O‘lmas Umarbekov. Fotima va Zuhra. Audiokitob & Qizimga maktublar & Omon Muxtor. Daraxtlar parvozi

077   У — миллий ёзувчи, асарларида бизнинг “ҳаёт ва адабиётда бўлган кучли ва ожиз томонларимиз”ни акс эттиради. Унинг асарларида яна, насрдан кўра шеърга хос руҳ устун туради. Бу — Ўлмас аканинг шоирона руҳидан келиб чиққан бўлса керак… 

Омон Мухтор
ДАРАХТЛАР ПАРВОЗИ
011

 04   Унинг болаликда икки орзуси бор эди:
“Учувчиликни орзу қилган эдим. Боғбон ҳам бўлмоқчи эдим”.
Булардан бири шиддатли, бири осойишта.

Иккала орзу ҳам амалга ошмади. Лекин ташқи осойишталик ва ички шиддат кейинчалик унинг афти-ангори, юриш-туришида муҳрланиб, бутун ҳаётида сақланиб қолди.

У кўнгил учун битта-яримта шеър ёзган — шоирликни даъво қилмасди. Шунга қарамай, жисми-жонида шоирона бир руҳ балқиб турарди. Осмон ва қушлар, оқар сув, гуллар, гиёҳларни яхши кўрарди. Айниқса, дарахтларни! Унга шамолда шохлари силкинган дарахтлар учаётгандек бўлиб туюларди.

* * *

Жуда чиройли эди.
Кийиниши ҳам чиройли.
Ўзини тутиши ҳам.

Биров билан учрашганда кўзлари порлаб, самимий жилмайиши…

Эслайман, бир куни Маданият вазирлиги эшигида домла Шариф Юсуповни кўриб қолиб, ундан-бундан сўзлашиб турган эдик, у ўтиб кетаётган экан, биз кўришгани йўналишга улгурмай биз томон йўналди. Ҳол сўрашиб, биздан узоқлашганида Шариф ака дедилар:
— Инсонда ҳамма нарса гўзал бўлиши керак, деган гап мана шу Ўлмасга тўғри келади. Ҳар жиҳатдан тўкис…

Яна эслайман, у вафот этган куннинг эртаси уларнинг ҳовлисида Саид Аҳмад ака алланечук овози титраб:
— Кеча мен уни кўрдим, — дедилар. — Худоё тавба, одамнинг майити ҳам шундай чиройли бўлар экан. Худди Тоҳир!

Чиндан у тобутда олтмишга кирган, оғир хасталикни бошдан кечирган киши эмас, чиройли — ёш йигит каби ётар эди.

* * *

Бундан қирқ йилча муқаддам биз, адабиётга қизиққан, ўзи ҳам оз-моз қалам тебратган дорилфунун талабалари баъзан ёзувчиларнинг умумий йиғинларига борар эдик. Шу даврада унга дастлаб кўзим тушган. У билан Фарҳод Мусажонов Ўзбекистон радиосида ишлашар, йиғинларга кўпинча бирга келишар эди. Улар ёзувчи сифатида танила бошлаганидан, биз уларга ҳавас қилардик. Ўлмас ака, айниқса, “Севгим, севгилим” қиссаси янги босилиб, катта шуҳрат қозонган пайт эди. Мен ўшанда ҳали вақти келиб беш-ўн йил унинг қўли остида, радиода ишлашим, кейин яна кино соҳасида “ёнида юришим”ни ҳаттоки тасаввур қилолмас эдим.

Ўқишни битириб, маълум муддат болалар матбуотида ишлаганимдан сўнг, Ўлмас ака мени ишга олди. Радионинг Адабиёт бўлими бу паллада эски катта бинодан четда, тунука томли мўъжазгина уйда жойлашган эди. Йўлакдаги энсиз-тор хонада матн кўчирувчи Хадича опа ва Катя опа деганимиз, нисбатан кенг ичкари хонада катта ва оддий муҳаррирлар — Фарҳод ака, Насиба Эргашева, Баҳодир Абдуллаев. Камина кичик муҳаррир бўлиб уларга қўшилдим. Бизнинг хонамиз белида икки эшик. Чоққина хоналардан бирини рус тилида эшиттириш тайёрлаган Лола деган аёл, иккинчисини бош муҳаррир Ўлмас Умарбеков эгаллаган.

Беш-ўн йил ичида — зилзила рўй бериб, Султон Акбарий айтмоқчи, “Тошкент радиоси чодир ичида” ишлаган давр ҳам, радио кўп қаватли бинога кўчиб кирган давр ҳам бўлди…

Ижодкор ёшликда ўзи кўрган баъзи воқеалар бир куни тарихга айланишини билмас, аниқ ёзиб қўйишга ҳафсала қилмас экан! Шахсан менга бу борада, афсуски, вақтида ҳеч ким тарбия бермаган. Мана, Ўлмас акани эслаб, радиода, кино соҳасида бирга ишлаган йиллардаги бутун муносабат, барча ҳолатлар ва суҳбатларимизни хотирамда тугал тиклаёлмаяпман. Фақат узуқ-юлуқ манзаралар хаёлимдан кечади.

* * *

Иккимиз аввалида кескин бир тўқнашганмиз.

Уни ҳурмат қилардим. У раҳбар, мен оддий ходим. У адиб ва арбоб, мен бошловчи-ҳаваскор, ҳали бирон китобим чиқмаган. Бунинг устига, у мендан етти ёш катта, табиий — ҳурмат қилишим керак.

Лекин “ёшлик — бебошлик”, ҳеч бир асоссиз ва баъзан негалигини ўзинг англамаган ҳолда ғурурланиш, олифталик, деймизми! Бировнинг олдида паст келмаслик! Бу — эҳтимолки, ишонч. Ёшлик йиллари бу ишончсиз яшаш ҳам мумкин эмас.

Қисқаси, охирги иш куни — жума эди. Кечга томон тахминан ўн беш-йигирма кишилик даврага тўпландик. Саид Аҳмад ака, халқ артисти Наби Раҳимов, радионинг бошлиқларидан ўзини Адабиёт бўлимига яқин тутган Бурҳон Зиёев, кино арбобларидан Собит Саидов — бир неча оқсоқоллар даврани безашган. Суҳбат қуриб ўтирар эдик. Кутилмаганда Ўлмас ака билан баҳслашиб қолдик. Назаримда, у бухороликлар тўғрисида ножўя бир гап айтган эди — менга бу “тегиб кетиб”, ўзимни камситилгандек сездим.

Аслида, Ўлмас ака одамларни тенг кўргани каби вилоятлар — яхлит Ўзбекистонни кўксида илитиб юрган, маҳаллийчиликни аксинча нохуш қабул қилган киши. Мен буни тушуниб етганим — кейин! Ўша куни эса орада ўт чиқди. Оқсоқоллар амаллаб иккимизни икки ёққа ажратишди.

Шанба ва якшанба куни тоза хуноб бўлдим. Ўзимни ҳақли деб билардим. Бунақа одам билан ишламайман, деб ўйладим. Ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзиб, чўнтагимга солиб қўйдим.

Душанба эрталаб идорага кириб бораётсам, нақ рўпарамдан Ўлмас ака келаяпти. У сен-болани йўқ қиламан, илдизингни қуритаман, дейиши мумкин эди. У адабиётда йўлингни тўсаман, қаерга борма, сенга кун бермайман, дейиши ҳам мумкин эди. Яшириб нима қилдик, ҳаётда шундай “ака”ларимиз бўлган! У жилла қурса, мен киму сен ким, дейиши ёки юзини четга буриб шарт ўтиб кетиши мумкин эди… Аммо Ўлмас ака яқинлашаётиб, сал қизарди ва очиқ-беғубор жилмайди.

— Омон! Ўша куни иккимиз ҳам енгилтаклик қилибмизми! — деди.

Мен олийҳиммат бу инсоннинг “айбни ўзидан ҳам қидиргани”-ю эзгулик томон биринчи бўлиб қадам ташлаганидан шу қадар таъсирланиб кетдимки! Довдираб қолдим.
— Кечирасиз, Ўлмас ака! Мен ёшлик қилдим, — дедим.

Бу воқеадан кейин “расмий” ҳурмат ўрнида унга нисбатан кўнглимда чинакам ҳурмат ва меҳр уйғонди. У билан ортиқ ҳеч қачон баҳслашмасликка қарор қилдим. Йиллар давомида қайтиб орамизда — Худога шукрки, — бири-бирига озор етказган бирон дам учрамайди… Умуман, ҳаёт йўлида Ўлмас ака ва Фарҳод ака менга кўп меҳрибонлик кўрсатган. Унутмайман.

* * *

Дунёнинг ғаройиблиги!
Инсон табиатида камтарлик, ички хокисорлик билан ўз қадрини билмаслик, ҳар кимга эгилиб эшилиш фарқ қилар экан. Ўзини муносиб тутиш билан кеккайиш, бировга ҳиммат кўрсатиш, холис бағрикенглик билан манфаатпараст яхшилик ҳам фарқ қилади.

Ўлмас ака, бир хил кўринишга эга, бирдек рангда товланган, лекин бири-бирига зид бу хислатларни аввалдан одамлар орасидаги муносабатда фарқлай олар эди. Тўғрироғи, ота-боболардан келган кўркам фазилатлар болаликдан Бу Одамнинг феъли-атворига айланган. Унинг камтар ҳолатида мутелик, ўзини муносиб тутишида мағрурланиш, бағрикенг муомаласида манфаатпарастлик йўқ эди… У радиода Адабиёт бўлимини бошқарганида устозлар Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳордан тортиб Ўлмас акага тенгдош авлодгача, бундан қўлига энди қалам олган ёш ижодкорларгача муттасил остона ҳатлаб, эшиттиришларда ўз асарлари билан қатнашишар эди.

Эсимда, Ғафур ака қачон радиога келса, Ўлмас шу ердами, деб сўрар, Ўлмас ака билан кўришиб кетар эди. Абдулла ака бир гал келиб Ўлмас ака билан ярим соатдан кўпроқ суҳбатлашиб кетгани ҳам эсимда — ҳозирги авлод билмайди, Абдулла ака сўзга, суҳбатга “хасис” эди, ўзига ҳам, бошқаларга ҳам қаттиқ талаб қўярди. Саид Аҳмад ака Ўлмас акани ўз укасидек яхши кўрарди. Кейинчалик Ўлмас акага бағишлаб алоҳида бир қисса ҳам ёзди…

Катта-кичик адиблардан кимдир қўли қисқаликдан қийналиб қолган бўлса, Ўлмас акага мурожаат қиларди. Ўлмас ака ўша куниёқ адибнинг ҳикоями, шеърларими — асарини “эфирга узатиб”, эртаси куниёқ қалам ҳақи олишини уюштирар, ночор ҳолдаги кишининг бир ҳафта-ўн кун уйида қозони қайнар эди. Бу ижодкорлардан бировнинг Ўлмас акага ортиқча “ўтқазиб қўйган” жойи йўқ! Ўлмас ака уларга меҳрибонлик кўрсатиш, уларни қўллаб-қувватлашни ўз вазифаси деб биларди.

Олтмишинчи йиллар охири, етмишинчи йиллар бошланишида “Адабий-драматик эшиттиришлар редакцияси” кенгайиб, шу даврда Чўлпон Эргаш, Турсун Иброҳимов, Машраб Бобоев, Тоҳир Малик, Эркин Аъзам, Мирҳамид Аҳмедов, Матлуба Исломова, Эсоной Содиқова ва бошқалар бу ерда хизмат қилган. Маълум муддат Адабиёт билан Мусиқа бўлими бирлашганидан, адашмасам, ўттизга яқин киши ишлар эди… Ўлмас ака гоҳо бизнинг хонамизга кириб, юз-кўзи порлаган мамнун ҳолатда қўлларини бири-бирига ишқаганча:

— Йигитлар, бугун кечқурун бўшмисизлар? Ўзимиз бир оз суҳбатлашиб ўтирайлик, — дерди ва… кичик бир дастурхон тузаш учун пул ҳам қолдирарди. Кейин… расмиятсиз, ўзини бизга тенг тутиб ярим соат-бир соат биз билан гаплашиб ўтирар, кимнинг қандай ташвиши, нима камчилик борлигини шунчаки гап орасида аниқлашга уринарди. Бундай дилкаш суҳбатлардан биз ҳар гал руҳланиб кетар, эртаси куни ишга “қанот қоқиб” борар эдик.

* * *

У, ёзганим яхшими, ёмонми, меники, деб биларди шекилли, кам ҳолда асарини бировга қўлёзмада ўқиб берар ёки ўқитар эди. Бирга ишлаб юриб, унинг ҳикоялари, қиссалари билан аксар матбуотда, китоб бўлиб босилганида танишардик.

Фақат баъзан (эҳтимолки, иккиланганида) Фарҳод акага ўқиб берган, ўқитган пайтлари бор. Баъзан менга.
Қўл меҳнати, қайта-қайта ёзишдан эринмасди. Ўзи, хулқи сингари хати ниҳоятда чиройли эди. Қизиқ жойи, ҳарфлар аллақандай кўтарилиб-тушганидан, унинг ёзуви “юрак уриши”га ўхшарди.

Шу ўринда айтай. У — миллий ёзувчи, асарларида бизнинг “ҳаёт ва адабиётда бўлган кучли ва ожиз томонларимиз”ни акс эттиради. Унинг асарларида яна, насрдан кўра шеърга хос руҳ устун туради. Бу — Ўлмас аканинг шоирона руҳидан келиб чиққан бўлса керак… Мен ўзбек адибларини бошқа бир адабиёт вакилларига қиёслашни унча хуш кўрмайман. Лекин гоҳида ижод йўналишини аниқлаш учун қиёслашга ҳам тўғри келади. Унинг насрида буюк қалам соҳибларидан Тургенев (аслида Турғунов, аждодлари туркий эди) асарларига “ички яқинлик” кўзга ташланади. Шунинг баробарида Ўлмас ака “ўз илдизларимиз”га суяниб “аёвсиз реализм”га қараб борди.

Қисқаси, у қўлёзмани бировга кўрсатдими, гоҳ индамай, гоҳ сал асабийланиб бўлса-да, фикрни қабул қиларди. Ёши каттами, кичикми қарамасди.

Бир куни от тўғрисида ҳикоя ёзган экан, ўқиб берди.
— Ҳикоя яхши. Биргина мулоҳаза, ҳикояда от “сизники” эмас, — дедим.

Ўлмас ака ҳеч нарса демади. Кейин матбуотда босилгач ўқидим, анча ўзгартириш киритган эди.

Гўзал асарларидан бири — “Булғор қўшиқлари” у ер-бу ерда парча-парча эълон қилинган. Китоб тузишга тайёрлаётган пайти фикрлашди:
— Шуни шеърий сатрга солиш керакмикан? Кўринг-чи!

Уч-тўрт кундан сўнг:
— Ўлмас ака, асар бузиладиганга ўхшайди, — дедим.
— Тўғри, мен ҳам ўйладим. Насрий шаклда қолавергани яхши экан, — деди. Бундай бири-бири билан ижодий фикрлашларимиз кўп бўлган.

Орадан йиллар ўтиб, Ўлмас ака Маданият вазирлигида ишлар эди. Мен нашриётда муҳаррирлик қилиш билан бирга, Ёшлар театрида адабий маслаҳатчи эдим. Ўлмас ака ўз қиссаларидан бирининг саҳна вариантини ёзган экан, асар “Отилмаган ўқ” деган ном қўйилиб саҳнада шакл-шамоил касб эта бошлади. Аммо менинг синфдошим, театрнинг бош режиссёри Бахтиёр Ихтиёров асардаги бир кўриниш ўрнига тушмаяпти, деб қолди. Кўнгли тўлмаётган эди. Иккимиз нимадир ёзиб-чизиб “қўшиш”га уриндик. Натижа чиқмади.

— Ўлмас акага айтиш керак, — деди Бахтиёр.
— Оғир олиши мумкин, — дедим.
— Мен ўзим бир гаплашиб кўрай-чи, — деди Бахтиёр.

Икки кундан кейин Ўлмас ака қўлёзмани етказди. У бутун кўринишни қайтадан маромига етказиб ёзган эди.

Адабиётга жиддий, масъулият ҳисси билан қарарди. Бошқалардан ҳам шуни кутарди.

Аммо у бировнинг қўлёзмаси борасида фикр билдирганида, шу қадар беозор, самимий сўзлар эдики! Мақтов ёки танқид эмас, ҳар хил таклифлар билан сенга йўл очиб бергандек бўларди.

* * *

“Ўзбекфилм”да директор лавозимини эгаллагач, қўнғироқ қилиб ишга чақирди. Бир жойда бўлайлик, деди.

Кино соҳасида менинг ишим юришмади. Шунга қарамай, Ўлмас ака шарофати билан бу соҳани озми-кўпми ўргандим, маълум ишлар қилдим. Муҳими, радио ва кинода ишлаганимда, Ўлмас ака шарофати билан Шукур Бурҳон, Олим Хўжаев, Раззоқ Ҳамроев, Ҳамза Умаров, Лутфихон ая, Сора Эшонтўраева, Мукаррам Турғунбоева — буюк санъаткорларни кўриш, уларнинг овозини ёзиб олиш ёки хизмат баҳонасида “бир чимдим” бўлса-да, суҳбатларидан баҳра топиш насиб этди. Ўлмас ака бевосита раҳнамолик қилмаганида, менга, эҳтимолки, бу бахт буюрмас эди.

У “қўл етмас” катта лавозимларда ишлаганида ҳам, муомаласи бир хилда барчага тенг, оддий эди. Дабдабага, баландпарвозликка тоқати йўқ, расмиятсиз иш тутарди.

Бир куни кечки соат еттиларда уйига боришимни сўради.

Борганимда:
— Ҳозир Фарҳод билан Учқун Назаров келишади. Бошқа ҳеч ким, ўзимиз! — деди. Кейин секин қўшиб қўйди. — Бугун туғилган куним эди…

Ўлмас ака ҳаётидаги катта саналарга ҳам шундай бепарво қарарди. Унинг эллик ва олтмиш ёшга тўлиши уйида, тор доирада нишонланган. Етмиш йиллигини кенг жамоатчилик нишонлади, аммо бу тўйга у “етиб” келолмади…

* * *

У мен учун — ҳам ака, ҳам дўст, ҳам устоз қаторида эди. Унга лутф кўрсатиш, яхши бир гаплар айтишни кўп ўйлаганман. Айтишга ботинмаганман. Гап шундаки, Ўлмас ака доим менга раҳбар эди ва бу хушомадга, бирон манфаатни кўзлашга ўхшар эди. Бундан ташқари, ҳурмат, меҳр кўриниб тургач, сўз шартми, деган фикрга борганман…

* * *

Кузнинг охирги кунлари.
Кейин қиш…

Шамолда шохлари силкинган дарахтлар менга парвоз қилаётгандек бўлиб туюлади.
Улар негадир ҳар гал менга Ўлмас ака ҳаётини эслатади.

Уни ҳар гал эслаганимда, энди дунё гўёки кўз олдимда бўм-бўш бўлиб қолади…

U — milliy yozuvchi, asarlarida bizning “hayot va adabiyotda bo‘lgan kuchli va ojiz tomonlarimiz”ni aks ettiradi. Uning asarlarida yana, nasrdan ko‘ra she’rga xos ruh ustun turadi. Bu — O‘lmas akaning shoirona ruhidan kelib chiqqan bo‘lsa kerak… 

Omon Muxtor
DARAXTLAR PARVOZI
011

Uning bolalikda ikki orzusi bor edi:
“Uchuvchilikni orzu qilgan edim. Bog‘bon ham bo‘lmoqchi edim”.
Bulardan biri shiddatli, biri osoyishta.

Ikkala orzu ham amalga oshmadi. Lekin tashqi osoyishtalik va ichki shiddat keyinchalik uning afti-angori, yurish-turishida muhrlanib, butun hayotida saqlanib qoldi.

U ko‘ngil uchun bitta-yarimta she’r yozgan — shoirlikni da’vo qilmasdi. Shunga qaramay, jismi-jonida shoirona bir ruh balqib turardi. Osmon va qushlar, oqar suv, gullar, giyohlarni yaxshi ko‘rardi. Ayniqsa, daraxtlarni! Unga shamolda shoxlari silkingan daraxtlar uchayotgandek bo‘lib tuyulardi.

* * *

Juda chiroyli edi.
Kiyinishi ham chiroyli.
O‘zini tutishi ham.

Birov bilan uchrashganda ko‘zlari porlab, samimiy jilmayishi…

Eslayman, bir kuni Madaniyat vazirligi eshigida domla Sharif Yusupovni ko‘rib qolib, undan-bundan so‘zlashib turgan edik, u o‘tib ketayotgan ekan, biz ko‘rishgani yo‘nalishga ulgurmay biz tomon yo‘naldi. Hol so‘rashib, bizdan uzoqlashganida Sharif aka dedilar:
— Insonda hamma narsa go‘zal bo‘lishi kerak, degan gap mana shu O‘lmasga to‘g‘ri keladi. Har jihatdan to‘kis…

Yana eslayman, u vafot etgan kunning ertasi ularning hovlisida Said Ahmad aka allanechuk ovozi titrab:
— Kecha men uni ko‘rdim, — dedilar. — Xudoyo tavba, odamning mayiti ham shunday chiroyli bo‘lar ekan. Xuddi Tohir!

Chindan u tobutda oltmishga kirgan, og‘ir xastalikni boshdan kechirgan kishi emas, chiroyli — yosh yigit kabi yotar edi.

* * *

087Bundan qirq yilcha muqaddam biz, adabiyotga qiziqqan, o‘zi ham oz-moz qalam tebratgan dorilfunun talabalari ba’zan yozuvchilarning umumiy yig‘inlariga borar edik. Shu davrada unga dastlab ko‘zim tushgan. U bilan Farhod Musajonov O‘zbekiston radiosida ishlashar, yig‘inlarga ko‘pincha birga kelishar edi. Ular yozuvchi sifatida tanila boshlaganidan, biz ularga havas qilardik. O‘lmas aka, ayniqsa, “Sevgim, sevgilim” qissasi yangi bosilib, katta shuhrat qozongan payt edi. Men o‘shanda hali vaqti kelib besh-o‘n yil uning qo‘li ostida, radioda ishlashim, keyin yana kino sohasida “yonida yurishim”ni hattoki tasavvur qilolmas edim.

O‘qishni bitirib, ma’lum muddat bolalar matbuotida ishlaganimdan so‘ng, O‘lmas aka meni ishga oldi. Radioning Adabiyot bo‘limi bu pallada eski katta binodan chetda, tunuka tomli mo‘jazgina uyda joylashgan edi. Yo‘lakdagi ensiz-tor xonada matn ko‘chiruvchi Xadicha opa va Katya opa deganimiz, nisbatan keng ichkari xonada katta va oddiy muharrirlar — Farhod aka, Nasiba Ergasheva, Bahodir Abdullayev. Kamina kichik muharrir bo‘lib ularga qo‘shildim. Bizning xonamiz belida ikki eshik. Choqqina xonalardan birini rus tilida eshittirish tayyorlagan Lola degan ayol, ikkinchisini bosh muharrir O‘lmas Umarbekov egallagan.

Besh-o‘n yil ichida — zilzila ro‘y berib, Sulton Akbariy aytmoqchi, “Toshkent radiosi chodir ichida” ishlagan davr ham, radio ko‘p qavatli binoga ko‘chib kirgan davr ham bo‘ldi…

Ijodkor yoshlikda o‘zi ko‘rgan ba’zi voqealar bir kuni tarixga aylanishini bilmas, aniq yozib qo‘yishga hafsala qilmas ekan! Shaxsan menga bu borada, afsuski, vaqtida hech kim tarbiya bermagan. Mana, O‘lmas akani eslab, radioda, kino sohasida birga ishlagan yillardagi butun munosabat, barcha holatlar va suhbatlarimizni xotiramda tugal tiklayolmayapman. Faqat uzuq-yuluq manzaralar xayolimdan kechadi.

* * *

Ikkimiz avvalida keskin bir to‘qnashganmiz.

Uni hurmat qilardim. U rahbar, men oddiy xodim. U adib va arbob, men boshlovchi-havaskor, hali biron kitobim chiqmagan. Buning ustiga, u mendan yetti yosh katta, tabiiy — hurmat qilishim kerak.

Lekin “yoshlik — beboshlik”, hech bir asossiz va ba’zan negaligini o‘zing anglamagan holda g‘ururlanish, oliftalik, deymizmi! Birovning oldida past kelmaslik! Bu — ehtimolki, ishonch. Yoshlik yillari bu ishonchsiz yashash ham mumkin emas.

Qisqasi, oxirgi ish kuni — juma edi. Kechga tomon taxminan o‘n besh-yigirma kishilik davraga to‘plandik. Said Ahmad aka, xalq artisti Nabi Rahimov, radioning boshliqlaridan o‘zini Adabiyot bo‘limiga yaqin tutgan Burhon Ziyoyev, kino arboblaridan Sobit Saidov — bir necha oqsoqollar davrani bezashgan. Suhbat qurib o‘tirar edik. Kutilmaganda O‘lmas aka bilan bahslashib qoldik. Nazarimda, u buxoroliklar to‘g‘risida nojo‘ya bir gap aytgan edi — menga bu “tegib ketib”, o‘zimni kamsitilgandek sezdim.

Aslida, O‘lmas aka odamlarni teng ko‘rgani kabi viloyatlar — yaxlit O‘zbekistonni ko‘ksida ilitib yurgan, mahalliychilikni aksincha noxush qabul qilgan kishi. Men buni tushunib yetganim — keyin! O‘sha kuni esa orada o‘t chiqdi. Oqsoqollar amallab ikkimizni ikki yoqqa ajratishdi.

Shanba va yakshanba kuni toza xunob bo‘ldim. O‘zimni haqli deb bilardim. Bunaqa odam bilan ishlamayman, deb o‘yladim. Ishdan bo‘shash haqida ariza yozib, cho‘ntagimga solib qo‘ydim.

Dushanba ertalab idoraga kirib borayotsam, naq ro‘paramdan O‘lmas aka kelayapti. U sen-bolani yo‘q qilaman, ildizingni quritaman, deyishi mumkin edi. U adabiyotda yo‘lingni to‘saman, qayerga borma, senga kun bermayman, deyishi ham mumkin edi. Yashirib nima qildik, hayotda shunday “aka”larimiz bo‘lgan! U jilla qursa, men kimu sen kim, deyishi yoki yuzini chetga burib shart o‘tib ketishi mumkin edi… Ammo O‘lmas aka yaqinlashayotib, sal qizardi va ochiq-beg‘ubor jilmaydi.

— Omon! O‘sha kuni ikkimiz ham yengiltaklik qilibmizmi! — dedi.

Men oliyhimmat bu insonning “aybni o‘zidan ham qidirgani”-yu ezgulik tomon birinchi bo‘lib qadam tashlaganidan shu qadar ta’sirlanib ketdimki! Dovdirab qoldim.
— Kechirasiz, O‘lmas aka! Men yoshlik qildim, — dedim.

Bu voqeadan keyin “rasmiy” hurmat o‘rnida unga nisbatan ko‘nglimda chinakam hurmat va mehr uyg‘ondi. U bilan ortiq hech qachon bahslashmaslikka qaror qildim. Yillar davomida qaytib oramizda — Xudoga shukrki, — biri-biriga ozor yetkazgan biron dam uchramaydi… Umuman, hayot yo‘lida O‘lmas aka va Farhod aka menga ko‘p mehribonlik ko‘rsatgan. Unutmayman.

* * *

Dunyoning g‘aroyibligi!
Inson tabiatida kamtarlik, ichki xokisorlik bilan o‘z qadrini bilmaslik, har kimga egilib eshilish farq qilar ekan. O‘zini munosib tutish bilan kekkayish, birovga himmat ko‘rsatish, xolis bag‘rikenglik bilan manfaatparast yaxshilik ham farq qiladi.

O‘lmas aka, bir xil ko‘rinishga ega, birdek rangda tovlangan, lekin biri-biriga zid bu xislatlarni avvaldan odamlar orasidagi munosabatda farqlay olar edi. To‘g‘rirog‘i, ota-bobolardan kelgan ko‘rkam fazilatlar bolalikdan Bu Odamning fe’li-atvoriga aylangan. Uning kamtar holatida mutelik, o‘zini munosib tutishida mag‘rurlanish, bag‘rikeng muomalasida manfaatparastlik yo‘q edi… U radioda Adabiyot bo‘limini boshqarganida ustozlar G‘afur G‘ulom, Abdulla Qahhordan tortib O‘lmas akaga tengdosh avlodgacha, bundan qo‘liga endi qalam olgan yosh ijodkorlargacha muttasil ostona hatlab, eshittirishlarda o‘z asarlari bilan qatnashishar edi.

Esimda, G‘afur aka qachon radioga kelsa, O‘lmas shu yerdami, deb so‘rar, O‘lmas aka bilan ko‘rishib ketar edi. Abdulla aka bir gal kelib O‘lmas aka bilan yarim soatdan ko‘proq suhbatlashib ketgani ham esimda — hozirgi avlod bilmaydi, Abdulla aka so‘zga, suhbatga “xasis” edi, o‘ziga ham, boshqalarga ham qattiq talab qo‘yardi. Said Ahmad aka O‘lmas akani o‘z ukasidek yaxshi ko‘rardi. Keyinchalik O‘lmas akaga bag‘ishlab alohida bir qissa ham yozdi…

Katta-kichik adiblardan kimdir qo‘li qisqalikdan qiynalib qolgan bo‘lsa, O‘lmas akaga murojaat qilardi. O‘lmas aka o‘sha kuniyoq adibning hikoyami, she’rlarimi — asarini “efirga uzatib”, ertasi kuniyoq qalam haqi olishini uyushtirar, nochor holdagi kishining bir hafta-o‘n kun uyida qozoni qaynar edi. Bu ijodkorlardan birovning O‘lmas akaga ortiqcha “o‘tqazib qo‘ygan” joyi yo‘q! O‘lmas aka ularga mehribonlik ko‘rsatish, ularni qo‘llab-quvvatlashni o‘z vazifasi deb bilardi.

Oltmishinchi yillar oxiri, yetmishinchi yillar boshlanishida “Adabiy-dramatik eshittirishlar redaksiyasi” kengayib, shu davrda Cho‘lpon Ergash, Tursun Ibrohimov, Mashrab Boboyev, Tohir Malik, Erkin A’zam, Mirhamid Ahmedov, Matluba Islomova, Esonoy Sodiqova va boshqalar bu yerda xizmat qilgan. Ma’lum muddat Adabiyot bilan Musiqa bo‘limi birlashganidan, adashmasam, o‘ttizga yaqin kishi ishlar edi… O‘lmas aka goho bizning xonamizga kirib, yuz-ko‘zi porlagan mamnun holatda qo‘llarini biri-biriga ishqagancha:

— Yigitlar, bugun kechqurun bo‘shmisizlar? O‘zimiz bir oz suhbatlashib o‘tiraylik, — derdi va… kichik bir dasturxon tuzash uchun pul ham qoldirardi. Keyin… rasmiyatsiz, o‘zini bizga teng tutib yarim soat-bir soat biz bilan gaplashib o‘tirar, kimning qanday tashvishi, nima kamchilik borligini shunchaki gap orasida aniqlashga urinardi. Bunday dilkash suhbatlardan biz har gal ruhlanib ketar, ertasi kuni ishga “qanot qoqib” borar edik.

* * *

U, yozganim yaxshimi, yomonmi, meniki, deb bilardi shekilli, kam holda asarini birovga qo‘lyozmada o‘qib berar yoki o‘qitar edi. Birga ishlab yurib, uning hikoyalari, qissalari bilan aksar matbuotda, kitob bo‘lib bosilganida tanishardik.

Faqat ba’zan (ehtimolki, ikkilanganida) Farhod akaga o‘qib bergan, o‘qitgan paytlari bor. Ba’zan menga.
Qo‘l mehnati, qayta-qayta yozishdan erinmasdi. O‘zi, xulqi singari xati nihoyatda chiroyli edi. Qiziq joyi, harflar allaqanday ko‘tarilib-tushganidan, uning yozuvi “yurak urishi”ga o‘xshardi.

Shu o‘rinda aytay. U — milliy yozuvchi, asarlarida bizning “hayot va adabiyotda bo‘lgan kuchli va ojiz tomonlarimiz”ni aks ettiradi. Uning asarlarida yana, nasrdan ko‘ra she’rga xos ruh ustun turadi. Bu — O‘lmas akaning shoirona ruhidan kelib chiqqan bo‘lsa kerak… Men o‘zbek adiblarini boshqa bir adabiyot vakillariga qiyoslashni uncha xush ko‘rmayman. Lekin gohida ijod yo‘nalishini aniqlash uchun qiyoslashga ham to‘g‘ri keladi. Uning nasrida buyuk qalam sohiblaridan Turgenev (aslida Turg‘unov, ajdodlari turkiy edi) asarlariga “ichki yaqinlik” ko‘zga tashlanadi. Shuning barobarida O‘lmas aka “o‘z ildizlarimiz”ga suyanib “ayovsiz realizm”ga qarab bordi.

Qisqasi, u qo‘lyozmani birovga ko‘rsatdimi, goh indamay, goh sal asabiylanib bo‘lsa-da, fikrni qabul qilardi. Yoshi kattami, kichikmi qaramasdi.

Bir kuni ot to‘g‘risida hikoya yozgan ekan, o‘qib berdi.
— Hikoya yaxshi. Birgina mulohaza, hikoyada ot “sizniki” emas, — dedim.

O‘lmas aka hech narsa demadi. Keyin matbuotda bosilgach o‘qidim, ancha o‘zgartirish kiritgan edi.

Go‘zal asarlaridan biri — “Bulg‘or qo‘shiqlari” u yer-bu yerda parcha-parcha e’lon qilingan. Kitob tuzishga tayyorlayotgan payti fikrlashdi:
— Shuni she’riy satrga solish kerakmikan? Ko‘ring-chi!

Uch-to‘rt kundan so‘ng:
— O‘lmas aka, asar buziladiganga o‘xshaydi, — dedim.
— To‘g‘ri, men ham o‘yladim. Nasriy shaklda qolavergani yaxshi ekan, — dedi. Bunday biri-biri bilan ijodiy fikrlashlarimiz ko‘p bo‘lgan.

Oradan yillar o‘tib, O‘lmas aka Madaniyat vazirligida ishlar edi. Men nashriyotda muharrirlik qilish bilan birga, Yoshlar teatrida adabiy maslahatchi edim. O‘lmas aka o‘z qissalaridan birining sahna variantini yozgan ekan, asar “Otilmagan o‘q” degan nom qo‘yilib sahnada shakl-shamoil kasb eta boshladi. Ammo mening sinfdoshim, teatrning bosh rejissyori Baxtiyor Ixtiyorov asardagi bir ko‘rinish o‘rniga tushmayapti, deb qoldi. Ko‘ngli to‘lmayotgan edi. Ikkimiz nimadir yozib-chizib “qo‘shish”ga urindik. Natija chiqmadi.

— O‘lmas akaga aytish kerak, — dedi Baxtiyor.
— Og‘ir olishi mumkin, — dedim.
— Men o‘zim bir gaplashib ko‘ray-chi, — dedi Baxtiyor.

Ikki kundan keyin O‘lmas aka qo‘lyozmani yetkazdi. U butun ko‘rinishni qaytadan maromiga yetkazib yozgan edi.

Adabiyotga jiddiy, mas’uliyat hissi bilan qarardi. Boshqalardan ham shuni kutardi.

Ammo u birovning qo‘lyozmasi borasida fikr bildirganida, shu qadar beozor, samimiy so‘zlar ediki! Maqtov yoki tanqid emas, har xil takliflar bilan senga yo‘l ochib bergandek bo‘lardi.

* * *

“O‘zbekfilm”da direktor lavozimini egallagach, qo‘ng‘iroq qilib ishga chaqirdi. Bir joyda bo‘laylik, dedi.

Kino sohasida mening ishim yurishmadi. Shunga qaramay, O‘lmas aka sharofati bilan bu sohani ozmi-ko‘pmi o‘rgandim, ma’lum ishlar qildim. Muhimi, radio va kinoda ishlaganimda, O‘lmas aka sharofati bilan Shukur Burhon, Olim Xo‘jayev, Razzoq Hamroyev, Hamza Umarov, Lutfixon aya, Sora Eshonto‘rayeva, Mukarram Turg‘unboyeva — buyuk san’atkorlarni ko‘rish, ularning ovozini yozib olish yoki xizmat bahonasida “bir chimdim” bo‘lsa-da, suhbatlaridan bahra topish nasib etdi. O‘lmas aka bevosita rahnamolik qilmaganida, menga, ehtimolki, bu baxt buyurmas edi.

U “qo‘l yetmas” katta lavozimlarda ishlaganida ham, muomalasi bir xilda barchaga teng, oddiy edi. Dabdabaga, balandparvozlikka toqati yo‘q, rasmiyatsiz ish tutardi.

Bir kuni kechki soat yettilarda uyiga borishimni so‘radi.

Borganimda:
— Hozir Farhod bilan Uchqun Nazarov kelishadi. Boshqa hech kim, o‘zimiz! — dedi. Keyin sekin qo‘shib qo‘ydi. — Bugun tug‘ilgan kunim edi…

O‘lmas aka hayotidagi katta sanalarga ham shunday beparvo qarardi. Uning ellik va oltmish yoshga to‘lishi uyida, tor doirada nishonlangan. Yetmish yilligini keng jamoatchilik nishonladi, ammo bu to‘yga u “yetib” kelolmadi…

* * *

U men uchun — ham aka, ham do‘st, ham ustoz qatorida edi. Unga lutf ko‘rsatish, yaxshi bir gaplar aytishni ko‘p o‘ylaganman. Aytishga botinmaganman. Gap shundaki, O‘lmas aka doim menga rahbar edi va bu xushomadga, biron manfaatni ko‘zlashga o‘xshar edi. Bundan tashqari, hurmat, mehr ko‘rinib turgach, so‘z shartmi, degan fikrga borganman…

* * *

Kuzning oxirgi kunlari.
Keyin qish…

Shamolda shoxlari silkingan daraxtlar menga parvoz qilayotgandek bo‘lib tuyuladi.
Ular negadir har gal menga O‘lmas aka hayotini eslatadi.

Uni har gal eslaganimda, endi dunyo go‘yoki ko‘z oldimda bo‘m-bo‘sh bo‘lib qoladi…

O’lmas Umarbekov. Qizimga maktublar by Khurshid Davron on Scribd

хдк

(Tashriflar: umumiy 1 050, bugungi 1)

Izoh qoldiring