Luqmon Bo’rixon. Qo’noq & Luqmon Bo’rixon «Ijodiy uchrashuv» teleloyihasida & Bayram Ali. «Qor odami» yoxud siz nega bezovtasiz?

08    Уни кўрдиму юрагим орқага тортиб кетди. У тобутдек тебраниб бораётган вагон тамбурининг бир бурчида чўнқайиб ўтирар, ҳар бир ўтиб қайтувчини қон нуқси урган кўзлари билан қизиқсиниб-қизиқсиниб, бош-оёқ кузатиб қоларди…

Байрам Али
“ҚОР ОДАМИ”

ёхуд сиз нега безовтасиз?
09

«Соф виждон, олийжаноб туйғулар билан яшаб жамият томонидан қораланган, жамият юз ўгирган ёруғ юз одам, қайдасиз?!»
Феадор Достоевский

Бирор ишни қилмоқчи бўлсак, аввало “одамлар нима деркин?” деган савол хаёлимиздан ўтади. Виждон ҳукми билан одамлар фикрини чалкаштириб юбораётганимизни эса гоҳида сезамиз, гоҳида сезмаймиз. Деярли ҳар битта инсонга хос бундай ички маҳкумлик. Фақат қайси биримизда ошкора бўлса, қайси биримизда пинҳона. Энг ёмони − бундай маҳкумликдан ҳоли одамлардан жамият хафсирайди, ётсирайди, баъзида тентакка чиқаради. Албатта бу нарса жаҳон адиблари ва файласуфлари томонидан неча минг йиллардан бери ўрганилиб келинаётган умумбашарий ходисадир. Жумладан, ўзбек адабиётининг атоқли адибларидан бири Луқмон Бўрихон ҳам “Қўноқ” номли ҳикоясида ўз бадиий тафаккури орқали айнан шу муаммога муносабат билдирган, таъбир жоиз бўлса, инсон ва унинг характери оид янги бир гап айта олган.

“Қор одами”

Аввало, ҳикоя воқеаларини ёдингизга солиб ўтсам. Ўқирман эсласа, ҳикоя “Уни кўрдиму, юрагим орқага тортиб кетди” деган жумлалар билан бошланади. Ровий вагон танбурида биринчи учратишдаёқ ҳикоя қаҳрамонидан чўчийди. Қаҳрамоннинг ўзини тутиши, бутун ҳатта-ҳаракатлари аллақандай шубҳали, аллақандай ғайритабиий бўлиб туйилади. Кейинчалик уни ўз купедошлари ёнига бошлаб борганида, купедаги бошқа инсонларда ҳам кузатилади бундай руҳий кечинмалар. Яъни қўноқ купедаги барча йўловчилар учун “Қор одами” каби қизиқарли ва ноёб бир мавжудотга айланган бир пайтда, негадир у атрофидагилари учун безовталик ҳам олиб келади. Бу ерда шубҳасиз гап унинг уч кун олдин қамоқдан чиққанида эмас. (Агар у уч кунмас, ҳозиргина қамоқдан чиққан тақдирида ҳам бошқа барча инсонлар каби жўн бир одам бўлганида, кишилар олдида қўлини қовуштириб одатий бир кўринишда ҳозир бўлганда, балки купедошларни бу қадар чўчитмаган бўларди. Аксинча, унда купедошлар Қўноғимизни ўз давраларига бажонудил қўшган, у билан ҳасратлашиб, кифтига қоқиб далда берган бўлишлари мумкинлиги ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас.) Ҳаммма бало шунда эдики, у барча қатори одам бўлмай − қурмағурнинг маънавий қарашлари жамиятнинг умум тушунчага айланиб кетган номукаммал қоидаларини четлаб ўтган, руҳи эса озод қуш мисоли эркин бир кимса эди. Бундай ички озодликни тасаввур эта олмайдиган маънан қашшоқ одамлар учун энди унинг хавотир, ётсираш олиб келиши, ўз ўзига хослиги билан ўтакаларини ёриши, албатта жуда табиий.

Муаллиф асар қаҳрамонини қамоқдан чиқиб келаётган киши сифтида тасвирлашида ҳам, назаримда зўр бир мантиқий ишора бор. Ҳар ҳолда бу менга суфийлар руҳий камолотга эришиш учун узлатга чекинганини, умуман ҳар қандай инсон ўз руҳини қутқариш учун унга ёлғизлик лозим бўлишини эслатди. Мен минбад муаллиф бу билан айнан илоҳиёт йўлини назарда тутиб фалсафа суқишни мақсад қилган, демоқчи эмасман. Айтмоқчи бўлганим, бу шунчаки муаллифнинг бошқа асараларида ҳам учраб турадиган одатий заҳархандаси, инсон руҳ эркинлиги кимлар томонидан буғилишига, инсоннинг маънавий оламини аслида кимлар хароб этишига қилган киноявий ишораси эди, холос. Ахир муаллиф адабий прёмлар орқали бош қаҳрамоннинг қамоқда ўтган ҳаёти ҳақида билдирар экан, унинг деворга охак тош ёрдамида оппоқ осмон парчасини чизганини, йилларни шу оқликка − осмон парчасига талпиниб ўтказганини айтиб ўтади. Бу гапи билан гуёки шу оқлик, осмоннинг шу бир бўлаги аслида қаҳрамоннинг қалбида мавжуд бўлганига иму-ишоралар қилади. Холбуки қаҳрамон шу девор мисолида дунёни оқликдан, покликдан иборат деб билгани, мусаффо қалби билан бунга қаттиқ ишонгани учун турмадан озодликка чиқиб шу оқликка сингиб кетишни жуда-жуда кутган эди. Унинг одамлар билан муомиласи бир мунча чекланган бўлгани боис ўзидаги поклигу-озодликнинг камёб ходиса саналишини, бундайин оқлик ва кенглик фақатгина ўзининг тоза тасаввурида бор эканини… бечора ҳали билмасди! Бунинг тасдиғи сифатида ҳикояда келтирилган мана бу жумлаларга эътиборингизни тортмоқчиман: «Шу оқликка термулсам ўзимни кўм-кўк осмонда, оппоқ булутларнинг орасида озод учиб юргандай ҳис қиламан. Термулганим сайин шу оқликка сингиб кетаётгандай бўлавераман. Эҳ, нимасини айтай, ўша деворларнинг оққа бўялган бир қулочча жой мени уч йил омон сақлади, уч йил!..» Энди эса фикрнинг давоми сифатида айтилган қуйидаги жумлаларга ҳам диққат қилинг: «Эҳ! – деди жабирдийда ниҳоят менга ўгрилиб. – Бекорчи нарсаларни гапириб ўтиришимни қаранг. Бунинг ҳаммаси бемаънилик, ўз-ўзини алдаш. Худога шукур энда ҳаммаси орқада, ҳаммаси ўтди. Мен энди озодман! Мен энди озод! Менга энди ҳеч бир оқлик − поклик керак эмас! Мен энди одамлар орасидаман! Ҳа-ҳа-ҳа…»

Жон, Бек, Қул… Мен, Сиз, У дегандай…

Шу ўринда эътироф этишни лозим кўраётганим − ўз асарларини таҳайюлида яралаган мустаҳкам проект асосида ёзадиган муаллиф ҳикоя қаҳрамонларининг номланиши борасида ҳам ажайибу-ғаройиб киноявий галерия яратган. Эслатишим лозим бўлса: купедаги йўловчиларнинг бирининг номи Жон, иккинчисиники Бек, учинчисиники Бой, тўринчисиники эса Қул эди. Буни қандай тушунмоқ мумкин? Шахсан мен шундай тушундим: бизга маълумки жамиятнинг экатойлари – “Жон”лари бўлади; яна ҳукмфармолари – “Бек”лари, тантилари ҳисобланган – “Бой”лари ёки Қуллари ҳам орамизда бор албатта. Улар узоқда эмас – ҳаётимизда; шундоққина қаршимизда ва ё… ўз сийратимизда яшаб юрибди. Фикримча, муаллиф ҳам бу рамзий ифодалар ёрдамида бутун жамиятни, бани инсониятни ўз асарига қамраб олишни истаяпти. Ахир минг афсуслар бўлсин, орамиздаги ўша Жонлар, Беклар, Бойлар… нинг ҳаммаси ҳам асарда очиб берилгани каби қайсидир маънода маҳкум, қайсидир маънода жамият ўзи ўйлаб топган ижтимоий қонунларнинг қулидир!

Хулоса ўрнида

Одатда, бирор дуруст инсон ҳақида гапирганда “ҳақиқий инсон” дея таъкидлайдилар. Бундай инсонни учратганда бениҳоя севинадилар. Мен эса… Мен ўйлаб қоламан. Хафа бўламан, ҳамда ташвишга тушаман. Ахир нима – инсон бирор буюм, матох… дейлик, пулми сохта ё ҳақиқийси бўлса?! Теранроқ назар ташласак, асли биргина шу “ҳақиқий инсон” деган иборанинг ўзиёқ инсоният ўз табиатидан қанчалик узоқлашиб кетганини, ўз ғайри тасаввурининг аллақайси пучмоқларида адашиб юрганини кўрсатиб турибди. Ана энди нима бўлади? У учун асл инсоний ҳислатлар, туйғу ва кечинмалар шубҳали-вахимали бир нарса бўлиб туйилаверади, гуёки “Қўноқ” ҳикоясида тасвирлангани каби…

Тўғри, мен юқорида мухтасаргина сўз юритганим – Луқмон Бўрихоннинг “Қўноқ” ҳикоясидан ҳикматли иқтибослар кўчириб бўлмайди. У ўз ўқувчисини ақлига зўр беришга, таъбир жоиз эса кросворд ечишга минг уриниб мажбур қила олмайди. Аммо унда қалбимизни жумбушга келтириши, кўнгил қатимизнинг ғижимланиб эсимиздан чиқиб кетган айрим бурчакларини ёзиб юбориши мумкин бўлган шундай эскирмас ҳаёт ҳақиқатлари беркиниб ётибдики, буни сиз ҳикояни синчиклаб ўқиб кўрибгина тушунишингиз мумкин.

Дарвоқе, у қадар аҳамиятли бўлмаган бир гап эсимдан чиқай дебди. Мабода ҳикояни олдин ўқимаган бўлсангизу, энди ўқиб кўрмоқчи бўлсангиз… ўқиб бўлгач худди менга ўхшаб “МЕН НЕГА БЕЗОВТАМАН ёки НИМАДАН БЕЗОВТАМАН?” деган саволни ўз-ўзингизга албатта беринг. Ишонинг, шунда сиз асарнинг мен айтишга улгурмаган ўта муҳим яна бир жиҳатини кашф этасиз.

22.05.2019

Луқмон БЎРИХОН
ҚЎНОҚ
09

Луқмон Бўрихон 1965 йил 15 февралда Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманидаги Янгиобод қишлоғида туғилган. ТошДУнинг журналистика факултетини тамомлаган (1991). Дастлабки ҳикояси — «Бегимқул катта» (1987). Шундан сўнг ёзувчининг «Ялангоёқ» (1991), «Сирли муаллим» (2006), «Хизр кўрган йигит» (2007) cингари ҳикоя ва қиссалар тўпламлари нашр этилган. «Жазирамадаги одамлар» (2005) романи муаллифи.

Уни кўрдиму юрагим орқага тортиб кетди. У тобутдек тебраниб бораётган вагон тамбурининг бир бурчида чўнқайиб ўтирар, ҳар бир ўтиб қайтувчини қон нуқси урган кўзлари билан қизиқсиниб-қизиқсиниб, бош-оёқ кузатиб қоларди.

Мен тамбурга чекиш учун чиққандим. Унга кўзим тушди-ю, сесканиб кетдим, бу ҳам етмагандай, беихтиёр саломига бош ирғаб юборибман. Бизни шу аҳволда четдан кўрган киши эски танишлар экан, деган ўйга бориши аниқ эди.

Балки у чиндан ҳам кўзимга иссиқ кўрингандир? Яўғ-э, бу нусхани биринчи марта учратишим. Балки қўрқув аралаш бош ирғаб юборгандирман?

Мен ўз қилмишимдан уялиб кетдим. Кўнглимга ҳижиллик чўкди. Одатда, таъбим тортмайдиган, иззатим кўтармайдиган иш қилганимда кўнглим шундай ғашлик уяси бўлиб қоларди.

Мен ўзимни ғирт бепарволикка олиб, лабларимга аъло нав булғор сигаретидан қистирдим. Сўнг, гугурт чақа туриб, киши билмас, ер остидан унга бир қараб олдим. У ҳамишагидек, мени ҳамон синчиклаб кўздан кечирар, зўр бир қаҳ-қаҳа отишга чоғланаётгандай лаблари аҳён-аҳёнда ёноқлари томон ёйилиб-ёйилиб кетарди.

Мен тамбурнинг қўш ойнали деразаси томон юзланиб, ўзимча ташқарини кузатаётган киши бўлдим. Афсуски, ташқари аллақачонлар қуюқ қоронғулик қаърида қолган эди. Шу боис, ойнада ўзимнинг ажабланган, ғашланган турқи-тароватимдан бошқа ҳеч нени кўра олмадим.

Қизиқ, у ростакамига қаҳ-қаҳ урмоқчимикан? Шунчалар хурсандмикан занғар? Ундай бўлса, бу сассиқ танбурда нима қилиб ўтирибди, наҳотки, шундай шодмон одамнинг купеда жойи йўқ?! Э… э, балки у телба-девонадир? Ўз-ўзидан илжаяверадиган ақли пастдир? Рос у тентак!

Менинг худди шу хулосамни тасдиқлагандай поезднинг олд томонидан паровознинг узун ўкириги эшитилди. Темир ғилдиракларнинг тарақа-туруқ овози кучайди. Вагонлар зардали-зардали тебрана бошлади. Афтидан, поезд бошқа йўлга ўтмоқда эди.

— Ака, чекишингиздан беринг.

Шундоқ ёнгинамда эшитилган товушдан чўчиб тушаёздим. Қарасам, ҳалиги нусха қимтинибгина қўл қовуштириб турибди. Унинг «ака», дейиши ёғдек ёқиб дарров, сигарет қутимни унга узатдим.

Бу нусханинг ёши, нари борса, йигирма иккиларда эди. Унинг кўпдан бери сув кўрмай ҳурпайиб кетган сочларига, кир-чир қўлларию уст-бошига қараб, дарҳол, лўли бўлса керак, деган хаёлга бордим.

У қутичамдан суғуриб олган сигаретни анча вақт эзғилаб туриб қолди; ҳойнаҳой, у ҳам, барча тилаб чекувчилардек, сигарет изидан гугурт сўрамоққа иймандётган бўлса керак. Унинг одоб сақлаб туриши менга ёқди.

Олифталарча гугурт узатдим. У шошиб гугуртни оларкан, раҳмат, деди. Жилмайди. Тамбурдаги кирланиб кетган чироқнинг хира ёруғида унинг қорамағиз юзи баттар қорайиб кўринарди. Юз-қовоқларида, бурнида бир вақтлар орттирган жароҳат излари яққол кўзга ташланиб турар эди. Назаримда, у ҳар куни дўппослашадиган урушқоқ кўчабезориларга ўхшарди.

Мен ўзимни яна бепарволикка солдим. Аммо, қанча уринмайин, қизиқишим тобора ортаётганидан унга тез-тез кўз ташлаб олардим.

Кутилмаган шеригим сўраб чекса ҳам, чакана кашанда эмас экан: уч тортишда сигаретни яримлатди. Қурмағур ҳар пуфлаганида оғиз-бурнидан бурқситиб тутун чиқарар эди. Унинг бу қилмиши мени кўп ажаблантираётган бўлса-да, негадир, андек ёқинқирамай ҳам турарди. Ахир, зиёли одамнинг олдида… яхши эмас.

Шеригим ўқтин-ўқтин лабини ялаб, кетма-кет ютиниб катта тайёргарлик кўрувига қараганда, гурунглашмоқ истарди. Лекин у сўз бошловга ботинолмасди чоғи, мен томон умидвор-умидвор кўз ташлаб қўярди. Мен эса ўзимни ҳамон лоқайдликка, совуққонликка олардим. Ниҳоят, унинг тоқати тоқ бўлди. Бир томоқ қириб олиб:

— Саёҳатга кетаяпсизларми? — деб сўради у. Мен вазмин бош ирғаб, «ҳа» ишорасини қилар эканман, ажабланганимдан шерикни беихтиёр бош-оёқ кузатиб чиқдим. Қизиқ, ёлғиз эмаслигимни қаёқдан билди у?

— Қирқ киши бир вагонда келаяпсизларми? Унинг иккинчи сўрови мени тамом довдиратди. Ахир ҳақиқатан биз қирқ киши эдик. Узоқ бир шаҳарни мўлжаллаб саёҳатга чиққандик. Тамбурдан сал наридаги купеда мен уч ўртоғим билан жойлашганман. Қизиқ, биз ҳақимизда қаердан билади у?!

Билағон шеригим хунукдан-хунук ҳомуза тортиб, яна алланимадир деди. Шу пайт чап томондан узун бир эшелон шиддат билан ўтди-ю, қулоқни қоматга келтирувчи шовқин-суронда унинг гапини тушунмай қолдим. Шундай бўлса-да, «ҳа» деб бош силкитдим.

Эшелон ваҳшат солиб ўтиб кетгач, тамбурга жиндек осойишталик инди. Бу орада кутилмаган шерик қулоқ-чаккасини кўмиб кетган сочини зўр бериб, аммо ҳузур билан қаршилади.

— Эртага эрталаб фалон шаҳарга етсак керак-а?— деб сўради у, негадир кулимсираётган кўзларини менга тикиб.

Мен елка учирдим. Тўғрисини айтсам, бу нусха мени хийла қизиқтириб қўйди. Ажаб, уст-боши бир аҳволда-ю, яна тинмай илжайишига, бошқа киши олдида ўзини эркин тутиб, нақ қучоқлаб олгудай бўлишига бало борми?

Унинг афт-ангорига энди ошкора ҳайрат билан қараб турарканман, бир пайт юрагим «шув» этди. Негалигини билмадим-у, миямда нохуш фикрлар ялт-юлт эта бошлади. Балки, бу нусха ўғридир?! Тавба, нега шу ўй эртароқ бошимга келмади-я? Оббо, қип-қизил ўғри эканлиги шундоққина кўриниб турибди-ку?! Мени гапга тутишлари бежиз эмас. Занғарнинг бошқа ерда шериклари ҳам бор-ов? Бу нусхани биз ҳақимизда маълумот тўплашга юборган улар! А-ҳа, манови, афтидан, бизникилардан ким биландир гаплашган ҳам…

Гўё шубҳаларимни тасдиқлагандай, бир маҳал, кутилмаган шерик яна сўроқ қилиб қолди:

— Биринчи купеда бошлиқларингиз борми, дейман? Назоратчи нуқул ўша ерга чой ташийди.

Мен билинар-билинмас бош ирғар эканман, баттар хавфсирардим. Аммо, тан олиш керак, тафтишчининг гап оҳангида ҳеч бир қароқчилик аломатлари сезилмасди. У ҳаддан ташқари илиқ муносабатда бўлар, тамакидан сарғайиб кетган тишларини кўрсатиб, тинмай табассумлар ҳадя этар эди. Кўрган киши, хоҳласа-хоҳламаса, икки оғайни узоқ айрилиқлардан кейин учрашиб қолганлар, деб ўйларди.

Бироқ, унинг бари соф — самимий муомалаларини мен ўз шубҳаларимга ем қилар, манов нусхага ишонмасликка ўзимни-ўзим даъватлар эдим. Тўғри-да, ўғри ҳеч қачон, «мен — ўғри» демайди-ку? Илжаяди, хўмраяди, ишқилиб, ўзини кўнгли тоза, самимий кўрсатмоққа тиришади. Иш пишгач, шартта бўйнингга пичоқ тирайди. Ана, кейин кўраверасан ҳар икки гапида «ака» дегувчи мулойим супургининг ҳунарларини!

Поезд шитоб билан елиб бормоқда. Вагон ва темир «туёқ»ларнинг шарақа-шуруқ, тарақа-туруқ қилиши асаб торларини ғоят таранглаштирарди. Бу томонларга аввал йўлим тушмаганлиги сабаб қай бир манзилда кетиб бораётганимизни билмасдим. Боз устига, вақт кеч — ҳуфтон маҳалига яқин бўлиб, тамбур деразаси ортида қоп-қора қоронғиликдан бошқа ҳеч нарса кўзга ташланмайди.

Кутилмаган шерик тамбурни обдон қараб чиқаркан, бир пайт:

— Бу ерни нимага ўхшатасиз, ака? — деб сўради. Мен одатдагидай елка қисдим. Лекин номига бўлса-да атрофимга кўз югуртирдим.
Ҳамма матоҳи темир-терсакдан бўлган оддий вагон тамбури. Тепада хира чироқ. Оёқ остида сигарет қолдиқлари, қоғоз, латта бўлаклари сочилиб ётибди. Кўкиш рангга бўялган темир «девор» — тамбурнинг нақ ҳурмат китоби деб ўйлайсиз. Унга кимлардир ўз исмини, шаҳрининг номини ҳафсала билан ўйиб ёзган. Ҳатто яна аллаким нўноқларча юрак ва найза тасвирини ҳам туширибди, анъанага хилоф равишда найзанинг икки учига катта-катта ҳарфлар ёзишни унутибди. Ким билади, балки шошиб тургандир?

Ҳалиги нусха ҳануз ишшайиб, мендан кўз узмай жавоб кутарди. Мен лабимни чўччайтириб яна елка учирдим. У эса чекиб тугатган сигарети қолдиғини оёқлари остига ташлаб эзғилади-да, чопиб бориб, ўша жойига боягидай чўнқайиб ўтирди. Тиззаларига икки тирсагини қўйиб, рапидадек қўлларига иягини тираб, менга кулимсираб қараркан:

— Энди-чи? Энди нимага ўхшатаяпсиз? — деб сўради у. Гўё бу лаънати тамбур нимага ўхшашини билмоғим шартдай.

Мен бепарво сигарет тортдим. Унинг ўзини талабчан отадек тутиши менга ёқмаётган эди. Оғиз-бурнимдан чиқаётган қуюқ дуд ачиштирган кўзларимни ярим юма туриб яна бош чайқадим.

— Турма. Бир кишилик камерага ўхшайди, — деди у ўрнидан туриб, — ё нотўғрими?

Мен унинг сўровларига жавоб бермоқни ўзимга эп билмасдим. Аммо кўнглимнинг қай бир бурчида эзмавойга нисбатан илиқлик силқиб чиқмоқда, бояги гумонларим табиатимга бўйсунмай, асов айғирдек орқага тисарилмоқда эди.

— Уч кун олдин қамоқдан чиқдим, — деди у ботинмайгина.

Мен нима деяримни билмай қолдим. Ахир, қамокдан қутулган одамни биринчи марта учратиб турибман. Нима қилай, табриклайми, «балли, сизга» дейми, ё «об-бо-о, чатоқ бўпти-ку», деб ачинган бўлайми?

Бўғзимдан маънисиз «э» деган қисқа ва заиф товуш чиқди. Жабрдийда бу маҳал хира чироққа термулиб турарди.

— Турмани одам боласи кўрмасин экан, ака, — деди у қулт этиб ютиниб. — Одам боласи кўрмасин…

Шу лаҳзадаёқ кутилмаган шерикнинг кўзларига хаёлчан маъюслик бостириб кирганини пайқаб қолдим. У устма-уст хўрсинди-да, менга яна жилмайиб қаради:

— Энди ҳаммаси орқада. Ана энди… — жабрдийда шундай деди-ю, бақувват қўлларини негадир мушт қилди. Билмадим, нега, балки бирортасини «ана энди» дўппослар, балки «ана энди» мустаҳкам бўлганини кўрсатмоқчидир?

Мен чекиб бўлинган сигарет қолдиғини оёқларим остига ташлаб, шошилмай эзғиладим. Кутилмаган шерик кетмоққа шайланаётганимни кўриб бир чўчиб тушгандай бўлди, йўқ, ростдан ҳам чўчиб тушди у!

— Боя, — деди ажаб нусха шошилинч томоқ қириб оларкан, — чўнқайиб ўтирганимни кўриб ҳайрон қолгандирсиз. Тентак бўлса керак, деб ўйлагандирсиз, тўғрими?

Мен зўраки илжайдим. Тентаквой эса яна чопқиллаб бориб ўша жойига чўнқайиб олди. Илжайди.

— Қамоқда, — деди у яна кўзларини хира чироққа қадаб, — тонггача шундай ўтирардим. Мени кўпинча бир кишилик камерага қамашарди. Камеранинг бир бурчагида шундай ўтириб тонгни кутардим. Эҳ…

У шундай деди-ю, сиқиб, сўнг қўйиб юборилган пружинадай сапчиб ўрнидан туриб кетди.

— Эҳ, — деди у эҳтирос билан қўл силтаб, — энди ҳаммаси орқада. Энди елкамнинг чуқури кўрсин у камера-памерасини. Мен энди… мен энди…

Ажаб нусха роҳатланиб керишди. Кўзларини сузиб жилмайди. У айни чоғда қорни тўйган гўдакка ўхшаб кетган эди.

Мен ҳам вазмин бош ирғаб илжайиб кутилмаган шерикка ҳамқувончлик кўрсатган бўлдим. Аммо, кўнглим нимадандир ғаш эди.

Мен кетиш ниятида, вагон эшиги томон бир қадам ташлаб хайрлашув учун энди қўл чўзмоққа шайланганимда у яна шоша-пиша гап бошлаб қолди.

— Ҳалиги, — деди у, мени суҳбатга қизиқтирмоққа жон-жаҳди билан ҳаракат қилиб. — Ҳалиги… мен камерада шунчаки чўнқайиб ўтирмасдим. Қаранг…

У шундай дедию чўнтагидан газетага ўроғлик оҳак бўлагини чиқарди. Ажаб, у чўнтагида доим оҳак бўлаги олиб юрарканми? Ё вагон назоратчисининг челагидан топганми? Балки бирор станциядан, поезд тўхтаган чоғи териб олгандир, ким билади дейсиз?

— Ҳозир, ҳозир… — лўливой шундай деди-ю, ҳалиги ҳурмат китобига айланиб кетган тамбур деворини шошиб, ютоқиб бўяшга тушди.

Мен унинг ҳар бир хатти-ҳаракатини кузатарканман, ҳайронлигим тағин кучайди. Қизиқ, намунча менга ёпишиб олди бу нусха? Негадир тамбурдан кетишимни ҳеч истамаяпти? Унинг «кетма» дегандек ёлвориб қарашлари, бошимни айлантирмоққа ўлиб-тирилишлари, негадир ботқоққа чўкаётган одамнинг дуч келган хас-хашакка ёпишишини эслатиб юборарди. Об-бо, ғоят антиқа чиқиб қолди-ку бу оғайним.

У ҳаш-паш дегунча ишини тугатди. Афтидан, у бундай майнавозларча бўёқчилик билан жуда кўп шуғулланган кўринади.

— Қаранг, — деди майнавоз, оҳак юқи бўлган қўлларини пуфлаб тозаларкан. — Қаранг, ака, жуда зўр бўлди бу гал, кутмагандим.

Мен икки қадам олға юриб у ишора қилган жойга қарадим. Кўрдимки, ўша — ўйиб-чизиб ташланган тамбурнинг «девори» оппоқ тусга кирибди. Темир девор оқ — оппоқ эди.

Мен ҳеч вақога тушунолмай ажиб нусхага ўгирилдим, У худди мушкулимни осон қилиб қўйгандай, оғзи қулоғида, талтайиб турарди. Сўнг, менинг ҳайрон қотганимни кўрди-ю, шошилинч тилга кирди:

— Қаранг, яхшилаб қаранг, ака. Нимани чиздим мен. Унинг ҳаддан ташқари эзмалиги нақ ҳиқилдоғимга келган бўлса ҳам яна бир карра қизиқиш билан оппоқ гемир деворни кўздан кечириб чиқдим. Аммо, бу лаънати бўёқчиликдан ҳеч қандай маъно уқа олмадим.

Менинг жуда қийналиб кетганимни, сабр косам тўлиб-тошаётганини эзма дарров пайқаб олди. У кетиб қолишимдан чўчиди шекилли, ҳовлиқа-ҳовлиқа илтифот қила бошлади:

— Чўнқайиб қаранг, ака, чўнқайиб. Анови — мен утирган жой қулайроқ, тортинманг, чўнқаяверинг.

Шу чоғ тамбурда башанг кийинган қандайдир кимса лайдо бўлди. У беш-олти вагондан ўтиб келаётган бўлса керак, билинар-билинмас ҳансирар, юзига қизиллик тепганди.

Ўткинчи бизнинг вагон томонга зипиллаб ўтаркан, ҳаяжонда тинмай типирчилаётган ажаб нусхага, оппоқ девор ёнида гангиб турган — менга қизиқувчан нигоҳини бир-бир қадаб олди. Ҳатто кинояли ишшайгандек ҳам бўлди. У бизни тамбурга амал-тақал қилиб, илашиб олган дайдилар, деб ўйлади чоғи.

Ажаб нусха, гўё қадрдон ошнасини кўриб қолгандек, ҳеч бир тап тортмай, ўткинчига устма-уст кўз қисди. Бу ҳам етмагандек, изидан «даврамизга марҳамат», деди қўлини кўксига қўйиб.

Мен бошим қотган бир аҳволда турган бўлсам-да, унинг таклифидаги самимий лутфни илғаб қолдим! У етти ёт бегонанинг олдида ҳам ўзини элга ош бераётган, қўли очиқ, кўнгли кенг бойвачча мисол тутиши мени қандайдир завқлантириб юборди ва беихтиёр пиқ-пиқ кула бошладим.

Эзманинг лутфи карами, менинг ҳиринглашим бир сония бизга анграйиб қолган ўткинчининг кўнглига ғулу солди, ҳойнаҳой, у зинғиллаб вагон ичкарисига уриб кетди. Афтидан, у қимматбаҳо кийимию сўлкавой лиқ тўла ҳамёнини биздан қизғанди. У олий зот энди тонг отгунча бу тамбурдан қайтиб ўтишга ботинолмас-ов.

Ўткинчи кўздан йўқолиб, вагон эшиги қарс этиб ёпилди-ю, мен дарҳол ўзимга келдим. Бемаъни бир жумбоққа бемаъниларча бош қотириб ўтирганимдан уялиб кетдим. Устига устак, ҳалиги ўткинчининг масхараомуз ишшайгани кўз олдимга келиб кетди-да, иззат-нафсим кўзғолиб, ажаб нусхага аччиқланганнамо ўқрайиб қарадим. У ҳам портлашим яқинлигини сезди шекилли, эгардан тушмаса ҳам ҳар қалай отдан тушиб гап бошлади:

— Майли, ака, овора бўлманг. — Унинг овози энди бироз ҳорғин ва руҳсиз эшитиларди. — Майли, ўзим тушунтираман. Бу сизга қандай билмадим-у, лекин менга жуда оддий.

Эзма ўз бурчагига бориб яна чўнқайди-да, бир-икки ютиниб олгач гапида давом этди:

— Камера деворини ҳам шундай оққа бўярдим-да, тонг отгунча термулиб ўтирардим. Ҳеч чарчамасдим. Мумкин, сизга кулгилидир, мумкин, мени тентакка чиқарарсиз, лекин барибир гапиравераман.

Ажаб нусха шартта ўрнидан турди-да, ўша бўялган жойига яқинлашди.

— Шу оқликка термулсам ўзимни кўм-кўк осмонда, оппоқ булутларнинг орасида озод учиб юргандай ҳис қиламан. Термулганим сайин шу оқликка сингиб кетаётгандай бўлавераман. Эҳ, нимасини айтай, ўша бетон деворларнинг оққа бўялган бир қулочча жойи мени уч йил омон сақлади, уч йил!..

Жабрдийда ҳар бир сўзини сарғайган тишлари орасидан суғириб-суғириб гапираркан, менга бир марта ҳам қарамади. У фақат ўша — бўялган жойга тикилиб турарди. У, гўё мени унутган, мутлақо унутган эди!

— Эҳ, — деди жабрдийда, ниҳоят, менга ўгирилиб. — Бекорчи нарсаларни гапириб ўтиришимга қаранг. Бунинг ҳаммаси бемаънилик, ўз-ўзини алдаш. Худога шукур, энди ҳаммаси орқада, ҳаммаси ўтди. Мен энди озодман! Мен озод! Менга энди ҳеч бир оқлик — поклик керак эмас. Мен энди одамлар орасидаман! Ҳа-ҳа-ҳа…

Ажаб нусха қувонч ва эҳтирос билан елкамдан қучди. Унинг танидан анқиётган қўланса ҳиддан жирканибми, ё шунчаки чўчибми — беихтиёр орқага тисарилдим.

Ажаб нусха ҳамон тинимсиз алжирарди:

— Камера-памерасини ҳам, оқ деворини ҳам елкамнинг чуқури кўрсин. Энди жиннига ўхшаб чўнқайиб ўтириш йўқ, энди фақат шахдам қадамлар…

У шундай дедию тамбурни гумбурлатиб, икки-уч қадам ташлади. Мен унга шоша-пиша йўл бера туриб вагон эшигини қия очдим. Охири, елимдек ёпишиб олган бу нусханинг олдидан тезроқ кетишга узил-кесил қарор қилгандим.

— Ака, йўл бўлсин? — деб сўради у писмиқланаётганимни сезиб.

Мен зўраки илжайдим:
— У ёқда… дўстлар кутиб қолишди.

— Мени купенгизга таклиф қилмайсизми? — деб сўради ёпишқоқ аллақандай нозланган, эркаланган оҳангда.

Унинг жиддий ё ҳазил гап қилганини билолмай саросимада қолдим. Наҳотки жиддий — сурбетлик қилаяпти? Йўғ-э, ҳазиллашаётгандир? Жиғимга тегмоқчидир, ярамас?!

Негадир унинг таънали сўровлари менга ҳазилдай туюлди-ю, у барибир бормайди, деган умидда шер бўлиб:
— Марҳамат, — дедим олифталарча қучоқ кериб. Аммо кароматим чиппакка чиқди. Ёпишқоқ ташаккурона бош ирғаб изимдан эргашди. Мен сипогарчилигимдан қаттиқ пушаймон бўлдим. Начора, энди кеч эди.

Поезд пишқириб, ҳаллослаб елгани-элган. Вагон асабий-асабий чайқалмоқда.

Биз купега кириб борганда ўртоқларим ҳали ухлашмаган экан. Юқоридаги икки жойда Бой билан Жон чўзилиб олишган. Бой аллақандай расмли журнални суқланиб томоша қилмоқда. Жон эса олифтагарчиликка кўтариб юрадиган қалин китобни варақлагани-варақлаган. Пастки икки жойдан бирининг эгаси менинг қўшним Бек одатдагидай алмисоқдан қолган магнитофонини титкилаб ўтирибди.

Улар менинг жуфт бўлиб қолганимни кўриб, бир зум анграйиб қолишди. Мен айбдорона илжайдим. Сўнг шеригимни ўтирмоққа ундай туриб, кескин масхараомуз оҳангда:

— Танишинглар, бу киши бизнинг ошно, — дедим. Шу билан гўё келган меҳмон ҳеч бир эътиборга лойиқ эмаслигини дўстларимга ошкор қилган бўлдим.

Меҳмон ўзини тантанали учрашувда деб ҳис қилди чоғи, қўйиб берса ўтирганларнинг ҳар бири билан қучоқлашадаган даражада ҳаяжонланиб, саломлашувга тутинди.

Бой билан Жон ётган жойларидан эринибгина қўл чўзишди. Бек эса кўриша туриб, ўрнидан хиёл қўзғалиб қўйди ва яна ўз юмушига шўнғиб кетди.
— Бу киши — Бек, буниси — Бой, буниси — Жон, — дедим ҳар бир дўстимни қўноққа кўрсатиб. Аммо шу пайт танишимнинг исмини ҳалигача билмаслигим, у ҳам меникидан бехабарлиги лоп этиб ёдимга келди-ю, оз-моз мулзам тортиб қолдим. Лекин гапимнинг охирини усталик билан ҳазилга буриб юбордим:

— Мен эса — ўша-ўша Қулман.

Афтидан, шу орада қўноғимиз ҳам ўзини таништирмаганини эслаб қолди шекилли, дарров ўз исмини тилга олди.

Биз ҳалигача бир-биримизни билмаслигимизни пайқаб қолган Бой билан Жон пиқ-пиқ кулишдилар. Ишга астойдил берилиб кетган Бек эса гап нимадалигини билолмай ҳаммамизга бир-бир анграйиб чиқди.

Ажаб нусха кулгиларга кўп ҳам эътибор бермай, гўё ўзининг юз йиллик уйига киргандек бемалол жойлашиб оларкан, яғир курткасининг занжирини шиғиллатиб пастга тортиб қўйди. Одатдагидай, тинимсиз илжайишда давом этди.

Орага жимлик чўкди.

Дўстларим ўзларини ғирт лоқайдликка солишаётган бўлса-да, аммо меҳмон билан ғоят қизиқиб туришганини пайқаш қийин эмас эди. Хусусан, Бекнинг аҳён-аҳёнда бир менга, бир меҳмонга кўзини лўқ қилиши, тепада ётганларнинг хийла бесаранжомлашиб қолуви уларнинг мақсадини ойдинлаштириб турарди.

— Бу киши, — дедим мен сўйламоққа қандайдир эҳтиёж сезиб, — кўп қийинчилик кўрибди. Уч кун олдин қамоқдан чиқибдилар.

Шундай дейишим биланоқ юқоридаги иккала калла бараварига эгилиб бош-оёқ синчиклаб кузатиб чиқди.

Қўноғимиз уларнинг жунбушга келиб қолганини ўзи-ча тушунди шекилли, худди, кўп катта юмушни тиндириб келгандай, камтарона илжайиб, мисоли саҳнадаги артистлардек, бошини уч-тўрт силкитди.

— Биз жуда иноқ бўлиб олдик, — деб гапда давом этдим мен. Бироқ шу лаҳзадаёқ қаршимдаги юқори жойда ётган Бойнинг ғазаб билан уюлаётган қовоқ-тумшуғига ногоҳ кўзим тушди-ю, дамим ичимга тушиб кетди. Уники камдай, Бек ҳам чақчайган кўзлари билан меҳмонга таҳдидли ишоралар қилди. Бу — унинг «йўқот мановини!» дегани эди.

Тепамда ётган Жон ҳам умумий безовталикдан четда қолмай, устма-уст маъноли томоқ қирди.

Мен анча шошиб қолгандим. Аллақачонлар тумандек тарқаб кетган шубҳаларим қора булутларга айланиб, ваҳима билан яна бостириб кела бошлади. Ахир, манови учови ахмоқ эмасдир? Шулар ҳам бир нарсани сезишганки, тинчини йўқотишди? Об-бо, нега ҳам бошлаб келдим-а, бу шилқимни?

Шилқим эса купедаги нохуш ола-тасирдан бехабар Бекнинг магнитофон тузатишини иштиёқ билан кузатиб ўтирарди.

— Роса қийнабди-ку, — деди у астойдил ҳамдардлик билан. — Янгимиди?

Бек унга шубҳали бир қараб оларкан:
— Кўрмаяпсизми титилиб кетганини, — деди истамайгина.

Меҳмон Бекка таънали бир тикилиб олгач, менга ўгирилди. Унинг қаттиқ хафа бўлгани юз-кўзидан шундоқ билиниб турарди.
Мен ҳамон ўз ёғимга ўзим қоврилиб, шубҳаю гумонларнинг аёвсиз ҳужумларидан гарангсиб турардим, Устига-устак, дўстларимнинг совуқ қарашлари танаффус билмас эди.

Мен ахийри меҳмондан тезроқ қутулиш пайига тушиб қолдим. Бунинг бирдан-бир йўли тўмтайиб олиш, у билан гаплашмаслик деган фикрга бордим ва ўзимни қаттиқ ҳориганга сола бошладим.

Шу орада Бек магнитафонини асабий йиғиштирди-да, емак столчасининг устига тарақлатиб қўйди. Сўнг ўз жойига ётмоққа ҳозирлик кўра бошлади. Унга тегишли ўриндиқнинг бир чеккасида ўтирган меҳмон шоша-пиша мен томонга кўчди.

Бой билан Жон ҳам аллақачон ўзларини ухлаганга солиб олишди.

Вагон бир маромда тебранмоқда. Темир ғилдиракларнинг шовқини авж пардасига кўтарилган. Купенинг кенг деразасидан қоронғулик ваҳима солиб турибди,

Ним ёруғ купеда фақат икковлон ҳурпайишиб қолган мушуклардек сукут сақлаб ўтирибмиз. Гўё гурунгбозликка ҳеч бир гап-сўз йўқдай. Аслида-ку, ичим тўла саволлар. Хусусан, унинг қачон қамалгани, нима учун қамалгани, қамоқхона ҳаёти мени жуда-жуда қизиқтирарди. Лекин бу нусханинг тезроқ даф бўлишини истаб турганимдан, бирор нарса сўрамоққа ҳеч ботинолмас эдим. Ахир, бу қурмағур лўлибашаранинг бир гапдони очилиб кетса қутулиб бўладими ундан?!

Қўноқ бир маҳал қаршимиздаги юқори ўриндиққа кўз ташлаб:

— Ака, тилла соатингиз неча бўлди?— деб сўради Бойдан. Афтидан, у Бойни ухламай ётганини сезиб, дўстона суҳбатга тортган, ҳатто суҳбат завқли бўлсин дея «тилла» сўзини атай ҳазил учун қўшган эди.

Бой эса гумонларга лиммо-лим кўзини унга эмас, негадир менга қадаб қўполдан-қўпол тўнғиллади:

— Тилла соат бузуқ.

Қўноқ ҳорғин ва хафаҳол илжайиб менга қаради. Мен ўзимча вазиятни юмшатган бўлиб:

— Бечоралар чарчашган, — деб минғилладим. Аммо қоп-қора деразага маъюс тикилиб турган меҳмон гапимни мутлақо эшитмади.

— Қарта ўйнаймизми? — деб сўради у бир-икки дақиқадан сўнг қўлини курткасининг чўнтагига суқиб. Мен шоша-пиша бош чайқадим:

— Йўқ, йўқ, ўйнашни билмайман.

У қўлини чўнтагидан олмай, бир зум ўйланиб турди-да:

— Сизга зўр-зўр фокус кўрсатаман, хўп? — деди. Мен гап тополмай елка қисдим.

Қўноқ чўнтагидан ҳали кам ўйналгани билиниб турган бир тўп қарта чиқарди-да, устамонлик билан чийлай бошлади. Унинг тарашадек қўллари шундай тез айланардики, нақ машина моторининг парраги дейсиз. У мисоли гармон чалаётгандек ҳар қулоч керганда қарталар пружинадек эшилиб-эшилиб, чўзилиб кетар, ҳатто шиғ-шиғ этган ёқимли овоз ҳам чиқарар эди.

Мен шунчалар қалтис ҳаракат чоғи ҳам қарталарнинг сочилиб кетмаётганини кўриб ҳайратга тушардим.

Ниҳоят, у тилга кирди:

— Манави, — деди у эркак туширилган бир дона қартани нақ тумшуғимга тиқиб, — «Приступник № 1». Сиз яхшилаб кўриб олинг, лекин мен кўрганим йўқ, тўғрими?

Мен тасдиқладим. Қўноқ «приступник»ни яна қарталарга аралаштириб ташлади-да, яна бир қартани қўлимга кўндаланг қилиб:

— Манови, — деди, — унинг севгилиси. Яхшилаб кўриб олинг, ака.

Мен ярим-яланғоч аёл тасвирланган қартани эслаб олганимга, фокусчининг ўзи бу қартани ҳам кўрмаганига яна бир карра ишонч ҳосил қилганимдан сўнг у «маҳбуба»ни ҳам тўпга қўшди. Кейин боягидан-да чапдастлик билан қарталарни чийлаб, пружинадек чўза бошлади.

— Ҳозир, — деди у чўғдек порлаётган кўзларини ёнга қадаб, — «Приступник № 1» соқчини гум қилиб, қоровул бошлиқларини отиб ташлаб, қамоқхонадан қочиб кетади ва ўз севгилисининг бағрига эсон-омон етиб олади. У бахтли бўлади, у бахтли бўлади!

У охирги сўзларини оғзидан тупук сачратиб такрорлар экан, кўзларини купенинг қоп-қора деразасига бурди. Афтидан, у бизни буткул унутган эди!

Қўноқ эҳтирос билан гапириб, қарталарни яшин тезлигида аралаштираркан, назаримда, у гоҳ афсун ўқиётган жодугарга, гоҳ киноларда кўрганим — сим тўсиқлараро судралиб бораётган, кўзларида қатъий ишонч балқиб турган маҳбусга жуда-жуда ўхшаб кетарди.

Охири қартабоз чарх уриб айланаётган қарталарнинг ичидан бир жуфтини олдимга ташлади-да, тинчиди-қолди.

Мен жуфтларни қизиқиш билан ағдариб кўрдим-у, ажабланганимданми ё завқим жўшиб кетганиданми ҳе-элаб кулиб юбордим. Булар — ўша «ошиқ-маъшуқ» қарталар эди.

Шу орада ғужанак бўлиб ётган Бек уёндан-буёнга маъноли ағдарилди. Мен дарҳол ўзимга келиб, сал бўлмаса «вазифам»ни унутаёзганимни сезиб қолдим.

Яна кўнглим безовталана бошлади. Қўноғимиз эса қарталарни ўз ҳолича чийлаб маъюс ўтирар, бизга кўп ҳам эътибор бермас, чамаси ниманидир кутмоқда эди!

Мен энди пайти етганини пайқаб, ёстиғимни уён-буёнга сурдим. Хайрият, имо-ишораларим зое кетмади.

— Узалмоқчимисиз?—деб кескин сўради меҳмон тўсатдан ва жилмайди. Бироқ унинг бу галги табассуми ҳийла синиқ ва ширасиз эди.

Мен уқувсизлик билан ишшайиб пешона қашладим. Қўноқ мени бир қур кўздан ўтказди-да, чаққонлик билан ўрнидан қўзғалди.

— Бўпти, бизга рухсат энди, — деди у хайрлашувга қўл узатиб. — Раҳмат, ака, ҳангомалашиб келганингиз учун.

Меҳмон кетишга шайлана туриб, дўстларимга қарата:
— Кечирасизлар… — деди қуруққина қилиб.

Зум ўтмай купе эшиги шиғиллаб очилдию ёпилди. Мен турган жойимда серрайиб қолдим. Эшик ёпилиши билан Бек жойидан сакраб турди. Бой билан Жон ҳам оёқларини осилтириб олдилар.

— Уфф, кимни эргаштириб келдинг, а? — деб сўради Бек кўзини лўқ қилиб.
— Инсонпарвар, — деб тўнғиллади Жон юқоридан иҳраб тушар экан.

Мен шундай таъналар тошбўрони остида яна бир карра айбдорона илжайиб жойимга чўкдим.

— Ювуқсизнинг қип-қизил ўғрилиги башарасидан билиниб турибди-ку?! — деди аллақачондан бери тепамда қоққан қозиқдай бўлиб турган Бой.

Мен ўзимни оқламоққа бир-икки ҳаракат қилгандим, улар аёвсиз қайириб ташлашди. Ноилож, дамим ичимда, миқ этмай туравердим.

— У ёлғиз эмас, — деди жиддий таҳликага туша бошлаган Бой. — Уни атай, разведкага юборишган.

Бек унга илова қилди:
— Ярамаслар, доим саёҳатчиларни пойлаб юришади-да.

— Купега бегонани киргизманглар, деб Палончаев қанча тайинлаган эди-я… — деди Жон ҳам ўйчан бир қиёфада.

Бўлиб ўтган кўнгилсиз воқеа муҳокамаси тўртовлон ўртасида гуруллаб ёна кетди.

— Магнитафонга еб қўйгудай қаради-эй…
— Купени зимдан кузатишини кўрдингми?

— Сенинг соатинг тилла кўриниб кетдими дейман, ҳе-ҳе-ҳе…
— Уккағар, жуда қув кўринади-я?

— Қарта чийлашига беш кетдим-да…
— Бу ҳам бир айёрлик-да…

— У ҳам ҳозир шериклари билан маслаҳат қилиб ётгандир?
— Палончаевга айтсакмикан?

— Э, қизиқмисан, бир камимиз ўша жирраки бошлиғингдан сўкиш эшитишми?
— Энди нима қилсак-а?

— Энди нима қилсак-а? Шубҳалар-гумонлар, ташвишли шивир-шивирлар, жиддий маслаҳатлар ярим соатча чўзилди.

Мен ҳам уч-қуйруғи йўқ хавотирлар чангалида, миқ этмай, игна устида ўтиргандай ўтирар, дўстларимга умидвор тикилар эдим.
Ниҳоят, маслаҳатлар пишди. Биз шу тунда муқаррар ҳужум қиладиган босқинчилар билан беомон олишувга қарор қилдик.
Вақт ҳам алламаҳал бўлиб қолганди.

Биз ёстиқларимиз тагига ичимликлардан бўшаган тўрт-беш шишани бостириб, жой-жойимизга омонат-омонат чўзилдик. Аммо уйқу қаёқда, дейсиз. Хийла пайтгача ўғрилар, талончилар, қотилликлар ҳақида гурунглашиб ётдик.

Поезд вишиллаб, халлослаб елгани-элган. Темир «туёқларнинг тарақа-туруқи ҳориган вужудларни баттар ҳоритиб, асабларни раҳмсиз эговлайди. Дераза орти зим-зиё зулмат. Поезд ҳойнаҳой улкан бир даштлик бўйлаб кетиб борар эди.

Менинг ниҳоятда чекким келарди. Шерикларим таҳликали тўлғона-тўлғона жимиб қолишди. Афтидан, сал-пал мизғиётган бўлишса керак.

Мен охири чидаёлмай ўрнимдан турдим. Сигарет қутимни, гугуртимни пайпаслаб топдим-да, ташқарига чиқмоққа шайландим. Кўнглим алланечук хижилликка тўлиб турарди.

Купе эшигини шиғиллатиб очганимда дўстларим дарҳол бирин-кетин бош кўтаришди. Мен кулгу билан уларни тинчлантирган бўлдим.

Вагон йўлагида ҳеч ким кўринмасди.

Мен тамбур томон йўналдим…

Ногоҳ унга кўзим тушдию, қаттиқ сесканиб кетдим.

У яна ўша ўзининг иприсқи бурчагида чўнқайиб ўтирар, кўзлари бир нуқтага — ўз қўли билан оққа бўяган ўша тамбур «девори»га маъюс қадалганди.

Ажаб нусха мени кўрмади. Ё кўрса ҳам заррача эътибор бермаган эди…

Мен тамбурда бир зум каловланиб тургач, бу ерда чекиш хийла ўнғайсизлигини англаб, секин изимга қайтдим.

Унга яна беихтиёр кўзим тушди. У ҳамон чўнқайиб ўтирар, ўша бўялган жойга толиқмай тикилар эди. Ажаб нусха худди шу ўтиришида қушга ўхшарди. Ҳа, баҳайбат, мағрур қушга ўхшар эди! У, назаримда, ўзининг бепоён оқлик ўлкаси томон мангу парвозга шайланаётгандай туюлди.

Поезд ўкириб шиддат билан елиб борар эди.

   Uni ko’rdimu yuragim orqaga tortib ketdi. U tobutdek tebranib borayotgan vagon tamburining bir burchida cho’nqayib o’tirar, har bir o’tib qaytuvchini qon nuqsi urgan ko’zlari bilan qiziqsinib-qiziqsinib, bosh-oyoq kuzatib qolardi…

Bayram Ali
“QOR ODAMI”
yoxud siz nega bezovtasiz?
09

«Sof vijdon, oliyjanob tuyg’ular bilan yashab jamiyat tomonidan qoralangan, jamiyat yuz o’girgan yorug’ yuz odam, qaydasiz?!»
Feador Dostoyevskiy

Biror ishni qilmoqchi bo’lsak, avvalo “odamlar nima derkin?” degan savol xayolimizdan o’tadi. Vijdon hukmi bilan odamlar fikrini chalkashtirib yuborayotganimizni esa gohida sezamiz, gohida sezmaymiz. Deyarli har bitta insonga xos bunday ichki mahkumlik. Faqat qaysi birimizda oshkora bo’lsa, qaysi birimizda pinhona. Eng yomoni − bunday mahkumlikdan holi odamlardan jamiyat xafsiraydi, yotsiraydi, ba’zida tentakka chiqaradi. Albatta bu narsa jahon adiblari va faylasuflari tomonidan necha ming yillardan beri o’rganilib kelinayotgan umumbashariy xodisadir. Jumladan, o’zbek adabiyotining atoqli adiblaridan biri Luqmon Bo’rixon ham “Qo’noq” nomli hikoyasida o’z badiiy tafakkuri orqali aynan shu muammoga munosabat bildirgan, ta’bir joiz bo’lsa, inson va uning xarakteri oid yangi bir gap ayta olgan.

“Qor odami”

Avvalo, hikoya voqealarini yodingizga solib o’tsam. O’qirman eslasa, hikoya “Uni ko’rdimu, yuragim orqaga tortib ketdi” degan jumlalar bilan boshlanadi. Roviy vagon tanburida birinchi uchratishdayoq hikoya qahramonidan cho’chiydi. Qahramonning o’zini tutishi, butun hatta-harakatlari allaqanday shubhali, allaqanday g’ayritabiiy bo’lib tuyiladi. Keyinchalik uni o’z kupedoshlari yoniga boshlab borganida, kupedagi boshqa insonlarda ham kuzatiladi bunday ruhiy kechinmalar. Ya’ni qo’noq kupedagi barcha yo’lovchilar uchun “Qor odami” kabi qiziqarli va noyob bir mavjudotga aylangan bir paytda, negadir u atrofidagilari uchun bezovtalik ham olib keladi. Bu yerda shubhasiz gap uning uch kun oldin qamoqdan chiqqanida emas. (Agar u uch kunmas, hozirgina qamoqdan chiqqan taqdirida ham boshqa barcha insonlar kabi jo’n bir odam bo’lganida, kishilar oldida qo’lini qovushtirib odatiy bir ko’rinishda hozir bo’lganda, balki kupedoshlarni bu qadar cho’chitmagan bo’lardi. Aksincha, unda kupedoshlar Qo’nog’imizni o’z davralariga bajonudil qo’shgan, u bilan hasratlashib, kiftiga qoqib dalda bergan bo’lishlari mumkinligi ham ehtimoldan holi emas.) Hammma balo shunda ediki, u barcha qatori odam bo’lmay − qurmag’urning ma’naviy qarashlari jamiyatning umum tushunchaga aylanib ketgan nomukammal qoidalarini chetlab o’tgan, ruhi esa ozod qush misoli erkin bir kimsa edi. Bunday ichki ozodlikni tasavvur eta olmaydigan ma’nan qashshoq odamlar uchun endi uning xavotir, yotsirash olib kelishi, o’z o’ziga xosligi bilan o’takalarini yorishi, albatta juda tabiiy.

Muallif asar qahramonini qamoqdan chiqib kelayotgan kishi siftida tasvirlashida ham, nazarimda zo’r bir mantiqiy ishora bor. Har holda bu menga sufiylar ruhiy kamolotga erishish uchun uzlatga chekinganini, umuman har qanday inson o’z ruhini qutqarish uchun unga yolg’izlik lozim bo’lishini eslatdi. Men minbad muallif bu bilan aynan ilohiyot yo’lini nazarda tutib falsafa suqishni maqsad qilgan, demoqchi emasman. Aytmoqchi bo’lganim, bu shunchaki muallifning boshqa asaralarida ham uchrab turadigan odatiy zaharxandasi, inson ruh erkinligi kimlar tomonidan bug’ilishiga, insonning ma’naviy olamini aslida kimlar xarob etishiga qilgan kinoyaviy ishorasi edi, xolos. Axir muallif adabiy pryomlar orqali bosh qahramonning qamoqda o’tgan hayoti haqida bildirar ekan, uning devorga oxak tosh yordamida oppoq osmon parchasini chizganini, yillarni shu oqlikka − osmon parchasiga talpinib o’tkazganini aytib o’tadi. Bu gapi bilan guyoki shu oqlik, osmonning shu bir bo’lagi aslida qahramonning qalbida mavjud bo’lganiga imu-ishoralar qiladi. Xolbuki qahramon shu devor misolida dunyoni oqlikdan, poklikdan iborat deb bilgani, musaffo qalbi bilan bunga qattiq ishongani uchun turmadan ozodlikka chiqib shu oqlikka singib ketishni juda-juda kutgan edi. Uning odamlar bilan muomilasi bir muncha cheklangan bo’lgani bois o’zidagi pokligu-ozodlikning kamyob xodisa sanalishini, bundayin oqlik va kenglik faqatgina o’zining toza tasavvurida bor ekanini… bechora hali bilmasdi! Buning tasdig’i sifatida hikoyada keltirilgan mana bu jumlalarga e’tiboringizni tortmoqchiman: «Shu oqlikka termulsam o’zimni ko’m-ko’k osmonda, oppoq bulutlarning orasida ozod uchib yurganday his qilaman. Termulganim sayin shu oqlikka singib ketayotganday bo’laveraman. Eh, nimasini aytay, o’sha devorlarning oqqa bo’yalgan bir qulochcha joy meni uch yil omon saqladi, uch yil!..» Endi esa fikrning davomi sifatida aytilgan quyidagi jumlalarga ham diqqat qiling: «Eh! – dedi jabirdiyda nihoyat menga o’grilib. – Bekorchi narsalarni gapirib o’tirishimni qarang. Buning hammasi bema’nilik, o’z-o’zini aldash. Xudoga shukur enda hammasi orqada, hammasi o’tdi. Men endi ozodman! Men endi ozod! Menga endi hech bir oqlik − poklik kerak emas! Men endi odamlar orasidaman! Ha-ha-ha…»

Jon, Bek, Qul… Men, Siz, U deganday…

Shu o’rinda e’tirof etishni lozim ko’rayotganim − o’z asarlarini tahayyulida yaralagan mustahkam proyekt asosida yozadigan muallif hikoya qahramonlarining nomlanishi borasida ham ajayibu-g’aroyib kinoyaviy galeriya yaratgan. Eslatishim lozim bo’lsa: kupedagi yo’lovchilarning birining nomi Jon, ikkinchisiniki Bek, uchinchisiniki Boy, to’rinchisiniki esa Qul edi. Buni qanday tushunmoq mumkin? Shaxsan men shunday tushundim: bizga ma’lumki jamiyatning ekatoylari – “Jon”lari bo’ladi; yana hukmfarmolari – “Bek”lari, tantilari hisoblangan – “Boy”lari yoki Qullari ham oramizda bor albatta. Ular uzoqda emas – hayotimizda; shundoqqina qarshimizda va yo… o’z siyratimizda yashab yuribdi. Fikrimcha, muallif ham bu ramziy ifodalar yordamida butun jamiyatni, bani insoniyatni o’z asariga qamrab olishni istayapti. Axir ming afsuslar bo’lsin, oramizdagi o’sha Jonlar, Beklar, Boylar… ning hammasi ham asarda ochib berilgani kabi qaysidir ma’noda mahkum, qaysidir ma’noda jamiyat o’zi o’ylab topgan ijtimoiy qonunlarning qulidir!

Xulosa o’rnida

Odatda, biror durust inson haqida gapirganda “haqiqiy inson” deya ta’kidlaydilar. Bunday insonni uchratganda benihoya sevinadilar. Men esa… Men o’ylab qolaman. Xafa bo’laman, hamda tashvishga tushaman. Axir nima – inson biror buyum, matox… deylik, pulmi soxta yo haqiqiysi bo’lsa?! Teranroq nazar tashlasak, asli birgina shu “haqiqiy inson” degan iboraning o’ziyoq insoniyat o’z tabiatidan qanchalik uzoqlashib ketganini, o’z g’ayri tasavvurining allaqaysi puchmoqlarida adashib yurganini ko’rsatib turibdi. Ana endi nima bo’ladi? U uchun asl insoniy hislatlar, tuyg’u va kechinmalar shubhali-vaximali bir narsa bo’lib tuyilaveradi, guyoki “Qo’noq” hikoyasida tasvirlangani kabi…

To’g’ri, men yuqorida muxtasargina so’z yuritganim – Luqmon Bo’rixonning “Qo’noq” hikoyasidan hikmatli iqtiboslar ko’chirib bo’lmaydi. U o’z o’quvchisini aqliga zo’r berishga, ta’bir joiz esa krosvord yechishga ming urinib majbur qila olmaydi. Ammo unda qalbimizni jumbushga keltirishi, ko’ngil qatimizning g’ijimlanib esimizdan chiqib ketgan ayrim burchaklarini yozib yuborishi mumkin bo’lgan shunday eskirmas hayot haqiqatlari berkinib yotibdiki, buni siz hikoyani sinchiklab o’qib ko’ribgina tushunishingiz mumkin.

Darvoqe, u qadar ahamiyatli bo’lmagan bir gap esimdan chiqay debdi. Maboda hikoyani oldin o’qimagan bo’lsangizu, endi o’qib ko’rmoqchi bo’lsangiz… o’qib bo’lgach xuddi menga o’xshab “MEN NEGA BEZOVTAMAN yoki NIMADAN BEZOVTAMAN?” degan savolni o’z-o’zingizga albatta bering. Ishoning, shunda siz asarning men aytishga ulgurmagan o’ta muhim yana bir jihatini kashf etasiz.

22.05.2019

Luqmon BO’RIXON
QO’NOQ
09

Luqmon Bo’rixon 1965 yil 15 fevralda Qashqadaryo viloyatining G’uzor tumanidagi Yangiobod qishlog’ida tug’ilgan. ToshDUning jurnalistika fakultetini tamomlagan (1991). Dastlabki hikoyasi — «Begimqul katta» (1987). Shundan so’ng yozuvchining «Yalangoyoq» (1991), «Sirli muallim» (2006), «Xizr ko’rgan yigit» (2007) cingari hikoya va qissalar to’plamlari nashr etilgan. «Jaziramadagi odamlar» (2005) romani muallifi.

Uni ko‘rdimu yuragim orqaga tortib ketdi. U tobutdek tebranib borayotgan vagon tamburining bir burchida cho‘nqayib o‘tirar, har bir o‘tib qaytuvchini qon nuqsi urgan ko‘zlari bilan qiziqsinib-qiziqsinib, bosh-oyoq kuzatib qolardi.
Men tamburga chekish uchun chiqqandim. Unga ko‘zim tushdi-yu, seskanib ketdim, bu ham yetmaganday, beixtiyor salomiga bosh irg‘ab yuboribman. Bizni shu ahvolda chetdan ko‘rgan kishi eski tanishlar ekan, degan o‘yga borishi aniq edi.
Balki u chindan ham ko‘zimga issiq ko‘ringandir? Yao‘g‘-e, bu nusxani birinchi marta uchratishim. Balki qo‘rquv aralash bosh irg‘ab yuborgandirman?
Men o‘z qilmishimdan uyalib ketdim. Ko‘nglimga hijillik cho‘kdi. Odatda, ta’bim tortmaydigan, izzatim ko‘tarmaydigan ish qilganimda ko‘nglim shunday g‘ashlik uyasi bo‘lib qolardi.
Men o‘zimni g‘irt beparvolikka olib, lablarimga a’lo nav bulg‘or sigaretidan qistirdim. So‘ng, gugurt chaqa turib, kishi bilmas, yer ostidan unga bir qarab oldim. U hamishagidek, meni hamon sinchiklab ko‘zdan kechirar, zo‘r bir qah-qaha otishga chog‘lanayotganday lablari ahyon-ahyonda yonoqlari tomon yoyilib-yoyilib ketardi.
Men tamburning qo‘sh oynali derazasi tomon yuzlanib, o‘zimcha tashqarini kuzatayotgan kishi bo‘ldim. Afsuski, tashqari allaqachonlar quyuq qorong‘ulik qa’rida qolgan edi. Shu bois, oynada o‘zimning ajablangan, g‘ashlangan turqi-tarovatimdan boshqa hech neni ko‘ra olmadim.
Qiziq, u rostakamiga qah-qah urmoqchimikan? Shunchalar xursandmikan zang‘ar? Unday bo‘lsa, bu sassiq tanburda nima qilib o‘tiribdi, nahotki, shunday shodmon odamning kupeda joyi yo‘q?! E… e, balki u telba-devonadir? O‘z-o‘zidan iljayaveradigan aqli pastdir? Ros u tentak!
Mening xuddi shu xulosamni tasdiqlaganday poyezdning old tomonidan parovozning uzun o‘kirigi eshitildi. Temir g‘ildiraklarning taraqa-turuq ovozi kuchaydi. Vagonlar zardali-zardali tebrana boshladi. Aftidan, poyezd boshqa yo‘lga o‘tmoqda edi.
— Aka, chekishingizdan bering.
Shundoq yonginamda eshitilgan tovushdan cho‘chib tushayozdim. Qarasam, haligi nusxa qimtinibgina qo‘l qovushtirib turibdi. Uning «aka», deyishi yog‘dek yoqib darrov, sigaret qutimni unga uzatdim.
Bu nusxaning yoshi, nari borsa, yigirma ikkilarda edi. Uning ko‘pdan beri suv ko‘rmay hurpayib ketgan sochlariga, kir-chir qo‘llariyu ust-boshiga qarab, darhol, lo‘li bo‘lsa kerak, degan xayolga bordim.
U qutichamdan sug‘urib olgan sigaretni ancha vaqt ezg‘ilab turib qoldi; hoynahoy, u ham, barcha tilab chekuvchilardek, sigaret izidan gugurt so‘ramoqqa iymandyotgan bo‘lsa kerak. Uning odob saqlab turishi menga yoqdi.
Oliftalarcha gugurt uzatdim. U shoshib gugurtni olarkan, rahmat, dedi. Jilmaydi. Tamburdagi kirlanib ketgan chiroqning xira yorug‘ida uning qoramag‘iz yuzi battar qorayib ko‘rinardi. Yuz-qovoqlarida, burnida bir vaqtlar orttirgan jarohat izlari yaqqol ko‘zga tashlanib turar edi. Nazarimda, u har kuni do‘pposlashadigan urushqoq ko‘chabezorilarga o‘xshardi.
Men o‘zimni yana beparvolikka soldim. Ammo, qancha urinmayin, qiziqishim tobora ortayotganidan unga tez-tez ko‘z tashlab olardim.
Kutilmagan sherigim so‘rab cheksa ham, chakana kashanda emas ekan: uch tortishda sigaretni yarimlatdi. Qurmag‘ur har puflaganida og‘iz-burnidan burqsitib tutun chiqarar edi. Uning bu qilmishi meni ko‘p ajablantirayotgan bo‘lsa-da, negadir, andek yoqinqiramay ham turardi. Axir, ziyoli odamning oldida… yaxshi emas.
Sherigim o‘qtin-o‘qtin labini yalab, ketma-ket yutinib katta tayyorgarlik ko‘ruviga qaraganda, gurunglashmoq istardi. Lekin u so‘z boshlovga botinolmasdi chog‘i, men tomon umidvor-umidvor ko‘z tashlab qo‘yardi. Men esa o‘zimni hamon loqaydlikka, sovuqqonlikka olardim. Nihoyat, uning toqati toq bo‘ldi. Bir tomoq qirib olib:
— Sayohatga ketayapsizlarmi? — deb so‘radi u. Men vazmin bosh irg‘ab, «ha» ishorasini qilar ekanman, ajablanganimdan sherikni beixtiyor bosh-oyoq kuzatib chiqdim. Qiziq, yolg‘iz emasligimni qayoqdan bildi u?
— Qirq kishi bir vagonda kelayapsizlarmi? Uning ikkinchi so‘rovi meni tamom dovdiratdi. Axir haqiqatan biz qirq kishi edik. Uzoq bir shaharni mo‘ljallab sayohatga chiqqandik. Tamburdan sal naridagi kupeda men uch o‘rtog‘im bilan joylashganman. Qiziq, biz haqimizda qayerdan biladi u?!
Bilag‘on sherigim xunukdan-xunuk homuza tortib, yana allanimadir dedi. Shu payt chap tomondan uzun bir eshelon shiddat bilan o‘tdi-yu, quloqni qomatga keltiruvchi shovqin-suronda uning gapini tushunmay qoldim. Shunday bo‘lsa-da, «ha» deb bosh silkitdim.
Eshelon vahshat solib o‘tib ketgach, tamburga jindek osoyishtalik indi. Bu orada kutilmagan sherik quloq-chakkasini ko‘mib ketgan sochini zo‘r berib, ammo huzur bilan qarshiladi.
— Ertaga ertalab falon shaharga yetsak kerak-a?— deb so‘radi u, negadir kulimsirayotgan ko‘zlarini menga tikib.
Men yelka uchirdim. To‘g‘risini aytsam, bu nusxa meni xiyla qiziqtirib qo‘ydi. Ajab, ust-boshi bir ahvolda-yu, yana tinmay iljayishiga, boshqa kishi oldida o‘zini erkin tutib, naq quchoqlab olguday bo‘lishiga balo bormi?
Uning aft-angoriga endi oshkora hayrat bilan qarab turarkanman, bir payt yuragim «shuv» etdi. Negaligini bilmadim-u, miyamda noxush fikrlar yalt-yult eta boshladi. Balki, bu nusxa o‘g‘ridir?! Tavba, nega shu o‘y ertaroq boshimga kelmadi-ya? Obbo, qip-qizil o‘g‘ri ekanligi shundoqqina ko‘rinib turibdi-ku?! Meni gapga tutishlari bejiz emas. Zang‘arning boshqa yerda sheriklari ham bor-ov? Bu nusxani biz haqimizda ma’lumot to‘plashga yuborgan ular! A-ha, manovi, aftidan, biznikilardan kim bilandir gaplashgan ham…
Go‘yo shubhalarimni tasdiqlaganday, bir mahal, kutilmagan sherik yana so‘roq qilib qoldi:
— Birinchi kupeda boshliqlaringiz bormi, deyman? Nazoratchi nuqul o‘sha yerga choy tashiydi.
Men bilinar-bilinmas bosh irg‘ar ekanman, battar xavfsirardim. Ammo, tan olish kerak, taftishchining gap ohangida hech bir qaroqchilik alomatlari sezilmasdi. U haddan tashqari iliq munosabatda bo‘lar, tamakidan sarg‘ayib ketgan tishlarini ko‘rsatib, tinmay tabassumlar hadya etar edi. Ko‘rgan kishi, xohlasa-xohlamasa, ikki og‘ayni uzoq ayriliqlardan keyin uchrashib qolganlar, deb o‘ylardi.
Biroq, uning bari sof — samimiy muomalalarini men o‘z shubhalarimga yem qilar, manov nusxaga ishonmaslikka o‘zimni-o‘zim da’vatlar edim. To‘g‘ri-da, o‘g‘ri hech qachon, «men — o‘g‘ri» demaydi-ku? Iljayadi, xo‘mrayadi, ishqilib, o‘zini ko‘ngli toza, samimiy ko‘rsatmoqqa tirishadi. Ish pishgach, shartta bo‘yningga pichoq tiraydi. Ana, keyin ko‘raverasan har ikki gapida «aka» deguvchi muloyim supurgining hunarlarini!
Poyezd shitob bilan yelib bormoqda. Vagon va temir «tuyoq»larning sharaqa-shuruq, taraqa-turuq qilishi asab torlarini g‘oyat taranglashtirardi. Bu tomonlarga avval yo‘lim tushmaganligi sabab qay bir manzilda ketib borayotganimizni bilmasdim. Boz ustiga, vaqt kech — hufton mahaliga yaqin bo‘lib, tambur derazasi ortida qop-qora qorong‘ilikdan boshqa hech narsa ko‘zga tashlanmaydi.
Kutilmagan sherik tamburni obdon qarab chiqarkan, bir payt:
— Bu yerni nimaga o‘xshatasiz, aka? — deb so‘radi. Men odatdagiday yelka qisdim. Lekin nomiga bo‘lsa-da atrofimga ko‘z yugurtirdim.
Hamma matohi temir-tersakdan bo‘lgan oddiy vagon tamburi. Tepada xira chiroq. Oyoq ostida sigaret qoldiqlari, qog‘oz, latta bo‘laklari sochilib yotibdi. Ko‘kish rangga bo‘yalgan temir «devor» — tamburning naq hurmat kitobi deb o‘ylaysiz. Unga kimlardir o‘z ismini, shahrining nomini hafsala bilan o‘yib yozgan. Hatto yana allakim no‘noqlarcha yurak va nayza tasvirini ham tushiribdi, an’anaga xilof ravishda nayzaning ikki uchiga katta-katta harflar yozishni unutibdi. Kim biladi, balki shoshib turgandir?
Haligi nusxa hanuz ishshayib, mendan ko‘z uzmay javob kutardi. Men labimni cho‘chchaytirib yana yelka uchirdim. U esa chekib tugatgan sigareti qoldig‘ini oyoqlari ostiga tashlab ezg‘iladi-da, chopib borib, o‘sha joyiga boyagiday cho‘nqayib o‘tirdi. Tizzalariga ikki tirsagini qo‘yib, rapidadek qo‘llariga iyagini tirab, menga kulimsirab qararkan:
— Endi-chi? Endi nimaga o‘xshatayapsiz? — deb so‘radi u. Go‘yo bu la’nati tambur nimaga o‘xshashini bilmog‘im shartday.
Men beparvo sigaret tortdim. Uning o‘zini talabchan otadek tutishi menga yoqmayotgan edi. Og‘iz-burnimdan chiqayotgan quyuq dud achishtirgan ko‘zlarimni yarim yuma turib yana bosh chayqadim.
— Turma. Bir kishilik kameraga o‘xshaydi, — dedi u o‘rnidan turib, — yo noto‘g‘rimi?
Men uning so‘rovlariga javob bermoqni o‘zimga ep bilmasdim. Ammo ko‘nglimning qay bir burchida ezmavoyga nisbatan iliqlik silqib chiqmoqda, boyagi gumonlarim tabiatimga bo‘ysunmay, asov ayg‘irdek orqaga tisarilmoqda edi.
— Uch kun oldin qamoqdan chiqdim, — dedi u botinmaygina.
Men nima deyarimni bilmay qoldim. Axir, qamokdan qutulgan odamni birinchi marta uchratib turibman. Nima qilay, tabriklaymi, «balli, sizga» deymi, yo «ob-bo-o, chatoq bo‘pti-ku», deb achingan bo‘laymi?
Bo‘g‘zimdan ma’nisiz «e» degan qisqa va zaif tovush chiqdi. Jabrdiyda bu mahal xira chiroqqa termulib turardi.
— Turmani odam bolasi ko‘rmasin ekan, aka, — dedi u qult etib yutinib. — Odam bolasi ko‘rmasin…
Shu lahzadayoq kutilmagan sherikning ko‘zlariga xayolchan ma’yuslik bostirib kirganini payqab qoldim. U ustma-ust xo‘rsindi-da, menga yana jilmayib qaradi:
— Endi hammasi orqada. Ana endi… — jabrdiyda shunday dedi-yu, baquvvat qo‘llarini negadir musht qildi. Bilmadim, nega, balki birortasini «ana endi» do‘pposlar, balki «ana endi» mustahkam bo‘lganini ko‘rsatmoqchidir?
Men chekib bo‘lingan sigaret qoldig‘ini oyoqlarim ostiga tashlab, shoshilmay ezg‘iladim. Kutilmagan sherik ketmoqqa shaylanayotganimni ko‘rib bir cho‘chib tushganday bo‘ldi, yo‘q, rostdan ham cho‘chib tushdi u!
— Boya, — dedi ajab nusxa shoshilinch tomoq qirib olarkan, — cho‘nqayib o‘tirganimni ko‘rib hayron qolgandirsiz. Tentak bo‘lsa kerak, deb o‘ylagandirsiz, to‘g‘rimi?
Men zo‘raki iljaydim. Tentakvoy esa yana chopqillab borib o‘sha joyiga cho‘nqayib oldi. Iljaydi.
— Qamoqda, — dedi u yana ko‘zlarini xira chiroqqa qadab, — tonggacha shunday o‘tirardim. Meni ko‘pincha bir kishilik kameraga qamashardi. Kameraning bir burchagida shunday o‘tirib tongni kutardim. Eh…
U shunday dedi-yu, siqib, so‘ng qo‘yib yuborilgan prujinaday sapchib o‘rnidan turib ketdi.
— Eh, — dedi u ehtiros bilan qo‘l siltab, — endi hammasi orqada. Endi yelkamning chuquri ko‘rsin u kamera-pamerasini. Men endi… men endi…
Ajab nusxa rohatlanib kerishdi. Ko‘zlarini suzib jilmaydi. U ayni chog‘da qorni to‘ygan go‘dakka o‘xshab ketgan edi.
Men ham vazmin bosh irg‘ab iljayib kutilmagan sherikka hamquvonchlik ko‘rsatgan bo‘ldim. Ammo, ko‘nglim nimadandir g‘ash edi. Men ketish niyatida, vagon eshigi tomon bir qadam tashlab xayrlashuv uchun endi qo‘l cho‘zmoqqa shaylanganimda u yana shosha-pisha gap boshlab qoldi.
— Haligi, — dedi u, meni suhbatga qiziqtirmoqqa jon-jahdi bilan harakat qilib. — Haligi… men kamerada shunchaki cho‘nqayib o‘tirmasdim. Qarang…
U shunday dediyu cho‘ntagidan gazetaga o‘rog‘lik ohak bo‘lagini chiqardi. Ajab, u cho‘ntagida doim ohak bo‘lagi olib yurarkanmi? Yo vagon nazoratchisining chelagidan topganmi? Balki biror stantsiyadan, poyezd to‘xtagan chog‘i terib olgandir, kim biladi deysiz?
— Hozir, hozir… — lo‘livoy shunday dedi-yu, haligi hurmat kitobiga aylanib ketgan tambur devorini shoshib, yutoqib bo‘yashga tushdi.
Men uning har bir xatti-harakatini kuzatarkanman, hayronligim tag‘in kuchaydi. Qiziq, namuncha menga yopishib oldi bu nusxa? Negadir tamburdan ketishimni hech istamayapti? Uning «ketma» degandek yolvorib qarashlari, boshimni aylantirmoqqa o‘lib-tirilishlari, negadir botqoqqa cho‘kayotgan odamning duch kelgan xas-xashakka yopishishini eslatib yuborardi. Ob-bo, g‘oyat antiqa chiqib qoldi-ku bu og‘aynim.
U hash-pash deguncha ishini tugatdi. Aftidan, u bunday maynavozlarcha bo‘yoqchilik bilan juda ko‘p shug‘ullangan ko‘rinadi.
— Qarang, — dedi maynavoz, ohak yuqi bo‘lgan qo‘llarini puflab tozalarkan. — Qarang, aka, juda zo‘r bo‘ldi bu gal, kutmagandim.
Men ikki qadam olg‘a yurib u ishora qilgan joyga qaradim. Ko‘rdimki, o‘sha — o‘yib-chizib tashlangan tamburning «devori» oppoq tusga kiribdi. Temir devor oq — oppoq edi.
Men hech vaqoga tushunolmay ajib nusxaga o‘girildim, U xuddi mushkulimni oson qilib qo‘yganday, og‘zi qulog‘ida, taltayib turardi. So‘ng, mening hayron qotganimni ko‘rdi-yu, shoshilinch tilga kirdi:
— Qarang, yaxshilab qarang, aka. Nimani chizdim men. Uning haddan tashqari ezmaligi naq hiqildog‘imga kelgan bo‘lsa ham yana bir karra qiziqish bilan oppoq gemir devorni ko‘zdan kechirib chiqdim. Ammo, bu la’nati bo‘yoqchilikdan hech qanday ma’no uqa olmadim. Mening juda qiynalib ketganimni, sabr kosam to‘lib-toshayotganini ezma darrov payqab oldi. U ketib qolishimdan cho‘chidi shekilli, hovliqa-hovliqa iltifot qila boshladi:
— Cho‘nqayib qarang, aka, cho‘nqayib. Anovi — men utirgan joy qulayroq, tortinmang, cho‘nqayavering.
Shu chog‘ tamburda bashang kiyingan qandaydir kimsa laydo bo‘ldi. U besh-olti vagondan o‘tib kelayotgan bo‘lsa kerak, bilinar-bilinmas hansirar, yuziga qizillik tepgandi.
O‘tkinchi bizning vagon tomonga zipillab o‘tarkan, hayajonda tinmay tipirchilayotgan ajab nusxaga, oppoq devor yonida gangib turgan — menga qiziquvchan nigohini bir-bir qadab oldi. Hatto kinoyali ishshaygandek ham bo‘ldi. U bizni tamburga amal-taqal qilib, ilashib olgan daydilar, deb o‘yladi chog‘i.
Ajab nusxa, go‘yo qadrdon oshnasini ko‘rib qolgandek, hech bir tap tortmay, o‘tkinchiga ustma-ust ko‘z qisdi. Bu ham yetmagandek, izidan «davramizga marhamat», dedi qo‘lini ko‘ksiga qo‘yib.
Men boshim qotgan bir ahvolda turgan bo‘lsam-da, uning taklifidagi samimiy lutfni ilg‘ab qoldim! U yetti yot begonaning oldida ham o‘zini elga osh berayotgan, qo‘li ochiq, ko‘ngli keng boyvachcha misol tutishi meni qandaydir zavqlantirib yubordi va beixtiyor piq-piq kula boshladim.
Ezmaning lutfi karami, mening hiringlashim bir soniya bizga angrayib qolgan o‘tkinchining ko‘ngliga g‘ulu soldi, hoynahoy, u zing‘illab vagon ichkarisiga urib ketdi. Aftidan, u qimmatbaho kiyimiyu so‘lkavoy liq to‘la hamyonini bizdan qizg‘andi. U oliy zot endi tong otguncha bu tamburdan qaytib o‘tishga botinolmas-ov.
O‘tkinchi ko‘zdan yo‘qolib, vagon eshigi qars etib yopildi-yu, men darhol o‘zimga keldim. Bema’ni bir jumboqqa bema’nilarcha bosh qotirib o‘tirganimdan uyalib ketdim. Ustiga ustak, haligi o‘tkinchining masxaraomuz ishshaygani ko‘z oldimga kelib ketdi-da, izzat-nafsim ko‘zg‘olib, ajab nusxaga achchiqlangannamo o‘qrayib qaradim. U ham portlashim yaqinligini sezdi shekilli, egardan tushmasa ham har qalay otdan tushib gap boshladi:
— Mayli, aka, ovora bo‘lmang. — Uning ovozi endi biroz horg‘in va ruhsiz eshitilardi. — Mayli, o‘zim tushuntiraman. Bu sizga qanday bilmadim-u, lekin menga juda oddiy.
Ezma o‘z burchagiga borib yana cho‘nqaydi-da, bir-ikki yutinib olgach gapida davom etdi:
— Kamera devorini ham shunday oqqa bo‘yardim-da, tong otguncha termulib o‘tirardim. Hech charchamasdim. Mumkin, sizga kulgilidir, mumkin, meni tentakka chiqararsiz, lekin baribir gapiraveraman.
Ajab nusxa shartta o‘rnidan turdi-da, o‘sha bo‘yalgan joyiga yaqinlashdi.
— Shu oqlikka termulsam o‘zimni ko‘m-ko‘k osmonda, oppoq bulutlarning orasida ozod uchib yurganday his qilaman. Termulganim sayin shu oqlikka singib ketayotganday bo‘laveraman. Eh, nimasini aytay, o‘sha beton devorlarning oqqa bo‘yalgan bir qulochcha joyi meni uch yil omon saqladi, uch yil!..
Jabrdiyda har bir so‘zini sarg‘aygan tishlari orasidan sug‘irib-sug‘irib gapirarkan, menga bir marta ham qaramadi. U faqat o‘sha — bo‘yalgan joyga tikilib turardi. U, go‘yo meni unutgan, mutlaqo unutgan edi!
— Eh, — dedi jabrdiyda, nihoyat, menga o‘girilib. — Bekorchi narsalarni gapirib o‘tirishimga qarang. Buning hammasi bema’nilik, o‘z-o‘zini aldash. Xudoga shukur, endi hammasi orqada, hammasi o‘tdi. Men endi ozodman! Men ozod! Menga endi hech bir oqlik — poklik kerak emas. Men endi odamlar orasidaman! Ha-ha-ha…
Ajab nusxa quvonch va ehtiros bilan yelkamdan quchdi. Uning tanidan anqiyotgan qo‘lansa hiddan jirkanibmi, yo shunchaki cho‘chibmi — beixtiyor orqaga tisarildim.
Ajab nusxa hamon tinimsiz aljirardi:
— Kamera-pamerasini ham, oq devorini ham yelkamning chuquri ko‘rsin. Endi jinniga o‘xshab cho‘nqayib o‘tirish yo‘q, endi faqat shaxdam qadamlar…
U shunday dediyu tamburni gumburlatib, ikki-uch qadam tashladi. Men unga shosha-pisha yo‘l bera turib vagon eshigini qiya ochdim. Oxiri, yelimdek yopishib olgan bu nusxaning oldidan tezroq ketishga uzil-kesil qaror qilgandim.
— Aka, yo‘l bo‘lsin? — deb so‘radi u pismiqlanayotganimni sezib.
Men zo‘raki iljaydim:
— U yoqda… do‘stlar kutib qolishdi.
— Meni kupengizga taklif qilmaysizmi? — deb so‘radi yopishqoq allaqanday nozlangan, erkalangan ohangda.
Uning jiddiy yo hazil gap qilganini bilolmay sarosimada qoldim. Nahotki jiddiy — surbetlik qilayapti? Yo‘g‘-e, hazillashayotgandir? Jig‘imga tegmoqchidir, yaramas?!
Negadir uning ta’nali so‘rovlari menga hazilday tuyuldi-yu, u baribir bormaydi, degan umidda sher bo‘lib:
— Marhamat, — dedim oliftalarcha quchoq kerib. Ammo karomatim chippakka chiqdi. Yopishqoq tashakkurona bosh irg‘ab izimdan ergashdi. Men sipogarchiligimdan qattiq pushaymon bo‘ldim. Nachora, endi kech edi.
Poyezd pishqirib, halloslab yelgani-elgan. Vagon asabiy-asabiy chayqalmoqda.
Biz kupega kirib borganda o‘rtoqlarim hali uxlashmagan ekan. Yuqoridagi ikki joyda Boy bilan Jon cho‘zilib olishgan. Boy allaqanday rasmli jurnalni suqlanib tomosha qilmoqda. Jon esa oliftagarchilikka ko‘tarib yuradigan qalin kitobni varaqlagani-varaqlagan. Pastki ikki joydan birining egasi mening qo‘shnim Bek odatdagiday almisoqdan qolgan magnitofonini titkilab o‘tiribdi.
Ular mening juft bo‘lib qolganimni ko‘rib, bir zum angrayib qolishdi. Men aybdorona iljaydim. So‘ng sherigimni o‘tirmoqqa unday turib, keskin masxaraomuz ohangda:
— Tanishinglar, bu kishi bizning oshno, — dedim. Shu bilan go‘yo kelgan mehmon hech bir e’tiborga loyiq emasligini do‘stlarimga oshkor qilgan bo‘ldim.
Mehmon o‘zini tantanali uchrashuvda deb his qildi chog‘i, qo‘yib bersa o‘tirganlarning har biri bilan quchoqlashadagan darajada hayajonlanib, salomlashuvga tutindi.
Boy bilan Jon yotgan joylaridan erinibgina qo‘l cho‘zishdi. Bek esa ko‘risha turib, o‘rnidan xiyol qo‘zg‘alib qo‘ydi va yana o‘z yumushiga sho‘ng‘ib ketdi.
— Bu kishi — Bek, bunisi — Boy, bunisi — Jon, — dedim har bir do‘stimni qo‘noqqa ko‘rsatib. Ammo shu payt tanishimning ismini haligacha bilmasligim, u ham menikidan bexabarligi lop etib yodimga keldi-yu, oz-moz mulzam tortib qoldim. Lekin gapimning oxirini ustalik bilan hazilga burib yubordim:
— Men esa — o‘sha-o‘sha Qulman.
Aftidan, shu orada qo‘nog‘imiz ham o‘zini tanishtirmaganini eslab qoldi shekilli, darrov o‘z ismini tilga oldi.
Biz haligacha bir-birimizni bilmasligimizni payqab qolgan Boy bilan Jon piq-piq kulishdilar. Ishga astoydil berilib ketgan Bek esa gap nimadaligini bilolmay hammamizga bir-bir angrayib chiqdi.
Ajab nusxa kulgilarga ko‘p ham e’tibor bermay, go‘yo o‘zining yuz yillik uyiga kirgandek bemalol joylashib olarkan, yag‘ir kurtkasining zanjirini shig‘illatib pastga tortib qo‘ydi. Odatdagiday, tinimsiz iljayishda davom etdi.
Oraga jimlik cho‘kdi.
Do‘stlarim o‘zlarini g‘irt loqaydlikka solishayotgan bo‘lsa-da, ammo mehmon bilan g‘oyat qiziqib turishganini payqash qiyin emas edi. Xususan, Bekning ahyon-ahyonda bir menga, bir mehmonga ko‘zini lo‘q qilishi, tepada yotganlarning xiyla besaranjomlashib qoluvi ularning maqsadini oydinlashtirib turardi.
— Bu kishi, — dedim men so‘ylamoqqa qandaydir ehtiyoj sezib, — ko‘p qiyinchilik ko‘ribdi. Uch kun oldin qamoqdan chiqibdilar.
Shunday deyishim bilanoq yuqoridagi ikkala kalla baravariga egilib bosh-oyoq sinchiklab kuzatib chiqdi.
Qo‘nog‘imiz ularning junbushga kelib qolganini o‘zi-cha tushundi shekilli, xuddi, ko‘p katta yumushni tindirib kelganday, kamtarona iljayib, misoli sahnadagi artistlardek, boshini uch-to‘rt silkitdi.
— Biz juda inoq bo‘lib oldik, — deb gapda davom etdim men. Biroq shu lahzadayoq qarshimdagi yuqori joyda yotgan Boyning g‘azab bilan uyulayotgan qovoq-tumshug‘iga nogoh ko‘zim tushdi-yu, damim ichimga tushib ketdi. Uniki kamday, Bek ham chaqchaygan ko‘zlari bilan mehmonga tahdidli ishoralar qildi. Bu — uning «yo‘qot manovini!» degani edi.
Tepamda yotgan Jon ham umumiy bezovtalikdan chetda qolmay, ustma-ust ma’noli tomoq qirdi.
Men ancha shoshib qolgandim. Allaqachonlar tumandek tarqab ketgan shubhalarim qora bulutlarga aylanib, vahima bilan yana bostirib kela boshladi. Axir, manovi uchovi axmoq emasdir? Shular ham bir narsani sezishganki, tinchini yo‘qotishdi? Ob-bo, nega ham boshlab keldim-a, bu shilqimni?
Shilqim esa kupedagi noxush ola-tasirdan bexabar Bekning magnitofon tuzatishini ishtiyoq bilan kuzatib o‘tirardi.
— Rosa qiynabdi-ku, — dedi u astoydil hamdardlik bilan. — Yangimidi?
Bek unga shubhali bir qarab olarkan:
— Ko‘rmayapsizmi titilib ketganini, — dedi istamaygina.
Mehmon Bekka ta’nali bir tikilib olgach, menga o‘girildi. Uning qattiq xafa bo‘lgani yuz-ko‘zidan shundoq bilinib turardi.
Men hamon o‘z yog‘imga o‘zim qovrilib, shubhayu gumonlarning ayovsiz hujumlaridan garangsib turardim, Ustiga-ustak, do‘stlarimning sovuq qarashlari tanaffus bilmas edi.
Men axiyri mehmondan tezroq qutulish payiga tushib qoldim. Buning birdan-bir yo‘li to‘mtayib olish, u bilan gaplashmaslik degan fikrga bordim va o‘zimni qattiq horiganga sola boshladim.
Shu orada Bek magnitafonini asabiy yig‘ishtirdi-da, yemak stolchasining ustiga taraqlatib qo‘ydi. So‘ng o‘z joyiga yotmoqqa hozirlik ko‘ra boshladi. Unga tegishli o‘rindiqning bir chekkasida o‘tirgan mehmon shosha-pisha men tomonga ko‘chdi.
Boy bilan Jon ham allaqachon o‘zlarini uxlaganga solib olishdi.
Vagon bir maromda tebranmoqda. Temir g‘ildiraklarning shovqini avj pardasiga ko‘tarilgan. Kupening keng derazasidan qorong‘ulik vahima solib turibdi,
Nim yorug‘ kupeda faqat ikkovlon hurpayishib qolgan mushuklardek sukut saqlab o‘tiribmiz. Go‘yo gurungbozlikka hech bir gap-so‘z yo‘qday. Aslida-ku, ichim to‘la savollar. Xususan, uning qachon qamalgani, nima uchun qamalgani, qamoqxona hayoti meni juda-juda qiziqtirardi. Lekin bu nusxaning tezroq daf bo‘lishini istab turganimdan, biror narsa so‘ramoqqa hech botinolmas edim. Axir, bu qurmag‘ur lo‘libasharaning bir gapdoni ochilib ketsa qutulib bo‘ladimi undan?!
Qo‘noq bir mahal qarshimizdagi yuqori o‘rindiqqa ko‘z tashlab:
— Aka, tilla soatingiz necha bo‘ldi?— deb so‘radi Boydan. Aftidan, u Boyni uxlamay yotganini sezib, do‘stona suhbatga tortgan, hatto suhbat zavqli bo‘lsin deya «tilla» so‘zini atay hazil uchun qo‘shgan edi.
Boy esa gumonlarga limmo-lim ko‘zini unga emas, negadir menga qadab qo‘poldan-qo‘pol to‘ng‘illadi:
— Tilla soat buzuq.
Qo‘noq horg‘in va xafahol iljayib menga qaradi. Men o‘zimcha vaziyatni yumshatgan bo‘lib:
— Bechoralar charchashgan, — deb ming‘illadim. Ammo qop-qora derazaga ma’yus tikilib turgan mehmon gapimni mutlaqo eshitmadi.
— Qarta o‘ynaymizmi? — deb so‘radi u bir-ikki daqiqadan so‘ng qo‘lini kurtkasining cho‘ntagiga suqib. Men shosha-pisha bosh chayqadim:
— Yo‘q, yo‘q, o‘ynashni bilmayman.
U qo‘lini cho‘ntagidan olmay, bir zum o‘ylanib turdi-da:
— Sizga zo‘r-zo‘r fokus ko‘rsataman, xo‘p? — dedi. Men gap topolmay yelka qisdim.
Qo‘noq cho‘ntagidan hali kam o‘ynalgani bilinib turgan bir to‘p qarta chiqardi-da, ustamonlik bilan chiylay boshladi. Uning tarashadek qo‘llari shunday tez aylanardiki, naq mashina motorining parragi deysiz. U misoli garmon chalayotgandek har quloch kerganda qartalar prujinadek eshilib-eshilib, cho‘zilib ketar, hatto shig‘-shig‘ etgan yoqimli ovoz ham chiqarar edi.
Men shunchalar qaltis harakat chog‘i ham qartalarning sochilib ketmayotganini ko‘rib hayratga tushardim.
Nihoyat, u tilga kirdi:
— Manavi, — dedi u erkak tushirilgan bir dona qartani naq tumshug‘imga tiqib, — «Pristupnik № 1». Siz yaxshilab ko‘rib oling, lekin men ko‘rganim yo‘q, to‘g‘rimi?
Men tasdiqladim. Qo‘noq «pristupnik»ni yana qartalarga aralashtirib tashladi-da, yana bir qartani qo‘limga ko‘ndalang qilib:
— Manovi, — dedi, — uning sevgilisi. Yaxshilab ko‘rib oling, aka.
Men yarim-yalang‘och ayol tasvirlangan qartani eslab olganimga, fokuschining o‘zi bu qartani ham ko‘rmaganiga yana bir karra ishonch hosil qilganimdan so‘ng u «mahbuba»ni ham to‘pga qo‘shdi. Keyin boyagidan-da chapdastlik bilan qartalarni chiylab, prujinadek cho‘za boshladi.
— Hozir, — dedi u cho‘g‘dek porlayotgan ko‘zlarini yonga qadab, — «Pristupnik № 1» soqchini gum qilib, qorovul boshliqlarini otib tashlab, qamoqxonadan qochib ketadi va o‘z sevgilisining bag‘riga eson-omon yetib oladi. U baxtli bo‘ladi, u baxtli bo‘ladi!
U oxirgi so‘zlarini og‘zidan tupuk sachratib takrorlar ekan, ko‘zlarini kupening qop-qora derazasiga burdi. Aftidan, u bizni butkul unutgan edi!
Qo‘noq ehtiros bilan gapirib, qartalarni yashin tezligida aralashtirarkan, nazarimda, u goh afsun o‘qiyotgan jodugarga, goh kinolarda ko‘rganim — sim to‘siqlararo sudralib borayotgan, ko‘zlarida qat’iy ishonch balqib turgan mahbusga juda-juda o‘xshab ketardi.
Oxiri qartaboz charx urib aylanayotgan qartalarning ichidan bir juftini oldimga tashladi-da, tinchidi-qoldi.
Men juftlarni qiziqish bilan ag‘darib ko‘rdim-u, ajablanganimdanmi yo zavqim jo‘shib ketganidanmi he-elab kulib yubordim. Bular — o‘sha «oshiq-ma’shuq» qartalar edi.
Shu orada g‘ujanak bo‘lib yotgan Bek uyondan-buyonga ma’noli ag‘darildi. Men darhol o‘zimga kelib, sal bo‘lmasa «vazifam»ni unutayozganimni sezib qoldim.
Yana ko‘nglim bezovtalana boshladi. Qo‘nog‘imiz esa qartalarni o‘z holicha chiylab ma’yus o‘tirar, bizga ko‘p ham e’tibor bermas, chamasi nimanidir kutmoqda edi!
Men endi payti yetganini payqab, yostig‘imni uyon-buyonga surdim. Xayriyat, imo-ishoralarim zoye ketmadi.
— Uzalmoqchimisiz?—deb keskin so‘radi mehmon to‘satdan va jilmaydi. Biroq uning bu galgi tabassumi hiyla siniq va shirasiz edi.
Men uquvsizlik bilan ishshayib peshona qashladim. Qo‘noq meni bir qur ko‘zdan o‘tkazdi-da, chaqqonlik bilan o‘rnidan qo‘zg‘aldi.
— Bo‘pti, bizga ruxsat endi, — dedi u xayrlashuvga qo‘l uzatib. — Rahmat, aka, hangomalashib kelganingiz uchun.
Mehmon ketishga shaylana turib, do‘stlarimga qarata:
— Kechirasizlar… — dedi quruqqina qilib.
Zum o‘tmay kupe eshigi shig‘illab ochildiyu yopildi. Men turgan joyimda serrayib qoldim. Eshik yopilishi bilan Bek joyidan sakrab turdi. Boy bilan Jon ham oyoqlarini osiltirib oldilar.
— Uff, kimni ergashtirib kelding, a? — deb so‘radi Bek ko‘zini lo‘q qilib.
— Insonparvar, — deb to‘ng‘illadi Jon yuqoridan ihrab tushar ekan.
Men shunday ta’nalar toshbo‘roni ostida yana bir karra aybdorona iljayib joyimga cho‘kdim.
— Yuvuqsizning qip-qizil o‘g‘riligi basharasidan bilinib turibdi-ku?! — dedi allaqachondan beri tepamda qoqqan qoziqday bo‘lib turgan Boy.
Men o‘zimni oqlamoqqa bir-ikki harakat qilgandim, ular ayovsiz qayirib tashlashdi. Noiloj, damim ichimda, miq etmay turaverdim.
— U yolg‘iz emas, — dedi jiddiy tahlikaga tusha boshlagan Boy. — Uni atay, razvedkaga yuborishgan.
Bek unga ilova qildi:
— Yaramaslar, doim sayohatchilarni poylab yurishadi-da.
— Kupega begonani kirgizmanglar, deb Palonchayev qancha tayinlagan edi-ya… — dedi Jon ham o‘ychan bir qiyofada.
Bo‘lib o‘tgan ko‘ngilsiz voqea muhokamasi to‘rtovlon o‘rtasida gurullab yona ketdi.
— Magnitafonga yeb qo‘yguday qaradi-ey…
— Kupeni zimdan kuzatishini ko‘rdingmi?
— Sening soating tilla ko‘rinib ketdimi deyman, he-he-he…
— Ukkag‘ar, juda quv ko‘rinadi-ya?
— Qarta chiylashiga besh ketdim-da…
— Bu ham bir ayyorlik-da…
— U ham hozir sheriklari bilan maslahat qilib yotgandir?
— Palonchayevga aytsakmikan?
— E, qiziqmisan, bir kamimiz o‘sha jirraki boshlig‘ingdan so‘kish eshitishmi?
— Endi nima qilsak-a?
— Endi nima qilsak-a? Shubhalar-gumonlar, tashvishli shivir-shivirlar, jiddiy maslahatlar yarim soatcha cho‘zildi.
Men ham uch-quyrug‘i yo‘q xavotirlar changalida, miq etmay, igna ustida o‘tirganday o‘tirar, do‘stlarimga umidvor tikilar edim.
Nihoyat, maslahatlar pishdi. Biz shu tunda muqarrar hujum qiladigan bosqinchilar bilan beomon olishuvga qaror qildik.
Vaqt ham allamahal bo‘lib qolgandi.
Biz yostiqlarimiz tagiga ichimliklardan bo‘shagan to‘rt-besh shishani bostirib, joy-joyimizga omonat-omonat cho‘zildik. Ammo uyqu qayoqda, deysiz. Xiyla paytgacha o‘g‘rilar, talonchilar, qotilliklar haqida gurunglashib yotdik.
Poyezd vishillab, xalloslab yelgani-elgan. Temir «tuyoqlarning taraqa-turuqi horigan vujudlarni battar horitib, asablarni rahmsiz egovlaydi. Deraza orti zim-ziyo zulmat. Poyezd hoynahoy ulkan bir dashtlik bo‘ylab ketib borar edi.
Mening nihoyatda chekkim kelardi. Sheriklarim tahlikali to‘lg‘ona-to‘lg‘ona jimib qolishdi. Aftidan, sal-pal mizg‘iyotgan bo‘lishsa kerak.
Men oxiri chidayolmay o‘rnimdan turdim. Sigaret qutimni, gugurtimni paypaslab topdim-da, tashqariga chiqmoqqa shaylandim. Ko‘nglim allanechuk xijillikka to‘lib turardi.
Kupe eshigini shig‘illatib ochganimda do‘stlarim darhol birin-ketin bosh ko‘tarishdi. Men kulgu bilan ularni tinchlantirgan bo‘ldim.
Vagon yo‘lagida hech kim ko‘rinmasdi.
Men tambur tomon yo‘naldim…
Nogoh unga ko‘zim tushdiyu, qattiq seskanib ketdim.
U yana o‘sha o‘zining iprisqi burchagida cho‘nqayib o‘tirar, ko‘zlari bir nuqtaga — o‘z qo‘li bilan oqqa bo‘yagan o‘sha tambur «devori»ga ma’yus qadalgandi.
Ajab nusxa meni ko‘rmadi. Yo ko‘rsa ham zarracha e’tibor bermagan edi…
Men tamburda bir zum kalovlanib turgach, bu yerda chekish xiyla o‘ng‘aysizligini anglab, sekin izimga qaytdim.
Unga yana beixtiyor ko‘zim tushdi. U hamon cho‘nqayib o‘tirar, o‘sha bo‘yalgan joyga toliqmay tikilar edi. Ajab nusxa xuddi shu o‘tirishida qushga o‘xshardi. Ha, bahaybat, mag‘rur qushga o‘xshar edi! U, nazarimda, o‘zining bepoyon oqlik o‘lkasi tomon mangu parvozga shaylanayotganday tuyuldi.
Poyezd o‘kirib shiddat bilan yelib borar edi.

090

(Tashriflar: umumiy 525, bugungi 1)

Izoh qoldiring