Inson va Koinot uyg’unligi. Albert Eyinshteyin va Rabindranat Tagor suhbati

Ashampoo_Snap_2017.06.06_17h22m46s_002_.png    ХХ асрнинг икки буюк сиймоси Альберт Эйнштейн ва Рабиндранат Тагорнинг инсон ва коинот уйғунлигига бағишланган суҳбатини тақдим этмоқдамиз. Суҳбат 1930 йил 14 июль куни Эйнштейннинг дала ҳовлисида бўлиб ўтган.

ИНСОН ВА КОИНОТ УЙҒУНЛИГИ
Альберт Эйнштейн ва Рабиндранат Тагор суҳбати
09

GettyImages-52374171.jpgАльберт Эйнштейн (1879.14.3, Ульм, Германия — 1955. 18.4, Принстон, АҚШ) — назариётчи физик олим, нисбийлик назарияси асосчиси, майдон квант назарияси ва статистик физика асосчиларидан бири.
Илмий ишлари асосан нисбийлик назариясига доир. Альберт Эйнштейн масса ва энергиянинг ўзаро боғлиқлиги қонунини кашф қилган (1905). Майдон квант назариясининг яратилишида Эйнштейннинг ҳиссаси жуда катта. Ёруғлик нурланишини ёруғлик квантлари ёки фотонлар оқимидан иборат, деб ҳисоблаб, ёруғлик нурланишининг дискретлиги, квант структурага эга эканлиги ҳақидаги тасаввурни фанга киритган, Броун ҳаракатининг молекуляр- статистик назариясини ривожлантирган (1905), фотонни назарий жиҳатдан кашф қилган. Квант назария асосида температура пасайиши билан қаттиқ жисм иссиқлик сиғимининг камайишини (1907), мувозанатли нурланиш энергиясининг флуктуациясини биринчи марта кўриб чиққан (1909); фотоэффектив, флюоресценция учун Стокс қоидасини, фитоионланиш ва бошқаларни тушунтириб берган (1912), фотокимёнинг асосий қонуни — Эйнштейн қонунини очган (1912), нурланиш учун корпускуляр-тўлқин дуализм, индукцияланган (мажбурий) нурланиш ҳодисасини олдиндан айтиб берган (1916). Эйнштейн жисмлар магнитланганда механик моменти ўзгариши ҳодисасини башорат қилган ва тажрибада кўрсатган (нидерланд физиги В. де Хааз билан ҳамкорликда, 1915). Олим гравитацион тўлқинлар ҳақида постулат қабул қилиб (1916), гравитацион нурланиш қуввати формуласини келтириб чиқарган (1918). Бутўн спинли зарраларнинг квант стати- стикаси (Бозе — Эйнштейн статисти- каси)ни яратган (1924—25). 1933 йилдан космология ва майдоннинг ягона назарияси билан шуғулланган. Альберт Эйнштейн ижтимоий- сиёсий воқеаларни ҳам кузатиб борган. У уруш ва фашизмга қарши чиққан. Эйнштейн 1940 йилда фашистлар Германиясида ядро қуроли борлиги тўғрисида АҚШ президенти Ф. Рузвельтга хат ёзди. У ядро қуролининг қўлланилишига қарши бўлган. Альберт Эйнштейннинг илмий ишлари ҳозирги замон физикасининг ривожланишида муҳим аҳамиятга эга бўлди. Нобель мукофоти лауреати (1921).

GettyImages-52374170a.jpgРабиндранат Тагор (Рабиндранатҳ Тҳакур; 1861-1941) — дунёга машҳур шоир, ёзувчи, драматург. Нобел мукофоти лауреати.Рабиндранат Тагор 1861 йилнинг 7 май куни Калькуттада, таниқли ва бадавлат оилада ўн тўрт фарзанднинг кенжаси бўлиб дунёга келган. Бенгал тилида ижод қилган. Калкутта ва Лондон университетларида ўқиган (1878—80). Илк шеърий тўплами — «Оқшом қўшиқлари» (1882) пантеистик руҳда. «Табиат интиқоми» (1883) песаси, «Тонгги қўшиқлар» (1883), «Суратлар ва қўшиқлар» (1884) шеърий тўпламларида пок муҳаббат улуғланган. Унинг «Халқ қалби» номли қўшиғи Ҳиндистон Республикасининг, ватанпарварлик ҳақидаги «Олтин Бенгалиям» қўшиғи эса Бангладеш Халқ Республикасининг миллий гимнига айланган. Асарлари жаҳоннинг кўп тилларига таржима қилинган. Тагорнинг «Ҳалокат» романи асосида тайёрланган «Ганг дарёсининг қизи» драмаси (1956) ва «Почта» пъесаси (1961) ҳоз. Ўзбек миллий театрида саҳналаштирилган. «Ўзбекфилм» киностудиясида «Ганг дарёсининг қизи» филми тасвирга олинган (1961). 8 жилдли асарлар тўплами (1958—65) ўзбек тилида нашр этилган.
Тагор Ҳиндистоннинг тўрт университети, Оксфорд университетининг фахрий докторлиги унвонига сазовор бўлган. Ҳиндистонлик тадқиқотчи Кришна Крипалани “Тагорнинг энг асосий буюклиги унинг ҳинд маданияти ривожига қўшган турткиси билан изоҳланади. У ўз халқига ўз тилига, маданий ва маънавий меросига бўлган ишончини пайдо қилди…” У 1941 йилда узоқ давом этган касалликдан сўнг Калькуттада вафот этди.

09

Эйнштейн: Сиз худони оламдан айро тасаввур эта оласизми?

Тагор: Йўқ, мен эътиқод қўйган худо оламдан айро эмас. Инсон битмас-туганмас руҳий-ақлий қуввати билан коинот қаърига чуқурроқ кириб бораверади. Аслида у инкишоф этиши мумкин бўлмаган нарсанинг ўзи йўқ. Бу эса шундан далолат берадики, Коинот ҳақиқати бу — инсон ҳақиқатидир.

Фикримга ойдинлик киритиш мақсадида бир илмий фактга мурожаат этсам. Сир эмас, модда протон ва электронлардан таркиб топади, улар орасида бошқа ҳеч нарса йўқ, бироқ модда бу электрон ва протонларни маконаро бир-бирига боғловчи алоқаларсиз бир бутун, яхлит бўлиб туюлиши мумкин. Худди шунга ўхшаш инсоният ҳам индивидуумлардан таркиб топади, бироқ улар орасида ўзаро инсоний алоқалар мавжуд, бу эса кишилик жамиятига бир бутун, яхлит жонли организм тусини беради. Шунингдек, Коинот ҳам биз билан худди индивидуумлар каби боғланган. Бир сўз билан айтилса, бу — инсон Коинотидир.

Юқорида тилга олинган ғояни мен санъатда, адабиётда ва бани башарнинг диний онгида кўп бор кузатганман.

Эйнштейн: Коинот моҳиятига доир бир-биридан фарқ қилувчи икки концепция мавжуд:
1) олам — инсон ақлига боғлиқ бўлган бир бутунлик;
2) олам — инсон ақлига боғлиқ бўлмаган бир воқелик.

Тагор: Бизни қуршаб турган Коинот Боқий Инсон билан уйғунлик касб этган вақтда, биз уни ҳақиқат сифатида англаймиз ва гўзаллик сифатида ҳис этамиз.

Эйнштейн: Бироқ бу — Коинотнинг соф инсоний концепцияси-ку?

Тагор: Ҳа, бундан бошқача концепция бўлиши мумкин ҳам эмас. Чунки бу олам — инсон олами. У ҳакдаги илмий тасаввурлар ҳам аслида бир инсон бўлмиш олим  тасаввурлари, холос. Бас, шундай экан олам биздан айро ҳолда мавжуд бўла оладими? Биз билган олам, албатта, нисбий, унинг воқелиги онгимизга боғлиқ. Аммо оламга ҳаққоният бахш этиб турувчи оқиллик ва гўзалликнинг шундай бир мезони — Боқий Инсон андозаси мавжудки, бу зотнинг сезгилари бизнинг сезгиларимизга монанддир.

Эйнштейн: Сиз айтаётган Боқий Инсон бу — инсон моҳиятининг тажассуми, шундай эмасми?

Тагор: Шундай, фақат боқий моҳияти тажассуми. Биз уни ўз ҳиссиётларимиз ва фаолиятимиз воситасида туйиб олмоғимиз зарур. Биз бунда ўзимиздан фарқли ўлароқ маҳдудликлардан холи Олий Инсонни англаймиз. Илм-фан алоҳида бир шахс билан чекланмаган нарса-ҳодисаларни ўрганиш билан шуғулланади, у ҳақиқатларнинг шахсдан юқори турувчи инсоний олами ҳисобланади. Дин эса бу ҳақиқатларга етиб бориш баробарида  уларнинг биздаги хийла теран эҳтиёжлар билан алоқаларини ҳам ўрнатади; шу тариқа ҳақиқатнинг хусусий инкишофи энди умумий маъно ва аҳамият касб этади. Дин ҳақиқатни қадрият даражасига кўтаради, биз ҳақиқатни у билан уйғунлигимизни ҳис этган ҳолда кашф этамиз.

Эйнштейн: Бироқ бундан ҳақиқат ёки гўзаллик инсондан мустақил эмас, деган маъно келиб чиқади.

Тагор: Ҳа, улар инсондан мустақил эмас.

Эйнштейн: Тасаввур этайлик, одам насли тўсатдан йўқ бўлиб қолса, бельведерлик Аполлон (Бир пайтлар Ватикандаги Бельведер меъморий мажмуида ўрнатилган ва кейинчалик  йўқолган қадимги юнон ҳайкалтароши  (Александр Македонскийнинг саройида хизмат қилган)  Леохарнинг  тунждан ясалган ҳайкалининг мармар нусхаси назарда тутилмоқда. ХДК изоҳи)  ҳам гўзалликдан маҳрум бўлиб қоладими?

Тагор: Ҳа!

Эйнштейн: Борингки, гўзалликнинг бундай концепциясига рози ҳам бўлдим, дейлик, аммо ҳақиқатнинг шундай концепциясига ҳечам рози бўла олмайман.

Тагор: Нега энди?  Ахир, ҳақиқат инсон томонидан англанади-ку?!

Эйнштейн: Мен ўзимнинг концепциям ҳаққоний  эканини исботлаб беролмайман, аммо бу — менинг эътиқодим, таъбир жоиз бўлса, диним.

Тагор: Гўзаллик мукаммал уйғунлик идеалида жо- бажо бўлган, бундай уйғунлик, ўз галида, Универсал Инсонда мужассам; ҳақиқат бу — Универсал Ақлни тўлиқ эгаллашдир. Биз, индивидуумлар, катта-кичик хатолар қилиб, мисқол-бамисқол тажриба тўплаб, ақлимизни секин-аста нурлантириб, ҳақиқат сари яқинлаша борамиз, ахир, ҳақиқатни англашнинг бундан бошқа яна қандай йўли бўлиши мумкин?!

Эйнштейн: Мен илмий ҳақиқатни одамзодга боғлиқ бўлмаган асл ҳақиқат деб тан олиш керак, деган ақидани исботлаб беролмайман, лекин шундай эканига ҳеч бир шак-шубҳам йўқ. Геометриядаги Пифагор теоремаси Бани Одам мавжуд ёки мавжуд эмаслигидан қатъи назар, қандайдир, нисбатан тўғри тасаввурни қарор топтиради. Ҳар ҳолда, инсонга боғлиқ бўлмаган реаллик бор экан, демак, бу реалликка мувофиқ ҳақиқат ҳам бўлиши лозим. Улардан бирини инкор этиш албатта бошқасини ҳам инкор этишга олиб келади.

Тагор: Универсал Инсонда тажассум топган ҳақиқат моҳият эътибори ила инсоний бўлиши лозим, акс ҳолда биз, индивидуумлар, англашга қурбимиз етадиган нарсаларни ҳеч қачон ҳақиқат деб, жиллақурса, илмий ҳақиқат деб атай олмаймиз. Бу ҳақиқатга биз мантиқий жараёнлар воситасида, бошқача қилиб айтганда, тафаккур органи воситасида ёвуқлашиб борамиз, бу орган эса инсон органи ҳисобланади. Ҳинд фалсафасига кўра, Браҳма, яъни мутлақ ҳақиқат бордирки, уни алоҳида индивидуум ақли билан кашф қилиб ҳам, сўз билан ифода этиб ҳам бўлмайди. Индивидуум бу ҳақиқатни чексизликка бус-бутун чўмиш орқали кашф этиши мумкин. Бундай ҳақиқат энди фанга тегишли бўла олмайди. Биз баҳс очаётган ўша ҳақиқат табиати эса зоҳирий маъно-мазмун касб этади, яъни у инсон наздида ҳаққоний туюлган қарашларни ифодалайди ва шу боис ҳам бу ҳақиқат инсонийдир. Уни Майя ёки иллюзия деб аташ мумкин.

Эйнштейн: Сизнинг концепциянгизга кўра, эҳтимол, у ҳинд фалсафаси концепциясидир, биз алоҳида бир шахснинг эмас, балки бутун инсониятнинг иллюзияси билан яшаётган эканмиз-да?

Тагор: Биз илмда шундай бир тартиб-қоидага риоя этамизки, унга кўра биз шахсий ақлимиз муҳри босилган барча маҳдудликларни улоқтириб ташлаймиз ва шу асно Универсал Инсон ақлида тажассум топган ҳақиқатни англашга юз тутамиз.

Эйнштейн: Ҳақиқат бизнинг онгимизга боғлиқми ёки йўқми? Бутун жумбоқ ана шунда.

Тагор: Биз ҳақиқат деб атайдиган нарса реалликнинг субъектив ва объектив томонлари орасидаги оқилона уйғунликда яширингандир, бу томонларнинг ҳар иккаласи эса Универсал Инсонда мавжуддир.

Эйнштейн: Биз ҳатто кундалик турмушда ҳам ўзимиз фойдаланадиган буюм-анжомларга инсонга боғлиқ бўлмаган реаллик деб қарашга мажбурият сезамиз. Биз ўзимизнинг сезги органларимиз юбораётган маълумотлар орасида оқилона бир йўсинда алоқадорлик ўрнатиш учун ҳам шундай қиламиз. Масалан, уйда ҳеч зоғ бўлмаган пайтда ҳам мана бу стол ўз ўрнида тураверади.

Тагор: Ҳа, стол индивидуал ақл имконидан хорижда бўлади, аммо минбаъд универсал ақл имконидан эмас. Ўзим идрок этаётган стол менинг ақлимга ўхшаш бошқа ақл томонидан ҳам идрок этилиши мумкин.

Эйнштейн: Инсонга боғлиқ бўлмаган ҳақиқат мавжудлигига доир биз ҳимоя қилаётган табиий нуқтаи назарни тушунтириб ҳам, исботлаб ҳам бўлмайди, аммо унга барча одамлар ишонади, ҳатто ибтидоий одамлар ҳам бундан мустасно эмас. Биз ҳақиқат бошига инсондан юқори турувчи объективлик тожини кийдирамиз. Бизнинг бор-йўқлигимизга, тажрибамизга, ақлимизга боғлиқ бўлмаган бу реаллик, гарчи у нимани англатишини айтиб беролмасак ҳам, бизга ниҳоятда зарур.

Тагор: Фан исботлаб берганки, стол қаттиқ жисм сифатида атиги бир зуҳурот, холос, бас, шундай экан, инсон ақли стол сифатида идрок қилаётган нарса шу ақлнинг ўзи йўқ бўлган такдирда мавжуд бўла оладими? Айни чоғда шуни ҳам тан олиш жоизки, столнинг оддий физикавий воқелиги ҳар бири айлана ясаб ҳаракатланаётган кўпдан-кўп электр кучи марказларидан бошқа нарса эмас, бундан эса у инсон ақлига ҳам тааллуқли, деган хулоса ясаш мумкин.

Ҳақиқатни инкишоф этиш жараёнида Универсал Инсоннинг чексиз ақли ва алоҳида индивидуумнинг махдуд ақли ўртасида азалий қарама-қаршилик рўй беради. Ҳақиқатни англаб етишнинг бетўхтов жараёни бизнинг илм-фанимизда, фалсафамизда, ахлоқимизда давом этаверади. Мабодо, инсон билан боғлиқлик касб этмаган бирор-бир мутлақ ҳақиқат мавжуд бўлган такдирда ҳам у биз учун мутлақо йўқ ҳисобланиши тайин.

Шундай ақлни тасаввур этиб боқайликки, унинг учун воқеалар кетма-кетлиги худди мусиқадаги ноталар мисол маконда эмас, фақат замонда кечсин. Бундай ақл учун реаллик концепцияси мусиқий реаллик билан бир хил бўлади, бундай реаллик учун эса Пифагор геометрияси ҳар қандай маъно-мазмундан маҳрумдир. Ўзингизга маълум, адабиётдан беҳад йироқ бўлган қоғоз реаллиги мавжуд. Қоғозни емираётган куя ақлига қолса, адабиёт мутлақо мавжуд эмас. Бироқ айни чоғда инсон ақли учун  адабиёт ҳақиқат ўлароқ, қоғоздан кўра улканроқ қиммат касб этади. Худди шунга ўхшаб, агар инсон ақлига рационал ёки эмоционал муносабатда бўлмаган бирор бир ҳақиқат мавжуд бўлса ҳам, ҳамонки, биз инсон ақлига эга мавжудот эканмиз, у барибир ҳеч нарсалигича қолаверади.

Эйнштейн: У ҳолда мен сиздан кўра кўпроқ диндор эканман.

Тагор: Мен эътиқод қўйган дин жисму жоним билан Боқий Инсонни, Универсал инсоний руҳни англашимда, ҳис қилишимда намоён бўлади. Улар менинг Гиббертда ((Гибберт Хаус (инглизча. Hibbert House) деб аталувчи  илмий  марказ — Ямайка  Миллий мероси жамғармасининг бош қароргоҳи назарда тутилмоқда. ХДК изоҳи) ўқиб эшиттирилган “Инсон дини” сарлавҳали маърузаларимга мавзу бўлган.

Русчадан Баҳодир Зокир таржимаси

Манба: «Тафакур» журнали, 1/2009

GettyImages-52374170.jpgXX asrning ikki buyuk siymosi Albert Eynshteyn va Rabindranat Tagorning inson va koinot uyg‘unligiga bag‘ishlangan suhbatini taqdim etmoqdamiz. Suhbat 1930 yil 14 iyul kuni Eynshteynning dala hovlisida bo‘lib o‘tgan.

INSON VA KOINOT UYG‘UNLIGI
Albert Eynshteyn va Rabindranat Tagor suhbati
09

fvjp4IL.jpgRabindranat Tagor (Rabindranath Thakur; 1861-1941) — dunyoga mashhur shoir, yozuvchi, dramaturg. Nobel mukofoti laureati.Rabindranat Tagor 1861 yilning 7 may kuni Kalkuttada, taniqli va badavlat oilada o‘n to‘rt farzandning kenjasi bo‘lib dunyoga kelgan. Bengal tilida ijod qilgan. Kalkutta va London universitetlarida o‘qigan (1878—80). Ilk she’riy to‘plami — «Oqshom qo‘shiqlari» (1882) panteistik ruhda. «Tabiat intiqomi» (1883) pesasi, «Tonggi qo‘shiqlar» (1883), «Suratlar va qo‘shiqlar» (1884) she’riy to‘plamlarida pok muhabbat ulug‘langan. Uning «Xalq qalbi» nomli qo‘shig‘i Hindiston Respublikasining, vatanparvarlik haqidagi «Oltin Bengaliyam» qo‘shig‘i esa Bangladesh Xalq Respublikasining milliy gimniga aylangan. Asarlari jahonning ko‘p tillariga tarjima qilingan. Tagorning «Halokat» romani asosida tayyorlangan «Gang daryosining qizi» dramasi (1956) va «Pochta» pyesasi (1961) hoz. O‘zbek milliy teatrida sahnalashtirilgan. «O‘zbekfilm» kinostudiyasida «Gang daryosining qizi» filmi tasvirga olingan (1961). 8 jildli asarlar to‘plami (1958—65) o‘zbek tilida nashr etilgan.
Tagor Hindistonning to‘rt universiteti, Oksford universitetining faxriy doktorligi unvoniga sazovor bo‘lgan. Hindistonlik tadqiqotchi Krishna Kripalani “Tagorning eng asosiy buyukligi uning hind madaniyati rivojiga qo‘shgan turtkisi bilan izohlanadi. U o‘z xalqiga o‘z tiliga, madaniy va ma’naviy merosiga bo‘lgan ishonchini paydo qildi…” U 1941 yilda uzoq davom etgan kasallikdan so‘ng Kalkuttada vafot etdi.

fvjp4ILa.jpgAlbert Eynshteyn (1879.14.3, Ulm, Germaniya — 1955. 18.4, Prinston, AQSH) — nazariyotchi fizik olim, nisbiylik nazariyasi asoschisi, maydon kvant nazariyasi va statistik fizika asoschilaridan biri.
Ilmiy ishlari asosan nisbiylik nazariyasiga doir. Albert Eynshteyn massa va energiyaning o‘zaro bog‘liqligi qonunini kashf qilgan (1905). Maydon kvant nazariyasining yaratilishida Eynshteynning hissasi juda katta. Yorug‘lik nurlanishini yorug‘lik kvantlari yoki fotonlar oqimidan iborat, deb hisoblab, yorug‘lik nurlanishining diskretligi, kvant strukturaga ega ekanligi haqidagi tasavvurni fanga kiritgan, Broun harakatining molekulyar- statistik nazariyasini rivojlantirgan (1905), fotonni nazariy jihatdan kashf qilgan. Kvant nazariya asosida temperatura pasayishi bilan qattiq jism issiqlik sig‘imining kamayishini (1907), muvozanatli nurlanish energiyasining fluktuatsiyasini birinchi marta ko‘rib chiqqan (1909); fotoeffektiv, flyuoressensiya uchun Stoks qoidasini, fitoionlanish va boshqalarni tushuntirib bergan (1912), fotokimyoning asosiy qonuni — Eynshteyn qonunini ochgan (1912), nurlanish uchun korpuskulyar-to‘lqin dualizm, induksiyalangan (majburiy) nurlanish hodisasini oldindan aytib bergan (1916). Eynshteyn jismlar magnitlanganda mexanik momenti o‘zgarishi hodisasini bashorat qilgan va tajribada ko‘rsatgan (niderland fizigi V. de Xaaz bilan hamkorlikda, 1915). Olim gravitatsion to‘lqinlar haqida postulat qabul qilib (1916), gravitatsion nurlanish quvvati formulasini keltirib chiqargan (1918). Buto‘n spinli zarralarning kvant stati- stikasi (Boze — Eynshteyn statisti- kasi)ni yaratgan (1924—25). 1933 yildan kosmologiya va maydonning yagona nazariyasi bilan shug‘ullangan. Albert Eynshteyn ijtimoiy- siyosiy voqealarni ham kuzatib borgan. U urush va fashizmga qarshi chiqqan. Eynshteyn 1940 yilda fashistlar Germaniyasida yadro quroli borligi to‘g‘risida AQSH prezidenti F. Ruzveltga xat yozdi. U yadro qurolining qo‘llanilishiga qarshi bo‘lgan. Albert Eynshteynning ilmiy ishlari hozirgi zamon fizikasining rivojlanishida muhim ahamiyatga ega bo‘ldi. Nobel mukofoti laureati (1921).

09

Eynshteyn: Siz xudoni olamdan ayro tasavvur eta olasizmi?

Tagor: Yo‘q, men e’tiqod qo‘ygan xudo olamdan ayro emas. Inson bitmas-tuganmas ruhiy-aqliy quvvati bilan koinot qa’riga chuqurroq kirib boraveradi. Aslida u inkishof etishi mumkin bo‘lmagan narsaning o‘zi yo‘q. Bu esa shundan dalolat beradiki, Koinot haqiqati bu — inson haqiqatidir.

Fikrimga oydinlik kiritish maqsadida bir ilmiy faktga murojaat etsam. Sir emas, modda proton va elektronlardan tarkib topadi, ular orasida boshqa hech narsa yo‘q, biroq modda bu elektron va protonlarni makonaro bir-biriga bog‘lovchi aloqalarsiz bir butun, yaxlit bo‘lib tuyulishi mumkin. Xuddi shunga o‘xshash insoniyat ham individuumlardan tarkib topadi, biroq ular orasida o‘zaro insoniy aloqalar mavjud, bu esa kishilik jamiyatiga bir butun, yaxlit jonli organizm tusini beradi. Shuningdek, Koinot ham biz bilan xuddi individuumlar kabi bog‘langan. Bir so‘z bilan aytilsa, bu — inson Koinotidir.

Yuqorida tilga olingan g‘oyani men san’atda, adabiyotda va bani basharning diniy ongida ko‘p bor kuzatganman.

Eynshteyn: Koinot mohiyatiga doir bir-biridan farq qiluvchi ikki konsepsiya mavjud:
1) olam — inson aqliga bog‘liq bo‘lgan bir butunlik;
2) olam — inson aqliga bog‘liq bo‘lmagan bir voqelik.

Tagor: Bizni qurshab turgan Koinot Boqiy Inson bilan uyg‘unlik kasb etgan vaqtda, biz uni haqiqat sifatida anglaymiz va go‘zallik sifatida his etamiz.

Eynshteyn: Biroq bu — Koinotning sof insoniy konsepsiyasi-ku?

Tagor: Ha, bundan boshqacha konsepsiya bo‘lishi mumkin ham emas. Chunki bu olam — inson olami. U hakdagi ilmiy tasavvurlar ham aslida bir inson bo‘lmish olim tasavvurlari, xolos. Bas, shunday ekan olam bizdan ayro holda mavjud bo‘la oladimi? Biz bilgan olam, albatta, nisbiy, uning voqeligi ongimizga bog‘liq. Ammo olamga haqqoniyat baxsh etib turuvchi oqillik va go‘zallikning shunday bir mezoni — Boqiy Inson andozasi mavjudki, bu zotning sezgilari bizning sezgilarimizga monanddir.

Eynshteyn: Siz aytayotgan Boqiy Inson bu — inson mohiyatining tajassumi, shunday emasmi?

Tagor: Shunday, faqat boqiy mohiyati tajassumi. Biz uni o‘z hissiyotlarimiz va faoliyatimiz vositasida tuyib olmog‘imiz zarur. Biz bunda o‘zimizdan farqli o‘laroq mahdudliklardan xoli Oliy Insonni anglaymiz. Ilm-fan alohida bir shaxs bilan cheklanmagan narsa-hodisalarni o‘rganish bilan shug‘ullanadi, u haqiqatlarning shaxsdan yuqori turuvchi insoniy olami hisoblanadi. Din esa bu haqiqatlarga yetib borish barobarida ularning bizdagi xiyla teran ehtiyojlar bilan aloqalarini ham o‘rnatadi; shu tariqa haqiqatning xususiy inkishofi endi umumiy ma’no va ahamiyat kasb etadi. Din haqiqatni qadriyat darajasiga ko‘taradi, biz haqiqatni u bilan uyg‘unligimizni his etgan holda kashf etamiz.

Eynshteyn: Biroq bundan haqiqat yoki go‘zallik insondan mustaqil emas, degan ma’no kelib chiqadi.

Tagor: Ha, ular insondan mustaqil emas.

Eynshteyn: Tasavvur etaylik, odam nasli to‘satdan yo‘q bo‘lib qolsa, belvederlik Apollon (Bir paytlar Vatikandagi Belveder me’moriy majmuida o‘rnatilgan va keyinchalik yo‘qolgan qadimgi yunon haykaltaroshi (Aleksandr Makedonskiyning saroyida xizmat qilgan) Leoxarning tunjdan yasalgan haykalining marmar nusxasi nazarda tutilmoqda. XDK izohi) ham go‘zallikdan mahrum bo‘lib qoladimi?

Tagor: Ha!

Eynshteyn: Boringki, go‘zallikning bunday konsepsiyasiga rozi ham bo‘ldim, deylik, ammo haqiqatning shunday konsepsiyasiga hecham rozi bo‘la olmayman.

Tagor: Nega endi? Axir, haqiqat inson tomonidan anglanadi-ku?!

Eynshteyn: Men o‘zimning konsepsiyam haqqoniy ekanini isbotlab berolmayman, ammo bu — mening e’tiqodim, ta’bir joiz bo‘lsa, dinim.

Tagor: Go‘zallik mukammal uyg‘unlik idealida jo- bajo bo‘lgan, bunday uyg‘unlik, o‘z galida, Universal Insonda mujassam; haqiqat bu — Universal Aqlni to‘liq egallashdir. Biz, individuumlar, katta-kichik xatolar qilib, misqol-bamisqol tajriba to‘plab, aqlimizni sekin-asta nurlantirib, haqiqat sari yaqinlasha boramiz, axir, haqiqatni anglashning bundan boshqa yana qanday yo‘li bo‘lishi mumkin?!

Eynshteyn: Men ilmiy haqiqatni odamzodga bog‘liq bo‘lmagan asl haqiqat deb tan olish kerak, degan aqidani isbotlab berolmayman, lekin shunday ekaniga hech bir shak-shubham yo‘q. Geometriyadagi Pifagor teoremasi Bani Odam mavjud yoki mavjud emasligidan qat’i nazar, qandaydir, nisbatan to‘g‘ri tasavvurni qaror toptiradi. Har holda, insonga bog‘liq bo‘lmagan reallik bor ekan, demak, bu reallikka muvofiq haqiqat ham bo‘lishi lozim. Ulardan birini inkor etish albatta boshqasini ham inkor etishga olib keladi.

Tagor: Universal Insonda tajassum topgan haqiqat mohiyat e’tibori ila insoniy bo‘lishi lozim, aks holda biz, individuumlar, anglashga qurbimiz yetadigan narsalarni hech qachon haqiqat deb, jillaqursa, ilmiy haqiqat deb atay olmaymiz. Bu haqiqatga biz mantiqiy jarayonlar vositasida, boshqacha qilib aytganda, tafakkur organi vositasida yovuqlashib boramiz, bu organ esa inson organi hisoblanadi. Hind falsafasiga ko‘ra, Brahma, ya’ni mutlaq haqiqat bordirki, uni alohida individuum aqli bilan kashf qilib ham, so‘z bilan ifoda etib ham bo‘lmaydi. Individuum bu haqiqatni cheksizlikka bus-butun cho‘mish orqali kashf etishi mumkin. Bunday haqiqat endi fanga tegishli bo‘la olmaydi. Biz bahs ochayotgan o‘sha haqiqat tabiati esa zohiriy ma’no-mazmun kasb etadi, ya’ni u inson nazdida haqqoniy tuyulgan qarashlarni ifodalaydi va shu bois ham bu haqiqat insoniydir. Uni Mayya yoki illyuziya deb atash mumkin.

Eynshteyn: Sizning konsepsiyangizga ko‘ra, ehtimol, u hind falsafasi konsepsiyasidir, biz alohida bir shaxsning emas, balki butun insoniyatning illyuziyasi bilan yashayotgan ekanmiz-da?

Tagor: Biz ilmda shunday bir tartib-qoidaga rioya etamizki, unga ko‘ra biz shaxsiy aqlimiz muhri bosilgan barcha mahdudliklarni uloqtirib tashlaymiz va shu asno Universal Inson aqlida tajassum topgan haqiqatni anglashga yuz tutamiz.

Eynshteyn: Haqiqat bizning ongimizga bog‘liqmi yoki yo‘qmi? Butun jumboq ana shunda.

Tagor: Biz haqiqat deb ataydigan narsa reallikning subyektiv va obyektiv tomonlari orasidagi oqilona uyg‘unlikda yashiringandir, bu tomonlarning har ikkalasi esa Universal Insonda mavjuddir.

Eynshteyn: Biz hatto kundalik turmushda ham o‘zimiz foydalanadigan buyum-anjomlarga insonga bog‘liq bo‘lmagan reallik deb qarashga majburiyat sezamiz. Biz o‘zimizning sezgi organlarimiz yuborayotgan ma’lumotlar orasida oqilona bir yo‘sinda aloqadorlik o‘rnatish uchun ham shunday qilamiz. Masalan, uyda hech zog‘ bo‘lmagan paytda ham mana bu stol o‘z o‘rnida turaveradi.

Tagor: Ha, stol individual aql imkonidan xorijda bo‘ladi, ammo minba’d universal aql imkonidan emas. O‘zim idrok etayotgan stol mening aqlimga o‘xshash boshqa aql tomonidan ham idrok etilishi mumkin.

Eynshteyn: Insonga bog‘liq bo‘lmagan haqiqat mavjudligiga doir biz himoya qilayotgan tabiiy nuqtai nazarni tushuntirib ham, isbotlab ham bo‘lmaydi, ammo unga barcha odamlar ishonadi, hatto ibtidoiy odamlar ham bundan mustasno emas. Biz haqiqat boshiga insondan yuqori turuvchi obyektivlik tojini kiydiramiz. Bizning bor-yo‘qligimizga, tajribamizga, aqlimizga bog‘liq bo‘lmagan bu reallik, garchi u nimani anglatishini aytib berolmasak ham, bizga nihoyatda zarur.

Tagor: Fan isbotlab berganki, stol qattiq jism sifatida atigi bir zuhurot, xolos, bas, shunday ekan, inson aqli stol sifatida idrok qilayotgan narsa shu aqlning o‘zi yo‘q bo‘lgan takdirda mavjud bo‘la oladimi? Ayni chog‘da shuni ham tan olish joizki, stolning oddiy fizikaviy voqeligi har biri aylana yasab harakatlanayotgan ko‘pdan-ko‘p elektr kuchi markazlaridan boshqa narsa emas, bundan esa u inson aqliga ham taalluqli, degan xulosa yasash mumkin.

Haqiqatni inkishof etish jarayonida Universal Insonning cheksiz aqli va alohida individuumning maxdud aqli o‘rtasida azaliy qarama-qarshilik ro‘y beradi. Haqiqatni anglab yetishning beto‘xtov jarayoni bizning ilm-fanimizda, falsafamizda, axloqimizda davom etaveradi. Mabodo, inson bilan bog‘liqlik kasb etmagan biror-bir mutlaq haqiqat mavjud bo‘lgan takdirda ham u biz uchun mutlaqo yo‘q hisoblanishi tayin.

Shunday aqlni tasavvur etib boqaylikki, uning uchun voqealar ketma-ketligi xuddi musiqadagi notalar misol makonda emas, faqat zamonda kechsin. Bunday aql uchun reallik konsepsiyasi musiqiy reallik bilan bir xil bo‘ladi, bunday reallik uchun esa Pifagor geometriyasi har qanday ma’no-mazmundan mahrumdir. O‘zingizga ma’lum, adabiyotdan behad yiroq bo‘lgan qog‘oz realligi mavjud. Qog‘ozni yemirayotgan kuya aqliga qolsa, adabiyot mutlaqo mavjud emas. Biroq ayni chog‘da inson aqli uchun adabiyot haqiqat o‘laroq, qog‘ozdan ko‘ra ulkanroq qimmat kasb etadi. Xuddi shunga o‘xshab, agar inson aqliga ratsional yoki emotsional munosabatda bo‘lmagan biror bir haqiqat mavjud bo‘lsa ham, hamonki, biz inson aqliga ega mavjudot ekanmiz, u baribir hech narsaligicha qolaveradi.

Eynshteyn: U holda men sizdan ko‘ra ko‘proq dindor ekanman.

Tagor: Men e’tiqod qo‘ygan din jismu jonim bilan Boqiy Insonni, Universal insoniy ruhni anglashimda, his qilishimda namoyon bo‘ladi. Ular mening Gibbertda ((Gibbert Xaus (inglizcha. Hibbert House) deb ataluvchi ilmiy markaz — Yamayka Milliy merosi jamg‘armasining bosh qarorgohi nazarda tutilmoqda. XDK izohi) o‘qib eshittirilgan “Inson dini” sarlavhali ma’ruzalarimga mavzu bo‘lgan.

Ruschadan Bahodir Zokir tarjimasi

Manba: «Tafakur» jurnali, 1/2009

09

(Tashriflar: umumiy 1 079, bugungi 1)

Izoh qoldiring