Xose Ortega-i-Gasset. Sevgi sehri (I)

Ashampoo_Snap_2017.02.22_16h48m08s_001_.png  9 май — таниқли испан файласуфи Хосе Ортега-и-Гассет (1983-1955) таваллуд топган кун

Муҳаббат ҳақида суҳбатлашамиз, бироқ келишиб олайлик, «ишқий машмаша-можаролар»га тўхталмаймиз. Хилма-хил «ишқий можаролар» эркаклар ва аёллар ўртасида юз бериши табиий. Уларни келтириб чиқарувчи кўпдан-кўп сабаб-баҳоналар шу даражада мураккаблаштирадики, бундай муносабатларни ҳақиқий муҳаббат деб ҳисобламаслик учун етарли замин ҳозирлайди.

Хосе ОРТЕГА-И-ГАССЕТ
СЕВГИ СЕҲРИ
09

x_1159e367.jpg   Хосе Ортега-и-Гассет (1983-1955) испан идеалист файласуфи, публицист, ҳаёт фалсафаси оқимининг вакили. “Оммавий жамият”, “оммавий маданият” концепциясининг йирик вакилларидан бири. У эстетикада модернизм ва замонавий экзистиенциализм назариётчиси сифатида танилган эди. Муҳаббат ҳақидаги рисолаларидан ташқари “Шароб ҳақида уч манзара”, “Дон кихот ҳақида мулоҳазалар”, “Икки асосий истиора”, “Трамвайдаги эстетика”, “Роман ҳақида фикрлар”, “Гётени излаб”, “Валаскесга муқаддима”, “Омма исёни”, “Санъатнинг инсонийликдан маҳрум этилиши” сингари асарлари билан танилган.

09

МУҲАББАТ АЛОМАТЛАРИ

50cb6885a34d628e00f8f435346a0c56.jpgМуҳаббат ҳақида суҳбатлашамиз, бироқ келишиб олайлик, «ишқий машмаша-можаролар»га тўхталмаймиз. Хилма-хил «ишқий можаролар» эркаклар ва аёллар ўртасида юз бериши табиий. Уларни келтириб чиқарувчи кўпдан-кўп сабаб-баҳоналар шу даражада мураккаблаштирадики, бундай муносабатларни ҳақиқий муҳаббат деб ҳисобламаслик учун етарли замин ҳозирлайди. «Муҳаббат можаролари» психологияси туссиз антиқалиги билан тадқиқотчининг диққат-эътиборини маҳлиё этиши шубҳасиз, бироқ даставвал муҳаббат асли қандай туйғу эканини ойдинлаштирмасак, калаванинг учини қўлдан чиқаришимиз ҳеч гап эмас. Боз устига, мавзуни ўта торайтириб, эркак ва аёл бир-бирига нисбатан ҳис этувчи ишқий-ҳирсий муносабат атрофида ўралишиб қоламиз. Ҳолбуки, муҳаббат мавзуи ғоят кенг кўламли, шу боис Дантенинг айтишича, қуёш ва бошқа юлдузларни ҳам муҳаббат ҳаракатлантиради.

Бу қадар фазовий қамровдан тийилганимизда ҳам муҳаббатнинг жамики ранг-баранглигини ҳисобга олишимиз зарур. Наинки йигит-эркак қиз-жувон-аёлни, қиз-жувон-аёл эса йигит-эркакни севади; биз шунингдек санъат ва илм-фанни севамиз, она фарзандга меҳрини бахшида этади, мўмин Оллоҳга эътиқод қўяди. Муҳаббат қонун-қоидаларига бўйсинувчи объектларнинг беадад ва хилма-хил экани эҳтиёткорликка ундайди ва моҳиятан, аксарият, муайян кимса меҳр қўйган объект хусусиятлари ва хоссаларини муҳаббат аломатлари деб ҳисобламаслик учун асос яратади.

Сўнгги икки юз йил мобайнида ишқий можаролар жуда кўп тилга олингани ҳолда муҳаббат ҳақида деярли баҳс юритилмади. Кўҳна Юнонистон билан боғлиқ дориломон замонлардан бошлаб деярли барча замонларда ўзига хос кўнгил кечинмалари назариялари яратилган бўлса, сўнгги икки аср хусусида бундай деб бўлмайди. Антик дунё даставвал Афлотун назариясини, кейин эса стоиклар таълимотини афзал билди. Ўрта асрларда Фома Аквинский ва арабларнинг муҳаббат таълимоти ҳукмронлик қилди; ўн саккизинчи асрда эса Декарт ва Спинозанинг қалб туғёнларига оид назариялари қунт билан ўрганилди. Ҳамма гап шундаки, тарихда бирон бир буюк файласуф йўқки, бунга оид ўз таълимотини таклиф қилишни бурч-мажбурият ҳисобламаган бўлсин. Сўнгги даврларга келиб, ҳис-туйғуларни таърифлаш-таснифлаш мавзусига бирон бир буюк сиймо қўл урмади. Фақат Пфендер ва Шелер(1)нинг бироз олдин эълон қилинган асарлари бу мавзуни муносиб давом эттирди. Айни пайтда маънавиятимиз тобора мураккаблашиб, ҳиссиётларимиз эса янада ўткирлашиб бораётир.

Шу боис муҳаббат кечинмаларига оид эски назариялар билан қаноталана олмаймиз. Жумладан, Кўҳна Юнонистон анъаналари билан йўғрилган Фома Аквинскийнинг муҳаббатга берган таърифи нотўғри экани шубҳасиз. Унга кўра, муҳаббат ва нафрат – истак-майлнинг икки хил намоён бўлиши, нимагадир интилиш ҳисобланади. Муҳаббат – бирон-бир яхшиликка, эзгуликка интилиш-талпиниш, унга хос яхшилик-эзгуликни – concupiscibile cirka bonum ига интилиш-талпиниш; нафрат ёки аксилинтилиш – бирон ёмонлик-ёвузликни, унга хос айни ёмонлик-ёвузликни — concupiscibile cirka malum ни қабул қила олмасликдир. Бу ўринда майл-мойиллик ва истак-хоҳишнинг кечинма ва ҳис-туйғулар билан чалкаштирилиши кузатилади, кўҳна-қадимий психология XVIII асрга қадар бу хато фикрдан ҳоли бўла олмади. Бундай чалкашлик Уйғониш даврида, дарвоқе, эстетик категория ақидасини ниқоб қилиб олди. Жумладан, Валомат Лоренцо L”amore e un appertito di belleza (2) дея эътироф этган.

Бу жиддий фарқлардан бири бўлиб, муҳаббатнинг ўзига хослиги ва мазмун-моҳиятини ташкил қилувчи жиҳат эътиборимиздан четда қолмаслиги учун уни теран идрок қилиш керак. Қалбимиз ишқий кечинмалар, ҳис-туйғуларнинг туганмас чашмаси; бу ўзига хос меҳр-муҳаббат ҳотамтойлиги сифатида талқин қилинса ҳам муболаға бўлмайди. Инсоний хосса-хусусиятларнинг кўпчилиги: истак-хоҳиш, фикр-мулоҳазалар, иродавий аъмоллар пировард натижада муҳаббат билан боғлиқ, буларнинг барчаси уруғ ниш уриб, ўсиб-улғайиб, мева бергани каби меҳр-муҳаббат натижасида юзага келганидан қатъий назар, ҳали муҳаббат эмас, лекин муҳаббат мавжудлигини тасдиқлайди. Ниманики севсак, нимагаки меҳр қўйсак, у ёки бу даражада оханрабодай маҳлиё этиши шубҳасиз; бироқ биз севмайдиган, кўнглимизда бирон бир кечинма пайдо қилмайдиган нарсаларга ҳам мойил бўлишимиз ҳам шубҳасиз. Яхши шаробни кўнглимиз тусайди, лекин унга муҳаббат қўйишимиз шарт эмас; нашавад гиёванд моддаларсиз ўзини қўярга жой толполмайди ва айни пайтда бунинг хатарли оқибатлари билан боғлиқ равишда улардан жирканади.

————
1. М.Шелернинг Кёльн университетидаги фалсафий фаолияти (1919-1928) билан боғлиқ илмий асарлари назарда тутилмоқда. Немис файласуфи Р.Эйкен (1846-1926) таъсири остида Шелер руҳ метафизикасини яратишга уриниб, Э-Гуссерлнинг феноменологик фалсафасининг аксеологик мазмун-моҳиятини кучайтириб, уни ҳаётий фалсафанинг антропологик ғоялари билан бойитади ва диний эътиқодга хизматга йўналтиради. 20-йилларда М.Шелер асарининг барча боблари, шунингдек А.Пфендернинг Э.Гуссерл асарларига таяниб яратган илмий ишлари нашр қилинган.
2. «Муҳаббат – гўзалликка ташналик (талпиниш)». Лоренцо Медичи – Флоренция ҳукмдори ва шоир; неоплатонизмга ўхшаш фалсафий мулоҳазаларини шеърий асарларга шарҳларида баён этган.

Муҳаббат ва истак-майлни фарқлаш-чегаралашнинг яна бир, бирмунча салмоқли ва нозик сабаби бор. Сирасини айтганда, бирон нарсани исташ – унга эгалик қилиш, қўлга киритишга йўналтирилади, бунда айни нарсага эгалик қилиш мазкур объектнинг ҳаётий доирамизгша жалб қилиниши ва секин-аста шахсиятимизнинг муайян таркибий қисмига айланишини у ёки бу маънода англатади. Шу боис қондирилгани ҳамона истак-хоҳиш ғойиб бўлади; эгалик қилиш, қўлга киритиш унинг учун — ҳалокат. Аксинча, муҳаббат – абадий қониқмаслик, ташналик. Истак-хоҳиш заиф-суст, кўнглимда иксак пайдо бўлиши асносида, моҳиятан, ягона мақсадни – кўнглим тусаган нарса менга интилиши, талпиниши, йўналишини кўзлайман. Ва аксинча муҳаббатда, қуйида бунга яна ишонч ҳосил қиламиз, барча-барчаси фаол ибтидо билан йўғрилади. Объект менга яқинлашиши ўрнига мен объектга интиламан-талпинаман ва унга бутун борлиғимни бахшида этаман. Муҳаббат ҳис-ҳаяжонлари оғушида, муҳаббат қиёмида ошиқ ўзининг «мен»и доирасидан чиқади, халос топади; бу она-Табиатнинг, эҳтимол, эзгу хусусиятидир, чунки шу асно ўзлигимиздан воз кечиб. Нажот топиб, бошқа бирон нарсага интиламиз-талпинамиз. Бу ўринда объект эмас, балки мен объектга мойил, маҳлиёман.

Авлиё Августин муҳаббатга оид мулоҳазалари ғоят теран сиймо, балки қалбан жуда кучли муҳаббат соҳиби бўлгани туфайли, муҳаббатни аксарият истак-хоҳиш ва майл сифатида эмас, балки ўзгача талқин қилган. Илҳомланган лаҳзаларда завқу шавқ билан шундай деган: «Amor meus, pondus meum; illo feror, quocumque feror» — «Ишқим менинг, азобимнинг менинг; ихтиёрим қўлида, қаландарман йўлида». Муҳаббат – бу севимли ёр оханрабоси.

Спиноза хато қилмасликка уринган ҳамда майлни бир томонда қолдириб, муҳаббат туғёнлари ва нафратни эмоционал-ҳиссий изоҳламоқчи бўлган; унинг фикрича, муҳаббат – бу муҳаббат предмети-объекти, яъни маъшуқани (таржимон изоҳи) идрок этиш, ҳис қилиш, наглаш завқу шавқи. Нимагадир ёки кимгадир йўналтирилган муҳаббат – бу гўё бор-йўқ шоду хуррамлик, завқу шавқ ва шу билан бирга айни шу туфайли нимадандир ёки кимдандан мамнун эканимизни англашу идрок қилишдан иборат. Ва биз яна муҳаббатни унинг эҳтимолий оқибат-натижалари билан чалкаштириш бўламиз. Муҳаббат предмети маҳлиёга қувонч бахш этишига ким ҳам шубҳа қиларди? Бироқ айни пайтда ишқ-муҳаббат ўлим-жудолик сингари қайғу билан йўғрилгани, иложсиз ҳалокатли азоб-изтроб экани ҳам шу қадар шубҳасиз. Боз устига, чинакам-ҳақиқий муҳаббат аслиятини, таъбир жоиз бўлса, ўз қадр-қиммати ва азоб-изтироблар домидаги кўламларини яхши англайди.

Севги дардига мубтало аёл учун меҳри тушган сиймо етказувчи азоб-уқубатлар эҳтироссиз ғариб турмушдан минг чандон афзал. Португалиялик роҳиба Марианна Алькофарадо (1)нинг бевафо ёрига йўллаган мактубида қуйидаги изҳори дилга дуч келамиз: «…айни пайтда сиз туфайли кўнглимни изтиробга солаётган умидсизлик-тушкунлик учун беадад шукроналар айтаман ва сиз билан танишишдан аввалги хотиржамликни кўрарга кўзим йўқ». «Мен бу барча бемаъниликларга малҳам бўладиган беназир давони топдим ва, башарти, сизни севганимда улардан осонгина қутилар эдим; бироқ, минг бора афсус! Бу қандай беназир даво! Йўқ, сизни унутгандан кўра азоб-уқубат чеккан минг карра афзал. Эвоҳ! Бу инон-ихтиёримдами? Сизни ортиқ севмасликни бир лаҳза бўлса исташ борасида ўзимга таъна қила олмайман; менга нисбатан аҳволингиз ачинарли ва француз маъшуқаларингиз бахш этаётган усти ялтироқ, ичи қалтироқ сийқа эркалашлардан ҳузурланишдан кўра мен мубтало барча азоб-уқубатларга бардош бериш ортиқ бўлса ортиқки, асло кам эмас». Дастлабки мактуб шундай якунланган: «Алвидо, ҳамиша мени севинг ҳамда янада зиёда азоб-уқубат чекишга мажбур этинг». Орадан икки аср ўтгач, синьорита де Леспинасс (2) ёзади: «Мен сизни қандай севиш керак бўлса шундай – умидсизлик билан, иложсиз-чорасиз севаман».

Спиноза янглишган: муҳаббат ва қувонч айни бир кечинма, ҳис-туйғу эмас (3). Ватанига садоқатли мард сиймо, керак бўлса, жонини ҳам қурбон қилади ва имон-эътиқоди мустаҳкам мўминнинг ҳаёти ҳам фожиали тугайди. Ва аксинча, нафрат ва қаҳру ғазаб аксарият ўз ҳолича қаноатланади ва нафратга дучор кимса бошига ёғилган кулфатлардан беҳад шодланади.

—————
1. Абадий афсонавий сиймо. Бу мактубларнинг асл муаллифи Мольер, Буало ва Расиннинг дўсти – виконт де Гийераг. (+аранг: Гийераг. Португальские письма. Пер.А. Левинсона. М., 1973; биринчи парча 24-; иккинчиси – 16-; учинчиси 13-бетда).
2. Жюли Жанна Элеонора де Леспинасс асли Даламбернинг маъшуқаси бўлган, лекин генерал Гиберни қаттиқ севган. Гибернинг шаърий бекаси 1809 йилда мадемуазель де Леспинасснинг «Мактублар»ини чоп эттиради, улар — ўз даврининг қизиқарли ҳужжати.
3. Спинозанинг талқинига кўра «исташ-хоҳлаш, сезиш, билиш, севиш ва бошқалар ягона субстанциянинг турли модуслари моҳияти» бўлиб, ягона субстанция «ўз ҳолича мавжуд ва бошқа барча атрибутларнинг субстрати ҳзисобланади». (+аранг: Краткий трактат о Боге, человеке и его счастье. – В кн.: Спиноза Б. Избр.произ. Т.1.М., 1957, с. 92, 91).

Бу маълум таъриф-таснифлар барчани қаноатлантира олмаслиги боис, фикримча, энтомолог ўрмонда ушлаган ҳашоратни қанчалик синчиклаб ва минг бир бўлакка ажратиб ўрганса, муҳаббат туйғусини ҳам шу асно таҳлил этиш керак. Умид қиламанки, китобхонлар севги дардига чалинган ёки қачонлардир ниманидир севганлар ҳамда муҳаббат кечинмаларига қайта қанот бахш этиб, унинг парвозига бутун диққат-эътиборни жамлай оладилар. Мен мазкур ҳам асл йиғадиган, ҳам аччиқ чақадиган ғужғон боларининг асосий, энг умумий хосса-белгиларини бирма-бир санайман. Китобхонлар муҳаббат кечинмаларига қайтадан синчиклаб назар ташлаб, фикр-мулоҳазаларим қанчалик мос келиш-келмаслигига холисанилло баҳолайдилар.

Даставвал келишиб олайлик, ишқ-муҳаббат истак-хоҳиш билан қатор муштаракликларга эга, чунки муҳаббат объекти – инсон ёки нарса-ашё — қалбни ҳис-ҳаяжонга солади. Объектни чулғаб олган ҳаяжон қалбга кўчади. Шу асно бу ҳис-ҳаяжон тўлқини марказга йўналган: бу тўлқин объектдан биз томонга, яъни қалбимизга (таржимон изоҳи) ёғилади. Муҳаббат туйғуси хусусида шуни айтиш мумкинки, унга кучли ҳис-ҳаяжон дебоча бўлади. Ҳаяжон-ҳаяжонланиш ниши-найзаси жароҳатидан муҳаббат чечаги унади, у бизни объект томон муттасил ундайди-даъват этади: бинобарин, ҳис-ҳаяжон-ҳаяжонланиш ва исталган истак-хоҳишга нисбатан қарама-қарши йўналишда ҳаракатланади. Унинг йўли – севгандан севилганга, мендан бошқага томон, яъни марказдан қочма тарзда йўналган. Бу борада – доимий қалб туғёнида, объект сари ҳаракатланишда, шахсий «мен»имдан маҳбуба-маъшуқанинг жозибали тимсолига йўналганликда – муҳаббат ва нафрат уйғунлашади. Қуйида уларнинг фарқи ҳақида сўз боради. Айни пайтда муҳаббат предметига интилиш асносида фақат ўзаро яқинликка ва бирга маиший турмуш кечиришга интиламиз, деб ўйламаслик керак. Бу белги-аломатлар барчаси муҳаббат натижаси сифатида ҳақиқатдан ҳам унинг ҳосиласи эканидан қатъий назар муҳаббат моҳиятини ойдинлаштиришда бирон аҳамиятга эга эмас ва шу боис таҳлил давомида уларни батамом инкор этамиз. Менинг мулоҳазаларим ботиний ҳаёт-кечинма сифатидаги қалб гавҳари ҳисобланувчи ишқ-муҳаббатга оид.
Парвардигорни беҳад севувчи банда унга жисмонан интилмайди-талпинмайди, бундан қатъий назар Унга эътиқод – Унга интилиш билан баробар. Ишқ-муҳаббат исканжасида ҳаловатимиздан айриламиз, эс-хушимизни йўқотамиз ва бутун фикру зикримиз, диққат-эътиборимиз маҳбуба-маъшуқа атрофида парвонадай чарх уради. Муҳаббат — фикр-мулоҳазаларнинг айни узлуксизлиги, давомийлиги, барқарорлиги.

Гап шундаки, буни қайд этиш жоиз, фикрий ва иродавий аъмоллар – оний тусга эга. Уларга дохил бўлишда хаяллашимиз мумкин, бироқ улар бундай имиллашга тоқат қилолмайди: барчаси кўз очиб юмгунча рўй беради; улар яшиндай югурик. Башарти, ибора-гапни тушунсам, бирйўла, бир ондаёқ англайман. Муҳаббат эса замон ичра давом этади. Ўзгарувчан ток генераторидаги гоҳ ёниб, гоҳ ўчадиган учқунлар сингари кутилмаганда ўқтин-ўқтин жунбушга келувчи ишқий туғён, ишқий ғалаёнлар силсиласи тарзида севмайдилар; маҳбуба-маъшуқага узлуксиз меҳр қўйилади, севги дарди – узлуксиз дард. Шу асно мазкур туйғунинг яна бир ўзига хослиги ойдинлашади: муҳаббат муқаддаслашган кечинмаларнинг чашмаси, узлуксиз қайнаб чиқадиган булоқ сингари қуйилади. Ҳотамтой интуиция манбаи ҳисобланувчи ва бизни қизиқтираётган туйғу хоссаларига шу қадар яқин-уйғун муболағани қўллаган ҳолда айтганда, муҳаббат дафъатан узилган ўқ эмас, балки узлуксиз эманация, ошиқдан маъшуқага, яъни маҳбубдан маҳбубага йўналувчи маънавий-руҳий нурланиш. Зарба эмас, балки оқим.

Муҳаббат ва нафратга хос оқимлилик ва узлуксиз давомийликни Пфендер фавқулодда некбинлик билан таъкидлаган.

Муҳаббат ва нафрат баравар марказдан қочма тусга эга бўлиб, фикр-мулоҳазаларда объектга йўналади, ва ниҳоят, оқувчан ва узлуксиз, — уларга хос уч белги ёки аломат шулардан иборат.

Ниҳоят муҳаббат билан нафратнинг туб фарқини аниқласа бўлади.

Башарти улар марказдан қочма тусга эга бўлиб, инсон шу туйғулар воситасида объектга интилар экан, уларнинг собитқадам йўналганлиги муштарак; бунда улар қарама-қарши мазмун-моҳият билан йўғрилган бўлиб, турли мақсадларни кўзлайди. Нафратда объектга интиладилар, бироқ ғанимлик маъносида йўналиб, объект бошига бало-қазодай ёғилади; ва шу боис ҳалокатли мазмун-моҳиятга эга. Муҳаббат-меҳр қўйиш асносида ҳам фикр-мулоҳазалар объектга йўналади, бироқ бу объектнинг бошидан илоҳий нур сингари ёқилади.

Фикр-мулоҳазаю истак-хоҳишлар қалб ҳароратидан маҳрум, ҳолбуки муҳаббат ҳам, нафрат ҳам қалб тафтидан ҳоли эмас. Математик вазифа устидаги мулоҳазагўйликдан фарқли равишда муҳаббат ва нафратдан ҳарорат уфуради, улар ёлқинланади, устига устак, улар турли ҳароратга эга. Кундалик ҳаётда айни бир мавзуда жуда аниқлик билан гапиришлари бежиз эмас, яъни кимдир севги дардига чалингач, ғамгин-совуққон бўлиб қолгани қайд этилса, бошқа бир кимса маъшуқасининг бефарқлиги ва совуққонлигидан шикоят қилади. Туйғулар ҳарорати билан боғлиқ бу мулоҳазалар психологик қонуниятларнинг антиқа соҳалари узра тортилган пардани беихтиёр кўтаради. Биз башарият тарихининг айрим жиҳатларига эътибор қаратишимиз мумкин, янглишмасам, улар этика ва саъат соҳасида ҳамон эътибордан четда қолиб келаётир. Турли буюк цивилизациялар-тамаддунлар ва маданий давронларнинг хилма-хил ҳарорат-қизғинликка эга экани – Кўҳна Юнонистоннинг, Хитойнинг ёки XVIII асрга хос совуққонлик ёхуд романтика-орзумандлик ва бошқалар ҳақида сўз юритиш мумкин. Қолаверса, турфа одамларга хос турлича қалбий ҳароратнинг ўзаро муносабатлардаги роли ҳақида сўз бориши мумкин: икки инсон учрашганда улар кўнглидан ўтадиган дастлабки кечинма – бу уларнинг ҳар бирига хос ҳиссий жўшқинлик. Ниҳоят, турлича бадиий, хусусан, адабий асарлар, услублар у ёки бу даражадаги ҳароратга эга экани ҳам эътиборимизни тортади. Бироқ бу қадар кўламдор мавзуга йўл-йўлакай бирров тўхталиб ўтиш енгилтаклик бўлар эди.

Агар диққат-эътиборимизни объект ҳам жалб қилса, муҳаббат ва нафратга хос мазкур ҳарорат-қайноқлик-жўшқинликни англашга имкон қадар яқинлашмаймизми? Предмети – аёл ё бола, санъат ёхуд илм-фан, она-Ватан ёки Парвардигори олам эканидан қатъий назар – муҳаббат йўналган объект атрофида ҳамиша парвонадай айланиб-ўргилади. Истак-хоҳиш ниманики истаса, ўша билан қониқади, қаноатланади, бироқ ҳеч вақо бахш этмайди, ҳеч нарсани қурбон қилмайди, бирон бир ён бериш ҳам қилмайди. Муҳаббат ва нафратнинг эса бирон лаҳза ҳам ороми-ҳаловати йўқ. Муҳаббат қандай масофада эканидан қатъий назар тамомила объект домига тушади, ундан ҳузурланади, завқланади, ҳаловат топади – хуллас, шу асно ўзини еттинчи осмонда ҳис этади. Нафрат эса объектни айни шундай қизғин жўшқинлик билан ғанимлик домига тортади, зиён-заҳмат етказади, ҳалокатли хазон сипоҳидай ёприлади, аста-аста емириб, охир-оқибат бошига етади. Буларнинг барчаси, юқорида қайд этганимдек, амалда рўй бериши шарт эмас; гап нафрат йўғрилган мурод-мақсад, унинг ўзак-негизини ташкил қилувчи ирреал аъмол хусусида бораётир. Шундай қилиб, муҳаббат ўз предметига ҳаётбахш ҳарорат ва фаровонлик уфуради, нафрат эса оғу-заҳар пуркайди.

Бу икки туйғу аъмолидаги мазкур қарама-қаршилик бошқа тарзда ҳам юзага чиқади. Муҳаббат асносида гўё объект билан бир тану жонга айланамиз. Бу асли қандай ҳолат? Аслида бу жисмоний қовишув эмас, қолаверса умуман яқинлик сирасига кирмайди. Дейлик, дўстимиз – муҳаббат хоссалари ҳақида баҳс юритар эканмиз, дўстликни ҳам унутмаслигимиз керак – олисда истиқомат қилгани боис ҳаётидан тамомила бехабармиз. Бундан қатъий назар у билан ғойибона ришталар воситасида боғланганмиз — қалбимиз ҳайратомуз жушбушга келиши асносида ҳар қандай олис масофани ҳам босиб ўтади ва қаерда эканидан қатъий назар дўстимиз билан ғойибона дийдорлашганимизни ҳис этамиз. Бошига кулфат тушган яқин қариндошимиз ёки танишимизга фикран мурожаат қилганимизда ҳам айни шундай ғойибона ҳодиса содир бўлади: саросимага тушманг, токи ёнингизда шай эканман, ҳар қандай мушкулни ҳал қиламиз; бошқачароқ айтганда, сизнинг истак-хоҳишингиз мен учун жуда азиз, шу боис менга ўзингизга ишонгандай ишонаверинг.

Ва аксинча, нафрат, жирканадиган-ҳазар қиладиган предметга шубҳасиз йўналганидан қатъий назар объектдан рамзий шу маънода узоқлаштирадики – икки ўртада ўпқон-жарлик ҳосил қилиб, дастимиз етмайдиган масофага улоқтиради. Муҳаббат – ёнгинамиздаги ҳамоҳанг қалб; нафрат – нифоқ, нафрат объекти билан метафизик жангу жадал, абсолют зиддият.

Муҳаббат ва нафратга хос ҳамда қувонч ва қайғу сингари суст-заиф ҳис-туйғуларга бегона фаоллик, қизғинлик, қизиққонлик нимадан иборат эканига оид айрим тасаввурга, ниҳоят эга бўлдик. Бежиз қувноқ ёхуд ғамгин ҳолат дейишмайди. Булар ҳақиқатдан ҳам фаоллик, жўшқинлик, қизиққонлик эмас, балки шунчаки ҳолат. Ғамгин аламдийда қувонган кимса каби айни ҳолати билан кифояланади, фаолият юритмайди. Муҳаббат эса фикран объектни қучади ва ғойибона, бироқ жамики ишларнинг муқаддас ва энг ҳаётийси билан машғул бўлади – объектнинг мавжудлигини қайта-қайта эътироф этади. Санъат ёки ватанни севиш хусусида мулоҳаза юритинг: бу уларнинг мавжудлик ҳуқуқига бирон лаҳза ҳам шубҳа қилмасликдан иборат; бу уларнинг мавжудлик ҳуқуқини идрок этиш ва лаҳза сайин эътироф этишдан иборат. Дарвоқе, бу қонун-қоидаларни пухта ўзлаштирган, шу боис ҳукмлари эҳтиросдан, қизиққонликдан, ҳароратдан ҳоли ҳакам-қози сингари эмас, балки оқловчи ҳукм бир пайтнинг ўзида ҳам изланиш ва якунлаш бўлиши хоссасига эга бўлиши керак. Ва аксинча, нафратланиш – муҳаббатимиз предметини фикран қатл этиш, уни мулоҳазалар воситасида ҳалокатга дучор этиш, замин узра ҳаёт кечириш ҳуқуқи борасида аёвсиз баҳслашишдан иборат. Кимдандир нафратланиш – уни фақат мавжудлигидан ғазабланиш демак. Ёлғиз завол топишигина қаноатлантиради.

Муҳаббат ва нафратнинг ҳозиргина тилга олинган аломатидан ўзга хусусияти бўлмаса кенрак, деб ўйлайман. Ниманидир севиш, нимагадир меҳр-муҳаббат қўйиш – унинг мавжудлик ҳуқуқини азбаройи ҳимоялаш-ёқлашдан; мазкур объект мавжудлигини истисно қилувчи дунёвий тартиб-қоидаларни инкор этишдан иборат. Бу айни пайтда, моҳиятан, инсоний фикр-мулоҳазалар воситасида мазкур объектга узлуксиз ҳаётбахш нафас уфуришдан иборат эканини ҳам назардан соқит қилманг. Муҳаббат – абадий ҳаёт бахш этиш, қалбда муҳаббат объектининг қайта-қайта яратилиши ва камолга етказилиши ҳисобланади. Нафрат – фикрий қирғин-қотиллик; боз устига фақат бир марта содир этиладиган чинакам қотилликдан фарқли равишда нафратланиш нафратимизга дучор кимсани заминда ҳатто биронта из-асоратини ҳам қолдирмасдан қайта-қайта, такрор-такрор узлуксиз равишда дорга тортишдан иборат.

Аниқлик киритилган ўзига хосликларни айни шу баланд пардада умумлаштиргудай бўлсак, шундай хулосага келиш мумкин: муҳаббат – марказдан қочма қалб туғёни бўлиб, узлуксиз оқим сингари муҳаббат объектига йўналади ва уни қайноқ ҳарорат ҳамда хайрихоҳ мамнуният билан йўғиради, бизларни у билан яхлит-ягона бир тану бир жонга айлантиради ҳамда унинг шубҳасиз мавжуддиги-ҳаётийлигини эътироф этади, қарор топтиради (Пфендер).

СТЕНДАЛНИНГ МУҲАББАТ
ТАЛҚИНИ

I. (УЙДИРМА-СОХТА МУҲАББАТ)

Стендалнинг хаёлида жуда кўп назариялар чарх урган, бироқ у мутлақо назариётчи эмас. Мана шу, қолаверса, бошқа қатор хислатлари билан юртдошимиз Барохани эслатади, Бароха учун ҳам исталган инсоний мавзу зудлик билан ғоялар силсиласи тусини олади. Юзаки қараганда уни ҳам, буни ҳам тақдирнинг қалтис ҳазили туфайли ёзувчи бўлган, моҳиятан эса файласуф деган хулосага келасиз. Ҳолбуки аслида тамомила бунинг акси. Уларнинг ҳар иккаласи яратган назариялар жозибадорлиги билан маҳлиё этади. Ҳолбуки файласуфнинг якка-ягона назарияси бўлади. Айни мана шу – чинакам назариётчилик салоҳияти билан уни шунчаки эслатувчи қобилият ўртасидаги жиддий фарқ ҳисобланади.

Назариётчи муайян система-тизимни, яъни воқеликни адекват тарзда акс эттириш билан боғлиқ азбаройи интилиш юзага келтирган тизим-тартиботни шакллантиради. Бу уни юксак даражада эҳтиёткорликка ундайди ва, бошқа бир қатор талаблари қаторида хилма-хил фикр-мулоҳазаларини қатъий ва собит ягона-яхлитликка бўйсиндиришга ундайди. Бинобарин, воқелик – яхлит-ягона. Буни англаган Парменид қанчалар даҳшатга тушган! Бунинг акси ўлароқ фикр-мулоҳазаларимиз ва ҳис-ҳаяжонларимиз қўнимсиз, нимта-нимта, пораканда, зиддиятли ва хилма-хил. Стендал ва Бароха ғоялари бадиий баён, абадий жанрлар қиёфасини касб этади ва шу асно лирик эманация рўй беради. Қўшиқлар — уларнинг назариялари. Улар pro ва contra (1) (мутафаккирга бегона хусусият) асносида мулоҳаза юритадилар, тушунчалар воситасида севадилар ва нафратланадилар. Шу боис хилма-хил ва айни пайтда бир-бирини инкор қилувчи, лаҳзалик кайфият натижасида пайдо бўлган назарияларининг сони бор, саноғи йўқ. Қўшиқ-ашула тарзидаги назариялар ҳам ҳаққатни акс эттиради, бироқ нарса-ашёлар моҳиятини эмас, балки хонандага оид ҳақиқатни, яъни нуқтаи назарни ифодалайди.

Шу боис уларни қоралаш фикридан йироқман. Моҳиятан, на Стендаль, на Бароха файласуфлик даъво қилишмаган; ва мен ҳар кимга холисона ёндошишдек хушнудлик бахш этувчи эҳтиёж нуқтаи назаридан бу икки шахс маънавий қиёфасига эътиборни жалб қилдим. Уларни файласуф ҳисоблашади. Tant pis! (2) Бироқ улар файлдасуф эмас. Tant mieux! (3)

Бароха масаласида бу борада у ёки бу даражада ҳеч қандай шубҳа йўқ. Стендаль хусусида бундай деб бўлмайди, чунки муайян мавзулар устида файласуфона фикрлашга уринган. Вазият тақозоси билан барча файласуфларнинг пушти паноҳи Суқрот ҳаким ҳам мазкур мавзу билан шуғулланган. Ta erotika — муҳаббат масаласи.

«De I”fvoure» (4) — мароқ билан ўқиладиган китоб. Маркиза, акстриса ёки шунчаки маърифатли жувоннинг маиший турмуши билан танишяпман, деб тасаввур қилинг. Уй бекасини кутиш асносида хонани кўздан кечирасиз. Дастлаб, албатта, тасвирий санъат асарлари (дарвоқе, нима учун деворларга, албатта, шундай асарлар илинган бўлиши керак?) эътиборингизни жалб этади. Ва деярли ҳамиша ўзингизни ҳашаматли саройда ўтиргандек сезасиз. Бу ўринда санъат асаридаги манзаранинг таъсири шундай; бироқ тамомила бошқача бўлиши ҳам мумкин. Аввалдан тахмин қилинган алланарса билан учрашганда қалбимизни даъфатан қамраб олувчи орзиқтирадиган ҳаяжонни ахтарамиз. Сўнг мебелларга, гоҳ у, гоҳ бу ерда ётган китобларга назар ташлаймиз. Улардан бирининг муқоваси эътиборимизни тортади – китобнинг номи нима экан? «De I”fvoure». Маркиза, актриса ва маърифатли жувон муҳаббат мазмун-моҳиятини англашим керак деган ният билан мазкур китобни харид қилган, худди шундай кимдир машина сотиб олар экан, ички ёнув двигателига оид қўлланмани ҳам харид қилади.
————
1. Тарафдор ва қарши – лотинча.
2. Жудаям соз!
3. Жудаям ёмон!
4. Стендалнинг «Муҳаббат ҳақида» асари

Китоб мароқ билан ўқилади. Стендаль мулоҳазха юритганда ҳам, асослаш асносида ҳам ва назариябозлик қилишга уринганида ҳам қиссахонликка берилади. Назаримда, у жуда яхши қиссанавис, Яратган эгамнинг қошида беназир ҳикоянавис. Бироқ унинг кристализацияланган муҳабббат назарияси асослими? Бу масала билан нима учун ҳеч ким жиддий шуғулланмаган? Бу масала хусусида мулоҳаза юритишган, лекин лозим тарзда ҳеч ким таҳлил қилмаган.

Наҳотки арзимаса? Моҳиятан, мазкур назарияга биноан, муҳаббат ҳаёлот ҳосиласидан бўлак ҳеч вақо эмас. Гап муҳаббат борасида тез-тез янглишиш, хатога йўл қўйишда эмас, балки муҳаббат ўз хоссасига кўра янглашишдан иборат. Тасаввуримиз кимгадир хаёлий фазилат-хоссалар бахш этганида муҳаббат дардига мубтало бўламиз. Кейинчалик бундай хомхаёл саробдай ғойиб бўладию муҳаббат ҳам завол топади. Муҳаббатни, одатан, сақир-кўр дея таърифлаганга нисбатан бу таъриф яна ҳам ҳаққоний. Стендаль учун эса муҳаббат наинки кўр-сўқир – боз устига уйдирма, сохта. Унинг талқилинидаги муҳаббат воқеликни кўрмайдигина эмас – уни алмаштиради, сохталаштиради.

Мазкур назария яратилган замон ва маконни ойдинлаштириш учун бугунги кун нуқтаи назаридан ёндошиш кифоя: бу XIX аср Европасига тўла-тўкис хос ақида. Айни шу асрнинг пессимизми ва позитивизми Стендалнинг муҳаббат ақидасига ҳам муҳр босган. «Кристалланиш» — идеалистик назария, чунки фикр-мулоҳазаларимиз жамланган объект юзасида ёлғиз субъект проекциясини илғайди. Ренессанс давридан буён европаликлар дунёни руҳ эманацияси (1) сифатида талқин қилишга мойил бўлиб келяпти. XIX асргача мазкур идеализм аксарият қувонари бўлган. Субьект орқали проекция қилинган дунё-олам ўзича реал, ҳаққоний ва жиддий-аҳамиятли. Айни пайтда «кристалланганлик» назарияси пессимистик руҳга эга. Унинг мақсади – бизнингча табиий ҳис-туйғулар ҳеч бир қолипга сиғмайдиган фавқулодда ҳодисалар эканини исботлашдан иборат. Жумладан, Тэн меъёрий қабул қилиш-идрок этиш замон тақозо қилувчи жамоавий янглишишдан бўлак ҳеч вақо эмас, дея ишонтирмоқчи бўлади. Ва бу ўтган, XIX аср назариялари учун муштарак хусусият. Нормал ҳолат анормал ҳолат воситасида, улуғворлик – тубанлик воситасида англанади. Жумла жаҳон – абсолют quid pro quo, мустақил мундарижали бемаънилик эканини исботлаш эҳтиёжи ажабланарли, албатта. Ахлоқшунос альтуризм – пинҳоний шахсиятпарастлик эканига ишонтирмоқчи бўлади. Дарвин ҳаётни тартибга солиш фаолиятини бирма-бир баён этади, бу дарвоқе ўлим тақозосига кўра қилинади, ва ҳаётнинг негизи яшаш учун курашдан иборат дея хулоса ясайди. Айни шу асно Карл Маркс синфий курашни тарихнинг ҳаракатлантирувчи кучи дея таърифлайди (2).

Айни пайтда ҳақиқат мазкур қайсар пессимизмдан шу қадар йироқки, бу маҳдуд мутафаккирнинг ҳатто хаёлига ҳам келмаганидан қатъий назар аксарият пессимизм қиёфасини ҳам касб этади. Бунга «кристалланиш» назарияси мисол бўла олади. Ундан пировард натижада шундай хулоса келиб чиқади: инсон меҳр-муҳаббатига лойиқ нарса-ашё, шахс-сиймони севади. Бироқ ҳаётда муҳаббатига лойиқ объектни топа олмагач, хаёлоти, таҳайюлидан нажот ахтаради. Айни уйдирма-сохта хосса-фазилатлар муҳаббатга сабабчи бўлади. Бирон-бир баркамоллик-такомилни хомхаёл сифатида тасаввур қилишдан осони йўқ. Бироқ шундай йўл тутадиган одам шубҳасиз бир нарсани унутади. Бирон бир баркамоллик токи мавжуд эмас экан, унинг борлигини қаёқдан била қолдик? Токи муайян аёл-жувон қалбимизни эҳтирослар гирдобига гирифтор этувчи фазилатларга эга эмас экан, қайси бир малаксиймо ville l”euax (3) мафтун-маҳлиё қилувчи фариштани учрата қолдик?

Муҳаббат моҳиятидаги алдоқчи хуфёна жоду масаласида шубҳасиз муболаға қилинади. Меҳримиз тушган сиймонинг фазилатлари аслида қандай эканини пайқагач, муҳаббат туйғусининг ўзи сохта-уйдирма эмасмикан, деган масала устида бош қотиришимиз зарур. Муҳаббат психологияси таҳлил қилинаётган туйғунинг айни чинакамлиги-ҳаққонийлигига ғоят ишончсизлик билан ёндошиши керак. Менимча, Стендаль рисоласининг энг кучли жиҳати – муҳаббатга ҳеч қандай даҳли бўлмаган ишқий можароларнинг борлигидан иборат. Муҳаббатнинг amur-gout, amour-vanite, amour-passion (4) сингари тур, хиллар сифатида таъриф-таснифланиши нимани англатади? Башарти эндигина туғилиб келаётган ҳиссиёт-кечинма янглаш тарзда муҳаббат ҳисобланса, у билан боғлиқ нарсаларнинг барчаси, ва даставвал шу туйғуни келтириб чиқарган объектнинг ўзи сохта-уйдирма бўлади.

Стендалнинг фикрича, фақат “муҳаббат-эҳтирос” – чинакам муҳаббат. Ҳолбуки, бу жуда кенг маънога эга тушунча. “Муҳаббат-эҳтирос” муайян даражада табақалашади, турланади. Сохта муҳаббатнинг сабаби шуҳратпарастлик ёки gout дагина эмас. Бунинг бошқа, анчайин бевосита ва азалий илдизи ҳам мавжуд. Муҳаббат –жаҳоншумул шон-шуҳрат касб этган ҳиссий фаолият. Шоирлар қадим-қадимдан ишқ-муҳаббатни куйлайдилар, таърифлаш-таснифлаш асносида унга ғароийб, ҳайратомуз сайқал берадилар, натижада, бу дардга мубтало бўлиб улгармасданоқ ундан атрофлича хабар топамиз, ишқий ўй-хаёлларга бериламиз ва гўё бирон бир санъат ёки ҳунармандчилик туридай унга бутун борлиғимизни бахшида этишга шай ҳолатга келамиз. Шундай қилиб, муҳаббатни аллақандай абстракт in genere (5), ҳаётий идеал ҳисобловчи эркак ва аёлни кўз олдингизга келтиринг. Улар мудом сохта муҳаббат билан кун кечирадилар. Муайян объектдан меҳр-муҳаббат ёғилишини кутишнинг улар учун кераги йўқ; улар дастлабки дуч келгани билан кифояланадилар. Қолаверса, ишқ-муҳаббатнинг ўзини севадилар, уларнинг меҳри тушган сиймо эса бор-йўғи сабаб-баҳона, важ-карсон, холос. Шундай кечинмани бошдан кечирадиган одам, башарти мулоҳазакорлик бегона бўлмаса, “кристалланганлик” назариясини яратиши муқаррар.

Стендаль – ишқ-муҳаббатни севадиларнинг биттаси.”Стендалнинг маиший ҳаёти” деб номланган, яқинда чоп этилган китобида Анри Боннар ёзади: “У аёллардан хомхаёл-таҳаюлотини тасдиқлашни талаб қилади, холос. Ёлғизлик исканжасида изтироб чекмаслик учун севади; дарвоқе, тўғрисини айтганда, унинг муҳаббат муносабатлари – ўз хаёлотининг самараси”.

—————
1. Ортеганинг «цивилизация»га оид мулоҳазалари, чамаси, фанда қабул қилинган нуқтаи назардан фарқ қилади. Гап шундаки, Афлотуннинг яхлитлик ва ғояларга оид таълимотини ривожлантирувчи «эманация» назарияси даставвал неоплатониклар томонидан ўрганилган ва айни шу тарзда Уйғониш даври фалсафаси томонидан Ж.Бруно тимсолида қабул қилинган.
2. К.Маркс синфий курашни бутун тарих мобайнидаги эмас, балки синфий жамиятдаги тарихий ўзгаришлар омили деб билган (таржимон изоҳи).

3. Курортда (французча).
4. Муҳаббат — қониқиш, муҳаббат – шуҳратпарастлик, муҳаббат – эҳтирос (французча).
5. Умуман (лотинча).

Икки хил муҳаббат назарияси бор. Улардан бирини исботталаб материал жозибадорлиги амалийлигидан келиб чиқмайдиган бозори чаққон-харидоргир, барчага аён тасаввурлар ташкил этади. Навбатдаги назария эса анча теран, шахсий тажрибага таянувчи фикр-мулоҳазалар, тасаввур-тушунчалардан иборат. Муҳаббатга оид фикр-мулоҳазаларимиз, хулосаларимизда ҳар биримизнинг муҳаббат муносабатимиз харитаси чизиқлари кўзга чалинади.

Стендалнинг ҳолати тўла-тўкис аён. Гап наинки қачонлардир чинакамига муҳаббат дардига мубтало бўлган, балки ҳеч қачон ҳеч ким севмаган кимса ҳақида бораётир. Унинг ҳаёти сохта муҳаббат гирдобида хазон бўлган. Айни пайтда сохта муҳаббат кўнгилда аччиқ баҳонайи сабаб чўкиндиси-доғини, қай асно ғойиб бўлганига оид хотира асоратини қолдиради. Стендаль назариясига жиддий ёндошиб, таҳлил қиладиган бўлсак, ҳамма-ҳаммаси тескари, яъни оёғи осмондан эканининг; кульминацион муҳаббат калимаси сўнгги марра эканининг гувоҳи бўламиз. Объекти ҳамон ўзгармай қолгани тарзда муҳаббат заволга юз тутишини қандай изоҳлаш мумкин? Ҳолбуки, англаш-билиш назариясида Кант қандай йўл тутган бўлса, шу асно иш тутиш керак, яъни инон-ихтиёримиз ишқий ҳис-туйғулар қўлида эмас, балки аксинча, ҳаяжонланган, туғёнга келган ҳаяжон-эҳтирос, таҳаюлот объектни яратади. Башарти, янглиш дунёга келган бўлса, муҳаббат завол топади.

Шатобрианнинг ҳиссий тажрибаси тамомила тескари хулоса чиқаришига сабабчи бўлган. Мана сизга теран кечинмаларни ҳис этишга яроқсиз, фақат чинакам-ҳақиқий муҳаббат туйғусини ўзгаларда келтириб чиқаришга қобилиятли шахс намунаси. У ҳаёти мобайнида жуда кўп жувонларга дуч келган, ва истисносиз барчасини дарҳол ва умрбод маҳлиё қилган. Дарҳол ва умрбод. Шу боис Шатобриан муайян ақида яратиши муқаррар бўлган ва яратган ҳам: чинакам-ҳаққоний-ҳақиқий муҳаббат абадий ва кўз очиб юмгунча дунёга келади.

II. (ДАРҲОЛ ВА УМРБОД)

Шатобриан ва Стендалнинг муҳаббати тарихини психологик нуқтаи назардан қиёслаш Дон Жуан тимсоли ҳақида енгил-елпи мулоҳаза юритадиганлар учун бағоят ибратли ва кони фойда. Мана улкан ижодий салоҳиятга эга икки сиймо. Уларни ҳеч ким шилқим ёхуд хотинбоз демайди. Ҳолбуки гўл ва калтафаҳм кимсаларнинг наздида Дон Жуан баайни шундай. Бундан қатъий назар иккаласи ҳам кимгадир меҳр-муҳаббат қўйиш учун қалб ҳарорати-қўрини аямаган. Бу иккаласига ҳам насиб этмагани шубҳасиз. Чамаси, савдойи муҳаббатдан лаззатланиш-ҳузурланиш улуғвор-буюк қалблар толеига битилмаган. Шунга қарамай улар айни мақсад сари жон-жаҳди билан интилган ва ҳамиша муҳаббат дардига чинакамига мубтало бўлганига ишончи комил бўлган. Муҳаббат можаролари улар учун ижоддан ҳам катта аҳамият касб этган. Шуниси қизиқарлики, фақат ижодий салоҳиятга эга бўлмаган одамлар илм-фанга, санъатга ёки сиёсатга жиддий ёндошиш керак, муҳзаббат можароларидан эса тубанлик ва бемаънилик сифатида нафратланиш кераклигига ишонадилар. Бу борада менга барибир: фақат қуйидаги далилни қайд этиш билан кифояланаман, яъни буюк сиймолар, одатда, башарти мазкур фазилатга petite-bourgeoise (1) нуқтаи назаридан қарайдиган бўлсак, у даражада жиддий бўлмаган.

Бироқ донжуанликни идрок этиш-англаш учун Стендаль билан Шатобриан ўртасидаги фарқ муҳим аҳамиятга эга. Айни Стендаль аёлларга шоён диққат-эътибор қаратган. Ҳолбуки, ҳақиқий Дон Жуан тамомила аксинча йўл тутган. Дон Жуан тамомила бунинг акси; азбаройи ҳаяжонланиш унга бегона, ҳамиша ғам-ғусса исканжасида ва, бирон-бир аёлга жиддий эътибор бергани амри маҳол.

Умр бўйи аёлларнинг меҳр-муҳаббатини қозонишга уринадиган кимсаларни Дон Жуанга ўхшатиш жуда катта хато. Энг яхши ҳолатда бу ярамас ва беҳаё Дон Жуан типини ойдинлаштиради, лекин эҳтимолдан холи эмаски, бу фикр-мулоҳазалар пировард натижада тамомила ўзгача инсоний тип шаклланишига олиб келади. Шоирни таърифлаш асносида номигагина назм аҳлига эътиборни қаратадиган бўлсак, қандай ҳол рўй беради? Ёмон шоир аслида шоир-поир эмас экани, жамики уринишлари зўриқишлару самарасиз чиранишлардан бўлак ҳеч вақо эмаслиги ойдинлашади. Ёмон шоир салоҳияти йўқлиги, илҳом нима эканини билмаслигини юзаки безаклар, ялтироқ зеб-зийнатлар – елкасига тушадиган саватдай сочию энг сўнгги модадаги бўйинбоғлар билан ниқобламоқчи бўлади. Худди Дон Жуан каби – муҳаббат саҳнида эртаю кеч тер тўкадиган меҳнаткаш, Дон Жуанга икки томчи сувдай “ўхшайдиган” бу сохта “Дон Жуан” аслида унинг тамомила акси, нусхаси, холос.

Дон Жуан аёлларга эмас, аксинча аёллар унга маҳлиё бўладилар. Инсон феъл-атворига оид шубҳасиз ҳақиқатлардан бири шу бўлиб, муҳим донжуанлик мавзуига кейинги пайтда тез-тез мурожаат қилаётган ёзувчи-шоирлар айни ҳақиқат-муаммо устида бош қотирсалар, фойдадан холи бўлмасди. Аёллар айрим эркакларга алоҳида хайрихоҳлик ва кучли диққат-эътибор билан қарашлари сир эмас. Айни шу масала устида истаганча фикр-мулоҳаза юритиш мумкин. Бундай ғаройиб фазилат қандай изоҳланади? Бундай жозибадорлик негизида қандай сир-синоат яширинган? Бошқа томондан кимнингдир бемаъни хаёлотининг самараси ҳисобланувчи у ёки бу даражадаги мавҳум Дон Жуан тимсолини танқид қилиш гўллик, боз устига ҳеч қандай наф келтирмайди. Руҳоний-ваъзхонларнинг азалий заифлиги бор – лақма-ландавур манихецни ўйлаб топадилар-да, сўнгра манихейизм устидан истаганча мағзава ағдарадилар.

Аёл жинси – маликалар қалъасини Стендаль қирқ йил қамал қилди. У бошланғич сабаблару пировад натижалардан иборат яхлит дастур яратди. Чекинди, яна ҳужумга ташланди, мақсад сари қайсарона жон жаҳди билан интилди. Мақсад-натижа эса сариқ чақага қиммат! Стендаль бирон бир аёлнинг меҳрини қозона олмади. Ва бунга ажабланишнинг ҳожати йўқ. Аксарият эркакларнинг қисмати шундай. Гарчи мағлубиятлар аламини беркитишга уриниб, аёлларнинг ўта ғарибона садоқати ва итоатгўйлиги алоҳида меҳр-муҳаббат сифатида талқин қилинишига қайта-қайта дуч келамиз, ҳолбуки бу ҳам узлуксиз саъй-ҳаракатлар натижасида қўлга киритилади. Эстетик-нафис таассуротлар борасида ҳам шундай ҳолат рўй беради. Жуда камдан кам одамгина санъатдан чинакамга завқлана олади. Шу боис жозибадор рақс томоша қилаётганимизда етмиш икки томиримизда ҳаяжон жўш ургани ёки ўта қизиқарли китоб мутоаласи натижасида ҳис қилинадиган ҳайрат тимсолида тасаввур этишни истайдилар.

Стендалнинг муҳаббат тафсилотлари шунга ўхшаш сохтакорлик билан йўғрилган. Авель Боннар “Стендалнинг маиший ҳаёти” китобида бу фикрни қатъий ёқламайди, айни шу жиҳат мени мазкур фикрларни баён этишга ундади. Мазкур ойдинлаштириш эътиборга молик, илло Стендаль илгари сурган муҳаббат назариясининг жиддий нуқсонларини фош этади. Унинг назарияси негизини сохта, юзаки тажриба ташкил этади.

Стендаль ҳаётий тажрибасидан келиб чиқиб, хулоса ясайди: муҳаббат “яратилади” ва нобуд бўлади. Униси ҳам, буниси ҳам сохта муҳаббатга хос.

Шатобриан учун эса, аксинча, муҳаббат – аллақандай “мавжудлик”. Бу борада у ўзини зўриқтирмайди. Аёллар у билан танишгани ҳамоно аллақандай афсунгар жоду қармоғига илинади. Натижада бутун борлиғини шубҳасиз бахшида этади. Нечун? Донжуанлик тадқиқотчилари айни мана шу жумбоқ жавобини топишлари керак эди. Шатобриан хунук. Пакана, боз устига букирдай букчайган. Ҳамиша дарғазаб, шубҳагар ва муғомбир. Маҳлиёсига айланган аёл билан андармонлиги саккиз кундан ошмаган. Ҳолбуки, йигирма ёшда унга меҳр қўйган аёл, гарчи кейинчалик уни кўриш ҳеч қачон насиб қилмаса ҳам, саксон ёшгача Шатобриан “даҳо”сининг маҳлиёси бўлиб қолаверган. Бунга талай исботлар бор.

Улардан бири: маркиза де Кюстин (2) — Франциянинг “шалола соч соҳибаси” сифатида машҳур бўлган. Аслзода оилалардан бирига мансуб маркиза тенгсиз ҳусни жамол собиҳаси эди. Инқилоб чоғида навниҳол маркизанинг бошида росмана қора булутлар тўпланади. Уни Трибанул аъзоси, аллақандай этикдўзга муҳаббат қутқаради. Ва Англияга бош олиб кетади. Ватанига қайтиб келганида Шатобрианнинг “Атала” (3) қиссаси дунё юзини кўради. Муаллиф билан танишгани ҳамоно маркиза ақлу хушини йўқотади. Инжиқ Шатобрианнинг кўнглига йўл топиш учун Генрих IV атиги бир кеча тунаган кўҳна Фервак қалъасини сотиб олиш тадоригига тушади. Англияда жон сақлаб юрган йилларида издан чиққан ишларини амал-тақал қилиб, бироз ўнглаган маркиза зарур маблағ тўплаб, қалъани харид қилади. Бироқ Шатобриан унинг ҳузурига ошиқмайди. Пировард натижада бир неча кун меҳмон бўлади – бу муҳаббат дардига чалинган жувон ҳаётида юлдузли лаҳзаларга айланади. Генрих IV каминга ов пичоғи билан ўйиб ёзган фардни Шатобриан ўқийди:

«La dame de /ervaques
meride de vives attakues» (4).

Юлдузли лаҳзалар кўз очиб юмгунча ўтади ва ортиқ такрорланмайди. Шатобриан бадар жўнаб кетади: уни янги муҳаббат маволари чорлайди. Ойлар, йиллар ўтади. Маркиза де Кюстин ёши етмишни қоралаб қолади. У аллақандай меҳмонни қалъаси бўйлаб сайр қилдиради. Улкан камин ўрнатилган хонада хонимни дафъатан саволга тутади: «Шатобриан айни шу жойда қаршингизда тиз чўкканмиди?». У эса бирданига қизишиб, ажабланиб ва ҳатто қаттиқ ҳақоратлангандай жавоб беради: «Нималар деяпсиз, азизим, йўқ-йўқ, аксинча: айнан камина Шатобриан қаршисида таъзим бажо айлаганман!»

Бутун борлиғини маҳбубага бахшида этишни талаб қилувчи бундай муҳаббатни Стендаль билмаган. Шу боис муҳаббат вақт ўтиши асносида заифлашиб боришига ишончи комил бўлган, аслда эса бунинг тамомила акси рўй беради. Қалб қаърида туғилган чинакам ҳаққоний муҳаббат, чамаси, заволга юз тутмайди. Бундай муҳаббат қалб ганжига айланади. Вазият – жумладан, ҳижрон – уни ҳаётий манбадан маҳрум қилиши мумкин; оқибатда бундай муҳаббат ҳолдан тояади ва заиф риштага, кўнгил кунжакларида аранг жон сақловчи, юракни орзиқтирувчи хотирага айланади. Бироқ шу ҳолда ҳам завол топмайди. У бахш этадиган ҳис-ҳаяжон ўзгармайди. Айни шундай шубҳасиз негиз-асос шарофати билан севган одам – ошиқ кейинчалик ҳам маҳбуба билан ўзини муҳаббат ришталари воситасида чамбарчас боғланган ҳис этаверади. Қисмат жисмоний оламдаги ва ижтимоий муҳитдаги мақомини ўргартириб, севганидан жудо қилиши ҳеч гап эмас. Ҳатто бу ҳам ошиқ қаршисида ожиз – муҳаббати қалбида кетади. Чинакам муҳаббатнинг олий, илоҳий аломат-нишонаси шундай: маҳбуба билан ҳамнафас-ҳамроҳликка, сирли-синоатли яқинликка талпинади. Бу росмана ҳаётий ришталар билан чамбарчас боғланишни билдиради.

Яна ҳам аниқ, гарчи бирмунча махсус, илмий атама, яъни — маҳбуба билан онтологик ҳамнафаслик, унинг ўзгарувчан тақдирга садоқатли бўлиш атамаси ҳам мавжуд. Жиноятчини севадиган аёл, қаерда эканидан қатъий назар, қалбан қамоқда ҳам у билан бирга бўлади.

——————
1. Майдабуржуа, мешчанлик (французча).
2. Маркиза де Кюстин дипломат Рено-Филипп де Кюстиннинг (1768-1793) хотини ва генерал Адам Филипп де Кюстиннинг (1748-1793) келини бўлган. Иккаласи ҳам инқилоб чоида қатл этилган; маркиза ёлиз бахтли тасодиф туфайли омон қолган.
3. Шатобрианнинг «Атала, ёки икки ёввойининг муҳаббати» қиссаси 1801 йили чоп этилган.
4. «Фервак моҳи адил,
Ҳужумга арзир дадил».

III. (КОМИЛЛИККА МУҲАББАТ)

Стендалга муҳаббат назариясини аниқ ифодалаш имконини берган «кристалланганлик» сўзи метафора сифатида жуда яхши маълум. Башарти, Зальцбург туз конларига шоҳчани ташлаб, кейинги куни олсангиз, ўзгарганини кўрасиз. Ялтироқ нуқралар билан қопланиши натижасида шоҳча ғаройиб тарзда товланади. Стендалнинг эътирофича, муҳаббат билан йўғрилган қалб ҳам шундай жило-жилва касб этади. Муайян аёлнинг сиймоси эркак-ошиқ қалбига муҳрланиб, аста-секин ошиқона таҳайюл воситасида жило топади, пировард натижада илоҳий гўзаллик касб этади.

Бу маълум назария менга ҳамиша ўта сохта туюлган. Унда ёлғиз хулоса, яъни муҳаббат маълум маънода комилликка, баркамолликка интилиш (бу ҳам мантиқий хулоса эмас, балки тусмоллаб топилган) эканининг эътирофи диққатга сазовор. Шундан келиб чиққан ҳолда Стендаль мажбуран комиллик, баркамоллик – тасаввуф-таҳайюлотимиз самараси, деган хулосага келади. Бироқ бу мавзуга тўхталмайди, чунки бу унинг назариясида ўта камтарона ўрин тутувчи шундоқ ҳам аён ҳақиқат; гап муҳаббатнинг энг муҳим, энг теран, энг сирли-синоатли хусусияти ҳақида бораётгани унинг хаёлига ҳам келмайди. «Кристалланиш» назариясини асосан муҳаббатдан кўнгил қолиши сабаблари, хомхаёлларнинг чиппакка чиқиши қизиқтиради; яъни маҳлиё бўлиш ўрнига нима учун бефарқ бўлишлари қизиқтиради.

Стендаль, чинакам французларга хос йўл тутиб, умумий мулоҳазалар юрита бошлагани ҳамоно саёзлашади. У ниҳоятда улкан, бошланғич муҳимликка эга мавзу ёнидан, бирров назар ташлагани ҳолда ажабланмасдан, ҳайратланмасдан ўтиб кетади. Ҳолбуки, шубҳасиз ва табиий туюлган ҳолатлардан ҳайратланиш қобилияти айнан файласуфларга ато этилган. Афлотун муҳаббатнинг жон томирини тутиб олади, дадил илдамлайди. «Муҳаббат – бу гўзалликда тажассум топишдан иборат абадий-мангу эҳтирос» (1). «Бу яна қанақа лақмалик!» — дейишади муҳаббат борасида аллома ҳисобланган жувонлар дунёнинг исталган бурчагидаги исталган қаҳвахонада қаҳвахўрлик қилиш асносида. Назокатли қалбларга ҳотамона илтифот бахш этганидан мийиғида кулиб қўйган файласуфни қанчалар мамнун этганликлари аёлларнинг ҳатто хаёлига ҳам келмайди. Файласуф муҳаббат ҳақида гапирар экан, уларга ҳазил қилиш бу ёқда турсин, ҳатто уларга тамомила бефарқ эканини ҳам билмайдилар. Фихте қайд этганидек, фалсафа юритиш –ҳаёт кечирмасликдай гап, худди шундай ҳаёт кечириш, яшаш – фалсафа юритмасликдан бўлак ҳеч вақо эмас. Ҳаётдан тамомила узилиш, нигоҳлардан пинҳон маволар оғушида ғойиб бўлиш саодати-қобилияти қанчалар тотли! Ва файласуф бу қобилиятни қанчалик пухта эгаллаган бўлса, аёл-жувон наздида шунчалик гўл, лақма, содда, бўш-баёв туюлади. Аёлларни, дарвоқе Стендални ҳам муҳаббат назариясида психологик қалтис нозикликлар ва латифалар қизиқтиради. Улар ҳам диққатга сазовор экани шубҳасиз, бироқ ҳамма гап мазкур енгил-елпи муносабат-ёндошувлар билан ҳаддан ташқари андармон бўлиб, қалб кечинмаларининг энг муҳим муаммолари, хусусан йигирма беш аср муқаддам Афлотун айтган таъриф-таъбир эътиборимиздан четда қолиб кетмасмикан деган хавотир ташвишлантиради.

Мавзудан четлашиб, жуда муҳим шу масалага тўхталамиз.

Афлотун луғатида «гўзаллик» атамаси наздимиздаги «баркамоллик» сифатида талқин қилинади. Муайян эҳтиёткорлик билан, айни пайтда Афлонтуннинг мулоҳазалари доирасидан четга чиқмаган ҳолда айтиш мумкинки, у илгари сурган ақиданинг моҳияти қуйидагича: муҳаббат ошиқ-маҳбубнинг бошқа одам – маҳбуба билан қовишуви-уйғунлашувини шубҳасиз ўз ичига олади, маҳбуба маҳбубнинг наздида ғаройиб баркамоллик соҳибаси. Бошқача айтганда, бу кўнглимизнинг маълум маънода аҳамиятлиликка, бетимсол гўзалликка, олиймақом мақомотга талпиниши. Кўнгил кечинмалари – аниқроқи, муҳаббат эҳтироси – бевосита аслиятимиздан келиб чиқмайди, аксинча бизларни ҳайратлантирган объект таъсири натижасида юзага келади. Айни пайтда у табиатан баркамол бўлишининг, шунингдек ёлғиз бизнинг наздимизда шундай фазилат соҳибаси эканининг ҳеч қандай аҳамияти йўқ. Муҳаббат объекти – маҳбуба маҳбубнинг наздида бирон бир баркамоллик фазилатидан маҳрум бўлиши мумкин эмаслигига китобхон шундай ҳолатини тасаввур қилиб, ишонч ҳосил қилиши мумкин. Шундай қилиб, севиш – севги дардига мутбалолик нимагадир маҳлиёлик, нимадандир ҳайратланиш (бунинг тафсилотини қуйида баён этамиз) бўлиб; айни пайтда фақат баркамол ёки шундай туюлган нарсагина ҳайратлантира олади. Маҳбуба ҳар жиҳатдан баркамол, бекаму кўст бўлиши керак, дея даъво қилмоқчи эмасман,- Стендал айни шу масалада янглишган. Айни нарса-сиймо бирон бир маънода баркамол бўлиши кифоя, чунки инсоний тасаввурдаги баркамоллик – абсолют идеал комиллик эмас, балки ён-атрофдагилардан алоҳида юксак фазилатлари билан фарқланиш-афзалликни билдиради.

Бироқ бу масаланинг фақат бир томони. Иккинчи жиҳати шундаки, биз айни шу юксак-олий фазилатларга эга инсон-сиймо билан яқинликка, унга яқинлашишга талпина бошлаймиз. «Яқинлик, яқинлашиш» деганда нимани тушуниш зарур? Севги дардига телбаларча мубтало бўлганларнинг самимий эътирофига кўра, улар – нима бўлмасин, бутун фикру зикрини таслим айлаганидан қатъий назар, маҳбуба билан жисмоний яқинлик эҳтиёжини сезишмаган. Бу тўла ойдинликни талаб қилувчи нозик мавзу. Гап маҳбубнинг маҳбуба билан интим-жинсий яқинликка ҳам ташна эканини хусусида эмас. Бироқ шундай «ташналик» мавжуд бўлгани ҳолда ҳам маҳбуб фақат «шунга ташна» деган тахмин нотўғри бўларди.

Яна бир муҳим жиҳатни қайд этиш фурсати етди. «Муҳаббат эҳтироси» билан «муҳаббат инстинкти» ўртасидаги фарқни ҳеч ким – дарвоқе, ёлғиз Шелердан бўлак – аниқ идрок этмаган, оқибатда «муҳаббат инстинкти» «муҳаббат эҳтироси» тарзида талқин этилади. Инсон феъл-атворида инстинктлар деярли ҳамиша инстинктдан ҳоли кўнгил кечинмалари ва ҳатто руҳий хоссалар билан уйғун бўлиши шубҳасиз. Соф инстинктга камдан-кам дуч келамиз. «Жисмоний муҳаббат»га оид кенг тарқалган тушунча, назаримда, тўла асосга эга эмас. Фақат ва фақат жисмоний майл-мойилликни ҳис этиш мушкул, ва бу ҳам камдан кам учрайди. Одатда, ҳиссий кўтаринкилик, гўзалликдан ҳайратланиш, хайрихоҳлик, мойиллик сингари кечинмалар ҳиссиёт сезгирлигига ҳамроҳлик қилади ва у билан уйғунлашади. Айни пайтда абсолют ҳиссиётлилик, инстинктив мойиллик ҳолатлари уни «муҳаббат эҳтирос»и етарли даражадан ҳам зиёда. Бундай фарқ-тафовут икки қалтис вазиятда: яъни жисмоний майл-мойиллик ахлоқий мезонлар ёки муайян меъёрлар воситасида жиловланганида ёки аксинча тийиқсиз ҳиссиётларнинг лаззатпарастлик-шаҳватпарастлик тусини олишида айниқса яққол кўзга ташланади. Бу ҳар икки ҳолатда, муҳаббатдан фарқли равишда, ўта шаҳватпарастлик – аниқроғи беҳад шаҳватпарастлик – объектдан қатъий назар ҳукм суриши шубҳасиз. Майл-мойиллик инсон ёки уни қондирадиган вазият юзага келишидан олдин исканжага олади. Оқибатда ким қониқтиришининг аҳамияти қолмайди. Инстинкт соф ҳолатда танлаш-саралаш-сайлаш салоҳиятидан маҳрум. Шу боис у баркамоллик сари талпиниш-юксалиш бўла олмайди.

Муҳаббат инстинкти насл-уруғни сақлашни кафолатса ҳам, унинг баркамоллигини таъминлай олмайди. Ва аксинча, чинакам-ҳақиқий муҳаббат эҳтироси, ўзга инсонга, унинг қалби ва чиройига муштарак-уйғун маҳлиёлик-мафтунлик, азал-азалдан бани башарни баркамоллаштирувчи буюк куч-қудрат бўлмаслиги мумкин эмас (таъкид бизники – тарж.). Объектдан мустақил-айри ҳолатда мавжуд бўлиш ўрнига йўлимизда учрайдиган, қалбига туғён солувчи аллақандай фавқулодда фазилат-хислатлари билан фарқланувчи, афзал, зиёда инсондан ёғилаётган ҳаётий куч-қувватдан шубҳасиз баҳраманд бўлади.

Бу туйғу ҳис қилингани ҳамоно маҳбуб ўз шахсиятини бошқа инсон-сиймо-маҳбуба шахсиятига сингиши ва, аксинча маҳбуба шахсиятини ўз шахсиятига сингдириш, жо этишдан иборат тушунуксиз эҳтиёжни ҳис этади. /аройиб эҳтиёж! Ҳолбуки ўзгача ҳолатларда шахсий ҳаётимизга бирон бир кимсанинг аралашуви, суқилиб киришига мутлақо чидай олмаймиз, муҳаббат наъшаси шундаки, ўзга кимса-маҳбуба шахсиятини тўлалигича ўз шахсиятимизга шу даражада сингдириб оламизки, натижада «икки жисму жондан иборат яхлит жисму жон» сифатида олий саодатга мушарраф бўламиз. Бу сенсимонистлар ақидасини ёдга солади, унга биноан муайян реал инсон шахси бир пайтнинг ўзида ҳам эркак, ҳам аёл саналади. Дарвоқе, бу ақидада азбаройи қовишув-уйғунлашув эҳтиёжи-талаби ҳеч бир акс этмаган. Муҳаббат сохта, юзаки бўлмаса, фарзанд сиймосида муайян рамз-тимсолни ва айни пайтда маҳбуба фазилатларининг амалий тажассумини кўриш билан боғлиқ англанган истакка дўнади. Муҳаббатга таянувчи бу учинчи бўғин, чамаси, унинг моҳиятини бутун бошланғич софлиги билан акс эттиради. Фарзанд-бола – ота ҳам, она ҳам эмас, балки ҳар иккисининг муайян шахс тимсолида яхлитлашуви ва жисмоний ва маънавий воқелик тусини олган баркамоллик сари ташланган қадам-талпиниш. Соддадил Афлотун ҳақ: «Муҳаббат – бу гўзалликда тажассум топишдан иборат абадий-мангу эҳтирос», ёхуд неоплатониклардан бири, Лоренцо де Медечи айтганидек, appetito di beiieza («Муҳаббат – гўзалликка ташналик (талпиниш)».

Янги давр назариёти космологиядан безди ва ёлғиз психологик масалалар қаърига шунғиди. Муҳаббат психологиясининг мушкулотлари, сабабият тўрларига ўралиб, севгининг мана шу туб ва айни пайтда самовий жиҳатидан эътиборимизни чалғитди. Шундай қилиб, психология соҳасига қадам қўямиз, гарчи унинг қоидалари-мезонларига зид бўлса ҳам, ишқий кечинмаларимизнинг қашшоқ солномаси жамики ранг-баранглиги ва важ-карсонлари билан айни шу туб ва самовий куч-қудратнинг фаолияти натижасидан бўлак ҳеч вақо эмаслигини ёдда тутиб, бу куч-қудратни – ибтидоий ёки назокатли, соддадил ёки заковатли, у ёки бу даврга мансуб — руҳиятимиз олами фақат турли шаклларда ўзлаштиради ва тасажжум қила олади. Қувурлар ва ўзга, катта ёки кичик механизмларни оқимга ботириш асносида унинг бошланғич ҳаракатлантирувчи кучини ҳам унутмаслик керак.

—————-
1. Афлотун шу асно муҳаббатни кўнгил кечинмаси сифатида англайди («афлотунча муҳаббат» атамаси шундан келиб чиққан). Шогирди Арасту муҳаббатни ёхуд шаҳвоний майл шаклида, ёки шаҳвониятдан ҳоли дўстлик сифатида эътироф этган. Унинг инсон руҳ ва тана уйғунлигидан иборат, деган ақидаси моҳияти шунда акс этади (Қаранг: Аристотель. О душе. 403 а 3. Соч. 1. М.,1975).

IV. (МУҲАББАТ ХИЛМА-ХИЛЛИГИ)

«Кристалланиш» назарияси дастлаб назар ташлаганда шубҳасиз ҳақиқатга эга эканини инкор этиб бўлмайди. Ҳақиқатдан ҳам, ишқий муносабатларда ёлғиз шахсий хато-камчилар туфайли кўзимиз мошдай очилади. Маҳбубани унга хос бўлмаган фазилатлар ва комилликлар соҳибаси сифатида тасаввур қиламиз. Башарти шундай экан, Стендаль ҳақ эканини эътироф этиш керак эмасми? Бунинг ҳожати йўқ. Ёлғиз ҳаққонийлик ҳақ бўлиш учун кифоя қилмайдиган ҳолатлар ҳам учрайди. Воқелик билан ўзаро муносабатларда ҳар қадамда хато содир этган ҳолда, муҳаббат масаласида мутлақо зийрак бўлишимиз ақлга сиғмайди. Бусиз ҳам нарса-ашёларнинг хаёлий-таҳайюлий хоссаларини амалий-мавжуд тарзда талқин этамиз. Инсон учун бирон бир нарса-ашёга назар ташлаш, боз устига баҳолаш – уни муайян маънода тўлдириш-тўйинтириш-бойитишни билдиради. Бир пайтлар Декарт деразадан термилар экан, одамларни кўраяпман дея ўйлаши асносида янглишаётганини эътироф этган. Аслида у нималарни кўрганди? Chapeaux et manteaux, rien de pius (1). (Бундай кузатиш усули импрессионист-рассом учун жуда мос келган бўларди: кўз олдимизга беихтиёр Веласкеснинг “Les petits chevaliers” (2) асари келади. Луврда сақланаётган бу асардан Мано нусха кўчирган). Қатъий айтганда, воқелик аслида қандай бўлса, айни шу ҳолатда ҳеч ким уни кўрмайди. Аксинча буюк зийраклик-донишмандлик санаси Заминий ҳаётнинг сўнгги куни бўларди. Бундан қатъий назар тасаввуримиз воқеликни адекват акс эттиради ва ҳарир парда орқали ўтиб, оламнинг тархини, буюк тектоник қатламларни кўздан кечириш имконини беради, деб ўйлаймиз. Кўпчилик, ҳатто аксарият одамлар, шундан ҳам маҳрум: улар муайян калима-иборалар билан кифояланади, нисбий тушунчалар билан чекланиб, ойпарастлар сингари ғафлат чангалида тентирайдилар. Биз даҳолик деб атайдиган хислат аслида мана шу хаёлотлар тумани ичра ойдинлик доирасини ғойибона кенгайтириш ва янги, ўта яланғочлиги-очиқ-ошкоралигидан хижолатга тушгандай титраётган чинакам воқеликни кўра билиш қобилиятидир.

Шундай қилиб, “кристалланиш” назариясида тўғри туюлган жиҳат атиги умумий қонунийликнинг айрим юзага чиқиши, холос. Бутун ҳаётимиз маълум маънода – кристалланишдан иборат. Бинобарин, муҳаббатнинг мазкур ўзига хослиги – умумий тусга эга хусусият. Пировард натижада севиш-маҳлиёлик асносида кристалланиш жараёни бирмунча кучаяди, деб тахмин қилса ҳам бўлар эди. Бироқ бу тамомила нотўғри тахмин, ва нимаики бўлмасин, стендалона англаш-талқин сохта-юзаки. Бизнинг сиёсат, артист, тадбиркор ва бошқаларга оид тасаввуримизга нисбатан маҳбубнинг тасаввурлари бирмунча сохта-саробий. Умуман, одамлар ўз яқинларига оид хулосаларида бўлганидек муҳаббат масаласида ҳам ожиз ёки зийрак. Дунёдаги энг мураккаб ва назокатли – инсонни баҳолашда деярли барчамиз калтафаҳмлик қиламиз.

Кристалланиш назарияси таҳлилига чек қўйиш учун мазкур жиҳат мутлақо учрамайдиган ҳолатларни эслаш кифоя: бу энг кўп тарқалган муҳаббат шакли бўлиб, унда маҳбуб ҳам, маҳбуба ҳам эсини йўқотмайди ва имкон қадар хато қилмайди. Муҳаббат майллари назарияси таҳлилини фавқулодда жиҳатларга эътибор қаратишдан олдин энг типик шаклларини ойдинлаштирган маъқул. Гап шундаки, ўзи қадрлаган аллақандай фазилатлар соҳибаси бўлган аёл-жувонни ахтариш ўрнига эркак киши бирон бир аёл-жувонда хаёлига ҳам келмаган хосса-фазилатларни дафъатан кашф этади. Гап фақат ва фақат аёлларнинг хосса-хусусиятлари ҳақида бораётганини эсдан чиқарманг. Бу хосса-хусусиятлар қай асно эркак тасаввури-таҳайюлотининг самараси бўла олади? Ва аксинча, эркак фазилатлари қай асно аёл тасаввури-таҳайюлоти натижаси бўлиши мумкин? Мавжудлиги моҳиятан эътироф этилмаган фазилатларни ҳис этиш, тахмин қилиш ва ўйлаб топиш билан боғлиқ ҳаққониятнинг Стендаль ғоялари билан ҳеч қандай боғлиқлиги йўқ. Бу пинҳона, хуфёна жиҳатга яна тўхталамиз.

Даставвал, мазкур назария негизини ташкил қилувчи кузатув тарзида қўпол хатога йўл қўйилган. Афтидан, маҳлиёлик-севиш ҳолати онг-тафаккурнинг фавқулодда фаоллиги ила кечадиган жараён сифатида тахмин қилинаётгандай туюлади. Стендалона кристалланиш қалбий қувватнинг жўш уриши, ботиний оламнинг бойиши ила содир бўлади. Айни пайтда эътироф этиш жоизки, севиш-маҳлиёлик — қалбий қашшоқлик ҳолати бўлиб, бунда ички-ботиний оламимиз ғариблашади, қашшоқлашади ва фалажланади-шол бўлиб қолади.

Мен “севиш-маҳлиёлик” дедим. Муҳаббатга оид мулоҳазаларда қалашиб ётган, минг карра чайланган, сийқа таърифу тавсифларга берилмаслик учун қўлланилаётган атамаларга муайян аниқлик киритиш зарур. Оддий ва лўнда “муҳаббат” калимаси хилма-хил маъно-мазмунга эга, улар шу қадар хилма-хилки, барчасига муайян муштараклик хос деб бўлмайди. “Аёлга муҳаббат” деймиз, айни пайтда “Оллоҳга муҳаббат”, “Ватанга муҳаббат”, “санъатга муҳаббат”, фарзандлик муҳаббати” сингари муҳаббат турлари бор. Айни бир калимаи шарифа шу қадар ранг-баранг ва безовта оламни ҳам ифода этади, ҳам ҳар бири ҳақида овоза қилади.

Башарти бирон сўз ўзаро боғланмаган, умумий негиздан тамомила маҳрум тушунчаларни ифода этса, уни қўллаш борасида баҳслашса бўлади. Жумладан, жониворлар султонини ифодаловчи “лев” (“шер”) сўзи айни пайтда ҳам Рим папалари исми, ҳам Испаниядаги шаҳарлардан бирининг номи. шу асно атиги бир сўз бир неча маънони ифодалайди, натижада кўз ўнгимизда хилма-хил манзара пайдо бўлади. Лингвинист-тилшунос ва мантиқшунослар бир сўзнинг хилма-хил маънога эга эканини “полисемия” деб аташади.

Юқорида келтирилган ҳолатларда “муҳаббат” калимаси айни бир маънони ифодалайдими? “Илм-фанга муҳаббат” билан “аёлга муҳаббат” ўртасида бирон бир узвий алоқадорлик борми? Бу икки ҳолат қиёсланганда, бир-биридан деярли тамомила фарқ қилиши ойдинлашади. Лекин синчиклаб назар ташласак, уларга ягона муштараклик хос экани маълум бўлади. Айни шу икки ҳолатга хос бошқа хоссаларни инобатга олмасдан, фақат муштарак жиҳатга эътиборни жалб қилиш асносида “муҳаббат” деганда нимани англаш кераклигини билиб олиш мумкин. Муайян ҳолат чегараларини кенгайтириш билан боғлиқ юзаки одатга кўра айни шу калима билан муайян кўнгил кечинмасини таърифлаймиз, ҳолбуки бу ёлғиз “муҳаббат”нинг ва ҳатто ёлғиз кечинмаларнинг эмас, балки қатор омилларнинг натижаси.

Афсуски, кейинги юз йил мобайнида психология маданиятнинг таркибий қисми сифатида эътироф этилмади, психологларнинг саъй-ҳаракатларига эса, одатга кўра, ҳали ҳануз инсон психологиясини ўрганишда фойдаланилаётган заррабинга назар ташлаш сифатида қараб келинди.

Муҳаббатга аниқ таъриф берадиган бўлсак (3), бу – жонли ёки жонсиз исталган объектга йўналган етарли ҳиссий-ҳаяжонли фаолият. “Ҳиссий-ҳаяжонли” фаолият бўлгани боис бир томондан – англаш, тинглаш, фикрлаш, эслаш, тасаввур қилиш сингари ақл-идрок вазифаларидан фарқланса, иккинчи томондан истак-хоҳишдан фарқ қилади. Ҳолбуки муҳаббат аксарият истак-хоҳиш билан чалкаштирилади. Ташна одам сув ичишни истайди, бироқ бунинг учун сувни севишнинг ҳожати йўқ. Муҳаббат, шубҳасиз, истак-хоҳишни юзага келтиради, лекин истак-хоҳиш ва севги-муҳаббат ўз ҳолича айни бир хил эмас. биз она юртимизда яшашни ва унинг равнақ топшини истаймиз, “чунки” уни севамиз. Меҳр-муҳаббатимиз айни итсак-хоҳишлар дебочаси, улар она юртга меҳримиз уруғидан ниҳол сингари ўсиб чиқади.

Муҳаббат “ҳиссий-ҳаяжонли” фаолият сифатида қувонч ёки қайғу каби суст-заиф туйғулардан ҳам фарқ қилади. Қувонч ва қайғу баайни қалбимизни безайдиган хилма-хил ранг-бўёқ. Қайғу ва шодлик – шундай “ҳолат”ки, инсон мазкур туйғулар оғушида бўлади. Қувонч ўз ҳолича фаолиятсизлик, ҳаракатсизлик, лекин хатти-ҳаракатлар сабаби бўлиши мумкин. Айни пайтда муҳаббат наинки “ҳолат”, балки маҳбубага йўналган фаолият. Мен муҳаббат келтириб чиқарадиган тана ва руҳда кечадиган юксалиш-туғёнларни эмас, балки муҳаббат табиатида инсонни ўзи севадиган ашё-сиймога интилиши асносида шахсий “мен”и чегара-сарҳадларини бартараф этиш эҳтиёжи мавжуд. Маҳбубадан минг чақирим олисда ҳам уни ва у билан учрашишни ўйламаган тақдирда ҳам, башарти севгимиз ростакам бўлса, маҳбубани хаёлан қайноқ бағримизга оламиз. Муҳаббатни нафрат билан қиёслаш буни тўла-тўкис исботлайди. Бирон бир кимса ёхуд бирон бир ашёдан нафратланиш аламкашлик каби “сусткаш-заифона” ҳолат бўлмасдан, аксинча муайян хатти-ҳаракат, тасаввурда, хаёлан нафратланиш объектини инкор қилувчи, яксон этувчи ҳаракат. Танамиз ёки қалбимизнинг бирон-бир ҳолатидан фарқли специфик ҳиссий-ҳаяжонли — хоҳ интеллектуал, хоҳ ҳиссий ёки хоҳ иродавий эканидан қатъий назар фаолият мавжудлигини эътироф этиш чинакам муҳаббат психологияси учун, наздимда, фавқулодда муҳим аҳамиятга молик. Шу масалага тўхталишда, одатда, натижалар тавсифи билан чекланадилар. Камдан кам ҳолатларда муҳаббат жамики хилма-хиллиги ва бошқа психологик ҳолатлардан фарқлари батафсил таҳлил қилинади.

Эндиликда “илм-фанга муҳаббат” билан “аёлга муҳаббат” ўртасида аллақандай муштараклик борлигига оид тахмин тамомила ақлга зид туюлмайди. Бу ҳиссий-ҳаяжонли фаолият, мазкур муайян ҳодисага қайноқ ва ҳаётбахш муносабатимиз айни самарали тарзда аёлга ҳам, муайян заминга (ватанга) ёки бирон-бир фаолият турига – спортга, илм-фанга ва бошқаларга йўналтирилиши мумкин. Айни пайтда шуни қўшимча қилиш жоизки, “илм-фанга муҳаббат” ёки “аёлга муҳаббат”да бевосита ҳиссий-ҳаяжонли фаолиятга дахли бўлмаган жиҳатларнинг барчаси муҳаббат билан бевосита боқлиқ эмаслиги шубҳасиз.
Аксарият “муҳаббат можаролари”да чинакам ишқ-муҳаббат бўлмайди. Истак-хоҳиш, қизиқувчанлик, савдойилик, туйғуларнинг самимий алдови мавжуд, лекин бизга муносабати қандай эканидан қатъий назар ўзга шахс-сиймо-маҳбубанинг эҳтиросли эътирофи бу эмас. “Муҳаббат можаролари” хусусида шуни унутмаслик керакки, уларнинг таркибида sensu stricto муҳаббатидан ташқари талай ўзга унсурлар ҳам бор.

Муҳаббатни кенг маънода “маҳлиёлик” деб аташга кўникканмиз – маҳлиёлик ўта мураккаб ҳолат бўлиб, унда севги аслида иккинчи даражали аҳамиятга эга. Стендаль айни мана шу ҳолатни назарда тутиб, рисоласини кенгайтирилган маънода “муҳаббат ҳақида” дея номлайди ва айни шу асно фалсафий дунёқарашининг чекланганлигини намойиш этади.

Шундай қилиб, кристалланиш назарияси кўнгилда кечадиган ҳаддан ташқари кучли фаоллик-туғён-ғалаён сифатида талқин қилувчи “маҳлиёлик”, менимча, аслида онг-тафаккуримизнинг қашшоқланиши ва қисман фалажланиши ҳисобланади. Унинг тасарруфига, домига мубтало бўлган ҳолда одатий ҳолатимизга қиёсан нимагадир мушарраф бўлмаймиз, аксинча алланарсаларни бой берамиз. Бу кўнгил-қалб туғёнлари психологиясини умуман таърифлаш-тавсифлашга мажбур этади.

——————
1. Шляпа ва ёмғирпўшлардан бўлак ҳеч вақони (французча).
2. «Митти кавалерлар» асарини кейинги пайтларда Веласкеснинг шогирди ва куёви Хуан Масо чизган деб ҳисобланмоқда.
3. Маҳбуб ҳолати эмас, балки фақат муҳаббат назарда тутилади.

V. (ҚИЗИҚУВЧАНЛИК ВА САВДОЙИЛИК)

«Маҳлиёлик» қизиқувчанлик билан бевосита боғлиқ эканини даставвал қайд этамиз.

Онг-тафаккуримиз тарзига назар солганимиз ҳамоно ташқи ва ички-ботиний оламнинг кўпдан кўп ҳолатларига дуч келамиз. Хотирамизда кетма-кет саф тортадиган бу ҳолатлар пала-партиш тартибсиз эмас. Улар муайян тартибда, зарур иерархия асосида жойлашган. Ҳақиқатдан ҳам, уларнинг бирортаси бошқаларига нисбатан алоҳида мавқе-мақомга эга, қалбимиз зиёси уни нурга чулғаб, алоҳида мазмун-моҳият бахш этади. Қизиқувчанлигимиз ҳамиша кашфиётларга устаси фаранг: бирон бир нарсага диққат-эътиборимизни жамлаш асносида муқаррар кўплаб бошқа нарсаларни четга сурамиз, улар шу асно хор-жўровоз хонанадалар ёки фон-орқа манзара каби иккинчи планга ўтиб қолади.

Ҳар биримизнинг ички-ботиний оламимизни ташкил қилувчи ҳолат-кечинмалар беадад бўлиб, онг-тафаккуримиз имкониятлари эса чеклангани боис улар ўртасида диққат-эътиборимизга сазовор бўлиш учун ўзига хос беллашув кечади. Моҳиятан, кўнглимиз ва руҳиятимизда кечадиган жамики жараёнлар айни шундай мунавварлик ҳудудида рўй беради. Бошқа барчаси – онгли эътиборсизлик ҳудуди-саҳни, онгости сезими ва бошқа жиҳатларни айтмай ҳам қўяқолайлик, — ҳаётийликка даъвогарлик, унга тайёрланиш, омбор, заҳира. Шахсиятимизнинг ҳаётий саҳни сифатида зийрак идрокни ўзимизча тасаввур қилишимиз мумкин.

Бирон нарса-ашё эътиборимизни бироз жалб этадию, кўп ўтмай ўрнини бошқа нарса-ашёга бўшатиб беради. Бинобарин, қизиқувчанлик муайян объектдан бошқасига ўтади, бу борада ҳаётий қимматига боғлиқ равишда уларнинг ҳар бирига муайян муддат боғлиқ бўлади. Ажойиб кунларнинг бирида диққат-эътиборимиз фақат бир нарсага мафтун-маҳлиё бўладию фалажланади дея тасаввур қилайлик. Бошқа нарсаларнинг барчаси онг-тафаккур-тасаввуримиз доирасидан сиқиб чиқарилади, инкор этилади, тамомила ғойиб бўлади, ва қиёсланадиган-таққосланадиган бирон бир объектнинг йўқлиги сабабли диққат-эътиборимизни тамомила ром айлаган нарса-ашё-сиймо мислсиз кўлам касб этади. Натижада бутун фикру зикримизни забт этиб, қайсарона эътиборсизлигимиз боис рад-инкор этилган жамики олам ўрнини ёлғиз ўзи эгаллайди. Қўлимизни кўзимизга олиб борганимизда, моҳиятан, шунга ўхшаш ҳолат рўй беради: кафтимиз қанчалик кичик бўлмасин нигоҳимиз қаршисидаги бутун оламни тамомила кўра олмайдиган тарзда тўсиб қўяди. Диққат-эътиборимизни жалб қилган нарса-ашё-сиймо-маҳбуба, наздимизда, эътиборимиздан четда қолган, саробий ва ҳаётийликдан маҳрум, онгимиз-идрокимиз бўсағаларида мудраётган нарсаларга нисбатан ipso fakto (1) — чинакам воқелик. Аксарият воқелик сифатида тасаввур қилиниши асносида яна салмоқли, янада қимматли, янада аҳамиятли бўлиб, бошқа жамики олам ўрнини эгаллаши шубҳасиз.

Башарти бирон объект диққат-эътиборимизни тез-тез ва одатдагидан зиёда жалб қиладиган бўлса, «савдойилик» ҳолатига дуч келамиз. Савдойи – нонормал қизиқувчанлик хоссаларига эга одам. Деярли барча буюклар савдойи, фақат уларнинг савдойилиги оқибат-натижаси, уларнинг «ёпишқоқ ғоялари» бизларга фойдали ва ҳурмат-эҳтиромга лойиқ туюлади. Ньютондан бутун олам тортишиш қонунини қандай кашф этгани ҳақида сўрашганида: «Nokte dieque inkubando» («Бу хусусда кечаю кундуз мулоҳаза юритиш натижасида») дея жавоб берган. Бу — савдойилик, муайян ғояга мубталолик эътирофи. Ҳақиқатдан ҳам бизлар қизиқувчанлигимиз даражасига кўра бир-биримиздан кескин фарқланамиз. Бу хислат ҳар кимда ҳар хил намоён бўлади. Жумладан, ҳар бир муаммонинг ўта гизли жиҳати мазмун-моҳиятини кашф этишга аҳд қилган мулоҳазакор тафаккур соҳибини оми кимсанинг диққат-эътибори бир мавзудан бошқасига капалакдек тез ва енгил учиб-қўниши ғазаблантиради. Ва аксинча файласуфнинг дарё қуйи оқими сингари ўзаннинг ҳар тепалиги атрофида гирдоб ҳосил қилиб айлангандек вазмин мулоҳазакорлиги оми кимсани юрагини хуфтон қилиб, асабийлаштиради. Ниҳоят, қизиқиш, ҳавас, майлга қараб, ҳар бир инсон ҳақида тўла тасаввур ҳосил қилса бўлади. Иқтисодий ҳисоб-китоблар қулоғига чалингани ҳамоно кимдир эс-хушини йўқотиб, тубсиз чоҳга қулаётгандек туюлади. Бошқа бир одамнинг қизиқувчанлиги стихияли равишда, нишабликдан санъат ёки майишатпарастлик томон йўналади. Хуллас, нимага диққат-эътибор қаратишингни айтсанг, аслида қандай инсон эканингни айтиб бераман, деган қоидани муайян мезон-андоза сифатида қабул қилиш фойдадан ҳоли бўлмасди.

Шундай қилиб, ишончим комилки, «маҳлиёлик» — қизиқувчанликнинг намоён бўлиши, унинг нормал одам феъл-атворида нонормал ҳолати.

«Маҳлиёлик»нинг дастлабки босқичи буни исботлайди. Жамият ўзаро яқин муомала қилувчи кўплаб аёллар ва кўплаб эркаклардан иборат. Индифферент ҳолатда ҳар бир эркакнинг – айни шундай аёлнинг – диққат-эътибори қарама-қарши жинснинг бир вакилидан иккинчисига қаратилади. Одатий хайрихоҳлиги, жуда яқин ўзаро муносабатлар каби омиллар туфайли аёл муайян эркакка бошқаларга нисбатан кўпроқ эътибор қаратади; бироқ муайян инсонга диққат-эътибор билан ўзга барчага нисбатан эътиборсизлик-бефарқлик ўртасидаги номутаносиблик у қадар катта эмас. Моҳиятан – жуда аҳамиятсиз жиҳатларни истино қилганда – аёл биладиган барча эркаклар унинг қизиқиши чегарасига нисбатан баравар масофада, айни бир қаторда жойлашадилар. Бироқ ажойиб кунларнинг бирида диққат-эътибордаги мувозанат бузилади. Аёл эркаклардан бирига беихтиёр алоҳида эътибор қарата бошлайди ва ҳеч қанча вақт ўтмай уни тамомила фаромуш айлаб, бирон-бир кимса ёки бирон бир машғулотга диққат-эътиборини жамлаши қийинлашади. Бараварлик-тенглик қаторида бузилиш бўлади: эркаклардан бири аёлнинг наздида нисбатан яқин масофага келтирилади.

«Маҳлиёлик» юзага келиши асносида – бу бошқа одам-маҳбуба билан фавқулодда қизиқишдан иборат. Агар эркак устун мавқеидан омилкорлик билан фойдаланса ва ўзига нисбатан қизиқишни устамонлик билан сақлаб қола билса, бошқа ишлар барчаси кўз очиб юмгунча рўй беради. Умумий, қиёфасиз кимсалар сафидан кун сайин тобора йироқлашади; қалбини ром айлаган сиймога кун сайин мафтун-маҳлиё бўла боради. Диққат-эътиборига сазовор сиймо фикри зикрини тобора забт этади. Бошқа одамлару нарса-ашёлар аста-секин унинг учун иккинчи даражали нарсага айланади. «Маҳлиё» аёл қаерда бўлмасин, нима билан машғул эканидан қатъий назар фикру зикри ўша эркакда бўлади. Ҳатто турмуш ташвишларига диққат-эътибор қаратиши ҳам қийинлашади. Авлиё Августин муҳаббатнинг муболағага мойиллигини зукколик билан ифодалаган: «Amor meus, pondus meum; illo feror, quocumque feror» — («Ишқим менинг, азобимнинг менинг; ихтиёрим қўлида, қаландарман йўлида»).

Дарвоқе, бу ўринда қалбимиз олами ранг-баранглашуви, бойиши ҳақида гап бораётгани йўқ. Аксинча. илгари ҳаяжонлантирган нарса-ашёларнинг доираси кескин қисқаради. Онг-идрок-тафаккур маҳдудона тус олиб, фақат ягона объектни жо этади. Диққат-эътибор фалажланади: битта, ягона нарса-сиймодан ортиқ бошқачасига чалғимайди. Қотиб қолган, фаолиятдан тўхтаган диққат-эътиборни ягона-ёлғиз инсон-сиймо-маҳбуба ром айлайди. Бу, Афлотун таърифи билан айтганда, Theia mania («илоҳий савдойилик») (2). (Шу қадар ҳайратланарли ва беадад «Илоҳийлик» ниманинг тақозоси эканини ойдинлаштиришимиз керак бўлади).

Бироқ маҳбубнинг наздида ҳаёти камалакдай ранг-баранглик касб этаётгандек туюлади. Ҳолбуки олами торайиб, кўп қирралиликни бой беради. Қалб куч-қудратининг барча-барчаси ягона нуқтага жамланиб, руҳий ҳаёт шиддатли-жўшқин тус олганига оид сохта тасаввур ҳосил этади.

Айни пайтда бундай бир ёқламалик алоҳида ажратиб олинган объект-маҳбубага ҳайратомуз хосса-фазилатлар бахш этади. Гап асли йўқ фазилатларнинг унга нисбат берилишида эмас (мен бу эҳтимолга тўхталдим; бироқ бу Стендаль янглиш тахмин қилганидек, энг муҳим ҳам ва муқаррар ҳам эмас). Объект-маҳбубани росмана қамал қилиб, бутун диққат-эътиборимизни жамлаб, унга онг-тафаккуримиз, ақл-идрокимиз, фикру зикримизда фавқулодда ўрин эгаллаш, ғоят юксак мақомга эга бўлиш имконини берамиз. Фикру зикримизда ҳар лаҳза мавжуд; ҳамиша ҳамроҳ, ёнма-ён, бошқа барча нарсаларга нисбатан ҳаётий тус олади. Бошқа нарсаларга истаб-истамай мажбуран эътибор қаратамиз, чунки муҳаббатимиз тимсоли фикру зикримизни батамом ром айлаган.

Шу ўринда маҳлиёлик билан мистик-азбаройи диндорлик ўртасида аллақандай боғлиқлик борлигини пайқаймиз. Парвардигорга таважжуҳ қилган мўмин ҳам шундай савдойи ҳолатига тушади ва бу шунчаки қуруқ гап эмас. Дуолар ва азбаройи таважжуҳ воситасида диндор илоҳий Парвардигор тимсолини аниқ кўрмаган тақдирда ҳам, тўла-тўкис ҳис этади-илғайди, натижада ишқи илоҳий қон-қонига сингиб, ички оламининг таркибий қисмига айланади. Шундан эътиборан, диққат-эътибори токи сусаймас экан, диндор Яратган билан рамзий маънода бир бутун, яхлитга айланади. Исталган ботиний кучли ҳис-ҳаяжон уни Илоҳиётга доҳил этади, яъни ёлғиз Унинг фикри-зикрига такроран қайтади. Дарвоқе, бунда фавқулодда диндорлик йўқ. Диндорни Парвардигор тимсоли тамомила ром этгани сингари исталган нарса-ашё инсон диққат-эътиборини тўла-тўкис ром этиши, тасарруфига олиши ҳеч гап эмас. Муайян муммо устида йиллаб бош қотирган мутафаккир олим, муайян тимсол яратиш ила фикру зикри узлуксиз машғул адиб бундай ҳолатни бошдан кечирган. Бальзак: «Сафсатани бас қилиб, Цезарь Биротто(3)га оид зарур мавзуда суҳбатлашайлик» дея амалий суҳбатга чек қўйганини эслашнинг ўзи кифоя. Худди шундай маҳбуб учун ҳам маҳбуба ҳамиша ҳар ерда ҳозиру нозир. Бутун олам айни маҳбуба тимсолида тажассум топади. Моҳиятан, маҳбуб учун дунё йўқ, ғойиб бўлган. Маҳбуба бутун дунёни сиқиб чиқарган ва унинг ўрнини ёлғиз ўзи эгаллаган. Шу боис ирланд қўшиқларидан бирида маҳбуб шундай нола қилади: «Дунё ҳам, олам ҳам сенсан мен учун!».

—————
1. Ўз ўзича ҳаётий воқелик (лотинча)
2. Афлотун «Илоҳий савдойилик»ни тўрт турга ажратади: 1) илҳомий кароматгўйлик. Тажассуми — Апполон; 2) сир-синоатга бағишлов – Дионис; 3) ижодий савдойилик – муза-илҳом парилари; 4) ишқий тийиқсизлик, эҳтирос ташналиги — Афродита, Эрот (Қаранг: Платон. Федр, 265. Соч.,т.2, с. 204).
3. Бальзакнинг «Цезарь Биротто улуғворлиги ва таназзули салномаси» (1837) романи қаҳрамони.

VI. ИХТИЁРИЙ ВА МУҚАРРАР

Орзумандликка берилмасдан айтганда, «маҳлиёлик-дарди ишқ» — яна такрорлайман, гап sensu strikto (1) ҳақида бораётгани йўқ — кўнгилнинг телбаликка дучор бўлиши, аллақандай муваққат карахтланиши. Ақл-идрокимиз шу асно карахтланиб, дунёқарашимиз тораймагунча, дарди ишққа мубтало бўлолмаймиз.

Муҳаббатнинг бундай талқини Стендаль даъвосига шубҳасиз зид. Кристалланиш назарияси тақозо қилгандек, объектнинг кўплаб хилма-хил хосса-хусусиятларни жамлаш ўрнига, аслида объектни сунъий иҳоталаймиз-яккалаймиз, сеҳрланган хўроздлй ҳаракатсиз ва карахт ёлғиз унинг ўзи билан қоламиз.

Бу борада жамият ва айрим шахслар тарихини сон-саноқсиз юлдузлар ила мунаввар этган қалб кечинмаларининг буюк зафарларига шубҳа билан қараш фикридан йироқман. Муҳаббат – буюк санъат асари, жисм ва жон уйғунлигининг сир-синоати. Бундан қатъий назар кўпдан-кўп дафъатан, сийқа ва, моҳиятан, маънавий қашшоқлик-ғариблик хусусиятлари билан боғлиқ ҳолда юзага келади. Ноёб эканига қарамасдан дарди ишққа чалинганларнинг ҳар бири ўта чекланган ва, ҳалигина айтганимдай, сийқа андозаларга биноан фаолият юритади.

Муҳаббат жинсий майлсиз бўлмайди. Елканни шамол ҳаракатга келтиргани сингари муҳаббат жинсий майлдан қўпол куч-қувват сифатида фойдаланади. Муҳаббат тасарруфидаги ва ихтиёридаги табиий куч-қувватнинг иккинчиси “маҳлиёлик-дарди ишқ” бўлиб, уни маҳоратли чавандоз каби бошқаради. Шуни унутмаслик керакки, маданий жиҳатдан ғоят эъзозланадиган исталган олий маънавий-руҳоний фаолият-аъмолни сон-саноқсиз элементар ғайриихтиёрий хатти-ҳаракатларсиз тасаввур қилиб бўлмайди.

Мазкур ақлий чекланганик-маҳдудлик, кўнгил телбалиги-жазаваси ҳолатига тушгач, яъни дарди ишққа йўлиққанимиз ҳамоно тамомила эс-хушимизни йўқотамиз. Дастлабки кунларда бирон-бир қаршилик кўрсата оламиз; бироқ муайян қиз-жувонга эътибор билан бошқа барчага, бинобарин, жамики оламга эътибор ўрдасидаги оқилона нисбат бузилгач, вазият қўлдан чиқади.

Қизиқувчанлик шахснинг намоён бўлишида ғоят беназир; бу ботиниятимизни идора қилувчи механизм. Карахтланган ботиният хатти-ҳаракатлар, аъмоллар эркинлигини исканжага олади. Нажот топиш учун идрокимиз сарҳадларини яна кенгайтиришни, бу эса тасаввуримизга муҳаббат предметини афзал-зиёдалик мақомидан маҳрум қилувчи янги объект-манбаларни киритишни тақозо этади. Башарти дарди ишққа чалинган пайтимизда муҳаббат предметига-маҳбубага меъёрий нуқтаи назардан ёндоша олсак, антиқа хукмфармолиги барҳам топган бўларди. Бироқ бунинг учун бутун теварак-атрофга алоҳида қизиқиш билан нигоҳ ташлашимиз ва шу асно токи меҳримиз тушган маҳбубадан бўлак ҳеч вақо манзил-макон топа олмаётган ботиниятимиз чегара-исканжасидан чиқишимиз зарур.

Биз маҳдуд ташқи оламдан тамомила ёлғизланган-иҳоталанган ишқ исканжасига тушиб қоламиз. Қалбимиз қасрига ташқаридан ҳеч вақо киролмайди ва бирон бир тешик-туйнук орқали қочиб чиқиб, нажот топишимиз учун имкон бермайди. Ошиқ-маҳбуб кўнгли-қалби бамисли тоза ҳаво кирмайдиган бемор хонаси.

Айни шу боис ҳар қандай дарди ишққа йўлиққанлар асабийлик, жазавага беихтиёр мойил бўладилар. Улар ўзлигидан тамомила кечиб, исталган хатти-ҳаракатдан тап тортмайдилар.

Қиз-жувонлару йигит-эркакларнинг қалбини “забт этиш” борасида устаси фаранглар буни билади. Эркак аёлга хиёл эътибор қаратгани ҳамоно деярли ҳеч қандай куч-ғайрат сарфламасдан унинг фикру зикрини эгаллайди. Гоҳ “ҳа”, гоҳ “йўқ” деб, гоҳ эъибор қаратиб, гоҳ бефарқлик билан, гоҳ ғойиб бўлиб, гоҳ яна намоён бўлиб, исталган ўй-ниятга эришса бўлади. Бундай изчил кетма-кетлик аёлнинг кўнглига пневматик машина сингари таъсир этади ва пировард натижада бутун дунёни саҳройи биёбонга айлантиради. Одатий тил билан айтганда, “бошини айлантириб, эс-хушидан айиради”. Ҳақиқатдан ҳам, муҳаббат оқибатида калаванинг учини батамом йўқотади! “Муҳаббат савдоларининг” аксарияти маҳбубага шундай элементар-хашаки муносабатдан иборат.

Маҳбубни фақат кучли ташқи таъсир, бирон бир мажбурий муносабат халос этади. Шу боис айрилиқ, саёҳат маҳбуб-ошиқ учун беназир малҳам-даво. Муҳаббат предмети-маҳбубанинг олисда экани унга эътиборни сусайтиради-заифлаштади; янги таассуротлар қизиқувчанлик кучайишига монелик кўрсатади. Саёҳат тамомила янги ҳаёт бошлашга, кўпдан кўп майда-чуйда ташвиш-муаммоларни ҳал қилишга мажбур этади, кундалик ғарибона турмуш исканжасидан халос қилиб, номаълум сон-саноқсиз объект-манбаларга ошна этади, — шу асно онг-идрокнинг патологик маҳдудлигига ва герметик ёпиқлигига барҳам бериш имконияти юзага келиб, тафаккуримиз тоза ҳаводан баҳраманд бўлиш билан бирга рисоладагидек истиқболга юз тутади.

Аввалги бобда китобхонда юзага келиши мумкин эътирозга ниҳоят тўхталиш мавриди келди. Маҳлиёлик — дарди ишқни муайян инсонга-маҳбубага йўналган диққат-эътибор сифатида таърифлаш асносида мазкур қизғин қизиқиш-маҳлиёлик фавқулодда сиёсий ёки иқтисодий воқеалар юзага келтирадиган кечинмалар билан кўплаб муштаракликка эга эканига шоҳид бўламиз.

Айни пайтда жиддий фарқланади. Маҳлиёлик-ошиқликда диққат-эътибор ихтиёрий маҳбубага йўналтирилади. Фавқулодда ҳолатларда эса, аксинча, беихтиёр, мажбурий диққат-эътибор жамланади. Диққат-эътиборимиз асабийлаштирган-ғазаблантирган воқеа-ҳодисаларга ғайриихтиёрий жалб қилинади ва бу ўта ранжитади. Суст ва фаол диққат эътибор орасидаги фарқни – мана етмиш йилдирки – биринчи бўлиб Вунт қайд этган. Дейлик, кўчада янграган ўқ овозига суст эътибор қаратилади – кутилмаган қарсиллаш онгимизга монеликсиз суқилиб киради ва диққат-эътиборимизни жалб этади. Маҳбуб-ошиқ эса ҳеч қандай мажбурийлик сезмайди, илло диққат-эътибор ихтиёрий муҳаббат предмети-маҳбубага йўналади.

Бу ҳолатнинг теран психологик таҳлили ўта антиқа вазиятнинг зиддиятли хусусиятларини юзага чиқарган бўларди, яъни биз ихтиёрий ва айни пайтда муқаррар эътибор қаратамиз.

Севишни хоҳлаган кимса дарди ишққа мубтало бўлиши зийрак фаҳм-фаросат соҳибига кундай аён. Моҳиятан ғоят табиий ошиқлик-маҳлиёликнинг патологик савдойилик-телбалик ҳолатидан фарқи мана шундан иборат. Савдойи-телба ўй-ниятларни эркин танлай олмайди. Ҳолатининг даҳшати шундаки, фикри зикрини забт этган ўй-фикр ботиниятига ташқаридан зўравонлик билан тиқиштирилади, аллақандай хуфиёна, ғайриоддий қувват томонидан сингдирилади.

Фақат бир ҳолатда муайян инсонга нисбатан қизиқишимиз ич-ичимиздан чиқиб келади ва айни пайтда ошиқлик-маҳлиёлик бўлмайди. Хусусан – нафратланганда. Муҳаббат ва нафрат аслида ўхшаш ва ўзаро зид, қарама-қарши, эгизак-ғаним. бинобарин севганлар айни шундай аксарият нафрат ҳиссини ҳам туядилар.

Ошиқлик ҳолатидан халос топарканмиз, туш кўргандагидек тубсизликдан рўшноликка чиқиш сингари уйғонишга ўхшаш туйғуни бошдан кечирамиз. Ошиқликда тамомила биқиқ-маҳдуд ботиниятимизда об-ҳаво қанчалик бузилганини фақат шундан сўнг англаймиз ва ҳаётий майдонда ҳамиша шамол эсиб туриши кераклигию етарли кенгликка эга бўлиши кераклигини пайқаймиз. Маълум муддат тузалаётган бемор каби ҳолсизлик, заифлик ва шикоятбозликни бошдан кечирамиз.

Ошиқ бўлганимиз ҳамоно кечинмалар алам қиларли даражада якранглик касб этади. Бу борада ошиқ бўлганларнинг барчаси ақллию нодон, ёшу кекса, буржуаю санъаткор – барча-барча айнан бир хил кечинмаларни бошдан кечиришини назарда тутяпман. Бу муҳаббатнинг бегидир эканини тасдиқлайди.

Муҳаббатнинг ягона бегидир хусусияти – юзага келиши билан боғлиқ. Айни шу боис бу жиҳат ошиқликнинг исталган бошқа босқичига нисбатан психолог сифатида диққат-эътиборимизни жалб этади. Муайян эркакнинг қайси фазилати муайян аёл эътиборини ёки муайян аёлнинг қайси фазилати муайян эркакнинг диққат-эътиборини жалб этади? Бегона одамларнинг қиёфасисиз силсиласидан бирортасига афзаллик берилишида қайси фазилатлар қадрланади? Бу жиддий қизиқишга арзийдиган муаммо. Ва айни пайтда ўта мураккаб. Башарти ошиқлар барчаси дарди ишқни бир хил бошдан кечириши баробарида ҳар бири айнан бир сиймога меҳр қўймайди. Шубҳасиз муҳаббат дардига мубтало қилувчи фазилатлар йўқ.

Қайси фазилатлар мафтун-маҳлиё этиши ва кўнгил кечинмаларининг типларига оид нозик масалага эътибор қаратишдан олдин ошиқликнинг диққат-эътибор карахтлиги ва мистик ҳолат, шунингдек, яна ҳам жиддий, гипноз ҳолати ўртасидаги кутилмаган ўхшашликни қайд этиш зарур.

——————
1 . Юнонча: айнан маънодаги эмас

VII. ОШИҚЛИК, ЖАЗАВА ҲАМДА ГИПНОЗ

Оқсочнинг паришонхотирлигини кўрган бекач унинг севиб қолганини пайқайди. Диққат-эътибори муҳаббат исканжасига тушиб қолгани боис бечора жувон теварак-атрофдаги оламга қизғин муносабатда бўла олмайди. У кўнгил мулкига биқинганча қалбига муҳрланган маҳбуби сиймосидан бир лаҳза ҳам нигоҳ узмай мастона яшайди. Шахсий ботиниятида шундай биқиниб олган ошиқ-маҳбуб ойпарастга, “савдойи-жинни”га ўхшайди. Ҳақиқатдан ҳам, ошиқ – савдойи. Тристаннинг муҳаббат шароби азалдан “муҳаббат”нинг сирли хусусиятини нафис нафосат ила кашф этади.

Минглаб йиллар мобайнида сайқалланиб келаётган оғзаки нутқда психологик-руҳий кузатувларнинг тоза булоқлари қайнаб тошади, улар тўла-тўкис ҳаққоний бўлгани ҳолда ҳамон муносиб баҳосини топмаган. Ошиқ қилувчи хусусият – бу ҳамиша “сеҳру жоду”. Ва муҳаббатга нисбатан қўлланаётган бу магия — сеҳру жоду атамаси тилни яратувчи халқ тафаккури диққат-эътиборидан ғайритабиий ва маълум маънода ножўя ошиқлик ҳолати четда қолмаган.
Қадимий шеър — cantus ва carmen – сеҳру жоду формуласи бўлган. Бу формуланинг намоён бўлиши ва жодуланган натижаси incantatio бўлган. «Сеҳру жоду» шундан келиб чиққан, французчада эса carmen дан charme келиб чиққан.

Бироқ ошиқликнинг сеҳру жоду билан муносабати қандай эканидан қатъий назар, менимча, у билан мистик ҳолат ўртасида шу пайтгача эътироф этилганига нисбатан бирмунча теран алоқа мавжуд. Диндор ҳис-туйғуларини ҳайратланарли изчиллик билан шубҳасиз ифодалаш учун ишқий калималарга ва тимсолларга мурожаат қилиши мазкур туб алоқадорликка оид фикрга олиб келиши керак. Диний таълимотларга мурожаат қилиш асносида бунга ишонч ҳосил қилмаслик қийин, бироқ гап фақат метафоралар ҳақида бораётир дея эътироф этиш билан барча чекланган.

Метафорага мода сингари муносабатда бўлинади. Шундай тоифа борки, улар бирон бир нарсани мода ёки метафора дея эътироф этиб, шу асно унинг устидан қора чизиқ тортадилар ва тадқиқ этиш бахтидан маҳрум этадилар. Метафора ва мода бошқа барча нарсалар сингари воқелик эмасдай, ва улар сайёраларни ҳаракатлантирувчи шубҳасиз қонуниятларга бўйинсинмайдигандай.

Мистицизмни барча ўрганувчилар унда ишқий калималар кенг қўлланилишини эътироф этган бўлса ҳам битта шахсий, маънодор ҳолат эътибордан четда қолган. Хусусан, ошиқ ҳам диний ифодаларга мойил экани инобатга олинмаган. Афлотуннинг эътирофича, муҳаббат – “илоҳий” савдойилик, ҳар бир маҳбуб-ошиқ эса ўз маҳбубасини илоҳийлаштиради, унинг ёнида ўзини еттинчи осмонда ҳис қилади ва ҳоказо. Муҳаббат ва мистицизм-тақводорлик-динпарастлик ўртасидаги бундай луғавий ўзаро айирбошлаш — ўзаро боғлиқлик уларнинг илдизлари муштарак, деган хулосага олиб келади.

Азбаройи тақводорлик ҳақиқатдан ошиқликни эслатади. Улар ҳатто зерикарли якранглиги билан ҳам уйғун. Ошиқлик дардини барча бир хил бошдан кечиргани каби барча даврлар ва халқлар диндорлари айни бир хил йўлни босиб ўтган ва, моҳиятан, бир хил тавба-муножот қилган.

Ҳиндча ёки хитойча, алексадрийча ёки арабча, олмонча ёки испанча — исталган диний китобни олайлик. Уларда фақат ғаройиб раҳномаю, қалбнинг Оллоҳга талпиниши хусусида сўз боради. Мазкур илоҳий йўл босқичлари ҳам, мадад берувчи куч-қувват ҳам юзаки ва тасодифий фарқларни ҳисобга олмаганда, ҳамиша айнан бир хил (1).

Жазавадор руҳнинг аъмоли дин асосларига жиддий путур етказишидан хавфсираган Черков азала-азалдан мистикларга шубҳа билан қараганини жуда яхши тушунаман ва, лозим топилса, бу фикрга қўшиламан. Жазавадор – маълум маънода телба. Бундай кимса кўнгил равшанлиги масаласида меъёрни билмайди. Оллоҳ билан бирлашувга ҳаддан ташқари зўр беради, бу чинакам руҳонийнинг итоаткорона феъл-атворига зид. Гап шундаки, хитойлик мандарин мистик-даоистдан қанчалик нафратланса, жазавага тушган роҳиба католик илоҳиёт олимини шунчалик ғазаблантиради. Тотал хаос тарафдорлари мистикларнинг анархияси ва девонаворлигига нисбатан руҳонийларнинг равшан ва рисоладагидек фаҳм-фаросатини, яъни Черкорни афзал биладилар. Бу борада уларнинг фикрига қўшилишим қийин. Мен учун шубҳасиз исталган теология-илоҳиёт фани Оллоҳга яқинлаштириб, жамики мистикларнинг барча жазавасига нисбатан илоҳийлик ҳақида кўп тушунча беради. Башарти жазавадор кимсага шубҳа-гумон билан қараш ўрнига, унга қулоқ тутиб, унинг зикру самога тушиши нималар ваъда қилишию маънавий-руҳий тажрибаси эътиборга моликлиги масаласида мулоҳаза юритилса, ундан фақат бемаъни фикрлар чиқаётганини эътироф этишга мажбур бўламиз. Фикри ожизимча, Оврупо тафаккури Оллоҳга оид янги кашфиётлар, Унинг мавжудлигига оид янги, ғоят жиддий эътирофларга жуда яқин келиб қолди. Илоҳий моҳиятга оид тасаввурларимиз таҳлилий тафаккурнинг нурафшон йўли орқали эмас, балки мистиканинг илонизи ер ости нақиблари орқали бойишига жиддий шубҳам бор. Жазавадор эмас, теология, яъни илоҳият фани зарур (урғу бизники — таржимон).

Мавзуга қайтайлик.

Мистицизм ҳам манфаатдорлик, қизиқувчанликнинг намоён бўлиши. Мистик услубият дастлаб бирон бир нарса-ашёга диққат-эътибор қаратишни таклиф этади. Айнан нимага? Ўта назокатли, жиддий ва машҳур услубият, хусусан йоглар таълимоти маҳлиё қилувчи ҳолатнинг масъулиятсизлигини соддадиллик билан фош этади, чунки бизни қизиқтираётган саволга исталган нарса-ашёга эътибор қаратинг, дея жавоб беради. Шу асно, ҳолат-воқеликни объект мутлақо белгиламайди ёки юзага келтирмайди: аксинча кўнгил-руҳ ғайриоддий ҳолат касб этиши учун баҳлонаи сабаб вазифасини ўтайди, холос. Бирон бир нарсага, ҳақиқатдан ҳам, бошқа барча нарсаларга эътибор бермаслик учун диққат билан қаралади. Мистик нуқтаи назарга амал қилиш асносида ботиниятимиздаги бирон объектдан бошқасига осон ва енгил эътибор қаратиш имконини берувчи хилма-хил объектларни қувиб чиқарамиз. Жумладан, Сан Хуан де ла Круснинг фикрича, хилхона нариги дунёга исталган сайру саёҳат учун замин вазифасини ўтайди. Майл ва қизиқишларнинг жиловланиши; “жамики нарса-ашёлардан доҳиёна юз ўгириш” – Авлиё Тересанинг таъбири билан айтганда, “руҳнинг нажот топиши”; бошқача айтганда, сон-саноқсиз ҳаётий манфаат-қизиқишларнинг илдизлари ва кишан-ҳалқаларидан (илоҳиёт ила — изоҳ бизники, тарж.) “бирлашишга тайёргарлик кўриш мақсадида” батамом халос топиш (Авлиё Тереса) – буларнинг барчаси ягона мақсадга хизмат қилади. Айни шу асно ҳинду мистицизм сир-синоатларини ўзлаштириш шартларини шакллантиради: nanatbam na pasyati — оломон ва ранг-барангликка эътибор бермайди.

Диққат-эътиборимиз сирпанадиган нарса-ашёлар руҳнинг шубҳасиз нажот топиши натижасида қувиб солинади, улардан нажот топилади. Ҳиндистонда исталган нарса-ашё мазкур мақсадга хизмат қила олади, бунга оид фан эса kasina деб аталади. Жумладан, лойдан нон-кулчалар ясаб, атрофга териб қўйиш ва уларга диққат-эътиборни жамлаш мумкин. Ёхуд тепаликдан йўрға жилғани кузатиш, ёки сатҳида қуёш нурлари жилваланаётган кўлмакка тикилиш мумкин. Ёхуд олов ёқиб, рўпарага туйнукли ғов тиклаб, туйнуги орқали алангага қараса бўлади. Натижада ҳаво насоси самарасига ўхшаш алланарса юзага келади, бу хусусда маълум маънода баҳс юритдик, шунинг шарофати билан маҳбуб-ошиқлар “бегона инон-ихтиёрига итоат қиладилар-бўйин сунадилар”.

Руҳ-кўнгил биёбонга айланмасдан, кимсасиз кулбадай ҳувиллаб қолмагунча мистик жазавага берилиб бўлмайди. “Айни шу боис, -Сан Хуан де ла Круснинг фикрига кўра, — “кўнгил-руҳни жамики тилаклардан холи кўришни Парвардигори олам исташини” бандаи ожизлар англаб етишлари мақсадида қурбонлик келтириладиган супани яланг-яйдоқ қилиб яратишни амр этган” (2). Бир олмон мистиги диққат-эътиборнинг Парвардигордан ўзга жамики нарса-ашёлардан мазкур юз ўгиришини: «Мен қайта туғилдим (изродился)» дея яна ҳам жўшқин ифодалаган. Сан Хуан эса бундан ҳам назокатли фикр билдирган: «Мен чўпонлик қилмайман», яъни жамики ташвишларни зиммасидан соқит қилган.

Ниҳоят энг ажойиби: кўнгли-руҳиятидан дунёнинг жамики ранг-баранглигини қувиб солган мистик Оллоҳга жуда яқинлашганю Унинг тимсолига айланганини даъво қилади. Бошқача айтганда, унинг яланг-яйдоқ руҳияти-кўнгил гўшаси Парвардигор манзил-маконига айланади. Шу боис Мейстер Экхарт «Парвардигорнинг сассиз-садосиз чўл-биёбони» (3) ҳақида, Сан Хуан эса «зим-зиё руҳ туни», зим-зиё, айни пайтда мунаввар, шу қадар мунавварки, тўрт томонни ёппа қоплагани боис ёруғлик-нур зулумотга эврилиши хусусида гапиради. «Жамики хусусий (частной) майл ва боғланишлардан покланган ва нажот топган руҳ шундай бўлиб, у барча нарса-ашёлардан воз кечиб ва жамики нарса-ашёлардан юз ўгириб, ўз зулматли яланг яйдоқлиги билан жамики оламни жо этишга шайланади, Авлиё Павел айни шу ҳолатни назарда тутиб: «Nihil habentes et omnia possidentes» («Ҳеч вақога эга эмасмиз, бироқ барча-барчасининг соҳибимиз» (4)» дея каромат қилган. Сан Хуан мазкур биёбондай бўшлиққа, мазкур мунаввар зим-зиёликка: «ялакат ёлғизлик», дея яна ҳам ёрқин таъриф беради.


1. Ягона жиддий фарқ шундаки, айрим диндорлар “барча хислатлари билан” бир қаторда буюк мутафаккир бўлган ва диний фикрлар билан бирга қатор ҳолатларда доҳиёна нуқтаи назарини баён этади. Плотин ёки Мейстер Экхарт шундай. Лекин бевосита диндорлик борасида ўта ашаддий тақводорлардан фарқ қилмайди.
2. Қаранг: Baruzi J. Saint Jean de la Croix et le probleme de L’experience mustique. Paris, 1924.
3. Экхартнинг фикрича, Оллоҳ «моҳиятлар моҳияти ва моҳиятдан зиёда йўқлик». Шу боис У ҳақда ҳатто барча яратилганларнинг чинакам мазмун-моҳияти сифатида талқин қилинганидан қатъий назар Уни «мазмун-моҳиятсиз ҳаракатсизлик» дея сўз юритиш жоиз. «Агар Оллоҳ улардан (яъни яралмишларидан) бир сония ажралса ҳам бас, ҳеч вақо бўлмай қолади» (Die Deutschen Mystiker der 14 Lahrunderst. Bd. 2, 318-319. Ф. Пфейффер нашри).
4. Аҳли коринфга иккинчи нома,6,10.

Русчадан Абдуҳамид Пардаев таржимаси

Давоми бор

Love_____Couple_in_love_084552_.jpg 9 may  taniqli ispan faylasufi Xose Ortega-i-Gasset (1983-1955) tavallud topgan kun

Muhabbat haqida suhbatlashamiz, biroq kelishib olaylik, “ishqiy mashmasha-mojarolar”ga toʻxtalmaymiz. Xilma-xil “ishqiy mojarolar” erkaklar va ayollar oʻrtasida yuz berishi tabiiy. Ularni keltirib chiqaruvchi koʻpdan-koʻp sabab-bahonalar shu darajada murakkablashtiradiki, bunday munosabatlarni haqiqiy muhabbat deb hisoblamaslik uchun yetarli zamin hozirlaydi.

Xose ORTЕGA-I-GASSЕT
SЕVGI SЕHRI
09

 Jose_Ortega_y_Gasset.jpg  Xose Ortega-i-Gasset (1983-1955) ispan idealist faylasufi, publitsist, hayot falsafasi oqimining vakili. “Ommaviy jamiyat”, “ommaviy madaniyat” konsepsiyasining yirik vakillaridan biri. U estetikada modernizm va zamonaviy ekzistiyensializm nazariyotchisi sifatida tanilgan edi. Muhabbat haqidagi risolalaridan tashqari “Sharob haqida uch manzara”, “Don kixot haqida mulohazalar”, “Ikki asosiy istiora”, “Tramvaydagi estetika”, “Roman haqida fikrlar”, “Gyoteni izlab”, “Valaskesga muqaddima”, “Omma isyoni”, “San’atning insoniylikdan mahrum etilishi” singari asarlari bilan tanilgan.

09

MUHABBAT ALOMATLARI

hqdefault.jpgMuhabbat haqida suhbatlashamiz, biroq kelishib olaylik, «ishqiy mashmasha-mojarolar»ga to‘xtalmaymiz. Xilma-xil «ishqiy mojarolar» erkaklar va ayollar o‘rtasida yuz berishi tabiiy. Ularni keltirib chiqaruvchi ko‘pdan-ko‘p sabab-bahonalar shu darajada murakkablashtiradiki, bunday munosabatlarni haqiqiy muhabbat deb hisoblamaslik uchun yetarli zamin hozirlaydi. «Muhabbat mojarolari» psixologiyasi tussiz antiqaligi bilan tadqiqotchining diqqat-e’tiborini mahliyo etishi shubhasiz, biroq dastavval muhabbat asli qanday tuyg‘u ekanini oydinlashtirmasak, kalavaning uchini qo‘ldan chiqarishimiz hech gap emas. Boz ustiga, mavzuni o‘ta toraytirib, erkak va ayol bir-biriga nisbatan his etuvchi ishqiy-hirsiy munosabat atrofida o‘ralishib qolamiz. Holbuki, muhabbat mavzui g‘oyat keng ko‘lamli, shu bois Dantening aytishicha, quyosh va boshqa yulduzlarni ham muhabbat harakatlantiradi.

Bu qadar fazoviy qamrovdan tiyilganimizda ham muhabbatning jamiki rang-barangligini hisobga olishimiz zarur. Nainki yigit-erkak qiz-juvon-ayolni, qiz-juvon-ayol esa yigit-erkakni sevadi; biz shuningdek san’at va ilm-fanni sevamiz, ona farzandga mehrini baxshida etadi, mo‘min Ollohga e’tiqod qo‘yadi. Muhabbat qonun-qoidalariga bo‘ysinuvchi obyektlarning beadad va xilma-xil ekani ehtiyotkorlikka undaydi va mohiyatan, aksariyat, muayyan kimsa mehr qo‘ygan obyekt xususiyatlari va xossalarini muhabbat alomatlari deb hisoblamaslik uchun asos yaratadi.

So‘nggi ikki yuz yil mobaynida ishqiy mojarolar juda ko‘p tilga olingani holda muhabbat haqida deyarli bahs yuritilmadi. Ko‘hna Yunoniston bilan bog‘liq dorilomon zamonlardan boshlab deyarli barcha zamonlarda o‘ziga xos ko‘ngil kechinmalari nazariyalari yaratilgan bo‘lsa, so‘nggi ikki asr xususida bunday deb bo‘lmaydi. Antik dunyo dastavval Aflotun nazariyasini, keyin esa stoiklar ta’limotini afzal bildi. O‘rta asrlarda Foma Akvinskiy va arablarning muhabbat ta’limoti hukmronlik qildi; o‘n sakkizinchi asrda esa Dekart va Spinozaning qalb tug‘yonlariga oid nazariyalari qunt bilan o‘rganildi. Hamma gap shundaki, tarixda biron bir buyuk faylasuf yo‘qki, bunga oid o‘z ta’limotini taklif qilishni burch-majburiyat hisoblamagan bo‘lsin. So‘nggi davrlarga kelib, his-tuyg‘ularni ta’riflash-tasniflash mavzusiga biron bir buyuk siymo qo‘l urmadi. Faqat Pfender va Sheler(1)ning biroz oldin e’lon qilingan asarlari bu mavzuni munosib davom ettirdi. Ayni paytda ma’naviyatimiz tobora murakkablashib, hissiyotlarimiz esa yanada o‘tkirlashib borayotir.

Shu bois muhabbat kechinmalariga oid eski nazariyalar bilan qanotalana olmaymiz. Jumladan, Ko‘hna Yunoniston an’analari bilan yo‘g‘rilgan Foma Akvinskiyning muhabbatga bergan ta’rifi noto‘g‘ri ekani shubhasiz. Unga ko‘ra, muhabbat va nafrat – istak-maylning ikki xil namoyon bo‘lishi, nimagadir intilish hisoblanadi. Muhabbat – biron-bir yaxshilikka, ezgulikka intilish-talpinish, unga xos yaxshilik-ezgulikni – concupiscibile cirka bonum iga intilish-talpinish; nafrat yoki aksilintilish – biron yomonlik-yovuzlikni, unga xos ayni yomonlik-yovuzlikni — concupiscibile cirka malum ni qabul qila olmaslikdir. Bu o‘rinda mayl-moyillik va istak-xohishning kechinma va his-tuyg‘ular bilan chalkashtirilishi kuzatiladi, ko‘hna-qadimiy psixologiya XVIII asrga qadar bu xato fikrdan holi bo‘la olmadi. Bunday chalkashlik Uyg‘onish davrida, darvoqe, estetik kategoriya aqidasini niqob qilib oldi. Jumladan, Valomat Lorenso L”amore e un appertito di belleza (2) deya e’tirof etgan.

Bu jiddiy farqlardan biri bo‘lib, muhabbatning o‘ziga xosligi va mazmun-mohiyatini tashkil qiluvchi jihat e’tiborimizdan chetda qolmasligi uchun uni teran idrok qilish kerak. Qalbimiz ishqiy kechinmalar, his-tuyg‘ularning tuganmas chashmasi; bu o‘ziga xos mehr-muhabbat hotamtoyligi sifatida talqin qilinsa ham mubolag‘a bo‘lmaydi. Insoniy xossa-xususiyatlarning ko‘pchiligi: istak-xohish, fikr-mulohazalar, irodaviy a’mollar pirovard natijada muhabbat bilan bog‘liq, bularning barchasi urug‘ nish urib, o‘sib-ulg‘ayib, meva bergani kabi mehr-muhabbat natijasida yuzaga kelganidan qat’iy nazar, hali muhabbat emas, lekin muhabbat mavjudligini tasdiqlaydi. Nimaniki sevsak, nimagaki mehr qo‘ysak, u yoki bu darajada oxanraboday mahliyo etishi shubhasiz; biroq biz sevmaydigan, ko‘nglimizda biron bir kechinma paydo qilmaydigan narsalarga ham moyil bo‘lishimiz ham shubhasiz. Yaxshi sharobni ko‘nglimiz tusaydi, lekin unga muhabbat qo‘yishimiz shart emas; nashavad giyovand moddalarsiz o‘zini qo‘yarga joy tolpolmaydi va ayni paytda buning xatarli oqibatlari bilan bog‘liq ravishda ulardan jirkanadi.

————
1. M.Shelerning Kyoln universitetidagi falsafiy faoliyati (1919-1928) bilan bog‘liq ilmiy asarlari nazarda tutilmoqda. Nemis faylasufi R.Eyken (1846-1926) ta’siri ostida Sheler ruh metafizikasini yaratishga urinib, E-Gusserlning fenomenologik falsafasining akseologik mazmun-mohiyatini kuchaytirib, uni hayotiy falsafaning antropologik g‘oyalari bilan boyitadi va diniy e’tiqodga xizmatga yo‘naltiradi. 20-yillarda M.Sheler asarining barcha boblari, shuningdek A.Pfenderning E.Gusserl asarlariga tayanib yaratgan ilmiy ishlari nashr qilingan.
2. «Muhabbat – go‘zallikka tashnalik (talpinish)». Lorenso Medichi – Florensiya hukmdori va shoir; neoplatonizmga o‘xshash falsafiy mulohazalarini she’riy asarlarga sharhlarida bayon etgan.

Muhabbat va istak-maylni farqlash-chegaralashning yana bir, birmuncha salmoqli va nozik sababi bor. Sirasini aytganda, biron narsani istash – unga egalik qilish, qo‘lga kiritishga yo‘naltiriladi, bunda ayni narsaga egalik qilish mazkur obyektning hayotiy doiramizgsha jalb qilinishi va sekin-asta shaxsiyatimizning muayyan tarkibiy qismiga aylanishini u yoki bu ma’noda anglatadi. Shu bois qondirilgani hamona istak-xohish g‘oyib bo‘ladi; egalik qilish, qo‘lga kiritish uning uchun — halokat. Aksincha, muhabbat – abadiy qoniqmaslik, tashnalik. Istak-xohish zaif-sust, ko‘nglimda iksak paydo bo‘lishi asnosida, mohiyatan, yagona maqsadni – ko‘nglim tusagan narsa menga intilishi, talpinishi, yo‘nalishini ko‘zlayman. Va aksincha muhabbatda, quyida bunga yana ishonch hosil qilamiz, barcha-barchasi faol ibtido bilan yo‘g‘riladi. Obyekt menga yaqinlashishi o‘rniga men obyektga intilaman-talpinaman va unga butun borlig‘imni baxshida etaman. Muhabbat his-hayajonlari og‘ushida, muhabbat qiyomida oshiq o‘zining «men»i doirasidan chiqadi, xalos topadi; bu ona-Tabiatning, ehtimol, ezgu xususiyatidir, chunki shu asno o‘zligimizdan voz kechib. Najot topib, boshqa biron narsaga intilamiz-talpinamiz. Bu o‘rinda obyekt emas, balki men obyektga moyil, mahliyoman.

Avliyo Avgustin muhabbatga oid mulohazalari g‘oyat teran siymo, balki qalban juda kuchli muhabbat sohibi bo‘lgani tufayli, muhabbatni aksariyat istak-xohish va mayl sifatida emas, balki o‘zgacha talqin qilgan. Ilhomlangan lahzalarda zavqu shavq bilan shunday degan: «Amor meus, pondus meum; illo feror, quocumque feror» — «Ishqim mening, azobimning mening; ixtiyorim qo‘lida, qalandarman yo‘lida». Muhabbat – bu sevimli yor oxanrabosi.
Spinoza xato qilmaslikka uringan hamda maylni bir tomonda qoldirib, muhabbat tug‘yonlari va nafratni emotsional-hissiy izohlamoqchi bo‘lgan; uning fikricha, muhabbat – bu muhabbat predmeti-obyekti, ya’ni ma’shuqani (tarjimon izohi) idrok etish, his qilish, naglash zavqu shavqi. Nimagadir yoki kimgadir yo‘naltirilgan muhabbat – bu go‘yo bor-yo‘q shodu xurramlik, zavqu shavq va shu bilan birga ayni shu tufayli nimadandir yoki kimdandan mamnun ekanimizni anglashu idrok qilishdan iborat. Va biz yana muhabbatni uning ehtimoliy oqibat-natijalari bilan chalkashtirish bo‘lamiz. Muhabbat predmeti mahliyoga quvonch baxsh etishiga kim ham shubha qilardi? Biroq ayni paytda ishq-muhabbat o‘lim-judolik singari qayg‘u bilan yo‘g‘rilgani, ilojsiz halokatli azob-iztrob ekani ham shu qadar shubhasiz. Boz ustiga, chinakam-haqiqiy muhabbat asliyatini, ta’bir joiz bo‘lsa, o‘z qadr-qimmati va azob-iztiroblar domidagi ko‘lamlarini yaxshi anglaydi.

Sevgi dardiga mubtalo ayol uchun mehri tushgan siymo yetkazuvchi azob-uqubatlar ehtirossiz g‘arib turmushdan ming chandon afzal. Portugaliyalik rohiba Marianna Alkofarado (1)ning bevafo yoriga yo‘llagan maktubida quyidagi izhori dilga duch kelamiz: «…ayni paytda siz tufayli ko‘nglimni iztirobga solayotgan umidsizlik-tushkunlik uchun beadad shukronalar aytaman va siz bilan tanishishdan avvalgi xotirjamlikni ko‘rarga ko‘zim yo‘q». «Men bu barcha bema’niliklarga malham bo‘ladigan benazir davoni topdim va, basharti, sizni sevganimda ulardan osongina qutilar edim; biroq, ming bora afsus! Bu qanday benazir davo! Yo‘q, sizni unutgandan ko‘ra azob-uqubat chekkan ming karra afzal. Evoh! Bu inon-ixtiyorimdami? Sizni ortiq sevmaslikni bir lahza bo‘lsa istash borasida o‘zimga ta’na qila olmayman; menga nisbatan ahvolingiz achinarli va fransuz ma’shuqalaringiz baxsh etayotgan usti yaltiroq, ichi qaltiroq siyqa erkalashlardan huzurlanishdan ko‘ra men mubtalo barcha azob-uqubatlarga bardosh berish ortiq bo‘lsa ortiqki, aslo kam emas». Dastlabki maktub shunday yakunlangan: «Alvido, hamisha meni seving hamda yanada ziyoda azob-uqubat chekishga majbur eting». Oradan ikki asr o‘tgach, sinorita de Lespinass (2) yozadi: «Men sizni qanday sevish kerak bo‘lsa shunday – umidsizlik bilan, ilojsiz-chorasiz sevaman».

Spinoza yanglishgan: muhabbat va quvonch ayni bir kechinma, his-tuyg‘u emas (3). Vataniga sadoqatli mard siymo, kerak bo‘lsa, jonini ham qurbon qiladi va imon-e’tiqodi mustahkam mo‘minning hayoti ham fojiali tugaydi. Va aksincha, nafrat va qahru g‘azab aksariyat o‘z holicha qanoatlanadi va nafratga duchor kimsa boshiga yog‘ilgan kulfatlardan behad shodlanadi.

—————
1. Abadiy afsonaviy siymo. Bu maktublarning asl muallifi Molyer, Bualo va Rasinning do‘sti – vikont de Giyerag. (+arang: Giyerag. Portugalskiye pisma. Per.A. Levinsona. M., 1973; birinchi parcha 24-; ikkinchisi – 16-; uchinchisi 13-betda).
2. Jyuli Janna Eleonora de Lespinass asli Dalamberning ma’shuqasi bo‘lgan, lekin general Giberni qattiq sevgan. Giberning sha’riy bekasi 1809 yilda mademuazel de Lespinassning «Maktublar»ini chop ettiradi, ular — o‘z davrining qiziqarli hujjati.
3. Spinozaning talqiniga ko‘ra «istash-xohlash, sezish, bilish, sevish va boshqalar yagona substansiyaning turli moduslari mohiyati» bo‘lib, yagona substansiya «o‘z holicha mavjud va boshqa barcha atributlarning substrati hzisoblanadi». (+arang: Kratkiy traktat o Boge, cheloveke i yego schastye. – V kn.: Spinoza B. Izbr.proiz. T.1.M., 1957, s. 92, 91).

Bu ma’lum ta’rif-tasniflar barchani qanoatlantira olmasligi bois, fikrimcha, entomolog o‘rmonda ushlagan hashoratni qanchalik sinchiklab va ming bir bo‘lakka ajratib o‘rgansa, muhabbat tuyg‘usini ham shu asno tahlil etish kerak. Umid qilamanki, kitobxonlar sevgi dardiga chalingan yoki qachonlardir nimanidir sevganlar hamda muhabbat kechinmalariga qayta qanot baxsh etib, uning parvoziga butun diqqat-e’tiborni jamlay oladilar. Men mazkur ham asl yig‘adigan, ham achchiq chaqadigan g‘ujg‘on bolarining asosiy, eng umumiy xossa-belgilarini birma-bir sanayman. Kitobxonlar muhabbat kechinmalariga qaytadan sinchiklab nazar tashlab, fikr-mulohazalarim qanchalik mos kelish-kelmasligiga xolisanillo baholaydilar.

Dastavval kelishib olaylik, ishq-muhabbat istak-xohish bilan qator mushtarakliklarga ega, chunki muhabbat obyekti – inson yoki narsa-ashyo — qalbni his-hayajonga soladi. Obyektni chulg‘ab olgan hayajon qalbga ko‘chadi. Shu asno bu his-hayajon to‘lqini markazga yo‘nalgan: bu to‘lqin obyektdan biz tomonga, ya’ni qalbimizga (tarjimon izohi) yog‘iladi. Muhabbat tuyg‘usi xususida shuni aytish mumkinki, unga kuchli his-hayajon debocha bo‘ladi. Hayajon-hayajonlanish nishi-nayzasi jarohatidan muhabbat chechagi unadi, u bizni obyekt tomon muttasil undaydi-da’vat etadi: binobarin, his-hayajon-hayajonlanish va istalgan istak-xohishga nisbatan qarama-qarshi yo‘nalishda harakatlanadi. Uning yo‘li – sevgandan sevilganga, mendan boshqaga tomon, ya’ni markazdan qochma tarzda yo‘nalgan. Bu borada – doimiy qalb tug‘yonida, obyekt sari harakatlanishda, shaxsiy «men»imdan mahbuba-ma’shuqaning jozibali timsoliga yo‘nalganlikda – muhabbat va nafrat uyg‘unlashadi. Quyida ularning farqi haqida so‘z boradi. Ayni paytda muhabbat predmetiga intilish asnosida faqat o‘zaro yaqinlikka va birga maishiy turmush kechirishga intilamiz, deb o‘ylamaslik kerak. Bu belgi-alomatlar barchasi muhabbat natijasi sifatida haqiqatdan ham uning hosilasi ekanidan qat’iy nazar muhabbat mohiyatini oydinlashtirishda biron ahamiyatga ega emas va shu bois tahlil davomida ularni batamom inkor etamiz. Mening mulohazalarim botiniy hayot-kechinma sifatidagi qalb gavhari hisoblanuvchi ishq-muhabbatga oid. Parvardigorni behad sevuvchi banda unga jismonan intilmaydi-talpinmaydi, bundan qat’iy nazar Unga e’tiqod – Unga intilish bilan barobar. Ishq-muhabbat iskanjasida halovatimizdan ayrilamiz, es-xushimizni yo‘qotamiz va butun fikru zikrimiz, diqqat-e’tiborimiz mahbuba-ma’shuqa atrofida parvonaday charx uradi. Muhabbat — fikr-mulohazalarning ayni uzluksizligi, davomiyligi, barqarorligi.

Gap shundaki, buni qayd etish joiz, fikriy va irodaviy a’mollar – oniy tusga ega. Ularga doxil bo‘lishda xayallashimiz mumkin, biroq ular bunday imillashga toqat qilolmaydi: barchasi ko‘z ochib yumguncha ro‘y beradi; ular yashinday yugurik. Basharti, ibora-gapni tushunsam, biryo‘la, bir ondayoq anglayman. Muhabbat esa zamon ichra davom etadi. O‘zgaruvchan tok generatoridagi goh yonib, goh o‘chadigan uchqunlar singari kutilmaganda o‘qtin-o‘qtin junbushga keluvchi ishqiy tug‘yon, ishqiy g‘alayonlar silsilasi tarzida sevmaydilar; mahbuba-ma’shuqaga uzluksiz mehr qo‘yiladi, sevgi dardi – uzluksiz dard. Shu asno mazkur tuyg‘uning yana bir o‘ziga xosligi oydinlashadi: muhabbat muqaddaslashgan kechinmalarning chashmasi, uzluksiz qaynab chiqadigan buloq singari quyiladi. Hotamtoy intuitsiya manbai hisoblanuvchi va bizni qiziqtirayotgan tuyg‘u xossalariga shu qadar yaqin-uyg‘un mubolag‘ani qo‘llagan holda aytganda, muhabbat daf’atan uzilgan o‘q emas, balki uzluksiz emanatsiya, oshiqdan ma’shuqaga, ya’ni mahbubdan mahbubaga yo‘naluvchi ma’naviy-ruhiy nurlanish. Zarba emas, balki oqim.

Muhabbat va nafratga xos oqimlilik va uzluksiz davomiylikni Pfender favqulodda nekbinlik bilan ta’kidlagan.

Muhabbat va nafrat baravar markazdan qochma tusga ega bo‘lib, fikr-mulohazalarda obyektga yo‘naladi, va nihoyat, oquvchan va uzluksiz, — ularga xos uch belgi yoki alomat shulardan iborat.

Nihoyat muhabbat bilan nafratning tub farqini aniqlasa bo‘ladi.

Basharti ular markazdan qochma tusga ega bo‘lib, inson shu tuyg‘ular vositasida obyektga intilar ekan, ularning sobitqadam yo‘nalganligi mushtarak; bunda ular qarama-qarshi mazmun-mohiyat bilan yo‘g‘rilgan bo‘lib, turli maqsadlarni ko‘zlaydi. Nafratda obyektga intiladilar, biroq g‘animlik ma’nosida yo‘nalib, obyekt boshiga balo-qazoday yog‘iladi; va shu bois halokatli mazmun-mohiyatga ega. Muhabbat-mehr qo‘yish asnosida ham fikr-mulohazalar obyektga yo‘naladi, biroq bu obyektning boshidan ilohiy nur singari yoqiladi.

Fikr-mulohazayu istak-xohishlar qalb haroratidan mahrum, holbuki muhabbat ham, nafrat ham qalb taftidan holi emas. Matematik vazifa ustidagi mulohazago‘ylikdan farqli ravishda muhabbat va nafratdan harorat ufuradi, ular yolqinlanadi, ustiga ustak, ular turli haroratga ega. Kundalik hayotda ayni bir mavzuda juda aniqlik bilan gapirishlari bejiz emas, ya’ni kimdir sevgi dardiga chalingach, g‘amgin-sovuqqon bo‘lib qolgani qayd etilsa, boshqa bir kimsa ma’shuqasining befarqligi va sovuqqonligidan shikoyat qiladi. Tuyg‘ular harorati bilan bog‘liq bu mulohazalar psixologik qonuniyatlarning antiqa sohalari uzra tortilgan pardani beixtiyor ko‘taradi. Biz bashariyat tarixining ayrim jihatlariga e’tibor qaratishimiz mumkin, yanglishmasam, ular etika va sa’at sohasida hamon e’tibordan chetda qolib kelayotir. Turli buyuk sivilizatsiyalar-tamaddunlar va madaniy davronlarning xilma-xil harorat-qizg‘inlikka ega ekani – Ko‘hna Yunonistonning, Xitoyning yoki XVIII asrga xos sovuqqonlik yoxud romantika-orzumandlik va boshqalar haqida so‘z yuritish mumkin. Qolaversa, turfa odamlarga xos turlicha qalbiy haroratning o‘zaro munosabatlardagi roli haqida so‘z borishi mumkin: ikki inson uchrashganda ular ko‘nglidan o‘tadigan dastlabki kechinma – bu ularning har biriga xos hissiy jo‘shqinlik. Nihoyat, turlicha badiiy, xususan, adabiy asarlar, uslublar u yoki bu darajadagi haroratga ega ekani ham e’tiborimizni tortadi. Biroq bu qadar ko‘lamdor mavzuga yo‘l-yo‘lakay birrov to‘xtalib o‘tish yengiltaklik bo‘lar edi.

Agar diqqat-e’tiborimizni obyekt ham jalb qilsa, muhabbat va nafratga xos mazkur harorat-qaynoqlik-jo‘shqinlikni anglashga imkon qadar yaqinlashmaymizmi? Predmeti – ayol yo bola, san’at yoxud ilm-fan, ona-Vatan yoki Parvardigori olam ekanidan qat’iy nazar – muhabbat yo‘nalgan obyekt atrofida hamisha parvonaday aylanib-o‘rgiladi. Istak-xohish nimaniki istasa, o‘sha bilan qoniqadi, qanoatlanadi, biroq hech vaqo baxsh etmaydi, hech narsani qurbon qilmaydi, biron bir yon berish ham qilmaydi. Muhabbat va nafratning esa biron lahza ham oromi-halovati yo‘q. Muhabbat qanday masofada ekanidan qat’iy nazar tamomila obyekt domiga tushadi, undan huzurlanadi, zavqlanadi, halovat topadi – xullas, shu asno o‘zini yettinchi osmonda his etadi. Nafrat esa obyektni ayni shunday qizg‘in jo‘shqinlik bilan g‘animlik domiga tortadi, ziyon-zahmat yetkazadi, halokatli xazon sipohiday yopriladi, asta-asta yemirib, oxir-oqibat boshiga yetadi. Bularning barchasi, yuqorida qayd etganimdek, amalda ro‘y berishi shart emas; gap nafrat yo‘g‘rilgan murod-maqsad, uning o‘zak-negizini tashkil qiluvchi irreal a’mol xususida borayotir. Shunday qilib, muhabbat o‘z predmetiga hayotbaxsh harorat va farovonlik ufuradi, nafrat esa og‘u-zahar purkaydi.

Bu ikki tuyg‘u a’molidagi mazkur qarama-qarshilik boshqa tarzda ham yuzaga chiqadi. Muhabbat asnosida go‘yo obyekt bilan bir tanu jonga aylanamiz. Bu asli qanday holat? Aslida bu jismoniy qovishuv emas, qolaversa umuman yaqinlik sirasiga kirmaydi. Deylik, do‘stimiz – muhabbat xossalari haqida bahs yuritar ekanmiz, do‘stlikni ham unutmasligimiz kerak – olisda istiqomat qilgani bois hayotidan tamomila bexabarmiz. Bundan qat’iy nazar u bilan g‘oyibona rishtalar vositasida bog‘langanmiz — qalbimiz hayratomuz jushbushga kelishi asnosida har qanday olis masofani ham bosib o‘tadi va qayerda ekanidan qat’iy nazar do‘stimiz bilan g‘oyibona diydorlashganimizni his etamiz. Boshiga kulfat tushgan yaqin qarindoshimiz yoki tanishimizga fikran murojaat qilganimizda ham ayni shunday g‘oyibona hodisa sodir bo‘ladi: sarosimaga tushmang, toki yoningizda shay ekanman, har qanday mushkulni hal qilamiz; boshqacharoq aytganda, sizning istak-xohishingiz men uchun juda aziz, shu bois menga o‘zingizga ishonganday ishonavering.

Va aksincha, nafrat, jirkanadigan-hazar qiladigan predmetga shubhasiz yo‘nalganidan qat’iy nazar obyektdan ramziy shu ma’noda uzoqlashtiradiki – ikki o‘rtada o‘pqon-jarlik hosil qilib, dastimiz yetmaydigan masofaga uloqtiradi. Muhabbat – yonginamizdagi hamohang qalb; nafrat – nifoq, nafrat obyekti bilan metafizik jangu jadal, absolyut ziddiyat.

Muhabbat va nafratga xos hamda quvonch va qayg‘u singari sust-zaif his-tuyg‘ularga begona faollik, qizg‘inlik, qiziqqonlik nimadan iborat ekaniga oid ayrim tasavvurga, nihoyat ega bo‘ldik. Bejiz quvnoq yoxud g‘amgin holat deyishmaydi. Bular haqiqatdan ham faollik, jo‘shqinlik, qiziqqonlik emas, balki shunchaki holat. G‘amgin alamdiyda quvongan kimsa kabi ayni holati bilan kifoyalanadi, faoliyat yuritmaydi. Muhabbat esa fikran obyektni quchadi va g‘oyibona, biroq jamiki ishlarning muqaddas va eng hayotiysi bilan mashg‘ul bo‘ladi – obyektning mavjudligini qayta-qayta e’tirof etadi. San’at yoki vatanni sevish xususida mulohaza yuriting: bu ularning mavjudlik huquqiga biron lahza ham shubha qilmaslikdan iborat; bu ularning mavjudlik huquqini idrok etish va lahza sayin e’tirof etishdan iborat. Darvoqe, bu qonun-qoidalarni puxta o‘zlashtirgan, shu bois hukmlari ehtirosdan, qiziqqonlikdan, haroratdan holi hakam-qozi singari emas, balki oqlovchi hukm bir paytning o‘zida ham izlanish va yakunlash bo‘lishi xossasiga ega bo‘lishi kerak. Va aksincha, nafratlanish – muhabbatimiz predmetini fikran qatl etish, uni mulohazalar vositasida halokatga duchor etish, zamin uzra hayot kechirish huquqi borasida ayovsiz bahslashishdan iborat. Kimdandir nafratlanish – uni faqat mavjudligidan g‘azablanish demak. Yolg‘iz zavol topishigina qanoatlantiradi.

Muhabbat va nafratning hozirgina tilga olingan alomatidan o‘zga xususiyati bo‘lmasa kenrak, deb o‘ylayman. Nimanidir sevish, nimagadir mehr-muhabbat qo‘yish – uning mavjudlik huquqini azbaroyi himoyalash-yoqlashdan; mazkur obyekt mavjudligini istisno qiluvchi dunyoviy tartib-qoidalarni inkor etishdan iborat. Bu ayni paytda, mohiyatan, insoniy fikr-mulohazalar vositasida mazkur obyektga uzluksiz hayotbaxsh nafas ufurishdan iborat ekanini ham nazardan soqit qilmang. Muhabbat – abadiy hayot baxsh etish, qalbda muhabbat obyektining qayta-qayta yaratilishi va kamolga yetkazilishi hisoblanadi. Nafrat – fikriy qirg‘in-qotillik; boz ustiga faqat bir marta sodir etiladigan chinakam qotillikdan farqli ravishda nafratlanish nafratimizga duchor kimsani zaminda hatto bironta iz-asoratini ham qoldirmasdan qayta-qayta, takror-takror uzluksiz ravishda dorga tortishdan iborat.

Aniqlik kiritilgan o‘ziga xosliklarni ayni shu baland pardada umumlashtirguday bo‘lsak, shunday xulosaga kelish mumkin: muhabbat – markazdan qochma qalb tug‘yoni bo‘lib, uzluksiz oqim singari muhabbat obyektiga yo‘naladi va uni qaynoq harorat hamda xayrixoh mamnuniyat bilan yo‘g‘iradi, bizlarni u bilan yaxlit-yagona bir tanu bir jonga aylantiradi hamda uning shubhasiz mavjuddigi-hayotiyligini e’tirof etadi, qaror toptiradi (Pfender).

STЕNDALNING MUHABBAT
TALQINI

I. (UYDIRMA-SOXTA MUHABBAT)

Stendalning xayolida juda ko‘p nazariyalar charx urgan, biroq u mutlaqo nazariyotchi emas. Mana shu, qolaversa, boshqa qator xislatlari bilan yurtdoshimiz Baroxani eslatadi, Baroxa uchun ham istalgan insoniy mavzu zudlik bilan g‘oyalar silsilasi tusini oladi. Yuzaki qaraganda uni ham, buni ham taqdirning qaltis hazili tufayli yozuvchi bo‘lgan, mohiyatan esa faylasuf degan xulosaga kelasiz. Holbuki aslida tamomila buning aksi. Ularning har ikkalasi yaratgan nazariyalar jozibadorligi bilan mahliyo etadi. Holbuki faylasufning yakka-yagona nazariyasi bo‘ladi. Ayni mana shu – chinakam nazariyotchilik salohiyati bilan uni shunchaki eslatuvchi qobiliyat o‘rtasidagi jiddiy farq hisoblanadi.

Nazariyotchi muayyan sistema-tizimni, ya’ni voqelikni adekvat tarzda aks ettirish bilan bog‘liq azbaroyi intilish yuzaga keltirgan tizim-tartibotni shakllantiradi. Bu uni yuksak darajada ehtiyotkorlikka undaydi va, boshqa bir qator talablari qatorida xilma-xil fikr-mulohazalarini qat’iy va sobit yagona-yaxlitlikka bo‘ysindirishga undaydi. Binobarin, voqelik – yaxlit-yagona. Buni anglagan Parmenid qanchalar dahshatga tushgan! Buning aksi o‘laroq fikr-mulohazalarimiz va his-hayajonlarimiz qo‘nimsiz, nimta-nimta, porakanda, ziddiyatli va xilma-xil. Stendal va Baroxa g‘oyalari badiiy bayon, abadiy janrlar qiyofasini kasb etadi va shu asno lirik emanatsiya ro‘y beradi. Qo‘shiqlar — ularning nazariyalari. Ular pro va contra (1) (mutafakkirga begona xususiyat) asnosida mulohaza yuritadilar, tushunchalar vositasida sevadilar va nafratlanadilar. Shu bois xilma-xil va ayni paytda bir-birini inkor qiluvchi, lahzalik kayfiyat natijasida paydo bo‘lgan nazariyalarining soni bor, sanog‘i yo‘q. Qo‘shiq-ashula tarzidagi nazariyalar ham haqqatni aks ettiradi, biroq narsa-ashyolar mohiyatini emas, balki xonandaga oid haqiqatni, ya’ni nuqtai nazarni ifodalaydi.

Shu bois ularni qoralash fikridan yiroqman. Mohiyatan, na Stendal, na Baroxa faylasuflik da’vo qilishmagan; va men har kimga xolisona yondoshishdek xushnudlik baxsh etuvchi ehtiyoj nuqtai nazaridan bu ikki shaxs ma’naviy qiyofasiga e’tiborni jalb qildim. Ularni faylasuf hisoblashadi. Tant pis! (2) Biroq ular fayldasuf emas. Tant mieux! (3)

Baroxa masalasida bu borada u yoki bu darajada hech qanday shubha yo‘q. Stendal xususida bunday deb bo‘lmaydi, chunki muayyan mavzular ustida faylasufona fikrlashga uringan. Vaziyat taqozosi bilan barcha faylasuflarning pushti panohi Suqrot hakim ham mazkur mavzu bilan shug‘ullangan. Ta erotika — muhabbat masalasi.

«De I”fvoure» (4) — maroq bilan o‘qiladigan kitob. Markiza, akstrisa yoki shunchaki ma’rifatli juvonning maishiy turmushi bilan tanishyapman, deb tasavvur qiling. Uy bekasini kutish asnosida xonani ko‘zdan kechirasiz. Dastlab, albatta, tasviriy san’at asarlari (darvoqe, nima uchun devorlarga, albatta, shunday asarlar ilingan bo‘lishi kerak?) e’tiboringizni jalb etadi. Va deyarli hamisha o‘zingizni hashamatli saroyda o‘tirgandek sezasiz. Bu o‘rinda san’at asaridagi manzaraning ta’siri shunday; biroq tamomila boshqacha bo‘lishi ham mumkin. Avvaldan taxmin qilingan allanarsa bilan uchrashganda qalbimizni da’fatan qamrab oluvchi orziqtiradigan hayajonni axtaramiz. So‘ng mebellarga, goh u, goh bu yerda yotgan kitoblarga nazar tashlaymiz. Ulardan birining muqovasi e’tiborimizni tortadi – kitobning nomi nima ekan? «De I”fvoure». Markiza, aktrisa va ma’rifatli juvon muhabbat mazmun-mohiyatini anglashim kerak degan niyat bilan mazkur kitobni xarid qilgan, xuddi shunday kimdir mashina sotib olar ekan, ichki yonuv dvigateliga oid qo‘llanmani ham xarid qiladi.
————
1. Tarafdor va qarshi – lotincha.
2. Judayam soz!
3. Judayam yomon!
4. Stendalning “Muhabbat haqida” asari

Kitob maroq bilan o‘qiladi. Stendal mulohazxa yuritganda ham, asoslash asnosida ham va nazariyabozlik qilishga uringanida ham qissaxonlikka beriladi. Nazarimda, u juda yaxshi qissanavis, Yaratgan egamning qoshida benazir hikoyanavis. Biroq uning kristalizatsiyalangan muhabbbat nazariyasi asoslimi? Bu masala bilan nima uchun hech kim jiddiy shug‘ullanmagan? Bu masala xususida mulohaza yuritishgan, lekin lozim tarzda hech kim tahlil qilmagan.

Nahotki arzimasa? Mohiyatan, mazkur nazariyaga binoan, muhabbat hayolot hosilasidan bo‘lak hech vaqo emas. Gap muhabbat borasida tez-tez yanglishish, xatoga yo‘l qo‘yishda emas, balki muhabbat o‘z xossasiga ko‘ra yanglashishdan iborat. Tasavvurimiz kimgadir xayoliy fazilat-xossalar baxsh etganida muhabbat dardiga mubtalo bo‘lamiz. Keyinchalik bunday xomxayol sarobday g‘oyib bo‘ladiyu muhabbat ham zavol topadi. Muhabbatni, odatan, saqir-ko‘r deya ta’riflaganga nisbatan bu ta’rif yana ham haqqoniy. Stendal uchun esa muhabbat nainki ko‘r-so‘qir – boz ustiga uydirma, soxta. Uning talqilinidagi muhabbat voqelikni ko‘rmaydigina emas – uni almashtiradi, soxtalashtiradi.

Mazkur nazariya yaratilgan zamon va makonni oydinlashtirish uchun bugungi kun nuqtai nazaridan yondoshish kifoya: bu XIX asr Yevropasiga to‘la-to‘kis xos aqida. Ayni shu asrning pessimizmi va pozitivizmi Stendalning muhabbat aqidasiga ham muhr bosgan. «Kristallanish» — idealistik nazariya, chunki fikr-mulohazalarimiz jamlangan obyekt yuzasida yolg‘iz subyekt proyeksiyasini ilg‘aydi. Renessans davridan buyon yevropaliklar dunyoni ruh emanatsiyasi (1) sifatida talqin qilishga moyil bo‘lib kelyapti. XIX asrgacha mazkur idealizm aksariyat quvonari bo‘lgan. Subyekt orqali proyeksiya qilingan dunyo-olam o‘zicha real, haqqoniy va jiddiy-ahamiyatli. Ayni paytda «kristallanganlik» nazariyasi pessimistik ruhga ega. Uning maqsadi – bizningcha tabiiy his-tuyg‘ular hech bir qolipga sig‘maydigan favqulodda hodisalar ekanini isbotlashdan iborat. Jumladan, Ten me’yoriy qabul qilish-idrok etish zamon taqozo qiluvchi jamoaviy yanglishishdan bo‘lak hech vaqo emas, deya ishontirmoqchi bo‘ladi. Va bu o‘tgan, XIX asr nazariyalari uchun mushtarak xususiyat. Normal holat anormal holat vositasida, ulug‘vorlik – tubanlik vositasida anglanadi. Jumla jahon – absolyut quid pro quo, mustaqil mundarijali bema’nilik ekanini isbotlash ehtiyoji ajablanarli, albatta. Axloqshunos alturizm – pinhoniy shaxsiyatparastlik ekaniga ishontirmoqchi bo‘ladi. Darvin hayotni tartibga solish faoliyatini birma-bir bayon etadi, bu darvoqe o‘lim taqozosiga ko‘ra qilinadi, va hayotning negizi yashash uchun kurashdan iborat deya xulosa yasaydi. Ayni shu asno Karl Marks sinfiy kurashni tarixning harakatlantiruvchi kuchi deya ta’riflaydi (2).

Ayni paytda haqiqat mazkur qaysar pessimizmdan shu qadar yiroqki, bu mahdud mutafakkirning hatto xayoliga ham kelmaganidan qat’iy nazar aksariyat pessimizm qiyofasini ham kasb etadi. Bunga «kristallanish» nazariyasi misol bo‘la oladi. Undan pirovard natijada shunday xulosa kelib chiqadi: inson mehr-muhabbatiga loyiq narsa-ashyo, shaxs-siymoni sevadi. Biroq hayotda muhabbatiga loyiq obyektni topa olmagach, xayoloti, tahayyulidan najot axtaradi. Ayni uydirma-soxta xossa-fazilatlar muhabbatga sababchi bo‘ladi. Biron-bir barkamollik-takomilni xomxayol sifatida tasavvur qilishdan osoni yo‘q. Biroq shunday yo‘l tutadigan odam shubhasiz bir narsani unutadi. Biron bir barkamollik toki mavjud emas ekan, uning borligini qayoqdan bila qoldik? Toki muayyan ayol-juvon qalbimizni ehtiroslar girdobiga giriftor etuvchi fazilatlarga ega emas ekan, qaysi bir malaksiymo ville l”euax (3) maftun-mahliyo qiluvchi farishtani uchrata qoldik?

Muhabbat mohiyatidagi aldoqchi xufyona jodu masalasida shubhasiz mubolag‘a qilinadi. Mehrimiz tushgan siymoning fazilatlari aslida qanday ekanini payqagach, muhabbat tuyg‘usining o‘zi soxta-uydirma emasmikan, degan masala ustida bosh qotirishimiz zarur. Muhabbat psixologiyasi tahlil qilinayotgan tuyg‘uning ayni chinakamligi-haqqoniyligiga g‘oyat ishonchsizlik bilan yondoshishi kerak. Menimcha, Stendal risolasining eng kuchli jihati – muhabbatga hech qanday dahli bo‘lmagan ishqiy mojarolarning borligidan iborat. Muhabbatning amur-gout, amour-vanite, amour-passion (4) singari tur, xillar sifatida ta’rif-tasniflanishi nimani anglatadi? Basharti endigina tug‘ilib kelayotgan hissiyot-kechinma yanglash tarzda muhabbat hisoblansa, u bilan bog‘liq narsalarning barchasi, va dastavval shu tuyg‘uni keltirib chiqargan obyektning o‘zi soxta-uydirma bo‘ladi.

Stendalning fikricha, faqat “muhabbat-ehtiros” – chinakam muhabbat. Holbuki, bu juda keng ma’noga ega tushuncha. “Muhabbat-ehtiros” muayyan darajada tabaqalashadi, turlanadi. Soxta muhabbatning sababi shuhratparastlik yoki gout dagina emas. Buning boshqa, anchayin bevosita va azaliy ildizi ham mavjud. Muhabbat –jahonshumul shon-shuhrat kasb etgan hissiy faoliyat. Shoirlar qadim-qadimdan ishq-muhabbatni kuylaydilar, ta’riflash-tasniflash asnosida unga g‘aroiyb, hayratomuz sayqal beradilar, natijada, bu dardga mubtalo bo‘lib ulgarmasdanoq undan atroflicha xabar topamiz, ishqiy o‘y-xayollarga berilamiz va go‘yo biron bir san’at yoki hunarmandchilik turiday unga butun borlig‘imizni baxshida etishga shay holatga kelamiz. Shunday qilib, muhabbatni allaqanday abstrakt in genere (5), hayotiy ideal hisoblovchi erkak va ayolni ko‘z oldingizga keltiring. Ular mudom soxta muhabbat bilan kun kechiradilar. Muayyan obyektdan mehr-muhabbat yog‘ilishini kutishning ular uchun keragi yo‘q; ular dastlabki duch kelgani bilan kifoyalanadilar. Qolaversa, ishq-muhabbatning o‘zini sevadilar, ularning mehri tushgan siymo esa bor-yo‘g‘i sabab-bahona, vaj-karson, xolos. Shunday kechinmani boshdan kechiradigan odam, basharti mulohazakorlik begona bo‘lmasa, “kristallanganlik” nazariyasini yaratishi muqarrar.

Stendal – ishq-muhabbatni sevadilarning bittasi.”Stendalning maishiy hayoti” deb nomlangan, yaqinda chop etilgan kitobida Anri Bonnar yozadi: “U ayollardan xomxayol-tahayulotini tasdiqlashni talab qiladi, xolos. Yolg‘izlik iskanjasida iztirob chekmaslik uchun sevadi; darvoqe, to‘g‘risini aytganda, uning muhabbat munosabatlari – o‘z xayolotining samarasi”.

—————
1. Orteganing «sivilizatsiya»ga oid mulohazalari, chamasi, fanda qabul qilingan nuqtai nazardan farq qiladi. Gap shundaki, Aflotunning yaxlitlik va g‘oyalarga oid ta’limotini rivojlantiruvchi «emanatsiya» nazariyasi dastavval neoplatoniklar tomonidan o‘rganilgan va ayni shu tarzda Uyg‘onish davri falsafasi tomonidan J.Bruno timsolida qabul qilingan.
2. K.Marks sinfiy kurashni butun tarix mobaynidagi emas, balki sinfiy jamiyatdagi tarixiy o‘zgarishlar omili deb bilgan (tarjimon izohi).

3. Kurortda (fransuzcha).
4. Muhabbat — qoniqish, muhabbat – shuhratparastlik, muhabbat – ehtiros (fransuzcha).
5. Umuman (lotincha).

Ikki xil muhabbat nazariyasi bor. Ulardan birini isbottalab material jozibadorligi amaliyligidan kelib chiqmaydigan bozori chaqqon-xaridorgir, barchaga ayon tasavvurlar tashkil etadi. Navbatdagi nazariya esa ancha teran, shaxsiy tajribaga tayanuvchi fikr-mulohazalar, tasavvur-tushunchalardan iborat. Muhabbatga oid fikr-mulohazalarimiz, xulosalarimizda har birimizning muhabbat munosabatimiz xaritasi chiziqlari ko‘zga chalinadi.

Stendalning holati to‘la-to‘kis ayon. Gap nainki qachonlardir chinakamiga muhabbat dardiga mubtalo bo‘lgan, balki hech qachon hech kim sevmagan kimsa haqida borayotir. Uning hayoti soxta muhabbat girdobida xazon bo‘lgan. Ayni paytda soxta muhabbat ko‘ngilda achchiq bahonayi sabab cho‘kindisi-dog‘ini, qay asno g‘oyib bo‘lganiga oid xotira asoratini qoldiradi. Stendal nazariyasiga jiddiy yondoshib, tahlil qiladigan bo‘lsak, hamma-hammasi teskari, ya’ni oyog‘i osmondan ekanining; kulminatsion muhabbat kalimasi so‘nggi marra ekanining guvohi bo‘lamiz. Obyekti hamon o‘zgarmay qolgani tarzda muhabbat zavolga yuz tutishini qanday izohlash mumkin? Holbuki, anglash-bilish nazariyasida Kant qanday yo‘l tutgan bo‘lsa, shu asno ish tutish kerak, ya’ni inon-ixtiyorimiz ishqiy his-tuyg‘ular qo‘lida emas, balki aksincha, hayajonlangan, tug‘yonga kelgan hayajon-ehtiros, tahayulot obyektni yaratadi. Basharti, yanglish dunyoga kelgan bo‘lsa, muhabbat zavol topadi.

Shatobrianning hissiy tajribasi tamomila teskari xulosa chiqarishiga sababchi bo‘lgan. Mana sizga teran kechinmalarni his etishga yaroqsiz, faqat chinakam-haqiqiy muhabbat tuyg‘usini o‘zgalarda keltirib chiqarishga qobiliyatli shaxs namunasi. U hayoti mobaynida juda ko‘p juvonlarga duch kelgan, va istisnosiz barchasini darhol va umrbod mahliyo qilgan. Darhol va umrbod. Shu bois Shatobrian muayyan aqida yaratishi muqarrar bo‘lgan va yaratgan ham: chinakam-haqqoniy-haqiqiy muhabbat abadiy va ko‘z ochib yumguncha dunyoga keladi.

II. (DARHOL VA UMRBOD)

Shatobrian va Stendalning muhabbati tarixini psixologik nuqtai nazardan qiyoslash Don Juan timsoli haqida yengil-yelpi mulohaza yuritadiganlar uchun bag‘oyat ibratli va koni foyda. Mana ulkan ijodiy salohiyatga ega ikki siymo. Ularni hech kim shilqim yoxud xotinboz demaydi. Holbuki go‘l va kaltafahm kimsalarning nazdida Don Juan baayni shunday. Bundan qat’iy nazar ikkalasi ham kimgadir mehr-muhabbat qo‘yish uchun qalb harorati-qo‘rini ayamagan. Bu ikkalasiga ham nasib etmagani shubhasiz. Chamasi, savdoyi muhabbatdan lazzatlanish-huzurlanish ulug‘vor-buyuk qalblar toleiga bitilmagan. Shunga qaramay ular ayni maqsad sari jon-jahdi bilan intilgan va hamisha muhabbat dardiga chinakamiga mubtalo bo‘lganiga ishonchi komil bo‘lgan. Muhabbat mojarolari ular uchun ijoddan ham katta ahamiyat kasb etgan. Shunisi qiziqarliki, faqat ijodiy salohiyatga ega bo‘lmagan odamlar ilm-fanga, san’atga yoki siyosatga jiddiy yondoshish kerak, muhzabbat mojarolaridan esa tubanlik va bema’nilik sifatida nafratlanish kerakligiga ishonadilar. Bu borada menga baribir: faqat quyidagi dalilni qayd etish bilan kifoyalanaman, ya’ni buyuk siymolar, odatda, basharti mazkur fazilatga petite-bourgeoise (1) nuqtai nazaridan qaraydigan bo‘lsak, u darajada jiddiy bo‘lmagan.

Biroq donjuanlikni idrok etish-anglash uchun Stendal bilan Shatobrian o‘rtasidagi farq muhim ahamiyatga ega. Ayni Stendal ayollarga shoyon diqqat-e’tibor qaratgan. Holbuki, haqiqiy Don Juan tamomila aksincha yo‘l tutgan. Don Juan tamomila buning aksi; azbaroyi hayajonlanish unga begona, hamisha g‘am-g‘ussa iskanjasida va, biron-bir ayolga jiddiy e’tibor bergani amri mahol.

Umr bo‘yi ayollarning mehr-muhabbatini qozonishga urinadigan kimsalarni Don Juanga o‘xshatish juda katta xato. Eng yaxshi holatda bu yaramas va behayo Don Juan tipini oydinlashtiradi, lekin ehtimoldan xoli emaski, bu fikr-mulohazalar pirovard natijada tamomila o‘zgacha insoniy tip shakllanishiga olib keladi. Shoirni ta’riflash asnosida nomigagina nazm ahliga e’tiborni qaratadigan bo‘lsak, qanday hol ro‘y beradi? Yomon shoir aslida shoir-poir emas ekani, jamiki urinishlari zo‘riqishlaru samarasiz chiranishlardan bo‘lak hech vaqo emasligi oydinlashadi. Yomon shoir salohiyati yo‘qligi, ilhom nima ekanini bilmasligini yuzaki bezaklar, yaltiroq zeb-ziynatlar – yelkasiga tushadigan savatday sochiyu eng so‘nggi modadagi bo‘yinbog‘lar bilan niqoblamoqchi bo‘ladi. Xuddi Don Juan kabi – muhabbat sahnida ertayu kech ter to‘kadigan mehnatkash, Don Juanga ikki tomchi suvday “o‘xshaydigan” bu soxta “Don Juan” aslida uning tamomila aksi, nusxasi, xolos.

Don Juan ayollarga emas, aksincha ayollar unga mahliyo bo‘ladilar. Inson fe’l-atvoriga oid shubhasiz haqiqatlardan biri shu bo‘lib, muhim donjuanlik mavzuiga keyingi paytda tez-tez murojaat qilayotgan yozuvchi-shoirlar ayni haqiqat-muammo ustida bosh qotirsalar, foydadan xoli bo‘lmasdi. Ayollar ayrim erkaklarga alohida xayrixohlik va kuchli diqqat-e’tibor bilan qarashlari sir emas. Ayni shu masala ustida istagancha fikr-mulohaza yuritish mumkin. Bunday g‘aroyib fazilat qanday izohlanadi? Bunday jozibadorlik negizida qanday sir-sinoat yashiringan? Boshqa tomondan kimningdir bema’ni xayolotining samarasi hisoblanuvchi u yoki bu darajadagi mavhum Don Juan timsolini tanqid qilish go‘llik, boz ustiga hech qanday naf keltirmaydi. Ruhoniy-va’zxonlarning azaliy zaifligi bor – laqma-landavur manixesni o‘ylab topadilar-da, so‘ngra manixeyizm ustidan istagancha mag‘zava ag‘daradilar.

Ayol jinsi – malikalar qal’asini Stendal qirq yil qamal qildi. U boshlang‘ich sabablaru pirovad natijalardan iborat yaxlit dastur yaratdi. Chekindi, yana hujumga tashlandi, maqsad sari qaysarona jon jahdi bilan intildi. Maqsad-natija esa sariq chaqaga qimmat! Stendal biron bir ayolning mehrini qozona olmadi. Va bunga ajablanishning hojati yo‘q. Aksariyat erkaklarning qismati shunday. Garchi mag‘lubiyatlar alamini berkitishga urinib, ayollarning o‘ta g‘aribona sadoqati va itoatgo‘yligi alohida mehr-muhabbat sifatida talqin qilinishiga qayta-qayta duch kelamiz, holbuki bu ham uzluksiz sa’y-harakatlar natijasida qo‘lga kiritiladi. Estetik-nafis taassurotlar borasida ham shunday holat ro‘y beradi. Juda kamdan kam odamgina san’atdan chinakamga zavqlana oladi. Shu bois jozibador raqs tomosha qilayotganimizda yetmish ikki tomirimizda hayajon jo‘sh urgani yoki o‘ta qiziqarli kitob mutoalasi natijasida his qilinadigan hayrat timsolida tasavvur etishni istaydilar.

Stendalning muhabbat tafsilotlari shunga o‘xshash soxtakorlik bilan yo‘g‘rilgan. Avel Bonnar “Stendalning maishiy hayoti” kitobida bu fikrni qat’iy yoqlamaydi, ayni shu jihat meni mazkur fikrlarni bayon etishga undadi. Mazkur oydinlashtirish e’tiborga molik, illo Stendal ilgari surgan muhabbat nazariyasining jiddiy nuqsonlarini fosh etadi. Uning nazariyasi negizini soxta, yuzaki tajriba tashkil etadi.

Stendal hayotiy tajribasidan kelib chiqib, xulosa yasaydi: muhabbat “yaratiladi” va nobud bo‘ladi. Unisi ham, bunisi ham soxta muhabbatga xos.

Shatobrian uchun esa, aksincha, muhabbat – allaqanday “mavjudlik”. Bu borada u o‘zini zo‘riqtirmaydi. Ayollar u bilan tanishgani hamono allaqanday afsungar jodu qarmog‘iga ilinadi. Natijada butun borlig‘ini shubhasiz baxshida etadi. Nechun? Donjuanlik tadqiqotchilari ayni mana shu jumboq javobini topishlari kerak edi. Shatobrian xunuk. Pakana, boz ustiga bukirday bukchaygan. Hamisha darg‘azab, shubhagar va mug‘ombir. Mahliyosiga aylangan ayol bilan andarmonligi sakkiz kundan oshmagan. Holbuki, yigirma yoshda unga mehr qo‘ygan ayol, garchi keyinchalik uni ko‘rish hech qachon nasib qilmasa ham, sakson yoshgacha Shatobrian “daho”sining mahliyosi bo‘lib qolavergan. Bunga talay isbotlar bor.

Ulardan biri: markiza de Kyustin (2) — Fransiyaning “shalola soch sohibasi” sifatida mashhur bo‘lgan. Aslzoda oilalardan biriga mansub markiza tengsiz husni jamol sobihasi edi. Inqilob chog‘ida navnihol markizaning boshida rosmana qora bulutlar to‘planadi. Uni Tribanul a’zosi, allaqanday etikdo‘zga muhabbat qutqaradi. Va Angliyaga bosh olib ketadi. Vataniga qaytib kelganida Shatobrianning “Atala” (3) qissasi dunyo yuzini ko‘radi. Muallif bilan tanishgani hamono markiza aqlu xushini yo‘qotadi. Injiq Shatobrianning ko‘ngliga yo‘l topish uchun Genrix IV atigi bir kecha tunagan ko‘hna Fervak qal’asini sotib olish tadorigiga tushadi. Angliyada jon saqlab yurgan yillarida izdan chiqqan ishlarini amal-taqal qilib, biroz o‘nglagan markiza zarur mablag‘ to‘plab, qal’ani xarid qiladi. Biroq Shatobrian uning huzuriga oshiqmaydi. Pirovard natijada bir necha kun mehmon bo‘ladi – bu muhabbat dardiga chalingan juvon hayotida yulduzli lahzalarga aylanadi. Genrix IV kaminga ov pichog‘i bilan o‘yib yozgan fardni Shatobrian o‘qiydi:

«La dame de /ervaques
meride de vives attakues» (4).

Yulduzli lahzalar ko‘z ochib yumguncha o‘tadi va ortiq takrorlanmaydi. Shatobrian badar jo‘nab ketadi: uni yangi muhabbat mavolari chorlaydi. Oylar, yillar o‘tadi. Markiza de Kyustin yoshi yetmishni qoralab qoladi. U allaqanday mehmonni qal’asi bo‘ylab sayr qildiradi. Ulkan kamin o‘rnatilgan xonada xonimni daf’atan savolga tutadi: «Shatobrian ayni shu joyda qarshingizda tiz cho‘kkanmidi?». U esa birdaniga qizishib, ajablanib va hatto qattiq haqoratlanganday javob beradi: «Nimalar deyapsiz, azizim, yo‘q-yo‘q, aksincha: aynan kamina Shatobrian qarshisida ta’zim bajo aylaganman!»

Butun borlig‘ini mahbubaga baxshida etishni talab qiluvchi bunday muhabbatni Stendal bilmagan. Shu bois muhabbat vaqt o‘tishi asnosida zaiflashib borishiga ishonchi komil bo‘lgan, aslda esa buning tamomila aksi ro‘y beradi. Qalb qa’rida tug‘ilgan chinakam haqqoniy muhabbat, chamasi, zavolga yuz tutmaydi. Bunday muhabbat qalb ganjiga aylanadi. Vaziyat – jumladan, hijron – uni hayotiy manbadan mahrum qilishi mumkin; oqibatda bunday muhabbat holdan toyaadi va zaif rishtaga, ko‘ngil kunjaklarida arang jon saqlovchi, yurakni orziqtiruvchi xotiraga aylanadi. Biroq shu holda ham zavol topmaydi. U baxsh etadigan his-hayajon o‘zgarmaydi. Ayni shunday shubhasiz negiz-asos sharofati bilan sevgan odam – oshiq keyinchalik ham mahbuba bilan o‘zini muhabbat rishtalari vositasida chambarchas bog‘langan his etaveradi. Qismat jismoniy olamdagi va ijtimoiy muhitdagi maqomini o‘rgartirib, sevganidan judo qilishi hech gap emas. Hatto bu ham oshiq qarshisida ojiz – muhabbati qalbida ketadi. Chinakam muhabbatning oliy, ilohiy alomat-nishonasi shunday: mahbuba bilan hamnafas-hamrohlikka, sirli-sinoatli yaqinlikka talpinadi. Bu rosmana hayotiy rishtalar bilan chambarchas bog‘lanishni bildiradi.

Yana ham aniq, garchi birmuncha maxsus, ilmiy atama, ya’ni — mahbuba bilan ontologik hamnafaslik, uning o‘zgaruvchan taqdirga sadoqatli bo‘lish atamasi ham mavjud. Jinoyatchini sevadigan ayol, qayerda ekanidan qat’iy nazar, qalban qamoqda ham u bilan birga bo‘ladi.

——————
1. Maydaburjua, meshchanlik (fransuzcha).
2. Markiza de Kyustin diplomat Reno-Filipp de Kyustinning (1768-1793) xotini va general Adam Filipp de Kyustinning (1748-1793) kelini bo‘lgan. Ikkalasi ham inqilob choida qatl etilgan; markiza yoliz baxtli tasodif tufayli omon qolgan.
3. Shatobrianning «Atala, yoki ikki yovvoyining muhabbati» qissasi 1801 yili chop etilgan.
4. «Fervak mohi adil,
Hujumga arzir dadil».

III. (KOMILLIKKA MUHABBAT)

Stendalga muhabbat nazariyasini aniq ifodalash imkonini bergan «kristallanganlik» so‘zi metafora sifatida juda yaxshi ma’lum. Basharti, Zalsburg tuz konlariga shohchani tashlab, keyingi kuni olsangiz, o‘zgarganini ko‘rasiz. Yaltiroq nuqralar bilan qoplanishi natijasida shohcha g‘aroyib tarzda tovlanadi. Stendalning e’tiroficha, muhabbat bilan yo‘g‘rilgan qalb ham shunday jilo-jilva kasb etadi. Muayyan ayolning siymosi erkak-oshiq qalbiga muhrlanib, asta-sekin oshiqona tahayyul vositasida jilo topadi, pirovard natijada ilohiy go‘zallik kasb etadi.

Bu ma’lum nazariya menga hamisha o‘ta soxta tuyulgan. Unda yolg‘iz xulosa, ya’ni muhabbat ma’lum ma’noda komillikka, barkamollikka intilish (bu ham mantiqiy xulosa emas, balki tusmollab topilgan) ekanining e’tirofi diqqatga sazovor. Shundan kelib chiqqan holda Stendal majburan komillik, barkamollik – tasavvuf-tahayyulotimiz samarasi, degan xulosaga keladi. Biroq bu mavzuga to‘xtalmaydi, chunki bu uning nazariyasida o‘ta kamtarona o‘rin tutuvchi shundoq ham ayon haqiqat; gap muhabbatning eng muhim, eng teran, eng sirli-sinoatli xususiyati haqida borayotgani uning xayoliga ham kelmaydi. «Kristallanish» nazariyasini asosan muhabbatdan ko‘ngil qolishi sabablari, xomxayollarning chippakka chiqishi qiziqtiradi; ya’ni mahliyo bo‘lish o‘rniga nima uchun befarq bo‘lishlari qiziqtiradi.

Stendal, chinakam fransuzlarga xos yo‘l tutib, umumiy mulohazalar yurita boshlagani hamono sayozlashadi. U nihoyatda ulkan, boshlang‘ich muhimlikka ega mavzu yonidan, birrov nazar tashlagani holda ajablanmasdan, hayratlanmasdan o‘tib ketadi. Holbuki, shubhasiz va tabiiy tuyulgan holatlardan hayratlanish qobiliyati aynan faylasuflarga ato etilgan. Aflotun muhabbatning jon tomirini tutib oladi, dadil ildamlaydi. «Muhabbat – bu go‘zallikda tajassum topishdan iborat abadiy-mangu ehtiros» (1). «Bu yana qanaqa laqmalik!» — deyishadi muhabbat borasida alloma hisoblangan juvonlar dunyoning istalgan burchagidagi istalgan qahvaxonada qahvaxo‘rlik qilish asnosida. Nazokatli qalblarga hotamona iltifot baxsh etganidan miyig‘ida kulib qo‘ygan faylasufni qanchalar mamnun etganliklari ayollarning hatto xayoliga ham kelmaydi. Faylasuf muhabbat haqida gapirar ekan, ularga hazil qilish bu yoqda tursin, hatto ularga tamomila befarq ekanini ham bilmaydilar. Fixte qayd etganidek, falsafa yuritish –hayot kechirmaslikday gap, xuddi shunday hayot kechirish, yashash – falsafa yuritmaslikdan bo‘lak hech vaqo emas. Hayotdan tamomila uzilish, nigohlardan pinhon mavolar og‘ushida g‘oyib bo‘lish saodati-qobiliyati qanchalar totli! Va faylasuf bu qobiliyatni qanchalik puxta egallagan bo‘lsa, ayol-juvon nazdida shunchalik go‘l, laqma, sodda, bo‘sh-bayov tuyuladi. Ayollarni, darvoqe Stendalni ham muhabbat nazariyasida psixologik qaltis nozikliklar va latifalar qiziqtiradi. Ular ham diqqatga sazovor ekani shubhasiz, biroq hamma gap mazkur yengil-yelpi munosabat-yondoshuvlar bilan haddan tashqari andarmon bo‘lib, qalb kechinmalarining eng muhim muammolari, xususan yigirma besh asr muqaddam Aflotun aytgan ta’rif-ta’bir e’tiborimizdan chetda qolib ketmasmikan degan xavotir tashvishlantiradi.

Mavzudan chetlashib, juda muhim shu masalaga to‘xtalamiz.

Aflotun lug‘atida «go‘zallik» atamasi nazdimizdagi «barkamollik» sifatida talqin qilinadi. Muayyan ehtiyotkorlik bilan, ayni paytda Aflontunning mulohazalari doirasidan chetga chiqmagan holda aytish mumkinki, u ilgari surgan aqidaning mohiyati quyidagicha: muhabbat oshiq-mahbubning boshqa odam – mahbuba bilan qovishuvi-uyg‘unlashuvini shubhasiz o‘z ichiga oladi, mahbuba mahbubning nazdida g‘aroyib barkamollik sohibasi. Boshqacha aytganda, bu ko‘nglimizning ma’lum ma’noda ahamiyatlilikka, betimsol go‘zallikka, oliymaqom maqomotga talpinishi. Ko‘ngil kechinmalari – aniqroqi, muhabbat ehtirosi – bevosita asliyatimizdan kelib chiqmaydi, aksincha bizlarni hayratlantirgan obyekt ta’siri natijasida yuzaga keladi. Ayni paytda u tabiatan barkamol bo‘lishining, shuningdek yolg‘iz bizning nazdimizda shunday fazilat sohibasi ekanining hech qanday ahamiyati yo‘q. Muhabbat obyekti – mahbuba mahbubning nazdida biron bir barkamollik fazilatidan mahrum bo‘lishi mumkin emasligiga kitobxon shunday holatini tasavvur qilib, ishonch hosil qilishi mumkin. Shunday qilib, sevish – sevgi dardiga mutbalolik nimagadir mahliyolik, nimadandir hayratlanish (buning tafsilotini quyida bayon etamiz) bo‘lib; ayni paytda faqat barkamol yoki shunday tuyulgan narsagina hayratlantira oladi. Mahbuba har jihatdan barkamol, bekamu ko‘st bo‘lishi kerak, deya da’vo qilmoqchi emasman,- Stendal ayni shu masalada yanglishgan. Ayni narsa-siymo biron bir ma’noda barkamol bo‘lishi kifoya, chunki insoniy tasavvurdagi barkamollik – absolyut ideal komillik emas, balki yon-atrofdagilardan alohida yuksak fazilatlari bilan farqlanish-afzallikni bildiradi.

Biroq bu masalaning faqat bir tomoni. Ikkinchi jihati shundaki, biz ayni shu yuksak-oliy fazilatlarga ega inson-siymo bilan yaqinlikka, unga yaqinlashishga talpina boshlaymiz. «Yaqinlik, yaqinlashish» deganda nimani tushunish zarur? Sevgi dardiga telbalarcha mubtalo bo‘lganlarning samimiy e’tirofiga ko‘ra, ular – nima bo‘lmasin, butun fikru zikrini taslim aylaganidan qat’iy nazar, mahbuba bilan jismoniy yaqinlik ehtiyojini sezishmagan. Bu to‘la oydinlikni talab qiluvchi nozik mavzu. Gap mahbubning mahbuba bilan intim-jinsiy yaqinlikka ham tashna ekanini xususida emas. Biroq shunday «tashnalik» mavjud bo‘lgani holda ham mahbub faqat «shunga tashna» degan taxmin noto‘g‘ri bo‘lardi.

Yana bir muhim jihatni qayd etish fursati yetdi. «Muhabbat ehtirosi» bilan «muhabbat instinkti» o‘rtasidagi farqni hech kim – darvoqe, yolg‘iz Shelerdan bo‘lak – aniq idrok etmagan, oqibatda «muhabbat instinkti» «muhabbat ehtirosi» tarzida talqin etiladi. Inson fe’l-atvorida instinktlar deyarli hamisha instinktdan holi ko‘ngil kechinmalari va hatto ruhiy xossalar bilan uyg‘un bo‘lishi shubhasiz. Sof instinktga kamdan-kam duch kelamiz. «Jismoniy muhabbat»ga oid keng tarqalgan tushuncha, nazarimda, to‘la asosga ega emas. Faqat va faqat jismoniy mayl-moyillikni his etish mushkul, va bu ham kamdan kam uchraydi. Odatda, hissiy ko‘tarinkilik, go‘zallikdan hayratlanish, xayrixohlik, moyillik singari kechinmalar hissiyot sezgirligiga hamrohlik qiladi va u bilan uyg‘unlashadi. Ayni paytda absolyut hissiyotlilik, instinktiv moyillik holatlari uni «muhabbat ehtiros»i yetarli darajadan ham ziyoda. Bunday farq-tafovut ikki qaltis vaziyatda: ya’ni jismoniy mayl-moyillik axloqiy mezonlar yoki muayyan me’yorlar vositasida jilovlanganida yoki aksincha tiyiqsiz hissiyotlarning lazzatparastlik-shahvatparastlik tusini olishida ayniqsa yaqqol ko‘zga tashlanadi. Bu har ikki holatda, muhabbatdan farqli ravishda, o‘ta shahvatparastlik – aniqrog‘i behad shahvatparastlik – obyektdan qat’iy nazar hukm surishi shubhasiz. Mayl-moyillik inson yoki uni qondiradigan vaziyat yuzaga kelishidan oldin iskanjaga oladi. Oqibatda kim qoniqtirishining ahamiyati qolmaydi. Instinkt sof holatda tanlash-saralash-saylash salohiyatidan mahrum. Shu bois u barkamollik sari talpinish-yuksalish bo‘la olmaydi.

Muhabbat instinkti nasl-urug‘ni saqlashni kafolatsa ham, uning barkamolligini ta’minlay olmaydi. Va aksincha, chinakam-haqiqiy muhabbat ehtirosi, o‘zga insonga, uning qalbi va chiroyiga mushtarak-uyg‘un mahliyolik-maftunlik, azal-azaldan bani basharni barkamollashtiruvchi buyuk kuch-qudrat bo‘lmasligi mumkin emas (ta’kid bizniki – tarj.). Obyektdan mustaqil-ayri holatda mavjud bo‘lish o‘rniga yo‘limizda uchraydigan, qalbiga tug‘yon soluvchi allaqanday favqulodda fazilat-xislatlari bilan farqlanuvchi, afzal, ziyoda insondan yog‘ilayotgan hayotiy kuch-quvvatdan shubhasiz bahramand bo‘ladi.

Bu tuyg‘u his qilingani hamono mahbub o‘z shaxsiyatini boshqa inson-siymo-mahbuba shaxsiyatiga singishi va, aksincha mahbuba shaxsiyatini o‘z shaxsiyatiga singdirish, jo etishdan iborat tushunuksiz ehtiyojni his etadi. /aroyib ehtiyoj! Holbuki o‘zgacha holatlarda shaxsiy hayotimizga biron bir kimsaning aralashuvi, suqilib kirishiga mutlaqo chiday olmaymiz, muhabbat na’shasi shundaki, o‘zga kimsa-mahbuba shaxsiyatini to‘laligicha o‘z shaxsiyatimizga shu darajada singdirib olamizki, natijada «ikki jismu jondan iborat yaxlit jismu jon» sifatida oliy saodatga musharraf bo‘lamiz. Bu sensimonistlar aqidasini yodga soladi, unga binoan muayyan real inson shaxsi bir paytning o‘zida ham erkak, ham ayol sanaladi. Darvoqe, bu aqidada azbaroyi qovishuv-uyg‘unlashuv ehtiyoji-talabi hech bir aks etmagan. Muhabbat soxta, yuzaki bo‘lmasa, farzand siymosida muayyan ramz-timsolni va ayni paytda mahbuba fazilatlarining amaliy tajassumini ko‘rish bilan bog‘liq anglangan istakka do‘nadi. Muhabbatga tayanuvchi bu uchinchi bo‘g‘in, chamasi, uning mohiyatini butun boshlang‘ich sofligi bilan aks ettiradi. Farzand-bola – ota ham, ona ham emas, balki har ikkisining muayyan shaxs timsolida yaxlitlashuvi va jismoniy va ma’naviy voqelik tusini olgan barkamollik sari tashlangan qadam-talpinish. Soddadil Aflotun haq: «Muhabbat – bu go‘zallikda tajassum topishdan iborat abadiy-mangu ehtiros», yoxud neoplatoniklardan biri, Lorenso de Medechi aytganidek, appetito di beiieza («Muhabbat – go‘zallikka tashnalik (talpinish)».

Yangi davr nazariyoti kosmologiyadan bezdi va yolg‘iz psixologik masalalar qa’riga shung‘idi. Muhabbat psixologiyasining mushkulotlari, sababiyat to‘rlariga o‘ralib, sevgining mana shu tub va ayni paytda samoviy jihatidan e’tiborimizni chalg‘itdi. Shunday qilib, psixologiya sohasiga qadam qo‘yamiz, garchi uning qoidalari-mezonlariga zid bo‘lsa ham, ishqiy kechinmalarimizning qashshoq solnomasi jamiki rang-barangligi va vaj-karsonlari bilan ayni shu tub va samoviy kuch-qudratning faoliyati natijasidan bo‘lak hech vaqo emasligini yodda tutib, bu kuch-qudratni – ibtidoiy yoki nazokatli, soddadil yoki zakovatli, u yoki bu davrga mansub — ruhiyatimiz olami faqat turli shakllarda o‘zlashtiradi va tasajjum qila oladi. Quvurlar va o‘zga, katta yoki kichik mexanizmlarni oqimga botirish asnosida uning boshlang‘ich harakatlantiruvchi kuchini ham unutmaslik kerak.

—————-
1. Aflotun shu asno muhabbatni ko‘ngil kechinmasi sifatida anglaydi («aflotuncha muhabbat» atamasi shundan kelib chiqqan). Shogirdi Arastu muhabbatni yoxud shahvoniy mayl shaklida, yoki shahvoniyatdan holi do‘stlik sifatida e’tirof etgan. Uning inson ruh va tana uyg‘unligidan iborat, degan aqidasi mohiyati shunda aks etadi (Qarang: Aristotel. O dushe. 403 a 3. Soch. 1. M.,1975).

IV. (MUHABBAT XILMA-XILLIGI)

«Kristallanish» nazariyasi dastlab nazar tashlaganda shubhasiz haqiqatga ega ekanini inkor etib bo‘lmaydi. Haqiqatdan ham, ishqiy munosabatlarda yolg‘iz shaxsiy xato-kamchilar tufayli ko‘zimiz moshday ochiladi. Mahbubani unga xos bo‘lmagan fazilatlar va komilliklar sohibasi sifatida tasavvur qilamiz. Basharti shunday ekan, Stendal haq ekanini e’tirof etish kerak emasmi? Buning hojati yo‘q. Yolg‘iz haqqoniylik haq bo‘lish uchun kifoya qilmaydigan holatlar ham uchraydi. Voqelik bilan o‘zaro munosabatlarda har qadamda xato sodir etgan holda, muhabbat masalasida mutlaqo ziyrak bo‘lishimiz aqlga sig‘maydi. Busiz ham narsa-ashyolarning xayoliy-tahayyuliy xossalarini amaliy-mavjud tarzda talqin etamiz. Inson uchun biron bir narsa-ashyoga nazar tashlash, boz ustiga baholash – uni muayyan ma’noda to‘ldirish-to‘yintirish-boyitishni bildiradi. Bir paytlar Dekart derazadan termilar ekan, odamlarni ko‘rayapman deya o‘ylashi asnosida yanglishayotganini e’tirof etgan. Aslida u nimalarni ko‘rgandi? Chapeaux et manteaux, rien de pius (1). (Bunday kuzatish usuli impressionist-rassom uchun juda mos kelgan bo‘lardi: ko‘z oldimizga beixtiyor Velaskesning “Les petits chevaliers” (2) asari keladi. Luvrda saqlanayotgan bu asardan Mano nusxa ko‘chirgan). Qat’iy aytganda, voqelik aslida qanday bo‘lsa, ayni shu holatda hech kim uni ko‘rmaydi. Aksincha buyuk ziyraklik-donishmandlik sanasi Zaminiy hayotning so‘nggi kuni bo‘lardi. Bundan qat’iy nazar tasavvurimiz voqelikni adekvat aks ettiradi va harir parda orqali o‘tib, olamning tarxini, buyuk tektonik qatlamlarni ko‘zdan kechirish imkonini beradi, deb o‘ylaymiz. Ko‘pchilik, hatto aksariyat odamlar, shundan ham mahrum: ular muayyan kalima-iboralar bilan kifoyalanadi, nisbiy tushunchalar bilan cheklanib, oyparastlar singari g‘aflat changalida tentiraydilar. Biz daholik deb ataydigan xislat aslida mana shu xayolotlar tumani ichra oydinlik doirasini g‘oyibona kengaytirish va yangi, o‘ta yalang‘ochligi-ochiq-oshkoraligidan xijolatga tushganday titrayotgan chinakam voqelikni ko‘ra bilish qobiliyatidir.

Shunday qilib, “kristallanish” nazariyasida to‘g‘ri tuyulgan jihat atigi umumiy qonuniylikning ayrim yuzaga chiqishi, xolos. Butun hayotimiz ma’lum ma’noda – kristallanishdan iborat. Binobarin, muhabbatning mazkur o‘ziga xosligi – umumiy tusga ega xususiyat. Pirovard natijada sevish-mahliyolik asnosida kristallanish jarayoni birmuncha kuchayadi, deb taxmin qilsa ham bo‘lar edi. Biroq bu tamomila noto‘g‘ri taxmin, va nimaiki bo‘lmasin, stendalona anglash-talqin soxta-yuzaki. Bizning siyosat, artist, tadbirkor va boshqalarga oid tasavvurimizga nisbatan mahbubning tasavvurlari birmuncha soxta-sarobiy. Umuman, odamlar o‘z yaqinlariga oid xulosalarida bo‘lganidek muhabbat masalasida ham ojiz yoki ziyrak. Dunyodagi eng murakkab va nazokatli – insonni baholashda deyarli barchamiz kaltafahmlik qilamiz.

Kristallanish nazariyasi tahliliga chek qo‘yish uchun mazkur jihat mutlaqo uchramaydigan holatlarni eslash kifoya: bu eng ko‘p tarqalgan muhabbat shakli bo‘lib, unda mahbub ham, mahbuba ham esini yo‘qotmaydi va imkon qadar xato qilmaydi. Muhabbat mayllari nazariyasi tahlilini favqulodda jihatlarga e’tibor qaratishdan oldin eng tipik shakllarini oydinlashtirgan ma’qul. Gap shundaki, o‘zi qadrlagan allaqanday fazilatlar sohibasi bo‘lgan ayol-juvonni axtarish o‘rniga erkak kishi biron bir ayol-juvonda xayoliga ham kelmagan xossa-fazilatlarni daf’atan kashf etadi. Gap faqat va faqat ayollarning xossa-xususiyatlari haqida borayotganini esdan chiqarmang. Bu xossa-xususiyatlar qay asno erkak tasavvuri-tahayyulotining samarasi bo‘la oladi? Va aksincha, erkak fazilatlari qay asno ayol tasavvuri-tahayyuloti natijasi bo‘lishi mumkin? Mavjudligi mohiyatan e’tirof etilmagan fazilatlarni his etish, taxmin qilish va o‘ylab topish bilan bog‘liq haqqoniyatning Stendal g‘oyalari bilan hech qanday bog‘liqligi yo‘q. Bu pinhona, xufyona jihatga yana to‘xtalamiz.

Dastavval, mazkur nazariya negizini tashkil qiluvchi kuzatuv tarzida qo‘pol xatoga yo‘l qo‘yilgan. Aftidan, mahliyolik-sevish holati ong-tafakkurning favqulodda faolligi ila kechadigan jarayon sifatida taxmin qilinayotganday tuyuladi. Stendalona kristallanish qalbiy quvvatning jo‘sh urishi, botiniy olamning boyishi ila sodir bo‘ladi. Ayni paytda e’tirof etish joizki, sevish-mahliyolik — qalbiy qashshoqlik holati bo‘lib, bunda ichki-botiniy olamimiz g‘ariblashadi, qashshoqlashadi va falajlanadi-shol bo‘lib qoladi.

Men “sevish-mahliyolik” dedim. Muhabbatga oid mulohazalarda qalashib yotgan, ming karra chaylangan, siyqa ta’rifu tavsiflarga berilmaslik uchun qo‘llanilayotgan atamalarga muayyan aniqlik kiritish zarur. Oddiy va lo‘nda “muhabbat” kalimasi xilma-xil ma’no-mazmunga ega, ular shu qadar xilma-xilki, barchasiga muayyan mushtaraklik xos deb bo‘lmaydi. “Ayolga muhabbat” deymiz, ayni paytda “Ollohga muhabbat”, “Vatanga muhabbat”, “san’atga muhabbat”, farzandlik muhabbati” singari muhabbat turlari bor. Ayni bir kalimai sharifa shu qadar rang-barang va bezovta olamni ham ifoda etadi, ham har biri haqida ovoza qiladi.

Basharti biron so‘z o‘zaro bog‘lanmagan, umumiy negizdan tamomila mahrum tushunchalarni ifoda etsa, uni qo‘llash borasida bahslashsa bo‘ladi. Jumladan, jonivorlar sultonini ifodalovchi “lev” (“sher”) so‘zi ayni paytda ham Rim papalari ismi, ham Ispaniyadagi shaharlardan birining nomi. shu asno atigi bir so‘z bir necha ma’noni ifodalaydi, natijada ko‘z o‘ngimizda xilma-xil manzara paydo bo‘ladi. Lingvinist-tilshunos va mantiqshunoslar bir so‘zning xilma-xil ma’noga ega ekanini “polisemiya” deb atashadi.

Yuqorida keltirilgan holatlarda “muhabbat” kalimasi ayni bir ma’noni ifodalaydimi? “Ilm-fanga muhabbat” bilan “ayolga muhabbat” o‘rtasida biron bir uzviy aloqadorlik bormi? Bu ikki holat qiyoslanganda, bir-biridan deyarli tamomila farq qilishi oydinlashadi. Lekin sinchiklab nazar tashlasak, ularga yagona mushtaraklik xos ekani ma’lum bo‘ladi. Ayni shu ikki holatga xos boshqa xossalarni inobatga olmasdan, faqat mushtarak jihatga e’tiborni jalb qilish asnosida “muhabbat” deganda nimani anglash kerakligini bilib olish mumkin. Muayyan holat chegaralarini kengaytirish bilan bog‘liq yuzaki odatga ko‘ra ayni shu kalima bilan muayyan ko‘ngil kechinmasini ta’riflaymiz, holbuki bu yolg‘iz “muhabbat”ning va hatto yolg‘iz kechinmalarning emas, balki qator omillarning natijasi.

Afsuski, keyingi yuz yil mobaynida psixologiya madaniyatning tarkibiy qismi sifatida e’tirof etilmadi, psixologlarning sa’y-harakatlariga esa, odatga ko‘ra, hali hanuz inson psixologiyasini o‘rganishda foydalanilayotgan zarrabinga nazar tashlash sifatida qarab kelindi.

Muhabbatga aniq ta’rif beradigan bo‘lsak (3), bu – jonli yoki jonsiz istalgan obyektga yo‘nalgan yetarli hissiy-hayajonli faoliyat. “Hissiy-hayajonli” faoliyat bo‘lgani bois bir tomondan – anglash, tinglash, fikrlash, eslash, tasavvur qilish singari aql-idrok vazifalaridan farqlansa, ikkinchi tomondan istak-xohishdan farq qiladi. Holbuki muhabbat aksariyat istak-xohish bilan chalkashtiriladi. Tashna odam suv ichishni istaydi, biroq buning uchun suvni sevishning hojati yo‘q. Muhabbat, shubhasiz, istak-xohishni yuzaga keltiradi, lekin istak-xohish va sevgi-muhabbat o‘z holicha ayni bir xil emas. biz ona yurtimizda yashashni va uning ravnaq topshini istaymiz, “chunki” uni sevamiz. Mehr-muhabbatimiz ayni itsak-xohishlar debochasi, ular ona yurtga mehrimiz urug‘idan nihol singari o‘sib chiqadi.

Muhabbat “hissiy-hayajonli” faoliyat sifatida quvonch yoki qayg‘u kabi sust-zaif tuyg‘ulardan ham farq qiladi. Quvonch va qayg‘u baayni qalbimizni bezaydigan xilma-xil rang-bo‘yoq. Qayg‘u va shodlik – shunday “holat”ki, inson mazkur tuyg‘ular og‘ushida bo‘ladi. Quvonch o‘z holicha faoliyatsizlik, harakatsizlik, lekin xatti-harakatlar sababi bo‘lishi mumkin. Ayni paytda muhabbat nainki “holat”, balki mahbubaga yo‘nalgan faoliyat. Men muhabbat keltirib chiqaradigan tana va ruhda kechadigan yuksalish-tug‘yonlarni emas, balki muhabbat tabiatida insonni o‘zi sevadigan ashyo-siymoga intilishi asnosida shaxsiy “men”i chegara-sarhadlarini bartaraf etish ehtiyoji mavjud. Mahbubadan ming chaqirim olisda ham uni va u bilan uchrashishni o‘ylamagan taqdirda ham, basharti sevgimiz rostakam bo‘lsa, mahbubani xayolan qaynoq bag‘rimizga olamiz. Muhabbatni nafrat bilan qiyoslash buni to‘la-to‘kis isbotlaydi. Biron bir kimsa yoxud biron bir ashyodan nafratlanish alamkashlik kabi “sustkash-zaifona” holat bo‘lmasdan, aksincha muayyan xatti-harakat, tasavvurda, xayolan nafratlanish obyektini inkor qiluvchi, yakson etuvchi harakat. Tanamiz yoki qalbimizning biron-bir holatidan farqli spesifik hissiy-hayajonli — xoh intellektual, xoh hissiy yoki xoh irodaviy ekanidan qat’iy nazar faoliyat mavjudligini e’tirof etish chinakam muhabbat psixologiyasi uchun, nazdimda, favqulodda muhim ahamiyatga molik. Shu masalaga to‘xtalishda, odatda, natijalar tavsifi bilan cheklanadilar. Kamdan kam holatlarda muhabbat jamiki xilma-xilligi va boshqa psixologik holatlardan farqlari batafsil tahlil qilinadi.

Endilikda “ilm-fanga muhabbat” bilan “ayolga muhabbat” o‘rtasida allaqanday mushtaraklik borligiga oid taxmin tamomila aqlga zid tuyulmaydi. Bu hissiy-hayajonli faoliyat, mazkur muayyan hodisaga qaynoq va hayotbaxsh munosabatimiz ayni samarali tarzda ayolga ham, muayyan zaminga (vatanga) yoki biron-bir faoliyat turiga – sportga, ilm-fanga va boshqalarga yo‘naltirilishi mumkin. Ayni paytda shuni qo‘shimcha qilish joizki, “ilm-fanga muhabbat” yoki “ayolga muhabbat”da bevosita hissiy-hayajonli faoliyatga daxli bo‘lmagan jihatlarning barchasi muhabbat bilan bevosita boqliq emasligi shubhasiz.
Aksariyat “muhabbat mojarolari”da chinakam ishq-muhabbat bo‘lmaydi. Istak-xohish, qiziquvchanlik, savdoyilik, tuyg‘ularning samimiy aldovi mavjud, lekin bizga munosabati qanday ekanidan qat’iy nazar o‘zga shaxs-siymo-mahbubaning ehtirosli e’tirofi bu emas. “Muhabbat mojarolari” xususida shuni unutmaslik kerakki, ularning tarkibida sensu stricto muhabbatidan tashqari talay o‘zga unsurlar ham bor.

Muhabbatni keng ma’noda “mahliyolik” deb atashga ko‘nikkanmiz – mahliyolik o‘ta murakkab holat bo‘lib, unda sevgi aslida ikkinchi darajali ahamiyatga ega. Stendal ayni mana shu holatni nazarda tutib, risolasini kengaytirilgan ma’noda “muhabbat haqida” deya nomlaydi va ayni shu asno falsafiy dunyoqarashining cheklanganligini namoyish etadi.

Shunday qilib, kristallanish nazariyasi ko‘ngilda kechadigan haddan tashqari kuchli faollik-tug‘yon-g‘alayon sifatida talqin qiluvchi “mahliyolik”, menimcha, aslida ong-tafakkurimizning qashshoqlanishi va qisman falajlanishi hisoblanadi. Uning tasarrufiga, domiga mubtalo bo‘lgan holda odatiy holatimizga qiyosan nimagadir musharraf bo‘lmaymiz, aksincha allanarsalarni boy beramiz. Bu ko‘ngil-qalb tug‘yonlari psixologiyasini umuman ta’riflash-tavsiflashga majbur etadi.

——————
1. Shlyapa va yomg‘irpo‘shlardan bo‘lak hech vaqoni (fransuzcha).
2. «Mitti kavalerlar» asarini keyingi paytlarda Velaskesning shogirdi va kuyovi Xuan Maso chizgan deb hisoblanmoqda.
3. Mahbub holati emas, balki faqat muhabbat nazarda tutiladi.

V. (QIZIQUVCHANLIK VA SAVDOYILIK)

«Mahliyolik» qiziquvchanlik bilan bevosita bog‘liq ekanini dastavval qayd etamiz.

Ong-tafakkurimiz tarziga nazar solganimiz hamono tashqi va ichki-botiniy olamning ko‘pdan ko‘p holatlariga duch kelamiz. Xotiramizda ketma-ket saf tortadigan bu holatlar pala-partish tartibsiz emas. Ular muayyan tartibda, zarur iyerarxiya asosida joylashgan. Haqiqatdan ham, ularning birortasi boshqalariga nisbatan alohida mavqe-maqomga ega, qalbimiz ziyosi uni nurga chulg‘ab, alohida mazmun-mohiyat baxsh etadi. Qiziquvchanligimiz hamisha kashfiyotlarga ustasi farang: biron bir narsaga diqqat-e’tiborimizni jamlash asnosida muqarrar ko‘plab boshqa narsalarni chetga suramiz, ular shu asno xor-jo‘rovoz xonanadalar yoki fon-orqa manzara kabi ikkinchi planga o‘tib qoladi.

Har birimizning ichki-botiniy olamimizni tashkil qiluvchi holat-kechinmalar beadad bo‘lib, ong-tafakkurimiz imkoniyatlari esa cheklangani bois ular o‘rtasida diqqat-e’tiborimizga sazovor bo‘lish uchun o‘ziga xos bellashuv kechadi. Mohiyatan, ko‘nglimiz va ruhiyatimizda kechadigan jamiki jarayonlar ayni shunday munavvarlik hududida ro‘y beradi. Boshqa barchasi – ongli e’tiborsizlik hududi-sahni, ongosti sezimi va boshqa jihatlarni aytmay ham qo‘yaqolaylik, — hayotiylikka da’vogarlik, unga tayyorlanish, ombor, zahira. Shaxsiyatimizning hayotiy sahni sifatida ziyrak idrokni o‘zimizcha tasavvur qilishimiz mumkin.

Biron narsa-ashyo e’tiborimizni biroz jalb etadiyu, ko‘p o‘tmay o‘rnini boshqa narsa-ashyoga bo‘shatib beradi. Binobarin, qiziquvchanlik muayyan obyektdan boshqasiga o‘tadi, bu borada hayotiy qimmatiga bog‘liq ravishda ularning har biriga muayyan muddat bog‘liq bo‘ladi. Ajoyib kunlarning birida diqqat-e’tiborimiz faqat bir narsaga maftun-mahliyo bo‘ladiyu falajlanadi deya tasavvur qilaylik. Boshqa narsalarning barchasi ong-tafakkur-tasavvurimiz doirasidan siqib chiqariladi, inkor etiladi, tamomila g‘oyib bo‘ladi, va qiyoslanadigan-taqqoslanadigan biron bir obyektning yo‘qligi sababli diqqat-e’tiborimizni tamomila rom aylagan narsa-ashyo-siymo mislsiz ko‘lam kasb etadi. Natijada butun fikru zikrimizni zabt etib, qaysarona e’tiborsizligimiz bois rad-inkor etilgan jamiki olam o‘rnini yolg‘iz o‘zi egallaydi. Qo‘limizni ko‘zimizga olib borganimizda, mohiyatan, shunga o‘xshash holat ro‘y beradi: kaftimiz qanchalik kichik bo‘lmasin nigohimiz qarshisidagi butun olamni tamomila ko‘ra olmaydigan tarzda to‘sib qo‘yadi. Diqqat-e’tiborimizni jalb qilgan narsa-ashyo-siymo-mahbuba, nazdimizda, e’tiborimizdan chetda qolgan, sarobiy va hayotiylikdan mahrum, ongimiz-idrokimiz bo‘sag‘alarida mudrayotgan narsalarga nisbatan ipso fakto (1) — chinakam voqelik. Aksariyat voqelik sifatida tasavvur qilinishi asnosida yana salmoqli, yanada qimmatli, yanada ahamiyatli bo‘lib, boshqa jamiki olam o‘rnini egallashi shubhasiz.

Basharti biron obyekt diqqat-e’tiborimizni tez-tez va odatdagidan ziyoda jalb qiladigan bo‘lsa, «savdoyilik» holatiga duch kelamiz. Savdoyi – nonormal qiziquvchanlik xossalariga ega odam. Deyarli barcha buyuklar savdoyi, faqat ularning savdoyiligi oqibat-natijasi, ularning «yopishqoq g‘oyalari» bizlarga foydali va hurmat-ehtiromga loyiq tuyuladi. Nyutondan butun olam tortishish qonunini qanday kashf etgani haqida so‘rashganida: «Nokte dieque inkubando» («Bu xususda kechayu kunduz mulohaza yuritish natijasida») deya javob bergan. Bu — savdoyilik, muayyan g‘oyaga mubtalolik e’tirofi. Haqiqatdan ham bizlar qiziquvchanligimiz darajasiga ko‘ra bir-birimizdan keskin farqlanamiz. Bu xislat har kimda har xil namoyon bo‘ladi. Jumladan, har bir muammoning o‘ta gizli jihati mazmun-mohiyatini kashf etishga ahd qilgan mulohazakor tafakkur sohibini omi kimsaning diqqat-e’tibori bir mavzudan boshqasiga kapalakdek tez va yengil uchib-qo‘nishi g‘azablantiradi. Va aksincha faylasufning daryo quyi oqimi singari o‘zanning har tepaligi atrofida girdob hosil qilib aylangandek vazmin mulohazakorligi omi kimsani yuragini xufton qilib, asabiylashtiradi. Nihoyat, qiziqish, havas, maylga qarab, har bir inson haqida to‘la tasavvur hosil qilsa bo‘ladi. Iqtisodiy hisob-kitoblar qulog‘iga chalingani hamono kimdir es-xushini yo‘qotib, tubsiz chohga qulayotgandek tuyuladi. Boshqa bir odamning qiziquvchanligi stixiyali ravishda, nishablikdan san’at yoki mayishatparastlik tomon yo‘naladi. Xullas, nimaga diqqat-e’tibor qaratishingni aytsang, aslida qanday inson ekaningni aytib beraman, degan qoidani muayyan mezon-andoza sifatida qabul qilish foydadan holi bo‘lmasdi.

Shunday qilib, ishonchim komilki, «mahliyolik» — qiziquvchanlikning namoyon bo‘lishi, uning normal odam fe’l-atvorida nonormal holati.

«Mahliyolik»ning dastlabki bosqichi buni isbotlaydi. Jamiyat o‘zaro yaqin muomala qiluvchi ko‘plab ayollar va ko‘plab erkaklardan iborat. Indifferent holatda har bir erkakning – ayni shunday ayolning – diqqat-e’tibori qarama-qarshi jinsning bir vakilidan ikkinchisiga qaratiladi. Odatiy xayrixohligi, juda yaqin o‘zaro munosabatlar kabi omillar tufayli ayol muayyan erkakka boshqalarga nisbatan ko‘proq e’tibor qaratadi; biroq muayyan insonga diqqat-e’tibor bilan o‘zga barchaga nisbatan e’tiborsizlik-befarqlik o‘rtasidagi nomutanosiblik u qadar katta emas. Mohiyatan – juda ahamiyatsiz jihatlarni istino qilganda – ayol biladigan barcha erkaklar uning qiziqishi chegarasiga nisbatan baravar masofada, ayni bir qatorda joylashadilar. Biroq ajoyib kunlarning birida diqqat-e’tibordagi muvozanat buziladi. Ayol erkaklardan biriga beixtiyor alohida e’tibor qarata boshlaydi va hech qancha vaqt o‘tmay uni tamomila faromush aylab, biron-bir kimsa yoki biron bir mashg‘ulotga diqqat-e’tiborini jamlashi qiyinlashadi. Baravarlik-tenglik qatorida buzilish bo‘ladi: erkaklardan biri ayolning nazdida nisbatan yaqin masofaga keltiriladi.

«Mahliyolik» yuzaga kelishi asnosida – bu boshqa odam-mahbuba bilan favqulodda qiziqishdan iborat. Agar erkak ustun mavqeidan omilkorlik bilan foydalansa va o‘ziga nisbatan qiziqishni ustamonlik bilan saqlab qola bilsa, boshqa ishlar barchasi ko‘z ochib yumguncha ro‘y beradi. Umumiy, qiyofasiz kimsalar safidan kun sayin tobora yiroqlashadi; qalbini rom aylagan siymoga kun sayin maftun-mahliyo bo‘la boradi. Diqqat-e’tiboriga sazovor siymo fikri zikrini tobora zabt etadi. Boshqa odamlaru narsa-ashyolar asta-sekin uning uchun ikkinchi darajali narsaga aylanadi. «Mahliyo» ayol qayerda bo‘lmasin, nima bilan mashg‘ul ekanidan qat’iy nazar fikru zikri o‘sha erkakda bo‘ladi. Hatto turmush tashvishlariga diqqat-e’tibor qaratishi ham qiyinlashadi. Avliyo Avgustin muhabbatning mubolag‘aga moyilligini zukkolik bilan ifodalagan: «Amor meus, pondus meum; illo feror, quocumque feror» — («Ishqim mening, azobimning mening; ixtiyorim qo‘lida, qalandarman yo‘lida»).

Darvoqe, bu o‘rinda qalbimiz olami rang-baranglashuvi, boyishi haqida gap borayotgani yo‘q. Aksincha. ilgari hayajonlantirgan narsa-ashyolarning doirasi keskin qisqaradi. Ong-idrok-tafakkur mahdudona tus olib, faqat yagona obyektni jo etadi. Diqqat-e’tibor falajlanadi: bitta, yagona narsa-siymodan ortiq boshqachasiga chalg‘imaydi. Qotib qolgan, faoliyatdan to‘xtagan diqqat-e’tiborni yagona-yolg‘iz inson-siymo-mahbuba rom aylaydi. Bu, Aflotun ta’rifi bilan aytganda, Theia mania («ilohiy savdoyilik») (2). (Shu qadar hayratlanarli va beadad «Ilohiylik» nimaning taqozosi ekanini oydinlashtirishimiz kerak bo‘ladi).

Biroq mahbubning nazdida hayoti kamalakday rang-baranglik kasb etayotgandek tuyuladi. Holbuki olami torayib, ko‘p qirralilikni boy beradi. Qalb kuch-qudratining barcha-barchasi yagona nuqtaga jamlanib, ruhiy hayot shiddatli-jo‘shqin tus olganiga oid soxta tasavvur hosil etadi.

Ayni paytda bunday bir yoqlamalik alohida ajratib olingan obyekt-mahbubaga hayratomuz xossa-fazilatlar baxsh etadi. Gap asli yo‘q fazilatlarning unga nisbat berilishida emas (men bu ehtimolga to‘xtaldim; biroq bu Stendal yanglish taxmin qilganidek, eng muhim ham va muqarrar ham emas). Obyekt-mahbubani rosmana qamal qilib, butun diqqat-e’tiborimizni jamlab, unga ong-tafakkurimiz, aql-idrokimiz, fikru zikrimizda favqulodda o‘rin egallash, g‘oyat yuksak maqomga ega bo‘lish imkonini beramiz. Fikru zikrimizda har lahza mavjud; hamisha hamroh, yonma-yon, boshqa barcha narsalarga nisbatan hayotiy tus oladi. Boshqa narsalarga istab-istamay majburan e’tibor qaratamiz, chunki muhabbatimiz timsoli fikru zikrimizni batamom rom aylagan.

Shu o‘rinda mahliyolik bilan mistik-azbaroyi dindorlik o‘rtasida allaqanday bog‘liqlik borligini payqaymiz. Parvardigorga tavajjuh qilgan mo‘min ham shunday savdoyi holatiga tushadi va bu shunchaki quruq gap emas. Duolar va azbaroyi tavajjuh vositasida dindor ilohiy Parvardigor timsolini aniq ko‘rmagan taqdirda ham, to‘la-to‘kis his etadi-ilg‘aydi, natijada ishqi ilohiy qon-qoniga singib, ichki olamining tarkibiy qismiga aylanadi. Shundan e’tiboran, diqqat-e’tibori toki susaymas ekan, dindor Yaratgan bilan ramziy ma’noda bir butun, yaxlitga aylanadi. Istalgan botiniy kuchli his-hayajon uni Ilohiyotga dohil etadi, ya’ni yolg‘iz Uning fikri-zikriga takroran qaytadi. Darvoqe, bunda favqulodda dindorlik yo‘q. Dindorni Parvardigor timsoli tamomila rom etgani singari istalgan narsa-ashyo inson diqqat-e’tiborini to‘la-to‘kis rom etishi, tasarrufiga olishi hech gap emas. Muayyan mummo ustida yillab bosh qotirgan mutafakkir olim, muayyan timsol yaratish ila fikru zikri uzluksiz mashg‘ul adib bunday holatni boshdan kechirgan. Balzak: «Safsatani bas qilib, Sezar Birotto(3)ga oid zarur mavzuda suhbatlashaylik» deya amaliy suhbatga chek qo‘yganini eslashning o‘zi kifoya. Xuddi shunday mahbub uchun ham mahbuba hamisha har yerda hoziru nozir. Butun olam ayni mahbuba timsolida tajassum topadi. Mohiyatan, mahbub uchun dunyo yo‘q, g‘oyib bo‘lgan. Mahbuba butun dunyoni siqib chiqargan va uning o‘rnini yolg‘iz o‘zi egallagan. Shu bois irland qo‘shiqlaridan birida mahbub shunday nola qiladi: «Dunyo ham, olam ham sensan men uchun!».

—————
1. O‘z o‘zicha hayotiy voqelik (lotincha)
2. Aflotun «Ilohiy savdoyilik»ni to‘rt turga ajratadi: 1) ilhomiy karomatgo‘ylik. Tajassumi — Appolon; 2) sir-sinoatga bag‘ishlov – Dionis; 3) ijodiy savdoyilik – muza-ilhom parilari; 4) ishqiy tiyiqsizlik, ehtiros tashnaligi — Afrodita, Erot (Qarang: Platon. Fedr, 265. Soch.,t.2, s. 204).
3. Balzakning «Sezar Birotto ulug‘vorligi va tanazzuli salnomasi» (1837) romani qahramoni.

VI. IXTIYORIY VA MUQARRAR

Orzumandlikka berilmasdan aytganda, «mahliyolik-dardi ishq» — yana takrorlayman, gap sensu strikto (1) haqida borayotgani yo‘q — ko‘ngilning telbalikka duchor bo‘lishi, allaqanday muvaqqat karaxtlanishi. Aql-idrokimiz shu asno karaxtlanib, dunyoqarashimiz toraymaguncha, dardi ishqqa mubtalo bo‘lolmaymiz.

Muhabbatning bunday talqini Stendal da’vosiga shubhasiz zid. Kristallanish nazariyasi taqozo qilgandek, obyektning ko‘plab xilma-xil xossa-xususiyatlarni jamlash o‘rniga, aslida obyektni sun’iy ihotalaymiz-yakkalaymiz, sehrlangan xo‘rozdly harakatsiz va karaxt yolg‘iz uning o‘zi bilan qolamiz.

Bu borada jamiyat va ayrim shaxslar tarixini son-sanoqsiz yulduzlar ila munavvar etgan qalb kechinmalarining buyuk zafarlariga shubha bilan qarash fikridan yiroqman. Muhabbat – buyuk san’at asari, jism va jon uyg‘unligining sir-sinoati. Bundan qat’iy nazar ko‘pdan-ko‘p daf’atan, siyqa va, mohiyatan, ma’naviy qashshoqlik-g‘ariblik xususiyatlari bilan bog‘liq holda yuzaga keladi. Noyob ekaniga qaramasdan dardi ishqqa chalinganlarning har biri o‘ta cheklangan va, haligina aytganimday, siyqa andozalarga binoan faoliyat yuritadi.

Muhabbat jinsiy maylsiz bo‘lmaydi. Yelkanni shamol harakatga keltirgani singari muhabbat jinsiy mayldan qo‘pol kuch-quvvat sifatida foydalanadi. Muhabbat tasarrufidagi va ixtiyoridagi tabiiy kuch-quvvatning ikkinchisi “mahliyolik-dardi ishq” bo‘lib, uni mahoratli chavandoz kabi boshqaradi. Shuni unutmaslik kerakki, madaniy jihatdan g‘oyat e’zozlanadigan istalgan oliy ma’naviy-ruhoniy faoliyat-a’molni son-sanoqsiz elementar g‘ayriixtiyoriy xatti-harakatlarsiz tasavvur qilib bo‘lmaydi.

Mazkur aqliy cheklanganik-mahdudlik, ko‘ngil telbaligi-jazavasi holatiga tushgach, ya’ni dardi ishqqa yo‘liqqanimiz hamono tamomila es-xushimizni yo‘qotamiz. Dastlabki kunlarda biron-bir qarshilik ko‘rsata olamiz; biroq muayyan qiz-juvonga e’tibor bilan boshqa barchaga, binobarin, jamiki olamga e’tibor o‘rdasidagi oqilona nisbat buzilgach, vaziyat qo‘ldan chiqadi.

Qiziquvchanlik shaxsning namoyon bo‘lishida g‘oyat benazir; bu botiniyatimizni idora qiluvchi mexanizm. Karaxtlangan botiniyat xatti-harakatlar, a’mollar erkinligini iskanjaga oladi. Najot topish uchun idrokimiz sarhadlarini yana kengaytirishni, bu esa tasavvurimizga muhabbat predmetini afzal-ziyodalik maqomidan mahrum qiluvchi yangi obyekt-manbalarni kiritishni taqozo etadi. Basharti dardi ishqqa chalingan paytimizda muhabbat predmetiga-mahbubaga me’yoriy nuqtai nazardan yondosha olsak, antiqa xukmfarmoligi barham topgan bo‘lardi. Biroq buning uchun butun tevarak-atrofga alohida qiziqish bilan nigoh tashlashimiz va shu asno toki mehrimiz tushgan mahbubadan bo‘lak hech vaqo manzil-makon topa olmayotgan botiniyatimiz chegara-iskanjasidan chiqishimiz zarur.

Biz mahdud tashqi olamdan tamomila yolg‘izlangan-ihotalangan ishq iskanjasiga tushib qolamiz. Qalbimiz qasriga tashqaridan hech vaqo kirolmaydi va biron bir teshik-tuynuk orqali qochib chiqib, najot topishimiz uchun imkon bermaydi. Oshiq-mahbub ko‘ngli-qalbi bamisli toza havo kirmaydigan bemor xonasi.

Ayni shu bois har qanday dardi ishqqa yo‘liqqanlar asabiylik, jazavaga beixtiyor moyil bo‘ladilar. Ular o‘zligidan tamomila kechib, istalgan xatti-harakatdan tap tortmaydilar.

Qiz-juvonlaru yigit-erkaklarning qalbini “zabt etish” borasida ustasi faranglar buni biladi. Erkak ayolga xiyol e’tibor qaratgani hamono deyarli hech qanday kuch-g‘ayrat sarflamasdan uning fikru zikrini egallaydi. Goh “ha”, goh “yo‘q” deb, goh e’ibor qaratib, goh befarqlik bilan, goh g‘oyib bo‘lib, goh yana namoyon bo‘lib, istalgan o‘y-niyatga erishsa bo‘ladi. Bunday izchil ketma-ketlik ayolning ko‘ngliga pnevmatik mashina singari ta’sir etadi va pirovard natijada butun dunyoni sahroyi biyobonga aylantiradi. Odatiy til bilan aytganda, “boshini aylantirib, es-xushidan ayiradi”. Haqiqatdan ham, muhabbat oqibatida kalavaning uchini batamom yo‘qotadi! “Muhabbat savdolarining” aksariyati mahbubaga shunday elementar-xashaki munosabatdan iborat.

Mahbubni faqat kuchli tashqi ta’sir, biron bir majburiy munosabat xalos etadi. Shu bois ayriliq, sayohat mahbub-oshiq uchun benazir malham-davo. Muhabbat predmeti-mahbubaning olisda ekani unga e’tiborni susaytiradi-zaiflashtadi; yangi taassurotlar qiziquvchanlik kuchayishiga monelik ko‘rsatadi. Sayohat tamomila yangi hayot boshlashga, ko‘pdan ko‘p mayda-chuyda tashvish-muammolarni hal qilishga majbur etadi, kundalik g‘aribona turmush iskanjasidan xalos qilib, noma’lum son-sanoqsiz obyekt-manbalarga oshna etadi, — shu asno ong-idrokning patologik mahdudligiga va germetik yopiqligiga barham berish imkoniyati yuzaga kelib, tafakkurimiz toza havodan bahramand bo‘lish bilan birga risoladagidek istiqbolga yuz tutadi.

Avvalgi bobda kitobxonda yuzaga kelishi mumkin e’tirozga nihoyat to‘xtalish mavridi keldi. Mahliyolik — dardi ishqni muayyan insonga-mahbubaga yo‘nalgan diqqat-e’tibor sifatida ta’riflash asnosida mazkur qizg‘in qiziqish-mahliyolik favqulodda siyosiy yoki iqtisodiy voqealar yuzaga keltiradigan kechinmalar bilan ko‘plab mushtaraklikka ega ekaniga shohid bo‘lamiz.

Ayni paytda jiddiy farqlanadi. Mahliyolik-oshiqlikda diqqat-e’tibor ixtiyoriy mahbubaga yo‘naltiriladi. Favqulodda holatlarda esa, aksincha, beixtiyor, majburiy diqqat-e’tibor jamlanadi. Diqqat-e’tiborimiz asabiylashtirgan-g‘azablantirgan voqea-hodisalarga g‘ayriixtiyoriy jalb qilinadi va bu o‘ta ranjitadi. Sust va faol diqqat e’tibor orasidagi farqni – mana yetmish yildirki – birinchi bo‘lib Vunt qayd etgan. Deylik, ko‘chada yangragan o‘q ovoziga sust e’tibor qaratiladi – kutilmagan qarsillash ongimizga moneliksiz suqilib kiradi va diqqat-e’tiborimizni jalb etadi. Mahbub-oshiq esa hech qanday majburiylik sezmaydi, illo diqqat-e’tibor ixtiyoriy muhabbat predmeti-mahbubaga yo‘naladi.

Bu holatning teran psixologik tahlili o‘ta antiqa vaziyatning ziddiyatli xususiyatlarini yuzaga chiqargan bo‘lardi, ya’ni biz ixtiyoriy va ayni paytda muqarrar e’tibor qaratamiz.

Sevishni xohlagan kimsa dardi ishqqa mubtalo bo‘lishi ziyrak fahm-farosat sohibiga kunday ayon. Mohiyatan g‘oyat tabiiy oshiqlik-mahliyolikning patologik savdoyilik-telbalik holatidan farqi mana shundan iborat. Savdoyi-telba o‘y-niyatlarni erkin tanlay olmaydi. Holatining dahshati shundaki, fikri zikrini zabt etgan o‘y-fikr botiniyatiga tashqaridan zo‘ravonlik bilan tiqishtiriladi, allaqanday xufiyona, g‘ayrioddiy quvvat tomonidan singdiriladi.

Faqat bir holatda muayyan insonga nisbatan qiziqishimiz ich-ichimizdan chiqib keladi va ayni paytda oshiqlik-mahliyolik bo‘lmaydi. Xususan – nafratlanganda. Muhabbat va nafrat aslida o‘xshash va o‘zaro zid, qarama-qarshi, egizak-g‘anim. binobarin sevganlar ayni shunday aksariyat nafrat hissini ham tuyadilar.

Oshiqlik holatidan xalos toparkanmiz, tush ko‘rgandagidek tubsizlikdan ro‘shnolikka chiqish singari uyg‘onishga o‘xshash tuyg‘uni boshdan kechiramiz. Oshiqlikda tamomila biqiq-mahdud botiniyatimizda ob-havo qanchalik buzilganini faqat shundan so‘ng anglaymiz va hayotiy maydonda hamisha shamol esib turishi kerakligiyu yetarli kenglikka ega bo‘lishi kerakligini payqaymiz. Ma’lum muddat tuzalayotgan bemor kabi holsizlik, zaiflik va shikoyatbozlikni boshdan kechiramiz.

Oshiq bo‘lganimiz hamono kechinmalar alam qilarli darajada yakranglik kasb etadi. Bu borada oshiq bo‘lganlarning barchasi aqlliyu nodon, yoshu keksa, burjuayu san’atkor – barcha-barcha aynan bir xil kechinmalarni boshdan kechirishini nazarda tutyapman. Bu muhabbatning begidir ekanini tasdiqlaydi.

Muhabbatning yagona begidir xususiyati – yuzaga kelishi bilan bog‘liq. Ayni shu bois bu jihat oshiqlikning istalgan boshqa bosqichiga nisbatan psixolog sifatida diqqat-e’tiborimizni jalb etadi. Muayyan erkakning qaysi fazilati muayyan ayol e’tiborini yoki muayyan ayolning qaysi fazilati muayyan erkakning diqqat-e’tiborini jalb etadi? Begona odamlarning qiyofasisiz silsilasidan birortasiga afzallik berilishida qaysi fazilatlar qadrlanadi? Bu jiddiy qiziqishga arziydigan muammo. Va ayni paytda o‘ta murakkab. Basharti oshiqlar barchasi dardi ishqni bir xil boshdan kechirishi barobarida har biri aynan bir siymoga mehr qo‘ymaydi. Shubhasiz muhabbat dardiga mubtalo qiluvchi fazilatlar yo‘q.

Qaysi fazilatlar maftun-mahliyo etishi va ko‘ngil kechinmalarining tiplariga oid nozik masalaga e’tibor qaratishdan oldin oshiqlikning diqqat-e’tibor karaxtligi va mistik holat, shuningdek, yana ham jiddiy, gipnoz holati o‘rtasidagi kutilmagan o‘xshashlikni qayd etish zarur.

——————
1 . Yunoncha: aynan ma’nodagi emas

VII. OSHIQLIK, JAZAVA HAMDA GIPNOZ

Oqsochning parishonxotirligini ko‘rgan bekach uning sevib qolganini payqaydi. Diqqat-e’tibori muhabbat iskanjasiga tushib qolgani bois bechora juvon tevarak-atrofdagi olamga qizg‘in munosabatda bo‘la olmaydi. U ko‘ngil mulkiga biqingancha qalbiga muhrlangan mahbubi siymosidan bir lahza ham nigoh uzmay mastona yashaydi. Shaxsiy botiniyatida shunday biqinib olgan oshiq-mahbub oyparastga, “savdoyi-jinni”ga o‘xshaydi. Haqiqatdan ham, oshiq – savdoyi. Tristanning muhabbat sharobi azaldan “muhabbat”ning sirli xususiyatini nafis nafosat ila kashf etadi.

Minglab yillar mobaynida sayqallanib kelayotgan og‘zaki nutqda psixologik-ruhiy kuzatuvlarning toza buloqlari qaynab toshadi, ular to‘la-to‘kis haqqoniy bo‘lgani holda hamon munosib bahosini topmagan. Oshiq qiluvchi xususiyat – bu hamisha “sehru jodu”. Va muhabbatga nisbatan qo‘llanayotgan bu magiya — sehru jodu atamasi tilni yaratuvchi xalq tafakkuri diqqat-e’tiboridan g‘ayritabiiy va ma’lum ma’noda nojo‘ya oshiqlik holati chetda qolmagan.
Qadimiy she’r — cantus va carmen – sehru jodu formulasi bo‘lgan. Bu formulaning namoyon bo‘lishi va jodulangan natijasi incantatio bo‘lgan. «Sehru jodu» shundan kelib chiqqan, fransuzchada esa carmen dan charme kelib chiqqan.

Biroq oshiqlikning sehru jodu bilan munosabati qanday ekanidan qat’iy nazar, menimcha, u bilan mistik holat o‘rtasida shu paytgacha e’tirof etilganiga nisbatan birmuncha teran aloqa mavjud. Dindor his-tuyg‘ularini hayratlanarli izchillik bilan shubhasiz ifodalash uchun ishqiy kalimalarga va timsollarga murojaat qilishi mazkur tub aloqadorlikka oid fikrga olib kelishi kerak. Diniy ta’limotlarga murojaat qilish asnosida bunga ishonch hosil qilmaslik qiyin, biroq gap faqat metaforalar haqida borayotir deya e’tirof etish bilan barcha cheklangan.

Metaforaga moda singari munosabatda bo‘linadi. Shunday toifa borki, ular biron bir narsani moda yoki metafora deya e’tirof etib, shu asno uning ustidan qora chiziq tortadilar va tadqiq etish baxtidan mahrum etadilar. Metafora va moda boshqa barcha narsalar singari voqelik emasday, va ular sayyoralarni harakatlantiruvchi shubhasiz qonuniyatlarga bo‘yinsinmaydiganday.

Mistitsizmni barcha o‘rganuvchilar unda ishqiy kalimalar keng qo‘llanilishini e’tirof etgan bo‘lsa ham bitta shaxsiy, ma’nodor holat e’tibordan chetda qolgan. Xususan, oshiq ham diniy ifodalarga moyil ekani inobatga olinmagan. Aflotunning e’tiroficha, muhabbat – “ilohiy” savdoyilik, har bir mahbub-oshiq esa o‘z mahbubasini ilohiylashtiradi, uning yonida o‘zini yettinchi osmonda his qiladi va hokazo. Muhabbat va mistitsizm-taqvodorlik-dinparastlik o‘rtasidagi bunday lug‘aviy o‘zaro ayirboshlash — o‘zaro bog‘liqlik ularning ildizlari mushtarak, degan xulosaga olib keladi.

Azbaroyi taqvodorlik haqiqatdan oshiqlikni eslatadi. Ular hatto zerikarli yakrangligi bilan ham uyg‘un. Oshiqlik dardini barcha bir xil boshdan kechirgani kabi barcha davrlar va xalqlar dindorlari ayni bir xil yo‘lni bosib o‘tgan va, mohiyatan, bir xil tavba-munojot qilgan.

Hindcha yoki xitoycha, aleksadriycha yoki arabcha, olmoncha yoki ispancha — istalgan diniy kitobni olaylik. Ularda faqat g‘aroyib rahnomayu, qalbning Ollohga talpinishi xususida so‘z boradi. Mazkur ilohiy yo‘l bosqichlari ham, madad beruvchi kuch-quvvat ham yuzaki va tasodifiy farqlarni hisobga olmaganda, hamisha aynan bir xil (1).

Jazavador ruhning a’moli din asoslariga jiddiy putur yetkazishidan xavfsiragan Cherkov azala-azaldan mistiklarga shubha bilan qaraganini juda yaxshi tushunaman va, lozim topilsa, bu fikrga qo‘shilaman. Jazavador – ma’lum ma’noda telba. Bunday kimsa ko‘ngil ravshanligi masalasida me’yorni bilmaydi. Olloh bilan birlashuvga haddan tashqari zo‘r beradi, bu chinakam ruhoniyning itoatkorona fe’l-atvoriga zid. Gap shundaki, xitoylik mandarin mistik-daoistdan qanchalik nafratlansa, jazavaga tushgan rohiba katolik ilohiyot olimini shunchalik g‘azablantiradi. Total xaos tarafdorlari mistiklarning anarxiyasi va devonavorligiga nisbatan ruhoniylarning ravshan va risoladagidek fahm-farosatini, ya’ni Cherkorni afzal biladilar. Bu borada ularning fikriga qo‘shilishim qiyin. Men uchun shubhasiz istalgan teologiya-ilohiyot fani Ollohga yaqinlashtirib, jamiki mistiklarning barcha jazavasiga nisbatan ilohiylik haqida ko‘p tushuncha beradi. Basharti jazavador kimsaga shubha-gumon bilan qarash o‘rniga, unga quloq tutib, uning zikru samoga tushishi nimalar va’da qilishiyu ma’naviy-ruhiy tajribasi e’tiborga molikligi masalasida mulohaza yuritilsa, undan faqat bema’ni fikrlar chiqayotganini e’tirof etishga majbur bo‘lamiz. Fikri ojizimcha, Ovrupo tafakkuri Ollohga oid yangi kashfiyotlar, Uning mavjudligiga oid yangi, g‘oyat jiddiy e’tiroflarga juda yaqin kelib qoldi. Ilohiy mohiyatga oid tasavvurlarimiz tahliliy tafakkurning nurafshon yo‘li orqali emas, balki mistikaning ilonizi yer osti naqiblari orqali boyishiga jiddiy shubham bor. Jazavador emas, teologiya, ya’ni ilohiyat fani zarur (urg‘u bizniki — tarjimon).

Mavzuga qaytaylik.

Mistitsizm ham manfaatdorlik, qiziquvchanlikning namoyon bo‘lishi. Mistik uslubiyat dastlab biron bir narsa-ashyoga diqqat-e’tibor qaratishni taklif etadi. Aynan nimaga? O‘ta nazokatli, jiddiy va mashhur uslubiyat, xususan yoglar ta’limoti mahliyo qiluvchi holatning mas’uliyatsizligini soddadillik bilan fosh etadi, chunki bizni qiziqtirayotgan savolga istalgan narsa-ashyoga e’tibor qarating, deya javob beradi. Shu asno, holat-voqelikni obyekt mutlaqo belgilamaydi yoki yuzaga keltirmaydi: aksincha ko‘ngil-ruh g‘ayrioddiy holat kasb etishi uchun bahlonai sabab vazifasini o‘taydi, xolos. Biron bir narsaga, haqiqatdan ham, boshqa barcha narsalarga e’tibor bermaslik uchun diqqat bilan qaraladi. Mistik nuqtai nazarga amal qilish asnosida botiniyatimizdagi biron obyektdan boshqasiga oson va yengil e’tibor qaratish imkonini beruvchi xilma-xil obyektlarni quvib chiqaramiz. Jumladan, San Xuan de la Krusning fikricha, xilxona narigi dunyoga istalgan sayru sayohat uchun zamin vazifasini o‘taydi. Mayl va qiziqishlarning jilovlanishi; “jamiki narsa-ashyolardan dohiyona yuz o‘girish” – Avliyo Teresaning ta’biri bilan aytganda, “ruhning najot topishi”; boshqacha aytganda, son-sanoqsiz hayotiy manfaat-qiziqishlarning ildizlari va kishan-halqalaridan (ilohiyot ila — izoh bizniki, tarj.) “birlashishga tayyorgarlik ko‘rish maqsadida” batamom xalos topish (Avliyo Teresa) – bularning barchasi yagona maqsadga xizmat qiladi. Ayni shu asno hindu mistitsizm sir-sinoatlarini o‘zlashtirish shartlarini shakllantiradi: nanatbam na pasyati — olomon va rang-baranglikka e’tibor bermaydi.

Diqqat-e’tiborimiz sirpanadigan narsa-ashyolar ruhning shubhasiz najot topishi natijasida quvib solinadi, ulardan najot topiladi. Hindistonda istalgan narsa-ashyo mazkur maqsadga xizmat qila oladi, bunga oid fan esa kasina deb ataladi. Jumladan, loydan non-kulchalar yasab, atrofga terib qo‘yish va ularga diqqat-e’tiborni jamlash mumkin. Yoxud tepalikdan yo‘rg‘a jilg‘ani kuzatish, yoki sathida quyosh nurlari jilvalanayotgan ko‘lmakka tikilish mumkin. Yoxud olov yoqib, ro‘paraga tuynukli g‘ov tiklab, tuynugi orqali alangaga qarasa bo‘ladi. Natijada havo nasosi samarasiga o‘xshash allanarsa yuzaga keladi, bu xususda ma’lum ma’noda bahs yuritdik, shuning sharofati bilan mahbub-oshiqlar “begona inon-ixtiyoriga itoat qiladilar-bo‘yin sunadilar”.

Ruh-ko‘ngil biyobonga aylanmasdan, kimsasiz kulbaday huvillab qolmaguncha mistik jazavaga berilib bo‘lmaydi. “Ayni shu bois, -San Xuan de la Krusning fikriga ko‘ra, — “ko‘ngil-ruhni jamiki tilaklardan xoli ko‘rishni Parvardigori olam istashini” bandai ojizlar anglab yetishlari maqsadida qurbonlik keltiriladigan supani yalang-yaydoq qilib yaratishni amr etgan” (2). Bir olmon mistigi diqqat-e’tiborning Parvardigordan o‘zga jamiki narsa-ashyolardan mazkur yuz o‘girishini: «Men qayta tug‘ildim (izrodilsya)» deya yana ham jo‘shqin ifodalagan. San Xuan esa bundan ham nazokatli fikr bildirgan: «Men cho‘ponlik qilmayman», ya’ni jamiki tashvishlarni zimmasidan soqit qilgan.

Nihoyat eng ajoyibi: ko‘ngli-ruhiyatidan dunyoning jamiki rang-barangligini quvib solgan mistik Ollohga juda yaqinlashganyu Uning timsoliga aylanganini da’vo qiladi. Boshqacha aytganda, uning yalang-yaydoq ruhiyati-ko‘ngil go‘shasi Parvardigor manzil-makoniga aylanadi. Shu bois Meyster Ekxart «Parvardigorning sassiz-sadosiz cho‘l-biyoboni» (3) haqida, San Xuan esa «zim-ziyo ruh tuni», zim-ziyo, ayni paytda munavvar, shu qadar munavvarki, to‘rt tomonni yoppa qoplagani bois yorug‘lik-nur zulumotga evrilishi xususida gapiradi. «Jamiki xususiy (chastnoy) mayl va bog‘lanishlardan poklangan va najot topgan ruh shunday bo‘lib, u barcha narsa-ashyolardan voz kechib va jamiki narsa-ashyolardan yuz o‘girib, o‘z zulmatli yalang yaydoqligi bilan jamiki olamni jo etishga shaylanadi, Avliyo Pavel ayni shu holatni nazarda tutib: «Nihil habentes et omnia possidentes» («Hech vaqoga ega emasmiz, biroq barcha-barchasining sohibimiz» (4)» deya karomat qilgan. San Xuan mazkur biyobonday bo‘shliqqa, mazkur munavvar zim-ziyolikka: «yalakat yolg‘izlik», deya yana ham yorqin ta’rif beradi.


1. Yagona jiddiy farq shundaki, ayrim dindorlar “barcha xislatlari bilan” bir qatorda buyuk mutafakkir bo‘lgan va diniy fikrlar bilan birga qator holatlarda dohiyona nuqtai nazarini bayon etadi. Plotin yoki Meyster Ekxart shunday. Lekin bevosita dindorlik borasida o‘ta ashaddiy taqvodorlardan farq qilmaydi.
2. Qarang: Baruzi J. Saint Jean de la Croix et le probleme de L’experience mustique. Paris, 1924.
3. Ekxartning fikricha, Olloh «mohiyatlar mohiyati va mohiyatdan ziyoda yo‘qlik». Shu bois U haqda hatto barcha yaratilganlarning chinakam mazmun-mohiyati sifatida talqin qilinganidan qat’iy nazar Uni «mazmun-mohiyatsiz harakatsizlik» deya so‘z yuritish joiz. «Agar Olloh ulardan (ya’ni yaralmishlaridan) bir soniya ajralsa ham bas, hech vaqo bo‘lmay qoladi» (Die Deutschen Mystiker der 14 Lahrunderst. Bd. 2, 318-319. F. Pfeyffer nashri).
4. Ahli korinfga ikkinchi noma,6,10.

Ruschadan Abduhamid Pardayev tarjimasi

Davomi bor

09

(Tashriflar: umumiy 4 296, bugungi 1)

Izoh qoldiring