Xurshid Do’stmuhammad. Najot muhabbatdami yo … nafratda?

084
Умр — синов. Синов кўчалари нотекис. Ноаён. Улар одамни гоҳ фароғат боғларининг нашъу намосига тўйдиради, гоҳ уқубат саҳросида сарсону саргардон қилади. Ҳар икки ҳолатда ҳам инсоннинг сабри, нафси, тоқати имтиҳондан ўтади.
Жонзот борки, яхшироқ ва осонроқ яшаш илинжида нафас олади. Ҳайвоннинг ҳайвонлиги ниманинг эвазига нафсини қондираётганини ўйламаслиги, бу ҳақда мулоҳаза юрита олмаслиги билан белгиланади. Йиртқичлик ақидаси — на туғишганни билиш, на қавмнинг, на ўзгалар ҳақининг фарқига бориш, зеро, ўлжа олинса, ғажилса бас!

021
Хуршид Дўстмуҳаммад
НАЖОТ МУҲАББАТДАМИ Ё … НАФРАТДА?

Улкан истеъдод соҳиблари — япон Акутагава Рюноскэ (1892-1927) ва ўзбек Ғафур Ғулом (1903-1966) қаламига мансуб икки ҳикоя ўқувчини айни шу хусусда ўй-мулоҳазаларга ундайди.

Умр — синов. Синов кўчалари нотекис. Ноаён. Улар одамни гоҳ фароғат боғларининг нашъу намосига тўйдиради, гоҳ уқубат саҳросида сарсону саргардон қилади. Ҳар икки ҳолатда ҳам инсоннинг сабри, нафси, тоқати имтиҳондан ўтади.
Жонзот борки, яхшироқ ва осонроқ яшаш илинжида нафас олади. Ҳайвоннинг ҳайвонлиги ниманинг эвазига нафсини қондираётганини ўйламаслиги, бу ҳақда мулоҳаза юрита олмаслиги билан белгиланади. Йиртқичлик ақидаси — на туғишганни билиш, на қавмнинг, на ўзгалар ҳақининг фарқига бориш, зеро, ўлжа олинса, ғажилса бас! Ғафур Ғулом:
— Ҳа-ҳув дегунча бу кунлар ҳам унут бўлиб кетади.
Бундай майл моҳиятан инсон учун ҳам бегона эмас. У ҳам тирик жон. У ҳам ўзи, оиласи тўқроқ, фаровонроқ яшашини кўзлаб тиним билмайди. Ўзини ўтга, чўққа уради. Ҳаловот илинжида ҳаловатидан кечади. Фақат у ана шу фароғатини, ҳаловату маъмурчиликни нималарнинг, кимларнинг эвазига топаётганига кўра ҳайвондан ва ҳатто бошқа одамлардан ажралиб туради.
«Ҳалол» ва «ҳаром» тушунчаси айни шу майллар асосида шаклланган бўлса, ажаб эмас.
Жон сақлаш майли — инстинкти ихтиёрдан ташқаридаги табиий ҳодиса. Жон сақлашга уриниш — ҳалол. Бироқ жонни ҳар нарсадан воз кечиш эвазига сақлаш ҳалолми ёки ҳаромми? Ҳалолни ҳаром билан асраш ҳалол- ми?..
Ҳаётда учрайдиган жуда кўп катта-кичик номаъқулчиликлар муҳтожлик важидан хаспўшланади. Энг тубан жиноятга қўл урган кимсалар ҳам ўзларини оқловчи далиллар, важлар топадилар. Аслида эса…

Қадимий Киото шаҳринииг кўҳна Расёмон дарвозаси бир маромда ёғаётган ёмғир остида шумшайиб турибди. Бошдан-оёқ шилта-шалаббоси чиққан хизматкор йигит совуқдан жунжикиб, дарвоза минорасидан паноҳ топиш илинжида қунишиб, дийдираб ўтирибди.
Яқин-яқингача Расёмон дарвозаси шаҳарнинг энг гавжум қадамжоларидан эди. Шаҳар Худонинг ғазабига учради: дам зилзила, дам бўрон кентни вайрон қилди, устма-уст ўт тушди. Қаҳатчилик авжига минди. Юртга қирон келди. Турмуш издан чикди.
Буларнинг бари одамлар руҳиятига таъсир кўрсатди. Жумладан, муқаддас тушунчалар завол топди. Эзгу туйғулар дардисар бўлди. Виждон, диёнат топталди. Оғир кунларда жон сақлаб қолиш бош маслакка айланди. Одамлар фақат жон сақлаш ташвишига андармон бўлган чоғда Расёмоннинг муқаддаслигидан асар қолмади — мўътабар қадамжо ташландиқ масканга айланди.
… Хизматкор йигит ўрнидан қўзғалди, зинадан бир-бир босиб юқорига кўтарилди. Дарвоза ортидаги майдонча усти очиқ яланг лаҳадга айланган: кўча-кўйда ўлган-нетганлар, дафн этишга қурби етмаган оилаларда бандаликни бажо келтирганлар жасадини шу очиқ мозорга келтириб ташлаш одат тусига кирди. Тунда тулки ва бўрсиқлар изғишининг, кундуз қарға-қузғунлар айланишининг боиси шу.
Бу зимистон, бу совуқ, бу очлик-муҳтожлик Хизматкор йигитнинг иродасини синдириб, уни тинимсиз бир кўчага ундамоқда. Хизматкор эса зўр бериб оёғини тираб туриб олди: жон сақлашнинг яккаю ягона чораси ўғрилик кўчасига йўлаш эмас, йўқ, йўқ, йўқ! Ундан кўра очликдан, совуқдан шу ерда жон таслим қилгани афзал. Жон таслим қилгунича очликка, совуққа чидайди, сўнг жасадини мурдалар айқаш-уйқаш бўлиб ётган манави майдончага туртиб юборадилар…
Хизматкор йигит аҳдидан қайтмаслик қасдида чўнқайиб ўтираверди ва туйқус… мурдалар орасида аллақандай қора кўлага тимирскиланаётганига назари тушди. Назари тушди-ю, хаёлига тирғалган машъум ўйнинг даҳшатидан азбаройи ирғиб турди. Диққат билан тикилди. Кўзлари алдамаётган эди уни: «Кампир машъала таёғини ерга суқиб қўйди-да, қўлларини мурданинг бошига узатди ва худди боласининг битини боқаётган она маймунга ўхшаб, узун-узун соч толаларини битталаб юлқишга киришди.
Кампир соч толасини юлгани сайин Хизматкорнинг вужудини қоплаган қўрқув тарқалаверди. Шунинг баробарида унда кампирга нисбатан шафқатсиз нафрат туғила бошлади».
Хизматкор йигит ҳозиргина миясига тирғалаётган «Жон сақлашнинг бирдан-бир чораси ўғрилик» деган ўйдан зўр-базўр халос бўлган, шундай хаёлга боргани учуноқ ўзидан нафратланган эди. Ботинидаги нафратга лойиқ майлни енгган жойида энди зоҳирда — кўз ўнгида кечаётган манзара уни яна нафрат алангасига итқитмоқда. Зеро, у «Тўхта! Нима қиляпсан?!» деб ҳайқирганича кампирнинг устига ташланди. Ўзини йўқотиб қўйган кампир саросимада оёғи остида айқаш-уйқаш ётган жасадларга қоқила-суқила қоча бошлади. Хизматкор кампирнинг йўлини тўсди ва у билан олиша кетди. Зум ўтмай масала бирёқлик бўлди: Хизматкор йигит кампирнинг қўлини орқасига қайириб, тепасидан босиб тушди.
Одамлар орасидаги муносабат нафрат измига тушган тақдирда бундайин жирканч манзара оддий ҳолга айланади. Бироқ… Хизматкордаги баттол нафрат кампирдаги ёвузликдан ўт олди. Бинобарин, у айбни ўзидан эмас, кампирдан, кенгроқ олинса, ҳолатдан изламоқда. Ўз навбатида кампирнинг ҳам даъвоси «етарли»: у ўзининг гуноҳга ботаётганини тан олмаяпти, чунки шундай қилмаса, очидан…
Очлик ва муҳтожликнинг миллати йўқ… Йўқчилик важидан талончилик, қаллоблик, босқинчилик, қотилликка қўл уриб, нажот излашдан енгилроқ чора топилмас. Бироқ…

Саксондан ошган носкаш Қора буви тўрт етимчани бағрига олиб кир шолча устида ётибди. Уйқу қаёқда! «Тириклик тошдан қаттиқ, туянинг кўзидай нон анқога шапиғ» бир замонда кўзга уйқу келармиди! Олти ой ўтибдики, кампир мижжа қоқмайди. Тўрт етимнинг эртасини ўйлаб ўйига етолмайди.
Кампир не хаёл уммонида-ю, том оша уйга ўғри оралабди!
Замоннинг қаттиқлиги кампирнинг кўнглида нафрат уйғотиб улгурмаган, кампир — сабр одами, унинг кучи хаёл суришга етади, холос. Хаёлдан илинж излайди, яъни у: «Шу етимларнинг ҳам пешонасига ёзгани бордир», дея тасалли топади. Тасалли ва таскин билан яшайди. Таскин, тасалли ва умид нажот истовчи кўнгил қатидаги инсонийлик чўғини сўндирмайди, балки нафратни чекинтиради. Бундай ҳолатдаги одам нафратнинг измига тушмайди. Акс ҳолда у томда қораси кўринган ўғрига нисбатан ҳам нафрат пуркаши жуда-жуда табиий эди. Бинобарин, кампирнинг биринчи сўзидаёқ нафрат эмас, муҳаббат устунлик қилади. «Вой до-од, мусулмонлар! Уйимга ўғри тушди!» дея жар солмайди, лоақал: «Ўғри, ҳой ўғри», демайди кампир, балки: «Ўғригина болам, ҳой, ўғригина болам» деб оғзидан бол томади.
Ўғригина бола «Расёмон дарвозаси»даги Хизматкор йигит сингари чуқур мулоҳазаларга бормайди. Тирикчилик илинжида тунда овга чиқади, холос. Унда ҳам замоннинг қаттиқлигига нисбатан нафрат, исён кўз очган эмас. Яъни у ҳолатни, даврни қора курсига ўтқазиб, унинг устидан нафратомуз ҳукм ўқимайди, балки шундай қаттиқ замонда чора излайди. Айбни Қора бувида деб билмайди. Шу боис у нафрат измига тушмаган: нафратдан йироқ икки инсон тўқнашуви том маънодаги (ёхуд япон адиби яратган бадиий ҳақиқатда бўлгани каби) аёвсиз тўқнашувга, олишувга айланмайди.

Ғафур Ғулом — кулгили ҳолатларни бўрттириб тасвирлаш устаси. Шу маънода унинг сўз юритилаётган ҳикояси беихтиёр машҳур америка ёзувчиси О’Генрининг «Туташ қалблар» ҳикояси сюжетини ёдга солади. Америка адибининг ҳикояси тасодиф асосига қурилган, яъни бод касаллигидан азоб чекаётган ўғри бостириб кирган хонадон соҳиби ҳам айни шу хасталик билан оғриб ётган бўлади. Ўхшаш хасталик азоби уларни бирлаштиради. Ҳикоя вазиятнинг, ҳолатнинг фавқулодда кулгилилиги асосига қурилган. «Менинг ўғригина болам»да эса беғараз киноялар, енгил табассум уйғотувчи деталлар тасвирнинг моҳиятини эмас, контраст сифатида иккинчи қатламни ташкил этади. Мазкур услуб турмуш машаққати қисувга олган икки инсон ўртасидаги улуғ инсоний муносабатни жиддий кўламда улуғлашга монелик кўрсатмаган. Чунончи, ўғригина бола «устидаги тўнини турмучлаб бўғотнинг устига ёстиқ қилиб қўйиб» ёнбошлаши бир оз кулгили туюлса-да, икки ўртада самимий дардлашув кечади.

Ҳасрат одамларни бирлаштиради, ҳасратлашиш чоғида дардлашувчи қалблар ҳар қачонгидан яқинлашади. Ҳасратлашиш — моҳиятан сокин жараён.

Бундай ҳолатдаги одамлар орасида фавқулодда шиддатли тўқнашувлар юз бермаслиги муқаррар. Демак, «Менинг ўғригина болам»да ўқувчи диққатини жалб этгулик ўткир зоҳирий зиддият йўқ. Ўғригина бола билан Қора кампирнинг фаоллиги, чорасизликдан топган чораси соф ўзбекона ёнбошлаб ҳасратлашиш доирасидан чиқмайди. «Расёмон дарвозаси»да эса мурда бор, қон бор, талончилик ва юзма-юз олишув бор. Муносабатга кескинлик бағишлаётган ва исталган дақиқада воқеалар ривожини кутилмаган йўналишга буриб юборгудек нафрат бор. Ҳикоянинг жаҳон халқлари орасида кенг оммалашгани сабабларидан бири шудир, эҳтимол?

Бундай десак, япон ҳикоясидаги Хизматкор йигит ўзбек «касбдоши»дан мулоҳаза юритиши, нияти ва амали билан ҳам ажралиб туради: у масалани ғоятда кўндаланг қўяди ва ўғрилик орқали нажот топишдан кўра очликдан ўлиш афзал, деган қатъий қарорга келади.

Ўғригина боланинг мулоҳазаларида бундай қатъийлик, ёвузлик, ўзига нисбатан шафқатсизлик, адолат йўлини тутишдаги собитлик етишмайди. Хизматкор йигит шу вақтга қадар ёвузликка қўл уришни ният қилмаган, ҳатто очидан ўлишга ҳозирлик кўриб қўйган ҳам эди, бироқ кутилмаган вазият (Кампирдаги ёвузлик унга кўчди) уни босқинчилик қилишга мажбур этди: қинғирлик нонини тотиб улгурган ўғригина бола эса Қора кампир билан ҳасратона суҳбат асносидагина одатини, ниятини тарк этади (яъни, кампирдан унга ҳамдардлик, меҳр-шафқат юқди). Бошқача айтганда, нафратдан нафрат, муҳаббатдан муҳаббат туғилади.

Қора кампирнинг меҳр-шафқатга тўла суҳбатини эшитгани сайин ўғригина бола бурунги қилмишларидан покланиш ҳаракатига тушади — икки гўдаги борлигидан, хотини ва кампир онаси унинг қўлига қарамлигидан зорланади. Бу билан кўнгли тўлмайди. «Менга ҳозир шу қилиб турган ўғрилик касби ёқади дейсизми?» деган сўзларидан тавбанинг саси келади. Қизиқ жойи шундаки, ўғригина боланинг аҳволини тушуниб ётган Қора кампир негадир уни қораламайди. «Ахир, ноиложликдан-ку шу ҳаром йўлга қадам босибсан», дейди у. Йигит ёнбошлаб ётган кўйи ҳаромни эътироф этади («Расёмон дарвозаси»да бунинг сингари эътирофлар драматик ҳолатларда, ботиний ва зоҳирий зиддиятлар динамикасида тасвирланган). Буниси етмагандай, кампирнинг кейинги маслаҳати, йўриғи образ моҳиятидаги мантиққа мос тушмайди. «Ўзига тўқроқ, бадавлатроқ одамларникига борсанг бўлмайдими?» дейди у ва қайси хонадонларни мўлжалга олиш мумкинлигигача айтади: «Мана шу маҳаллада Каримқори читфуруш бор. Одилхўжабой деган пудратчи бор. Матёқуб деган кўнчи бор. Буларнинг давлати-ку мил-мил, бешикдаги боласи ҳам четига байт ёзилган чинни косада ош ичади. Шуларнинг томини тешсанг бўлмайдими?»

Бу сўзлар Қора кампир образида мужассам топган инсонпарварликни бирмунча заифлаштириб юборган. Ахир, не боисдан Қора кампир бадавлат қўшниларининг мол-мулки мил-мил эканига тоқат қилолмаяпти? Ўғригина «боласи»ни уларга гиж-гижлаяпти?..

Бундай муносабат асримиз бошидаги содда-баёв кампирнинг чекланган ақидасида учраса учрагандир, илло мазкур фалсафа 60-йилларнинг ўрталаридаги (ҳикоя 1965 йилда яратилгани назарда тутилмоқда) синфий-сиёсий мафкура измига тушган адибимизнинг бадиий тафаккурида беҳад бўрттирилгани сезилади. Бироқ бадиий ижод ҳақиқати шу қадар муросасизки, у ҳатто ижодкорнинг ўзига ҳам бўйсунмайди: бу ўринда сал ўтмай Қора кампир образи ўзини муаллифнинг мафкуравий нуқтаи назаридан «ҳимоя» қилишга уринади, бинобарин, у, «Аммо-лекин эҳтиёт бўл. Эл-юртнинг олдида тағин бадном бўлиб қолмагин», дея ўзбек онахонига хос равишда ўғригина боласини қинғирликдан қайтаради.

Ўзбек учун бадном бўлишдан оғирроқ тавқилаънат йўқ. «Расёмон дарвозаси»даги Хизматкор йигит билан маймунбашара кампирни нафрат қуюшқондан чиқарган бўлса, «Менинг ўғригина болам»да Қора кампир билан ўғригина болани бадном бўлиш хавфи қуюшқонга қайтаради, залолатдан қутқаради. Кўп ўғриликлар қилиб бети қотган, чунончи, Ориф сассиқнинг отхонасидан тўртта товуқ, битта хўроз ўмарган, Раҳмонхўжа элликбоши билан тил бириктириб жиноятни ёпди-ёпди қилган (ҳозирги ибора билан айтганда, уюшган жиноятга қўл урган) ўғригина бола Қора кампирнинг меҳрибонлиги туфайли, «Жуда юзимни сидириб ташлаганим йўқ, андишам бор, уяламан», дея тавбага ўтади. Хизматкор йигитни эса, бу жиҳатдан ўтмиши нақадар тоза бўлмасин, бояги тўқнашувда кампирга нисбатан туғилган нафрат ёвузликка — кампирнинг эгнидаги кимонони ечиб олишга ундайди: «Энди у мутлақо иккиланмади, очдан ўлиш афзалми ёки ўғриликка қўлуришми, деб ўйлаб ҳам ўтирмади».

Бир сўз билан айтганда, «Расёмон дарвозаси»да муҳтожлик инсон табиатидаги ёвуз майлни қўзғатиб юбориши, «Менинг ўғригина болам»да эса энг қаттол уқубатлар остида ҳам инсон ўзлигини асраб қолиши мумкинлиги тасвирланган. Япон ҳикоясида шароит инсонни мувозанатдан чиқаради, ўзбек ҳикоясида эса айни шундай ҳолат инсонни янада инсонийроқ бўлишга даъват этади.

«Ҳа-ҳув дегунча бу кунлар ҳам унут бўлиб кетади», деб тасалли беради ўғригина бола кампирга.

— Хайр, ўғригина болам, келиб тур.
— Хўп, она, хўп…

Зим-зиё тунда бўлиб ўтган бу суҳбат гир атрофи иморат билан ўралган файзсиз ҳовлини чарақлатиб юборади. Ҳовлигагина эмас, икки муҳтож ва фақир кўнгилга чироқ бўлиб киради. Сўнгги диалог покланиш умидидаги таъсирчан қалбларни ларзага солади. Ушбу икки оғиз сўзда ўзбекнинг, қолаверса, Ғафур Ғуломдек улкан сўз санъаткорининг буюк инсонпарварлиги қуёш янглиғ нур сочиб турибди. Бу нурдан баҳра олиш истагидагиларни мушфиқ Қора кампир мудом суҳбатга чорламоқда:

— Хайр, ўғригина болам, келиб тур…

1996

(Tashriflar: umumiy 133, bugungi 1)

1 izoh

  1. Xurshid Do’stmuhammad o’zbekning inson ruhiyati qatlamlariga kirib bora oladigan sanoqli yozuvchilaridan. Ijodkorning «Ijod — ko’ngil munavvarligi» kitobidagi maqola, ijodiy portret va suhbatlarini ham buloq yoqasiga kelib qolgan tashnadek maza qilib, yutoqib o’qigandim. Umuman, yozuvchining ko‘pchilik ma’rifatli kishilarni qiynovchi abadiy savollar, jamiyatdagi turli ijtimoiy muammolar haqidagi kishini fikrlashga chorlovchi asarlari Xurshid Do‘stmuhammadni o‘ziga xos bir ijodkor sifatida namoyon qiladi.
    Yuqoridagi maqolada ikki yozuvchining mavjud muammoni yoritishdagi uslubini hamda ikkala hikoya qahramonlarining voqelikka – jamiyatdagi ochlik va muhtojlikka munosabatini ularning ruhiy-ma’naviy qiyofasini tasvirlash orqali yoritishga harakat qilgan va buni juda a’lo darajada uddalagan, deb o‘ylayman.
    To‘plamdagi Xudoyberdi To‘xtaboyev bilan suhbat, Temur Po‘latov ijodiga munosabat, Ibrohim G‘afurov, Sulaymon Azimovlar hayotiga chizgilar menga juda yoqqandi.
    Xurshid aka, blogingingizga bu maqolani qo’yib yaxshi ish qilibsiz. Sizga katta rahmat.

Izoh qoldiring