Umid Bekmuhammad. Navoiy va musiqa.

777   Абдурауф Фитрат “ Ўзбек мумтоз мусиқаси ва унинг тарихи” асарида ўтмишда яратилган куйлар, мусиқа назарияси ва ижрочилиги бўйича фикр юритаркан, халқ орасида кенг тарқалган “Қари Наво” куйи ҳақида шундай ёзади: “ Бу куйнинг жуда эски бир куй экани ҳар томонда сўйланиб турур.Эшитганимизга кўра Фарғонада ҳам “Қари Навоий” исмли эски бир куй бор.Тошкент мусиқачилари бу куйни “Қари Наво” дерлар.Бироқ бу исм янглишдир.Алар шул “қари Навоий” исмини бузиб олғонлар.Бухоронинг эски мусиқашунослари орасида бу куйни Навоий асари бўлғони сўйланадир.Мана шу маълумотлардан сўнг “Қари Навоий “ куйининг Алишер Навоий асари бўлғони эҳтимоли кучланиб қоладир”.

566
Умид Бекмуҳаммад
НАВОИЙ ВА МУСИҚА
011

Тахаллуси Навоий бўлган Алишербек наҳотки навони ёқтирмаган дея ўйлашингиз мумкин. Чунки, у “Маҳбуб-ул-қулуб”” достонида наво ҳақида эмас, навони ижро қилувчиларнинг феъл атворини танқид қилиб ўтган.Бироқ бу Навоий навони ёқтирмаган дегани эмас.
Кўпчилик, Алишербек болалигида хушовоз булбулнинг сеҳрли навосига ошуфта бўлиб, ўзига Навоий тахаллусини танлаган деган ривоятни эшитган.Балки бу тўғридир, балки…хуллас бу бошқа мавзу…
Маълумки, Темурийлар салтанатида ижоду илм, хуллас маърифатга эътибор берилиши натижасида Хожа Абдулқодир ибн Ғойибий Ҳофиз Мароғий (1353-1435) деган “ Соҳиби адвор”, “Саромади адвор” номли мусиқий унвонларга сазовор гўянда ва созанда бўлган.
Мароға шаҳрида таваллуд топган Хожа Абдулқодирнинг отаси Мавлоно Ғойибий ўз даврининг илмли инсонларидан бўлгани боис, фарзанди Абдулқодирнинг болалигидан Қуръонни ёд олишига эътибор қаратади.Шунингдек, жозибали овози борлиги учун мусиқа илми пешволаридан дарс олишига шароит ҳам яратган.Натижада Абдулқодир 10 ёшларидан алломалар машваратларида мусиқа ижро этиб, қўшиқлар куйлаб донг таратганди.Шунингдек, араб, форс, турк тилларини ҳам ўрганиб, шу халқлар тилларидаям асарлар яратади.Унинг довруқ таратган даври Амир Темур даврига тўғри келгани учун, дастлаб соҳибқироннинг ўғли Мироншоҳ саройида, кейин эса 1393 йилдан бевосита Амир Темур саройида хизмат қила бошлайди.Илму фан ва санъат аҳлини қўлловчи соҳибқирон 1397 йилда Абдулқодир Мароғийни сарой мусиқачиларига бошчи қилиб қўйганди.
У ўз даврининг мусиқашуноси ҳам бўлиб, “Мусиқа мақсадлари”, “Мусиқа хазиналари”, “Мусиқа тўплами”, “Мусиқа китоби”, “Ўнта фойда”, “Даврлар рисоласининг шарҳида асос даврлар”,” ва бошқа номли мусиқага оид рисолалар ҳам битган.
Ушбу асарларда Мароғий мусиқа асбоблари, мақомлар, овоз тизими, ашула ва чолғу ижрочилигига оид аниқ кўрсатмаларни баён этиб ўтган.Мароғийнинг юксак ижрочилиги ва басткорлиги соҳибқиронга бағишланган Ибн Арабшоҳ, Давлатшоҳ Самарқандий,Шарофиддин Али Яздий,Испания элчиси Клавихонинг асарларида келтириб ўтилади.
1435 йилда ,яъни Алишербек таваллудидан 6 йил олдин Мароғий Ҳирот шаҳрида вафот этган бўлсада, унинг мусиқа илмида эришган ютуқлари Навоий яшаб ижод этган даврдаги машваратларда эсланар, яратган куй-қўшиқлари ижро қилинарди.
Темурийлар даврида Мароғийдан бошқа Дарвиш Аҳмадий, Қонуний, Султон Аҳмад Наий, Ҳисорий,Али Вафо Хоразмий, Мавлоно Соҳиб Балхий, Абул Барака сингари кўплаб созанда, бастакор ва мусиқшунослар ҳам ўз яратган асарлари билан донг чиқаргандилар.Ҳаттоки,”Муҳит ат-таворих” номли Тошкентдаги шарқшунослик институтида сақланаётган қўлёзма( 3835, 2-жилд, 687, 102-103 бетлар)да Мирзо Улуғбекдек давлат арбоби, тарихчи , астроном олим ҳам мусиқа билан шуғулланиб, “Билужий”, “Шодиёна”, “Ахлоқий”, “Табризий”, “Усули равон”, “Усули Бахри” каби куйлар яратгани қайд этилган.
Улуғбек Мовароуннаҳрда ҳукмдорлик даврида Самарқандда “Боғи майдон” да “чхил устун”, “чинни хона” номли гўзал қасрлар барпо этдириб, унда нафақат мунажиммлар, балки илмий машваратдандан сўнг турли ҳудудлардан келган ўз даврининг машҳур ҳофиз ва созандалари ўз санъатларини намойиш этишган.
Навоий ҳазратлари талабалик даврида ўша соз ила кечган суҳбатларни Самарқандликлардан эшитган ва ўзидаям вақти келиб шундай даражага борса, мусиқа ва илм анжуманлари ташкил этиш орзуси уйғонганди.
Навоий даврига келиб эса Хуросонда Муҳаммад Биноий, Зайнулобиддин Ҳусайний каби муаллифлар мусиқага оид асарлар ёзиб, уни Алишербекка бағишлаганлар.Айниқса , Ҳусайнийнинг форс тилидаги “ Қонун-и илми ва амали мусиқий” рисоласида чолғу асбоби-дутор илк бор илмий таърифланиб, унинг хотин-қизлар орасида кенг тарқалгани айтиб ўтилади.
Шунингдек,Навоийнинг устози ва маслакдоши Абдураҳмон Жомий ҳам “ Рисолаи мусиқий” асарини Алишербек шарафига битган эди.Бундан ташқари, Навоий “Мажолисун-нафоис” асарида мусиқа билан шуғулланган Хоразмлик Хўжа Абудал Вофоий, Жомийнинг жияни Мавлоно Муҳаммад, Биноий, Муҳаммад Ғарибий, Мавлоно Шайхий, Паҳлавон Муҳаммад, Хўжа Абдулло каби санъаткорларнинг мусиқа илмига қўшган ҳиссасини таъкидлаб ўтганлар.
Навоий ҳазратлари яна “Мезон ул-авзон” асарида туюқ, туркий, орзуворий, мустазод,муҳаббатнома сингари халқ қўшиқларининг турлари, уларнинг вазн хусусиятлари тўғрисидаям маълумотлар бериб ўтган.
“Хамсатул-мутахаййирин” асарида эса Мавлоно Али Шоҳийнинг ўз даврининг тенги йўқ созандаси эканлигини таъкидлаб, унга мусиқадан назарий дарслик ёзишни тобширганини таъкидлаб ўтган.
“Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад” асари эса Хуросоннинг машҳур бастакори, ўн икки мақомнинг етук даражага келишида катта ҳиссасини қўшган Паҳлавон Муҳаммаднинг мусиқий ижодига бағишланганди.
“Маҳбуб-ул-қулуб” асарининг Мутриб ва муғаннийлар қисмида “Мутриби тараб афзо ва муғаннийи ғамзидо —иккаласига холу дард аҳли жон қилурлар фидо” дея мусиқанинг одамлар руҳига кучли таъсири ҳақидаги фикрларини билдириб ўтадилар.
Ҳа, Навоий ҳазратлари мусиқа ва мусиқашуносларга шу тариқа эътибор билан қараган.
Абдурауф Фитратнинг “Ўзбек классик мусиқаси” асарида ёзилишига кўра, 14-15 асрларда Мовароуннаҳр ва Хуросонда “ишрат” номли чолғуни чаладиган устод Абулқосим ва Ҳусайн Бойқаронинг мусиқий муаллими, андижонлик Мавлоно Юсуф Бадийи, танбурда бир тор орттирган Маҳмуд Шайбоний, Абдуқодир Марғилоний,Ҳабибуллайи Чангий, Муҳаррамий Чангий,Али Шунқор,Мехтар Шамситдин ноғорачи, Мехтар Имом ноғорачи, Алижон сингари ўша давр мусиқий илм пешволарининг номини санаб ўтганди.
Навоий давридаги мусиқа бўйича яна бир қимматли маълумот шарқшунос Н.Н. Болдыревнинг “ Зайнутдин Восифий” (Сталинобод, 1957 г) асаридир.Унга кўра, Султон Бойқаронинг Ҳиротдаги Дилкушод боғида Ҳофиз Басир, Ҳофуз Мир, Ҳофуз Ҳусан Али, Ҳофуз Султон Маҳмуд Анши, Шоҳ Муҳаммад хонанда, Сиёҳчи хонанда, Ҳофиз Абахий, Ҳофиз Турбатий, созандалардан Ҳасан нойи, Қулмуҳаммад удий, Ҳасан Балабоний, Али Хонакохий, Муҳаммадий, Хожи Кахитий найи, Аҳмад ғижжакчи, Али Кучак танбурийлар, сўзда баҳслашувчилардан Мир Сарбарахна,Муин Широзий,Ҳасан Воиз, машҳур латифатарош Бурҳоний Гунг, Муҳаммад Бадахший,Ҳиротнинг устоз раққосларидан Мироқ Зафрон,Шомуҳаммад Мироқ, Султон Сирож, Мирзо Наттуз сингари юзлаб санъаткорлар подшоҳ ва унинг дўсти Навоий иштирок этган базмларга файз киритишган.
Бевосита Восифийдек Навоийнинг кичик замондошларидан бўлмиш муаррих, “Бадое-ул вақоеъ” асарида “ Қосим Али Қонуний деган бир созанда бор эдики, ой унинг “қонун” созининг тори “хола” (ўз ўтови) дан сим келтирар, жаннат ҳурлари қонун бурчакларининг намунаси учун жаннат гул дарахтининг ғунчаларидан қонун ясовчи устанинг олдига элтар.Агар Жабраил унинг руҳлантирувчи нағмасидан бир наво эшитса, сирра дарахтининг шохидан унинг сози учун кесиб келар ва ўзининг қанотини новхун учун тақдим қилар эди” дея машҳур санъаткор санъатини мадҳ қилганди.
Восифий асарининг яна бир қимматли томони шундаки, унда Навоий даврида Хуросонда яшаган аёл ашулачилар ҳақидаям маълумот бор.Унга кўра, “Чақира хонима” деган ашулачи аёлнинг чанг чалганида Ҳиротда унга ҳайратланмаган одам қолмас, ёхуд бир гўзал аёл Машҳаддаги шаҳар майдонида Абдулло Марваридий басталаган ва халқ ичида кенг тарқалган “Баёт” қўшиғини айтганида, таъсирланмаган томошабин қолмаган.
Восифий шунингдек ўз асарида “ Устод Саид Аҳмад ғижжакийнинг ўғли созандалар ичида биринчи саналган бўлиб, қуёш ўз олтин жомини нат ҳурлари ўзларининг мушки анбар сочларини унинг ғижжагига коса қилишни муносиб кўрган, жан-ғижжак камончаси учун ўз қўллари билан узиб-узиб, икки бошини бир қилиб тугиб турар эдилар.Устод Ҳасан удий созандаларнинг нодирларидан бўлиб, унинг олдида рухафзо муғаннийлар қуллик ҳалқасини қулоқларига тақиб, ўзларини унинг шогирдлари қаторида тутиш билан фахр қилар ва танбур сингари сандуқ кийналарининг торини рашк тирноғи билан тирнар эдилар.Устод Ҳусайн найи камолотға етган ироқи араб ва ироқи ажам орасида созининг овозаси улуғ шуҳрат қозонған эди” дея маълумот бериб ўтади.
Мирзо Ҳайдар бўлса Навоий давридаги созанда, хонандалар таърифини «Тарихий Рашидий » асарининг «Муғаннийлар зикри» қисмида қуйидагича келтириб ўтади: « Улардан бири Ҳофиз Басирдир ва барчанинг фикрига кўра унга ўхшаш муғанний бўлмаган. Шундай овозалар борки, у бир куни баҳорда боғда шеър ўқиганида булбул, мусича ва саъва каби қушлар унинг атрофида йиғилиб, боши ва елкасига қўниб олишган.
Ҳофиз Ҳасанали унинг шогирдидир.Баланд овози бор эди.Мураккаб ва мазмундор ашулаларни ғоят латиф куйларди.Устод Сайид Муҳаммад Ғижжакий ва Мазҳар Удий ғижжак ва удда моҳир эдилар, аммо устод Қулмуҳаммад иккаласини ҳам ҳар икки созда ортда қолдирарди.Унинг беназир куйлари бор.
Яна бири устод Шайхи Нойидир. У барча созларни бошқа жамики устодлардан яхшироқ чаларди, аммо най ўзининг асосий соҳаси бўлгани учун, най чалиш билан машҳур эди.
Шундай қилиб, барча фозиллар, санъаткорлар ва ихтирочилар орасида беназир ва ўхшаши бўлмаган кишилар бор эди. Уларнинг барчасининг шарҳини баён қилиш мушкулдир.Хуросондаги бутун фазл ва санъат аҳли Мир Алишер Навоийнинг саъйи-ҳаракати ва тарбийати натижасида юзага чиққан».
Энди бевосита,ҳазрат Навоийнинг мусиқага муносабатига келсак, Ҳусайн Бойқаро ва Навоий ёшлик пайтларида мусиқадан ҳам таълим олишган.Ҳаттоки, ”Бобурнома”да муаллиф “ “Алишербек яна мусиқийда яхши нималар боғлабтур.Яхши нақшлари( қўшиқ—У.Б.) ва яхши пешравлари( чолғу йўли) бордир…Устоз Қулмуҳаммад,Шайхи Ноий ва Ҳусайн Уддийким, созда саромат эдилар.Бекнинг тарбият ва тақвияти билан мунча тараққий ва шуҳрат қилдилар…Мавлоно Биноиий..бурунлар мусиқийдин бехабар экандир, бу жиҳаттин Алишербек таън қилур экандур.Бир йил Мирзо (Ҳусайн Бойқаро0 Марвға қишлай борғанда Алишербек ҳам борур.Биноий Ҳирийда қолур.У қиш мусиқий машқ қилур, ёзганча онча бўлурким, ишлар боғлар.Ёз Мирзо Ҳирий келганда савт ва нақш ўткарур.Алишербек таажжуб қилиб, таҳсин қилур.Сўнг Алишер Навоий маслаҳати билан Мавлоно Биноий дағи бу фанда рисолалар битдилар ”, дея ёзганди. Демакки,Навоий куй ва қўшиқлар ижро қилувчи бастакор ҳам бўлган.
Бу борада асли Андижонлик бўлиб,Ҳиротга келиб қолган созанда Хожа Юсуф Бурҳон Навоийга устозлик қилган.”Мажолисун-нафоис” да бу тўғрида Навоийнинг ўзи “мусиқий илмин ҳам яхши билур эрди ва фақир мусиқий фанида анинг шогирдимен.Кўпроқ ўз шеърига мусиқий боғлар эрди” дея Паҳлавон Муҳаммад,Абдулвафоий Хоразмий,Ҳофиз Шарбатий,Камолиддин Уддий ,Мавлоно Солимий,Устоз Қулмуҳаммад,Мир Ҳабибулло сингари мусиқада ўз иқтидорларини намоён этган санъат аҳлини ёзиб ўтганди.
Айниқса Устоз Қулмуҳаммад Удий тўғрисида ёзаркан, унинг тахаллусига мос моҳир удчи созанда эканлиги, “Ушшоқ”, “Ҳусайний” сингари мақом йўлларида пешрав, кор, нақш ва амаллар боғлаганини алоҳида таъкидлаб ўтади.
Шу тариқа мусиқага ихлос қўйган Навоий устод Қулмуҳаммад Удий каби халқ орасидан чиққан иқтидорлиларни мавлоно Алишоҳга ўхшаш устоз бастакорларга тобшириб, тарбия қилдириш, ёш ҳофиз ва машшоқларнинг мусиқа илмини пухта ўзлаштиришларига ёрдам берадиган рисолалар ёзишни Мир Муртозга, шунингдек, Жомийнинг “Адвор” , “Рисолаи мусиқийси”, Мавлоно Алишоҳнинг “Аслулусул”, Зайнулобиддин Ҳусайнийнинг “Қонуни илмий ва амалий мусиқий”, Маҳмудийнинг “Рисола дар илми мусиқий”,Мир Муртознинг “Рисолаи мусиқий”, Абу Алишоҳ Бўканинг “ Аслул васл” сингари асарларининг яратилишига ҳам сабабчи бўлди.
Хондамир ёзганидек, “ҳазрат Навоий қонуну удда зўр таълим олганлар.Бинобарин, созанда аҳлининг кўпчилиги ҳамиша олийҳазратнинг мулозаматида бўладилар”.
Алишербекнинг ўзи эса мусиқа илмини Хожа Юсуф Бурҳон деган шоир ва мусиқашунос ҳофиздан ўрганганди.
Бундан ташқари, Навоий ва Бойқаролар давлат раҳбарлари даражасига етишгач, саройда мусиқа базмлари ташкил қилибгина қолмай, темурий шаҳзодаларнинг мусиқа борасидаги билимларини юксалтиришга ҳам эътибор қаратишган.Уларнинг даврида созандалардан мавлоно Солимий, Хожа Камолиддин Удий, Али Кармол, устод Ҳасан Нойилар, хонандалардан ҳофиз Шарбатий, ҳофиз Шарбатий, ҳофиз Муҳаммад Султоншоҳ, ҳофиз Жамолиддин Маҳмуд, ҳофиз Мир, ҳофиз Ҳасан Али,ҳофиз Ҳожи, ҳофиз Султон Маҳмуд Айший, Муҳаммад хонанда, Сиёқча хонанда, ҳофиз Обаҳий, ҳофиз Чироғийлар соз ва сўз машваратларида иштирок этардилар.
Зайниддин Восифийнинг “Бадоеъ ул-вақое” асарида ёзилишича,” Навоий ҳазратлари ҳаётлиғ чоғида унинг,

Дин офати бир муғбачаи моҳи лиқодур, майхорау бебок,
Ким ишқидин онинг ватаним дейди фанодир, сармасту ёқом чок-

матлаъли мустасодига Абдулла Марвариддек Хуросоннинг машҳур бастакори куй яратган бўлиб, у вақтларда Ҳиротда бу куй чалинмайдиган уй йўқ эди.Ҳатто, бир базмда ҳофизлар шу мастазодни айтаётганларида мажлис аҳли ўз ёқаларини йиртганлар”.
Яъни, куй ва қўшиқ уйғунлиги машваратдагиларга шунчалик таъсир қилган.
Садриддин Айний 1948 йилда нашр этилган “Алишер Навоий” монографиясида яна шу давр мусиқачи ва хонандаларидан Басир ҳофиз, Мирвафо ҳофиз,Ҳасанали ҳофиз, Жомий ҳофиз,Султон ҳофиз, устоз Қулмуҳаммад, устоз Ҳожи Каҳитий ноий,устоз Али Танбурийларнинг ҳам номларини санаб ўтганди.Шу каби Навоийнинг тоғаваччаси Мирҳайдар Хожа Абдулло Марворид,Зайниддин Маҳмуд Восифийлар ҳам Айний домла айтганидек мусиқа ҳавасмандлари бўлишган.
Шаҳзодаларнинг фақатгина соз жарангини эшитибгина қолмай, мусиқа илмидан бохабар бўлишлари учун ҳам эътибор қаратилганки, бу борада Навоий ҳазратлари “ Хамсат ул- мутаҳаййирин “ рисоласида шаҳзодаларга мусиқий сабоқ бериш учун Ҳиротнинг тўртта машҳур мусиқашуносига тўртта рисола ёзиш буюрилганини таъкидлаб ўтади. Ҳазратнинг асарларида эса бевосита руд, рубоб, қўбиз, ғижжак, барбат, уд, аёлғу каби мусиқий асбоблар ҳамда наво, парда, лаҳн,иқоа, нақш, нағма, қўшиқ, суруд, савт, пешрав, кор, амал, наво, каби мусиқага оид сўзларни ишлатилганини кўриш мумкин. Айниқса, аёлғу тўйларда ёр-ёр ўрнида ишлатилган.
Бу борада “Садди Искандарий” асарида шундай жумлалар бор:

Навоий, чу сарманзилинг Чингадур,
Сурудинг доғи сур аро чингадур.

Аёлғунг неча ёр-ёр ўлғуси,
Менинг йиғларим зор-зор ўлғуси.

Ёки “Ҳайрат ул- аброр” да:

Турк суруди била солиб қўлим,
Қилсам адо “Ҳей тулигим, ҳей тулим”,

Ул қила олмаса ҳамовозлик,
Қилса аёлғу била дамсозлик.

Ёхуд:

Аёғчи кетур жомни лаб ба лаб
Ки тўй ўлду айёми айшу тараб.

Муғанний уруб чангга забонда жанг,
Наво чеккай  “Ҳай-ҳай ўлан,жон ўлан”.

“Аёлғу нега ёр-ёр ўлғуси
Минг йиғларам зор-зор уйқуси.

Шунингдек, буюк мутафаккирнинг асарларида мусиқа яратувчилар бастакор, пардасоз, навосоз, нағмасоз, нағмапардоз, оҳангсоз, ижрочилар эса муғанний, мутриб,оҳангнавоз,нағмаоғоз,нағмакаш,аҳли соз,аҳли нағма сингари атамалар ишлатилганиниям қайд этиб ўтмоқ керак.
Шу каби Навоий ўзига тутинган ўғил сифатида асраб уйидан бошпана берган Шоҳқули ҳам ғижжакчи бўлгани маълум.Шунингдек, Ҳофиз Қозоқ,Устод Сайид Аҳмад,Устод Ҳусайн,Устод Шайхий Ноий сингари созандалар ҳам Алишербек хизматида бўлиб, нафақат Бойқаро саройидаги, балки Навоий ҳазратларининг уйларидаги базмлардаям мусиқа оқшоми ташкил қилардилар.
Хондамир “Хулосат-ул ахбор” асарида ёзганидек, “Олийҳазрат амир Алишер мусиқа илмида ҳам шу қадар маҳорат ҳосил қилган эдиларки, агар муаллими соний Абу Наср Форобий ҳаёт бўлганларида унга шогирдлик сирғасини қулоғига тақиб оларди.Қонуну удда зўр таълим олган.Бинобарин, созанда аҳлининг кўпчилиги ҳамиша олийҳазратнинг мулозаматида бўладилар”.
Абдурауф Фитрат “ Ўзбек мумтоз мусиқаси ва унинг тарихи” асарида ўтмишда яратилган куйлар, мусиқа назарияси ва ижрочилиги бўйича фикр юритаркан, халқ орасида кенг тарқалган “Қари Наво” куйи ҳақида шундай ёзади: “ Бу куйнинг жуда эски бир куй экани ҳар томонда сўйланиб турур.Эшитганимизга кўра Фарғонада ҳам “Қари Навоий” исмли эски бир куй бор.Тошкент мусиқачилари бу куйни “Қари Наво” дерлар.Бироқ бу исм янглишдир.Алар шул “қари Навоий” исмини бузиб олғонлар.Бухоронинг эски мусиқашунослари орасида бу куйни Навоий асари бўлғони сўйланадир.Мана шу маълумотлардан сўнг “Қари Навоий “ куйининг Алишер Навоий асари бўлғони эҳтимоли кучланиб қоладир”.
Яъни Фитратдек зукки ўтмиш билимдони, Фарғона водийси ва Тошкентда 20 асрнинг 20 йилларидаям ижро этилиб келинаётган “Қари Наво (“Қари Навоий) куйини ҳазрат Навоий яратган деган тахмин тўғрилигини таъкидлайдилар.
Бундан ташқари Фитрат ўз асарида Навоийнинг мусиқага ,куйларга доир кузатувларини ҳам таҳлил қилиб ўтади ўз асарида: “Навоий ўзининг “Мезон ул авзон” исмли китобида тизимда турк вазнларини кўрсатур экан, “орғуштик” оили бир усул доираси борлиғини бунинг-да баъзи мусиқий китобларида ёзилғонини айтиб, шундан бошқа бир неча турк куйларининг ҳам отларини бизга билдириб ўтадир.Навоий “Мезон ул авзон”ида шу шеърни ёзадир:

Ай ҳуснингга зарроти жаҳон ичра тажалла  мазҳар санга ашё
Сен лутф била кавну маган ичида мовла олам сенга мовла.

Бу шеърнинг вазнига мустазод дерлар.Навоийнинг кўрсатишига кўра бу вазнда шеър ёзмоқ турк халқи орасида машҳур бўлғон бир куйга шеърни тўғри келтириб ўқимоқ учун эмиш.Яна турк куйларидан бирини “қиз кўчириш тўйларида айтурлар” эмиш.Жуда таъсирли бир куй эмиш.Охирида “ёр –ёр” дейилар эмиш,бу икки навъ эмиш “бу навъи ҳеч бир вазн била рост келмас” эмиш.”Бу навъ”да тубандаги вазнда шеър ўқир эмишлар :

Қайси чаманда эсиб келди сабо ёр-ёр,
Ким домидан тушди ўт жоним аро ёр-ёр.

Навоийнинг айтғонига кўра, Турк отли бир куй ҳам бор эмиш.Навоий каби туйғуси “эронизм” билан тарбияланиб нозиклашғон бир санъаткор бу “турк” куйини “ғоятдан ташқари дилназир ва руҳафзо” деб мақтайдир.Бу кунги классик мусиқамиздаги Насруллойи куйининг авж қисмида турк исмли жуда ёниқ, жуда таъсирли нағма бор.
Навоийнинг мақтағони ҳалиги турк куйи билан шунинг ҳар ҳолда бир боғланиши, яқинлиги бўлса керак.
Навоий бизнинг мусиқийимиз тарихидан мана шу маълумотни бергандан сўнг “чун ўзонларнинг “ўзмоғи” ва ўзбекларнинг “будай”, “будай”и ҳеч вазн била рост эрмас эрди анга таъарруз қилинмади (андак сўйланмади).Агарчи асарлари (иаъсирлари) бор, аммо анинг аруз илмига даҳли йўқдур” деб сўзини битирадир.Бу тўғрида ҳаққи ҳам бор.Араб арузининг қоидаларини ёзиб турғонда “ҳеч” вазн биланг “рост” келмағон, яъни ўзимизнинг бармоқ вазнимизда айтилғон шеърлар ва у шеърлар ўқилатурғон куйлардан сўзлаб ўтирмоқ тўғри бир иш эмас.Бироқ Навоийнинг юқоридаги қимматли маълумотини ўқиғондан кейин “кошки шул араб арузини ёзғонингиз жойида турк вазни, турк мусиқийси тўғрисида китоблар ёзса эдингиз”, демакдан ўзимизни сақлай олмаймиз!”
Яъни , Навоий ҳазратларига нисбатан бундай дадил фикрлар айтган Фитрат улуғ шоирнинг мусиқага доир алоҳида китоб ёзмаганига афсусланади.Шу билан бирга мусиқа ва куйларни шеърият вазнларидан келиб чиқиб таҳлил қилади.Шунингдек,туркий тилда араб-форс унсурларини ишлатилишига қарши фикр юритишга ҳам журъат қилади.
Бундан ташқари Фитрат юқоридаги китобида Навоий ва унинг мусиқага эътибори,бу борадаги мероси, даври билан боғлиқ мулоҳазаларни ҳам ёритиб ўтади:” Навоийнинг ўзи мусиқани Хўжа Юсуф Бурҳон деган атоқли бир мусиқа олимидан ўрганди.Мусиқанинг назарий-амалий ёқларидан яхши билар эди.Бобур мирзо асарида Навоийнинг асарларини санар экан, “яна илми мусиқада яхши нималар боғлайдир, яхши “нақшлари”, яхши “пишрав”лари бордир, деб Навоийнинг уста бир басткор бўлғонини кўрсатадур.Навоийнинг мусиқий асарларидан бизнинг замонимизгача етишкани борми; девонларини, достонларини, бутун адабий асарларини бу кунгача жуда яхши сақлай олғон бизлар унинг мусиқий асарларидан ҳеч бирини сақлаб олмадикми, улар йўқолиб битмаганми? Навоийнинг замондоши бўлган Жомийдан қолғон “Нақши мулло” бу кунгача сақланилғон экан,Навоийнинг ҳатто Бобур каби ҳар нарсани ёқтирмағон бир санъатшунос томонидан мақтанилғон куйлари сақланмадими?Бу сўроққа узил-кесил бир жавоб топа билмадик.Бироқ буткул жавобсиз ҳам эмасмиз.”
Фитрат шундай дея “Қари Навоий” куйи айнан Навоийга тегишли эканини айтиб ўтади ва ўз асарида шу куйнинг нотасини илова қилади.
Хуллас, Навоий мусиқа илмидан хабардор, эътиборли шахс бўлган.Хўш, унда навокашларни танқид қилгани-чи?
Табиийки, бу ҳам хонандаю, созандаларнинг феълини яхши билганидан, мудом уларга диққат қаратиб юрганидан бўлган.
Мана эътибор беринг-а: “ Аммо хонанда ва созандаларнинг саёқлари, гарчи ғамни тарқатувчи, шодлик таратувчи бўлсалар ҳам, лекин ҳақиқатда пасткаш ва тиланчилардир. Бундай ашулачи ва чолғувчилар зорланиб ва ялинчоқлик билан пул топадилар. Агар буюрувчидан инъом-эҳсон бўлса, унинг хизматини бажарадилар. Суҳбатда ноз-неъмат тўкин бўлса, улар ҳар қандай амр-фармонни бажаришга тайёрдирлар.Агар базмда маишат кам бўлса, улар ноз-истиғно ва инжиқлик билан қилиқ кўрсатадилар. Ва агар ноз-неъмат деган нарса тамом йўқ бўлса, уларнинг кўнгли сендан узилди ҳисоб. Улар агарчи йил бўйи сенинг эҳсонингдан баҳраманд бўлган эсалар-да, ёнингдан танимай ўтиб кетаверадилар. Оз олсалар — ерга урадилар; кўп олсалар — қадрламайдилар.Уларнинг кўпчилиги ахлоқсиз; бадфеъл; қолганлари ҳам ўлгудай қайсар ва дағал сўзли бўладилар. Ҳаракатлари ҳаддан ташқари тутуриқсиз сўзларидек, гаплари эса бемаҳал қилган нозларидек, улар вафо деган фазилатдан бенасиб қолганлар, шунинг учун вафодорлар улар олдида қадрсиз ва хароб.Вафосиз муғанний—ҳаёсиз муттаҳам. Агар йиллар бўйи иззат-ҳурмат қилиб, унга едириб-ичирган бўлсанг ҳам бир гал уни қуруқ қўйсанг-сендан кечади, танимайди, қўяди. Булар эркак сувратидаги таннозлар ва башанг кийим кийган уйбузар ахлоқсизлардир.Улар қўшиқ айтиб ва соз чалиб, баъзиларни таловчи, йўлтўсарлардир.Ҳеч кимга бу фитна дуч келмагай, чунки овозидан нажот қуши учиб кетади,қуш қўнмоқчи бўлса, доим довул уради, бу билан ўша қушни узоқ муддатга ҳуркитиб юбориш мумкин…”
Хуллас, Навоий баъзи навокашларнинг феъл атворини кузатиб юрганидан шундай хулосага келишга мажбур бўлган.

01

(Tashriflar: umumiy 381, bugungi 1)

Izoh qoldiring