Xose Ortega-i-Gasset. Sevgi sehri (II) & Odam Ota jannatda

Ashampoo_Snap_2017.02.22_16h48m59s_002_.png    9 май — таниқли испан файласуфи Хосе Ортега-и-Гассет (1983-1955) таваллуд топган кун

Парвардигор  хусусида ёлғиз фикр-мулоҳаза юритиладиган ҳолатнинг муайян сакталигини Экхарт қоилмақом асослайди. Оллоҳ мунтазам ва якранг фикр-мулоҳазаларда эмас, балки фақат ва фақат қалбда бўлади. Инсон фақат Оллоҳ ҳақида фикрлаш билан кифояланмаслиги керак, чунки фикр-мулоҳаза тўхтатагани ҳамоно Парвардигори олам ҳам айни инсон наздида ғойиб бўлади…

Хосе ОРТЕГА-И-ГАССЕТ
СЕВГИ СЕҲРИ
09

VIII

Шундай қилиб, мистик жамики бўлак нарса-ашёлардан диққат-эътиборни чалғитиб, кўнгилни биёбонга айлантирувчи ягона объект-нишонга бутун эътиборини жамлаб, ошиқ-маҳбуб сингари ғайритабиий ҳолат касб этишини кўздан кечирдик.

Булардан қатъий назар мистик ёлғиз Парвардигорга юзланиш учун жамики неъматлардан воз кечадиган «манзил-макон» беназир эмас – жазваза асносида ундан юқорироқ юксалса бўлади.

Парвардигорки, сарҳаду белги-аломатларга эга иродавий саъй-ҳаракат билан унга талпинадилар; Парвардигорки, фикру зикрига берилганда дуч келган нарса-ашёнинг мададига таянилади; ниҳоят. Парвардигорки, диққат-эътиборимизни жалб қилиш асносида чинакам Парвардигор бўлиш учун ҳаддан ташқари нариги дунёни ёдга солаверади. Мистиклар асарларининг ҳар саҳифасида парадоксаль андозаси кўзга ташланадиган назариянинг илдизлари айни шунда бўлиб, улар «ҳатто» Парвардигор ҳақида ўйлаш ҳожати қолмайдиган нарса-ашёга интилиш-талпиниш кераклигига бизларни ишонтирмоқчи бўлади. Бунга оид мулоҳазалар тақрибан қуйидаги йўсинга эга: башарти У ҳақда муттасил фикр юритилиб, Унга талпинилса, шундай лаҳза келадики, У руҳиятимиз учун ортиқ бегона алланарса бўлмай қолади ва injectum(1)га эврилади. Парвардигор қалбимизга жо бўлади, уйғунлашади, ёхуд, одатий ибора билан айтганда, қалб Парвардигор тимсолида абадият топиб, аллақандай алоҳида мавжудлик сифатида барҳам топади. Мистик айни шундай бирикув-уйғунлашувга ташна. «Ва қалб-руҳ – мен қалб-руҳдаги жавҳарни назарда тутяпман – бамисли Парвардигор билан қовушади-яхлитлашади» (2) –деб ёзади «Еттинчи бошпана»да Авлиё Тереса. Бу борада мазкур қовишув бугун рўй бериб, эртагаёқ бой бериладиган муваққат ҳолат сифатида қаралмайди. Ошиқ-маҳбуб муҳаббати мангу экани хусусида қасам ичгани каби мистикнинг наздида ҳам ушбу қовишув-яхлитлашув-уйғунлашув доимий. Авлиё Тереса яхлитлашув-уйғунлашувнинг икки типи фарқланишини қатъий талаб этади: дастлабкисини «битта шамдай алангаси туташиб ёнаётган икки шамга ўхшатиш мумкин… Лекин уларнинг бирини иккинчисидан осонгина ажратса бўлади ва кўз олдимизда яна иккита шам пайдо бўлади». Иккинчисини, аксинча, дарёга самовотдан ёғилган оби раҳматга ёки унга келиб қўшилган жилға-ирмоқ сувига ўхшатиш мумкин, бунда уларнинг иккиси шу қадар аралашиб-уйғунлашиб кетадики, дарё сувини самовотдан ёғилган оби раҳматдан бирон кимса фарқлай олмайди; айни шундай дарёга қуйилган жилға-ирмоқ сувини ҳам фарқлаб бўлмайди; айни шундай муайян хонага ёғилган икки тола нур хона ичкарисида бир бутун-яхлит ёруғликка айланади».

Парвардигор хусусида ёлғиз фикр-мулоҳаза юритиладиган ҳолатнинг муайян сакталигини Экхарт қоилмақом асослайди. Парвардигор мунтазам ва якранг фикр-мулоҳазаларда эмас, балки фақат ва фақат қалбда бўлади. Инсон фақат Яратган ҳақида фикрлаш билан кифояланмаслиги керак, чунки фикр-мулоҳаза тўхтатагани ҳамоно Парвардигори олам ҳам айни инсон наздида ғойиб бўлади». Бинобарин, мистик йўлнинг олий поғонасида инсон жисму жони Оллоҳ зиёси билан тўла-тўкис йўғрилади, илоҳийлик билан тўйинади. Шундан эътиборан дунё бағрига қайтиб, тириклик ташвишлари оғушига шунғиши мумкин, чунки Парвардигор амрига оғишмай амал қилади. Заминни, ботиниятига дахл қила олмайдиган аъмолу орзу-интилишларини рамзий маънода тамомила тарк қилгани учун қай ишлар билан машғул эканию нималар рўй бераётганининг ортиқ фарқи йўқ. Унинг амалий шахсияти Парвардигорга ҳижрат қилган, тимсолига сингиган; ёлғиз Парвардигори олам идора қилувчи механик қўғирчоқ, аллақандай «яратма» қолган. (Олий кўринишдаги мистицизм шубҳасиз «квиетизм» (3) билан уйғунлашади.)

Бу ғалати ҳолат «ошиқлик»ни эслатади. Ошиқлик ҳолатига «уйғунлашув» даври шу қадар хоски, бунда ҳар бир ошиқ-маҳбубнинг жисму жони маҳбуба фикру зикри ила йўғрилиб, ўзлигини тамомила унутиб, фикру зикри, орзу-умиди, аъмоллари — қўйингки, бутун ҳаёти маҳбубага бахшида этилади. Муҳаббатимиз объекти-сабабчиси токи бизлар билан бир бутунга айланган, яхлитланган экан, у ҳақда ўйлаш ҳожати қолмайди. Ҳар бир кўнгил кечинмаси рафторимиздаги имо-ишораларда зуҳур этади. Маҳбубага маҳлиёлик, ақлу хушни тўла-тўкис бой бериш арафасида, токи маълум маънода «бегонадай» туюлар экан, ошиқ-маҳбуб теран паришонхотирликни бошдан кечиради. Нигоҳлар мижжа қоқмайди, боши хам, ёлғизланишни, хилватнишинликни тусайди. Бутун рафторимизга аллақандай маҳзунлик ва маҳдудлик муҳр босади. Маҳлиё диққат-эътиборимизнинг герметик ёпиқ муҳитида маҳбуба тимисолига термиламиз. Фақат муҳаббат жазаваси тамомила оғушига олиб, маҳбубадан айирувчи чегара-сарҳад барҳам топганидан кейин, аниқроғи, менинг «мен»им айнан «мен» бўлиши баробарида маҳбубамга ҳам айлангач, бизнинг қиёфамизда мазкур ғароийб epanouissement (4), чинакам бахт-саодат шуълалари жилва қила бошлайди. Нурли ва ҳафиф нигоҳимиз ён-атрофга илғаб-илғамай назар ташлагани ҳолда уларнинг барчасига ҳотамона меҳру муҳаббат улушади. Бунда хиёл кўзга ташланаётган майин табассум боис лабларимиз бироз очиқ бўлади. Рафторимизда эса телба-девоналар сингари мазмун-маъно бўлмайди. Ички ёки ташқи оламда ҳеч вақо диққат-эътиборимизни тортмаса ҳам кўнглимизда осойишта сув сатҳидагидек офтоб ёғдуси жилваланади (“квиетизм”), холос.

Бундай фараҳбахш ҳолатни ошиқ ҳам, мистик ҳам билади (5). Бу ҳаёт ва бу олам, эзгулик ва ёвузлик улар учун ҳеч қандай аҳамиятга эга бўлмагани боис ҳис-туйғуларига даҳл қилмайди. Одатий ҳолатда эса уларга тамомила бефарқ бўлмаймиз, улар фикру зикримизни эгаллаб, хавотирлантиради, бағримизни ўртайди. Шу боис ҳаёт ўй-ташвишлари елкамизни қора тоғдай эзади, бу юкни аранг судраймиз. Бироқ диққат—эътиборимизни нимагадир қаратсак, бошқа бир одамга йўналтирсак, ён-атрофимизда содир бўлаётган воқеалар қадр-қимматию мазмун-моҳиятини йўқотади, гўё бизга етти ёт бегона иқлимга айланади. Нарса-ашёлар орасидан ўтганимиз асносида ҳам уларнинг жозиба-оханрабосини пайқамаймиз. Гўё бир жуфт ўзаро бириккан ва тенг бўлмаган буюк олам мавжуд: мистик бу оламда шунчаки яшаётгандай; аслида у ўзга, олис оламда, Парвардигор тимсолида яшайди. “Deum et animan. Nihilne plus? Nihil omnino” (6), деб ёзади Авлиё Августин. Шу асно ошиқ-маҳбуб ҳам ёнгинамиздан ҳеч нарсани хаёлига келтирмасдан ўтади. У қисмати тоабад узид-кесил ҳал қилинган ҳисоблайди.

“Фараҳбахш ҳолат”да инсон ҳаёти – хоҳ мистик, хоҳ ошиқ-маҳбуб бўлсин – беғам ва тузсиз, яъни мазмун-моҳиятсиз кечади. У ҳотамона бағрикенглик билан бор оламга меҳр улашади. Бироқ мазкур ҳотамтойлик қалбий сахийлик тақозоси эмас. Бу бачкана кўнгилнинг олижаноблиги; моҳиятан нафрат натижаси. Мақоми юксак эканига имони комил одам ўзи билан “боғлиқ” бўлмаган, ягона ҳаётни баҳам кўрмайдиган одамлар ҳеч қандай хавф-хатар манбаи бўлмагани учунгина ўзидан паст-тубан бандаи ожизларга “бағрикенглик” билан меҳр бахш этади. Яқин кишисининг нуқсонларини пайқамасликда худди шундай сарбаланд юксакликдан фаровон меҳр ёғдуси билан йўғириш интилишида ҳам кибрли нафратланиш намоён бўлади. Шу асно мистик учун ва унга ўхшайдиган ошиқ-маҳбуб учун барча-барчаси нафосат ва ҳайрат ила йўғрилган. Гап шундаки, уйғунлашувдан кейин нарса-ашёларга такроран назар ташлар экан, уларни кўрмайди, уларнинг тимсолида бор ҳаётини бахшида этган Парвардигорнинг муҳри ёки маҳбуба сиймосини кўради. Ва нарса-ашёлар айни шу боис нафосат ва ҳайрат манбаига айланади. Экхартнинг фикрларига қулоқ тутайлик: нарса-ашёлардан воз кечиб, Парвардигор тимсолида уларни қайта касб этган кимса табиат манзарасидан юз ўгириб, тиниқ кўл кўзгусидаги аксига маҳлиё одамга ўхшайди. Сан Хуан де ла Круснинг машҳур шеъри ҳам беихтиёр ёдга келади:

«Совға-саломларини сахийлик билан улашиб,
дарахтлар остида шошиб йиқилди.
Дарранда-парранда ҳайкалдай қотиб қолди.
Уларнинг урҳо-урҳоси остида
Ўз рафтори билан бутун дунёни маҳлиё этди» (7).

Мистик – Парвардигор билан тўла-тўкис тўйинган; жамики нарса-ашёларда зуҳур этадиган Парвардигор тимсоли уларни илоҳийлаштиради. Бу борада ошиқ-маҳбуб ҳам унга ўхшайди.

Дарвоқе, мистик ва ошиқнинг «кўнгил ҳотамтойлиги» билан ҳайратланиш хато бўлар эди. Улар моҳиятан айни бефарқ бўлганлари боис жамики мавжудотларга хайрихоҳлик билан қарайди. Улар ўз олий мақсадларига ошиқади. Аслида йўл-йўлакай тўхталишлар деярли ғашини келтирмайди, гўё зодагон қароллари арзи додига парво ҳам қилмагандай. Буни Сан Хуан де ла Крус нуктадонлик билан ифодалаган:

«Васлингга шунчалар ошиқаяпман,
Йўлим яқин қилгай Парвардигорим! (8)»

«Фараҳбахш ҳолат»нинг саодати қайси кўринишда намоён бўлишидан қатъий назар шундаки, муайян шахс олам ва ўзлигига бегона бўлади. Айни шу: олам ва ўзликдан бегоналик жазава ҳисобланади. Бу борада қайд этиш зарурки, икки хил тоифа мавжуд: ўзлигидан воз кечиб саодат топадиганлар ва аксинча, тамомила ўзлиги ила машғул бўлиш асносида хушнудлик касб этувчилар. Ўзликдан воз кечишнинг спиртли ичимликлар истеъмол қилиш ва мистикага берилиш сингари кўпдан кўп йўллари мавжуд. Инсоннинг шахсияти билан машғуллигининг ҳам – совуқ душ қабул қилишдан фалсафага қадар хилма-хил усуллари бор. Мазкур икки тоифага мансуб одамлар ҳаётнинг барча жабҳаларида ўзаро тубдан фарқланади. Жумладан, жазавали санъат тарафдорлари бўлиб, улар учун гўзалликдан лаззатланиш – «ўта ҳаяжонланиш»ни билдиради. Бошқалар эса, бунинг акси ўлароқ, чинакам эстетик ҳузурланиш-завқланишни хотиржамликсиз тасаввур қила олмайдилар, уларнинг наздида айни хотиржамлик гўзаллик объектини бамайлихотир ва вазмин-осойишта кўздан кечириш имконини беради.

Бодлер қаерда яшашни афзал биласиз, деган саволга: «Исталган жойда, исталган жойда… мазкур дунёдан бўлак манзил-макон бўлса бас!» дея жавоб берганида жиззакилиги-жазавазисини намоён қилганди.

«Ўзлик доирасидан чиқиш-нажот топиш»га интилиш: мастлик, мистицизм, ошиқлик сингари кўпдан-кўп жазава шаклларини юзага келтирган. Мен бу билан уларнинг бири иккинчиси ўрнини боса олади, дея даъво қилаётганим йўқ; фақат уларнинг муайян турдошлигини ва илдизлари жазавага бориб тақалишини эътироф этяпман. Гап ўзлиги ила машғул-андармон ҳолатда яшай олмайдиган, ўзлигидан халос топиб, қўллаб-қувватловчи ва раҳнамолик қилувчи сиймога талпинувчи тоифа хусусида бораётир. Шу боис мистика ва ошиқликда ўғирлаш ёҳуд ўмариш ҳолати камдан кам учрайди. Ўғирланиш – ўз хоҳиш-иродасига зид қаергадир йўл олишдан иборат, сени кимдир ёки нимадир қаергадир боришга мажбурлайди.

Ўмариш (умикание) эса қадимий муҳаббат шакли бўлиб, нимфа-қизлар тимсолидаги илоҳалар таъқиб этган кентаврга оид афсоналар билан бизгача етиб келган.

Рим никоҳ маросимида патриархал келин ўғирлаш маросими ҳозиргача сақланган: келин куёв хонадонига ўзи қадам ранжида қилмаслиги керак – унинг пойи остонага тегмаслиги учун куёв уни кўтариб киради. Мистик роҳибанинг «транс» ҳолатга тушиши ва жазавага берилиши, шунингдек ошиқ-маҳбубнинг эс-хушини батамом йўқотиши сўнгги рамзий ифодаланиш ҳисобланади.

Бироқ яна бир ғайриоддий кўнгил ҳолати – гипноз билан қиёсласак, жазавадорлик ва «дарди ишқ»нинг мазкур ҳайратланарли ўхшашлиги яна ҳам яққол кўзга ташланади.

Мистик ҳолат гипноз ҳолатига фавқулодда ўхшаш экани қайта-қайта такрорланди. Гипнозда транс, галлюнация ва ҳатто хушдан кетиш ва каталепсия сингари ўхшаш тана ҳолатлари кузатилади.

Бошқа томондан, менга гипноз ҳолати билан ошиқлик ўртасида ҳам ҳайратланарли яқинлик мавжуддай туюлади. Гипноз ҳолати ҳам қизиқувчанлик натижаси эканига ишончим ягона асос бўлгани боис бу тахминни илгари суришга журъат қилмагандим. Бундан қатъий назар, билишимча, ягона шубҳасиздай туюлган ҳолат: уйқу психик ҳолат сифатида диққат-эътиборимизга боғлиқ эканига қарамасдан гипнозга айни нуқтаи назардан, янглишмасам, ҳеч ким ёндошмаган. Нарса-ашёларга қизиқишимиз барҳам топишига мутаносиб равишда уйқу диққат-эътибооримизни карахт қилиб, енгишини Клапаред аллақачон қайд этган. Уйқусизлик билан курашнинг бутун услубияти бирон-бир объект ёки механик аъмолга, дейлик, саноққа эътиборимизни жамлашдан иборат. Меъёрий уйқу жазава сингари автогипноз-шахсийгипноз саналади.

Айни шу боис замонамизнинг зукко психолог-руҳшуносларидан бири Пауль Шильдер гипноз ҳолати билан севги ўртасидаги яқин боғлиқликни шубҳасиз ҳисоблаган (9). Менинг далилларимга нисбатан тамомила ўзгача сабабларга асослангани боис унинг фикр-мулоҳазаларини қисқача келтирмоқчиман, қайсики улар ошиқлик, жазавардорлик ва гипноз ҳолати ўртасидаги рисоламизда келтирилган ўхшашликлар доирасини якунлайди.

———————-
1. Объект (биздан ташқарида, ҳолиликда мавжуд) ва инъект (ботиниятимизда мавжуд, ўзлигимизга сингдирилган).
2. Авлий Тереса де Хесуснинг «Ботиният қасри, ёҳуд Бошпана» китобининг бўлимларидан бири (қаранг: Santa Teresa de Tesus. Obras completas. Madrid. 1976, p. 441.).
3. Квиетизм – художўйликни муроқаба, руҳий ботиниятга шуниш сифатида тушуниш.
4. Мунавварлик (французча)
5. Мен диний «фараҳбахш ҳолат» ҳақида баҳс юритмаётганим тушунарли бўлса керак. Бу ўринда гап барча динларнинг мистиклари учун муштарак психологик-руҳий ҳолатнинг ўзига хосликлари ҳақида бораётир, холос.
6. «Парвардигор ва қалб. Яна не даркор? Ҳеч вақо» (лотинча).
7. San Juan de la Crus. Cantico espirituat. – Poesias completas. Madrid, 1973, p. 16.
8. Ўша асар, 48 бет.
9. Uber das Wesen der Hupnose. Berlin, 1922.

IX

Ошиқлик ва гипноз ҳолати ўртасидаги ўхшашликларнинг дастлабки сафи қуйидагича:

Гипноз қилишда эротик-шаҳвоний жиҳат шубҳасиз; қўллар эркалаётгандай майин сийпалайди; ишонтирувчи ва айни пайтда тинчлантирувчи мурожаат; «маҳлиё қилувчи нигоҳ»; ҳаракатлар ва аксарият шубҳасиз қатъиятли овоз. Башарти гипноз объекти аёл бўлса, уйқуга кетиш ёки уйғониш асносида гипноз қилувчига шаҳвоний безовталаниш ёки қониқишга жуда хос ҳолсиз нигоҳ ташлаши ўқтин-ўқтин учрайди. Гипноз давомида бутун аъзои баданда илиқлик ва ҳаловат-ҳузурланиш ҳис  қилингани қатор ҳолатларда эътироф этилади. Айрим ҳолатларда уларни ёлғиз шаҳвоний ҳис-туйғулар қамраб олади. Шаҳвоний қўзғалиш гипноз қилувчидан йўналади, у очиқдан-очиқ ишқий муносабатга ундайди. Баъзида гипноз ҳолатидаги кимсанинг шаҳвоний хаёл-хаёлоти ҳатто сохта хотиралар тусини олади ва гипрноз қилувчини зўрлаганликда айблайди.

Жониворларни гипноз қилиш ҳам шундай натижалар беради. Gaieodes kaspicus turkestanus (1) деб аталувчи заҳарли чаён урғочиси қовишушга уринаётган эркагини ейишга чоғлайди. Ва чаён эркаги урғочисининг қорнидаги муайян жойини тишлагач, батамом жондан умид узиб, қовишувга изн беради. Урғочи чаённи тажрибахона шароитида ҳам шундай ҳолатга келтирса бўлади – унга бироз тегиниш кифоя. У дарҳол гипноз ҳолатига тушади. Бундай натижа фақат урчиш даврида қўлга кириши мумкинлиги ҳам муайян аҳамиятга молик.

Шильдер мазкур кузатишларидан шундай хулоса чиқаради: “Булар инсоний гипноз ҳам шаҳвониятга хизмат қилувчи биологик аъмол, дея тахмин қилиш имонини беради”. У шу тариқа гипноз ва “севги” ўртасидаги ошкора интерпритация муносабатларидан воз кечиб, сурункали фрейдизмга берилади.

Унинг гипноз ҳолатидаги одамнинг кўнгил кечинмалари оид мулоҳазалари эътиборга молик. Шильдернинг фикрича, бу борада гап одам гипноз таъсирида болаликка қайтиши хусусида боради: бутун инон-ихтиёрини бегона кимсага мамнуният билан ишониб топширади ва унинг обрў-эътибори-нуфузи таъсири остида тинчланади. Фақат шу тарздаги муносабат гипноз таъсирини таъминлайди. Гипноз қилувчининг нуфузини эътироф қилувчи барча омиллар – шуҳрати, ижтимоий мавқеи, олижаноб рафтори – унинг ишини осонлаштиради. Бошқа томондан мойил бўлмаган одамга гипноз таъсир қилмайди.

Бу ўзига хосликларнинг барчаси севги-ошиқликка ҳам тааллуқли бўлиши мумкин. Айни шундай севгини ҳам – юқорида бунга тўхталдик – барчанинг кўнгли ҳамиша “тусайди”, “ташна”, севги инон-ихтиёрни маҳбубага қўш-қўллаб топширишни ва шу асно ҳузур-ҳаловат топишни тақозо этади, бу ҳайратланарли хоҳиш-истак. Ошиқ ҳам бошдан кечирадиган маълум маънодаги инфантиллик хусусида эса шуни айтиш мумкинки, мен “кўнгил қашшоқланиши” деб атаган, қизиқувчанлигимиз доирасининг бачканалашуви ва торайиши билан нисбат берилади.

Гипноз услубиятининг асосий унсури кўзгу, олмос, нур толаси сингари бирон бир объектга диққат-эътиборни токи жамлашдан иборат экан, қизиқувчанлик-қизиқишни гипнознинг бу ғоят шубҳасиз жиҳати сифатида Шильдер нима учун ҳатто хаёлга ҳам келтирмайди. Бошқа томондан турли инсоний типларнинг гипнозга берилувчанлиги нуқтаи назаридан қиёслаш уларнинг севиш қобилияти билан максимал мутаносиблигини кўрсатади.

Жумладан, эркакларга нисбатан аёллар гипноз таъсирига осон бериладилар – ceteris paribus (2). Бироқ айни аёллар эркакларга нисбатан аксарият эҳтирос оғушида бўладилар. Бу мойилликни бошқа исталган важ-карсон билан изоҳламайлик, бунда ҳар икки жинс вакилларининг диққат-эътибори юзага чиқишидаги фарқ яққол кўзга ташланиши шубҳасиз. Баравар шароитларда аёл қалби эркак қалбига нисбатан бирлашув имкониятига осон майл кўрсатади, чунки аёл қалби ўз қизиқишларига бирмунча алоҳида эътибор қаратади, бирмунча эврилишларга мос. Юқорида ишонч ҳосил қилганимиздек, ботиний оламнинг узлуксиз силсиласию тизимини қизиқувчанлик идора қилади. Ботиният қанчалик якранг бўлса, диққат-эътибор шунча унификация, яъни бир хилликка майл кўрсатади. Аёл қалби фақат битта қизиқиш ўзагига эга бўлишни афзал билади, у ёки бу даврда якка-ёлғиз нарса-ашёга йўналади, деб ҳисобланади. Уни гипноз қилиш ёки маҳлиё-мафтун этиш учун диққат-марказидаги ўша ягона нарса-ашёни ўзлаштириш кифоя. Аёл қалбининг концентрик тузулишига қиёсан эркакнинг ички дунёси, яъни ботинияти бир пайтнинг ўзида бир неча эпицентрларга эга. Эркак феъл-атвори қанчалик шаклланган бўлса, шунга мос равишда қалб-кўнгил яхлитлиги-йиғноқлиги шунча оз бўлиб, гўё бир-бирига даҳл қилмайдиган бўлимларга ажралгандай туюлади. Унинг бир қисми сиёсат ёхуд тижоратга йўналтирилади, айни пайтда бошқа бир қисми заковат-тафаккурга, ва яна бири – жисмоний лаззатланиш ўй-хаёлларига бахшида этилади. Шу асно ягона нуқта, манбага диққат-эътибор қаратилмайди. Қизиқиш ўзак-негизлари кўпдан кўп. Кўпқирралилик негизида, ранг-баранг, хилма-хил ва турфа ботиният соҳиби бўлган биз эркаклар учун бирон бир нарса-ашёга диққат-эътиборни жамлашнинг қийин жойи йўқ, бу айни пайтда бошқа барча нарсалар билан қизиқишимизга ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди.

Севган аёл наздида меҳр қўйган “шаҳзода” бошдан-оёқ ихтиёрида эмасдек туюлади. Ҳамиша бирмунча паришонхотирдай, йўл-йўлакай аллақандай учрашув чоғида қалбининг бир бўлагини, меҳрининг маълум қисми пайсасини қолдириб келгандай кўринади. Ва аксинча, аёл сингари муҳаббатга бутун ҳаётини бахшида эта олмаслик, бу борада максимализм, яъни энг юксак чўққини забт эта олмаганлик армони виждонли эркакни қатор ҳолларда ранжитади. Эркак муҳаббат борасида иқтидорсизлигию бу борада камолотга етишиш масаласида нўноқлигини ҳамиша намоён этади, ҳолбуки бу масалада аёлларнинг олдига тушиб бўлмайди.

Бинобарин, аёлнинг мистицизмга, гипнозга ва муҳаббатга мослигию мувофиқлиги айни бир хил далил-сабаблар билан изоҳланади.

Шильдер тадқиқотларига яна мурожаат қилсак, муҳаббат билан мистицизм ўртасидаги яқинлик-уйғунликни жуда антиқа ва муҳим соматик хоссага эга сабаб билан изоҳлашининг гувоҳи бўламиз.

Гипноз натижасидаги уйқунинг табиий уйқудан пировард натижада ҳеч фарқи йўқ. Шу боис уйқучи кимса гипноз қилувчи учун беназир объект. Шундай қилиб, аён бўладики, уйқу функцияси билан бош мия қобиғидаги учинчи қоринча деб аталувчи қисм ўртасида яқин алоқадорлик бор. Уйқусизлик ва летаргик энцефалит бош миянинг шу қисмидаги хасталик билан боғлиқ. Шильдернинг фикрига кўра,айни шу аъзода гипноз ҳолатининг соматик замини жойлашган. Ва айни пайтда учинчи қоринча шаҳвоний соҳадаги кўплаб ўзгаришларни тақозо қилувчи “органик шаҳвоний бўғин” ҳисобланади.

Миянинг бундай турли бўлакларга ажратилишига бироз шубҳа билан қарайман. Танадан бошни жудо қилсак, одам на фикрлайди, на бирон таъсирни ҳис этади. бироқ асаб тизимидаги ҳар бир психик вазифа учун бошланғич нуқтани топишга уринсак, мушкул аҳволга тушиб қоламиз. Бундай уриниш самарасиз эканининг кўпдан кўп сабаблари бор, лекин яққол кўзга ташланиб тургани шундан иборатки, психик функцияларнинг реал ўзаро боғлиқлигини, уларнинг бир-бири билан алоқадорлигини ва иерархиясини рад этамиз. У ёхуд бу функцияни амалий тартибда иҳоталаш ва “кўриш”, “эшитиш”, “тасаввур қилиш”, “хотирлаш”, “фикрлаш”, “қизиқиш” сингари мавзуларда мулоҳаза юритса бўлади; бироқ “кўриш” асносида аввалбошдан “фикрлаш” ҳам пинҳонмаслигию ва бунинг аксини билмаймиз. Бир функциянинг бошқасидан иҳоталангани-яккалангани ўта шубҳали бўлгани боис уларни шундай ҳолатга келтириш ҳам амри маҳол.

Айни пайтда мазкур шубҳаланиш навбатдаги, яна ҳам пухта тадқиқотларга рағбатлантириши керак. Жумладан, юқорида келтирилган мисол воситасида қизиқувчан диққат-эътиборлилик қобилияти Шильдернинг фикрига кўра, уйғу, гипноз ва муҳаббатга алоқадар бош мия қобиғи қисми билан бевосита ёхуд бавосита боғлиқлигини текшириш мантиқдан ҳоли бўлмасди. Мазкур уч ҳолат билан жазава ўртасидаги қайд этилган яқин уйғунлик миянинг учинчи қоринчаси, шунингдек мистик транс ҳолатига ҳам алоқадор, деб тахмин қилиш имконини беради. Бу муҳаббат истилоҳлари азбаройи тавба-тазарру-муножотда, мистик истилоҳлар эса росмана изҳори дил асносида қўлланилишини ниҳоят ойдинлаштирган бўларди.

Психиатр Аллер Мадридда яқинда қилган маърузасида мистицизмни муҳаббат майлининг намоён бўлиши ва сублимацияси сифатида талқин қилишга ҳар қандай уринишларни рад этди. Бу нуқтаи назар, менимча, жуда тўғри.

Яқин-яқинларгача ялпи эътироф қилинган мистицизмни муҳаббат кўриниши сифатида талқин қилиниши энсани қотирадиган даражада тривиаль эди. Ҳозир масала бошқача қўйиляпти. Гап мистицизм “муҳаббат” ҳосиласи эканида эмас, балки уларнинг илдизлари муштараклиги ва улар кўплаб параметрлари ўхшаш икки психик ҳолатнинг мазмун-моҳияти эканидадир. Ҳар икки ҳолатда онг-идрок-тафаккурда ҳиссий даражада уйғун ҳолатларни келтириб чиқарувчи ўхшаш жараёнлар содир бўлади, айни жараёнларни ифодалаш учун мистик ёки шаҳвоний истилоҳ-иборалар мутлақо индифферент хизмат қилади.

Рисоланинг мазкур қисмини якунлар эканман, бетимсол муҳаббат сир-синоатининг ягона босқичи – “мафтунлик-маҳлиёлик” босқичини таърифлашни мақсад қилганимни эслатишни жоиз биламан. Муҳаббат – шубҳасиз теран ва кўпқиррали, гарчи ҳаддан ташқари жазавадорлик билан йўғрилмаган бўлса-да, чинакам инсоний туйғу. Муҳаббат ҳамиша тийиқсиз “мафтунлик-маҳлиёлик” (“влюблонность”) босқичи-довонидан ўтади; айни пайтда қаёққа назар ташламанг, чинакам муҳаббат билан пировард натижа-мақсадига етмайдиган “мафтунлик-маҳлиёлик” кўзга чалинади. Дарвоқе, камдан кам учрайдиган ҳолатга оммавий тус бермаганимиз маъқул.

Муҳаббат қанча телбавор бўлса, шунча кучли, дегувчилар ҳам бор. Мазкур одатий янглиш фикрни рад этиш мақсадида айни мулоҳазалар қоғозга тушди. Муҳаббат тийиқсизлиги, телбалиги унинг мазмун-моҳияти билан ҳеч қандай алоқага эга эмас. Бу “мафтунлик-маҳлиёлик” – паст, жўн-жайдари, чинакам севги-муҳаббат шарт бўлмаган, уни тақозо қилавермайдиган кечинма ҳақиқий муҳаббатнинг бир шаҳобчаси, холос.

Инсон феъл-атвори қанча жўшқин бўлса, кечинча-туйғулари ҳам шунга мос қайноқ бўлиши мумкин. Бироқ, айни жиҳатни қайд этган ҳолда шуни ҳам айтиш зарурки, ҳиссий жўшқинлик қанча кучли бўлса, кўнгил пиллапояларида унинг мақоми шунча паст бўлади, ғайришуурий жисмоний қўзғалишларга шунча яқин бўлади, маънавийлик-руҳонийлик унда шунча оз бўлади. Ва аксинча, ҳис-туйғуларимиз руҳоният-маънавийлик билан йўғрилгани сайин ҳис-туйғуларимиз тийиқсизлик-жўшқинликдан ва шиддатли зўриқишдан халос бўлади. Очлик билан курашувчининг саъй-ҳаракатларига нисбатан оч кимсанинг очлик туйғуси ҳамиша кучли.

———————
1. Марказий Осиёда яшовчи чаён тури.
2. Бошқа баравар шароитларда (лотинча).

ИШҚИЙ САРАЛАШ
I. (ПИНҲОНИЙ НЕГИЗЛАР ЙЎЛИДА)

Яқинда ўқиган маърузамда бошқа мавзулар қатори икки мулоҳазага ҳам эътибор қаратдим, уларнинг иккинчиси бевосита биринчисидан келиб чиқади. Биринчиси: индивидуал феъл-атворимиз на тасаввуру на ҳаётий тажрибаю ва на темпераментимиз-мижозимизга эмас, балки беқарор, ҳавойи ва бошланғич алланарсага боғлиқ. Даставвал, табиатан атворимизга мойилликлар ва ёқтирмаслик тизими сингдирилган. Бунинг негизи барча учун муштарак, ва бундан қатъий назар ҳар бир инсоннинг мазкур тизими бетакрор — шахсий, исталган паллада pro ва contra зарбаларга қарши шай ҳолатга келтиради, — мойиллик ва ёқтирмасликнинг аллақандай қувватлантирувчиси. Мойилликлар ва хуш кўрмасликларни шакллантирувчи юрагимиз – кўнглимиз – шахсиятимиз негизи. Теварак-атрофдаги нарса-ашёларни билиб улгурмасдан айни қалб ундови-даъвати туфайли гоҳ ўнгга, гоҳ сўлга қайрилиб, гоҳ у, гоҳ бу қадриятларни лозим кўрамиз. Кўнглимизга яқин-манзур қадриятлар мужассам нарса-ашёларга нисбатан сеҳгарлигимиз ва айни шундай, эҳтимол, бирмунча юксак қадриятлар мужассам, бироқ ҳиссиётларимизга таъсир қилмайдиган нарса-ашёларга бефарқлигимиз айни шу билан изоҳланади.

Ҳозир барча файласуфлар далиллар воситасида маъқуллаётган мазкур ғоя-фикрни, янглишмасам, ҳеч ким илгари сурмаган бошқа мулоҳаза билан тўлдирмоқчиман.

Атворимизга яқин кимса билан ўзаро ҳамжиҳатликда муайян қадриятлар оламига, иштиёқлар силсиласига кириб боришга интиламиз, бинобарин, унинг шахсияти негизию феъл-атворининг моҳияти-ўзагини кашф этишга зўр берамиз. Худди шундай муайян давр мазмун-моҳиятини англашга бел боғлаган тарихчи айни давр одамлари учун муҳим қадриятлар силсиласини даставвал ойдинлаштириши керак. Бошқа томондан муайян даврнинг ҳужжатларга муҳрланган воқеа-ҳодисалари, нутқ-маърузалари юзаки акс-садо, жумбоқ ва топишмоқ бўлиши мумкин, худди шундай яқин кишимизнинг хатти-ҳаракати, аъмолию эътирофларини ифодаловчи ботиний теранликдаги хуфёна қадриятларни илғай олишимиз зарур. Кўнгил тубидаги бу хислатлар башарти пинҳон сақлаб олиб юрганимиз учун, аниқроғи улар бизни ҳаётнинг жин кўчалари бўйлаб бошлаб юргани боис ўзимиз учун ҳам, жиддий маънода ҳақиқатдан ҳам армон, сир-синоат. Пойимиз остидаги бир қарич ерни кўриб бўлмаганидек, шахснинг кўнгил қаърига назар ташлаш ҳам мушкул. Айни шундай ҳеч ким ўз нигоҳига ҳам қарай олмайди. Айни пайтда ёлғиз актёрнинг ғоят эзгу комедиясини ижро этишга талай куч-ғайрат сарфлаймиз. Кимнидир чалғитиш ниятида эмас, балки айни ўзимиздан иҳоталаниш мақсадида ўзимиз учун жуда жиддий маънода хислатлар ўйлаб топамиз. Ўзимизга нисбатан актёрлик-устамонлик қилиш асносида ижтимоий шарт-шароитлар ёхуд шахсий хоҳиш-иродамиздан келиб чиқувчи бемаъни-бачкана майл-истакларга таянган ҳолда сўзлаймиз ва фаолият юритамиз ва улар оний лаҳзада чинакам ҳаётийлик ўрнини эгаллайди. Китобхон буни бевосита текшириб кўрса, ажабланиб, эҳтимол даҳшатга тушган ҳолда ишонч ҳосил қиладики, “ўзиники” ҳисоблаган тасаввурлар ва ҳис-туйғуларнинг кўпчилиги аслида ҳеч кимга мансуб эмас, зеро улар бевосита қалбида юзага келмаган, аксинча сайру саёҳат ғубори йўловчи эгнига ингани сингари бегоналардан илашган-ўзлаштирилган.

Шундай қилиб, эътирофию аъмоллари яқин кишимиз кўнгил сирларини аён қила олмайди. Биз хатти-ҳаракатларимиз ва сўз-эътирофларимиз билан узлуксиз найранг қиламиз. Қатор жиноятлар сабабли ўзига нисбатан аллақачон ҳукм чиқарган ёвуз кимса дафъатан олижаноблик қилиши ҳеч гап эмас, айни пайтда ҳамон ёвуз кимса бўлиб қолаверади. Нафақат хатти-ҳаракату аъолларга ва эътирофларга, балки аҳамиятсиздай туюлган имо-ишораларга ҳам эътибор қаратиш керак. Улар ихтиёрийсизлиги боисб майл-истакларимизнинг ҳаққоний мазмун-моҳиятини акс эттиради (1).

Бундан қатъий назар айрим лаҳзалар, ҳолатларда одам буни англамасдан қалбидаги жуда кўп пинҳоний майл-хоҳишлару, аслиятини ошкор этади. Ва улардан бири – муҳаббат. Биз урғу берган инсоний тип ҳар биримизнинг қалбимиз тархига мисол бўла олади. Муҳаббат – шахсиятимиз теранликларидан юксалувчи ва қалбимиз қаъридан дуру жавоҳирларни юзага олиб чиқувчи жўшқин ғайрат-шижоат. Яхшигина натуралист, дейлик, дур-жавоҳирларни синчиклаб ўрганиш асносида улар топилган денгиз тубини тасвирлай олади (урғу бизники — таржимон).

Тажрибадан аён бўлишича, олижаноб ўй-ниятли аёл кўра-била бадаҳлоқ ва қўпол эркакка мойиллик кўрсатади, дея эътироз билдиришлари мумкин. Ўйлашимча, бунга ишонадиганлар ҳам оптик ёлғон қурбонлари ҳисобланади: улар ўзларига бегона мавзу хусусида мулоҳаза юритадилар, айни пайтда муҳаббат – ипакдай нозик ва нафис бўлиб, афзалликларини фақат яқиндан баҳолаш мумкин. Диққат-эътибор аксарият хомхаёл бўлиб чиқади. Ҳақиқий ва сохта муҳаббатнинг белги-нишоналари – олисдан қараганда – бир-бирига ўхшайди. Бундан қатъий назар ҳақиқатдан ҳам диққат-эътибор жалб қилинган деб ҳисобласак, нима дейиш мумкин? Бинобарин, ёхуд эркак у даражада тубан эмас, ёки аёл-жувон биз тахмин қилган даражада олижаноб эмас.

Бу мулоҳазаларни суҳбатлар ёки дорилфунундаги маърузаларимда қайта-қайтда айтганман (“феъл-атвор” табиатига оид мулоҳазалар билан бирга) ва ҳар гал ишонч ҳосил қилганманки, улар дастлаб норозилик ва зиддият келтириб чиқарган. Бу ғоя ўз-ўзича ғазаблантирадиган ва зўрма-зўраки жиҳатларга эга бўлмагани боис – муҳаббат билан боғлиқ савдоларимиз чинакам аслиятимизнинг юзага чиқиши экани нима учун бизни ранжитиши керак? – айни шундай қаршилик кўрсатилиши эътирофларим тўғри эканини тасдиқлайди. Одам ўзини заиф, эътиборсиз қолдирган томон орқали дафъатан исканжага олингандай сезади. Ўзгалар учун ошкора, сир сақланмаган хислатларга асосланиб, биз ҳақимизда ҳукм чиқаришлари шубҳасиз ранжитади. Бизни олдиндан огоҳлантирмаганлари ғазаблантиради. Биз олдиндан огоҳлантирилган ҳолда гўё фотоаппарат объективи (“фотоэкспромт” хасталиги) рўпарасида тартибга келтирилган, сараланган хислат-фазилатларимизга асосланиб, ҳукм-хулоса чиқаришларини истардик. Айни пайтда инсон кўнгли, феъл-атворини ўрганувчи сездирмасдан, кутилмаганда, in fragati (2) яқинлашишга интилади.

Хоҳиш-ироданинг ғайришуурийлигини инсон тўла-тўкис идора қила олганида эди, онгости сезимларини ўрганиш ҳожати қолмасди. Бироқ ғайришуурийликни ирода муайян муддат тутиб тура олади, холос. Шахсиятимиз шаклланишида ўзбошимчалик-ғайриихтиёрийликнинг роли бутун ҳаёт давомида нолга тенг. Бизнинг “Мен”имиз иродамиз амалга оширувчи бошбошдоқликларни аранг маъқуллайди; дарвоқе, бошбошдоқликлар ҳақида эмас, балки феъл-атворимизнинг ранг-баранглашуви ва такомиллашуви, индивидуаллигимизнинг тамал тоши руҳоният – тафаккур ва ирода – воситасида янгича қиёфа касб этиши хусусида гапириш лозим. Руҳиятимизнинг ҳайратланарли таъсир кучи муносиб эътироф этиш керак. Лекин айни пайтда хомхаёлларга берилмаслдик ва у бирон-бир ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлиши мумкин деган фикрга борлик зарур. Башарти унинг кўламлари бошқача бўлса, чинакам алмаштириш ҳақида гап бўлиши мумкин. Табиий ўй-ниятларига зид равишда ҳаёт кечирувчи кимса моҳиятан ёлғон-бўхтонга мойил бўлиши мумкин. Мен ўта самимий мунофиқлар ва муғомбирларни учратганман.

Замонавий психология инсон феъл-атвори қонуниятларини чуқур ўргангани сайин ирода ва умуман руҳоният яратувчи эмас, балки таҳрир қилувчи вазифани адо этиши шубҳасиз бўла борган. Онгсоти сезимидан, теран ботиниятдан келиб чиқувчи спонтан, яъни у ёки бу ғайриихтирий импульсни ирода юзага келтирмайди, аксинча уни босади. Бундан келиб чиқишича, у салбий таъсирга эга. Башарти баъзан тескари таассурот ҳосил қилса, бунинг сабаби шуки, майл-истаклару иштиёқларимиз жамулжамида одатда улардан бири бошқаларини ортга тортиб, монелик кўрсатади. Айни шу монеликлар ирода воситада бартараф этилади ва майл-иштиёқлар эркин ва тўла-тўкис юзага чиқади. Шундай қилиб, бизларнинг “шуни хоҳлайман” деган даъвомиз, хулоса қилганда, гарчи имкониятлари табиий жўшқинликни тийиб турадиган тўсиқ-ғовларни шунчаки очиб юборишдан иборат бўлса ҳам — фаол куч.

Ренессанс давридан ҳозирги пайтгача, дейлик, Декарт сингари ҳаётимизни онг бошқаради, дея ўйлаш ўтакетган янглиш фикр бўлиб, онг-тафаккур иродамиз тасарруфидаги шахсий ”мен”имизнинг қирраларидан бири, холос. Инсон оқил ва эркин мавжудот деган эътироф камида баҳсли. Биз ҳақиқатдан ҳам ақл-идрок ва эркинликка эгамиз, лекин улар мавжудлигимизнинг фақат ҳарир қобиғи-пардаси, мавжудлигимиз эса ўз ҳолича оқилона ва эркин эмас. ҳатто ғояларни ҳам онгости сезимнинг мавҳум теранликларидан тайёр ва шаклланган ҳолда оламиз. Безанган-бежалган ва ўз ролини ижро этишга тайёргарлик кўрган ҳолда сирли, антиқа парда ортидан чиқиб келувчи актёрлар каби истак-хоҳишларимиз ҳам ботиниятимиз бўсағасида шундай ҳолатда бўлади. Шу боис инсон онгли, мулоҳазагўйлик билан яшайди деб эътироф қилиш театр – ёритилган саҳнада ижро этиладиган пьеса дея ҳисоблаш сингари хато бўларди. Гап шундаки, биз иродамиз саъй-ҳаракатини минимал идора этиб, умуман иррационал яшаймиз ва мавжудлигимиз онглиликда юзага чиқиб, шахсий “мен”имизнинг хуфёна теранликларидан бошланади. Шу боис психолог ғаввос каби теранликка шўнғиши, яқин кимсанинг сўз-ибораларию, хатти-ҳаракати ва фикр-мулоҳазалари тирбанд бўсағадан қуйироққа, теранликка кириб бора олиши зарур. Айни ўша теранликда диққатга молик маҳзан мавжуд. Тасаввуридаги боғ орасидан васваса оғушида эгилиб-букилиб бораётган Гамлетга томошабиннинг кўзи тушса бас. Психолог Гамлет ролини ижро этаётган актёр кимлигини билиш учун уни саҳна ичкарисида пардалару саҳна безаклари нимқоронғилигида кутади.

У шахс ботинияти теранликларига йўл топиш учун туйнук-тирқишлар қидириши табиий. Бундай туйнуклардан бири – муҳаббат. Назокатлилик даъво қилаётган аёл-жувон бизни алдайман дея беҳуда уринади. У аллакимни севганини биламиз. Мазкур кимса эса нодон, бетакаллуф, боз устига бўйинбоғию “Роллс-Ройс”ининг ярақлашига маҳлиё.

——————-
1. Имо-ишоралар, мимика, дастхат, кийинишнинг ўзига хосликлари сабабларига, яъни айни ҳолатлардаги хуфя сир-синоатларни кашф этиш хусусида «Ифодалиликнинг башарий феноменти ҳақида» сарлавҳали эссемда баҳс юритганман («EI Espectador» t.7).
2. Муайян далиллар билан.

Русчадан Абдуҳамид Пардаев таржимаси
Муаллиф ҳақида

x_1159e367.jpg Хосе Ортега-и-Гассет (1983-1955) испан идеалист файласуфи, публицист, ҳаёт фалсафаси оқимининг вакили. “Оммавий жамият”, “оммавий маданият” концепциясининг йирик вакилларидан бири. У эстетикада модернизм ва замонавий экзистиенциализм назариётчиси сифатида танилган эди. Муҳаббат ҳақидаги рисолаларидан ташқари “Шароб ҳақида уч манзара”, “Дон кихот ҳақида мулоҳазалар”, “Икки асосий истиора”, “Трамвайдаги эстетика”, “Роман ҳақида фикрлар”, “Гётени излаб”, “Валаскесга муқаддима”, “Омма исёни”, “Санъатнинг инсонийликдан маҳрум этилиши” сингари асарлари билан танилган.

02lv7Y.jpg9 may — taniqli ispan faylasufi Xose Ortega-i-Gasset (1983-1955) tavallud topgan kun

   Parvardigor xususida yolg‘iz fikr-mulohaza yuritiladigan holatning muayyan saktaligini Ekxart qoilmaqom asoslaydi. Olloh muntazam va yakrang fikr-mulohazalarda emas, balki faqat va faqat qalbda bo‘ladi. Inson faqat Olloh haqida fikrlash bilan kifoyalanmasligi kerak, chunki fikr-mulohaza to‘xtatagani hamono Parvardigori olam ham ayni inson nazdida g‘oyib bo‘ladi…

Xose ORTЕGA-I-GASSЕT
SЕVGI SЕHRI

09

VIII

Shunday qilib, mistik jamiki bo‘lak narsa-ashyolardan diqqat-e’tiborni chalg‘itib, ko‘ngilni biyobonga aylantiruvchi yagona obyekt-nishonga butun e’tiborini jamlab, oshiq-mahbub singari g‘ayritabiiy holat kasb etishini ko‘zdan kechirdik.

Bulardan qat’iy nazar mistik yolg‘iz Parvardigorga yuzlanish uchun jamiki ne’matlardan voz kechadigan «manzil-makon» benazir emas – jazvaza asnosida undan yuqoriroq yuksalsa bo‘ladi.

Parvardigorki, sarhadu belgi-alomatlarga ega irodaviy sa’y-harakat bilan unga talpinadilar; Parvardigorki, fikru zikriga berilganda duch kelgan narsa-ashyoning madadiga tayaniladi; nihoyat. Parvardigorki, diqqat-e’tiborimizni jalb qilish asnosida chinakam Parvardigor bo‘lish uchun haddan tashqari narigi dunyoni yodga solaveradi. Mistiklar asarlarining har sahifasida paradoksal andozasi ko‘zga tashlanadigan nazariyaning ildizlari ayni shunda bo‘lib, ular «hatto» Parvardigor haqida o‘ylash hojati qolmaydigan narsa-ashyoga intilish-talpinish kerakligiga bizlarni ishontirmoqchi bo‘ladi. Bunga oid mulohazalar taqriban quyidagi yo‘singa ega: basharti U haqda muttasil fikr yuritilib, Unga talpinilsa, shunday lahza keladiki, U ruhiyatimiz uchun ortiq begona allanarsa bo‘lmay qoladi va injectum(1)ga evriladi. Parvardigor qalbimizga jo bo‘ladi, uyg‘unlashadi, yoxud, odatiy ibora bilan aytganda, qalb Parvardigor timsolida abadiyat topib, allaqanday alohida mavjudlik sifatida barham topadi. Mistik ayni shunday birikuv-uyg‘unlashuvga tashna. «Va qalb-ruh – men qalb-ruhdagi javharni nazarda tutyapman – bamisli Parvardigor bilan qovushadi-yaxlitlashadi» (2) –deb yozadi «Yettinchi boshpana»da Avliyo Teresa. Bu borada mazkur qovishuv bugun ro‘y berib, ertagayoq boy beriladigan muvaqqat holat sifatida qaralmaydi. Oshiq-mahbub muhabbati mangu ekani xususida qasam ichgani kabi mistikning nazdida ham ushbu qovishuv-yaxlitlashuv-uyg‘unlashuv doimiy. Avliyo Teresa yaxlitlashuv-uyg‘unlashuvning ikki tipi farqlanishini qat’iy talab etadi: dastlabkisini «bitta shamday alangasi tutashib yonayotgan ikki shamga o‘xshatish mumkin… Lekin ularning birini ikkinchisidan osongina ajratsa bo‘ladi va ko‘z oldimizda yana ikkita sham paydo bo‘ladi». Ikkinchisini, aksincha, daryoga samovotdan yog‘ilgan obi rahmatga yoki unga kelib qo‘shilgan jilg‘a-irmoq suviga o‘xshatish mumkin, bunda ularning ikkisi shu qadar aralashib-uyg‘unlashib ketadiki, daryo suvini samovotdan yog‘ilgan obi rahmatdan biron kimsa farqlay olmaydi; ayni shunday daryoga quyilgan jilg‘a-irmoq suvini ham farqlab bo‘lmaydi; ayni shunday muayyan xonaga yog‘ilgan ikki tola nur xona ichkarisida bir butun-yaxlit yorug‘likka aylanadi».

Parvardigor xususida yolg‘iz fikr-mulohaza yuritiladigan holatning muayyan saktaligini Ekxart qoilmaqom asoslaydi. Parvardigor muntazam va yakrang fikr-mulohazalarda emas, balki faqat va faqat qalbda bo‘ladi. Inson faqat Yaratgan haqida fikrlash bilan kifoyalanmasligi kerak, chunki fikr-mulohaza to‘xtatagani hamono Parvardigori olam ham ayni inson nazdida g‘oyib bo‘ladi». Binobarin, mistik yo‘lning oliy pog‘onasida inson jismu joni Olloh ziyosi bilan to‘la-to‘kis yo‘g‘riladi, ilohiylik bilan to‘yinadi. Shundan e’tiboran dunyo bag‘riga qaytib, tiriklik tashvishlari og‘ushiga shung‘ishi mumkin, chunki Parvardigor amriga og‘ishmay amal qiladi. Zaminni, botiniyatiga daxl qila olmaydigan a’molu orzu-intilishlarini ramziy ma’noda tamomila tark qilgani uchun qay ishlar bilan mashg‘ul ekaniyu nimalar ro‘y berayotganining ortiq farqi yo‘q. Uning amaliy shaxsiyati Parvardigorga hijrat qilgan, timsoliga singigan; yolg‘iz Parvardigori olam idora qiluvchi mexanik qo‘g‘irchoq, allaqanday «yaratma» qolgan. (Oliy ko‘rinishdagi mistitsizm shubhasiz «kviyetizm» (3) bilan uyg‘unlashadi.)

Bu g‘alati holat «oshiqlik»ni eslatadi. Oshiqlik holatiga «uyg‘unlashuv» davri shu qadar xoski, bunda har bir oshiq-mahbubning jismu joni mahbuba fikru zikri ila yo‘g‘rilib, o‘zligini tamomila unutib, fikru zikri, orzu-umidi, a’mollari — qo‘yingki, butun hayoti mahbubaga baxshida etiladi. Muhabbatimiz obyekti-sababchisi toki bizlar bilan bir butunga aylangan, yaxlitlangan ekan, u haqda o‘ylash hojati qolmaydi. Har bir ko‘ngil kechinmasi raftorimizdagi imo-ishoralarda zuhur etadi. Mahbubaga mahliyolik, aqlu xushni to‘la-to‘kis boy berish arafasida, toki ma’lum ma’noda «begonaday» tuyular ekan, oshiq-mahbub teran parishonxotirlikni boshdan kechiradi. Nigohlar mijja qoqmaydi, boshi xam, yolg‘izlanishni, xilvatnishinlikni tusaydi. Butun raftorimizga allaqanday mahzunlik va mahdudlik muhr bosadi. Mahliyo diqqat-e’tiborimizning germetik yopiq muhitida mahbuba timisoliga termilamiz. Faqat muhabbat jazavasi tamomila og‘ushiga olib, mahbubadan ayiruvchi chegara-sarhad barham topganidan keyin, aniqrog‘i, mening «men»im aynan «men» bo‘lishi barobarida mahbubamga ham aylangach, bizning qiyofamizda mazkur g‘aroiyb epanouissement (4), chinakam baxt-saodat shu’lalari jilva qila boshlaydi. Nurli va hafif nigohimiz yon-atrofga ilg‘ab-ilg‘amay nazar tashlagani holda ularning barchasiga hotamona mehru muhabbat ulushadi. Bunda xiyol ko‘zga tashlanayotgan mayin tabassum bois lablarimiz biroz ochiq bo‘ladi. Raftorimizda esa telba-devonalar singari mazmun-ma’no bo‘lmaydi. Ichki yoki tashqi olamda hech vaqo diqqat-e’tiborimizni tortmasa ham ko‘nglimizda osoyishta suv sathidagidek oftob yog‘dusi jilvalanadi (“kviyetizm”), xolos.

Bunday farahbaxsh holatni oshiq ham, mistik ham biladi (5). Bu hayot va bu olam, ezgulik va yovuzlik ular uchun hech qanday ahamiyatga ega bo‘lmagani bois his-tuyg‘ulariga dahl qilmaydi. Odatiy holatda esa ularga tamomila befarq bo‘lmaymiz, ular fikru zikrimizni egallab, xavotirlantiradi, bag‘rimizni o‘rtaydi. Shu bois hayot o‘y-tashvishlari yelkamizni qora tog‘day ezadi, bu yukni arang sudraymiz. Biroq diqqat—e’tiborimizni nimagadir qaratsak, boshqa bir odamga yo‘naltirsak, yon-atrofimizda sodir bo‘layotgan voqealar qadr-qimmatiyu mazmun-mohiyatini yo‘qotadi, go‘yo bizga yetti yot begona iqlimga aylanadi. Narsa-ashyolar orasidan o‘tganimiz asnosida ham ularning joziba-oxanrabosini payqamaymiz. Go‘yo bir juft o‘zaro birikkan va teng bo‘lmagan buyuk olam mavjud: mistik bu olamda shunchaki yashayotganday; aslida u o‘zga, olis olamda, Parvardigor timsolida yashaydi. “Deum et animan. Nihilne plus? Nihil omnino” (6), deb yozadi Avliyo Avgustin. Shu asno oshiq-mahbub ham yonginamizdan hech narsani xayoliga keltirmasdan o‘tadi. U qismati toabad uzid-kesil hal qilingan hisoblaydi.

“Farahbaxsh holat”da inson hayoti – xoh mistik, xoh oshiq-mahbub bo‘lsin – beg‘am va tuzsiz, ya’ni mazmun-mohiyatsiz kechadi. U hotamona bag‘rikenglik bilan bor olamga mehr ulashadi. Biroq mazkur hotamtoylik qalbiy saxiylik taqozosi emas. Bu bachkana ko‘ngilning olijanobligi; mohiyatan nafrat natijasi. Maqomi yuksak ekaniga imoni komil odam o‘zi bilan “bog‘liq” bo‘lmagan, yagona hayotni baham ko‘rmaydigan odamlar hech qanday xavf-xatar manbai bo‘lmagani uchungina o‘zidan past-tuban bandai ojizlarga “bag‘rikenglik” bilan mehr baxsh etadi. Yaqin kishisining nuqsonlarini payqamaslikda xuddi shunday sarbaland yuksaklikdan farovon mehr yog‘dusi bilan yo‘g‘irish intilishida ham kibrli nafratlanish namoyon bo‘ladi. Shu asno mistik uchun va unga o‘xshaydigan oshiq-mahbub uchun barcha-barchasi nafosat va hayrat ila yo‘g‘rilgan. Gap shundaki, uyg‘unlashuvdan keyin narsa-ashyolarga takroran nazar tashlar ekan, ularni ko‘rmaydi, ularning timsolida bor hayotini baxshida etgan Parvardigorning muhri yoki mahbuba siymosini ko‘radi. Va narsa-ashyolar ayni shu bois nafosat va hayrat manbaiga aylanadi. Ekxartning fikrlariga quloq tutaylik: narsa-ashyolardan voz kechib, Parvardigor timsolida ularni qayta kasb etgan kimsa tabiat manzarasidan yuz o‘girib, tiniq ko‘l ko‘zgusidagi aksiga mahliyo odamga o‘xshaydi. San Xuan de la Krusning mashhur she’ri ham beixtiyor yodga keladi:

«Sovg‘a-salomlarini saxiylik bilan ulashib,
daraxtlar ostida shoshib yiqildi.
Darranda-parranda haykalday qotib qoldi.
Ularning urho-urhosi ostida
O‘z raftori bilan butun dunyoni mahliyo etdi» (7).

Mistik – Parvardigor bilan to‘la-to‘kis to‘yingan; jamiki narsa-ashyolarda zuhur etadigan Parvardigor timsoli ularni ilohiylashtiradi. Bu borada oshiq-mahbub ham unga o‘xshaydi.

Darvoqe, mistik va oshiqning «ko‘ngil hotamtoyligi» bilan hayratlanish xato bo‘lar edi. Ular mohiyatan ayni befarq bo‘lganlari bois jamiki mavjudotlarga xayrixohlik bilan qaraydi. Ular o‘z oliy maqsadlariga oshiqadi. Aslida yo‘l-yo‘lakay to‘xtalishlar deyarli g‘ashini keltirmaydi, go‘yo zodagon qarollari arzi dodiga parvo ham qilmaganday. Buni San Xuan de la Krus nuktadonlik bilan ifodalagan:

«Vaslingga shunchalar oshiqayapman,
Yo‘lim yaqin qilgay Parvardigorim! (8)»

«Farahbaxsh holat»ning saodati qaysi ko‘rinishda namoyon bo‘lishidan qat’iy nazar shundaki, muayyan shaxs olam va o‘zligiga begona bo‘ladi. Ayni shu: olam va o‘zlikdan begonalik jazava hisoblanadi. Bu borada qayd etish zarurki, ikki xil toifa mavjud: o‘zligidan voz kechib saodat topadiganlar va aksincha, tamomila o‘zligi ila mashg‘ul bo‘lish asnosida xushnudlik kasb etuvchilar. O‘zlikdan voz kechishning spirtli ichimliklar iste’mol qilish va mistikaga berilish singari ko‘pdan ko‘p yo‘llari mavjud. Insonning shaxsiyati bilan mashg‘ulligining ham – sovuq dush qabul qilishdan falsafaga qadar xilma-xil usullari bor. Mazkur ikki toifaga mansub odamlar hayotning barcha jabhalarida o‘zaro tubdan farqlanadi. Jumladan, jazavali san’at tarafdorlari bo‘lib, ular uchun go‘zallikdan lazzatlanish – «o‘ta hayajonlanish»ni bildiradi. Boshqalar esa, buning aksi o‘laroq, chinakam estetik huzurlanish-zavqlanishni xotirjamliksiz tasavvur qila olmaydilar, ularning nazdida ayni xotirjamlik go‘zallik obyektini bamaylixotir va vazmin-osoyishta ko‘zdan kechirish imkonini beradi.

Bodler qayerda yashashni afzal bilasiz, degan savolga: «Istalgan joyda, istalgan joyda… mazkur dunyodan bo‘lak manzil-makon bo‘lsa bas!» deya javob berganida jizzakiligi-jazavazisini namoyon qilgandi.

«O‘zlik doirasidan chiqish-najot topish»ga intilish: mastlik, mistitsizm, oshiqlik singari ko‘pdan-ko‘p jazava shakllarini yuzaga keltirgan. Men bu bilan ularning biri ikkinchisi o‘rnini bosa oladi, deya da’vo qilayotganim yo‘q; faqat ularning muayyan turdoshligini va ildizlari jazavaga borib taqalishini e’tirof etyapman. Gap o‘zligi ila mashg‘ul-andarmon holatda yashay olmaydigan, o‘zligidan xalos topib, qo‘llab-quvvatlovchi va rahnamolik qiluvchi siymoga talpinuvchi toifa xususida borayotir. Shu bois mistika va oshiqlikda o‘g‘irlash yohud o‘marish holati kamdan kam uchraydi. O‘g‘irlanish – o‘z xohish-irodasiga zid qayergadir yo‘l olishdan iborat, seni kimdir yoki nimadir qayergadir borishga majburlaydi.

O‘marish (umikaniye) esa qadimiy muhabbat shakli bo‘lib, nimfa-qizlar timsolidagi ilohalar ta’qib etgan kentavrga oid afsonalar bilan bizgacha yetib kelgan.

Rim nikoh marosimida patriarxal kelin o‘g‘irlash marosimi hozirgacha saqlangan: kelin kuyov xonadoniga o‘zi qadam ranjida qilmasligi kerak – uning poyi ostonaga tegmasligi uchun kuyov uni ko‘tarib kiradi. Mistik rohibaning «trans» holatga tushishi va jazavaga berilishi, shuningdek oshiq-mahbubning es-xushini batamom yo‘qotishi so‘nggi ramziy ifodalanish hisoblanadi.

Biroq yana bir g‘ayrioddiy ko‘ngil holati – gipnoz bilan qiyoslasak, jazavadorlik va «dardi ishq»ning mazkur hayratlanarli o‘xshashligi yana ham yaqqol ko‘zga tashlanadi.

Mistik holat gipnoz holatiga favqulodda o‘xshash ekani qayta-qayta takrorlandi. Gipnozda trans, gallyunatsiya va hatto xushdan ketish va katalepsiya singari o‘xshash tana holatlari kuzatiladi.

Boshqa tomondan, menga gipnoz holati bilan oshiqlik o‘rtasida ham hayratlanarli yaqinlik mavjudday tuyuladi. Gipnoz holati ham qiziquvchanlik natijasi ekaniga ishonchim yagona asos bo‘lgani bois bu taxminni ilgari surishga jur’at qilmagandim. Bundan qat’iy nazar, bilishimcha, yagona shubhasizday tuyulgan holat: uyqu psixik holat sifatida diqqat-e’tiborimizga bog‘liq ekaniga qaramasdan gipnozga ayni nuqtai nazardan, yanglishmasam, hech kim yondoshmagan. Narsa-ashyolarga qiziqishimiz barham topishiga mutanosib ravishda uyqu diqqat-e’tiboorimizni karaxt qilib, yengishini Klapared allaqachon qayd etgan. Uyqusizlik bilan kurashning butun uslubiyati biron-bir obyekt yoki mexanik a’molga, deylik, sanoqqa e’tiborimizni jamlashdan iborat. Me’yoriy uyqu jazava singari avtogipnoz-shaxsiygipnoz sanaladi.

Ayni shu bois zamonamizning zukko psixolog-ruhshunoslaridan biri Paul Shilder gipnoz holati bilan sevgi o‘rtasidagi yaqin bog‘liqlikni shubhasiz hisoblagan (9). Mening dalillarimga nisbatan tamomila o‘zgacha sabablarga asoslangani bois uning fikr-mulohazalarini qisqacha keltirmoqchiman, qaysiki ular oshiqlik, jazavardorlik va gipnoz holati o‘rtasidagi risolamizda keltirilgan o‘xshashliklar doirasini yakunlaydi.

———————-
1. Obyekt (bizdan tashqarida, holilikda mavjud) va inyekt (botiniyatimizda mavjud, o‘zligimizga singdirilgan).
2. Avliy Teresa de Xesusning «Botiniyat qasri, yohud Boshpana» kitobining bo‘limlaridan biri (qarang: Santa Teresa de Tesus. Obras completas. Madrid. 1976, p. 441.).
3. Kviyetizm – xudojo‘ylikni muroqaba, ruhiy botiniyatga shunish sifatida tushunish.
4. Munavvarlik (fransuzcha)
5. Men diniy «farahbaxsh holat» haqida bahs yuritmayotganim tushunarli bo‘lsa kerak. Bu o‘rinda gap barcha dinlarning mistiklari uchun mushtarak psixologik-ruhiy holatning o‘ziga xosliklari haqida borayotir, xolos.
6. «Parvardigor va qalb. Yana ne darkor? Hech vaqo» (lotincha).
7. San Juan de la Crus. Cantico espirituat. – Poesias completas. Madrid, 1973, p. 16.
8. O‘sha asar, 48 bet.
9. Uber das Wesen der Hupnose. Berlin, 1922.

IX

Oshiqlik va gipnoz holati o‘rtasidagi o‘xshashliklarning dastlabki safi quyidagicha:

Gipnoz qilishda erotik-shahvoniy jihat shubhasiz; qo‘llar erkalayotganday mayin siypalaydi; ishontiruvchi va ayni paytda tinchlantiruvchi murojaat; «mahliyo qiluvchi nigoh»; harakatlar va aksariyat shubhasiz qat’iyatli ovoz. Basharti gipnoz obyekti ayol bo‘lsa, uyquga ketish yoki uyg‘onish asnosida gipnoz qiluvchiga shahvoniy bezovtalanish yoki qoniqishga juda xos holsiz nigoh tashlashi o‘qtin-o‘qtin uchraydi. Gipnoz davomida butun a’zoi badanda iliqlik va halovat-huzurlanish his qilingani qator holatlarda e’tirof etiladi. Ayrim holatlarda ularni yolg‘iz shahvoniy his-tuyg‘ular qamrab oladi. Shahvoniy qo‘zg‘alish gipnoz qiluvchidan yo‘naladi, u ochiqdan-ochiq ishqiy munosabatga undaydi. Ba’zida gipnoz holatidagi kimsaning shahvoniy xayol-xayoloti hatto soxta xotiralar tusini oladi va giprnoz qiluvchini zo‘rlaganlikda ayblaydi.

Jonivorlarni gipnoz qilish ham shunday natijalar beradi. Gaieodes kaspicus turkestanus (1) deb ataluvchi zaharli chayon urg‘ochisi qovishushga urinayotgan erkagini yeyishga chog‘laydi. Va chayon erkagi urg‘ochisining qornidagi muayyan joyini tishlagach, batamom jondan umid uzib, qovishuvga izn beradi. Urg‘ochi chayonni tajribaxona sharoitida ham shunday holatga keltirsa bo‘ladi – unga biroz teginish kifoya. U darhol gipnoz holatiga tushadi. Bunday natija faqat urchish davrida qo‘lga kirishi mumkinligi ham muayyan ahamiyatga molik.

Shilder mazkur kuzatishlaridan shunday xulosa chiqaradi: “Bular insoniy gipnoz ham shahvoniyatga xizmat qiluvchi biologik a’mol, deya taxmin qilish imonini beradi”. U shu tariqa gipnoz va “sevgi” o‘rtasidagi oshkora interpritatsiya munosabatlaridan voz kechib, surunkali freydizmga beriladi.

Uning gipnoz holatidagi odamning ko‘ngil kechinmalari oid mulohazalari e’tiborga molik. Shilderning fikricha, bu borada gap odam gipnoz ta’sirida bolalikka qaytishi xususida boradi: butun inon-ixtiyorini begona kimsaga mamnuniyat bilan ishonib topshiradi va uning obro‘-e’tibori-nufuzi ta’siri ostida tinchlanadi. Faqat shu tarzdagi munosabat gipnoz ta’sirini ta’minlaydi. Gipnoz qiluvchining nufuzini e’tirof qiluvchi barcha omillar – shuhrati, ijtimoiy mavqei, olijanob raftori – uning ishini osonlashtiradi. Boshqa tomondan moyil bo‘lmagan odamga gipnoz ta’sir qilmaydi.

Bu o‘ziga xosliklarning barchasi sevgi-oshiqlikka ham taalluqli bo‘lishi mumkin. Ayni shunday sevgini ham – yuqorida bunga to‘xtaldik – barchaning ko‘ngli hamisha “tusaydi”, “tashna”, sevgi inon-ixtiyorni mahbubaga qo‘sh-qo‘llab topshirishni va shu asno huzur-halovat topishni taqozo etadi, bu hayratlanarli xohish-istak. Oshiq ham boshdan kechiradigan ma’lum ma’nodagi infantillik xususida esa shuni aytish mumkinki, men “ko‘ngil qashshoqlanishi” deb atagan, qiziquvchanligimiz doirasining bachkanalashuvi va torayishi bilan nisbat beriladi.

Gipnoz uslubiyatining asosiy unsuri ko‘zgu, olmos, nur tolasi singari biron bir obyektga diqqat-e’tiborni toki jamlashdan iborat ekan, qiziquvchanlik-qiziqishni gipnozning bu g‘oyat shubhasiz jihati sifatida Shilder nima uchun hatto xayolga ham keltirmaydi. Boshqa tomondan turli insoniy tiplarning gipnozga beriluvchanligi nuqtai nazaridan qiyoslash ularning sevish qobiliyati bilan maksimal mutanosibligini ko‘rsatadi.

Jumladan, erkaklarga nisbatan ayollar gipnoz ta’siriga oson beriladilar –ceteris paribus (2). Biroq ayni ayollar erkaklarga nisbatan aksariyat ehtiros og‘ushida bo‘ladilar. Bu moyillikni boshqa istalgan vaj-karson bilan izohlamaylik, bunda har ikki jins vakillarining diqqat-e’tibori yuzaga chiqishidagi farq yaqqol ko‘zga tashlanishi shubhasiz. Baravar sharoitlarda ayol qalbi erkak qalbiga nisbatan birlashuv imkoniyatiga oson mayl ko‘rsatadi, chunki ayol qalbi o‘z qiziqishlariga birmuncha alohida e’tibor qaratadi, birmuncha evrilishlarga mos. Yuqorida ishonch hosil qilganimizdek, botiniy olamning uzluksiz silsilasiyu tizimini qiziquvchanlik idora qiladi. Botiniyat qanchalik yakrang bo‘lsa, diqqat-e’tibor shuncha unifikatsiya, ya’ni bir xillikka mayl ko‘rsatadi. Ayol qalbi faqat bitta qiziqish o‘zagiga ega bo‘lishni afzal biladi, u yoki bu davrda yakka-yolg‘iz narsa-ashyoga yo‘naladi, deb hisoblanadi. Uni gipnoz qilish yoki mahliyo-maftun etish uchun diqqat-markazidagi o‘sha yagona narsa-ashyoni o‘zlashtirish kifoya. Ayol qalbining konsentrik tuzulishiga qiyosan erkakning ichki dunyosi, ya’ni botiniyati bir paytning o‘zida bir necha epitsentrlarga ega. Erkak fe’l-atvori qanchalik shakllangan bo‘lsa, shunga mos ravishda qalb-ko‘ngil yaxlitligi-yig‘noqligi shuncha oz bo‘lib, go‘yo bir-biriga dahl qilmaydigan bo‘limlarga ajralganday tuyuladi. Uning bir qismi siyosat yoxud tijoratga yo‘naltiriladi, ayni paytda boshqa bir qismi zakovat-tafakkurga, va yana biri – jismoniy lazzatlanish o‘y-xayollariga baxshida etiladi. Shu asno yagona nuqta, manbaga diqqat-e’tibor qaratilmaydi. Qiziqish o‘zak-negizlari ko‘pdan ko‘p. Ko‘pqirralilik negizida, rang-barang, xilma-xil va turfa botiniyat sohibi bo‘lgan biz erkaklar uchun biron bir narsa-ashyoga diqqat-e’tiborni jamlashning qiyin joyi yo‘q, bu ayni paytda boshqa barcha narsalar bilan qiziqishimizga hech qanday ta’sir ko‘rsatmaydi.

Sevgan ayol nazdida mehr qo‘ygan “shahzoda” boshdan-oyoq ixtiyorida emasdek tuyuladi. Hamisha birmuncha parishonxotirday, yo‘l-yo‘lakay allaqanday uchrashuv chog‘ida qalbining bir bo‘lagini, mehrining ma’lum qismi paysasini qoldirib kelganday ko‘rinadi. Va aksincha, ayol singari muhabbatga butun hayotini baxshida eta olmaslik, bu borada maksimalizm, ya’ni eng yuksak cho‘qqini zabt eta olmaganlik armoni vijdonli erkakni qator hollarda ranjitadi. Erkak muhabbat borasida iqtidorsizligiyu bu borada kamolotga yetishish masalasida no‘noqligini hamisha namoyon etadi, holbuki bu masalada ayollarning oldiga tushib bo‘lmaydi.

Binobarin, ayolning mistitsizmga, gipnozga va muhabbatga mosligiyu muvofiqligi ayni bir xil dalil-sabablar bilan izohlanadi.

Shilder tadqiqotlariga yana murojaat qilsak, muhabbat bilan mistitsizm o‘rtasidagi yaqinlik-uyg‘unlikni juda antiqa va muhim somatik xossaga ega sabab bilan izohlashining guvohi bo‘lamiz.

Gipnoz natijasidagi uyquning tabiiy uyqudan pirovard natijada hech farqi yo‘q. Shu bois uyquchi kimsa gipnoz qiluvchi uchun benazir obyekt. Shunday qilib, ayon bo‘ladiki, uyqu funksiyasi bilan bosh miya qobig‘idagi uchinchi qorincha deb ataluvchi qism o‘rtasida yaqin aloqadorlik bor. Uyqusizlik va letargik ensefalit bosh miyaning shu qismidagi xastalik bilan bog‘liq. Shilderning fikriga ko‘ra,ayni shu a’zoda gipnoz holatining somatik zamini joylashgan. Va ayni paytda uchinchi qorincha shahvoniy sohadagi ko‘plab o‘zgarishlarni taqozo qiluvchi “organik shahvoniy bo‘g‘in” hisoblanadi.

Miyaning bunday turli bo‘laklarga ajratilishiga biroz shubha bilan qarayman. Tanadan boshni judo qilsak, odam na fikrlaydi, na biron ta’sirni his etadi. biroq asab tizimidagi har bir psixik vazifa uchun boshlang‘ich nuqtani topishga urinsak, mushkul ahvolga tushib qolamiz. Bunday urinish samarasiz ekanining ko‘pdan ko‘p sabablari bor, lekin yaqqol ko‘zga tashlanib turgani shundan iboratki, psixik funksiyalarning real o‘zaro bog‘liqligini, ularning bir-biri bilan aloqadorligini va iyerarxiyasini rad etamiz. U yoxud bu funksiyani amaliy tartibda ihotalash va “ko‘rish”, “eshitish”, “tasavvur qilish”, “xotirlash”, “fikrlash”, “qiziqish” singari mavzularda mulohaza yuritsa bo‘ladi; biroq “ko‘rish” asnosida avvalboshdan “fikrlash” ham pinhonmasligiyu va buning aksini bilmaymiz. Bir funksiyaning boshqasidan ihotalangani-yakkalangani o‘ta shubhali bo‘lgani bois ularni shunday holatga keltirish ham amri mahol.

Ayni paytda mazkur shubhalanish navbatdagi, yana ham puxta tadqiqotlarga rag‘batlantirishi kerak. Jumladan, yuqorida keltirilgan misol vositasida qiziquvchan diqqat-e’tiborlilik qobiliyati Shilderning fikriga ko‘ra, uyg‘u, gipnoz va muhabbatga aloqadar bosh miya qobig‘i qismi bilan bevosita yoxud bavosita bog‘liqligini tekshirish mantiqdan holi bo‘lmasdi. Mazkur uch holat bilan jazava o‘rtasidagi qayd etilgan yaqin uyg‘unlik miyaning uchinchi qorinchasi, shuningdek mistik trans holatiga ham aloqador, deb taxmin qilish imkonini beradi. Bu muhabbat istilohlari azbaroyi tavba-tazarru-munojotda, mistik istilohlar esa rosmana izhori dil asnosida qo‘llanilishini nihoyat oydinlashtirgan bo‘lardi.

Psixiatr Aller Madridda yaqinda qilgan ma’ruzasida mistitsizmni muhabbat maylining namoyon bo‘lishi va sublimatsiyasi sifatida talqin qilishga har qanday urinishlarni rad etdi. Bu nuqtai nazar, menimcha, juda to‘g‘ri.

Yaqin-yaqinlargacha yalpi e’tirof qilingan mistitsizmni muhabbat ko‘rinishi sifatida talqin qilinishi ensani qotiradigan darajada trivial edi. Hozir masala boshqacha qo‘yilyapti. Gap mistitsizm “muhabbat” hosilasi ekanida emas, balki ularning ildizlari mushtarakligi va ular ko‘plab parametrlari o‘xshash ikki psixik holatning mazmun-mohiyati ekanidadir. Har ikki holatda ong-idrok-tafakkurda hissiy darajada uyg‘un holatlarni keltirib chiqaruvchi o‘xshash jarayonlar sodir bo‘ladi, ayni jarayonlarni ifodalash uchun mistik yoki shahvoniy istiloh-iboralar mutlaqo indifferent xizmat qiladi.

Risolaning mazkur qismini yakunlar ekanman, betimsol muhabbat sir-sinoatining yagona bosqichi – “maftunlik-mahliyolik” bosqichini ta’riflashni maqsad qilganimni eslatishni joiz bilaman. Muhabbat – shubhasiz teran va ko‘pqirrali, garchi haddan tashqari jazavadorlik bilan yo‘g‘rilmagan bo‘lsa-da, chinakam insoniy tuyg‘u. Muhabbat hamisha tiyiqsiz “maftunlik-mahliyolik” (“vlyublonnost”) bosqichi-dovonidan o‘tadi; ayni paytda qayoqqa nazar tashlamang, chinakam muhabbat bilan pirovard natija-maqsadiga yetmaydigan “maftunlik-mahliyolik” ko‘zga chalinadi. Darvoqe, kamdan kam uchraydigan holatga ommaviy tus bermaganimiz ma’qul.

Muhabbat qancha telbavor bo‘lsa, shuncha kuchli, deguvchilar ham bor. Mazkur odatiy yanglish fikrni rad etish maqsadida ayni mulohazalar qog‘ozga tushdi. Muhabbat tiyiqsizligi, telbaligi uning mazmun-mohiyati bilan hech qanday aloqaga ega emas. Bu “maftunlik-mahliyolik” – past, jo‘n-jaydari, chinakam sevgi-muhabbat shart bo‘lmagan, uni taqozo qilavermaydigan kechinma haqiqiy muhabbatning bir shahobchasi, xolos.

Inson fe’l-atvori qancha jo‘shqin bo‘lsa, kechincha-tuyg‘ulari ham shunga mos qaynoq bo‘lishi mumkin. Biroq, ayni jihatni qayd etgan holda shuni ham aytish zarurki, hissiy jo‘shqinlik qancha kuchli bo‘lsa, ko‘ngil pillapoyalarida uning maqomi shuncha past bo‘ladi, g‘ayrishuuriy jismoniy qo‘zg‘alishlarga shuncha yaqin bo‘ladi, ma’naviylik-ruhoniylik unda shuncha oz bo‘ladi. Va aksincha, his-tuyg‘ularimiz ruhoniyat-ma’naviylik bilan yo‘g‘rilgani sayin his-tuyg‘ularimiz tiyiqsizlik-jo‘shqinlikdan va shiddatli zo‘riqishdan xalos bo‘ladi. Ochlik bilan kurashuvchining sa’y-harakatlariga nisbatan och kimsaning ochlik tuyg‘usi hamisha kuchli.

———————
1. Markaziy Osiyoda yashovchi chayon turi.
2. Boshqa baravar sharoitlarda (lotincha).

ISHQIY SARALASH
I. (PINHONIY NЕGIZLAR YO‘LIDA)

Yaqinda o‘qigan ma’ruzamda boshqa mavzular qatori ikki mulohazaga ham e’tibor qaratdim, ularning ikkinchisi bevosita birinchisidan kelib chiqadi. Birinchisi: individual fe’l-atvorimiz na tasavvuru na hayotiy tajribayu va na temperamentimiz-mijozimizga emas, balki beqaror, havoyi va boshlang‘ich allanarsaga bog‘liq. Dastavval, tabiatan atvorimizga moyilliklar va yoqtirmaslik tizimi singdirilgan. Buning negizi barcha uchun mushtarak, va bundan qat’iy nazar har bir insonning mazkur tizimi betakror — shaxsiy, istalgan pallada pro va contra zarbalarga qarshi shay holatga keltiradi, — moyillik va yoqtirmaslikning allaqanday quvvatlantiruvchisi. Moyilliklar va xush ko‘rmasliklarni shakllantiruvchi yuragimiz – ko‘nglimiz – shaxsiyatimiz negizi. Tevarak-atrofdagi narsa-ashyolarni bilib ulgurmasdan ayni qalb undovi-da’vati tufayli goh o‘ngga, goh so‘lga qayrilib, goh u, goh bu qadriyatlarni lozim ko‘ramiz. Ko‘nglimizga yaqin-manzur qadriyatlar mujassam narsa-ashyolarga nisbatan sehgarligimiz va ayni shunday, ehtimol, birmuncha yuksak qadriyatlar mujassam, biroq hissiyotlarimizga ta’sir qilmaydigan narsa-ashyolarga befarqligimiz ayni shu bilan izohlanadi.

Hozir barcha faylasuflar dalillar vositasida ma’qullayotgan mazkur g‘oya-fikrni, yanglishmasam, hech kim ilgari surmagan boshqa mulohaza bilan to‘ldirmoqchiman.

Atvorimizga yaqin kimsa bilan o‘zaro hamjihatlikda muayyan qadriyatlar olamiga, ishtiyoqlar silsilasiga kirib borishga intilamiz, binobarin, uning shaxsiyati negiziyu fe’l-atvorining mohiyati-o‘zagini kashf etishga zo‘r beramiz. Xuddi shunday muayyan davr mazmun-mohiyatini anglashga bel bog‘lagan tarixchi ayni davr odamlari uchun muhim qadriyatlar silsilasini dastavval oydinlashtirishi kerak. Boshqa tomondan muayyan davrning hujjatlarga muhrlangan voqea-hodisalari, nutq-ma’ruzalari yuzaki aks-sado, jumboq va topishmoq bo‘lishi mumkin, xuddi shunday yaqin kishimizning xatti-harakati, a’moliyu e’tiroflarini ifodalovchi botiniy teranlikdagi xufyona qadriyatlarni ilg‘ay olishimiz zarur. Ko‘ngil tubidagi bu xislatlar basharti pinhon saqlab olib yurganimiz uchun, aniqrog‘i ular bizni hayotning jin ko‘chalari bo‘ylab boshlab yurgani bois o‘zimiz uchun ham, jiddiy ma’noda haqiqatdan ham armon, sir-sinoat. Poyimiz ostidagi bir qarich yerni ko‘rib bo‘lmaganidek, shaxsning ko‘ngil qa’riga nazar tashlash ham mushkul. Ayni shunday hech kim o‘z nigohiga ham qaray olmaydi. Ayni paytda yolg‘iz aktyorning g‘oyat ezgu komediyasini ijro etishga talay kuch-g‘ayrat sarflaymiz. Kimnidir chalg‘itish niyatida emas, balki ayni o‘zimizdan ihotalanish maqsadida o‘zimiz uchun juda jiddiy ma’noda xislatlar o‘ylab topamiz. O‘zimizga nisbatan aktyorlik-ustamonlik qilish asnosida ijtimoiy shart-sharoitlar yoxud shaxsiy xohish-irodamizdan kelib chiquvchi bema’ni-bachkana mayl-istaklarga tayangan holda so‘zlaymiz va faoliyat yuritamiz va ular oniy lahzada chinakam hayotiylik o‘rnini egallaydi. Kitobxon buni bevosita tekshirib ko‘rsa, ajablanib, ehtimol dahshatga tushgan holda ishonch hosil qiladiki, “o‘ziniki” hisoblagan tasavvurlar va his-tuyg‘ularning ko‘pchiligi aslida hech kimga mansub emas, zero ular bevosita qalbida yuzaga kelmagan, aksincha sayru sayohat g‘ubori yo‘lovchi egniga ingani singari begonalardan ilashgan-o‘zlashtirilgan.

Shunday qilib, e’tirofiyu a’mollari yaqin kishimiz ko‘ngil sirlarini ayon qila olmaydi. Biz xatti-harakatlarimiz va so‘z-e’tiroflarimiz bilan uzluksiz nayrang qilamiz. Qator jinoyatlar sababli o‘ziga nisbatan allaqachon hukm chiqargan yovuz kimsa daf’atan olijanoblik qilishi hech gap emas, ayni paytda hamon yovuz kimsa bo‘lib qolaveradi. Nafaqat xatti-harakatu a’ollarga va e’tiroflarga, balki ahamiyatsizday tuyulgan imo-ishoralarga ham e’tibor qaratish kerak. Ular ixtiyoriysizligi boisb mayl-istaklarimizning haqqoniy mazmun-mohiyatini aks ettiradi (1).

Bundan qat’iy nazar ayrim lahzalar, holatlarda odam buni anglamasdan qalbidagi juda ko‘p pinhoniy mayl-xohishlaru, asliyatini oshkor etadi. Va ulardan biri – muhabbat. Biz urg‘u bergan insoniy tip har birimizning qalbimiz tarxiga misol bo‘la oladi. Muhabbat – shaxsiyatimiz teranliklaridan yuksaluvchi va qalbimiz qa’ridan duru javohirlarni yuzaga olib chiquvchi jo‘shqin g‘ayrat-shijoat. Yaxshigina naturalist, deylik, dur-javohirlarni sinchiklab o‘rganish asnosida ular topilgan dengiz tubini tasvirlay oladi (urg‘u bizniki — tarjimon).

Tajribadan ayon bo‘lishicha, olijanob o‘y-niyatli ayol ko‘ra-bila badahloq va qo‘pol erkakka moyillik ko‘rsatadi, deya e’tiroz bildirishlari mumkin. O‘ylashimcha, bunga ishonadiganlar ham optik yolg‘on qurbonlari hisoblanadi: ular o‘zlariga begona mavzu xususida mulohaza yuritadilar, ayni paytda muhabbat – ipakday nozik va nafis bo‘lib, afzalliklarini faqat yaqindan baholash mumkin. Diqqat-e’tibor aksariyat xomxayol bo‘lib chiqadi. Haqiqiy va soxta muhabbatning belgi-nishonalari – olisdan qaraganda – bir-biriga o‘xshaydi. Bundan qat’iy nazar haqiqatdan ham diqqat-e’tibor jalb qilingan deb hisoblasak, nima deyish mumkin? Binobarin, yoxud erkak u darajada tuban emas, yoki ayol-juvon biz taxmin qilgan darajada olijanob emas.

Bu mulohazalarni suhbatlar yoki dorilfunundagi ma’ruzalarimda qayta-qaytda aytganman (“fe’l-atvor” tabiatiga oid mulohazalar bilan birga) va har gal ishonch hosil qilganmanki, ular dastlab norozilik va ziddiyat keltirib chiqargan. Bu g‘oya o‘z-o‘zicha g‘azablantiradigan va zo‘rma-zo‘raki jihatlarga ega bo‘lmagani bois – muhabbat bilan bog‘liq savdolarimiz chinakam asliyatimizning yuzaga chiqishi ekani nima uchun bizni ranjitishi kerak? – ayni shunday qarshilik ko‘rsatilishi e’tiroflarim to‘g‘ri ekanini tasdiqlaydi. Odam o‘zini zaif, e’tiborsiz qoldirgan tomon orqali daf’atan iskanjaga olinganday sezadi. O‘zgalar uchun oshkora, sir saqlanmagan xislatlarga asoslanib, biz haqimizda hukm chiqarishlari shubhasiz ranjitadi. Bizni oldindan ogohlantirmaganlari g‘azablantiradi. Biz oldindan ogohlantirilgan holda go‘yo fotoapparat obyektivi (“fotoekspromt” xastaligi) ro‘parasida tartibga keltirilgan, saralangan xislat-fazilatlarimizga asoslanib, hukm-xulosa chiqarishlarini istardik. Ayni paytda inson ko‘ngli, fe’l-atvorini o‘rganuvchi sezdirmasdan, kutilmaganda, in fragati (2) yaqinlashishga intiladi.

Xohish-irodaning g‘ayrishuuriyligini inson to‘la-to‘kis idora qila olganida edi, ongosti sezimlarini o‘rganish hojati qolmasdi. Biroq g‘ayrishuuriylikni iroda muayyan muddat tutib tura oladi, xolos. Shaxsiyatimiz shakllanishida o‘zboshimchalik-g‘ayriixtiyoriylikning roli butun hayot davomida nolga teng. Bizning “Men”imiz irodamiz amalga oshiruvchi boshboshdoqliklarni arang ma’qullaydi; darvoqe, boshboshdoqliklar haqida emas, balki fe’l-atvorimizning rang-baranglashuvi va takomillashuvi, individualligimizning tamal toshi ruhoniyat – tafakkur va iroda – vositasida yangicha qiyofa kasb etishi xususida gapirish lozim. Ruhiyatimizning hayratlanarli ta’sir kuchi munosib e’tirof etish kerak. Lekin ayni paytda xomxayollarga berilmasldik va u biron-bir hal qiluvchi ahamiyatga ega bo‘lishi mumkin degan fikrga borlik zarur. Basharti uning ko‘lamlari boshqacha bo‘lsa, chinakam almashtirish haqida gap bo‘lishi mumkin. Tabiiy o‘y-niyatlariga zid ravishda hayot kechiruvchi kimsa mohiyatan yolg‘on-bo‘xtonga moyil bo‘lishi mumkin. Men o‘ta samimiy munofiqlar va mug‘ombirlarni uchratganman.

Zamonaviy psixologiya inson fe’l-atvori qonuniyatlarini chuqur o‘rgangani sayin iroda va umuman ruhoniyat yaratuvchi emas, balki tahrir qiluvchi vazifani ado etishi shubhasiz bo‘la borgan. Ongsoti sezimidan, teran botiniyatdan kelib chiquvchi spontan, ya’ni u yoki bu g‘ayriixtiriy impulsni iroda yuzaga keltirmaydi, aksincha uni bosadi. Bundan kelib chiqishicha, u salbiy ta’sirga ega. Basharti ba’zan teskari taassurot hosil qilsa, buning sababi shuki, mayl-istaklaru ishtiyoqlarimiz jamuljamida odatda ulardan biri boshqalarini ortga tortib, monelik ko‘rsatadi. Ayni shu moneliklar iroda vositada bartaraf etiladi va mayl-ishtiyoqlar erkin va to‘la-to‘kis yuzaga chiqadi. Shunday qilib, bizlarning “shuni xohlayman” degan da’vomiz, xulosa qilganda, garchi imkoniyatlari tabiiy jo‘shqinlikni tiyib turadigan to‘siq-g‘ovlarni shunchaki ochib yuborishdan iborat bo‘lsa ham — faol kuch.

Renessans davridan hozirgi paytgacha, deylik, Dekart singari hayotimizni ong boshqaradi, deya o‘ylash o‘taketgan yanglish fikr bo‘lib, ong-tafakkur irodamiz tasarrufidagi shaxsiy ”men”imizning qirralaridan biri, xolos. Inson oqil va erkin mavjudot degan e’tirof kamida bahsli. Biz haqiqatdan ham aql-idrok va erkinlikka egamiz, lekin ular mavjudligimizning faqat harir qobig‘i-pardasi, mavjudligimiz esa o‘z holicha oqilona va erkin emas. hatto g‘oyalarni ham ongosti sezimning mavhum teranliklaridan tayyor va shakllangan holda olamiz. Bezangan-bejalgan va o‘z rolini ijro etishga tayyorgarlik ko‘rgan holda sirli, antiqa parda ortidan chiqib keluvchi aktyorlar kabi istak-xohishlarimiz ham botiniyatimiz bo‘sag‘asida shunday holatda bo‘ladi. Shu bois inson ongli, mulohazago‘ylik bilan yashaydi deb e’tirof qilish teatr – yoritilgan sahnada ijro etiladigan pyesa deya hisoblash singari xato bo‘lardi. Gap shundaki, biz irodamiz sa’y-harakatini minimal idora etib, umuman irratsional yashaymiz va mavjudligimiz onglilikda yuzaga chiqib, shaxsiy “men”imizning xufyona teranliklaridan boshlanadi. Shu bois psixolog g‘avvos kabi teranlikka sho‘ng‘ishi, yaqin kimsaning so‘z-iboralariyu, xatti-harakati va fikr-mulohazalari tirband bo‘sag‘adan quyiroqqa, teranlikka kirib bora olishi zarur. Ayni o‘sha teranlikda diqqatga molik mahzan mavjud. Tasavvuridagi bog‘ orasidan vasvasa og‘ushida egilib-bukilib borayotgan Gamletga tomoshabinning ko‘zi tushsa bas. Psixolog Gamlet rolini ijro etayotgan aktyor kimligini bilish uchun uni sahna ichkarisida pardalaru sahna bezaklari nimqorong‘iligida kutadi.

U shaxs botiniyati teranliklariga yo‘l topish uchun tuynuk-tirqishlar qidirishi tabiiy. Bunday tuynuklardan biri – muhabbat. Nazokatlilik da’vo qilayotgan ayol-juvon bizni aldayman deya behuda urinadi. U allakimni sevganini bilamiz. Mazkur kimsa esa nodon, betakalluf, boz ustiga bo‘yinbog‘iyu “Rolls-Roys”ining yaraqlashiga mahliyo.


1. Imo-ishoralar, mimika, dastxat, kiyinishning o‘ziga xosliklari sabablariga, ya’ni ayni holatlardagi xufya sir-sinoatlarni kashf etish xususida «Ifodalilikning bashariy fenomenti haqida» sarlavhali essemda bahs yuritganman («EI Espectador» t.7).
2. Muayyan dalillar bilan.

Ruschadan Abduhamid Pardayev tarjimasi

Muallif haqida

Jose_Ortega_y_Gasset.jpg Xose Ortega-i-Gasset (1983-1955) ispan idealist faylasufi, publitsist, hayot falsafasi oqimining vakili. “Ommaviy jamiyat”, “ommaviy madaniyat” konsepsiyasining yirik vakillaridan biri. U estetikada modernizm va zamonaviy ekzistiyensializm nazariyotchisi sifatida tanilgan edi. Muhabbat haqidagi risolalaridan tashqari “Sharob haqida uch manzara”, “Don kixot haqida mulohazalar”, “Ikki asosiy istiora”, “Tramvaydagi estetika”, “Roman haqida fikrlar”, “Gyoteni izlab”, “Valaskesga muqaddima”, “Omma isyoni”, “San’atning insoniylikdan mahrum etilishi” singari asarlari bilan tanilgan.

Xose Ortega Gasset. Odam Ota jannatda (‘Tafakkur’, 1996-1)

Xose Ortega Gasset. Odam Ota jannatda (‘Tafakkur’, 1996-1)

008

(Tashriflar: umumiy 5 053, bugungi 1)

Izoh qoldiring