Rabindranat Tagor. She’rlar. Omon Muxtor tarjimasi

09     Рабиндранат Тагор шеъри бир эмас, икки мамлакат томонидан давлат мадҳияси этиб қабул қилинган. Унинг «Халқ қалби» номли қўшиғи Ҳиндистон Республикасининг, «Олтин Бенгалиям» қўшиғи (1913) эса Бангладеш Халқ Республикасининг миллий гимнига айланган.

Рабиндранат ТАГОР
БУ КЎКЛАМ ҚЎШИҒИ ЭГАСИ МЕНМАН
Русчадан Омон Мухтор таржимаси (ХДК таҳрири билан)
011

   Рабиндранат Тагор (1861-1941) — дунёга машҳур шоир, ёзувчи, драматург. Нобел мукофоти лауреати. Бенгал тилида ижод қилган. Калкутта ва Лондон университетларида ўқиган (1878—80). Илк шеърий тўплами — «Оқшом қўшиқлари» (1882) пантеистик руҳда. «Табиат интиқоми» (1883) песаси, «Тонгги қўшиқлар» (1883), «Суратлар ва қўшиқлар» (1884) шеърий тўпламларида пок муҳаббат улуғланган. Унинг «Халқ қалби» номли қўшиғи Ҳиндистон Республикасининг, ватанпарварлик ҳақидаги «Олтин Бенгалиям» қўшиғи эса Бангладеш Халқ Республикасининг миллий гимнига айланган. Асарлари жаҳоннинг кўп тилларига таржима қилинган. Тагорнинг «Ҳалокат» романи асосида тайёрланган «Ганг дарёсининг қизи» драмаси (1956) ва «Почта» пъесаси (1961) ҳоз. Ўзбек миллий театрида саҳналаштирилган. «Ўзбекфилм» киностудиясида «Ганг дарёсининг қизи» филми тасвирга олинган (1961). 8 жилдли асарлар тўплами (1958—65) ўзбек тилида нашр этилган.

011

ЙЎЛ УСТИДА

* * *

Хонада ҳеч ким йўқ, дераза очиқ,
Ҳар ёқда офтобнинг нурлари сочиқ.

Қўшиқ эшитилар олисдан шу он,
Чор атрофни сирга чулғаб ногаҳон.

У шундай роҳатбахш, у шундай тиниқ, —
Қалбинг зангор кўкка юксалар, аниқ.

Қандай тушунтирай ҳаяжонимни?
Кимга раҳмат дейин, бериб жонимни?

Менинг ҳам куйлагим келар дафъатан,
Қўшиғим ўзига топсин деб ватан.

Мен умримда чеккан ғурбатлар бекор,
Менинг ўзимдан ҳам қалбим бахтиёр.

* * *

Кўклам ўзи келди сени кўргани,
Унга бор дардингни юклама, тўкма.
Сенга кун бермаган тақдирни сўкма,
Кўклам ўзи келди сени кўргани,
Боғларда сен билан бирга юргани.

Сен бахтли одамлар қаторида бўл,
Умидлан, севинчли лаҳзаларни кут.
Неки, ўтган бўлса барини унут,
Сен бахтли одамлар қаторида бўл,
Сенга бу кун очиқ жаннатмонанд йўл.

Йўқ, йўлга чиқмадинг олмай сўзимни,
Ана, ўтди кетди ёришган кун ҳам,
Кўзимдан оққан ёш ювди юзимни,
Мен энди билмайман, чарх уриб кимни —
Кимни йўл устида кутади кўклам?

* * *

Бу кўклам қўшиғи эгаси менман,
Кўклам ўтгач, гарчи кетар бенишон.
У менга азиздир, яширмам сендан,
У менинг ҳаётим қилгай нурафшон.

Тинглаб уни, тўлса кўзларингда ёш,
Сен ундан бекорга инжима чунон.
Топсанг ҳасрат куйин тинглашга бардош
У қайта тирилар ўша кун, инон.

* * *

О, Яратган!
Халос этгин бизни кишандан,
Қашшоқликдан, кўзлардаги ҳурксиниб ётган
Маҳзунликдан, ожизликдан, эринчоқликдан.
Халос этгин минг шубҳадан ҳаётимизни,
Қоронғида тентираган йўлчини қўлла,
Бизни қутқар балолардан.
Нур сари йўлла.

О, Эгамиз!
Мудроқдану ғафлатдан қутқар,
Сен ўзингсан азал-абад борлиқнинг шоҳи.
Кимнинг бўлса сен сингари пушти паноҳи,
Айланади севинчга ғам, битади оҳи.
Қора тунда йўл излаган йўлчини қўлла,
Озгина нур бергил бизга.
Кун сари йўлла.

О, Қодир Зот!
Асра ёвуз ақлдан бизни,
Муҳаббатдан айла бизнинг руҳимизни пок,
Қуриб-қотган шохга жондек, бер бизга идрок, —
Дунё ёруғ, гар ёритсанг юрагимизни.
Кўзин зулмат боғлаб қўйган инсонни қўлла,
Барчамизни самимият томонга йўлла.

* * *

Осмонда қуёш, ой, юлдуз чамани,044
Ер эса бор тирик жоннинг ватани,
Шу ҳамдамлик ҳақда қўшиғим маним.

Замонлар тўлқини, кунлар самани
Менингдир. Не ўзи ҳаётда маъни? —
Шу мубҳамликда ҳақда қўшиғим маним.

Биз каби дағалдир дарахтлар тани,
Нозик гул баргидек қалб титрагани —
Шу ажиб ҳол ҳақда қўшиғим маним.

Одам келгани-ю, одам ўтгани,
Олам эса чигал, ечими қани? —
Шундай саволда ҳақда қўшиғим маним.

МУҲАББАТ

* * *

Менинг ҳасрат тўла юрагим бир жом,
Ол уни, ссвгилим, у сенга инъом.

Бу майдан зулматда умрим саргардон,
Уни ичсанг, менда қолмагай армон.

Орзу-умидларим бўлар бари фош,
Сен менга бир лаҳза бўлсанг ҳасратдош.

Эртакдек бахш этар бахтиёр кунлар —
Сенинг кўзларингда тошган учқунлар.

* * *

Тилимда янграйди исминг ягона,
Гоҳ баҳона топиб, гоҳ бебаҳона.

Зикр этаман ғаму шодлик кунлари —
Гўё дунё исминг билан тўлган бир хона.

Исминг айтаман гоҳ ғамгин, гоҳ мамнун,
Гоҳ эса қаршингда илтижо учун.

Севгилим, исминг ҳам гўзал афсона!
Борлиқда энди йўқ бошқа тарона.

* * *

Мен биламан, тортинасан бу сўқмоқдан келишга,
Эшик очиқ, умидим бор оёғингни ўпишга.

Ўйламагин устим юпун, оёғда йўқ балдоқлар,
Тезроқ келгин, боғу кулбам сени мендек ардоқлар.

Қара, боғда оппоқ гуллар титранади оҳиста,
Сочингга тақ сен уларни, саралаб туз гулдаста.

Тезроқ келгин, ўнг айлагин сени кўрган тушимни,
Сени кўриб, олам кирсин, тўлдирсин оғушимни.

Қуйиб берди ёмғир ногоҳ. Бошланди-ку довуллар,
Ёмғир каби, шамол каби қалбим тинмай шовуллар.

* * *

Ишқинг билан юрагим сармаст —
Лекин сенга бу ҳеч керакмас!

Қоронғи тун ипдек сўқмоқда
Ҳуркиб ёлғиз борганинг чоқда, —
Сени ўйлаб қалбим қийноқда,
Чопгим келар қўлда чироқ кўтарганча даст —
Лекин сенга бу ҳеч керакмас!

Кўча-кўйдан ўтсанг эй, сарвқомат,
Номардлар ёғдирар сенга маломат.
Мен-чи? Шивирлайман: бўл, деб, саломат,
Ва сенга тилайман бир тўй аломат,
Шивирлайман: ўкинмагин, дунё баланд-паст —
Лекин сенга бу ҳеч керакмас!

Бир кун келиб сенга албат буюради бахт,
Насиб этар қувонч билан шодлик тўла вақт,
Сен яшнайсан, энди гўё баҳорий дарахт,
Ва номардлар остонангда туришар карахт,
Мен пойингга йиқилмоқни истайман-ку, бас —
Лекин сенга бу ҳам керакмас!

* * *

Рухсат бергин, севгилим, ўлтиришга ёнма-ён
Сен билан бир сония. Қалбим қалбингга пайванд.
Бу кун менда кўп юмуш, дардим менинг бир жаҳон,
Лекин улар ҳеч қачон мени этолмайди банд.

Боқай бир дам юзингга. Ойдек жойлан кўзимга,
Тутқин телба юрагим олсин озгина ором.
Мен жаҳон айвонида қулман ўзим-ўзимга,
Йўқдир эркнинг имкони менда на тонг, на оқшом.

Айни баҳор айёми, турфа гулнинг саломи,
Ана, остонамга ҳам қўниб турибди баҳор.
Ҳид олиб ғўнғиллаган асалари каломи
Худди куйдек оҳангдор. Янграйди тантанавор.

Ёт кўзлардан йироқда, севги деган қирғоқда
Қани, ўлтирсак эди кун бўйи сезмай малол.
Лекин юрибмиз доғда, тундек оғир фироқда,
Менинг бу куйлаганим барчаси оддий хаёл.

* * *

Кел, кел, эй азизим, эй ҳабиб, кел, кел.
Қалбим ҳасрат тўла, эй табиб, кел, кел.

Меҳрибон бўлгину келақол, дилбар,
Келақол бўлсанг-да бир рақиб, кел, кел.

Кўкда кезиб булут, ёғганда ёмғир —
Сен бу. Қолдирмагин бенасиб, кел, кел.

Менинг бахтим сену, бахтсизлигим сен,
Бу дунёда сенсиз мен ғариб, кел, кел.

Сен келавер қайта-қайта, енгил-оғир дам,
Бу оламнинг ўзи бетартиб, кел, кел.

Эй менинг исёнкор ва мўмин бағрим,
Мен томон ҳар қачон йўл тортиб кел, кел.

Кузми, қиш, кўкламми, ёзми — йўқ фарқи,
Менга истаганча ғам ортиб кел, кел.

Кулган чоғларимда бўлгин ёнимда,
Маҳзун куйлаганда андалиб, кел, кел.

Мен бунёд бўлганда, мен йўқ бўлганда —
Менинг суянганим, эй ҳабиб, кел, кел.

064

Rabindranat TAGOR
BU KO’KLAM QO’SHIG’I EGASI MENMAN
Ruschadan Omon Muxtor tarjimasi (XDK tahriri bilan)
011

Rabindranat Tagor (1861-1941) — dunyoga mashhur shoir, yozuvchi, dramaturg. Nobel mukofoti laureati. Bengal tilida ijod qilgan. Kalkutta va London universitetlarida o’qigan (1878—80). Ilk she’riy to’plami — «Oqshom qo’shiqlari» (1882) panteistik ruhda. «Tabiat intiqomi» (1883) pesasi, «Tonggi qo’shiqlar» (1883), «Suratlar va qo’shiqlar» (1884) she’riy to’plamlarida pok muhabbat ulug’langan. Uning «Xalq qalbi» nomli qo’shig’i Hindiston Respublikasining, vatanparvarlik haqidagi «Oltin Bengaliyam» qo’shig’i esa Bangladesh Xalq Respublikasining milliy gimniga aylangan. Asarlari jahonning ko’p tillariga tarjima qilingan. Tagorning «Halokat» romani asosida tayyorlangan «Gang daryosining qizi» dramasi (1956) va «Pochta» p’esasi (1961) hoz. O’zbek milliy teatrida sahnalashtirilgan. «O’zbekfilm» kinostudiyasida «Gang daryosining qizi» filmi tasvirga olingan (1961). 8 jildli asarlar to’plami (1958—65) o’zbek tilida nashr etilgan.

011

YO’L USTIDA

* * *

Xonada hech kim yo’q, deraza ochiq,
Har yoqda oftobning nurlari sochiq.

Qo’shiq eshitilar olisdan shu on,
Chor atrofni sirga chulg’ab nogahon.

U shunday rohatbaxsh, u shunday tiniq, —
Qalbing zangor ko’kka yuksalar, aniq.

Qanday tushuntiray hayajonimni?
Kimga rahmat deyin, berib jonimni?

Mening ham kuylagim kelar daf’atan,
Qo’shig’im o’ziga topsin deb vatan.

Men umrimda chekkan g’urbatlar bekor,
Mening o’zimdan ham qalbim baxtiyor.

* * *

Ko’klam o’zi keldi seni ko’rgani,
Unga bor dardingni yuklama, to’kma.
Senga kun bermagan taqdirni so’kma,
Ko’klam o’zi keldi seni ko’rgani,
Bog’larda sen bilan birga yurgani.

Sen baxtli odamlar qatorida bo’l,
Umidlan, sevinchli lahzalarni kut.
Neki, o’tgan bo’lsa barini unut,
Sen baxtli odamlar qatorida bo’l,
Senga bu kun ochiq jannatmonand yo’l.

Yo’q, yo’lga chiqmading olmay so’zimni,
Ana, o’tdi ketdi yorishgan kun ham,
Ko’zimdan oqqan yosh yuvdi yuzimni,
Men endi bilmayman, charx urib kimni —
Kimni yo’l ustida kutadi ko’klam?

* * *

Bu ko’klam qo’shig’i egasi menman,
Ko’klam o’tgach, garchi ketar benishon.
U menga azizdir, yashirmam sendan,
U mening hayotim qilgay nurafshon.

Tinglab uni, to’lsa ko’zlaringda yosh,
Sen undan bekorga injima chunon.
Topsang hasrat kuyin tinglashga bardosh
U qayta tirilar o’sha kun, inon.

* * *044

O, Yaratgan!
Xalos etgin bizni kishandan,
Qashshoqlikdan, ko’zlardagi hurksinib yotgan
Mahzunlikdan, ojizlikdan, erinchoqlikdan.
Xalos etgin ming shubhadan hayotimizni,
Qorong’ida tentiragan yo’lchini qo’lla,
Bizni qutqar balolardan.
Nur sari yo’lla.

O, Egamiz!
Mudroqdanu g’aflatdan qutqar,
Sen o’zingsan azal-abad borliqning shohi.
Kimning bo’lsa sen singari pushti panohi,
Aylanadi sevinchga g’am, bitadi ohi.
Qora tunda yo’l izlagan yo’lchini qo’lla,
Ozgina nur bergil bizga.
Kun sari yo’lla.

O, Qodir Zot!
Asra yovuz aqldan bizni,
Muhabbatdan ayla bizning ruhimizni pok,
Qurib-qotgan shoxga jondek, ber bizga idrok, —
Dunyo yorug’, gar yoritsang yuragimizni.
Ko’zin zulmat bog’lab qo’ygan insonni qo’lla,
Barchamizni samimiyat tomonga yo’lla.

* * *

Osmonda quyosh, oy, yulduz chamani,
Yer esa bor tirik jonning vatani,
Shu hamdamlik haqda qo’shig’im manim.

Zamonlar to’lqini, kunlar samani
Meningdir. Ne o’zi hayotda ma’ni? —
Shu mubhamlikda haqda qo’shig’im manim.

Biz kabi dag’aldir daraxtlar tani,
Nozik gul bargidek qalb titragani —
Shu ajib hol haqda qo’shig’im manim.

Odam kelgani-yu, odam o’tgani,
Olam esa chigal, yechimi qani? —
Shunday savolda haqda qo’shig’im manim.

MUHABBAT

* * *

Mening hasrat to’la yuragim bir jom,
Ol uni, ssvgilim, u senga in’om.

Bu maydan zulmatda umrim sargardon,
Uni ichsang, menda qolmagay armon.

Orzu-umidlarim bo’lar bari fosh,
Sen menga bir lahza bo’lsang hasratdosh.

Ertakdek baxsh etar baxtiyor kunlar —
Sening ko’zlaringda toshgan uchqunlar.

* * *

Tilimda yangraydi isming yagona,
Goh bahona topib, goh bebahona.

Zikr etaman g’amu shodlik kunlari —
Go’yo dunyo isming bilan to’lgan bir xona.

Isming aytaman goh g’amgin, goh mamnun,
Goh esa qarshingda iltijo uchun.

Sevgilim, isming ham go’zal afsona!
Borliqda endi yo’q boshqa tarona.

* * *

Men bilaman, tortinasan bu so’qmoqdan kelishga,
Eshik ochiq, umidim bor oyog’ingni o’pishga.

O’ylamagin ustim yupun, oyog’da yo’q baldoqlar,
Tezroq kelgin, bog’u kulbam seni mendek ardoqlar.

Qara, bog’da oppoq gullar titranadi ohista,
Sochingga taq sen ularni, saralab tuz guldasta.

Tezroq kelgin, o’ng aylagin seni ko’rgan tushimni,
Seni ko’rib, olam kirsin, to’ldirsin og’ushimni.

Quyib berdi yomg’ir nogoh. Boshlandi-ku dovullar,
Yomg’ir kabi, shamol kabi qalbim tinmay shovullar.

* * *

Ishqing bilan yuragim sarmast —
Lekin senga bu hech kerakmas!

Qorong’i tun ipdek so’qmoqda
Hurkib yolg’iz borganing choqda, —
Seni o’ylab qalbim qiynoqda,
Chopgim kelar qo’lda chiroq ko’targancha dast —
Lekin senga bu hech kerakmas!

Ko’cha-ko’ydan o’tsang ey, sarvqomat,
Nomardlar yog’dirar senga malomat.
Men-chi? Shivirlayman: bo’l, deb, salomat,
Va senga tilayman bir to’y alomat,
Shivirlayman: o’kinmagin, dunyo baland-past —
Lekin senga bu hech kerakmas!

Bir kun kelib senga albat buyuradi baxt,
Nasib etar quvonch bilan shodlik to’la vaqt,
Sen yashnaysan, endi go’yo bahoriy daraxt,
Va nomardlar ostonangda turishar karaxt,
Men poyingga yiqilmoqni istayman-ku, bas —
Lekin senga bu ham kerakmas!

* * *

Ruxsat bergin, sevgilim, o’ltirishga yonma-yon
Sen bilan bir soniya. Qalbim qalbingga payvand.
Bu kun menda ko’p yumush, dardim mening bir jahon,
Lekin ular hech qachon meni etolmaydi band.

Boqay bir dam yuzingga. Oydek joylan ko’zimga,
Tutqin telba yuragim olsin ozgina orom.
Men jahon ayvonida qulman o’zim-o’zimga,
Yo’qdir erkning imkoni menda na tong, na oqshom.

Ayni bahor ayyomi, turfa gulning salomi,
Ana, ostonamga ham qo’nib turibdi bahor.
Hid olib g’o’ng’illagan asalari kalomi
Xuddi kuydek ohangdor. Yangraydi tantanavor.

Yot ko’zlardan yiroqda, sevgi degan qirg’oqda
Qani, o’ltirsak edi kun bo’yi sezmay malol.
Lekin yuribmiz dog’da, tundek og’ir firoqda,
Mening bu kuylaganim barchasi oddiy xayol.

* * *

Kel, kel, ey azizim, ey habib, kel, kel.
Qalbim hasrat to’la, ey tabib, kel, kel.

Mehribon bo’lginu kelaqol, dilbar,
Kelaqol bo’lsang-da bir raqib, kel, kel.

Ko’kda kezib bulut, yog’ganda yomg’ir —
Sen bu. Qoldirmagin benasib, kel, kel.

Mening baxtim senu, baxtsizligim sen,
Bu dunyoda sensiz men g’arib, kel, kel.

Sen kelaver qayta-qayta, yengil-og’ir dam,
Bu olamning o’zi betartib, kel, kel.

Ey mening isyonkor va mo’min bag’rim,
Men tomon har qachon yo’l tortib kel, kel.

Kuzmi, qish, ko’klammi, yozmi — yo’q farqi,
Menga istagancha g’am ortib kel, kel.

Kulgan chog’larimda bo’lgin yonimda,
Mahzun kuylaganda andalib, kel, kel.

Men bunyod bo’lganda, men yo’q bo’lganda —
Mening suyanganim, ey habib, kel, kel.

064

(Tashriflar: umumiy 2 624, bugungi 1)

3 izoh

  1. «Xalq qalbi» va «Oltin Bengaliyam»ni ham kiritishizni iltimos qilaman.

Izoh qoldiring