Voqif Sultonli. Xoldor mushuk

07

Онаси бир ривоятни кўп айтарди: Бир кишининг боласи йўқ экан. Эртаю кеч Яратганга дуо қилиб, фарзанд сўраркан. Ҳалиги одамнинг бир ити ва бир мушуги ҳам бор экан. Улар ҳам ўз тилларида хўжайинлари учун дуо қиларкан. Ит айтаркан: “Эй Эгам, хўжайинимга етти ўғил ато қилгин, уларнинг ҳар бири бир бурдадан нон берса, бутун умр фароғатда яшайман”. Мушук айтаркан: “Худойим, хўжайинимга еттита кўр қиз бергин, ҳар бирининг қўлидаги бир бурда нонини ўғирлаб қочсам ҳам, бир куним ўтади”.

090
Воқиф Султонли
ХОЛДОР МУШУК
Озарбойжончадан Рустам ЖАББОРОВ таржимаси
004

07Воқиф Султонли 1958 йил 26 мартда Озарбайжоннинг Курдемир туманидаги Шахсеван қишлоғида туғилган. Ўрта мактабдан кейин меҳнат фаолиятини туман электр тармоғида оддий ишчи сифатида бошлади. 1976-1981 Баку университетида тил ва адабиёт бўлимида таҳсил олди. 1984 йили «Озарбайжон драматургиясида характер проблемаси» мавзусида илмий ишини ёқлади. 1997 йили эса «Меҳмет Амин Расулзода ҳаёти ва адабий фаолияти» мавзусида докторлик ишини ҳимоя қилди. 1999 йилдан бошлаб Баку университетининг профессори.
Воқиф Султонлининг ўндан ортиқ бадиий ва ижтимоий-сиёсий мавзудаги китоблари нашр этилган. Адиб асарлари жаҳоннинг кўплаб тилларига таржима қилинган.

004

Онанинг кенжатойи қиш чилласида туғилди. Ташқарида қор гупиллаб ёғарди. Изғирин шамол ҳовлидаги қор уюмларини хирмондек совуриб, муз боғлаган дераза ойналарига пуркайди.

Гўдак чинқириғи ҳаммани сергаклантирди. Хонадаги зулмат ичида кўз-кўзни кўрмасди. Ота тимирскиланганча гугурт қидиради, аксига олиб, бу зим-зиё хонада қидирган нарсангни топиш амри маҳол.

Уй совуқ эди. Юпун кийинган болалар бир-бирининг пинжига кириб дир-дир титрашар, негадир қаттиқроқ нафас олишга ҳам журъатлари етмасди. Ниҳоят ота гугурт топиб, чироқни ёқди. Хонани чироқнинг олақоронғи, титроқ шуъласи эгаллади.

— Нега олдинроқ айтмадинг, ҳеч қурса Нозлини чақирардик, — деди Ота елкасидан тоғ ағдарилгандек, ҳали қонга беланиб ётган чақалоқни йўргакка ўраб, онанинг қўйнига соларкан.

— Қаҳратонда безовта қилгим келмади, — деди она ҳорғин нафас олиб. Аслида бунинг сабабини ўзи ҳам билмасди.

— Ўғил! — деди эр-хотин бараварига.

Ўртанча қиз ҳали нима юз берганини билмасди. Эски йўргакка ўралган чақалоқни кўргач, болаликка хос қизиқиш устун келди ва бошини кўрпадан чиқариб, бўйнини чўзди.

— Ётиб ухла! — деди онаси ожизгина жеркиб. — Вақт алламаҳал бўлди.

Қизча онасининг жаҳлини билгани учунми, ярим кечаси юз берган бу ҳодисанинг ваҳимаси сабабми, ҳар қалай овозини чиқармади.

Тун ярмидан оққан, шамол борган сари кучаярди. Ота оҳиста ташқари чиқди ва зум ўтмай бир қучоқ ўтин кўтариб кирди. Бироздан сўнг чўян печда ўт гуриллади. Бир зумда тор уй исиб, кир босган дераза ойналари терлади.

Сарпойчан болаларнинг бари уй­ғонган, ҳаммаси қизиқиш билан онаси тарафга қараб туришарди. Отанинг бир дағдағаси билан яна ҳаммаси кўрпага бурканиб олди. Болалар ўринга кириб олишса-да, ҳеч бирининг ётгиси келмас, қўрқув аралаш қизиқиш уларга тинчлик бермасди.

Ота бурчакдан элакни олиб, ёғоч идишга ун элашга тушди. Болалар отасининг ун элашини биринчи бор кўриб туришар, улар шу чоққача ун элаш хотинларнинг иши деб билишарди. Ун элаётган эркакнинг гавдаси беўхшов тарзда силкинар, унга монанд тарзда девордаги сояси ҳам ваҳимали тебранарди.

Кейин ота печ устидаги қозончада атала пиширишга тушди. Болалар отасининг овқат пиширишини қизиқиш билан кузатишарди. Ота аталадан бир қошиқ хотинига ичиргач, печга бир парча ўтин тиқиб, ўрнига кирди.

…Эрталаб болалар уйқудан кўзини очганида, кун пешинга бориб қолганди. Ҳамма ёқни оппоқ қор босибди. Она кўрпа ичида тирсагини ёстиққа тираганича, деразадан кўз узмай ётарди. Юз-кўзларида безовталик акс этарди. Болалар ўрнидан туриши билан катта қизига қараб, печнинг тагини кўрсатди:

— Анави ифлосни йўқот, — деди ва бироз тўхтаб, қўшиб қўйди. — Буниям топган вақтини-чи?

Қиз печкага яқинлашди. Холдор мушук туғибди. Тўртта мушуквачча бир-бирига шу қадар ёпишиб турардики, уларни битта жон деб ўйлаш мумкин эди. Жониворларнинг ҳали кўзи ҳам очилмаганди.

Она мушукни ёқтирмасди. Холдорни ҳам ноилож уйга киритишганди. Чунки, кейинги пайтларда сичқонлар кун бермай қўйишганди.

Онаси бир ривоятни кўп айтарди: Бир кишининг боласи йўқ экан. Эртаю кеч Яратганга дуо қилиб, фарзанд сўраркан. Ҳалиги одамнинг бир ити ва бир мушуги ҳам бор экан. Улар ҳам ўз тилларида хўжайинлари учун дуо қиларкан. Ит айтаркан: “Эй Эгам, хўжайинимга етти ўғил ато қилгин, уларнинг ҳар бири бир бурдадан нон берса, бутун умр фароғатда яшайман”. Мушук айтаркан: “Худойим, хўжайинимга еттита кўр қиз бергин, ҳар бирининг қўлидаги бир бурда нонини ўғирлаб қочсам ҳам, бир куним ўтади”.

Бу шунчаки афсонами, ҳақиқатми, ўзи ҳам фарқига бормаса-да, шу ривоят онгига муҳрланган кундан бери мушук зотини кўрарга кўзи йўқ эди.

Қиз бир сўз демай, мушук болаларини тўрвага солиб, молхона тарафга кетди. Агар мушукваччаларни ҳовлида қолдирса, музлаб ўлишлари аниқ. Ҳамма ёқ оппоқ қорга беланган. Молхона бурчагидаги сомон уюми ўртасидан жой очиб, мушукчаларни ўша ерга авайлаб терди. Холдор мушук миёвлаганча қизнинг ортидан келарди. Қиз кун бўйи мушукларнинг бошидан нари кетмади. Ҳар-ҳар замонда онасининг кўзини шамғалат қилиб, она мушукка нон, гўшт келтириб турди. Мушукчаларнинг таги иссиқроқ бўлиши учун эски шолча келтириб тўшади.

Шу куни ота ишдан эрта қайтди. Қўлтиғида мева-чева, қанд-қурс, ҳар хил совға-саломлар билан тўла қоғоз халта бор эди. Отанинг кўзлари қувонч­дан порлаб турарди. Бу кўзлар бир неча йилдан бери энди кулмоқда эди. Ҳатто пешонасидаги ажинлар ҳам йўқолган, кўзларидаги нигоронлик эриб битган, ахир у ўғилли бўлганди. Тўрт қиздан кейин. Она ҳам кулиб турар, юзларида бахт ифодаси балқирди.

Ота айвонда мириқиб папирос тутатди. Ўғилни хотини эмас, худди ўзи туққандек, атрофга алланечук кибр ва ифтихор билан боқди. Кейин уйга кириб, гўдакни қучоғига олди, юзини очиб, боласининг митти юз-кўзларига тикилиб қолди.

— Яхши ўғил тоғасига ўхшайди, дейишган, — деди. — Худди ўзи бўлибди, бир туки кам эмас.

Кечаси эр-хотин анча пайт пичирлашиб ётишди. Ота олдингидек қўпол, асабий овозда гапирмас, бола туғилганидан бери мулойимлашиб қолганди.

Она:

— Мушук ўлгурнинг туққан пайтини қаранг, — деди, — ишқилиб болаларга бир касри урмасин дейман.

— Э-е, — деди эри. — Намунча иримчи бўлмасанг?

Эрталаб катта қиз онасининг овозидан чўчиб уйғонди. Кўзларини иш­қалаб печ томонга қаради. Холдор мушукнинг болалари печканинг тагида ётишарди. Қизиқ, мушук болаларини бу қаҳратонда қандай қилиб молхонадан бу ёққа олиб келдийкин? Уйга қай йўл билан кирдийкин? Мушукка раҳми келди. Онасига айтмоқчи бўлдики…

— Манави исқиртларни қорга улоқтир! — деди она хийла ижирғаниб.

Қизнинг кўзлари мўлтиради, аммо бирор нима деёлмади. Яна мушукваччаларни тўрвага солди, молхонанинг тўрида ўзи ясаб берган сомон уйча ичига жойлади. Уларни бироз ўйнатган бўлди-да, онасидан яширинча, бироз нон олиш учун уйга қайтди. Онаси шу онда унга ўтин келтириб, печни ёқишни буюрди. Айтилган ишни бажариб бўлгач, бир бўлак нон олиб, мушукларнинг ёнига югурди.

Ичкарига кириши билан даҳшатдан донг қотди. Холдор мушук… ўз болаларини еяётганди. Қиз жон ҳолатда бир четда турган ёғоч парчасини мушукка қараб отди. Холдор мушукнинг думи диккайди. Тукларини ҳурпайтириб, ваҳшиёна ғуриллади. Қиз мушукнинг қонга беланган юз-кўзларини кўриб, юраги ёрилгудек бўлди ва ўзини ташқарига урди.

— Ойи, ойи, қаранг, Холдор болаларини еб қўйяпти.

Она сапчиб тушди. Чақалоқ ҳам уйғониб кетдими, йиғлашга тушди. Она боласини овутиш учун қучоғига олди. Қиз онасини кутмасдан, яна молхонага югурди.

Холдор мушук уч боласини еб битирганди. Қиз қўлига илинган ғишт парчасини мушукка қараб отди. ўишт мушукнинг ёнидан ўтиб, молхона бурчагига бориб тушди. Мушук охирги боласини тишлаб, кўз очиб юмгунча молхонанинг томига чиқиб кетди.

…Ўша кундан Холдор мушук уйга келмай қўйди. Она қилган ишидан пушаймон бўлса-да, буни сиртига чиқармасди.

Қизлар эртаю кеч укаларининг бошидан нари кетишмас, чақалоқнинг тепасида парвона эдилар. Она кўз тегмасин дея ўғлининг жажжи қўлчасига кўзмунчоқ тақди. Уйига биров келгудек бўлса, боласига назари тегмаслиги учун кийимидан тутантириқ юлиб олар, болам қўрқиб чиқмасин дея, ёстиғи остига нон тиқарди.

Холдор мушук бора-бора ҳамманинг ёдидан кўтарила бошлади.

Бир куни эрталаб, она молларга сув бериб чиқаркан, катта қизини чақирди. Қиз отасининг этигини оёғига илиб, ҳовлига чиқди.

— Холдоринг кепти, сомонтўданинг устида ётибди.

Қиз суюнди. Тиззасидан келадиган этикларни судраганча, молхонага кирди. Ичкари қоп-қоронғи эди. Деворларни пайпаслаб сомон уюми тарафга юрди. Секин-аста кўзлари қорон­ғиликка кўника бошлади. Сомон уюми олдига борганида бирдан қотиб қолди. Холдор мушук сомон уюми орасида, болалари учун қиз ясаб берган уйчанинг ичида ғужанак бўлганча… ўлиб ётарди. Қиз ҳўнграб юборди.

Энтика-энтика ҳовлига чиқди. Кўз-ёшдан ивиган юзлари совуқда муз қота бошлади. Изғирин шамол бўғотда осилиб ётган сумалакларни синдириб тўкарди.

077

Voqif Sultonli
XOLDOR MUSHUK
Ozarboyjonchadan Rustam JABBOROV tarjimasi
004

Voqif Sultonli 1958 yil 26 martda Ozarbayjonning Kurdemir tumanidagi Shaxsevan qishlog’ida tug’ilgan. O’rta maktabdan keyin mehnat faoliyatini tuman elektr tarmog’ida oddiy ishchi sifatida boshladi. 1976-1981 Baku universitetida til va adabiyot bo’limida tahsil oldi. 1984 yili «Ozarbayjon dramaturgiyasida xarakter problemasi» mavzusida ilmiy ishini yoqladi. 1997 yili esa «Mehmet Amin Rasulzoda hayoti va adabiy faoliyati» mavzusida doktorlik ishini himoya qildi. 1999 yildan boshlab Baku universitetining professori.
Voqif Sultonlining o’ndan ortiq badiiy va ijtimoiy-siyosiy mavzudagi kitoblari nashr etilgan. Adib asarlari jahonning ko’plab tillariga tarjima qilingan.

004

Onaning kenjatoyi qish chillasida tug’ildi. Tashqarida qor gupillab yog’ardi. Izg’irin shamol hovlidagi qor uyumlarini xirmondek sovurib, muz bog’lagan deraza oynalariga purkaydi.

Go’dak chinqirig’i hammani sergaklantirdi. Xonadagi zulmat ichida ko’z-ko’zni ko’rmasdi. Ota timirskilangancha gugurt qidiradi, aksiga olib, bu zim-ziyo xonada qidirgan narsangni topish amri mahol.

Uy sovuq edi. Yupun kiyingan bolalar bir-birining pinjiga kirib dir-dir titrashar, negadir qattiqroq nafas olishga ham jur’atlari yetmasdi. Nihoyat ota gugurt topib, chiroqni yoqdi. Xonani chiroqning olaqorong’i, titroq shu’lasi egalladi.

— Nega oldinroq aytmading, hech qursa Nozlini chaqirardik, — dedi Ota yelkasidan tog’ ag’darilgandek, hali qonga belanib yotgan chaqaloqni yo’rgakka o’rab, onaning qo’yniga solarkan.

— Qahratonda bezovta qilgim kelmadi, — dedi ona horg’in nafas olib. Aslida buning sababini o’zi ham bilmasdi.

— O’g’il! — dedi er-xotin baravariga.

O’rtancha qiz hali nima yuz berganini bilmasdi. Eski yo’rgakka o’ralgan chaqaloqni ko’rgach, bolalikka xos qiziqish ustun keldi va boshini ko’rpadan chiqarib, bo’ynini cho’zdi.

— Yotib uxla! — dedi onasi ojizgina jerkib. — Vaqt allamahal bo’ldi.

Qizcha onasining jahlini bilgani uchunmi, yarim kechasi yuz bergan bu hodisaning vahimasi sababmi, har qalay ovozini chiqarmadi.

Tun yarmidan oqqan, shamol borgan sari kuchayardi. Ota ohista tashqari chiqdi va zum o’tmay bir quchoq o’tin ko’tarib kirdi. Birozdan so’ng cho’yan pechda o’t gurilladi. Bir zumda tor uy isib, kir bosgan deraza oynalari terladi.

Sarpoychan bolalarning bari uy­g’ongan, hammasi qiziqish bilan onasi tarafga qarab turishardi. Otaning bir dag’dag’asi bilan yana hammasi ko’rpaga burkanib oldi. Bolalar o’ringa kirib olishsa-da, hech birining yotgisi kelmas, qo’rquv aralash qiziqish ularga tinchlik bermasdi.

Ota burchakdan elakni olib, yog’och idishga un elashga tushdi. Bolalar otasining un elashini birinchi bor ko’rib turishar, ular shu choqqacha un elash xotinlarning ishi deb bilishardi. Un elayotgan erkakning gavdasi beo’xshov tarzda silkinar, unga monand tarzda devordagi soyasi ham vahimali tebranardi.

Keyin ota pech ustidagi qozonchada atala pishirishga tushdi. Bolalar otasining ovqat pishirishini qiziqish bilan kuzatishardi. Ota ataladan bir qoshiq xotiniga ichirgach, pechga bir parcha o’tin tiqib, o’rniga kirdi.

…Ertalab bolalar uyqudan ko’zini ochganida, kun peshinga borib qolgandi. Hamma yoqni oppoq qor bosibdi. Ona ko’rpa ichida tirsagini yostiqqa tiraganicha, derazadan ko’z uzmay yotardi. Yuz-ko’zlarida bezovtalik aks etardi. Bolalar o’rnidan turishi bilan katta qiziga qarab, pechning tagini ko’rsatdi:

— Anavi iflosni yo’qot, — dedi va biroz to’xtab, qo’shib qo’ydi. — Buniyam topgan vaqtini-chi?

Qiz pechkaga yaqinlashdi. Xoldor mushuk tug’ibdi. To’rtta mushukvachcha bir-biriga shu qadar yopishib turardiki, ularni bitta jon deb o’ylash mumkin edi. Jonivorlarning hali ko’zi ham ochilmagandi.

Ona mushukni yoqtirmasdi. Xoldorni ham noiloj uyga kiritishgandi. Chunki, keyingi paytlarda sichqonlar kun bermay qo’yishgandi.

Onasi bir rivoyatni ko’p aytardi: Bir kishining bolasi yo’q ekan. Ertayu kech Yaratganga duo qilib, farzand so’rarkan. Haligi odamning bir iti va bir mushugi ham bor ekan. Ular ham o’z tillarida xo’jayinlari uchun duo qilarkan. It aytarkan: “Ey Egam, xo’jayinimga yetti o’g’il ato qilgin, ularning har biri bir burdadan non bersa, butun umr farog’atda yashayman”. Mushuk aytarkan: “Xudoyim, xo’jayinimga yettita ko’r qiz bergin, har birining qo’lidagi bir burda nonini o’g’irlab qochsam ham, bir kunim o’tadi”.

Bu shunchaki afsonami, haqiqatmi, o’zi ham farqiga bormasa-da, shu rivoyat ongiga muhrlangan kundan beri mushuk zotini ko’rarga ko’zi yo’q edi.

Qiz bir so’z demay, mushuk bolalarini to’rvaga solib, molxona tarafga ketdi. Agar mushukvachchalarni hovlida qoldirsa, muzlab o’lishlari aniq. Hamma yoq oppoq qorga belangan. Molxona burchagidagi somon uyumi o’rtasidan joy ochib, mushukchalarni o’sha yerga avaylab terdi. Xoldor mushuk miyovlagancha qizning ortidan kelardi. Qiz kun bo’yi mushuklarning boshidan nari ketmadi. Har-har zamonda onasining ko’zini shamg’alat qilib, ona mushukka non, go’sht keltirib turdi. Mushukchalarning tagi issiqroq bo’lishi uchun eski sholcha keltirib to’shadi.

Shu kuni ota ishdan erta qaytdi. Qo’ltig’ida meva-cheva, qand-qurs, har xil sovg’a-salomlar bilan to’la qog’oz xalta bor edi. Otaning ko’zlari quvonch­dan porlab turardi. Bu ko’zlar bir necha yildan beri endi kulmoqda edi. Hatto peshonasidagi ajinlar ham yo’qolgan, ko’zlaridagi nigoronlik erib bitgan, axir u o’g’illi bo’lgandi. To’rt qizdan keyin. Ona ham kulib turar, yuzlarida baxt ifodasi balqirdi.

Ota ayvonda miriqib papiros tutatdi. O’g’ilni xotini emas, xuddi o’zi tuqqandek, atrofga allanechuk kibr va iftixor bilan boqdi. Keyin uyga kirib, go’dakni quchog’iga oldi, yuzini ochib, bolasining mitti yuz-ko’zlariga tikilib qoldi.

— Yaxshi o’g’il tog’asiga o’xshaydi, deyishgan, — dedi. — Xuddi o’zi bo’libdi, bir tuki kam emas.

Kechasi er-xotin ancha payt pichirlashib yotishdi. Ota oldingidek qo’pol, asabiy ovozda gapirmas, bola tug’ilganidan beri muloyimlashib qolgandi.

Ona:

— Mushuk o’lgurning tuqqan paytini qarang, — dedi, — ishqilib bolalarga bir kasri urmasin deyman.

— E-ye, — dedi eri. — Namuncha irimchi bo’lmasang?

Ertalab katta qiz onasining ovozidan cho’chib uyg’ondi. Ko’zlarini ish­qalab pech tomonga qaradi. Xoldor mushukning bolalari pechkaning tagida yotishardi. Qiziq, mushuk bolalarini bu qahratonda qanday qilib molxonadan bu yoqqa olib keldiykin? Uyga qay yo’l bilan kirdiykin? Mushukka rahmi keldi. Onasiga aytmoqchi bo’ldiki…

— Manavi isqirtlarni qorga uloqtir! — dedi ona xiyla ijirg’anib.

Qizning ko’zlari mo’ltiradi, ammo biror nima deyolmadi. Yana mushukvachchalarni to’rvaga soldi, molxonaning to’rida o’zi yasab bergan somon uycha ichiga joyladi. Ularni biroz o’ynatgan bo’ldi-da, onasidan yashirincha, biroz non olish uchun uyga qaytdi. Onasi shu onda unga o’tin keltirib, pechni yoqishni buyurdi. Aytilgan ishni bajarib bo’lgach, bir bo’lak non olib, mushuklarning yoniga yugurdi.

Ichkariga kirishi bilan dahshatdan dong qotdi. Xoldor mushuk… o’z bolalarini yeyayotgandi. Qiz jon holatda bir chetda turgan yog’och parchasini mushukka qarab otdi. Xoldor mushukning dumi dikkaydi. Tuklarini hurpaytirib, vahshiyona g’urilladi. Qiz mushukning qonga belangan yuz-ko’zlarini ko’rib, yuragi yorilgudek bo’ldi va o’zini tashqariga urdi.

— Oyi, oyi, qarang, Xoldor bolalarini yeb qo’yyapti.

Ona sapchib tushdi. Chaqaloq ham uyg’onib ketdimi, yig’lashga tushdi. Ona bolasini ovutish uchun quchog’iga oldi. Qiz onasini kutmasdan, yana molxonaga yugurdi.

Xoldor mushuk uch bolasini yeb bitirgandi. Qiz qo’liga ilingan g’isht parchasini mushukka qarab otdi. o’isht mushukning yonidan o’tib, molxona burchagiga borib tushdi. Mushuk oxirgi bolasini tishlab, ko’z ochib yumguncha molxonaning tomiga chiqib ketdi.

…O’sha kundan Xoldor mushuk uyga kelmay qo’ydi. Ona qilgan ishidan pushaymon bo’lsa-da, buni sirtiga chiqarmasdi.

Qizlar ertayu kech ukalarining boshidan nari ketishmas, chaqaloqning tepasida parvona edilar. Ona ko’z tegmasin deya o’g’lining jajji qo’lchasiga ko’zmunchoq taqdi. Uyiga birov kelgudek bo’lsa, bolasiga nazari tegmasligi uchun kiyimidan tutantiriq yulib olar, bolam qo’rqib chiqmasin deya, yostig’i ostiga non tiqardi.

Xoldor mushuk bora-bora hammaning yodidan ko’tarila boshladi.

Bir kuni ertalab, ona mollarga suv berib chiqarkan, katta qizini chaqirdi. Qiz otasining etigini oyog’iga ilib, hovliga chiqdi.

— Xoldoring kepti, somonto’daning ustida yotibdi.

Qiz suyundi. Tizzasidan keladigan etiklarni sudragancha, molxonaga kirdi. Ichkari qop-qorong’i edi. Devorlarni paypaslab somon uyumi tarafga yurdi. Sekin-asta ko’zlari qoron­g’ilikka ko’nika boshladi. Somon uyumi oldiga borganida birdan qotib qoldi. Xoldor mushuk somon uyumi orasida, bolalari uchun qiz yasab bergan uychaning ichida g’ujanak bo’lgancha… o’lib yotardi. Qiz ho’ngrab yubordi.

Entika-entika hovliga chiqdi. Ko’z-yoshdan ivigan yuzlari sovuqda muz qota boshladi. Izg’irin shamol bo’g’otda osilib yotgan sumalaklarni sindirib to’kardi.

077

(Tashriflar: umumiy 153, bugungi 1)

Izoh qoldiring