Odil Yoqubov. SSSR xalq deputatlari I syezdidagi nutqi & Ozod Sharafiddinov. Nutq yoxud adib hayotining yulduzli onlari

011  Машҳур нутқнинг 30 йиллигига

 Шу кунларда бундан роппа-роса 30 йил аввал — 1989 йилнинг 25 май — 9 июн кунлари Москвада бўлиб ўтган СССР халқ депутатларининг биринчи съездининг сўнгги кунида атоқли адиб Одил Ёқубов сўзлаган нутқ ва унда собиқ империя тарихида илк бора рўй-рост айтилган жўшқин фикрлар эсланмоқда. Энг қувончлиси, бугунги ёш авлоднинг фикрли вакиллари Одил Ёқубовнинг шу тарихий нутқига бот-бот мурожаат этишмоқда, буюк адибнинг мардлиги ва тантилиги, ҳақиқатпарварлиги, фидойилигига таҳсин айтишмоқда. 

Бугун нутқ билан баробар эълон қилинаётган устоз Устоз Озод Шарафиддиновнинг “Нутқ” мақоласи ҳам Москванинг Кремль съездлар саройида янграган шу тарихий нутққа бағишланган бўлиб, унда устоз адибимиз Одил Ёқубовнинг қаҳрамонлиги ва жасорати муносиб даражада таҳлил этилган.

Фақат бир нарсани алоҳида қайд этиш лозимки, турли нашрларда эълон қилинган нутқ санаси 16 июн деб нотўғри кўрсатилмоқда. Аслида нутқ 9 июнда сўзлангани ўша давр ҳужжатлари, энг аввало, ўша йили эълон қилинган съезд стенограммасида аниқ кўрсатилган.

 

ОДИЛ ЁҚУБОВ
СССР ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ
БИРИНЧИ СЪЕЗДИДАГИ НУТҚ
05

Азиз ўртоқлар!

02Вақт тиғиз, шу сабабли нутқимнинг энг мўътабар, оламшумул муаммоларга доир қисмини тушириб қолдириб, асосий мақсадга ўтаман. Биз асрлардек чўзилган 70 йил давомида кўп қадриятларимиздан айрилдик. Уларнинг орасида бир қадрият борки, унинг ўрнини қоплаш жуда мушкул. У тирикчиликнинг оғирлиги, очин тўқин яшаётганимиз, инсон қадр-қимматини ерга урувчи узундан-узоқ навбат кутишлар туфайли юз берди. Бизда одамнинг энг олийжаноб фазилати – раҳм-шафқат ва мурувват қолмади. Унинг ўрнини тошбағирлик, ўзганинг дардига лоқайдлик эгалламоқда.

Жума куни фойеда туппа-тузук, кўҳликкина икки жувоннинг суҳбати қулоғимга чалинди. «Ўзбеклар намунча ўз пахталари тўғрисида жавраб қолишди?» – дер эди бири. «Жонга теккан, уларнинг руҳий олами бўлганми ўзи?» – дер эди иккинчиси. Бу гаплар менга алам қилди. Илгариги мард, мағрур деҳқонларимиз, уларнинг қора қош, қора кўз хотинлари шу қадар фожиавий аҳволга тушиб қолган бўлсалар, бунда ким айбдор ахир, деб ўйлайман. Уларнинг маънавий оламлари қандай қилибм юксалсин, ахир!

«Барча замонлар ва барча халқларнинг отаси» Сталиннинг мамлакат пахта мустақиллигини таъминлаш борасида ўртага ташлаган машъум шиори деҳқонларимизни ҳамма нарсадан маҳрум қилди-ку! Уларнинг бутун ери, неча юз минг гектар ажойиб мевазор боғлари, ҳамиша яшил бедазорлар ва бодомзорлар – буларнинг ҳаммаси шафқатсизлик билан кесиб ташланиб, шудгор қилиндику! Бу ерда муҳтарам Чингиз Айтматов айтганидек, пахта чиндан ҳам номи улуғ, супраси қуруқ нарсага айланди. Мамлакат, ниҳоят, пахта мустақиллигига эришди. Кўз кўриб қулоқ эшитмаган бойликка ҳам эга бўлди. Хўш, деҳқонимизга, унинг хотини ва болаларига нима тегди? Саратон жазирамасида ҳар куни 12 соатлаб ишлаш, ишлаганда ҳам дам олиш кунларисиз, байрамларсиз, таътилларсиз ишлашга тўғри келди.

Матбуотда республика аҳли бошига дўлдек ёғилган сон-саноқсиз олди-қочди материаллар оқимига қараб, сизлар республикамиздаги ғазна ўғриларидан ҳар бири қанча пулни ўмариб кетганлигини сиз тийин-тийинигача ҳисоблаб чиққан бўлсангиз керак. Ғазна ўғриларини жазолаш керак. Бу борада бошқача гап бўлиши мумкин эмас. Аммо, Ўзбекистондан нарида яшаётган одам қўлини кўксига қўйиб, виждонига иймон келтириб, пахтакоримиз ана шу номи улуғ, супраси қуруқ пахта важидан қандай аҳволга тушиб қолганлигини айтиб бера оладими? Давлат план қўмитасининг фикрича, худди ана шу пахта стратегик хом ашё ҳисобланиб, давлатга жуда катта даромад келтиради ҳамда мамлакатимизга келаётган чет эл валютасида салмоқли ўрин тутади ва ана шу валютасиз, ўша давлат қўмитасининг эътироф этишича, давлатнинг қўли калта бўлиб қоларди. Хўш, ана энди, деҳқон ва унинг бешафқат меҳнатдан тинка-мадори қуриган бахтиқаро хотини қандай шароитда яшамоқда. Шу одамлар қанча иш ҳаққи олишмоқда?

Офтоб радиация пуркаб турган жазирамада хотин-қизларимиз аёлбоп ишни қилишаётгани йўқ. Худди ана шу офтоб, заҳарли дориворлардан ҳуда-беҳуда фойдаланиш оқибатида рак, сариқ, меъда касаллиги ва аёллар камқонлиги, бошқа касалликлар жуда кўпайди ва бу аёллар билан болаларнинг ўлимига сабаб бўлмоқда.

Хўш, уларнинг турмуши қай ҳолатда? Уларнинг турмуши шундайки, пахтакор аёллар қош қорайганидан кейин даладан уйларига қайтиб, ўша алмисоқдан қолган ифлос тезакни ўчоққа қалаб, болаларига оби-ёвғон пиширадилар. Ана шу мисдек қорайиб кетган, нимаси биландир куйиб кетган қайинларни эслатувчи аёлларни кўрганимда кўзимда ёш қалқийди, уларда аёллик назокати-ю нафосатидан асар ҳам қолмаган, на қадди-қомату ва на сумбат бор. Кўзларида ғам-кулфат, ҳасрат-надомат аломатлари сезилиб турибди.

Мен мамлакатимиздаги барча деҳқонларга, айниқса, рус деҳқонларига қийин эканлигини биламан ва ҳукуматимиз ана шу аҳволни ўнглаб олиш учун катта тадбирлар кўраётганидан хурсандман. Аммо, ҳарқалай, пахта, ўртоқлар, бу бошқа оламдир. Келинг Америка жанубидаги оқтанли бағритош фермерларни эслайлик. Улар пахта далаларида ишлашни хоҳламай, ўз хотинлари ва болаларини ана шу инсон боласи чидаб бўлмайдиган меҳнатдан холи этиб, Африкадан неча юз минглаб негрларни кишанбанд этиб олиб келган эдилар. Аммо, адолат юзасидан шуни ҳам эслашимиз керакки, ўша пахта далаларида ишлашни хоҳламаган ва ўз болаларини бу оғир меҳнатдан халос этган ўша қаҳри қаттиқ фермерлар қуллардан соғлом, ишга яроқли насл олиш мақсадида уларни обдон тўйдиришган. Шундай қилиб, бўйи икки метрли қора танли полвонлар туғилдики, уларнинг авлодлари ҳозир Америка спортининг ва Америка санъа тининг гултожидир.

Хўш, бизнинг қишлоқдаги болаларимизчи? Спорт ҳақида, маънавий равнақ ҳақида гапириб ўтиришга ҳам ҳожат йўқ. Оч-наҳор яшашаётгани (жон бошига 20 килограмм гўшт тўғри келади), оғир меҳнат қилишаётгани натижасида уларни армияга ҳам олишмаяпти. Агар олишса ҳам фақат қурилиш батальонларида хизмат қилишяпти. Деҳқонларимиз бошига тушган кулфат ҳақида мухтасар гапирганимдан кейин мен, муҳтарам Николай Иванович, сизга мурожат қилмоқчиман: давлат режа қўмитасидагиларнинг мамлакатга пахта керак, у стратегик хом ашёдир ва валюта тушумларида салмоқли ўрин тутяпти, деган гаплари тўғрими? Агар тўғри бўлса, нега энди биздан пахта жаҳонда энг арзон нархда сотиб олинмоқда.

Инқилобга қадар ҳам, Николай Иванович (Бу ерда адиб мажлисни бошқараётган СССР Министрлар советининг раиси Н. И. Рижковга мурожаат қилмоқда. ХДК изоҳи), «Туркестанские ведомости» газетасининг ёзишича, рус савдогари (ҳа ўлкамизга ана шу «номи улуғ супраси қуруқ» экинни олиб келган ўша рус савдогари) бир пуд пахтага 18 пуд буғдой берар эди. Бизнинг жонажон давлатимиз эса бир килограмм пахтага ўртача 50 тийин тўламоқда. Тошкентдаги Олой бозорида ярим килограмм бодринг 50 тийин туради (шуни эслатиб ўтмоқчиманки, ўртоқлар, бир килограмм пахтадан олинган газламадан камида 50 сўм турадиган иккита эркаклар кўйлаги тикиляпти).

Тарихий солномаларда қайд этилишича, Ўрта Осиёнинг табиий иқлим шароити жаҳонда бетимсолдир. Бу ерда Ер юзида энг ширин мевалар ва сабзавотлар етиштирилади, қовун ва тарвузларнинг меваси ва муаттар ҳиди бебаҳодир.

Табиийки бойликлардан ўйламай-нетмай, илмга зид тарзда қаҳри қаттиқлик билан фойдаланиш оқибатида давлатимизнинг 70 йили мобайнида ўлкамиз экологик ҳалокат жари ёқасига келиб қолди.

Ўртоқлар, кеча сиз фикримни, тўғрироғи академик Аганбегян айтган фикрни охиригача эшитмадингиз. Энди шу гапни қайтармоқчиман. Академик Аганбегян Орол муаммосига бағишланиб, ўтган йили КПСС Марказий Комитетида бўлган кенгашда Ўзбекистон табиати, ер-суви ва ниҳоят халқи дучор бўлган бедорликнинг ҳақиқий сабабларини ҳеч ким билмайди, деган эди. Мамлакат давлат режа қўмитаси ҳам, Давлат агросаноат қўмитаси ҳам, деб уқтирди у, республика олдига ҳали у,ҳали бу вазифани қўйишар экан, бамисоли туман ичида пайпаслаб юришибди. Шунинг учун, деб уқтирди академик, катта иқтисодчи олимлар, экологлар, шифокорлар, қишлоқ хўжалик мутахассисларидан иборат нуфузли фавқулодда иқтисодий комиссия тузиш зарур, мазкур комиссия аҳволни пухта ўрганиб, Ўзбекистонда нималар бўлаётгани ҳақида ҳукуматга тўла ва аниқ-равшан хуло-салар тақдим этиш керак.

Аминманки, Ўзбекистон узоқ келажакда эмас, балки яқин йилларда мамлакат аҳлининг ярмини боқиши мумкин. Бунинг учун эса республикани пахта якка ҳокимлиги зуғумидан қутқариши, меҳнатсевар халққа эса турғунлик йиллари асоратидан қутулишга ва кўкрагини кериб яшашга ёрдам бериш керак.

Ажратилган вақт ўтди. Нутқимни тугатяпман. Фавқулодда комиссия тузиш тўғрисидаги таклифимни қабул қилишингизни сўрайман. Раҳмат.

(нутқнинг давоми) Ҳурматли ўртоқлар! Съездда сўзга чиққан деярли бирча нотиқлар миллий низолар, миллатлар ўртасида тўқнашувлар ҳақида қалблари ташвишу аламга тўлиб гапирдилар. Бундайин кулфатни келтириб чиқараётган сабаблар кўп, бироқ битта сабаб, айниқса, аксарият нутқларда такрор-такрор айтилдики, бу – иқтисодий тенгсизлик муаммосидир. Гўё шундай ҳол юз берганки, ҳар бир жумҳурият мамлакатнинг бу умумий бебарака қозонига бошқаларга қараганда кўпроқ масаллиғ солаётиру, бироқ унинг «нонини» бошқалар «туя» қилиб кета-ётир.

Ҳурматли ўртоқ Борис Николаевич Ельцин бир сафар ҳатто шундай гапни айтишни ўзига эп кўрди: у бошқараётган жумҳурият 70 йиллик Совет ҳокимияти даврида мамлакатдаги бошқа барча жумҳуриятлар халқларини фақат едириб-ичиргангина эмас, боқиб келгани учун гўё ўзи ғариб аҳволга тушиб қолган эмиш. Тобора авжга минаётган бу тортишувларнинг сабаби менимча шундаки, бир маҳаллар «бутун дунё пролетарлари доҳийси» ғайриқонуний қарор чиқарган эдики, бу қарор ҳар бир халқнинг Умумиттифоқ хазинасига қўшаётган ҳиссасини қатъий суръатда сир тутиб келишга имкон яратди. М.С. Горбачев ўзининг якунловчи нутқида бизнинг машҳур юртдошимиз Хўжа Насриддини эслатиб ўтди. Мен Хўжа Насриддин ҳақида гапирмоқчиман. Бизда қадимда «халфана» деган бир одат бўлган. Бу удумга кўра бир неча ялангоёқ, камбағал бир жойга тўпланиб ош дамлаган. Бири гўшт сотиб олган, бошқа бири думба, учинчиси – гуруч, чўнтагида сариқ чақаси ҳам бўлмаган мулламирқуруқ, гадоси эса бир бош саримсоқ олиб келган.

Ялангоёқ дарвешларнинг бу зиёфатига Хўжа Насриддин раҳнамолик қилган. Улар олдиндан ошни ҳамма баравар ейиши керак, деган ўзаро битим тузишган. Бироқ баъзан шундай ҳам бўлганки, бир бош саримсоқ олиб келган гадо гўшт сотиб олиб келган ҳамтовоғидан кўра ошни кўпроқ туширишга уринган. Шундай пайтларда Хўжа Насриддин ёғоч қошиқ билан одобсизнинг бошига секин уриб қўйган.

Бугунги кунда Хўжа Насриддиннинг усулини қўллай олмайсиз, чунки сиз қўшнингизнинг бошига қошиқ билан туширсангиз, у сизнинг бошингизга чўмич билан солади. Нима қилиш керак? Менимча, бунинг биттагина йўли бор, у ҳам бўлса статистикадаги Сталин жорий этган ғайри-қонуний сир сақлашни бекор қилиш керак. Негаки, бугун ҳар бир халқ умумиттифоқ хазинасига қўшаётган ўз ҳиссасини аниқ билишни истайди, устига-устак бу ҳиссанинг баҳоси Маслюков ва Воронин ўртоқлар ўзбошимчалик билан тайин этган нархларда эмас, балки жаҳон бозоридаги, дейлик ҳам нонга, ҳам бензинга, ҳам кўмирга ва ҳам пахтага тўланаётган аниқ муайян баҳоларда белгиланмоғи керак. Шундай қилинса, ким боқиманда экани, ким кимни боқаётгани ўз-ўзидан равшан бўлади-қолади. Боз устига ўзаро таъналар, хафагарчиликлар, тош отишларга чек қўйиларди. Энг муҳими – бу нарса меҳнат кишисининг қадр-қимматини ҳам барча халқларнинг қадриятини жой-жойига қўярди.

Биз шуни унутмаслигимиз керакки, жаҳондаги ҳар бир илғор халқ ўз ҳаётини ва келажак учун белгиланган мақсад-режаларини тузганда чуқур илмий ҳисоб-китобларга асосланади. Фақат бизнинг ҳисоб-китоб (статистика) ҳамон Сталин давридаги маъмурий-бюрократик аппаратнинг буйруқларига бўйсунган ҳолда факт ва рақамларни, бу деган сўз, ҳар бир халқнинг умумдавлат хазинасига қўшаётган ҳиссасини бузиб кўрсатади,оқибатда ССЖИга кираётган бирор-бир жумҳурият халқи умумдавлат бойлигига қўшаётган ўз ҳиссасини ҳануз билмай келаётир.

Энди яна бир фикр. Бу фикр ҳам одамларни ҳаяжонга солаётган энг катта ташвиш – жиноятчиликнинг ортиб бораётгани билан боғлиқдир. Бу – ҳақиқий кулфатга айланди! Одамлар беҳаловат. Мамлакатда қазиб олинаётган темирнинг ярми темир эшиклар ясашга сарф этилмоқда: бироқ бундай наф йўқ: менинг бир ветеран дўстим уйига ўн пудлик сейф қурдирди, лекин бундан ҳам фойда чиқмади – унинг топган-тутганини сейф-пейфи билан кўтариб кетишди.

Майли, кетгани худо йўлига-ю, бироқ арзимаган нарса учун гуноҳсиз, ҳимоясиз одамларга нисбатан шафқатсизлик қилиняпти. Шу боисдан, менинг назаримда, ўртоқ Крючков чет эл айғоқчиларини тутиб толиш ҳаракатида юрган ўз қўшинларининг бир қисмини жиноятчилар билан курашга сафарбар этиб, тўғри иш қилди. Фақат истар эдимки, ўртоқ Крючков бу шпионларни «халқлар отаси» давридагидек, ҳар хил ижодий уюшмалар ва илмий институтлардан қидириб юрмасин, чунки бунга эҳтиёж ҳам йўқ: ҳаёт шуни кўрсатаётирки, биз яқин орада ўз уюшмаларимизда бир-биримизнинг гўштимизни еб битирсак керак.

Бироқ менинг ўйлашимча, ўртоқ Крючковнинг бу ташаббуси ҳали етарли емас. Ўйлаб кўриш лозим: балки баъзи ҳарбий қисмлардан ҳам фойдаланиш керакдир. Бу шунчаки мулоҳаза учун ўртага ташланган бир фикр. Чунки жиноятчиликнинг авж олиш оқибатлари жамиятни жуда ёмон аҳволга солиши мумкин. Тез орада бирор бир чора кўрмоқ лозим. Хуллас, биз шуни унутмаслигимиз керакка, бу муаммо халқни озиқ-овқат муаммосидан кўра кам безовта қилаётгани йўқ, халқ ушбу анжумандан муҳим қарорлар қабул қилишни муштоқ бўлиб кутаётир.

1989 йил, 9 июн

Озод ШАРАФИДДИНОВ
НУТҚ ЁХУД АДИБ ҲАЁТИНИНГ
ЮЛДУЗЛИ ОНЛАРИ
05

12Адабиёт тўғрисида кўпгина мақола-ю рисолалар ўқиб, катта-кичик назариялар билан танишиб, улардан “нутқ” деган адабий жанр тўғрисида бирон маълумот топа олмадим. Уларда бор-йўғи тўрт, уч ва ҳатто бир мисрадан иборат рубоий, танко, фард, қитъа каби жанрлар ҳақида батафсил гапирилади-ю, нутқ тўғрисида лом-мим дейилмайди. Ҳолбуки, нутқ қадим- қадимлардан бери адабиётдаги муҳим жанрлардан бири бўлиб келмоқда. Бир вақтлар нутқ юксак санъатлар қаторига кўтарилган, унинг сирларини махсус мактабларда йиллар мобайнида ўрганишган. Нотиқлик санъатини эгаллаш учун ҳатто қудуқларга тушиб ўтириб машқлар қилишган. Шунинг учун бўлса керак, Демосфен Цицерон каби нотиқлар исми ҳозир ҳам тиллардан тушмайди. Нотиқлик санъатининг нодир намуналарини яратишда ўзбек ёзувчиларининг ҳам хизмати катта. Абдулла Қодирий, Абдулла Қаҳҳор, Ҳамид Олимжон, Ғафур Ғулом, Шайхзода… Уларнинг айрим нутқлари теран мазмуни, ижтимоий салмоғи, эмоционал кўтаринкилиги билан маънавиятимиз тарихида чуқур из қолдирган. Масалан, Абдулла Қаҳҳорнинг 60 йиллик таваллуд кунида сўзлаган нутқини эслайлик. Адибнинг “мен партиянинг солдати эмас, онгли аъзосиман, тўғри келган ҳар бир кимсага честь бермайман” деган сўзлари бир зумда Москвагача етиб борган ва катта идораларда ўтирганларни зир титратганди. Чунки бу гап ҳукмрон мафкуранинг илдизларига урилган сезиларли зарба эди.

Яна бир нутқни эсламай ўтолмайман. 1968 йилда мен Татаристонда хизмат сафарида бўлгандим. Ўшанда ким билан учрашмай, менинг Тошкентдан келганимни эшитгач, дарров Ғафур Ғуломни тилга олар, унинг икки йил аввал Қозонда Абдулла Тўқай юбилейида сўзлаган нутқини эсларди. Чиндан-да ўшанда буюк шоиримиз татар тилида гапириб, татар халқининг шаънига жуда зўр гапларни айтган ва бу нутқнинг довруғи Татаристоннинг энг олис овулларигача бориб етганди. Буни қарангки, орадан анча вақт ўтиб кетган бўлса ҳамки, менга буюк шоирнинг юртдоши деб жуда катта ҳурмат-эҳтиром кўрсатилганди. Шунда яна бир марта баъзан катта-катта китоблар қилолмаган ишни жимитгина бир нутқ қилиши мумкинлигига, минбардан туриб айтилган сўз юракдан отилиб чиқса, бошқа одамлар қалбида ҳам унутилмас из қолдиришига имон келтирган эдим. Хуллас, айрим нутқлар бадиий тафаккур ривожига таъсир кўрсатибгина қолмай, ижтимоий тараққиётнинг ҳам муҳим омилига айланиши мумкин.

Мен, албатта, ҳозир нутқ жанрининг назарияси ёхуд тарихини ёритиб бермоқчи эмасман. Бу мулоҳазаларнинг ҳаммаси бир нутқни ўйлаб ўтирганимда хаёлимга келди. Бу нутқ ўн уч йил аввал ирод этилган эди. Уни кўпчилик эшитган ва ҳатто телевизор орқали кўрган ҳам эди. Ҳозир ҳам баъзи бир гурунгларда, адабиёт йиғинларида у тилга олинади. Унинг айрим иборалари аллақачон матал ё мақол сифатида жонли тилга сингиб ҳам кетган. Ҳурматли китобхон гап кимнинг, қаерда сўзлаган нутқи тўғрисида кетаётганини сезиб турган бўлса керак. Бугун баъзи бировлар назарида ўша нутқда бирон-бир фавқулоддалик йўқдай, ҳаммаси шунчаки омади гапдай, уларни айтмоқ учун бирон бир жасорат ёки фидойилик шарт эмасдек кўринади. Албатта, мустақиллик шароитида ўсиб-улғайган, характери ва руҳияти шаклланаётган одамнинг бундай деб ўйлашида ҳеч қанақа ғайри табиийлик йўқ. Аммо бундан ўн уч йил аввалги шароитни эсласангиз бутунлай бошқа хулосага келасиз. Тўғри, ўша пайтда қайта қуриш, ошкоралик деган гаплар важидан иқлим жиндай илигандай, тақиқ-у таъқиблар жиндай юмшагандай кўринарди. Лекин ҳали Конституциянинг 6-моддаси бекор қилингани йўқ, жон талвасасида ётган коммунистик партия аламзадалик билан ҳар нима қиламан деса қўлидан келарди. Бунинг устига “ўйнашмагил арбоб билан” деган ақида асосида, сон-саноқсиз тақиқлар ва чегаралашлар исканжасида, боши узра муттасил ярқираб турган ойболтани кўриб улғайган одам учун минбардан туриб, бунинг устига собиқ Иттифоқ депутатлари қурултойининг минбаридан партияга, ҳукуматга, тузумга қарши фош қилувчи сўзларни айтмоқ учун чинакам қаҳрамонлик талаб қилинар эди.

* * *

– Сўз халқ депутати Одил Ёқубовга…

Раислик қилаётган Лукяновнинг бу гапини эшитиб Одил сесканиб тушди. Қизиқ, ўзи-ку аслида бугун эрталабдан бери у раиснинг айни шу сўзларини интиқиб кутиб ўтирипти. Тўғриси, бугун эрталабдан эмас, бир неча кундан бери кутади. Қурултой бошланган куниёқ у сўз сўраб ҳайъатга мурожат қилди, “ҳа” деганда жавоб бўлавермагач, икки-уч марта мактубчалар жўнатди. “Тайёрланинг, сўз берамиз” дейишади-ю, лекин сўздан дарак йўқ. Ўзи у ёғини сўрасангиз, бу сессияда мислсиз даражада депутат кўп, уларнинг ичида гапираман дегани ҳам оз эмас. Ҳамманинг ичида айтмаса бўлмайдиган дардлари йиғилиб қолган, ҳал қилмаса, портлаб кетадиган муаммоларнинг сони йўқ экан. Қурултой ҳам охирлаб қолди – бугун-эрта тамом бўлади. Наҳотки, Одилнинг ҳамма дарди яна ичида қолиб кетаверса? Ахир, бу дардларни ўртага ташламаса, ўзбеклар қандай адолатсизликлар ва ҳақсизликлар остида яшаётганидан, зулм ҳар қандай чегарадан ошиб кетганидан, бунинг устига ноҳақ туҳматлар бўронига учраб, асоссиз таҳқирланаётганидан дунёни хабардор қилиб қўймаса, сира илож йўқ-ку! Қурултойга келганидан бери на уйқуда ҳаловат бор, на юриб-туришда. Эрта-ю кеч вужудини бир ўй кемиради – сўз беришармикин? Берилса, эплаб гапира олармикинман? Ўзинг шарманда қилма, Худойим! Эрта-ю кеч уни кемираётган изтироблар етишмагандай, ўзбекистонлик ошна-оғайнилар, таниш-билишлар, ҳатто етти ёт бегоналар ҳоли жонига қўймайди. Ҳар куни қурултойдан қайтиши билан хонага кириб улгурмай телефон жиринглай бошлайди. Телефон ярим кечагача ҳам тинмайди. Кимдир одоб билан, кимдир кесатиқ-пичинг билан “Қачон сўзга чиқасиз?” деб сўрашади. Тунов куни биттаси “Ўзбекистонли депутатлар қурултойга қатнашяптими ё Москвада магазинма-магазин юришдан бўшамаяптими?” деди. Нима деб жавоб беришингни билмайсан. Бунақа таъналар суяк-суягингдан ўтиб кетади. Уларни эшитганингдан кейин, кўзга уйқу келадими?

Ҳар қалай, Одилга бугун сўз тегиши аниқ бўлди, шекилли. Кеча танаффус вақтида фойеда Ислом Каримовга рўпара келиб қолди. “Безовта кўринасиз, Одил ака?” деб сўради у. Одил сўз ололмай хуноб эканини айтди. “Мабодо, сўз тегиб қолса, бизни хижолатга қўймайсизми? Нималарни гапирмоқчисиз?” деб сўради Ислом Абдуғаниевич. Одил Ислом Каримовнинг нега бунақа савол берганини дарров тушунди – бир икки кун аввал ўзбекистонлик бир депутат шунақа бир расво чиқиш қилган эдики, хижолат бўлмаган одам қолмаган эди. Бу аёл 37-йиллар анъанасига мос тарзда ўзбек халқи номидан гапириб, ўта шаллақилик билан академик Сахаровни қоралаган эди. Албатта, юқори доиралар ўртасида Сахаровни ёқтирмайдиганлар йўқ эмас, лекин аёлнинг андишасиз гапларидан, нодонлик билан юритган мулоҳазаларидан, омилигидан ҳатто улар ҳам ер ёрилса, ерга кириб кетгудек аҳволга тушган эдилар. Бу нутқ нафақат бу аёлнинг ўзини шарманда қилди, балки “ўзбек” деган номга ҳам иснод келтирди. Энди сўзга чиқадиган одам шу иснодни ювмоғи ҳам керак эди. Одил нималар тўғрисида гапиришини мухтасаргина қилиб айтиб берди. “Майли, гап­лашиб кўраман”, деб ваъда берди Ислом Каримов. Бугун эрталаб эса “Сизга сўз бериладиган бўлди, бугун гапирасиз” деб огоҳлантирди.

Одил нутқининг матнини қурултой бошланмасданоқ ёзиб тайёрлаб қўйган эди. Ўшандан бери ҳар куни кам деганда бир марта кўздан ўтказади, ножоиз кўринган гапларини ўчиради, янги туғилган фикрларини қўшади, ибораларини ёзиб қўяди, таҳрир қилади, яхшилайди. Ва исталган вақтда минбарга кўтарилишга шай турмоқ учун матнни қўйнига солиб мажлисга олиб кетади. Бугун эса нима ғафлат босибди-ю, уни меҳмонхонада қолдириб келипти. Ахир, кундан-кун асабийлашяпти. Сўз берилмаганига бетоқат бўляпти. Эсидан чиқса чиқипти-да. Албатта, Одил нутқини ёддан билади, матнсиз ҳам бемалол гапириб бериши мумкин. Бироқ ҳар нима деганда ҳам, бу – Ёзувчилар уюшмасининг мажлиси эмас-да, буни халқ депутатларининг қурултойи деб қўйибди. Мабода, салобат босиб ёки ортиқча ҳаяжондан адашиб кетса, бирор муҳим гапи қолиб кетса, шарманда бўлади-ку. Йўқ, меҳмонхонага бориб олиб келмаса бўлмайди. Одил шоша-пиша залдан чиқиб, бир машина топди, елдек меҳмонхонага ғизиллади, матнни олиб, яшин тезлигида залга қайтди. Хайрият, меҳмонхонага бориб келгунча унга сўз бериб қўйишмапти…

Одил ҳаяжонини босишга ҳаракат қилиб, минбарга йўналди. Зал асал арининг уясидек аста ғувиллайди. Кимдир томоқ қириб йўталади, кимдир дастрўмоли билан кўз ойнагини артади. Кимлардир “нима каромат кўрсатаркин?” деган маънода минбар томон кетаётган навбатдаги нотиқни зимдан кузатади.

Одил нутқини бошидан бошламади. Шўро замонида катта-кичик йиғинларда гапириладиган нутқларнинг ҳам ички қурилиши муайян қолипга тушиб қолганди. Одатда нутқни муқаддимадан бошлаш керак эди, яъни аввало партияга қуллуқ қилмоқ, кейин эришилган ютуқларнинг оламшумуллигини айтиш ва умуман, уч тўрт оғиз бўлса-да хушомад гап­ларни айтиш, ҳамд-саноларга ўрин бериш, шундан кейингина “аммо тарихий ютуқларимизга қарамай” деган гапдан кейингина асосий масалага кўчиш мумкин эди. Одил гапни пўсткалласидан бошлади. У ўзига ажратилган вақт ғоятда тиғиз эканини айтди-да, тўғридан-тўғри ўзбек деҳқонининг аҳволи ҳақида ҳикоя қила бошлади. Лекин бу гаплар одатдаги “оқ олтин” яратган “олтин қўллар” тўғрисида ёхуд ўзбек деҳқонининг бағрикенглиги, саховатпешалиги, меҳнатсеварлиги ҳақидаги аллақачон меъдага тегиб кетган ҳавойи гаплар эмас эди. Нотиқ қисқагина қилиб, мамлакатнинг пахта мустақиллигини таъминлашда ўзбек пахтакорининг ҳиссаси катта эканини таъкидлади-да, ундан кейинги йилларда ўзбек пахтакорининг ўта қашшоқ ва ночор аҳволда яшаётганини, қорни овқатга, усти кийимга ёлчимаётганини айта бошлади. Йиллар мобайнида кунига 12 соатдан, баъзан эса ундан ҳам кўпроқ, дам олиш, таътил деган нарсаларни билмай меҳнат қилган деҳқон бугун ўта шафқатсиз тарзда эксплуатация қилинмоқда. “Бир кило пахтадан камида эркакларнинг иккита кўйлаги чиқади. Бу кўйлаклар 50 сўм (ўша вақтнинг нархида) туради. Деҳқонга эса бир кило пахтаси учун атиги 50 тийин ҳақ тўланади” деди нотиқ. Бунақа ҳақ тўлаш мислсиз талончиликдан ўзга нарса эмаслигини залда ўтирганлар осонгина тасаввур қилиши мумкин эди.

Одил бир лаҳза тин олиб, залга разм солди. Қизиқ улкан зални тўлдириб ўтирган минглаб одамлар сув сепгандай тинчиб қолган эди. Яқиндагина ҳеч нарсани писанд қилмай, ғувурлаб ўтирган одамлар нотиқ яна нималар деркин дея интиқлик билан кутмоқда эди. Бу нотиққа қўшимча куч бергандай бўлди. У энди янада комил ишонч билан ўзбек деҳқонининг аянч­ли қисмати ҳақидаги ҳикоясини давом эттирди. У пахта монокультураси ҳақида, бошқа экин экишга бир қарич ер қолмагани тўғрисида, авваллари қишлоқни қишлоқ қилиб яшнаб турган боғ-роғлар йўқолиб бораётгани, деҳқон бошидан сепилаётган заҳарли дориларнинг миқдори тобора кўпайиб бораётгани, бунинг оқибатида ўлкада рак, гепатит, камқонлик, ошқозон касалликлари кўпайиб кетгани, болалар ногирон ва нимжон туғилаётгани тўғрисида гапирди. Бу гаплар залдагиларнинг кўпчилиги учун мудҳиш бир янгилик бўлаётгани сезилиб турарди. Чунки бизнинг матбуотимизда, радио ва телевидениеда кўп йиллардан бери, фақат ёлғон яшиқ ҳавойи гаплар айтилар, ўзбек деҳқонининг “қўшиқ айтиб қувонч билан” меҳнат қилиши мадҳ этиларди, лекин ҳақиқий аҳвол тўғрисида бирон оғиз рўйи-рост гап айтилмасди. Минбардан эса борган сари одамнинг баданини жунжиктирадиган, юракларни зир титратадиган ҳақиқатлар ёғилмоқда эди. Айниқса, сўнгги икки йил ичида бу беадад зулмларга чидаёлмаган аёллардан 500 га яқин киши ўзига ўт қўйиб нобуд бўлгани айтилганда залдагилар ларзага тушди.

Бу машаққатлар етмагандай, сўнгги йилларда “ўзбек иши” деган нарса ўйлаб топилганини қаттиқ қоралаб, нотиқ ўз халқининг виждони пок­лигини, ҳалоллигини айтди. Хуллас, шўролар тузуми етмиш йилдан бери деҳқонни қулдан бадтар эзиб келганини, энди эса унинг аҳволидан мутлақо хабар олмай, қирилиб кетишга маҳкум этганини ғазаб билан гапирди.

Ўшанда ошкоралик сабаб бўлибми, халқ депутатлари қурултойининг ҳамма мажлисларини тўлалигича телевизорда кўрсатишга қарор қи­линганди. Одамлар ҳар қанақа томошалар-у мулоқотлардан кўра шу кўр­сатувни кўришга муштоқ эди. Мен ҳам мажлис бошланиши ҳамоно ҳамма ишларимни йиғиштириб қўйиб, телевизор олдидан нари кетмай томоша қиладиган бўлиб қолгандим. Табиийки, дўстимнинг гапларини ҳам жон қулоғим билан тингладим. Тингладим-у, бот-бот “бу Одили тушмагур нималар деяпти? Қайси юрак билан шу гапларни айтяпти? Ишқилиб, дўстимга бирор шикаст етмасин-да!” деб ўйлайман. Негаки, қолипга сиғмайдиган гап­ларни кўп гапириб юриб, катта-кичик бошлиқлардан дакки еявериб зада бўлиб қолганмиз-да! Аммо Одилнинг бугунги гапларини у гапларимиз билан таққослаб бўлмас эди. Унинг ҳаяжондан бўғриққан юзига қарайман, дастрўмол қидириб, чўнтагини тополмаётганини кўраман. Экранда ҳайъатда савлат тўкиб ўтирган катталарнинг юзлари пайдо бўлади. Уларнинг баъзи бирлари нотиқнинг гапларини қулоқ бериб тинглаяпти. Баъзиларининг эса энсалари қотган, пешонаси тиришган. Раислик қилаётган Лук­янов эса ўзбекнинг бу шаккок адибига сўз бергани учун минг баъд пушаймон бўлаётгандай қовоқ-тумшуғи борган сари осилиб кетяпти. Билмадим, Одил гаплари орасида бу чеҳраларни кўрдими-йўқми, лекин унинг нутқи борган сари жарангдор бўла бормоқда, авж пардаларга яқинлашмоқда эди. Назаримда, у ўзбек деҳқонининг бугунги аҳволини Америкадаги пахта плантацияларида меҳнат қилган қора танли занжилар – Том бобо авлодларининг қисмати билан қиёслаганда, бу таққос нутқни тинглаётганларнинг биронтасини ҳам лоқайд қолдирмади: Америка фермерлари Африкадан неча юз минг қора танлини кишанбанд қилиб олиб келишди. Аммо адолат юзасидан айтмоқ керакки, наслу насабини пахта заҳматидан асраган ўша қаҳри қаттиқ фермерлар ҳам келгусида қулларидан соғлом, яъни оғирини енгил қиладиган насл етиштириш учун уларни тўйдириб боқишган. Шунинг шарофатиданми, бўйи икки метрли қора танли полвонлар дунёга келди. Ва уларнинг авлодлари бугунги кунда Америка спортининг, санъатининг ҳам гултожларидир.

Нотиқнинг бу сўзлари янграганда залда жонланиш юз берди. Уларда миллий масалани доноларча ҳал қилгани, ҳамма миллатларга, шу жумладан ўзбекларга ҳам беқиёс бахту саодат, фаровонлик, тўқлик бахш этгани тўғрисида ҳар чорраҳада айюҳаннос уриб мақтанувчи коммунистик партия ва шўро ҳукуматининг риёкорлиги, мунофиқлиги, тили бошқа-ю дили бошқа эканлиги аёвсиз фош қилинган эди. Бирдан аён бўлдики, шўро мафкураси муттасил қоралаб келган Америка эксплуататорлари шўро эксплуататорлари олдида уқувсиз, ношуд шогирд боладай гап экан. Бу гаплар жаҳон халқларининг кўз ўнгида риёкор, иккиюзламачи, устаси фаранг шўро мустамлакачиларининг юзига урилган тарсаки эди…

Нутқни эшитиб туриб, қўққисдан миямда бир фикр чарх урди – мен бу нутқ қурултой арафасида беш-олти кун мобайнида тайёрланган бўлса керак деб ўйлаган эдим. Энди ўйласам, бунақа теран, мукаммал нутқни беш-олти кунда тайёрлаш сира мумкин эмас. Албатта, нутқни қоғозга туширмоқ учун, эҳтимол, уч кун ва ҳатто икки кун ҳам кифоя қилмоғи мумкин, аммо барибир, бундай нутқлар одатда бутун умр давомида ёзилади. Одилнинг бутун ҳаёт йўли, қирқ йиллик ижоди, шу йиллар мобайнида бошидан кечирган жамики мураккабликлар, чекилган изтироблар шу нутққа олиб келиши муқаррар эди. Бу нутқнинг ибтидолари, эҳтимол, олис болалик йилларига бориб тақалар, эҳтимол, унда бевақт ва бегуноҳ қамалгани учун ўғлига музқаймоқ олиб беролмай армонда кетган отанинг андуҳлари, “халқ душманининг ўғли” деб якка мохов қилиб қўйганларида мурғак қалбида бир умрга чўкиб қолган аламлари зуҳур этгандир. Одил бутун ижоди давомида яратган катта-кичик асарларида, романлари ва қиссаларида адолатни куйлади, зулмни, ноҳақликни қоралади, бутун ҳаётни қоплаган қуюқ зулматнинг лаоқал бир чеккасини ёритишга интилди. Шундоқ экан, қандай қилиб ўша асарларда ифодаланган халқ дардларини адиб минбарга олиб чиқмаслиги мумкин эди? Одил кўп йиллар давомида “Литературная газета”нинг Ўзбекистондаги мухбири бўлиб ишлади. Ўша кезларда биз “бу нуфузли газетада ўзбек адабиёти кам ёритиляпти” деб дўстимиздан кўп гина қилардик. Кейин билсак, адабиётдан зарурроқ гаплар ҳам бор экан. Ўзбекистоннинг ҳамма вилоятларидан унга мактублар келиб турарди. Кўпинча ажи-бужи ёзувда анча-мунча уқувсизлик билан ёзилган мактубларда оддий одамлар ўз дардларини баён этишар, бошларига тушган мислсиз адолатсизликлардан фарёд чекишарди. Мактубларда ифодаланган дардлар ўқиган одамнинг ҳам юрагини лов-лов ёндирарди. Одил мухбир сифатида бу мактублар билан шуғулланмоғи керак эди. Бироқ у фақат расмий мажбурияти тақозоси билангина эмас, адиб сифатида, оддий бир инсон сифатида, ниҳоят ана шу заҳматкаш, жабрдийда халқнинг бир фарзанди сифатида ҳам шуғулланди, газета ёрдамида уларга ёрдам беришга ҳаракат қилди. Ҳатто бир неча марта ўткир мақолалар эълон қилиб, баъзи бир адолатсиз қамалган одамларнинг ҳибсдан озод бўлишларига сабабчи бўлди. Ёрдам беришга ожизлик қилганида эса халқнинг дарди, изтироблари адибнинг юрагига инди, унинг дардларига, изтиробларига айланди. Унинг нутқидаги аланга, тингловчилар қалбини қалқишга мажбур қиладиган ҳарорат йиллар давомида адибни ўртаб келган аламлардан нишона эмасмиди? Ниҳоят, Одил бир қатор ҳамкасабалари, устозлари билан бўладиган гурунгларда, ўзаро мунозараларда ҳам бу тўғрида кўп гапирар, аммо бу гаплар тор хоналарда қолиб кетар, кенг майдонларга, эркин ҳаволарга чиқолмас ва шунинг учун дардлар ҳақида ҳар қанча гапирсанг ҳам, бу сенга қаноат туйғусини бермас, ночорлик ва ожизлик важидан қалблардаги аламлар янада бурқсир эди-ю, камаймасди. Не ажабки, Одилнинг нутқида ўша гурунглардан олган қуввати ҳам зуҳур этгандай бўлди. Қолаверса, ўша куни экранда кўзимга ғалати бир манзара кўринди – назаримда, жўшиб-тўлқинланиб гапираётган Одил минбарда ёлғиз эмасдай кўринди. Унинг орқасида залдагиларнинг ҳеч қайсисига кўринмай Одил болалигидан асарларини севиб ўқиган улуғ адиб Абдулла Қодирий ва улуғ устоз Абдулла Қаҳҳор тургандай эди. Одил уларнинг ҳам айтилмай қолган дардларини айтаётгандай Абдулла Қодирий ва Абдулла Қаҳҳор маъқуллашиб, “Баракалла, Одилжон” дея елкасига қоқиб, далда бериб туришгандай эди.

Шундан кейин мен Одилдаги буюк жасоратнинг қаердан келганини анг­лагандай бўлдим – у нутқининг матнини тузганида ҳам, бугун минбардан туриб, уни бутун олам эшитадиган даражада ҳайқириб гапирганда ҳам ўзининг қадрдон халқига, шу халқнинг фарзандлари бўлган буюк зиёлиларнинг анъаналарига таянган экан.

Одил айтмоқчи бўлган гапларининг ҳаммасини айтиб улгурмай, раис “гапни тугатинг” деган маънода тугмачани босиб, минбардаги чироқни ёқди. Ҳаяжонининг зўридан бўлса керак, Одил раисга эътироз ҳам билдирмади, қўшимча вақт сўраб залга мурожаат ҳам қилмади, бир-икки жумлани апил-тапил айтиб, нутқини тугатди.

Залда гулдурос қарсаклар янгради. Одил минбардан тушиб, ўтирадиган ўрни томон борар экан, ўзини елкасидан тоғ ағдарилгандай енгил ҳис қилар, лекин, барибир, энг зарур бир гапини айтолмай қолгани учун – кечаги ювуқсиз аёлнинг Сахаровга қилган бўҳтонлари учун ўзбек зиёлилари номидан узр сўролмай қолгани учун юрагининг бир чети хижил эди. Аммо некўз билан кўрсинки, Сахаров ўрнидан турганича қарсак чалиб уни олқишламоқда эди. Одил Сахаровнинг ялтираб турган кўзойнаги туфайли кўзларидаги ифодани аниқ кўролмаган бўлса-да, бу улуғ олимнинг чеҳраси табассумдан ёришиб кетганини кўрди. Унинг назарида Сахаров “биламан, кечаги бўҳтонлар ўзбек зиёлиларининг фикрини ифодаламайди. Мен хафа эмасман, аксинча, ўзбеклар ичида ҳам ҳақгўй, адолатпарвар, эрксевар одамлар борлигидан, уларнинг жуда юксак даражада тафаккур қилаолишларидан ғоятда мамнунман” деяётгандай эди. Одил бажону дил олимнинг қўлини қисиб, унга миннатдорлик туйғуларини изҳор қилишни истарди, аммо бунинг учун одамларни безовта қилиб, қатор оралаб тўрт-беш қадам ичкари кирмоқ керак эди. Хайр, майли, кейин махсус бориб, у билан гаплашиб келаман” деб ўйлади Одил. Лекин у бу ниятининг амалга ошмаяжагини, орадан икки-уч ой ўтмай Ҳақиқатнинг бу жасур жангчиси оламдан кўз юмажагини, уни сўнгги йўлга узатмоқ учун Ўзбекистондан ҳеч ким келмаслигини, якка ўзи унинг тобути ёнида туриб, у билан видолашишини ҳали билмас эди.

Одил ўзининг нутқи жуда катта акс-садо беришини, нафақат мамлакатдаги, балки хориждаги газеталарда ҳам босилиб чиқишини, Тошкентга қайтганида эса, уни аэропортда таниш ва нотаниш одамлар кутиб олишини ҳам билмасди. Лекин шундоқ бўлса-да, ўзидан мамнун бўлиб жойига бориб ўтирди.

* * *

Сиз мақтаётган нутқни биз ҳам эшитганмиз, телевизорда кўриб бир қоп семирганмиз, – дейиши мумкин китобхон тирхишлик билан. – Хўш, кейинчи? Натижа нима бўлди? Осмон узилиб ерга тушдими? Ҳақсизликлар барҳам топиб, адолат қарор топдими? Пахтакорнинг егани олдида, емагани кетида бўлиб қолдими?

Билмадим-ов… Кейинги йилларда қишлоқма-қишлоқ юролмай қолганман. Деҳқоннинг елкасига офтоб теккан-тегмагани, омборларига нозу-неъматлар сиғмай, тарсиллаб ёрилиб кетай деб турганидан хабарим йўқ. Пахтакор аёл ҳам қуйруқларига жир битиб, кўкраклари шоир Ғафур Ғулом айтганидек “ҳар бири бир қўш чўққи тоғ” бўлиб кетганини ҳам ўз кўзим билан кўрганим йўқ. Лекин шунга қарамай, адибнинг нутқи ҳаётда изсиз кетди десак, мутлақо нотўғри бўларди. Сирасини айтганда ҳали инсоният тарихида бирон марта ҳам нутқ ирод этилгандан сўнг бир-икки кун ичида ҳамма нарса ўзгариб, олам гулистон бўлиб кетгани йўқ. Нутқ бамисоли сара уруғ, униб чиқиб самара бермоғи учун озми кўпми муҳлат, қулай шароит керак.

Бу нутқ ўша кезларда бутун мамлакатни ларзага солди, ўзбек деҳ­қонининг аянчли аҳволига жаҳон жамоатчилиги эътиборини жалб қилди. Айни чоқда, дўстимнинг нутқи ўзбек зиёлисининг мақомини ҳам хийла кўтарди, уни худа-беҳуда таъналардан, ноўрин маломатлардан қисман бўлса-да халос этди. Очиғини айтганда ўша кезларда ўзбек зиёлилари нуфузларини анча-мунча бой бериб қўйишган эди, ҳозирги замон тили билан айтганда, уларнинг рейтинги анча тушиб кетган эди. Ўзбекистондан чиқиб, қаерга бормайлик, катта-кичик дўстларимиз бизни дарҳол ўртага олиб саволга тутишарди: “Қани ўша мақталган ва мақтанган ўзбек зиёлилари? Улар оғизларига талқон солиб олишганми?”. Аввалига ярим ҳазил-ярим чин тарзида бериладиган бундай саволлар кейинчалик жиддий таъна-дашномларга айлана борди: “Чиндан-да темир кишанлар парчаланиб кетган бўлса-да, қафасидан бир қадам ташқари чиқмайдиган ҳинд филларига ўхшайсизлар! Адабиётда қачон янги марраларга кўтариласизлар? Топиб олган муаммоларинг – уйланмаган йигит ўзининг муаллимасини сева оладими? Эридан ажралган аёл бошқасини сева оладими? Наҳотки, ҳаётда шулардан бошқа жиддийроқ муаммолар бўлмаса? Саволларингизга кўра минтақада ҳаммадан кейинги ўринга тушиб қолдиларинг-ку? Кейинги йилларда ҳамманинг эътиборига сазовор бўлган, ҳаммани ларзага соладиган бирон бир мақола ёхуд бадиий асар яратдиларингми? Кўзингга тик боқиб туриб, ошкора айтилган бунақа таъналарни эшитиш жуда оғир эди, чунки аллақаёқлардан келиб бизга ёпишган мақтанчоқлик, мутакаббирлик аллақачон қон-қонларимизга сингиб улгурган ва бунинг натижасида ўзимизга жуда юқори баҳо берган ҳолда, кемтикларимизни тан олмай яшашга ўрганиб қолгандик. Албатта, дўстларимизнинг таъналари олдида отдан тушсак ҳам, узангидан тушмасдик, бир нарсаларни ғўлдираб, уларнинг оғзига урардик. Мавқеимизни сақлаб қолгандек бўлардиг-у, лекин рос­тини айтадиган бўлсак, улар ҳақ эди. Кимларгадир ҳар қанча малол келмасин, кимларгадир оғир ботмасин, аммо шуни айтиш керакки, ўзбек зиё­лилари XX асрнинг иккинчи ярмида ўз халқи олдидаги асосий вазифасини ҳар томонлама мукаммал бажарди деб айта олмаймиз. Йўқ-йўқ зиёлиларимиз мавжуд эди. Улар ўз соҳаларида самарали меҳнат қилишган – олимлар кашфиётлар билан шуғулланган, ижодкорлар ижод қилишдан бўшамаган, ўқитувчилар ёшларни маърифатли қилиш билан банд бўлганлар. Бу ҳаммаси тўғри, лекин чинакам зиёли зиммасига юклатилган, тўғрироғи, ўзи ўз ихтиёри билан зиммасига олган энг асосий вазифани адо этишда нечукдир нўноқлик бор. Хўш, зиёлини зиёли қиладиган бу вазифа нимадир. Бу, менинг назаримда ҳазрат Алишер Навоий айтган ўша халқ ғамини ейиш, халқ дардини ўз дарди деб билиш, бинобарин, бошига қилич келганда ҳам халқ ҳаёти тўғрисида ҳақиқатни гапириш, халққа қилинаётган ҳақсизликлар ва адолатсизликларга қарши овозини кўтаришдан иборатдир. Зиёли ўзини халқнинг узвий қисми деб ҳисобламоғи, халққа қарши бўҳтонларни рад этмоғи, ўз халқи маънавий бойлигининг посбони бўлмоғи лозим ва халқни турли-туман фисқи-фасодчиларнинг хуружидан ҳимоя қилмоғи керак. Таассуфлар бўлсинким, ҳаётда халқ кўплаб марта шундай ҳимояга муҳтож бўлганда бирда ярим ҳолларни мустасно қилганда, бизнинг зиёлиларимиз фаолиятсизлик кўрсатдилар, ёвузлик қаршисида, зулм, зўравонлик қаршисида улар мутеълик билан қўл қовуштириб турабердилар, ҳатто энг манаман деган, энг пешқадам зиёлилар ҳам овозларини кўтариш ўрнига “оч қорним – тинч қулоғим” деган яшаш тарзини маъқул кўрдилар. Хўш, нега шундай бўлди? Бунга, албатга, мустамлака шароитида, зўравонлик асосига қурилган жамиятда беҳуда кучаниш белни синдиради, деб жавоб беришлари мумкин. Лекин тоталитар тузум, фақат Ўзбекистонда мавжуд эмас эди. Шунга қарамай, бошқа ўлкаларда, бошқа минтақаларда зиёлиларнинг норозилик тўла овозлари мунтазам равишда эшитилиб турди-ку! Негадир қўрқоқлик бизнинг зиёлиларни кўпроқ карахт қилиб қўйди. Билмадим, ўзбекнинг жони ширинроқми ёки ўзбек зиёлиси рост гапирганда боши узра турган қиличнинг дами ўткирроқми? Ёки ўзбекнинг ич-ичида ётган, асрлардан-асрларга ўтиб, унинг бутун вужудини карахт қилиб келаётган мутелик туйғуси зиёлиларга ҳам отамерос туйғу сифатида кўчиб ўтганмикин? Руҳшунос олимларимиз ҳадеб йўқ ердаги фазилатларни халққа ёпиштиравермасдан олға силжишимизга жиддий халақит бераётган мутелик психологиясининг илдизларини, таркибини ва табиатини ўргансалар кўп фойдали иш қилган бўлармидилар? Ҳар қалай, нима бўлганда ҳам, ўзининг ноҳақ қатлиом қилинган Чўлпон, Фитрат каби буюк фарзандларини асраб қололмаган, оқлангандан сўнг вақтида йўргаклаб ололмаган, пахта баҳонасида бутун республика устидан ўткир кимёвий заҳарлар ёғилганда, қишлоқ ва шаҳарларда аёлларнинг ўз-ўзига ўт қўйиши каби мудҳиш фожиалар рўй берганда битта ярим ҳоллардан бошқа ҳеч ким бунга қарши бош кўтармаган, бутун ўзбек халқи порахўр ва ўғрига чиқариб қўйилганда, уни ҳимоя қилиш ўрнига “шимол ёқдаги совуқ юртлардан” бизга раҳбарлик қилиш учун қўшимча десантлар юборишни илтимос қилган зиёлилар таъна-дашномларга ботиши, маломатга қолиши мутлақо табиий эди.

Ана шундай шароитда Ўзбекистон халқ ёзувчиси Одил Ёқубовнинг халқ депутатлари қурултойидан баланд овозда мардона нутқи янгради. Одил шўролар салтанати ўрнатилгандан бери 1921 йилда “Эй сен мени фақир кўрган, ҳақир деган афанди, менга қилган зулмларинг, ҳақсизлигинг бас энди” деб ҳайқирган Чўлпондан кейин, 1923 йилда Сталин ҳузуридаги нуфузли бир партиявий йиғинда “Туркистонда чоризм давридагидан бери ҳеч нарса ўзгаргани йўқ, фақат вивеска ўзгарди, холос” деб айтишга журъат қилган Акмал Икромовдан сўнг Одил Ёқубов, агар хотирам панд бермаса, учинчи бўлиб, коммунистик партиянинг мунофиқлигини, амалда аввалгиларининг ҳаммасидан мудҳишроқ ва шафқатсизроқ мустамлака сиёсати юргизганини баралла айтди. Худо ҳақи, дўстим Одилнинг шу нутқидан ке­йин мен олис-яқин юртларга борганимда қаддимни ғоз тутиб, бўйнимни эгмай, ийманмай, қисинмай “мен ўзбек зиёлисиман” дейдиган бўлдим. Худди ўша нутқни ўзим ирод қилгандек.

Агар спортчиларнинг атамаси билан айтадиган бўлсак, Одил ўша нутқи билан ўзбек публицистикасини рекорд юксакликка кўтарди. Албатта, ҳамма зиёли ёхуд ҳамма адиб ҳам кундалик ҳаётда дабдурустдан бунақа рекордлар ўрната олмаслиги мумкин. Лекин рекордларнинг бир ажиб томони шундаки, у ҳар бир спортчидан ёхуд адибдан кундалик фаолиятида шу юксак маррани назарда тутиб иш олиб боришни тақозо этади, умумий савияни бир баҳя бўлса-да юқори кўтаради.

Яқинда Одил билан одатдагидек яна бир марта гурунглашдик. Ўтган-кетганларни эслашдик. Гап айланиб, Одилнинг ўша ўн уч йил аввалги нутқига бориб тақалди. Шунда Одил бир нарсани ўйлагандек бир зум тин олди-да, кейин аллақандай ички ишонч билан деди;

– Мен бутун ижодимни тарозининг бир палласига қўйсам, иккинчи палласига шу нутқимни қўйган бўлардим…

Мен дабдурустдан дўстимга нима деб жавоб беришни билмай қолдим. Билмадим, Одилнинг қиссалари ва романлари ҳам адабиётимизда жуда катта салмоққа эга. Улар ўзларининг ғоявий-бадиий фазилатлари билан маънавий ҳаётимизда боқий ўринга эга. Лекин шунга қарамай, адибнинг ўзи уларни бир нутқига тенг деб ҳисоблар экан, бунга нима деб эътироз билдириш мумкин?

Мен ҳар ҳолда бир нарсага аминман – ўша куни – Ўзбекистонда ҳам бошқа жойлардаги каби минг-минглаб мухлисларини қалбида яна бир марта умид оловини ёқа олган, уларда ифтихор туйғуларини авж олдирган Одил Ёқубов ўз ҳаётининг юлдузли онларидан бирини бошидан кечирган эди.

2002

«Хуршид Даврон кутубхонаси»дан: ушбу саҳифани тайёрлашда кўмак берган Нигора Умаровага алоҳида миннатдорчилигимизни билдирамиз.

Mashhur nutqning 30 yilligiga

Shu kunlarda bundan roppa-rosa 30 yil avval — 1989 yilning 25 may — 9 iyun kunlari Moskvada bo’lib o’tgan SSSR xalq deputatlarining birinchi s’ezdining so’nggi kunida atoqli adib Odil Yoqubov so’zlagan nutq va unda sobiq imperiya tarixida ilk bora ro’y-rost aytilgan jo’shqin fikrlar eslanmoqda. Eng quvonchlisi, bugungi yosh avlodning fikrli vakillari Odil Yoqubovning shu tarixiy nutqiga bot-bot murojaat etishmoqda, buyuk adibning mardligi va tantiligi, haqiqatparvarligi, fidoyiligiga tahsin aytishmoqda. /em>

Bugun nutq bilan barobar e’lon qilinayotgan ustoz Ustoz Ozod Sharafiddinovning “Nutq” maqolasi ham Moskvaning Kremlь s’ezdlar saroyida yangragan shu tarixiy nutqqa bag’ishlangan bo’lib, unda ustoz adibimiz Odil Yoqubovning qahramonligi va jasorati munosib darajada tahlil etilgan.

Faqat bir narsani alohida qayd etish lozimki, turli nashrlarda e’lon qilingan nutq sanasi 16 iyun deb noto’g’ri ko’rsatilmoqda. Aslida nutq 9 iyunda so’zlangani o’sha davr hujjatlari, eng avvalo, o’sha yili e’lon qilingan s’ezd stenogrammasida aniq ko’rsatilgan.

 

ODIL YOQUBOV
SSSR XALQ DEPUTATLARI
BIRINCHI SYEZDIDAGI NUTQ
09

Aziz o’rtoqlar!

Vaqt tig’iz, shu sababli nutqimning eng mo»tabar, olamshumul muammolarga doir qismini tushirib qoldirib, asosiy maqsadga o’taman. Biz asrlardek cho’zilgan 70 yil davomida ko’p qadriyatlarimizdan ayrildik. Ularning orasida bir qadriyat borki, uning o’rnini qoplash juda mushkul. U tirikchilikning og’irligi, ochin to’qin yashayotganimiz, inson qadr-qimmatini yerga uruvchi uzundan-uzoq navbat kutishlar tufayli yuz berdi. Bizda odamning eng oliyjanob fazilati – rahm-shafqat va muruvvat qolmadi. Uning o’rnini toshbag’irlik, o’zganing dardiga loqaydlik egallamoqda.

Juma kuni foyeda tuppa-tuzuk, ko’hlikkina ikki juvonning suhbati qulog’imga chalindi. «O’zbeklar namuncha o’z paxtalari to’g’risida javrab qolishdi?» – der edi biri. «Jonga tekkan, ularning ruhiy olami bo’lganmi o’zi?» – der edi ikkinchisi. Bu gaplar menga alam qildi. Ilgarigi mard, mag’rur dehqonlarimiz, ularning qora qosh, qora ko’z xotinlari shu qadar fojiaviy ahvolga tushib qolgan bo’lsalar, bunda kim aybdor axir, deb o’ylayman. Ularning ma’naviy olamlari qanday qilibm yuksalsin, axir!

«Barcha zamonlar va barcha xalqlarning otasi» Stalinning mamlakat paxta mustaqilligini ta’minlash borasida o’rtaga tashlagan mash’um shiori dehqonlarimizni hamma narsadan mahrum qildi-ku! Ularning butun yeri, necha yuz ming gektar ajoyib mevazor bog’lari, hamisha yashil bedazorlar va bodomzorlar – bularning hammasi shafqatsizlik bilan kesib tashlanib, shudgor qilindiku! Bu yerda muhtaram Chingiz Aytmatov aytganidek, paxta chindan ham nomi ulug’, suprasi quruq narsaga aylandi. Mamlakat, nihoyat, paxta mustaqilligiga erishdi. Ko’z ko’rib quloq eshitmagan boylikka ham ega bo’ldi. Xo’sh, dehqonimizga, uning xotini va bolalariga nima tegdi? Saraton jaziramasida har kuni 12 soatlab ishlash, ishlaganda ham dam olish kunlarisiz, bayramlarsiz, ta’tillarsiz ishlashga to’g’ri keldi.

Matbuotda respublika ahli boshiga do’ldek yog’ilgan son-sanoqsiz oldi-qochdi materiallar oqimiga qarab, sizlar respublikamizdagi g’azna o’g’rilaridan har biri qancha pulni o’marib ketganligini siz tiyin-tiyinigacha hisoblab chiqqan bo’lsangiz kerak. G’azna o’g’rilarini jazolash kerak. Bu borada boshqacha gap bo’lishi mumkin emas. Ammo, O’zbekistondan narida yashayotgan odam qo’lini ko’ksiga qo’yib, vijdoniga iymon keltirib, paxtakorimiz ana shu nomi ulug’, suprasi quruq paxta vajidan qanday ahvolga tushib qolganligini aytib bera oladimi? Davlat plan qo’mitasining fikricha, xuddi ana shu paxta strategik xom ashyo hisoblanib, davlatga juda katta daromad keltiradi hamda mamlakatimizga kelayotgan chet el valyutasida salmoqli o’rin tutadi va ana shu valyutasiz, o’sha davlat qo’mitasining e’tirof etishicha, davlatning qo’li kalta bo’lib qolardi. Xo’sh, ana endi, dehqon va uning beshafqat mehnatdan tinka-madori qurigan baxtiqaro xotini qanday sharoitda yashamoqda. Shu odamlar qancha ish haqqi olishmoqda?

Oftob radiatsiya purkab turgan jaziramada xotin-qizlarimiz ayolbop ishni qilishayotgani yo’q. Xuddi ana shu oftob, zaharli dorivorlardan huda-behuda foydalanish oqibatida rak, sariq, me’da kasalligi va ayollar kamqonligi, boshqa kasalliklar juda ko’paydi va bu ayollar bilan bolalarning o’limiga sabab bo’lmoqda.

Xo’sh, ularning turmushi qay holatda? Ularning turmushi shundayki, paxtakor ayollar qosh qorayganidan keyin daladan uylariga qaytib, o’sha almisoqdan qolgan iflos tezakni o’choqqa qalab, bolalariga obi-yovg’on pishiradilar. Ana shu misdek qorayib ketgan, nimasi bilandir kuyib ketgan qayinlarni eslatuvchi ayollarni ko’rganimda ko’zimda yosh qalqiydi, ularda ayollik nazokati-yu nafosatidan asar ham qolmagan, na qaddi-qomatu va na sumbat bor. Ko’zlarida g’am-kulfat, hasrat-nadomat alomatlari sezilib turibdi.

Men mamlakatimizdagi barcha dehqonlarga, ayniqsa, rus dehqonlariga qiyin ekanligini bilaman va hukumatimiz ana shu ahvolni o’nglab olish uchun katta tadbirlar ko’rayotganidan xursandman. Ammo, harqalay, paxta, o’rtoqlar, bu boshqa olamdir. Keling Amerika janubidagi oqtanli bag’ritosh fermerlarni eslaylik. Ular paxta dalalarida ishlashni xohlamay, o’z xotinlari va bolalarini ana shu inson bolasi chidab bo’lmaydigan mehnatdan xoli etib, Afrikadan necha yuz minglab negrlarni kishanband etib olib kelgan edilar. Ammo, adolat yuzasidan shuni ham eslashimiz kerakki, o’sha paxta dalalarida ishlashni xohlamagan va o’z bolalarini bu og’ir mehnatdan xalos etgan o’sha qahri qattiq fermerlar qullardan sog’lom, ishga yaroqli nasl olish maqsadida ularni obdon to’ydirishgan. Shunday qilib, bo’yi ikki metrli qora tanli polvonlar tug’ildiki, ularning avlodlari hozir Amerika sportining va Amerika san’a tining gultojidir.

Xo’sh, bizning qishloqdagi bolalarimizchi? Sport haqida, ma’naviy ravnaq haqida gapirib o’tirishga ham hojat yo’q. Och-nahor yashashayotgani (jon boshiga 20 kilogramm go’sht to’g’ri keladi), og’ir mehnat qilishayotgani natijasida ularni armiyaga ham olishmayapti. Agar olishsa ham faqat qurilish batalьonlarida xizmat qilishyapti. Dehqonlarimiz boshiga tushgan kulfat haqida muxtasar gapirganimdan keyin men, muhtaram Nikolay Ivanovich, sizga murojat qilmoqchiman: davlat reja qo’mitasidagilarning mamlakatga paxta kerak, u strategik xom ashyodir va valyuta tushumlarida salmoqli o’rin tutyapti, degan gaplari to’g’rimi? Agar to’g’ri bo’lsa, nega endi bizdan paxta jahonda eng arzon narxda sotib olinmoqda.

Inqilobga qadar ham, Nikolay Ivanovich (Bu yerda adib majlisni boshqarayotgan SSSR Ministrlar sovetining raisi N. I. Rijkovga murojaat qilmoqda. XDK izohi), «Turkestanskiye vedomosti» gazetasining yozishicha, rus savdogari (ha o’lkamizga ana shu «nomi ulug’ suprasi quruq» ekinni olib kelgan o’sha rus savdogari) bir pud paxtaga 18 pud bug’doy berar edi. Bizning jonajon davlatimiz esa bir kilogramm paxtaga o’rtacha 50 tiyin to’lamoqda. Toshkentdagi Oloy bozorida yarim kilogramm bodring 50 tiyin turadi (shuni eslatib o’tmoqchimanki, o’rtoqlar, bir kilogramm paxtadan olingan gazlamadan kamida 50 so’m turadigan ikkita erkaklar ko’ylagi tikilyapti).

Tarixiy solnomalarda qayd etilishicha, O’rta Osiyoning tabiiy iqlim sharoiti jahonda betimsoldir. Bu yerda Yer yuzida eng shirin mevalar va sabzavotlar yetishtiriladi, qovun va tarvuzlarning mevasi va muattar hidi bebahodir.

Tabiiyki boyliklardan o’ylamay-netmay, ilmga zid tarzda qahri qattiqlik bilan foydalanish oqibatida davlatimizning 70 yili mobaynida o’lkamiz ekologik halokat jari yoqasiga kelib qoldi.

O’rtoqlar, kecha siz fikrimni, to’g’rirog’i akademik Aganbegyan aytgan fikrni oxirigacha eshitmadingiz. Endi shu gapni qaytarmoqchiman. Akademik Aganbegyan Orol muammosiga bag’ishlanib, o’tgan yili KPSS Markaziy Komitetida bo’lgan kengashda O’zbekiston tabiati, yer-suvi va nihoyat xalqi duchor bo’lgan bedorlikning haqiqiy sabablarini hech kim bilmaydi, degan edi. Mamlakat davlat reja qo’mitasi ham, Davlat agrosanoat qo’mitasi ham, deb uqtirdi u, respublika oldiga hali u,hali bu vazifani qo’yishar ekan, bamisoli tuman ichida paypaslab yurishibdi. Shuning uchun, deb uqtirdi akademik, katta iqtisodchi olimlar, ekologlar, shifokorlar, qishloq xo’jalik mutaxassislaridan iborat nufuzli favqulodda iqtisodiy komissiya tuzish zarur, mazkur komissiya ahvolni puxta o’rganib, O’zbekistonda nimalar bo’layotgani haqida hukumatga to’la va aniq-ravshan xulo-salar taqdim etish kerak.

Aminmanki, O’zbekiston uzoq kelajakda emas, balki yaqin yillarda mamlakat ahlining yarmini boqishi mumkin. Buning uchun esa respublikani paxta yakka hokimligi zug’umidan qutqarishi, mehnatsevar xalqqa esa turg’unlik yillari asoratidan qutulishga va ko’kragini kerib yashashga yordam berish kerak.

Ajratilgan vaqt o’tdi. Nutqimni tugatyapman. Favqulodda komissiya tuzish to’g’risidagi taklifimni qabul qilishingizni so’rayman. Rahmat.

(nutqning davomi) Hurmatli o’rtoqlar! S’ezdda so’zga chiqqan deyarli bircha notiqlar milliy nizolar, millatlar o’rtasida to’qnashuvlar haqida qalblari tashvishu alamga to’lib gapirdilar. Bundayin kulfatni keltirib chiqarayotgan sabablar ko’p, biroq bitta sabab, ayniqsa, aksariyat nutqlarda takror-takror aytildiki, bu – iqtisodiy tengsizlik muammosidir. Go’yo shunday hol yuz berganki, har bir jumhuriyat mamlakatning bu umumiy bebaraka qozoniga boshqalarga qaraganda ko’proq masallig’ solayotiru, biroq uning «nonini» boshqalar «tuya» qilib keta-yotir.

Hurmatli o’rtoq Boris Nikolayevich Yelьtsin bir safar hatto shunday gapni aytishni o’ziga ep ko’rdi: u boshqarayotgan jumhuriyat 70 yillik Sovet hokimiyati davrida mamlakatdagi boshqa barcha jumhuriyatlar xalqlarini faqat yedirib-ichirgangina emas, boqib kelgani uchun go’yo o’zi g’arib ahvolga tushib qolgan emish. Tobora avjga minayotgan bu tortishuvlarning sababi menimcha shundaki, bir mahallar «butun dunyo proletarlari dohiysi» g’ayriqonuniy qaror chiqargan ediki, bu qaror har bir xalqning Umumittifoq xazinasiga qo’shayotgan hissasini qat’iy sur’atda sir tutib kelishga imkon yaratdi. M.S. Gorbachev o’zining yakunlovchi nutqida bizning mashhur yurtdoshimiz Xo’ja Nasriddini eslatib o’tdi. Men Xo’ja Nasriddin haqida gapirmoqchiman. Bizda qadimda «xalfana» degan bir odat bo’lgan. Bu udumga ko’ra bir necha yalangoyoq, kambag’al bir joyga to’planib osh damlagan. Biri go’sht sotib olgan, boshqa biri dumba, uchinchisi – guruch, cho’ntagida sariq chaqasi ham bo’lmagan mullamirquruq, gadosi esa bir bosh sarimsoq olib kelgan.

Yalangoyoq darveshlarning bu ziyofatiga Xo’ja Nasriddin rahnamolik qilgan. Ular oldindan oshni hamma baravar yeyishi kerak, degan o’zaro bitim tuzishgan. Biroq ba’zan shunday ham bo’lganki, bir bosh sarimsoq olib kelgan gado go’sht sotib olib kelgan hamtovog’idan ko’ra oshni ko’proq tushirishga uringan. Shunday paytlarda Xo’ja Nasriddin yog’och qoshiq bilan odobsizning boshiga sekin urib qo’ygan.

Bugungi kunda Xo’ja Nasriddinning usulini qo’llay olmaysiz, chunki siz qo’shningizning boshiga qoshiq bilan tushirsangiz, u sizning boshingizga cho’mich bilan soladi. Nima qilish kerak? Menimcha, buning bittagina yo’li bor, u ham bo’lsa statistikadagi Stalin joriy etgan g’ayri-qonuniy sir saqlashni bekor qilish kerak. Negaki, bugun har bir xalq umumittifoq xazinasiga qo’shayotgan o’z hissasini aniq bilishni istaydi, ustiga-ustak bu hissaning bahosi Maslyukov va Voronin o’rtoqlar o’zboshimchalik bilan tayin etgan narxlarda emas, balki jahon bozoridagi, deylik ham nonga, ham benzinga, ham ko’mirga va ham paxtaga to’lanayotgan aniq muayyan baholarda belgilanmog’i kerak. Shunday qilinsa, kim boqimanda ekani, kim kimni boqayotgani o’z-o’zidan ravshan bo’ladi-qoladi. Boz ustiga o’zaro ta’nalar, xafagarchiliklar, tosh otishlarga chek qo’yilardi. Eng muhimi – bu narsa mehnat kishisining qadr-qimmatini ham barcha xalqlarning qadriyatini joy-joyiga qo’yardi.

Biz shuni unutmasligimiz kerakki, jahondagi har bir ilg’or xalq o’z hayotini va kelajak uchun belgilangan maqsad-rejalarini tuzganda chuqur ilmiy hisob-kitoblarga asoslanadi. Faqat bizning hisob-kitob (statistika) hamon Stalin davridagi ma’muriy-byurokratik apparatning buyruqlariga bo’ysungan holda fakt va raqamlarni, bu degan so’z, har bir xalqning umumdavlat xazinasiga qo’shayotgan hissasini buzib ko’rsatadi,oqibatda SSJIga kirayotgan biror-bir jumhuriyat xalqi umumdavlat boyligiga qo’shayotgan o’z hissasini hanuz bilmay kelayotir.

Endi yana bir fikr. Bu fikr ham odamlarni hayajonga solayotgan eng katta tashvish – jinoyatchilikning ortib borayotgani bilan bog’liqdir. Bu – haqiqiy kulfatga aylandi! Odamlar behalovat. Mamlakatda qazib olinayotgan temirning yarmi temir eshiklar yasashga sarf etilmoqda: biroq bunday naf yo’q: mening bir veteran do’stim uyiga o’n pudlik seyf qurdirdi, lekin bundan ham foyda chiqmadi – uning topgan-tutganini seyf-peyfi bilan ko’tarib ketishdi.

Mayli, ketgani xudo yo’liga-yu, biroq arzimagan narsa uchun gunohsiz, himoyasiz odamlarga nisbatan shafqatsizlik qilinyapti. Shu boisdan, mening nazarimda, o’rtoq Kryuchkov chet el ayg’oqchilarini tutib tolish harakatida yurgan o’z qo’shinlarining bir qismini jinoyatchilar bilan kurashga safarbar etib, to’g’ri ish qildi. Faqat istar edimki, o’rtoq Kryuchkov bu shpionlarni «xalqlar otasi» davridagidek, har xil ijodiy uyushmalar va ilmiy institutlardan qidirib yurmasin, chunki bunga ehtiyoj ham yo’q: hayot shuni ko’rsatayotirki, biz yaqin orada o’z uyushmalarimizda bir-birimizning go’shtimizni yeb bitirsak kerak.

Biroq mening o’ylashimcha, o’rtoq Kryuchkovning bu tashabbusi hali yetarli yemas. O’ylab ko’rish lozim: balki ba’zi harbiy qismlardan ham foydalanish kerakdir. Bu shunchaki mulohaza uchun o’rtaga tashlangan bir fikr. Chunki jinoyatchilikning avj olish oqibatlari jamiyatni juda yomon ahvolga solishi mumkin. Tez orada biror bir chora ko’rmoq lozim. Xullas, biz shuni unutmasligimiz kerakka, bu muammo xalqni oziq-ovqat muammosidan ko’ra kam bezovta qilayotgani yo’q, xalq ushbu anjumandan muhim qarorlar qabul qilishni mushtoq bo’lib kutayotir.

1989 yil, 9 iyun

Ozod SHARAFIDDINOV
NUTQ YOXUD ADIB HAYOTINING
YULDUZLI ONLARI
09

03Adabiyot to’g’risida ko’pgina maqola-yu risolalar o’qib, katta-kichik nazariyalar bilan tanishib, ulardan “nutq” degan adabiy janr to’g’risida biron ma’lumot topa olmadim. Ularda bor-yo’g’i to’rt, uch va hatto bir misradan iborat ruboiy, tanko, fard, qit’a kabi janrlar haqida batafsil gapiriladi-yu, nutq to’g’risida lom-mim deyilmaydi. Holbuki, nutq qadim- qadimlardan beri adabiyotdagi muhim janrlardan biri bo’lib kelmoqda. Bir vaqtlar nutq yuksak san’atlar qatoriga ko’tarilgan, uning sirlarini maxsus maktablarda yillar mobaynida o’rganishgan. Notiqlik san’atini egallash uchun hatto quduqlarga tushib o’tirib mashqlar qilishgan. Shuning uchun bo’lsa kerak, Demosfen Sitseron kabi notiqlar ismi hozir ham tillardan tushmaydi. Notiqlik san’atining nodir namunalarini yaratishda o’zbek yozuvchilarining ham xizmati katta. Abdulla Qodiriy, Abdulla Qahhor, Hamid Olimjon, G’afur G’ulom, Shayxzoda… Ularning ayrim nutqlari teran mazmuni, ijtimoiy salmog’i, emotsional ko’tarinkiligi bilan ma’naviyatimiz tarixida chuqur iz qoldirgan. Masalan, Abdulla Qahhorning 60 yillik tavallud kunida so’zlagan nutqini eslaylik. Adibning “men partiyaning soldati emas, ongli a’zosiman, to’g’ri kelgan har bir kimsaga chestь bermayman” degan so’zlari bir zumda Moskvagacha yetib borgan va katta idoralarda o’tirganlarni zir titratgandi. Chunki bu gap hukmron mafkuraning ildizlariga urilgan sezilarli zarba edi.

Yana bir nutqni eslamay o’tolmayman. 1968 yilda men Tataristonda xizmat safarida bo’lgandim. O’shanda kim bilan uchrashmay, mening Toshkentdan kelganimni eshitgach, darrov G’afur G’ulomni tilga olar, uning ikki yil avval Qozonda Abdulla To’qay yubileyida so’zlagan nutqini eslardi. Chindan-da o’shanda buyuk shoirimiz tatar tilida gapirib, tatar xalqining sha’niga juda zo’r gaplarni aytgan va bu nutqning dovrug’i Tataristonning eng olis ovullarigacha borib yetgandi. Buni qarangki, oradan ancha vaqt o’tib ketgan bo’lsa hamki, menga buyuk shoirning yurtdoshi deb juda katta hurmat-ehtirom ko’rsatilgandi. Shunda yana bir marta ba’zan katta-katta kitoblar qilolmagan ishni jimitgina bir nutq qilishi mumkinligiga, minbardan turib aytilgan so’z yurakdan otilib chiqsa, boshqa odamlar qalbida ham unutilmas iz qoldirishiga imon keltirgan edim. Xullas, ayrim nutqlar badiiy tafakkur rivojiga ta’sir ko’rsatibgina qolmay, ijtimoiy taraqqiyotning ham muhim omiliga aylanishi mumkin.

Men, albatta, hozir nutq janrining nazariyasi yoxud tarixini yoritib bermoqchi emasman. Bu mulohazalarning hammasi bir nutqni o’ylab o’tirganimda xayolimga keldi. Bu nutq o’n uch yil avval irod etilgan edi. Uni ko’pchilik eshitgan va hatto televizor orqali ko’rgan ham edi. Hozir ham ba’zi bir gurunglarda, adabiyot yig’inlarida u tilga olinadi. Uning ayrim iboralari allaqachon matal yo maqol sifatida jonli tilga singib ham ketgan. Hurmatli kitobxon gap kimning, qayerda so’zlagan nutqi to’g’risida ketayotganini sezib turgan bo’lsa kerak. Bugun ba’zi birovlar nazarida o’sha nutqda biron-bir favquloddalik yo’qday, hammasi shunchaki omadi gapday, ularni aytmoq uchun biron bir jasorat yoki fidoyilik shart emasdek ko’rinadi. Albatta, mustaqillik sharoitida o’sib-ulg’aygan, xarakteri va ruhiyati shakllanayotgan odamning bunday deb o’ylashida hech qanaqa g’ayri tabiiylik yo’q. Ammo bundan o’n uch yil avvalgi sharoitni eslasangiz butunlay boshqa xulosaga kelasiz. To’g’ri, o’sha paytda qayta qurish, oshkoralik degan gaplar vajidan iqlim jinday iliganday, taqiq-u ta’qiblar jinday yumshaganday ko’rinardi. Lekin hali Konstitutsiyaning 6-moddasi bekor qilingani yo’q, jon talvasasida yotgan kommunistik partiya alamzadalik bilan har nima qilaman desa qo’lidan kelardi. Buning ustiga “o’ynashmagil arbob bilan” degan aqida asosida, son-sanoqsiz taqiqlar va chegaralashlar iskanjasida, boshi uzra muttasil yarqirab turgan oyboltani ko’rib ulg’aygan odam uchun minbardan turib, buning ustiga sobiq Ittifoq deputatlari qurultoyining minbaridan partiyaga, hukumatga, tuzumga qarshi fosh qiluvchi so’zlarni aytmoq uchun chinakam qahramonlik talab qilinar edi.

* * *

– So’z xalq deputati Odil Yoqubovga…

Raislik qilayotgan Lukyanovning bu gapini eshitib Odil seskanib tushdi. Qiziq, o’zi-ku aslida bugun ertalabdan beri u raisning ayni shu so’zlarini intiqib kutib o’tiripti. To’g’risi, bugun ertalabdan emas, bir necha kundan beri kutadi. Qurultoy boshlangan kuniyoq u so’z so’rab hay’atga murojat qildi, “ha” deganda javob bo’lavermagach, ikki-uch marta maktubchalar jo’natdi. “Tayyorlaning, so’z beramiz” deyishadi-yu, lekin so’zdan darak yo’q. O’zi u yog’ini so’rasangiz, bu sessiyada mislsiz darajada deputat ko’p, ularning ichida gapiraman degani ham oz emas. Hammaning ichida aytmasa bo’lmaydigan dardlari yig’ilib qolgan, hal qilmasa, portlab ketadigan muammolarning soni yo’q ekan. Qurultoy ham oxirlab qoldi – bugun-erta tamom bo’ladi. Nahotki, Odilning hamma dardi yana ichida qolib ketaversa? Axir, bu dardlarni o’rtaga tashlamasa, o’zbeklar qanday adolatsizliklar va haqsizliklar ostida yashayotganidan, zulm har qanday chegaradan oshib ketganidan, buning ustiga nohaq tuhmatlar bo’roniga uchrab, asossiz tahqirlanayotganidan dunyoni xabardor qilib qo’ymasa, sira iloj yo’q-ku! Qurultoyga kelganidan beri na uyquda halovat bor, na yurib-turishda. Erta-yu kech vujudini bir o’y kemiradi – so’z berisharmikin? Berilsa, eplab gapira olarmikinman? O’zing sharmanda qilma, Xudoyim! Erta-yu kech uni kemirayotgan iztiroblar yetishmaganday, o’zbekistonlik oshna-og’aynilar, tanish-bilishlar, hatto yetti yot begonalar holi joniga qo’ymaydi. Har kuni qurultoydan qaytishi bilan xonaga kirib ulgurmay telefon jiringlay boshlaydi. Telefon yarim kechagacha ham tinmaydi. Kimdir odob bilan, kimdir kesatiq-piching bilan “Qachon so’zga chiqasiz?” deb so’rashadi. Tunov kuni bittasi “O’zbekistonli deputatlar qurultoyga qatnashyaptimi yo Moskvada magazinma-magazin yurishdan bo’shamayaptimi?” dedi. Nima deb javob berishingni bilmaysan. Bunaqa ta’nalar suyak-suyagingdan o’tib ketadi. Ularni eshitganingdan keyin, ko’zga uyqu keladimi?

Har qalay, Odilga bugun so’z tegishi aniq bo’ldi, shekilli. Kecha tanaffus vaqtida foyeda Islom Karimovga ro’para kelib qoldi. “Bezovta ko’rinasiz, Odil aka?” deb so’radi u. Odil so’z ololmay xunob ekanini aytdi. “Mabodo, so’z tegib qolsa, bizni xijolatga qo’ymaysizmi? Nimalarni gapirmoqchisiz?” deb so’radi Islom Abdug’aniyevich. Odil Islom Karimovning nega bunaqa savol berganini darrov tushundi – bir ikki kun avval o’zbekistonlik bir deputat shunaqa bir rasvo chiqish qilgan ediki, xijolat bo’lmagan odam qolmagan edi. Bu ayol 37-yillar an’anasiga mos tarzda o’zbek xalqi nomidan gapirib, o’ta shallaqilik bilan akademik Saxarovni qoralagan edi. Albatta, yuqori doiralar o’rtasida Saxarovni yoqtirmaydiganlar yo’q emas, lekin ayolning andishasiz gaplaridan, nodonlik bilan yuritgan mulohazalaridan, omiligidan hatto ular ham yer yorilsa, yerga kirib ketgudek ahvolga tushgan edilar. Bu nutq nafaqat bu ayolning o’zini sharmanda qildi, balki “o’zbek” degan nomga ham isnod keltirdi. Endi so’zga chiqadigan odam shu isnodni yuvmog’i ham kerak edi. Odil nimalar to’g’risida gapirishini muxtasargina qilib aytib berdi. “Mayli, gap­lashib ko’raman”, deb va’da berdi Islom Karimov. Bugun ertalab esa “Sizga so’z beriladigan bo’ldi, bugun gapirasiz” deb ogohlantirdi.

Odil nutqining matnini qurultoy boshlanmasdanoq yozib tayyorlab qo’ygan edi. O’shandan beri har kuni kam deganda bir marta ko’zdan o’tkazadi, nojoiz ko’ringan gaplarini o’chiradi, yangi tug’ilgan fikrlarini qo’shadi, iboralarini yozib qo’yadi, tahrir qiladi, yaxshilaydi. Va istalgan vaqtda minbarga ko’tarilishga shay turmoq uchun matnni qo’yniga solib majlisga olib ketadi. Bugun esa nima g’aflat bosibdi-yu, uni mehmonxonada qoldirib kelipti. Axir, kundan-kun asabiylashyapti. So’z berilmaganiga betoqat bo’lyapti. Esidan chiqsa chiqipti-da. Albatta, Odil nutqini yoddan biladi, matnsiz ham bemalol gapirib berishi mumkin. Biroq har nima deganda ham, bu – Yozuvchilar uyushmasining majlisi emas-da, buni xalq deputatlarining qurultoyi deb qo’yibdi. Maboda, salobat bosib yoki ortiqcha hayajondan adashib ketsa, biror muhim gapi qolib ketsa, sharmanda bo’ladi-ku. Yo’q, mehmonxonaga borib olib kelmasa bo’lmaydi. Odil shosha-pisha zaldan chiqib, bir mashina topdi, yeldek mehmonxonaga g’izilladi, matnni olib, yashin tezligida zalga qaytdi. Xayriyat, mehmonxonaga borib kelguncha unga so’z berib qo’yishmapti…

Odil hayajonini bosishga harakat qilib, minbarga yo’naldi. Zal asal arining uyasidek asta g’uvillaydi. Kimdir tomoq qirib yo’taladi, kimdir dastro’moli bilan ko’z oynagini artadi. Kimlardir “nima karomat ko’rsatarkin?” degan ma’noda minbar tomon ketayotgan navbatdagi notiqni zimdan kuzatadi.

Odil nutqini boshidan boshlamadi. Sho’ro zamonida katta-kichik yig’inlarda gapiriladigan nutqlarning ham ichki qurilishi muayyan qolipga tushib qolgandi. Odatda nutqni muqaddimadan boshlash kerak edi, ya’ni avvalo partiyaga qulluq qilmoq, keyin erishilgan yutuqlarning olamshumulligini aytish va umuman, uch to’rt og’iz bo’lsa-da xushomad gap­larni aytish, hamd-sanolarga o’rin berish, shundan keyingina “ammo tarixiy yutuqlarimizga qaramay” degan gapdan keyingina asosiy masalaga ko’chish mumkin edi. Odil gapni po’stkallasidan boshladi. U o’ziga ajratilgan vaqt g’oyatda tig’iz ekanini aytdi-da, to’g’ridan-to’g’ri o’zbek dehqonining ahvoli haqida hikoya qila boshladi. Lekin bu gaplar odatdagi “oq oltin” yaratgan “oltin qo’llar” to’g’risida yoxud o’zbek dehqonining bag’rikengligi, saxovatpeshaligi, mehnatsevarligi haqidagi allaqachon me’daga tegib ketgan havoyi gaplar emas edi. Notiq qisqagina qilib, mamlakatning paxta mustaqilligini ta’minlashda o’zbek paxtakorining hissasi katta ekanini ta’kidladi-da, undan keyingi yillarda o’zbek paxtakorining o’ta qashshoq va nochor ahvolda yashayotganini, qorni ovqatga, usti kiyimga yolchimayotganini ayta boshladi. Yillar mobaynida kuniga 12 soatdan, ba’zan esa undan ham ko’proq, dam olish, ta’til degan narsalarni bilmay mehnat qilgan dehqon bugun o’ta shafqatsiz tarzda ekspluatatsiya qilinmoqda. “Bir kilo paxtadan kamida erkaklarning ikkita ko’ylagi chiqadi. Bu ko’ylaklar 50 so’m (o’sha vaqtning narxida) turadi. Dehqonga esa bir kilo paxtasi uchun atigi 50 tiyin haq to’lanadi” dedi notiq. Bunaqa haq to’lash mislsiz talonchilikdan o’zga narsa emasligini zalda o’tirganlar osongina tasavvur qilishi mumkin edi.

Odil bir lahza tin olib, zalga razm soldi. Qiziq ulkan zalni to’ldirib o’tirgan minglab odamlar suv sepganday tinchib qolgan edi. Yaqindagina hech narsani pisand qilmay, g’uvurlab o’tirgan odamlar notiq yana nimalar derkin deya intiqlik bilan kutmoqda edi. Bu notiqqa qo’shimcha kuch berganday bo’ldi. U endi yanada komil ishonch bilan o’zbek dehqonining ayanch­li qismati haqidagi hikoyasini davom ettirdi. U paxta monokulьturasi haqida, boshqa ekin ekishga bir qarich yer qolmagani to’g’risida, avvallari qishloqni qishloq qilib yashnab turgan bog’-rog’lar yo’qolib borayotgani, dehqon boshidan sepilayotgan zaharli dorilarning miqdori tobora ko’payib borayotgani, buning oqibatida o’lkada rak, gepatit, kamqonlik, oshqozon kasalliklari ko’payib ketgani, bolalar nogiron va nimjon tug’ilayotgani to’g’risida gapirdi. Bu gaplar zaldagilarning ko’pchiligi uchun mudhish bir yangilik bo’layotgani sezilib turardi. Chunki bizning matbuotimizda, radio va televideniyeda ko’p yillardan beri, faqat yolg’on yashiq havoyi gaplar aytilar, o’zbek dehqonining “qo’shiq aytib quvonch bilan” mehnat qilishi madh etilardi, lekin haqiqiy ahvol to’g’risida biron og’iz ro’yi-rost gap aytilmasdi. Minbardan esa borgan sari odamning badanini junjiktiradigan, yuraklarni zir titratadigan haqiqatlar yog’ilmoqda edi. Ayniqsa, so’nggi ikki yil ichida bu beadad zulmlarga chidayolmagan ayollardan 500 ga yaqin kishi o’ziga o’t qo’yib nobud bo’lgani aytilganda zaldagilar larzaga tushdi.

Bu mashaqqatlar yetmaganday, so’nggi yillarda “o’zbek ishi” degan narsa o’ylab topilganini qattiq qoralab, notiq o’z xalqining vijdoni pok­ligini, halolligini aytdi. Xullas, sho’rolar tuzumi yetmish yildan beri dehqonni quldan badtar ezib kelganini, endi esa uning ahvolidan mutlaqo xabar olmay, qirilib ketishga mahkum etganini g’azab bilan gapirdi.

O’shanda oshkoralik sabab bo’libmi, xalq deputatlari qurultoyining hamma majlislarini to’laligicha televizorda ko’rsatishga qaror qi­lingandi. Odamlar har qanaqa tomoshalar-u muloqotlardan ko’ra shu ko’r­satuvni ko’rishga mushtoq edi. Men ham majlis boshlanishi hamono hamma ishlarimni yig’ishtirib qo’yib, televizor oldidan nari ketmay tomosha qiladigan bo’lib qolgandim. Tabiiyki, do’stimning gaplarini ham jon qulog’im bilan tingladim. Tingladim-u, bot-bot “bu Odili tushmagur nimalar deyapti? Qaysi yurak bilan shu gaplarni aytyapti? Ishqilib, do’stimga biror shikast yetmasin-da!” deb o’ylayman. Negaki, qolipga sig’maydigan gap­larni ko’p gapirib yurib, katta-kichik boshliqlardan dakki yeyaverib zada bo’lib qolganmiz-da! Ammo Odilning bugungi gaplarini u gaplarimiz bilan taqqoslab bo’lmas edi. Uning hayajondan bo’g’riqqan yuziga qarayman, dastro’mol qidirib, cho’ntagini topolmayotganini ko’raman. Ekranda hay’atda savlat to’kib o’tirgan kattalarning yuzlari paydo bo’ladi. Ularning ba’zi birlari notiqning gaplarini quloq berib tinglayapti. Ba’zilarining esa ensalari qotgan, peshonasi tirishgan. Raislik qilayotgan Luk­yanov esa o’zbekning bu shakkok adibiga so’z bergani uchun ming ba’d pushaymon bo’layotganday qovoq-tumshug’i borgan sari osilib ketyapti. Bilmadim, Odil gaplari orasida bu chehralarni ko’rdimi-yo’qmi, lekin uning nutqi borgan sari jarangdor bo’la bormoqda, avj pardalarga yaqinlashmoqda edi. Nazarimda, u o’zbek dehqonining bugungi ahvolini Amerikadagi paxta plantatsiyalarida mehnat qilgan qora tanli zanjilar – Tom bobo avlodlarining qismati bilan qiyoslaganda, bu taqqos nutqni tinglayotganlarning birontasini ham loqayd qoldirmadi: Amerika fermerlari Afrikadan necha yuz ming qora tanlini kishanband qilib olib kelishdi. Ammo adolat yuzasidan aytmoq kerakki, naslu nasabini paxta zahmatidan asragan o’sha qahri qattiq fermerlar ham kelgusida qullaridan sog’lom, ya’ni og’irini yengil qiladigan nasl yetishtirish uchun ularni to’ydirib boqishgan. Shuning sharofatidanmi, bo’yi ikki metrli qora tanli polvonlar dunyoga keldi. Va ularning avlodlari bugungi kunda Amerika sportining, san’atining ham gultojlaridir.

Notiqning bu so’zlari yangraganda zalda jonlanish yuz berdi. Ularda milliy masalani donolarcha hal qilgani, hamma millatlarga, shu jumladan o’zbeklarga ham beqiyos baxtu saodat, farovonlik, to’qlik baxsh etgani to’g’risida har chorrahada ayyuhannos urib maqtanuvchi kommunistik partiya va sho’ro hukumatining riyokorligi, munofiqligi, tili boshqa-yu dili boshqa ekanligi ayovsiz fosh qilingan edi. Birdan ayon bo’ldiki, sho’ro mafkurasi muttasil qoralab kelgan Amerika ekspluatatorlari sho’ro ekspluatatorlari oldida uquvsiz, noshud shogird boladay gap ekan. Bu gaplar jahon xalqlarining ko’z o’ngida riyokor, ikkiyuzlamachi, ustasi farang sho’ro mustamlakachilarining yuziga urilgan tarsaki edi…

Nutqni eshitib turib, qo’qqisdan miyamda bir fikr charx urdi – men bu nutq qurultoy arafasida besh-olti kun mobaynida tayyorlangan bo’lsa kerak deb o’ylagan edim. Endi o’ylasam, bunaqa teran, mukammal nutqni besh-olti kunda tayyorlash sira mumkin emas. Albatta, nutqni qog’ozga tushirmoq uchun, ehtimol, uch kun va hatto ikki kun ham kifoya qilmog’i mumkin, ammo baribir, bunday nutqlar odatda butun umr davomida yoziladi. Odilning butun hayot yo’li, qirq yillik ijodi, shu yillar mobaynida boshidan kechirgan jamiki murakkabliklar, chekilgan iztiroblar shu nutqqa olib kelishi muqarrar edi. Bu nutqning ibtidolari, ehtimol, olis bolalik yillariga borib taqalar, ehtimol, unda bevaqt va begunoh qamalgani uchun o’g’liga muzqaymoq olib berolmay armonda ketgan otaning anduhlari, “xalq dushmanining o’g’li” deb yakka moxov qilib qo’yganlarida murg’ak qalbida bir umrga cho’kib qolgan alamlari zuhur etgandir. Odil butun ijodi davomida yaratgan katta-kichik asarlarida, romanlari va qissalarida adolatni kuyladi, zulmni, nohaqlikni qoraladi, butun hayotni qoplagan quyuq zulmatning laoqal bir chekkasini yoritishga intildi. Shundoq ekan, qanday qilib o’sha asarlarda ifodalangan xalq dardlarini adib minbarga olib chiqmasligi mumkin edi? Odil ko’p yillar davomida “Literaturnaya gazeta”ning O’zbekistondagi muxbiri bo’lib ishladi. O’sha kezlarda biz “bu nufuzli gazetada o’zbek adabiyoti kam yoritilyapti” deb do’stimizdan ko’p gina qilardik. Keyin bilsak, adabiyotdan zarurroq gaplar ham bor ekan. O’zbekistonning hamma viloyatlaridan unga maktublar kelib turardi. Ko’pincha aji-buji yozuvda ancha-muncha uquvsizlik bilan yozilgan maktublarda oddiy odamlar o’z dardlarini bayon etishar, boshlariga tushgan mislsiz adolatsizliklardan faryod chekishardi. Maktublarda ifodalangan dardlar o’qigan odamning ham yuragini lov-lov yondirardi. Odil muxbir sifatida bu maktublar bilan shug’ullanmog’i kerak edi. Biroq u faqat rasmiy majburiyati taqozosi bilangina emas, adib sifatida, oddiy bir inson sifatida, nihoyat ana shu zahmatkash, jabrdiyda xalqning bir farzandi sifatida ham shug’ullandi, gazeta yordamida ularga yordam berishga harakat qildi. Hatto bir necha marta o’tkir maqolalar e’lon qilib, ba’zi bir adolatsiz qamalgan odamlarning hibsdan ozod bo’lishlariga sababchi bo’ldi. Yordam berishga ojizlik qilganida esa xalqning dardi, iztiroblari adibning yuragiga indi, uning dardlariga, iztiroblariga aylandi. Uning nutqidagi alanga, tinglovchilar qalbini qalqishga majbur qiladigan harorat yillar davomida adibni o’rtab kelgan alamlardan nishona emasmidi? Nihoyat, Odil bir qator hamkasabalari, ustozlari bilan bo’ladigan gurunglarda, o’zaro munozaralarda ham bu to’g’rida ko’p gapirar, ammo bu gaplar tor xonalarda qolib ketar, keng maydonlarga, erkin havolarga chiqolmas va shuning uchun dardlar haqida har qancha gapirsang ham, bu senga qanoat tuyg’usini bermas, nochorlik va ojizlik vajidan qalblardagi alamlar yanada burqsir edi-yu, kamaymasdi. Ne ajabki, Odilning nutqida o’sha gurunglardan olgan quvvati ham zuhur etganday bo’ldi. Qolaversa, o’sha kuni ekranda ko’zimga g’alati bir manzara ko’rindi – nazarimda, jo’shib-to’lqinlanib gapirayotgan Odil minbarda yolg’iz emasday ko’rindi. Uning orqasida zaldagilarning hech qaysisiga ko’rinmay Odil bolaligidan asarlarini sevib o’qigan ulug’ adib Abdulla Qodiriy va ulug’ ustoz Abdulla Qahhor turganday edi. Odil ularning ham aytilmay qolgan dardlarini aytayotganday Abdulla Qodiriy va Abdulla Qahhor ma’qullashib, “Barakalla, Odiljon” deya yelkasiga qoqib, dalda berib turishganday edi.

Shundan keyin men Odildagi buyuk jasoratning qayerdan kelganini ang­laganday bo’ldim – u nutqining matnini tuzganida ham, bugun minbardan turib, uni butun olam eshitadigan darajada hayqirib gapirganda ham o’zining qadrdon xalqiga, shu xalqning farzandlari bo’lgan buyuk ziyolilarning an’analariga tayangan ekan.

Odil aytmoqchi bo’lgan gaplarining hammasini aytib ulgurmay, rais “gapni tugating” degan ma’noda tugmachani bosib, minbardagi chiroqni yoqdi. Hayajonining zo’ridan bo’lsa kerak, Odil raisga e’tiroz ham bildirmadi, qo’shimcha vaqt so’rab zalga murojaat ham qilmadi, bir-ikki jumlani apil-tapil aytib, nutqini tugatdi.

Zalda gulduros qarsaklar yangradi. Odil minbardan tushib, o’tiradigan o’rni tomon borar ekan, o’zini yelkasidan tog’ ag’darilganday yengil his qilar, lekin, baribir, eng zarur bir gapini aytolmay qolgani uchun – kechagi yuvuqsiz ayolning Saxarovga qilgan bo’htonlari uchun o’zbek ziyolilari nomidan uzr so’rolmay qolgani uchun yuragining bir cheti xijil edi. Ammo neko’z bilan ko’rsinki, Saxarov o’rnidan turganicha qarsak chalib uni olqishlamoqda edi. Odil Saxarovning yaltirab turgan ko’zoynagi tufayli ko’zlaridagi ifodani aniq ko’rolmagan bo’lsa-da, bu ulug’ olimning chehrasi tabassumdan yorishib ketganini ko’rdi. Uning nazarida Saxarov “bilaman, kechagi bo’htonlar o’zbek ziyolilarining fikrini ifodalamaydi. Men xafa emasman, aksincha, o’zbeklar ichida ham haqgo’y, adolatparvar, erksevar odamlar borligidan, ularning juda yuksak darajada tafakkur qilaolishlaridan g’oyatda mamnunman” deyayotganday edi. Odil bajonu dil olimning qo’lini qisib, unga minnatdorlik tuyg’ularini izhor qilishni istardi, ammo buning uchun odamlarni bezovta qilib, qator oralab to’rt-besh qadam ichkari kirmoq kerak edi. Xayr, mayli, keyin maxsus borib, u bilan gaplashib kelaman” deb o’yladi Odil. Lekin u bu niyatining amalga oshmayajagini, oradan ikki-uch oy o’tmay Haqiqatning bu jasur jangchisi olamdan ko’z yumajagini, uni so’nggi yo’lga uzatmoq uchun O’zbekistondan hech kim kelmasligini, yakka o’zi uning tobuti yonida turib, u bilan vidolashishini hali bilmas edi.

Odil o’zining nutqi juda katta aks-sado berishini, nafaqat mamlakatdagi, balki xorijdagi gazetalarda ham bosilib chiqishini, Toshkentga qaytganida esa, uni aeroportda tanish va notanish odamlar kutib olishini ham bilmasdi. Lekin shundoq bo’lsa-da, o’zidan mamnun bo’lib joyiga borib o’tirdi.

* * *

Siz maqtayotgan nutqni biz ham eshitganmiz, televizorda ko’rib bir qop semirganmiz, – deyishi mumkin kitobxon tirxishlik bilan. – Xo’sh, keyinchi? Natija nima bo’ldi? Osmon uzilib yerga tushdimi? Haqsizliklar barham topib, adolat qaror topdimi? Paxtakorning yegani oldida, yemagani ketida bo’lib qoldimi?

Bilmadim-ov… Keyingi yillarda qishloqma-qishloq yurolmay qolganman. Dehqonning yelkasiga oftob tekkan-tegmagani, omborlariga nozu-ne’matlar sig’may, tarsillab yorilib ketay deb turganidan xabarim yo’q. Paxtakor ayol ham quyruqlariga jir bitib, ko’kraklari shoir G’afur G’ulom aytganidek “har biri bir qo’sh cho’qqi tog’” bo’lib ketganini ham o’z ko’zim bilan ko’rganim yo’q. Lekin shunga qaramay, adibning nutqi hayotda izsiz ketdi desak, mutlaqo noto’g’ri bo’lardi. Sirasini aytganda hali insoniyat tarixida biron marta ham nutq irod etilgandan so’ng bir-ikki kun ichida hamma narsa o’zgarib, olam guliston bo’lib ketgani yo’q. Nutq bamisoli sara urug’, unib chiqib samara bermog’i uchun ozmi ko’pmi muhlat, qulay sharoit kerak.

Bu nutq o’sha kezlarda butun mamlakatni larzaga soldi, o’zbek deh­qonining ayanchli ahvoliga jahon jamoatchiligi e’tiborini jalb qildi. Ayni choqda, do’stimning nutqi o’zbek ziyolisining maqomini ham xiyla ko’tardi, uni xuda-behuda ta’nalardan, noo’rin malomatlardan qisman bo’lsa-da xalos etdi. Ochig’ini aytganda o’sha kezlarda o’zbek ziyolilari nufuzlarini ancha-muncha boy berib qo’yishgan edi, hozirgi zamon tili bilan aytganda, ularning reytingi ancha tushib ketgan edi. O’zbekistondan chiqib, qayerga bormaylik, katta-kichik do’stlarimiz bizni darhol o’rtaga olib savolga tutishardi: “Qani o’sha maqtalgan va maqtangan o’zbek ziyolilari? Ular og’izlariga talqon solib olishganmi?”. Avvaliga yarim hazil-yarim chin tarzida beriladigan bunday savollar keyinchalik jiddiy ta’na-dashnomlarga aylana bordi: “Chindan-da temir kishanlar parchalanib ketgan bo’lsa-da, qafasidan bir qadam tashqari chiqmaydigan hind fillariga o’xshaysizlar! Adabiyotda qachon yangi marralarga ko’tarilasizlar? Topib olgan muammolaring – uylanmagan yigit o’zining muallimasini seva oladimi? Eridan ajralgan ayol boshqasini seva oladimi? Nahotki, hayotda shulardan boshqa jiddiyroq muammolar bo’lmasa? Savollaringizga ko’ra mintaqada hammadan keyingi o’ringa tushib qoldilaring-ku? Keyingi yillarda hammaning e’tiboriga sazovor bo’lgan, hammani larzaga soladigan biron bir maqola yoxud badiiy asar yaratdilaringmi? Ko’zingga tik boqib turib, oshkora aytilgan bunaqa ta’nalarni eshitish juda og’ir edi, chunki allaqayoqlardan kelib bizga yopishgan maqtanchoqlik, mutakabbirlik allaqachon qon-qonlarimizga singib ulgurgan va buning natijasida o’zimizga juda yuqori baho bergan holda, kemtiklarimizni tan olmay yashashga o’rganib qolgandik. Albatta, do’stlarimizning ta’nalari oldida otdan tushsak ham, uzangidan tushmasdik, bir narsalarni g’o’ldirab, ularning og’ziga urardik. Mavqeimizni saqlab qolgandek bo’lardig-u, lekin ros­tini aytadigan bo’lsak, ular haq edi. Kimlargadir har qancha malol kelmasin, kimlargadir og’ir botmasin, ammo shuni aytish kerakki, o’zbek ziyo­lilari XX asrning ikkinchi yarmida o’z xalqi oldidagi asosiy vazifasini har tomonlama mukammal bajardi deb ayta olmaymiz. Yo’q-yo’q ziyolilarimiz mavjud edi. Ular o’z sohalarida samarali mehnat qilishgan – olimlar kashfiyotlar bilan shug’ullangan, ijodkorlar ijod qilishdan bo’shamagan, o’qituvchilar yoshlarni ma’rifatli qilish bilan band bo’lganlar. Bu hammasi to’g’ri, lekin chinakam ziyoli zimmasiga yuklatilgan, to’g’rirog’i, o’zi o’z ixtiyori bilan zimmasiga olgan eng asosiy vazifani ado etishda nechukdir no’noqlik bor. Xo’sh, ziyolini ziyoli qiladigan bu vazifa nimadir. Bu, mening nazarimda hazrat Alisher Navoiy aytgan o’sha xalq g’amini yeyish, xalq dardini o’z dardi deb bilish, binobarin, boshiga qilich kelganda ham xalq hayoti to’g’risida haqiqatni gapirish, xalqqa qilinayotgan haqsizliklar va adolatsizliklarga qarshi ovozini ko’tarishdan iboratdir. Ziyoli o’zini xalqning uzviy qismi deb hisoblamog’i, xalqqa qarshi bo’htonlarni rad etmog’i, o’z xalqi ma’naviy boyligining posboni bo’lmog’i lozim va xalqni turli-tuman fisqi-fasodchilarning xurujidan himoya qilmog’i kerak. Taassuflar bo’lsinkim, hayotda xalq ko’plab marta shunday himoyaga muhtoj bo’lganda birda yarim hollarni mustasno qilganda, bizning ziyolilarimiz faoliyatsizlik ko’rsatdilar, yovuzlik qarshisida, zulm, zo’ravonlik qarshisida ular mute’lik bilan qo’l qovushtirib turaberdilar, hatto eng manaman degan, eng peshqadam ziyolilar ham ovozlarini ko’tarish o’rniga “och qornim – tinch qulog’im” degan yashash tarzini ma’qul ko’rdilar. Xo’sh, nega shunday bo’ldi? Bunga, albatga, mustamlaka sharoitida, zo’ravonlik asosiga qurilgan jamiyatda behuda kuchanish belni sindiradi, deb javob berishlari mumkin. Lekin totalitar tuzum, faqat O’zbekistonda mavjud emas edi. Shunga qaramay, boshqa o’lkalarda, boshqa mintaqalarda ziyolilarning norozilik to’la ovozlari muntazam ravishda eshitilib turdi-ku! Negadir qo’rqoqlik bizning ziyolilarni ko’proq karaxt qilib qo’ydi. Bilmadim, o’zbekning joni shirinroqmi yoki o’zbek ziyolisi rost gapirganda boshi uzra turgan qilichning dami o’tkirroqmi? Yoki o’zbekning ich-ichida yotgan, asrlardan-asrlarga o’tib, uning butun vujudini karaxt qilib kelayotgan mutelik tuyg’usi ziyolilarga ham otameros tuyg’u sifatida ko’chib o’tganmikin? Ruhshunos olimlarimiz hadeb yo’q yerdagi fazilatlarni xalqqa yopishtiravermasdan olg’a siljishimizga jiddiy xalaqit berayotgan mutelik psixologiyasining ildizlarini, tarkibini va tabiatini o’rgansalar ko’p foydali ish qilgan bo’larmidilar? Har qalay, nima bo’lganda ham, o’zining nohaq qatliom qilingan Cho’lpon, Fitrat kabi buyuk farzandlarini asrab qololmagan, oqlangandan so’ng vaqtida yo’rgaklab ololmagan, paxta bahonasida butun respublika ustidan o’tkir kimyoviy zaharlar yog’ilganda, qishloq va shaharlarda ayollarning o’z-o’ziga o’t qo’yishi kabi mudhish fojialar ro’y berganda bitta yarim hollardan boshqa hech kim bunga qarshi bosh ko’tarmagan, butun o’zbek xalqi poraxo’r va o’g’riga chiqarib qo’yilganda, uni himoya qilish o’rniga “shimol yoqdagi sovuq yurtlardan” bizga rahbarlik qilish uchun qo’shimcha desantlar yuborishni iltimos qilgan ziyolilar ta’na-dashnomlarga botishi, malomatga qolishi mutlaqo tabiiy edi.

Ana shunday sharoitda O’zbekiston xalq yozuvchisi Odil Yoqubovning xalq deputatlari qurultoyidan baland ovozda mardona nutqi yangradi. Odil sho’rolar saltanati o’rnatilgandan beri 1921 yilda “Ey sen meni faqir ko’rgan, haqir degan afandi, menga qilgan zulmlaring, haqsizliging bas endi” deb hayqirgan Cho’lpondan keyin, 1923 yilda Stalin huzuridagi nufuzli bir partiyaviy yig’inda “Turkistonda chorizm davridagidan beri hech narsa o’zgargani yo’q, faqat viveska o’zgardi, xolos” deb aytishga jur’at qilgan Akmal Ikromovdan so’ng Odil Yoqubov, agar xotiram pand bermasa, uchinchi bo’lib, kommunistik partiyaning munofiqligini, amalda avvalgilarining hammasidan mudhishroq va shafqatsizroq mustamlaka siyosati yurgizganini baralla aytdi. Xudo haqi, do’stim Odilning shu nutqidan ke­yin men olis-yaqin yurtlarga borganimda qaddimni g’oz tutib, bo’ynimni egmay, iymanmay, qisinmay “men o’zbek ziyolisiman” deydigan bo’ldim. Xuddi o’sha nutqni o’zim irod qilgandek.

Agar sportchilarning atamasi bilan aytadigan bo’lsak, Odil o’sha nutqi bilan o’zbek publitsistikasini rekord yuksaklikka ko’tardi. Albatta, hamma ziyoli yoxud hamma adib ham kundalik hayotda dabdurustdan bunaqa rekordlar o’rnata olmasligi mumkin. Lekin rekordlarning bir ajib tomoni shundaki, u har bir sportchidan yoxud adibdan kundalik faoliyatida shu yuksak marrani nazarda tutib ish olib borishni taqozo etadi, umumiy saviyani bir bahya bo’lsa-da yuqori ko’taradi.

Yaqinda Odil bilan odatdagidek yana bir marta gurunglashdik. O’tgan-ketganlarni eslashdik. Gap aylanib, Odilning o’sha o’n uch yil avvalgi nutqiga borib taqaldi. Shunda Odil bir narsani o’ylagandek bir zum tin oldi-da, keyin allaqanday ichki ishonch bilan dedi;

– Men butun ijodimni tarozining bir pallasiga qo’ysam, ikkinchi pallasiga shu nutqimni qo’ygan bo’lardim…

Men dabdurustdan do’stimga nima deb javob berishni bilmay qoldim. Bilmadim, Odilning qissalari va romanlari ham adabiyotimizda juda katta salmoqqa ega. Ular o’zlarining g’oyaviy-badiiy fazilatlari bilan ma’naviy hayotimizda boqiy o’ringa ega. Lekin shunga qaramay, adibning o’zi ularni bir nutqiga teng deb hisoblar ekan, bunga nima deb e’tiroz bildirish mumkin?

Men har holda bir narsaga aminman – o’sha kuni – O’zbekistonda ham boshqa joylardagi kabi ming-minglab muxlislarini qalbida yana bir marta umid olovini yoqa olgan, ularda iftixor tuyg’ularini avj oldirgan Odil Yoqubov o’z hayotining yulduzli onlaridan birini boshidan kechirgan edi.

2002

«Xurshid Davron kutubxonasi»dan: ushbu sahifani tayyorlashda ko’mak bergan Nigora Umarovaga alohida minnatdorchiligimizni bildiramiz.

077

(Tashriflar: umumiy 1 104, bugungi 1)

Izoh qoldiring