Qul Ubaydiy. Vafo qilsang. Devon

ubaydiy

ҚУЛ УБАЙДИЙ. ВАФО ҚИЛСАНГ. ДЕВОН

Қул Убайдий хусусида

Тарих шуни кўрсатадики, хонлар билан хонларнинг фарқи бор, беклар билан бекларнинг, амирлар билан амирларнинг. Бирлари ўзидан яхши ном қолдириш учун курашган ва яшаган бўлсалар, иккинчилари кўп вақт ўз турмушини, бойлик орттиришни, бор нарсаларни ҳам бузишни, йўқ килишни ўйлаган, яратувчилик ғоясидан узоқ бўлган.
Бухоро ҳокими Маҳмуд Султоннинг ўғли Убайдуллохон ибн Маҳмуд Султон эса бир томондан шайбонийлар сулоласининг йирик намоядаларидан бири бўлиши, ҳокимият учун бўлган жангу жадалларда фаол қатнашиши билан бирга ўз даври маданиятининг катта арбоби, XVI аср ўзбек адабиётининг йирик вакили ҳам бўлган, ўз ҳаётининг бирон кунини шеърсиз, шеър мутолаасисиз кечирмаган, ўзидан кейинги авлодларга ўзбек, форс ва араб тилларида бир неча девон қолдирган.
Ўрта Осиё халқлари сиёсий тарихида Убайдуллохоннинг энг катта хизматларидан бири шундаки, у Исмоил Сафавий бошлиқ эронийларнинг, тарихчи Ҳофиз Таниш Бухорий тили билан айтганда, «қизил бошлар»нинг ҳужумларини дафъ этиб, Мовароуннаҳрни уларнинг истибдодидан сақлаб қолди. Шайбонийхоннинг фожиали ўлимидан кейин шайбонийлар орасида маълум даражада маънавий парокандалик юз берди. Убайдуллохоннинг ҳарбий маҳорати ва жасорати, унинг давлат арбоби сифатида қаттиққўллиги туфайли сафавийлар қўшини орқага чекинди. Уларнинг Ўрта Осиё шаҳарларини қирғин қилиши, талаши тўхтатилди.
Убайдуллохон Шайбоний ҳукмдорларидан Кўчкинчихон (1510-1530), унинг ўғли Абусаид (1530-1583) ҳукмронлиги даврида уларнинг ноиби, 1533-1539 йилларда эса хон кўтарилиб, мамлакатни бошқарди. Ҳофиз Таниш Бухорий ўзининг «Абдулланома» деган асарида ёзишича:
«Унинг давлати ва халофати замонида Мовароуннаҳр, айниқса, Бухоро вилояти гуллаб яшнади». (Ҳофиз Таниш Бухорий, Абдулланома Т., 1966, 110-бет). Шу даврда унинг маблағига машҳур Мир Араб мадрасаси қурилди. Убайдуллохон 1539 йили вафот этган бўлиб, унинг хоки шу мадраса хоналаридан бирига қўйилган. Убайдуллохон ҳам ўз даври ҳукмдорларидан Ҳусайн Бойқаро, Шайбонийхон, Заҳриддин Муҳаммад Бобир каби муттасил шеърий ижод билан шугулланиб, шеърларига «Убайдий», «Қул Убайдий» тахаллусларини қўллар эди. Убайдий туркий, форсий ва арабий тилдаги шеърларидан уч девон тузиб, уни китоб ҳолида бир муқова ичига жойлаштирган. Бу девоннинг ягона қўлёзма нусхаси 1583 йилда Мир Ҳусайн ал-Ҳусайний томонидан кўчирилган, котиб уни «Куллиёт» деб атаган. Бу қўлёзма Ўзбекистон Фанлар академиясининг Абу Райҳон Беруний номидаги
Шарқшунослик институтининг қўлёзмалар фондида инвентар № 8931 билан сақланмоқда.
Убайдийнинг ўзбек тилидаги девонида 310 дан ортиқ ғазал, 485 дан зиёд рубоий, 21 қитъа, Вафо қилсанг (девон). Қул Убайдий 13 туюқ ва бошқа шеър турлари — нотма, муаммо, маснавнй, ҳикмат, таржеъбандлардан намуналар мавжуд. Шоирнинг бой адабий мероси ҳали махсус ўрганилмаган. Убайдийнинг ўзбек тилидаги девонини дастлабки ўрганиш шуни кўрсатадики, бу девон бизгача тўлиқ етиб келмаган. Унда қофияси «алиф»га оид 44, «қоф»га оид 13, «нг»га оид 26, «л»га оид 9, «м»га оид 15, «н»га оид 58, «ёй»га оид 85 ғазал мавжуд бўлгани холда «б», «п», «с» (син) «ҳ», «х», «ж»,
«д», «р», «сот», «зот», «итқи», «изғи» каби ҳарфларга оид ғазаллар йўқ. Бу шуни кўрсатадики, девоннинг каттагина қисми йўқолган.
Шунга қарамай, мазкур девон Убайдийнинг катта шеърий истеъдодидан дарак беради.
Унинг ғазал ва рубоийлари, қитъа ва туюқлари ўзбек шеъриятининг катта ютуқлари бўлиб, улар бир қанча ўзига хос хусусиятларга, нозик услуб кўринишларига эга. Убайдий шеъриятида ўзига хосликка, оригиналликка интилиш устун. Шоир шеърий услубида соддаликка мойиллик, ўз фикрини мумкин қадар халқ тили билан баён этишга уриниш муҳим ижобий ҳолдир.
Убайдий ҳукмрон сулола вакили бўлса ҳам, унинг ҳаёт йўлини силлиқ, фақат зафарлардан иборат деб тасаввур этиш тўғри эмас. Ғазалларипинг бирида: Бир лаҳза кўнгул ўлмади беғам замонадин:
Тўйди замона мендину мен ҳам замонадин,—
деб тортган ноласининг ўзиеқ замонаси дарду ғами, низою фитнасидан озор топганлигини кўрсатиб турибди.
Шунинг учун биз Убайдийнинг ўша мураккабликлар ва зиддиятларга тўла даврдаги фаолиятида амалдорлик па ҳукмдорликка интилишга нисбатан маънавий камолотга интилиш, шеърият ва ижодга интилиш устун бўлган деб хулоса чиқарсак хато бўлмайди.
Убайдий ижодини ўрганиш адабий меросга бир ёқлама синфий муносабацда бўлишнинг қурбони бўлиб келди. Бундан буён биз Убайдий адабий меросини жиддий ўрганиш учун биринчи яавбатда унинг асарларининг матн хусусиятларига алоҳида аҳамият бермоғимиз керак.
Бизнинг тушунишларимиз шуни кўрсатадики, Убайдийнинг ўзбекча девони ягона ва чала бўлиши билан бирга айрим матний нуқсонларга ҳам эга.

Лекин, нима бўлганда ҳам, биз бу ноёб истеъдод эгасининг уч тилдаги асарларини атрофлича ва ихлос билан ўрганишга, чарғиб этишга киришмоғимиз зарур. Шу ўринда биз Убайдий шеъриятидан кичик бир гулдастани китобхонлар диққатига ҳавола этар эканмиз, бу шоир шеърларини нашрга тайёрлашда илк тажрибалардан биридир.

Абдуқодир ҲАЙИТМЕТОВ,
филология фанлари доктори, профессор.

devon

ҒАЗАЛЛАР

* * *

Бўлди ул вақтки, Одамға вужуде пайдо,
Қилди иззат юзидин анга сужуде пайдо.

Анда не шоҳиду машҳуду шуҳуде бор эди;
Бўлди ул икки била анда шуҳуде пайдо.

Мутриби нағма била анда суруде йўк эди;
Нағма-у мутриб ила қилди суруде пайдо.

Қудрат илки била, ёраб, сен ўзунгсен илғон
Буди йўқларға азал мулкида буде пайдо.

Шамъ ила ўт бошида дуд килиб пайдо сен,
Қилмадинг лола-у гул ўрнига дуде пайдо.

Бўлмади ҳасрат ва андуҳу зиёндин ўзга
Даҳр бозориға куфр аҳлиға суде пайдо.

Яна Одамға худо лутфи, Убайдий, бўлғоч,
Кўрки шайтондек анга бўлди ҳусуде пайдо.

* * *

Ҳосили кавну макон кўюнгда бир хасдур манга,
Ушбу ҳиммат икки олам ичида басдур манга.

Ҳам кўрунмас ер юзи бир тирноқчаким,
Етти кўк айвони бир токи муарнасдур манга.

Гулшани ҳуснунг тамошасин тилармен ҳар замон,
Бу гулистондин ғараз ул икки наргасдур манга.

Сунбулу гулдин ғараз рухсору зулфидир анинг,
Сарв тубидин мурод ул сарви наврасдур манга.

Эй Убайдий, чун либоси факр ила хушҳолмен,
Бул ҳаваслардек қачон парвойи атласдур манга.

* * *

Баҳор айёми саҳро лолазор ўлди, диёр анда,
Нечаким ишрат асбобин тиларсиз, барча бор анда.

Кезар гулшанаро еру қилермен нола гулханда,
Ажабтур буки, булбул мунда-у ул гулузор анда.

Замона гарчи ойирди мени дилдор кўйидин.
Қўюб кеттим ўз ўрнимға кўнгулни ёдгор анда.

Кўз учун тўтиёдур остонинг туфроғи элга:
Манга басдур бу давлатким, бўлубмен хоксор анда.

Берурда номаи аъмолики маҳшарда ҳар кимга,
Убайдийни, худоё, килмағайсен шармсор анда.

* * *

Ошиқ эрмастур киши девона бўлмаса,
Ғам дашти ичра сокини вайрон бўлмаса.

Не ошиқ ўлғай ул кишиким, жону кўнглини —
Ўз дилбариға сарф этиб, афсона бўлмаса.

Келмас ўзига ошики мадҳуш, соқиё,
Оҳу фиғону наъраи мастона бўлмаса.

Бўстон аро очилмағуси ғуначдин кўнгул,
Гул мавсумида бодаю паймона бўлмаса.

Ғам кулбасида найлагай эрдинг, Убайдий,
Сокию жому мутрибу паймона бўлмаса.

* * *

Гулшани жон ичра бир сарви хиромондур манга.
Бир балолиқ, икки сўзлук офати жондур манга.

Истамон зоҳид киби фирдавси ризвон гулшанин;
Гулшани кўйи анинг фирдавси ризвондур манга.

Дилбаримдин айру бормен ишратобод элғаким,
Шодмонлиғ эви, эй сиз, байтул-эҳзондур манга.

Мен кўнгул дардиға йиғлармен, кўнгул ҳам ҳолима;
Мен анга ҳайронману ул доғи ҳайрондур манга.

* * *

Неча ғам ўти билан кўйгай кўнгул ҳижрон аро.
Жон доғи ҳайрон бўлуб бу водийи хирмон аро.

Новаки мижгонидин кўнглум фигор ўлмай нетар;
Найласун бир норвоне юз туман пайкон аро.

Ҳусн боғи ичра йўқтур сен киби гулчеҳрае;
Булбули ошифта ҳоле мен киби бўстон аро.

Суратин жонима қилдиму кўнгул лавҳида нақш,
Тушкали акси жамоли дийдайи гирён аро.

Эй Убайдий, шаҳсуворинг зулфи чавгони била,
Дар тараф чопса кўнгул гўйин урар майдон аро.

* * *

Ер бўлди яна ул ёри вафодор манга.
Эмди, эй аҳли вафо, не қилур агёр манга.

Нетайин жаннату гулзорни, эй тоза жавон?
Менсизин дўзах эрур жаннату гулзор манга.

Гар қадам ранжа қилиб бошима, эй сарвиравон,
Келмасанг, аҳли гараз еткурур озор манга.

Қилмайин меҳри вафо, айлади юз жавру жафо,
Аллаҳ, Аллаҳ! Не жафолар қиладур ёр манга!

Борайин мулки адам сори, Убайдий, эмди,
Ерсиз оламу одам аро не бор манга.

* * *

Чорайи ғам қилғали рамхорайи йўқтур менга,
Бас ажаб бечорадурмен, чорайи йўқтур менга.

Мотамимда гул киби йиртиб яқо, ўтлар чекиб,
Ҳолима йиғлаб турурмен, чорайи йўқтур менга.

Кўзуму кўнглум тиларким, — кўрсам ул хуршидни?
Гарчи ҳаргиз тоқати наззорайи йўқтур менга.

Телбараб, овора бўлмай найлай, эй фарзоналар,—
Ким кўнгул сақлар пари рухсорайи йўқтур менга»

Ул париваш дер эмиш ўхшар Убайдий телбаға,
Бодийи ишқ ичра бир оворайи йўқтур менга.

* * *

Кўзларингга бўлсун икки чашми гирёним фидо;
Ҳам баҳори оразингға гулшани жоним фидо.

Жилвагар қаддинг кўруб гулшанда деди боғбон;
— Бўюнга бўлсун менинг сарви хиромоним фидо.

Жону кўнглумким, бўлубтур зору ҳайрон бўюнга,
Турра-у холингга ул ҳам зору ҳайроним фидо.

Жону кўнглум боғу бўстоним дурур, Эй сарвноз?
Гулшани кўюнгга бўлсун боғу бўстоним фидо.

Эй Убайдий, ул суманбар келса гулзорим сари,
Сарви озодиға онинг ҳар не бўлғоним фидо.

* * *

Гилар бўлурни кўнгул ёри гамгузори била;
Ажаб саодат эрур бўлса ёр ёри била.

Узорини ёшуруб, гулни ташлади «Ол!» деб;
Не ол этар манга ул сарви гулузори била.

Қарор кўйида кўнглум тутуб турур, лекин —
Қўярдек эрмас они чарх бир қарори била.

Зарурат ўлмаса, жоно, хазин кўнгул сендин,
Тиларму бошқа бўлурни ўз ихтиёри била.

Фиғонки, васлинга етмай хазин Убайдийнинг,
Тамоми умри фироқингда кечти зори била.

* * *

То алифдек жон ўқи сончилмас эрмиш жон аро,
Васл қадрин билмас эрмиш ҳеч ким ҳижрон аро.

Эй фалак, маҳрум этиб ул ой жамолидин мени,
Неча саргардон қилурсен водийи ҳижрон аро.

Сарвдек гар бўлмасанг, эй қадди раъно, жилвагар,
Сарвқадлар бўйиға солмон назар бўстон аро.

Қўймайин бир катра ичгумдур лаби ёди била —
Давр аёқин, соқиё, тутсанг манга даврон аро.

Эй Убайдий, фол очсам фатҳ бобиға келур, —
«Фар» ила «Инна фатиҳно» сураси Қуръон аро.

* * *

Эй ёш, кўзум ёши йўлидин гузар айла,
Дурлар сочадур йўлунга кўзум, назар айла.

Эй гул, зақанинг олмаси нахлингға самардур,
Ҳалқа этибон зулфни, барги самар айла.

Кўнглин қаро ер айлабон ағёрнинг, эй ёр,
Они ва ҳаводорини ондин батар айла.

Сени деб эшикинда кўнгул хор юрийдур;
Эл қошида лутф айлаб, ани муътабар айла.

Кўнглумни Убайдий каби, эй соқийи гулрух,
Лаълинг майидин маст қилиб бехабар айла.

* * *

Сабзаи хаттин кўруб, дерменки, берсам жон анга,
Ким хатидур Хизру манзил чашмаи ҳайвон анга.

Кўрмадим бир зарраи меҳр ул қуёшдин, эй рафиқ,
Мунчаким кўнглум фалакдек бўлди саргардон анга.

Васли кўнглумнинг насиби бўлмоғидин англадим,—
Ким насиб ўлмиш азалдин меҳнати ҳижрон анга.

Чун кўнгулдин чиқса ҳижрон кечаси оҳим ўти,
Ғунчадек ўтлуқ кўнгулдур оташин пайкон анга.

Эй Убайдий, ҳолатингни йиғлабон ёр олдида —
Ошкор этмак не ҳожат чун эмас пинҳон анга.

* * *

Гул сори қилмон назар зебо жамолинг борида.
Кўзга олмон сарвни нозик ниҳолинг борида.

Қилмади ҳусн аҳлиға ҳаргиз вафо ҳусну жамол,
Қил вафо, эй бевафо, ҳусну жамолинг борида.

Истамон ҳайвон суйин, босмон, доғи ичмон ани,
Дамбадам жон бергучи ширин зилолинг борида.

Ҳар сори қилса азимат, борғил ул дилдор ила,
Қолма зинҳор, эй кўнгул, андин мажолинг борида.

Эй Убайдий, ул париваш васлини қилғил хаёл,
Қилмағил ўзга хаёл ушбу хаёлинг борида.

* * *

Қилди кўнглумни кўзум зору гирифтор санга.
Кошки солмағай эрдим назар, эй ёр, санга.

Яна сиррингни, кўнгул, жон аро асраб мендек,
Бўла олғайму экин маҳрами асрор санга.

Мунчаким қон тўкасен кўрмак учун дийдорин,
Эй кўзум, борму экин токати дийдор санга.

Хўблар ичра яна учрамиш, эй хаста кўнгул,
Раҳмсиз, ваҳ, не ямон шўхи ситамкор санга.

Эй пари чеҳра, мени зор Убайдий янглиғ
Кшгаи девона кўнгул зор санга. зор санга.

* * *

Бодадин бир йўли ўтубтурбиз.
Бода ичмакни унутубтурбиз.

Лабининг ҳасратида жон бирла
Ваҳ, не хунобалар ютубтурбиз.

Ўйнабон ғайр ила вафо нардин,
Нақшлар айтибон ўтубтурбиз.

Жонға бор жаври, меҳри йўқлардин
Бир йўли ўзни совутубтурбиз.

Эй Убайдий, каро кўзиди(н) йироқ,
Ҳажрида гўшае тутубтурбиз.

* * *

Бўлмишам ҳайрону билмас ул бути раъно ҳануз,
Бодийи ҳайрат аро мен телба саргардон ҳануз.

Жон етибдур оғзима ҳажр илгидин, эй дўстлар,
Мен ўлар ҳолатдаю раҳм айламас жонон ҳануз.

Х.анжарининг лоладек бағримда бўлғон ҳолидек,
Тинмайин сувдек равон бўлуб оқодур қон ҳануз.

Қурутуб оғзимни ул гул даврида билмон недин,
Манга сунмасдур аёғин соқийи даврон ҳануз.

Эй Убайдий, барчаға бўлди сару сомон, вале,
Мен юрурмен телбалардек бесару сомон ҳануз.

* * *

Ўртанур ҳажр ўтиға жисми фигорим сенсиз.
Куядурмен, нетай, эй лола узорим, сенсиз.

Равнақи боғу баҳорим эдинг, эй сарви сеҳи,
Топмади нашву намо боғу баҳорим сенсиз.

Хар неча кўкдин ўтуб бузди малойик кўнглин, —
Оҳу афғоним ила нолаи зорим сенсиз.

Туфроғим соврулубон чиқти куюндек, эй сарв,
Сарсари ҳажр ила гардунға ғуборим сенсиз.

Сабр этиб қилмас эдим нола Убайдий ёнглиғ,
Йўқтурур, ваҳ, нетайин сабру қарорим сенсиз.

* * *

Очилди умр ниҳоли гули ниҳоятсиз,
Вале не судки, ғам мева берди ғоятсиз.

Не тавр одаме бўлғон жаҳонда андинким,
Шикоят этмагай эл бўлмағай шикоятсиз.

Ҳадису оят ила уз нафас ҳақиқатдин,
Ким андин ўлмас уруб дам ҳадису оятсиз.

Жиноят аҳлиға кўп таъна урмагил зннҳор.
Йўқ ул сифат кишиким бўлмағай хиёнатсиз.

Убайдий, иста ҳидоят худодин сен, йўқ эса,
Етишса бўлмас анинг васлиға ҳидоятсиз.

* * *

Ёр истамаки, олам аро ёр топилмас.
Топилса дағи мушфику ғамхор топилмас.

Ахтарсанг агар бир яратиб икки жаҳоняи,
Мендек сенга бир зору гирифтор топилмас.

Ҳушёр нетарсен тилабон, эй кўзи усрук,
Мастона кўзунг даврида ҳушёр топилмас.

Кўп ёр агарчи топилур сенга валекин,
Жон бергучи мен каби вафодор топилмас.

Дийдор ғанимат турур,— эй телба Убайдий,
Дийдоридин айрилмаки, дийдор топилмас.

* * *

Соҳир кўзининг мардумин инсон деса бўлмас,
Ул кофир зрур, они мусулмон деса бўлмас.

Жисмим аро жон ўрнида жононим эрур жон,
Жон деса бўлур муни, ани жон деса бўлмас.

Зулфи не бало озр кўнгулларни йиғибтур,
Жамъияти бор асру паришон дсса бўлмас.

Мажнунднн эрур бесару сомонлиғим афзун,
Қошимда они беасру сомон деса бўлмас.

Нодон дема Мажнун ишини, —деса Убайдий,
Окил кишини жаҳл ила нодон деса бўлмас.

* * *

Меҳрибонлиғдин дединг:— «Бир нотавоним бор эмиш».
Шукри лиллаҳким, сенингдек меҳрибоним бор эмиш.

Васлинг айёмида ҳам қон йиғладим то билгасен.
Ким фироқингда ани чашм хунфишоним бор эмиш.

Уртади оламни охир оҳу афғоним ўти;
Ваҳ, не ўтлуқ нола-у оҳу фиғоним бор эмиш.

Фитна солур ҳар дам ул ошуби жоним, даҳр аро;
Не балолиғ офати жону жаҳонпм бор эмиш.

Эй Убайдий, фитна солмоқ халқ аро хўдур анга;
Ваҳ, не баджў, фитнаи охир замоним бор эмиш.

* * *

Хотиринг ғам илкидин мен зор учун афгор эмиш.
Шукрким, оламда сендек ғамгузорим бор эмиш.

Телба кўнглум бошида жўлида соч эрмаским ул,
Қушлар анда ошиён айларга йиққон хор эмиш.

Ишқ аро гарчи балолар кўп, вале ишқ аҳлиға
Боридин онинг ямонроқ ҳажр ила ағёр эмиш.

Дер эдим кўнглумдин ўзга зор шояд бўлмағай;
Нотавон кўнглум киби кимни кўрдум, — зор эмиш.

Ердин қилмай гила, нетсун Убайдийким, ани —
Васлидин маҳрум этиб, ҳижронға солғон ёр эмиш.

* * *

Умрлар айлаб саломат сўзларин ўздин йироқ,
Бўлмадим ҳаргиз саломат аҳлидек сўздин йироқ.

Шомдек зулфунгни олғил субҳ юздин, — дедим;
Дедиким бўлғон эмастур кеча-кундуздин йироқ.

Кўзни, билмон, нега юмдум васл айёмидаким,
Кўз юмуб очқунча бўлдум ул қаро кўздин йироқ.

Қўймади бир дам вафосиз чарх, қилмай оқибат, —
Зарра янглиғ, ваҳ, ўшал хуршиддек юздин йироқ.

Кўзлари сайёрасидин бошқа кўрмай юзи,
Эй Убайдий, кўрса бўлмас ойни юлдуздан йирок.

* * *

Бир париваш ишқида девона бўлғон яхшироқ,
Ишқ аро Мажнун киби афсона бўлғон яхшироқ.

Даҳри дун маъмурасидин бир йўли кўнгул узуб,
Чуғз янглиғ сокини вайрона бўлғон яхшироқ.

Савмаа таркин қилиб, майхона сори бору кўр,
Ким ҳарифи соғару паймона бўлғон яхшироқ.

Ошно қилғон балоға бизни ақлу хуш эрур.
Эмди ақлу хушдин бегона бўлғон яхшироқ.

Йўқ турур бир шодлиғким, сўнгғида ғам бўлмаса,
Эй Убайдий, ғам била ҳамхона бўлғон яхшироқ.

* * *

Қилич кофир учун қўлға не хушдур мустадом олмоқ,
Билингким, борчаға фарз этмиш ондин интиқом олмоқ.

Тазаккур бирла ибрат оламида  давлатедурким,
Хамият аҳлидин панду насиҳатлар давом олмоқ.

Ҳаром олмоқни қўюб, зуҳд аҳлидек ҳалол иста,
Ҳалол олмоқ боринда яхши эрмастур ҳаром олмоқ.

Қачонки бадлиғидин ўзини кимки ўткарса,
Насиб ўлур анга жаннат мудомидин дом олмоқ.

Магар руҳул-қудс-файзи асар қилса Убайдиға,
Не чоғлиғ иш дурур анга жаҳон мулкин тамом олмоқ.

* * *

Эй кўнгул, қилма тамаъ ул дилситондин яхшилиқ,
Нотавон жонимға ул ошуби жондин яхшилиқ.

Эл ичинда яхшилиқ кўрмаймен ондин,— дер эдим.
Эй кўнгул, мен кўрмадим ким кўргай ондин яхшилиқ.

Эй гули раъно, хазар қил оҳи сардимдин мудом,
Ҳеч гул кўрган эмас боди хазондин яхшилиқ.

Меҳрибонлиқ кўрсатиб, кўнглумни олди оқибат,
Шукри лиллаҳ, кўрдум ул номеҳрибондин яхшилиқ.

Эй Убайдий, яхшилиқ, кўз тутмайин, не боқ, мен,
Не умид этгай киши мендек ямондин яхшилиқ.

* * *

Неча ҳамдамлиқ қилиб базмимда ўлтурғай фироқ,
Неча ғам дурди била жомимни тўлдурғай фироқ.

Сўнгаким гар тошдин ўлсаким, ғубор айлаб ани,
Ҳар сари ғам гирдибоди бирла тўздурғай фироқ.

Ойириб кўнглумни андин юз паришонлиқ била,
Бу хаёли борки, ғам хайлиға тобшурғай фироқ.

Эй кўнгул, ул қоши «ё»дин айру ношод айлабон,
Нотавон жонимға неча ғам ўқин урғай фироқ.

Ким қилиб маҳзун Убайдий кўнглидин сабру қарор,
Ваҳ неча жавру жафони ҳаддин ошурғай фироқ.

* * *

Санга не бўлғай анинг оллида вафо қилсанг,
Вафо юзудин анга мени ошно қилсанг.

Ики жаҳон ғамидин бир йўли қутулсанг, агар —
Кўнгулни халқаи зулфунгга мубтало қилсанг.

Висоли-ла қувонур ғайр, эй фалак, нетти —
Фироқ дуди била юзини қаро қилсанг.

Рақиб кўзума, тонг йўқ, ҳасаддин агар —
Вафо қилиб анга мардум, манга жафо қилсанг.

Замона мултафитин найласун Убайдий, агар —
Карам юзидин ўзунгга ани гадо қилсанг.

* * *

Басе, фароғати бор, дўстлар, гадолиғнинг;
Бало-у меҳнати кўп асру подшолиғнинг.

Ато-у лутфунг агар элга бўлмас, ёраб,
Йўқ анда фоидаки зуҳду порсолиғнинг.

Ҳақиқатин кишининг билмай ошно бўлманг,
Ки оқибат, зарари бор ул ошнолиғнинг.

Не бўлди қилсанг ўйин тарк бевафолиғни:
Ямондур охири шўхи бевафолиғнинг.

Фиғонки, ишқ мени оқибат Убайдийдек
Асиру шефтася қилди бир балолиғнинг.

* * *

Жон фидо қилмай санга найлайки, жонимсен менинг.
Жон била кўнглумдин ортуқ дилситонимсен менинг.

Хоҳ қил меҳру вафо, хоҳи вафо-у жавр ҳам;
Меҳр йўқ маҳвашлар ичра меҳрибонимсан менинг.

Эй ҳаётим санга, жисмим эвида жон нақдини —
Сарф қилсам, айб эмаски, меҳмонимсан менинг.

Ҳамдамимдур фигон айларда, эй жон булбули,
Нола айлаб, оҳ урар-у ҳамзабонимсен менинг.

Жонфизо лаълинга жон берсам Убайдийдек ҳануз
Ёвар этмас хўйи бебок, бадгумонимсен менинг.

* * *

Мени, эй шўх, ўртади макр ўтиға олинг* сенинг;
Рўзгоримни қаро қилди хати холинг сенинг.

Не эди ҳолим кўруб қатлимга эҳмол айламак;
Эй кўзи қотил, мени ўлтурди эҳмолинг сенинг.

Бош яланг кўрсанг мени, айб этма, эй лайливашим,
Бормен ушшоқ аро Мажнундек абдолим сенинг.

Бўлмайин помол ўлуб, бўлмас аёғинг туфроғи;
Кошки бўлғай эдим, эй сарв, помолинг сенинг.

Кўрдум аҳволингдин ит аҳволини кўп яхшироқ;
Эй Убайдий, ишқ аро бу бўлса аҳволинг сенинг»

* * *

То ҳусн боғи ичра очилди гулунг сенинг,
Бўлдум фиғону нола қилур булбулунг сенинг.

Бўлди тириклигим сабаб биларинг мени;
Ҳайвон суйидин ўзга эмастур мулунг сенинг.

Бошиға эвурур бори оламни чархдек, —
Етмай бошингда эврулубон кокулунг сенинг.

Кўрсат сочингни, йўқса паришон бўлур кўнгул;
Жамъиятиға боис эрур сунбулунг сенинг.

Хоҳи иноят айла Убайдиға, хоҳи зулм;
Эй подшоҳи ҳусн, бўлубтур қулунг сенинг.

* * *

Васлидин навмед этиб кўнглумни маҳжур айладинг.
Мени расволиғ била оламға машҳур айладинг.

Эндуруб базми висолингга мени маҳжурни,
Айш жомидин ҳазин кўнглумни масрур айладинг.

Қилмасам андишаи ҳижрон, мени айб этмаким,
Еткурубон давлати васлингға маъзур айладинг.

Меҳмонлиғ расми бирла келиб, эй султони ҳусн,
Ҳажр бузғон байтул аҳзонимни маъмур айладинг.

Эй Убайдий, ўзга сори қилмадинг ҳаргиз назар,
То ўзунгни нозир айлаб, они манзур айладинг.

* * *

Кўнгулки, чархи фалакка етар фиғони анинг;
Фиғони бирла чиқарға етишти жони анинг.

Гул ани бирла они даъви айлагач, ўтдек,
Ҳам ани ўртади, гулшан ичинда они анинг.

Қил учи инчка белидин, — дедим нишон топилур:
Топилмади, — нечаким истадим нишони анинг.

Чиқиб мунаввар этар меҳр барқидин ҳар тун, —
Қаронғу кўз эвини ёри меҳрибони анинг.

Кетор, соғинма Убайдийни остонингдин,—
Ғубор бўлса доғи жисми нотавони анинг.

* * *

Сенга не бўлғай анинг оллида вафо қилсанг;
Вафо юзудин анга мени ошно қилсанг.

Икки жаҳон ғамидин бир йўли қутулсанг магар,
Кўнгулни ҳалқайи зулфунгға мубтало қилсанг.

Висолила қувонар ғайр, эй фалак нетти, —
Фироқ дуди била юзини қаро қилсанг.

Рақиб кўзиға, тонг йўқ, ҳасаддин ўлсам, агар, —
Вафо қилиб анга, яар дам манга жафо қилсанг.

Замона масъиятин найласун Убайдий, агар —
Карам юзидин ўзунгга они гадо қилсанг.

Ошиқ ўлғон кишиларнинг назари пок керак;
Они билмакка доғи фаҳм ила идрок керак.

Ишқдин ғунча киби кўнгли тўла қон керак;
Юзи ҳам сориқу гулдек яқоси чок керак.

Ишқ жон бермаку бош ўйнамоқу куймакдур;
Ошиқ ул ишларида чобуку чолок керак.

Ишқ ошифтаси ошиқ кишининг оҳича —
Сўзлари дардлику кўзлари намнок керак.

Сўз Убайдиға дема ўзга ҳабибидикким,
Анга аҳбоб аро Хожаи Лўлок керак.

* * *

Васлингга еткурмасанг, жоно, мени маъдум қил;
Ё келиб ҳажрингда не ҳолим борин маълум қил.

Хидматядин қилма, ёраб, бандани бир дам йироқ;
Мени анга ходиму они манга махдум қил.

Ҳеч кимни онинг оти бирла мавсум этмадинг;
Лутф этиб, ёраб, мени ул исм ила мавсум қил.

Маҳрами хос айлабон васли ҳаримиға мени,
Кимки номаҳрам эрур, доридин маҳрум қил.

Билдур, эй, гар десанг ул ойға кўнгул аҳволини,
Шарҳи бирла, эй Убайдий, номада марқум қил.

* * *

Лутфу эҳсонимни кам жонимдин, эй жон, қилмағил;
Мендин ўзга ҳеч кимга лутфу эҳсон қилмағил.

Салтанат ахтарларин рўйин киби жамъ айладинг;
Ҳам наботул-ғашдек, ёраб, паришон қилмагил.

Бўлдилар бу жамъ бир-бирнинг васли бирла шод;
Ушбуларни мубталойи дарди ҳижрон қилмағил.

Соқлоғил бу жамъни турлук балодин ҳар нафас;
Музтариб аҳвол этиб, маҳзуну ҳайрон қилмағил.

Эй Убайдий, фақр мулкин тенгриким берди санга, —
Ҳар замон андешаи мулки Сулаймон илмағил.

* * *

Эй кўнгул, жоми муҳаббат ёр ила нўш айлагил;
Андин ўзга ҳар неким бордур — фаромуш айлагил.

Неча ёлғуз май ичарсен, эй нигори нўшлаб,
Ошиқи бечора бирла бир қадаҳ нўш айлагил.

Олами ҳушёрдин кўнглумиз бўлди малул;
Бир сўнуб лаълинг майидин бизни мадҳуш айлагил.

Достонимни ёзиб илкингда, эй лайливашим,
Ўқу, ман Мажнун киби бир-бир они гўш айлагил.

Эй Убайдий чун масал будурки, сўздин сўз туғар;
Сўз эшитмак гар десанг, бир лаҳза хомуш айлагил»

* * *

Даво фироқинга, жоно, висол эмиш, билдим;
Вале висолинга етмак маҳол эмиш билдим.

Малол жонға кўнгулдин, кўнгулга жондин ҳам;
Манга доғи бу иковдин малол эмиш, билдим.

Каманд зулфини айлаб, кўнгулни сайд этган —
Кўзи қаро, ўзи турфа ғизол эмиш, билдим.

Бафо жафо (ға) эваз кўнглума қилиб дедиким,
Жафо шикастаға қилмоқ вубол эмиш, билдим.

Ҳамиша ишқ тариқин сўрунг Убайдийдин,
Ки ишқ фаннида соҳибкамол эмиш билдим.

* * *

Шукрким, охир ўзумни итига ёр айладим;
Кўрсатиб меҳру вафо анга, вафодор айладим.

Сир анга фош этмас эрдим, — билсам изҳор айладим
Мен анга асрар дебон сирримни изҳор айладим.

Зулфини кўргач, ҳазин кўнглумни топшурдум анга.
Куч била бир номуродни гар гирифтор айладим.

Тирноғимни тез этиб ширин лабининг ишқида,
Оҳким, Фарҳоддек кўксумни афгор айладим.

Эй Убайдий, ул пари пайкарға ўзни зор этиб,
Ўзгалардин бир йўли кўнглумни безор айладим.

* * *

Ёрдин бир лаҳза айрилмоқ хаёлин қилмадим;
Шукрким, андин замоне ўлмайин айрилмадим.

Ғайрға қотилмоғим бордур манга ўлумчаким,
Кўрмадим юзун анинг, бориб анга қотилмадим.

Бу не май эрдики, соқий лутф этиб туттунг манга,
Умрлардурким, хуморидин анинг ойилмадим.

Ғунчадек огзи била наргиз кўзи ҳажрида, оҳ,
Кулмадим ҳам гул киби, ҳам ғунчадек очилмадим.

Эй Убайдий, васл шоми кўзгудек дийдоридин —
Мени маҳрум айлади моҳим, гуноҳим билмадим.

* * *

Кўрар кўзимсан, эй жону жаҳоним;
Севар ёрим, азизим меҳрибоним.

Тараҳҳум қилки, бўлди хоки роҳинг
Тани фарсуда, жисми нотавоним.

Кўнгул уйин бузар сели сиришким,
Ҳам ўтлуқ нолаю оҳу фиғоним.

Сенинг ишқингда Мажнун қиссасидек,
Эл ичра топти шуҳрат достоним.

Убайдийга топилмас олам ичра
Сенингдек мушфиқ, эй ороми жоним.

* * *

Севаримсен сен менинг, эй дилситоним, туқоним:
Жони йўқ жисм ичра жон ўрниға жоним, туқоним.

Кўрсат ул қоматниким, тортай наво булбул киби,
Васл гулзоринда, эй сарви равоним, туқоним.

Меҳрибонлиғ кўрсатиб, доим манга туққонлиғ эт:
Меҳр мулки ичра сенсен меҳрибоним, туқоним.

Топмадим ғурбатда бир маҳрамки, розимни десам:
Койдасен, эй маҳрами рози ниҳоним, туқоним.

Талх ком этти Убайдийни фироқинг бодаси;
Чучут онинг оғзнни. ширин забоним, туқоним.

* * *

Чу меҳринг бор доим манга, дерман: «Ёр бўлғайсан!»
Манга чун кўз солурсен, меҳр, доим бор бўлғайсен.

Мени зор эттинг, эй кўнгул, даме ул ой жамолиға;
Илоҳи, сен доғи мендек бировга зор бўлғайсен.

Қароғим пардасин, эй ёр аёғи, поймол айла, —
Гаҳи қўрқай тикиб, гулбарги афгор бўлғайсен.

Тўкуб қонимни, бир дам етмай ичдинг, ваҳ, ажабдурким
Даме ўтмай мунунгдек қотили хунхор бўлғайсан.

Агар мискин Убайдий бар еса гули висолингдин,
Ҳамиша бахту давлат бирла бархурдор бўлғайсан.

* * *

Қаро кўзум, не бало бевафолиғ айларсен;
Кўзумдин ўт чиқориб, кўз қаролиғ айларсен.

Ўзунг дегондек этибсен улусни, эй бадхў,
Ажаб фароғат ила подшолиғ айларсен.

Мудом савмаада май ичарсен, эй зоҳид.
Ҳамиша эл қошида порсолиғ айларсен.

Мени шикастағаким айла ошнолиғни.
Рақибларға не кўп ошнолиғ айларсен.

Юзунгни гоҳ Убайдийға, гоҳ кўзгуда —
Аён қилиб не бало худнамолиғ айларсен.

* * *

Кўнглум ғамидин неча қилай оҳу фиғон мен,
Девона кўнгул илгида дармондаи жон мен.

Ишқингни нечук ёшурайин аҳли жаҳондин,
Ким шуҳраи шаҳр ўлдуму расвои жаҳон мен.

Мендин не қилур эл тилабон пому нишоним,
Мажнун каби олам аро беному нишон мен.

Юзлангали кўйинг аро кўнглумга амонлиғ
Юз шукрки ҳар тафриқаву ғамдин амонмен.

Тавримни дағи не сўрасин, зор Убайдий,
Яхши била яхшию, ёмон била ёмон мен.

* * *

Фурқат туни айёми висолингни тилармен,
Ҳижрон кечаси шамъи жамолингни тилармен.

Ҳайвон суйини Хизр кўзум қошида қўйса,
Найлай ани, кўзумга зулолингни тилармен.

Гар жону кўнгул қилса талаб холу хатингни,.
Мен жоду кўзунг бирла ҳилолингни тилармен.

Тўби қадини кўрмака фирдавс аро кирсам,
Тўбидин ўтуб тоза ниҳолингни тилармен.

Зулфунгға Убайдий каби кўнглумни берибмен
Жоним қушидек донаи холингни тилармен.

* * *

Жовидон лаълинг ўлукни тиргузур, эй дилситон;
Васлингга етсам топар эрдим ҳаёти жовидон.

Оразу зулфу қадинг қайғусидин ҳижрон аро,
Жисмим эрур нотавон, кўнглум ҳазин, озурда жон.

Жилвагар боғ ичра асру гул узорим бўлмаса,
Гул каби йиртиб яқо, булбулдек айлармен фиғон.

Айладинг ғам тиғи бирла, эй жигар парголаси,
Лоладек бағримни чоку ғунчадек кўнглумни қон.

Эй Убайдий, баҳравар бўлсун нишотингдин улус,
Токи бордур даҳр аро бу чархи хазролин нишон.

* * *

Ишқингда сенинг ғулгула оламға солурмен,
Ишқинг сипоҳи бирла бу оламни олурмен.

То туштум ироқ ҳасрат ила қошу қадингдин,
Ҳажрингда гаҳ икки букулуб, гаҳ узолурмен.

Юз заъф ила итингга яна эргашиб, эй ёр.
Ҳоли борамен, тангри билур, қайда қолурмен.

Бошим оқарибтур, менга раҳм айлаки бошдин,
Ишқингни аён этмаса, элдин уялурмен.

Қўл қўйма сўнгак бўлган этим узра, Убайдий;
Этимга илик тегса, сўнгакдек ушалурмен.

* * *

Эй фалак, туштум айру жонимдин:
Кечалар моҳи меҳрибонимдин.

Дер эдим солма (ғай) мени даврон
Ойириб умри жовидонимдин.

Етмадим бот висолиға охир,
Кечмайин жони нотавонимдин.

Мени бир дам ойирма, эй гардун,
Фитнаи охирул — замонимдин.

Эй Убайдий, не ранж кўрмаймен
Ойру ул шўхи дилситонимдин.

* * *

Кўнглум била дилдорни мен ёд этадурмен,
Хотирни доғи ёди била шод этадурмен.

Бедод этадур жонима дилдор, нетайким,
Демас: — «Нега бу хастаға бедод этадурмен».

Фарёдки, фарёдима етмас, нетай, ул шўх,
Ҳар нечаки ҳижронида фарёд этадурмен.

Шод айлаб анинг ёди била хаста кўнгулни,
Ўзумни ғаму ғуссадин озод этадурмен.

Зуҳду вараим дафтарин, эй банда Убайдий,
Бир-бир қилибон, ишқида барбод этадурмен.

Бир лаҳза кўнглум ўлмади беғам замонадин;
Тўйди замона мендину мен ҳам замонадин.

* * *

Етмай кўнгулга, эй ҳамдамим, етар —
Юз минг гаму алам анга ҳар дам замонадин.

Жамъиятики бор эди кўнглум диёрида,
Ул доғи бўлди бир йўли дарҳам замонадин.

Кўнглум гули бу гулшан аро сўрғали даме,
Умрум ниҳоли бўлмади хуррам замонадин.

Марҳам жароҳатингға, Убайдий, тиларни қўй,
Етмас жароҳат аҳлиға марҳам замонадин.

* * *

То ошиқ ўзумни санга, эй ёр, этибмен,
Ишқинг йўлида ишқ камолиға етибмен.

Эй ғайр, неча жавр қилурсен манга ҳар дам;
Ушшоқ аро билмон санга мен, ёр, нетибмен.

Дерсенки, онинг ҳусни пари ҳусниға борму?
Кўрмаймен онинг ҳуснини, аммо эшитибмен.

Ғунча киби пайконлиқ ўқи кўнглума етгач,
Пайконин анинг оҳ ўқи бирла таротибмен.

Кўй бошидин бошим олиб жаврига турмай,
Саргашта Убайдий киби, эй дўст, кетибмен.

Қочибки шаҳ бача кетти Ҳири диёриндин,
Халос бўлди улус шианинг шиориндин.

* * *

Турарға чора топа олмайин, қочиб кетти;
Кетарга майли йўц эрди ўз ихтиёриндин.

Не иш умр ила, не рўзғор ила бўлди;
Тўюбтур эрди ямон рўзу рўзгориндин.

Солиб эвини, қочиб борди тулкудек, оҳ,
Таваҳҳум айлабон ул шернинг шикориндин.

Иши бўлуб келадур яхшироқ Убайдийнинг;
Йилики, яхши келур, билгурур баҳориндин.

* * *

Гулдек юзунг ёндошти гули арғувон билан;
Гул киби чандин ичим тўлди қон билан.

«Лаълимға жону зулфума кўнглунгни бер»,— деса,
Кўнглум билан берурмен они, муни жон билан.

Ити билан талошур эрмиш ғайр, ҳайфким, —
Яхшининг иши тушмасун асло ямон билан.

Бир гулузор кўйида бордур ишим дей;
Йўқтур ишим жаҳонда гулу гулистон билан.

Ном-нишон эл ичинда Убайдийдин истаманг,
Ким йўқтурур анинг иши ному нишон билан.

* * *

Ғам ели осибидин сарви қадинг хам бўлмасун.
Сарв янглиғ бошинг узун бўлсуну кам бўлмасун.

Давлати васлингдин ўлсун хотирим ҳар лаҳза шода
Фурқатинг қайғусидин кўнглум аро ғам бўлмасун.

«Ҳар не қилсанг ихтиёринг бер!»— демассенким манга;
Бўлмаса меҳру вафо, жавру ситам ҳам бўлмасун.

Гар бўлурсен ҳамдам, эй Исо нафас, мен хастаға,
Сендин ўзга мунису ғамхору ҳамдам бўлмасун.

Эй Убайдий, ул париваш зулфининг савдосидин
Мен киби ошифга-у расвойи олам бўлмасун.

* * *

Субҳи васлингдур мени ҳар кеча бедор айлаган.
Ҳажр шомидин халос айлаб, санга ёр айлаган.

Сен бировга мулк берсанг, ккм бўлур монеъ санга
Сен азиз этган кишини ким эмиш хор айлаган?

Бору йўқумдин санга бўлғай, эй яздони пок.
Борини йўқ айлаган сен, йўқни ҳам бор айлаган.

Гулшани ҳусн ичра, эй сарви сиҳи, гуллар очиб,
Сарв бўйлуқлар аро сенсен мени зор айлаган.

Новаки мижгон бирла ханжари хунрезидур, —
Эй Убайдий, нотавон жисмимни афгор айлаган.

* * *

Эшитиб рақам кўйи садосин,
Тилармен ул чаман обу ҳавосин.

Балойи ҳажрида бўлдум гирифтор;
Халос этмас балодин мубталосин.

Ўзига ёр этиб бегоналарни,
Қилур бегона ўздин ошносин.

Ўзумдин кеттиму бордим, эшиттим, —
Такаллум вақтида нозук адосин.

Убайдий мотамн доғида куйди,
Ҳануз олмай дурур доги қаросин.

* * *

Баҳор келмайин гулузор келгайму?
Чаманда гул била онсиз баҳор келгайму?

Етибмен ўлгали ул ғамгузор фарқидин;
Ғамини сўрғали ул ғамгузор келгайму?

Бу сори сурмаса елдек самандин ул чобук,
Кўзумга раҳгузаридин ғубор келгайму?

Йўлида қон ёш ила лолалар сочибтурмен;
Кўра-кўрай они, қошимға ёр келгайму?

Қарор топса кўнгул ёр кўйида бир дам,
Убайдиё, яна ул беқарор келгайму?

* * *

Шамъ эрур парвонанинг ҳолиға гирён ҳар кеча.
Йиғларам они сўруб мен ҳам фаровон ҳар кеча.

Аҳду паймонни танимас тонгға будур турфаким,
Жону кўнглум бирла айлар аҳду паймон ҳар кеча.

Кўргали ҳусн авжи узра моҳи тобоним анинг,
Уялиб юз ёшурур хуршеди тобон ҳар кеча.

Анбар афшон зулфининг савдосидин Мажнун бўлуб,
Сўз ўз-ўзумга айтурмен паришон ҳар кеча.

Тортамен уммед ила ҳар кун фироқи дардини,
Васлидан қилғайму деб дардимға дармон ҳар кеча

Айларам бкр гул ғамидин нотавон булбул каби,
Тинмайин ҳар лаҳза тонг отқунча афғон ҳар кеча.

Ҳолима раҳм айламай кўнглим қушин парвонадек,
Эй Убайдий, ўртар ул шамъи шабнстон ҳар кеча.

* * *

Айб эмас мендин агар айласанг, эй ёр, гила*;
Сендин ўзга кишига айласам изҳор гила.

Зоҳир этмон гила сендин кишига, — ўлсам агар
Хотиримда гила сендин йўқ эмас, бор гила.

Гила сен айламасанг, бок эмастур мендин —
Ўзгаларга нечаким айласа ағёр гила.

Гоҳ-гоҳи гила қилмоқ хуш эрур ёриндин;
Яхши йўқ айламак эл қошида бисёр гила.

Кўз учи бирла назар ҳолинга қилмоқ тиласанг,
Эй Убайдий, қошида айлама бисёр гила.

* * *

Неча ул ой жонимға жавру бедод айлагай,
Ўзгаларни шод айлаб, бизни ношод айлагай.

Кўрсат, эй кўнглум, бориб ўзингни ул дилбарғаким,.
Шояд ул соат сени кўргач, мени ёд айлагай.

Оҳким ғам селидин вайрон эрур кўнглум уйи,
Эмди ул вайронаники бўлғай обод айлагай.

Ишқ иш андоқ қилай даврингда, эй лайли вашим,
Не они Мажнун қила олғай, не Фарҳод айлагай.

Эй Убайдий, йўқтур андоқ дилбари олам аро,
Нотавон кўнглумни ғам қайдидин озод айлагай.

* * *

Жон чекиб васлиға, эй жон, етгай эрдим кошки;
Бир нафас ширин сўзи эшитгай эрдим кошки.

Истабон еттинг висоли давлатига, эй кўнгул;
Истай-истай они мен ҳам, кетгай эрдим кошки.

Новакинг пайкони кўнглумдин ўтмасдин бурун,
Шуълалиғ оҳим била эритгай эрдим кошки.

Монеьим ағёр эмиш, эй дўстлар, бор итлари;
Барчасин ўзума ёр этгай эрдим кошки.

Эй Убайдий, нотавон кўнглум қушининг сайдини,
Ёрнинг фитрокига беркитгай эрдим кошки.

ҚИТЪАЛАР

* * *

Дўстлар, ихтиёр гулшанда
Айшу ишрат била нишот қилинг.
Чунки шарт ўлди ихтиёт этмак,
Шарти боринча ихтиёр қилинг.

* * *

Ошнолик килиб ямон кишига,
Сен ямон сўз неча эшитгайсен.
Тура олмай анинг сўзига, яна
Бош олиб бир сориға кетгайсан.

* * *

Душманинг ҳар неча қилса зорлиғ,
Раҳм қилмиш бўлма онинг ҳолиға,
Қолу қили бирла кул айлар сени,
Бўлмағил сен кул қилу қолиға.
Тишлади охир надомат бормоғин,
Ким инонди эрса онинг олиға.

* * *

Насиҳат гар эшитсанг носиҳингдин,
Ёвумасдур сенга ҳаргиз надомат.
Вале панд олмасанг, юзлангусидур
Санга ҳар соридин юз минг маломат.
Куярсен ҳам надомат ўти ичра
Надомат аҳли янглиғ то қиёмат.
Саломат аҳлидек олиб насиҳат,
Саломат бўл, саломат бўл, саломат.
Насиҳат ганжини ўз лутфи бирла
Убайдийға худо қилди каромат.

* * *

Дўсгнинг узрини қабул этмак
Дўстлуқнинг улуғ нишони эрур.
Кимки қилмас қабул узри анинг,
Билким, ул дўстнинг ямони эрур.

* * *

Гар уруш тушса ики ҳамдам аро,
Бот анинг тадбирини этмак керак.
Биридин айб ўлса зоҳир, ул бири —
Узр айтиб, айбини ёпмак керак.

* * *

Ўзунгдин яхшироқ гар бўлса ёринг,
Бўлурсен олам ичра подшо сен.
Агар бўлса ямон ёрингким, ўлғунг —
Гадолардек ямон юзлук, гадо сен.

* * *

Ўқ киби туз бўлса ҳар ким, солур ўзинг илгари;
Ё киби ким эгри бўлса, ўзин солур кейин.

Ўқни кўрким, тузлукдин илгари борур мудом.
Ёни боқким, эгриликдин муттасил қолур кейин.

Ризо ато ва аносин ҳар ўғулким этар,
Худо ризо бўлуб ондин ҳам айлар они қалил.

Олиб насиҳатину тутса иззатда аларни,
Жаҳонда иззати ортиб, бўлур азизу жалил.

Уғилким, ондин алар бўлмади ризо, билким,
Ҳамиша оқадурур (?) халқ ичинда хору залил.

Далиликим кимки тиласа бу жонға, бор дурур
Худо каломию Ҳазрат ҳадиси анга далил.

ТУЮҚЛАР

* * *

Сўғд ичинда ўлтурубтур ёбулар,
Ёбуларнинг минган оти ёбулар.
Ёбуларнинг илгидин эл тинмади,
Ёбулар турсун бу ерда ё булар.

* * *

Сайр этарда гулзорим боғини,
Боғламас гулгун қабойи боғини.
Буздилар барча улусни боғилар,
Тангри йўқ ёткай, илоҳи, боғини.

* * *

Ёрама ул ой марҳам ёқмади,
Оҳким, анга не ўтлар ёқмади.
Ўзгаларга ёқти ул таври анинг,
Ким анинг ул таври манга ёқмади.

* * *

Ул пари мажнун кўнгул жононидур,
Кўнгул ўзидур анинг, жон онидур,
Манга мунча лутфу қаҳринг ёр эгач,
Жонима жавр этмакинг, жоно, недур?

* * *

Эй йигитлар, яхши-яхши от олинг.
Яхши отлар бирла яхши от олинг.
Яхши отмоқлиқ ҳунардур ўқни ҳам,
Эл кўринча ўқни яхши отолинг.

РУБОИЙЛАР

Ҳар кимки туз этса ниятин, раҳмат анга.
Ҳақ ниятиға кўра берур давлат анга.
Ҳар кишини тузлук айламаса ниятини,
Хосиятин ул навъ берур ният анга.

* * *

Қайғу аламидин кеча йўқ уйқу манга;
Оламни қаронғу айлади қайғу манга.
Мен мундоқ ўлуб, рақиблар шод ўлуб,
Ортуқси бало эмасмудурур ушбу манга.

* * *

Кўргуз манга ул шўх вафосин, ёраб,
Кўргузма анинг манга жавосин, ёраб.
Ёраб, не дуо қилурсен ўз лутфунг ила
Бу қулнинг ижобат эт дуосин, ёраб.

* * *

Зинҳор адаб ўрганинг, эй аҳли талаб,
Ким бордур адаб гули саодатқа сабаб.
Шайтонки, адабсиз эрди, қолди маҳрум,
Одамни кўрунг, — не ерга еткурди адаб.

* * *

Эй дўст, даме бўлмади ғамдин қутулуб,
Мазлум киби зулму ситамдин қутулуб,
Фарёду фиғону оҳким, бўлмас эмиш, —
Улмай ситаму ғаму аламдин қутулуб.

* * *

Ориф кишилар элга қотилмайдурлар,
Тенгри деганидин ўзга қилмайдурлар.
Нодонлар аларни кўзга илмайдурлар,
Ҳеч кимса алар узрини билмайдурлар.

* * *

Мажнун ишидин ул кишиким огаҳдур,
Ушшоқ аросинда Убайдуллаҳдур,
Пайваста жунун аҳли эрур ҳамроҳ анга,
Ул раҳбар эрур аларга-у ҳам шаҳдур.

* * *

Булбулға дедимки, гул яна сўлғусидур,
Кўнглунг ғаму андуҳ била тўлгусидур.
Булбул деди: — «Эй дўст,— манга нола қилиб,—
Тақдири худой не бўлса, — ул бўлғусидур».

* * *

Эй ёр, кўнгул ишини бузуб бўлмайдур,
Ағёр жафосиға тўзуб бўлмайдур.
Ҳар неча узай кўнглумни дермен сендин,
Сендек кишидин кўнгул узуб бўлмайдур.

* * *

Гар етса жафо, демаки жонондиндур,
Ҳам тушсанг ироқ, демаки ҳижрондиндур.
Ҳақдин кўр ани-ю ўзгалардин кўрса,
Ҳар воқеаким воқеъ ўлур — ондиндур.

* * *

Аҳбоб келиб, қотимда ўлтурмадилар;
Ҳолимги билиб, ёрга билдурмадилар.
Сўрғали экин, — дедим,— фироқинда мени,
Сўрмоқ не бўлур, қошимда ҳам турмадилар.

* * *

Ўтуб борадур шиддат ила умр, эй ёр,
Ранжу аламу меҳнат ила умр, эй ёр.
Афсус, афсус, кўз юмуб очқунча
Ўтти-кетти ғафлат ила умр, эй ёр.

* * *

Дунёлигинга ишонмаким, кетгусидур»
Давлат доғи ҳар сори мафар этгусидур.
Мағрур қой элки бўлса дунёлиғина,
Охир ҳамул — ўқ бошлариға етгусидур.

* * *

Сабр этса киши, муродиға етгусидир,
Ўзини сабур аҳлидин этгусидур.
Сабр этмакидин анга этиб хуррамлиқ,
Ғам хайли анинг хотиридин кетгусидур.

* * *

Ғайрат юзидин кимки қилич урса мудом,
Олғусидур мулк арусидин ком.
Ёр этса агар адолат атмакни анга,
Шак йўқким, олур адл ила оламни том.

ҲИКМАТ

* * *

Аё дўстлар, жондин кечиб, ишқ эркин туттум мано.
Ваҳдат майин ичкунча не хуноблар юттум мано.

Уч юз олтмиш дарё ўта, юрмай киши суд айламас,
Тўрт юз қирқ тўрт тоғдин ошиб, борисидин ўттум мано.

Восил мени васлиға ул қилди, муродим васл эди,
Юз минг шукр ҳам дам анга, максудима еттум мано.

Чун носиваллаҳ кўйида истаб мени топмас киши,
Бас, ўзга ерда истангиз, ул кўйдин кетгум мано.

Солик топа олмас нишон мендин талаб водисида;
Эй Қул Убайдий, жон киби истай ани, еттум мано.

МАСНАВИЙЛАР

Қойинини давлати янга эрур, ёр-ёр,
Иззатию ҳурмати янга эрур, ёр-ёр.

Қойинини янгасин олғусидур, ёр-ёр:
Ой юзунга кўзларин солғусидур, ёр-ёр.

Урса сафойи анинг, шайдо бўлур, ёр-ёр,
Ғояти йўқ меҳр анга пайдо бўлур, ёр-ёр.

Бир-бирига меҳрибон бўлғусидур, ёр-ёр.
Бир-бири меҳри билан тўлғусидур, ёр-ёр.

Янга мунунгдек зариф бўлмас эмиш, ёр-ёр.
Хулқию ҳусни латиф бўлмас эмиш, ёр-ёр.

Тойинини, янганинг қадрини бил, ёр-ёр:
Билиб анинг қадрини, шукрини қил, ёр-ёр.

Нуқтасига бу сўзнинг етмак керак, ёр-ёр.
Иззатини яхшироқ этмак керак, ёр-ёр.

* * *

Сарв қадлар сарвари гулчеҳрадур, ёр-ёр,
Дилраболар дилбари гулчеҳрадур, ёр-ёр.

Гулчеҳралар бирла боғ гулшан эрур, ёр-ёр.
Гулшан аро сиз мудом гулхан эрур, ёр-ёр.

Гулчеҳралар исидин тўлди жаҳон, ёр-ёр,
Бошдин-оёқ муаттар бўлди жаҳон, ёр-ёр.

Гулчеҳралар қомати тўби эрур, ёр-ёр.
Жаннат аро тубининг хўби эрур, ёр-ёр.

Сарви сахийдек бўйи нозик эмиш, ёр-ёр.
Бўйи каби ҳам хўйи нозик эмиш, ёр-ёр.

Меҳрки гулдин аён бўлғусидур, ёр-ёр.
Булбулу гул меҳрибон бўлғусидур, ёр-ёр.

Бир-бирининг қадрини билса керак, ёр-ёр.
Айлагуси шукрини қилса керак, ёр-ёр.

Нашрга тайерловчи — филология фанлари доктори А. Ҳайитметов
Тошкент. «Ёзувчи» нашриёти. 1994

* * *

(Tashriflar: umumiy 1 185, bugungi 1)

Izoh qoldiring