Tohir Malik. Sevgining joni

002     Номус инсон қалбидаги буткул эҳтиросларнинг энг кўрками бўлмиш севгининг жонидир. Ҳа, энг асл гўзаллик — номусда. Инсон ақлининг пойдевори ҳам номус. Номус туйғуси туғма бўлади. Шу учун халқда «номусингни болалигингдан бошлаб асра», деган ҳикмат бор.

СЕВГИНИНГ ЖОНИ
Тоҳир Малик
032

   Сиз Россия телевидениясини кўрасизми ё йўқми, билмайман, лекин уларда кўп бемаъни, ҳатто аҳмақона суҳбатлар бўлиб туради. Шулардан бирида («Пусть говорят» — «Майли, гапиришсин») «қиз боланинг турмушга чиқишидан олдин номусли ҳолда бўлиши шартми?» деган мавзуда баҳс юритилди. Эътибор беряпсизми, баҳс юритилди. Чунки студияга тўпланганларнинг ярми «шарт эмас», деган аҳмоқона тўхтам тарафдорлари эдилар. «Аҳмоқона» деб қўполлик қилишимиз боиси — агар қиз боланинг турмушга чиқишидан олдин номусли ҳолда бўлиши шарт бўлмаса, Аллоҳ уни бокира қилиб яратмас эди.

Яна бошқа бир кўрсатувда хотинларни уриш масаласи кўрилаётганда «хотинлар номус билан яшасалар эрлар урмайдилар», деган фикр ўртага ташланди. Кўрсатувни олиб бораётган хоним бу фикрга қарши чиққанида иштирокчилардан бири унга «қизингизни бокира ҳолида узатиш бахтидан қувонмайсизми?» деб сўради. Хоним «мен учун бу шарт эмас, мен учун қизим йигитни севса бас», деди. Шунда баҳслашаётган йигит «бу кўрсатувда иштирок этишдан ҳазар қиламан», деб чиқиб кетди. Қолганлар эса уни маломат қилишди.

Одобни номусдан, номусни эса одобдан ажратиб бўлмайди. Башарти, униси ҳам, буниси ҳам нурай бошласа ва емирилса, кўркам оила биноси йиқилади, қадрсизланади ва энди нафратдан бўлак ҳеч бир туйғу уйғонмайди.

Нафратга лойиқ бу воқеани эслаш, айниқса баён қилишдан ўзим ҳам ғашланяпман. Чунки Худога шукр, бизда бундай муаммо йўқ, бундай бемаъни баҳслар йўқ. Лекин афсуски, шу фикрдаги айрим одамлар топилади. Вақти келганда улар ҳам вайсаб қолишлари эҳтимоли борлиги учун огоҳлантириш мақсадида мавзуни шундан бошладим, айбга буюрмайсиз. Шоир Маъруф Жалил айтмоқчи:

Ота-она меҳрисиз ҳам яшамоқ мумкин,
Аммо мумкин эмас, номуссиз яшаш.

Номус инсон қалбидаги буткул эҳтиросларнинг энг кўрками бўлмиш севгининг жонидир. Ҳа, энг асл гўзаллик — номусда. Инсон ақлининг пойдевори ҳам номус. Номус туйғуси туғма бўлади. Шу учун халқда «номусингни болалигингдан бошлаб асра», деган ҳикмат бор. «Қон билан кирган — жон билан чиқади», деганларидек, номус ота-онадан ўтувчи фазилат. Ота-она покиза бўлса, фарзанд ҳам номусли ҳаёт йўлидан боради. Ота ёки она этагига номуссизлик балчиғи сачраган бўлса, унинг доғи фарзанд ҳаётида ҳам акс этади.

Номусни ўзига фан қилган бандасини Аллоҳ таоло қўллайди…

Бир гапни афсус билан айтишим шарт: кейинги пайтда одам савдоси ҳақида, фоҳишалар ҳақида гапириляпти. Баъзилар буни иқтисодий қийинчилик билан боғлашга уринишяпти. Бузуқликка иқтисодий камчилик сабаб эмас, балки маънавий қашшоқлик сабаб. Бу ривоятни ўқиганлар, фикримга қўшилишса керак, деб умид қиламан:

Бир обид ниҳоятда фақир яшар эди. Шундай бўлдики, уйда ейишга бир тишлам ҳам нон қолмади.  Болалари очлик азобига чидаёлмай йиғлайвердилар. Очликдан обиднинг ҳам силласи қуриган эди. Ҳатто кўчага чиқиб тиланишга қурби етмай қолди. Унинг ўрнига хотини чиқди. Бир кишидан нон тилаган эди, у ноинсоф «Эй нозанин, агар танингни менга бахш этсанг, сенга сўраганингни берурман», деди. Бу талабдан ғазабга келган хотин вужуди титраган ҳолда уйига қайтди. Онанинг қуруқ қўл билан қайтганини кўрган болалар яна нола қила бошладилар. Фарзандларининг ўлар ҳолга келганига чидолмаган хотин яна кўчага чиқди. Яна тиланди. Унинг ҳуснига маҳлиё бўлган киши нафси талабини айтди. Хотин ундан юз ўгириб, яна бир одамга бориб тиланган эди, яна ўша беҳаё талабни эшитди. Бас, ночор хотин рози бўлди. Хилват жойга борганларида аъзои бадани титроқдан ларзага келди. У одам «Эй нозанин, нега титраяпсан?» деб сўради. «Бу гуноҳни қилмакка Худодан қўрқиб вужудим ларзага кирди», деди хотин. Бу гапни эшитиб, у одамнинг виждони уйғонди. «Эй хотин, шунчалар фақир бўлсанг ҳам сен Аллоҳ таолодан қўрқяпсан. Бас, менга бу қадар неъматлар берган Аллоҳ таолодан менинг ҳам қўрқишим зарурдир», деб гуноҳдан қайтди ва хотинга кўп неъмат ҳадя этди.

Бу ривоятнинг бир неча хулосаси мавжуд. Бирида «у киши Худодан қўрқиб нафсини тийгани учун барча гуноҳлари кечирилган» дейилади. Яна бир хулосага кўра, бечора хотин унинг ҳаққига дуо қилиб: «Ё Аллоҳ, бу банданг нафсини тийиб қўлини баданимга етказмагани учун гуноҳларини кечир ва унинг қўлларини икки дунё оловларидан асра!» деб илтижо қилган экан. Дуо ижобат бўлиши натижасида у киши чўғни кафтига олса ҳам куймас экан…

Киши ўз номусини асрашга масъул бўлгани ҳолда ўзгалар номусига дахл қилишга ҳақсиздир. Ўзгалар номусига дахл ёки тажовуз қилиш дейилганда фақат қизларни зўрлашгина назарда тутилмайди. Ғийбат ёки туҳмат қилиш ҳам номусга тажовуз ҳисобланади. Пайғамбар муҳтарам (Аллоҳнинг саломи ёғилсин) бу хусусда марҳамат қилдилар: «Мусулмонга мусулмоннинг қони, моли ва номуси ҳаромдир». Яъни: Мусулмон учун мусулмоннинг қонини тўкиши ёки молини ўзлаштириб олиши ҳаром бўлганидай (Аллоҳ таоло томонидан қатъий равишда тақиқланганидай), унинг номусига тегиш ҳам ҳаромдир. Ғийбат тўри номусни ҳам ўз ичига олади. Номус жон ва молга қасд этиш қаторида зикр этилиши бежиз эмас. Анас (р.а.) ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в.) дедилар: «Меърож кечаси бир тўда кишиларга дуч келдим. Тирноқлари билан юзларини тимдалардилар. «Эй Жаброил, кимлар булар?» деб сўрадим. Жаброил: «Булар — инсонларни ғийбат қилганлар, инсонларнинг ор-номусларига тил теккизганлар», деди». (Ғийбат иллатига доир алоҳида суҳбат қилиш ниятимиз борлиги учун бу мавзуни шу ўринда мухтасар қиламиз.)

Номуснинг ор (уят) ва қадр тушунчаларига ҳам маънодошлиги бор. Шунинг учун «ор-номус» атамасини учратиб турамиз. «Ор-номус» кўпинча эр-йигитларга нисбатан қўлланилади. Оилани, Ватанни, дўстни… ҳимоя қилиш — эр-йигит учун ор-номус саналади. «Эр йигитга икки номус — бир ўлим», деган мақол бор. Бунинг маъноси — йигит ўз жони ҳузури учун номусини парчалайдиган бўлса, унинг учун ўлим афзалроқ, дегани.

Бедов от туёғидан тойиларми?
Мард йигит тўғри йўлдан қайриларми?
Номуси, орияти бор йигитлар
Ақча деб туққанидан айриларми?

Бу халқ қўшиғига изоҳнинг ҳожати йўқдир.

Ривоятда баён қилинишича, бир танбал илон овга чиқишга эриниб, тирикчиликнинг осон йўлини излади. Макр-ҳийла йўли билан бўлса-да, қорин тўйғазишни ўйлади. Қурбақалари кўп бўлган кўл қирғоғига судралиб келиб, чўзилиб ётиб олди. Унинг бу аҳволидан ажаблаган бир қурбақа яқин келиб:

— Сенга нима бўлди? Нега шаштинг паст? — деб сўради.
— Дунёда мендан ҳам бахтсизроқ бир маҳлуқ бормикин? — деди илон афсус билан вишиллаб. — Шундай бир касалликка йўлиқдимки, энди қурбақаларнинг ўзлари оғзимга кирсалар ҳам юта олмайман.

Қурбақа бу янгиликни ўз подшоҳига етказди. Подшоҳ ҳам таажжубланиб, илонга яқин келди да, касаллиги сабабини сўради.

— Бир куни қурбақани тутмоқчи бўлиб қувладим. Қурбақа бир зоҳиднинг уйига кириб кетди. Изидан кирдим. Уй зимистон қоронғи эди. Зоҳиднинг ўғли ухлаб ётганини сезмабман. Қурбақани ютаман, деб унинг бармоғини тишлаб узиб олибман. Бола ўша заҳоти ўлди. Зоҳид эса мени лаънатлади: «Илоё, сен шундай бир касалликка йўлиққинки, қурбақалар подшоси устингга миниб, гаштини сурадиган бўлсин. Қурбақалар подшосининг ўзи инъом қилмагунича қурбақа ютолмагин!» деб қарғади. Энди бу ерга зора подшоҳ устимга минармикин, деган умидда келдим.

Қурбақалар подшоҳига бу гап маъқул келди. Ўзининг шундай бир шаън- шавкатга, шараф ва ҳурматга лойиқ бўлганлигидан шод бўлди ва илоннинг устига миниб олиб, керилганича сайрга жўнади. Бир оздан кейин илон тўхтади:

— Подшоҳим, омон бўлсинлар, сизни роҳатбахш сайр қилдиришим учун менга куч керак. Кучга киришим учун эса таом керак.
— Тўғри айтасан, ҳар куни сенга иккитадан қурбақа инъом этаман, — деди подшоҳ.

Илон ҳар куни иккитадан қурбақа еб кунини ўтказаверди. У иккита қурбақани ўзининг ор- номуси эвазига ютаётганини ўйлаб ҳам кўрмас эди…

Айрим ёшлар эҳтимол бизнинг бу суҳбатимизни ўқишни истамаслар. Шундай бўлса, муҳтарам ота-оналар, гап мавриди келиб қолганда, шу ривоятни уларга айтиб беринг. Ҳарҳолда эр номусини бой бериб қўйса, ҳар қандай хонадон ҳам иснодга қолиши аниқ.

Бирор кишининг камчилигидан сўз очилса, уни ҳимоя қилиш мақсадида: «Ҳа энди, Ойда ҳам доғ бор», деб қўйилади. Ойнинг бизга кўринадиган томонида доғларни кўрамиз. Орқа томонида нималар бор, билмаймиз. Одамларнинг гуноҳлари ҳам шундай. Айрим гуноҳлари барчага равшан — кўриниб туради, айримлари эса пинҳоний. Икки киши орасидаги гуноҳларини ўзгалар билмайди, деб ўйлаб янглишадилар. Бу ўринда, англагандирсиз, номуснинг зидди бўлган номуссизлик, бошқачароқ айтсак, бузуқликни назарда тутяпмиз.

Бугунги кунда жамиятдаги жуда кўп гуноҳларнинг бошланиши, хусусан, бу гуноҳлар оқибатида бола-чақаларнинг хор- зор бўлиши фаҳш ишларнинг кенг тарғиб этилиши ва зинонинг — ношаръий жинсий муносабатларнинг кенг авж олгани оқибатидадир. Зино дунё ва охиратда инсонни беномус, хору расво, аламли азобларга мубтало қилади. Ояту ҳадисларда бу ҳақда банда қатъий огоҳлантирилган: «Зинога яқинлашманглар! Чунки у бузуқликдир — энг ёмон йўлдир» (Исро сурасидан). Диққат қилдингизми, оятда шунчаки «зино қилманглар» эмас, «зинога яқинлашманглар», деб буюриляпти. Буйруқдаги қатъийлик бекорга эмас. Виждонли, номусли одам зинонинг кўчасига яқинлашмаслиги ҳам керак. Демак, зинога олиб борувчи барча нарсалардан узоқда бўлиши шарт.

Мазкур оятдан олдинги оятда Аллоҳ таоло фақирликдан қўрқиб болаларини ўлдиришдан қайтаради. Зийраклик билан кузатсак, «Зинога яқинлашманглар», « болаларингизни фақирликдан қўрқиб ўлдирманг» оятининг мантиқий давомига ўхшайди. Воқеан шундай. Қадимда араблар болаларини боқа олмасликдан, очликдан қўрқиб, гўдакларини тириклай кўмиб юборишар экан. Ҳозир ҳомиланинг бошланишида олдиришади ва бунинг номини «аборт» деб қўйишган. Она-нинг саломатлигига хавф солинган дамларда абортнинг зарурлигини ҳеч ким инкор этмайди. Лекин баъзи ҳолларда аборт бузуқликни яшириш учун амалга ошириладики, бу ҳол билан муроса қилиш мутлақо мумкин эмас. Жаҳоннинг кўп мамлакатларида бу қонун йўли билан тақиқланган ва тўғри қилинган. Рус императори даврида аборт қатъий тақиқланган. Ленин бу жиноятга рухсат берди. Аёлларни қулликдан қутқаришда, унинг телба фикрича, бу муҳим аҳамият касб этар экан. Иккинчи жаҳон урушидан кейин Сталин абортни яна тақиқлади. У фаҳш йўлини тўсиш учун эмас, балки урушда ўлганлар ўрнини тўлдириш учун туғилишни кўпайтиришни ўйлади. Орадан йиллар ўтиб, совет жамияти бу жиноятга яна йўл очиб берди. Ҳозир Россияда бир чақалоқ туғилса, икки одам ўлиб турганини биларсиз. Маълумотларга кўра, у ерда кунда ярим миллион аборт қилинади. Демак, ярим миллион қотиллик! Бу дунёда жазо қўлланилмаётган жиноят!

Европада, хусусан Россиядаги ёш оилалар орасида бузуқликка доир аҳмоқликнинг янги бир кўриниши пайдо бўлган. Дам олгани чиққан икки «оила» хотинларини ўзаро алмаштириб, маишат қиладилар. Буни «ўйин» деб атаб, унга «свинка» деб ном берганлар. Шундай ном берилиши бежиз эмас. Жониворлар ичида фақт чўчқагина урғочисини рашк қилмайди…

Бузуқликни яшириш мақсадида қилинаётган абортларнинг жиноят эканини тан олувчилар кўп. Аммо бу ҳақиқатга қарши турувчилар сони ошиб боряпти. Чунки пашшалар ахлат устида озиқланганлари каби, ғафлат аҳли ҳам ўзларининг қўланса дунёсида бузғунчиликларини бахт, деб биладилар. АҚШнинг аввалги президенти Буш абортга қарши бўлгани учун унга норозилик билдириб, юз мингларча одамлар намойишга чиқдилар.

«Эр кишининг ўз никоҳида бўлмаган аёл билан жинсий алоқа қилиши», деб таърифланган зинонинг гуноҳи кўпчиликка маълум бўлсада, «Худо кечиради», деган аҳмақона умид билан баъзилар бу гуноҳдан ўзини тиёлмайди. Кундузи «зарур ишларим бор», деган баҳонада кўчага чиққан эр кун бўйи бузуқ маишатини қилиб шом (ёки хуфтон) чоғи, хизматидан ҳориб-чарчаган кўринишда уйига кириб келади. Алҳазар!! Маишатхонадаги ювиниши билан ўз назарида гўё тоза, ташлаб келгандай бўлади. Уйига бир арава ифлос ахлат кўтариб кирганини, наҳс босганини эса ўйламайди, қўрқмайди. Аксинча, болаларини қучиб, ўпиб, эркалайди. Хотини билан бир тўшакда ётади. Янада афсуслар бўлсинки, айрим аёллар ҳам шу ишни қилишади. Тирикчилик важҳидан танасини сотувчини «фоҳиша» деймиз, улардан нафратланамиз, улар эса бу ишларини касб ўрнида кўриб, уялишмайди ҳам, яширишмайди ҳам. Аммо эрли зинокор аёлларни нима деймиз? Улар қандай лаънатга лойиқлар? Фаҳшга шўнғиган эр «хотиним билмасин», деб эҳтиётини қилар. Фаҳшга шўнғиган хотин эса «эрим билиб қолмасин», деб чўчийди. Аммо бу ғофил бандалар «Худо кўриб-билиб турибдику?!» — деб ўйлашмайди, қўрқишмайди-я! Кейинчалик, қариган чоғларида фарзандлари бемеҳрлик қилишганда эса нолиб юришади. Фарзанднинг бемеҳрлиги — жазонинг бошланиши. Жазо уларни дўзахда кутиб турибди.

Хориж киноларидан билардик, айрим аёллар (ёки эрлар) жуфтининг хиёнатини фош этиш учун ёлланма изқувар (хуфя ёки детектив)га мурожаат этишарди. Ҳозир шунақа ҳолат бизда ҳам учраб турибди. Мана, шулардан бири:

Эр (ёки хотин) хиёнат қила бошлагач, тўшакдаги ҳолатида ўзгариш бўлади. Агар хотин (ёки эр) сезгир бўлса, буни тез фаҳмлайди. Биз айтмоқчи бўлган аёл шундайлардан экан, сезибди. Аввал эрини ўзи пойлаган. Айрим нарсаларни аниқлаган ҳам. Аммо жиноят устида қўлга тушмагани учун эр айбини бўйнига олмаган. Шунда аёл «детектив» ёллаган. Эр ўйнаши билан қаерда маишат қилаётганини аниқлаб, у ерга фарзандларини бошлаб борган. Фарзандлари ёш болалар эмас, оилали. Ана энди аҳволни ўзингиз тасаввур қилинг! Оиланинг тақдири нима бўлади? Ота ва бола орасидаги муносабат бундан бу ёғига қандай бўлади? Хулоса чиқаришни, азизлар, ўзингизга ҳавола этамиз.

«Зинокор аёл ва зинокор эркак — икковларидан ҳар бирини юз даррадан уринглар. Агар сизлар Аллоҳга ва Охират Кунига имон келтиргувчи бўлсангизлар Аллоҳнинг бу ҳукмида (яъни зинокорларни дарралашда) сизларни уларга нисбатан раҳм-шафқат туйғулари тутмасин! Уларнинг азобланишига бир тоифа мўминлар гувоҳ бўлсинлар!» Нур сурасидаги мазкур оят «Тафсири ҳилол»да муҳтарам шайхимиз томонидан гўзал тарзда илмий асослар билан тушунтирилганки, уни олиб ўқисангиз кўп ибрат топажаксиз. Бизнинг суҳбатимизда илмийликка кўра оммабоплик устун тургани сабабли, тафсирни тўла келтирмай, қисқа баёнидан фойдаланамиз.

Ояти каримада зикр қилинган юз дарра уриш жазоси ҳали оила қурмаганлар учун тайин этилган. Яъни, никоҳда бўлмай, эр- хотинлик муносабатида бўлмаган кишилар зино қилсалар, юз дарра уриладилар.

Зино барча замонларда, барча жамиятларда ахлоқий жиҳатдан разолат, диний жиҳатдан гуноҳ, ижтимоий жиҳатдан номуссизлик саналган. Инсонийлигини йўқотган жамиятларгина бу умумий қоидадан четга чиққанлар. Соф инсоний табиат ҳеч қачон зинони яхшилик сифатида қабул қила олмайди. Чунки инсониятнинг боқий қолиши, камол топиши учун эр ва аёлнинг ўртасидаги алоқа доимий ва мустаҳкам аҳду вафо, жамият шоҳид бўлган аҳду паймон асосида бўлиши керак. Шундай бўлмаса, наслунасаб поклиги ҳам, ота- болалик туйғуси ҳам, оила ҳам, жамият ҳам қолмайди. Инсоният таназзулга юз тутади. Зино поклик ва олиймақомликни йўққа чиқарадиган амалдир. Шунинг учун ҳам ҳамма халқлар, ҳамма динлар, ҳамма жамиятлар зинони қоралаганлар. Инсоний табиати бузилмаган жамиятлар зинони ҳеч иккиланмай, жазога лойиқ иш деб ҳисоблаганлар. Масалан, қадимги мисрликлар эркакни таёқ билан қаттиқ калтаклашган, хотиннинг эса, бурнини кесишган. Ҳиндлар аёлни итларга егизишган, эркакни қиздирилган темир сўрига ётқизиб, атрофидан олов ёқишган. Рим қонунлари бўйича қадимда зинокорларнинг мол-мулки мусодара қилинган, сўнгра умрбод қамоқ жазоси билан алмаштирилган. Яҳудийларда эса ўлимга ҳукм этилган…

Табиати бузуқ, маънавий покликдан кўра шаҳватга кўпроқ интиладиган жамиятларда эса, зинони икки тоифага бўлиб қарашган: биринчиси — оддий зино, яъни эрсиз аёл билан жинсий алоқада бўлиш. Бу зинога эътиборсиз қарашган, жуда борса, жарима солиш билан чекланганлар. Бугун «эрсиз хотинни қувонтириш савоб», дейдиган аҳмоқлар «фатво»ни ўша бузуқ жамиятлардан олган бўлсалар ажаб эмас. Иккинчиси — эри бор хотин билан алоқа қилиш. Бу хилдаги зинони «турмуш ўртоғига хиёнат қилиш» деб аташади. «Хиёнат қилганларга» турли жазолар ҳам тайин этилган.

Ўлимидан сўнг «Қизил иблис» деб ном олган Лаврентий Берия фақат қонхўрлиги билан эмас, бузуқлиги билан ҳам тарихда қолган. Маълумотларга қараганда, унинг мингга яқин ўйнаши бўлган. Лекин расмий айблов ҳужжатларида олтмиш бир аёлнинг зўрлангани таъкидланган. Шулар ичида еттинчи синф ўқувчиси ҳам бўлган. Бу қизча ҳатто ундан ҳомиладор ҳам бўлган… Берия ўлдирилди. Лекин ундан оққан қон ифлосликларини юва олдимикин?

Бу ўтмиш. Бугун аҳвол қандай? АҚШ Президенти Клинтон бузуқлигини тан олиб, узр сўради. Исроилнинг собиқ президенти фаҳш ишларда айбланди, Италиянинг бугун амалдаги Бош вазири Берлусконининг маишатлари фош қилинди… Қани жазо? Ким жазо беради?

Мавзуга қайтсак, масиҳийларда биринчи тоифа — «оддий зино»га жазо йўқ. Ҳозирги кундаги зинога оид қонунлар шу қоидаларга асосланган. Бу фалсафадаги мантиқсизликни, бемаъниликни қаранг- ки, икки тарафнинг розилиги билан бўлган зино жиноят ҳисобланмас эмиш. (Шу бузуқ фикрга асосланган «эркин муҳаббат» тарафдорларининг бузуқ оила қуришлари ҳақида суҳбатимизнинг «Жамиятнинг дуру гавҳари» бобида фикрлашган эдик.) Бугунги кунда зинонинг кенг тарқалиб, унинг касофати ҳаммаёқни босиб кетгани ҳам шундан.

Исломда зино улкан жиноят ҳисобланади. Шу сабабли ҳам бу жиноят оила кўрган кишилар томонидан содир этилса, Пайғамбаримизнинг (с.а.в.) суннатларига асосан тошбўрон қилиб ўлдирилганлар.

«Албатта, имон келтирганлар ичида фоҳиша тарқалишини яхши кўрадиганларга бу дунёю охиратда аламли азоб бордир. Аллоҳ билади, сизлар билмассизлар» (Нур сурасидан).

Ҳозир сўлим ерлардаги хонадонлар шаҳарликларни дам олишлари учун уйларига қўядилар. Шаҳарликлар баъзи ҳолларда фоҳишаларни бошлаб келадилар. Ҳовузда чўмиладилар… Хонадон пул учун ўзи яшайдиган гўшани ифлос фоҳишахонага айлантирганидан уялмайди. Бузуқлар кетишгач, пок бир оила дам олгани қўйилади. Улар, айниқса болалар, яқиндагина бузуқлар чўмилган ҳовузда чўмиладилар… Уйини фоҳишахонага айлантирган хонадонда тарбия топаётган болалар нимани ўрганишади? Қизларичи? Фарзандларига фаҳшдан топилган луқмани едириб, булар нимага эришадилар?

Йигитларнинг қизлар билан маишат қилишлари одат тусига кириб бораётганини афсус билан таъкидлаймиз. Ёз чилласида шундай «дўстлар давра»си « дам олиш учун» тоққа чиқди. Улфатдагилардан бири машинасига ўтириб, қимиз олиб келгани кетди. Ҳадеганда қайтавермагач, ҳавотирланиб, изидан боришди. Қарашса, машина ағдарилган, ёниб ётибди. Йигитнинг қарийб ярми кўмирга айланиб бўлган. Ҳали ҳаёт аломати сезилиб турган танани ўтдан олиб, ерга ётқизишди. Жон талвасасидаги йигит «Олов! Олов!» деганича алаҳсирай бошлади. Кейин «Энди нима дейман унга! Нима дейман унга!» деб ҳайқирди. «Кимга?» деб ажабланиб сўрашди. Йигит: «Аллоҳга! Аллоҳга!» деди- ю, жон берди.

Бу воқеа баёнини эшитганда «Қани эди, бошқалар ҳам «Унга нима дейман?!» деб яшасалар. Фаҳш сари қадам босганларида ўша машинада ёнаётган йигитни кўз олдиларига келтирсалар. Машинада ёниш — ҳолва, ҳали дўзахда ёниш бор… » деган фикр хаёлимизни ёритиб ўтди.

Агар шу йигитнинг ёки спиддан ўлим топган бошқа бир бузуқнинг яқинлари орасида «энди у дўзах азобларига гирифтор бўлади», десангиз, балога қоласиз. «Нега ёмон ният қиласиз?» деб, сизга маломат тошларини отишади. Тўғри, марҳум ҳақида ёмон сўз айтилмайди, ёмон тилак ҳам тиланмайди. Дўзах азобини бериш ҳам Аллоҳ таолонинг ихтиёрида. Лекин Аллоҳ таоло айтадики: «Эй Одам фарзанди, бирор гуноҳ ишга қўл урмасдан бурун ҳамиша бўлғувси жазо ва азобларимни эсла». «Агар сен дўзахни ёмон кўрсанг, Парвардигоринг гуноҳ ишларни ёмон кўради. Бас, У ёмон кўрган ишларни қилма! Раббинг сени ўзинг ёмон кўрадиган жойдан асрайди». «Қачонки сенга бирор мусибат ёки офат етса, қара: агар ўша мусибат сенга нопок ҳолда турганингда етган бўлса, демак, билгилки, бу офатнинг сабабчиси ўзингсан!» (Ҳадиси қудсийдан).

Бир одам спидга чалиниб ўлди. Оиласи уялиб, ўлимга бошқа хасталик сабаб, деб гап тарқатдилар. Одамлар ишонгандай бўлишди. Барча ишонди, ҳам дейлик. Бундан нима наф? Ахир уларнинг ўзлари то ўзларининг ўлимларига қадар бу иснод билан яшайдилар- ку? У одам бир неча дақиқалик роҳати учун оиласига шармандалик юкини мерос қилиб кетди…«Рўзғорига файз кирмоқни ақли расо ёр келтирар, ёрнинг ори бўлмаганда оилага зор келтирар», деб шунга айтадилар-да.

Лут алайҳиссалом қавмларига офат юборилганини биламиз. Од, Самуд қавмига юборилган офатлар ҳақида Қуръони каримда ўқиганмиз. Афсуски, орамизда буларга ишонмайдиганлар ҳам борга ўхшайди. Хўп, ўтмиш офатларига ишонишмасин, бугунгиларигачи? 2004 йил 26 декабр куни Тинч уммонида кўтарилган «Цунами» деб аталувчи даҳшатли тўлқин ҳам бу одамларга ибрат бўлмасмикин? Тасаввур этинг: қуёш чарақлаб турибди, момақалдироқ ҳам, ўтли чақмоғу кучли шамол ҳам йўқ. Миллиард миллиард тонна оғирликдаги сувни бирданига чайқатиб, етти-саккиз қаватли уй баландлигида тўлқин ҳосил қилиб, неча чақирим йўл босиб қирғоқларни бостириш учун қанақанги қудрат керак? Бу офат ёпирилган қирғоқлар «курорт» дейиларди. Аммо аслида бузуқлик ошёнлари эди. Офатдан сўнг эълон қилинган маълумотлар, айниқса, аянчли: маҳаллий аҳоли ўн-ўн икки ёшли фарзандларини ҳам фаҳш учун сотар экан. Қандай қабоҳат! «Педофилия»— гўдаклар билан жинсий алоқа қилиш Европада жазоланади. Шу боис бузуқлар Осиёдаги «курорт»ларга келиб, нафсларини қондириб кетарканлар. Дунёда «сексбизнес» деган тушунча ҳам пайдо бўлган. Махфий «сексбизнес» билан шуғулланмайдиган мамлакат кам бу дунёда. Таиланддаги офат чоғида ота- онасини йўқотган ўн икки ёшли ўғил бола шифохонада ётган пайтида германиялик бир бузуқ уни ўғирлаб кетибди. Бундан ҳам ортиқ аблаҳлик бўладими?

Албатта, офат чоғи ўлганларнинг барчаси бузуқ бўлмагандир. Аммо улар бузуқликка қарши курашмаганлари, бефарқ бўлганлари учун ҳалок қилингандирлар? Аллоҳ таоло билгувчидир.

Бутун дунё офат зарарларини тугатишга ёрдам берди. Бу, албатта, яхши. Бироқ биринчи навбатда одамларнинг уй- жойлари эмас, ўша «курортлар» тикланди. Инсоният офатни тўғри англамадими? Демак, Аллоҳ таолонинг янги ғазабини кутаверсинлар…

Педофилия ҳақида сўз айтдик. Бу жиноят гомосексуализмдан ҳам баттарроқ офат бўлди. Агар «педофиллар»ни «ҳайвон!» деб сўксангиз, жониворлар ранжиса керак. Чунки ҳайвонлар бунақа ифлосликни қилишмайди. Бир ойлик ғунажинга буқанинг сакраганини ҳали ҳеч ким кўрмаган. Аввалги йили Францияда олтмиш олти одам педофилияда айбланиб, суд жараёни бошланди. Улар зўрлаган болаларнинг ёшига диққат қилсангиз даҳшатга тушасиз: зўрланган болаларнинг энг каттаси ўн икки ёшда, энг кичиги… олти ойлик чақалоқ! Ишонмаяпсизми? Мен ҳам ишонмаган эдим. «Евроньюс» телеканали тарқатган бу хабарни қайта-қайта эшитдим. Бу олтмиш олти аблаҳ орасида ўз фарзандини зўрлаб роҳатлангани ҳам бор, фарзандини бир неча қути сигарет эвазига бегона тўшакка отганлар ҳам бор. Бу қабоҳат ҳақида ўзингиз бир нима денг. Мен сўз топа олмаяпман…

Агар одамларга шаҳватларини тартибсиз равишда, хоҳлаган йўл билан қондираверишларига ижозат берилса, тезда инсоният ва унинг маданияти, маънавияти ҳалокатга учрайди. Агар инсон оилавий ҳаётнинг масъулияти, оғирликлари ва машаққатларини бўйнига олмасдан, фақат шаҳватини қондиришга ҳаракат қиладиган бўлса, ундан ҳеч қачон бола тарбиялашда, оила ва жамиятда бирор фойдали ишни кутиб бўлмайди.

Эр киши билан эр кишининг никоҳланиши тарафдорлари Лут алайҳиссалом қиссаларини билмасмикинлар? Рим папаси Ғарб мамлакатлари раҳбарларига нома йўллаб, бу ҳаракатдан сақланишни талаб қилган. Аммо давлат раҳбарлари бир жинсдагиларнинг никоҳини чеклашни инсон ҳуқуқларининг топталиши, деб ҳисоблаганлар. Бу ҳаракатга (улар тилида «гомосексуализм» дейилади) қарши чора кўрмадилар, чекловчи қонунлар қабул қилмадилар. Аввалига бу ҳаракат уят ҳисобланарди, энди эса турли мамлакатларда очиқ намойишларга чиқишяпти (улар тилида «гейпарад» дейилади). Савол туғилади: улар қанақа инсон ҳуқуқини назарда тутишяпти? Инсонга бундай қабиҳ ҳаракат учун ким ва қачон ҳуқуқ берган? Умуман, бузуқликда ҳуқуқ бўлиши мумкинми? Ҳарҳолда Исломда бундай ҳуқуқ йўқ, аксинча, тақиқ бор. Шуаро сурасида ўқиймиз: «Одамлар ичида эркакларга борасизларми? (яъни «эркаклар билан жинсий алоқа қиласизларми?» — дейдилар Лут алайҳиссалом) Ва Раббингиз сиз учун яратган жуфти ҳалолларингизни тарк қиласизларми?! Йўқ!!! Сиз ҳаддан ошган қавмсиз (инсонлик чегарасидан чиққан қавмсиз)! Ва уларнинг устига бир ёмғир ёғдирдикки, бас, огоҳлантирилганларнинг ёмғири қандоқ ҳам ёмон бўлди».

Аллоҳ таоло уларнинг устига тошдан ёмғир ёғдириб, битта ҳам қўймай ҳалок этди. Шунинг учун ҳам ҳанафий мазҳабидаги баъзи фақиҳлар Лут алайҳиссалом қавми кирдикорини қилган баччавозларни тошбўрон қилиб ўлдириш керак, дейдилар.

Евроиттифоқнинг адлия ва хавфсизлик комиссарлиги лавозимига номзод, италиялик депутат Бутириони «бесоқолбозлик (гомосексуализм) гуноҳ, хотинлар ўз эрларидан бола туғишлари керак», деган фикри учун қаттиқ танқид остига олинди, у инсон ҳуқуқларини топташ, чеклашда айбланди. Комиссарликка сайланишда жиддий қаршиликка учради ва сайланмади. Евроиттифоққа аъзо бўлиб кирмоққа интилаётган Туркия эр-хотин орасидаги хиёнат учун қамоқ жазоси жорий қилиш ҳақида қонун лойиҳасини мамлакат Миллий мажлиси муҳокамасига қўйганда ҳам, ўз миллат вакиллари бу ёнда қолиб, Евроиттифоқ норозилигига, қаршилигига учради.
Рус православ черковининг олдинги раҳбари, Москва ва бутун Рус патриархи Алексий П Евроиттифоқ йиғинида диний масалалар хусусида фикр юритаётиб, инсон ҳуқуқлари ва маънавият бир- бирига зид қўйилмаслиги лозимлигини таъкид этиб, Европада инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш баҳонасида маънавият парокандаликка учратилаётганига алоҳида эътибор қаратган эди. Православ черкови «гейпарад» ўтказишга қарши эканини билдирди. Бунинг гуноҳлигини тасдиқловчи сўзлари Евроиттифоқнинг айрим депутатларига ёқмабди. Патриархни у нодонлар инсон ҳуқуқларига чанг солганликда айблашди. Ҳолбуки, Патриарх ўз сўзлари билан эмас, Инжил сўзларидан жавоб қайтарган эди. Гомосексуалистлар «Биз шундай туғилганмиз, шундай яшашга ҳаққимиз бор», деб даъво қиладилар. Бекор айтибдилар! Улар бундай бузуқ ҳолда туғилишмаган!

Дарвоқе… «гейпарад»… «Парад» сўзини биз «намойиш» деб нотўғри ишлатамиз. «Намойиш» — «демонстрация». «Парад» эса ғолибона, дабдабали юриш. Яъни, ғолибликни намойиш этиш. Хўш, инсоф юзасидан айтсинлар- чи, улар иймон устидан ғолибларми? Поклик тарафдорлари, имон эгалари бутунлай мағлуб бўлдиларми? Бу юриш Ер юзида поклик бутунлай маҳв этилганига бир ишорами? Фашистлар ҳам фаолиятларини шундай ғолибона юришлар билан бошлаган эдилар!

Во дариғ! Қуддуси Шариф — мусулмонлар, насронийлар, яҳудийлар учун муқаддас ҳисобланган шаҳарда не бузуқликлар бўляпти? Бу муқаддас жойда «гей-парад» уюштирилиши?! Ақлга сиғадиган нарсами?! 2006 йилда Исроил ҳукумати кўчаларда намойишкорона юришга ижозат бермай, уларнинг ихтиёрига стадионни топширган эди. Номи «жамоат тартибини сақлаш», аслида эса бузуқларни ҳимоя қилиш учун стадион полис томонидан қўриқланган, бу бузуқликдан нафратланган яҳудийларни бузуқлар маконига яқинлаштиришмаган эди. Кейинги йили бадбахтларга Қуддуси Шариф кўчаларида тантана қилиш ижозатини берганларнинг ўзлари ҳам «майдақадам» эмасмикинлар, деган фикрга борилиши табиий. Бу ҳолатда полисни айблаш нотўғри бўлур эди. Чунки улар буйруққа итоат этишади. Ажабки, полис аблахлар тинчини ҳимоя қиляпти. Наҳсга қарши чиққанларни эса тўқмоқ билан уряпти, ҳибсга оляпти. Аслида акси бўлиши керак эмасми?

Лут алайҳиссалом даврида ҳам бузуқлик миқёси ҳозиргидай бўлмагандир, валлоҳи аълам! Аллоҳ! Аллоҳ! Наҳот охир замонни Ер юзи бузуқлик либосида қаршилайди? Ўзга чора йўқми… Бузуқлик сўнгги нуқтага етганда Қиёмат чинқириғи Ерни парчалаб ташлайдими?..

Испанияда бир жинсдаги икки аҳмоқнинг қўшилувини «оила» деб атаганлари камлик қилиб, уларга бола асраб олишга ижозат берувчи қонун қабул этилди. Хўш, бу «оила»да «тарбия» олган боладан келажакда нималарни кутиш мумкин? Яна бир масала: бир жинсдан таркиб топган «оила»лар кўпаяверса, бола қаердан туғилади?
Эр киши билан эр киши, хотин билан хотин « никоҳи» ҳақида олдинги суҳбатларимизда фикрлашган эдик. Масала муҳим бўлгани учун яна мавзуга тўхталяпмиз, айбга буюрмайсиз.

«Киши номаҳрам аёл билан ёлғиз қолмасин, агар қолса, учинчиси шайтон бўлади», дедилар Расулуллоҳ (с.а.в.). Исломда ҳатто номаҳрамга қараб қўйиш ҳам ман этилганки, буни «кўз зиноси» дейдилар. Кўчадаги аёлга тасодифан қаралса, айби йўқ. Аммо иккинчи дафъа қаралса, айниқса, бу қарашда шаҳват ҳисси бўлса, гуноҳ ёзилади. Кўзлар ҳам зино қилади, қўллар ҳам. Кўз зиноси — номаҳрамга қараш билан. Қўл зиноси эса номаҳрам билан қўл бериб саломлашиш орқали ҳам юзага келади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом аёллар билан қўл ушлаб кўришмаганлар, қўлларини тутмаганлар. Байъат қилган аёллар ҳам қўлларини ушламаганлар.

Ҳазрати Усмон (р.а.) ҳузурларига бир киши кириб келганда у зот: «Сенинг кўзларингда зино изларини кўряпман», деганларида у киши қўрқиб кетади. Чунки йўлда кетаётиб бир уйнинг чала ёпиқ эшигидан қараганида очиқ-сочиқ ювинаётган аёлни кўрган экан…

Бир иймон эгаси вафот этганда яқин таниши «Раҳматли бизникига келганларида эшикни тақиллатардилар-у, то ичкаридан эр овозини эшитмагунларича тутқични тортиб турардилар. Мабодо аёл киши «Ким?» деб овоз берса, тутқични қўйиб юбормай, гапларини айтиб кетардилар», деди. Бу баъзиларга оддий гап бўлиб туюлиши мумкин. Лекин, бизнингча, бу одобда имон қудрати бор.

Ҳазрати шайх Утбат ул-Ғуломни (қ.с.) вафотларидан сўнг улуғлардан бири тушида кўрди. Қарасаки, шайх ҳазратлари юзларининг бир ёни суяк- қобурға бўлиб қолган эди. «Не сабабдан бундай бўлдингиз?» деб сўрадилар. Жавоб бердилар: «Устозимнинг ҳузурларига борган эдим. Бир чиройли ўғлон чиқди. Бир мартагина боққан эдим. Вафот вақти келганда Ҳақ таоло мени жаннатга буюрди. Йўлимда дўзах бор эди. Бир илон чиқиб келди. Ўзини устимга отди. Бир юзимга урди ва айтди: «Бир марта боққанга бир марта урмоқдир. Агар яна бир марта боқсанг эдинг, чақиб олардим».

Ҳазрати шайх Самадоний Боязид Бистомий (қ.с.а.) дедилар: «Ҳар кимнинг кўнглида шаҳват кўп бўлса, ложарам уни лаънат кафанига ўрагайлару надомат туфроғига дафн қилгайлар. Ҳар ким шаҳват нафсини ўлдирса, ложарам уни раҳмат кафанига ўраб, саломат туфроғига дафн айлагайлар». Ё Аллоҳ, бизларга саломат тупроғини насиб эт!

Умар ибн Ҳаттоб (р.а.) замонларида намозини доимо масжидда жамоат билан ўқийдиган бир йигит бор эди. Ҳазрати Умар у йигитни тақвоси учун жуда яхши кўрардилар. Йигит ҳар хуфтон намозидан сўнг қари отасини зиёрат қилар эди.

Йўл бўйидаги уйлардан бирида яшовчи хотин бу йигитга ошиқ эди. У ҳар куни йигит йўлини пойлаб, уни ўзига оғдиришга уринарди. Ниҳоят, бир сафар йигит ўзини бошқара олмай, аёлнинг ортидан эргашди. Бироқ остонани босиб ўтар экан, Аллоҳ таолони эслаб, ҳушёр тортди ва Аъроф сурасидаги: «Тақво қилгувчи зотларни қачон шайтон томонидан бирор васваса ушласа, Аллоҳни эслайдилар, бас, тўғри йўлни кўра бошлайдилар» мазмунли ояти каримани ўқиди- ю, ҳушсиз йиқилди. Аёл дарҳол жориясини чақирди. Икковлари йигитни кўтаришиб, отанинг уйига элтдилар ва эшикни тақиллатдилар. Эшикни очган ота беҳуш ётган ўғлини кўрди. Уни ичкарига олдилар. Йигит ярим тунда ўзига келди.

— Ўғлим, сенга нима бўлди? — сўради ота. Йигит бўлган воқеани сўзлагач, «Ўғлим, қайси оятни ўқидинг?» — деб яна сўради. Йигит мазкур оятни такрор ўқигач, яна ҳушидан кетди. Сўнг жон таслим қилди. У дафн этилгач, Ҳазрат Умарга хабар етказдилар. Ҳазрат Умар келиб, йигитнинг отасига таъзия изҳор этгач, « Нега мени чақирмадингиз?» —деб сўради.

— Эй мўминлар амири, вақт алламаҳал бўлиб қолган эди, сизни безовта қилгимиз келмади, — деди ота.
— Ундай бўлса юринг, қабр бошига борайлик, — дедилар халифа.

Икковлон у ерга етгач, «Эй фалончи!» —деб йигитнинг отини айтиб чақирдилар ва: «Парвардигори ҳузурида туришдан (яъни, Парвардигор олдида туриб ҳаёти дунёда қилиб ўтган барча амалларига жавоб беришидан) қўрққан киши учун икки жаннат бордир» (Раҳмон сурасидан) мазмунли оятни ўқидилар. Иттифоқо, қабрдан йигитнинг овози эшитилди: — Эй Умар! Сиз эслатган икки жаннатни Раббим менга икки бора инъом қилди!..

Жинсият мавзусида Бақара сурасидаги бир ояти карима ғоят ибратлидир: «Улар (аёлларингиз) сизлар учун бир либосдир, сиз ҳам улар учун бир либосдирсизлар».

Либос, яъни кийим… Эр ва хотин бир-бирини ҳимоя қилувчи либос. Бир- бирини ёмон йўллардан асрайди-ган тўсиқ… Бу қисқа дунё ҳаётида номус имтиҳонини топширишлари учун ҳар икки тараф бир- бирига неъ-матдир. Бошқаларнинг номусига кўз олайтирмаслик учун катта бир боғланиш… Таъкидки, никоҳ — номус хусусида ҳар икки тарафнинг бир- бирига қилган аҳду-паймонидир. Яъни, оилавий масалада хотинни эрга омонат қилган ва рўзғорни бошқариш юкини эрнинг зиммасига юклаган бир шартномадир. Ҳозир эса ёш-ларнинг онгига бу ҳақиқатларни «қолоқлик» деб сингдиришга ҳаракат қилаётган, манбаи ташқарида бўлган баъзи мафкура, жамият ва гуруҳлар бор. Уларнинг тузоғига тушмаслик, ноғорасига ўйнамаслик учун ғоят диққатли ва сергак бўлиш керак. Акс ҳолда, ҳаётнинг асл ғояси икки жинс ўртасидаги ношаръий муносабат-лардан иборат, деб тушунувчи ёшларнинг сони янада кўпайиб кетиши хавфи бор. Бу эса уларнинг охи-рат ҳаётларини барбод қилиши билан бирга мамлакат тараққиётига ҳам катта зарар етказиши шубҳасиздир.

«Жамиятнинг дуру гавҳари» бобида айтганимиздек, ёшлар турмуш қурадилару никоҳнинг моҳиятини, масъулиятини яхши англамайдилар. Англамайдилар-ми, демак, унинг муқаддаслигини ҳис қила олмай-дилар. Тилга олганимиз, Ғарбдаги «эркин муҳаббат», қўполроқ айтилганда «эркин жинсий ҳаёт» ғоясига қарши биз нимани қарши қўя оламиз? Никоҳ ўкиётган домла ёки никоҳни расмий рўйхатдан ўтказувчи идора ходими икки ёшга зино ва унинг оқибати ҳақида ҳеч гапирадими? Йўқ!

Кўз зиноси, қулоқ зиноси… деган тушунчаларни ёшларга ким ўргатади? Радио ёки телевизорда беҳаё ашулаларни тинмай айлантиришади: бири «Тегаман!» деб ҳайқиради, бири «ачом-ачом қиласизу, аммо хиё-нат ҳам қилиб турасиз», деб нозланади. Яна бири:

«Бировнинг ёрини олдим омонат», деб мақтанади ва ҳ.к. Ғарб қўшиқлари-чи? Булардан беш баттар! Кўп ота-оналар чет тилларни билмайдилар, аммо қўшиқларни берилиб тинглаётган ёшлар биладилар. Чет қўшиқларда беҳаёлик ва аҳмоқликни таърифлашга сўз ожиз! Мана шулар бугунги тарбиямиз! Яна эротик тарбия деган балолар ҳам бор…

— Эй кўнгил! Бу манзараларни кўриб ичингни маъюслик қопламайдими? «Сен ҳам одамсан-ку! Шу ахлоқсизлик тўфонини тўхтатиш сенинг зиммангда йўқми? Шуларни кўра-била туриб хотиржам виждон билан яшаяпсанми?!

Кўз зиносини яхши тушунмаганларнинг Сўфи Оллоҳёр сўзларига эътибор беришларини истар эдик:

Кел, эй мўмин агар тарсанда бўлсанг,
Кўзингни сақлағил ҳар қанда бўлсанг.

Дейилмоқчики, эй мусулмон, кўнгил бериб ваъ-зу насиҳатни эшит. Қаерда бўлсанг ҳам, Аллоҳдан қўрқсанг, кўзингни бегона хотинлардан сақлаб, уларга қарамагил.

Қавий бўлсин ҳамиша нуқтайи чашм,
Мабодо қолмағай боло тушиб хашм.

Дейилмоқчики, кўзингнинг нуқтаси маҳкам бўлмай, тушиб хашм бўлиб қолмасин. Бу ўринда «чашм» ва «хашм» сўзларида ўйин бор. Байтнинг маъноси эса бундай: кўз қорачиғинг кучли бўлсин, яъни номаҳрам аёлга қарамасин. Йўқса, Аллоҳ таолонинг ғазаби келур.

Назар қилғунча, э нафси маъйуб,
Тушуб кўз нуқтаси кўр бўлғани хўб.

Бу байтда ҳам «кўз» ва «кўр» сўзларининг ўйини бор. Маъноси — номаҳрам хотинга қараган кўзнинг кўр бўлгани яхши.

Ҳазрати Сўфи бу масалага кўп ўрин ажратганлар. Биз «Саботул ожизин»га шарҳ ёзган Тожуддин Ёлчиқулнинг насрий баёнидан фойдаланишни маъқул кўрдик:

«Назаринг ҳамиша оёқ остида бўлса, саодатли бўларсан. Аммо номаҳрам аёлларга кўз қаратсанг, Қиёмат Кунида ўкинчда қоларсан. Кўз қонли бўлса ҳам, номаҳрамларга қарамаса, бу кўз ҳақиқий кўздир. Бундай кўз хатарли ерга, яъни номаҳрамларга қараган соғ кўздан яхшидир. Аллоҳ таолонинг азобидан қўрқиб номаҳрамларга боқмайдиган кўз қандай яхшидир! Аммо шундай бўлмаса, кўзнинг косасидан чиққани дуруст. Шундай экан, номаҳрамлардан кўзингни юм, эй Аллоҳ таолодан қўрқувчи инсоннинг фарзанди! Имоми Аъзам ҳазратлари (раҳматуллоҳи алайҳ) юмганлари каби юм. Абу Ҳанифа (р.а.) ҳазратлари кўркам йигитларга кўзлари тушмаслиги учун уларни орқаларига ўтирғизиб сабоқ берар эмишлар. Сен юрагим тоза бўлгани учун номаҳрамларга қарасам зиёни йўқ, деб лоф урма. Чунки имоми Аъзам (р.а.) каби эмассан. Зеро, ул зот шундайин сўфийликлари билан йигитларга суқланиб қарашдан сақланганлар. Инсоф юзасидан айтганда, сен қанчалар собир ва сўфий бўлсанг- да, унингдек эмассан. Сен номаҳрамлар юзига қарамоғингни қўймас экансан ва қарашда давом этаркансан, билгилки, шайтон сабрингни узиб, ихтиёринг жиловини қўлига олиб, ўзингни зинога бошлар.

Бас, шундай экан, эй инсонлар, наҳот гуноҳ нарсаларга қарайсиз?! Зероки, номаҳрамларнинг юзлари нақадар гўзал бўлса- да, улардан қанчалар лаззат олинса-да, буларнинг бари фонийдир. Шундай экан, нима учун жонингизга зулм қилиб, ўзингизни ўзингиз жаҳаннам ўтига соласизлар?

Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз алайҳиссалом орқали биз, мўминларни номаҳрам аёлларга назар солишдан қайтариб, дейди: «(Эй Муҳаммад), мўминларга айтинг, кўзларини (номаҳрам аёллардан тикишдан) тўссинлар ва авратларини ҳаромдан сақласинлар! Мана шу улар учун энг пок йўлдир» ( Нур сурасидан). Бу амр аёллар учун алоҳида таъкид этилади: «Мўминаларга ҳам айтинг, кўзларини номаҳрам эрларга тикишдан тўссинлар ва авратларини ҳаромдан сақласинлар». Маълумингизки, кўп ҳолларда Аллоҳ таоло бандаларига умумий тарзда «Эй имон келтирганлар», тарзида хитоб қилади. Бу ўринда аёлларга алоҳида амр этилиши бу масаланинг нақадар муҳимлигига далолатдир. Бу қайтариқда қалб тозалиги, нафс софлиги, ният холислиги, амал мақбуллиги мавжуд.

Кўзни ҳаромдан тийиш дегани эр киши аёлнинг қорасини, аёл эрнинг қорасини кўрмасин, дегани эмас. Балки ҳожатдан ташқари назар ташламасин, бир номаҳрамга кўзи тушса, назарини дарҳол бошқа томонга олсин, тикилиб қолмасин, деганидир. Чунки бегона аёлга назарнинг давомий бўлиши шаҳвоний ҳисларни уйғотади.

Набий алайҳиссалом: «Одамлар ўтадиган йўлда ўтирманглар», дедилар. «Ё Расулаллоҳ, ахир биз у ерда суҳбатлашиб ўтирамиз-ку?» дейишди. «Унда йўлнинг ҳақини бериб ўтиринглар», дедилар. «Йўлнинг ҳақи нима?» деб сўрашганида «Кўзни бегона аёлларга қарашдан тийиш, бировга озор бермаслик, саломга алик олиш ва яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтаришдир», дедилар.

Демак, йўлда ўтирган одам энг аввал югурик кўзини номаҳрамларга тикишдан тиймоғи лозим. Энди, агар кўз беихтиёр ҳаром нарсага тушиб қолса-чи? Бу ҳақда шарафли ҳадисда дейиладики: «Эй Али, бир қарашга иккинчи қарашни эргаштирма! Зеро, биринчиси сеники, иккинчиси сеники эмас (яъни гуноҳ)». Тасодифий нигоҳда гуноҳ йўқ экан. Йигит уйланмоқчи бўлган қизга қараши мумкин. Муғира ибн Шўъба (р.а.) бир қизга уйланмоқчи бўлганларида Рисолатпаноҳ (с.а.в.) «Қизни кўрдингми?» деб сўрадилар. У зот «йўқ», деб жавоб берганларида. «Уни кўр», шунда ораларингда яқинлик ҳосил бўлади», — дедилар.

Динимизда номаҳрам эр-аёлни бир-бирига қарашдан қайтарилибгина қолмай, бу амрга бўйсунганларга савоб ва мукофотлар ҳам ваъда қилинган. Ҳадиси қудсийда бундай дейилган: «Номаҳрам аёлга қараш шайтоннинг заҳарли ўқларидан биридир. Ким Мендан қўрқиб, у назарни тарк этса, эвазига шундай имон бераманки, унинг ҳаловатини, албатта, қалбида топади». Ҳаромдан тийилган назар учун берилажак энг катта неъмат, шубҳасиз, Қиёматда бўлади. Расулуллоҳ (с.а.в.) дедилар: «Ҳар бир кўз Қиёмат Куни, албатта, йиғлайди. Фақат Аллоҳ таоло ҳаром қилган нарсалардан бурилган кўз, Аллоҳ таоло йўлида тунлари бедор бўлган кўз ва Аллоҳ таолодан қўрқиб, пашшанинг бошидек ёш тўккан кўз йиғламайди».

Кўзни ҳаромдан тийишда Расулуллоҳ (с.а.в.) биз учун энг яхши намунадирлар. Ул зот чимилдиқдаги келиндан ҳам ҳаёлироқ эдилар, бировнинг юзига тикилиб турмасдилар…

Беихтиёр кўзингга номаҳрамнинг юзи тушса, зинҳор, унинг юзига иккинчи бор қарама. Биринчи қараганинг ихтиёрсиз бўлгани учун гуноҳдан эмас. Агар яна билиб қарасанг, унда гуноҳга ботарсан. Чунки иккинчи қарамоқда шаҳват хатари бордир. Мўътабар китоб «Ниҳойа»да дейилмишки, кимки бир номаҳрам хотиннинг юзига шаҳват тариқи билан қараса, қарагувчининг кўзига эриган қўрғошин қуярлар. «Ширъатул ислом» китобининг соҳиби ёзмишки, ҳар кишики, номаҳрам хотин билан сўз ўйнашса, у киши айтган ҳар сўзи учун минг йилгача дўзахда қолади. Яна ўша китобда битилдики, номаҳрам билан зино қилинса, зинокорлар Қиёмат Куни одил ҳукм қилиниб шайтон билан занжирбанд этилиб, дўзахга ташланарлар. Шайтони лаъинки, ўта душмандир. Бояги зиночи ўша шайтон билан бирга дўзахга кирар.

«Фатавойи хулоса», «Хизонатул фатаво» ва «Шарҳи аврод» китобларида бундай ёзилган: бир ёш хотин номаҳрам бўлса, унга салом бермоқ ҳаромдир. Ўша ёш хотин салом берса, унга жавоби салом қилмоқ ҳаромдир. Чунки у ёш хотиннинг овози авратдир. Шунинг учун эшиттириб айтган сўзи ҳаром бўлади. Демак, ул ёш хотиннинг овози аврат бўлса, у билан сўзлашмоқлик раво кўрилмас. Хуллас, эй одамлар, Аллоҳ таолонинг ғазабидан қўрқсангиз, номаҳрам хотинлар томон қарашдан сақланинглар, номаҳрамларга кўз қаратманглар. Номаҳрам аёл сари қарагандан кўра, шу кўзларингга ниш санчганлари яхшидир. Бу дунёнинг даврони бир замон келиб ўтар, аммо Қиёмат давронидан омон қолмоқ йўқдир. Чунки, Қиёмат Куни жуда шиддатли бўлади. Гуноҳи бор кишининг боши қуйи бўлади. Қиёматда баъзи кишилар юзларини қора қилгудек гуноҳларини яширмоқ истасалар, қўл ва оёқлари гуноҳларидан хабар берурлар. Зероки, ул Кунда Аллоҳ таоло оғизларга муҳр урар. Сўзлаша олмаслар. Гувоҳликни қўлу оёқлари қилурлар. Қиёмат Кунида барча аъзоларинг бизларни нима учун ҳаромга ишлатдинг, дея даъво қилурлар ва ота- онанг гуноҳларингни айтиб, халқ олдида шарманда қилурлар. Ўша Кунда бутун жисминг гуноҳларинг хусусида беҳисоб даъволар қилади. Шунда сен пушаймон бўларсан. Аммо бу пушаймонлардан фойда бўлмас. Чунки ўкинч ери бу дунёдир, охират ери эмас.

Сўфи Оллоҳёрнинг бу ҳикматларини бир ўқигач, фикр қилиб, яна қайта- қайта ўқилса фойдалидир. Ўқиб, амал қилинса оқибат янада хайрли бўлар.

Кейинги йилларда «Одам савдоси» деб аталган жиноят тури юзага келди. Яъни, қулликнинг янги кўриниши яратилди. Бунда эрлар қул каби ишлатилса, қиз- жувонлар фоҳишаликка тортиладилар. Хорижга бориб фоҳишалик қилиб келганлар афсусланиб «мени алдаб олиб кетишди», дейишяпти, ўзларини оқлашяпти. Бунга кўпам ишонмайман. Ахир улар конфет бериб қўлларидан етакласа, индамай кетаверадиган кичкина қизалоқ эмас-ку! Миллат номини булғаётганлари учун мен бундайлардан нафратланаман! Шунақа фоҳишалардан бири Москва телевидениесида Инжилдан мисол қилиб гапириб: «Сен ўзингни ўзинг кечира олсанг, Парвардигор ҳам кечиради», дейди. Во, ажаб! Булар Инжилни ҳам билишади- я!!

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти маълумотига кўра, МДҲ, Марказий ва Шарқий Европа мамлакатларидан Ғарбий Европа ва АҚШга бир йилда бир миллионга яқин қиз- жувонлар «экспорт» қилинар экан. Италиялик эксперт Гианпиэро Кофано ўз мамлакатидаги фоҳишабозлик муаммосини таҳлил қила туриб, дейди: «Мен бир сиёсатчидан нега мамлакатдаги ноқонуний инсон савдоларига қарши дастур билан чиқмайсиз?» — деб сўрадим. У эса: «Ҳозир Италияда ўн миллионга яқин эр хорижлик фоҳишалар хизматидан фойдаланади. Мен сайловларда ўн миллион овозни ўзимга қарши қўйишни истамайман», — деб жавоб берди». Бу ҳолатга изоҳнинг ҳожати йўқдир?

Бир йигит фоҳиша билан савдолаша туриб: «Яқинда уйланаман, шунгача ўзимни синаб олай (аниқроғи: «Практика» қилиб олай»), дебди. Қаранг, никоҳнинг муқаддас чимилдиғига пок ҳолда кирмай, бузуқлик балчиғига беланиб киришни унга ким ўргатди экан?! Эҳтимол, кўп ёшларимиз Нур сурасидаги бу ояти каримани билмаслар: «Зинокор эр фақат зинокор ёки мушрика аёлга никоҳланур. Зинокор аёлга фақат зинокор ёки мушрик эр никоҳланур. Бу мўминларга ҳаром қилинмишдир». Азизлар, буни билмаган ёшларга албатта билдириб қўйинг. Мазкур оятга кўра, « практика» қилган йигит зинокордир ва унга ўзи каби бузуқ аёл мосдир. Агар Европага қарасак, мазкур оятнинг амалдаги кўринишига гувоҳ бўламиз. У томонларда бокира қиз билан покиза йигитнинг никоҳи камёб ҳодиса бўлиб қолган. Куёв ва келин никоҳга қадар зино қилганлар ва бу жиҳатдан бир- бирларига мос.

Саодат асрида Расулуллоҳ (с.а.в.) асҳоб ила суҳбатда эдилар. Бир йигит кириб келиб, одобсизлик билан:

— Ё Расулаллоҳ, мен фалончи аёл билан яқинлашмоқчиман, у билан зино қилмоқ истайман, — деди.

Асҳоби киром бу муомаладан ранжидилар. Улар орасида ғазабланганлар, ҳаёсиз йигитни уриб-суриб Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳузурларидан чиқариб ташлашни қасд қилганлар ҳам бўлди. Баъзилари эса дўқ қилдилар. Суюкли Пайғамбаримиз (с.а.в.) ғазабдагиларни тийдилар, «Йигитга тегманг, бери келсин», дедилар. Йигит яқин келиб, тиз чўкиб ўтирди. Пайғамбаримиз (с.а.в.) унинг тиззасига ўзларининг муборак тиззаларини теккизиб ўтирдилар ва дедилар:

— Йигит, бировнинг онанг ила бундай ёмон иш қилишини истайсанми? Бу жирканч ҳаракат сенга хуш келадими?

Йигит шиддат билан: «Йўқ, Расулаллоҳ!» деб хитоб қилди.

Яна дедилар:
— Ундай бўлса, бу жирканч ишни қилганинг аёлнинг авлодлари, яқинлари ҳам бундан қувонмайдилар. Агар бу хунук ишни сенинг онанг, синглингга қилсалар яхшими? Ёки холанг, амманг ёки қариндошларингдан бири ила шу ишни истасалар яхши кўрасанми?

Бу саволдан сўнг йигит ўрнидан сапчиб туриб кетиб: «Йўқ!» — деб бақириб юборди. Расулуллоҳ (с.а.в.) дедилар:

— Бошқа одамлар ҳам бу ишдан хурсанд бўлмайдилар ва ҳеч бири буни яхши кўрмайди. Айт, синглингга шундай қилсалар суюнасанми?
— Йўқ, асло!

Шундан кейин ҳазрат Пайғамбаримиз муборак қўлларини йигитнинг кўкрагига қўйиб бундай дуо қилдилар:
— Аллоҳим! Сен бу йигитнинг қалбини покиза қил. Номуси ва шарафини муҳофаза айла ва гуноҳларини кечир.

Йигит Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳузурларидан қувонган ҳолда чиқди.

Қаранг, азизлар, Расуллулоҳнинг (с.а.в.) бу иршодларида бизлар учун қандай гўзал мисол бор! Расулуллоҳ (с.а.в.) яна: «Хотинларингизнинг номусли бўлишини истасангиз, бошқаларнинг хотинларига ёмон кўз билан боқмангиз», деб амр этганлар. Бировнинг номусини қадрламаган кимсада номус йўқдир. Номусли одам бошқаларнинг номусини ҳам муқаддас деб билади. Ҳеч кимсанинг номусига ёмон кўз билан олайиб қарамаслик керак. Ақлли одам бўлмоқ лозим. Номуссизлик инсон ақлини йўқотади. Инсонни тўғри йўлдан адаштиради.

«Кўп ҳолларда инсон шаҳватга бўйин эгади. Ақл ўз идорасини унга топширади. Натижада, шаҳват қутуриб, бузуқликларга бошлайди. Риёзат билан шаҳватни мўътадилликка ўргатиш мумкин». Ғаззолий ҳазратларининг бу фикрларини кўп олимлар маъқуллайдилар. Инсоннинг адашишига ундаги шаҳват ўтини сабаб қилиб кўрсатадиларки, бу масалани четлаб ўтсак бўлмас. Расулуллоҳ (с.а.в.) дедилар: «Сиздан энг хавотирланиб қўрққан нарсам — қоринларингиздан ва белингиздан қуйида бўладиган шаҳват ва фитналардир».

«Мен сизларнинг аёллар фитнасига учишингиздан кўпроқ хавотирдаман, — дедилар Муоз ибн Жабал ( р.а.). — Улар олтин ва кумуш билагузуклар тақиб, Шом ва Яманнинг юпқа, безаквор кўйлакларини кийиб, бойни чарчатиб қўюрлар, камбағални эса тополмаган нарсаларини топишга мажбур этурлар».

Абу Яҳё Варроқ дебдиларки: «Кимки аъзоларини шаҳватлар билан тўлдирса, билсинки, қалбига афсус ва надомат уруғини эккан бўлади». Чунки энг ёмон қуллик — шаҳват қуллигидир. «Нон бўлатуриб, яна қўшимча егуликларни исташ шаҳватдир, — дейдилар Ваҳиб ибн Вард. — Кимки дунё шаҳватларини севса, хорликка ҳозирлигини кўраверсин». «Жаннатга муштоқ киши бу дунёда шаҳватларини унутади», дейдилар ҳазрати Али ибн Абу Толиб (р.а.).

Иброҳим Хавос бундай ҳикоя қиладилар:

«Бир куни Луком тоғида ҳосилга кирган анорларни кўриб қолдим. Егим келиб, биттасини уздим. Ёриб қарасам, анор ҳали хом экан, ташлаб юбордим. Шунда чеккароқда оч ва юпун ҳолда ётган, устида пашшаю арилар ғужғон ўйнаётган бир одамга кўзим тушиб, салом бердим. «Ва алайкум ассалом, эй Иброҳим», — деди у.

— Мени қаердан танийсан? — деб сўрадим.
— Улуғ ва қудратли Зотни таниган одамга ҳеч нарсадан хавф йўқ, — деб жавоб берди.

— Сенда улуғ ва қудратли Зотга суюкли бир ҳолни кўряпман. Аллоҳ таоло сени арилардан ҳимоя қилишини нега сўрамаяпсан?
— Мен ҳам сенда Аллоҳ таолога суюкли бир ҳолни кўряпман. Нега Аллоҳ таолодан анорга бўлган шаҳватдан сени тийишни сўрамадинг? Ахир, анорнинг « чақиши» арининг нишидан шиддатлироқ- ку! Негаки, арининг чақишидан етган оғриқ бу дунёда тугайди, анорники эса охиратда ҳам давом этади, — деди у».

«Шаҳват» дейилганда фақат жинсий муносабатга алоқадор тушунчалар эмас, балки дунёга боғлиқ барча истак ва иштаҳалар назарда тутилади. Сўз кўпроқ кадхудолик (уйланганлик, уй-рўзғор эгаси) рағбати, жинсий алоқага рағбат маъносида ишлатила-ди. «Шаҳвати нафсоний» — «нафс шаҳвати» демакдир. «Шаҳватпараст — нафсға зердаст», дейдилар Навоий ҳазратлари.

Байт:
Ғазабда сабуъ (ваҳший), шаҳват ичра баҳим (ҳайвон),
Агарчи эрур одамизода шайх.

Кўзлар фақат гўзал нарсаларга назар ташлашга қанчалик одатланмасин, нигоҳни ҳалол бўлмаган нарсаларга қарашдан тиёлмайди. Бошқа шаҳватлар ҳам шунга ўхшайди. Ҳалолни исташи мумкин бўлган аъзонинг айни ўзи ҳаромни ҳам хоҳлаши мумкин. Шаҳват, яъни истак бир хилдир. Банданинг вазифаси шаҳватни ҳаромдан тийиш. Кимки шаҳватни зарурат чегарасида юришга ўргатмаса, шаҳват ундан ғолиб келади. Бу мубоҳот (яъни, рухсат бор, деб ҳар қандай амални қилавериш) офатларидан бири бўлиб, унинг ортида бундан ҳам каттароқ балолар бор. Бу балолардан бири — нафснинг дунёдан лаззат олиб, хурсанд бўлиши, дунёга суяниб қолиши, дунё билан гердайиб, ўзини хотиржам тутиши. Бундай одам гўё кайфи тарқамаётган мастга ўхшайди. Мол- дунёга қувониш шундай ҳалокатли заҳарки, унинг йўли томирларда. Бундай «қувонч» билан заҳарланган қалбни Аллоҳ таоло ғазабидан қўрқиш ҳисси, охират ғами, ўлим қайғуси, Қиёматнинг даҳшатли манзаралари тарк этади. Бу эса қалбнинг ҳалокатидан далолат.

Ғаззолий ҳазратлари дедиларки, шаҳват — табиий зарурат. Унинг яратилишидан муайян фойда кўзланган. Агар таомга бўлган иштаҳа бутунлай сўнса, инсон ҳалокатга юз тутади. Агар шаҳвоний истак кесилса, насл қирқилади.

Модомики, инсон табиатида шаҳват мавжуд экан, албатта, мол-дунёга муҳаббат йўқолмайди. Бу муҳаббат ўз навбатида инсонни янада кўпроқ шаҳватга етаклай-ди. Ҳатто мол-дунё тўплашга ундайди. Мақсад — бу туйғуларни батамом йўқ қилиш эмас, балки уларни мўътадил бир ўзанга буриш. (Шаҳват қувватининг гўзал ва мўътадил бўлишидан иффат ҳосил бўладиким, бу ҳақда яна сўз юритармиз, инша Аллоҳ.) Шаҳват бамисоли овга миниладиган от. Баъзан тарбия кўрган — ювош, баъзан асов ва қайсар… Агар шаҳват мўътадил ҳолатдан ошса — очкўзлик, пасайса — фаолиятсизлик бошланади.

Шаҳват қувватининг гўзал ва муносиб шаклда бўлиши ҳикмат тақозоси остида, яъни шариат ва ақл кўрсатмаси доирасида бўлиши билан белгиланади. Исо алайҳиссалом айтдилар: «Кўз кўрмаган, ғойибда ваъда қилинган нарса учун шундай ёнидаги шаҳватни тарк қилган киши қандай гўзал!» Зеро, тан гўзаллигига шайдолик шаҳватга, дин гўзаллигига шайдолик ҳақиқатга элтади. Киши худди эртага ёки бир неча соатдан кейин ўладиган каби аъзоларини ҳаромдан қўриқлаши керак.

Ақл эгалари қалбларини шод-ҳуррам ҳолатда дунёга машғул қилиш билан синайдилар. Шунда улар қалбларини дунё лаззатларидан тийишга, шаҳватлардан сақланишга, сабрга ўргатадилар. Улар билишади, дунё шаҳватларининг ҳалоли учун ҳисоб, ҳароми учун азоб, шубҳалилари учун итоб (танбеҳ) бор ва итоб ҳам, аслида, азобнинг бир тури.

Ёввойи, ваҳший лочин қўлга қандай ўргатилса, шаҳватлар ҳам шу йўсинда тарбия қилинади. Аввало лочин қоронғи уйга қамалади. Ҳавода учиб юрган қушларга ташланиш истаги босилгунча кўзлари беркитиб қўйилади. Шу тарзда лочин ўзининг ёввойи табиатини унутиб, қўлга ўргана боради. Эгасини танийдиган бўлади, чақирса келади.

Шунингдек, нафс ҳам то хилват ва узлат билан ўзининг ёввойи одатларидан озод бўлмагунича эгасига дўст бўлолмайди. Бунинг учун қулоқ ва кўзни ғийбат, кўз зиноси каби ёмон одатлардан сақламоқ лозим. Сўнгра хилватда зикр ва дуо билан машғул бўлинади. Аста-секин нафснинг дунё ва бошқа шаҳватлар билан улфат тутиниши сўниб, бунинг ўрнини Аллоҳ таолонинг зикрига муҳаббат эгаллайди. Бошланишида бу ҳолат кишига оғир келгандай туюлади. Кейинроққа бориб бамисоли она кўкрагидан ажратилган гўдак каби лаззат ола бошлайди. Биласиз, болани кўкракдан ажратиш қийин. Кўкракни қўмсайди, талпинади, йиғлайди. Энг тотли таомдан ҳам юз ўгиради. Лекин бу ҳол уни чарчатади, очлик ғолиб келади ва таомни мажбуран ейди. Бора-бора таом ейиш унинг табиатига айланади. Шундан сўнг болага кўкрак тутилса, юз буради.

Миниладиган ҳайвон ҳам бошида эгардан, жиловдан қочади. Мажбуран боғлаб қўйиб, уни эгар-жабдуққа ўргатилади. Ўрганганидан кейин эса жилов ва арқонсиз ҳам жойида тураверадиган бўлади. Нафс ҳам қуш ва ҳайвон каби тарбияланади. Нафс тарбияси, аввалги суҳбатларда фикрлашганимиздек, дунё неъматига, умуман, ўлим келиши билан йўқ бўлиб кетадиган ҳар қандай нарсага назар қилиш, уни дўст тутиш, ундан шодланиш каби иллатлардан сақланиш билан амалга оширилади.

Мавзуни ақлимиз етганича якунлаб, дуога қўл очишдан олдин сизга, айниқса, ёшларимизга айтадиган яна бир гапимиз бор: ярамас, бузуқ ишларнинг эшиклари саноқсиздир. Ҳушёрлик, сезгирликни сира ҳам қўлдан берманг. Эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилмасангиз, бузуқ йўлларга кириб кетганингизни ўзингиз ҳам сезмай қоласиз. Эҳтиётсизлик — шайтонга асир бўлишдир!

Энди дуо қилайлик:

— Ё Аллоҳ! Бизларни Сени кўп зикр килувчи, Сенга кўп шукр килувчи, Сендан кўп кўркувчи, Сенга кўп итоат этувчи, кўп бўйсунувчи ва кўп тавба килиб, номус ила яшовчи кил. Қалбимизни ҳидоят кил. Қалбидан номуссизликка ўрин берган бандаларингни шайтон йўлидан куткар. Шайтон ҳийлалари устидан барчаларимизга нусрат-ғалаба бер. Ё Аллоҳ, сендан поклик ва номус сўраймиз. Номуссизлик килишдан Сендан паноҳ тилаймиз. Ё Аллоҳ, бизларни паноҳингда номусимиз ила сакла ва беномуслик туфайли эл аро шарманда бўлиб колишдан асра! Омийн, йа Раб ал-оламийн.

099

SEVGINING JONI
Tohir Malik
032

   Siz Rossiya televideniyasini ko’rasizmi yo yo’qmi, bilmayman, lekin ularda ko’p bema’ni, hatto ahmaqona suhbatlar bo’lib turadi. Shulardan birida («Pust` govoryat» — «Mayli, gapirishsin») «qiz bolaning turmushga chiqishidan oldin nomusli holda bo’lishi shartmi?» degan mavzuda bahs yuritildi. E’tibor beryapsizmi, bahs yuritildi. Chunki studiyaga to’planganlarning yarmi «shart emas», degan ahmoqona to’xtam tarafdorlari edilar. «Ahmoqona» deb qo’pollik qilishimiz boisi — agar qiz bolaning turmushga chiqishidan oldin nomusli holda bo’lishi shart bo’lmasa, Alloh uni bokira qilib yaratmas edi.

Yana boshqa bir ko’rsatuvda xotinlarni urish masalasi ko’rilayotganda «xotinlar nomus bilan yashasalar erlar urmaydilar», degan fikr o’rtaga tashlandi. Ko’rsatuvni olib borayotgan xonim bu fikrga qarshi chiqqanida ishtirokchilardan biri unga «qizingizni bokira holida uzatish baxtidan quvonmaysizmi?» deb so’radi. Xonim «men uchun bu shart emas, men uchun qizim yigitni sevsa bas», dedi. Shunda bahslashayotgan yigit «bu ko’rsatuvda ishtirok etishdan hazar qilaman», deb chiqib ketdi. Qolganlar esa uni malomat qilishdi.

Odobni nomusdan, nomusni esa odobdan ajratib bo’lmaydi. Basharti, unisi ham, bunisi ham nuray boshlasa va yemirilsa, ko’rkam oila binosi yiqiladi, qadrsizlanadi va endi nafratdan bo’lak hech bir tuyg’u uyg’onmaydi.

Nafratga loyiq bu voqeani eslash, ayniqsa bayon qilishdan o’zim ham g’ashlanyapman. Chunki Xudoga shukr, bizda bunday muammo yo’q, bunday bema’ni bahslar yo’q. Lekin afsuski, shu fikrdagi ayrim odamlar topiladi. Vaqti kelganda ular ham vaysab qolishlari ehtimoli borligi uchun ogohlantirish maqsadida mavzuni shundan boshladim, aybga buyurmaysiz. Shoir Ma’ruf Jalil aytmoqchi:

Ota-ona mehrisiz ham yashamoq mumkin,
Ammo mumkin emas, nomussiz yashash.

Nomus inson qalbidagi butkul ehtiroslarning eng ko’rkami bo’lmish sevgining jonidir. Ha, eng asl go’zallik — nomusda. Inson aqlining poydevori ham nomus. Nomus tuyg’usi tug’ma bo’ladi. Shu uchun xalqda «nomusingni bolaligingdan boshlab asra», degan hikmat bor. «Qon bilan kirgan — jon bilan chiqadi», deganlaridek, nomus ota-onadan o’tuvchi fazilat. Ota-ona pokiza bo’lsa, farzand ham nomusli hayot yo’lidan boradi. Ota yoki ona etagiga nomussizlik balchig’i sachragan bo’lsa, uning dog’i farzand hayotida ham aks etadi.

Nomusni o’ziga fan qilgan bandasini Alloh taolo qo’llaydi…

Bir gapni afsus bilan aytishim shart: keyingi paytda odam savdosi haqida, fohishalar haqida gapirilyapti. Ba’zilar buni iqtisodiy qiyinchilik bilan bog’lashga urinishyapti. Buzuqlikka iqtisodiy kamchilik sabab emas, balki ma’naviy qashshoqlik sabab. Bu rivoyatni o’qiganlar, fikrimga qo’shilishsa kerak, deb umid qilaman:

Bir obid nihoyatda faqir yashar edi. Shunday bo’ldiki, uyda yeyishga bir tishlam ham non qolmadi. Bolalari ochlik azobiga chidayolmay yig’layverdilar. Ochlikdan obidning ham sillasi qurigan edi. Hatto ko’chaga chiqib tilanishga qurbi yetmay qoldi. Uning o’rniga xotini chiqdi. Bir kishidan non tilagan edi, u noinsof «Ey nozanin, agar taningni menga baxsh etsang, senga so’raganingni berurman», dedi. Bu talabdan g’azabga kelgan xotin vujudi titragan holda uyiga qaytdi. Onaning quruq qo’l bilan qaytganini ko’rgan bolalar yana nola qila boshladilar. Farzandlarining o’lar holga kelganiga chidolmagan xotin yana ko’chaga chiqdi. Yana tilandi. Uning husniga mahliyo bo’lgan kishi nafsi talabini aytdi. Xotin undan yuz o’girib, yana bir odamga borib tilangan edi, yana o’sha behayo talabni eshitdi. Bas, nochor xotin rozi bo’ldi. Xilvat joyga borganlarida a’zoi badani titroqdan larzaga keldi. U odam «Ey nozanin, nega titrayapsan?» deb so’radi. «Bu gunohni qilmakka Xudodan qo’rqib vujudim larzaga kirdi», dedi xotin. Bu gapni eshitib, u odamning vijdoni uyg’ondi. «Ey xotin, shunchalar faqir bo’lsang ham sen Alloh taolodan qo’rqyapsan. Bas, menga bu qadar ne’matlar bergan Alloh taolodan mening ham qo’rqishim zarurdir», deb gunohdan qaytdi va xotinga ko’p ne’mat hadya etdi.

Bu rivoyatning bir necha xulosasi mavjud. Birida «u kishi Xudodan qo’rqib nafsini tiygani uchun barcha gunohlari kechirilgan» deyiladi. Yana bir xulosaga ko’ra, bechora xotin uning haqqiga duo qilib: «YO Alloh, bu bandang nafsini tiyib qo’lini badanimga yetkazmagani uchun gunohlarini kechir va uning qo’llarini ikki dunyo olovlaridan asra!» deb iltijo qilgan ekan. Duo ijobat bo’lishi natijasida u kishi cho’g’ni kaftiga olsa ham kuymas ekan…

Kishi o’z nomusini asrashga mas’ul bo’lgani holda o’zgalar nomusiga daxl qilishga haqsizdir. O’zgalar nomusiga daxl yoki tajovuz qilish deyilganda faqat qizlarni zo’rlashgina nazarda tutilmaydi. G’iybat yoki tuhmat qilish ham nomusga tajovuz hisoblanadi. Payg’ambar muhtaram (Allohning salomi yog’ilsin) bu xususda marhamat qildilar: «Musulmonga musulmonning qoni, moli va nomusi haromdir». Ya’ni: Musulmon uchun musulmonning qonini to’kishi yoki molini o’zlashtirib olishi harom bo’lganiday (Alloh taolo tomonidan qat’iy ravishda taqiqlanganiday), uning nomusiga tegish ham haromdir. G’iybat to’ri nomusni ham o’z ichiga oladi. Nomus jon va molga qasd etish qatorida zikr etilishi bejiz emas. Anas (r.a.) rivoyat qilgan hadisda Rasululloh (s.a.v.) dedilar: «Me’roj kechasi bir to’da kishilarga duch keldim. Tirnoqlari bilan yuzlarini timdalardilar. «Ey Jabroil, kimlar bular?» deb so’radim. Jabroil: «Bular — insonlarni g’iybat qilganlar, insonlarning or-nomuslariga til tekkizganlar», dedi». (G’iybat illatiga doir alohida suhbat qilish niyatimiz borligi uchun bu mavzuni shu o’rinda muxtasar qilamiz.)

Nomusning or (uyat) va qadr tushunchalariga ham ma’nodoshligi bor. Shuning uchun «or-nomus» atamasini uchratib turamiz. «Or-nomus» ko’pincha er-yigitlarga nisbatan qo’llaniladi. Oilani, Vatanni, do’stni… himoya qilish — er-yigit uchun or-nomus sanaladi. «Er yigitga ikki nomus — bir o’lim», degan maqol bor. Buning ma’nosi — yigit o’z joni huzuri uchun nomusini parchalaydigan bo’lsa, uning uchun o’lim afzalroq, degani.

Bedov ot tuyog’idan toyilarmi?
Mard yigit to’g’ri yo’ldan qayrilarmi?
Nomusi, oriyati bor yigitlar
Aqcha deb tuqqanidan ayrilarmi?

Bu xalq qo’shig’iga izohning hojati yo’qdir.

Rivoyatda bayon qilinishicha, bir tanbal ilon ovga chiqishga erinib, tirikchilikning oson yo’lini izladi. Makr-hiyla yo’li bilan bo’lsa-da, qorin to’yg’azishni o’yladi. Qurbaqalari ko’p bo’lgan ko’l qirg’og’iga sudralib kelib, cho’zilib yotib oldi. Uning bu ahvolidan ajablagan bir qurbaqa yaqin kelib:

— Senga nima bo’ldi? Nega shashting past? — deb so’radi.
— Dunyoda mendan ham baxtsizroq bir mahluq bormikin? — dedi ilon afsus bilan vishillab. — Shunday bir kasallikka yo’liqdimki, endi qurbaqalarning o’zlari og’zimga kirsalar ham yuta olmayman.

Qurbaqa bu yangilikni o’z podshohiga yetkazdi. Podshoh ham taajjublanib, ilonga yaqin keldi da, kasalligi sababini so’radi.

— Bir kuni qurbaqani tutmoqchi bo’lib quvladim. Qurbaqa bir zohidning uyiga kirib ketdi. Izidan kirdim. Uy zimiston qorong’i edi. Zohidning o’g’li uxlab yotganini sezmabman. Qurbaqani yutaman, deb uning barmog’ini tishlab uzib olibman. Bola o’sha zahoti o’ldi. Zohid esa meni la’natladi: «Iloyo, sen shunday bir kasallikka yo’liqqinki, qurbaqalar podshosi ustingga minib, gashtini suradigan bo’lsin. Qurbaqalar podshosining o’zi in’om qilmagunicha qurbaqa yutolmagin!» deb qarg’adi. Endi bu yerga zora podshoh ustimga minarmikin, degan umidda keldim.

Qurbaqalar podshohiga bu gap ma’qul keldi. O’zining shunday bir sha’n- shavkatga, sharaf va hurmatga loyiq bo’lganligidan shod bo’ldi va ilonning ustiga minib olib, kerilganicha sayrga jo’nadi. Bir ozdan keyin ilon to’xtadi:

— Podshohim, omon bo’lsinlar, sizni rohatbaxsh sayr qildirishim uchun menga kuch kerak. Kuchga kirishim uchun esa taom kerak.
— To’g’ri aytasan, har kuni senga ikkitadan qurbaqa in’om etaman, — dedi podshoh.

Ilon har kuni ikkitadan qurbaqa yeb kunini o’tkazaverdi. U ikkita qurbaqani o’zining or- nomusi evaziga yutayotganini o’ylab ham ko’rmas edi…

Ayrim yoshlar ehtimol bizning bu suhbatimizni o’qishni istamaslar. Shunday bo’lsa, muhtaram ota-onalar, gap mavridi kelib qolganda, shu rivoyatni ularga aytib bering. Harholda er nomusini boy berib qo’ysa, har qanday xonadon ham isnodga qolishi aniq.

Biror kishining kamchiligidan so’z ochilsa, uni himoya qilish maqsadida: «Ha endi, Oyda ham dog’ bor», deb qo’yiladi. Oyning bizga ko’rinadigan tomonida dog’larni ko’ramiz. Orqa tomonida nimalar bor, bilmaymiz. Odamlarning gunohlari ham shunday. Ayrim gunohlari barchaga ravshan — ko’rinib turadi, ayrimlari esa pinhoniy. Ikki kishi orasidagi gunohlarini o’zgalar bilmaydi, deb o’ylab yanglishadilar. Bu o’rinda, anglagandirsiz, nomusning ziddi bo’lgan nomussizlik, boshqacharoq aytsak, buzuqlikni nazarda tutyapmiz.

Bugungi kunda jamiyatdagi juda ko’p gunohlarning boshlanishi, xususan, bu gunohlar oqibatida bola-chaqalarning xor- zor bo’lishi fahsh ishlarning keng targ’ib etilishi va zinoning — noshar’iy jinsiy munosabatlarning keng avj olgani oqibatidadir. Zino dunyo va oxiratda insonni benomus, xoru rasvo, alamli azoblarga mubtalo qiladi. Oyatu hadislarda bu haqda banda qat’iy ogohlantirilgan: «Zinoga yaqinlashmanglar! Chunki u buzuqlikdir — eng yomon yo’ldir» (Isro surasidan). Diqqat qildingizmi, oyatda shunchaki «zino qilmanglar» emas, «zinoga yaqinlashmanglar», deb buyurilyapti. Buyruqdagi qat’iylik bekorga emas. Vijdonli, nomusli odam zinoning ko’chasiga yaqinlashmasligi ham kerak. Demak, zinoga olib boruvchi barcha narsalardan uzoqda bo’lishi shart.

Mazkur oyatdan oldingi oyatda Alloh taolo faqirlikdan qo’rqib bolalarini o’ldirishdan qaytaradi. Ziyraklik bilan kuzatsak, «Zinoga yaqinlashmanglar», « bolalaringizni faqirlikdan qo’rqib o’ldirmang» oyatining mantiqiy davomiga o’xshaydi. Voqean shunday. Qadimda arablar bolalarini boqa olmaslikdan, ochlikdan qo’rqib, go’daklarini tiriklay ko’mib yuborishar ekan. Hozir homilaning boshlanishida oldirishadi va buning nomini «abort» deb qo’yishgan. Ona-ning salomatligiga xavf solingan damlarda abortning zarurligini hech kim inkor etmaydi. Lekin ba’zi hollarda abort buzuqlikni yashirish uchun amalga oshiriladiki, bu hol bilan murosa qilish mutlaqo mumkin emas. Jahonning ko’p mamlakatlarida bu qonun yo’li bilan taqiqlangan va to’g’ri qilingan. Rus imperatori davrida abort qat’iy taqiqlangan. Lenin bu jinoyatga ruxsat berdi. Ayollarni qullikdan qutqarishda, uning telba fikricha, bu muhim ahamiyat kasb etar ekan. Ikkinchi jahon urushidan keyin Stalin abortni yana taqiqladi. U fahsh yo’lini to’sish uchun emas, balki urushda o’lganlar o’rnini to’ldirish uchun tug’ilishni ko’paytirishni o’yladi. Oradan yillar o’tib, sovet jamiyati bu jinoyatga yana yo’l ochib berdi. Hozir Rossiyada bir chaqaloq tug’ilsa, ikki odam o’lib turganini bilarsiz. Ma’lumotlarga ko’ra, u yerda kunda yarim million abort qilinadi. Demak, yarim million qotillik! Bu dunyoda jazo qo’llanilmayotgan jinoyat!

Yevropada, xususan Rossiyadagi yosh oilalar orasida buzuqlikka doir ahmoqlikning yangi bir ko’rinishi paydo bo’lgan. Dam olgani chiqqan ikki «oila» xotinlarini o’zaro almashtirib, maishat qiladilar. Buni «o’yin» deb atab, unga «svinka» deb nom berganlar. Shunday nom berilishi bejiz emas. Jonivorlar ichida faqt cho’chqagina urg’ochisini rashk qilmaydi…

Buzuqlikni yashirish maqsadida qilinayotgan abortlarning jinoyat ekanini tan oluvchilar ko’p. Ammo bu haqiqatga qarshi turuvchilar soni oshib boryapti. Chunki pashshalar axlat ustida oziqlanganlari kabi, g’aflat ahli ham o’zlarining qo’lansa dunyosida buzg’unchiliklarini baxt, deb biladilar. AQShning avvalgi prezidenti Bush abortga qarshi bo’lgani uchun unga norozilik bildirib, yuz minglarcha odamlar namoyishga chiqdilar.

«Er kishining o’z nikohida bo’lmagan ayol bilan jinsiy aloqa qilishi», deb ta’riflangan zinoning gunohi ko’pchilikka ma’lum bo’lsada, «Xudo kechiradi», degan ahmaqona umid bilan ba’zilar bu gunohdan o’zini tiyolmaydi. Kunduzi «zarur ishlarim bor», degan bahonada ko’chaga chiqqan er kun bo’yi buzuq maishatini qilib shom (yoki xufton) chog’i, xizmatidan horib-charchagan ko’rinishda uyiga kirib keladi. Alhazar!! Maishatxonadagi yuvinishi bilan o’z nazarida go’yo toza, tashlab kelganday bo’ladi. Uyiga bir arava iflos axlat ko’tarib kirganini, nahs bosganini esa o’ylamaydi, qo’rqmaydi. Aksincha, bolalarini quchib, o’pib, erkalaydi. Xotini bilan bir to’shakda yotadi. Yanada afsuslar bo’lsinki, ayrim ayollar ham shu ishni qilishadi. Tirikchilik vajhidan tanasini sotuvchini «fohisha» deymiz, ulardan nafratlanamiz, ular esa bu ishlarini kasb o’rnida ko’rib, uyalishmaydi ham, yashirishmaydi ham. Ammo erli zinokor ayollarni nima deymiz? Ular qanday la’natga loyiqlar? Fahshga sho’ng’igan er «xotinim bilmasin», deb ehtiyotini qilar. Fahshga sho’ng’igan xotin esa «erim bilib qolmasin», deb cho’chiydi. Ammo bu g’ofil bandalar «Xudo ko’rib-bilib turibdiku?!» — deb o’ylashmaydi, qo’rqishmaydi-ya! Keyinchalik, qarigan chog’larida farzandlari bemehrlik qilishganda esa nolib yurishadi. Farzandning bemehrligi — jazoning boshlanishi. Jazo ularni do’zaxda kutib turibdi.

Xorij kinolaridan bilardik, ayrim ayollar (yoki erlar) juftining xiyonatini fosh etish uchun yollanma izquvar (xufya yoki detektiv)ga murojaat etishardi. Hozir shunaqa holat bizda ham uchrab turibdi. Mana, shulardan biri:

Er (yoki xotin) xiyonat qila boshlagach, to’shakdagi holatida o’zgarish bo’ladi. Agar xotin (yoki er) sezgir bo’lsa, buni tez fahmlaydi. Biz aytmoqchi bo’lgan ayol shundaylardan ekan, sezibdi. Avval erini o’zi poylagan. Ayrim narsalarni aniqlagan ham. Ammo jinoyat ustida qo’lga tushmagani uchun er aybini bo’yniga olmagan. Shunda ayol «detektiv» yollagan. Er o’ynashi bilan qaerda maishat qilayotganini aniqlab, u yerga farzandlarini boshlab borgan. Farzandlari yosh bolalar emas, oilali. Ana endi ahvolni o’zingiz tasavvur qiling! Oilaning taqdiri nima bo’ladi? Ota va bola orasidagi munosabat bundan bu yog’iga qanday bo’ladi? Xulosa chiqarishni, azizlar, o’zingizga havola etamiz.

«Zinokor ayol va zinokor erkak — ikkovlaridan har birini yuz darradan uringlar. Agar sizlar Allohga va Oxirat Kuniga imon keltirguvchi bo’lsangizlar Allohning bu hukmida (ya’ni zinokorlarni darralashda) sizlarni ularga nisbatan rahm-shafqat tuyg’ulari tutmasin! Ularning azoblanishiga bir toifa mo’minlar guvoh bo’lsinlar!» Nur surasidagi mazkur oyat «Tafsiri hilol»da muhtaram shayximiz tomonidan go’zal tarzda ilmiy asoslar bilan tushuntirilganki, uni olib o’qisangiz ko’p ibrat topajaksiz. Bizning suhbatimizda ilmiylikka ko’ra ommaboplik ustun turgani sababli, tafsirni to’la keltirmay, qisqa bayonidan foydalanamiz.

Oyati karimada zikr qilingan yuz darra urish jazosi hali oila qurmaganlar uchun tayin etilgan. Ya’ni, nikohda bo’lmay, er- xotinlik munosabatida bo’lmagan kishilar zino qilsalar, yuz darra uriladilar.

Zino barcha zamonlarda, barcha jamiyatlarda axloqiy jihatdan razolat, diniy jihatdan gunoh, ijtimoiy jihatdan nomussizlik sanalgan. Insoniyligini yo’qotgan jamiyatlargina bu umumiy qoidadan chetga chiqqanlar. Sof insoniy tabiat hech qachon zinoni yaxshilik sifatida qabul qila olmaydi. Chunki insoniyatning boqiy qolishi, kamol topishi uchun er va ayolning o’rtasidagi aloqa doimiy va mustahkam ahdu vafo, jamiyat shohid bo’lgan ahdu paymon asosida bo’lishi kerak. Shunday bo’lmasa, naslunasab pokligi ham, ota- bolalik tuyg’usi ham, oila ham, jamiyat ham qolmaydi. Insoniyat tanazzulga yuz tutadi. Zino poklik va oliymaqomlikni yo’qqa chiqaradigan amaldir. Shuning uchun ham hamma xalqlar, hamma dinlar, hamma jamiyatlar zinoni qoralaganlar. Insoniy tabiati buzilmagan jamiyatlar zinoni hech ikkilanmay, jazoga loyiq ish deb hisoblaganlar. Masalan, qadimgi misrliklar erkakni tayoq bilan qattiq kaltaklashgan, xotinning esa, burnini kesishgan. Hindlar ayolni itlarga yegizishgan, erkakni qizdirilgan temir so’riga yotqizib, atrofidan olov yoqishgan. Rim qonunlari bo’yicha qadimda zinokorlarning mol-mulki musodara qilingan, so’ngra umrbod qamoq jazosi bilan almashtirilgan. Yahudiylarda esa o’limga hukm etilgan…

Tabiati buzuq, ma’naviy poklikdan ko’ra shahvatga ko’proq intiladigan jamiyatlarda esa, zinoni ikki toifaga bo’lib qarashgan: birinchisi — oddiy zino, ya’ni ersiz ayol bilan jinsiy aloqada bo’lish. Bu zinoga e’tiborsiz qarashgan, juda borsa, jarima solish bilan cheklanganlar. Bugun «ersiz xotinni quvontirish savob», deydigan ahmoqlar «fatvo»ni o’sha buzuq jamiyatlardan olgan bo’lsalar ajab emas. Ikkinchisi — eri bor xotin bilan aloqa qilish. Bu xildagi zinoni «turmush o’rtog’iga xiyonat qilish» deb atashadi. «Xiyonat qilganlarga» turli jazolar ham tayin etilgan.

O’limidan so’ng «Qizil iblis» deb nom olgan Lavrentiy Beriya faqat qonxo’rligi bilan emas, buzuqligi bilan ham tarixda qolgan. Ma’lumotlarga qaraganda, uning mingga yaqin o’ynashi bo’lgan. Lekin rasmiy ayblov hujjatlarida oltmish bir ayolning zo’rlangani ta’kidlangan. Shular ichida yettinchi sinf o’quvchisi ham bo’lgan. Bu qizcha hatto undan homilador ham bo’lgan… Beriya o’ldirildi. Lekin undan oqqan qon iflosliklarini yuva oldimikin?

Bu o’tmish. Bugun ahvol qanday? AQSH Prezidenti Klinton buzuqligini tan olib, uzr so’radi. Isroilning sobiq prezidenti fahsh ishlarda ayblandi, Italiyaning bugun amaldagi Bosh vaziri Berluskonining maishatlari fosh qilindi… Qani jazo? Kim jazo beradi?

Mavzuga qaytsak, masihiylarda birinchi toifa — «oddiy zino»ga jazo yo’q. Hozirgi kundagi zinoga oid qonunlar shu qoidalarga asoslangan. Bu falsafadagi mantiqsizlikni, bema’nilikni qarang- ki, ikki tarafning roziligi bilan bo’lgan zino jinoyat hisoblanmas emish. (Shu buzuq fikrga asoslangan «erkin muhabbat» tarafdorlarining buzuq oila qurishlari haqida suhbatimizning «Jamiyatning duru gavhari» bobida fikrlashgan edik.) Bugungi kunda zinoning keng tarqalib, uning kasofati hammayoqni bosib ketgani ham shundan.

Islomda zino ulkan jinoyat hisoblanadi. Shu sababli ham bu jinoyat oila ko’rgan kishilar tomonidan sodir etilsa, Payg’ambarimizning (s.a.v.) sunnatlariga asosan toshbo’ron qilib o’ldirilganlar.

«Albatta, imon keltirganlar ichida fohisha tarqalishini yaxshi ko’radiganlarga bu dunyoyu oxiratda alamli azob bordir. Alloh biladi, sizlar bilmassizlar» (Nur surasidan).

Hozir so’lim yerlardagi xonadonlar shaharliklarni dam olishlari uchun uylariga qo’yadilar. Shaharliklar ba’zi hollarda fohishalarni boshlab keladilar. Hovuzda cho’miladilar… Xonadon pul uchun o’zi yashaydigan go’shani iflos fohishaxonaga aylantirganidan uyalmaydi. Buzuqlar ketishgach, pok bir oila dam olgani qo’yiladi. Ular, ayniqsa bolalar, yaqindagina buzuqlar cho’milgan hovuzda cho’miladilar… Uyini fohishaxonaga aylantirgan xonadonda tarbiya topayotgan bolalar nimani o’rganishadi? Qizlarichi? Farzandlariga fahshdan topilgan luqmani yedirib, bular nimaga erishadilar?

Yigitlarning qizlar bilan maishat qilishlari odat tusiga kirib borayotganini afsus bilan ta’kidlaymiz. Yoz chillasida shunday «do’stlar davra»si « dam olish uchun» toqqa chiqdi. Ulfatdagilardan biri mashinasiga o’tirib, qimiz olib kelgani ketdi. Hadeganda qaytavermagach, havotirlanib, izidan borishdi. Qarashsa, mashina ag’darilgan, yonib yotibdi. Yigitning qariyb yarmi ko’mirga aylanib bo’lgan. Hali hayot alomati sezilib turgan tanani o’tdan olib, yerga yotqizishdi. Jon talvasasidagi yigit «Olov! Olov!» deganicha alahsiray boshladi. Keyin «Endi nima deyman unga! Nima deyman unga!» deb hayqirdi. «Kimga?» deb ajablanib so’rashdi. Yigit: «Allohga! Allohga!» dedi- yu, jon berdi.

Bu voqea bayonini eshitganda «Qani edi, boshqalar ham «Unga nima deyman?!» deb yashasalar. Fahsh sari qadam bosganlarida o’sha mashinada yonayotgan yigitni ko’z oldilariga keltirsalar. Mashinada yonish — holva, hali do’zaxda yonish bor… » degan fikr xayolimizni yoritib o’tdi.

Agar shu yigitning yoki spiddan o’lim topgan boshqa bir buzuqning yaqinlari orasida «endi u do’zax azoblariga giriftor bo’ladi», desangiz, baloga qolasiz. «Nega yomon niyat qilasiz?» deb, sizga malomat toshlarini otishadi. To’g’ri, marhum haqida yomon so’z aytilmaydi, yomon tilak ham tilanmaydi. Do’zax azobini berish ham Alloh taoloning ixtiyorida. Lekin Alloh taolo aytadiki: «Ey Odam farzandi, biror gunoh ishga qo’l urmasdan burun hamisha bo’lg’uvsi jazo va azoblarimni esla». «Agar sen do’zaxni yomon ko’rsang, Parvardigoring gunoh ishlarni yomon ko’radi. Bas, U yomon ko’rgan ishlarni qilma! Rabbing seni o’zing yomon ko’radigan joydan asraydi». «Qachonki senga biror musibat yoki ofat yetsa, qara: agar o’sha musibat senga nopok holda turganingda yetgan bo’lsa, demak, bilgilki, bu ofatning sababchisi o’zingsan!» (Hadisi qudsiydan).

Bir odam spidga chalinib o’ldi. Oilasi uyalib, o’limga boshqa xastalik sabab, deb gap tarqatdilar. Odamlar ishonganday bo’lishdi. Barcha ishondi, ham deylik. Bundan nima naf? Axir ularning o’zlari to o’zlarining o’limlariga qadar bu isnod bilan yashaydilar- ku? U odam bir necha daqiqalik rohati uchun oilasiga sharmandalik yukini meros qilib ketdi…«Ro’zg’origa fayz kirmoqni aqli raso yor keltirar, yorning ori bo’lmaganda oilaga zor keltirar», deb shunga aytadilar-da.

Lut alayhissalom qavmlariga ofat yuborilganini bilamiz. Od, Samud qavmiga yuborilgan ofatlar haqida Qur’oni karimda o’qiganmiz. Afsuski, oramizda bularga ishonmaydiganlar ham borga o’xshaydi. Xo’p, o’tmish ofatlariga ishonishmasin, bugungilarigachi? 2004 yil 26 dekabr kuni Tinch ummonida ko’tarilgan «Sunami» deb ataluvchi dahshatli to’lqin ham bu odamlarga ibrat bo’lmasmikin? Tasavvur eting: quyosh charaqlab turibdi, momaqaldiroq ham, o’tli chaqmog’u kuchli shamol ham yo’q. Milliard milliard tonna og’irlikdagi suvni birdaniga chayqatib, yetti-sakkiz qavatli uy balandligida to’lqin hosil qilib, necha chaqirim yo’l bosib qirg’oqlarni bostirish uchun qanaqangi qudrat kerak? Bu ofat yopirilgan qirg’oqlar «kurort» deyilardi. Ammo aslida buzuqlik oshyonlari edi. Ofatdan so’ng e’lon qilingan ma’lumotlar, ayniqsa, ayanchli: mahalliy aholi o’n-o’n ikki yoshli farzandlarini ham fahsh uchun sotar ekan. Qanday qabohat! «Pedofiliya»— go’daklar bilan jinsiy aloqa qilish Yevropada jazolanadi. Shu bois buzuqlar Osiyodagi «kurort»larga kelib, nafslarini qondirib ketarkanlar. Dunyoda «seksbiznes» degan tushuncha ham paydo bo’lgan. Maxfiy «seksbiznes» bilan shug’ullanmaydigan mamlakat kam bu dunyoda. Tailanddagi ofat chog’ida ota- onasini yo’qotgan o’n ikki yoshli o’g’il bola shifoxonada yotgan paytida germaniyalik bir buzuq uni o’g’irlab ketibdi. Bundan ham ortiq ablahlik bo’ladimi?

Albatta, ofat chog’i o’lganlarning barchasi buzuq bo’lmagandir. Ammo ular buzuqlikka qarshi kurashmaganlari, befarq bo’lganlari uchun halok qilingandirlar? Alloh taolo bilguvchidir.

Butun dunyo ofat zararlarini tugatishga yordam berdi. Bu, albatta, yaxshi. Biroq birinchi navbatda odamlarning uy- joylari emas, o’sha «kurortlar» tiklandi. Insoniyat ofatni to’g’ri anglamadimi? Demak, Alloh taoloning yangi g’azabini kutaversinlar…

Pedofiliya haqida so’z aytdik. Bu jinoyat gomoseksualizmdan ham battarroq ofat bo’ldi. Agar «pedofillar»ni «hayvon!» deb so’ksangiz, jonivorlar ranjisa kerak. Chunki hayvonlar bunaqa ifloslikni qilishmaydi. Bir oylik g’unajinga buqaning sakraganini hali hech kim ko’rmagan. Avvalgi yili Frantsiyada oltmish olti odam pedofiliyada ayblanib, sud jarayoni boshlandi. Ular zo’rlagan bolalarning yoshiga diqqat qilsangiz dahshatga tushasiz: zo’rlangan bolalarning eng kattasi o’n ikki yoshda, eng kichigi… olti oylik chaqaloq! Ishonmayapsizmi? Men ham ishonmagan edim. «Yevron`yus» telekanali tarqatgan bu xabarni qayta-qayta eshitdim. Bu oltmish olti ablah orasida o’z farzandini zo’rlab rohatlangani ham bor, farzandini bir necha quti sigaret evaziga begona to’shakka otganlar ham bor. Bu qabohat haqida o’zingiz bir nima deng. Men so’z topa olmayapman…

Agar odamlarga shahvatlarini tartibsiz ravishda, xohlagan yo’l bilan qondiraverishlariga ijozat berilsa, tezda insoniyat va uning madaniyati, ma’naviyati halokatga uchraydi. Agar inson oilaviy hayotning mas’uliyati, og’irliklari va mashaqqatlarini bo’yniga olmasdan, faqat shahvatini qondirishga harakat qiladigan bo’lsa, undan hech qachon bola tarbiyalashda, oila va jamiyatda biror foydali ishni kutib bo’lmaydi.

Er kishi bilan er kishining nikohlanishi tarafdorlari Lut alayhissalom qissalarini bilmasmikinlar? Rim papasi G’arb mamlakatlari rahbarlariga noma yo’llab, bu harakatdan saqlanishni talab qilgan. Ammo davlat rahbarlari bir jinsdagilarning nikohini cheklashni inson huquqlarining toptalishi, deb hisoblaganlar. Bu harakatga (ular tilida «gomoseksualizm» deyiladi) qarshi chora ko’rmadilar, cheklovchi qonunlar qabul qilmadilar. Avvaliga bu harakat uyat hisoblanardi, endi esa turli mamlakatlarda ochiq namoyishlarga chiqishyapti (ular tilida «geyparad» deyiladi). Savol tug’iladi: ular qanaqa inson huquqini nazarda tutishyapti? Insonga bunday qabih harakat uchun kim va qachon huquq bergan? Umuman, buzuqlikda huquq bo’lishi mumkinmi? Harholda Islomda bunday huquq yo’q, aksincha, taqiq bor. Shuaro surasida o’qiymiz: «Odamlar ichida erkaklarga borasizlarmi? (ya’ni «erkaklar bilan jinsiy aloqa qilasizlarmi?» — deydilar Lut alayhissalom) Va Rabbingiz siz uchun yaratgan jufti halollaringizni tark qilasizlarmi?! Yo’q!!! Siz haddan oshgan qavmsiz (insonlik chegarasidan chiqqan qavmsiz)! Va ularning ustiga bir yomg’ir yog’dirdikki, bas, ogohlantirilganlarning yomg’iri qandoq ham yomon bo’ldi».

Alloh taolo ularning ustiga toshdan yomg’ir yog’dirib, bitta ham qo’ymay halok etdi. Shuning uchun ham hanafiy mazhabidagi ba’zi faqihlar Lut alayhissalom qavmi kirdikorini qilgan bachchavozlarni toshbo’ron qilib o’ldirish kerak, deydilar.

Yevroittifoqning adliya va xavfsizlik komissarligi lavozimiga nomzod, italiyalik deputat Butirioni «besoqolbozlik (gomoseksualizm) gunoh, xotinlar o’z erlaridan bola tug’ishlari kerak», degan fikri uchun qattiq tanqid ostiga olindi, u inson huquqlarini toptash, cheklashda ayblandi. Komissarlikka saylanishda jiddiy qarshilikka uchradi va saylanmadi. Yevroittifoqqa a’zo bo’lib kirmoqqa intilayotgan Turkiya er-xotin orasidagi xiyonat uchun qamoq jazosi joriy qilish haqida qonun loyihasini mamlakat Milliy majlisi muhokamasiga qo’yganda ham, o’z millat vakillari bu yonda qolib, Yevroittifoq noroziligiga, qarshiligiga uchradi.
Rus pravoslav cherkovining oldingi rahbari, Moskva va butun Rus patriarxi Aleksiy P Yevroittifoq yig’inida diniy masalalar xususida fikr yuritayotib, inson huquqlari va ma’naviyat bir- biriga zid qo’yilmasligi lozimligini ta’kid etib, Yevropada inson huquqlarini himoya qilish bahonasida ma’naviyat parokandalikka uchratilayotganiga alohida e’tibor qaratgan edi. Pravoslav cherkovi «geyparad» o’tkazishga qarshi ekanini bildirdi. Buning gunohligini tasdiqlovchi so’zlari Yevroittifoqning ayrim deputatlariga yoqmabdi. Patriarxni u nodonlar inson huquqlariga chang solganlikda ayblashdi. Holbuki, Patriarx o’z so’zlari bilan emas, Injil so’zlaridan javob qaytargan edi. Gomoseksualistlar «Biz shunday tug’ilganmiz, shunday yashashga haqqimiz bor», deb da’vo qiladilar. Bekor aytibdilar! Ular bunday buzuq holda tug’ilishmagan!

Darvoqe… «geyparad»… «Parad» so’zini biz «namoyish» deb noto’g’ri ishlatamiz. «Namoyish» — «demonstratsiya». «Parad» esa g’olibona, dabdabali yurish. Ya’ni, g’oliblikni namoyish etish. Xo’sh, insof yuzasidan aytsinlar- chi, ular iymon ustidan g’oliblarmi? Poklik tarafdorlari, imon egalari butunlay mag’lub bo’ldilarmi? Bu yurish Yer yuzida poklik butunlay mahv etilganiga bir ishorami? Fashistlar ham faoliyatlarini shunday g’olibona yurishlar bilan boshlagan edilar!

Vo darig’! Quddusi Sharif — musulmonlar, nasroniylar, yahudiylar uchun muqaddas hisoblangan shaharda ne buzuqliklar bo’lyapti? Bu muqaddas joyda «gey-parad» uyushtirilishi?! Aqlga sig’adigan narsami?! 2006 yilda Isroil hukumati ko’chalarda namoyishkorona yurishga ijozat bermay, ularning ixtiyoriga stadionni topshirgan edi. Nomi «jamoat tartibini saqlash», aslida esa buzuqlarni himoya qilish uchun stadion polis tomonidan qo’riqlangan, bu buzuqlikdan nafratlangan yahudiylarni buzuqlar makoniga yaqinlashtirishmagan edi. Keyingi yili badbaxtlarga Quddusi Sharif ko’chalarida tantana qilish ijozatini berganlarning o’zlari ham «maydaqadam» emasmikinlar, degan fikrga borilishi tabiiy. Bu holatda polisni ayblash noto’g’ri bo’lur edi. Chunki ular buyruqqa itoat etishadi. Ajabki, polis ablaxlar tinchini himoya qilyapti. Nahsga qarshi chiqqanlarni esa to’qmoq bilan uryapti, hibsga olyapti. Aslida aksi bo’lishi kerak emasmi?

Lut alayhissalom davrida ham buzuqlik miqyosi hozirgiday bo’lmagandir, vallohi a’lam! Alloh! Alloh! Nahot oxir zamonni Yer yuzi buzuqlik libosida qarshilaydi? O’zga chora yo’qmi… Buzuqlik so’nggi nuqtaga yetganda Qiyomat chinqirig’i Yerni parchalab tashlaydimi?..

Ispaniyada bir jinsdagi ikki ahmoqning qo’shiluvini «oila» deb ataganlari kamlik qilib, ularga bola asrab olishga ijozat beruvchi qonun qabul etildi. Xo’sh, bu «oila»da «tarbiya» olgan boladan kelajakda nimalarni kutish mumkin? Yana bir masala: bir jinsdan tarkib topgan «oila»lar ko’payaversa, bola qaerdan tug’iladi?
Er kishi bilan er kishi, xotin bilan xotin « nikohi» haqida oldingi suhbatlarimizda fikrlashgan edik. Masala muhim bo’lgani uchun yana mavzuga to’xtalyapmiz, aybga buyurmaysiz.

«Kishi nomahram ayol bilan yolg’iz qolmasin, agar qolsa, uchinchisi shayton bo’ladi», dedilar Rasululloh (s.a.v.). Islomda hatto nomahramga qarab qo’yish ham man etilganki, buni «ko’z zinosi» deydilar. Ko’chadagi ayolga tasodifan qaralsa, aybi yo’q. Ammo ikkinchi daf’a qaralsa, ayniqsa, bu qarashda shahvat hissi bo’lsa, gunoh yoziladi. Ko’zlar ham zino qiladi, qo’llar ham. Ko’z zinosi — nomahramga qarash bilan. Qo’l zinosi esa nomahram bilan qo’l berib salomlashish orqali ham yuzaga keladi. Payg’ambarimiz alayhissalom ayollar bilan qo’l ushlab ko’rishmaganlar, qo’llarini tutmaganlar. Bay’at qilgan ayollar ham qo’llarini ushlamaganlar.

Hazrati Usmon (r.a.) huzurlariga bir kishi kirib kelganda u zot: «Sening ko’zlaringda zino izlarini ko’ryapman», deganlarida u kishi qo’rqib ketadi. Chunki yo’lda ketayotib bir uyning chala yopiq eshigidan qaraganida ochiq-sochiq yuvinayotgan ayolni ko’rgan ekan…

Bir iymon egasi vafot etganda yaqin tanishi «Rahmatli biznikiga kelganlarida eshikni taqillatardilar-u, to ichkaridan er ovozini eshitmagunlaricha tutqichni tortib turardilar. Mabodo ayol kishi «Kim?» deb ovoz bersa, tutqichni qo’yib yubormay, gaplarini aytib ketardilar», dedi. Bu ba’zilarga oddiy gap bo’lib tuyulishi mumkin. Lekin, bizningcha, bu odobda imon qudrati bor.

Hazrati shayx Utbat ul-G’ulomni (q.s.) vafotlaridan so’ng ulug’lardan biri tushida ko’rdi. Qarasaki, shayx hazratlari yuzlarining bir yoni suyak- qoburg’a bo’lib qolgan edi. «Ne sababdan bunday bo’ldingiz?» deb so’radilar. Javob berdilar: «Ustozimning huzurlariga borgan edim. Bir chiroyli o’g’lon chiqdi. Bir martagina boqqan edim. Vafot vaqti kelganda Haq taolo meni jannatga buyurdi. Yo’limda do’zax bor edi. Bir ilon chiqib keldi. O’zini ustimga otdi. Bir yuzimga urdi va aytdi: «Bir marta boqqanga bir marta urmoqdir. Agar yana bir marta boqsang eding, chaqib olardim».

Hazrati shayx Samadoniy Boyazid Bistomiy (q.s.a.) dedilar: «Har kimning ko’nglida shahvat ko’p bo’lsa, lojaram uni la’nat kafaniga o’ragaylaru nadomat tufrog’iga dafn qilgaylar. Har kim shahvat nafsini o’ldirsa, lojaram uni rahmat kafaniga o’rab, salomat tufrog’iga dafn aylagaylar». YO Alloh, bizlarga salomat tuprog’ini nasib et!

Umar ibn Hattob (r.a.) zamonlarida namozini doimo masjidda jamoat bilan o’qiydigan bir yigit bor edi. Hazrati Umar u yigitni taqvosi uchun juda yaxshi ko’rardilar. Yigit har xufton namozidan so’ng qari otasini ziyorat qilar edi.

Yo’l bo’yidagi uylardan birida yashovchi xotin bu yigitga oshiq edi. U har kuni yigit yo’lini poylab, uni o’ziga og’dirishga urinardi. Nihoyat, bir safar yigit o’zini boshqara olmay, ayolning ortidan ergashdi. Biroq ostonani bosib o’tar ekan, Alloh taoloni eslab, hushyor tortdi va A’rof surasidagi: «Taqvo qilguvchi zotlarni qachon shayton tomonidan biror vasvasa ushlasa, Allohni eslaydilar, bas, to’g’ri yo’lni ko’ra boshlaydilar» mazmunli oyati karimani o’qidi- yu, hushsiz yiqildi. Ayol darhol joriyasini chaqirdi. Ikkovlari yigitni ko’tarishib, otaning uyiga eltdilar va eshikni taqillatdilar. Eshikni ochgan ota behush yotgan o’g’lini ko’rdi. Uni ichkariga oldilar. Yigit yarim tunda o’ziga keldi.

— O’g’lim, senga nima bo’ldi? — so’radi ota. Yigit bo’lgan voqeani so’zlagach, «O’g’lim, qaysi oyatni o’qiding?» — deb yana so’radi. Yigit mazkur oyatni takror o’qigach, yana hushidan ketdi. So’ng jon taslim qildi. U dafn etilgach, Hazrat Umarga xabar yetkazdilar. Hazrat Umar kelib, yigitning otasiga ta’ziya izhor etgach, « Nega meni chaqirmadingiz?» —deb so’radi.

— Ey mo’minlar amiri, vaqt allamahal bo’lib qolgan edi, sizni bezovta qilgimiz kelmadi, — dedi ota.
— Unday bo’lsa yuring, qabr boshiga boraylik, — dedilar xalifa.

Ikkovlon u yerga yetgach, «Ey falonchi!» —deb yigitning otini aytib chaqirdilar va: «Parvardigori huzurida turishdan (ya’ni, Parvardigor oldida turib hayoti dunyoda qilib o’tgan barcha amallariga javob berishidan) qo’rqqan kishi uchun ikki jannat bordir» (Rahmon surasidan) mazmunli oyatni o’qidilar. Ittifoqo, qabrdan yigitning ovozi eshitildi: — Ey Umar! Siz eslatgan ikki jannatni Rabbim menga ikki bora in’om qildi!..

Jinsiyat mavzusida Baqara surasidagi bir oyati karima g’oyat ibratlidir: «Ular (ayollaringiz) sizlar uchun bir libosdir, siz ham ular uchun bir libosdirsizlar».

Libos, ya’ni kiyim… Er va xotin bir-birini himoya qiluvchi libos. Bir- birini yomon yo’llardan asraydi-gan to’siq… Bu qisqa dunyo hayotida nomus imtihonini topshirishlari uchun har ikki taraf bir- biriga ne’-matdir. Boshqalarning nomusiga ko’z olaytirmaslik uchun katta bir bog’lanish… Ta’kidki, nikoh — nomus xususida har ikki tarafning bir- biriga qilgan ahdu-paymonidir. Ya’ni, oilaviy masalada xotinni erga omonat qilgan va ro’zg’orni boshqarish yukini erning zimmasiga yuklagan bir shartnomadir. Hozir esa yosh-larning ongiga bu haqiqatlarni «qoloqlik» deb singdirishga harakat qilayotgan, manbai tashqarida bo’lgan ba’zi mafkura, jamiyat va guruhlar bor. Ularning tuzog’iga tushmaslik, nog’orasiga o’ynamaslik uchun g’oyat diqqatli va sergak bo’lish kerak. Aks holda, hayotning asl g’oyasi ikki jins o’rtasidagi noshar’iy munosabat-lardan iborat, deb tushunuvchi yoshlarning soni yanada ko’payib ketishi xavfi bor. Bu esa ularning oxi-rat hayotlarini barbod qilishi bilan birga mamlakat taraqqiyotiga ham katta zarar yetkazishi shubhasizdir.

«Jamiyatning duru gavhari» bobida aytganimizdek, yoshlar turmush quradilaru nikohning mohiyatini, mas’uliyatini yaxshi anglamaydilar. Anglamaydilar-mi, demak, uning muqaddasligini his qila olmaydilar. Tilga olganimiz, G’arbdagi «erkin muhabbat», qo’polroq aytilganda «erkin jinsiy hayot» g’oyasiga qarshi biz nimani qarshi qo’ya olamiz? Nikoh o’kiyotgan domla yoki nikohni rasmiy ro’yxatdan o’tkazuvchi idora xodimi ikki yoshga zino va uning oqibati haqida hech gapiradimi? Yo’q!

Ko’z zinosi, quloq zinosi… degan tushunchalarni yoshlarga kim o’rgatadi? Radio yoki televizorda behayo ashulalarni tinmay aylantirishadi: biri «Tegaman!» deb hayqiradi, biri «achom-achom qilasizu, ammo xiyo-nat ham qilib turasiz», deb nozlanadi. Yana biri:

«Birovning yorini oldim omonat», deb maqtanadi va h.k. G’arb qo’shiqlari-chi? Bulardan besh battar! Ko’p ota-onalar chet tillarni bilmaydilar, ammo qo’shiqlarni berilib tinglayotgan yoshlar biladilar. Chet qo’shiqlarda behayolik va ahmoqlikni ta’riflashga so’z ojiz! Mana shular bugungi tarbiyamiz! Yana erotik tarbiya degan balolar ham bor…

— Ey ko’ngil! Bu manzaralarni ko’rib ichingni ma’yuslik qoplamaydimi? «Sen ham odamsan-ku! Shu axloqsizlik to’fonini to’xtatish sening zimmangda yo’qmi? Shularni ko’ra-bila turib xotirjam vijdon bilan yashayapsanmi?!

Ko’z zinosini yaxshi tushunmaganlarning So’fi Ollohyor so’zlariga e’tibor berishlarini istar edik:

Kel, ey mo’min agar tarsanda bo’lsang,
Ko’zingni saqlag’il har qanda bo’lsang.

Deyilmoqchiki, ey musulmon, ko’ngil berib va’-zu nasihatni eshit. Qaerda bo’lsang ham, Allohdan qo’rqsang, ko’zingni begona xotinlardan saqlab, ularga qaramagil.

Qaviy bo’lsin hamisha nuqtayi chashm,
Mabodo qolmag’ay bolo tushib xashm.

Deyilmoqchiki, ko’zingning nuqtasi mahkam bo’lmay, tushib xashm bo’lib qolmasin. Bu o’rinda «chashm» va «xashm» so’zlarida o’yin bor. Baytning ma’nosi esa bunday: ko’z qorachig’ing kuchli bo’lsin, ya’ni nomahram ayolga qaramasin. Yo’qsa, Alloh taoloning g’azabi kelur.

Nazar qilg’uncha, e nafsi ma’yub,
Tushub ko’z nuqtasi ko’r bo’lg’ani xo’b.

Bu baytda ham «ko’z» va «ko’r» so’zlarining o’yini bor. Ma’nosi — nomahram xotinga qaragan ko’zning ko’r bo’lgani yaxshi.

Hazrati So’fi bu masalaga ko’p o’rin ajratganlar. Biz «Sabotul ojizin»ga sharh yozgan Tojuddin Yolchiqulning nasriy bayonidan foydalanishni ma’qul ko’rdik:

«Nazaring hamisha oyoq ostida bo’lsa, saodatli bo’larsan. Ammo nomahram ayollarga ko’z qaratsang, Qiyomat Kunida o’kinchda qolarsan. Ko’z qonli bo’lsa ham, nomahramlarga qaramasa, bu ko’z haqiqiy ko’zdir. Bunday ko’z xatarli yerga, ya’ni nomahramlarga qaragan sog’ ko’zdan yaxshidir. Alloh taoloning azobidan qo’rqib nomahramlarga boqmaydigan ko’z qanday yaxshidir! Ammo shunday bo’lmasa, ko’zning kosasidan chiqqani durust. Shunday ekan, nomahramlardan ko’zingni yum, ey Alloh taolodan qo’rquvchi insonning farzandi! Imomi A’zam hazratlari (rahmatullohi alayh) yumganlari kabi yum. Abu Hanifa (r.a.) hazratlari ko’rkam yigitlarga ko’zlari tushmasligi uchun ularni orqalariga o’tirg’izib saboq berar emishlar. Sen yuragim toza bo’lgani uchun nomahramlarga qarasam ziyoni yo’q, deb lof urma. Chunki imomi A’zam (r.a.) kabi emassan. Zero, ul zot shundayin so’fiyliklari bilan yigitlarga suqlanib qarashdan saqlanganlar. Insof yuzasidan aytganda, sen qanchalar sobir va so’fiy bo’lsang- da, uningdek emassan. Sen nomahramlar yuziga qaramog’ingni qo’ymas ekansan va qarashda davom etarkansan, bilgilki, shayton sabringni uzib, ixtiyoring jilovini qo’liga olib, o’zingni zinoga boshlar.

Bas, shunday ekan, ey insonlar, nahot gunoh narsalarga qaraysiz?! Zeroki, nomahramlarning yuzlari naqadar go’zal bo’lsa- da, ulardan qanchalar lazzat olinsa-da, bularning bari foniydir. Shunday ekan, nima uchun joningizga zulm qilib, o’zingizni o’zingiz jahannam o’tiga solasizlar?

Alloh taolo Payg’ambarimiz alayhissalom orqali biz, mo’minlarni nomahram ayollarga nazar solishdan qaytarib, deydi: «(Ey Muhammad), mo’minlarga ayting, ko’zlarini (nomahram ayollardan tikishdan) to’ssinlar va avratlarini haromdan saqlasinlar! Mana shu ular uchun eng pok yo’ldir» ( Nur surasidan). Bu amr ayollar uchun alohida ta’kid etiladi: «Mo’minalarga ham ayting, ko’zlarini nomahram erlarga tikishdan to’ssinlar va avratlarini haromdan saqlasinlar». Ma’lumingizki, ko’p hollarda Alloh taolo bandalariga umumiy tarzda «Ey imon keltirganlar», tarzida xitob qiladi. Bu o’rinda ayollarga alohida amr etilishi bu masalaning naqadar muhimligiga dalolatdir. Bu qaytariqda qalb tozaligi, nafs sofligi, niyat xolisligi, amal maqbulligi mavjud.

Ko’zni haromdan tiyish degani er kishi ayolning qorasini, ayol erning qorasini ko’rmasin, degani emas. Balki hojatdan tashqari nazar tashlamasin, bir nomahramga ko’zi tushsa, nazarini darhol boshqa tomonga olsin, tikilib qolmasin, deganidir. Chunki begona ayolga nazarning davomiy bo’lishi shahvoniy hislarni uyg’otadi.

Nabiy alayhissalom: «Odamlar o’tadigan yo’lda o’tirmanglar», dedilar. «YO Rasulalloh, axir biz u yerda suhbatlashib o’tiramiz-ku?» deyishdi. «Unda yo’lning haqini berib o’tiringlar», dedilar. «Yo’lning haqi nima?» deb so’rashganida «Ko’zni begona ayollarga qarashdan tiyish, birovga ozor bermaslik, salomga alik olish va yaxshilikka buyurib, yomonlikdan qaytarishdir», dedilar.

Demak, yo’lda o’tirgan odam eng avval yugurik ko’zini nomahramlarga tikishdan tiymog’i lozim. Endi, agar ko’z beixtiyor harom narsaga tushib qolsa-chi? Bu haqda sharafli hadisda deyiladiki: «Ey Ali, bir qarashga ikkinchi qarashni ergashtirma! Zero, birinchisi seniki, ikkinchisi seniki emas (ya’ni gunoh)». Tasodifiy nigohda gunoh yo’q ekan. Yigit uylanmoqchi bo’lgan qizga qarashi mumkin. Mug’ira ibn Sho»ba (r.a.) bir qizga uylanmoqchi bo’lganlarida Risolatpanoh (s.a.v.) «Qizni ko’rdingmi?» deb so’radilar. U zot «yo’q», deb javob berganlarida. «Uni ko’r», shunda oralaringda yaqinlik hosil bo’ladi», — dedilar.

Dinimizda nomahram er-ayolni bir-biriga qarashdan qaytarilibgina qolmay, bu amrga bo’ysunganlarga savob va mukofotlar ham va’da qilingan. Hadisi qudsiyda bunday deyilgan: «Nomahram ayolga qarash shaytonning zaharli o’qlaridan biridir. Kim Mendan qo’rqib, u nazarni tark etsa, evaziga shunday imon beramanki, uning halovatini, albatta, qalbida topadi». Haromdan tiyilgan nazar uchun berilajak eng katta ne’mat, shubhasiz, Qiyomatda bo’ladi. Rasululloh (s.a.v.) dedilar: «Har bir ko’z Qiyomat Kuni, albatta, yig’laydi. Faqat Alloh taolo harom qilgan narsalardan burilgan ko’z, Alloh taolo yo’lida tunlari bedor bo’lgan ko’z va Alloh taolodan qo’rqib, pashshaning boshidek yosh to’kkan ko’z yig’lamaydi».

Ko’zni haromdan tiyishda Rasululloh (s.a.v.) biz uchun eng yaxshi namunadirlar. Ul zot chimildiqdagi kelindan ham hayoliroq edilar, birovning yuziga tikilib turmasdilar…

Beixtiyor ko’zingga nomahramning yuzi tushsa, zinhor, uning yuziga ikkinchi bor qarama. Birinchi qaraganing ixtiyorsiz bo’lgani uchun gunohdan emas. Agar yana bilib qarasang, unda gunohga botarsan. Chunki ikkinchi qaramoqda shahvat xatari bordir. Mo»tabar kitob «Nihoya»da deyilmishki, kimki bir nomahram xotinning yuziga shahvat tariqi bilan qarasa, qaraguvchining ko’ziga erigan qo’rg’oshin quyarlar. «Shir’atul islom» kitobining sohibi yozmishki, har kishiki, nomahram xotin bilan so’z o’ynashsa, u kishi aytgan har so’zi uchun ming yilgacha do’zaxda qoladi. Yana o’sha kitobda bitildiki, nomahram bilan zino qilinsa, zinokorlar Qiyomat Kuni odil hukm qilinib shayton bilan zanjirband etilib, do’zaxga tashlanarlar. Shaytoni la’inki, o’ta dushmandir. Boyagi zinochi o’sha shayton bilan birga do’zaxga kirar.

«Fatavoyi xulosa», «Xizonatul fatavo» va «Sharhi avrod» kitoblarida bunday yozilgan: bir yosh xotin nomahram bo’lsa, unga salom bermoq haromdir. O’sha yosh xotin salom bersa, unga javobi salom qilmoq haromdir. Chunki u yosh xotinning ovozi avratdir. Shuning uchun eshittirib aytgan so’zi harom bo’ladi. Demak, ul yosh xotinning ovozi avrat bo’lsa, u bilan so’zlashmoqlik ravo ko’rilmas. Xullas, ey odamlar, Alloh taoloning g’azabidan qo’rqsangiz, nomahram xotinlar tomon qarashdan saqlaninglar, nomahramlarga ko’z qaratmanglar. Nomahram ayol sari qaragandan ko’ra, shu ko’zlaringga nish sanchganlari yaxshidir. Bu dunyoning davroni bir zamon kelib o’tar, ammo Qiyomat davronidan omon qolmoq yo’qdir. Chunki, Qiyomat Kuni juda shiddatli bo’ladi. Gunohi bor kishining boshi quyi bo’ladi. Qiyomatda ba’zi kishilar yuzlarini qora qilgudek gunohlarini yashirmoq istasalar, qo’l va oyoqlari gunohlaridan xabar berurlar. Zeroki, ul Kunda Alloh taolo og’izlarga muhr urar. So’zlasha olmaslar. Guvohlikni qo’lu oyoqlari qilurlar. Qiyomat Kunida barcha a’zolaring bizlarni nima uchun haromga ishlatding, deya da’vo qilurlar va ota- onang gunohlaringni aytib, xalq oldida sharmanda qilurlar. O’sha Kunda butun jisming gunohlaring xususida behisob da’volar qiladi. Shunda sen pushaymon bo’larsan. Ammo bu pushaymonlardan foyda bo’lmas. Chunki o’kinch yeri bu dunyodir, oxirat yeri emas.

So’fi Ollohyorning bu hikmatlarini bir o’qigach, fikr qilib, yana qayta- qayta o’qilsa foydalidir. O’qib, amal qilinsa oqibat yanada xayrli bo’lar.

Keyingi yillarda «Odam savdosi» deb atalgan jinoyat turi yuzaga keldi. Ya’ni, qullikning yangi ko’rinishi yaratildi. Bunda erlar qul kabi ishlatilsa, qiz- juvonlar fohishalikka tortiladilar. Xorijga borib fohishalik qilib kelganlar afsuslanib «meni aldab olib ketishdi», deyishyapti, o’zlarini oqlashyapti. Bunga ko’pam ishonmayman. Axir ular konfet berib qo’llaridan yetaklasa, indamay ketaveradigan kichkina qizaloq emas-ku! Millat nomini bulg’ayotganlari uchun men bundaylardan nafratlanaman! Shunaqa fohishalardan biri Moskva televideniesida Injildan misol qilib gapirib: «Sen o’zingni o’zing kechira olsang, Parvardigor ham kechiradi», deydi. Vo, ajab! Bular Injilni ham bilishadi- ya!!

Yevropada xavfsizlik va hamkorlik tashkiloti ma’lumotiga ko’ra, MDH, Markaziy va Sharqiy Yevropa mamlakatlaridan G’arbiy Yevropa va AQShga bir yilda bir millionga yaqin qiz- juvonlar «eksport» qilinar ekan. Italiyalik ekspert Gianpiero Kofano o’z mamlakatidagi fohishabozlik muammosini tahlil qila turib, deydi: «Men bir siyosatchidan nega mamlakatdagi noqonuniy inson savdolariga qarshi dastur bilan chiqmaysiz?» — deb so’radim. U esa: «Hozir Italiyada o’n millionga yaqin er xorijlik fohishalar xizmatidan foydalanadi. Men saylovlarda o’n million ovozni o’zimga qarshi qo’yishni istamayman», — deb javob berdi». Bu holatga izohning hojati yo’qdir?

Bir yigit fohisha bilan savdolasha turib: «Yaqinda uylanaman, shungacha o’zimni sinab olay (aniqrog’i: «Praktika» qilib olay»), debdi. Qarang, nikohning muqaddas chimildig’iga pok holda kirmay, buzuqlik balchig’iga belanib kirishni unga kim o’rgatdi ekan?! Ehtimol, ko’p yoshlarimiz Nur surasidagi bu oyati karimani bilmaslar: «Zinokor er faqat zinokor yoki mushrika ayolga nikohlanur. Zinokor ayolga faqat zinokor yoki mushrik er nikohlanur. Bu mo’minlarga harom qilinmishdir». Azizlar, buni bilmagan yoshlarga albatta bildirib qo’ying. Mazkur oyatga ko’ra, « praktika» qilgan yigit zinokordir va unga o’zi kabi buzuq ayol mosdir. Agar Yevropaga qarasak, mazkur oyatning amaldagi ko’rinishiga guvoh bo’lamiz. U tomonlarda bokira qiz bilan pokiza yigitning nikohi kamyob hodisa bo’lib qolgan. Kuyov va kelin nikohga qadar zino qilganlar va bu jihatdan bir- birlariga mos.

Saodat asrida Rasululloh (s.a.v.) as’hob ila suhbatda edilar. Bir yigit kirib kelib, odobsizlik bilan:

— YO Rasulalloh, men falonchi ayol bilan yaqinlashmoqchiman, u bilan zino qilmoq istayman, — dedi.

As’hobi kirom bu muomaladan ranjidilar. Ular orasida g’azablanganlar, hayosiz yigitni urib-surib Payg’ambarimiz (s.a.v.) huzurlaridan chiqarib tashlashni qasd qilganlar ham bo’ldi. Ba’zilari esa do’q qildilar. Suyukli Payg’ambarimiz (s.a.v.) g’azabdagilarni tiydilar, «Yigitga tegmang, beri kelsin», dedilar. Yigit yaqin kelib, tiz cho’kib o’tirdi. Payg’ambarimiz (s.a.v.) uning tizzasiga o’zlarining muborak tizzalarini tekkizib o’tirdilar va dedilar:

— Yigit, birovning onang ila bunday yomon ish qilishini istaysanmi? Bu jirkanch harakat senga xush keladimi?

Yigit shiddat bilan: «Yo’q, Rasulalloh!» deb xitob qildi.

Yana dedilar:
— Unday bo’lsa, bu jirkanch ishni qilganing ayolning avlodlari, yaqinlari ham bundan quvonmaydilar. Agar bu xunuk ishni sening onang, singlingga qilsalar yaxshimi? Yoki xolang, ammang yoki qarindoshlaringdan biri ila shu ishni istasalar yaxshi ko’rasanmi?

Bu savoldan so’ng yigit o’rnidan sapchib turib ketib: «Yo’q!» — deb baqirib yubordi. Rasululloh (s.a.v.) dedilar:

— Boshqa odamlar ham bu ishdan xursand bo’lmaydilar va hech biri buni yaxshi ko’rmaydi. Ayt, singlingga shunday qilsalar suyunasanmi?
— Yo’q, aslo!

Shundan keyin hazrat Payg’ambarimiz muborak qo’llarini yigitning ko’kragiga qo’yib bunday duo qildilar:
— Allohim! Sen bu yigitning qalbini pokiza qil. Nomusi va sharafini muhofaza ayla va gunohlarini kechir.

Yigit Rasululloh (s.a.v.) huzurlaridan quvongan holda chiqdi.

Qarang, azizlar, Rasullulohning (s.a.v.) bu irshodlarida bizlar uchun qanday go’zal misol bor! Rasululloh (s.a.v.) yana: «Xotinlaringizning nomusli bo’lishini istasangiz, boshqalarning xotinlariga yomon ko’z bilan boqmangiz», deb amr etganlar. Birovning nomusini qadrlamagan kimsada nomus yo’qdir. Nomusli odam boshqalarning nomusini ham muqaddas deb biladi. Hech kimsaning nomusiga yomon ko’z bilan olayib qaramaslik kerak. Aqlli odam bo’lmoq lozim. Nomussizlik inson aqlini yo’qotadi. Insonni to’g’ri yo’ldan adashtiradi.

«Ko’p hollarda inson shahvatga bo’yin egadi. Aql o’z idorasini unga topshiradi. Natijada, shahvat quturib, buzuqliklarga boshlaydi. Riyozat bilan shahvatni mo»tadillikka o’rgatish mumkin». G’azzoliy hazratlarining bu fikrlarini ko’p olimlar ma’qullaydilar. Insonning adashishiga undagi shahvat o’tini sabab qilib ko’rsatadilarki, bu masalani chetlab o’tsak bo’lmas. Rasululloh (s.a.v.) dedilar: «Sizdan eng xavotirlanib qo’rqqan narsam — qorinlaringizdan va belingizdan quyida bo’ladigan shahvat va fitnalardir».

«Men sizlarning ayollar fitnasiga uchishingizdan ko’proq xavotirdaman, — dedilar Muoz ibn Jabal ( r.a.). — Ular oltin va kumush bilaguzuklar taqib, Shom va Yamanning yupqa, bezakvor ko’ylaklarini kiyib, boyni charchatib qo’yurlar, kambag’alni esa topolmagan narsalarini topishga majbur eturlar».

Abu Yahyo Varroq debdilarki: «Kimki a’zolarini shahvatlar bilan to’ldirsa, bilsinki, qalbiga afsus va nadomat urug’ini ekkan bo’ladi». Chunki eng yomon qullik — shahvat qulligidir. «Non bo’laturib, yana qo’shimcha yeguliklarni istash shahvatdir, — deydilar Vahib ibn Vard. — Kimki dunyo shahvatlarini sevsa, xorlikka hozirligini ko’raversin». «Jannatga mushtoq kishi bu dunyoda shahvatlarini unutadi», deydilar hazrati Ali ibn Abu Tolib (r.a.).

Ibrohim Xavos bunday hikoya qiladilar:

«Bir kuni Lukom tog’ida hosilga kirgan anorlarni ko’rib qoldim. Yegim kelib, bittasini uzdim. Yorib qarasam, anor hali xom ekan, tashlab yubordim. Shunda chekkaroqda och va yupun holda yotgan, ustida pashshayu arilar g’ujg’on o’ynayotgan bir odamga ko’zim tushib, salom berdim. «Va alaykum assalom, ey Ibrohim», — dedi u.

— Meni qaerdan taniysan? — deb so’radim.
— Ulug’ va qudratli Zotni tanigan odamga hech narsadan xavf yo’q, — deb javob berdi.

— Senda ulug’ va qudratli Zotga suyukli bir holni ko’ryapman. Alloh taolo seni arilardan himoya qilishini nega so’ramayapsan?
— Men ham senda Alloh taologa suyukli bir holni ko’ryapman. Nega Alloh taolodan anorga bo’lgan shahvatdan seni tiyishni so’ramading? Axir, anorning « chaqishi» arining nishidan shiddatliroq- ku! Negaki, arining chaqishidan yetgan og’riq bu dunyoda tugaydi, anorniki esa oxiratda ham davom etadi, — dedi u».

«Shahvat» deyilganda faqat jinsiy munosabatga aloqador tushunchalar emas, balki dunyoga bog’liq barcha istak va ishtahalar nazarda tutiladi. So’z ko’proq kadxudolik (uylanganlik, uy-ro’zg’or egasi) rag’bati, jinsiy aloqaga rag’bat ma’nosida ishlatila-di. «Shahvati nafsoniy» — «nafs shahvati» demakdir. «Shahvatparast — nafsg’a zerdast», deydilar Navoiy hazratlari.

Bayt:
G’azabda sabu’ (vahshiy), shahvat ichra bahim (hayvon),
Agarchi erur odamizoda shayx.

Ko’zlar faqat go’zal narsalarga nazar tashlashga qanchalik odatlanmasin, nigohni halol bo’lmagan narsalarga qarashdan tiyolmaydi. Boshqa shahvatlar ham shunga o’xshaydi. Halolni istashi mumkin bo’lgan a’zoning ayni o’zi haromni ham xohlashi mumkin. Shahvat, ya’ni istak bir xildir. Bandaning vazifasi shahvatni haromdan tiyish. Kimki shahvatni zarurat chegarasida yurishga o’rgatmasa, shahvat undan g’olib keladi. Bu mubohot (ya’ni, ruxsat bor, deb har qanday amalni qilaverish) ofatlaridan biri bo’lib, uning ortida bundan ham kattaroq balolar bor. Bu balolardan biri — nafsning dunyodan lazzat olib, xursand bo’lishi, dunyoga suyanib qolishi, dunyo bilan gerdayib, o’zini xotirjam tutishi. Bunday odam go’yo kayfi tarqamayotgan mastga o’xshaydi. Mol- dunyoga quvonish shunday halokatli zaharki, uning yo’li tomirlarda. Bunday «quvonch» bilan zaharlangan qalbni Alloh taolo g’azabidan qo’rqish hissi, oxirat g’ami, o’lim qayg’usi, Qiyomatning dahshatli manzaralari tark etadi. Bu esa qalbning halokatidan dalolat.

G’azzoliy hazratlari dedilarki, shahvat — tabiiy zarurat. Uning yaratilishidan muayyan foyda ko’zlangan. Agar taomga bo’lgan ishtaha butunlay so’nsa, inson halokatga yuz tutadi. Agar shahvoniy istak kesilsa, nasl qirqiladi.

Modomiki, inson tabiatida shahvat mavjud ekan, albatta, mol-dunyoga muhabbat yo’qolmaydi. Bu muhabbat o’z navbatida insonni yanada ko’proq shahvatga yetaklay-di. Hatto mol-dunyo to’plashga undaydi. Maqsad — bu tuyg’ularni batamom yo’q qilish emas, balki ularni mo»tadil bir o’zanga burish. (Shahvat quvvatining go’zal va mo»tadil bo’lishidan iffat hosil bo’ladikim, bu haqda yana so’z yuritarmiz, insha Alloh.) Shahvat bamisoli ovga miniladigan ot. Ba’zan tarbiya ko’rgan — yuvosh, ba’zan asov va qaysar… Agar shahvat mo»tadil holatdan oshsa — ochko’zlik, pasaysa — faoliyatsizlik boshlanadi.

Shahvat quvvatining go’zal va munosib shaklda bo’lishi hikmat taqozosi ostida, ya’ni shariat va aql ko’rsatmasi doirasida bo’lishi bilan belgilanadi. Iso alayhissalom aytdilar: «Ko’z ko’rmagan, g’oyibda va’da qilingan narsa uchun shunday yonidagi shahvatni tark qilgan kishi qanday go’zal!» Zero, tan go’zalligiga shaydolik shahvatga, din go’zalligiga shaydolik haqiqatga eltadi. Kishi xuddi ertaga yoki bir necha soatdan keyin o’ladigan kabi a’zolarini haromdan qo’riqlashi kerak.

Aql egalari qalblarini shod-hurram holatda dunyoga mashg’ul qilish bilan sinaydilar. Shunda ular qalblarini dunyo lazzatlaridan tiyishga, shahvatlardan saqlanishga, sabrga o’rgatadilar. Ular bilishadi, dunyo shahvatlarining haloli uchun hisob, haromi uchun azob, shubhalilari uchun itob (tanbeh) bor va itob ham, aslida, azobning bir turi.

Yovvoyi, vahshiy lochin qo’lga qanday o’rgatilsa, shahvatlar ham shu yo’sinda tarbiya qilinadi. Avvalo lochin qorong’i uyga qamaladi. Havoda uchib yurgan qushlarga tashlanish istagi bosilguncha ko’zlari berkitib qo’yiladi. Shu tarzda lochin o’zining yovvoyi tabiatini unutib, qo’lga o’rgana boradi. Egasini taniydigan bo’ladi, chaqirsa keladi.

Shuningdek, nafs ham to xilvat va uzlat bilan o’zining yovvoyi odatlaridan ozod bo’lmagunicha egasiga do’st bo’lolmaydi. Buning uchun quloq va ko’zni g’iybat, ko’z zinosi kabi yomon odatlardan saqlamoq lozim. So’ngra xilvatda zikr va duo bilan mashg’ul bo’linadi. Asta-sekin nafsning dunyo va boshqa shahvatlar bilan ulfat tutinishi so’nib, buning o’rnini Alloh taoloning zikriga muhabbat egallaydi. Boshlanishida bu holat kishiga og’ir kelganday tuyuladi. Keyinroqqa borib bamisoli ona ko’kragidan ajratilgan go’dak kabi lazzat ola boshlaydi. Bilasiz, bolani ko’krakdan ajratish qiyin. Ko’krakni qo’msaydi, talpinadi, yig’laydi. Eng totli taomdan ham yuz o’giradi. Lekin bu hol uni charchatadi, ochlik g’olib keladi va taomni majburan yeydi. Bora-bora taom yeyish uning tabiatiga aylanadi. Shundan so’ng bolaga ko’krak tutilsa, yuz buradi.

Miniladigan hayvon ham boshida egardan, jilovdan qochadi. Majburan bog’lab qo’yib, uni egar-jabduqqa o’rgatiladi. O’rganganidan keyin esa jilov va arqonsiz ham joyida turaveradigan bo’ladi. Nafs ham qush va hayvon kabi tarbiyalanadi. Nafs tarbiyasi, avvalgi suhbatlarda fikrlashganimizdek, dunyo ne’matiga, umuman, o’lim kelishi bilan yo’q bo’lib ketadigan har qanday narsaga nazar qilish, uni do’st tutish, undan shodlanish kabi illatlardan saqlanish bilan amalga oshiriladi.

Mavzuni aqlimiz yetganicha yakunlab, duoga qo’l ochishdan oldin sizga, ayniqsa, yoshlarimizga aytadigan yana bir gapimiz bor: yaramas, buzuq ishlarning eshiklari sanoqsizdir. Hushyorlik, sezgirlikni sira ham qo’ldan bermang. Ehtiyotkorlik bilan harakat qilmasangiz, buzuq yo’llarga kirib ketganingizni o’zingiz ham sezmay qolasiz. Ehtiyotsizlik — shaytonga asir bo’lishdir!

Endi duo qilaylik:

— YO Alloh! Bizlarni Seni ko’p zikr kiluvchi, Senga ko’p shukr kiluvchi, Sendan ko’p ko’rkuvchi, Senga ko’p itoat etuvchi, ko’p bo’ysunuvchi va ko’p tavba kilib, nomus ila yashovchi kil. Qalbimizni hidoyat kil. Qalbidan nomussizlikka o’rin bergan bandalaringni shayton yo’lidan kutkar. Shayton hiylalari ustidan barchalarimizga nusrat-g’alaba ber. YO Alloh, sendan poklik va nomus so’raymiz. Nomussizlik kilishdan Sendan panoh tilaymiz. YO Alloh, bizlarni panohingda nomusimiz ila sakla va benomuslik tufayli el aro sharmanda bo’lib kolishdan asra! Omiyn, ya Rab al-olamiyn.

Manba: olam.uz

099

(Tashriflar: umumiy 334, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring