Bayram Ali. Qalbning o’z mantig’i bor

003   Адабиётимизда асрлар илгари янграб, миллий колорет даражасига кўтарилган гап бўларди: “Тўқсон алпни кураш тушиб енгганга, минг қадамдан танга пулни урганга.., оти учқур човоғонга тегаман!” Мазкур асар онгимдаги бу қолипни парчалаб, мени бироз мулоҳаза юритмоққа ундаб қўйди …

Байрам АЛИ
ҚАЛБНИНГ ЎЗ МАНТИҒИ БОР
ёхуд, ҳақиқий асар кристалсимон бўлади
07

Адабиётимизда асрлар илгари янграб, миллий колорет даражасига кўтарилган гап бўларди: “Тўқсон алпни кураш тушиб енгганга, минг қадамдан танга пулни урганга.., оти учқур човоғонга тегаман!” Мазкур асар онгимдаги бу қолипни парчалаб, мени бироз мулоҳаза юритмоққа ундаб қўйди …

Агар сизга мен ижоди ҳақида гапирмоқчи бўлаётган муаллифнинг исмини айтишмаса-ю, кимдир уни ёзувчи дея таништирса кўнглингизга шубҳа ўрмалайди. Унинг яғриндор гавдасини курашчига ўхшатсангиз, минг бир киноя билан, боз устига қўнғирот шевасини қориштириб гапиришидан шаҳар кўрган фермерлардан бўлса керак, дея ўйлайсиз. Ушбу одам гапига маъноли-ўқимишли сўзлардан қўшиб қолса… ўқитувчимикин, деган гумонга боришингиз ҳам эҳтимолга яқин. Шундай бир пайтда мен уни сизга таништириб қўяй: на курашчига, на фермерга, на ўқитувчига ўхшатолмай иккиланаётганингиз бу одам чиндан ҳам ёзувчи!14 Ёзувчи бўлганда ҳам зўр ёзувчи – Луқмон Бўрихон бўлади! Адибнинг нафақат ташқи кўриниши ва ўзини тутиши, балки ёзган асарлари ҳам шу қадар ўзига хоски, буни сиз унинг қаламига мансуб ҳар қандай асарнинг илк жумлаларини ўқигандаёқ ҳис этишингиз мумкин.

Сирли ишора ва номаълумлик ортидаги қаҳрамон

Жумладан, ёзувчининг «Қуёш ҳали ботмаган» қиссаси (Қиссани мана бу саҳифада ўқишингиз мумкин) шундай сўзлар билан бошланади: «Минг тўққиз юз саксон иккинчи йилнинг баҳорида, эрта-индин учинчи жаҳон уруши бошланар эмиш деган миш-мишлар ҳўб авж олган кунларнинг бирида…».

Яъни, ёзувчи бу билан жаҳон урушидан сира кам бўлмаган бир кураш, гуё бир “жанг” ҳақида ҳикоя қилмоқчи бўлаётганига сирли ишоралар қилаётгандек туйилади сизга. Зеро, асарнинг ўзи ҳам қалбида турли қарама-қаршилик, пўртана-ю туфонлар авж олиб бу чигал зиддиятлар аро ўзларини топишга қийналган уч ўспирин руҳиятининг мувозанатга етиши тўғрисидадир.

«…кунларнинг бирида, − давом этади муаллиф, − уста Абилнинг уйида қорамағиз, тўзғин сочлари жингилтоб, қошлари қийғоч, киприклари узун-узун, кўзлари маъюс, етти-саккиз яшар қизалоқ пайдо бўлди…»

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, бошлаб мутолаа қилаётган ўқирман ўйламаса ҳам, асарнинг ярми ёки охирига етган, аниқроғи, воқеалар тизимида “қорамағиз, жингилтоб сочли қизалоқ” нинг ўрни асосий эканини тушунган китобхоннинг хаёлидан «Танзила ким ўзи? Миллати нима? Ватани қаер?» деган саволлар албатта ўтади. «Нега у номаълумлик ортига беркинган? Нима учун исми Шарофат бўлган ўзбек қизи ёки нима сабабдан исми Сита бўлган ҳинд қизи эмас? Айнан миллати, ота-онаси номаълум – Танзила?!» қабилидаги саволларни беради ўзига.

Дарҳақиқат, асар мутолаасидан сўнг ушбу саволлар мен ўзимда ҳам туғилган. Чуқур ўйлаб кўргач эса айнан шу ердаям муаллифнинг ўзига хос ёзувчилик техникасини кўриб, ҳайратга тушганман. Ахир айтинг, қайси умуминсоний фазилат миллат танлабди? Эзгуликнинг миллати борми? Номуснинг, орнинг, ишончнинг ватани қаер? Ва… ва муҳаббатнинг-чи, муҳаббатнинг?!

Бир шиор, икки тасаввур

Ҳамишаги одатига хос равишда асарини бошидан эмас, ўртасидан бошлаган муаллиф кейинроқ қисса ибтидоси − Кенгсой посёлкасида Танзиланинг пайдо бўлиши воқеасидан анча орқага силжиб кетади. Воқеалар баёнида занжирсимон ҳаракат билан ўқирманни қолган образлар, шу қатори асосий қаҳрамонлар ровий – Норсоат ва Давронлар билан таништиришга ўтади.

Қисса қаҳрамонлари Норсоат ва Даврон бир-биридан деярли фарқ қилишмасди. Уларнинг қилиқлари, орзу-мақсадлари бир-бирига икки томчи сувдай ўхшар, ҳатто иккаласини бирлаштириб турувчи шиорлари ҳам бор эди. «Қуёш ҳали ботмаган!» − дейишарди уларнинг қачонки қалби офтобдай ёришса. «Қуёш ҳали ботмаган!» − дейишарди қачонки қалбига булут соя ташласа. Бола кўнглини илиқ ёки совуқ қандайдир туйғу пайпаслаб ўтса, улар қўлларини ҳавода сермаб бараварига шу шиорни тилга олишарди. Икки дўстнинг руҳиятидаги айни шу хаёлийлик, айни шу жўшқинлик эса икки хил вазиятда номоён бўлар эдики, буни илғаш ўқувчига аввалига бироз мушкул кечиши мумкин. Бироқ болалар улғаяр экан уларнинг руҳиятидаги шу жимитдайгина фарқлилик ҳам қабариб, тоборо улканлашиб боради. Ким билсин, агар бошданоқ улар руҳида бу жимитдай тафовут бўлмагнида, уларнинг Абсал полвонни танишларига икки хил муддат керак бўлмаган бўларми эди…

Абсал полвоннинг кечмиши

Ҳа, асар воқесига кўра Давроннинг отаси – Қувондиқ қайсар икки дўстни полвоннинг олдига шогирдликка олиб келади. На устоз кўрмаган, на бирор машқ-машғулотда қатаншмаган, кураш хақида гапиришдан кўра сибизға чалишни кўпроқ яхши кўрадиган Абсал полвон эса уларнинг хафсаласини пир қилади. Буни пайқаган Қувондиқ қайсар полвоннинг бир вақтлар лойга ботиб қолган эшакни қишлоққача кўтариб боргани, тўйю ҳашамларда номдор полвонларни бир ҳамладаёқ йиқитгани, полвонлик унга илоҳий юқтирилганини, хилватнишин яшаши полвон пирларининг буйруғига биноан ихтиёр қилганини айтиб қанча мақтамасин, бу гаплар дўстларни ҳайратлантира олмайди.
«− Бир-икки телевузурда кўрганман, − дейди ҳатто Даврон у ҳақида Норсоатга, − қўлидаги халачўпни силкитиб-силкитиб кўп одамга куй чалдирадиган чоллар бўларди, шулардан бунинг фарқи йўқ экан!»

Аммо Даврондан фарқли равишда Норсоат Абсал полвон билан ўтган илк кунлар аввалига унга қизиқиб қолиб, кейин-кейин ундаги илоҳий ҳислатларни туйгандек бўлади. Абсал полвоннинг ўзига каби бошқа бир атойи полвон – Ахмат полвон билан шогирдларига амалий машғулот ўтаётганида ҳам Даврон улар машғулотида баҳсни кўрса, Норсоатга улар иккиси бир бўлиб аллақандай кўзга кўринмас куч билан олишаётганга ўхшаб кўринади.

Гапиришни кўп-да суймайдиган Абсал полвон бир гал уларни ёнига олиб:
«Полвон одам уч нарсага ҳоким, уч нарсага қул бўлиши керак» − дея гап бошлайди.

«Мен биламан, — унинг гапини бўлади Даврон, − полвон нафсига, шуҳратпарастликка, манманликка ҳоким бўлиши керак… бир китобда ўқиганман»

Абсал полвон унинг сўзини маъқуллаб, қолганини ҳам айтишини сўрайди.

«Полвон уч нарсага қул бўлиши керак, − Даврон давом этади, − ҳақиқатнинг, ор-номуснинг…» Бироқ учинчисини била олмай, тўхтаб қолади.

«Сибизғанинг!» – деб юборади шу пайт беихтиёр Норсоат. Даврон полвонликка сибизғанинг ҳеч бир яқин томонини кўрмай, бу фикрга этироз билдирганда, Абсал полвон:

«Учинчисини, укалар, ҳали билиб оласизлар. Унинг ўзи ўзини билдириб қўяди. Қўрқманглар, кўп кутиб қолмайсизлар. Ўша нарса ҳаёт йўлларингизда илҳақ-интизор. Эрта бир кун насиб этса, унга дуч бўласизлар. У сизларни кулдиради, куйдиради, у сизларни бор қилади, йўқ қилади. ана шунда жуда-жуда сибизға чалгиларинг кеп қолади. Боя Норсоат тўғри топди десак ҳам бўлаверади. Полвон қули бўлиши керак учинчи нарса, бу сибизға! Келинглар, ҳозирча уни шундай деб атаб турайлик. Ҳаётда ўзига йўлиққанларингизда, нима деб ном қўйсаларинг қўяверасизлар», – дейди ва ўз хаёлларига ғарқ бўлиб, сибизғасини қўлига олади…

Бу лаҳза эса ўқувчиниг кўз олдида баҳайбат қаддини букиб сибизға чалаётган Абсал полвон, полвоннинг юз-кўзларидаги маюсият… ва… ва унинг муҳаббат билан боғлиқ дардли-изтиробли кечмиши гавдаланади. Муаллиф бир оғиз гапирмаган узун ва маҳзун тасаввурий кечмиши…

Ҳурлик келтирувчи қуллик

Бир ой шогирдлик машғулотидан кейин Норсоат ва Даврон Абсал полвон билан хайрлашиб, қишлоғига қайтишади. Бу пайтда Танзиланинг бўйига бўй, чиройига чирой қўшилган, қисса қаҳрамони бўлган икки дўст ҳам ишқ-муҳаббат ҳақида хаёл сурадиган ёшга йитиб қолишган эди… Орада ёзги таътил бошланади-ю, Танзила тоғга гиёҳ теришга, Даврон отаси билан хориж мамлакатларидан бирига дам олишга, Норсоат эса тирикчилик учун чўлда истиқомат қилувчи поччасиникига тарқалиб кетишади. Норсоатнинг ўша пайтдаги ички кечинмаларини муаллиф қуйидагича баён қилган:

Ўша ёз чўлу дашт жазирама қуёшдан эмас, менинг кўксимда ловулаб турган ишқ-севги оловида лов-лов ёнди. Узоқ-яқинда жимир-жимир кўринаётган сароблар, телбавор эсаётган гармсел менинг оҳимдан, менинг изтиробларимдан кўтарилар эди. Негадир гоҳ ҳўнграб-ҳўнграб йиғладим, гоҳ, қаҳ-қаҳ уриб кулгим, баъзан баралла маъюс ва ҳазин қўшиқлар айтгим келарди…

Шу зайл олис чўл бағрида ҳам ташқи, ҳам ички томонлама жазирама офтобида беомон тобланаётган Норсоат руҳий эврилишлар гирдобига тушиб қолади. Дардини айтиб енгил тортай деса дўсти Даврон узоқда… Шунда… Шунда у тўсатдан сибизға чалгиси келаётганини англайди. Худди Абсал полвон айтгани, йўқ-йўқ, бамсоли илоҳий башорат қилганидай куйиниб-ўртаниб сибизға чалгиси келаверади.

Шу кундан бошлаб болалик Норсоатни тарк этган эди. Энди у ҳиндулар ҳақидаги аллақайси кинога тақлидан тузилган “Кенгсой буругутлари” тўдасининг ўйинқароқ аъзоси эмас, у энди – Норсоат эди! Ошиқу-шайдо, маюсу-ўйчан… ўзини англай бошлаган Норсоат!

Бундай англаш жараёнида у дўсти билан ўзини қиёслаб кўриб, Танзиланинг севгисига Давронни кўпроқ муносиб дея топар экан илк марта ўзининг етим эканини, қўли калта, эгни юпин эканини ҳис этади. Ахир Давроннинг отаси кимсан раис Қувондиқ қайсар, боз устига дўстининг ўзи ҳам анча кўркам, сершиддат, бақувват йигит. Қизлар севса шундай йигитни севади-да, ўйларди Норсоат. Давронга ҳасад қилмаса ҳам, шу томомлама жуда ҳавас қилар, биргина нарса − Давроннинг Танзилани севмаслигигина унга юпанч ва далда эди.

Бу далдага суяниб орадан йиллар ўтади. Норсоат билан Даврон ҳарбий хизматни ўтаб қайтишади. Кунлардан бир куни эса Даврон дўсти Норсоатга уйидагилар уйланасан деб ҳоли жонига қўймаётганини, узоқ ўйлаб кўргач, у уйланиш учун Танзиладан мосроқ қиз топмаганини билдиради.

«− Танзилани тилга олма, − дедим аранг.
− Нима?! Нега… тилга олмай?
− У… у меники…

− Сеники?! Ух, ти, писмиқи, қойилман сенга! Менга бир оғиз айтмай, зимдан иш пишитиб юрган экансан-да, а? Нон синдирдиларингми?

− Йў-ўқ, ҳали…
− Ё ҳали овлоқ-овлоқда учрашиб, аҳду паймон қилиб юрибсизларми?

Мен “ҳа” дейишга ботина олмадим. Ёлғон гапирсам, Даврон эртагаёқ овоза қилиб юбориши аниқ, бу уйдирма Танзиланинг қулоғига етиб борса… қизни бепичоқ сўйган бўламан-ку!

− Йўқ, ҳали ваъдалашмадик, − дедим овозим қалтираб.

Даврон нописанд бир тарзда машина ўриндиғига ястаниб кулди.

− Танзила ваъда бермаган, нон ҳам синдирилмаган, буёғи қизиқ бўлди-ку, нимага ишониб, у меники, деяпсан?

− Танзилани севаман, жонимдан ҳам ортиқ кўраман.

− Мана, мен ҳам севаман энди, бу ҳали ҳеч нимани ҳал қилмайди. Соат, − деди дўстим туйқус жиддий тортиб, − агар сенга Танзила ҳам севаман деб айтган бўлганида қўлимни кўксимга қўйиб, бемаза гапларим учун сендан кечирим сўрардим, сенга ҳеч қачон халақит бермасдим.

− Мен Танзилани севаман, − деб ғудрандим мен, ўзимни оқлашга бошқа сўз тополмай.

− Соат, мени биласан-ку, бир айтдимми, кейин ортимга қайтолмайман. Бўпти, сен учун са-ал чекинаман, гап бундай, эртагаёқ Танзилага совчи юбораман, агар у рад этса, тамом, яна қўлим кўксимда, бир чеккага чиқаман, кейин, уни севасанми, пишириб ейсанми, бу ўзингга ҳавола. Қалай, таклифим маъқулми?»

Бироқ, Норсоат агар Танзилага Даврон совчи қўйса, қизнинг уйидагилар дўстининг отаси ҳурмати учун ҳам рад этиша олмаслигини яхши биларди. Шунинг учун бу келишувга рози бўла олмайди.

−«Кел, икковимиз масалани бошқача ҳал қиламиз,» − дейди сўнгра Даврон.
«− Қандай?

−Ота-боболаримиз анъанаси бўйича ҳал қиламиз. Икковимиз курашамиз. Ғолиб Танзилага эгалик қилади. Ҳам домилланинг тўйи қизийди. Қалай? Бу гапга кўнарсан энди, а?

Ҳа, Даврон мени бурчакка қисган эди! Унинг таклифига рози бўлишликдан бошқа иложим қолмади.

− Бўпти, курашамиз, − дедим қатъий, − лекин… лекин бу келишув ўртамизда, ҳеч ким билмасин.

Даврон асабий бир тарзда хохолаб кулди.

− Эй, ошинг ҳалол бўлса, кўчада ич, деган мақол бор-а. Сен нимадан қўрқаяпсан?
− Мен ҳеч нарсадан қўрқмаяпман. Танзила гап-сўзга қолмасин тағин деяпман.

Афсуски, Норсоат ўзига ихтиёрсиз бир вазиятда севгисини гаровга қўйган, масала ҳал бўлиши керак бўлган ўша тўйда икки дўстнинг ўртасидаги келишув бутун қишлоққа овоза бўлиб бўлган эди. Бундан эса Норсоат Танзиланинг номи олдида хижолатга тушиб оёқ-қўллари бўшашса, ёшликдан қаҳрамонликка уч бўлган Давроннинг илҳоми жўшиб, кучига-куч қўшилади. Ниҳоят, кураш бошланганда Давроннинг икки марта қилган ҳамласига зўрға туриб берган Норсоат, дўстини тўғриликча енгишга қурби етмаслигини тушуниб етади.

Ҳаётда моддият тушунчаси бир хил бўлмаганидек, ғурур, орият тушунчаси ҳам бир хил эмас. Норсоат учун ҳам ориятини асраш Танзилани бой бериб қўймаслик дегани эди. Бошқа йўли қолмагач, шу туфайли у Давронга нисбатан ҳарбий ҳизматда урганган − кураш мусобақасида қатъий тақиқланган самбо усулларидан бирин қўллашга жазм этади…

У, Танзила эди!..

Раис Қувондиқ қайсарнинг ўзи бош бўлган тўй ҳаракатлари аллақачон бошланиб кетган, бироқ… бироқ, қанчадан қанча хижрон аламини тотишга мажбур қилган висолга етаётган Норсоат виждон азобида ёниб-ўртаниб, кули чиқиб борарди. Шунда у бор гапни Танзилага айтишим керак, шу билан унинг ҳам, Давроннинг ҳам олидида ўзимни поклаган бўламан, деган қарорга келади. Танзилани ўқийдиган жойига қидириб бориб, унга ҳаммасини гапириб беради ва дахшатли хукмни кутаётган жиноятчи мисоли қизнинг қаршисида бош эгади.
Аммо қалбнинг жамият қонун-қоидаларини рад этиши мумкин бўлган ўз мантиғи, ўз ҳақиқати бор! Қолаверса, Норсоат соф муҳаббат оловида тобланиш баробарида ўзини енгиб, Норсоат бўлганидай, Танзила ҳам аллақачон Танзила эди!

«- Қўрқманг, — деб пичирлайди қиз унга, — мен на Ойбарчинман, на малика Дилоромман… ўша Давронингиз минг марта мардлик пеш қилсаям барибир унга тегмасдим.»

Хулоса ўрнида

Асарнинг энг кулминатсион нуқтасида гапимни мухтасар қилар эканман, мен барча ўзбек китобхонларига “Қуёш ҳали ботмаган” қиссасини мутолаа қилишни тавсия қилиб қоламан. Зеро, киристал бўлакчасининг ўнлаб қирраси кўзгач чалиниб, яна қанчаси кўздан панада қолганидай, асарнинг мен кўра билмаган ўта қизиқ жиҳатларини айнан сиз кўра олишингиз мумкин.

16.08.2018

Adabiyotimizda asrlar ilgari yangrab, milliy koloret darajasiga koʻtarilgan gap boʻlardi: “Toʻqson alpni kurash tushib yengganga, ming qadamdan tanga pulni urganga.., oti uchqur chovogʻonga tegaman!” Mazkur asar ongimdagi bu qolipni parchalab, meni biroz mulohaza yuritmoqqa undab qoʻydi …

Bayram ALI
QALBNING OʻZ MANTIGʻI BOR
yoxud, haqiqiy asar kristalsimon boʻladi
07

Adabiyotimizda asrlar ilgari yangrab, milliy koloret darajasiga koʻtarilgan gap boʻlardi: “Toʻqson alpni kurash tushib yengganga, ming qadamdan tanga pulni urganga.., oti uchqur chovogʻonga tegaman!” Mazkur asar ongimdagi bu qolipni parchalab, meni biroz mulohaza yuritmoqqa undab qoʻydi …

Agar sizga men ijodi haqida gapirmoqchi boʻlayotgan muallifning ismini aytishmasa-yu, kimdir uni yozuvchi deya tanishtirsa koʻnglingizga shubha oʻrmalaydi. Uning yagʻrindor gavdasini kurashchiga oʻxshatsangiz, ming bir kinoya bilan, boz ustiga qoʻngʻirot shevasini qorishtirib gapirishidan shahar koʻrgan fermerlardan boʻlsa kerak, deya oʻylaysiz. Ushbu odam gapiga maʼnoli-oʻqimishli soʻzlardan qoʻshib qolsa… oʻqituvchimikin, degan gumonga borishingiz ham ehtimolga yaqin. Shunday bir paytda men uni sizga tanishtirib qoʻyay: na kurashchiga, na fermerga, na oʻqituvchiga oʻxshatolmay ikkilanayotganingiz bu odam chindan ham yozuvchi! Yozuvchi boʻlganda ham zoʻr yozuvchi – Luqmon Boʻrixon boʻladi! Adibning nafaqat tashqi koʻrinishi va oʻzini tutishi, balki yozgan asarlari ham shu qadar oʻziga xoski, buni siz uning qalamiga mansub har qanday asarning ilk jumlalarini oʻqigandayoq his etishingiz mumkin.

Sirli ishora va nomaʼlumlik ortidagi qahramon

09Jumladan, yozuvchining “Quyosh hali botmagan” qissasi (Qissani mana bu sahifada o’qishingiz mumkin)  shunday soʻzlar bilan boshlanadi: “Ming toʻqqiz yuz sakson ikkinchi yilning bahorida, erta-indin uchinchi jahon urushi boshlanar emish degan mish-mishlar hoʻb avj olgan kunlarning birida…”.

Yaʼni, yozuvchi bu bilan jahon urushidan sira kam boʻlmagan bir kurash, guyo bir “jang” haqida hikoya qilmoqchi boʻlayotganiga sirli ishoralar qilayotgandek tuyiladi sizga. Zero, asarning oʻzi ham qalbida turli qarama-qarshilik, poʻrtana-yu tufonlar avj olib bu chigal ziddiyatlar aro oʻzlarini topishga qiynalgan uch oʻspirin ruhiyatining muvozanatga yetishi toʻgʻrisidadir.

“…kunlarning birida, − davom etadi muallif, − usta Abilning uyida qoramagʻiz, toʻzgʻin sochlari jingiltob, qoshlari qiygʻoch, kipriklari uzun-uzun, koʻzlari maʼyus, yetti-sakkiz yashar qizaloq paydo boʻldi…”

Shu oʻrinda taʼkidlash joizki, boshlab mutolaa qilayotgan oʻqirman oʻylamasa ham, asarning yarmi yoki oxiriga yetgan, aniqrogʻi, voqealar tizimida “qoramagʻiz, jingiltob sochli qizaloq” ning oʻrni asosiy ekanini tushungan kitobxonning xayolidan “Tanzila kim oʻzi? Millati nima? Vatani qayer?” degan savollar albatta oʻtadi. “Nega u nomaʼlumlik ortiga berkingan? Nima uchun ismi Sharofat boʻlgan oʻzbek qizi yoki nima sababdan ismi Sita boʻlgan hind qizi emas? Aynan millati, ota-onasi nomaʼlum – Tanzila?!” qabilidagi savollarni beradi oʻziga.

Darhaqiqat, asar mutolaasidan soʻng ushbu savollar men oʻzimda ham tugʻilgan. Chuqur oʻylab koʻrgach esa aynan shu yerdayam muallifning oʻziga xos yozuvchilik texnikasini koʻrib, hayratga tushganman. Axir ayting, qaysi umuminsoniy fazilat millat tanlabdi? Ezgulikning millati bormi? Nomusning, orning, ishonchning vatani qayer? Va… va muhabbatning-chi, muhabbatning?!

Bir shior, ikki tasavvur

Hamishagi odatiga xos ravishda asarini boshidan emas, oʻrtasidan boshlagan muallif keyinroq qissa ibtidosi − Kengsoy posyolkasida Tanzilaning paydo boʻlishi voqeasidan ancha orqaga siljib ketadi. Voqealar bayonida zanjirsimon harakat bilan oʻqirmanni qolgan obrazlar, shu qatori asosiy qahramonlar roviy – Norsoat va Davronlar bilan tanishtirishga oʻtadi.

Qissa qahramonlari Norsoat va Davron bir-biridan deyarli farq qilishmasdi. Ularning qiliqlari, orzu-maqsadlari bir-biriga ikki tomchi suvday oʻxshar, hatto ikkalasini birlashtirib turuvchi shiorlari ham bor edi. “Quyosh hali botmagan!” − deyishardi ularning qachonki qalbi oftobday yorishsa. “Quyosh hali botmagan!” − deyishardi qachonki qalbiga bulut soya tashlasa. Bola koʻnglini iliq yoki sovuq qandaydir tuygʻu paypaslab oʻtsa, ular qoʻllarini havoda sermab baravariga shu shiorni tilga olishardi. Ikki doʻstning ruhiyatidagi ayni shu xayoliylik, ayni shu joʻshqinlik esa ikki xil vaziyatda nomoyon boʻlar ediki, buni ilgʻash oʻquvchiga avvaliga biroz mushkul kechishi mumkin. Biroq bolalar ulgʻayar ekan ularning ruhiyatidagi shu jimitdaygina farqlilik ham qabarib, toboro ulkanlashib boradi. Kim bilsin, agar boshdanoq ular ruhida bu jimitday tafovut boʻlmagnida, ularning Absal polvonni tanishlariga ikki xil muddat kerak boʻlmagan boʻlarmi edi…

Absal polvonning kechmishi

Ha, asar voqesiga koʻra Davronning otasi – Quvondiq qaysar ikki doʻstni polvonning oldiga shogirdlikka olib keladi. Na ustoz koʻrmagan, na biror mashq-mashgʻulotda qatanshmagan, kurash xaqida gapirishdan koʻra sibizgʻa chalishni koʻproq yaxshi koʻradigan Absal polvon esa ularning xafsalasini pir qiladi. Buni payqagan Quvondiq qaysar polvonning bir vaqtlar loyga botib qolgan eshakni qishloqqacha koʻtarib borgani, toʻyyu hashamlarda nomdor polvonlarni bir hamladayoq yiqitgani, polvonlik unga ilohiy yuqtirilganini, xilvatnishin yashashi polvon pirlarining buyrugʻiga binoan ixtiyor qilganini aytib qancha maqtamasin, bu gaplar doʻstlarni hayratlantira olmaydi.
“− Bir-ikki televuzurda koʻrganman, − deydi hatto Davron u haqida Norsoatga, − qoʻlidagi xalachoʻpni silkitib-silkitib koʻp odamga kuy chaldiradigan chollar boʻlardi, shulardan buning farqi yoʻq ekan!”

Ammo Davrondan farqli ravishda Norsoat Absal polvon bilan oʻtgan ilk kunlar avvaliga unga qiziqib qolib, keyin-keyin undagi ilohiy hislatlarni tuygandek boʻladi. Absal polvonning oʻziga kabi boshqa bir atoyi polvon – Axmat polvon bilan shogirdlariga amaliy mashgʻulot oʻtayotganida ham Davron ular mashgʻulotida bahsni koʻrsa, Norsoatga ular ikkisi bir boʻlib allaqanday koʻzga koʻrinmas kuch bilan olishayotganga oʻxshab koʻrinadi.

Gapirishni koʻp-da suymaydigan Absal polvon bir gal ularni yoniga olib:
“Polvon odam uch narsaga hokim, uch narsaga qul boʻlishi kerak” − deya gap boshlaydi.

“Men bilaman, — uning gapini boʻladi Davron, − polvon nafsiga, shuhratparastlikka, manmanlikka hokim boʻlishi kerak… bir kitobda oʻqiganman”

Absal polvon uning soʻzini maʼqullab, qolganini ham aytishini soʻraydi.

“Polvon uch narsaga qul boʻlishi kerak, − Davron davom etadi, − haqiqatning, or-nomusning…” Biroq uchinchisini bila olmay, toʻxtab qoladi.

“Sibizgʻaning!” – deb yuboradi shu payt beixtiyor Norsoat. Davron polvonlikka sibizgʻaning hech bir yaqin tomonini koʻrmay, bu fikrga etiroz bildirganda, Absal polvon:

“Uchinchisini, ukalar, hali bilib olasizlar. Uning oʻzi oʻzini bildirib qoʻyadi. Qoʻrqmanglar, koʻp kutib qolmaysizlar. Oʻsha narsa hayot yoʻllaringizda ilhaq-intizor. Erta bir kun nasib etsa, unga duch boʻlasizlar. U sizlarni kuldiradi, kuydiradi, u sizlarni bor qiladi, yoʻq qiladi. ana shunda juda-juda sibizgʻa chalgilaring kep qoladi. Boya Norsoat toʻgʻri topdi desak ham boʻlaveradi. Polvon quli boʻlishi kerak uchinchi narsa, bu sibizgʻa! Kelinglar, hozircha uni shunday deb atab turaylik. Hayotda oʻziga yoʻliqqanlaringizda, nima deb nom qoʻysalaring qoʻyaverasizlar”, – deydi va oʻz xayollariga gʻarq boʻlib, sibizgʻasini qoʻliga oladi…

Bu lahza esa oʻquvchinig koʻz oldida bahaybat qaddini bukib sibizgʻa chalayotgan Absal polvon, polvonning yuz-koʻzlaridagi mayusiyat… va… va uning muhabbat bilan bogʻliq dardli-iztirobli kechmishi gavdalanadi. Muallif bir ogʻiz gapirmagan uzun va mahzun tasavvuriy kechmishi…

Hurlik keltiruvchi qullik

Bir oy shogirdlik mashgʻulotidan keyin Norsoat va Davron Absal polvon bilan xayrlashib, qishlogʻiga qaytishadi. Bu paytda Tanzilaning boʻyiga boʻy, chiroyiga chiroy qoʻshilgan, qissa qahramoni boʻlgan ikki doʻst ham ishq-muhabbat haqida xayol suradigan yoshga yitib qolishgan edi… Orada yozgi taʼtil boshlanadi-yu, Tanzila togʻga giyoh terishga, Davron otasi bilan xorij mamlakatlaridan biriga dam olishga, Norsoat esa tirikchilik uchun choʻlda istiqomat qiluvchi pochchasinikiga tarqalib ketishadi. Norsoatning oʻsha paytdagi ichki kechinmalarini muallif quyidagicha bayon qilgan:

Oʻsha yoz choʻlu dasht jazirama quyoshdan emas, mening koʻksimda lovulab turgan ishq-sevgi olovida lov-lov yondi. Uzoq-yaqinda jimir-jimir koʻrinayotgan saroblar, telbavor esayotgan garmsel mening ohimdan, mening iztiroblarimdan koʻtarilar edi. Negadir goh hoʻngrab-hoʻngrab yigʻladim, goh, qah-qah urib kulgim, baʼzan baralla maʼyus va hazin qoʻshiqlar aytgim kelardi…

Shu zayl olis choʻl bagʻrida ham tashqi, ham ichki tomonlama jazirama oftobida beomon toblanayotgan Norsoat ruhiy evrilishlar girdobiga tushib qoladi. Dardini aytib yengil tortay desa doʻsti Davron uzoqda… Shunda… Shunda u toʻsatdan sibizgʻa chalgisi kelayotganini anglaydi. Xuddi Absal polvon aytgani, yoʻq-yoʻq, bamsoli ilohiy bashorat qilganiday kuyinib-oʻrtanib sibizgʻa chalgisi kelaveradi.

Shu kundan boshlab bolalik Norsoatni tark etgan edi. Endi u hindular haqidagi allaqaysi kinoga taqlidan tuzilgan “Kengsoy burugutlari” toʻdasining oʻyinqaroq aʼzosi emas, u endi – Norsoat edi! Oshiqu-shaydo, mayusu-oʻychan… oʻzini anglay boshlagan Norsoat!

Bunday anglash jarayonida u doʻsti bilan oʻzini qiyoslab koʻrib, Tanzilaning sevgisiga Davronni koʻproq munosib deya topar ekan ilk marta oʻzining yetim ekanini, qoʻli kalta, egni yupin ekanini his etadi. Axir Davronning otasi kimsan rais Quvondiq qaysar, boz ustiga doʻstining oʻzi ham ancha koʻrkam, sershiddat, baquvvat yigit. Qizlar sevsa shunday yigitni sevadi-da, oʻylardi Norsoat. Davronga hasad qilmasa ham, shu tomomlama juda havas qilar, birgina narsa − Davronning Tanzilani sevmasligigina unga yupanch va dalda edi.

Bu daldaga suyanib oradan yillar oʻtadi. Norsoat bilan Davron harbiy xizmatni oʻtab qaytishadi. Kunlardan bir kuni esa Davron doʻsti Norsoatga uyidagilar uylanasan deb holi joniga qoʻymayotganini, uzoq oʻylab koʻrgach, u uylanish uchun Tanziladan mosroq qiz topmaganini bildiradi.

«− Tanzilani tilga olma, − dedim arang.
− Nima?! Nega… tilga olmay?
− U… u meniki…

− Seniki?! Ux, ti, pismiqi, qoyilman senga! Menga bir ogʻiz aytmay, zimdan ish pishitib yurgan ekansan-da, a? Non sindirdilaringmi?

− Yoʻ-oʻq, hali…
− Yo hali ovloq-ovloqda uchrashib, ahdu paymon qilib yuribsizlarmi?

Men “ha” deyishga botina olmadim. Yolgʻon gapirsam, Davron ertagayoq ovoza qilib yuborishi aniq, bu uydirma Tanzilaning qulogʻiga yetib borsa… qizni bepichoq soʻygan boʻlaman-ku!

− Yoʻq, hali vaʼdalashmadik, − dedim ovozim qaltirab.

Davron nopisand bir tarzda mashina oʻrindigʻiga yastanib kuldi.

− Tanzila vaʼda bermagan, non ham sindirilmagan, buyogʻi qiziq boʻldi-ku, nimaga ishonib, u meniki, deyapsan?

− Tanzilani sevaman, jonimdan ham ortiq koʻraman.

− Mana, men ham sevaman endi, bu hali hech nimani hal qilmaydi. Soat, − dedi doʻstim tuyqus jiddiy tortib, − agar senga Tanzila ham sevaman deb aytgan boʻlganida qoʻlimni koʻksimga qoʻyib, bemaza gaplarim uchun sendan kechirim soʻrardim, senga hech qachon xalaqit bermasdim.

− Men Tanzilani sevaman, − deb gʻudrandim men, oʻzimni oqlashga boshqa soʻz topolmay.

− Soat, meni bilasan-ku, bir aytdimmi, keyin ortimga qaytolmayman. Boʻpti, sen uchun sa-al chekinaman, gap bunday, ertagayoq Tanzilaga sovchi yuboraman, agar u rad etsa, tamom, yana qoʻlim koʻksimda, bir chekkaga chiqaman, keyin, uni sevasanmi, pishirib yeysanmi, bu oʻzingga havola. Qalay, taklifim maʼqulmi?»

Biroq, Norsoat agar Tanzilaga Davron sovchi qoʻysa, qizning uyidagilar doʻstining otasi hurmati uchun ham rad etisha olmasligini yaxshi bilardi. Shuning uchun bu kelishuvga rozi boʻla olmaydi.

−“Kel, ikkovimiz masalani boshqacha hal qilamiz,” − deydi soʻngra Davron.
«− Qanday?

−Ota-bobolarimiz anʼanasi boʻyicha hal qilamiz. Ikkovimiz kurashamiz. Gʻolib Tanzilaga egalik qiladi. Ham domillaning toʻyi qiziydi. Qalay? Bu gapga koʻnarsan endi, a?

Ha, Davron meni burchakka qisgan edi! Uning taklifiga rozi boʻlishlikdan boshqa ilojim qolmadi.

− Boʻpti, kurashamiz, − dedim qatʼiy, − lekin… lekin bu kelishuv oʻrtamizda, hech kim bilmasin.

Davron asabiy bir tarzda xoxolab kuldi.

− Ey, oshing halol boʻlsa, koʻchada ich, degan maqol bor-a. Sen nimadan qoʻrqayapsan?
− Men hech narsadan qoʻrqmayapman. Tanzila gap-soʻzga qolmasin tagʻin deyapman.

Afsuski, Norsoat oʻziga ixtiyorsiz bir vaziyatda sevgisini garovga qoʻygan, masala hal boʻlishi kerak boʻlgan oʻsha toʻyda ikki doʻstning oʻrtasidagi kelishuv butun qishloqqa ovoza boʻlib boʻlgan edi. Bundan esa Norsoat Tanzilaning nomi oldida xijolatga tushib oyoq-qoʻllari boʻshashsa, yoshlikdan qahramonlikka uch boʻlgan Davronning ilhomi joʻshib, kuchiga-kuch qoʻshiladi. Nihoyat, kurash boshlanganda Davronning ikki marta qilgan hamlasiga zoʻrgʻa turib bergan Norsoat, doʻstini toʻgʻrilikcha yengishga qurbi yetmasligini tushunib yetadi.

Hayotda moddiyat tushunchasi bir xil boʻlmaganidek, gʻurur, oriyat tushunchasi ham bir xil emas. Norsoat uchun ham oriyatini asrash Tanzilani boy berib qoʻymaslik degani edi. Boshqa yoʻli qolmagach, shu tufayli u Davronga nisbatan harbiy hizmatda urgangan − kurash musobaqasida qatʼiy taqiqlangan sambo usullaridan birin qoʻllashga jazm etadi…

U, Tanzila edi!..

Rais Quvondiq qaysarning oʻzi bosh boʻlgan toʻy harakatlari allaqachon boshlanib ketgan, biroq… biroq, qanchadan qancha xijron alamini totishga majbur qilgan visolga yetayotgan Norsoat vijdon azobida yonib-oʻrtanib, kuli chiqib borardi. Shunda u bor gapni Tanzilaga aytishim kerak, shu bilan uning ham, Davronning ham olidida oʻzimni poklagan boʻlaman, degan qarorga keladi. Tanzilani oʻqiydigan joyiga qidirib borib, unga hammasini gapirib beradi va daxshatli xukmni kutayotgan jinoyatchi misoli qizning qarshisida bosh egadi.
Ammo qalbning jamiyat qonun-qoidalarini rad etishi mumkin boʻlgan oʻz mantigʻi, oʻz haqiqati bor! Qolaversa, Norsoat sof muhabbat olovida toblanish barobarida oʻzini yengib, Norsoat boʻlganiday, Tanzila ham allaqachon Tanzila edi!

“- Qoʻrqmang, — deb pichirlaydi qiz unga, — men na Oybarchinman, na malika Diloromman… oʻsha Davroningiz ming marta mardlik pesh qilsayam baribir unga tegmasdim.”

Xulosa oʻrnida

Asarning eng kulminatsion nuqtasida gapimni muxtasar qilar ekanman, men barcha oʻzbek kitobxonlariga “Quyosh hali botmagan” qissasini mutolaa qilishni tavsiya qilib qolaman. Zero, kiristal boʻlakchasining oʻnlab qirrasi koʻzgach chalinib, yana qanchasi koʻzdan panada qolganiday, asarning men koʻra bilmagan oʻta qiziq jihatlarini aynan siz koʻra olishingiz mumkin.

16.08.2018

09

(Tashriflar: umumiy 297, bugungi 1)

Izoh qoldiring