozi borligini va bu yo’l,bu ovoz salmoqli ekanini isbotlab turadi.

Shoira she’rlari o’quvchidan ko’z bilan emas,qalb bilan idrok etib mutolaa qilishni talab qiladi. Svetaeva bir paytlar ta’kidlaganidek,” She’r mutolaasi — ijodiy jarayon.bu satrlardagi,so’zlar tubidagi yashirin sirlarni kashf etish,ularning ma’nosini ming ko’yda taxmin etish… She’r mutolaasi quvnoq yoki ko’ngilyozar sayru sayohat emas,bu shoir bilan barobar mashaqqatli dovondan o’tishga qodirlik matonati hamdir. Buyuk Rauf Parfi “San’atkor” she’rida aytganiday,asarda hal bo’lgan taqdir (she’rda singdirilgan tuyg’ular) kitobxon yuragida davom etishi kerak.

Bir kuyni eshitasan,bir she’rni o’qisan,bir manzarani tomosha qilasan va uzoq vaqt o’sha lahzada yurakda paydo bo’lgan tuyg’ular asiri bo’lib qolasan. Zeboning she’rlarini mutolaa qiladigan kitobxon uni tezda unutib qo’ymasligiga,yuragiga ko’chgan ishq sayli uzoq davom etishiga ishonaman. Hodi Toqtoshning yuqorida keltirilgan satrlari faqat ijodkorga emas,o’quvchilarga ham tegishli ekanini unutmasdan kitobni varaqlay boshlaylik.

Xurshid Davron
O’zbekiston xalq shoiri

05

(Tashriflar: umumiy 141, bugungi 1)

6 izoh

  1. Zebo Mirzo she’rlarini yiglab o’qiyman.Uning xar bir satrida mening dardim yashaydi. Uning sir to’la deganlarida mening xam sirlarim yashiringanday go’yo…
    Ijodlarida ulkan zafarlar tilayman.

  2. Zebo Mirzoning ijodini közdan kechirar ekanman yuragimda allanechuk xislar junbushga keladi. Zebo opadan yanada gözal she’rlar kutib qolamiz.

  3. Ishq kitobini xech qayerdan topa olamayapman.Elektron versiyasi ham yo’q ekan

  4. Зебо Мирзонинг «Тун маликаси», «Нур кукунлари» китобларини ўқиганман. Шоиранинг шеърларидан чиндан ҳам нур таралади, бутун ишқ бор бўйи билан намоён бўлади. Шоиранинг дарди ўзига хос, аммо бу дард шундай ёруғки, зулматни ёриб, ўзиники сингари бизнинг ҳам ҳаёт йўлимизни равшанлаштиради. Зебо опанинг шеърларидаги шуъла таратган улкан дард — ишқ руҳий покликка, камолотга, маънавий кўтарилишга, инсон ва унинг моҳиятини англашга, чин дунёни севишга ва фақат севги дунёсидагина ҳаёт мангу ва тотли эканлигига ишонтиради. Умид АЛИ

Izoh qoldiring