Usmon Nuriy To’pbosh. «Masnaviy» bog’chasidan bir ko’za suv.

099
Туркиялик румийшунос олим Усмон Нурий Тўпбошнинг сизга тақдим этилаётган  китобида Ислом маърифатининг буюк намояндаларидан Мавлоно Жалолиддин Румий ҳазратларининг “Маснавий”лари таҳлили  асосида ҳаётимизнинг маънавий қирралари ёритилади. Ушбу китоб  2007 йилнинг ЮНЕСКО тарафидан Мавлоно Жалолиддин Румий йили деб эълон қилиниши муносабати билан қайта нашрга этилган эди.

088

“МАСНАВИЙ” БОҒЧАСИДАН БИР КЎЗА СУВ
Усмон Нурий Тўпбош
Таржимон: Муҳаммад Қобил

МУНДАРИЖА

Бир кўза сув
Кўнгил ойнасидан
Лайлини инжитма
Лайлининг маҳалласини қоровули
Кўзгудаги ёлғон
Муҳаббат ва хусумат
Марҳаматнинг баракати
Инсон бўл, инсон
Золимнинг яхшилиги
Асоратдан ҳурриятга
Нафс қутурган арслон кабидир
Нафс мавжудлигининг ҳикмати
Илоҳий қаҳр Борлиқ девори
Бу оқшом Ҳиндистонда
Коинот, Қуръон ва Инсон
Ҳақнинг таржимонлиги
Илоҳий қонунлардаги истиснолар ҳикмати
Оламдаги ваҳдат тамойили
Тасаввуф ва илми ладунний
Ҳазрати Мавлоно, Шамс ва Шаби Арус
Улфат
Бир онадан айрилдик

090

БИР КЎЗА СУВ

Гўзаллар соф ва тиниқ кўзгу истаганлари каби, жўмардлик ҳам фақир ва заиф кимсаларни истайди.

Гўзалларнинг ҳусни кўзгуда акс этганидек, инъом ва эҳсоннинг гўзаллиги ҳам фақир ва ғарибларни шод қилиш билан намоён бўлади.

Мавлоно Жалолиддин Румий

Бир фақир бадавий араб жазирама саҳрода хотини билан чодир тикиб яшар эди. Бир кеча хотини:
– Бутун йўқчилик, қийинчиликни биз чекмоқдамиз. Ҳамманинг умри фаровонлик билан ўтмоқда. Фақатгина бизлар фақирмиз. Нонимиз йўқ, қатиғимиз оз. Пиёламиз йўқ,сувимиз кўз ёши… Кундузи кўйлагимиз қуёш, кечаси тўшагимиз ой. Очликдан ойни нон хаёл қилиб ғалаёнга тушамиз. Бу кетишда ҳолимиз нима бўлади? – деб ҳасрат қилди.
Бадавий бунга жавобан шундай деди:
– Эй хотин, қачонгача дунё моли учун ҳасрат чекасан? Бу дунёда қанча умримиз қолди? Ақлли кишилар озкўпга қарамайдилар. Ёшлигингда қаноатли эдинг, қариган сари ҳирсинг ортмоқда. Олтин истайсан, ҳолбуки авваллари ўзинг олтин каби эдинг. Сенга нима бўлди?
Хотин бу сўзларга қулоқ тутмай, жаврашда давом этди:
– Эй номус нималигини билмайдиган одам!.. Сенинг беҳуда сўзларингдан тоқатим тоқ бўлди. Аҳволимизни кўриб уялмайсанми? Менга қаноатли бўл дейсан. Қачонгача сабр қилай? Сабр қачон жонингга оро кирган эди? Ундан кўра, бойиш йўлини изласангчи?
Бадавий:
– Сен аёлмисан ёки бошимга битган баломисан? Мен фақирлигим билан фахрланаман. Бошимни оғритма! Мол, мулк ва пул бошдаги кулоҳ каби бир нарса. Кулоҳ эса калларнинг нажоти. Бойлар қулоғига қадар гуноҳга ботган кишилар бўлиб, бойликлари уларнинг гуноҳларини яшириб туради. Фақирлик нималигини сен қаердан билар эдинг? Фақирликни хорзорлик ўрнида кўрма! Аллоҳ кўрсатмасин, менинг бу дунёдан таъмам йўқ. Кўнглимда эса қаноат ва сабр тўла бир олам бор.
– Эй хотин, жанжални бас қил. Бас қилмасанг, мени тинч қўй. Мен яхшилик билан ҳам, ёмонлик билан ҳам жанжал қила олмайман. Жанжалга тоқатим йўқ. Жанжал уёқда турсин, хотиржам пайтларда ҳам жанжални ўйласам кўнглим беҳузур бўлади… Шунинг учун овозингни ўчир, бўлмаса бошим оққан томонга кетиб қоламан…
Аёл эрининг ўз сўзларидан қайтмаслигини кўриб, кўзига ёш олди, гўё пушаймон бўлди. Бадавий ҳам хотинининг кўз ёшларидан таъсирланиб, айтган сўзларидан афсус чекди.
Эрининг пушаймонлигини сезган аёл унга шундай маслаҳат берди:
– Кўзада ёмғир суви бор. Бутун молмулкимиз шундан иборат. Бу кўзани олиб, подшоҳлар подшоҳининг ҳузурига кир, унга келтирган совғангни тақдим этиб, шундай де:
– Бизнинг бундан бошқа ҳеч бир молмулкимиз йўқ, зотан чўлда бундан яхши совға топа олмайсиз. Подшоҳимизнинг хазиналари тўла бўлса ҳам, унда бундай сув топилмаса керак. Зотан бундай сувни топиш унчалик осон эмас.
Бечора аёл Бағдоднинг ўртасидан Дажла дарёси оқиб ўтишини қаердан ҳам билсин? Шунинг учун ўзи тўплаган сувни мақтагандан мақтади. Эри ҳам уни қўллабқувватлади:
– Ким ҳам бундай совға топа оларди? Ҳақиқатан ҳам, бу кўзадаги ноёб ёмғир суви фақат подшоҳларгагина муносиб!
Бадавий кўзанинг оғзини маҳкам беркитиб, ўзини бир матога ўради-да, уни кўтариб, Бағдод томон жўнади. Кўза синиб-нетиб қолмасин, суви тўкилмасин, деб уни кўз қорачиғидек асрар эди. Кунлар, ҳафталар ўтиб, ниҳоят Бағдодга етиб келди. Излабизлаб халифанинг саройини топди. Сарой эшигига яқинлашди. Қоровуллар ундан ташриф сабабини сўрадилар.
Бадавий:
– Эй муҳтарам зотлар! Мен бир ғариб бадавийман. Подшоҳнинг лутфидан умидвор бўлиб, саҳродан келдим. Бу совғамни подшоҳ ҳазратларига элтинг, подшоҳдан умидвор бўлган кишининг эҳтиёжларига шу йўсинда жавоб беринг. Бу жуда тотли, ширин сув, уни чўлда ёмғир сувларидан тўпладим. Кўзам ҳам янги, чиройли…, — деди.
Халифанинг мулозимлари аввалига бу содда ва оқкўнгил бадавийнинг устидан роса кулдилар, сўнгра унинг яхши ниятлар билан олиб келган туҳфасини қабул қилиб олдилар.
Сарой орқасидаги сурон солиб оқаётган Дажла дарёсидан бехабар бадавий эса подшоҳдан марҳамат кутиб турарди.

Бадавийнинг сув тўла кўзасини халифа ҳузурига олиб киришган эди, у жуда хурсанд бўлиб, меҳмонни қабулига чорлади. Ундан ҳолаҳвол сўраб, янги тўнлар кийдирди ва мулозимларига:
– Кўзани олтинга тўлдириб, эгасига қайтаринглар. Уйи-га эса дарё йўли билан кемада олиб бориб қўйинглар. У бу ерга саҳро орқали келибди. Дажла дарёсининг йўли эса юртига анча яқин. Шу йўлдан қайтсин, — деб амр берди.
Бадавий кемага чиқиб, дарёни кўрганда ҳайратдан саросимага тушиб қолди. Уни ажаблантирган нарса – дарёда шу қадар сув бўла туриб, халифанинг у келтирган сувни олиши эди. Бу ҳолдан Аллоҳга шукр қилар эди.

“Маснавий”:
“Эй ўғил! Бутун дунёни оғзига қадар илм ва гўзаллик билан лиқ тўлган кўза деб бил. Фақат бу кўзада тўлибтошган илм ва гўзаллик Аллоҳнинг ҳикмати бўлган Дажладан бир қатрадир. У яширин бир хазина эди. Тўлибтошиб, тупроқни осмондан ҳам мовийлаштириб юборди. Яширин хазина шу тарзда ошкор бўлиб, тупроқни атласга ўралган ҳолга келтирди. Бу бадавий ҳам Аллоҳнинг Дажласидан бир қатра кўрганида, ҳақиқатда денгиз бўлган бу қатранинг қаршисида кўзасини чилчил синдирган бўлар эди”.
Ҳикояда халифа эшиги деб кўрсатилган жой аслида Илоҳий Даргоҳдир. Мусулмон киши қанчалик илм-ирфон, молмулк ва ибодат соҳиби бўлса ҳам, бу бойликларга ишониб, ўзидан кетмаслиги, уларнинг борлигидан алданмаслиги керак. Бу бойликларини Аллоҳнинг бир лутфи ўрнида кўриб, ўз амаллари эса Дажлага нисбатан бир пиёла сув эканлигини асло унутмаслиги лозим.
Саҳройи бадавийнинг чўлда минг машаққат билан йиққан бир кўза суви унинг учун “оби ҳаёт” эди. Ҳолбуки, бу “оби ҳаёт” Дажлага тўкилгандан кейин бир зумда йўқ бўлиб кетди.
Бани башарнинг ўз имкони даражасида ҳақиқатини идрок қилишга уринган нарсалари, илоҳий қонун ва санъатни англаш даражаси, унинг асл ҳақиқатига кўра Дажланинг бир томчисига ҳам арзимайди… Бу чумолининг ўз инини, балиқнинг аквариумни дунё, деб билиши каби бир нарса. Инсон ҳам ўзининг нодонлигини унутиб, улкан кўзгунинг ёлғонларига ишонади ва худди чумоли ва балиқнинг ҳолига тушади.
Пайғамбар (с.а.в): “Аллоҳим, сен поксан! Сенга тасбеҳ айтаман! Биз сени сенга лойиқ бир маърифат1 билан таний олмадик”, – деган эдилар.
Умматнинг энг етук уламолари ҳам илоҳий қудрат қаршисида ожиз эканликларини яширмаганлар. Халифа Ҳорун ар-Рашид бир куни Имом Абу Юсуфдан бир масаланинг ечимини сўради. Имом Абу Юсуф:
– Билмайман, — деб жавоб бердилар. Халифанинг ёрдамчиси Абу Юсуфга қарата:
– Маош ва мансабингиз бўла туриб, нега билмайман демоқдасиз, — деб писанда қилди.
Бунга жавобан Имом Абу Юсуф:
– Мен билган нарсаларим учун маош оламан. Агар билмаган нарсаларим учун ҳам маош тўлашса, бутун хазина етмас эди”, — дебдилар камтарлик билан.
Аллома Имом Ғаззолий ҳам: Билганларим қаршисида билмаганларимни оёқ остига олсам эдим, бошим осмонга етган бўлур эди, — дея ўзининг ожизлигини эътироф қилиб, тавозеъ кўрсатган эди. Бу буюк инсонлар билганларидан билмаганлари кўплигини эътироф қилишдан уялмаганлар.
Одам боласининг том маънода аҳамият берган ва суянган амаллари Дажлага нисбатан бир кўза сув эмасми?
Аллоҳ асрасин, қуюқ булутлар қуёш нурига тўсиқ бўлгани каби, инсон қалби ҳам шайтоннинг тахтига айланса, Раҳмоннинг ҳидояти бу қалбларни ёритадими? Инсон Дажладан бехабар бўлгани учун ҳам бир кўза сувни уммон деб ҳисоблайди ва шундай янглиш ишлар ичида ҳалок бўлади.
Жунайд Бағдодий ҳазратлари муз сотувчисига дуч келиб қолади. Сотувчи: “Сармояси эриб бораётган инсонга ёрдам қилинг”, деб нидо қилмоқда эди. Жунайд ҳазратлари бу сўзни эшитиб, ҳушдан кетиб қоладилар.
Дунё сармоясини охират сармоясига олиб борувчи восита сифатида фойдаланма эканмиз, бу дунёдаги амалларимиз шайтонларга ем бўлишда давом этаверади. Натижа эса ғам- алам ва алданишдан иборатдир. Аҳмоқона исрофгарчилик ва марҳаматдан бебаҳралик бу дунёнинг бош балоси, охиратда эса азоб сармоясидир. Ўтган кунларимизнинг моҳиятини ўзгартириб бўлмайди. Келажагимизнинг қандай бўлиши номаълум. Дам бу дамдир. Шу дамимизнинг кўнгил ва пешона терларини ҳаёт тупроғига эка олсак, иншааллоҳ, охиратимиз ёруғ бўлади. Шайх Саъдий таъбири билан айтганда: “Ер юзи Аллоҳнинг умумий дас- турхонидир”.
Дунёда Раҳмон сифатининг зоҳири ўлароқ, барча мавжудот ризқлантирилади. Бу маънода дўст, ғаним, итоаткор, исёнкор фарқ қилинмайди. Парвардигоримизнинг марҳамати барча мавжудот учун тенг даражада. Типратиканнинг ўз боласини бағрига босиши, ҳатто кофир бўлса ҳам мазлум дуосининг қабул қилиниши бу марҳаматнинг яққол далилларидир. Оламдаги илоҳий санъат, ҳикмат ва ибрат манзаралари, нафсоний ва тасаввуфий амаллари туфайли асл табиати бузилмаган инсонни маънавият, хилват, софлик, шафқат ва қўрқув каби туйғуларга ғарқ қилади. Хос дастурхон эса Раҳим сифатининг кўриниши ўлароқ охиратда намоён бўлади. Ундан фақат мўминмусулмонларгина баҳраманд бўладилар.
Бу хос дастурхонда инсонга аталган энг гўзал қисмат – Жаннат ва энг улуғ неъмат – Аллоҳ таъолонинг ўн тўрт кунлик ой каби жамолини кўриш саодати мавжуддир. Инсон – илоҳий исмларнинг мукаммал тажаллиси бўлгани учун буюк бир оламнинг кичик бир кўринишидир. Инсоннинг тупроқдан яратилган вужуди мавжудлигининг ташқи кўринишидир. Унинг ҳақиқий мавжудлиги – асрор, нур ва илоҳий ҳақиқатнинг яширин хазинасидир. Инсоннинг мукаррамлик сифати бордир. Яратилишидан кўзда тутилган маърифат денгизидан ўз насибасини олиши ҳам шу омилга боғлиқ.
Парвона шамга бўлган чексиз муҳаббати туфайли ўзини унинг ёниқ шуъласига уриб ҳалок қилгани каби Мансур Ҳаллож ҳам илоҳий денгиз мавжларида ўзини ғарқ қилишга азм этди. Илоҳий тажаллиси туфайли ўртаниб ёнди. Руҳи юксалиб, файз билан тўлган сари нафси заифлашиб бораверди. Ундан қутулишга ҳаракат қилди. Кучли тажаллиларга чидай олмади. Мастлик ҳолатига ғарқ бўлди. “Дўстлар, мени ўлдиринг! Зеро, менинг абадий ҳаётим ўлимимдадир”, — деди. Уни тошбўрон қилаётганларида таъсир қилган нарса дўстининг унга бир чиннигул отиши бўлди. Бу дунёдаги шугина марҳамат ва табассум ҳам унга оғир келди.
Бу мисол, бошқача айтганда, фоний мавжудликнинг илоҳий мавжудликка ғарқ бўлиб, банданинг мангулик билан бирлашишини билдиради.
Денгизга тушган бир томчи сувда кўринмай кетгани каби, денгизга тушган инсон ҳам сувдан бошқа нарсани кўра олмайди. Бундай мақомга юксалганлар ҳамма нарсани ва ҳатто ўзларини ҳам Ҳақдан иборат, деб биладилар. Фақат бу бир ҳолдир. Бу ҳол йўқолгач, яна “Ҳақ Ҳақдир, ашё эса ашё”. Ҳадиси шарифда бу ҳолнинг сифати шундай ифодаланади: “Ер юзида тирик ўликни кўришни истаганлар Абу Бакрга қарасинлар”.
Марҳамат ва адолати билан ўзига ҳайкал қўйган ҳазрати Умар (р.а) Шомга кирар экан, навбат етгани учун қулини туяга миндирди. Ўзи эса шаҳарга пиёда кирди. Халқ қулни халифа деб ўйлади.
Ҳазрати Умарнинг вафотидан кейин дўстлари уни туш кўриб: “Раббимиз сизга қандай муомала қилди?” — деб сўраганларида: “Алҳамдулиллоҳ, “Раҳмон ва Раҳим” бўлган Раббим бордир”, деган жавобни олдилар.
Ҳазрати Мавлоно: “Модомики, фақир жўмардлик сифатининг кўзгуси экан, билгилки, бу кўзгуга “куҳ” деб нафас юбормоқ нодонликдир”, – деган эдилар. Яъни, фақир ва ғарибга озор бериш учун оғиздан чиққан ҳар бир сўз унинг қалбини яралайди. Худди ойнага “куҳ” деб нафас юборилса, унинг юзи буғланганидек, қалб хиралашади. Унинг порлоқ ва мусаффолиги кетади. Жўмардликнинг карами кўринмай қолади. Амалларимиз, эҳсонларимиз доимо кўз ўнгимизда буюк бўлиб кўрина бошлайди. Бизни чалғитиб, адаштиради. Бизга ёлғон роҳат бағишлайди. Дажладан ва унинг соҳибидан бехабар бўлганимиз учун бир кўза сув кўзимизга дарё бўлиб кўринади.
Дунёвий орзуларимизнинг чек-чегараси йўқдир. Қўлимизда бўлган барча нарсани ўзимизники, деб биламиз. Аксинча, биздан бирон фидойилик талаб қилинганда худди ўз бойлигимизни сарфлаётган каби мақомда бўламиз. Омонат ва саховатнинг порлоқ ва зариф кўзгусига доғ тушади. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло Қуръони каримда:
“Етимга қаҳр қилма, тиланчининг қўлини бўш қайтарма”, – деб марҳамат қилади. Мавлоно ҳазратлари бир байтларида лутф этадилар:

“Гўзаллар соф ва порлоқ кўзгу истаганлари каби, жўмардлик ҳам фақир ва заиф кимсаларни истайди. Гўзалларнинг ҳусни кўзгуда акс этганидек, инъом ва эҳсоннинг гўзаллиги ҳам фақир ва ғариблар воситасида юзага чиқади”.
Гўзаллар ўз ҳуснларини томоша қилиш учун кўзгуга асир бўладилар. Ҳатто ўзларини томоша қилиш учун юзи хиралашган ойналарга ҳам бир қараб ўтадилар. Маънавий ва асл гўзаллик бўлган жўмардлик ҳам ўзини бечоралар ва фақирларнинг кўнгил кўзгусида томоша қилади.
Ҳазрати Мавлоно яна шундай дейдилар: “Бинобарин, фақирлар марҳамати илоҳийнинг, карами Раббонийнинг кўзгусидирлар. Ҳақ билан бирга бўлганлар ва Ҳаққа фоний бўлганлар доимо жўмардлик ҳолатидадир”.
“Тафсири ҳазин”да Ҳазрати Жобирдан шундай дейилади:
“Кичкина бола Расулуллоҳнинг ёнларига келди. Онасининг бир кўйлак учун юборганини айтди. Ўша дамда Расулуллоҳнинг устидаги кўйлагидан бошқа кўйлаги йўқ эди.
Болага бошқа пайтда келишни айтди. Бола кетди. Қайтиб келдида, онасининг Расулуллоҳнинг
устидаги кўйлакни сўраганини айтди. Ҳазрати пайғамбар (с.а.в) ҳужраи саодатга кириб ечиндилар-да, кўйлакларини болага бердилар. Шу вақтда Билол (р.а) азон ўқий бошлади. Пайғамбар (с.а.в) устларига киядиган бошқа кийимлари бўлмагани учун жамоатга чиқа олмадилар. Саҳобалардан баъзилари бу ҳолнинг сабабини билиш учун ҳужраи саодатга кирдилар ва Пайғамбар (с.а.в)ни кўйлаксиз ҳолда кўрдилар…”
Бойлик бир омонатдир. Унинг саодати ва лаззатига эришиш маҳрумларнинг изтиробини ҳис қилиш, уларга шафқат ва марҳамат эшикларини очиш билан бўлади.
Ҳазрати Мавлоно шундай дейдилар:
Шафқату марҳаматда қуёш каби бўл! Бошқаларнинг айбини яширишда кеча каби бўл! Саховат ва жўмардликда оқар сув каби бўл! Шиддат ва ғазабда ўлик каби бўл! Тавозеъ ва хоксорликда тупроқ каби бўл! Қандай бўлсанг шундай кўрин! Қандай кўринсанг шундай бўл!

090

ЛАЙЛИНИ ИНЖИТМА

“Эй гўзалим, вужудимда сендан бошқа бир борлиқ қолмади. Шунинг учун ҳам сирка асал денгизида йўқ бўлгани каби, Мен ҳам сенинг борлиғингда шу тарзда йўқ бўламан…”
Мавлоно Жалолиддин Румий

Бир кун Мажнун хасталаниб ётиб қолди. Уни даволаш учун табиб чақирдилар. Табиб: – Томиридан қон олишимиз керак, – деб Мажнуннинг қўлини боғлай бошлади. У қон олиш учун игнага қўл узатган эди ҳамки, Мажнун додфарёд солди:

– Эй табиб, мени тинч қўй! Хизмат ҳақингни ол ва бу ердан кет. Бу хасталикдан ўлсам ҳам майли, қон олишдан воз кеч!
Табиб Мажнунга:
– Сен чўлларда бўкирган арслонлардан қўрқмайсан-у, қўлингга игна санчилишидан қўрқасанми? – деди.
Мажнун унга шундай жавоб берди:
– Мен наштардан асло қўрқмайман. Лекин менинг бутун вужудим, борлиғим Лайли билан тўлгандир. Қўрқаманки, менинг қўлимга игна санчганингда вужудимдаги Лайлини инжитарсан. Мен мана шундан қўрқмоқдаман…
Маснавий: “Вужудимда бир исмдан бошқа нарса қолмади. Эй гўзалим, вужудимда сендан бошқа бир борлиқ қолмади. Шунинг учун ҳам сирка асал денгизида йўқ бўлгани каби,мен ҳам борлиғингда шу тарзда йўқ бўламан”.
Ёлғизликни фақат ўзига муносиб кўрган жаноби Аллоҳ бутун мавжудотларни жуфт- жуфт қилиб яратган. Дунёвий илмлар яқинда кашф қилган бу жуфтлик қоидаси бизга ўн тўрт аср аввал илоҳий оятлар орқали маълум қилинган. Башарий идрок ва завқдан ташқарида бўлган Яратувчи зарраларни, доналарни, ўсимликларни, ҳайвонларни, инсонларни ва моддаларни, ҳатто атом ичидаги электрон ва протон каби сирли нарсаларни ўз қонунига кўра тартибга солган. Ёсин сурасида: “Ер ундириб ўстирадиган нарсалардан, (одамларнинг) ўзларидан ва яна улар билмайдиган нарсалардан жуфтларни яратган (Аллоҳ) пок зотдир”
(36-оят), – дейилади. Лекин энг зоҳир ва ботин нарсаларни қамраб олган жуфтлик қонуни инсонларда энг олий даражасида намоён бўлади. Аллоҳ таоло оилада фикр эгалари учун бир қанча ҳикматлар борлигини шу тарзда марҳамат қилади: “Унинг оятларидан (яна бири): “У зот сизлар ҳамдам бўлишларингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратиши ва ўрталарингизда ошнолик ва меҳрмуҳаббат пайдо қилишидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган қавм учун оятибратлар бордир” (“Рум” сураси, 21-оят)
Оила қурадиган икки бегона кишининг биргина дастурхон воситасида ўзаро боғланиши, ораларида пайдо бўлган муҳаббат ва марҳамат муносабатлари, жиддий тушунилиши лозим бўлган илоҳий қудратнинг кўринишини ўз ичига олгандир. Бутун мавжудот илоҳий низомга кўра ваҳдат, яъни бирликка интилади. Мавжудотнинг энг
мукаммали эса инсон. Инсонларнинг ўзаро муҳаббати ҳам шунга кўра баркамоллик касб этади. Эрхотиннинг жисмоний ва руҳий яқинлашиш орқали илоҳий лаззатларни ҳис қилиши охир- оқибатда уларни Аллоҳ таолога яқинлаштиради.
Лайли йиллар ўтиб, Мажнуннинг ёнига келади. Мажнун унга эътибор бермайди. Лайли: “Менинг учун чўлларда саргардон бўлган сен эмасмидинг?” – деганида, Мажнун: “Бевафо Лайлининг қалбимда ўрни қолмади”, – деб жавоб беради.
Мажнун ҳаётининг ғояси бўлган Лайли илоҳий муҳаббат йўлида бир поғона эди, холос. Мажнун ҳақиқатни топишга уринган илоҳий муҳаббат боғида ўз ўрнини топгандан кейин нисбий гўзаллик соҳиби бўлган Лайли ўз аҳамиятини йўқотган эди. Маснавий ҳикояларининг қаҳрамони бўлган Лайли эса охироқибатда илоҳий муҳаббатга қайтган ва шахсиятини Ҳақда, деб билган илоҳий севгининг тимсолидир. Бошқача айтганда, Лайли кўнгилларни мажнун қилган, жисмоний иродани йўққа чиқарган илоҳий бир ишқнинг уфқидир. Шу маънода Лайлилар билан бошланган муҳаббат можаролари Мавлода эриб битадилар…
Лайли Қайс исмли маъшуқини Мажнун (телба) номи билан тилларда достон қилган бир гўзал, холос.
Лекин у гўзал Лайли эмас, коинот борлиғини сабабчиси бўлган ва Аллоҳ таоло “Ҳабибим” деб атаган муборак зот (с.а.в) бўлса, унга бўлган муҳаббатнинг қай даражага эришишини тасаввур қила оласизми?
Энди бир қанча мисол ва мисра билан буни изоҳлашга уринайлик. Албатта, бу мисолларнинг энг бошланғичи ҳазрати Мавлонодандир.
Ҳазрати Мавлононинг муриди Гуржи хотуннинг қўмондон эри Қайсарига хизматга тайинланади. Гуржи хотун Салжуқли саройининг машҳур рассом ва наққоши Айн уд-Давлани ҳазрати Мавлононинг расмини яширин чизиб келиш учун унинг ёнига юборади. Лекин рассом бор гапни Мавлонога айтиб беради. Ҳазрати Мавлоно кулимсираб:
– Сенга айтилганни хоҳлаган тарзингда бажар, – дейди.

Рассом Мавлононинг расмини чиза бошлайди. Фақат ҳар чизганида қоғоздаги расм бошқа, қаршисида ўтирган одам бошқача бўлиб чиқаверади. Рассом қоғозини йигирма марта алмаштиради. Лекин барибир Мавлононинг расмини чизишга муваффақ бўла олмайди. Унинг санъати ҳазратнинг қаршисида муз каби эриб кетади. Шунда рассом ўзини ҳазратнинг оёғига ташлаб:
– Бир диннинг валийси шундай бўлса, набийси қандай бўлган экан? – деб бу сўзлар орқали ўзининг ҳаяжон ва ҳайратини ифодалайди.
Имом Молик (р.а) дунёвий ишларда Расулуллоҳ (с.а.в)га тақлид қилиш ишқида яшаб ўтди. Мадинаи Мунавварада бирор марта ҳам отга ёки туяга миниб юрмади. Равзада имомлик қилганда доимо паст овоз билан гапирар эди. У замоннинг халифаси Абу Жаъфар Мансур баланд овоз билан гапирганда: “Эй Халифа! Бу маконда баланд овоз билан гапирманг. Аллоҳ ўз огоҳлантиришини сендан фазилатлироқ кишиларга юборди”, – деди ва ушбу ояти каримани ўқиди:
“Эй мўминлар, (токи қилган яхши амалларингиз) ўзларингиз сезмаган ҳолларингизда беҳудабефойда бўлиб қолмаслиги учун сизлар овозларингизни пайғамбарнинг овозидан юқори кўтарманглар ва унга бирбирларингизга очиқ (дағал сўз) қилгандек очиқдағал сўз қилманглар” (“Ҳужурот” сураси, 2-оят)
Яна Имом Молик ҳазратлари ўзларига зулм қилган Мадина волийсининг ҳаққини ҳалол этиб: “Маҳшарда Расулуллоҳ (с.а.в)нинг невараси бўлган бир зотга даъвогар бўлишдан уяламан”, – деган эдилар.
Устоз Асъад Эрбилий ҳазратлари Расулуллоҳга бўлган оташин муҳаббатини ушбу мисраларда нақадар гўзал ифодалаган:
Мумкинми бунча оташ-ла шаҳидий ишқни ғусл қилмоқ, Жасад оташ, кафан оташ, ҳам оби хушгувор3 оташ…
(Бу қадар олов билан ишқ шаҳидини ювиш мумкинми? Танам оташ ичида, кафаним оташ ичида, шаҳидни ювадиган тотли сув ҳам оташ ичида)
Озар шоири Фузулий машҳур “Сув” қасидасида: Сочма, эй кўз, ишқдан кўнглимдаги ўтларга сув –kи, бу кўкка туташган ўтларга қилмас чора сув, –дейди. (Эй кўз, ёшларингни бекорга тўкма, барибир кўнглимдаги оловни сўндира олмайсан)
Ҳукмдор Аҳмадхон биринчи Расулуллоҳ ковушининг андозасини ясатиб, ундан файз олишга уринган эди:
Ёлғиз тожим каби бошимда кўтарсам доим, Ул расуллар шоҳининг қадами покин.
Жаҳон императори Ёвуз Султон Хон ўзини Расу-лулуллоҳнинг ҳақиқатига эриштирадиган валийни бутун тахтларнинг устида кўриб:

Подшоҳи олам бўлиш бир қуруқ ғавғо эмиш,
Бир валийга мурид бўлиш жумладан аъло эмиш, –

деб Аллоҳ ва Расулуллоҳга яқин бўлишнинг аҳамиятини ифодалаган эди.
“Бу ёшдан кейин менга тупроқ устида юриш ҳаромдир”, – деган буюк ишқ ва важд қаҳрамони Саййид Аҳмад Яссавий Пайғамбар (с.а.в) билан айни тарзда яшаш йўлида абадийлашди. У яшаган тупроқ бу муборак зот шарафига “ҳазрати Туркистон” деб улуғланди.
Увайс ал-Қаранийга Уҳуд жангида Пайғамбар (с.а.в)нинг бир тиши сингани ҳақида хабар келганда, у зотнинг қайси тиши синганини билмагани учун бутун тишларини синдириб ташлаб, Пайғамбар (с.а.в)га яқин бўлишнинг завқидан бахтиёр бўлди.
Динор ўғилларидан бир аёлнинг Уҳуд жангида эри, укаси ва отаси шаҳид бўлди. Уччовининг ҳам шаҳид бўлганининг хабарини эшитгандан кейин:
– Менга расулуллоҳни кўрсатинг, уни бир кўрай, – деди. Расулуллоҳни кўргандан кейин:
– Ё расулуллоҳ, сиз соғсаломат экансиз, менга қолган фалокатлар ҳечдир, – деди.
Жуда асабий ҳаёт кечиргандан кейин мусулмонликни қабул қилиб, ҳузур ва тинчликка қовушган Ҳанса Хотун Қадисия урушида тўрт ўғлининг шаҳид бўлгани хабарини эшитиб, буюк бир имон кучини намоён қилди: “Исломнинг бир зафари учун тўрт ўғлим ҳам фидо бўлсин”, – деб бирданига тўрт шаҳиднинг онаси бўлгани учун Аллоҳга шукр қилди.

Базми олам Волида Султон: Муҳаббатдан Муҳаммад бўлди ҳосил, Муҳаммадсиз муҳаббатдан не ҳосил, –– деб руҳ озиғининг фақат Пайғамбар (с.а.в)га нисбатан бўлган муҳаббат эканлигини гўзал тарзда ифодалаган эди.
Раҳматли устозимиз Яман Дада ушбу маснавий мисраларини бизга мовий кўзларидаги ёш билан изоҳлар экан, юзларидан нур ёғар эди:
Кўнгил хун бўлди шавқингдан бўяндим, Ё Расулуллоҳ! Бу ҳижронга нечук бардош берайин, Ё Расулуллоҳ!
Фироқ йиғлар, висол йиғлар, азал масруринг бўлмаса, Жамолинг-ла мамнун айлак, ки ёндим Ё Расулуллоҳ!
Тарих бўйича пайғамбарлар ва авлиёларга, имонга оид интилишларни чўққига чиқарган нарса ҳам инсон фитратига оид қудсий ишқни юксалтирган шуълалардир. Инсонлар бундай юксалишга маънавий муҳаббат ва Ҳақ дўстларига яқинлашиш билан эришиб, мангулик сирининг илоҳий қалам билан ёзиладиган шоҳномаларидан ўрин оладилар.
Инсон Пайғамбар (с.а.в) ва у зотга олиб борадиган Аллоҳ дўстлари билан айни тарзда ҳаёт кечириши учун пайғамбар (с.а.в) ва у зотнинг дўстларининг кўнгил дунёсидан насиба олиши ва ўзини у зотга тамоман бахшида этиши лозим бўлади.
Хожа Убайдуллоҳ Аҳрорни кутилмаганда шиддатли титроқ босади. Ёнидагилар олов ёқиб, титроққа барҳам беришга уринадилар. Шу пайт Хожа билан руҳан бирлашган бир муриди совуқ сув тўла хандаққа тушиб кетганидан, титраганча хонага киради. Дарҳол муридга қуруқ кийим бериб, иссиқ жойга ўтказадилар. Мурид исингандан кейин Хожа Убайдуллоҳ ҳазратларининг титраши ҳам ўтиб кетади.
Боязид Бистомий ҳазратлари илоҳий муҳаббатдан шу қадар таъсирланар эдики, Яратган учун яратилганлардан ҳар бирининг изтиробини ўзида ҳис қиларди. Бир кун у зотнинг кўз ўнгида бир эшакни шу қадар калтакладиларки, унинг орқасидан қон оқа бошлади. Шу пайт Боязид Бистомий ҳазратларининг болдиридан ҳам қон оқа бошлади.
Булбул сайрар экан, рўпарадаги тоғдан бошқа жойдан акс садо келмайди. Улфатимиз қанчалик бўлса, яқинлари-миз ҳам шу қадардир.
Ҳазрати Али (р.а)га бир кишининг у зотни жуда қаттиқ севишини айтишади. Ҳазрати Али: “Тўғри, мен уни севганим каби у ҳам мени севмоқдадир”, деб жавоб беради. Яъни, руҳий айният, вужудларда ўрин олган юраклардаги ишқдан бегона эмасдир.
Инсон пайғамбар (с.а.в)га нисбатан руҳий титроқ ҳис этса ва бу орқали руҳини ташқи дунёга оид бутун ҳислардан қутқара олса, у зот (с.а.в) билан бир хил ҳаёт йўлига кириши турган гап. У зотни ҳеч ким том маъноси билан таъриф қила олмаган. Яратилишини ҳам англай олмаган. Жаброил (а.с) ҳам Сидраи Мунтаҳода:
Мен сўнгги чегарадаман. Сиз давом этинг, деганлар.
Саҳобалардан ҳар бири ўз истеъдоди даражасида ўзида пайғамбар (с.а.в)нинг руҳини ҳис қиларди. Ўз важду завқ деразасидан уни томоша қила оларди. Ҳазрати Ойиша (р.а): “Расулуллоҳнинг сиймоси шу қадар порлар ва нур сочар эдики, юзи ўн тўрт кунлик ой каби
бўларди. Юзларининг ёруғлигидан кечалари игнага ип ўтказа олар эдим”, деган эдилар.

У зот (с.а.в)ни ўзида энг кўп ҳис қилган ва ҳақиқати Муҳаммадияга ноил бўлган Абу Бакр (р.а) эди. Ва у му-ҳаббат оловининг ичида, сийнасидаги куйган жигар ҳиди билан яшаб ўтди. Фахри коинот пайғамбаримиз (с.а.в) ҳам ҳаётининг сўнг дақиқаларида: “Бутун эшикларни ёпинглар. Фақат Абу Бакрнинг эшиги очиқ қолсин”, деган эканлар. Ҳазрати Мавлоно: “Икки дунё бир кўнгил учун яратилгандир. “Сен бўлмаганингда бу коинотни яратмаган бўлур эдим” ҳадисининг маъносини тушунинг”, деган эдилар.

22

КИТОБНИНГ ДАВОМИНИ CALAMEO ЁРДАМИДА ЎҚИШИНГИЗ,ПРИНТЕРДАН ЧИҚАРИШИНГИЗ ЁКИ ЮКЛАБ ОЛИШИНГИЗ МУМКИН.

(Tashriflar: umumiy 105, bugungi 1)

Izoh qoldiring