Asqad Muxtor. Jinni

0111
Асқад аканинг мўъжазгина «Жинни» ҳикояси шу маънода кўпчиликнинг эътиборига тушди. Умри мактабда ўқитувчилик қилиб ўтган Ҳалим домла қариган чоғида ғаройиб «касаллик»ка чалинади: у сўз йиғиш дардига гирифтор бўлади! Домланинг фалсафаси оддий — муомаладан чиқиб бораётган, чиқиш хавфи бўлган, дейлик, қарға, арава… сингари атамалар изоҳини ёзиб «Эзгу китоб» қилиб қўйилмаса, эрта-бириси кун улар унутилади. Кундалик турмушда ишлатилиб турмаган сўзлар ёддан кўтарилади, атамалар, сўзлар тафаккур «қозони«дан четга сурилади-қолади. Сўзлардан воз кечиш эса, фикрсизликка, ақл кемтиклигига, фикр чўғининг сўнишига олиб келади. Ҳалим домла шундан ташвишда!
Маданиятли, маърифатли кишининг оддий фалсафасидан келиб чиқаётган улкан ҳикматни сезаяпсизми?! (Хуршид Дўстмуҳаммаднинг «Фикр шоирининг ҳикоялари» мақоласидан).

022
Асқад Мухтор
ЖИННИ
045

Саидумарни олти-етти йилдан бери кўрганим йўқ эди. Кабобхонада бир ярим соатча ўтириб, мириқиб гаплашдик. Мактабдошлардан бири қизини узатнбди, бирининг ўғли аскардан қайтибди, фалончи бобо, жойи жаннатдан бўлгур, ўтган йили кузда том босиб қазо қилибди, фалончи келинойи бўлса икки боласининг устига… Ишқилиб, бир дунё хабар, нақ бориб келгандай бўлдим қишлоққа. Яхши-ёмон танишлар қатори, Ҳалим домлани сўраб қолдим.
— … домла чатоқ…— деди Саидумар кабоб чакнаб туриб.
— Ҳа, нима, касалми?
— Ундан баттар.
— Йўғ-е, нима… қамоқдами?
— Йўқ… кошкийди.

Гарангсиб, Саидумарга тикилиб қолдим. Ҳалим домла энг яхши муаллимимиз эди, ижтимоиятдан. Кўз ўнгимга келтирдки: энди саксонларга боргандир, нима бўлиши мумкин?
— Тирикми, ишқилиб домла, гапирсанг-чи, мужмал қилмай!— деди тоқатсизланиб.
— Кирди-чиқди бўлиб қолган домла,— деди Саидумар, кўрсаткич бармоғини чаккасига бигиз қилиб.
— Қўйсанг-чи… жинними?
У ғамгин бош ирғади.
Мен жиддий қабул қилмадим бу гапни, ишонмадим очиғи. Бунга ишониш қийин, ниҳоятда эсли, соғлом, эқтиёткор одам эди. Ҳайтовур… қариганда нималар бўлмайди.
— Нимадан иборат… жиннилиги? Нималар қилади?
— Нима қиларди… ғирт, шўринг қурғур.
— Иўқ, менга қара, аниқроқ гапир, балки тушунмагандирсанлар уни… Ахир, улар…—«улар» дедиму, дом-лагН хиёнат қилаётгандек ўзимдан ғазабланиб, анчагача асабийлашиб жим ўтирдим. Руҳий касаллар ҳақида ўқиганларим ёдимга тушди:— ҳар хил бўлишади: бири Наполеонман, деб даъво қилади, бири…
— Ҳа, ҳа, бунинг ҳам даъвоси зўр — ёзувчиман, дейди. Ёзгани-ёзган.
— Нимани ёзади?
— Ҳар балони, жиннининг гапи-да, нима бўларди, қалин-қалин дафтарларни тўлғизиб ташлаган.
— Ўзинг ўқиб кўрдингми?
— Кўрдим-да.
— Хўш?
— Масалан, қарға ҳақида… велосипед ҳақида…
— Нима дебди… қарға ҳақида?
Саидумар кулиб юборди:
— Қарға… тумшуғи фалон сантиметр. Кузда жанубдан учиб келади, Қаноти… э, қўйинг-чи, ҳамма билади-ган шундай гапларни дафтар-дафтар қилиб… жинни-нинг иши-да.
— Велосипед-чи?
— Эгари уч бурчак, иккита ғилдираги бўлади. Резинкадан. Резинка эса… ҳай, жинни бўлса ҳам биладивей: Масалан, сен резинканинг нимадан бўлишини биласанми? Йўқ, у билади. Ғафур Ғулом ҳазиллашарди: фалончи ширингина жинни бўпти, деб. Бу ҳам эслигина жинни бўлган.— Саидумар лабларини артиб, селкиллаб кулди.— Кўринишдан бинойидай, қилган ишлари бўлса… Ахир, ўрик ҳақида бутун бир дафтар-а! Ўзимизнинг оддий ўрик ҳақида. Довчалигида болалар талашиб ейдн эмиш. Июн бошида пишади, ичида данаги бор, чақнб мағзини ейилади, мағзида ёғ бор. Қуритиб, туршак қилиш. Ҳоказо. Ким билмайди буни! Кимга керак, айтинг! Балки, чукчалар, эскимослар учундир!— яна тебраниб кулди Саидумар.— Қисқаси… домла бечора чатоқ.
Турдик. Саидумарнинг домламиз аҳволига бепарволиги менга ёқмади. Шунақа ҳам бўладими! «Ишқилиб» «қисқаси»… Масхараомуз гаплар. Шундай фожеа- ҳақида-я!
Йўқ, мен домлани бориб кўришим керак. Эртасигаёқ қишлоққа жўнадим.
Ҳалим домланинг ҳовлисида деярли ҳеч нарса ўзгармабди. Чойхонадай кенг айвон. Уй орқаси молқўра, сувсизликдан қуриб ётган ўрикзор. Биз болалигимизда домлага қарашиб, томга ғўзапоя ғарамлар, чипта қопга тезак қоплаб, ўчоқ бошидаги бостирмага ғамлаб қўяр эдик. Шунча йил ўтишига қарамай, ҳали ҳам ҳаммаси ўша-ўша. Ҳалим домла бўлса сира қаримабди, ажабо, саксондан ошган одам… юзлари қип-қизил, ўзи жонсарак, серҳаракат… Тавба дейишим керак, калламга бир фикр келди: телбанинг мияси ишламайди-да, нимага ҳам қарисин: демак, Саидумарнинг гапида жон…
Домла мени жуда ҳурсандчилик билан кутиб олди, қаёққа ўтқазишни билмайди: «ёзувчи ўғлим… ёзувчи иним!..» Назаримда, шошиб ҳам қолди. Мен ўз ўйимдан хижолатману, лекин домлани ҳамон зимдан кузатаман…
Йўқ, домла туппа-тузук гаплар гапираяпти. Бола-чақаларимни суриштирди, ёзганларимни ўқиб турар экан — хурсандчилигини айтди. Мен эса, ўз шубҳаларимда ўзимни ноқулай сезиб, гапимни йўқотиб ўтирибману, ҳамон синамоқ бўлиб, савол қидираман: нима десам нима деркан? Унга ўзим жинни бўлиб кўринмасам эдим.
Домла камтаргина дастурхон тузади, мен бир вақтлардагидай, унга қарашган бўлдим — бу уйда ҳамма нарсанинг жойини билар эдим. Айвоннинг поли — ер, бўйра устида намат ташланган, хонтахта ёнида зски кўрпача, шу ерда ўтириб бир пиёла чой ичдик.
— Домла, сиз ҳам… ёзар эмишсиз, деб эшитднм.
— Ҳа, бизнинг ёзишлар энди…— деб камтарона жилмайди,— бизнинг ёзишлар бошқача. Кўп ёзаман, аммо-лекпн. Ана…
Домла китоб жавони қатидаги токчани кўрсатди. У ерда ўнлаб қалин дафтарлар тахлағлиқ эди. Саидумарнинг гапи ёдимга тушди: «Ёзгани-ёзган. Қалин-қалин дафтарларни тўлғазиб ташлаган… Ақллигина жннни….»
— Бир кўрсам майлими?— дедим чойдан кейин ўрнимдан туриб.
— Сен албатта кўришинг керак,— деди домла, назаримда, қувониб кетди. «Ёзганларини ҳеч ким сўраб ўқимаса керак-да», деб ўйладим ичимда.
Дафтарлардан бирини олиб варақладим. Чиндан ҳам, ҳамма саҳифалар тўлатиб, ҳафсала билан ёзилган эди. Бошқа дафтарларни ҳам олиб, очиб кўрдим, улар ҳам шундай. Тиғиз, пухта ёзув билан тўла.
— Буларнинг ҳаммаси… битта асар бўладими?
— Битта китоб… бўлиши керак. «Eзгу китоб».
— «Eзгу китоб?» Номи шунақами?
— Ҳа, ҳозирча, тахминан. Аммо, билиб қўй, бу адабий асар эмас. Асло! Бадиийликка даъво қиладиган жинни эмасман.
Баданим жимирлаб кетди: наҳотки, ўзи ҳам тушунса? «Eзгу китоб» эмиш… Эзгу китоблар ёзилиб бўлган, улар асрлардан буён яшаб келаяпти. Буни тушунмайдиган одам…
Дастлаб биринчи дафтардаги сарлавҳаларга кўзим тушди: «Зиғир», «Паровоз», «Даллол», «Чумчуқ», «Безак», «Носвой»… И-е, бири тоғдан, бири боғдан-ку? Домлага қараб қўйдим. Қарашимда қандайдир шубҳани пайқади, шекилли, зўр бериб тушунтира бошлади:
— Бу мавзулар кейин соҳасига қараб, алфавити би-лан тартибга солинади: табиат, техника, ижтимоиёт, сиёсат, ашёлар, жисмлар, мавҳум тушунчалар…
— Луғатми? Луғатлар, қомуслар бор-ку? Домла ўйчан жилмайди.
— Сен ҳам мени барча луғату қомусларни қайта ёзиб чиқишга аҳд қилган жинни экан, деб ўйлаётган бўлмагин тағин, ёзувчи иним… Бу китобда нарсаларнинг, ашёларнинг, ҳайвонларнинг оддий ва батафсил таърифлари бўлади.
Кўриб турибман… Мана, арава. Мана, қурбақа… унга ярим дафтар таъриф. Ҳақиқатан ҳам оддий…
— Ҳатто жўн.
— Ҳа… Ҳам кенг таъриф. Кечирасиз, сизни жинни деб ўйлаш хаёлимга ҳам келгани йўқ. Бу — узоқ авлодлар учун бўлса керак, ҳойнаҳой?
— Узоқ, жуда узоқ авлодлар учун,— деди домла тетикланиб.— Узр, мен сени баъзиларга ўхшатмоқчи эмас эдим, қайтага мени тушунишингга аминман. Биласан, дунёда ҳеч нарса абадий змас. Фақат сўз, ёзув узоқ яшайди… Сўз, ёзув бўлмаганда биз; масалан, қадим дунё қиёфаси ҳақида тасаввурга ҳам эга бўлмасдик.
— Қадим юнон эпослари…
— Баракалла!
— Лекин, домла… Мана, чунончи, эшак… Унга ярим дафтар бағишлабсиз…
Ҳалим домла жилмайиб, нималарнидир эслади чоғи, дам ўтиб, давом этди:
— Буни… Хрушчев даврида, ёдингдами, бу жониворларга қирон келиб… ҳамма қўрасидан даштга, саҳрога ҳайдавориб, жуда хор қилишганди. Ўша кунлари ёзганман. Биласанми, иним, ер юзида мамонтлар яшаган вақтда бир сенга ўхшаган азамат қаламкаш ҳафсала қилиб, уларнинг таърифини қоғозга туширганда эди…
— У замонлар қоғоз, ёзув бўлмаган-да.
— Ҳозир эса бор! Мамонт таърифи ёзилмагани учун ҳозир олимлар унинг бнр суяги топилса катта китоб ёзишаяпти. Ўз тахминлари учун фан доктори унвоннни олишаяпти. Иложи бор экан, дунёда авлодлар учун ҳар нарсанинг таърифи қолиши керак, деб ўйлайман. Мана ҳозирги ёшларнинг ҳаммаси ҳам Қўқон араванинг қандай бўлганлигини билавермайди. Минг йил ўтиб, ҳозирги «Жигули»нинг қандайлигини ким биларкан, айтоласанми?
— Ҳа, минг йилда кўп нарса ўзгаради, кўп нарса изсиз йўқолиб кўп янгиликлар…
— Минг йилни айтасан, ёзувчи иним. Мана «Қорақалпоқ қиссаси» деган китобинг бор-а?
— Ҳа.
— Ўшани ёзганингга неча йил бўлди?
— 25-30 йил бўлгандир.
— Ана! Унда сен Мўйноқ кўчаларида туриб денгиз, тўлқинлари, чағалай галалари, теплоход гудоклари ҳа-қида гапирасан. Қўнғиротдан бошланган қамишзорлар, туташ кўллар, жинғил чакалаклари, тўқайлардан ўтадиган кеча йўллари ҳақида ёзасан. Шу кунда Қўнғирот, Мўйноқ болалари юз километр нарида денгиз, ҳатто денгиз ҳам эмас, шўр ботқоқлар борлигини эшитибгина биладилар! Қиссангни ўқиб ҳайрон бўладилар. Баъзан арзимаган бир нарсанинг таърифи бутун бир тарихий-маданий қатламни қайта очиш учун калит бўлиши мумкин. Магнит лентаси, микротека, компютер даври ке-лаяпти. Бола «перо» нима деб сўрайди. Ғоз пати билан доҳиёна китоблар битилган замонлар унинг учун эртак.
— Сизнинг режангизга кўра… бутун борлиқни таърифлаб, чиқиш керак… бу, кечираснз, эртакдан баттар, утопия-ку, домла?
— Буни жиннилик деб баҳоламаганингга ҳурсандман. Утопия эса, то амалга ошмагунчагина утопия бўлади.
— Буни биздан кейин ҳам кимлардир давом эттирар, демоқчисиз?
— Худди шундай. Энг муҳими — бошлаш. Кейин бориб…. балки шу билан махсус шуғулланадиган уюшма, эҳтимол, бутун бир академия пайдо бўлар…
Бунга мен ўзим ҳам қизиқиб қолиб, суҳбатни мароқ билан қувватлай бошладим.
— Домла… Назаримда, бу ишнинг бир қисми бажарилган ҳам, барча тиллардаги сўзликлар, қомуслар… уларни бир жойга тўплаш… ё «Eзгу китоб»га қўшиш, жамлаш…
— Балли!..
— Лекин, домла…— ахир тиллар ҳам бориб-бориб ўзгаради, йўқолиб кетади. «Ўлик тиллар» деган тушунча бор.
— Гап шунда-да…— Ҳалим домла ўйга толди. Умидсиз, асабий… назаримда, сал… жиннироқ ҳам бўлиб кўринди.— Гап шунда-да… Одамнинг ўзи йўқолиб кетмасдан бурун қилиш керак буни…

1993

08

(Tashriflar: umumiy 72, bugungi 1)

Izoh qoldiring