Najmiddin Komilov. Ustoz va yosh iste’dod

003
Навоий ижодкор шахс ҳақида гапира туриб, биринчи навбатда, унинг истеъдоди даражасини белгилайди. Чунончи, «хуштабъ киши», «яхши табълик йигит», «табъи ҳам, ҳофизаси ҳам яхши», «табъғинаси бор», «назмға майли бор» каби иборалар орқали шоирнинг ижодий иқтидори, шеър айтиш маҳоратини фарқлайди. Шундан сўнг ёш ижодкорнинг шеъриятдаги қайси бир тур ёки жанрга майли борлигини (ҳажвгўй, маснавийнавис, ғазалсаро, муаммочи) ҳамда унинг услубини (ошиқона шеърга майл, орифона ижод, ҳазинлик, қувноқлик ва бошқалар) аниқлаб, шунга кўра тарбия, таҳсил тадбирларини қўллайди. Ҳаддан зиёд ҳазин куйловчи айрим ёшларни кузатган шоир бунинг сабабини аниқлагач, эҳтиёткорлик билан уларнинг руҳини кўтарган, фаол ва ишчан бўлишга чақирган.

07
Нажмиддин Комилов
УСТОЗ ВА ЁШ ИСТЕЪДОД
001

004Мумтоз адабиётимиз бобокалони Алишер Навоийнинг сермазмун ҳаёти, шахсий фазилатлари, иқтидор ва камолоти замондошлари учун намуна бўлганидек, бугунги ёш ижодкорларимиз учун ҳам ибрат мактабидир. Маълумки, Навоий жуда кўп ёш ижодкорларга раҳнамолик қилган. Ўнлаб истеъдод соҳиблари — шоир ва муаррих, рассом ва хаттотлар бу қуёшсимон зотнинг ҳиммати ва ҳамияти соясида вояга етганлар. Улуғ шоир истеъдод тарбияси борасида, таъбир жоиз бўлса, истеъдод педагогикасини ишлаб чиққан. Истеъдодни таниш ва эътироф этиш йўллари, табиий қобилият, билим ва меҳнат, таҳсил ва адабий таъсир, рағбатлантириш ва талабчанлик, ахлоқий сифатлар ва унинг истеъдодга таъсири, ғоявий етуклик ва маҳоратни ўстириш каби масалалар Навоийнинг доим диққат марказида бўлган.

Аллома устознинг бу борадаги қарашлари унинг “Мажолис ун-нафоис», «Хамса ун-мутахаййирин», «Маҳбуб ул-қулуб», «Тарихи ҳукамо», «Насойим ул-муҳаббат» каби бир қатор асарларида, шунингдек, замондошлари асарларида ўз ифодасини топган. «Мажолис ун-нафоис»нинг учинчи ва тўртинчи мажлисларида ёш қаламкашлар ҳақида, ижод аҳлининг тарбияси хусусида сўз боради.

Навоий ижодкор шахс ҳақида гапира туриб, биринчи навбатда, унинг истеъдоди даражасини белгилайди. Чунончи, «хуштабъ киши», «яхши табълик йигит», «табъи ҳам, ҳофизаси ҳам яхши», «табъғинаси бор», «назмға майли бор» каби иборалар орқали шоирнинг ижодий иқтидори, шеър айтиш маҳоратини фарқлайди. Шундан сўнг ёш ижодкорнинг шеъриятдаги қайси бир тур ёки жанрга майли борлигини (ҳажвгўй, маснавийнавис, ғазалсаро, муаммочи) ҳамда унинг услубини (ошиқона шеърга майл, орифона ижод, ҳазинлик, қувноқлик ва бошқалар) аниқлаб, шунга кўра тарбия, таҳсил тадбирларини қўллайди. Ҳаддан зиёд ҳазин куйловчи айрим ёшларни кузатган шоир бунинг сабабини аниқлагач, эҳтиёткорлик билан уларнинг руҳини кўтарган, фаол ва ишчан бўлишга чақирган.

Хусусан, ёшларнинг шахсий хислатлари, сажияси, ахлоқ-одоби, таҳсил кўрган-кўрмаганлиги устозни кўп қизиқтирган. Камтарлик, мулойимлик, хуштавозе бўлиш, меҳнатсеварлик, бурролик, ҳозиржавобликни ижодкорнинг фазилатлари, деб билган Навоий ялқовлик, паришонлик, жунунсифат юриш, кеккайиш, ҳавойилик, шаробхўрликка берилиш цингари ёмон одатларни қаттиқ қоралайди. Бу каби салбий одатлар бир қанча ёш истеъдодларни нобуд этганлигини “Мажолис ун-нафоис» асарида қатор мисоллар билан кўрсатиб беради: «Мавлоно Сайфий … ҳушёрлиғ ва басе одамиваш ва ҳаё ва одоблиғ йигитдур. Аммо сархушликда ўзга моҳият бўлур, балки расвонамо бўлур эди. Бу учурда тавбаға тавфиқ бўлди. Умид улким, истиқоматға ҳам мувофиқ бўлғай».

Шероздан Ҳиротга ўқишга келган Саид Қароза исмли кимсасиз етим болани Навоий ўз тарбиясига олиб, унга алоҳида мураббийлар тайинлайди, «шафқат ва машаққатлар» кўргизади. Афсуски, кўп ўтмай, болада ножўя қилиқлар зоҳир бўлади. Шоир уни тузатиш чораларини кўради. Аммо фойда бермайди. Оқибатда бу йигит Ҳиротда туролмай, Самарқандга қайтади ва у ердаги хамрий — майхўрларга қўшилиб, бутунлай нобуд бўлади. Самарқандлик ёш шоир Саид Қутб Лакаданг эса бадахлоқлиги туфайли ҳибсга олиниб қатлга ҳукм этилади. Алишер Навоий орага тушиб қатлни бекор қилишга эришади. Лекин «ул нокасгина» бундан хулоса чиқармай, ўз юртига қочиб, ёмон ишларини давом эттиради. Бундай ҳоллар Навоийни беҳад ранжитган. Ўзини идора қилолмаган, яхшиликни, ҳурматни билмаган кишилардан, гарчи уларда истеъдод нишонаси бўлса-да, чинакам ижодкор чиқмаслигини айтиб, уларнинг тақдирига ачинади.

Навоий танқидига учраган салбий хислатлардан яна бири — дангасалик, истеъдодни истифода қила билмасликдир: «Мавлоно Нодирий яхши табъи бор, аммо кўп лаванддур. Муддате фақир била мусоҳибат эрди, ўзин лавандлиғин забт қила олмади, яна ўз ишини кейинга юборди». Шоир Қобулийнинг «димоғида парешонлиғ ва таврида лавандлиғ» бўлганлиги учун таҳсилни охирига етказмаган ва муддосига эриша олмаган. Хоразмлик Жоний деган шоирнинг эса «Хейле жунун зотида борким, салоҳият касбига монеъдур, йўқ эрса ғаробатлиғ табъғинаси бор». Мавлоно Кавсарий «табъида назм айтур қобилияти бор, аммо машғуллуқ қилмас».

Бундай ёшларнинг бир қисми Навоий ва Жомийнинг танбеҳларини қулоққа илиб, «туз йўлга» кирганлар, улуғ шоир бу ҳолни хурсандчилик билан қайд этиб, улар истиқболига умид билдирган.

Навоийнинг фикрича, ижодга дил боғлаган одамда, албатта, табиий истеъдод — табъ бўлиши лозим. Қуруқ ҳавас билан шоирлик даъво қилиш ярамайди. Энг ёмони шуки, деб куйинади шоир, куруқ назмни шеър атаб, «юз машаққат билан бир байт боғлайтурган, даъвосини эса етти фалакдан оширатурган»лар ҳам бор. Баъзан улардан бирор яхши байт ҳам воқе бўлар, лекин бу ҳали шоирлик даъвосини қилишга ҳуқуқ бермайди. Ахир, шоир сўзида ҳақиқат ва маърифатдан баҳра берадиган маъно, шавқу завқ ва «шуъла-афкан ҳарорат» бўлмоғи лозим. Шоирона таркиблар дардли, ёниқ юракларда пайдо бўлади.

Ҳақиқий истеъдод нишонаси мавжуд одамда илм олишга иштиёқ ҳам, ҳофиза ҳам кучли бўлади. Навоий буни Румий, Саъдий, Ҳофиз, Жомий каби ёрқин сиймолар мисолида кўрсатади. Барча илмлардан хабардор бу донишманд зотларнинг эл орасида ҳаким-файласуф, шайх — йўл бошловчи каби табаррук унвонлар билан упуғланишларига боис шудир. Шоир етук файласуф, хирадманд одам бўлгандагина унинг сўзи халқ эътиборини қозонади. Бироқ бу мартабага осонликча эришилмайди. Бунга катта заҳмат ва чидам, қунт, таълим ва таҳсил орқали муяссар бўлинади. Шунинг учун Навоий ҳофиза — хотира, зеҳн, фантазиянинг аҳамиятини алоҳида таъкидлаб, такрорий мутолаа, машқ, шеър ёдлашни тавсия этади. Машқ қилиш, қайта-қайта ишлаш истеъдодни ўстиришга кўмаклашади: «Мавлоно Миракий, … кичик ёшлиқ хомтабърок йигитдур. Имкони бордурким, табъига кўп иш буюрса пухталиқ пайдо қилур». Навоий даврида ёшларга таълим бериш поғонама-поғона кўтарилиш усулига асосланган эди. Яъни савод чиқарилгач, аввал ўз уст
озидан таълим олар, кейинчалик билим ва қобилияти тақозо этса, каттароқ устозга қўл берар, сўнг яна улуғроғига ўтар эди. Шу йўсин энг истеъдодли, сараланган ёшлар Жомий ва Навоийга шогирд тушардилар.

Қайси соҳага қўл урмасин, уни тез эгаллаб оладиган қобилиятли ёшлар Навоий замонида анчагина бўлган. Ҳам тарихчи, ҳам рассом, ҳам бастакор, бунинг устига, яхши шоир ва ҳакимлик қўлидан келадиганлар катта ҳурматга сазовор эдилар. Бироқ Навоийни бир нарса ташвишга солади: кўп қиррали истеъдод соҳибларининг аксарияти шунча ҳунарни эгаллаган ҳолда амалда бирор соҳада ўзларини кўрсатолмайдилар. Улар гоҳ унга, гоҳ бунга уриниб, умрни беҳуда ўтказадилар. Кўп ўрганиш яхши, лекин муайян соҳада кишиларга фойда келтириш лозим. Одамларга нафи тегмаган истеъдод, амалга ошмаган ният каби, кишига армондир.

Шу муносабат билан устод Навоий ёшларга бир соҳага ёки адабиётнинг маълум жанрига қўл уришдан олдин, қобилияти етиш-этмаслигини аниқлаб олиш лозимлигини уқтиради. Иқтидорга қарамай беҳуда уриниш бор истеъдодни ҳам издан чиқариши мумкин. Маълумки, Ҳирот адабий муҳитида талайгина хамсанавислар майдонга чиққан. Улар орасида бир қадар муваффақиятга эришганлари ҳам бор. Бироқ кўпчилиги арзирли достон битолмасдан, унутилган. Ваҳоланки, улар кичик жанрларда дурустгина ижод қилишлари мумкин эди. Навоий бундай ёшларнинг «катта» асарларидан кичик мисоллар келтириб, уларда етук санъаткорларга хос хаёл қила билиш қуввати, юксак маҳоратнинг етишмаслигини кўрсатади.

Улуғ шоир айрим ёшлардаги қуруқ манманлик, салафларни назар-писанд қилмай, ўзини ҳаммадан юқори қўйиш одатини ёмон кўрган. Кўча-кўйда, мажлисларда кўкрагига уриб: мен Фирдавсий ишини бир ойда бажараман, Низомий қаршимда ип эшолмайди, дегувчилар устидан заҳарханда қилади; уларни камтарликка, сўз билан эмас, иш билан ўзларини кўрсатишга даъват этади. Жумладан, мавлоно Абдуллоҳ на «Шоҳнома»ни, на Низомий ва Деҳлавий “Хамса»ларини писанд қилади, Жомийни эътироф этадими-йўқми, маълум эмас, ваҳоланки «биз фақирлар ўзимизни ул жаноблар дастурхонининг резачини деб биламиз», дейди устоз.

Ёшлардаги ғурур, ғайрат ва шижоатни маъқуллаш лозим, бу — яхши сифат, бироқ уни хоксорлик, камтарлик билан омухта этмоқ даркор, деб билади Навоий. Бу борада Абдураҳмон Жомийни ибрат қилиб кўрсатади. Шунинг учун бўлса керак, сийстонлик Қозизоданинг шеъриятдаги қобилиятини эътироф этса ҳам, ортиқча манманлигини ёқтирмайди. Уни Жомий ҳузурига юбориб, уялтиради. Дўстларнинг тўғри, беғараз танқидини қабул қилиш кишига камол келтирса, жиззакилик, танқидни тан олмаслик ижодкорга ярашмайди (Буни Навоий самарқандлик шоир Риёзий мисолида кўрсатган). «Мажолис ун-нафоис»да панд-насиҳатни қулоғига олмай, на истеъдодини, на илмини ишга соладиган «раъносифат ва худоройлиқ билан авқотини (вақтини — Н.К.) зое қилувчи» Осафий цингари такасалтанг, хаёлпараст ёшлар, «йигитлик ҳою ҳавоси била парешон» юрувчилар танқид этилади. Алишер Навоий ёш ижодкор тарбиясида меҳнат, унинг атрофидаги кишилар, маслакдошлари катта ўрин тутади, деб таълим беради. У мавлоно Савсаний ҳақида ёзиб, дейд
и: «Озодаваш кишидур, кўпроқ авқот Гавҳаршодбегим мадрасаси теграсида бўлур эрди, бефойда эл била мусоҳибатлиғ қилмас, невчунким, бежиҳат машаққатларни ўзига раво кўрмас. Умид улким, бу давлат барчаға насиб бўлғай». Ижодкорнинг қалби пок, хаёли тоза, нияти эзгулик сари етакловчи экан, унинг дўстлари, суҳбатдошлари ҳам шундай фозил, доно одамлар бўлмоғи лозим. Жоҳил, нодонлардан узоқ юриш яхши, аммо гўшанишинлик мақбул эмас, адабий маҳфилларга, мунозара-мусоҳабаларга қатнашмоқ, ҳаётда фаоллик кўрсатмоқ илҳомни тоблайди, ижодий имкониятларни юзага чиқаради.

Баъзи ёшлар салафларни мутолаа қилиш пайтларида бутунлай улар таъсирига берилиб қоладилар. Баъзан шундай ҳам бўладики, ўзлари билмаганлари ҳолда салафлар мисралари, ибораларини ўзлаштириб, ишлатиб юрадилар. Бундай «тасарруф»дан қутулолмаган киши мустақил ижод қилиш қобилиятини ҳам аста-секин йўқотади. Адабий таҳсил — маҳоратни эгаллаш воситаси, тақлид эса табънинг йўқлигидан нишона эканлигини таъкидлайди Навоий. Табиий завқи, мустақил ижод этиш қобилияти бўлмай туриб, «ўзини шеърга мансуб» деб кўрсатувчи «эл қошида шеърхонлик» қилувчилар адабиётнинг офатидир, шеъриятни улардан пок тутиш лозим, дея огоҳлантиради улуғ шоир.

«Мажолис ун-нафоис»да зикр этилган ёш шоирларнинг кўплари билан Навоий шахсан таниш бўлган, суҳбат қилиб, синаб кўрган, хулқини кузатган. Лекин шоир ўзи танимаган — «эмди пайдо бўлғон» ёшларнинг шеърлари ҳақида ҳам фикр юритиб, холисона баҳолайди ва улар ижодига ривож — оқ йўл тилайди. Бу жиҳатдан ҳам улуғ устознинг тутган йўли ибратлидир. Чунки устоз оқ йўл тилаганда ёш ижодкорнинг ютуқлари билан бирга қусурларини ҳам кўрсатар, келгусида қусурлардан қутилиш чораларини тавсия этар эди.

Алишер Навоийнинг яна бир одати ғоят ибратлидир. У янги пайдо бўлган истеъдодли ёшларни ҳузурига чақириб суҳбатлашган, синовдан ўтказган. Бунга истеъдодли адиб Зайниддин Восифийнинг «Бадоеъул вақоеъ» асарида келтирилган воқеа ғоят ибратлидир. Адиб ўзининг бошидан ўтган саргузаштни ҳикоя қилган. Восифий ёшлигидан мураккаб маъноли асарларни севиб ўқир экан, айниқса, киши исмлари яширинган «муаммо» жанрига қизиқиб, кўплаб муаммоларни ечган, бир нечта устозлардан таълим олган. Унинг қариндоши Соҳиб Доро Амир Алишер Навоийнинг мулозими бўлган. Соҳиб Доронинг қайд қилишича, «Амир Алишер ҳар куни фақирни чақириб, бугун бу шаҳарда (яъни Ҳиротда) бўлиб ўтган ажойиб ва ғаройиб нима кўрдинг ёки эшитдинг, сўзлаб бер», деб сўрар экан. Соҳиб Доро илму адаб дунёсида етишиб келаётган ва номи чиққан истеъдодлар, янги битилган китоблар ҳақида гапириб берган. Навбатдаги учрашувларидан бирида Восифий маҳорати ҳақида гапирганда, Навоий эртагаёқ уни ҳузуримга келтир, деб таъкид
лайди. Соҳиб Доро Восифий билан бирга яна уч ёш шоирни олиб боради. Восифий ўзининг ҳаяжонлари, ҳазрат Навоий сиймосини кўришга муяссар бўлганини тўлқинланиб ёзган. Навоий ёш йигитнинг билими, қобилиятини янги айтилган бир муаммо орқали синамоқчи бўлади. Восифий бу муаммони аллақачон ёдлаб олганини, маъносини билишини айтганда, Навоий таҳсин айтиб, йигитга оқ йўл тилайди.

Ушбу воқеа ҳазрат Навоийнинг қизиқувчанлиги, Ҳирот адабий ҳаётининг гуллашини бевосита назорат қилиб тургани, ёшларга ҳар жиҳатдан кўмаклашишга ўзининг бурчи, деб қараганини кўрсатади.

Бежиз эмаски, Алишер Навоий хоҳ бошловчи, хоҳ тажрибали шоир ҳақида гапирмасин, энг аввало, улар асарининг тили, бадиий санъатларни ишлатишдаги новаторлиги, фикрнинг ифода усули ҳамда образлар билан қанчалик уйғун, мутаносиб эканлигига эътибор беради. Шеърнинг маъноси деганда улуғ шоир янги ифодалар орқали завқ бағишлайдиган таъсирчанликни назарда тутади. Шоирнинг хаёлоти, кучли иборалари латиф бўлса — шеър шунча «кўнгулга маҳбуб»дир. Шеърий тил алоҳида қонуниятга эга, у «эъжоз мақомида туриши» лозим. Равонлик ва латофат, сероҳанглик ва сермаънолик, хуллас, бадиий мукаммаллик ҳамма учун бирдай талаб мезонидир. Бутун-бутун достонларда битта қофия ё бир ўхшатиш ноўрин бўлса, танқид қилиниб, тузатилиши талаб этилган. Бу шаклбозлик эмас, балки сўз санъати учун, бадиият учун кураш, гўзалликни ҳимоя қилиш эди.

Алишер Навоийнинг маданият ва маънавият, адабиёт тараққиёти учун қилган ишлари, ёш истеъдодлар тарбиясига ғамхўрлиги ҳозир ҳам аҳамиятли ва ибратлидир.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2011 йил 2-сонидан олинди.

022

07
Najmiddin Komilov
USTOZ VA YOSH ISTE’DOD
001

055Mumtoz adabiyotimiz bobokaloni Alisher Navoiyning sermazmun hayoti, shaxsiy fazilatlari, iqtidor va kamoloti zamondoshlari uchun namuna bo‘lganidek, bugungi yosh ijodkorlarimiz uchun ham ibrat maktabidir. Ma’lumki, Navoiy juda ko‘p yosh ijodkorlarga rahnamolik qilgan. O‘nlab iste’dod sohiblari — shoir va muarrix, rassom va xattotlar bu quyoshsimon zotning himmati va hamiyati soyasida voyaga yetganlar. Ulug‘ shoir iste’dod tarbiyasi borasida, ta’bir joiz bo‘lsa, iste’dod pedagogikasini ishlab chiqqan. Iste’dodni tanish va e’tirof etish yo‘llari, tabiiy qobiliyat, bilim va mehnat, tahsil va adabiy ta’sir, rag‘batlantirish va talabchanlik, axloqiy sifatlar va uning iste’dodga ta’siri, g‘oyaviy yetuklik va mahoratni o‘stirish kabi masalalar Navoiyning doim diqqat markazida bo‘lgan.

Alloma ustozning bu boradagi qarashlari uning “Majolis un-nafois», «Xamsa un-mutaxayyirin», «Mahbub ul-qulub», «Tarixi hukamo», «Nasoyim ul-muhabbat» kabi bir qator asarlarida, shuningdek, zamondoshlari asarlarida o‘z ifodasini topgan. «Majolis un-nafois»ning uchinchi va to‘rtinchi majlislarida yosh qalamkashlar haqida, ijod ahlining tarbiyasi xususida so‘z boradi.

Navoiy ijodkor shaxs haqida gapira turib, birinchi navbatda, uning iste’dodi darajasini belgilaydi. Chunonchi, «xushtab’ kishi», «yaxshi tab’lik yigit», «tab’i ham, hofizasi ham yaxshi», «tab’g‘inasi bor», «nazmg‘a mayli bor» kabi iboralar orqali shoirning ijodiy iqtidori, she’r aytish mahoratini farqlaydi. Shundan so‘ng yosh ijodkorning she’riyatdagi qaysi bir tur yoki janrga mayli borligini (hajvgo‘y, masnaviynavis, g‘azalsaro, muammochi) hamda uning uslubini (oshiqona she’rga mayl, orifona ijod, hazinlik, quvnoqlik va boshqalar) aniqlab, shunga ko‘ra tarbiya, tahsil tadbirlarini qo‘llaydi. Haddan ziyod hazin kuylovchi ayrim yoshlarni kuzatgan shoir buning sababini aniqlagach, ehtiyotkorlik bilan ularning ruhini ko‘targan, faol va ishchan bo‘lishga chaqirgan.

Xususan, yoshlarning shaxsiy xislatlari, sajiyasi, axloq-odobi, tahsil ko‘rgan-ko‘rmaganligi ustozni ko‘p qiziqtirgan. Kamtarlik, muloyimlik, xushtavoze bo‘lish, mehnatsevarlik, burrolik, hozirjavoblikni ijodkorning fazilatlari, deb bilgan Navoiy yalqovlik, parishonlik, jununsifat yurish, kekkayish, havoyilik, sharobxo‘rlikka berilish singari yomon odatlarni qattiq qoralaydi. Bu kabi salbiy odatlar bir qancha yosh iste’dodlarni nobud etganligini “Majolis un-nafois» asarida qator misollar bilan ko‘rsatib beradi: «Mavlono Sayfiy … hushyorlig‘ va base odamivash va hayo va odoblig‘ yigitdur. Ammo sarxushlikda o‘zga mohiyat bo‘lur, balki rasvonamo bo‘lur edi. Bu uchurda tavbag‘a tavfiq bo‘ldi. Umid ulkim, istiqomatg‘a ham muvofiq bo‘lg‘ay».

Sherozdan Hirotga o‘qishga kelgan Said Qaroza ismli kimsasiz yetim bolani Navoiy o‘z tarbiyasiga olib, unga alohida murabbiylar tayinlaydi, «shafqat va mashaqqatlar» ko‘rgizadi. Afsuski, ko‘p o‘tmay, bolada nojo‘ya qiliqlar zohir bo‘ladi. Shoir uni tuzatish choralarini ko‘radi. Ammo foyda bermaydi. Oqibatda bu yigit Hirotda turolmay, Samarqandga qaytadi va u yerdagi xamriy — mayxo‘rlarga qo‘shilib, butunlay nobud bo‘ladi. Samarqandlik yosh shoir Said Qutb Lakadang esa badaxloqligi tufayli hibsga olinib qatlga hukm etiladi. Alisher Navoiy oraga tushib qatlni bekor qilishga erishadi. Lekin «ul nokasgina» bundan xulosa chiqarmay, o‘z yurtiga qochib, yomon ishlarini davom ettiradi. Bunday hollar Navoiyni behad ranjitgan. O‘zini idora qilolmagan, yaxshilikni, hurmatni bilmagan kishilardan, garchi ularda iste’dod nishonasi bo‘lsa-da, chinakam ijodkor chiqmasligini aytib, ularning taqdiriga achinadi.

Navoiy tanqidiga uchragan salbiy xislatlardan yana biri — dangasalik, iste’dodni istifoda qila bilmaslikdir: «Mavlono Nodiriy yaxshi tab’i bor, ammo ko‘p lavanddur. Muddate faqir bila musohibat erdi, o‘zin lavandlig‘in zabt qila olmadi, yana o‘z ishini keyinga yubordi». Shoir Qobuliyning «dimog‘ida pareshonlig‘ va tavrida lavandlig‘» bo‘lganligi uchun tahsilni oxiriga yetkazmagan va muddosiga erisha olmagan. Xorazmlik Joniy degan shoirning esa «Xeyle junun zotida borkim, salohiyat kasbiga mone’dur, yo‘q ersa g‘arobatlig‘ tab’g‘inasi bor». Mavlono Kavsariy «tab’ida nazm aytur qobiliyati bor, ammo mashg‘ulluq qilmas».

Bunday yoshlarning bir qismi Navoiy va Jomiyning tanbehlarini quloqqa ilib, «tuz yo‘lga» kirganlar, ulug‘ shoir bu holni xursandchilik bilan qayd etib, ular istiqboliga umid bildirgan.

Navoiyning fikricha, ijodga dil bog‘lagan odamda, albatta, tabiiy iste’dod — tab’ bo‘lishi lozim. Quruq havas bilan shoirlik da’vo qilish yaramaydi. Eng yomoni shuki, deb kuyinadi shoir, kuruq nazmni she’r atab, «yuz mashaqqat bilan bir bayt bog‘layturgan, da’vosini esa yetti falakdan oshiraturgan»lar ham bor. Ba’zan ulardan biror yaxshi bayt ham voqe bo‘lar, lekin bu hali shoirlik da’vosini qilishga huquq bermaydi. Axir, shoir so‘zida haqiqat va ma’rifatdan bahra beradigan ma’no, shavqu zavq va «shu’la-afkan harorat» bo‘lmog‘i lozim. Shoirona tarkiblar dardli, yoniq yuraklarda paydo bo‘ladi.

Haqiqiy iste’dod nishonasi mavjud odamda ilm olishga ishtiyoq ham, hofiza ham kuchli bo‘ladi. Navoiy buni Rumiy, Sa’diy, Hofiz, Jomiy kabi yorqin siymolar misolida ko‘rsatadi. Barcha ilmlardan xabardor bu donishmand zotlarning el orasida hakim-faylasuf, shayx — yo‘l boshlovchi kabi tabarruk unvonlar bilan upug‘lanishlariga bois shudir. Shoir yetuk faylasuf, xiradmand odam bo‘lgandagina uning so‘zi xalq e’tiborini qozonadi. Biroq bu martabaga osonlikcha erishilmaydi. Bunga katta zahmat va chidam, qunt, ta’lim va tahsil orqali muyassar bo‘linadi. Shuning uchun Navoiy hofiza — xotira, zehn, fantaziyaning ahamiyatini alohida ta’kidlab, takroriy mutolaa, mashq, she’r yodlashni tavsiya etadi. Mashq qilish, qayta-qayta ishlash iste’dodni o‘stirishga ko‘maklashadi: «Mavlono Mirakiy, … kichik yoshliq xomtab’rok yigitdur. Imkoni bordurkim, tab’iga ko‘p ish buyursa puxtaliq paydo qilur». Navoiy davrida yoshlarga ta’lim berish pog‘onama-pog‘ona ko‘tarilish usuliga asoslangan edi. Ya’ni savod chiqarilgach, avval o‘z ustozidan ta’lim olar, keyinchalik bilim va qobiliyati taqozo etsa, kattaroq ustozga qo‘l berar, so‘ng yana ulug‘rog‘iga o‘tar edi. Shu yo‘sin eng iste’dodli, saralangan yoshlar Jomiy va Navoiyga shogird tushardilar.

Qaysi sohaga qo‘l urmasin, uni tez egallab oladigan qobiliyatli yoshlar Navoiy zamonida anchagina bo‘lgan. Ham tarixchi, ham rassom, ham bastakor, buning ustiga, yaxshi shoir va hakimlik qo‘lidan keladiganlar katta hurmatga sazovor edilar. Biroq Navoiyni bir narsa tashvishga soladi: ko‘p qirrali iste’dod sohiblarining aksariyati shuncha hunarni egallagan holda amalda biror sohada o‘zlarini ko‘rsatolmaydilar. Ular goh unga, goh bunga urinib, umrni behuda o‘tkazadilar. Ko‘p o‘rganish yaxshi, lekin muayyan sohada kishilarga foyda keltirish lozim. Odamlarga nafi tegmagan iste’dod, amalga oshmagan niyat kabi, kishiga armondir.

Shu munosabat bilan ustod Navoiy yoshlarga bir sohaga yoki adabiyotning ma’lum janriga qo‘l urishdan oldin, qobiliyati yetish-etmasligini aniqlab olish lozimligini uqtiradi. Iqtidorga qaramay behuda urinish bor iste’dodni ham izdan chiqarishi mumkin. Ma’lumki, Hirot adabiy muhitida talaygina xamsanavislar maydonga chiqqan. Ular orasida bir qadar muvaffaqiyatga erishganlari ham bor. Biroq ko‘pchiligi arzirli doston bitolmasdan, unutilgan. Vaholanki, ular kichik janrlarda durustgina ijod qilishlari mumkin edi. Navoiy bunday yoshlarning «katta» asarlaridan kichik misollar keltirib, ularda yetuk san’atkorlarga xos xayol qila bilish quvvati, yuksak mahoratning yetishmasligini ko‘rsatadi.

Ulug‘ shoir ayrim yoshlardagi quruq manmanlik, salaflarni nazar-pisand qilmay, o‘zini hammadan yuqori qo‘yish odatini yomon ko‘rgan. Ko‘cha-ko‘yda, majlislarda ko‘kragiga urib: men Firdavsiy ishini bir oyda bajaraman, Nizomiy qarshimda ip esholmaydi, deguvchilar ustidan zaharxanda qiladi; ularni kamtarlikka, so‘z bilan emas, ish bilan o‘zlarini ko‘rsatishga da’vat etadi. Jumladan, mavlono Abdulloh na «Shohnoma»ni, na Nizomiy va Dehlaviy “Xamsa»larini pisand qiladi, Jomiyni e’tirof etadimi-yo‘qmi, ma’lum emas, vaholanki «biz faqirlar o‘zimizni ul janoblar dasturxonining rezachini deb bilamiz», deydi ustoz.

Yoshlardagi g‘urur, g‘ayrat va shijoatni ma’qullash lozim, bu — yaxshi sifat, biroq uni xoksorlik, kamtarlik bilan omuxta etmoq darkor, deb biladi Navoiy. Bu borada Abdurahmon Jomiyni ibrat qilib ko‘rsatadi. Shuning uchun bo‘lsa kerak, siystonlik Qozizodaning she’riyatdagi qobiliyatini e’tirof etsa ham, ortiqcha manmanligini yoqtirmaydi. Uni Jomiy huzuriga yuborib, uyaltiradi. Do‘stlarning to‘g‘ri, beg‘araz tanqidini qabul qilish kishiga kamol keltirsa, jizzakilik, tanqidni tan olmaslik ijodkorga yarashmaydi (Buni Navoiy samarqandlik shoir Riyoziy misolida ko‘rsatgan). «Majolis un-nafois»da pand-nasihatni qulog‘iga olmay, na iste’dodini, na ilmini ishga soladigan «ra’nosifat va xudoroyliq bilan avqotini (vaqtini — N.K.) zoe qiluvchi» Osafiy singari takasaltang, xayolparast yoshlar, «yigitlik hoyu havosi bila pareshon» yuruvchilar tanqid etiladi. Alisher Navoiy yosh ijodkor tarbiyasida mehnat, uning atrofidagi kishilar, maslakdoshlari katta o‘rin tutadi, deb ta’lim beradi. U mavlono Savsaniy haqida yozib, deydi: «Ozodavash kishidur, ko‘proq avqot Gavharshodbegim madrasasi tegrasida bo‘lur erdi, befoyda el bila musohibatlig‘ qilmas, nevchunkim, bejihat mashaqqatlarni o‘ziga ravo ko‘rmas. Umid ulkim, bu davlat barchag‘a nasib bo‘lg‘ay». Ijodkorning qalbi pok, xayoli toza, niyati ezgulik sari yetaklovchi ekan, uning do‘stlari, suhbatdoshlari ham shunday fozil, dono odamlar bo‘lmog‘i lozim. Johil, nodonlardan uzoq yurish yaxshi, ammo go‘shanishinlik maqbul emas, adabiy mahfillarga, munozara-musohabalarga qatnashmoq, hayotda faollik ko‘rsatmoq ilhomni toblaydi, ijodiy imkoniyatlarni yuzaga chiqaradi.

Ba’zi yoshlar salaflarni mutolaa qilish paytlarida butunlay ular ta’siriga berilib qoladilar. Ba’zan shunday ham bo‘ladiki, o‘zlari bilmaganlari holda salaflar misralari, iboralarini o‘zlashtirib, ishlatib yuradilar. Bunday «tasarruf»dan qutulolmagan kishi mustaqil ijod qilish qobiliyatini ham asta-sekin yo‘qotadi. Adabiy tahsil — mahoratni egallash vositasi, taqlid esa tab’ning yo‘qligidan nishona ekanligini ta’kidlaydi Navoiy. Tabiiy zavqi, mustaqil ijod etish qobiliyati bo‘lmay turib, «o‘zini she’rga mansub» deb ko‘rsatuvchi «el qoshida she’rxonlik» qiluvchilar adabiyotning ofatidir, she’riyatni ulardan pok tutish lozim, deya ogohlantiradi ulug‘ shoir.

«Majolis un-nafois»da zikr etilgan yosh shoirlarning ko‘plari bilan Navoiy shaxsan tanish bo‘lgan, suhbat qilib, sinab ko‘rgan, xulqini kuzatgan. Lekin shoir o‘zi tanimagan — «emdi paydo bo‘lg‘on» yoshlarning she’rlari haqida ham fikr yuritib, xolisona baholaydi va ular ijodiga rivoj — oq yo‘l tilaydi. Bu jihatdan ham ulug‘ ustozning tutgan yo‘li ibratlidir. Chunki ustoz oq yo‘l tilaganda yosh ijodkorning yutuqlari bilan birga qusurlarini ham ko‘rsatar, kelgusida qusurlardan qutilish choralarini tavsiya etar edi.

Alisher Navoiyning yana bir odati g‘oyat ibratlidir. U yangi paydo bo‘lgan iste’dodli yoshlarni huzuriga chaqirib suhbatlashgan, sinovdan o‘tkazgan. Bunga iste’dodli adib Zayniddin Vosifiyning «Badoe’ul vaqoe’» asarida keltirilgan voqea g‘oyat ibratlidir. Adib o‘zining boshidan o‘tgan sarguzashtni hikoya qilgan. Vosifiy yoshligidan murakkab ma’noli asarlarni sevib o‘qir ekan, ayniqsa, kishi ismlari yashiringan «muammo» janriga qiziqib, ko‘plab muammolarni yechgan, bir nechta ustozlardan ta’lim olgan. Uning qarindoshi Sohib Doro Amir Alisher Navoiyning mulozimi bo‘lgan. Sohib Doroning qayd qilishicha, «Amir Alisher har kuni faqirni chaqirib, bugun bu shaharda (ya’ni Hirotda) bo‘lib o‘tgan ajoyib va g‘aroyib nima ko‘rding yoki eshitding, so‘zlab ber», deb so‘rar ekan. Sohib Doro ilmu adab dunyosida yetishib kelayotgan va nomi chiqqan iste’dodlar, yangi bitilgan kitoblar haqida gapirib bergan. Navbatdagi uchrashuvlaridan birida Vosifiy mahorati haqida gapirganda, Navoiy ertagayoq uni huzurimga keltir, deb ta’kidlaydi. Sohib Doro Vosifiy bilan birga yana uch yosh shoirni olib boradi. Vosifiy o‘zining hayajonlari, hazrat Navoiy siymosini ko‘rishga muyassar bo‘lganini to‘lqinlanib yozgan. Navoiy yosh yigitning bilimi, qobiliyatini yangi aytilgan bir muammo orqali sinamoqchi bo‘ladi. Vosifiy bu muammoni allaqachon yodlab olganini, ma’nosini bilishini aytganda, Navoiy tahsin aytib, yigitga oq yo‘l tilaydi.

Ushbu voqea hazrat Navoiyning qiziquvchanligi, Hirot adabiy hayotining gullashini bevosita nazorat qilib turgani, yoshlarga har jihatdan ko‘maklashishga o‘zining burchi, deb qaraganini ko‘rsatadi.

Bejiz emaski, Alisher Navoiy xoh boshlovchi, xoh tajribali shoir haqida gapirmasin, eng avvalo, ular asarining tili, badiiy san’atlarni ishlatishdagi novatorligi, fikrning ifoda usuli hamda obrazlar bilan qanchalik uyg‘un, mutanosib ekanligiga e’tibor beradi. She’rning ma’nosi deganda ulug‘ shoir yangi ifodalar orqali zavq bag‘ishlaydigan ta’sirchanlikni nazarda tutadi. Shoirning xayoloti, kuchli iboralari latif bo‘lsa — she’r shuncha «ko‘ngulga mahbub»dir. She’riy til alohida qonuniyatga ega, u «e’joz maqomida turishi» lozim. Ravonlik va latofat, serohanglik va serma’nolik, xullas, badiiy mukammallik hamma uchun birday talab mezonidir. Butun-butun dostonlarda bitta qofiya yo bir o‘xshatish noo‘rin bo‘lsa, tanqid qilinib, tuzatilishi talab etilgan. Bu shaklbozlik emas, balki so‘z san’ati uchun, badiiyat uchun kurash, go‘zallikni himoya qilish edi.

Alisher Navoiyning madaniyat va ma’naviyat, adabiyot taraqqiyoti uchun qilgan ishlari, yosh iste’dodlar tarbiyasiga g‘amxo‘rligi hozir ham ahamiyatli va ibratlidir.

«O‘zbekiston adabiyoti va san’ati» gazetasining 2011 yil 2-sonidan olindi.

002

(Tashriflar: umumiy 369, bugungi 1)

Izoh qoldiring