Ustoz Abdulla Oripovni yod etib & El suygan adib: Abdulla Oripov. Hujjatli film (2001)

Ashampoo_Snap_2016.11.16_15h39m06s_002_.png  5 ноябрь — Устоз Абдулла Орипов хотираси куни 

Дарвозадан Абдулла Қаҳҳор кўринди. Уни танимасликнинг иложи йўқ эди. Қаҳҳор ёшлар билан бирга ўтирмади. Оёқ устида сўрашди, икки оғиз гаплашди, сўнг бурилиб ўз уйи томон йўналаркан, бир дамгина тўхтаб ортига қаради.

05

УСТОЗ АБДУЛЛА ОРИПОВНИ ЁД ЭТИБ
065

МАРСИЯ
Усмон АЗИМ
Ўзбекистон халқ шоири

Болаликдан мен ҳам шеър деб ёнган эдим,
Не қиларим билмай баъзан толган эдим.
Ориповдан қарзга олов олган эдим –
Бу қарзимни бугун айтсам, ҳалол бўлгай.

Ҳар бир сўзни кўнгил билан терган эди,
Аъмоли ҳам, тақдири ҳам шеърдан эди.
Истеъдодни унга худо берган эди,
Банда десак, ҳақиқатга малол бўлгай.

Тобеликнинг қўрқинчлари ҳали бисёр.
Дилларида, тилларида минг ифтихор:
“Ўзбекистон Ватаним” деб айтган илк бор –
Бу мард зотнинг мардлигидан тил лол бўлгай.

Гарчи ажал илтижога кўнмас эди,
Биламиз-ку асил шоир ўлмас эди.
Ўлимга ҳам Ватан сизни бермас эди.
Ажални ёт юртда енгмоқ маҳол бўлгай.

Кўз ёшларим оқаётир нолам узра,
Шоир – парвоз сўзда кечган ҳар дам узра,
Воҳким, учди тобути ҳам олам узра –
Бу парвозлар мангуликдан бир фол бўлгай.

Оғажоним, сўзда ғамни шоширгайман,
Ҳасратимни қаътларига яширгайман.
Сизни ёлғиз худовандга топширгайман,
Энди ўзга сўз демаклик завол бўлгай.

Бу йил диллар видоларда куйиб ўтди,
Вақт йиғидан ўпка-бағри тўйиб ўтди.
Не зотларни қаро ерга қўйиб ўтди,
Кимга жавоб, кимга бу ҳол савол бўлгай.

Видо айтдим, видо айтдим, видо айтдим –
Бу шеъримни ақлу ҳушдан жудо айтдим,
Зарра қўрқмай, маргу ҳаёт аро айтдим –
Воҳ, видонинг қадлари ҳам минг дол бўлгай.

УСТОЗ АБДУЛЛА ОРИПОВ ХОТИРАСИГА
Мирпўлат МИРЗО

Ортингдан термилиб қайғуда оқдим,
Юрагим фиғони фалакка етди!
Йиғла, эй миллатим, йиғла, эй халқим!
Яна битта улуғ шоиринг кетди!

Унинг битган ҳар бир байтидан ҳар он
Уфуриб турарди кўкламлар иси…
Кетди тирикликка ошуфта бир жон,
Буюк туйғуларнинг сўнгги куйчиси!

Ёндириб қонини орзу ва сурур,
Куйлади гоҳ ҳасрат, гоҳи аламни,
Қўлидан туширмай ўтди бир умр
Навоий ва Чўлпон тутган қаламни.

Босганда ўлкани зимистон тунлар,
Устозим, кўтардинг Эрк учун ялов!
Қатағон замонлар, умидсиз кунлар
Ёқди сенинг шеъринг қалбларда олов!

Бу фоний умрдан не эрур маъни?..
Кўрдим – фидолар бор буюк ниятга:
Кимки улуғласа ўз юртин шаънин,
Номи муҳрлангай абадиятга!

АЛВИДО
Иқбол МИРЗО
Ўзбекистон халқ шоири

Бу йил оғир келди Ўзбекистонга,
Садафдек дурларим тўкилди қатор.
Чиғатойтепага шудрингдек томган,
Ҳали қуримаган кўзёшларим бор…

Алвидо, муҳтарам Абдулла Ориф!
Гарчи ажал бермас ҳеч кимга омон.
Вале шоирсиз эл ғарибдан ғариб,
Шоирга тош отган миллат – оломон.

Ғийбат қилиб тўкдик гуноҳингизни,
Сиздан қолган майдан майда хўплашиб.
Муҳташам ҳаётдан бездирдик Сизни
Гоҳ якка тартибда, баъзан кўплашиб.

Кимдир қайта-қайта топар асолар,
Уни косов қилар бошқа ғўр банда.
Ҳа, казо-казолар ва ҳоказолар
Ҳушёр тортар эди Сизни кўрганда.

Сиз билан юзма-юз қолсак ногаҳон
Ёдга солардингиз кимлигимизни.
Кеча не сабабдан эдигу бийрон,
Бугун не сабабдан жимлигимизни.

Рост сўзни айтмоқлик мушкуллиги рост,
Гўзал оҳ тортмоққа юрак керак, оҳ!
Тафаккур шиддати Навоийга хос,
Темурбекка оид бу қаттиқ нигоҳ.

Бол томизиб мақтаб асарларини
Шоирни бундайроқ кўргувчилар бор.
Тутун пуркаб ҳайдаб асаларини,
Асални ўймоқлаб ургувчилар бор…

Оқибатни ўйлаб чекдингиз алам,
Гина, ўкинчингиз беғараз тамом.
Мақсадингиз – завол топмасин олам,
Одамга ярашсин инсон деган ном.

Сизга ошно бўлдим болалик кездан,
Сиздан ранглар олдим сўзимга аён.
Эл қатори қарздор эдим мен Сиздан,
Ўзимнинг армоним ўзимга аён…

Баҳри муҳит тўлқин урар ёлвориб,
Юлдузлар йўл қарар жавдираб илҳақ.
Мендан рози бўлинг, Абдулла Ориф,
Сиздан рози бўлсин Ҳокими мутлақ

«ШОИР ЎЛДИ» ДЕМАНГ
Нодир ЖОНУЗОҚ

“Шоир ўлди” деманг – яшайди шоир,
Безавол, ширали қўшиқларида.
“Шоир ўлди” деманг – яшнайди шоир
Биринчи муҳаббат, ишқ кўшкларида.

“Шоир ўлди” деманг – ёзар қасдма-қасд,
Уни енголмайди йиллар армони.
“Шоир ўлди” деманг – митти юлдузмас,
Чароғон юлдуздай порлар ҳар они.

“Шоир ўлди” деманг – то бордир ўзбек,
Тилида, дилида янграйди саси.
“Шоир ўлди” деманг – қуёшли сўздек
Музларни эритгай ўтлиғ нафаси.

“Шоир ўлди” деманг – бўй берар ҳар йил
Деҳқоннинг кўкламги, кузги ўйида.
“Шоир ўлди” деманг – даврада у, дил
Пиёладай тўлса элнинг тўйида.

“Шоир ўлди” деманг – висол чоғлари
Сирлашган қалбларнинг шавқига шерик.
“Шоир ўлди” деманг – ҳижрон доғларин
Даволаб юргувчи табиб у – тирик!

“Шоир ўлди” деманг – урар юраги,
Юртнинг бош, улуғвор таронасида.
“Шоир ўлди” деманг – кўчиб юради
Миллатнинг шеърсевар ҳар онасида…

“Шоир ўлди” деманг – уйғоқ, саросар
Кўнгилдан жаннатга йўл солди шоир.
“Шоир ўлди” деманг – дўзах, аросат
Юкини елкалаб, юксалди шоир.

“Шоир ўлди” деманг – шикаста рози
Синиқдил кўзида силқир ёш бўлиб.
“Шоир ўлди” деманг – собит овози
Ҳасадгўй кўксига ботар тош бўлиб.

“Шоир ўлди” деманг – бир умр майда
Ғийбатлардан безиб, чўчиб ўтди у.
“Шоир ўлди” деманг – чорлашган пайтда
Улуғлар ёнига кўчиб ўтди у.

“Шоир ўлди” деманг – Бақо қасрига
Муҳташам, қутлуғ бир ялов – туғ илди.
“Шоир ўлди” деманг! Шоир, аслида,
Ўлмайдиган бўлиб қайта туғилди!

АБДУЛЛА ОРИПОВ ХОТИРАСИГА
Самариддин САЙЙИДЗОД

Балки, жисмингиздан тушмас бир соя,
Балки сўниб битмиш кўксингиздан чўғ.
Лекин ёниқ ҳислар топмас ниҳоя,
Сиз ҳали бутунлай ўлганингиз йўқ.
.
Тонгда тирикларла оёққа қалқиб,
Дунё камларидан поймона тўлмас.
Эрта жисмингизни кўмарлар балки…
Сиз айтган Сўзларни кетмонлаб бўлмас.
.
Сизсиз бир шодлик кам, кам битта андуҳ,
Бу кўзлар йиғлолмас.
Лаблар кулмайди…
Шеърингиз бор экан, ўлганингиз йўқ,
Сизнинг Сўзингизни кўмиб бўлмайди…

АБДУЛЛА ОРИПОВ ХОТИРАСИГА
Рафиқ САЙДУЛЛО

Биз осмонни тутиб тура олмаймиз;
зеро, эҳтиёж йўқ бунга ҳеч замон;
зеро, биз яшасак етгулик бўлар
қалбимиз интизор, бошимиз омон.

Биз осмонни тутиб тура олмаймиз;
аммо биз- телбалар шошамиз қаён;
зеро, ҳеч кимсадан ортда қолмаймиз;
зеро, ҳар умрнинг охири аён.

БИТТА  АБДУЛЛА ЧИҚМАЙДИ!
Улуғбек ҲАМДАМ

7-8 йил бурун Ботир ака деган, асли самарқандлик, лекин Тошкентда яшаб, жойлашиб қолган, ёши 70 ларни қоралаган инсон билан бирга ишлагандик. Ишхонамизнинг қоровуллигини қотириш билан бирга йиғин ва байрамларда Ботир ака қулинг ўргилсин паловхонтўра пиширарди. Суҳбати ширин, тажрибали одам эди. Менинг ёзувчи эканлигимни эшитиб қолиб, ёнимга келди ва қуйидаги воқеани сўзлаб берди:

Ashampoo_Snap_2016.11.16_15h56m20s_004_a.pngМен ёшлигимдан ош қилишни яхши кўраман. Бир замонлар Дўрмонга бориб, ёзувчиларга ҳам ош дамлаб берардим. Шундай кунларнинг бирида қозоннинг бошида куймаланиб турсам, ташқарида бир машина тўхтади. Мени ош тайёрлашга чақириб, ўзлари сўрида еб-ичиб, суҳбатлашиб ўтирган ёш ёзувчи-шоирларнинг бари келган кишининг истиқболига ўрниларидан қўзғалишди. Дарвозадан Абдулла Қаҳҳор кўринди. Уни танимасликнинг иложи йўқ эди. Қаҳҳор ёшлар билан бирга ўтирмади. Оёқ устида сўрашди, икки оғиз гаплашди, сўнг бурилиб ўз уйи томон йўналаркан, бир дамгина тўхтаб ортига қаради. Дастурхондаги шишаларга бир кўз югуртириб олди-да, ёш шоир Абдулла Ориповни кўрсатиб, “Ҳаммангизни тўплаб манави қозонга солиб, қовурса ҳам, битта Абдулла чиқмайди. Шунинг учун ўзларингдан ҳам кўра уни эҳтиёт қилинглар!” дея танбеҳ берди…

“Нега Ботир аканинг ошлари мазали десам, тақсирнинг қозонига бир йўла икки улуғ Абдулла(ака)нинг назари тушган экан-да!” дея мен ҳазиллашдим. Кулишдик. Лекин ичимда Абдулла Қаҳҳорнинг ўша пайтда ёш бўлган Абдулла Ориповга берган юксак баҳоси ҳақида, шу баҳони бера олган мард, танти юраги ҳақида ўйлаб кетдим. Дарҳақиқат, бугун биз Абдулла Орипов устози Абдулла Қаҳҳор билдирган ишончни тўла-тўкис оқлаганига аминмиз. Абдулла Орипов ижодкор сифатида бугунги кунда ҳар қандай миллатнинг ҳар қандай шоири ҳавас қилса арзигулик бир ҳаёт йўлини босиб ўтди. Бунга асло шубҳа йўқ. Энди охиратлари обод бўлсин! Энди у кишига фақат шу керак, бизга ҳам ярашадигани фақат дуо қилишдир, азизлар! Устознинг охиратлари обод бўлсин!

УСТОЗ АБДУЛЛА ОРИПОВ ВАФОТИГА
Шукур ҚУРБОН

Мустабид давр-ла курашиб мағрур,
Чекса-да ғам-койиш, куйлаган масрур,
Ёзиб мустақил юрт мадҳиясини,
Туйган олам аро тенги йўқ сурур,
Мўъжиза кўрсатиб сўз санъатида,
Ошуфта дилларни айлагану лол,
“Янги Навоий бу!..” – десалар ҳатто
Аҳли маънига-да келмаган малол,
Иқтидор неъматин улуғин бериб,
Сийлаган Аллоҳим билониҳоя,
Ҳасадгўйлар лак-лак ёнида юриб,
Уринган шаънига солай деб соя,
Хато қилишини кутишиб узоқ,
Мақсадга етолмай қанчаси ўтгач,
Қанчаси мункиллаб, мунғайиб, э воҳ!
Кексайган чоғда ҳам безовта этгач,
Иймонин сақлаш-чун тоғу тошларда
Қўй боқиб юргандек мўъмин-мусулмон,
Хасталик баҳона қанча шаҳарда
Кезди дунё бўйлаб бу устоз сарсон.
Ибн Сино юрти – Ўзбекистонда
Наҳот, топилмасди шоирга даво.
Соддагина халқим қолди армонда,
Билмай надир бундай юришдан маъно.
Ўлан тўшагидан нарида – ўзга
Ва олис гўшада узилди жони.
Кўпларнинг кўз ёши келмади кўзга,
Жўшди кўнгилларда қайғу тўфони.
Ва тобут пойида мухлислар гирён,
Шогирдлар аламдан қолдилар гангиб.
Тупроқ тортилганда она қабристон –
Чиғатой оҳ тортиб юборди чангиб.
Дунё бирдан бўшаб қолгандек худди,
Чексиз сукунатга тўлди ҳаммаёқ.
Қуръон тиловатин юраклар ютди,
Юксалди мунғайиб бир уюм тупроқ.
Ва лекин бу не ҳол? Шунда дафъатан
Мунглилар лаб тишлаб кўзин ёшлади.
Дарахтлару гуллар, йўллар тилидан
Устоз сатрлари янграй бошлади.

5–10 ноябрь 2016 йил

ЁНИҚ ЮЛДУЗ УЧДИ…
Қўчқор НОРҚОБИЛ

Юз йилда дунёга келади шоир,
Ҳар куни туғилар одам боласи.
Юз йилликлар оша Сизга ташаккур,
Абдулла Орифнинг онаси!

Чидайсиз, гоҳ шодон, гоҳида озор,
Қуёшга гул тутар шоир хаёли.
Ўз дардин кўчада қилмаган бозор,
Абдулла Орифнинг аёли!

Ёниқ юлдуз учди — самовот қалқди,
Ҳатто титраб кетди ерда гул банди.
Отангиз шу юлдуз ўрнида балқди,
Абдулла Орифнинг фарзанди…

Берамиз Эгаси жон сўраган пайт,
Лек юртдан узилмас шоирнинг жони…
Олов ўғлонингдан розимисан, айт,
Абдулла Орифнинг Ўзбекистони!

ЭНДИ ҚАЙТГАН БАҲОР ТОПОЛМАС СЕНИ
Маҳмуд ИСО (Уйғур шоири)

Кечкуз дарахтларга унсиз пичирлади:
Кеча тун осмондан бир юлдуз йитди.
Оҳ, бу шум хабардан қушлар ўртанди:
Шунқорлар орасидан бир шунқор кетди.

Ҳали армон сандиғи тўлмаган эди,
Энг сўнгги шеърлари битмаган эди,
Куйлари поёнга етмаган эди,
Тўсатдан томири узилди, кетди.

Нукўз кўзларидан оқар ғамлик ёш,
Энди қайтган баҳор тополмас уни.
Сўрайди чечаклар: Эй бобо қуёш,
Булбулсоз шоиринг Абдулла қани?

ШОИРИДАН АЙРИЛДИ ДУНЁ
Малика САЛОМОВА

Тунлар қулоғимга нималарни дер?
Билмам илтижолар неларга қодир?!
Шу тунда туғилди сеҳрли бир шеър,
Ва тонгда дунёдан кетди бир шоир.

Қоп-қаро рўмолин ўради осмон,
Уятдан қизарди қизғалдоқзорлар!
Дунёда сўнги шеър битилган замон,
Тик турган ўликка тўлди мозорлар.

Баробар отилди барча вулқонлар,
Оловлар оқизди денгизлар гўё,
Тун бўйи дард чекиб, инграб тонг саҳар
Битта шоиридан айрилди дунё. 

ШОИР ХОТИРАСИГА
Қобил ЭШМУҲАММАД

Қасрларга сиғмайди шоир
Асрларга сиғмайди шоир
Назму насрларга сиғмайди шоир
Хурсанд бўлманг кўмиб келдик деб
Қабрларга сиғмайди шоир!

ҚУРЪОННИНГ ОЯТЛАРИ ЮРАР ҲАВОДА СУЗИБ
Фозил ФАРҲОД

Парчагина булуту чексиз осмон остида
Ҳаволаб борар тобут, ҳаволаб борар шоир.
Биринчи муҳаббатнинг эҳтироси дастидан
Куйган минг-минг юракни даволаб борар шоир.

Баъзан елдай югуриб, гоҳо тумандай секин
Тобутнинг орқасидан йигит борар эгиб бош.
Мусибатнинг юкини сезиб туради, лекин
Нега йиғи келмайди, юраги бунчалар тош?!

Ўзбегимнинг шоири, Қўнғиротнинг боласи
Бизлардан кетдими, деб ич-ичидан йиғласа.
Йиғласа, бир йиғласа, тинмаса дил ноласи,
Секин-секин йиғласа, лекин чиндан йиғласа.

Шоирни ерга бердик, устига тортдик тупроқ,
Тиловатлар ўқилди ҳатто қорайганда қош.
Янги қабр бошида ҳамма-ҳаммадан кўпроқ
Қолган ўша йигитнинг кўрдим кўзларида ёш.

Қуръон йиғлатди уни, сурон йиғлатди уни,
Қани унга қўшилиб йиғласа барча-барча.
Қиш кирмай кириб келган бўрон йиғлатди уни,
Унинг ҳолини кўриб, юрагим парча-парча.

Бир-бир тарқалди ҳамма, кун ҳам ботди бирпасда,
Балки мендан сўрарсиз: “Йиғлаган ким эди у?”
Қабристондан чиқар чоғ бошини буриб аста:
“Жон оғам, менинг исмим – Ўзбекистон”, деди у!

Кўзимда шашқатор ёш, юзимда шашқатор ёш,
Юракка чўкар оқшом, митти юлдуз порлайди.
Кўз ёшим кўрсатмай, деб дуога яширдим бош,
Шоирнинг озод руҳин Ҳақ қошига чорлайди.

Парчагина булуту нақадар чексиз осмон,
Адирлар ортидаги мангу ёлғизоёқ йўл.
У барча ташвишларни унутдию шўх-шодон,
Соғинган онасининг қошига қайтди буткул.

Ортга қайтаман мен ҳам, юлдузлар порлар аста,
Титилган парёстиқдай борар хаёлим тўзиб.
Энди юрагим оғрир, энди жоним шикаста,
Қуръоннинг оятлари юрар ҳавода сузиб.

10 ноябр, 2016 йил

  5 noyabr — Ustoz Аbdulla Oripov xotirasi kuni

Darvozadan Аbdulla Qahhor koʼrindi. Uni tanimaslikning iloji yoʼq edi. Qahhor yoshlar bilan birga oʼtirmadi. Oyoq ustida soʼrashdi, ikki ogʼiz gaplashdi, soʼng burilib oʼz uyi tomon yoʼnalarkan, bir damgina toʼxtab ortiga qaradi.

USTOZ ABDULLA ORIPOVNI YOD ETIB
065

MARSIYA
Usmon Azim
O’zbekiston xalq shoiri

Bolalikdan men ham she’r deb yongan edim,
Ne qilarim bilmay ba’zan tolgan edim.
Oripovdan qarzga olov olgan edim –
Bu qarzimni bugun aytsam, halol bo’lgay.

Har bir so’zni ko’ngil bilan tergan edi,
A’moli ham, taqdiri ham she’rdan edi.
Iste’dodni unga xudo bergan edi,
Banda desak, haqiqatga malol bo’lgay.

Tobelikning qo’rqinchlari hali bisyor.
Dillarida, tillarida ming iftixor:
“O’zbekiston Vatanim” deb aytgan ilk bor –
Bu mard zotning mardligidan til lol bo’lgay.

Garchi ajal iltijoga ko’nmas edi,
Bilamiz-ku asil shoir o’lmas edi.
O’limga ham Vatan sizni bermas edi.
Ajalni yot yurtda yengmoq mahol bo’lgay.

Ko’z yoshlarim oqayotir nolam uzra,
Shoir – parvoz so’zda kechgan har dam uzra,
Vohkim, uchdi tobuti ham olam uzra –
Bu parvozlar mangulikdan bir fol bo’lgay.

Og’ajonim, so’zda g’amni shoshirgayman,
Hasratimni qa’tlariga yashirgayman.
Sizni yolg’iz xudovandga topshirgayman,
Endi o’zga so’z demaklik zavol bo’lgay.

Bu yil dillar vidolarda kuyib o’tdi,
Vaqt yig’idan o’pka-bag’ri to’yib o’tdi.
Ne zotlarni qaro yerga qo’yib o’tdi,
Kimga javob, kimga bu hol savol bo’lgay.

Vido aytdim, vido aytdim, vido aytdim –
Bu she’rimni aqlu hushdan judo aytdim,
Zarra qo’rqmay, margu hayot aro aytdim –
Voh, vidoning qadlari ham ming dol bo’lgay.

USTOZ ABDULLA ORIPOV XOTIRASIGA
Mirpo’lat MIRZO

Ortingdan termilib qayg’uda oqdim,
Yuragim fig’oni falakka yetdi!
Yig’la, ey millatim, yig’la, ey xalqim!
Yana bitta ulug’ shoiring ketdi!

Uning bitgan har bir baytidan har on
Ufurib turardi ko’klamlar isi…
Ketdi tiriklikka oshufta bir jon,
Buyuk tuyg’ularning so’nggi kuychisi!

Yondirib qonini orzu va surur,
Kuyladi goh hasrat, gohi alamni,
Qo’lidan tushirmay o’tdi bir umr
Navoiy va Cho’lpon tutgan qalamni.

Bosganda o’lkani zimiston tunlar,
Ustozim, ko’tarding Erk uchun yalov!
Qatag’on zamonlar, umidsiz kunlar
Yoqdi sening she’ring qalblarda olov!

Bu foniy umrdan ne erur ma’ni?..
Ko’rdim – fidolar bor buyuk niyatga:
Kimki ulug’lasa o’z yurtin sha’nin,
Nomi muhrlangay abadiyatga!

ALVIDO
Iqbol MIRZO
O’zbekiston xalq shoiri

Bu yil og’ir keldi O’zbekistonga,
Sadafdek durlarim to’kildi qator.
Chig’atoytepaga shudringdek tomgan,
Hali qurimagan ko’zyoshlarim bor…

Alvido, muhtaram Abdulla Orif!
Garchi ajal bermas hech kimga omon.
Vale shoirsiz el g’aribdan g’arib,
Shoirga tosh otgan millat – olomon.

G’iybat qilib to’kdik gunohingizni,
Sizdan qolgan maydan mayda xo’plashib.
Muhtasham hayotdan bezdirdik Sizni
Goh yakka tartibda, ba’zan ko’plashib.

Kimdir qayta-qayta topar asolar,
Uni kosov qilar boshqa g’o’r banda.
Ha, kazo-kazolar va hokazolar
Hushyor tortar edi Sizni ko’rganda.

Siz bilan yuzma-yuz qolsak nogahon
Yodga solardingiz kimligimizni.
Kecha ne sababdan edigu biyron,
Bugun ne sababdan jimligimizni.

Rost so’zni aytmoqlik mushkulligi rost,
Go’zal oh tortmoqqa yurak kerak, oh!
Tafakkur shiddati Navoiyga xos,
Temurbekka oid bu qattiq nigoh.

Bol tomizib maqtab asarlarini
Shoirni bundayroq ko’rguvchilar bor.
Tutun purkab haydab asalarini,
Asalni o’ymoqlab urguvchilar bor…

Oqibatni o’ylab chekdingiz alam,
Gina, o’kinchingiz beg’araz tamom.
Maqsadingiz – zavol topmasin olam,
Odamga yarashsin inson degan nom.

Sizga oshno bo’ldim bolalik kezdan,
Sizdan ranglar oldim so’zimga ayon.
El qatori qarzdor edim men Sizdan,
O’zimning armonim o’zimga ayon…

Bahri muhit to’lqin urar yolvorib,
Yulduzlar yo’l qarar javdirab ilhaq.
Mendan rozi bo’ling, Abdulla Orif,
Sizdan rozi bo’lsin Hokimi mutlaq

«SHOIR O’LDI» DEMANG
Nodir JONUZOQ

“Shoir o’ldi” demang – yashaydi shoir,
Bezavol, shirali qo’shiqlarida.
“Shoir o’ldi” demang – yashnaydi shoir
Birinchi muhabbat, ishq ko’shklarida.

“Shoir o’ldi” demang – yozar qasdma-qasd,
Uni yengolmaydi yillar armoni.
“Shoir o’ldi” demang – mitti yulduzmas,
Charog’on yulduzday porlar har oni.

“Shoir o’ldi” demang – to bordir o’zbek,
Tilida, dilida yangraydi sasi.
“Shoir o’ldi” demang – quyoshli so’zdek
Muzlarni eritgay o’tlig’ nafasi.

“Shoir o’ldi” demang – bo’y berar har yil
Dehqonning ko’klamgi, kuzgi o’yida.
“Shoir o’ldi” demang – davrada u, dil
Piyoladay to’lsa elning to’yida.

“Shoir o’ldi” demang – visol chog’lari
Sirlashgan qalblarning shavqiga sherik.
“Shoir o’ldi” demang – hijron dog’larin
Davolab yurguvchi tabib u – tirik!

“Shoir o’ldi” demang – urar yuragi,
Yurtning bosh, ulug’vor taronasida.
“Shoir o’ldi” demang – ko’chib yuradi
Millatning she’rsevar har onasida…

“Shoir o’ldi” demang – uyg’oq, sarosar
Ko’ngildan jannatga yo’l soldi shoir.
“Shoir o’ldi” demang – do’zax, arosat
Yukini yelkalab, yuksaldi shoir.

“Shoir o’ldi” demang – shikasta rozi
Siniqdil ko’zida silqir yosh bo’lib.
“Shoir o’ldi” demang – sobit ovozi
Hasadgo’y ko’ksiga botar tosh bo’lib.

“Shoir o’ldi” demang – bir umr mayda
G’iybatlardan bezib, cho’chib o’tdi u.
“Shoir o’ldi” demang – chorlashgan paytda
Ulug’lar yoniga ko’chib o’tdi u.

“Shoir o’ldi” demang – Baqo qasriga
Muhtasham, qutlug’ bir yalov – tug’ ildi.
“Shoir o’ldi” demang! Shoir, aslida,
O’lmaydigan bo’lib qayta tug’ildi!

ABDULLA ORIPOV XOTIRASIGA
Samariddin SAYYIDZOD

Balki, jismingizdan tushmas bir soya,
Balki so’nib bitmish ko’ksingizdan cho’g’.
Lekin yoniq hislar topmas nihoya,
Siz hali butunlay o’lganingiz yo’q.
.
Tongda tiriklarla oyoqqa qalqib,
Dunyo kamlaridan poymona to’lmas.
Erta jismingizni ko’marlar balki…
Siz aytgan So’zlarni ketmonlab bo’lmas.
.
Sizsiz bir shodlik kam, kam bitta anduh,
Bu ko’zlar yig’lolmas.
Lablar kulmaydi…
She’ringiz bor ekan, o’lganingiz yo’q,
Sizning So’zingizni ko’mib bo’lmaydi…

ABDULLA ORIPOV XOTIRASIGA
Rafiq SAYDULLO

Biz osmonni tutib tura olmaymiz;
zero, ehtiyoj yo’q bunga hech zamon;
zero, biz yashasak yetgulik bo’lar
qalbimiz intizor, boshimiz omon.

Biz osmonni tutib tura olmaymiz;
ammo biz- telbalar shoshamiz qayon;
zero, hech kimsadan ortda qolmaymiz;
zero, har umrning oxiri ayon.

BITTA ABDULLA CHIQMAYDI
Ulug’bek HAMDAM

7-8 yil burun Botir aka degan, asli samarqandlik, lekin Toshkentda yashab, joylashib qolgan, yoshi 70 larni qoralagan inson bilan birga ishlagandik. Ishxonamizning qorovulligini qotirish bilan birga yig’in va bayramlarda Botir aka quling o’rgilsin palovxonto’ra pishirardi. Suhbati shirin, tajribali odam edi. Mening yozuvchi ekanligimni eshitib qolib, yonimga keldi va quyidagi voqeani so’zlab berdi:

Ashampoo_Snap_2016.11.16_15h56m20s_004_a.pngMen yoshligimdan osh qilishni yaxshi ko’raman. Bir zamonlar Do’rmonga borib, yozuvchilarga ham osh damlab berardim. Shunday kunlarning birida qozonning boshida kuymalanib tursam, tashqarida bir mashina to’xtadi. Meni osh tayyorlashga chaqirib, o’zlari so’rida yeb-ichib, suhbatlashib o’tirgan yosh yozuvchi-shoirlarning bari kelgan kishining istiqboliga o’rnilaridan qo’zg’alishdi. Darvozadan Abdulla Qahhor ko’rindi. Uni tanimaslikning iloji yo’q edi. Qahhor yoshlar bilan birga o’tirmadi. Oyoq ustida so’rashdi, ikki og’iz gaplashdi, so’ng burilib o’z uyi tomon yo’nalarkan, bir damgina to’xtab ortiga qaradi. Dasturxondagi shishalarga bir ko’z yugurtirib oldi-da, yosh shoir Abdulla Oripovni ko’rsatib, “Hammangizni to’plab manavi qozonga solib, qovursa ham, bitta Abdulla chiqmaydi. Shuning uchun o’zlaringdan ham ko’ra uni ehtiyot qilinglar!” deya tanbeh berdi…

“Nega Botir akaning oshlari mazali desam, taqsirning qozoniga bir yo’la ikki ulug’ Abdulla(aka)ning nazari tushgan ekan-da!” deya men hazillashdim. Kulishdik. Lekin ichimda Abdulla Qahhorning o’sha paytda yosh bo’lgan Abdulla Oripovga bergan yuksak bahosi haqida, shu bahoni bera olgan mard, tanti yuragi haqida o’ylab ketdim. Darhaqiqat, bugun biz Abdulla Oripov ustozi Abdulla Qahhor bildirgan ishonchni to’la-to’kis oqlaganiga aminmiz. Abdulla Oripov ijodkor sifatida bugungi kunda har qanday millatning har qanday shoiri havas qilsa arzigulik bir hayot yo’lini bosib o’tdi. Bunga aslo shubha yo’q. Endi oxiratlari obod bo’lsin! Endi u kishiga faqat shu kerak, bizga ham yarashadigani faqat duo qilishdir, azizlar! Ustozning oxiratlari obod bo’lsin!

USTOZ ABDULLA ORIPOV VAFOTIGA
Shukur QURBON

Mustabid davr-la kurashib mag’rur,
Cheksa-da g’am-koyish, kuylagan masrur,
Yozib mustaqil yurt madhiyasini,
Tuygan olam aro tengi yo’q surur,
Mo»jiza ko’rsatib so’z san’atida,
Oshufta dillarni aylaganu lol,
“Yangi Navoiy bu!..” – desalar hatto
Ahli ma’niga-da kelmagan malol,
Iqtidor ne’matin ulug’in berib,
Siylagan Allohim bilonihoya,
Hasadgo’ylar lak-lak yonida yurib,
Uringan sha’niga solay deb soya,
Xato qilishini kutishib uzoq,
Maqsadga yetolmay qanchasi o’tgach,
Qanchasi munkillab, mung’ayib, e voh!
Keksaygan chog’da ham bezovta etgach,
Iymonin saqlash-chun tog’u toshlarda
Qo’y boqib yurgandek mo»min-musulmon,
Xastalik bahona qancha shaharda
Kezdi dunyo bo’ylab bu ustoz sarson.
Ibn Sino yurti – O’zbekistonda
Nahot, topilmasdi shoirga davo.
Soddagina xalqim qoldi armonda,
Bilmay nadir bunday yurishdan ma’no.
O’lan to’shagidan narida – o’zga
Va olis go’shada uzildi joni.
Ko’plarning ko’z yoshi kelmadi ko’zga,
Jo’shdi ko’ngillarda qayg’u to’foni.
Va tobut poyida muxlislar giryon,
Shogirdlar alamdan qoldilar gangib.
Tuproq tortilganda ona qabriston –
Chig’atoy oh tortib yubordi changib.
Dunyo birdan bo’shab qolgandek xuddi,
Cheksiz sukunatga to’ldi hammayoq.
Qur’on tilovatin yuraklar yutdi,
Yuksaldi mung’ayib bir uyum tuproq.
Va lekin bu ne hol? Shunda daf’atan
Munglilar lab tishlab ko’zin yoshladi.
Daraxtlaru gullar, yo’llar tilidan
Ustoz satrlari yangray boshladi.

5–10 noyabr` 2016 yil

YONIQ YULDUZ UCHDI…
Qo’chqor NORQOBIL

Yuz yilda dunyoga keladi shoir,
Har kuni tug’ilar odam bolasi.
Yuz yilliklar osha Sizga tashakkur,
Abdulla Orifning onasi!

Chidaysiz, goh shodon, gohida ozor,
Quyoshga gul tutar shoir xayoli.
O’z dardin ko’chada qilmagan bozor,
Abdulla Orifning ayoli!

Yoniq yulduz uchdi — samovot qalqdi,
Hatto titrab ketdi yerda gul bandi.
Otangiz shu yulduz o’rnida balqdi,
Abdulla Orifning farzandi…

Beramiz Egasi jon so’ragan payt,
Lek yurtdan uzilmas shoirning joni…
Olov o’g’loningdan rozimisan, ayt,
Abdulla Orifning O’zbekistoni!

ENDI QAYTGAN BAHOR TOPOLMAS SENI
Mahmud ISO (Uyg’ur shoiri)

Kechkuz daraxtlarga unsiz pichirladi:
Kecha tun osmondan bir yulduz yitdi.
Oh, bu shum xabardan qushlar o’rtandi:
Shunqorlar orasidan bir shunqor ketdi.

Hali armon sandig’i to’lmagan edi,
Eng so’nggi she’rlari bitmagan edi,
Kuylari poyonga yetmagan edi,
To’satdan tomiri uzildi, ketdi.

Nuko’z ko’zlaridan oqar g’amlik yosh,
Endi qaytgan bahor topolmas uni.
So’raydi chechaklar: Ey bobo quyosh,
Bulbulsoz shoiring Abdulla qani?

SHOIRIDAN AYRILDI DUNYO
Malika SALOMOVA

Tunlar qulog’imga nimalarni der?
Bilmam iltijolar nelarga qodir?!
Shu tunda tug’ildi sehrli bir she’r,
Va tongda dunyodan ketdi bir shoir.

Qop-qaro ro’molin o’radi osmon,
Uyatdan qizardi qizg’aldoqzorlar!
Dunyoda so’ngi she’r bitilgan zamon,
Tik turgan o’likka to’ldi mozorlar.

Barobar otildi barcha vulqonlar,
Olovlar oqizdi dengizlar go’yo,
Tun bo’yi dard chekib, ingrab tong sahar
Bitta shoiridan ayrildi dunyo.

SHOIR XOTIRASIGA
Qobil ESHMUHAMMAD

Qasrlarga sig’maydi shoir
Asrlarga sig’maydi shoir
Nazmu nasrlarga sig’maydi shoir
Xursand bo’lmang ko’mib keldik deb
Qabrlarga sig’maydi shoir!

QUR’ONNING OYATLARI YURAR HAVODA SUZIB
Fozil FARHOD

Parchagina bulutu cheksiz osmon ostida
Havolab borar tobut, havolab borar shoir.
Birinchi muhabbatning ehtirosi dastidan
Kuygan ming-ming yurakni davolab borar shoir.

Ba’zan yelday yugurib, goho tumanday sekin
Tobutning orqasidan yigit borar egib bosh.
Musibatning yukini sezib turadi, lekin
Nega yig’i kelmaydi, yuragi bunchalar tosh?!

O’zbegimning shoiri, Qo’ng’irotning bolasi
Bizlardan ketdimi, deb ich-ichidan yig’lasa.
Yig’lasa, bir yig’lasa, tinmasa dil nolasi,
Sekin-sekin yig’lasa, lekin chindan yig’lasa.

Shoirni yerga berdik, ustiga tortdik tuproq,
Tilovatlar o’qildi hatto qorayganda qosh.
Yangi qabr boshida hamma-hammadan ko’proq
Qolgan o’sha yigitning ko’rdim ko’zlarida yosh.

Qur’on yig’latdi uni, suron yig’latdi uni,
Qani unga qo’shilib yig’lasa barcha-barcha.
Qish kirmay kirib kelgan bo’ron yig’latdi uni,
Uning holini ko’rib, yuragim parcha-parcha.

Bir-bir tarqaldi hamma, kun ham botdi birpasda,
Balki mendan so’rarsiz: “Yig’lagan kim edi u?”
Qabristondan chiqar chog’ boshini burib asta:
“Jon og’am, mening ismim – O’zbekiston”, dedi u!

Ko’zimda shashqator yosh, yuzimda shashqator yosh,
Yurakka cho’kar oqshom, mitti yulduz porlaydi.
Ko’z yoshim ko’rsatmay, deb duoga yashirdim bosh,
Shoirning ozod ruhin Haq qoshiga chorlaydi.

Parchagina bulutu naqadar cheksiz osmon,
Adirlar ortidagi mangu yolg’izoyoq yo’l.
U barcha tashvishlarni unutdiyu sho’x-shodon,
Sog’ingan onasining qoshiga qaytdi butkul.

Ortga qaytaman men ham, yulduzlar porlar asta,
Titilgan paryostiqday borar xayolim to’zib.
Endi yuragim og’rir, endi jonim shikasta,
Qur’onning oyatlari yurar havoda suzib.

10 noyabr, 2016 yil

033

(Tashriflar: umumiy 1 758, bugungi 1)

Izoh qoldiring