Mirzohid Muzaffar. Yangi she’rlar

033   Лабларингиз титроғи ичра бир сўз томар ашк каби аччиқ: билардим… нигоҳим сатҳида сузар балиқлар. Балиқларки, қайғудан ярқирар тангачалари.

Мирзоҳид МУЗАФФАР
ЯНГИ  ШЕЪРЛАР
03

«ОНЕГИН» ТУРКУМИДАН

* * *

Ишқнинг нозик бармоқлари-ла11
нигоҳингиз тикдингиз — зариф
ва жонимнинг сўқмоқларида
пайдо бўлди
қайғу излари.
Хона титрар қўрқув ичинда,
ҳавонинг ҳумори тутади.
Бир титроқ
тирилди ичимда,
ёнмадим…
ёнмдим…
тутадим…
Ўртамизда ўртанди фурсат,
ўртамизда йитди бардошлар
ва истадим:
ўзимни урсам —
мен,
деб турса тумонат тошлар…
бир ёғишлар ёғиб берсайди,
кетсам…
эсдан чиқса соябон.
Кетмоқ-ку… номушкул ишга ўхшайди,
лек…
Сиз борсиз…
Сиз бор — беимкон…
ва ўйлайман ўлим ҳақида,
портлайман
(панд берар мастлигим) —
Худонинг борлиги каби ҳақиқат
менинг сизни севолмаслигим…

***

Кетайинми, дедим
индамадингиз,
кўчага чиқиб ҳам нима қилардим…
Қолинг, демоқликки сиғмас ҳаддингиз
ва кетмоқ ёдидан ёйилар дардим.

Рутубат қақшатган бурчакка боқиб
ошкор этмоқ эдим дилнинг майлини.
Сиз эса боқдингиз…
туриб қолдим тек,
ожиз шивирладим: чексам майлими?

Унсиз умидларнинг ушоқларини
териб титранада бармоқларингиз
ва олис одимлар овози ичра
уйғониб кетади фироқларингиз.

Чидай билмадим мен,
эшикни очдим —
сиз ҳам қолмадингиз қолмоғим тилаб.
Тамаки тутуни каби йўқолдим —
барибир кетдим мен…
яна сиз билан…

***

Сизни севмай қолганимага анча бўлган… кўзингиздан нимадир томар. Балки у дунёдир. Чидолмайман бундай оғир шаффофликка мен. Чидолмайман. Хонамнинг деворлари чайқала бошлар — вужудим ўзимдан тона бошлайди. Сиз унсиз йиғлайсиз… севасиз мени… мен эса ҳеч кимга қўймадим кўнгил…

Сизни севмай қолганимга анча бўлган…

Лабларингиз титроғи ичра бир сўз томар ашк каби аччиқ: билардим… нигоҳим сатҳида сузар балиқлар. Балиқларки, қайғудан ярқирар тангачалари.

Эшикнинг олдига бораман. Негадир қахва ичгим келади. Аммо мажбурият юзасидан қарғаманг, дейман. Бир кўнглим қол дейди, дегим келару… аммо нетай, ўша айтгувчи кўнгил бўлмаса?

Қарғаманг, мени дейман мажбурият юзасидан яна бир бора. Қарғаманг… Сиз тушунасиз. Сизни барибир севавераман — энг сўнги қадамингиздир.
Эшик олдига борарак сизгамас, хонага боққум бош-оёқ. Хайр, дегим келар. Бир ҳовуч тиканак тиқилар бўғзимга. Ҳайқиргим келади. Фақат ҳайқиргим ва яна… деразага боққан ёшчил кўзингизни қаратиб ўзга… титраркан лабларим… сўнги сўзни айтаман мен ҳам:

Ахир…

Тушунсангизчи…

Сизни севмай қолганимга анча бўлган…

Анча…

***

Йўқ,
юрагимнинг дук-дуки эмас,
сен айтётган кучли уриши —
Улар — сенли туйғуларимнинг
Югурётган қадам товуши.
Сен ўйлама,
ҳис ҳам қилмагин,
фақат яшаб тургин бул лаҳза
ва соғинчим гуллаган сайин
уни ҳидла…
бунда ҳеч нарса
сен ўйлаганчалик эмасдир,
Ер — аслида ёнаётган шеър,
Осмон — менинг кўзимда асир.
Ҳис қилганинг муҳаббат ҳаммас,
нафратдир у,
қайдан биласан?
Ном ҳеч нени билдирмас асло,
бари нисбий,
бари қиёсан…
…шундай қилиб,
англагил буни,
хушёрлик бу —ишқнинг мастлиги.
Балки энди англагандирсан,
кўксимдаги юракмаслигин…

***

Бир андуҳ истарман Арш тарафлардан,
сархушман,
сарбасар кезинар умид.
Хабар йўқ Ишқ юрти — ҳур салафлардан,
бўғзимда сирғалар йиғининг қуми.

Ҳечдирман,
ҳечдирман,
ҳечдирман бешак,
лек борман бул дайрнинг ҳар ёнларида.
Юварман май юқи пиёлаларни
олис хотиротнинг дарёларида.

Кетгайман
куфроний манзилдан буткул,
рафиқ,
тўсмагил бу роҳларимни сен.
Дўзах иси келган овозим билан
севги изҳор қилай малакларга мен.

Кетгайман,
куздан куз томондир йўлим,
руҳимни ёритар Ишқ хаёли — шаъм.
Кетгайман,
кушойиш бермади боғлар —
мени чорлаётир Ҳақ исмли Ғам…

***

Ошиқлар қиронда,
севмаклик — малол,
тўрт томон — текислик,
қадамлар — бероҳ.
Жонимнинг саҳнида исёнбанд савол:
бу на ошиқлиғдир, Ҳазрати Эмро?

Туйғулар танглиғда титрар,
алаҳлар —
қайларга кетмишдир қадим фараҳлар,
қанисиз,
ай исми Имон дарахтлар,
бу на ошиқлиғдир, Ҳазрати Эмро?

Бир ёр йўқ —
иккита дунё нисорли,
қай сори бош урсак жами озорли,
ишқ тушғон кўнгуллар бари мозорли,
бу на ошиқлиғдир, Ҳазрати Эмро?

Муҳаббат йўқ, дерлар севмакчи пайтинг,
қайга кетгандингиз, биз томон қайтинг,
ё Ҳақни йўқотиб қўйдикми, айтинг
бу на ошиқлиғдир, Ҳазрати Эмро?..

***

Рауф Парфи Ўзтуркка бағишладим

Менку…
яшамоқлик ҳали нотайин,
йўлимда турибди минг қора девор.
Баридан ўтмоқлик мумкиндир,
аммо
уларнинг ортида чексиз Ўзим бор…

Сен эса уйқуга тўлгансан — афсус,
мен менманми, дейман…
уҳлайсан — жимсан.
Эҳтимол мудроқлар алдар мени ҳам,
нега уйғотмайди бизни ҳеч кимса?

Уйғонгин,
долғалар сўрамам сендан,
майли мени ўлдир сукут тиғида.
Фақат кўзларинг оч,
уйғониб кетай —
очиқ кўзлариингнинг ҳайқириғидан…

Шаҳриёр Шавкатга

Эй, менинг кимлигин билмаган тўрам…
Муҳаммад Сиддиқ,

Асрлар илдизин қуритган соғинч
кўксимга ботмакда бешигинг билан.
Сенга алла айтгум,
ай паҳлавоним,
надомат ўтидан нажотлар тилаб.
Алпомиш қайтмайди,
кутмагил бўзлаб,
Уҳлагин тойлоғим,
кўзим, жавҳарим.
Тилимнинг остинда симиллар сўзлар,
жонимда жимирлаб турар аҳгарим.
Бир туш кўр,
бир тушки,
дил даштларида
сафоранг изтироб излари бўлсин.
одим от, бедорлиғ йўлина тушгин,
ул қадим ҳаловат – изларинг бўлсин.
Мен эса…
аллалар айтгайман, бугун
унут овозиму
шаҳдим,
чарслигим…
сен ором оларкан, ўйлаб йиғлайман
Бойчиборнинг ёлига ҳам арзимаслигим.
Биларман,
руҳингда ҳовурлар пайдо,
олов нигоҳингдан эрийди тунлар.
Ҳамон хотиринга солар вовайло
томирингда тўнган бўтана ҳунлар.
Лек болам,
исёнлар иситмас энди
онангнинг музлаган қароғларини.
Уҳлагин, мени ҳам ёнишлар енгди,
сўндиргин бўрируҳ мароқларингни.
Бир алпдай уҳлагин,
кўкайингда тонг
минг йил аввалгидек уялмай отсин.
Сени менмас,
қутлуғ эрк – қибланамонг
туркона туркулар айтиб уйғотсин…
Ухлагин, ўғлоним…

***

Барчаси тахт,
кетишим керак,
қўл силкитиб қолди дарахтлар.
Чамадонда бор мулким — юрак,
бироз қайғу ҳамда фараҳлар.
Кетмоқ керак,
гарчи ҳеч кимга
бул менсизлик эмасдир қизиқ.
Аммо…
аммо бунда ичимга
олов тушмиш, бормакда қизиб.
Бул манзилда ҳеч ким йўқ ахир,
соялар бор —
зулмат парчаси.
Ёлғизликни ҳар он эслатур —
буюмлару
боғлар —
барчаси…
Бунда кўзлар боқар расмдан,
турмоқ даркор ҳар лаҳза сергак.
Кўланкага айланмасимдан
кета қолай,
кетишим керак…

Бахтинисо хотирасига

Юлдузинга лабим босдим, эй пурандуҳ —
дудоқларим
дамларидан
даввор
ёнди,
Одам ёнди,
сен томонда Ҳавво ёнди,
вужуд ичра
важоҳат-ла савол ёнди:
тирикми руҳ?..
Мен жим эдим,
жунун ичра безабонман,
на мен томон
не сен ва ё
У томонман,
лаҳзаларинг ларзон урди хонумонда,
охир келди…
Гуноҳ этдим,
танҳолиғнинг илдизидан кечди роҳим,
менсизликка сингиб
кетди саҳаргоҳим,
кўзларимни тўлдирганда Ишқ тупроғи
сенга кетдим
ва дунёлар бўлди якдил,
шамолларнинг титроғида гуллади нур.
сукунатнинг ридосини кийди тақдир,
мен ҳайқирдим…
бўғзим ичра иқрор ёнур:
ўлим ҳақдир…

Суҳроб Сипеҳрий мавзусида вариация

… сен бор дунёларни туш кўраман мен…
Рафиқ Сайдулло

уйқумнинг қутбсиз тарафларида
бир туш бор —
уфққа туташган
тупроққа эгизак
соғинчга қиёфадош…
бедорлигим эса рўё кабидир…

нилуфар гулининг теранлигида
бир товушни сездим
ва сассизликни
унга никоҳладим ишқ ояти-ла
уйғона олмадим
гарчи кўзсизман
ва била олмайман —
недир тириклик
уйқу бор
уйқу бор
биллур сукутнинг
пушти танҳолиги ичра гизланган
кафтлари менсиз тушларга тўла
уйқу бор
… фақат бошқа тарафда

***

Турналар фарёди уйғотар сени,
ўзингни отасан
бағримга –
тошга.
Йўлларинг йўқолар, кетмоқ бўласан –
барча тараф очиқ…
қибладан бошқа.
Тегрангда жунунвор рақс алайди куз,
жоним,
кипригинга иқрор илинар.
Сен бир сўз кутасан,
кет, деган бир сўз –
мен сукут сақларман видо тилида.
Манозил мунтазир,
йўлинг оқ бўлғай,
лабинга лабларим солмагай соя.
Биламан,
охирим сендан-да яқин –
тилимда тирила бошлайди оят.
Тушларинг фориғдир энди жисмимдан –
кетасан, чорлагай бебахтлиғ йўли.
Лаҳзада қайтасан,
хонамга кирар
сенинг исминг билан аталган ўлим…

***

галлюцинация

тунлардан бир тун
фазонинг фарзона теранликларин
босиб кетар
қанотлари куйган
малак фарёди
акс-садо йўлкалари қолар беркилиб
нурнинг томирида оқётган зулмат
буғланиб кетар
лаҳзаларнинг бедорликлари
маҳлиё бўлар Ўлимнинг сояларига
қийналиб кетаман
ломакон оқимига тушиб қолар нафасим
жимжитлигим аро эсар шамоллар
ва чулғаб олади етти томонни
хаёлдек бешакл танҳолик
ўзгарар шамолларнинг шамойиллари
тунга санчилади ниҳол навдаси
карбало даштига шеър ёзар кавшим
бир шеърки
осмоний оятлар-ла ороланмишдир
ҳаво совиб кетар
титрай бошлайман
ва кийиб оламан иссиқ оғриқни
самовотнинг зарҳал даричасидан
боқаркан
кулиб қўяди Кимдир
кўзларимнинг ҳажми қадар каттаради тун
янгиланар бу дунёнинг ички дунёси
қаердадир очилмоққа бошлар дасторгул
мен тинглай бошлайман
кўкнинг деразасидан
йўқлигимга боқиб
турган Кимдирнинг нигоҳларини
ва тонг айтиб берар бор тафсилотни
айни шу пайт
менинг рўёлигим бўлиб қолар фош

***

Бирровга келгандим сени кўрмоқ-чун,
Эшигинг берк экан…
Кета олмадим.
Тушун,
Йўлларимни чулғамиш ҳузун,
Нетай, ибтидодан қаҳат омадим.
Оёғим тортмайроқ турганди ўзи,
Манзилинг номини билардим — рўё…
Бирровга келгандим…
Шарт тутиб олиб
Умр қафасига солди бу дунё…

Lablaringiz titrog’i ichra bir so’z tomar ashk kabi achchiq: bilardim… nigohim sathida suzar baliqlar. Baliqlarki, qayg’udan yarqirar tangachalari.

Mirzohid MUZAFFAR
YANGI SHE’RLAR
033

«ONEGIN» TURKUMIDAN

* * *

Ishqning nozik barmoqlari-la067
nigohingiz tikdingiz — zarif
va jonimning so’qmoqlarida
paydo bo’ldi
qayg’u izlari.
Xona titrar qo’rquv ichinda,
havoning humori tutadi.
Bir titroq
tirildi ichimda,
yonmadim…
yonmdim…
tutadim…
O’rtamizda o’rtandi fursat,
o’rtamizda yitdi bardoshlar
va istadim:
o’zimni ursam —
men,
deb tursa tumonat toshlar…
bir yog’ishlar yog’ib bersaydi,
ketsam…
esdan chiqsa soyabon.
Ketmoq-ku… nomushkul ishga o’xshaydi,
lek…
Siz borsiz…
Siz bor — beimkon…
va o’ylayman o’lim haqida,
portlayman
(pand berar mastligim) —
Xudoning borligi kabi haqiqat
mening sizni sevolmasligim…

***

Ketayinmi, dedim
indamadingiz,
ko’chaga chiqib ham nima qilardim…
Qoling, demoqlikki sig’mas haddingiz
va ketmoq yodidan yoyilar dardim.

Rutubat qaqshatgan burchakka boqib
oshkor etmoq edim dilning maylini.
Siz esa boqdingiz…
turib qoldim tek,
ojiz shivirladim: cheksam maylimi?

Unsiz umidlarning ushoqlarini
terib titranada barmoqlaringiz
va olis odimlar ovozi ichra
uyg’onib ketadi firoqlaringiz.

Chiday bilmadim men,
eshikni ochdim —
siz ham qolmadingiz qolmog’im tilab.
Tamaki tutuni kabi yo’qoldim —
baribir ketdim men…
yana siz bilan…

***

Sizni sevmay qolganimaga ancha bo’lgan… ko’zingizdan nimadir tomar. Balki u dunyodir. Chidolmayman bunday og’ir shaffoflikka men. Chidolmayman. Xonamning devorlari chayqala boshlar — vujudim o’zimdan tona boshlaydi. Siz unsiz yig’laysiz… sevasiz meni… men esa hech kimga qo’ymadim ko’ngil…

Sizni sevmay qolganimga ancha bo’lgan…

Lablaringiz titrog’i ichra bir so’z tomar ashk kabi achchiq: bilardim… nigohim sathida suzar baliqlar. Baliqlarki, qayg’udan yarqirar tangachalari.

Eshikning oldiga boraman. Negadir qaxva ichgim keladi. Ammo majburiyat yuzasidan qarg’amang, deyman. Bir ko’nglim qol deydi, degim kelaru… ammo netay, o’sha aytguvchi ko’ngil bo’lmasa?

Qarg’amang, meni deyman majburiyat yuzasidan yana bir bora. Qarg’amang… Siz tushunasiz. Sizni baribir sevaveraman — eng so’ngi qadamingizdir.
Eshik oldiga borarak sizgamas, xonaga boqqum bosh-oyoq. Xayr, degim kelar. Bir hovuch tikanak tiqilar bo’g’zimga. Hayqirgim keladi. Faqat hayqirgim va yana… derazaga boqqan yoshchil ko’zingizni qaratib o’zga… titrarkan lablarim… so’ngi so’zni aytaman men ham:

Axir…

Tushunsangizchi…

Sizni sevmay qolganimga ancha bo’lgan…

Ancha…

***

Yo’q,
yuragimning duk-duki emas,
sen aytyotgan kuchli urishi —
Ular — senli tuyg’ularimning
Yuguryotgan qadam tovushi.
Sen o’ylama,
his ham qilmagin,
faqat yashab turgin bul lahza
va sog’inchim gullagan sayin
uni hidla…
bunda hech narsa
sen o’ylaganchalik emasdir,
Yer — aslida yonayotgan she’r,
Osmon — mening ko’zimda asir.
His qilganing muhabbat hammas,
nafratdir u,
qaydan bilasan?
Nom hech neni bildirmas aslo,
bari nisbiy,
bari qiyosan…
…shunday qilib,
anglagil buni,
xushyorlik bu —ishqning mastligi.
Balki endi anglagandirsan,
ko’ksimdagi yurakmasligin…

***

Bir anduh istarman Arsh taraflardan,
sarxushman,
sarbasar kezinar umid.
Xabar yo’q Ishq yurti — hur salaflardan,
bo’g’zimda sirg’alar yig’ining qumi.

Hechdirman,
hechdirman,
hechdirman beshak,
lek borman bul dayrning har yonlarida.
Yuvarman may yuqi piyolalarni
olis xotirotning daryolarida.

Ketgayman
kufroniy manzildan butkul,
rafiq,
to’smagil bu rohlarimni sen.
Do’zax isi kelgan ovozim bilan
sevgi izhor qilay malaklarga men.

Ketgayman,
kuzdan kuz tomondir yo’lim,
ruhimni yoritar Ishq xayoli — sha’m.
Ketgayman,
kushoyish bermadi bog’lar —
meni chorlayotir Haq ismli G’am…

***

Oshiqlar qironda,
sevmaklik — malol,
to’rt tomon — tekislik,
qadamlar — beroh.
Jonimning sahnida isyonband savol:
bu na oshiqlig’dir, Hazrati Emro?

Tuyg’ular tanglig’da titrar,
alahlar —
qaylarga ketmishdir qadim farahlar,
qanisiz,
ay ismi Imon daraxtlar,
bu na oshiqlig’dir, Hazrati Emro?

Bir yor yo’q —
ikkita dunyo nisorli,
qay sori bosh ursak jami ozorli,
ishq tushg’on ko’ngullar bari mozorli,
bu na oshiqlig’dir, Hazrati Emro?

Muhabbat yo’q, derlar sevmakchi payting,
qayga ketgandingiz, biz tomon qayting,
yo Haqni yo’qotib qo’ydikmi, ayting
bu na oshiqlig’dir, Hazrati Emro?..

***

Rauf Parfi O’zturkka bag’ishladim

Menku…
yashamoqlik hali notayin,
yo’limda turibdi ming qora devor.
Baridan o’tmoqlik mumkindir,
ammo
ularning ortida cheksiz O’zim bor…

Sen esa uyquga to’lgansan — afsus,
men menmanmi, deyman…
uxlaysan — jimsan.
Ehtimol mudroqlar aldar meni ham,
nega uyg’otmaydi bizni hech kimsa?

Uyg’ongin,
dolg’alar so’ramam sendan,
mayli meni o’ldir sukut tig’ida.
Faqat ko’zlaring och,
uyg’onib ketay —
ochiq ko’zlariingning hayqirig’idan…

Shahriyor Shavkatga

Ey, mening kimligin bilmagan to’ram…
Muhammad Siddiq

Asrlar ildizin quritgan sog’inch
ko’ksimga botmakda beshiging bilan.
Senga alla aytgum,
ay pahlavonim,
nadomat o’tidan najotlar tilab.
Alpomish qaytmaydi,
kutmagil bo’zlab,
Uhlagin toylog’im,
ko’zim, javharim.
Tilimning ostinda simillar so’zlar,
jonimda jimirlab turar ahgarim.
Bir tush ko’r,
bir tushki,
dil dashtlarida
saforang iztirob izlari bo’lsin.
odim ot, bedorlig’ yo’lina tushgin,
ul qadim halovat – izlaring bo’lsin.
Men esa…
allalar aytgayman, bugun
unut ovozimu
shahdim,
charsligim…
sen orom olarkan, o’ylab yig’layman
Boychiborning yoliga ham arzimasligim.
Bilarman,
ruhingda hovurlar paydo,
olov nigohingdan eriydi tunlar.
Hamon xotiringa solar vovaylo
tomiringda to’ngan bo’tana hunlar.
Lek bolam,
isyonlar isitmas endi
onangning muzlagan qarog’larini.
Uhlagin, meni ham yonishlar yengdi,
so’ndirgin bo’riruh maroqlaringni.
Bir alpday uhlagin,
ko’kayingda tong
ming yil avvalgidek uyalmay otsin.
Seni menmas,
qutlug’ erk – qiblanamong
turkona turkular aytib uyg’otsin…
Uhlagin o’g’lonim…

***

Barchasi taxt,
ketishim kerak,
qo’l silkitib qoldi daraxtlar.
Chamadonda bor mulkim — yurak,
biroz qayg’u hamda farahlar.
Ketmoq kerak,
garchi hech kimga
bul mensizlik emasdir qiziq.
Ammo…
ammo bunda ichimga
olov tushmish, bormakda qizib.
Bul manzilda hech kim yo’q axir,
soyalar bor —
zulmat parchasi.
Yolg’izlikni har on eslatur —
buyumlaru
bog’lar —
barchasi…
Bunda ko’zlar boqar rasmdan,
turmoq darkor har lahza sergak.
Ko’lankaga aylanmasimdan
keta qolay,
ketishim kerak…

Baxtiniso xotirasiga

Yulduzinga labim bosdim, ey puranduh —
dudoqlarim
damlaridan
davvor
yondi,
Odam yondi,
sen tomonda Havvo yondi,
vujud ichra
vajohat-la savol yondi:
tirikmi ruh?..
Men jim edim,
junun ichra bezabonman,
na men tomon
ne sen va yo
U tomonman,
lahzalaring larzon urdi xonumonda,
oxir keldi…
Gunoh etdim,
tanholig’ning ildizidan kechdi rohim,
mensizlikka singib
ketdi sahargohim,
ko’zlarimni to’ldirganda Ishq tuprog’i
senga ketdim
va dunyolar bo’ldi yakdil,
shamollarning titrog’ida gulladi nur.
sukunatning ridosini kiydi taqdir,
men hayqirdim…
bo’g’zim ichra iqror yonur:
o’lim haqdir…

Suhrob Sipehriy mavzusida variatsiya

… sen bor dunyolarni tush ko’raman men…
Rafiq Saydullo

uyqumning qutbsiz taraflarida
bir tush bor —
ufqqa tutashgan
tuproqqa egizak
sog’inchga qiyofadosh…
bedorligim esa ro’yo kabidir…

nilufar gulining teranligida
bir tovushni sezdim
va sassizlikni
unga nikohladim ishq oyati-la
uyg’ona olmadim
garchi ko’zsizman
va bila olmayman —
nedir tiriklik
uyqu bor
uyqu bor
billur sukutning
pushti tanholigi ichra gizlangan
kaftlari mensiz tushlarga to’la
uyqu bor
… faqat boshqa tarafda

***

Turnalar faryodi uyg’otar seni,
o’zingni otasan
bag’rimga –
toshga.
Yo’llaring yo’qolar, ketmoq bo’lasan –
barcha taraf ochiq…
qibladan boshqa.
Tegrangda jununvor raqs alaydi kuz,
jonim,
kipriginga iqror ilinar.
Sen bir so’z kutasan,
ket, degan bir so’z –
men sukut saqlarman vido tilida.
Manozil muntazir,
yo’ling oq bo’lg’ay,
labinga lablarim solmagay soya.
Bilaman,
oxirim sendan-da yaqin –
tilimda tirila boshlaydi oyat.
Tushlaring forig’dir endi jismimdan –
ketasan, chorlagay bebaxtlig’ yo’li.
Lahzada qaytasan,
xonamga kirar
sening isming bilan atalgan o’lim…

gallyutsinatsiya

tunlardan bir tun
fazoning farzona teranliklarin
bosib ketar
qanotlari kuygan
malak faryodi
aks-sado yo’lkalari qolar berkilib
nurning tomirida oqyotgan zulmat
bug’lanib ketar
lahzalarning bedorliklari
mahliyo bo’lar O’limning soyalariga
qiynalib ketaman
lomakon oqimiga tushib qolar nafasim
jimjitligim aro esar shamollar
va chulg’ab oladi yetti tomonni
xayoldek beshakl tanholik
o’zgarar shamollarning shamoyillari
tunga sanchiladi nihol navdasi
karbalo dashtiga she’r yozar kavshim
bir she’rki
osmoniy oyatlar-la orolanmishdir
havo sovib ketar
titray boshlayman
va kiyib olaman issiq og’riqni
samovotning zarhal darichasidan
boqarkan
kulib qo’yadi Kimdir
ko’zlarimning hajmi qadar kattaradi tun
yangilanar bu dunyoning ichki dunyosi
qayerdadir ochilmoqqa boshlar dastorgul
men tinglay boshlayman
ko’kning derazasidan
yo’qligimga boqib
turgan Kimdirning nigohlarini
va tong aytib berar bor tafsilotni
ayni shu payt
mening ro’yoligim bo’lib qolar fosh

***

Birrovga kelgandim seni ko’rmoq-chun,
Eshiging berk ekan…
Keta olmadim.
Tushun,
Yo’llarimni chulg’amish huzun,
Netay, ibtidodan qahat omadim.
Oyog’im tortmayroq turgandi o’zi,
Manziling nomini bilardim — ro’yo…
Birrovga kelgandim…
Shart tutib olib
Umr qafasiga soldi bu dunyo…

033

(Tashriflar: umumiy 510, bugungi 1)

Izoh qoldiring