Annemariye Shimmel. So’fiy ayollar

045       Машҳур олмон исломшуноси ва шарқшуноси, филология фанлари доктори, профессор Аннемарие Бригитта Шиммел хоним Ислом дини ва шарқ суфизмининг Европадаги энг етук мутахассисидир. Америка ва Ҳиндистон, Европа ва Яқин Шарқ мамлакатларидаги олимлар Шиммел хонимнинг номини жуда яхши биладилар. Унинг асарларига ҳурмат билан қарайдилар ва олимани ўзларининг устозлари деб ҳисоблайдилар. Шиммел хоним умуман Ислом динига тааллуқли мавзуларда 120 тадан ортиқ асар яратган. «Жонон менинг жонимда» асари хонимнинг энг гўзал, энг сара асарларидан биридир.Сизнинг назарингизга мазкур китобнинг “Сўфий аёллар” бобини ҳавола этамиз.


Аннемарие Шиммел
СЎФИЙ АЁЛЛАР
Немис тилидан Йўлдош Парда таржимаси
045

Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи вассаллам дорилбақога рихлат қилганларидан кейин ҳозирги кунларгача бўлган давр ичида Ислом оламида хотин-қизларнинг аҳволи хоҳ ижтимоий, хоҳ сиёсий маънода бўлсин сезиларли даражада чигаллашгани, оғирлашгани ҳеч кимга сир эмас, аммо сўфизмда бунинг бутунлай тескариси. Сўфизмда аёллар жуда муҳим ўрин тутишган, уларнинг мавқеи тобора ошиб бормоқда. Сўфизм, яъни исломий мистика Пайғамбар алайҳиссалом вафотидан тахминан юз йилча кейин, 8-аср бошларида вужудга келиб, ривожлана бошлади. Аввал бошда у соф таркидунёчилик (зоҳидлик) ҳаракати бўлиб, мусулмонларнинг кундан-кунга кучайиб бораётган дунёвийлигига қарши туришга, уларга диний бурч ҳамда вазифаларини эслатиб туришга каратилган, чунки ўша даврларда ислом империяси жадаллик билан тўхтовсиз равишда кенгайиб бормоқда эди. Бу эса, ўз-ўзидан маълумки, таъсир ва акс таъсир ҳодисасига сабаб бўлади, яъни мусулмонлар ўзлари забт этган ўлкаларга Ислом дини билан таъсир кўрсатишса, шу ўлкаларда амалда бўлган динлар ҳам Исломга маълум маънода акс таъсир кўрсатар, унинг салоҳиятини пасайишга олиб келарди. Ислом аскарлари Қуръони карим ва Ҳадиси шарифлардаги йўл-йўриқлар билан бир каторда ўзлари забт этган ўлкалардаги ақидаларга ҳам маълум маънода амал қила бошладилар. 711 йилда мусулмонлар Африка билан Европа қитъасини ажратиб турган бўғозни кечиб ўтдилар (бўғоз соҳилидаги тоғ ҳозирги кунларда ҳам ўз забткорининг номидадир: Гибральтар — Жабал ат-Ториқ, яъни Ториқнинг тоғи). Ўша йилнинг ўзидаёқ қўшиннинг бош қисмлари Синдга, Ҳиндистоннинг қуйи воҳасига, яъни ҳозирги Покистоннинг жанубий қисмига кириб бордилар. Қўшиннинг бошқа қисми Окуз (Амударё)дан ўтиб Ўрта Осиёни эгаллади.

Зоҳидлар эса қалб оламини, юрак дунёсини забт этишга ҳаракат қилардилар. Ислом сўфизмининг ибтидоси Робийа ал-Адавиййа ёки Басралик Робийа (Басра Робийанинг она шаҳри)нинг номи билан боғлиқ. У дунёнинг барча лаззатларидан воз кечишга ундайдиган таркидунёчиликнинг чинакам ишқ, яъни Аллоҳнинг ишқи билан яшашга ундайдиган сўфизмга айланишида асосий, ҳал этувчи рол ўйнаган аёлдир.

Ривоят қилишларича, бир куни художўй сўфий аёл — Робийа бир қўлида бир челак сув, иккинчи қўлида ёниб турган машъала кўтарганча Басра кўчаларидан югуриб ўтаётган экан. Йўловчилар ҳайрон бўлиб ундан сўрашибди:
— Бунчалар шошилиб қайларга йўл тутдинг, эй Робийа?

Робийа қўлидаги челакка ишора қилибди:
— Дўзахдаги ўтни ўчирмоқчиман.

Йўловчилар ёқаларини тутиб, «астағфируллох» деганча, сўрашибди:
— У холда қўлингдаги машъала нечун?
— Бу машъала билан жаннатга ўт қўймоқчиман.

Йўловчиларнинг юзларидан қони қочиб қичқиришибди:
— Аллоҳдан мағфират сўраб илтижо қил, эй бадбахт аёл, акс ҳолда кофир қавмлардан бўлиб қоласан.

— Йўқ, азизларим, сизлар мени нотўғри тушундинглар. Мен кофир эмасман, Аллоҳ таоло билан бандалар ўртасидаги бу икки пардани йўқотмоқчиман холос, то ким бандалар Аллоҳ таолога дўзах ўтларида куйишдан қўркишгани ёки жаннат иқболидан умидвор бўлишгани учун эмас, балки Унинг Аллоҳ эканлиги, Биру Борлиги ва Боқий гўзаллиги учун ибодат қилишсин.

Бу ривоят тилдан тилга кўчиб, насроний дунёсига ҳам кириб келди. Уни фаранглар қироли Людвиг тўққизинчининг вакили Жонгвиил ғарбга олиб келган дейишади. 1584 йил 3 ноябрда Парижда туғилиб, 1652 йил 26 апрелда ўша ерда вафот этган француз руҳонийси ва ёзувчиси, квиетизм намоёндаси Жан Пиер Камю ўзининг «Шафқат ҳамширалари» китобида шу ривоятни ҳам санаб ўтади. Китобда шарқона кийинган, бир қўлида челак, бир қўлида машъал кўтарган аёл сурати хам берилган. Сурат тепасида иврит ҳарфлари билан «ЙҲВҲ» яъни «Йеҳоваҳ» (Худо) деб ёзилган. Бундан ривоят Шарққа мансублиги англашилади. Бундан ташқари, Европа адабиётида ушбу ривоятнинг кўпгина бошка шакллари ҳам мавжуд.

Басралик озод этилган қул аёл Робийа ҳакидаги ривоятлар сон-саноқсиз, чунки Басра мозийда кўплаб сўфийларнинг макони бўлган. 728 йилда вафот этган машҳур тақводор олим, сўфий Ҳасан ал-Басрий тўғрисидаги ривоятларда ҳам Робийанинг номи тилга олинади. Ислом оламининг машҳур солномачилари 6у аёлнинг ҳаёт йўлини аниқ тасвирлаб беришган, чунки у инсоний баркамолликда «кўплаб эркаклардан устунроқ бўлган».

098Муҳаммад Зеҳний ўзининг машҳур аёллар тўғрисидаги «Машоҳир ан нисо» асарида Робийани «эркаклар бошидаги олтин тож», деб тасвирлайди. Шу сабабдан ҳозирги кунларда ҳам ўзининг художўйлиги, тақводорлиги билан машҳур бўлган аёллар «иккинчи Робийа» деб тасвирланади. Робийа тўғрисидаги ривоятларда унинг жуда кўп мўъжизалар кўрсатгани ҳам тилга олинади. Айтишларича, қоронғу тунларда унинг бармоқлари чироқ каби нур таратар экан. Ҳаж сафарига отланганида эса Каъбатуллоҳ унга пешвоз чиқар экан. (Ўз-ўзидан маълумки, Каъбатуллоҳ ўрнидан кўчиб, Робийа ҳузурига пешвоз чиққанда, ҳажга келган бошқа сўфийлар уни тополмай анча сарсон- саргардон бўлишган*.(*Бу хусусда Алишер Навоийнинг ҳам ривояти мавжудлигини эслатаман (Хуршид Даврон изоҳи)

Робийа кўпгина дунёвий ришталарни, айниқса никоҳни (у турмушга чиқмаган) рад этиб, жойнамозида ўтирганча ҳавода учиб юра олган дейишади. Гўзал бахор кунларидан бирида у хонасида шогирд қизларидан бири билан ўтираркан боққа назар ташлайди ва Аллоҳ таоло яратиб қўйган гулларнинг жамолига мафтун бўлиб, шундай дейди: «Аллоҳ таолонинг гўзаллиги ботиндадир, ташқи гўзаллик эса ички гўзалликнинг акс этишидир».

Мавлоно Жалолиддин Румий бу гапларни нотаниш бир сўфийга нисбат бериб,ўзининг «Маснавий» (Мас.1У.1518)ларида ишлатган. Ҳазрат Фаридуддин Аттор эса ўзининг «Илоҳийнома»сида (XXII) Аллоҳ таолонинг нури тўғрисида сўз юритаркан, шундай ёзади: «У (нур) бир дақиқа кекса бир кампир устига тушса бўлди, уни Робийадек улуғ бир зотга айлантиради».

Шу асарнинг ўзида (XV) Аттор Робийанинг бечораҳоллиги, дунё лаззатларига кўп эътибор бермаслиги, синов-имтиҳонларга берган бардошини шундай тасвирлайди:

Дейдилар: Аллоҳга дилбаста, дилдор,
Робийа бир ҳафта туз тотмади ҳеч.
Ҳаттоки сув ичмай, юрди рўзадор,
Бўлди намоз билан машғул эрта-кеч.

Ниҳоят кўрсатиб очлик ўз кучин,
Робийа йиқилай деганда беҳол,
Қўшни хотин чиди гаплашмоқ учун,
Бир коса суюқ ош кўтариб алҳол.

У кетгач Робийа судралиб, мункиб
Чироқ келтириш-чун уйга кирган дам,
Мушуклар овқатни кетдилар тўкиб,
Бу қандай кўргулик, бу қандай ситам.

Яна уйга кирди Робийа дилхун,
Сув ичиб рўзани очиш-чун, ҳайҳот.
Кўза қўлдан туишб, бўлди чилпарчин,
Ерга сингиб кетди ул оби ҳаёт.

Шунда чекди Биби оташин бир оҳ,
Бир оҳки, оламни ёқишга қодир.
«Танҳо Биру Борим, Ёлғизим, Аллоҳ,
Мен бир муштипардан истагинг надир?

Ишқингда вужудим ҳорғин ва бетоб,
Бу ҳолга чек борми, эй Ёри Азиз?
Кўкдан нидо келди: Хоҳласанг шу тоб,
Дунёни пойингга чўктирурман тиз.

Ва лекин мени деб чекканинг ситам,
Дардлардан мосуво этарман буткул.
Фоний дунё ва Ёр ишқига, санам,
Бир йўла ошиён бўлолмас бир дил.

Ошиқ ишқ йўлида дард чекиб ҳар он,
Тарк этар дунёни бесўз, бесўроқ.
Дунё ишқи бир ён, Ёр ишқи бир ён,
Осонмас чинакам Ёрга етишмоқ..

Кўриниб турибдики, бу мисраларда ошиқнинг ишқ йўлида чеккан дарду аламлари, изтиробларига алоҳида урғу берилмоқда, зеро ситам чекмай, қийинчиликларга бардош бермай висолга етишиб бўлмайди. Енгил-елпи қозонилган ғалаба, эришилган висол қадрсиздир. Ҳиндистондаги Чиштийа силсиласи раҳнамоси, асли моварауннаҳрлик бўлган Қутбиддин Бахтиёр Кокий 1235 йилда бу тўғрида шундай деб ёзганди:

«Бошига кутилмаган дарду ғамлар тушган куни у «хайрият, дўстим (Аллоҳ) бугун мени эсга олди, мен ҳақимда ўйлади», деб ўзида йўқ даражада шодланиб юрарди. Кунлари осойишта ўтиб, бошига ҳеч қандай кулфат тушмаганда эса, кўзёш тўкиб, фиғон чекарди:

«Қандай бир нотўғри иш қилдим-ки, у (Аллоҳ) бугун мени эсга олмади».

Бироқ ўзини Аллоҳ ишқига бахшида этган аёл ёлғиз Робийа эмасди, бундай художўй сўфий аёллар тўғрисида тарихда бир талай маълумотлар бор. Муҳаммад Мустафо саллоллоҳу алайҳи вассалламнинг қариндошларидан бири Умм Ҳарам исмлик аёл шулардан биридир. Бу бокира аёл ўзини Аллоҳ йўлига бахшида этиб, мусулмонларнинг кипрликларга қарши олиб борган жангларида ҳамширалик қилган ва ҳижрий 27 йилда (649) жанг пайтида шаҳид бўлган. Сўфийларнинг қарийб барча китобчаларида кунларини рўза тутиш ва йиғи-сиғи ҳамда тунларини намоз ўқиб ўтказган илк сўфий аёлларнинг рўйхати ва қисқача ёки тўлиқ таржимаи ҳоли берилган.

Маргарет Смит ўзининг классик асари бўлмиш «Исломда Робийа ва бошқа сўфий авлиёлар сиймоси» китобида илк ислом даврининг бир қатор таниқли сиймолари тўғрисида маълумот беради. Улар орасида Робийанинг дугонаси, орзиқишларда (экстаз) жон таслим этган Марийам ал-Басрийа тўғрисидаги хабарга ҳам дуч келамиз. Замондош турк шоираси Лаъли Мюлдюр ушбу мисраларни ўша сўфий аёлга бағишлган:

Басралик Марийам, ул гўзал хилқат,
Тун-кун Робийага қиларди хизмат.

Ногаҳон илоҳий ишқни у англаб,
Ҳушдан кетди, «Аллоҳ» дея шивирлаб.

Зикр этпиб Аллоҳнинг номини ҳар он,
Муҳаббат ўтида таслим этди жон.

Шундай, чин ошиқлар ўхшар ёмғирга:
Дон бўлиб унишар, ерга тушсалар,
Дурга айланишар, тушиб баҳрга…

Рўйхатда йиғлай-йиғлай кўзлари кўр бўлиб қолган Баҳрия ал Маузулийанинг ҳам номи бор, зеро зоҳирий кўрлик илоҳий маъшуқни ботиний, яъни кўнгил кўзлари ила кўришга имкон яратади.Кўзлар кўр бўлгач кўрувчи ва кўрилувчи орасида тўсиқ, парда йўқолади. Донишмандлар айтганидек (Бу ерда Мавлоно Жалолиддин Румий назарда тутилмоқда.Х.Д.изоҳи.), Кўзни юмгил, кўзга айлансин кўнгил.

Райҳона ал-Валийа исмлик сўфий аёл эса узлуксиз равишда ўзини йўқотиш даражасидаги ҳаяжон, завқланиш (экстаз) ҳолатида бўлган. Ёзишларича, бундай ҳолатга тушган кўпчилик сўфий аёллар ўша даврларда ҳибсга олиниб, жиннихоналарга ташланган, чунки уларнинг қалбига жойлашган илоҳий муҳаббат баҳор чоғларида кўпириб, тўлқинланиб, қирғоқларидан тошиб оқадиган асов дарёдек бўлгани учун жамиятда қабул қилинган одоб қоидаларига бўйсунолмай қолишган.

Қалбида ёлғиз Аллоҳ ишқи ошиён қурган бундай тақводор сўфий аёллар тарихда албатта жуда кўп бўлган, аммо фақат баъзиларининггина номлари тарихда сақланиб қолган. Улар Робийага ўхшаб кичик-кичик қўшиқлар ижро эташган. Бу қўшиқлар бадиий санъат асари даражасига кўтарилмаган бўлса-да уларни бемалол диний-мистик лириканинг илк ғунчалари деб аташ мумкин.Кейинги асрларда улар ошиқ сўфийларнинг кундалик машғулотига айландилар. Суриялик Робийа аш-Шамийа шундай куйлар экан:

«Ёримга тенг келмас бошқа ҳеч бир ёр,
Кўнглимни забт этган танҳо Биру Бор.
Гарчи у вужудим, кўзимдан йироқ,
Кетмайди у менинг кўнглимдан йироқ*.

Абдураҳмон Жомий ўз асарларидан бирида сўфий аёлларнинг қуйидаги мисраларини мисол қилиб келтиради:

*Чин ошиқлар бу дунёдан бемор ўтурлар,
Кўп дард чекиб, ишқ оғриғин зўр малҳам билиб.
Ёр ҳажрида девонаваш, зор-зор ўтурлар,
Ва бир куни кетишурлар ёрга қўшилиб.

Бу мисралар муаллифининг фикри Амат ал-Жалилнинг қуйида эътиборингизга ҳавола этилаётган фикрига ҳамоҳангдир:
«Авлиёсифат табаррук зотлар бирор дақиқа бўлса-да,бошқа ишлар билан машғул бўлмайдилар. Улар доимо Аллоҳ ёди билан банддирлар. Авлиёлар бошқа ишлар билан ҳам шуғулланади деган киши бекор айтибди».

Илк сўфий аёллар ичида ўзининг жуда кўп кўзёш тўкиши ила машҳур бўлган Шавона исмли аёл сиймоси алоҳида эътиборга моликдир. Улуғ сўфийлардан бири бўлмиш Фузаил ибн Ийад (803 йилда вафот этган) ҳам Шавонадан «мени бир дуо қилиб қўйинг!» деб илтимос қилган экан. Тақводор сўфий Башир ал-Кофий, (тахаллуси «Ялангоёқ»,841 йилда вафот этган) ва улкан муҳаддис олим Аҳмад ибн Ҳанбал (855 йилда вафот этган)лар эса Амина ар-Рамлийа исмли сўфий аёлнинг дуолари шарофатидан дўзахийликдан омон қолишган. Имом Ғаззолий Шавона ҳақида ёзаркан, ушбу воқеани мисол қилиб келтиради: «Ривоят қилишларича, Шавона вафот этгач, дугоналаридан бири уни тушида кўради. Тушда Шавона бир қанча ҳурлар билан келиб,дугонасига шундай дейди: «Қалбинг доим ғамзада бўлсин. Аллоҳ ишқини фоний дунё ҳою ҳавасларидан юқори тут. Шунда то жон таслим қилгунингча сенга ҳеч зарар етмайди». Ўлим ва боқий дунсни тез-тез ёд этиб туриш илк сўфий аёлларга хос хусусиятдир. Шулардан бири бўлмиш Муаззам Басрадаги анъаналарга мувофиқ «вафот этгач то рўзи машҳарга бўлган даврдаги қабр уйқуси етиб ортади» деган ғояни илгари суриб, иложи борича уйқудан воз кечишга, тунларини намоз ўқиб бедор ўтказишга ҳаракат қилар экан.

Художўй, тақводор аёлларга Аллоҳ таоло юксак мавқелар ҳадя этиши ажабланарли ҳол эмас. Бағдодлик сўфий Сари ас-Соқотий (867 йилда вафот этган)нинг шогирдларидан бири бўлмиш сўфий аёл тўғрисида шундай ривоят бор: «Бир куни Соқотий у аёлга «ўғлинг чўкиб ўлибди» деган хабарни етказади. Аёл эса анъаналарга хилоф равишда устознинг гапига ишонмайди. Чиндан ҳам тез орада аёлнинг ўғли тирик эканлиги маълум бўлади. «Қани айт-чи, устознинг гапига нима учун ишонмадинг?» деган саволга у «Ўғлимнинг чўкиб кетганлиги  тўғрисида менга ғойибдан ҳеч қандай хабар келмаганди», деб жавоб қилади». Ҳақиқатан ҳам ўзини Аллоҳ йўлига бахшида этган кишиларга ғойибдан уларга тегишли барча хабарлар етказилиб туриларкан.

Қуйидаги ривоятдан эса баъзи сўфий аёлларнинг Робийа ал-Адавиййага тақлид қилиб, дунёдан тоқ ўтишмагани, балки турмуш қуриб, никоҳда умр кечиришгани маълум бўлади.Турмуш қуриб,эр-хотин бўлиб яшаган сўфий аёллар ичида ярк этиб кўзга ташланадигани  Робийадан ярим аср кейин яшаган, (849 йилда вафот этган) нишопурлик Фотимадир.У таниқли сўфий Аҳмад Қидруйа (854 йилда вафот этган) билан турмуш қурган ва сўфийлик сўқмоқларида тез-тез унга раҳнамолик қилган. Ривоят қилишларича, Фотима ўз даврининг етук сўфий раҳнамолари билан мулоқатда бўлган. Мисрлик муршиди офоқ Зуннун (859 йилда вафот этган) билан хат ёзишиб турган. Айтишларича, бир вақт Зуннун «аёлларнинг туҳфасига зор эмасман» деган маънода Фотима жўнатган туҳфани олишдан бош тортади. Шунда Фотима Зуннунга танбеҳ бериб, шундай мактуб ёзади:

«Аёл киши жўнатган туҳфани олмайман деб туҳфамни рад этибсиз. Аёл киши воситасидами, эркак киши воситасидами, аммо асосий туҳфа қилгувчи Зот Аллоҳ таоло эканини унутдингизми?»

Зуннун 6у аёлнинг билимига, Қуръони каримнинг чуқур маъноларини ҳам аъло даражада тушунишига қойил қолган дейишади. (Зеро, Зуннуннинг таълим-тарбияга оид ҳикояларида Аллоҳ таоло ишқи билан маст бир аёл ёки қиз образи тез-тез учраб туради). Зуннун ундан нафақат наботот ва ҳайвонот оламининг, балки барча тирик ва ўлик мавжудотларнинг Аллоҳга саловот айтаётганлигини қандай англаб олиш сирларини ўрганади. Доно Фотима машҳур сўфийлардан бири бўлмиш Боязид Бистомий (874 йилда вафот этган) билан ҳам паранжи ёпинмасдан мулоқотда бўлган дейишади. Аммо бир куни Бистомий аёлнинг гўзал холига, бошқа бир ривоятда айтилишича эса хино қўйилган бармоқларига тикилиб қолади. Шунда аёл сўфий билан алоқани бутунлай узиб кетади, чунки энди фақат соф руҳий мулоқотда бўлишнинг иложи қолмаганди. Бунинг ҳақиқатга қанчалар мос келишини аниқлаш жуда қийин,зеро руҳий дўстлик ришталарининг «дунёвий» бир боқиш ила узилиб кетиши мавзуси агиографияда (авлиёсифат кишиларнинг таржимаи ҳоллари билан шуғулланувчи фан) камдан- кам учрайдиган ҳол эмас. Шу маънода сўфий Аҳмад ибн Абул Ҳаворийнинг (851 йилда вафот этган) рафиқаси Робийа бинт Исмоил ҳақида икки оғиз сўз айтмасдан бўлмайди. Биринчи эри вафот этгач бу аёл эридан қолган мерос ва ўзи ишлаб топган пулларни савобли ишларга ишлатиш учун юқорида номи зикр этилган сўфийга турмушга чикади ва у билан жинсий эмас, балки фақат руҳий никоҳда бўлади. Умрини асосан намоз ўқиш, рўза туташ билан ўтказади ҳамда Аҳмад ва унинг бошқа хотинларига ғамхўрлик қилади. Зеро, унинг ўзи бир куни Аҳмадга «мен сени эр сифатида эмас, балки ака сифатида яхши кўраман», дейди. Ривоят килишларича, Рабаҳ ал-Қайсийнинг рафиқаси хуфтон намозини ўқигач яхши кийимларини кийиб, эридан «бугун менга зҳтиёжингиз борми?» деб сўраркан. Эрининг эҳтиёжи бўлмаган кунлари у тунни Қуръон тиловати билан машғул бўлиб ўтказаркан.

Баъзи ҳолларда ўта художўй сўфийларга уларнинг жаннатдаги «бўлажак рафиқалари» ҳам кўрсатилган дейишади. Сўфий Абдул Воҳид ибн Саидга (794 йилда вафот этган) унинг жаннатдаги рафиқаси аён этилган. У бир чўпон қиз бўлиб, отарида қўйлар ва бўрилар бир- бирига зарар етказмай, қувлашиб, ўйнаб юришаркан. Шу қиз бу фоний дунёда хайвонлар орасида охирзамонга хос тинчлик барпо эта олгани учун машқур сўфийнинг жаннатдаги рафиқаси бўлиш шарафига муяссар қилинган. (Шу маънода яна бир нарсани таъкидлаб ўтишни истардим: Бир куни тақводор турк олимининг кексароқ бир аёлга қарата «жаннатда сен менинг рафиқам бўласан» деганини ўз қулоғим билан эшитганман).

Улкан теософ (1) олим Ал-Ҳаким ат-Термизийнинг рафиқаси ўта катта эътиборга лойиқ шахслардан бири бўлган.Термизий ўз таржимаи ҳолида ёзишича,у кўрган тушларини рафиқасига сўзлаб бераркан, рафиқаси эса тушларни ва Термизийнинг кўз ўнгида пайдо бўлган  нарсаларни доимо тўғри таъбир қилиб бераркан. Фаришталардан бири бу аёлга «эринг билан сенинг руҳий даражаларинг бир-бирига мутаносиб», деб хабар қилган экан.

Араб классик адабиётида ва кейинчалик форс адабиётида ҳам тез-тез учраб турадиган мавзулардан бири ўз қўшиқларида мистик, сўфиёна ишқни тараннум этган ашулачи қизлар мавзусидир. Машҳур грамматик олим ал-Асмоий бир куни Каъбада ишқий қўшиқ айтаётган бир қизни қаттиқ танқид қилади. Қиз эса унга дарҳол чинакам илоҳий ишк кандай бўлишини тушунтириб қўяди.

Ўша даврларда Куръони каримни ёд олиб, таъсирчан тарзда қироат қила оладиган қўшиқчи қул қизларни гарчи уларни жуда катта пул тўлаб сотиб олишган бўлсалар-да, дарҳол озод қилиб юборишган. 1234 йилда вафот этган ҳазрат Абу Ҳафиз Умар ас-Суҳравардий таъсири остида мусулмон бўлган бир қўшиқчи қиз тўғрисида шундай ривоят қилишади:

Бу қиз Муқаддас Хаж сафаридан қайтгач Ҳамадон ҳокими ҳузурида илоҳий ишқ тўғрисида шунчалар берилиб куйлайдики,ҳоким ва унинг аёнлари ўзларининг йўл қўйган хатоларидан афсусу надоматлар чекишиб, ислом аҳкомларига қатъий амал қила бошлайдилар. Ҳазрат Румийнинг таржимаи ҳолларидан маълумки, «енгилтак қизлар» у зотнинг таъсири остида Ислом динини қабул этиб, сўфиёна ҳаёт кечира бошлашган.

Чамаси,илк даврларда аёллар сўфийларга нафақат халфалик қилишган, балки Қуръон тиловат қилинадиган йиғинлар ва «зикр»ларда ҳам иштирок этишган. 934-йилда вафот этган сўфий ал-Каттонийнинг қизи Фотима ва яна уч эркак «ошиқ» номини олган бағдодлик сўфий  Сумнун ал-Муҳиб билан бирга юксак ҳаяжон ичида зикр тушаётганда кучли орзиқишдан вафот этган деб ривоят қилишади. Бу хабар илк даврларда аёлларнинг бундай давраларда эркаклар билан бир қаторда иштирок этиши одатий ҳол бўлганлигидан далолат беради. Кейинчалик эса сўфий аёлларни жамоага қабул қилишнинг қандайдир оқилона,гап-сўз бўлмайдиган йўлларини топишга уриниб кўп бош қотиришган бўлсалар керак,чунки шариат ва қонунларга кўра ўзига қариндош бўлмаган номаҳрам аёлнинг қўлини ушлашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Баъзи йўналишлар бўйича номаҳрам аёлга кўзи тушган ёки бехосдан баданига қўли тегиб кетган кишининг таҳорати ушалган ҳисобланади ва у намоз ўқиш олдидан қайтадан тахорат олиши керак. Шу сабабдан эркак ва аёл сўфийлар зикр тушишаётганда аввало қўлларини тоза сувга бир ботириб, ювиб олишлари лозим. Аёллар енги узун кийим кийиб олишган ва эркаклар уларнинг енгидан ушлашган.Бунинг иложи бўлмаган пайтларда аёллар қўлларини рўмол билан боғлаб ёки қўлларига иккита таёқ тутиб олишган. Эркаклар уларнинг енгидан ёки рўмол ўралган қўлидан ёинки қўлидаги таёқчадан ушлаб олишган-ки, эркак ва аёлнинг бадани бир-бирига тегмаган.

Аммо илк даврларда бундай нарсаларни арзимас майда-чуйда ҳисоблашиб,кўп ҳам эътибор беришмаган,кўнгли кенглик қилишган кўринади,чунки сўфий устозларнинг(пири муршидларнинг) ҳатто жамоат жойларига ҳам ўз халфалари (хотин-кизлар) билан  борганликлари тўғрисида ёзма маълумотлар бор. Шулардан бирида айтилишича, 945 йилда вафот этган эксцентрик сўфий Абу Бакр аш-Шиблий ўзининг бир халфаси билан бирга сўфий Ҳаллож ёнига бориб, ундан «Сўфийлик нима?» деб сўрайди. Гарчи мавлоно Фаридуддин Аттор ривоят қилган 6у воқеа тарихга умуман мос келмаса-да, яъни у мавлононинг «шундай бўлса нима қилардик?» қабилидаги тахайюлотининг маҳсули бўлса-да, ҳар ҳолда сўфий аёлларнинг илк даврларда ижтимоий ҳаётда анча фаол иштирок этишганини инкор этиб бўлмайди. Аслида Ҳаллож қатл этилганидан кейин унинг синглиси келиб, акасини жасурлиги,яъни «аналҳақ» (мен ҳақман) деган гаплари учун бироз койийди, сўнгра акасининг васиятини амалга ошириб,жонсиз вужудни куйдиради ҳамда кулини Тигер (Дажла) дарёсига (Олдосиёдаги серсув дарё) ташлайди. Ўша куни кечаси Ҳаллож синглисининг тушига кириб, унга ўзининг номутаассиб, яъни илғор (ноортодоксал) хатти-ҳаракатининг сабабини тушунтириб беради. (Ислом дини (рухонияти) тарихида сингилнинг тутган ўрнини ўрганиб чиқиш жуда кўп масалаларни ойдинлаштиришга ёрдам берган бўлурди.

Жоҳилият даврида Арабистонда опа-сингиллар вафот этган ёки жангда ҳалок бўлган акалари учун ёқа йиртиб йиғлаганликлари шарт бўлганидек, сўфизм тарихида ҳам опа-сингиллар жуда муҳим рол ўйнаганлар. Бобурийлар сулоласининг 1659 йилда кофирликда айбланиб, қатл этилган валиаҳд шаҳзодаси Дара Шиқоҳ (Аслида Доро Шукуҳ.Х.Д)нинг опаси малика Жаҳоноронинг хатти-ҳаракатлари, муносабати бунга яққол мисол бўла олади).

Тақводор сўфий аёлларнинг анъаналари кейинги асрларда нафақат ўрта Осиёда,балки Ҳиндистон субконтинентида ҳам худди шундай давом этган.Биз бу қитъада яшаб ўтган сўфий Фаридуддин Шакарганжнинг толибалари (мухлисалари) тўғрисида озми-кўпми маълумотга эгамиз. Айнул Қудат исмлик шоир ўз мадҳияларидан бирида сўфий Абул Хаир ат-Тиноний ал-Ақтанинг бувиси Уйаина йигитлар ва хотин-қизлардан иборат 500 та талабага дарс берганлигини айтиб ўтади. Улкан ҳанбалий сўфий, ҳиротлик Абдулла Ансорийнинг (1089 йилда вафот этган) таржимаи ҳолида унинг қариндоши Биби Нозаниннинг ҳам номи тилга олинган.Айтишларича, шу аёл Ансорийга улкан олим бўлмаса-да, аммо жуда доно сўфий Қорағоний билан мулоқот қилишни маслаҳат берган, чунки Қорағоний Ансорийнинг тадрижий камолотга эришувида муҳим роль ўйнаши у аёлга маълум қилинган экан. Хиротда ўша даврларда булардан ташқари бошқа тақводор ва ўқимишли аёллар ҳам кўп бўлган.Улар айниқса хазрати Расулуллоҳ ҳадисларини тўплаш ва уларни авлоддан авлодга етказишда катта жонбозлик кўрсатишган. Шулардан бири 1084 йилда Ҳиротда вафот этган Умм Фазл ал-Ҳарматиядир.Серж де Лаоже де Бурессоунинг пайғамбар ҳадислари, айниқса Абу Ҳанбал мазҳаби ҳамда,шубҳасиз Абдулла Ансорий йўналишидаги сўфизмга қизиққан «аёллар муҳити» тўғрисидаги гаплари Луис Массигноннинг шаҳид кетган сўфий Ҳаллож атрофидаги  ҳанбалий аёллар ҳақидаги эслатмаларига тўлиқ мос келади. Халлож атрофидаги аёллар, масалан Зайнаб ал-Камалийага ўхшаган сўфийлар узок вақтларгача Ҳаллож анъаналарини давом эттирганлар. Таниқли сўфий аёллар тўғрисида гапирилганда 1070 йвлда вафот этган Мерв (Мари)лик Каримани тилга олмаслик гуноҳи азимдир. Бу бокира сўфий аёл, Массигнон таъкидлаб ўтганидек, Хадича ал-Жаҳнийа (461 (1067) йилда вафот этган) томонидан ташкил этилган «аёллар футуввати» (жўмардлиги) ташкилоти билан ҳамкорлик қилган. Аёлларнинг бу уюшмаси эркакларнинг умрни ҳақиқий эркак сифатида чуқур тоат-ибодат билан ўтказиш ғояларини илгари сурган футуввати (уюшмаси)нинг муқобилидир. Кариманинг номи Абу Нажиб ас-Суҳравардийнинг бир қатор муҳим асарларида тилга олинган.

Абу Нажибнинг жияни Абу Хафс Умар ас-Суҳравардийнинг асарларида хам бу номни учратиш мумкин. Абу Хафснинг китоблари мўътадил сўфизм тўғрисидаги энг кўп тарқалган китоб ҳисобланади ва бутун Ислом оламида ўрганилади. Тақводор ва ўқимишли сўфий аёллар орасида Шуҳда исмли хаттот аёл (1176 йилда вафот этган) алоҳида эътиборга лойиқдир. У ўзининг ҳуснихати билан ҳам машҳур хаттот сифатида машҳурдир. Шундан ярим аср кейин Шимолий Африкалик саёҳатчи Ибн Батутта Дамашқ ва Бағдоддаги ҳадис муаллимлари тўғрисида сўз юритаркан,Умм Муҳаммад Ойша ва Фотима бинт Тожиддинларнинг номларини қайд этиб ўтади.

Тақводорона ва айниқса сўфиёна ҳаёт кечиришга мойил бўлган аёллар салжуқийлар даврида Туркияда ҳам бўлган. Мавлоно Жалолиддин Румийнинг таржимаи ҳолидан маълумки, у Кўнё олий табақасининг кибор хонимлари, айниқса бош вазир Аминаддин Микоилнинг рафиқаси билан жуда яқин муносабатда бўлган. Уларнинг хузурида ўзини жуда эркин тутган. Румийда барча табақаларга мансуб хотин-қизларни ҳам ўзига тортадиган аллақандай оҳанраболик бўлган дейишади. Салжуқийлар ҳукмдори Ғиёсиддиннинг рафиқаси ҳатто Румийнинг суратини ўзи билан олиб юрган экан. (Византия санъати анъаналарининг яқинлиги бу ерда Ислом динининг турли санамларга қаршилигида намоён бўлади). Машҳур кишиларнинг таржимаи ҳолларини ёзиб борадиган кишилар ҳазрат Румийнинг иккинчи рафиқаси, насроний оиласидан чиққан Кира Хотунга «иккинчи Робийа» ва «Биби Марямга ўхшаш аёл» деб таъриф берганлар. Унинг болалари ҳазратнинг ўғли Султон Валад томонидан ташкил этилган Мавлавия ташкилотида фаолият кўрсатишган. Султон Валаднинг қизи ҳам шуларнинг орасида бўлган. Туркий вилоятларда ташкилотнинг хотин-қиз аъзоларини «бадши», яъни «сингил» деб аталган, зеро «барча мўъминлар шак-шубҳасиз ака-укалардир» (Қуръони карим. 49:10).

Ибн Арабийнинг хотин-қизларга муносабати айниқса диққатга сазовордир. Унинг ёш йигитлик пайтларида Севилла шаҳрида учратган улкан сўфий аёллар тўғрисидаги хотиралари жуда мароқли ва жонли тарзда ёзилган. Бу хотираларда ўта камбағалликда яшаган Фотима бинт Мутаннанинг номи тилга олинади. Бу аёл аввалига турмушга чиқиб, анча пайтлар эри билан яшайди. Эри мохов касалига чалиниб, вафот этгач бева қолади. Андалузиялик олим бу аёлни «бутун ер юзи аҳолиси учун Аллоҳ томонидан жўнатилган раҳм-шафқат» деб таърифлайди ҳамда ғаройиб бир мўъжизани ривоят қилади: Қуръони каримнинг биринчи, очувчи сураси бўлмиш «Фотиҳа» сурасининг муаккиллари бу аёл хизматига бўйсундирилган бўлиб, унинг барча истак-хоҳишларини амалга оширишар эканлар. Айтишларича, бир аёл Фотиманинг олдига келиб, бевафолик кўчасига кириб кетган эрининг устидан шикоят қилганда, Фотима бир дуо ўқиб бу эркакни хотинини бир лаҳза кўрмаса туролмайдиган ҳолатга тушириб қўйган экан.

Фотима Ибн Арабийнинг «рухий, ғоявий онаси» ҳисобланади. Улкан теософ олимнинг туққан онаси ҳам Фотимани тез-тез зиёрат қилиб турган дейишади. Ўта камбағал бўлишига қарамасдан Фотима жуда қувноқ ҳаёт кечирган. Баъзан қўлига танбур олиб Аллоҳ таолонинг марҳаматларини жўшиб куйлар экан:

“Менга назар солгани ва Ўзининг дўстларидан бирига айлантиргани ҳамда ўз мақсадларини амалга оширишда мендан фойдаланганлиги учун мен Ундан беҳад миннатдорман. Мен ким бўлибманки, шунча одамлар ичидан мени танлаб олибди.У мени жуда рашк этади.Ундан ўзгани хаёлга келтирсам бўлди.У мени дарҳол турли бахтсизликлар ила жазолайди”.

Ибн Арабий Фотимани кўкларга кўтариб тасвирлаш ила ўзини авлиёсифат аёлларга нисбатан алоҳида мойилликка, хурмат-эътиборга тайёрлаганга ўхшайди. У Севиллада яна бир бошқа алохида эътиборга молик аёлни учратганди. Бу аёл саксондан ошган Шамс момо бўлиб,  «барча камбағалларнинг онаси» деган унвонга сазовор бўлганди. Ибн Арабий момони «ички туйғу, бевосита муроқаба усули билан кўп нарсаларни олдиндан билиш хислатига эга бўлса-да, ўзининг улкан сўфийлигини, юксак маънавий даражасини сир тутадиган камтар зот эди» деб тасвирлайди. Ибн Арабийнинг «Хотиралар»ида яна бир қул аёл тўғрисида ҳам сўз юритилган. Гарчи 6у аёлнинг номи келтирилмаган бўлса-да, у ўзининг батартиб эканлиги билан машҳур бўлган. Бу аёл кўз очиб юмгунча дунёнинг у бошидан 6у бошига бориб кела олган, тоғу тошлар ила суҳбатлар қурган ва уларнинг барчасига «хуш келибсиз» ибораси билан мурожаат қилган.

Ибн Арабий шу йўл билан, яъни илгари Севиллалик аёллар билан учрашиб ўзини маккалик кароматгўй, илҳомлантирадиган бир аёл билан учрашувга тайёрлаганга ўхшайди.Бу аёл муқаддас зиёратгохдаги Иброҳим мақоми имомининг қизи Низом эди. Ибн Арабий жўшиб, оятлар тиловат қилиб, экстаз ҳолатида Каъбатуллоҳни айланиб зиёрат қилаётганда шу қизга дуч келади. Қиз унинг таловатларини тинглаб, Ибн Арабийни лол қолдирган ҳолда уларнинг мағзини чақиб беради. Бу гўзал қиз билан бўлган учрашувнинг натижаси ўлароқ ибн Арабийнинг «Таржумон ал-ашвоқ», яъни «Эҳтирослар таржимони» номли шеърлар тўплами вужудга келади. Тўпламдаги шеърлар араб ишқий поэзиясининг анъанавий услубида ёзилган бўлиб, уларда классик шеъриятнинг андозавий сиймолари бўлмиш ошиқ ва маъшуқа ўртасидаги ишқ куйланади. Маълум бир вақт ўтгач Ибн Арабий ўзининг бу ишқий шеърларига мистик-фалсафий изоҳлар ёзиб, шеъриятда янги бир йўналишни бошлаб берди. Бироз кейинроқ фаолият кўрсатган сўфийлар ўзларининг май, ишқ, ҳижрон тўғрисидаги дунёвийлиги яққол кўриниб турган шеърларига ҳам шунақа шарҳлар ёзиб, уларни ўқимишли қилишни лозим топдилар ёинки энди ишқ, май ва ҳижронларнинг маъноси кенгайиб Аллоҳ таолога нисбатан бўлган ишқни англата бошлади. (Афсуски, кўпгина ҳолларда бунақа шарҳлар ўта чўзилиб кетганлиги сабабли,табиий, тасаввурга сиғадиган ҳолатлар билан нотабиий,тасаввурга сиғмайдиган ҳолатлар ўртасидаги мувозанатни барбод этиб, капалакдек нозикниҳол шеърларни метафизик таълимотнинг қисқача қўлланмасига айлантириб қўйган). Ибн Арабийнинг «Девони»да эса кейинчалик яна бошқа шеърлар ҳам пайдо бўлган. Эҳтимол, бу шеърлар унинг собиқ рафиқасига бағишлангандир, аммо бу фараз ҳали исботланмаган, анча ноаниқликлар мавжуд. Ҳар ҳолда Низом Ибн Арабийнинг Беатричаси сифатида намоён бўлади. Шоирнинг муқаддас шаҳар Маккадаги ҳаёти унинг шоҳ асари «Ал-футуҳат ал-маккийа»,яъни «Маккадаги кашфиётлар» асарининг вужудга келишига замин тайёрлади.Маккада у Зайнаб ал-Қалиййа исмли аёл билан ҳам учрашган.Бир вақтлар ўзининг бойлиги ва соҳибжамоллиги билан донг таратган бу аёл яна Маккага кўчиб келади ва бу ерда тақводор сўфий сифатида танилади ҳамда кўпгина сўфийлар билан иноқлашиб, дўстлашиб кетади. Бу аёл намознинг фарзлари, суннатлари ва мустаҳабларига қатъий амал қилган ҳолда ибодат қилиши билан Ибн Арабийни лол қолдиради. Ибодат чоғида чуқур хаёлга чўмиб (медитация), ич-ичдан илоҳий оятларни тиловат қилаётган чоғида вужудининг оғирлиги бутунлай йўқолиб,  хона ичида пар сингари учиб юрган дейишади. Илмий тилда бу ҳолат «психокинез» дейилади.

Бошқа сўфий аёлларда ҳам менимча бу ҳолат содир бўлган, аммо не учундир уларнинг таржимаи ҳолларида бу иш қайд этилмаган. Ибн Арабийнинг бу аёл билан бирга Қуддус шаҳрини зиёрат қилиши унинг 6у аёлни жуда ҳурмат қилганлигидан далолат беради. Андалузиялик бу улкан олимнинг умуман барча хотин-қизларга нисбатан ҳурмат-эътибор билан муносабатда бўлиши хотин-қизлар, улар билан бўлган мулоқот олимнинг ҳаётида алоҳида ўрин тутганлигидан далолат беради.Олим ўзига Аллоҳ таоло томонидан «барча авлиёлар  муҳри» деган унвон, даражот берилганлигидан хабардор бўлган ёки ҳеч бўлмаганда буни ҳис этган.Унда Аллоҳдан бировларнинг билиб-билмай қилган гуноҳларининг мағфират этилишини сўраш,уларнинг тарафини олиш иқтидори бўлган.Қизиғи шундаки,ёшлик чоғлариданоқ у биринчи бўлиб тарафини олган, Аллоҳ таолодан гуноҳларининг кечирилишини илтимос қилган кишиларнинг барчаси хотин-қизлар эди. Хусусан унинг иккала синглиси, собиқ рафиқаси ва тўртинчи хотини шу саодатга мушарраф бўлишган. (Афсуски, Ибн Арабийнинг неча марта уйланганлиги тўғрисида етарли маълумотларга эга эмасмиз). Ибн Арабий сўфийлик йўналишида 15 та кишига «хирқа», яъни сўфийлар кийимини кийдирган бўлса, шулардан ўн тўрттаси хотин-қизлар бўлган, чунки худди мавлоно Жомий таъкидлаб ўтганидек, маънавий ҳаётнинг барча жабҳаларида аёлларнинг юксак даражаларга эришишлари мумкинлигига олимнинг имони комил бўлган.Аёллар авлиёлик пиллапоясининг энг юқори поғонаси бўлмиш «қутб» ёки «ўзак» даражаларига ҳам эришишлари мумкин.Ибн Арабий умрининг охиригача аёлларга юксак ҳурмат-эҳтиром кўрсатди,уларга ўзининг амри-маъруфлари ҳамда маърузаларида иштирок этишга рухсат бериб, уларга мураббийлик қилди.
Хўш, ўша даврларда сўфийлик сўқмоқларига яқинлашмоқчи бўлган ва ҳатто уларга қўшилиб кетмоқчи бўлган аёлларнинг ҳаёти қандай кечган?

Биринчидан, улар бой бўлсалар,сўфий жамоаларига ҳомийлик қилишлари, пири муршид ҳамда халфаларни моддий рағбатлантириб,уларга турар жой ҳамда озиқ-овқат бериб туришлари мумкин бўлган. Устоз ва халфалар эса миннатдорчилик тариқасида унинг Худо марҳаматига сазовор бўлишини тилаб дуо қилишган. Миҳанадаги (Шарқий Эрон) Абу Саид Абулхайр (1049 йилда вафот этган)нинг жамоаси ҳомийлари, айниқса кўзга суриладиган малҳам тайёрловчи Биби Ниши шулар жумласидандир.Биринчи пайтларда бу аёл анча пайсалланиб турган бўлса-да, кейинчалик жамоага бутунлай қўшилиб кетган. Кўпгина вилоятларда аёллар худди илк даврлардагидек эркаклар билан бирга зикр тушишган. Баъзи жамоаларнинг йиғинхоналарида эса (масалан Қоҳирадаги Рифаийа ёки Усмонли Турк империясидаги мавлавийлар жамоалари) шу мақсадга мўлжалланган аёллар бўлимлари бўлган. Қолган вилоятларда эса аёллар бу тадбирни (зикрни) шу яқин ўртадаги уйдан ёки том устида туриб тамошо қилишган. Дарвишларнинг фақат битта тариқатида, яъни Туркиядаги Бектошийлар тариқатида аёллар барча тадбирларда фаол иштирок этишган, бу эса ўз-ўзидан маълумки, Бектошийларнинг маънавий бузуқликда айбланишига олиб келган.(Бундай ҳолатлар байъат топширилаётганда (қасамёд) ёки шунга ўхшаш тадбирларда пири муршиднинг бўлажак сўфий аёл билан бир хонада анча ушланиб қолган пайтларда ҳам рўй бериб турган). Ёқуб Қадри Караосман ўғли ўзининг 1922 йилда Истанбулда чоп этилган «Нур Бобо» романида Бектошия тариқатининг ёшгина бир устози аёлларни кандай қилиб йўлдан оздирганини тасвирлаб берган.Роман босилиб чиққандан уч йил кейин Туркия ҳукумати раҳбари Отатурк барча дарвеш жамоаларини ёптириб ташлади.Бироқ Ислом оламининг замонавий ижтимоий-танқидий адабиётида бу мавзу сақланиб қолди.

Ўрта асрларда (12-асрдан бошлаб) Бағдод, Макка, Мадина, Шом ва Қоҳирада бир қатор сўфий хотин-қизлар жамоалари фаолият кўрсатганлиги маълум. Бундай ташкилотларнинг учтаси, яъни «Работ аз-Заҳирийа», «Дар ибн аз-Зауда» (1194) ва «Работ бинт ат-Тож» Макка шаҳрида бўлган. Ислом оламининг ўша пайтдаги маркази ҳисобланмиш Бағдод шаҳри эса Тигр (Дажла) дарёсининг ғарбий соҳилида бир аёл томонидан гашкил этилган «Дар ул-фалак» жамоаси билан машҳур бўлган. 1127 ва 1177 йилларда бу ерда яна иккита жамоа вужудга келади. Аббосийлар халифалиги инқирозга юз тутишидан тўрт йил аввал, яъни 1254 йилда эса энг сўнгги халифа сўфий аёллар учун яна бир работ курдирган ва ўз қизини бу ерга раҳбар этиб тайинлаган. (Бу работлар, хотин-қизлар жамоалари тўғрисидаги маълумотлар билан танишаркансан, беихтиёр Европадаги хотин-қизлар монастирларини эслаб кетасан киши). Юкорида тилга олинган жамоаларнинг раисалари панд-насиҳат қилиб ваъз айтишган, намоз чоғида аёлларга имомлик қилишган ҳамда сўфиёна донишмандликка эришишда уларга раҳнамолик килишган. Албатта бу работлар бева қолган ёки эридан ажрашган, талоқ қилинган хотин-қизлар учун қўналға бўлиб ҳам хизмат қилган. Талоқ қилинган хотинлар бу ерда уч ой-у ўн кун туриб «идда» мухлатини ўташган, чунки «идда» тугамагунча муслималарнинг бошқа эрга тегиб кетишга ҳақлари йўқ (Қуръони каримнинг 64-сура 4-оятида айтилишича, талоқ қилинган ёки эри ҳалок бўлиб бева қолган аёллар ҳомиладор ёки ҳомиладор эмасликларини аниқлаш мақсадида уч ой идда сақлашлари лозим. Ҳомиладор эмаслиги аниқ бўлгачгина бошқа турмуш қуришга хақлидирлар ва аксинча, ҳомиладор бўлсалар, фарзанд туғилиб, нифос муддати ўтгандан кейингина турмушга чиқишлари мумкин). Ўта тақводор аёллар эса энг яқин оила аъзоларидан бўлак ҳеч ким билан мулоқот қилмай уйда идда сақлайдилар ва 6у муҳлатни намоз ўқиш ва чуқур хаёлга чўмиш (медитация) билан ўтказадилар. Покистондаги кўпгина мутаассиб (консерватив) оилаларда бу одат ҳозирги кунларгача сақланиб қолган. Карачи шаҳрида ўзим шундай бир ҳолатнинг гувоҳи бўлганман. Тарихдан маълумки, жамоага рахбарлик қилиш авлоддан авлодга мерос бўлиб ўтиб келган.

Улкан сўфий Аҳмадий Жомнинг қиз невараси ўзининг қирқ кунлик гўшанишинлигини (чилла ўтиришини) бувасининг жамоасида ўтказган. Мистик шоир Ауҳадуддин Кирмонийнинг невараси, шайх аёл ҳамда ҳофиза, яъни Қуръони каримни ёддан билган Амина Хотун Дамашқда фаолият кўрсатган. Аммо барибир ўқимишли сўфий хотин-қизлар унутилмаслиги керак. Уларнинг орасида Ҳиндистоннинг Бурҳонпур деган жойида истиқомат қилган Бубу Рашти алоҳида эътиборга лойиқдир. У ўрта асрларда битилган форс мистик матнлари бўйича мутахассис бўлиб, биринчи навбатда Фахруддин Ироқий асарларини шарҳлаб берган. Бубу Рашти изоҳлаб берган асарлардан бири Ироқийнинг «Ламаъат», яъни «Нур жилолари» асари бўлиб, унинг ярими насрда ва қолган қисми назмда битилган. Бу асарда Ибн Арабийнинг кўпгина ғоялари ўз аксини топган, шу сабабдан у сўфиёна ишқ тўғрисидаги гўзал, жозибадор асарлардан бири ҳисобланади. Бубу Рашти 1620 йилдан кейин вафот этган, аммо қайси йилда вафот этганлиги тўғрисида аниқ маълумот йўқ. Шундан сўнг, 17-асрнинг ўттизинчи йилларида Бобурийлар империяси ҳукмдори,  1628—1658 йилларда ҳукм сурган Шоҳ Жаҳоннинг катта қизи Фотима Жаҳоноро ва унинг укаси, валиахд шаҳзода Дара Шикоҳ (Доро Шукуҳ) сўфийлик сўқмоғига қабул қилиндилар. Шоҳнинг фарзандларини Лаҳор шаҳрида истиқомат қилган ва уларни 1635 йилда вафот этган Миён Мир исмли авлиё сўфийликка ўтишга илҳомлантирган. Валиаҳд шаҳзода ўз кундаликларининг алоҳида бир бобини Миён Мирнинг авлиёсифат синглиси Биби Жамол Хотунга бағишлаган. Малика Фотима Жаҳоноро сўфийлик сўқмоғида шунчалар улкан муваффақиятларга эришади-ки, унинг  устози, Миён Мирдан муршидликни мерос қилиб олган мулла Шоҳ (1661 йил-да вафот этган)нинг айтишича, тариқат қонунлари йўл қўйган тақдирда у маликани бемалол ўзидан кейин муршидликка тақдим этган бўларкан. Бу тўсиқларга қарамасдан малика умр бўйи сўфийликка содиқ бўлиб қолди. Онаси бевақт вафот этгандан кейин (Ҳиндистондаги машҳур Тож Маҳал унинг онаси бўлмиш Мумтоз Маҳалнинг шарафига бунёд этилган) у мамлакатдаги «биринчи хоним»га айланди. Малика Жаҳоноро ва унинг укаси валиаҳд шаҳзода сўфийликнинг Қодирийа йўналишини қабул қилингандилар. Бу йўналишнинг бош қароргоҳи аввал жанубий Ҳиндистонда бўлиб,сўнгра Панжоб вилоятига кўчирилган.

Шоҳ оиласининг бошқа аъзолари эса Чиштийа йўналишига мойил бўлганлар. Кунлардан бир кун фалокат туфайли малика баданининг кўпгина жойлари куйиб қолади. Соғайиб кетгач, у оила анъаналарига мувофиқ Раджостондаги Ажмерни зиёрат қилади, чунки ўтмишда маликанинг катта буваси Акбаршоҳ хам бу ерни тез-тез зиёрат қилиб турган. Ажмер шаҳри ҳозирги кунларда ҳам Чиштийа сўфийларининг бош қароргоҳи ҳисобланади, чунки тариқат асосчиси хазрат Муиниддин Чиштий шу ерга дафн этилган. Маликанинг ўз пирига бағишлаб форс тилида ёзган таржимаи ҳоли Британия давлат кутубхонасида қўлёзма шаклида сақланмоқда. Фотима Жаҳоноро 1681 йилда вафот этган ва Низомиддин Авлиё (1325 йилда вафот этган) мақбарасининг ҳовлисига дафн этилган. Малика мистик адабиёт ҳомийси сифатида кўплаб классик асарларни таржима қилдирган ва уларга шарҳлар ёздирган. Маликанинг биродари, яъни унинг ўта мутаассиб, ўз туғишгани Дара Шикоҳ (Доро Шукуҳ)ни кофирликда айблаб қатл эттирган акаси Аврангзебнинг қизи Зебуннисо (1689 йилда вафот этган) ҳам сўфийлик ҳамда шеъриятга мойил бўлган. Ҳукмдорнинг бошқа қизлари Деҳлидаги сўфийларга совға-салом улашиш, уларни моддий рағбатлантириш орқали танилганлар. Зебуннисонинг синглиси Зийнатуннисогина эмас, балки Ислом оламининг бошқа оқила, тақводор хонимлари ҳам ўз хисобларидан мачит, мадрасалар қурдиришиб донг таратганлар. Аҳмадобод (Гужарат) ва Деккан деган жойларда улар қурдирган мачитлар хозирги кунларда ҳам виқор билан қад кўтариб турибди. Кўпгина муқаддас жойларда хотин-қизлар ичкарига киритилмасаларда, ташқарида, дераза ёнида туриб авлиёнинг қабрига назар солишлари, дуои фотиҳа қилишлари мумкин бўлган. Қизиғи шундаки, улар бу амалларни жон-дилдан берилиб, ўта фаоллик ила амалга оширганлар. Улар ўтмиш хотираси бўлмиш мукаддас ҳисобланган нарсаларни, масалан,Бижапурдаги «ҳазратбал»ни,яъни пайғамбар алайҳиссаломнинг соч толасини илохий оятларни тиловат қилган ҳолда зиёрат қиладилар. Ҳазрат Муиниддин Чиштийнинг мақбарасида хотира кунлари хазратнинг авлодларидан бири бўлмиш бир қиз ёниб турган шамни зиёратга келган хотин-қизларнинг бошлари устида кўтариб туради, сўнгра айлантириб чиқади. Шам кабр устига қўйилгач, аёллар ҳам мақбарага киритиладилар. Бунга ўхшаш расм-русумлар ҳозирги кунларда бошқа зиёратгоҳларда ҳам бор. Аммо баъзи ҳукмдорлар, масалан, 1351 — 1388 йилларда ҳукмронлик қилган Ферузшоҳ Туғлуқ ҳамда 1489—1518 йилларда ҳукм сурган Искандар Лодийлар ғайридиний хамда исломий ахлоқ-одоб қоидаларига мос келмайдиган расм-русумларни йўқотиш мақсадида аёлларнинг Ажмер ва бошқа жойлардаги зиёратгоҳларга киришини таъқиқлаб кўйишган, чунки баъзи манбалардан маълумки, фарзанд кўрмаган хотин-кизларнинг зиёратгоҳ ходимлари томонидан алданиши ва она бўлиш орзуси ўта кучли бўлганлиги учун ходимларнинг гапига лақка учиб, зино қилганликлари аниқланган. Баъзи зиёратгоҳлар эса шу маънода хаддан ташқари поймол этилган. Бироқ енгил оёқ, суюқ аёлларнинг қилган гуноҳларидан афсусланиб, уларнинг мағфират этилишини илтижо қилиб бориладиган зиёратгоҳлар ҳам мавжуд. Тақводор ва авлиёсифат аёлларга халқ кўрсатаётган иззат-икром кўринишларини янада аникроқ ўрганиб чикиш лозим. Қабристонларда номаълум аёлларнинг қабрлари ёки мақбаралари тез-тез учраб туради. Манбаъларда ҳам «Аллоҳнинг номаълум,содиқ кули эди» деган ёзувларга дуч келамиз.Таниқли танқидчи Р. Буртон ўзининг Синд вилояти тўғрисидаги асарида (1853) ёзишича,синдликлар «ожизаларнинг дин йўлида чеккан заҳматларини» етарли даражада баҳолашар эканлар. Р.Буртон Фотима Ҳажаронийнинг номини алоҳида таъкидлаб ўтади. Бу аёл муршид даражасига кўтарилган.Халқ бундай аёлларнинг мақбараларига романтик номлар бериб,хотирасини эъзозлайди.Анатолия (Туркия.Х.Д.)да ҳам иккита шундай қабр бор, улардан бири «Пишили султон», яъни «мушук кўтарган хоним» ва иккинчиси «Карйагди султон», яъни «қорёғди хоним» деб аталади. Кўпгина жойларда эса бир гуруҳ аёллар бирга кўйилган қабрлар хам бор.Шулардан бири «ҳафт афифа»дир, яъни «етти бокира қиз»дир. Айтишларича, душман аскарлари бостириб келган пайтда улар асирга тушмаслик учун ер қаърига кириб кетган эканлар. Бундан ташқари, хавф-хатар туғилганда, номусини пок асраш ниятида дуо ўқиб ер қаърига шўнғиб кетган аёлларнинг алоҳида қабрлари ҳам учраб туради. Ўта кучли тақвоси туфайли бошқаларга ўрнак бўлиш даражасига эришган оддий аёллар тўғрисидаги худди машҳур сўфий Зуннун (Мисрий) ҳикояларига ўхшаш ривоятлар хам анчагина. Шу маънода Шимолий Африкалик соддадил қиз Лалла Маймуна тўғрисидаги ривоят чиндан хам жуда таъсирчандир. Унда айтилишича, кема капитани қизга бир дуони ўргатмоқчи бўлади, аммо қиз дуодаги сўзларни сираям эслаб қололмайди.Ниҳоят, елканлари кўтарилган кема сузиб қирғоқдан узоқлаша бошлаганда, қиз сув юзасидан югуриб бориб капитандан дуони яна бир бор такрорлашни илтимос қилади. Қизнинг дуони ўрганиб олишга бўлган иштиёқи шунчалар кучли эканлигини кўрган денгиз ҳам уни ўз қаърига ютмайди, дуони охирги марта эшитиб, ўрганиб олиб, кирғоққа қайтиб чиққунча уни сув юзасида кўтариб туради.

Тахминан 1200 йилларда Шимолий Ҳиндистоннинг Индарпат шаҳрида яшаган, «ички бир ёғдуси ила бошқалардан ажралиб турган» Фотима тўғрисидаги гаплар, яъни «кимки бу аёлнинг қабри бошига келиб, ўз илтимоси ила мурожаат қилса, шубҳасиз истаклари мустажоб бўлғай» деган сўзлар менимча сўфий аёлларнинг кўпчилигига айнан мос келади. Фотиманинг мўъжазгина, фақат баъзи тақводор зотларгагина маълум бўлган қабри — Низомиддин Авлиёнинг мақбарасидан унчалар узоқ бўлмаган жойдадир. Қизиғи шундаки,қабрни нафақат муслималар, балки шу билан бир каторда ҳиндавийлик динидаги аёллар ҳам зиёрат қиладилар ва дардларига малҳам, чигал ишларига кушойиш топадилар. Ислом оламидаги тақводор, зоҳидлар ва сўфийлар ҳаётига мойил бўлган аёллар турли-тумандир. Улар орасида бу дунё ҳаётига умуман қизиқмаган,ўзларини жуда кўп нарсалардан чеклаб қўйган зоҳидалар ва донишликка мойил бўлган хотин-қизлар, саройдаги бурч-вазифаларини ўташ билан бир қаторда диний асарларни ҳам ўқиб ўрганишни жон-дилдан севган маликалар бўлган. Шу аснода,6у аёллар орасида ўзларининг «барака»си,яъни мустажоб бўладиган дуолари ёрдамида асрлар давомида минг-минглаб аёлларнинг дардларига малҳам, кўнгилларига осойишталик бахш этган, исмлари камдан-кам ҳоллардагина уларнинг сўфийлик хислатларига эга эканлигидан далолат берувчи авлиёсифат момолар ва ёшгина оддий қизлар ҳам бўлганлигини қайд этиб ўтмоқ жоиздир. Ҳозирги кунларда ҳам хоҳ шаҳар, хоҳ қишлокда бўлсин хотин-қизлар ўз муаммоларини ҳал этиш учун шундай кароматли, хислатли аёлларга мурожаат этадилар, чунки улар бундай аёлларнинг ҳеч бўлмаганда маънавий ёрдам беришига ишонадилар. Хуллас калом, кўнгилларига таскин-тасалли бера оладиган авлиёсифат сўфий аёллар сиймоси, уларнинг тирик ёки аллақачонлар дорилбақога рихлат қилганликларидан қатъи назар муслималар учун алоҳида аҳамиятга эгадир.

Манба: Аннемарие Шиммел.Жонон менинг жонимда.Ислом оламида хотин-қизлар сиймоси..Тошкент,1999 йил.

04

091
ANNEMARIE SHIMMEL
«JONON MENING JONIMDA» KITOBIDAN
SO’FIY AYOLLAR
Olmon tilidan Yo’ldosh Parda tarjimasi
09

Muhammad sallollohu alayhi vassallam dorilbaqoga rixlat qilganlaridan keyin hozirgi kunlargacha bo’lgan davr ichida Islom olamida xotin-qizlarning ahvoli xoh ijtimoiy, xoh siyosiy ma’noda bo’lsin sezilarli darajada chigallashgani, og’irlashgani hech kimga sir emas, ammo so’fizmda buning butunlay teskarisi. So’fizmda ayollar juda muhim o’rin tutishgan, ularning mavqei tobora oshib bormoqda.

So’fizm (taassuf), ya’ni islomiy mistika Payg’ambar alayhissalom vafotidan taxminan yuz yilcha keyin, 8-asr boshlarida vujuga kelib, rivojlana boshladi. Avval boshda u sof tarkidunyochilik (zohidlik) harakati bo’lib, musulmonlarning kundan-kunga kuchayib borayotgan dunyoviyligiga qarshi turishga, ularga diniy burch xamda vazifalarini eslatib turishga qaratilgan, chunki o’sha davrlarda islom imperiyasi jadallik bilan to’xtovsiz ravishda kengayib bormoqda edi. Bu esa, o’z-o’zidan ma’lumki, ta’sir va aks ta’sir hodisasiga sabab bo’ladi, ya’ni musulmonlar o’zlari zabt etgan o’lkalarga Islom dini bilan ta’sir ko’rsatishsa, shu o’lkalarda amalda bo’lgan dinlar ham Islomga ma’lum ma’noda aks ta’sir ko’rsatar, uning salohiyatini pasayishga olib kelardi.

Islom askarlari Qur’oni karim va Hadisi shariflardagi yo’l-yo’riqlar bilan bir qatorda o’zlari zabt etgan o’lkalardagi aqidalarga ham ma’lum ma’noda amal qila boshladilar. 711 yilda musulmonlar Gibral`tar bo’g’ozini kechib o’tdilar (bu yerdagi bir tog’ hozirgi kunlarda ham o’z zabtkorining nomidadir: Jabal at-Toriq, ya’ni Toriqning tog’i). O’sha yilning o’zidayoq qo’nganning bosh qismlari Sindga, Hindistonning quyi vohasiga, ya’ni hozirgi Pokistonning janubiy qismiga kirib bordilar. Qo’shinning boshqa qismi Okuz (Amudaryo)dan o’tib O’rta Osiyoni egalladi.

Zohidlar esa qalb olamini, yurak dunyosini zabt etishga harakat qilardilar. Islom so’fizmining ibtidosi Robiya al-Adaviyya yoki Basralik Robiya (Basra Robiyaning ona shahri)ning nomi bilan bog’liq. U dunyoning barcha lazzatlaridan voz kechishga undaydigan tarkidunyochilikning chinakam ishq, ya’ni Allohning ishqi bilan yashashga undaydigan so’fizmga aylanishida asosiy, hal etuvchi rol o’ynagan ayoldir.

07Rivoyat qilishlaricha, bir kuni xudojo’y so’fiy Robiya bir qo’lida bir chelak suv, ikkinchi qo’lida yonib turgan mash’ala ko’targancha Basra ko’chalaridan yugurib o’tayotgan ekan. Yo’lovchilar hayron bo’lib undan so’rashibdi:
— Bunchalar shoshilib qaylarga yo’l tutding, ey Robiya?

Robiya qo’lidagi chelakka ishora qilibdi:
— Do’zaxdagi o’tni o’chirmoqchiman.

Yo’lovchilar yoqalarini tutib, «astag’firulloh» degancha, so’rashibdi:
— U holda qo’lingdagi mash’ala nechun?
— Bu mash’ala bilan jannatga o’t qo’ymoqchiman.

Yo’lovchilarning yuzlaridan qoni qochib qichqirishibdi:
— Allohdan mag’firat so’rab iltijo qil, ey badbaxt ayol, aks holda kofir qavmlardan bo’lib qolasan.

— Yo’q, azizlarim, sizlar meni noto’g’ri tushundinglar. Men kofir emasman, Alloh taolo bilan bandalar o’rtasidagi bu ikki pardani yo’qotmoqchiman xolos, tokim bandalar Alloh taologa do’zax o’tlarida kuyishdan qo’rqishgani yoki jannat iqbolidan umidvor bo’lishgani uchun emas, balki Uning Alloh ekanligi, Biru Borligi va Boqiy go’zalligi uchun ibodat qilishsin».

Bu rivoyat tildan tilga ko’chib, nasroniy dunyosiga ham kirib keldi. Uni Lyudvig to’qqizinchining vakili Jongviil g’arbga olib kelgan deyishadi. 1584 yil 3 noyabrda Parijda tug’ilib, 1652 yil 26 aprelda o’sha yerda vafot etgan frantsuz ruhoniysi va yozuvchisi, kvietizm namoyondasi Jan Pier Kamyu o’zining «Shafqat hamshiralari» kitobida shu rivoyatni ham sanab o’tadi. Kitobda sharqona kiyingan, bir qo’lida chelak, bir qo’lida mash’al ko’targan ayol surati ham berilgan. Surat tepasida ivrit harflari bilan «YHVH» ya’ni «Yehovah» (Xudo) deb yozilgan. Bundan rivoyat sharqqa mansubligi anglashiladi.

Bundan tashqari, Yevropa adabiyotida ushbu rivoyatning ko’pgina boshqa shakllari ham mavjud.

Basralik ozod etilgan qul ayol Robiya haqidagi rivoyatlar son-sanoqsiz, chunki Basra moziyda ko’plab so’fiylarning makoni bo’lgan. 728 yilda vafot etgan mashhur taqvodor olim, so’fiy Hasan al-Basriy to’g’risidagi rivoyatlarda ham Robiyaning nomi tilga olinadi. Islom olamining mashhur solnomachilari bu ayolning hayot yo’lini aniq tasvirlab berishgan, chunki u insoniy barkamollikda «ko’plab erkaklardan ustunroq bo’lgan».

Muhammad Zehniy o’zining mashhur ayollar to’g’risidagi «Mashohir an niso» asarida Robiyani «erkaklar boshidagi oltin toj», deb tasvirlaydi. Shu sababdan hozirgi kunlarda ham o’zining xudojo’yligi, taqvodorligi bilan mashhur bo’lgan ayollar «ikkinchi Robiya» deb tasvirlanadi. Robiya to’g’risidagi rivoyatlarda uning juda ko’p mo»jizalar ko’rsatgani ham tilga olinadi. Aytishlaricha, qorong’u tunlarda uning barmoqlari chiroq kabi nur taratar ekan. Haj safariga otlanganida esa Ka’batulloh unga peshvoz chiqar ekan. (O’z-o’zidan ma’lumki, Ka’batulloh o’rnidan ko’chib, Robiya huzuriga peshvoz chiqqanda, hajga kelgan boshqa so’fiylar uni topolmay ancha sarson-sargardon bo’lishgan).

Robiya ko’pgina dunyoviy rishtalarni, ayniqsa nikohni (u turmushga chiqmagan) rad etib, joynamozida o’tirgancha havoda uchib yura olgan deyishadi. Go’zal bahor kunlaridan birida u xonasida shogird qizlaridan biri bilan o’tirarkan boqqa nazar tashlaydi va Alloh taolo yaratib qo’ygan gullarning jamoliga maftun bo’lib, shunday deydi: «Alloh taoloning go’zalligi botindadir,tashqi go’zallik esa ichki go’zallikning aks etishidir». Mavlono Jaloliddin Rumiy bu gaplarni notanish bir so’fiyga nisbat berib, o’zining «Masnaviy» (MasLU. 1518) larida ishlatgan. Hazrat Fariduddin Attor esa o’zining «Ilohiynoma»sida (XXII) Alloh taoloning nuri to’g’risida so’z yuritarkan, shunday yozadi: «U (nur) bir daqiqa keksa bir kampir ustiga tushsa bo’ldi, uni Robiyadek ulug’ bir zotga aylantiradi».
Shu asarning o’zida (XV) Attor Robiyaning bechoraholligi, dunyo lazzatlariga ko’p e’tibor bermasligi, sinov-imtihonlarga bergan bardoshini shunday tasvirlaydi:

Deydilar: Allohga dilbasta, dildor,
Robiya bir hafta tuz totmadi hech.
Hattoki suv ichmay, yurdi ro’zador,
Bo’ldi namoz bilan mashg’ul erta-kech.

Nihoyat ko’rsatib ochlik o’z kuchin,
Robiya yiqilay deganda behol,
Qo’shni xotin chiqdi gaplashmoq uchun,
Bir kosa suyuq osh ko’tarib alhol.

U ketgach Robiya sudralib, munkib
Chiroq keltirish-chun uyga kirgan dam,
Mushuklar ovqatni ketdilar to’kib,
Bu qanday ko’rgulik, bu qanday sitam.

Yana uyga kirdi Robiya dilxun,
Suv ichib ro’zani ochish-chun, hayhot.
Ko’za qo’ldan tushib, bo’ldi chilparchin,
Yerga singib ketdi ul obi hayot.

Shunda chekdi Bibi otashin bir oh,
Bir ohki, olamni yoqishga qodir.
«Tanho Biru Borim, Yolg’izim, Alloh
Men bir mushtpipardan istaging nadir?

Ishqingda vujudim horg’in va betob,
Bu holga chek bormi, ey Yori Aziz?
Ko’kdan nido keldi: Xohlasang shu tob,
Dunyoni poyingga cho’ktirurman tiz.

Va lekin meni deb chekkaning sitam,
Dardlardan mosuvo etarman butkul.
Foniy dunyo va Yer ishqiga, sanam,
Bir yo’la oshiyon bo’lolmas bir dil.

Oshiq ishq yo’lida dard chekib har on,
Tark etar dunyoni beso’z, beso’roq.
Dunyo ishqi bir yon, Yor ishqi bir yon,
Osonmas chinakam Yorga yetishmoq.

Ko’rinib turibdiki, bu misralarda oshiqning ishq yo’lida chekkan dardu alamlari, iztiroblariga alohida urg’u berilmoqda, zero sitam chekmay, qiyinchiliklarga bardosh bermay visolga yetishib bo’lmaydi. Yengil-yelpi qozonilgan g’alaba, erishilgan visol qadrsizdir. Hindistondagi Chishtiya silsilasi rahnamosi, asli Movaraunnahrlik bo’lgan Qutbiddin Baxtiyor Kokiy 1235 yilda bu to’g’rida shunday deb yozgandi:

«Boshiga kutilmagan dardu-g’amlar tushgan kuni u «xayriyat, do’stim (Alloh) bugun meni esga oldi, men haqimda o’yladi», deb o’zida yo’q darajada shodlanib yurardi. Kunlari osoyishta o’tib, boshiga hech qanday kulfat tushmaganda esa, ko’zyosh to’kib, fig’on chekardi: «Qanday bir noto’g’ri ish qildim-ki, u (Alloh) bugun meni esga olmadi».

Biroq o’zini Alloh ishqiga baxshida etgan ayol yolg’iz Robiya emasdi, bunday xudojo’y so’fiy ayollar to’g’risida tarixda bir talay ma’lumotlar bor. Muhammad Mustafo sallollohu alayhi vassallamning qarindoshlaridan biri Umm Haram ismlik ayol shulardan biridir. Bu bokira ayol o’zini Alloh yo’liga baxshida etib, musulmonlarning kiprliklarga qarshi olib borgan janglarida hamshiralik qilgan va hijriy 27 yilda (649) jang paytida shahid bo’lgan. So’fiylarning qariyb barcha kitobchalarida kunlarini ro’za tutish va yig’i-sig’i hamda tunlarini namoz o’qib o’tkazgan ilk so’fiy ayollarning ro’yxati va qisqacha yoki to’liq tarjimai holi berilgan. Margaret Smit o’zining klassik asari bo’lmish «Islomda Robiya va boshqa so’fiy avliyolar siymosi» kitobida ilk islom davrining bir qator taniqli siymolari to’g’risida ma’lumot beradi. Ular orasida Robiyaning dugonasi, orziqishlarda (ekstaz) jon taslim etgan Mariyam al-Basriya to’g’risidagi xabarga ham duch kelamiz. Zamondosh turk shoirasi La’li Myuldyur ushbu misralarni o’sha so’fiy ayolga bag’ishlagan:

Basralik Mariyam, ul go’zal xilqat,
Tun-kun Robiyaga qilardi xizmat.

Nogahon ilohiy ishqni u anglab,
Xushdan ketdi, “Alloh” deya shivirlab.

Zikr etib Allohning nomini har on,
Muhabbat o’tida taslim etdi jon.

Shunday, chin oshiqlar o’xshar yomg’irga:
Don bo’lib unishar, yerga tushsalar,
Durga aylanishar, tushib bahrga.

Ro’yxatda yig’lay-yig’lay ko’zlari ko’r bo’lib kolgan Bahriya al-Mauzuliyaning ham nomi bor, zero zohiriy ko’rlik ilohiy ma’shuqni botiniy, ya’ni ko’ngil ko’zlari ila ko’rishga imkon yaratadi. Ko’zlar ko’r bo’lgach ko’ruvchi va ko’riluvchi orasida to’siq, parda yo’qoladi.

Donishmandlar aytganidek, ko’zni yumgil, ko’zga aylansin ko’ngil. Rayhona al-Valiya ismlik so’fiy ayol esa uzluksiz ravishda o’zini yo’qotish darajasidagi hayajon, zavqlanish (ekstaz) holatida bo’lgan. Yozishlaricha, bunday holatga tushgan ko’pchilik so’fiy ayollar o’sha davrlarda hibsga olinib, jinnixonalarga tashlangan, chunki ularning qalbiga joylashgan ilohiy muhabbat bahor chog’larida ko’pirib, to’lqinlanib, qirg’oqlaridan toshib oqadigan asov daryodek bo’lgani uchun jamiyatda qabul qilingan odob qoidalariga bo’ysunolmay qolishgan.

Qalbida yolg’iz Alloh ishqi oshiyon qurgan bunday taqvodor so’fiy ayollar tarixda albatta juda ko’p bo’lgan, ammo faqat ba’zilarininggina nomlari tarixda saqlanib qolgan. Ular Robiyaga o’xshab kichik-kichik qo’shiqlar ijro etishgan. Bu qo’shiqlar badiiy san’at asari darajasiga ko’tarilmagan bo’lsa-da ularni bemalol diniy-mistik lirikaning ilk g’unchalari deb atash mumkin. Keyingi asrlarda ular oshiq so’fiylarning kundalik mashg’ulotiga aylandilar. Suriyalik Robiya ash-Shamiya shunday kuylar ekan:

Yorimga teng kelmas boshqa hech bir yor,
Ko’nglimni zabt etgan tanho Biru Bor.
Garchi u vujudim, ko’zimdan yiroq,
Ketmaydi u mening ko’nglimdan yiroq.

Abdurahmon Jomiy o’z asarlaridan birida so’fiy ayollarning quyidagi misralarini misol qilib keltiradi:

Chin oshiqlar bu dunyodan bemor o’turlar.
Ko’p dard chekib, ishq og’rig’in zo’r malham bilib.
Yor hajrida devonavash, zor-zor o’turlar,
Va bir kuni ketishurlar yorga qo’shilib.

Bu misralar muallifining fikri Amat al-Jalilning quyida e’tiboringizga havola etilayotgan fikriga hamohangdir:

«Avliyosifat tabarruk zotlar biror daqiqa bo’lsa-da, boshqa ishlar bilan mashg’ul bo’lmaydilar. Ular doimo Allox yodi bilan banddirlar. Avliyolar boshqa ishlar bilan ham shug’ullanadi degan kishi bekor aytibdi».

Ilk so’fiy ayollar ichida o’zining juda ko’p ko’zyosh to’kishi ila mashhur bo’lgan Shavona ismli ayol siymosi alohida e’tiborga molikdir. Ulug’ so’fiylardan biri bo’lmish Fuzail ibn Iyad (803 yilda vafot etgan) ham Shavonadan «meni bir duo qilib qo’ying!» deb iltimos qilgan ekan. Taqvodor so’fiy Bashir ai-Kofiy, taxallusi «Yalangoyoq» (841 yilda vafot etgan) va ulkan muhaddis olim Ahmad ibn Hanbal (855 yilda vafot etgan)lar esa Amina ar-Ramliya ismli so’fiy ayolning duolari sharofatidan do’zaxiylikdan omon qolishgan. Imom G’azzoliy Shavona haqida yozarkan, ushbu voqeani misol qilib keltiradi: «Rivoyat qilishlaricha, Shavona vafot etgach, dugonalaridan biri uni tushida ko’radi. Tushda Shavona bir qancha hurlar bilan kelib, dugonasiga shunday deydi: «Qalbing doim g’amzada bo’lsin. Alloh ishqini foniy dunyo xoyu havaslaridan yuqori tut. Shunda to jon taslim qilguningcha senga hech zarar yetmaydi». O’lim va boqiy dunyoni tez-tez yod etib turish ilk so’fiy ayollarga xos xususiyatdir. Shulardan biri bo’lmish Muazzam Basradagi an’analarga muvofiq «vafot etgach to ro’zi mashharga bo’lgan davrdagi qabr uyqusi yetib ortadi» degan g’oyani ilgari surib, iloji boricha uyqudan voz kechishga, tunlarini namoz o’qib bedor o’tkazishga harakag qilar ekan.

Xudojo’y, taqvodor ayollarga Alloh taolo yuksak mavqelar hadya etishi ajablanarli hol emas. Bag’dodlik so’fiy Sari as-Soqotiy (867 yilda vafot etgan)ning shogirdlaridan biri bo’lmish so’fiy ayol to’g’risida shunday rivoyat bor: «Bir kuni Soqotiy u ayolga «o’g’ling cho’kib o’libdi» degan xabarni yetkazadi. Ayol esa an’analarga xilof ravishda ustozning gapiga ishonmaydi. Chindan ham tez orada ayolning o’g’li tirik ekanligi ma’lum bo’ladi. «Qani ayt-chi, ustozning gapiga nima uchun ishonmading?» degan savolga u «O’g’limning cho’kib ketganligi to’g’risida menga g’oyibdan hech qanday xabar kelmagandi», deb javob qiladi». Haqiqatan ham o’zini Alloh yo’liga baxshida etgan kishilarga g’oyibdan ularga tegishli barcha xabarlar yetkazilib turilarkan.

Quyidagi rivoyatdan esa ba’zi so’fiy ayollarning Robiya al-Adaviyyaga taqlid qilib, dunyodan toq o’tishmagani, balki turmush qurib, nikohda umr kechirishgani ma’lum bo’ladi. Turmush qurib, er-xotin bo’lib yashagan so’fiy ayollar ichida yarq etib ko’zga tashlanadigani Robiyadan yarim asr keyin yashagan, (849 yilda vafot etgan) nishopurlik Fotimadir. U taniqli so’fiy Ahmad Qidruya (854 yilda vafot etgan) bilan turmush qurgan va so’fiylik so’qmoqlarida tez-tez unga rahnamolik qilgan. Rivoyat qilishlaricha, Fotima o’z davrining yetuk so’fiy rahnamolari bilan muloqatda bo’lgan. Misrlik murshidi ofoq Zunnun Misriy (859 yilda vafot etgan) bilan xat yozishib turgan. Aytishlaricha, bir vaqt Zunnun «ayollarning tuhfasiga zor emasman» degan ma’noda Fotima jo’natgan tuhfani olishdan bosh tortadi.

Shunda Fotima Zunnunga tanbeh berib, shunday maktub yozadi:

«Ayol kishi jo’natgan tuhfani olmayman deb tuhfamni rad etibsiz. Ayol kishi vositasidami, erkak kishi vositasidami, ammo asosiy tuhfa qilguvchi Zot Alloh taolo ekanini unutdingizmi?»

Zunnun bu ayolning bilimiga, Qur’oni karimning chuqur ma’nolarini ham a’lo darajada tushunishiga qoyil qolgan deyishadi. (Zero, Zunnunning ta’lim-tarbiyaga oid hikoyalarida Alloh taolo ishqi bilan mast bir ayol yoki qiz obrazi tez-tez uchrab turadi). Zunnun undan nafaqat nabotot va hayvonot olamining, balki barcha tirik va o’lik mavjudotlarning Allohga salovot aytayotganligini qanday anglab olish sirlarini o’rganadi. Dono Fotima mashhur so’fiylardan biri bo’lmish Boyazid Bistomiy (874 yilda vafot etgan) bilan ham paranji yopinmasdan muloqotda bo’lgan deyishadi. Ammo bir kuni Bistomiy ayolning go’zal xoliga, boshqa bir rivoyatda aytilishicha esa xino qo’yilgan barmoqlariga tikilib qoladi. Shunda ayol so’fiy bilan aloqani butunlay uzib ketadi, chunki endi faqat sof ruhiy muloqotda bo’lishning iloji qolmagandi. Buning haqiqatga qanchalar mos kelishini aniqlash juda qiyin, zero ruhiy do’stlik rishtalarining «dunyoviy» bir boqish ila uzilib ketishi mavzusi agiografiyada (avliyosifat kishilarning tarjimai hollari bilan shug’ullanuvchi fan) kamdan-kam uchraydigan hol emas.

Shu ma’noda so’fiy Ahmad ibn Abul Havoriyning (851 yilda vafot etgan) rafiqasi Robiya bint Ismoil haqida ikki og’iz so’z aytmasdan bo’lmaydi. Birinchi eri vafot etgach bu ayol eridan qolgan meros va o’zi ishlab topgan pullarni savobli ishlarga ishlatish uchun yuqorida nomi zikr etilgan so’fiyga turmushga chiqadi va u bilan jinsiy emas, balki faqat ruhiy nikohda bo’ladi. Umrini asosan namoz o’qish, ro’za tutish bilan o’tkazadi hamda Ahmad va uning boshqa xotinlariga g’amxo’rlik qiladi. Zero, uning o’zi bir kuni Ahmadga «men seni er sifatida emas, balki aka sifatida yaxshi ko’raman», deydi. Rivoyat qilishlaricha, Rabah al-Qaysiyning rafiqasi xufton namozini o’qigach yaxshi kiyimlarini kiyib, eridan «bugun menga ehtiyojingiz bormi?» deb so’rarkan. Erining ehtiyoji bo’lmagan kunlari u tunni Qur’on tilovati bilan mashg’ul bo’lib o’tkazarkan.

Ba’zi, hollarda o’ta xudojo’y so’fiylarga ularning jannatdagi «bo’lajak rafiqalari» ham ko’rsatilgan deyishadi. So’fiy Abdul Vohid ibn Saidga (794 yilda vafot etgan) uning jannatdagi rafiqasi ayon etilgan. U bir cho’pon qiz bo’lib, otarida qo’ylar va bo’rilar bir-biriga zarar yetkazmay, quvlashib, o’ynab yurisharkan. Shu qiz bu foniy dunyoda hayvonlar orasida oxirzamonga xos tinchlik barpo eta olgani uchun mashhur so’fiyning jannatdagi rafiqasi bo’lish sharafiga muyassar qilingan. (Shu ma’noda yana bir narsani ta’kidlab o’tishni istardim: Bir kuni taqvodor turk olimining keksaroq bir ayolga qarata «jannatda sen mening rafiqam bo’lasan» deganini o’z qulog’im bilan eshitganman).

Ulkan teosof olim Al-Hakim at-Termiziyning rafiqasi o’ta katta e’tiborga loyiq shaxslardan biri bo’lgan. Termiziy o’z tarjimai holida yozishicha, u ko’rgan tushlarini rafiqasiga so’zlab berarkan, rafiqasi esa tushlarni va Termiziyning ko’z o’ngida paydo bo’lgan narsalarni doimo to’g’ri ta’bir qilib berarkan. Farishtalardan biri bu ayolga «ering bilan sening ruhiy darajalaring bir-biriga mutanosib», deb xabar qilgan ekan.

Arab klassik adabiyotida va keyinchalik fors adabiyotida ham tez-tez uchrab turadigan mavzulardan biri o’z qo’shiqlarida mistik, so’fiyona ishqni tarannum etgan ashulachi qizlar mavzusidir. Mashhur grammatik olim al-Asmoiy ,bir kuni Ka’bada ishqiy qo’shiq aytayotgan bir qizni qattiq tanqid qiladi. Qiz zsa unga darhol chinakam ilohiy ishq qanday bo’lishini tushuntirib qo’yadi.

O’sha davrlarda Qur’oni karimni yod olib, ta’sirchan tarzda qiroat qila oladigan qo’shiqchi qul qizlarni garchi ularni juda katta pul to’lab sotib olishgan bo’lsalar-da, darhol ozod qilib yuborishgan. 1234 yilda vafot etgan hazrat Abu Hafiz Umar as-Suhravardiy ta’siri ostida musulmon bo’lgan bir qo’shiqchi qiz to’g’risida shunday rivoyat qilishadi:

Bu kiz Muqaddas Haj safaridan qaytgach Hamadon hokimi huzurida ilohiy ishq to’g’risida shunchalar berilib kuylaydiki, hokim va uning ayonlari o’zlarining yo’l qo’ygan xatolaridan afsusu nadomatlar chekishib, islom ahkomlariga qat’iy amal qila boshlaydilar. Hazrat Rumiyning tarjimai hollaridan ma’lumki, «yengiltak qizlar» u zotning ta’siri ostida Islom dinini qabul etib, so’fiyona hayot kechira boshlashgan.

Chamasi, ilk davrlarda ayollar so’fiylarga nafaqat xalfalik qilishgan, balki Qur’on tilovat qilinadigan yig’inlar va «zikr»larda ham ishtirok etishgan. 934-yilda vafot etgan so’fiy al-Kattoniyning qizi Fotima va yana uch erkak «oshiq» nomini olgan bag’dodlik so’fiy Sumnun al-Muhib bilan birga yuksak hayajon ichida zikr tushayotganda kuchli orziqishdan vafot etgan deb rivoyat qilishadi. Bu xabar ilk davrlarda ayollarning bunday davralarda erkaklar bilan bir qatorda ishtirok etishi odatiy hol bo’lganligidan dalolat beradi. Keyinchalik esa so’fiy ayollarni jamoaga qabul qilishning qandaydir oqilona, gap-so’z bo’lmaydigan yo’llarini topishga urinib ko’p bosh qotirishgan bo’lsalar kerak, chunki shariat va qonunlarga ko’ra o’ziga qarindosh bo’lmagan nomahram ayolning qo’lini ushlashga hech kimning haqqi yo’q-da. Ba’zi yo’nalishlar bo’yicha nomahram ayolga ko’zi tushgan yoki bexosdan badaniga qo’li tegib ketgan kishining tahorati ushalgan hisoblanadi va u namoz o’qish oldidan qaytadan tahorat olishi kerak. Shu sababdan erkak va ayol so’fiylar zikr tushishayotganda avvalo ko’llarini toza suvga bir botirib, yuvib olishlari lozim. Ayollar yengi uzun kiyim kiyib olishgan va erkaklar ularning yengidan ushlashgan. Buning iloji bo’lmagan paytlarda ayollar qo’llarini ro’mol bilan bog’lab yoki qo’llariga ikkita tayoq tutib olishgan. Erkaklar ularning yengidan yoki ro’mol o’ralgan qo’lidan yoinki qo’lidagi tayoqchadan ushlab olishgan-ki, erkak va ayolning badani bir-biriga tegmagan.

Ammo ilk davrlarda bunday narsalarni mayda-chuyda hisoblashib, ko’p ham e’tibor berishmagan, ko’ngli kenglik qilishgan ko’rinadi, chunki so’fiy ustozlarning (piri murshidlarning) hatto jamoat joylariga ham o’z xalfalari (xotin-qizlar) bilan borganliklari to’g’risida yozma ma’lumotlar bor. Shulardan birida aytilishicha, 945 yilda vafot etgan ekstsentrik so’fiy Abu Bakr ash-Shibliy o’zining bir xalfasi bilan birga so’fiy Halloj yoniga borib, undan «so’fizm nima?» deb so’raydi.

Garchi mavlono Fariduddin Attor rivoyat qilgan bu voqea tarixga umuman mos kelmasada, ya’ni u mavlononing «shunday bo’lsa nima qilardik?» qabilidagi taxayyulotining mahsuli bo’lsa-da, har holda so’fiy ayollarning ilk davrlarda ijtimoiy hayotda ancha faol ishtirok etishganini inkor etib bo’lmaydi. Aslida Halloj qatl etilganidan keyin uning singlisi kelib, akasini jasurligi, ya’ni «analhak» (men haqman) degan gaplari uchun biroz koyiydi, so’ngra akasining vasiyatini amalga oshirib, jonsiz vujudni kuydiradi hamda kulini Tiger (Dajla) daryosiga (Oldosiyodagi sersuv daryo) tashlaydi. O’sha kuni kechasi Halloj singlisining tushiga kirib, unga o’zining nomutaassib, ya’ni ilg’or (noortodoksal) xatti-harakatining sababini tushuntirib beradi. (Islom dini (ruhoniyati) tarixida singilning tutgan o’rnini o’rganib chiqish juda ko’p masalalarni oydinlashtirishga yordam bergan bo’lurdi. Johiliyat davrida Arabistonda opa-singillar vafot etgan yoki jangda halok bo’lgan akalari uchun yoqa yirtib yig’laganliklari shart bo’lganidek, so’fizm tarixida ham opa-singillar juda muhim rol o’ynaganlar. Boburiylar sulolasining 1659 yilda kofirlikda ayblanib, qatl etilgan valiahd shahzodasi Dara Shiqohning opasi malika Jahonoroning xatti-harakatlari, munosabati bunga yaqqol misol bo’la oladi).

Taqvodor so’fiy ayollarning an’analari keyingi asrlarda nafaqat O’rta Osiyoda, balki Hindiston subkontinentida ham xuddi shunday davom etgan. Biz bu qit’ada yashab o’tgan so’fiy Fariduddin Shakarganjning tolibalari (muxlisalari) to’g’risida ozmi-ko’pmi ma’lumotga egamiz. Aynul Qudat ismlik shoir o’z madhiyalaridan birida so’fiy Abul Xair at-Tinoniy al-Aqtaning buvisi Uyaina yigitlar va xotin-qizlardan iborat 500 ta talabaga dars berganligini aytib o’tadi. Ulkan hanbaliy so’fiy, hirotlik Abdulla Ansoriyning (1089 yilda vafot etgan) tarjimai holida uning qarindoshi Bibi Nozaninning ham nomi tilga olingan.

Aytishlaricha, shu ayol Ansoriyga ulkan olim bo’lmasa-da, ammo juda dono so’fiy Qorag’oniy bilan muloqot qilishni maslahat bergan, chunki Qorag’oniy Ansoriyning tadrijiy kamolotga erishuvida muhim rol` o’ynashi u ayolga ma’lum qilingan ekan. Hirotda o’sha davrlarda bulardan tashqari boshqa taqvodor va o’qimishli ayollar ham ko’p bo’lgan. Ular ayniqsa payg’ambarimiz hadislarini to’plash va ularni avloddan avlodga yetkazishda katta jonbozlik ko’rsatishgan. Shulardan biri 1084 yilda Hirotda vafot etgan Umm Fazl al-Harmatiyadir. Serj de Laoje de Buressouning payg’ambar hadislari, ayniqsa Abu Hanbal mazhabi hamda, shubhasiz Abdulla Ansoriy yo’nalishidagi so’fizmga qiziqqan «ayollar muhiti» to’g’risidagi gaplari Luis Massignonning shahid ketgan so’fiy Halloj atrofidagi hanbaliy ayollar haqidagi eslatmalariga to’liq mos keladi.

Halloj atrofidagi ayollar, masalan Zaynab al-Kamaliyaga o’xshagan so’fiylar uzoq vaqtlargacha Halloj an’analarini davom ettirganlar. Taniqli so’fiy ayollar to’g’risida gapirilganda 1070 yilda vafot etgan Merv (Mari)lik Karimani tilga olmaslik gunohi azimdir. Bu bokira so’fiy ayol, Massignon ta’kidlab o’tganidek, Xadicha al-Jahniya (461 (1067) yilda vafot etgan) tomonidan tashkil etilgan «ayollar futuvvati» (jo’mardligi) tashkiloti bilan hamkorlik qilgan. Ayollarning bu uyushmasi erkaklarning umrni hakiqiy erkak sifatida chuqur toat-ibodat bilan o’tkazish g’oyalarini ilgari surgan futuvvati (uyushmasi)ning muqobilidir. Karimaning nomi Abu Najib as-Suhravardiyning bir qator muhim asarlarida tilga olingan.

Abu Najibning jiyani Abu Hafiz Umar as-Suhravardiyning asarlarida ham bu nomni uchratish mumkin. Abu Hafizning kitoblari mo»tadil so’fizm to’g’risidagi eng ko’p tarqalgan kitob hisoblanadi va butun Islom olamida o’rganiladi. Taqvodor va o’qimishli so’fiy ayollar orasida Shuhda ismli xattot ayol (1176 yilda vafot etgan) alohida e’tiborga loyiqdir. U nafaqat xattot, balki shu bilan bir qatorda o’zining husnixati bilan ham mashhurdir. Shundan yarim asr keyin Shimoliy Afrikalik sayohatchi Ibn Batutta Damashq va Bag’doddagi hadis muallimlari to’g’risida so’z yuritarkan, Umm Muhammad Oysha va Fotima bint Tojiddinlarning nomlarini qayd etib o’tadi.

Taqvodorona va ayniqsa so’fiyona hayot kechirishga moyil bo’lgan ayollar saljuqiylar davrida Turkiyada ham bo’lgan. Mavlono Jaloliddin Rumiyning tarjimai holidan ma’lumki, u Ko’nyo oliy tabaqasining kibor xonimlari, ayniqsa bosh vazir Aminaddin Mikoilning rafiqasi bilan juda yaqin munosabatda bo’lgan. Ularning huzurida o’zini juda erkin tutgan. Rumiyda barcha tabaqalarga mansub xotin-qizlarni xam o’ziga tortadigan allaqanday ohanrabolik bo’lgan deyishadi. Saljuqiylar hukmdori G’iyosiddinning rafiqasi hatto Rumiyning suratini o’zi bilan olib yurgan ekan. (Vizantiya san’ati an’analarining yaqinligi bu yerda Islom dinining turli sanamlarga qarshiligida namoyon bo’ladi). Mashhur kishilarning tarjimai hollarini yozib boradigan kishilar hazrat Rumiyning ikkinchi rafiqasi, nasroniy oilasidan chiqqan Kira Xotunga «ikkinchi Robiya» va «Bibi Maryamga o’xshash ayol» deb ta’rif berganlar. Uning
bolalari hazratning o’g’li Sulton Valad tomonidan tashkil etilgan Mavlaviya tashkilotida faoliyat ko’rsatishgan. Sulton Valadning qizi ham shularning orasida bo’lgan. Turkiy viloyatlarda tashkilotning xotin-qiz a’zolarini «badshi», ya’ni «singil» deb atalgan, zero «barcha mo»minlar shak-shubhasiz aka-ukalardir» (Qur’oni karim. 49:10).

Ibn Arabiyning xotin-qizlarga munosabati ayniqsa diqqatga sazovordir. Uning yosh yigitlik paytlarida Sevilla shahrida uchratgan ulkan so’fiy ayollar to’g’risidagi xotiralari juda maroqli va jonli tarzda yozilgan. Bu xotiralarda o’ta kambag’allikda yashagan Fotima bint Mutannaning nomi tilga olinadi. Bu ayol avvaliga turmushga chiqib, ancha paytlar eri bilan yashaydi. Eri moxov kasaliga chalinib, vafot etgach beva qoladi. Andaluziyalik olim bu ayolni «butun yer yuzi aholisi uchun Alloh tomonidan jo’natilgan rahm-shafqat» deb ta’riflaydi hamda g’aroyib bir mo»jizani rivoyat qiladi: Qur’oni karimning birinchi, ochuvchi surasi bo’lmish «Fotiha» surasining muakkillari bu ayol xizmatiga bo’ysundirilgan bo’lib, uning barcha istak-xohishlarini amalga oshirishar ekanlar.

Aytishlaricha, bir ayol Fotimaning oldiga kelib, bevafolik ko’chasiga kirib ketgan erining ustidan shikoyat qilganda, Fotima bir duo o’qib bu erkakchani xotinini bir lahza ko’rmasa turolmaydigan holatga tushirib qo’ygan ekan. Fotima Ibn Arabiyning «ruhiy, g’oyaviy onasi» hisoblanadi. Ulkan teosof olimning tuqqan onasi xam Fotimani tez-tez ziyorat qilib turgan deyishadi. O’ta kambag’al bo’lishiga qaramasdan Fotima juda quvnoq hayot kechirgan. Ba’zan qo’liga tanbur olib Alloh taoloning marhamatlarini jo’shib kuylar ekan:

«Menga nazar solgani va O’zining do’stlaridan biriga aylantirgani hamda o’z maqsadlarini amalga oshirishda mendan foydalanganligi uchun men Undan behad minnatdorman, Men kim bo’libmanki, shuncha odamlar ichidan U meni tanlab olibdi. U meni juda rashk qiladi. Undan o’zgani xayolga keltirsam bo’ldi, U meni darhol turli baxtsizliklar ila jazolaydi».
Ibn Arabiy Fotimani ko’klarga ko’tarib tasvirlash ila o’zini avliyosifat ayollarga nisbatan alohida moyillikka, hurmat-e’tiborga tayyorlaganga o’xshaydi U Sevillada yana bir boshqa alohida e’tiborga molik ayolni uchratgandi. Bu ayol saksondan oshgan Shams momo bo’lib, «barcha kambag’allarning onasi» degan unvonga sazovor bo’lgandi. Ibn Arabiy momoni «ichki tuyg’u, bevosita muroqaba usuli bilan ko’p narsalarni oldindan bilish xislatiga ega bo’lsa-da, o’zining ulkan so’fiyligini, yuksak ma’naviy darajasini sir tutadigan kamtar zot edi» deb tasvirlaydi. Ibn Arabiyning «Xotiralar»ida yana bir qul ayol to’g’risida ham so’z yuritilgan. Garchi bu ayolning nomi keltirilmagan bo’lsa-da, u o’zining batartib ekanligi bilan mashhur bo’lgan. Bu ayol ko’z ochib yumguncha dunyoning u boshidan bu boshiga borib kela olgan, tog’u toshlar ila suhbatlar qurgan va ularning barchasiga «xush kelibsiz» iborasi bilan murojaat qilgan.

Ibn Arabiy shu yo’l bilan, ya’ni ilgari Sevillalik ayollar bilan uchrashib o’zini makkalik karomatgo’y, ilhomlantiradigan bir ayol bilan uchrashuvga tayyorlaganga o’xshaydi. Bu ayol muqaddas ziyoratgohdagi Ibrohim maqomi imomining qizi Nizom edi. Ibn Arabiy jo’shib, oyatlar tilovat qilib, ekstaz holatida Ka’batullohni aylanib ziyorat qilayotganda shu qizga duch keladi. Qiz uning tilovatlarini tinglab, Ibn Arabiyni lol qoldirgan holda ularning mag’zini chaqib beradi. Bu go’zal qiz bilan bo’lgan uchrashuvning natijasi o’laroq ibn Arabiyning «Tarjumon al-ashvoq», ya’ni «Ehtiroslar tarjimoni» nomli she’rlar to’plami vujudga keladi. To’plamdagi she’rlar arab ishqiy poeziyasining an’anaviy uslubida yozilgan bo’lib, ularda klassik she’riyatning andozaviy siymolari bo’lmish oshiq va ma’shuqa o’rtasidagi ishq kuylanadi.

Ma’lum bir vaqt o’tgach Ibn Arabiy o’zining bu ishqiy she’rlariga mistik-falsafiy izohlar yozib, she’riyatda yangi bir yo’nalishni boshlab berdi. Biroz keyinroq faoliyat ko’rsatgan so’fiylar o’zlarining may, ishq, hijron to’g’risidagi dunyoviyligi yaqqol ko’rinib turgan she’rlariga ham shunaqa sharhlar yozib, ularni o’qimishli qilishni lozim topdilar yoinki endi ishq, may va hijronlarning ma’nosi kengayib Alloh taologa nisbatan bo’lgan ishqni anglata boshladi. (Afsuski, ko’pgina hollarda bunaqa sharhlar o’ta cho’zilib ketganligi sababli, tabiiy, tasavvurga sig’adigan holatlar bilan notabiiy, tasavvurga sig’maydigan holatlar o’rtasidagi muvozanatni barbod etib, kapalaqdek nozik nihol she’rlarnn metafizik ta’limotning qisqacha qo’llanmasiga aylantirib qo’ygan).

Ibn Arabiyning «Devoni»da esa keyinchalik yana boshqa she’rlar ham paydo bo’lgan. Ehtimol, bu she’rlar uning sobiq rafiqasiga bag’ishlangandir, ammo bu faraz hali isbotlanmagan, ancha noaniqliklar mavjud. Xar holda Nizom Ibn Arabiyning Beatrichasi sifatida namoyon bo’ladi. Shoirning muqaddas shahar Makkadagi hayoti uning shoh asari «Al-futuhat al-makkiya», ya’ni«Makkadagi kashfiyotlar» asarining vujudga kelishiga zamin tayyorladi. Makkada u Zaynab al-Qaliyya ismli ayol bilan ham uchrashgan. Bir vaqtlar o’zining boyligi va sohibjamolligi bilan dong taratgan bu ayol yana Makkaga ko’chib keladi va bu yerda taqvodor so’fiy sifatida taniladi hamda ko’pgina so’fiylar bilan inoqlashib, do’stlashib ketadi. Bu ayol namozning farzlari, sunnatlari va mustaxablariga qat’iy amal qilgan holda ibodat qilishi bilan Ibn Arabiyni lol qoldiradi. Ibodat chog’ida chuqur xayolga cho’mib (meditatsiya), ich-ichdan ilohiy oyatlarni tilovat qilayotgan chog’ida vujudining og’irligi butunlay yo’qolib, xona ichida par singari uchib yurgan deyishadi. Ilmiy tilda bu holat «psixokinez» deyiladi. Boshqa so’fiy ayollarda ham menimcha bu holat sodir bo’lgan, ammo ne uchundir ularning tarjimai hollarida bu ish qayd etilmagan. Ibn Arabiyning bu ayol bilan birga Quddus shahrini ziyorat qilishi uning bu ayolni juda hurmat qilganligidan dalolat beradi. Andaluziyalik bu ulkan olimning umuman barcha xotin-qizlarga nisbatan hurmat-e’tibor bilan munosabatda bo’lishi xotin-qizlar, ular bilan bo’lgan muloqot olimning hayotida alohida o’rin tutganligidan dalolat beradi. Olim o’ziga Alloh taolo tomonidan «barcha avliyolar muhri» degan unvon, darajot berilganligidan xabardor bo’lgan yoki hech bo’lmaganda buni his etgan. Unda Alloxdan birovlarning bilib-bilmay qilgan gunohlarining mag’firat etilishini so’rash, ularning tarafini olish iqtidori bo’lgan. Qizig’i shundaki, yoshlik chog’laridanoq u birinchi bo’lib tarafini olgan, Alloh taolodan gunoxlarining kechirilishini iltimos qilgan kishilarning barchasi xotin-qizlar edi. Xususan uning ikkala singlisi, sobiq rafiqasi va to’rtinchi xotini shu saodatg’a musharraf bo’lishgan. (Afsuski, Ibn Arabiyning necha marta uylanganligi to’g’risida yetarli ma’lumotlarga ega emasmiz). Ibn Arabiy so’fiylik yo’nalishida 15 ta kishiga «xirqa», ya`ni so’fiylar kiyimini kiydirgan bo’lsa, shulardan o’n to’rttasi xotin-qizlar bo’lgan, chunki xuddi mavlono Jomiy ta’kidlab o’tganidek, ma’naviy hayotning barcha jabhalarida ayollarning yuksak darajalarga erishishlari mumkinligiga olimning imoni komil bo’lgan. Ayollar avliyolik pillapoyasining eng yuqori pog’onasi bo’lmish «qutb» yoki «o’zak» darajalariga ham erishishlari mumkin. Ibn Arabiy umrining oxirigacha ayollarga yuksak hurmat-ehtirom ko’rsatdi, ularga o’zi-ning amri-ma’ruflari hamda ma’ruzalarida ishtirok etishga ruxsat berib, ularga murabbiylik qildi.

Xo’sh, o’sha davrlarda so’fiylik so’qmoqlariga yaqinlashmoqchi bo’lgan va hatto ularga qo’shilib ketmoqchi bo’lgan ayollarning hayoti qanday kechgan?

Birinchidan, ular boy bo’lsalar, so’fiy jamoalariga homiylik qilishlari, piri murshid hamda xalfalarni moddiy rag’batlantirib, ularga turarga joy hamda oziq-ovqat berib turishlari mumkin bo’lgan. Ustoz va xalfalar esa minnatdorchilik tariqasida uning Xudo marhamatiga sazovor bo’lishini tilab duo qilishgan. Mihanadagi (Sharqiy Eron) Abu Said Abul Xayr (1049 yilda vafot etgan)ning jamoasi homiylari, ayniqsa ko’zga suriladigan malham tayyorlovchi Bibi Nishi shular jumlasidandir. Birinchi paytlarda bu ayol ancha paysallanib turgan bo’lsa-da, keyinchalik jamoaga butunlay qo’shilib ketgan. Ko’pgina viloyatlarda ayollar xuddi ilk davrlardagidek erkaklar bilan birga zikr tushishgan.

Ba’zi jamoalarning yig’inxonalarida esa (masalan Qohiradagi Rifaiya yoki Usmonli Turk imperiyasidagi mavlaviylar jamoalari) shu maqsadga mo’ljallangan ayollar bo’limlari bo’lgan. Qolgan viloyatlarda esa ayollar bu tadbirni (zikrni) shu yaqin o’rtadagi uydan yoki tom ustida turib tamosho qilishgan. Darvishlarning faqat bitta tariqatida, ya’ni Turkiyadagi Bektoshiylar tariqatida ayollar barcha tadbirlarda faol ishtirok etishgan, bu esa o’z-o’zidan ma’lumki, Bektoshiylarning ma’naviy buzuqlikda ayblanishiga olib kelgan. (Bunday holatlar bay’at topshirilayotganda (qasamyod) yoki shunga o’xshash tadbirlarda pir murshidning bo’lajak so’fiy ayol bilan bir xonada ancha ushlanib qolgan paytlarda ham ro’y berib turgan).

Yoqub Qadriy Karaosma o’g’li o’zining 1922 yilda Istanbulda chop etilgan «Nur Bobo» romanida Bektoshiya tarikatining yoshgina bir ustozi ayollarni qanday qilib yo’ldan ozdirganini tasvirlab bergan. Roman bosilib chiqqandan uch yil keyin Turkiya hukumati rahbari Otaturk barcha darvesh jamoalarini yoptirib tashladi. Biroq Islom olamining zamonaviy ijtimoiy-tanqidiy adabiyotida bu mavzu saqlanib qoldi.

O’rta asrlarda (12-asrdan boshlab) Bag’dod, Makka, Madina, Shom va Qohirada bir qator so’fiy xotin-qizlar jamoalari faoliyat ko’rsatganligi ma’lum. Bunday tashkilotlarning uchtasi, ya’ni «Rabot az-Zahiriya», «Dar ibn az-Zauda» (1194) va «Rabot bint at-Toj» Makka shahrida bo’lgan. Islom olamining o’sha paytdagi markazi hisoblanmish Bag’dod shahri esa Tigr (Dajla) daryosining g’arbiy sohilida bir ayol tomonidan tashkil etilg’an «Dar ul-falak» jamoasi bilan mashhur bo’lgan. 1127 va 1177 yillarda bu yerda yana ikkita jamoa vujudga keladi. Abbosiylar xalifaligi inqirozga yuz tutishidan to’rt yil avval, ya’ni 1254 yilda esa eng so’nggi xalifa so’fiy ayollar uchun yana bir rabot qurdirgan va o’z qizini bu yerga rahbar etib tayinlagan. (Bu rabotlar, xotin-qizlar jamoalari to’g’risidagi ma’lumotlar bilan tanisharkansan, beixtiyor Yevropadagi xotin-qizlar monastirlarini eslab ketasan kishi).

Yuqorida tilga olingan jamoalarning raisalari pand-nasihat qilib va’z aytishgan, namoz chog’ida ayollarga imomlik qilishgan hamda so’fiyona donishmandlikka erishishda ularga rahnamolik qilishgan. Albatta bu rabotlar beva qolgan yoki eridan ajrashgan, taloq qilingan xotin-qizlar uchun qo’nalg’a bo’lib ham xizmat qilgan. Taloq qilingan xotinlar bu yerda uch oy-u o’n kun turib «idda» muhlatini o’tashgan, chunki «idda» tugamaguncha muslimalarning boshqa erga tegib ketishga haqlari yo’q (Qur’oni karimning 64-sura 4-oyatida aytilishicha, taloq qilingan yoki eri halok bo’lib beva qolgan ayollar homilador yoki homilador emasliklarini aniqlash maqsadida uch oy idda saqlashlari lozim. Homilador emasligi aniq bo’lgachgina boshqa turmush qurishga haqlidirlar va aksincha, homilador bo’lsalar, farzand tug’ilib, nifos muddati o’tgandan keyingina turmushga chiqishlari mumkin). O’ta taqvodor ayollar esa eng yaqin oila a’zolaridan bo’lak hech kim bilan muloqot qilmay uyda idda saqlaydilar va bu muhlatni namoz o’qish va chuqur xayolga cho’mish (meditatsiya) bilan o’tkazadilar. Pokistondagi ko’pgina mutaassib (konservativ) oilalarda bu odat hozirgi kunlargacha saqlanib qolgan. Karachi shahrida o’zim shunday bir holatning guvohi bo’lganman.

Tarixdan ma’lumki, jamoaga rahbarlik qilish avloddan avlodga meros bo’lib o’tib kelgan. Ulkan so’fiy Ahmadiy Jomning qiz nevarasi o’zining kirq kunlik go’shanishinligini (chilla o’tirishini) buvasining jamoasida o’tkazgan. Mistik shoir Auhaduddin Kirmoniyning nevarasi, shayx ayol hamda hafiza, ya’ni Qur’oni karimni yoddan bilgan Amina Xotun Damashqda faoliyat ko’rsatgan. Ammo baribir o’qimishli so’fiy xotin-qizlar unutilmasligi kerak. Ularning orasida Hindistonning Burhonpur degan joyida istiqomat qilgan Bubu Rashti alohida e’tiborga loyiqdir. U o’rta asrlarda bitilgan fors mistik matnlari bo’yicha mutaxassis bo’lib, birinchi navbatda Faxruddin Iroqiy asarlarini sharhlab bergan. Bubu Rashti izohlab bergan asarlardan biri Iroqiyning «Lama’at», ya’ni «Nur jilolari» asari bo’lib, uning yarimi nasrda va qolgan qismi nazmda bitilgan. Bu asarda Ibn Arabiyning ko’pgina g’oyalari o’z aksini topgan, shu sababdan u so’fiyona ishq to’g’risidagi go’zal, jozibador asarlardan biri hisoblanadi. Bubu Rashti 1620 yildan keyin vafot etgan, ammo qaysi yilda vafot etganligi to’g’risida aniq ma’lumot yo’q.

Shundan so’ng, 17-asrning o’ttizinchi yillarida Boburiylar imperiyasi hukmdori, 1628—1658 yillarda hukm surgan Shoh Jahonning katta qizi Fotima Jahonoro va uning ukasi, valiahd shahzoda Dara Shikoh so’fiylik so’qmog’iga qabul qilindilar. Shohning farzandlarini Lahor shahrida istiqomat qilgan va 1635 yilda vafot etgan Miyon Mir ismli avliyo so’fiylikka o’tishga ilhomlantirgan. Valiahd shahzoda o’z kundaliklarining alohida bir bobini Miyon Mirning avliyosifat singlisi Bibi Jamol Xotunga bag’ishlagan.

Malika Fotima Jahonoro so’fiylik so’qmog’ida shunchalar ulkan muvaffaqiyatlarga erishadiki, uning ustozi, Miyon Mirdan murshidlikni meros qilib olgan mulla Shoh (1661 yilda vafot etgan)ning aytishicha, tariqat qonunlari yo’l qo’ygan taqdirda u malikani bemalol o’zidan keyin murshidlikka taqdim etgan bo’larkan. Bu to’siqlarga qaramasdan malika umr bo’yi so’fizmga sodiq bo’lib qoldi. Onasi bevaqt vafot etgandan keyin (Hindistondagi mashhur Toj Mahal onasining sharafiga bunyod etilgan) u mamlakatdagi «birinchi xonim»ga aylandi. Malika Jahonoro va uning ukasi valiahd shahzoda so’fiylikning Qodiriya yo’nalishini qabul qilingandilar. Bu yo’nalishning bosh qarorgohi avval janubiy Hindistonda bo’lib, so’ngra Panjob viloyatiga ko’chirilgan. Shoh oilasining boshqa a’zolari esa Chishtiya yo’nalishiga moyil bo’lganlar. Kunlardan bir kun falokat tufayli malika badanining ko’pgina joylari kuyib qoladi. Sog’ayib ketgach, u oila an’analariga muvofiq Radjostondagi Ajmerni ziyorat qiladi, chunki malikaning katta buvasi Akbarshoh ham bu yerni tez-tez ziyorat qilib turgan. Ajmer shahri hozirgi kunlarda ham Chishtiya so’fiylarining bosh qarorgohi hisoblanadi, chunki tariqat asoschisi hazrat Muiniddin Chishtiy shu yerga dafn etilgan. Malikaning o’z piriga bag’ishlab fors tilida yozgan tarjimai holi Britaniya davlat kutubxonasida qo’lyozma shaklida saqlanmoqda. Fotima Jahonoro 1681 yilda vafot etgan va Nizomiddin Avliyo (1325 yilda vafot etgan) maqbarasining hovlisiga dafn etilgan. Malika mistik adabiyot homiysi sifatida ko’plab klassik asarlarni tarjima qildirgan va ularga sharhlar yozdirgan. Malikaning jiyani, ya’ni uning o’ta mutaassib, o’z ukasi Dara Shikohni kofirlikda ayblab qatl ettirgan akasi Avrangzebning qizi Zebunniso (1689 yilda vafot etgan) ham so’fizm hamda she’riyatga moyil bo’lgan. Hukmdorning boshqa qizlari Dehlidagi so’fiylarga sovg’a-salom ulashish, ularni moddiy rag’batlantirish orqali tanilganlar.

Zebunnisoning singlisi Ziynatunnisogina emas, balki Islom olamining boshqa oqila, taqvodor xonimlari ham o’z hisoblaridan machit, madrasalar qurdirishib dong taratganlar. Ahmadobod (Gudjarat) va Dekkan degan joylarda ular qurdirgan machitlar hozirgi kunlarda ham viqor bilan qad ko’tarib turibdi. Ko’pgina muqaddas joylarda xotin-qizlar ichkariga kiritilmasalarda, tashqarida, deraza yonida turib avliyoning qabriga nazar solishlari, duoi fotiha qilishlari mumkin.

Qizig’i shundaki, ular bu amallarni jon-dildan berilib, o’ta faollik ila amalga oshiradilar. Ular o’tmish xotirasi bo’lmish muqaddas hisoblangan narsalarni, masalan, Bijapurdagi «hazratbal»ni, ya’ni payg’ambar alayhissalomning soch tolasini ilohiy oyatlarni tilovat qilgan holda ziyorat qiladilar. Hazrat Muiniddin Chishtiyning maqbarasida xotira kunlari hazratning avlodlaridan biri bo’lmish bir qiz yonib turgan shamni ziyoratga kelgan xotin-qizlarning boshlari ustida ko’tarib turadi, so’ngra aylantirib chiqadi. Sham qabr ustiga qo’yilgach, ayollar ham maqbaraga kiritiladilar.

Bunga o’xshash rasm-rusumlar hozirgi kunlarda boshqa ziyoratgohlarda ham bor. Ammo ba’zi hukmdorlar, masalan 1351 — 1388 yillarda hukmronlik kilgan Feruzshoh Tug’lug’ hamda 1489—1518 yillarda hukm surgan Iskandar Lodiylar g’ayridiniy hamda islomiy axloq-odob qoidalariga mos kelmaydigan rasm-rusumlarni yo’qotish maqsadida ayollarning Ajmer va boshqa joylardagi ziyoratgohlarga kirishini ta’qiqlab qo’yishgan, chunki ba’zi manbalardan ma’lumki, farzand ko’rmagan xotin-qizlarning ziyoratgoh xodimlari tomonidan aldanishi va ona bo’lish orzusi o’ta kuchli bo’lganligi uchun xodimlarning gapiga laqqa uchib, zino qilganliklari aniqlangan.

Ba’zi ziyoratgohlar esa shu ma’noda haddan tashqari poymol etilgan. Biroq yengil oyoq, suyuq ayollarning qilgan gunohlaridan afsuslanib, ularning mag’firat etilishini iltijo qilib boriladigan ziyoratgohlar ham mavjud. Taqvodor va avliyosifat ayollarga xalq ko’rsatayotgan izzat-ikrom ko’rinishlarini yanada aniqroq o’rganib chiqish lozim. Qabristonlarda noma’lum ayollarning qabrlari yoki maqbaralari tez-tez uchrab turadi. Manbalarda ham «Allohning noma’lum, sodiq quli edi» degan yozuvlarga duch kelamiz. Taniqli tanqidchi R. Burton o’zining Sind viloyati to’g’risidagi asarida (1853) yozishicha, sindliklar «ojizalarning din yo’lida chekkan zahmatlarini» yetarli darajada baholashar ekanlar. R. Burton Fotima Hajaroniyning nomini alohida ta’kidlab o’tadi. Bu ayol murshid darajasiga ko’tarilgan.

Xalq bunday ayollarning maqbaralariga romantik nomlar berib, xotirasini e’zozlaydi. Anatoliyada ikkita shunday qabr bor, ulardan biri «pishili sulton», ya’ni «mushuk ko’targan xonim» va ikkinchisi «karyagdi sulton», ya’ni «qoryog’di xonim» deb ataladi. Ko’pgina joylarda esa bir guruh ayollar birga qo’yilgan qabrlar ham bor. Shulardan biri «haft afifa»dir, ya’ni «yetti bokira qiz»dir. Aytishlaricha, dushman askarlari bostirib kelgan paytda ular asirga tushmaslik uchun yer qa’riga kirib ketgan ekanlar. Bundan tashqari, xavf-xatar tug’ilganda, nomusini pok asrash niyatida duo o’qib yer qa’riga sho’ng’ib ketgan ayollarning alohida qabrlari ham uchrab turadi. O’ta kuchli taqvosi tufayli boshqalarga o’rnak bo’lish darajasiga erishgan oddiy ayollar to’g’risidagi xuddi mashhur so’fiy Zunnun hikoyalariga o’xshash rivoyatlar ham anchagina. Shu ma’noda Shimoliy Afrikalik soddadil qiz Lalla Maymuna to’g’risidagi
rivoyat chindan ham juda ta’sirchandir. Unda aytilishicha, kema kapitani qizga bir duoni o’rgatmoqchi bo’ladi, ammo qiz duodagi so’zlarni sirayam eslab qololmaydi. Nihoyat, yelkanlari ko’tarilgan kema suzib qirg’oqdan uzoqlasha boshlaganda, qiz suv yuzasidan yugurib borib kapitandan duoni yana bir bor takrorlashni iltimos qiladi. Qizning duoni o’rganib olishga bo’lgan ishtiyoqi shunchalar kuchli ekanligini ko’rgan dengiz ham uni o’z qa’riga yutib ketmaydi, duoni oxirgi marta eshitib, o’rganib olib, qirg’oqqa qaytib chiqquncha uni suv yuzasida ko’tarib turadi.

Taxminan 1200 yillarda Shimoliy Hindistonning Indarpat shahrida yashagan, «ichki bir yog’dusi ila boshqalardan ajralib turgan» Fotima to’g’risidagi gaplar, ya’ni «kimki bu ayolning qabri boshiga kelib, o’z iltimosi ila murojaat qilsa, shubhasiz istaklari mustajob bo’lg’ay» degan so’zlar menimcha so’fiy ayollarning ko’pchiligiga aynan mos keladi. Fotimaning mo»jazgina, faqat ba’zi taqvodor zotlargagina ma’lum bo’lgan qabri Nizomiddin Avliyoning maqbarasidan unchalar uzoq bo’lmagan joydadir. Qizig’i shundaki, qabrni nafaqat muslimalar, balki shu bilan bir qatorda hindaviylik dinidagi ayollar qam ziyorat qiladilar va dardlariga malham, chigal ishlariga kushoyish topadilar.

Islom olamidagi taqvodor, zohidlar va so’fiylar hayotiga moyil bo’lgan ayollar turli-tumandir. Ular orasida bu dunyo hayotiga umuman qiziqmagan, o’zlarini juda ko’p narsalardan cheklab qo’ygan zohidalar va donishlikka moyil bo’lgan xotin-qizlar, saroydagi burch-vazifalarini o’tash bilan bir qatorda diniy asarlarni ham o’qib o’rganishni jon-dildan sevgan malikalar bo’lgan. Shu asnoda, bu ayollar orasida o’zlarining «baraka»si, ya’ni mustajob bo’ladigan duolari yordamida asrlar davomida ming-minglab ayollarning dardlariga malham, ko’ngillariga osoyishtalik baxsh etgan, ismlari kamdan kam hollardagina ularning so’fiylik xislatlariga ega ekanligidan dalolat beruvchi avliyosifat momolar va yoshgina oddiy qizlar ham bo’lganligini qayd etib o’tmoq joizdir. Hozirgi kunlarda ham xoh shahar, xoh qishloqda bo’lsin xotin-qizlar o’z muammolarini hal etish uchun shunday karomatli, xislatli ayollarga murojaat
etadilar, chunki ular bunday ayollarning hech bo’lmaganda ma’naviy yordam berishiga ishonadilar. Xullas kalom, ko’ngillariga taskin-tasalli bera oladigan avliyosifat so’fiy ayollar siymosi, ularning tirik yoki allaqachonlar dorilbaqoga rixlat qilganliklaridan qat’i nazar muslimalar uchun alohida ahamiyatga egadir.

jonon

(Tashriflar: umumiy 224, bugungi 1)

1 izoh

  1. So’fiy ayyollar bobini o’qib juda ta’sirlandim. Kitobning muallifiga, tarjimonga qolaversa ushbu sayt a’zolariga o’z minnatdorchligimni bildirib qolaman.

Izoh qoldiring