O’lmas Umarbekov. Sevgim-sevgilim & Adib haqida hujjatli film.

005   Бу воқеага анча бўлди. Мен эндигина институтни тамомлаган йигирма икки-йигирма уч ёшлардаги йигит эдим. Орзу-ҳавас катта. Қаёққа қўл узатсам, етади. Билакларимда қувват, қалбимда ғайрат жўш урарди.Ёшлик эндигина қанот чиқарган учирма қушга ўхшайди. Ҳеч нарсадан тап тортмайди, ҳеч нарсадан чўчимайди. Бутун борлиқ унга янгича, сирли бўлиб туюлади. Ҳамма нарсани кўргиси, билгиси, ҳамма нарсада ўзидан қандайдир из қолдиргиси келади. Лекин бу изнинг қандай бўлишини, унга севинч бахш этадими, ё ғам келтирадими, тўғрироғи, билишни истамайди…

Ўлмас Умарбеков
СЕВГИМ-СЕВГИЛИМ…
Қисса
01

09  Ўлмас Умарбеков 1934 йил 25 январда Тошкент шаҳрида туғилган. Ўзбекистон халқ ёзувчиси (1992). Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби (1984). Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1980).
Ўлмас Умарбеков Ўрта Осиё университетининг филология факултетини тугатган (1956). Илк китоби — «Ҳикоялар» (1958). «Хатингни кутаман», «Юрак сўзлари» (1960), «Бобоёнғоқ» (1961), «Юлдузлар», «Менга ишонмайсанми?» (1962), «Ҳаёт абадий» (1964), «Чарос» (1966), «Кўприк» (1968), «Болгар қўшиқлари», «Олтин япроқлар» (1972), «Қиёмат қарз» (1976, шу ҳикоя асосида саҳна асари ҳам бор), «Ер ёнганда» (1993) каби ҳикоя тўпламлари нашр этилган. У «Одам бўлиш қийин» (1970), «Фотима ва Зуҳра» (1994) романлари ҳамда «Севгилим — севгилим» (1963), «Кимнинг ташвиши йўқ» (1965), «Уруш фарзанди» (1972), «Ёз ёмғири» (1973), «Оқ қалдирғоч» (1974) цингари киссалар муаллифи. Бир қанча драмалар ҳам ёзган («Оқар сувлар», 1971; «Туҳмат», 1987; «Оқсоқол», 1991; «Ўзинг учун ўл етим», 1992 ва бошқа). «Қизимга мактублар» («Мангу ҳаёт бўсағасида») деб номланган публицистик асари ҳам бор.
Ўлмас Умарбеков 1994 йил 10 ноябрда Тошкентда вафот этган.

01

1

Бу воқеага анча бўлди. Мен эндигина институтни тамомлаган йигирма икки-йигирма уч ёшлардаги йигит эдим. Орзу-ҳавас катта. Қаёққа қўл узатсам, етади. Билакларимда қувват, қалбимда ғайрат жўш урарди.
Ёшлик эндигина қанот чиқарган учирма қушга ўхшайди. Ҳеч нарсадан тап тортмайди, ҳеч нарсадан чўчимайди. Бутун борлиқ унга янгича, сирли бўлиб туюлади. Ҳамма нарсани кўргиси, билгиси, ҳамма нарсада ўзидан қандайдир из қолдиргиси келади. Лекин бу изнинг қандай бўлишини, унга севинч бахш этадими, ё ғам келтирадими, тўғрироғи, билишни истамайди. Агар шу истак унда ҳамма нарсадан кучли бўлганда эди ўзини бунчалик тутмасмиди?! Ким билади, балки мен хато қилаётгандирман. Ростини айтганда, бунинг ҳозир мендан бошқа ҳеч кимга аҳамияти йўқ. Бироқ мен ўзимни учирма қушдек ҳис қилиб, ўша пайтлар нотаниш жойларга кетиб қолганимдан сира афсусланмайман.
Гап шундаки, мен Яккачинор қишлоғига ишга жўнадим. Ростини айтсам, отам мажбур қилди. Институтда мени аспирантурага олиб қолишмоқчи эди. Отам шаҳарда қолмайсан, қишлоқда ишлаб келасан, бу ўзингга фойда бўлади, деб туриб олди. Қанақа фойда келтириши мумкин қишлоқ шаҳар турганда?
Мен унга аввал тушунмадим. Жаҳлим чиқди. Ахир ўзингиз ўйлаб кўринг, мен унинг ёлғиз ўғли бўлсам, бунинг устига ўзи анча кексайиб қолган бўлса, нега мени ҳайдайди?
Мен жуда эрка ўсган эдим. Онам тўққиз ёшлигимда зотилжам касаллигидан вафот этган. Шунинг учун бўлса керак, отамнинг менга бўлган муносабатида икки кишининг меҳрини ҳис қилардим. Тарбиямга бу таъсир қилмай қолмади, албатта. Мендаги иккиланиш, ҳадиксираш каби иллатлар, балки шунинг оқибатидир? Сирасини айтганда, бир онадан ҳар хил бола туғилади, дейишади. Аммо бунинг ҳозир кизиғи йўқ. Ҳар ким ўз қилмишларига ўзи жавобгар бўлиши керак.
Шундай қилиб, жаҳлим чиқса ҳам отамнинг раъйини қайтармадим. Институтда менга таклиф қилинган жойлар орасида «Яккачинор» номли колхоз ҳам бор эди. Самарқанд областида, тоғнинг тагида экан бу колхоз. Қишлоқ ҳам Яккачинор, деб аталар экан. Шуни танладим. Ҳозир ўша йилларни эсласам, институтда қолмаганимга хурсанд бўламан, хурсанд бўламану бутун ҳаётимни бир умр оғир мусибатларга ғарқ қилганимдан ўксинаман…
Диплом олган куним кечқурун шаҳарда қолган ўртоқларим билан «Тошкент» ресторанида қуюқ хайрлашиб, уйга келдим-да, йўл ҳозирлигини кўра бошладим. Самолёт Самарқандга тунда учиши керак эди. Хайрлашаётиб отам бир оз кўз ёши қилиб олди. Унинг қовоқлари салқиган, тарам-тарам ажин босган озғин юзига қараб, раҳмим келиб кетди. Лекин начора? Ўзи кетишимни истаган эди. Тез-тез хат ёзиб туришга ваъда бериб, уйдан чиқдим. Икки соатча аэропортда санқиб, ниҳоят самолётга ўтирдим.
Чарчаган эканман, дарров кўзим илинди. Самолёт ерда пилдираб кетаётганида уйғондим. Кўп ўтмай, тонг ота бошлади. Яна йўл ҳаракатига тушдим. Лекин анча вақт шаҳарда қолиб кетдим: Яккачинорга борадиган биронта ҳам машина йўқ эди. Шофёрлардан биттаси бозорга боришни, «Яккачинор» колхоз дўконини топишни маслаҳат берди.

— Топсам нима бўлади? — ҳайрон бўлиб сўрадим.
— Топсангиз, машина бўлади-да, акаси! — деди шофёр. — Дўконга мол-пол келади-ку,
ахир!

Миннатдорчилик билдириб, бозорга йўл олдим. Бир амаллаб дўконни топдим ҳам. Бироқ у берк эди. Бошим қотиб бозорнинг ўртасига жойлашган чойхонага кирдим. Ҳали ўтирганим ҳам йўқ эдики, шопмўйлов чойхоначи бир чойнак кўк чой билан патнисда тўрт чақмоқ қанд ва янги узилган Самарқанд нонидан келтириб қўйди.
— Меҳмон нима истайдилар? — сўради у табассум билан чойни шопирар экан.
— Қаймоқ, — дедим мен.
Шу топдаёқ бир сопол товоқ қаймоқ олдимда ҳозир бўлди.
— Мана, меҳмон, марҳамат қилсинлар, — деди чойхоначи яна табассум қилиб.
Самарқанд бозорларидаги қаймоқ билан тандир нонининг довруғини эшитган эдим. Аммо бунчалик мазали бўлишини билмасдим. Нон кўринишда Тошкентнинг ширмонидан фарқ қилмайди. Фақат безаксиз, сипо. Шунинг учун ҳам ширмондан анчагина ейилди. Қаймоқ ҳам қуюқ, товоқнинг четларида янгилигидан дарак бериб, кўпириб туради. Мазаси демасангиз, худди нишолданинг ўзи. Бир тишлам нонни унга ботириб, оғзингизга солдингизми, тамом, товоқни соб қилгунингизча ўрнингиздан турмайсиз.
Нонушта қилиб бўлиб, қаёққа боришимни билмай турганимда:
— Йўл бўлсин, меҳмон? — деб сўради чойхоначи.
— Яккачинорга, — дедим ҳафсаласизлик билан. Кейин ниманингдир илинжида сўрадим. — Биласизми?
— Ким билмайди? — деди чойхоначи жилмайиб. — Узумнинг кони бу қишлоқ.
Иннайкейин, биззи жиян Яккачинорга дўхтир!.. Сизни ўша ёқа отправка қилишдими?
— Ҳа, — дедим мен ҳам ноилож илжайиб. Чойхоначи бошини лиқиллатиб қўйди. Афтидан,
менга ачинаётгандай эди.
— Жуда олис… — деди чойхоначи баттар бошини лиқиллатиб. — А, ничаво!.. Кўникиб кетасиз. Мана, биззи жиян. Уч-тўрт ойдан бери жим. Унгача беш-олти марта қочаман, деб категорический хат ёзган. Ҳозир жим. Иннайкейин…
— Автобус юрадими? — сўрадим гапини бўлиб.
— Автобус? — чойхоначи афтини буриштирди, кейин яна оғзини катта очиб жилмайди. —
Автобус йўқ. Лекин хафа бўлманг. Попутний машина бўлиб туради. Қани, тўхтанг-чи!
Чойхоначи қўлидаги пиёла сочиқни елкасига ташлаб, чойхонадан чиқиб кетди. Анча кутдим. Бир маҳал тожикча гаплашиб, қоп-қора бир йигитни бошлаб келди.
— Шу йигит элтиб қўяди, — деди чойхоначи йигитга ишора қилиб. — Чой ҳақи берсангиз бўлди.
— Хўп, — дедим. Кўп савдолашмай кирани келишдик. Йигит йўл бошлади. Чойхоначи бозор дарвозасигача кузатиб чиқди. Машинага ўтирганимда у битта кир халтани узатди.
— Шўрданак. Биздан жиянга — Мавлонга бериб қўйинг. Салом айтинг. Онасига хат ёзсин.
Омон бўлинг. Самарқандга кслсангиз киринг!
Йўлга тушдик.

2

Яккачинор — икки тоғ оралиғида қисилиб ётган кичкина қишлоқ. Аҳолиси ҳам унча кўп эмас. Юз хонадондан ошмайди. Одамларнинг деярли ҳаммаси шу ерлик. Шу ерда тупилишган, шу ерда ўсишган, шу ерда ажойиб боғлар яратишган. Бу боғларнинг довруғи бутун республикага кетган. Қайси бир ёзувчининг китобида ёзилганидек, пўстини арчиб, танглайингга босишинг билан эриб кетадиган сап-сариғ шафтолилар, ҳар бири пиёладек-пиёладек келадиган  аччиқ-чучук қизил олмалар шу ерда битади. Чет эл ярмаркаларида ўттиздан ортиқ олтин медаль олган ўзбекнинг «Оқ мусаллас»и ҳам Яккачинорнинг бувакисидан. Токзор бу ерда бир неча ўн гектарга чўзилган бўлиб, бир ёғи Зарафшонга, бир ёғи тоққа туташиб кетган.
Яккачинор қишлоғи янги келган кишига кўримсизроқ, бетартиброқ кўринади. Лекин бу биринчи таассурот. Сўнгги йилларда мен кўп қишлоқларда бўлдим. Ҳаммасининг ўзига хос фазилати, ҳусни бор. Аммо ҳеч қайсиси Яккачинорга тенглаша олмайди. Қишлоқни иккита тенг қисмга бўлиб кўча ўтган. Самарқанддан чўзилиб келган бу кўча шу ерда тоққа туташиб, йўқолиб кетади. Катта йўл фақат шу. Бироқ қишлоқ ҳисобсиз тор кўча ва сўқмоқлар билан тўла. Деярли ҳар бир уйдан тоққа, далага йўл чиқади. Паст-баланд бу йўллардан шаҳарлик кишининг юриши қийин. Лекин яккачинорликлар парво қилишмайди. Бошларига катта-катта саватларни қўйиб олиб, тоғдан қишлоққа, қишлоқдан тоққа чиқиб кетаверадилар. Болалар ҳам, аёллар ҳам худди шундай.

Уларнинг меҳмондўстлигини айтмайсизми? Агар бирон кишиникига меҳмон келиб қолса, ҳаммаси навбатма-навбат чақиришади. Бормаганингизга қўйишмайди. Бордингизми, тамом, бутун бойлигини олдингизга тўкади. Ҳеч нарсаси бўлмаса, бир патнис нон билан чой қўйиб, ашула қилиб беради. Қишлоқда биронта одам йўқки, ашула айтишни ёки қандайдир музика асбобини чалишни билмасин! Эрта тонг маҳали, ҳали қуёш тоғнинг ортидан кўтарилмасдан далага чиқсангиз, қишлоқнинг ўнг томонида осма кўприк кесиб турган олмазордан ўтиб, дарё лабига борсангиз, ҳисобсиз қўй-қўзи подаларини кўрасиз. Улар эндигина бошини сувдан кўтариши билан олисдан най товуши эшитилади. Қўйлар бу майин, юз хил оҳангда янграётган ёқимли товушни билишади ва бирин-кетин ўша томонга юришади. Сизнинг ҳам ўша ёққа беихтиёр оёғингиз тортади, бир дақиқа ташвишларингизни унутасиз, ўзингизни қандайдир бир сеҳрли дунёда ҳис қиласиз, оналаридан ўйноқлаб ортда қолиб кетган қўзиларнинг ҳар чеккадан тартибсиз маъраши ҳам қулоғингизга худди най садосидек ёқимли эшитилади. Мен кўп тонгларни ана шундай, дарё лабида ўтказганман. Қуёшнинг олтин нурларига чўмилган дарахтлар, кумуш жилғаларга тикилиб, чўпон найининг сирли садоларига қулоқ солганман. Зарафшоннинг бешик-бешик тўлқинланиб, секин оқиши мени мафтун қилган…
Яккачинор оқшомларининг ҳам гўзал ҳусни бор. Кун қорайиши билан бутун қишлоқ қоронғулик ичига ғарқ бўлади. Олтинранг деразаларгина бу ерда уйлар борлигидан дарак беради, холос. Ярим кечага бориб чироғлар бирин-кетин сўнади. Шунда далада бўлсангиз, олисда, баланд қоянинг тепасида ой нуридан барглари майда-майда юлдузчалар ҳосил қилиб, қишлоқ томонга эгилиб турган дарахтни кўрасиз. Бу яккачинор. Қишлоқ шу чинорнинг номига қўйилган. Чинорни қишлоқнинг ҳамма еридан кўриш мумкин. Қоронғиликда у худди қўлини қишлоқ томон чўзиб турган девқомат инсон ҳайкалидай туюлади. Баъзи қариялар серхархаша болаларини шу чинор билан олабўжи, деб қўрқитадилар. Лекин севишганлар учун эса у абадий севги, вафо тимсоли бўлиб туюлади. Ривоятларга қараганда, бир чўпон йигит бегона мамлакат маликасини тушида кўриб, ошиқ бўлиб қолибди. Дард зўр келиб, қари онаси ва ой деса ой, кун деса кундек ёшгина хотинини ташлаб, қишлоқдан бош олиб кетибди. Орадан кўп йиллар ўтибди. Бир куии тонг маҳали тул қолган бечора жувон кўза кўтариб сувга чиқса, эшик тагида бевафо эри турган эмиш. Йигит унга бошидан ўтган воқеаларни гапириб, ўз юртидан бўлак юрт йўқлигини, ўз хотинидан кўҳлик аёл йўқдигини айтибди ва гуноҳидан ўтишни сўрабди. Жувон кўнмабди. Йигит кетибди. Тоғда макон қилибди. У кундузлари ҳеч кимга кўринмай қоялар орасида ётар экан. Қош қорайиши билан баланд қоя устига чиқиб, қишлоғига, уйига термилар ва гуноҳидан ўтишни сўраб, худога илтижо қилар экан. Кейин у ғойиб бўлиб кетибди. Ривоятда айтилишича, чинор шу йигит эмиш. Яккачинорнинг фақат бир томонга, қишлоқ томонга қараб шох отиб ўсганининг боиси шу экан.

Бу қадимий ривоят қарияларнинг деярли ҳаммасига таниш. Ёшлар ҳам билишади. Ҳатто, ашулалар ҳам тўқишган. Кечқурунлари гулхан атрофига тўпланиб, ёшлар севги ҳақидаги ана шундай қўшиқларни айтишганда қалбинг тўлқинланади, бутун вужудинг билан инсоннинг нақадар софлигига, нақадар олижаноб ва нақадар гўзаллигига таҳсин ўқигинг келади!..
Афсуски, мен буларнинг ҳаммасини кейин билдим, кейин тушундим. Қариялар, ҳаёт кўрсанг одам кўрасан, дейишади. Ҳақиқатан ҳам шундай экан. Ҳаёт кўрмаган, довон ошиб ўзга жойларда бўлмаган киши яхши-ёмонни ажратиши, одамларнинг дилини англаши мумкинми?! Албатта йўқ. Чоғимда мен чалғиб кетдим. Буларнинг ҳаммаси кейинчалик айтиладиган гаплар эди. Хўш, шундай қилиб, бундан ўн икки йил муқаддам Самарқанд бозоридаги чойхоначининг ёрдамида машина топиб, Яккачинорга йўл олдим. Чамамда, уч соатча юрдик. Кўзим атрофда, биринчи кўраётган жойларимда. Кўчанинг икки четида бир текисда бўй чўзиб турган толларни ҳисобга олмаганда, ҳаммаёқ пахтазор, бепоён кўм-кўк пахтазор. Бошқа ҳеч нарса йўқ. Лекин Зарафшоннинг тор жойига қурилган, битта машина юрарли ингичка ёғоч кўприкдан ўтишимиз билан манзара кескин ўзгарди. Дов-дарахт шу қадар кўпайиб кетдики, мен ўзимни ўрмонзорга кириб қолгандек ҳис қилдим. Чеҳрам ёришиб кетди, жилмайиб шофёрга қарадим. Аммо у парвосиз эди. Йўл бўйи садо чиқмаган, саволларимга ҳам имо билан жавоб берган бу йигитдан бошқа нима ҳам кутиш мумкин эди? Балки, бу ерларда кўп бўлганидан кўникиб кетгандир, балки, ўзи шунақа бепарво одамдир? Шу хаёллар билан бўлиб машина пешайвонли оқ бино олдига келиб тўхтаганини сезмай қолибман.
— Идора шу, — деди шофёр йигит. Унинг йўлга чиққа-нимиздан бери айтган гапи бу бўлди.
— Тушинг.

Мен тушиб улгурмасимдан у чамадонимни йўлкага дўқ этиб қўйди-да, қўлимдаги пулни юлиб олиб, жўнаб қолди. Мен идорага разм солдим. Тоққа қаратиб қурилган бу бир қаватли баланд бинонинг атрофи гулзор эди. Олдидан ингичка ариқ ўтган. Тоза, тиниқ сув жилдираб оқиб ётибди. Ичкарига кирдим. Идорада ҳеч ким йўқ эди. Чамадонни айвонга қўйиб, очиқ турган эшиклардан биттасини секин тақиллатдим. «Ким?» деган ингичка овоз эшитилди ва шу ондаёқ олдимда атлас кўйлак кийган ёшгина қиз пайдо бўлди.
— Салом, келинг? — деди у.
— Раис шу ердами?
— Райондалар. Идорада мендан бошқа ҳеч ким йўқ, — қиз, менинг қўлимдан ҳеч қандай иш келмайди, дегандай уялинқираб жилмайди.
Шу топ қўлимдаги шўрданак эсимга тушди.
— Медпунктни биласизми?
— Ҳа, чойхонанинг ёнида, — деди қиз ҳозиржавоблик билан. — Юринг, олиб бораман.
— Йўқ, раҳмат. Кўрсатсангиз бўлди.
Ташқарига чиқдик. Қиз рўпарадаги оқ тунука томни кўрсатди.
— Шу уйнинг орқаси чойхона.

Дарров топдим. Чойхона кўчанинг шундай лабида, катта ҳовузнинг бўйида эди. Панжара эшикдан киришим билан гуп этиб райҳон ҳиди димоғимга урилди. Энтикиб Кетдим. Ҳовузнинг атрофига беш-олтита ҳаворанг бўёққа бўялган тахта сўри қўйилган эди. Биттасида икки чол, иккинчисида оқ жужун китель кийган бир одам ўтирарди. Афтини кўролмадим. У ҳовузга тескари ўгирилиб, эринчоқлик билан папирос тутатарди. Олис йўл босиб чирчаганим сезилди. Жовдираб, ўтиришга маъқулроқ жой қидира бошладим. Шу тоб ўн уч-ўн тўрт ёшлар чамасидаги, юзларига сепкил тошган, малла соч бир бола югуриб олдимга келди-да, саломлашиб қўлимдаги чамадонни илди
— Бу ёққа ўтиринг! — деди у дўрилдоқ овозда ва шохлари ҳовузга шўнғиб, муздек шабадада тебраниб турган мажнунтол тагидаги кичкина сўри томон юрди. Боланинг товушини эшитиб, чоллар биз томонга ўгирилишди. Қўлимни кўксимга қўйиб саломлашган бўлдим. Сиполик билан соқолларини тутамлаб, алик олишди. Жужун китель кийган киши ўгирилиш у ёқда турсин, кўз қирини ташламади ҳам. Янги атлас кўрпача устига ўтирдим. Малла соч бола  чой олиб келиб қўйди. Жуда чанқаган эканман, икки пиёла босиб ичдим. Кейин болани чнқирдим.
— Акаси, докторни кўрмадингми?
Мавлонбой аканими? — сўради бола.
— Ҳа.
— Ана ўтирибдилар, — бола қўли билан ишора қилиб кителли кишини кўрсатди. —  Мавлонбой ака!
Доктор эринчоқлик билан биз томонга ўгирилди. У — йирик қора кўзлари устидаги бароқ қошлари бир-бири билан туташиб кетган, думалоқ юзли, мен тенги йигит эди.
— Нима дейсан? — деди у бир менга, бир болага зарда билан қараб.
— Меҳмон акамлар сизни сўраяптилар, — деди бола менга ишора қилиб. — Баққа келинг.
Доктор аввалгидек эринчоқлик билан ўрнидан турди. Мен ўзимча кулиб қўйдим. Бола уни кўрсатиши билан у:шм олдига боришим мумкин эди. Билмадим, ғурур йўл куймадими — ёшликда нималар қилмайди киши — ё унинг Менга эътиборсизлик билан қарагани ёқмадими, бормадим, ҳатто, қаршисига ҳам юрмадим. Доктор олдимга келиб, савол назари билан саломлашди.
— Ўтиринг, — дедим қаршимдаги жойни кўрсатиб. — Мавлон сиз бўласизми? — қўшиб қўйдим у ўтиргач Мавлонлигини билиб турсам ҳам.
— Мен, нима эди? — доктор қошларини чимирди.
— Манавини тоғангиз бериб юбордилар, эрмак қилармишсиз.
Доктор нимагадир қизарди-да, қўлимдан халтани олди.
— Чойга қаранг, — дедим мен пиёлани узатиб.
— Раҳмат. Баҳодир! — доктор кимнидир чақирди. Югуриб бояги малла соч бола келди. —
Узумдан олиб чиқ. — Бола кетгач менга қаради. — Хўш, келинг?
— Ишга юборишди, — дедим мен ва нима учундир ён чўнтагимдан дипломимни олиб, олдига ташладим.

Доктор дипломни кўриб, қайтарар экан, жилмайиб қўйди. У жуда чиройли жилмаярди. Пастки қалин лаби сал чўзилиб, ўнг юзида кичкина чуқурча ҳосил бўларди. Ингичка мўйлови ёнидаги мошдек хол бўртиб чиқиб, уни худди ёш болага ўхшатиб қўярди. Буни ўзи ҳам сезса керак, жилмайганда юзларига қизиллик югурарди. Ўшанда ҳам худди шундай бўлди. У қизариб, мендан кўзини олди-да:
— Қалай, қишлоқ ёқдими? — деб сўради.
— Тузук, — дедим мен. — Яхши жойлар экан.
— Қишлоқ яхши! — гапимни бўлди доктор. — Бир ёғи тоғ, бир ёғи дарё, мевазор боғ, узумзор… Инсонга яна нима керак? Қорни тўқ, соғ бўлса — бўлди-да. Лекин бу менга тўғри келмайди, йўқ. Баҳодир!
— Лаббай-й, — деди дўриллоқ овоз қаердадир ичкари-да ва шу ондаёқ бир патнис ҳусайни кўтарган Баҳодир олдимизда пайдо бўлди. — Янги узиб келақолдим, — деди у гуноҳкорона жилмайиб.
— Яша акаси.
Доктор патнисни менга яқинроқ суриб, бир шингил узум олди-да, карсиллатиб чайнар экан, гапида давом этди:
— Мана, бир йилча бўлиб қолди келганимга. Ўзим келганман. Ҳеч ким мажбур қилгани йўқ. Лекин роса пушаймонман. Кечирасиз, бу гапларни сизга айтмаслигим керак эди. Янги одамсиз. Лекин начора. Манави чолларга айтолмайман. Бу ерда ҳеч кимга ҳеч нима деёлмайман. Мени бегона одам тушуниши мумкин. Мен сизга айтсам, зерикиш нималигини шу ерда билдим. Мени чўчитяпти, деб ўйламанг, йўқ. Сизнинг йўлингиз бошқа. Агроном экансиз. Эрталабдан кечгача очиқ ҳавода, далада бўласиз. Юрасиз, ишлайсиз. Мен-чи? Мен дераза ёнида турли хил сассиқ,— доктор афтини буриштирди, — аччиқ дориларни ҳидлаб, касал пойлашим керак. Касал бўлмаса нима қиламан? Шаҳарда бемор доктор изласа, бу ерда доктор бемор излайди.

— Касал кам бўлгани яхши эмасми? — ҳайрон бўлиб сўрадим мен.
— Бошқаларга яхшидир, лекин докторларга, айниқса менга, бунинг бир тийинлик фойдаси йўқ. Касал бўлмаса рцволаш ҳам йўқ. Даволаш бўлмагандан кейин ўз-ўзидан тажриба ҳам бўлмайди-да.
Мен беихтиёр кулиб юбордим.
— Кулманг, — зарда билан деди доктор ўчиб қолган папиросини қайтадан тутатиб. —
Бунинг ҳеч кулгили жойи йўқ.
— Наҳотки битта ҳам касал бўлмаса? — сўрадим ўзимни тутиб олиб.
— Битта ҳам? Тўғриси, касаллар бор, лекин қанақа касаллар денг? Биттаси майиб — оёғи чиққан. Биттаси — отдан йиқилиб тушган — қўли синган. Хуллас, ҳаммаси яра-чақалар. Расмана касал йўқ.
— Сизга ачинаман, — дедим мен ҳам жўрттага хўрсиниб.
— Ачинманг, — жавоб қилди доктор. — Фойдаси йўқ. Барибир кетаман. Шаҳарга кетаман.
Айтгандай, сиз раисни кўрдингизми?
— Йўқ, районга кетган экан.
— Қаерда яшайсиз? Хабар қилганмидингиз олдин?
— Йўқ, — дедим мен елкамни қисиб.
— Бўлмаса, бизникига юринг. Иккаламиз турамиз.
Доктор ялинганомуз менга тикилди. Йўқ, деёлмадим.
Шу заҳотиёқ йўлга тушдик. Мавлон қўярда-қўймай чамадонимни кўтариб олди. Кўп ўтмай, етиб бордик. Мавлон яшаётган уй тоғнинг этагидаги тепаликка жойлашган бўлиб, уртаси катта равонли икки хонадан иборат эди. Эгаси эри ўлиб кетган бир кампир экан. Мавлон янги келганда яқиндагина ҳарбий хизматга кетган ўғлининг хонасига кўчириб олиб келибди.
Уйга кирганимизда кампир йўқ эди.
— Боғда бўлса керак, — деди Мавлон ва ўз хонасига кириб, деразаларни очиб юборди. Хона бирдан ёришиб, муздек шамол юзга урилди. Мен дераза ёнига келдим.
— Қалай? — деди Мавлон завқ билан ҳавони шимириб.
— Яхши! — дедим тўйиб нафас оларканман.

Бу ернинг фақатгина ҳавоси эмас, манзараси ҳам яхши эди. Олисда, кўм-кўк олмазорнинг ортида кумушдек товланиб Зарафшон оқарди. Чап томонингизда турли хил дарахтлар пана қилиб турган оқ, сариқ уйлар… Ўнг томонингизда эса, кўм-кўк осмон билан ўпишиб кетган паст-баланд тоғ тизмалари ва қиррабурун қора қоя устида девқомат чинор…
— Яхши!.. — дедим деразадан кўзимни узолмай. — Яхши.
— Хўп, бўлмаса, — деди Мавлон жилмайиб. — Сиз ётиб дам олинг. Манави каравот сизники. Мен қўлбола ош тайёрлайман. Кейин мактабга борамиз.
— Мактабга?
— Ҳа, мактабга, — деди доктор. — Қишлокда қолган болалар йиғилишади. Базм бўлади.
Томоша қилиб келамиз. Айтгандай, мен ҳалигача сизни…
Доктор жилмайди. Исмимни айтдим. У чиқиб кетгач, кўйлагимни ечиб, муздек каравотга чўзилдим. Ўрнимдан турганимда қуёшнинг ботишига бир қарич қолган эди. Эшикка чиқиб, тошлари кўриниб турган ариқ сувида ювина бошладим.
— Турдингизми? — Бу доктор эди. У катта сочиқни елкасига ташлаб ёнимда турарди. — Бу ерда кўзингиз илинса бўлди, кечаси-кундузининг фарқига бормай ухлайверасиз. Қани, юринг.
Биз уйга кирдик. Стол устида учи синган графин билан тақсимчада аччиқ-чучук турарди.
Мавлон уялинқираб жилмайди:
— Айбга буюрмайсиз, бошқа идиш йўқ эди мусалласга. Қани, марҳамат. Кампирнинг ўзи  қилган. Қўлбола. Марҳамат.

У пиёлаларга рангпар мусалласдан тўлатиб қуйди-да, биринчи ўзи ичди. Ҳайрон бўлиб ичмай турганимни кўргач:
— Ҳали кўп ичамиз бу ерда, — деди лабларини сочиқ билан артиб. — Иннайкейин,  гапиришиб ичишни ёмон кўраман. Гап иштаҳани бўғади. Олинг.
Ичдим. Кўп ўтмай, ош сузиб келинди. Доктор тошкентча ошга уста экан. Иштаҳа билан едик, ора-чора нордон, лекин ёқимли мусалласдан ичдик.
— Боя мен сизга, ўз ихтиёрим билан келганман дедим, — деди гап орасида қизишиб  Мавлон. — Тўғри, шундай бўлган. Лекин сизга ростини айтсам, бу ёққа мажбуран жўнатишган.
Мен ҳам шундай, дегандай кулиб қўйдим. Кўчага чиққанимизда қуёш ботган, қишлоқнинг пастки томони қоронғилашиб, бирин-кетин чироқлар милтиллай бошлаган эди. Катта йўлга чиқиб, чойхонага яқинлашганимизда аллақаердан чирманда товуши эшитилди.
— Бошланяпти, — деди Мавлон. — Демак, мажлис тамом бўлибди. Мактабни ўн икки киши тамомлади. Ўнтаси қишлоқда қоляпти. Одам кераклигини билишади-да. Айтгандай, бу ерда томоша ғалати бўлади. Ҳамма ўйнаши, ўйинни билмаган одам ҳамма қатори айтилаётган ашулага жўр бўлиши керак. Бўлмаса кулги қилишади. Албатта, меҳмонлар бундан мустасно.
Мавлон менинг чимирилиб кетганимни кўриб, жилмайди:
— Сиз бугун-эрта меҳмонсиз, чўчиманг.
Биз колхоз идораси жойлашган гулзордан ўтиб, катта нллнгликка чиқдик. Кўзларим қамашиб кетди. Майдоннинг ўртасига гулхан ёқилган эди. Бир йигит украинча кўйлагининг енгларини тирсагигача шимариб олиб, чирманда чаларди. Унинг ёнида зар дўппили ёшгина бир бола қашқар рубобининг қулоғини бурар ва «секин, секин» деб чирмандакашни туртарди.

Чирмандакаш парво қилмасди. Майдонда бошқа ҳеч ким йўқ эди. Мен ҳайрон бўлдим. Мавлон, шошмай туринг ҳали, дегандай енгимдан тортиб қўйди. Бўш скамейкалардан бирига ўтирдик. Кўп ўтмай, қаёқдандир бир гала қиз ёпирилиб келди. Майдонни қий-чув, кулги босиб кетди. Оёғим тагида пайдо бўлиб қолган катта ола чиноқ ит вовиллаб юборди. Қаердандир шу тобда қора этик кийиб, оқ яктаклари устидан кўк қийиқ боғлаб олган йигитлар келиб қолишди.
Ҳеч қандай эълонсиз, гапсиз рақс бошланиб кетди. Мен маҳлиё бўлиб қолдим. Ҳозиргина тўполон қилиб, бетартиб турган қизлар гулхан атрофида товусдек бир текис сузиб кетишди. Мен Тошкентда бунақа ўйинни кўрмаганман. Доктордан сўрадим, ўзлик ўзи тўқишган, «Беш қарсак» деб аталади, деди у. Мен рақсдан кўзимни узолмадим. Гулхан атрофида доира бўлиб, бошларини эгганча оёқ учндл тебранаётган қизларни йигитлар ўраб олган эди. Уларнинг оёқ тепиши, кўкракларини кериб, сиполик билан қизлар атрофида айланиши ва чирмандага жўр бўлиб қарсак чалишларидан чексиз шодлик ва ғурур нафаси уфуриб турарди. Ўйин давомида беихтиёр янграган кулги, соф, сокин кулги, фақат ёшларга хос бўлган самимий кўз уриштиришлар мени ром қилиб қўйди… Ўйин тугаб, лапар бошланиб кетди. Майдонни тўлдириб қўнғироқ овозлар янгради. Кейин яна ўйин… Бу гал якка ўйин бўлди. Ҳамма қатор тизилиб, кенг доира ташкил этди, чирманда билан рубоб «Тановар»ни куйлаб юборди. Ўртага хонатлас кийган бир қиз чиқди. У бошидаги ҳаво ранг пешонабоғини янгитдан боғлаб, ингичка қўлларини ёзганича секин ўйинга тушиб кетди. Ловуллаб ёнаётан гулхандан қизариб кетган нозик юзларида енгил табассум ўйнай бошлади. Қийиқ қора кўзлари олис-олисларга қадалди…

Назаримда «Тановар» — бу оғир, аммо ҳаёт муҳаббати билан тўлган рақс унинг учунгина яратилгандек эди.
— Ким бу? — сўрадим беихтиёр доктордан.
— Ойпопук, — деди у. — Усмон аканинг қизи. Усмон аканинг кимлигини билмасам ҳам,
сўрамадим.
Лекин доктор ўзи изоҳ берди:
— Раиснинг қизи. Қойил-а?!

Сўнгги сўз қизнинг ўйинига қаратилганмиди, ё ўзигами, билолмадим.
— Тузук, — дедим, яхши дейишдан ўзимни тийиб.
— Чақирайми? — сўради доктор ёш болалардек кўзларини ўйнатиб ва жавобимни кутмасдан қўшиб қўйди: — Ҳозир тамом бўлсин.
Бир маҳал майдонда қарсак кўтарилди. Мавлон ўрнидан туриб, қизлар давраси томонга бир-икки қадам қўйди.
— Ойпопук!
— Лаббай?
Ойпопук «ялт» этиб қаради. Унинг ёқимли, қўнғироқ овози бор эди.

Мени кўриб, уялди шекилли бошини сал эгиб салом берди. Унга тикилиб қолдим. Ойпопук ўрта бўйли, қотмадан келган қиз эди. Қора ипак толасидек ингичка, узун киприклари худди сурма сургандек кўзларини ажратиб турарди. Гулхан нуридан ялтираб, юзига озгина соя ташлаб турган қирра бурни остидаги чизиқлар озғинлигини бўрттирар, лекин бу озғинлик унинг ўзига ярашиб тушган эди.
— Дадангиз уйдамилар? — сўради Мавлон.
— Йўқ, районга кетганлар. Мажлис бор экан, — деди қиз.
— Мана, танишинг, янги агроном, — гапида давом этди Мавлон менга ишора қилиб.
Отимни айтиб, қўлимни узатдим. У ялт этиб менга бир қаради-да, секингина қўлини узатди.
Кичкина қўл муздек эди. Буни ўзи сезди шекилли, дарҳол тортиб олди.
— Тошкентданмисиз?
— Ҳа.
— Мен ҳам. Тошкент иссиқ.
— Сизга ёқмайдими?
Ойпопук нима дейишини билмай, кўзларини жавдиратди.
— Йўқ, ёқади. Лекин бу ер яхши. Сизга ёқдими?
— Ёқди, — дедим ҳозиржавоблик билан.
Нимагадир у қизариб кетди-да, жилмайди. Кейин, кетаверайми, дегандай қилиб Мавлонга қаради.
— Майли, боринг, — деди Мавлон уни тушуниб. — Биз ҳам кетамиз. Кеч бўлиб қолди.
Ойпопук кетди. Лекин биз ўрнимиздан қимирламадик. Билмайман, нима мени ўзига тортди? Нима мени бунчалик ҳаяжонга солди? Майдондаги ўйин-кулгига тикилиб ўтирган бўлсам ҳам ҳеч нимани кўрмасдим. Хаёлим нималар пиландир банд эди. Лекин нима билан? Билмасдим. Аммо бир нарса аниқ эди. Мен хурсанд эдим, ниҳоятда хурсанд эдим. Мендаги бу ҳаяжонни ўзича тушуниб, Мавлон уйга қайтаётганимизда:
— Булар нима бўпти! Ҳали шундай томошаларни кўрасанки!.. — деди.
Кулдим, ундан эмас, ўзимча кулдим. Назаримда, мен бу ерга бугун эмас, бир йил олдин келганману, лекин шу бир Йил ичида кўролмаган нарсаларни бугун кўргандай эдим.

3

Эртасига эрталаб Усмон ака билан учрашдим. У идорада мени кутиб ўтирган экан. Секретарь қиз олдига бошлаб кирди. Кўришдик. Усмон ака кеча районда узоқ қолиб кетиб, мени учратолмаганига афсусланиб, кечирим сўради. Мен айб ўзимдалигини, хабардор қилиб қўймаганлигимни айтдим. Дипломимни олиб таниша бошлади. Рўпарасига ўтприб, унга разм солдим. Унда қизига ўхшайдиган биронта аломат йўқ эди. Кулча юз, сарғиш қошлари сийрак, япалоқ гўштдор бурни ғадир юзига ёпишиб кетган. Лекин икки Чаккасидан оқара бошлаган қалин сочлари уни анча савлатли қилиб турарди.
— Жуда яхши! — деди бир маҳал у ўрнидан туриб. — Худди бизга керак касбни танлаган экансиз. Жуда яхши. Яккачинорда боғ кўп, аммо қаровнинг мазаси йўқ. Энди йўлга тушади. Нима дейсиз?

Бирон нарса дейишга ожиз эдим, жилмайиб қўя қолдим.
— Мен ҳам янгиман бу ерда, — деди Усмон ака ўнғайсизланганимни кўриб. — Фақат бир йил бўлди келганимга. Илгари районда ишлардим. Бир боғдорчилик билан шуғуллангим келиб қолди.
Шу пайт эшик тақиллади. Секретарь қиз кириб келди.
— Ойпопук чақиряпти. Чой тайёрмиш, — деди у.
— Жуда яхши. Бугун мириқиб чой ичсак бўлади. Қани, юринг.
Усмон ака эътирозимга қарамай уйга бошлади. Ростини айтсам, ўзим ҳам шунчаки номига эътироз билдирдим. Аслида, Ойпопукнинг исмини эшитишим билан яна бир марта кўришни истаб қолган эдим.
Уй олис эмас экан. Бирпасда етдик. Пахса девор билан ўралган ҳовлига кирганимизда:
— Попук-к! — деб чақирди Усмон ака. — Меҳмон олиб келяпман. Бу ёққа чиқ!
Айвонга чиққанимизда ичкари эшик очилиб, Ойпопук кўринди. У ироқи дўппи кийиб, сочини чамбарак қилиб танғиб олган, нўхат гулли кўйлаги баданига ёпишиб турарди. Салом бердим.
— Таниш, — деди Усмон ака менга ишора қилиб. — Янги агрономимиз.
Ойпопук жилмайди.
— Танишмиз, — деди секин менга ер остидан қараб қўйиб.
— Танишмиз? — ҳайрон бўлди Усмон ака. — Ахир, кеча келдилар-ку, қаёкдан танийсан?
Гапга аралашдим.
— Кеча кечқурун мактабда танишдик, — дедим. — Доктор таништириб қўйди.
— Э, бундай денг! Жуда яхши, — деди Усмон ака қизига ўгирилиб. — Сен ҳам ўйнадингми?
Ойпопук бош силкиди.
— Аттанг, мен бўлмадим-да, — деди Усмон ака. — Нимага ўйнадинг? Яна «Тановар»гами?
Нега уяласан?
Ойпопук қизариб, ичкарига кириб кетди. Усмон ака кулди.
— Буни қаранг, мендан уялади. Ҳалигача унинг ўйинини кўрганим йўқ. Ҳамма кўрди, фақат мен кўрганим йўқ.
Мен жуда яхши ўйнадилар, демоқчи эдим, демадим. Уялдимми, ё сир тутгим келдими, билмайман.
Кўп ўтмай, Ойпопук ичкаридан чиқди-да, айвонга дастурхон ёзди ва ўзи ҳам ўтирди. Лекин ҳеч нарса емади. У ўнг чаккасидан тушиб турган бир тутам сочини ингичка бармоқлари билан ўйнаб лабларига теккизар, баъзи-базида отасига қараб қўйиб, олдидаги совиб қолган чойни эрин-чоқлик билан қулт-қулт қилиб дори ичгандай ичарди.
У менга эрка кўриниб кетди. Якка қиз бўлгандан кейин шу-да. Истаганини қилади. Лекин эрка бўлса нега қишлокда қолади, колхозда ишлайди? Наҳотки, бу ҳам эркалик бўлса? Мен тушунолмадим. Аммо секин-секин аччиқ кўк чойни ичар эканман, ундан кўзимни узолмасдим. Буни сездими, бир маҳал ўрнидан туриб, ичкарига кириб кетди.
Нонушта қилиб бўлиб, кетай деб турганимизда у эшикдан мўралаб отасини имлаб чақирди  ва нимадир деди. Ус-мон ака кулди.
— Майли, олиб чиқ бўлмаса, — деди у кулги аралаш. Ойпопук кўп ўтмай, ичкаридан янги қўқон дўппи олиб чиқди ва отасига кийгизиб қўйди.
— Раҳмат, қизим, раҳмат, — деди Усмон ака қизини бағрига босиб. Кейин менга ўгирилди.
— Ўзи тикди!
Ойпопук қизариб кетди.
— Кечга нима қилай? — сўради кўзларини мушти билан яшириб.

— Кўнглинг тусаганини қил. Мен сал кеч келаман, — деди Усмон ака.
— Ўзингиз келасизми?
— Билмадим, — деди Усмон ака менга қараб қўйиб. — Лекин ҳар ҳолда, кўпроқ қилганинг маъқул.
Ойпопук бош силкиди. Биз эшикка чиқдик.
Ўша куни кечқурун мен Усмон акаларникига келмадим. Биринчидан, иш кўпайиб кетди. Иккинчидан, Ойпопукнинг хатти-ҳаракати мени иккилантириб қўйган эди. Бу қандай қиз ўзи? Нега ўзини бундай тутяпти? Нима учун менинг олдимда ўзи тиккан дўппи билан мақтанди? Шуларни ўйлаб, бошим қотди. Кейин ишга берилиб кетдим. Ўша куни биз Усмон ака билан узумзорга бордик. Раис мени Саксонбой ота билан таништирди. Анча ёшга бориб қолган бу одам у.чумчилик бригадасининг бошлиғи экан. Кейин раис кетди. Литвадан ўнта наслдор сигир келган экан. Шуни кўргани кетди. Мен бригадада қолдим.
Усмон ака айтганидек, Яккачинорда боғ кўп, лекин қаровнинг мазаси йўқ эди. Район асосан пахтакор район оўлгани учун ҳамма куч пахтага берилиб, боғдорчилик унутилган эди. Ўша йиллари фақатгина бизда эмас, бошқа кўигина колхозларда ҳам аҳвол шундай чатоқ эди. Бунинг устига мен янги одамман қишлоқда, қўлимда агрономлик дипломидан бошқа ҳеч нарса йўқ. Тажриба қаёқда дейсиз! Эсимда, беш йил давомида беш-олти мартагина бир ой-бир ойдан учхозда бўлганмиз. Қолган вақтларда институтдан гашқари чиқилмаган. Шунинг учун ҳам бепоён узумзорни кўриб ваҳмим келди.
— Чўчиманг, ўғлим, — деди Саксонбой ота кўзим жавдираётганини пайқаб. — Қўрққан кўзга қўша кўринади. Кўникиб, ўрганиб кетасиз.

Мен ишшайдим. Ўша пайтдаги ўзимнинг аҳволимни бошқача тасвирлай олмайман. Ўзининг ожизлигидан бўлак ҳеч нарса кўзига кўринмай, шу қишлоққа келганига ачиниб турган одам кекса деҳқоннинг бу гапини қандай кутиб олиши мумкин эди?!
— Усмонжон ҳам янги келганида чўчиган эди, — гапида давом этди Саксонбой ота. — Унда аҳвол ҳозиргидан ҳам ёмон эди. Келди-ю, ўт босиб ётган узумзорга тикилиб, худди сиздек бошини қашиди. Кейин папирос чекиб, хаёл суриб кетди. Ўшанда унга ҳам чўчиманг, дедим.
Қўрққан кўзга қўша кўринади, дедим. Кулди. Эртасига ўнта одамни бошлаб келиб, менга топширди. Баҳор эди ўшанда. Энди ток очаётган эдик. Топширди-ю, шулар кузгача сизда ишлайди, деди. Дам севинаман, дам ҳайрон бўламан. Қаердан топди шунча одамни дейман.
— Усмон ака асли шу ерликми? — сўрадим гапини бўлиб.
— Ҳа, — деди Саксонбой ота. — Шу ерда туғилган. Лекин кетиб қолган. Қайтиб келганига йилдан ошиб қолди. Илгари райкомда ишлаган. Анча ишлаган. Кейин обкомга олишди. Ундан олдин нима қилган, билмайман. Эшитишимча, Тошкентда катта хизматда ҳам бўлган. Яккачинор газетага тушгандан кейин бу ёққа келди.
— Газетага нега тушади?
— Эшитмаганмисиз? — Саксонбой ота бошини чайқаб, мошкичири соқолини бир-икки силади-да деди: — Ўтган йили колхозимизни бутун областга кўтариб уришди. Бу шундай бўлди. Колхозга қандайдир йўл билан Эгамқул Тошматов деган одам раис бўлиб қолди. Урушдан кейин ўзини эплолмай, инқиллаб-синқиллаб турган колхоз у келганидан кейин бирданига орқага ташлаб юборди. Юлғичлар кўпайди, бошимиз қарзга ботиб кетди. Бир-икки шикоят қилиб, районга бордик. Фойда бермади. Кейин газетга ёздик. Бир йигит ўн кунча қишлоқда бўлиб, боплаб ёзди. Эгамқул қочди. Ҳали ҳам қорасини кўрсатмай қочиб юрибди. Шундан кейин бир ой ўтиб, Усмонжон келди. Барака топсин, тузук. Э, ўғлим, кишида ғайрат бўлса ҳаммасига ўрганиб кетади. Гап ғайратда, меҳнатда.
Чолнинг гапи анча далда бўлди. Ишни узумзордан бошлашга ўзимча аҳд қилдим. Тўғри қилган эканман, Саксонбой ота менга кўп нарсани ўргатди. Ойпопук хаёлимдан кўтарилди. Эрталаб уйдан чиқаману, кечгача гоҳ Усмон ака билан, гоҳ ўзим, баъзида эса Саксонбой ота

билан, Қайдарали ака билан далада бўламан, қирга бораман. Бир хоиада турсак ҳам Мавлон билан баъзан кўришмайдиган бўлиб қолдим. Мен келганда у бўлмайди, у келганда мен ухлаб ётган бўламан. Шундай вақтларда уй эгаси Шаҳодат хола орқали алоқа қиламиз.
Бир куни эрталаб ишга кетаётганимда Шаҳодат хола орқамдан чиқиб тўхтатди.
— Бугун бир амаллаб дўхтурхонага кирармишсиз, — деди у сирли оҳангда. — Доктор ғалати дори топган эмиш. Тушда келиб, ичиб кетармишсиз.
— Қайдам, — дедим мен ишим кўплигини билиб.
— Бунақа деманг, — деди кампир ялиниб, — доктор ўтиниб сўради, кейин, келмаса бошқа уй топсин, деди.
Кампир кулди.
— Уй меники, шу ерда тураверасиз. Аммо лекин ўртоғингизнинг сўзини қайтарманг. Бечора кун бўйи бир ўзи, зерикади-да.
Шу пайт Мавлоннинг ҳовуз лабида эснаб ўтиргани кўз олдимга келди.
— Хўп, келаман. Шундай деб айтинг, — дедим. Ваъдага мувофиқ кун тиккага келганда, узумзордан чиқиб чойхонага келдим. Медпункт берк эди. Ҳайрон бўлиб сўрига ўтирдим. Шу топ чойхонанинг томида малласоч болани кўриб қолдим. У дарё томонга ўгирилиб олиб, ҳадеб дўпписини силкитарди. Кўп ўтмай, у тушди ва бир чойнак чой олиб келиб:
— Мавлонбой акам ҳозир келадилар, — деди ва маънодор кулиб қўйди.
Ҳақиқатан ҳам чорак соат ўтар-ўтмас Мавлон келди. Кўлида челак. Нуқул жилмаяди.
— Тинчликми? — сўрадим ҳеч нарсага тушунмай. — Канақа дори топдингиз?
— Мана, — деди Мавлон челакни олдимга қўйиб. — Сизни кўролмай шуни ўйлаб топдим.
Ишлаш ҳам эви билан-да.
Челакка қарадим. Ичида бир неча балиқ бор эди.
— Ўзим тутдим! — деди Мавлон ғурур билан. — Ҳозир қовурамиз.
— Хўп, сиз қовурасиз, — дедим. — Мен нима қиламан?
— Дам олинг. Чарчагандирсиз? — деди доктор. — Бугун кун жуда исиб кетди.
Кун ҳақиқатан ҳам иссиқ эди. Ҳаво дим. Дарахтнинг учи қимирламайди. Чурқ этган товуш йўқ. Қуш-қумурсқа ҳам афтидан ўзини панага олган эди. Бундай кунлар тоғли жойларда камдан-кам бўлади.
— Чўмилиб келаман, — дедим мен.
— Майли, — деди доктор.
Қишлоққа келганимдан бери дарё томонда бўлмаган эдим.
— Лекин қолиб кетманг, тез қайтинг, — деди доктор.
— Ярим соатда келаман, — дедим мен.
Зарафшон жуда тинч эди. Қаёққа қараб оқаётгани билинмасди. Ечиниб, шамол бўлмаса ҳам кийимларимнинг устига тош бостирдим-да, сувга шўнғидим. Шундагина дарёнинг катта куч ва тезлик билан оқаётганини сездим. Студентлик йилларимда болалар билан комсомол кўлига бориб мусобақа ўтказардик. Шунда сузишнинг бир нечта турларини ўрганиб олган эдим. Оқимга қарши баттерфляй усулида сузиб кетдим. Бир маҳал бундай қарасам, анча жойга бориб қолибман. Қирғоққа чиқдим. Яна бояги жойга бориб тушмоқчи бўлдим. Борганимда эса, айнидим. Сув муздек, жуда чўмилишли эди. Олис-роқдан оқиб келмоқчи бўлдим. Бирпас қирғоқ бўйлаб юриб, олмазорга келиб қолдим. Рўпарамда, шундай сувнинг лабида катта харсангтош турарди. Шунинг устидан калла ташламоқчи бўлиб, энди оёқ қўювдим, нима бўлди- ю, шалоп этиб сувга ағдарилиб тушдим. Шўх кулги қулоғимга кирди. Ўзимни эплаб олиб, таги пастроқ жойга ўрнашдим-да, қирғоққа қарадим. Сершох олма тагида Ойпопук ўтирарди. Эгнида ўша мен уйида кўрган нўхат гулли кўйлаги, бошида ўша ироқи дўппи. У ўзини кулгидан тўхтатолмасди. Нима қилишимни билмай қолдим. Қулоғим шолғомдай қизариб кетган, жойимдан қимирламайман. Буни сезди шекилли, тиззасидаги китоб билан юзини яшириб,

кулгисини тўхтатди. Ноқулай аҳволдан қутулишни ўйлаб, савол ташладим.
— Нима ўқияпсиз?
— «Денгиз сирлари»ни, — деди Ойпопук ҳозиржавоблик билан. Афтидан, у ҳам бу аҳволдан мени қутқармоқчи эди. — Ўқиганмисиз?
— Йўқ, — дедим пушаймон билан. Ўқиш у ёқда турсин номини ҳам эшитмаган эдим. —
Сир кўп эканми денгизда?
— Билмадим, — деди у жилмайиб. — Энди бошладим. Лекин ҳалитдан ёқмаяпти. Уруш ҳақида бўлса керак. Урушни ёмон кўраман.
Ойпопук бирданига жиддийлашди. Лаблари юмилиб, чап кўзи сал қисилди:
— Ким яхши кўради урушни? — дедим мен. — Ҳамма ёмон кўради.
— Ҳеч ким менчалик ёмон кўрмайди, — деди Ойпопук эътироз билдириб бўлмайдиган оҳангда. Кейин бирдан кулиб юборди. — Сиз яхши сузар экансиз!
Қулоқларим яна қизариб кетди.
— Кулманг, — дедим ялингансимон.
— Кулаётганим йўқ, — деди Ойпопук. — Чиндан айтяпман. Ҳув анави ерда сузганингизни кўрдим. Мен сира шундай сузолмайман.
— Ўргатиб қўяйми? — дедим гапим унга қандай ботишини ўйлаб ўтирмай.
— Раҳмат, — деди у ва негадир қизариб кетди. — Боринг, совуқ қотгандирсиз.
Кетгим келмаса ҳам унинг сўзини қайтаролмадим. Бунинг устига вақт ҳам бўлиб қолган эди.
Шундай бўлса ҳам:
— Шу ердалигингизни билсам, чўмилмасдим, — дедим уни гапиртириш учун.
— Нега? — ҳайрон бўлиб сўради у.
— Яна куласиз-да.
Ойпопук кулди. Мен ҳам унга қўшилдим.
— Боринг, совуқ қотиб кетгандирсиз.
— Кулмайсизми?
— Йўқ, кулмайман.
Мен бир шўнғиб сузиб кетдим.
— Бизникига келинг! — деб қичқирди анчадан сўнг орқамдан у.
Қўл силкидим.
— Талқон еб сизни сувга юборадиган экан! — деди Мавлон чойхонага келганимда. — Қани,
манави пиёзни тўғранг.
У қўлимга иккита тухумдек пиёзни тутқазиб, ўзи ошхонага кетди.
Кўп ўтмай, қип-қизил қилиб, бутун-бутун қовурилган балиқлар келтирилди. Мавлон ўзида йўқ хурсанд эди.
— Энди бу ёққа қаранг! — деди у пиёзга мурч сепиб аралаштиргач. — Тобингиз қалай?
— Нимага? — дедим мен.
— Мана бунга-да, — у ҳовуздан атир шишага ўхшаган идишни тортиб олди ва сирли оҳангда деди: — Қўлбола. Тўқсон олтиталикдан.
Иштаҳа билан овқатландик. Мавлон озгина ичиб олиб, одатдагидек гапга тушиб кетди.
— Бу ерда нима бор бизга? Ишми? У ҳам сизда бор, менда йўқ. Олинг, тузук-тузук олинг. Ё
кетаман, ё бошқа ишга ўтиб кетаман. Бу ер менга тўғри келмайди. Қалай, балиқ тузукми?
Бош ирғитиб, мақтаб қўйдим. Мавлон яна гапга тушиб кетди. Аммо нима деганини эшитмадим. Хаёлим дарё лабида бўлган учрашувда эди, қулоғим остида ҳамон «Бизникига келинг!» — деган қўнғироқ овоз жарангларди.
— Ойпопукни бугун кўрдингизми? — сўрадим бирдан доктордан.
— Қаерда? — деди у. Дарёга ишора қилдим.
— Йўқ.

Докторнинг бу гапи негадир менга ёқиб кетди. Кўз олдимда Ойпопукнинг кулиб турган чеҳраси пайдо бўлди.
— Қуйинг, доктор! Қўлболадан қуйинг! — дедим завқ билан.
…Салқин тушганда далага йўл олдим. Хаёлим ҳамон дарё лабида эди. Нима бўлди менга?
Нега бунчалик шодман? — дердим ўз-ўзимга.

4

Ўша куни кечаси туш кўрдим. Икки томони тоғ билан ўралган кўм-кўк адир эмиш. Адирнинг ўртасига қизил гилам тўшалган. Унинг устида мен оқ от миниб турган эмишман. Қаердандир, олисдан қўшиқ эшитиларди. Сўзларини англамасам ҳам, унинг менга бағишланганини билар эмишман. Бирдан осмонни қора булут босди, момақалдироқ гулдираб чақмоқ чақди. Тагимдаги от типирчилаб қочмоқчи бўлди. Аммо мен юганидан маҳкам ушлаб, қадам босгани қўймадим. Ҳаммаёғим ивиб кетди, гилам қаёққадир йўқолди, қўшиқ тинди. Ҳаммаёқни мудҳиш сукунат қоплади. Кўзларимни юмдим. Бир маҳал бундай қарасам, ҳаво очилиб кетибди. Олдимда эса… олдимда катта қизил гиламни, худди бояги остимдагидек гиламни ёзиб, Ойпопук турибди.
Ростини айтсам, ўша куни ўзимнинг тушимдан ўзим чўчиб кетдим. Нега чўчидим, билмайман. Бироқ бир нарса равшан эди. Мен Ойпопук ҳақида кўп ўйлайдиган бўлиб қолган эдим. Бу севгими, ё шунчаки йигитлик шўхлигими, аниқлаш қийин эди ўшанда. Севги десам, унинг бунчалик тез пайдо бўлишига ишонмасдим. Шўхлик десам, ўзимни ихши биламан, шўхликка тобим йўқ эди. Лекин борди-ю шундай бўлиб қолса, қизга хиёнат қилмаслик, уни ҳеч парсага ишонтирмаслик лозим эди.
Шундай хаёллар билан кун бўйи наша чеккан одамдай гангиб юрдим. Қаерларга бордим, нималар қилдим, кимлар билан гаплашдим — яхши билолмайман. Лекин олмазорга ўтаётиб, осма кўприкдан думалаб тушай деганим ҳали-ҳали кўз олдимда.
Уйга одатдагидан эртароқ қайтиб, каравотга чўзилдим. Шаҳодат хола овқат олиб кирди.
— Мошхўрда, болам, — деди у столга буғи чиқиб турган косани қўйиб. — Аччиқ-аччиқ ичиб олинг. Бутун глрмдоридан иккита солганман. Мазангиз йўқ кўринади.
— Сал бош оғрияпти, — дедим гапни кўпайтирмаслик учун. Кампир бир гапга тушиб кетса,
тўхтатиш қийин эди. Бахтга қарши бу гал ҳам шундай бўлди.
— Ўзим ҳам айтдим-а, — деди у стулга яхшилаб ўтириб олиб. — Кўзларингиз киртайиб турибди. Иссиғида ичиб олинг. Кейин ўралиб ётсангиз, ғуборларингиз чиқади-қўяди тсрлаб. Собирим омон бўлғур, доим шунақа қиларди. Қилмаганига қўймасдим-да ўзим ҳам. Сизга ўқиб бердимми-йўқми, анов куни хатида, мошхўрдангизни соғиндим ойи, депти. Мусофир юртда мошхўрда бўлармиди!
Инграб юбордим.
— Тура қолинг, болам, — деди у гапидан тўхтаб, — доктор келгунларича ичиб олинг, зора ўзингизга келиб қолсангиз. Бош оғриғи ўлсин, одамнинг тинка-тинкасини қуритиб юборади. Бир-иккита дори ҳам ичиб юборинг. Дори ҳам фойда беради. Мавлонбой янги келганларида мен шунақа бўлдим. Икки чаккам ёрилиб кетай-ёрилиб кетай деди…
Кампир яна гапга тушиб кетди. Бошим ростданам оғриб қолмасмикин, деб чўчиб турган эдим, Мавлон келиб қолди. Анча енгил тортдим.
— Қайнонангиз суйган экан, болам-ей, бирга ича қолинглар. Туринг, болам, — деди
Шаҳодат хола хонадан чиқаётиб.
Аччиғим чиққанидан кулиб юбордим-да, ўрнимдан турдим.
— Ҳа, тинчликми? — сўради Мавлон беихтиёр жилмайиб.
— Кампир тушмагур миямни қоқиб, қўлимга берай деди, — дедим.

Шу тоб Шаҳодат хола яна бир коса мошхўрда олиб кирди. Қоладими, деб қўрқиб турувдим,
йўқ, тез чиқиб кета қолди.
— Ича қолинглар. Бирам ширин бўптики! — деди кетаётиб.
Мавлон бирданига овқатга ёпишди.
— Бугун тузук, — деди у оғзини тўлдириб. — Иккита касал кўрдим. Иккалови ҳам грипп.
Биттаси оғирроқ. Биласизми ким?
— Йўқ, — дедим мен.
— Раиснинг қизи. Ойпопук.
— Ойпопук?
— Ҳа, — деди Мавлон парвосизлик билан. — Нима, унинг касал бўлиши мумкин эмасми?
— Ахир, кеча… — дедим мен ҳайрон бўлиб, лекин гапим оғзимда қолди. Дарё лабидаги учрашувни айтгим келмади.
— Ҳа, худди кеча шамоллаб қолибди, — деди Мавлон. — Кечаси билан иситмалаб чиқибди. Ҳозир ҳам температураси қирқ. Усмон аканинг ваҳми учиб кетибди. Битта қиз-да. Арзанда. Шаҳарга юбормоқчи эди, керакмас дедим; наҳотки оддий гриппни шу ерда тузатиб бўлмаса! Рози бўлди. Ичсангиз-чи, овқат совиб қолди.
— Нима қилиб шамоллабди? Мавлон кулди.
— Чўмилибди дарёда. Янгича сузишни ўрганмоқчи бўлибди. Кечқурун шамол турди-ю,
ўшанда ҳам дарёда экан.
Мен тилимни тишладим.
— Ётибдими?
— Ётибди. Анча ётади. Ҳамма касалнинг асосий давоси — қимирламай ётиш. Бу қонун. Ун кунча ётади. Ҳа, ўйланиб қолдингиз? Ичинг.
Бир-икки қошиқ ичиб, жойимга бориб ётдим. Лекин уйқу келмади. «Бу қанақаси бўлди? — дердим ўзимча. — У мендан кулмаган экан-да. Кулса, мендақа сузишни ўрганмоқчи бўлармиди? Шунақа сузиш нега керак бўлиб қолди унга? Наҳотки, мени ёқтириб қолган бўлса? Йўқ, бундай бўлиши мумкин эмас. Мени билмайди-ку! Балки, шундай, ўзича ўрганмоқчи бўлгандир?»
— Доктор, — дедим фикрим чалғиб кетганини сезиб.
— Лаббай? — Мавлон мен томонга ўгирилди.
— Ойпопук қанақа қиз?
— Яхши қиз, — деди у ҳайрон бўлиб. — Нима эди?
— Сизга ёқадими?
— Йўқ.
Нега?
— Меъёр йўқ унда. Бир қарасангиз, чарақлаган кун, бир қарасангиз, қовоғидан қор ёғилади. Бунақалар менга ёқмайди. Мана, Фарида бошқа гап, — деди доктор тамшаниб. Секретарь қизнинг исми Фарида эди. — Жаҳли қирқ даражага чиқиб кетса ҳам илжайиб тураверади. Ҳа, айтмоқчи, нима эди?
— Ўзим, шундай, — дедим хаёл суриб.
— Бир гап борга ўхшайди. Яширманг, — деди доктор ёнбошлаб олиб. — Врачлар сир сақлашни билади. Айтинг.
— Йўқ, ҳеч гап йўқ, — дедим аввалгидай хаёлчанлик билан.
— Сизга ёқадими?
— Билмадим, — дедим мен.
Ростини айтган эдим. Шундай бўлса ҳам докторнинг саволидан негадир юрагим жизиллаб кетди. Ойпопук ёқармиди менга? Бунга жавоб бериш қийин эди.
Эрталаб идорага чиқдим. Усмон ака иккаламиз қирга бориб келадиган эдик. Беш гектар

ердаги беда шу пайтгача ўрилмабди. Бригадир правление мажлисида нимадир деб ғўлдиради.
Ўзимиз бориб кўрмоқчи ва ўша ернинг ўзида нима экишимизни маслаҳатлашиб келмоқчи эдик.
Идорада раис йўқ эди. Фарида телефон қилмоқчи бўлувди, йўқ, дедим. Ойпопукнинг касали эсимга тушди. М.шлон ҳам ўша ерда эди. Анча кутдим. Бир маҳал раис келди. Ранги сўлғин, ухламаганга ўхшайди. У кечирим сўраб, Фаридага, тушга қайтиб келаман, деб бир қанча топшириқ берди-да, отга минди. Йўлга тушдик. Мсн Ойпопукнинг соғлиғини сўрамоқчи бўлиб, бир-икки ммрта оғиз жуфтладим, лекин ботинолмадим, уялдим. Қишлоқдан чиққунча жим бордик. Усмон ака отнинг тизгинини бўш қўйиб, қўлини эгарнинг қошига тираб олган эди. Сезиб турибман, чарчаган. Кўзлари баъзан ўзидан-ўзи юмилиб кетади. Олмазордан ўтдик. Усмон ака папирос тутатди. Оғзи-бурни аралаш куч билан тутун чиқариб, менга ўгирилди.
— Уйқу босяпти, — деди гуноҳкорона жилмайиб. — Кечаси билан мижжа қоқмай чиқдим.
Попукнинг тоби йўқ.
— Оғирми шунақа? — сўрадим секин.
— Йўқ, оғирмас, — деди раис. — Лекин қўрқитиб юборди. Етти-саккиз йилдан бери ўзининг ҳам энди оғриши. Биласизми, уйингиздаги яккаю ягона одамингиз ўзини нохуш сезса, кайфингиз жуда бузилиб кетар экан. Айниқса, ёшингиз ўтиб қолганда. Кечқурун келсам, уй жимжит. Кундузи фермада ҳам кўрганим йўқ эди. Ҳайрон бўлдим. Илгари эшиқдан киришингиз билан ванғиллаб радио гапирарди ё пластинка қўйиларди. Ўртоқлариникидадир, деб ичкарига кирдим. Ётибди. Нуқул аксиради. Докторни чақирдим. Иситмаси қирқ. Қандайдир янгича сузишни ўрганмоқчи бўпти. Кимга керак экан бу!
Қизариб кетганимни сездим-да, кўзимни раисдан олиб қочдим.
У гапида давом этди.
— Ўзи анча чайир. Шамол турди-ку, шунда оғриб қолган-да. Оғирмас. Мавлонжон ҳам шундай деяпти. Лекин мен жуда қўрқиб кетдим. Бир марта шунақа, ёмон юрак олдириб қўйганман. Анча бўлди бунга. Ўн яшар бола эди Ойпопук ўшанда. Нима бўлди-ю, бир кечада ҳамма тиши тушиб кетди. Қўл-оёғи шишиб, майда-майда пуфакчалар ҳосил бўлди. Тошкентда ишлардим. Битта таниш ошнам ишлайдиган клиника бор эди. Шу ёққа олиб бордим. Врачлар кўриб, касалхонага ётқизишди. Уч ой ётди. Уч ой менинг учун уч йил бўлиб кетди. Бўш қолдим, касалхонага югураман. Эрталаб, кечқурун-ку, сўзсиз. Бир ойча ҳар борганимда, ана кетади-мана кетади, деган гапни эшитиб юрдим. Йўқ, тузалиб кетди. Ўшандан бери юрак ўйноғиман. Лекин ҳозир ўзини эплаб олган. Докторнинг айтганини қилади. Илгари дори ичмай хуноб қиларди.
Усмон ака кулди.
— Кеча ҳатто уколга ҳам рози бўлди. Аммо роса афти буришди.
— Келинойимлар йўқмилар? — дедим бирдан мен. Нега бундай деб сўрадим, ўзим билмайман. Лекин бу савол менга кўп нарсани ойдинлаштирди.
Усмон ака саволимни эшитиб, аввал ўйланиб қолди, кейин эса, янгитдан папирос тутатиб,
чуқур тортди-да, деди:
— Сиз менга қийин савол бердингиз. Бунинг тарихи катта. Майли, сизга айтсам, айта қолай. Рости, бунинг ҳеч қандай сири йўқ, лекин дуч келган одамга гапиришни ёқтирмайман. Одамлар бир хил эмас. Баъзилар тўғри тушунади, баъзилар нотўғри. Сиз тушунишга ҳаракат қиларсиз, деб ўйлайман. Хўп, бўлмаса эшитинг. Йўл олис, зерикмайсиз ҳам.

5

— Мен уйланмаганман, — деди анчадан сўнг у. — Бунинг сабаблари кўп. Яхшиси бир бошдан айтиб берақолай. Уруш бошланганда мен эндигина институтни битирган эдим. Асли ўзим тарихчиман. Қишлоқ хўжалиги иккинчи мутахассислигим. Дипломимни олган кунимоқ военкоматга чақиришди. Уч кундан кейин эса, фронтга жўнадим.

Менинг ҳеч кимим йўқ, болалар уйида тарбияланганман. Отам ҳам, онам ҳам ёшлигимда ўлиб кетган. Қариндош-уруғларим борми-йўқми, билмайман. Рости, унчалик кўм қидирганим ҳам йўқ. Болалар уйи — бор қариндош-уруғим, ўз уйим эди.
Мен тушган полк уч ойча Саратовда машғулот ўтказиб, Украинага юборилди. Киев учун жанг қилдик. Мендақа олий маълумотлилар полкда кам эди. Шунинг учун икки ой ўтар-ўтмас ротага командирлик қила бошладим. Лекин фронтда кўп бўлганим йўқ, чекинаётганимизда оғир ярадор бўлиб қолдим. Душман бомбаси шундай блиндаж устига тушди. Уч-тўрт жойимга осколка тегди. Ичкарига жўнатишди. Икки ой госпиталда ётдим. Шундан кейин мепи бутунлай жўнатиб юборишди. Госпиталда мен бир ҳамшира билан танишиб қолдим. Операциядан чиқиб, кўзимни очсам, олдимда чиройли бир қиз менга тикилиб ўтирибди. Унинг оппоқ юзи, билинар- билинмас сепкил тошган кичкина бурни, айниқса доим кулиб турадиган осмопдек тиниқ кўм- кўк кўзлари ҳали-ҳали кўз олдимдан кетмайди. Табиий, мен уни яхши кўриб қолдим. Бахтимга у ҳам мендан ўзини олиб қочмади. Бўш қолди дегунча мен ётган палатага келарди. Мен ҳам унинг келишини сабрсизлик билан кутардим. Келганида эса, гапга тушиб кетардим. Гапимиз сира адо бўлмасди.
Яхши нарсалар ҳақида гаплашсак, баравар шодланар, ёмон нарсалар ҳақида гаплашсак, баравар нафратланардик. Наларимда, биз тилга олмаган, ҳаяжон билан муҳокама қилмаган бирон нарса дунёда қолмаган эди. Биз урушдан кейин тўй қилишга аҳд қилдик. Хайрлашадиган кунимиз у ўзининг энг севимли ва менга ёққан украинча кўйлагини кийиб келди.
«Кўришгунимизча мени шундай эслаб юр», — деди. Анча жойгача кузатиб қўйди. Биз хат орқали алоқа қилиб туришга аҳд қилдик. Урушдан кейин Олеся, унинг исми ҳам чиройли эди, Тошкентга келишга ва умрбод шу ёрда мен билан яшашга ваъда берди. Уруш кўп чўзилмайди, дсб ўйлаган эдик ўшанда биз. Кейин хайрлашдик. Мен уни бошқа кўрмадим. Тошкентга келганимда ички ишлар министрлигига ишга юборишди. Ўша пайтлари менинг учун қаерда ишлашимнинг аҳамияти йўқ эди. Биронта иш билан машғул бўлсам бўлди, деб ўйлардим ўзимча. Ахир айтинг, анча ишдан чиққан соғлиқ билан тузукроқ иш танлашим мумкинмиди?! Ишга тушган кунимоқ Олесяга хат ёзиб юбордим. Аммо бир ой ўтар-ўтмас госпиталь бошлиғидан хунук хабар олдим. Олеся бомба тагида қолиб, ҳалок бўлган эди. Ўзимни йўқотиб қўйдим. Ҳеч нарса кўзимга кўринмай қолди. Назаримда, дунёнинг лаззати мен учун қолмаган эди. Унда фақат битта мажруҳ одам бор, у ҳам бўлса — мен эдим. Бунинг устига ёлғизлик… Юракни эзадиган, ёруғ кунни ҳам қора парда орқасидан кўрсатадиган бадбахт ёлғизлик. Нима қилишимни билмай, муккамдан ишга тушиб кетдим. Мен сизга айтсам, кишини ҳар қандай оғир аҳволдан қутқарадиган нарса бу меҳнат экан. Уч-тўрт ой ишлаб, ҳаётга бошқача кўз билан қарайдиган бўлиб қолдим. Нима қилмай: корхоналарда бўлиб, порахўрлик, алдамчиликни текширайми, ё дезертирлик қилиб юрганларни тутайми, уруш йиллари бизга шундай ишлар билан ҳам шуғулланишга тўғри келарди, ҳамма жойда, ҳамма нарсада ўзимнинг ҳаётга кераклигимни тушуниб олдим, ғам унутила бошлади. Бир куни Қашқар маҳалладан ўтиб кетаётиб, болалар уйига кўзим тушиб қолди. Нимадир юрагимни тирнаб кетди. Ичкарига кирдим. Ҳовлининг ўртасида болаларга пирожки улашишаётган экан. Бирпас қараб турдим. Болалар навбат билан тарбиячи олдига бориб, биттадан пирожки олишар ва қувонганларидан ҳовлини бошларига кўтариб чуғурлашарди. Бир маҳал кичкина бир қизча «Дада!» деб қичқириб юборди ва югуриб келиб, ўзини оёғимга ташлади. Мен то саросимадан қутулиб, қизчани қўлимга олгунимча, атрофим одамлар билан тўлиб кетди. Катталарнинг чеҳрасида кулги, болалар эса «урра, урра!» — деб чапак чалишарди. Мен ҳайрон эдим. Қизча бўйнимга маҳкам ёпишиб олган, бутун бадани титрарди. Қўлимга оқиб тушган иссиқ ёш мени ўзимга келтирди, уни секин ерга қўйдим.
— Йиғлама, қизим, йиғлама, — дедим бўғилиб. Лекин унинг дўмбоқ юзига тирқираб оқиб тушаётган ёшни кўриб, ўзимнинг ҳам кўзларим намланиб кетди.

— Нега ҳеч хат ёзмадингиз? Жудаям соғиндим, — деди қизча ўпкасини тутолмай.
Мен яна ҳайрон бўлиб қолдим. Қизча мени дадаси билан адаштираётган эди. Шу ерда мен хато қилдим. Унинг саволига ёлғон бўлса ҳам бирон нарсани баҳона қилиб, жавоб беришим керак эди. Мен бўлсам:
— Отинг нима? — деб юбордим.
— Отим? — қизча бақрайиб менга қараб қолди. Кейин ҳўнграб йиғлаб юборди-да, қочиб кетди.
Шу пайт мени кўрсангиз эди! Оёқларим увишиб, рангимда ранг қолмаган… Ҳеч ким бунчалик ачинарли аҳволга тушмаган бўлса керак. Болалар тарқалиб, ҳовлида битта мендан бошқа ҳеч ким қолмади. Ҳаммаёқни аянчли жимлик қоплади. Кўзларим яна ёшланди. Ўпкам тўлиб кетди. Қимирламай жойимда туриб қолдим. Қанча турдим, билмадим, орқамдан кимнингдир йўталгани эшитилди. Ўгирилдим. Олтмишларга бориб қолган бир мўйсафид ҳассага таяниб турарди.
— Ҳаммасини кўрдим, — деди у қалтироқ овозда. — Адашди. Сизни отам, деб ўйлади.
Отасининг ҳалок бўлганини оилмайди бечора.
У жим бўлиб қолди. Мен ҳам индамадим. Чунки, бу мудҳиш сукунатнинг маъноси иккаламизга ҳам аён эди.
— Онаси ҳам йўқ, — деди у бир оздан сўнг. — Бир ёшлигида ўлган. Мана, йил бўлди, ўгай она бизга ташлаб кетди.
— Кечирасиз, сиз ким бўласиз? — сўрадим ундан.
— Директорман. Асомиддин Қориев. — Мўйсафид салом бериб, қўлини узатди. — Сиз кимсиз?
Танишдик.
— Энди нима қилиш керак, домла? — сўрадим маслаҳат солиб.
— Нима қилиб бўларди?! — деди у. — Ёш нарса куникиб кетади. Аммо қийин бўлди, анча қийин бўлди. Эндигина отасини унута бошлаган эди. Сиз отасига ўхшаб кетасиз. Адаштиргани ҳам бежиз эмас. Қийин бўлди, жуда қийин бўлди. Ичикиб, соғлиғини йўқотиши ҳам мумкин.
— Олиб кетсам нима дейсиз? — бирданига миямга шу қарор келиб қолди. Асомиддин ака ялт этиб менга қаради.
— Олиб кетсам? Бутунлайми?
— Ҳа, — дедим мен.
— Билмадим, билмадим, — деди у бош чайқаб. — Қарорингиз қатъийми?
— Қатъий! — дедим жиддий оҳангда ва қисқа қилиб сўнгги йиллардаги ҳаётимни гапириб бердим, ёлғизлигимни айтдим.
— Ихтиёрингиз, — деди у ниҳоят. — Лекин эплай олармикансиз?
— Эплайман, беринг, — дедим мен.
— Бўлмаса, ўзидан сўранг. Кимлигингизни айтинг. Қизи тушмагур жуда зийрак. Беш-олти марта уйингизга олиб боринг, ўргансин. Кейин олиб кетинг, майли.
Асомиддин ака шундай деб мени кабинетига бошлади. Кўп ўтмай, қизчани олиб киришди. У мени кўриб, уялиб кетди. Бағримга босдим. Нималарнидир деб, юпатдим. Кўкрагимдаги орденни олиб қўлига бердим. Анча ўзига келди.
— Дадамлардаям шунақа орден бор-а? — деди жилмайиб.
— Ҳа. Биттамас, иккита, — дедим. — Даданг жуда ботир одам.
Кейин:
— Юр, уйга олиб кетаман. Анча суратларим бор, кўриб келасан, — дедим.
— Хўп, — деди.
Уйда бор нарсаларни дастурхонга ташлаб, уни меҳмон қилдим. Лекин уруш йиллари, уйда нима ҳам бўларди, дейсиз? Икки-уч бурда нон, уч-тўрт чақмоқ қанд. Менга инвалидлигим учун

озгина оқ нон ҳам қўшиб беришарди. Қизча шу нонни еди. Озгина ош ҳам қилдим. Бошим осмонда эди. Ахир ўзингиз ўйлаб кўринг, бир йилдан бери ҳувиллаб ётган уйда бола товуши янграйди-ю, бошим осмонга етмайдими?! Лекин қоронғи тушганда у кетаманга тушиб қолди. Алдадим, ялиндим, фойда бермади. Кейин ўзим ҳам зўрламадим. Асомиддин аканинг гаплари эсимга тушди. Элтиб қўйдим. Лекин кунда ўша ерда бўламан, ишдан кейин эса, бир неча соатга уйга олиб келаман, кейин яна элтиб қўяман. Бир ойча шундай қилдим. Қизча ҳақиқатан ҳам, Асомиддин ака айтгандек, зийрак эди. Қоронғи тушдими, тамом, кетаман, деб туриб олади. Бир ойдан кейин қўрқиб кетдим. Менга ўрганмаса нима қиламан? Авваллари унга ачиниб юрсам, энди ўзимга ачина бошладим. Чунки, усиз туролмаслигим равшан бўлиб қолган эди.
Асомиддин акага яна маслаҳат солдим У бир-икки кун келмасликни айтди. Шундай қилдим. Тўртинчи куни чидолмай, болалар уйига бордим. Қизча мени кўриб югуриб келди-да, бағримга ўзини отди. Шундай қилиб, Ойпопук уйимга бутунлай келди. Мен болалик бўлиб қолдим.
Мен сизга айтсам, ҳаётим шундан кейин ўзгариб кетди. Ташвишим ортди. Бу ташвиш қандайдир қувончли, орзу-умидлар тўла ташвиш эди, оталик ташвиши эди. Лекин мени ҳамон бир нарса қийнайди: Ойпопук кўпинча дераза олдига ўтириб олиб хаёл сурар, отасини сўрарди. Даданг олисда, у ёқдан хат ёзиб бўлмайди, уруш тамом бўлсин, ўзи келади, деб овутардим. Уруш тамом бўлган йили у олтинчи синфга ўтди. Асомиддин ака билан маслаҳатлашиб, ростини айтишга қарор қилдик. У катта бўлиб қолди, айтсангиз бўлади, деди Асомиддин ака. Айтдим! Унинг ўшанда қанчалик қийналганини кўрсангиз эди?! Икки-уч кун ичида кўзлари киртайиб, чўп бўлиб қолди.
Усмон ака оғир хўрсинди. Кейин йўлга қараб қўйиб, ҳали анча борлигига ишонч ҳосил қилгач, папирос тутатди-да, гапида давом этди. Мен худди шимол афсонасида қорбобо бир умрга музлатиб кетган боладек отнинг устида қимир этмай борардим.
— Шундай қилиб, икки-уч кун ичида чўп бўлиб қолди. Ҳеч парса емайди, ҳеч нарса ичмайди, деразанинг олдига ўтириб олиб, нуқул хаёл суради. Кечалари эса, менга билдирмай йиғлаб чиқади. Лекин мен сизга айтсам, дунёда одамдек бақувват махлуқ йўқ экан. Одам ҳамма нарсага чидар экан, ҳамма нарсага кўникар экан. Кунлар, ойлар ўтди, Ойпопук ҳам секин-секин ўзига кела бошлади. Аввалги қувноқлиги оз бўлса ҳам қайтди, юзларига қон югурди. Эркин нафас ола бошладим.
Еттинчи синфни аъло битириб, шаҳодатнома олганда зиёфат қилиб бердим. Ҳамма ўртоқларини, ўқитувчиларини чақирдим. Асомиддин ака ҳам келди. Ўйин-кулги, музика уйни тутиб кетди. Кечқурун эса, ҳамма кетгач, Ойпопук мени биринчи марта ростакамига «дада!» деб чақирди. Мен учун ҳамма нарсадан ширин ва азиз бўлган бу сўзга у бор муҳаббатини ва миннатдорчилигини қўшиб айтди. Шунда мен унинг учун энг меҳрибон одам эканлигимни тушундим. Бошим осмонга етиб кетди. Ўша минутда дунёда мендан бахтлироқ одам йўқ эди. Севинчим ичимга сиғмай, уни маҳкам бағримга босдиму, йиғлаб бордим. Бу — кўп йиллардан бери юрагимда зардоб бўлиб йиғилган ғам, алам, ўкинч ёшлари эмас, йўқ, бу — катта бахтга эга бўлган одамнинг чексиз севинч ёшлари эди. Бу ёшлар бир зумда юракдаги ҳамма ғуборларни ювиб ташлади. Бутун жаҳон кўз олдимда ёришиб, жами яхшиликлар ер юзига калқиб чиққандек бўлди. Ота-бола келажак режаларини тузиб, тонг оттирдик.
Уч йилдан бери Самарқанддамиз. Ўтган йили бу ерга кўчиб келдик. Бутунлай кўчиб келдик. Усмон ака жимиб қолди. Қалбимни қандайдир илиқлик қоплади. Шимириб нафас олдим. Ҳаво худди қалбимдаги илиқлик сингари ёқимли эди. Атрофга суқ билан қарай бошладим. Ҳамма нарса олисда, баланд чўққилар устида тутундек буралиб кўтарилаётган булутлар ҳам, ёстаниб ётган кўм-кўк адир ҳам, дарё ҳам, тош ҳам, ҳамма-ҳамма нарса кўзимга худди бошқача
— гўзал ва оромбахш кўриниб кетди. Ҳамма нарсада ҳаёт қулф урарди. Ҳаёт! У нақадар мураккаб ва нақадар улуғ! У инсонни гўзал ва олижаноб сеҳргар каби ўзига чорлайди, эркалайди. У инсон учун нималар қилмаган, яна нималар қилиши мумкин эмас!

— Энди нима учун келинойингиз йўқлигини тушунгандирсиз? — деди Усмон ака хаёлимни бўлиб.
— Ҳа, — дедим.
— Қизим — бу менинг ҳаётим, — деди у ўйчан ҳолда ва йўлга бир қараб қўйиб, отига қамчи босди.
Усмон аканинг хуноб бўлганича бор экан. Бедазор — бедазор эмас, ёввойи ўт босиб ётган ташландиқ жойга ўхшар эди. Айрим ерларда сарғайиб чақиртиканак ҳам ўсиб ётибди.
Буни кўриб Усмон аканинг қовоқлари осилиб кетди.
— Кўряпсизми? — деди у отдан тушаркан. — Ўтган йили қирнинг бағридан тортиб олган эдим бу ерни. Қанча куч сарф бўлган, қанча кун овора бўлинган.
— Лекин ер кучли экан, — дедим мен.
— Ер кучли, — раиснинг чеҳраси ёришгандек бўлди. — Аммо бекор ётибди. Ток экиш керак. Янги келганимда шундай ўйлаб қўйган эдим. Нима дейсиз?
Мен нима дердим? Маъқул, дедим.
— Камида йигирма тоннадан ҳосил кўтариш мумкин. Йигирма тонна-я! — гапида давом этди раис. — Шу йилиёқ экамиз! Узингиз бош бўласиз. Биринчи катта ишингиз шу бўлсин.
— Маъқул, — дедим яна мен негадир ўзимдан уялиб. Шу пайт бригадир келди. У бошини қийиқ билан боғлаб олган эди. Усмон аканинг яна қовоқлари осилиб кетди.
— Комбайн чақирдингизми? — сўради у саломлашишни ҳам унутиб.
— Ҳа, чақирдим, — деди секингина бригадир.
— Нима қилди? — Усмон ака қийиққа ишора қилиб сўради.
— Кечадан бери иссиғим ошиб турибди.
— Дори-пори қилдингизми?
— Йўқ, ўзи босилиб қолар.
Бунақа эмас-да. Докторга боринг. Доктор касал йўқлигини пашша қўриб ўтирибди. Ҳозироқ боринг. Айтгандай, — Усмон ака бедазорнинг этагидаги омонатгина қурилган чайлага қараб сўради, — ўроқ борми?
— Бор, нима эди? — бригадир ҳайрон бўлди.
— Олиб келинг, — Усмон ака кителини ечиб, ўт устига ташлади. — Комбайн келгунча ўриб турамиз. Вақт кетяпти.
— Қўйинг, ўзимиз қиламиз, — деди бригадир қизариб — Уялтирманг.
— Олиб келинг, олиб келинг!
Бригадир, нима қилай, дегандай менга қаради. Индамадим.
— Эринчоқ одамни кўрсам, жиним қўзғайди, — деди Усмон ака бригадир кетгач. — Эркак киши деган тиниб-тинчимаса-да! Саксонбой отанинг шунисига қойил қоламан.
— Мана, — бригадир кетмон сопи қоқилган ўроқни олиб келиб, раисга узатди.
— Яхши, — деди Усмон ака ўроққа тикилиб. — Ўткир экан. Хўп, сиз энди қишлоққа боринг. Мавлонга учрашинг.
Бригадир жавдираб, анчагина дам раисга, дам менга қараб турди-да, кейин бошини қашиганича битта-битта юриб кетди.
Усмон ака яхшигина ўроқчи экан. Оғзим очилганича унинг эпчил ҳаракатларига қараб қолдим. Уста қайиқчи қўлида эшилган эшкакдек, унинг қўлидан ўроқ ҳам бир оҳангда «ширт- ширт» этиб тортилар ва ҳар тортилганда бир боғлам-бир боғлам ғумай, уруғлаган беда бир текисда ерга қуларди ва ғалати чучмал ҳид димоққа уриларди.
Анча вақт ўтди. Усмон ака жиққа терга ботди. Аммо, парво қилмади. Пешонасини билаги билан сидириб ташлайверди. Уялиб кетдим. Қўлидан бориб ўроқни олдим. Биринчи тортишимдаёқ оёғимни тилиб кетишига сал қолди.
— Ҳечқиси йўқ, — деди Усмон ака, — ўрганиб кетасиз, ғайрат бўлса, бас. Ғайрат бўлса,

одам уддалай олмайдиган иш йўқ.
Шу куни оқшомгача қирда қолиб кетдик. Аммо менинг ҳаракатларим тўрт-беш боғ пичанга тўғри келди, холос. Бунга фақат уқувсизлигим эмас, бошқа сабаб ҳам бор эди. Хаёлим қишлоқда, Ойпопукда эди. Шунинг учун ҳам қишлоққа киришим билан медпунктга югурдим. Аммо у берк эди. Чойхонага кирдим.
— Мавлон аканг қани? — сўрадим Баҳодирдан.
— Ҳозир кетдилар, — деди у ҳар галгидек ҳозиржавоблик билан.
Уйга чопдим. Доктор овқатланиб ўтирарди.
— Ойпопук тузукми? — сўрадим ҳовлиқиб.
— Тузук, — бепарво гапирди Мавлон, — иссиғи тушди. Нима эди?
Жавоб бермадим. Юрагим анча таскин топган эди. Чарчаганим сезилди. Апил-тапил овқатланиб, ётдим. Ётдим-у, уйқуга кетдим.

6

Эрталаб нонушта қилаётганимизда доктор кечагидек парвосизлик билан деди:
— Айтгандай, сизни Ойпопук сўради.
— Мени?
— Ҳа, сизни.
— Нима деди?
— Қиз бола нима дерди? Соғлиғингизни сўради. Яхши юрибдиларми, деди. Қишлоққа ўрганяптиларми, деди.
— Сиз нима дедингиз?
— Сиз сўраганингиздан бери ўрганяптилар, дедим. — Мавлон кулди. — Фақат кечалари тошкентлик қизларнинг исмларини айтиб, уйқусирайдилар, дедим. Кулди.
— Нима қилардингиз ёлғон гапириб?
— Уни кулдириш керак эди-да, — деди Мавлон жилмайиб. — Лекин сизни жиндек қурбон қилдим. Нима бўпти?
Усмон аканинг ҳикояси мени остин-устин қилиб юборган эди. Докторнинг гаплари унга қўшимча бўлди. Боришга қарор қилдим. Қиладиган ишларим кўп бўлишига қарамай, доктор билан бирга йўлга тушдим. Юрагим шунчалик кучли дукиллаб урардики, раисникига қандай қилиб етиб келганимни сезмай қолдим. Ойпопук дераза қаршисига қўйилган каравотда ётарди. Бўйнигача кўрпа тортилган. Қалин қилиб ўрилган узун қора сочлари ёстиқ устидан тушиб, полга тегай-тегай деб турарди. Мени кўриб, у қизариб кетди, ингичка қорамтир қўли билан
кўрпани даҳанигача тортиб қўйди.
— Бугун анча тузук, — деди Усмон ака қизига қараб. Ойпопук енгилгина жилмайди.
— Қани кўрайлик-чи! — Мавлон қизнинг пешонасини ушлади. — Ҳа, яна икки кундан кейин юриб кетадилар. Йўтал қолдими, ё ҳали ҳам борми?
Ойпопук бош чайқади.
— Ўтиринглар, — деди у секин менга кўз қирини ташлаб.
— Айтгандай, ўтиринглар, ўтиринглар! — Усмон ака дераза ёнида турган стулни менга яқинроқ қўйди. — Кечирасизлар, уй бетартиб. Кеча кеч келдим райондан. Бугун яна чақиришибди. Мажлислар ҳам кўпайиб кетди-ди ўзи! — деди у қизига гуноҳкорона тикилиб. — Ёлғиз қоласан яна.
— Йўқ, Фарида келади, Маҳфуза ҳам келади, — деди Ойпопук. — Хавотир олманг.
— Майли, дарров келаман, — деди Усмон ака. — Доктор, кеча районга тушмоқчи эдингиз тушасизми?
— Ҳа, — деди Мавлон ўрнидан туриб. Мен ҳам турдим. Усмон ака менга қаради.

— Сиз нега турдингиз? — деди у ялингансимон. — Шошилинч ишингиз бўлмаса, ўтира туринг. Ҳозир қизлар келиб қолади.
— Хўп, — дедим ва жойимга ўтирдим. Ойпопук жилмайиб қўйди.
Кўп ўтмай, Усмон ака билан доктор кетди. Хонага ноқулай жимлик чўкди.
— Келганингизга жуда хурсандман, — деди бир маҳал Ойпопук.
— Мен ҳам сизни кўрганимга хурсандман, — дедим мен — Тузалиб қолибсиз.
Ойпопук бошини қимирлатди.
— Сиз мендан хафа бўлсангиз керак-а? — сўради у орага тушган жимликни бузиб.
— Нега?
— Анави куни йиқилиб тушганингизда кулганимга-да.
— Йўғ-е, эсимдан чиқиб кетди.
—Менинг эсимдан чиққани йўқ, — деди у. — Сиз яхши сузар экансиз. Ўшанақа сузишни баттерфляй дейдими?
— Ҳа.
— Яхши сузар экансиз. Лекин хафа бўлдингиз.
— Йўқ, — дедим қатъий қилиб. — Нега хафа бўлай? Сира хафа бўлганим йўқ.
— Мен жуда сезгирман, — деди у қандайдир болаларга хос завқ билан. — Сизнинг ўрнингизда бошқа одам бўлганда хафа бўларди.
— Сиз хафа бўлармидингиз? — сўрадим мен.
— Билмадим, — деди у кўзларини яшириб, кейин деразага тикилди. — Сиз Яккачинор афсонасини эшитганмисиз? — сўради у тўсатдан менга ўгирилиб.
— Ҳа, — дедим мен.
— Мен ишонмайман, — деди у қошларини чимириб. — Аёл киши шунчалик қаҳри қаттиқ бўладими? Сиз нима дейсиз?
— Қайдам, — дедим мен елкамни қисиб.
— Ҳаётда бундай бўлмаса керак, — деди у гапида давом этиб. — Агар бировни севсанг, уни кечиришинг керак. Тағин ким билади? Айтгандай, тошкентлик анави қизнинг суратини менга кўрсатмайсизми?
— Қайси қизнинг суратини? — ҳайрон бўлдим.
— Доктор айтган қизнинг-да, — унинг лаблари билинар-билинмас титради.
— Доктор бекор айтибди, — дедим жаҳлимни босиш учун жилмайиб. — Мен Тошкентда ҳеч кимни яхши кўрган эмасман.
— Кечиринг, сизни яна хафа қилдим, — деди Ойпопук майин оҳангда ва жим бўлиб қолди.
— Мен ғалати одамман, — деди бир маҳал яна қошларини чимириб. — Бировни қувонтираман, деб хафа қилиб қўяман. Нега шундай, ўзим ҳам билмайман. Ёшлигимда исиб кетаётган бўлсам, совуқ еб кетяпман, деб йиғлар эканман. Қизиқ-а? Баъзан эса… баъзан дераза тагига ўтириб олиб, хаёл сураман, ўйлайман.
— Нималарни ўйлайсиз?
— Ҳамма нарсани. Ҳаётни ўйлайман, — деди у кўзларини хаёлчан сузиб. — Ҳаёт жуда қизиқ. Унда ҳамма нарсани мукаммал билган, ҳамма орзуларига етишган одам бўлмаса керак. Мана, мен ўн саккизга қадам қўйдим. Балки, ҳаётимнинг ярми ўтиб кетгандир, ким билади. Аммо ҳали ҳеч нарса қилолганим йўқ. Қиладиган ишларим эса жуда кўп. Менинг қарзим бор, жуда катта қарзим бор. Шуни узишим керак.
— Узасиз, — дедим ишонч билан қанақа қарзилигини билмасам ҳам.
Ойпопук парво қилмай, гапида давом этди:
— Менга яхшилик қилишди. Ҳаётни севишни ўргатишди. Бунга фақат раҳмат айтиш кифоя қилмайди. Сиз эртакларни яхши кўрасизми? — Ойпопукнинг овози ўзгарди. Ҳозиргина хонани сеҳрлаб турган майин, сал ғамгин, лекин қатъий овозни шўх, ўйноқи, қўнғироқ овоз эгаллади.

— Мен жудаям яхши кўраман. Фақат биров айтиб турса, мен кўзимни юмиб эшитсам. Мени деб дадамлар бир қанча эртакларни ёдлаганлар. Қизиқ-а?
Мен бошимни қимирлатдим. Гапиришга қувватим йўқ эди. Унга тикилиб қолган эдим. Деразадан тушаётган қуёш нурлари унинг сал чўзилган нозик юзини, қошларини ёритиб турарди. Полга тегай деб турган сочлари қимирлаши билан тсбраниб, юз хил тусда товланарди.
— Нега жим бўлиб қолдингиз? — дедим бир маҳал зўрға овоз чиқариб.
— Сизга қараб қолдим, — деди Ойпопук жилмайиб. — Мени жуда эзма экан, деб ўйласангиз керак-а? Унчалик эмас. Баъзан шунақа кўп гапиргим келиб қолади. Ишонмайсизми?
— Ишонаман, — дедим мен. — Сиз жуда яхши қизсиз.
— Ростданми?
— Ҳа, — дедим мен. Унинг чеҳраси очилиб кетди.
— Бўлмаса, битта эртак айтиб бераман. Саксонбой отамдан эшитганман. Қулоқ солинг. Бир йигит бор экан. У кекса, касалманд онаси билан олис бир шаҳарда яшар экан. Йигит катта бўлиб, яхши-ёмонни ажратадиган бўлгач, бир донишманднинг олдига борибди-да, нима қилсам онамнинг розилигини оламан, деб сўрабди. Донишманд, онангнинг касалини давола, обизамзамга опичлаб олиб бориб, чўмилтир, дебди. Обизамзамга бориш учун қирқта тоғни ошиб ўтиш керак экан. Йигит кўп ўйлаб ўтирмай, онасини опичлаб олиб кетибди. Уч йил уч ой деганда қайтиб келибди-да, яна ўша донишманднинг олдига борибди. Мана, айтганингни қилдим, онамнинг розилигини олдимми? — деб сўрабди. Шунда донишманд: сен онангнинг сени боққандаги бир кунлик азобидан қутулдинг. Розими-йўқми, ўзидан сўра, — дебди.
Ойпопук жимиб қолди. Лаблари юмилди, кўзлари ялтираб кетди.
— Менинг ана шу оқ сут берган онадан ҳам азиз одамим бор, — деди анчадан сўнг жиддий оҳангда.
Бу одамнинг кимлигини сўрамадим. Гап отаси ҳақида бораётгани аниқ эди.
Кўп ўтмай, қизлар келишди. Хайрлашиб, ўрнимдан турдим. Қўлимни узатган эдим, маҳкам қисди.
— Ҳа, айтгандай, — деди у завқ билан. — Мени табриклашингиз мумкин. Сиз келган кунингиз комсомолга ўтдим. Яқинда райкомда тасдиқлашади.
— Табриклайман, — дедим чин кўнгилдан.
— Раҳмат. Келиб туринг.
— Хўп, — дедим, — албатта келаман.
Уйдан чиқиб, ўзимдан-ўзим дарё томонга юриб кетдим.
Ҳаво очиқ, осмон зангори шишадай тиниқ эди. Дарё лабига келиб, мени йиқитган харсангтош устига ўтирдим. Дарё тинч оқарди. Фақатгина дарё эмас, атрофимдаги ҳамма нарса тинч эди. Чурқ этган товуш қулоғимга чалинмас, гўё бутун борлиқ сокин уйқуга кетгандек эди. Бир маҳал ниманингдир овози эшитилди. Қулоқ солдим. Кимдир най чаларди. Товуш гоҳ яқинлашар, гоҳ яна олислаб кетарди. Кўп ўтмай, у бир меъёрда эшитила бошлади. Худди баланд қоя устида қимир этмай қорайиб турган чинордай сеҳрланиб қолдим. Куй ҳамма нарсага жон киргизгандай бўлди. Енгил шамол юзимни силай бошлади, дарё тўлқинланди, уфққа туташган тоғ чўққилари устидан оппок булут парчалари кўтарила бошлади. Кўк, сариқ, қизил рангдаги товланиб ётган олма барглари майин шитирлаб, ажойиб оҳанг касб этди. Дарёга тикилар эканман, шу тўлқинлар билан баравар сузгим келди. Ечиниб, ўзимни сувга ташладим- да, худди Ойпопук билан учрашган кунимдагидек сузиб кетдим.
Сувдан чиққанимда найнинг товушини эшитмадим. Ниманидир йўқотган одамдек осмонга қарадим. Ҳавода қора булутлар сузиб юрарди. Бир маҳал ҳаммаёқ қоп-қоронғи бўлиб қолди. Қаердадир момақалдироқ гулдиради, дарёнинг нариги қирғоғида ўтлаб юрган тарғил бузоқ шаталоқ отиб қочди. Ёмғир томчилай бошлади. Аммо мен парво қилмадим. Руҳим шунчалик тетик, кўнглим шунчалик шод эди! Яккачинорга келганимдан, шундай ажойиб қиз билан,

шундай ажойиб одамлар билан танишиб олганимдан чексиз хурсанд эдим…
Ўша куни биринчи марта кўнглим офтобдек чарақлаб отамга хат ёздим. Бу хат яккачинорликларга бағишланган қасида эди.

7

Эртаси куни кечқурун Мавлоннинг отдай, деганига қарамай Усмон акаларникига йўл олдим.
Усмон ака беқасам тўнини елкасига ташлаб, лейкада гулларга сув қуярди.
— Жуда яхши қилдингиз келиб! — деди у қўлини узатиб.
Кун бўйи уч-тўрт марта кўришган бўлсак ҳам салом бердим.
— Бир кириб кетай дедим.
— Жуда яхши, жуда яхши! Бу ёққа юринг!
Усмон ака айвонга бошлади. Кўтарилдим. Айвоннинг тўрида Ойпопук бир коса гуручнинг курмагини тозалаб ўтирарди. Сочлари ироқи дўпписи устига чамбарак қилиб ўралган. Бир ўримининг учи қулоғининг устига тушиб, кичкина ёқут кўзли зирагини беркитиб турибди. Мени кўриб, турмоқчи бўлди.
— Ўтираверинг, ўтираверинг! — дедим шошиб. — Тузалиб кетибсиз-ку?!
Ойпопук енгил жилмайди.
— Жуда яхши бўлди-да, келганлари, — деди Усмон ака қизига қараб, кейин менга ўгирилиб,
қўшиб қўйди: — Ўзим бир ош қилишга орзуманд эдим. Бугун вақт-соати келган экан.
— Ўзингизга олманг. Мен айтдим ош қилайлик деб, — дрди Ойпопук уялинқираб.
— Сен ҳам айтдинг, — Усмон ака кулди. — Ўчоқ оошида юришимни ёқтирмайди. Нуқул ўзи қилади, лекин йугун менинг қилгим келиб қолди. Бошлайверайми?
Ойпопук ҳа дегандай бошини қимирлатди.
— Мен ёрдамлашай? — дедим Усмон акага.
— Йўқ, иккита эркак ўчоқ устида турса, ош бузилади. Сиз шу ерда ўтиринг. Ана, Ойпопукка қарашинг.
Усмон ака кетди. Айвонда Ойпопук иккаламиз қолдик.
— Хомуш кўринасиз? — сўрадим рўпарасига ўтириб.
— Ҳа, — деди у кўзларини узун киприклари орасига ишириб. — Кўп ўйладим.
— Нималарни ўйладингиз?
— Айтолмайман. Ўйладим-да. Ёшлигимдан шундайман. Деразанинг олдига ўтириб олиб ўйлайвераман, ўйлайвераман. Сиз ҳам кўп ўйлайсизми?
— Сизчалик эмас, — дедим мен қўлимга бир кафт гуруч олиб.
Ойпопук, қўяверинг, ўзим, дегандай қўлимни ушлади. Қўллари ёнарди.
— Нималарни ўйлайсиз?
— Ҳар нарсани, — дедим елкаларимни қисиб.
— Бу ерда-чи? Уйингизни, Тошкентни ўйларсиз? Ойпопук кўзларини айёрона сузди.
— Балки қишлоғимиз ёқмагандир?
— Йўқ, жуда ёқди. Келганимга пушаймон эмасман.
— Агар Тошкентга чақиришса, кетармидингиз?
— Қайдам, бир нарса дейиш қийин. Сиз-чи?
— Йўқ, — деди у қатъий. — Тағин ким билади? Агар дадамлар бошқа ишга ўтиб кетсалар, иложи йўқ. Шу ер менга жуда ёқиб қолди. Тинч, чиройли. Одамлари ҳам яхши. Шовқин- суронни ёмон кўраман. Ғалати-а? Тўғрими?
— Нега? Ҳар кимнинг ўз ихтиёри.
— Ҳа, ҳар кимнинг ўз ихтиёри… — Ойпопук ўйланиб қолди. Ингичка бармоқлари орасидаги курмаклар косага тушиб, гуручга аралашиб кетди. — Биласизми, мен шу ҳақда ўйладим. Нега

одамлар ҳар доим ўз ихтиёрлари билан иш қилолмайдилар? Нима уларни шунга мажбур қилади? Яхши одамларда ёмон хоҳиш бўлмайди-ку?! Яхши одамлар эса жуда кўп.
— Мен нимани назарда тутиб гапираётганингизни билолмаяпман, — дедим хижолат бўлиб.
— Билмаганингиз маъқул. — Ойпопук хўрсинди. — Яхшиси, ўзингиз ҳақингизда гапириб беринг. Танишмизу сизни билмайман. Фақат отангиз борлигини биламан, холос.
— Шуни билсангиз, бошқасини гапиришнинг ҳожати йўқ.
— Нега? — ҳайрон бўлди у.
— Қизиқ эмас, — дедим мен.
— Майли, гапириб беринг.
— Ўттизинчи йилда туғилдим. Тишим чиқиб, олти ярим ёшга тўлганимда мактабга бордим.
Битириб, институтга кирдим. Уни тамомлаб, бу ёққа келдим. Тамом. Бунинг нимаси қизиқ?
— Билиб қўйган яхши-да, — деди Ойпопук жилмайиб. — Қизиғи энди келади.
— Ким билади, — дедим мен.
— Мен биламан, — деди Ойпопук қувонч билан. — Қани, қўлингизни беринг-чи, бир фол очиб қўяй!
Мен қўлимни узатдим.
— Ўҳў, — деди у завқ билан кафтимга тикилиб. — Бунақа катта қўл билан истаган орзуингизга етасиз. Иннайкейин, чизиқларини қаранг. Айтаверайми?
У менга ғалати тикилди. Мен ҳа, дегандай бошимни қимирлатдим.
— Ишингиз яхши. Мартабангиз баланд бўлади. Манави чизиқни қаранг-а, мунча узун. Узоқ умр кўрар экансиз. Лекин, лекин… Айтаверайми?
— Айтаверинг! — дедим ҳаяжон билан.
— Лекин… сизга севгининг йўли берк.
— Нима?!
Анграйиб қолдим. Ойпопук бирдан қаҳ-қаҳ отиб, кулиб юборди.
— Ҳазиллашдим, ҳазиллашдим, — деди у кулгидан ўзини тўхтатолмай. — Наҳотки фолга ишонсангиз? Ҳаммаси ёлғон-ку?! — Кейин жиддий оҳангда қўшиб қўйди: — Мен сизнинг бахтли бўлишингизни истардим, жудаям истардим.
— Мен ҳам сизга шуни истайман, — дедим мен.
— Раҳмат, — деди у ўйланиб.
Шу пайт Усмон ака чақириб қолди.
— Бу ёққа юринг, ошнинг тузини кўриб юборинг! Ўчоқ бошига бордим.
Ярим соатдан кейин ош сузиб келинди. Ойпопук бир графин «Ҳосилот» олиб чиқди. Бир пиёладан тўлатиб ичдик. Ойпопук ичмади. Шундай лабига тегизиб қўйди. Усмон аканинг икки кўзи қизида эди. Ойпопук бир ошам олиб:
— Жудаям ширин бўпти, дада, — деганидан кейин қўл узатди.
Овқат маҳали Ойпопук негадир бўшашиб ўтирди. Ошдан ҳам тузук емади. Биз Усмон ака билан ўзимизнинг ишларимиз, кузги сабзавот, янги очилмоқчи бўлган ер ва бошқа ишлар ҳақида гаплашдик. У чурқ этмади. Лекин сезиб ўтирибман, ер остидан менга қараб-қараб қўяди.
Вақт алламаҳал бўлганда ўрнимдан туриб хайрлашдим. Эшикка етганимда Ойпопук:
— Ўктам ака! — деб чақириб қолди. — Сўраган китобингиз қолиб кетди.
Ҳайрон бўлиб, тўхтаб қолдим. Мен ундан ҳеч қандай китоб сўрамаган эдим. Ойпопук югуриб олдимга келди. У алаҳсирарди.
— Кечирасиз, — деди паст овозда. Афтидан, гапиришга қийналарди. — Китоб… шунчаки баҳона. Сиздан бир нарсани сўрамоқчи эдим…
— Нимани?
— Мен… мен… ёқаманми сизга?
— Нима? — деб юбордим шошиб, юрагим дукиллаб уриб кетди.

— Кечирасиз, — деди у ҳам шошиб. — Бундай демоқчи эмас эдим. Кечирасиз, — у лабини тишлади. — Шу кунларда менга нима бўлганини билмайман. Ғалати бўлиб қолдим. Касалликдан эмас бу, йўқ. Дадамлар ҳам ҳайронлар. Сезяпман. Сиз мени билмайсиз. Мен бунақа эмас эдим. Мендан кулманг!
Ойпопук жимиб қолди. Унинг кўзларида ёш йилтирарди.
— Қўйинг, — дедим титроқ қўлларини ушлаб. — Сиз жуда яхши қизсиз. Нега сиздан кулар эканман? Ишонинг, гапим чин. Сизни, сизни жуда ҳурмат қиламан!
— Ростданми?
— Ёлғонни ёмон кўраман.
У қўлимни маҳкам қисди-да, чеҳраси ёришиб, орқасига қайтди.
«Нима бўлди ўзи? — дедим кўчага чиқиб. — Унга нима бўлди? Наҳотки мени севиб қолган бўлса?!»

8

«Наҳотки мени севиб қолган бўлса?!» — дердим мен ўз-ўзимга. Бунга ўзимни ишонтиришга ҳаракат қилиб, севинардим ва айни вақтда нимадандир чўчирдим.
Севинишимнинг сабаби — шундай ажойиб қизнинг менга муҳаббат қўйишини бутун вужудим билан истаганим эди. Ҳа, мен унинг мени севишини истардим. Унинг севгисисиз ҳаётнинг менга қизиғи йўқ эди. Буни энди яхши билардим. Чунки, мен уни аллақачон яхши кўриб қолган эдим. Мен уни бетоблигида бориб кўрганимда эмас, аллақандай китобни баҳона қилиб, мен билан ғалати хайрлашганида ҳам эмас. Йўқ, мен уни Яккачинорга биринчи келган куним ловуллаб турган гулхан ёнида кўрганимда, юзлари анордек қизариб, сокин рақс тушганида, уятчанлик билан кўзларини яшириб, эшитилар-эшитилмас салом берганида севиб қолган эдим. Биринчи кўрганимдаёқ безовта бўлиб, юрагимни қандайдир ҳали менгатаниш бўлмаган лаззатли туйғу қоплаган, ҳаётнинг янги бир сеҳрли дунёси менга ўз қучоғини очган эди. Мен буни Ойпопукларникидан ярим кечада қайтаётганимда тушундим, тушундиму ҳамма нарса бошқача туюлиб кетди. Қоронғи бўшликда хирагина қалқиб турган ой прожектор сингари йўлимни ёритди, юлдузлар чарақлай бошлади, уйлар, дов-дарахт кумушдек ярқираб, ажойиб ҳусн кашф этди. Жимжит қишлоқни тонггача айланиб юрдим.
Ойпопук, Ойпопук!.. Булокдек тиниқ, соф инсон, тенги йўқ қиз!.. Уни севмай бўлармиди?! У ҳаётнинг ўзи, у — келажак, битмас-туганмас орзулар!.. Ҳали-ҳали унинг шўх кулгилари, юракни аллаловчи гаплари, қўнғироқ овози қулоғим остида жаранглайди, тиззаларини қучоқлаб, битта-битталаб гуруч тозалаб ўтиргани кўз олдимдан кетмайди…
Ҳа… Мен унинг менга муҳаббат қўйишини истардим ва айни вақтда нимадандир чўчирдим.
«Мени севмаса-чи? — дердим ўзимча. — Шундай, яқин олиб юрган бўлса-чи?» Аёлларнинг жуда мураккаб ва муғамбир бўлишини эшитганман. Лекин Ойпопукни шундай аёллар қаторига мутлақо қўшгим келмасди. Тўғри, у жуда мураккаб табиатли қиз эди. Уни дарров тушуниш, гапираётганида хаёлида нималар кезаётганини билиш анча қийин, кўпинча эса мутлақо мумкин эмас эди. Хўш, севмаса нега бундай тутади ўзини? Нега бундай ғалати фол очади? Унинг ҳақидаги фикрларимдан нега худди ёш боладек хурсанд бўлиб, чапак чалади? Бошим қотди. Учрашишга, бутун дардимни тўкиб солишга аҳд қилдим.
Эртасига уйига бордим. Уй берк эди. Қайтиб кетаётиб, идоранинг олдида Фаридани учратиб қолдим. Иккалови ўртоқ эканлигини, мактабни бирга тамомлаганликларини билардим. Ҳар қандай уятни йиғиштириб қўйиб, сўрадим:
— Ойпопукни кўрмадингизми? Уйда йўқ. Тузукмикан?
— Тузук, — деди Фарида. — Бугундан ишга чиққан. Фермада. Нима эди?
Жавоб беришга сабрим чидамай, фермага югурдим. Аммо у ерда ҳам йўқ эди. Ҳозир шу

ерда эди, қаёққадир кетди, дейишди. Қаёққалигини айтишмади. Бутун қишлоқни айланиб чиқцим, аммо тополмадим. Кунни зўрға ўтказдим-да, кечқурун уйига бордим. Усмон ака айвонда чўт қоқиб, қандайдир ҳужжатларни текшириб ўтирарди. Ойпопук кўринмади. Сўрашга эса, ботинолмадим. Бир маҳал, уйнинг эшиги очилиб, у чиқди. Лекин… лекин кўриши билан қайтиб кириб кетди. Ҳайрон қолдим. Юрагим орқамга тортиб, оёқларимгача бўшашиб кетди. Анча ўтирдим. Лекин у чиқмади.
Хомуш бўлиб уйга қайтдим.
Мавлон Шаҳодат хола билан гаплашиб ўтирарди.
— Собирдан хат келибди, — деди у мени кўриб. — Минг метр баландликдан парашютда сакрабди.
Собир кампирнинг ўғли эди.
— Яхши, — дедим парвосизлик билан.
— Ҳа, кайфингиз бузуқ? — сўради доктор. Индамадим.
— Бу кишининг мучали қишми дейман, нима бало?! — деди Шаҳодат хола. — Сал нарсага куюнаверасизми, болам? Мундоғ ёзилсангиз-чи!
Эринибгина жилмайиб қўйдим. Гапиришга мажолим йўқ эди.
Зўрға тунни ўтказдим. Бошим гувиллаб оғрирди, нима қилишимни билмасдим. Руҳим тушган, кайфим бузуқ эди. «Нега бундай қилди? Нега бирдан ўзгариб кетди?» — ўйлардим нуқул. Қанча ўйласам ҳам ўйимнинг тагига етолмасдим. Кечқурун правление йиғилиши бўлди. Йиғилишда худди нина устида ўтиргандек ўтирдим. Юрагимга ҳеч нарса сиғмасди. Йиғилиш тамом бўлиши билан отилиб эшикка чиқдим.
— Ўктам ака! — деди шу пайт орқамдан кимдир. Ўгирилдим, Фарида эди.
— Хўш?
— Манави хат сизга, — деди у. — Попук бериб юборди. Юрагим ҳапқириб кетди. Хатни шу ердаёқ очиб ўқий бошладим.
«Безовта қилганим учун кечиринг, — дейилган эди хат-да. — Сизда зарур ишим бор. Дарё лабидаги ўша ўзингизга таниш бўлган харсангтош ёнида кутаман. Йиғилишдан чиқиб келинг. Ўтиниб сўрайман. Ойпопук».
Менга жон кирди. Хатни маҳкам ушлаганимча олмазорга қараб югурдим.
Ойдин кеча эди. Ҳаммаёқ кумушранг нурга кўмилган. Жимжитлик. Фақат олма барглари сеҳрли шитирларди. Харсангтош олдида нимадир қорайиб кўринди. Ойпопук! Юрагим баттар ўйнаб кетди. Яқинлашдим. Ойпопук менга ўгирилди, унинг кўзлари чарақларди.
— Салом. Тинчликми? — дедим муздек қўлини қисиб.
— Тинчлик. Мени кечиринг, — деди у. — Бемаҳалда қиз боланинг бундай пастқам жойга эркак кишини чақириши одобдан эмас. Биламан. Лекин мажбур бўлдим. Мен… мен…
У жимиб қолди. Боши эгилди, бирдан елкалари титраб кетди. У йиғларди.
— Нима бўлди ўзи? Айтсангиз-чи! Мени қийнаманг! — дедим ўпкам тўлиб бораётганини сезиб.
— Мен… мен.. сизни яхши кўриб қолдим…
Ойпопук шундай деб, бошини кўкрагимга ташлади.
— Мен ҳам… мен ҳам!.. — дедим уни бағримга босар эканман. — Ўша биринчи кўришган кунимизоқ яхши кўриб қолдим!.. Гулхан ёнида…
— Ростданми? — сўради у бошини кўтармай.
— Ростдан, ростдан! — дедим мен. — О, қандай яхши! Ойпопук, жоним!.. — ўпа бошладим. У индамасди. Кейин ҳозиргина менга бахт ато қилган лабларидан ўпмоқчи бўлиб, ёниб турган қулоқларини қисиб, бошини кўтардим. Унинг жиққа ёш кўзлари меҳрибонлик билан менга тикилди. Бирдан у силтаниб қўлимдан чиқди. Харсангтошнинг иккинчи томонига ўтди-да, менга тескари ўгирилиб, унга суянди. У йиғидан тўхтаган, лекин хомуш эди. Ёнига бориб,

билагидан ушладим.
— Қўйинг, — деди қўлини тортиб. — Сизни бунга чақирмаган эдим. Қўрққаним бўлди.
Шундан қўрққан эдим.
— Нима бўлди? Нима деяпсиз ўзи? — сўрадим мен.
— Ўктам ака, — деди Ойпопук саволимга жавоб бермай, жиддий оҳангда. — Сиздан катта илтимосим бор. Шуни бажарсангиз, мен сиздан бир умр миннатдор бўламан.
— Айтинг, қандай илтимос?
— Кетинг бу қишлоқдан… Бутунлай кетинг.
— Нима?! — ҳайрон бўлиб қолдим. — Нима деяпсиз ўзи?
— Кетинг, деяпман, — Ойпопук менга тик қараб гапирди. — Ёшсиз. Яхши қизлар кўп бошқа жойларда ҳам, ўтиниб сўрайман, кетинг. Мен билан ҳаётингиз азобда ўтади.
— Ундай деманг, — дедим мен жаҳл билан. — Нега азобда ўтар экан? Мени севасиз-ку!
— Ҳа, севаман, жудаям севаман. Лекин… лекин, — деди Ойпопук. — Мен ўзимни яхши биламан. Яримта одам билан ҳаёт қуриб бўлмайди. Мен эса, сиз билан бўлсам яримта бўлиб қоламан.
— Нега ахир?
— Дадамлар-чи? У киши менинг туғишган отам эмас. Лекин мен учун туғишган отамдан ҳам азиз. Ташлаб кетолмайман. Худди менга ўхшаб, у ҳам ёлғиз. Мени деб ҳатто турмуш қурмаган. Мен ҳам ўзимни унга бағишламоқчиман. Бунинг учун мен ҳамма нарсадан, севгимдан ҳам, бахтимдан ҳам воз кечишим мумкин. Кетинг. Агар мени севсангиз, кетасиз. Ахир, айтинг, бир одам ўзини икки кишига бағишлай оладими?
Мен турган жойимда қотиб қолган эдим. Ҳозиргина юрагимни ёритиб турган бахт чироғи сўнаётгандек эди. Унинг охирги сўзлари мени ўзимга келтирди.
— Мен ҳамма нарсага тайёрман, — дедим ҳаяжон билан. — Нима десангиз, шуни қиламан.
Фақат сиз билан бирга бўлсам бўлди. Ҳайдаманг, Ойпопук!
— Йўқ, йўқ! — у кўзларини юмди. — Кетинг, ўтинаман, кетинг. Севаман, дедингиз-ку!
Мени қийнаманг.
— Хўп, — дедим ниҳоят. — Ҳозир кетайми?
— Ҳа, ҳозир кетинг.
Бутун вужудим бўшашиб, маст одамдай гандираклаб йўлга тушдим. Мен йиғлардим. Бирдан оғир йўқотиш бошимга тушганига йиғлардим. Боягина кўзимга минг хил рангда товланиб кўринган дунё қоронғи зимистонга айланди. Тимирскиланиб олмазорга кириб кетдим. Шу пайт:
— Ўктам ака! — деган чинқироқ овоз қулоғимни тешиб юборай деди.
Тўхтаб қолдим.
— Ўктам ака! — деди яна шу овоз. Энди яқинроқдан эшитилди. Қулоқ солдим. Кимдир мен томонга югуриб келарди. Танидим. Юрагим қинидан чиқиб кетаёзди. Бу Ойпопук эди! У югуриб келиб, ўзини бағримга отди-да, йиғлаб юборди…

9

Ўша куни димоғимда нозик, ёқимли ҳид қолдириб, Ойпопук кетди. Мен ҳам уйга йўл олдим. Кайфим чоғ эди, лабларимда табассум ўйнарди. Уйга кирганимда доктор отамдан хат келганини айтди. Олиб ўқий бошладим.
«Ўғлим, — деб ёзибди отам. — Сўнгги хатингни олиб хурсанд бўлдим. Яккачинорнинг яхши жойлигини билардим. — Эскадронимиз 29-йили ўша қишлоқда турган, лекин сенга бунчалик
ёқиб қолишини ўйламаган эдим. Кетиб қоласанми, деб қўрқиб юрувдим. Энди кўнглим жойига тушди. Оғир бўл, ножўя ишлар қилиб қўйма.
Менинг аҳволимни сўрасанг, ёмон эмас. «Семашко»га ётинг дейишяпти. Ётгим йўқ,

тузукман.
Ҳа, айтгандай, бир нарсани сўрамоқчи эдим. Хатинг бу гал анча тарқоқ, эга-кесимининг тайини йўқ. Тинчликми ўзи, ё ишинг кўплигидан шошиб ёздингми? Бир кун олдин, бир кун кейин, шошма.
Салом билан отанг».
Ўша заҳотиёқ жавоб ёздим.
«Хатингизни олдим, — дедим унда. — Саломатлигингизни билиб, хурсанд бўлдим.
«Семашко»га ётсангиз, яхши бўлармиди? Ҳарҳолда, юрак билан ўйнашиб бўлмайди.
Менинг ишларим яхши. Аввалги хатимнинг тарқоқлигига сабаб кўп. Бу ер менга жуда ёқиб қолди.
Кузнинг охирларида икки-уч кунга бориб келаман. Шунда бафуржа гаплашармиз».
Ҳа, Яккачинор ҳақиқатан ҳам менга ёқиб қолган эди. Ўзимни бахтли ҳис қилардим. Инсон ўзи билмаган, лекин тусмол қилиб юрган бутун орзуларига етишади-ю, бахтли бўлмайдими?!
Биз Ойпопук билан ҳар куни учрашардик. У адасига турли баҳоналарни қилиб, уйдан чиқарди, бир-икки соат дарё лабида, олмазор ичида айланардик, гаплашардик… Гапимиз сира адо бўлмасди. Ҳаяжон, ҳазил, кулги аралаш тузилган минг хил режа, минг хил орзуларни, ҳаттоки оддий гапларни кунда минг мартадан қайтарсак ҳам жонимизга тегмасди. Аксинча, ҳар гал ҳар хил жарангларди.
Ёшликдаги орзу, режаларни биласизми? О, бу орзулар!.. Қандай ширин, лаззатли… уларни тилга олиш биланоқ ўзингизни ўзга дунёда ҳис қиласиз, қалбингиз тўлқинланади,
кўзларингизда, лабларингизда табассум ўйнайди.
Бир қарасангиз, қуш бўлишни орзу қилиб, турналар сингари кўкда парвоз қилардик. Бир қарасангиз, далалар, қир, тоғ-тошлар ошиб, севгимизни бутун дунёга жаранглатиб куйлардик. Бизнинг юзга киришимиз аниқ эди. Шу юз йил ичида қиладиган ишларимиз ҳам аниқ эди. Ойпопук доим ёнимда бўлади. У мендан бир қадам силжимайди. Менга тикилиб ўтиради, албатта кечқурун, ишдан кейин. Дадаси ҳам биз билан бўлади. У биз билан бирга яшайди, биз билан баравар умр кўради. Унинг биздан олдин ўлиб кетиши мумкин эмас. Шундай одамнинг ўлиши мумкинми? Иккаламизга баравар дада бўлади. Мен ҳам отамни олиб келаман. Биз ишда бўлганда, иккалови зерикмай ўтиришади. Биз кўп саёҳат қиламиз, бутун дунёни айланиб чиқамиз. Яккачинорда эса, биз бормаган жой қолмайди.
Бир куни биз, одатдагидек, дарё лабида учрашдик. Кузнинг ўрталари эди ўшанда. Боғлар, далалар олтин тусга кирган. Ҳаво бир оз совиган бўлса ҳам, илиқ шамол эсарди. Биз оёқларимизни сувга осилтириб, дарёга тикилиб ўтирардик.
— Ўктам ака, — деди бир маҳал Ойпопук, — эсингиздами, худди шу ерда «Денгиз сирлари»ни ўқиб ўтирганимда, гир кўп эканми денгизда, деб сўрадингиз. Эсингиздами?
— Ҳа, сиз ҳали билмайман, дедингиз. Тўғрими?
— Тўғри. Эсингизда экан. — У кулди.
— Нима эди? — сўрадим мен.
— Денгизда сир кўп экан, — деди у хаёлчан. — Одамларда ундан ҳам кўп бўлса керак-а?
— Ҳа, ундан ҳам кўп, — дедим мен. — Лекин улар ўз сирларини яширмайдилар. Яширишса,
шундай гўзал жойларда яшармидик?
— Сизнинг ҳам сирларингиз борми? — сўради у кўзларини айёрона сузиб.
— Сиздан яширадиган ҳеч қандай сир йўқ менда.
— Қайдам?.. — у оёқларини шапиллатиб, кўзларини айёрона сузди.
— Нима, менга ишонмайсизми?
— Қайдам?
Мен унинг ҳазиллашаётганини билардим, лекин билсам ҳам негадир ташвишландим.
— Ахир, кечагина, ишонаман, деб айтган эдингиз-ку?

— Кеча бошқа, бугун бошқа, — деди у қошларини чимириб. — Кеча ҳаво булут эди, бугун эса очиқ.
У хахолаш билан бирдан ўрнидан турди-ю, пешонамдан ўпди.
— Сизни яхши кўраман. Ишонаман. Юринг, тоққа чиқамиз!
Ойпопук туфлисини қўлига олиб югуриб кетди. Мен ҳам ўрнимдан турдим. Чинорли қояга етиб келганимизда кун анча оғиб қолган эди. Ҳаво ҳам салқин эди. Курткамни ечиб, қорамтир билакларини қучоқлаб олган Ойпопукнинг елкасига ташладим. Осмонда катта-катта булут парчалари сузиб юрарди. Улар орасидан тушиб турган ингичка шуълалардан чинорнинг қизғиш барглари олтин тангалардек ярақларди. Кўзим қамашиб кетди.
— Юринг, қояга чиқамиз, — деди Ойпопук, — сира чиққан эмасман.
Тошдан-тошга битта-битта оёқ қўйиб, қоянинг устига кўтарилдим.
— Вой-бў! — деб юборди Ойпопук атрофга қараб.
Кўз олдимизда ажойиб манзара очилган эди. Бутун қишлоқ, паст-баланд уйлар, боғлар, полизлар, тўлқинланиб оқаётган дарё тагимизда эди. Тепамизда эса баланд қоялар, оқ-қора булутлар, ғувиллаган шамол!
— Қандай чиройли! — деди Ойпопук энтикиб.
— Ҳа, жудаям, — дедим мен.
— Тез-тез келиб турамиз, хўпми?
— Хўп.
— Мен қишлоғимизнинг бунчалик чиройлилигини энди билдим! Қаранг, ҳов ана, уйимизни кўряпман. Ҳов ана, толнинг тагида. Кўряпсизми?
— Ҳа, ҳов ана идора.
— Ҳа. Сизнинг уйингизни топиб берайми? Ойпопук баҳайбат чинорга яқинлашиб, суянди.
— Топдим, топдим. Бу ёққа яқин экан-ку! Қаранг.
Унинг ёнига бориб, мен ҳам чинорга суяндим.
— Ҳа. Доктор уйдага ўхшайди. Дераза очиқ.
Бир маҳал Ойпопук титраб кетди-да, менга ёпишиб олди.
— Қаранг! — деди қўли билан пастни кўрсатиб. Қарадим-у, юрагим орқамга тортиб кетди. Қоянинг таги қандайдир чуқур бўшлиқ эди. Кичкина жилға худди илондек тўлғаниб оқарди. Катта-кичик тошлар атрофида думалаб ётарди.
— Шу ердан тушиб кетган одам ўлса керак-а? — деди Ойпопук сирли оҳангда.
— Ҳа. Чуқурлигини қаранг. Бунчалик баланддамиз, деб ўйламаган эдим.
— Мен ҳам. — Ойпопук ўйланиб қолди, бир оздан кейин деди: — Балки хотинини ташлаб кетган йигит шу ердан йиқилиб ўлгандир?
— Қайси йигит?
— Яккачинор афсонасидаги йигит-да. Менинг унга раҳмим келади. Бечора қандай азоб чекканикин?
— Юринг, қайтамиз, — дедим гапни бошқа ёққа буриш учун.
— Йўқ, йўқ. Яна бир оз турайлик, — деди шошиб Ойпопук ва қўлимни ушлади. — Қаранг, қуёш ботяпти. У худди сўнаётган вулқонга ўхшайди. Сиз қуёш ботишини яхши кўрасизми? Мен жуда яхши кўраман. Шундай қараб ўтираверсам, ўтираверсам. У ботиб, қоронғу тушишини эса, ёмон кўраман. Ҳамма жониворлар ҳам буни ёмон кўрса керак. Нега бўлмаса сигирлар маърайди, товуқлар қақиллайди? Мен ҳам ўзимни ёмон ҳис қиламан. Ичимда нимадир узилиб кетгандай бўлади. Ўктам ака?
— Лаббай? — дедим унинг гапларига берилиб.
— Мени яхши кўрасизми?
— Жудаям!
— Мени ҳеч ёлғиз ташлаб кетмайсиз-а?

— Йўқ!
— Доим мен билан бирга бўласиз-а?
— Ҳа!
— Сизсиз бир соат ҳам, бир минут ҳам туролмайман, денг!
— Сизсиз бир минут ҳам туролмайман.
— Мен ҳам. Мен ҳам сизсиз бир минут туролмайман. Сизни сира ҳам, сира ҳам ёлғиз ташлаб кетмайман. О, мен иақадар бахтлиман, бахтлиман!
Ҳа, биз иккаламиз ҳам бахтли эдик. Гўё, дунё фақат биз учун яратилгандек, ундаги ҳамма нарса, бепоён далалар ҳам, кўкўпар тоғлар ҳам, кумуш дарёлар, жилғалар, лоларанг чамандек ястаниб ётган боғлар ҳам биз учун, ёлғиз биз учун барпо этилгандек эди. Қайтаётганимизда сўрадим:
— Усмон акамга нима дейсиз? Ойпопук қизариб кетди.
— Ҳар кунги гапимни айтаман. Фаридаларникидайдим, дейман.
— Ҳеч нарсани сезмаяптиларми?
— Йўқ, — деди у хаёл суриб. — Сезмаётган бўлсалар керак. Айтиш керак эди. Лекин қандай қилиб айтаман?
— Мен айтайми?
— Йўқ, йўқ, — деди шошиб Ойпопук. — Мен ўзим… ўзим айтаман. Барибир, айтиш керак-
ку ахир. Яшириб бўлмайди.
— Қиз боласиз, қийин бўлар? Мен айтақолай?
— Йўқ, — деди у, — дадамлардан ҳеч нарсани яширмайман. Буни ҳам айтаман. Лекин…
икки кундан бери нашъалари паст.
— Ҳа, мен ҳам сездим, — дедим мен. — Лекин нега? Колхозда ишлар ёмон эмас.
— Мен биламан, — деди Ойпопук. — Тошкентда бир ўртоқлари бор эди. Қосим ака деган.
Инженер. Шу киши қамалибди.
— Қамалибди? — ажабланиб сўрадим мен.
— Ҳа.
— Нега қамалибди?
— Ҳеч ким билмайди. Уйдагилар ҳам. Дадамлар, адашиб қамалгандир, бунақа воқеалар бўлиб туради, деяптилар. Қосим ака бизникига кўп келиб турардилар. Утган йили кузда Яккачинорга ҳам келиб, уч-тўрт кун туриб кетганлар. Доктор у кишига жуда ёқиб қолган эди. Ай-ниқса, пазандалиги. Яккачинорга яна келсам, Мавлонжоннинг оши учуноқ келаман, деган эдилар. Урушда ҳам бўлганлар, кўп қийинчиликларни тортганлар. Асирда бўлганлар-да, кейин қочганлар. Польшадан. Анча вақт ишга жойлашолмай юрдилар. Дадам жойлаштириб қўйдилар. Эҳ, тортган азобларини гапириб берсалар, юракларингиз эзилиб кетади. Ўктам ака, адашиб қамалгандир-а, нима дейсиз?
— Менимча ҳам шундай бўлса керак, — дедим мен.
— Бирам яхши ойилари бор. Худди қўғирчоқнинг ўзи дейсиз.
Ойпопук кулди.
— Уйларида кўп бўлганман. Мени нуқул пучуқ, дейдилар. Мен пучуқманми?
Ойпопук эркаланиб менга қаради.
— Пучуқсиз, — дедим мен. Иккаламиз кулдик.
Уйга келганимда Мавлон юзига журнал ёпиб, каравотда ётарди.
— Ҳа, доктор? Касалмисиз? — дедим ҳазиллашиб. У уҳ тортди.
— Туринг, овқатланамиз. Шундай қорним очди.
— Кўпроқ юринг, — деди у заҳархандалик билан, кейин қўшиб қўйди. — Тағин менинг тегишимни ҳам тушириб қўйманг. Ўлаётган бўлсам ҳам овқатни ейман. Менга қаранг!
— Хўп, қарадим, — дедим овқатга ёпишиб.

— Мен кетаман.
— Қаёққа?
— Шаҳарга. Бу ерда мен ишлолмайман. Йўқ. Кетаман.
— Жиннилик қилманг.
— Бу жиннилик эмас. — Доктор ўрнидан туриб, ёнимга келиб ўтирди. — Бир йилдан ошди, чидадим. Энди тоқатим йўқ. Қишлоқ — қишлоқда. Умрим бекорга ўтиб кетадиганга ўхшайди. Медикка шаҳар керак.
— Фарида-чи? — сўрадим мен.
Уларнинг сўнгги пайтларда бир-бирларига бошқача қараб юришганини билардим.
— Нима бўпти? Қиз бола бировнинг хасми, — деди Мавлон бепарволик билан. —
Жойлашгач, олиб кетаман.
— Рози бўлармикин?
— Кўндираман, — деди қатъийлик билан у.
— Ихтиёрингиз, — дедим мен овқатдан бош кўтармай, Мавлон мендан бундай жавобни кутмаган эди шекилли, бўшашиб қолди.
— Эртага бир ош қилайлик, — деди анчадан сўнг менга айбдорларча боқиб. — Қўлболадан озгина бор. Кетар жафосига ярайди.
— Ошингизнинг тарихини Тошкентда ҳам билишар-кан, — дедим Ойпопукнинг гаплари эсимга тушиб.
— Йўғ-е, ким билар экан? Э-ҳа, инженер Воҳидовми? Утган йили кузда келган эди у. — Мавлоннинг чеҳраси очилиб кетди. — Ошни шу чойхонада қилиб берган эдим. Жуда очиқ, сергап одам. Уч кун турибди-ю, биттамизга оғиз очирмабди-я! Тағин нималарни гапиради денг? Нуқул қандайдир шпиндель-мпинделларни!
— Шу одам қамалибди.
— Қамалибди? Нега?
Елкамни қисдим. Мавлон ҳам жимиб қолди.
Кўп ўтмай ётдик. Дарров кўзим илинди. Мавлон ҳам хуррак ота бошлади. Бир маҳал чўчиб уйғониб кетдим. Кимдир жонҳолатда деразани тақиллатарди.
— Кимди, ким? — шошиб очдим. Ойпопук экан.
— Дадамлар! Дадамларни!.. — деди у энтикиб ва гапиролмай ҳўнграб юборди.
— Бу ёққа киринг! Нима бўлди ўзи? — деб эшикка югурдим. Ойпопукни қўлтиқлаб олиб киргунимча, уйдагилар аллақачон туришган эди. Шаҳодат хола лаблари титраб гапиролмасди. Мавлоннинг ранги қув ўчиб кетган. Нуқул энтикаётган Ойпопукка қараб қолган эди.
— Нима бўлди? — дердим мен нуқул ва зўр бериб Ойпопукни хонага олиб киришга ҳаракат қилардим.
Стулга ўтқазганимда ўзини босиб олди шекилли:
— Дадамларни… дадамларни… қамоққа олиб кетишди, — деди ва ҳушидан кетиб қолди.
Мавлон уйқуси қочиб, нима бўлганига тушунди ва Ойпопукни мендан олди. Оғзи очилиб,
бизга қараб турган Шаҳодат хола бирдан:
— Вой, вой шўрим! — деб бақириб юборди. Бирпасда уй қўни-қўшнига тўлиб кетди. Ҳовлини қий-чув босди. Аёллар бир-бирларига қулоқ солмай, нималарнидир ҳовлиқиб гапиришар, ора-сира йиғлаб ҳам олишарди. Ҳайдарали ака, колхоз парторги келиб, ҳаммани ҳайдаб юборди-да, хонанинг эшигини беркитди. Ойпопук ўзига кела бошлади. Бир оздан сўнг кўзларини очиб, хонадагиларга бир-бир қараб чиқди-да, пиқиллаб йиғлаб юборди.
— Йиғлама, қизим, — деди Ҳайдарали ака. — Эрталаб ҳаммаси аён бўлади. Отангнинг гуноҳи йўқ, мен биламан. Англашилмовчилик бўлса керак бу. Эрталаб ҳаммаси аён бўлади. Отангнинг гуноҳи йўқ. Йиғлама.
Ойпопук ўрнидан турмоқчи бўлиб, қўзғалди.

— Турманг, — деди Мавлон. — Бугун шу ерда ётинг.
— Ҳа, шу ерда қолинг, — дедим мен ҳам.
— Қаёққа борасан? Шўтта қол! — деди Шаҳодат хола.
— Шу ерда қол, — деди Ҳайдарали ака ва менга ўгирилди. — Эрталаб идорага йиғилайлик.
— Хўп, — дедим мен.
— Энди ётинглар, ҳали эрта, — деди Ҳайдарали ака. — Барибир фойдаси йўқ.
У кетди. Лекин ҳеч қайсимиз мижжа қоққанимиз йўқ.
Тонг отиши билан идорага бордим. Усмон аканинг кабинети одамлар билан лиқ тўла эди. Кўп ўтмай Саксонбой ота билан Ҳайдарали ака ҳам келишди. Ҳамма негадир жим, ҳеч ким гапни нимадан бошлашни билмасди. Бу аянчли сукунат анча давом этди. Ниҳоят, Саксонбой ота чидай олмади шекилли, мендан сўради:
— Ойпопукка нима қилибди, ётибдими?
— Ётибди, мазаси йўқроқ, — дедим мен.
— Нима қиламиз? — деди Ҳайдарали ака ҳаммага бир-бир қараб чиқиб. — Бир нарса қилиш керак.
Ҳеч кимдан садо чиқмади.
— Мен кечаси бутун ишларимни хомчўт қилиб чиқдим, — деди Ҳайдарали ака. — Колхозда чатоқлик йўқ. Бошқа иш бўлса керак, чамамда, фақат Усмонжоннинг ўзига алоқадор бўлган иш.
— Нима иш бўлиши мумкин? — сўради Саксонбой ота. — Доим катта-катта ишларда ишлаб келган. Доим мукофотланиб юрган.
— Билмадим, — унинг гапини бўлди Ҳайдарали ака. — Менимча, қандайдир англашилмовчилик бўлса керак.
— Ишқилиб, шундай бўлсин-да, — деди кимдир енгил хўрсиниб, — яхши одам эди.
— Ҳа, тилла одам Усмонжон, менимча бундай қилсак… — деди Ҳайдарали ака бир оз ўйланиб. — Раис ўрнини билинтирмай ишлайверамиз. Ваҳимага тушиш керак эмас. Икки-уч киши районга борайлик. Ҳар ҳолда, у ерда билишса керак. Нима дейсизлар?
Ҳамма бу таклифни маъқуллади.
— Қизи нима бўлади? У ёлғиз-ку! — деди кимдир.
— Нима бўларди? — қизишди Ҳайдарали ака. — Ҳеч нарса бўлмайди.
— Фарида билан туради, — деди Саксонбой ота. — Ё бизникида, ё ўзиникида.
— Уч-тўрт кунлик гап бу, — деди Ҳайдарали ака. — Ҳеч нима қилмайди. Усмонжон келгунча Саксонбой ота айтгандай туратуради. Хўп, райкомга мен бораман. Яна ким боради?
— Мен! — дедим ўрнимдан туриб.
— Бўлмаса кетдик. Икки киши бўлади.
Ҳайдарали ака одамларга баъзи топшириқларни берди-да, эшикка чиқди. Кетидан мен ҳам чиқдим. Шу заҳотиёқ районга жўнадик.
— Жуда эрта кетяпмиз, — деди йўлда Ҳайдарали ака. — Райкомда ҳеч ким бўлмаса керак.
Лекин бундай бўлиб чиқмади. Машинамиз гулзор ёнида тўхтаганда Қодировнинг ўзи чиқиб келаётганини кўриб қолдик.
— Жуда яхши бўлди, — деди Ҳайдарали ака. — Ўзини учратиб қолдик.
Қодиров бизни кўриб, қаршимизга юрди.
— Ҳа, бунча саҳарлаб юрмасаларинг? Салом, — деди у қўлини омонатгина чўзиб.
— Усмонжон кеча қамалди, — деди Ҳайдарали ака.
— Ҳа, эшитдим, — деди Қодиров. — Яхши бўлмабди.
— Сабабини билсангиз керак? — сўрадим мен.
— Афсуски, билмайман, — деди у бош чайқаб. — Билмайман.
— Нима қиламиз энди? — сўради Ҳайдарали ака.
— Сизлар қишлоққа кетаверинглар, — деди Қодиров. — Суриштирамиз. Уч-тўрт кун сабр

қилинглар. Айби бўлмаса ўзи ҳам келиб қолади.
— Унинг қанақа айби бўлиши мумкин! — деди зарда билан Ҳайдарали ака. — Тилладай соф одам!
— Биламан, биламан, — деди Қодиров уни бўлиб. — Суриштирамиз.
Қишлоққа қайтиб, ҳамма гапни одамларга етказдим-да, бизникига бордик.
Ойпопук ҳали шу ерда эди. Бизни кўриб, сакраб ўрнидан турди. Бечора қиз бир кечада чўп бўлиб қолибди. Ранги қув ўчган, киртайган кўзлари жавдирайди.
— Нима гап? Тинчликми? — сўради у ҳовлиқиб.
— Тинчлик, қизим, тинчлик, — деди Ҳайдарали ака вазминлик билан. — Хавотир олма. Дадангнинг ҳеч қандай гуноҳи йўқ. Бир оз сабр қилиш керак. Бир-икки кунда ҳаммаси равшан бўлади. Ё дадангнинг ўзи кириб келади. Сабр қиласанми?
— Ҳа, — дея Ойпопук итоаткорона бошини эгди. Орадан, Қодиров айтгандек, уч-тўрт кун эмас, бир ой ўтиб кетди. Райондан ҳеч қандай жавоб бўлмади. Ойпопукнинг бир ой ичида сурати қолди, холос. Бечора қиз тиқ этса эшикка югурар, ҳол-аҳвол сўраб келган одамларга, бирон янгилик айтишармикан, деб нажот билан боқарди.
— Мана, — деди бир куни у холи учрашганимизда. — Ҳамма орзуларимиз булут парчаларидек тарқалиб кетди. Кетинг, деб илтимос қилганимда нега кетмадингиз? Мана, энди битта мен билан дадамлар эмас, сиз ҳам бахтсизсиз.
— Ундай деманг, — дедим мен юпатишга интилиб. — Дадангиз келади, яна ҳамма нарса ўз изига тушиб кетади.
— Йўқ, энди изига тушмайди, — деди у лабларига оқиб тушган ёшини артар экан. — Тушмайди. Юрагим сезиб турибди. Мен жудаям бахтли эдим. Бахт эса доимий нарса эмас. Дадамларга ачинаман. Яна ёлғиз қолдилар. Нима қилаётган эканлар ҳозир?
— Қўйинг, хафа бўлманг, яна бир оз сабр қилинг.
— Сабр!.. Сабр қилмай иложим қанча?
Лекин менинг иложим қолмади. Ҳайдарали ака билан маслаҳатлашиб, яна райкомга боришга қарор қилдим. Бордик. Қодировни топдик.
— Э, келинглар, — деди у бизни кўриши билан ўрнидан туриб, — ишлар яхшими? Дуруст, дуруст. Узумчиликдан бу йил биринчи ўринга чиқибсизлар. Кеча ҳисоб қилишди. Дуруст, дуруст…
— Биз Усмонжон масаласи билан келувдик, — деди Ҳайдарали ака унинг гапини бўлиб.
— Ҳа, ҳа, тушундим. Қодиров ўйга толди.
— Биласизларми, — деди у бир оздан сўнг. — Кўп жойлар билан гаплашдим. Лекин натижа бермади.
— Айби нима экан?
— Билолмадим, билолмадим. Лекин ўзларинг айтинглар, айби бўлмаса қамалармиди?
— Айби йўқ унинг! — деди қизишиб Ҳайдарали ака. — Ҳалол одам-ку у ахир!
Қодиров елкаларини қисди.
— Биз уни яхши биламиз! — деди Ҳайдарали ака.
— Тўғри, — деди Қодиров секинлик билан. — Мен уни яхши билмайман. Лекин уни биладиган одамлар, ташкилотлар бор. Балки адаш қамалгандир, балки… Яна ким билади дейсиз. Мен қўлимдан келганини қилдим. Бир неча жойга телефон қилиб… суриштирдим. Хўш… Лекин нега қамалади, билмайман. Айби бўлмаса қамалармиди!
Қодиров қошларини чимириб, гап тамом, дегандай соатига қаради. Бўшашганимизча ташқарига чиқдик.
— Қишлоққа келиб, Ойпопукка Қодиров айтган гапларнинг биронтасини ҳам айтмадик. Ўзи зўрға юрибди, — деди Ҳайдарали ака, — буни эшитса, тамом бўлади-қўяди. Қодировнинг гаплари рост бўлса, кейин ўзи билиб олар. Бу фикрга мен ҳам қўшилдим. Ойпопукка ҳали ҳеч

нарса маълум эмас, деб кўя қолдик.
Яна бир неча кун ўтиб кетди. Ойпопук энди йиғламас, афтидан секин-аста кўника бошлаган эди. Лекин ҳамон чеҳраси сўлғин, камгап эди. Бу орада миямда бир фикр пайдо бўлди. Тошкентга тушиб, Қосим аканинг оиласи билан гаплашиб келмоқчи бўлдим. Ахир иккаловининг бир вақтда қамалиши бежиз эмасдир! Фикримни Мавлонга, Ҳайдарали акага айтдим. Маъқуллашди. Ойпопук бўлса, севиниб кетди.
— Мен ҳам бораман! — деди у.
— Қандай қилиб борасан? — гапга аралашди Фарида. — Эртага райкомда бўлишинг керак.
Эсингдан чиқдими? Сени тасдиқлашади.
— Хаёлимдан кўтарилибди, — деди Ойпопук бўшашиб. — Энди нима қиламан-а? Жуда ҳам боришни истардим!..
Менинг ўзим ҳам ичимда унинг боришига қарши эдим. Нима қилади қййналиб? Яхши гап эшитсак майли. Ҳеч нарса билолмасак-чи? Қодировнинг гапларини у ерда ҳам эшитсак-чи?
— Сиз қолинг, — дедим. — Райком чақиртирган бўлса, шу ерда бўлишингиз керак.
— Хўп, — деди у, — сизга ишонаман. Қуруқ қайтмайсиз.
— Албатта, — дедим мен. — Ҳаммасини суриштираман. Мана, кўрасиз, дадангиз чиқиб келадилар.
— Кошкийди…
— Ўзингизни қийнаманг. Ваъда берасизми?
Ойпопук индамади. Бағримга оҳиста босдим-да, иссиқ пешонасидан ўпдим…
Ўша куниёқ правлениедан рухсат олиб, Тошкентга жўнадим.

10

Отам мени ҳам севинч, ҳам ҳайрат билан қарши олди.
— Кутмаган эдим, — деди уйда ўтирганимизда гап орасида. — Ўзинг келдингми ё иш билан?
Ҳаммасини гапириб бердим.
— Энди Қосим аканикига бораман, — дедим гапимнинг охирида. — Балки Усмон аканинг бунга алоқаси бордир?
— Усмон акангни… — деди отам менга диққат билан тикилиб, — яхши биласанми?
— Ҳа, — дедим мен. — Нима эди?
— Ўзим, шундай, — отамнинг негадир гапиргиси келмади. — Одамни билиш қийин.
Баъзиларнинг тили бошқа-ю, дили бошқа бўлади.
— Билмадим, — дедим қандай жавоб қилишни билмай. — Лекин Усмон ака бунақа бўлмаса керак.
— Ишқилиб, шундай бўлсин, — деди отам. — Ўзингга эҳтиёт бўл.
— Нега бундай деяпсиз? — сўрадим ҳайрон бўлиб. Отам индамай кўрпача устида ётган газетани олиб, менга узатди-да:
— Тўртинчи бетдаги эълонни ўқи, — деди.
Ўқий бошладим. Булар ажралиш ҳақидаги эълонлар эди.
Отамга қарадим.
— Ўқи, ўқи, охиригача ўқи, — деди у
Яна ўқишга тушдим. Сўнгги сатрларда Санобар Воҳидова деган қандайдир аёлнинг Қосим Воҳидовдан ажралиши ҳақидаги аризаси шаҳар судида кўрилади, деб ёзилган эди. Ҳайрон бўлиб қолдим.
— Воҳидовни танийсизми? — сўрадим отамдан.
— Йўқ. Лекин ёмон гап тез тарқалади. Хўш, энди нима дейсан? — деди отам. — Айби

бўлмаса ажралармиди? Асирликда бўлган экан, нималар қилган у ёкда, ким билади?!
Отам билан бўлган бу суҳбатдан сўнг Қосим аканикига оёғим тортмай бордим. Эшикни секин тақиллатдим. «Ким?» — деган хаста овоз эшитилди. Кўп ўтмай эшик очилди.
Олдимда оқ дока рўмол ўраган бир кампир турарди. Салом бердим.
— Алайкум салом. Келинг, болам? — деди кампир менга кўзларини тикиб. — Ичкарига киринг. Кимсиз, болам?
— Танимайсиз мени, — дедим унинг орқасидан ичкарига кириб.
— Судданмасмисиз?
— Йўқ. Мен қишлоқданман. Яккачинордан.
— Яккачинордан? — сўради кампир ҳовлининг ўртасидаги супага ўтириб. —
Усмонжоннинг олдиданми?
— Ҳа.
— Вой айланай-эй, саломатмисиз? Усмонжон ўзи эсон-омон юрибдими? Попук қалай?
Катта қиз бўлиб юрибдими? Анчадан бери кўрганим йўқ. Мактабни битирай дедими?
— Ҳа, битирган. Колхозда ишлаяпти.
— Барака топсин. Бирам ақлли қизки! Бирам ёқимтойки! Худди попукнинг ўзи дейсиз.
Омин! Ҳамма бало-қазолардан худо ўзи асрасин, Оллоҳу акбар!
Кампир фотиҳа ўқиб, менга юзланди.
— Келинг, болам?
— Келинойим уйдамилар?
— Йўқ, ҳализамон келиб қолади. Нима эди?
— Усмон акам… Усмон акам қамалиб қолди.
— Вой шўрим? Вой шўр пешонам! Вой бола бечора!.. Кампирнинг кўзларидан тирқираб ёш оқиб кетди. У энтикарди. Анчадан сўнг оғир хўрсиниб, рўмол учи билан кўзларини артди-да, менга қаради.
— Нега қамалди? Нима гуноҳ қилган экан?
— Билмаймиз, — дедим мен. — Қосим акамларнинг ишларига алоқадормикин, деб бу ёққа келдим. Келинойимлар билан суриштирсакмикин?
— Суриштиришнинг ҳожати йўқ, — деди шу тоб орқамдан бегона овоз.
Ўгирилдим. Бу ёш, келишган жувон эди. Қосим аканинг хотини эканлигини дарров пайқадим.
— Суриштиришнинг ҳожати йўқ, — деди у мен билан сўрашар экан янгитдан. — Ҳеч қандай натижа бермайди. Мен биламан.
— Сен ҳаммасини биласан, болам, — деди кампир истеҳзо билан.
— Ҳа, биламан, ойи! — деди жувон жиддий оҳангда. — Кесатманг.
— Билганинг учун ажралаётган экансан-да! — кампир йиғлаб юборди.
— Ҳа, билганим учун! — деди жувон ўзини жаҳлдан зўрға тутиб. — Майли, мендан хафа бўлаверинг. Лекин бир нарсани яхши билиб қўйинг. Ўғлингиз сизга қанчалик азиз бўлса, менга ҳам шунчалик азизлар.
Жувон шундай деб менга ўгирилди-да, оғир хўрсиниб, деди:
— Ҳозир ўша ёқдан келяпман. Усмон акам шу ерда эмиш. Қосим акам кўрибдилар. Лекин гаплаша олмаптилар. Менимча, Усмон акам Қосим акамнинг ишлари билан қамалган бўлсалар керак. Улар жуда яқин эди. Бормоқчимисиз?
Бошимни қимирлатдим.
— Фойдаси йўқ, — деди жувон. — Ҳеч нарса билолмайсиз. Саломат, дейишади, холос. Ҳеч нарса қилолмайсиз. Яхшиси, қайтинг, Ойпопукни овутинг, кўп қайғурмасин. Пешонамиздагини кўрамиз. Мендан салом айтинг. Сал тинчий, бораман ўзим.
Кампир билан хайрлашдим-да, эшикка йўл олдим. Жувон кузатиб қўйди.

— Менга қаранг, — деди кетаётганимда тўхтатиб. — Сиздан илтимос, ойимлар билан,
бояги… ажралиш ҳақидаги гапимиз орамизда қолсин. Хўпми?
— Хўп, — дедим.
— Раҳмат.
Шундай деб, у кириб кетди. Эшик ёпилди. Мен жойимда туриб қолдим. Бошим гангиган эди. Ҳеч нарсани тушунмас эдим. Аммо борган сари юрагимда пайдо бўлган ғулғула кучаярди.
«Наҳотки рост бўлса? — дердим ўзимча. — Наҳотки Усмон ака айбдор бўлса!» — Шундай дердим-у, бу гапга ишонишимни ҳам, ишонмаслигимни ҳам билмасдим.
— Нима гап? — сўради отам уйга келганимда. — Бирон нарса билдингми?
— Йўқ, — дедим мен. — Лекин Қосим аканинг хотини, ҳаммалари бир иш юзасидан бўлса керак, деяпти.
— Ҳа… — деди отам ўйланиб. — Айби бўлмаса қамалмасди.
Мен индамадим. Назаримда, отам ҳақдай эди…
Ана шундай аҳмоқона, бир умрга мени бадбахт қилган гуноҳкорона ишонч билан учинчи куни қишлоққа қайтдим. Тўғри уйимга бордим. Мавлон ниманидир ёзиб ўтирарди.
— Нима гап? — деб сўради у ҳам отамга ўхшаб.
Ҳеч гап йўқ, дегандек бошимни қимирлатдим-да, каравотга чўзилдим. Мавлон ёнимга ўтирди. Қанча вақт ўтди, билмайман, бир маҳал:
— Ойпопукни тасдиқламади, — деди у. Ўрнимдан туриб кетдим.
— Алдаманг!
— Алдаб нима қиламан? — деди доктор. — Рост.
— Нега? Нима учун?
— Билмайман. Вақтинча сабр қилинг, дейишибди. Бошқа ҳеч нарса билмайман. Отаси учун бўлса керак-да!
— Отаси учун?
Мавлон индамади. Бўшашганимча ёстиққа ёнбошладим. Мен ўйлардим. Аммо мияга ҳеч нарса келмасди. Қоронғи тушди. Қаердадир товуқ қўрқув аралаш қақиллади. Мен ҳамон ёнбошлаб ётардим.
— Ойпопукни кўрдингизми? — сўради доктор.
— Йўқ, — дедим.
— Бормайсизми? Сизни кутиб ўтиргандир?
Бу гап мени ўзимга келтирди. Ўрнимдан туриб, Ойпопукларникига йўл олдим.
Ҳовлида Фарида мени қарши олди.
— Келдингизми! — деди у қувониб. — Попукнинг мазаси йўқ. Ҳеч нарса емайди, ҳеч нарса демайди. Райкомда тасдиқлашмади…
У пиқирлаб йиғлаб юборди.
— Эшитдим, — дедим мен, — ўзи қани?
— Уйда. Ўтирибди. Кўзи ойнада.
Ичкарига кирдим. Ойпопук дераза олдида ўтирарди. Эгнида нўхат гулли кўйлаги. Бошида дадасига тикиб берган қўқон дўпписи. Ҳали-ҳали эсимда. Менинг кирганимни сезмади. Кўзларини олис-олисларга қадаб ўтираверди. Маҳ-лиё бўлиб қолдим. Кўзларимга у бутунлай бошқача бўлиб кўриниб кетди. У анча улғайган, бутун қоматида, чимирилган қошлари бир- бирига ёпишиб, ғунчадек тугилган лабларида салобат, вазминлик сезилиб турарди.
— Ойпопук? — дедим секин.
У чўчиб, орқасига қаради-да, севиниб кетди.
— Келдингизми?! — деди қаршимга юриб. — Сизни росаям кутдим. Лекин келгунингизча йиғлаганим йўқ. Мана, қаранг. Ииғлаганга ўхшайманми?
У ўзини қанчалик шўх тутишга ҳаракат қилмасин, қалтироқ овози, қовоқлари шишган

кўзлари анча азоб тортганини, йиғлаганини билдириб турарди.
— Йўқ, ўхшамайсиз, — дедим жилмайиб.
— Хўш, нима гап? Қосим акамникига бордингизми? Мен ҳаммасини айтиб бердим. Ойпопук яна хомуш бўлиб қолди. Кўзлари деразага қадалди, рангсиз лаблари ниманидир шивирлай бошлади.
— Йўқ! — деди у бир маҳал қатъий оҳангда. — Дадамларнинг айблари йўқ. Бу туҳмат.
Дадамларда айб йўқ.
— Ким билади, — дедим мен. — Айблари бўлмаса қамашмасди.
Бу гап, шу биргина шафқатсизлик билан айтилган гап мени умрбод бадбахт қилди, ҳамма нарсадан азиз ва қимматли бўлган одамимдан жудо қилди. Нега шундай дедим, нима мажбур қилди, ҳозиргача билолмайман.
Ойпопук менга ялт этиб қаради. Унинг бу қарашини мен сира ёдимдан чиқара олмайман.
Унинг кўзлари худди ғазабга келган шернинг кўзларидек ёнарди.
— Нима?! — деди у бўғилиб ва яна нимадир демоқчи бўлиб оғиз жуфтлади, лекин айта олмади. У титрарди.
— Кетинг, — деди у бир маҳал босиқ овозда. — Кетинг бу уйдан.
— Ойпопук, ахир мен…
— Кетинг деяпман! — У кўзларини юмиб, мендан юзини ўгирди.
Чиқиб кетдим. Нега чиқиб кетдим. Нега қолиб юпатмадим, кечирим сўрамадим? Ахир ҳар қандай бағритош одам ҳам бундай қилмайди-ку! Энди ўйлаб кўрсам, мен ўшанда
«ҳақоратланибман», ҳа, унинг «кетинг» деганидан ҳақоратланибман. Эҳ, бачкана ғурур, пасткаш одам!.. Мен Ойпопукдан хафа бўлибман-у, аммо ўзим уни ҳақоратлаганимни, ипакдек нозик қалбига бир гап билан ханжар санчиб қўйганимни сезмапман.
Уйга келганимда доктор ухлаб ётарди. Мен ҳам ётдим. Аммо уйқу келмади. Миямда минг хил фикр, лекин нималигини билмасдим. Фақат бир нарсани, тузатиб бўлмайдиган ҳодисанинг юз берганини ва бунга битта ўзим айбдор эканлигимни аниқ ҳис қилардим.
Орадан кўп вақт ўтмади. Дераза секин-секин тақиллай бошлади. Очдим. Фарида эди.
— Нима гап? — сўрадим ундан.
— Попук йўқ, — деди жавдираб. — Сиз кетганингиздан кейин, бир айланиб келаман, бошим оғрияпти, деб чиқиб кетувди, ҳалиям келмаяпти.
Деразадан сакраб кўчага тушдим. Нима қилишимни, қаёққа боришимни билмасдим. Юрагим дукуллар, дам йиғламсираб турган Фаридага, дам кўчага қараб аланглардим. Кейин дарё томонга югуриб кетдим. Барглари тўкилиб, яланғоч бўлиб қолган олмазордан ўтиб, харсангтош ёнига бордим. Ойпопук йўқ эди. Қирғоқ бўйлаб чойхона томонга чопиб кетдим. У ерда ҳам йўқ эди. Орқамга қайтиб, узумзор томонга югурдим. Бир марта шу ерда айланган эдик. Йўқ, кўринмади. «Ойпопук, Попув-в!» — деб қичқирдим. Ҳеч қандай жавоб бўлмади. Қўрқиб кетдим. Қишлоққа югурдим. Ойпопукларнинг уйи одамга тўлиб кетган эди.
— Йўқми? — сўради Саксонбой ота.
— Йўқ, — дедим.
— Қаёққа кетдийкин?
— Қидирамиз! — деди Ҳайдарали ака.
Ҳамма ҳар тарафга тарқалиб кетди. Мен ҳам кетдим. Бирга бўлган жойларимизни бошқатдан айлана бошладим. Ойпопук йўқ эди. Ҳаммаёқ жимжит. Фақат олис-олислардан:
«Попув-в! Попув-в!» деган бўғиқ товушлар эшитиларди…
Тонгга яқин Яккачинор ўсган қоя тагида Ойпопук топилди. Аммо у… жонсиз эди.

11

Дунё кўзимизга қоронғи кўриниб кетди. Мен ҳар қандай қийинчиликни кутган эдим, аммо бундай фожиа хаёлимга ҳам келмаган эди. Ҳамма ҳайрон. Унинг қандай қилиб ҳалок бўлганини ҳеч ким билмас эди. Лекин мен учун бунинг мутлако аҳамияти йўқ эди. У қандай қилиб ҳалок бўлган бўлса ҳам, айбдори мен эдим. Ҳа, мен, шафқатсиз, қўрқоқ, ўз тинчлигини ўйлаган бадбахт одам! Агар мен ўшанда биргина сўзни айтмаганимда, уни юпатганимда, ҳеч кимга қулоқ солмасдан, унга ишонганимда, бу фожиа, бутун қишлоқни зилзилага солган бу мудҳиш фожиа юз бермасди. Ҳа, юз бермасди.
Буни яхши билардим. Шунинг учун ваҳимага тушиб қолдим. Нуқул йиғлайман. Тилимга сўз келмайди. Агар ўшанда: «Одамлар! Виждонини йўқотган одам мен, мен қотил! Мен уни, бу сахий, меҳрибон, катта қалб эгаси бўлган қизни, булокдек соф, ҳаётининг ўзидай гўзал қизни ўлдирдим!» — деб ҳаммасини рўй-рост айтганимда енгил тортармидим? Йўқ, бу гапни айтмадим, айтолмадим, қўрқоқ-лик қилдим.
Ойпопукни дафн этиб қайтганимизда Мавлоннинг олдига кирдим.
— Доктор, — дедим унга. — Эсингиздами, кетаман бу ердан, деган эдингиз. Юринг, бирга кетамиз.
Мавлон ўйланиб қолди. Кейин менга еб юборгудай бўлиб тикилиб:
— Йўқ. Энди мен кетмайман, — деди. — Кетсангиз ўзингиз кетаверинг, катта йўл.
Ўша куниёқ Яккачинордан кетиб қолдим. Назаримда, бутун қишлоқ, дов-дарахт, ўт-ўлан менга нафрат ва чексиз ғазаб билан қараётгандек эди… Кўкдаги юлдузлар ҳам сўник, кечагина тўлишиб турган ой булутлар орасига кириб йўқолган, йўлим қоронғи эди.

12

Орадан олти йил ўтди. Ҳаёт бутунлай ўзгариб кетди. Неча йиллаб берк турган деразалар очилиб, уйлар сахий қуёш нурига кўмилди. Кулги унутилган хонадонларда қадаҳлар жаранги, шўх қаҳқаҳа садолари яна пайдо бўлди. Кўчаларни ишонч билан ташланган дадил қадамлар босиб кетди.
Ишонч! Инсон ишонч билан тирик. Унга ишониш керак. Агар инсонга ишонилмаса, фалокат юз беради. Афсус-ки, мен буни кейин тушундим. Мендақалар эса озмиди?!
Мен уларга ачинаман. Инсонга ишонмай улар нима фойда кўришди? Нима орттиришди?
Фақат ғам ва изтироб!
Мен-чи? Мен ғам ва изтиробдан ташқари ёлғизлик орттирдим. Ғамим бир умрга етади,
ёлғизлигим эса у билан доим эш.
Яккачинордан кетиб қолганимдан бери фақат ишгина овунчоғим бўлди. Тошкентга келиб илмий-текшириш институтига кирдим. Эрталаб келаман-у, турли қоғозларга муккамдан тушиб, кунни кеч қиламан. Кейин ёлғизлик… Пушаймон, ўкинч. Менинг айбим умр бўйи ювилмаса керак. Баъзан қишлоқни ўйлаб кетаман. Ойпопук билан юрган жойларимиз, бепоён далалар, қир, шўх дарё, узумзор, боғлар бирма-бир кўз олдимдан ўтади. Докторни эслайман. Негадир малласоч бола — Баҳодир хаёлимга келади. Баъзан Шаҳодат холанинг серқатиқ мошхўрдаси димоғимни қитиқлайди. Усмон акани негадир кам ўйлайман. Лекин кўп тушимга киради. Тушларим негадир деярли бир хил: бепоён дала. Ўртасига қизил гилам тўшалган. Усмон ака шу гиламнинг устида оқ от миниб туради. Ойпопук унга оқ, сариқ, қизил гуллардан гулдаста тутади.
Қачонлардир тушимда шу оқ отни мен миниб турган эдим…
Усмон ака чиқиб келган. Анча бўлган келганига. Буни тасодифан билиб қолдим.
Бир куни кечқурун Карл Маркс кўчасидан кетаётсам, олдимда икки киши кўринди. Улар мен томонга келишарди. Бири аёл, бири эркак. Аёл эркакни қўлтиқлаб олиб, ниманидир гапириб келяпти. Иккови шод. Яқинроқ келишганда уларни танидим. Қосим ака билан хотини,

ўша мен учратган аёл эди.
Улар мени кўришмади. Ёнимдан ўтиб кетишаётганда юрагим ўйнаб кетди. Салом бериб юбордим.
— Салом, — деди Қосим ака тўхтаб ва қўлини узатди. Шу пайт аёл билан кўзимиз тўқнашди.
— Э, салом, — деди у жилмайиб, — яхши юрибсизми?
— Усмон акамдан ҳеч қандай хабар борми? — сўрадим шошиб.
— Ҳали хабарингиз йўқми? — деди аёл. — Аллақачон келганлар. Мана, Қосим акангиз билан бирга келишган.
— Раҳмат, кечирасиз, безовта қилдим, — дедим мен.
— Ҳечқиси йўқ, ҳечқиси йўқ! — деди Қосим ака ва бу ким, дегандай хотинига қаради.
Аёл кўзларини билинар-билинмас қисиб қўйди. Мен йўлга тушдим.
— Яхши йигит! — чақирди бир-икки қадам босганимда аёл.
Тўхтадим.
— Агар у кишини кўрмоқчи бўлсангиз, якшанба куни кечқурун бизникига келинг. Адрес эсингиздадир.
— Эсимда, раҳмат! — дедим мен.
Якшанба куни бордим. Лекин кирмадим. Киришга журъат қилолмадим. Анча вақт уйнинг атрофида айланиб юрдим. Кейин, ўғри одамдай дераза ёнига бориб, ичкарига мўраладим. Усмон ака рўпарамда ўтирарди. Юрагим ўйнаб кетди. Худди Ойпопукни кўргандек бўлиб кетдим. Усмон ака ўзгармабди. Фақат сочи кумушдек оқариб кетибди, кўз остидаги ажинлари кўпайибди. Узоқ қараб турдим. У ниманидир гоҳ куйиниб, гоҳ кулиб ҳикоя қиларди. Кўп ўтмай, ўрнидан турди. Ўзимни панага олдим. Эшикда хайрлашиб, яна анчагача гаплашиб туришди. Кейин Усмон ака «Газик»ка ўтириб жўнади.
Бу учрашув менга қандай таъсир қилганини билсангиз эди! Ёлғиз ўзим тонггача кўчаларни айланиб юрдим. Миямни турли фикрлар қоплади. Мен Яккачинорга боришим керак. Ҳа, боришим керак. Мен улар билан бирга бўлишим керак, дедим ўзимга ниҳоят ва шундай қилдим.
Қишлоққа оқшом пайти етиб бордим. Узоқда, колхоз идорасининг орқасида кимдир чирманда чаларди. Нимадир томоғимга келиб тиқилди. Ойпопук билан биринчи учрашган куним худди чақмоқ чаққандек кўз олдимдан ўтиб кетди. Тўғрига юролмадим.
Чапга бурилдим. Кўприкдан ўтганимда оёқларим бўшашиб, тўхтаб қолдим. Қанча турдим, билмайман. Ниҳоят, ўзимни босиб олиб, дарё лабидан битта-битта юриб кетдим. Олисдан чойхона кўринди. Ўша, ўша чойхона. Ўзгармабди. Фақат ёнига икки қаватли бино тушибди. Шу томонга юрдим. Чойхонага яқинлашганимда медпунктдан ёшгина аёл кичкина бир болани етаклаб чиқиб кетди. Юрагим дукиллаб ура бошлади. Ичкарига кирдим. Оқ халат кийган тўлагина бир киши микроскопда ниманидир кўриб ўтирарди. Танидим. Мавлон.
— Доктор, — дедим секин.
У ўгирилди. Бирпас қараб турди. Кейин:
— Ўктамжон! — деб даст ўрнидан турди.
Қучоғига ташланиб, ўзимни тутолмай, йиғлаб юбордим.
— Бутунлайми?! — деди у анчадан сўнг.
— Ҳа, — дедим қатъий равишда. — Бутунлай. Лекин…
— Нима лекин? — қошларини чимирди Мавлон.
— Лекин мени қабул қилишармикин? Мен ахир ўшанда… — гапиролмадим. — Мен гуноҳкорман, ахир!
Мавлон индамади. Анчагина жим қолди. Ў ўйларди. Қошлари чимирилган, лаблари юмуқ.
— Ҳа… — деди у бир маҳал. — Қандай кунларни бошимиздан кечирмадик. Лекин кўп қайғурманг, давр ўзи шунақа эди. У баъзи одамларни эсанкиратиб қўйди, юрагига ғулғула

солди, йўлдан оздирди, ҳатто ўзидан чўчийдиган қам қилиб қўйди. Бахтимизга у кунлар ўтиб кетди. Юринг, уйга борамиз. Ҳойнаҳой, чарчагансиз. Фарида чучвара қилмоқчи бугун. Ўзи ҳам ҳозиргина ўғилча билан шу ерда эди. Юринг.
— Йўқ, — дедим мен ўрнимдан туриб. — Аввал бошқа жойга боришим керак.
Доктор қаергалигини суриштирмади.
Медпунктдан чиқиб, тоғ томонга кетдим. Қабристон олис эмас эди. Бирпасда етиб бордим. Ойпопукнинг қабри устига катта қора мармартош ётқизилибди. Тошнинг устида янги узилган гуллар сочилиб ётибди. Майин шамол уларнинг муаттар ҳидини димоғимга урди. Сесканиб кетдим. Лабларимни илиқ нам ачита бошлади. Бошимни эгганимча туриб қолдим. Бир зумда кўз олдимдан Ойпопук билан ўтказганим ажойиб дамлар, унутилмас кулги жарангларди, дунёдаги энг лаззатли гапларнинг мусиқий оҳанги, юракни эзувчи кўз ёшлар ва мудҳиш фожиа ўтиб кетди. Хаёлга чўмдим. Нима қилиш керак, нима қилсам кўнглим таскин топади, нима қилсам ҳаёти гулламай хазон бўлган, менинг учун дунёдаги энг азиз одамнинг руҳини шод қилган бўламан, — дердим ўзимча ва ўйга ботардим. Шу алфозда қанча турдим, билмайман. Бир маҳал кимдир тирсагимни ушлади. Бу доктор эди.
— Бўлди, юринг, — деди у.
Қайтдик. Осма кўприкка етганимизда орқамга ўгирилдим. Қоронғи тушган, ҳеч нарса кўринмасди. Фақат баланд қоя устида қишлоқ томонга эгилиб ўсган яккачинор ботаётган қуёшнинг қизғиш нурларидан ялтирарди. У худди қўлларини чўзиб, севикли ҳаёт йўлдошига олтин гулдаста узатиб турган паҳлавон йигитга ўхшарди. Юрагим баттар чзилиб кетди. Чинорга ҳавасим келди. Бу ҳавас, тирик чканман, қалбимда сўнмайди ва доим Ойпопук қабрини зиёрат қилгани борганимда, унга қараб: «Одамлар! Севги ишончсиз бўлмайди. Бир-бирингизга ишонинг. Дунёда бундан катта бахт йўқ!» — деб қичқиргим келади.

1961-1962 йиллар.

Ўлмас Умарбековнинг «Танланган асарлар»и II жилдидан олинди. («Шарқ» НМАК Бош таҳририяти, Тошкент — 2005)

Bu voqeaga ancha boʻldi. Men endigina institutni tamomlagan yigirma ikki-yigirma uch yoshlardagi yigit edim. Orzu-havas katta. Qayoqqa qoʻl uzatsam, yetadi. Bilaklarimda quvvat, qalbimda gʻayrat joʻsh urardi.Yoshlik endigina qanot chiqargan uchirma qushga oʻxshaydi. Hech narsadan tap tortmaydi, hech narsadan choʻchimaydi. Butun borliq unga yangicha, sirli boʻlib tuyuladi. Hamma narsani koʻrgisi, bilgisi, hamma narsada oʻzidan qandaydir iz qoldirgisi keladi. Lekin bu izning qanday boʻlishini, unga sevinch baxsh etadimi, yo gʻam keltiradimi, toʻgʻrirogʻi, bilishni istamaydi…

Oʻlmas Umarbekov
SЕVGIM-SЕVGILIM…
Qissa
01

Oʻlmas Umarbekov 1934 yil 25 yanvarda Toshkent shahrida tugʻilgan. Oʻzbekiston xalq yozuvchisi (1992). Oʻzbekistonda xizmat koʻrsatgan sanʼat arbobi (1984). Hamza nomidagi Oʻzbekiston Davlat mukofoti laureati (1980).
02Oʻlmas Umarbekov Oʻrta Osiyo universitetining filologiya fakultetini tugatgan (1956). Ilk kitobi — “Hikoyalar” (1958). “Xatingni kutaman”, “Yurak soʻzlari” (1960), “Boboyongʻoq” (1961), “Yulduzlar”, “Menga ishonmaysanmi?” (1962), “Hayot abadiy” (1964), “Charos” (1966), “Koʻprik” (1968), “Bolgar qoʻshiqlari”, “Oltin yaproqlar” (1972), “Qiyomat qarz” (1976, shu hikoya asosida sahna asari ham bor), “Yer yonganda” (1993) kabi hikoya toʻplamlari nashr etilgan. U “Odam boʻlish qiyin” (1970), “Fotima va Zuhra” (1994) romanlari hamda “Sevgilim — sevgilim” (1963), “Kimning tashvishi yoʻq” (1965), “Urush farzandi” (1972), “Yoz yomgʻiri” (1973), “Oq qaldirgʻoch” (1974) singari kissalar muallifi. Bir qancha dramalar ham yozgan (“Oqar suvlar”, 1971; “Tuhmat”, 1987; “Oqsoqol”, 1991; “Oʻzing uchun oʻl yetim”, 1992 va boshqa). “Qizimga maktublar” (“Mangu hayot boʻsagʻasida”) deb nomlangan publitsistik asari ham bor.
Oʻlmas Umarbekov 1994 yil 10 noyabrda Toshkentda vafot etgan.

01

1

Bu voqeaga ancha boʻldi. Men endigina institutni tamomlagan yigirma ikki-yigirma uch yoshlardagi yigit edim. Orzu-havas katta. Qayoqqa qoʻl uzatsam, yetadi. Bilaklarimda quvvat, qalbimda gʻayrat joʻsh urardi.
Yoshlik endigina qanot chiqargan uchirma qushga oʻxshaydi. Hech narsadan tap tortmaydi, hech narsadan choʻchimaydi. Butun borliq unga yangicha, sirli boʻlib tuyuladi. Hamma narsani koʻrgisi, bilgisi, hamma narsada oʻzidan qandaydir iz qoldirgisi keladi. Lekin bu izning qanday boʻlishini, unga sevinch baxsh etadimi, yo gʻam keltiradimi, toʻgʻrirogʻi, bilishni istamaydi. Agar shu istak unda hamma narsadan kuchli boʻlganda edi oʻzini bunchalik tutmasmidi?! Kim biladi, balki men xato qilayotgandirman. Rostini aytganda, buning hozir mendan boshqa hech kimga ahamiyati yoʻq. Biroq men oʻzimni uchirma qushdek his qilib, oʻsha paytlar notanish joylarga ketib qolganimdan sira afsuslanmayman.
Gap shundaki, men Yakkachinor qishlogʻiga ishga joʻnadim. Rostini aytsam, otam majbur qildi. Institutda meni aspiranturaga olib qolishmoqchi edi. Otam shaharda qolmaysan, qishloqda ishlab kelasan, bu oʻzingga foyda boʻladi, deb turib oldi. Qanaqa foyda keltirishi mumkin qishloq shahar turganda?
Men unga avval tushunmadim. Jahlim chiqdi. Axir oʻzingiz oʻylab koʻring, men uning yolgʻiz oʻgʻli boʻlsam, buning ustiga oʻzi ancha keksayib qolgan boʻlsa, nega meni haydaydi?
Men juda erka oʻsgan edim. Onam toʻqqiz yoshligimda zotiljam kasalligidan vafot etgan. Shuning uchun boʻlsa kerak, otamning menga boʻlgan munosabatida ikki kishining mehrini his qilardim. Tarbiyamga bu taʼsir qilmay qolmadi, albatta. Mendagi ikkilanish, hadiksirash kabi illatlar, balki shuning oqibatidir? Sirasini aytganda, bir onadan har xil bola tugʻiladi, deyishadi. Ammo buning hozir kizigʻi yoʻq. Har kim oʻz qilmishlariga oʻzi javobgar boʻlishi kerak.
Shunday qilib, jahlim chiqsa ham otamning raʼyini qaytarmadim. Institutda menga taklif qilingan joylar orasida “Yakkachinor” nomli kolxoz ham bor edi. Samarqand oblastida, togʻning tagida ekan bu kolxoz. Qishloq ham Yakkachinor, deb atalar ekan. Shuni tanladim. Hozir oʻsha yillarni eslasam, institutda qolmaganimga xursand boʻlaman, xursand boʻlamanu butun hayotimni bir umr ogʻir musibatlarga gʻarq qilganimdan oʻksinaman…
Diplom olgan kunim kechqurun shaharda qolgan oʻrtoqlarim bilan “Toshkent” restoranida quyuq xayrlashib, uyga keldim-da, yoʻl hozirligini koʻra boshladim. Samolyot Samarqandga tunda uchishi kerak edi. Xayrlashayotib otam bir oz koʻz yoshi qilib oldi. Uning qovoqlari salqigan, taram-taram ajin bosgan ozgʻin yuziga qarab, rahmim kelib ketdi. Lekin nachora? Oʻzi ketishimni istagan edi. Tez-tez xat yozib turishga vaʼda berib, uydan chiqdim. Ikki soatcha aeroportda sanqib, nihoyat samolyotga oʻtirdim.
Charchagan ekanman, darrov koʻzim ilindi. Samolyot yerda pildirab ketayotganida uygʻondim. Koʻp oʻtmay, tong ota boshladi. Yana yoʻl harakatiga tushdim. Lekin ancha vaqt shaharda qolib ketdim: Yakkachinorga boradigan bironta ham mashina yoʻq edi. Shofyorlardan bittasi bozorga borishni, “Yakkachinor” kolxoz doʻkonini topishni maslahat berdi.

— Topsam nima boʻladi? — hayron boʻlib soʻradim.
— Topsangiz, mashina boʻladi-da, akasi! — dedi shofyor. — Doʻkonga mol-pol keladi-ku,
axir!

Minnatdorchilik bildirib, bozorga yoʻl oldim. Bir amallab doʻkonni topdim ham. Biroq u berk edi. Boshim qotib bozorning oʻrtasiga joylashgan choyxonaga kirdim. Hali oʻtirganim ham yoʻq ediki, shopmoʻylov choyxonachi bir choynak koʻk choy bilan patnisda toʻrt chaqmoq qand va yangi uzilgan Samarqand nonidan keltirib qoʻydi.
— Mehmon nima istaydilar? — soʻradi u tabassum bilan choyni shopirar ekan.
— Qaymoq, — dedim men.
Shu topdayoq bir sopol tovoq qaymoq oldimda hozir boʻldi.
— Mana, mehmon, marhamat qilsinlar, — dedi choyxonachi yana tabassum qilib.
Samarqand bozorlaridagi qaymoq bilan tandir nonining dovrugʻini eshitgan edim. Ammo bunchalik mazali boʻlishini bilmasdim. Non koʻrinishda Toshkentning shirmonidan farq qilmaydi. Faqat bezaksiz, sipo. Shuning uchun ham shirmondan anchagina yeyildi. Qaymoq ham quyuq, tovoqning chetlarida yangiligidan darak berib, koʻpirib turadi. Mazasi demasangiz, xuddi nisholdaning oʻzi. Bir tishlam nonni unga botirib, ogʻzingizga soldingizmi, tamom, tovoqni sob qilguningizcha oʻrningizdan turmaysiz.
Nonushta qilib boʻlib, qayoqqa borishimni bilmay turganimda:
— Yoʻl boʻlsin, mehmon? — deb soʻradi choyxonachi.
— Yakkachinorga, — dedim hafsalasizlik bilan. Keyin nimaningdir ilinjida soʻradim. — Bilasizmi?
— Kim bilmaydi? — dedi choyxonachi jilmayib. — Uzumning koni bu qishloq.
Innaykeyin, bizzi jiyan Yakkachinorga doʻxtir!.. Sizni oʻsha yoqa otpravka qilishdimi?
— Ha, — dedim men ham noiloj iljayib. Choyxonachi boshini liqillatib qoʻydi. Aftidan,
menga achinayotganday edi.
— Juda olis… — dedi choyxonachi battar boshini liqillatib. — A, nichavo!.. Koʻnikib ketasiz. Mana, bizzi jiyan. Uch-toʻrt oydan beri jim. Ungacha besh-olti marta qochaman, deb kategoricheskiy xat yozgan. Hozir jim. Innaykeyin…
— Avtobus yuradimi? — soʻradim gapini boʻlib.
— Avtobus? — choyxonachi aftini burishtirdi, keyin yana ogʻzini katta ochib jilmaydi. —
Avtobus yoʻq. Lekin xafa boʻlmang. Poputniy mashina boʻlib turadi. Qani, toʻxtang-chi!
Choyxonachi qoʻlidagi piyola sochiqni yelkasiga tashlab, choyxonadan chiqib ketdi. Ancha kutdim. Bir mahal tojikcha gaplashib, qop-qora bir yigitni boshlab keldi.
— Shu yigit eltib qoʻyadi, — dedi choyxonachi yigitga ishora qilib. — Choy haqi bersangiz boʻldi.
— Xoʻp, — dedim. Koʻp savdolashmay kirani kelishdik. Yigit yoʻl boshladi. Choyxonachi bozor darvozasigacha kuzatib chiqdi. Mashinaga oʻtirganimda u bitta kir xaltani uzatdi.
— Shoʻrdanak. Bizdan jiyanga — Mavlonga berib qoʻying. Salom ayting. Onasiga xat yozsin.
Omon boʻling. Samarqandga kslsangiz kiring!
Yoʻlga tushdik.

2

Yakkachinor — ikki togʻ oraligʻida qisilib yotgan kichkina qishloq. Aholisi ham uncha koʻp emas. Yuz xonadondan oshmaydi. Odamlarning deyarli hammasi shu yerlik. Shu yerda tupilishgan, shu yerda oʻsishgan, shu yerda ajoyib bogʻlar yaratishgan. Bu bogʻlarning dovrugʻi butun respublikaga ketgan. Qaysi bir yozuvchining kitobida yozilganidek, poʻstini archib, tanglayingga bosishing bilan erib ketadigan sap-sarigʻ shaftolilar, har biri piyoladek-piyoladek keladigan achchiq-chuchuk qizil olmalar shu yerda bitadi. Chet el yarmarkalarida oʻttizdan ortiq oltin medal olgan oʻzbekning “Oq musallas”i ham Yakkachinorning buvakisidan. Tokzor bu yerda bir necha oʻn gektarga choʻzilgan boʻlib, bir yogʻi Zarafshonga, bir yogʻi toqqa tutashib ketgan.
Yakkachinor qishlogʻi yangi kelgan kishiga koʻrimsizroq, betartibroq koʻrinadi. Lekin bu birinchi taassurot. Soʻnggi yillarda men koʻp qishloqlarda boʻldim. Hammasining oʻziga xos fazilati, husni bor. Ammo hech qaysisi Yakkachinorga tenglasha olmaydi. Qishloqni ikkita teng qismga boʻlib koʻcha oʻtgan. Samarqanddan choʻzilib kelgan bu koʻcha shu yerda toqqa tutashib, yoʻqolib ketadi. Katta yoʻl faqat shu. Biroq qishloq hisobsiz tor koʻcha va soʻqmoqlar bilan toʻla. Deyarli har bir uydan toqqa, dalaga yoʻl chiqadi. Past-baland bu yoʻllardan shaharlik kishining yurishi qiyin. Lekin yakkachinorliklar parvo qilishmaydi. Boshlariga katta-katta savatlarni qoʻyib olib, togʻdan qishloqqa, qishloqdan toqqa chiqib ketaveradilar. Bolalar ham, ayollar ham xuddi shunday.

Ularning mehmondoʻstligini aytmaysizmi? Agar biron kishinikiga mehmon kelib qolsa, hammasi navbatma-navbat chaqirishadi. Bormaganingizga qoʻyishmaydi. Bordingizmi, tamom, butun boyligini oldingizga toʻkadi. Hech narsasi boʻlmasa, bir patnis non bilan choy qoʻyib, ashula qilib beradi. Qishloqda bironta odam yoʻqki, ashula aytishni yoki qandaydir muzika asbobini chalishni bilmasin! Erta tong mahali, hali quyosh togʻning ortidan koʻtarilmasdan dalaga chiqsangiz, qishloqning oʻng tomonida osma koʻprik kesib turgan olmazordan oʻtib, daryo labiga borsangiz, hisobsiz qoʻy-qoʻzi podalarini koʻrasiz. Ular endigina boshini suvdan koʻtarishi bilan olisdan nay tovushi eshitiladi. Qoʻylar bu mayin, yuz xil ohangda yangrayotgan yoqimli tovushni bilishadi va birin-ketin oʻsha tomonga yurishadi. Sizning ham oʻsha yoqqa beixtiyor oyogʻingiz tortadi, bir daqiqa tashvishlaringizni unutasiz, oʻzingizni qandaydir bir sehrli dunyoda his qilasiz, onalaridan oʻynoqlab ortda qolib ketgan qoʻzilarning har chekkadan tartibsiz maʼrashi ham qulogʻingizga xuddi nay sadosidek yoqimli eshitiladi. Men koʻp tonglarni ana shunday, daryo labida oʻtkazganman. Quyoshning oltin nurlariga choʻmilgan daraxtlar, kumush jilgʻalarga tikilib, choʻpon nayining sirli sadolariga quloq solganman. Zarafshonning beshik-beshik toʻlqinlanib, sekin oqishi meni maftun qilgan…
Yakkachinor oqshomlarining ham goʻzal husni bor. Kun qorayishi bilan butun qishloq qorongʻulik ichiga gʻarq boʻladi. Oltinrang derazalargina bu yerda uylar borligidan darak beradi, xolos. Yarim kechaga borib chirogʻlar birin-ketin soʻnadi. Shunda dalada boʻlsangiz, olisda, baland qoyaning tepasida oy nuridan barglari mayda-mayda yulduzchalar hosil qilib, qishloq tomonga egilib turgan daraxtni koʻrasiz. Bu yakkachinor. Qishloq shu chinorning nomiga qoʻyilgan. Chinorni qishloqning hamma yeridan koʻrish mumkin. Qorongʻilikda u xuddi qoʻlini qishloq tomon choʻzib turgan devqomat inson haykaliday tuyuladi. Baʼzi qariyalar serxarxasha bolalarini shu chinor bilan olaboʻji, deb qoʻrqitadilar. Lekin sevishganlar uchun esa u abadiy sevgi, vafo timsoli boʻlib tuyuladi. Rivoyatlarga qaraganda, bir choʻpon yigit begona mamlakat malikasini tushida koʻrib, oshiq boʻlib qolibdi. Dard zoʻr kelib, qari onasi va oy desa oy, kun desa kundek yoshgina xotinini tashlab, qishloqdan bosh olib ketibdi. Oradan koʻp yillar oʻtibdi. Bir kuii tong mahali tul qolgan bechora juvon koʻza koʻtarib suvga chiqsa, eshik tagida bevafo eri turgan emish. Yigit unga boshidan oʻtgan voqealarni gapirib, oʻz yurtidan boʻlak yurt yoʻqligini, oʻz xotinidan koʻhlik ayol yoʻqdigini aytibdi va gunohidan oʻtishni soʻrabdi. Juvon koʻnmabdi. Yigit ketibdi. Togʻda makon qilibdi. U kunduzlari hech kimga koʻrinmay qoyalar orasida yotar ekan. Qosh qorayishi bilan baland qoya ustiga chiqib, qishlogʻiga, uyiga termilar va gunohidan oʻtishni soʻrab, xudoga iltijo qilar ekan. Keyin u gʻoyib boʻlib ketibdi. Rivoyatda aytilishicha, chinor shu yigit emish. Yakkachinorning faqat bir tomonga, qishloq tomonga qarab shox otib oʻsganining boisi shu ekan.

Bu qadimiy rivoyat qariyalarning deyarli hammasiga tanish. Yoshlar ham bilishadi. Hatto, ashulalar ham toʻqishgan. Kechqurunlari gulxan atrofiga toʻplanib, yoshlar sevgi haqidagi ana shunday qoʻshiqlarni aytishganda qalbing toʻlqinlanadi, butun vujuding bilan insonning naqadar sofligiga, naqadar olijanob va naqadar goʻzalligiga tahsin oʻqiging keladi!..
Afsuski, men bularning hammasini keyin bildim, keyin tushundim. Qariyalar, hayot koʻrsang odam koʻrasan, deyishadi. Haqiqatan ham shunday ekan. Hayot koʻrmagan, dovon oshib oʻzga joylarda boʻlmagan kishi yaxshi-yomonni ajratishi, odamlarning dilini anglashi mumkinmi?! Albatta yoʻq. Chogʻimda men chalgʻib ketdim. Bularning hammasi keyinchalik aytiladigan gaplar edi. Xoʻsh, shunday qilib, bundan oʻn ikki yil muqaddam Samarqand bozoridagi choyxonachining yordamida mashina topib, Yakkachinorga yoʻl oldim. Chamamda, uch soatcha yurdik. Koʻzim atrofda, birinchi koʻrayotgan joylarimda. Koʻchaning ikki chetida bir tekisda boʻy choʻzib turgan tollarni hisobga olmaganda, hammayoq paxtazor, bepoyon koʻm-koʻk paxtazor. Boshqa hech narsa yoʻq. Lekin Zarafshonning tor joyiga qurilgan, bitta mashina yurarli ingichka yogʻoch koʻprikdan oʻtishimiz bilan manzara keskin oʻzgardi. Dov-daraxt shu qadar koʻpayib ketdiki, men oʻzimni oʻrmonzorga kirib qolgandek his qildim. Chehram yorishib ketdi, jilmayib shofyorga qaradim. Ammo u parvosiz edi. Yoʻl boʻyi sado chiqmagan, savollarimga ham imo bilan javob bergan bu yigitdan boshqa nima ham kutish mumkin edi? Balki, bu yerlarda koʻp boʻlganidan koʻnikib ketgandir, balki, oʻzi shunaqa beparvo odamdir? Shu xayollar bilan boʻlib mashina peshayvonli oq bino oldiga kelib toʻxtaganini sezmay qolibman.
— Idora shu, — dedi shofyor yigit. Uning yoʻlga chiqqa-nimizdan beri aytgan gapi bu boʻldi.
— Tushing.

Men tushib ulgurmasimdan u chamadonimni yoʻlkaga doʻq etib qoʻydi-da, qoʻlimdagi pulni yulib olib, joʻnab qoldi. Men idoraga razm soldim. Toqqa qaratib qurilgan bu bir qavatli baland binoning atrofi gulzor edi. Oldidan ingichka ariq oʻtgan. Toza, tiniq suv jildirab oqib yotibdi. Ichkariga kirdim. Idorada hech kim yoʻq edi. Chamadonni ayvonga qoʻyib, ochiq turgan eshiklardan bittasini sekin taqillatdim. “Kim?” degan ingichka ovoz eshitildi va shu ondayoq oldimda atlas koʻylak kiygan yoshgina qiz paydo boʻldi.
— Salom, keling? — dedi u.
— Rais shu yerdami?
— Rayondalar. Idorada mendan boshqa hech kim yoʻq, — qiz, mening qoʻlimdan hech qanday ish kelmaydi, deganday uyalinqirab jilmaydi.
Shu top qoʻlimdagi shoʻrdanak esimga tushdi.
— Medpunktni bilasizmi?
— Ha, choyxonaning yonida, — dedi qiz hozirjavoblik bilan. — Yuring, olib boraman.
— Yoʻq, rahmat. Koʻrsatsangiz boʻldi.
Tashqariga chiqdik. Qiz roʻparadagi oq tunuka tomni koʻrsatdi.
— Shu uyning orqasi choyxona.

Darrov topdim. Choyxona koʻchaning shunday labida, katta hovuzning boʻyida edi. Panjara eshikdan kirishim bilan gup etib rayhon hidi dimogʻimga urildi. Entikib Ketdim. Hovuzning atrofiga besh-oltita havorang boʻyoqqa boʻyalgan taxta soʻri qoʻyilgan edi. Bittasida ikki chol, ikkinchisida oq jujun kitel kiygan bir odam oʻtirardi. Aftini koʻrolmadim. U hovuzga teskari oʻgirilib, erinchoqlik bilan papiros tutatardi. Olis yoʻl bosib chirchaganim sezildi. Jovdirab, oʻtirishga maʼqulroq joy qidira boshladim. Shu tob oʻn uch-oʻn toʻrt yoshlar chamasidagi, yuzlariga sepkil toshgan, malla soch bir bola yugurib oldimga keldi-da, salomlashib qoʻlimdagi chamadonni ildi
— Bu yoqqa oʻtiring! — dedi u doʻrildoq ovozda va shoxlari hovuzga shoʻngʻib, muzdek shabadada tebranib turgan majnuntol tagidagi kichkina soʻri tomon yurdi. Bolaning tovushini eshitib, chollar biz tomonga oʻgirilishdi. Qoʻlimni koʻksimga qoʻyib salomlashgan boʻldim. Sipolik bilan soqollarini tutamlab, alik olishdi. Jujun kitel kiygan kishi oʻgirilish u yoqda tursin, koʻz qirini tashlamadi ham. Yangi atlas koʻrpacha ustiga oʻtirdim. Malla soch bola choy olib kelib qoʻydi. Juda chanqagan ekanman, ikki piyola bosib ichdim. Keyin bolani chnqirdim.
— Akasi, doktorni koʻrmadingmi?
Mavlonboy akanimi? — soʻradi bola.
— Ha.
— Ana oʻtiribdilar, — bola qoʻli bilan ishora qilib kitelli kishini koʻrsatdi. — Mavlonboy aka!
Doktor erinchoqlik bilan biz tomonga oʻgirildi. U — yirik qora koʻzlari ustidagi baroq qoshlari bir-biri bilan tutashib ketgan, dumaloq yuzli, men tengi yigit edi.
— Nima deysan? — dedi u bir menga, bir bolaga zarda bilan qarab.
— Mehmon akamlar sizni soʻrayaptilar, — dedi bola menga ishora qilib. — Baqqa keling.
Doktor avvalgidek erinchoqlik bilan oʻrnidan turdi. Men oʻzimcha kulib qoʻydim. Bola uni koʻrsatishi bilan u:shm oldiga borishim mumkin edi. Bilmadim, gʻurur yoʻl kuymadimi — yoshlikda nimalar qilmaydi kishi — yo uning Menga eʼtiborsizlik bilan qaragani yoqmadimi, bormadim, hatto, qarshisiga ham yurmadim. Doktor oldimga kelib, savol nazari bilan salomlashdi.
— Oʻtiring, — dedim qarshimdagi joyni koʻrsatib. — Mavlon siz boʻlasizmi? — qoʻshib qoʻydim u oʻtirgach Mavlonligini bilib tursam ham.
— Men, nima edi? — doktor qoshlarini chimirdi.
— Manavini togʻangiz berib yubordilar, ermak qilarmishsiz.
Doktor nimagadir qizardi-da, qoʻlimdan xaltani oldi.
— Choyga qarang, — dedim men piyolani uzatib.
— Rahmat. Bahodir! — doktor kimnidir chaqirdi. Yugurib boyagi malla soch bola keldi. —
Uzumdan olib chiq. — Bola ketgach menga qaradi. — Xoʻsh, keling?
— Ishga yuborishdi, — dedim men va nima uchundir yon choʻntagimdan diplomimni olib, oldiga tashladim.

Doktor diplomni koʻrib, qaytarar ekan, jilmayib qoʻydi. U juda chiroyli jilmayardi. Pastki qalin labi sal choʻzilib, oʻng yuzida kichkina chuqurcha hosil boʻlardi. Ingichka moʻylovi yonidagi moshdek xol boʻrtib chiqib, uni xuddi yosh bolaga oʻxshatib qoʻyardi. Buni oʻzi ham sezsa kerak, jilmayganda yuzlariga qizillik yugurardi. Oʻshanda ham xuddi shunday boʻldi. U qizarib, mendan koʻzini oldi-da:
— Qalay, qishloq yoqdimi? — deb soʻradi.
— Tuzuk, — dedim men. — Yaxshi joylar ekan.
— Qishloq yaxshi! — gapimni boʻldi doktor. — Bir yogʻi togʻ, bir yogʻi daryo, mevazor bogʻ, uzumzor… Insonga yana nima kerak? Qorni toʻq, sogʻ boʻlsa — boʻldi-da. Lekin bu menga toʻgʻri kelmaydi, yoʻq. Bahodir!
— Labbay-y, — dedi doʻrilloq ovoz qayerdadir ichkari-da va shu ondayoq bir patnis husayni koʻtargan Bahodir oldimizda paydo boʻldi. — Yangi uzib kelaqoldim, — dedi u gunohkorona jilmayib.
— Yasha akasi.
Doktor patnisni menga yaqinroq surib, bir shingil uzum oldi-da, karsillatib chaynar ekan, gapida davom etdi:
— Mana, bir yilcha boʻlib qoldi kelganimga. Oʻzim kelganman. Hech kim majbur qilgani yoʻq. Lekin rosa pushaymonman. Kechirasiz, bu gaplarni sizga aytmasligim kerak edi. Yangi odamsiz. Lekin nachora. Manavi chollarga aytolmayman. Bu yerda hech kimga hech nima deyolmayman. Meni begona odam tushunishi mumkin. Men sizga aytsam, zerikish nimaligini shu yerda bildim. Meni choʻchityapti, deb oʻylamang, yoʻq. Sizning yoʻlingiz boshqa. Agronom ekansiz. Ertalabdan kechgacha ochiq havoda, dalada boʻlasiz. Yurasiz, ishlaysiz. Men-chi? Men deraza yonida turli xil sassiq,— doktor aftini burishtirdi, — achchiq dorilarni hidlab, kasal poylashim kerak. Kasal boʻlmasa nima qilaman? Shaharda bemor doktor izlasa, bu yerda doktor bemor izlaydi.

— Kasal kam boʻlgani yaxshi emasmi? — hayron boʻlib soʻradim men.
— Boshqalarga yaxshidir, lekin doktorlarga, ayniqsa menga, buning bir tiyinlik foydasi yoʻq. Kasal boʻlmasa rsvolash ham yoʻq. Davolash boʻlmagandan keyin oʻz-oʻzidan tajriba ham boʻlmaydi-da.
Men beixtiyor kulib yubordim.
— Kulmang, — zarda bilan dedi doktor oʻchib qolgan papirosini qaytadan tutatib. —
Buning hech kulgili joyi yoʻq.
— Nahotki bitta ham kasal boʻlmasa? — soʻradim oʻzimni tutib olib.
— Bitta ham? Toʻgʻrisi, kasallar bor, lekin qanaqa kasallar deng? Bittasi mayib — oyogʻi chiqqan. Bittasi — otdan yiqilib tushgan — qoʻli singan. Xullas, hammasi yara-chaqalar. Rasmana kasal yoʻq.
— Sizga achinaman, — dedim men ham joʻrttaga xoʻrsinib.
— Achinmang, — javob qildi doktor. — Foydasi yoʻq. Baribir ketaman. Shaharga ketaman.
Aytganday, siz raisni koʻrdingizmi?
— Yoʻq, rayonga ketgan ekan.
— Qayerda yashaysiz? Xabar qilganmidingiz oldin?
— Yoʻq, — dedim men yelkamni qisib.
— Boʻlmasa, biznikiga yuring. Ikkalamiz turamiz.
Doktor yalinganomuz menga tikildi. Yoʻq, deyolmadim.
Shu zahotiyoq yoʻlga tushdik. Mavlon qoʻyarda-qoʻymay chamadonimni koʻtarib oldi. Koʻp oʻtmay, yetib bordik. Mavlon yashayotgan uy togʻning etagidagi tepalikka joylashgan boʻlib, urtasi katta ravonli ikki xonadan iborat edi. Egasi eri oʻlib ketgan bir kampir ekan. Mavlon yangi kelganda yaqindagina harbiy xizmatga ketgan oʻgʻlining xonasiga koʻchirib olib kelibdi.
Uyga kirganimizda kampir yoʻq edi.
— Bogʻda boʻlsa kerak, — dedi Mavlon va oʻz xonasiga kirib, derazalarni ochib yubordi. Xona birdan yorishib, muzdek shamol yuzga urildi. Men deraza yoniga keldim.
— Qalay? — dedi Mavlon zavq bilan havoni shimirib.
— Yaxshi! — dedim toʻyib nafas olarkanman.

Bu yerning faqatgina havosi emas, manzarasi ham yaxshi edi. Olisda, koʻm-koʻk olmazorning ortida kumushdek tovlanib Zarafshon oqardi. Chap tomoningizda turli xil daraxtlar pana qilib turgan oq, sariq uylar… Oʻng tomoningizda esa, koʻm-koʻk osmon bilan oʻpishib ketgan past-baland togʻ tizmalari va qirraburun qora qoya ustida devqomat chinor…
— Yaxshi!.. — dedim derazadan koʻzimni uzolmay. — Yaxshi.
— Xoʻp, boʻlmasa, — dedi Mavlon jilmayib. — Siz yotib dam oling. Manavi karavot sizniki. Men qoʻlbola osh tayyorlayman. Keyin maktabga boramiz.
— Maktabga?
— Ha, maktabga, — dedi doktor. — Qishlokda qolgan bolalar yigʻilishadi. Bazm boʻladi.
Tomosha qilib kelamiz. Aytganday, men haligacha sizni…
Doktor jilmaydi. Ismimni aytdim. U chiqib ketgach, koʻylagimni yechib, muzdek karavotga choʻzildim. Oʻrnimdan turganimda quyoshning botishiga bir qarich qolgan edi. Eshikka chiqib, toshlari koʻrinib turgan ariq suvida yuvina boshladim.
— Turdingizmi? — Bu doktor edi. U katta sochiqni yelkasiga tashlab yonimda turardi. — Bu yerda koʻzingiz ilinsa boʻldi, kechasi-kunduzining farqiga bormay uxlayverasiz. Qani, yuring.
Biz uyga kirdik. Stol ustida uchi singan grafin bilan taqsimchada achchiq-chuchuk turardi.
Mavlon uyalinqirab jilmaydi:
— Aybga buyurmaysiz, boshqa idish yoʻq edi musallasga. Qani, marhamat. Kampirning oʻzi qilgan. Qoʻlbola. Marhamat.

U piyolalarga rangpar musallasdan toʻlatib quydi-da, birinchi oʻzi ichdi. Hayron boʻlib ichmay turganimni koʻrgach:
— Hali koʻp ichamiz bu yerda, — dedi lablarini sochiq bilan artib. — Innaykeyin, gapirishib ichishni yomon koʻraman. Gap ishtahani boʻgʻadi. Oling.
Ichdim. Koʻp oʻtmay, osh suzib kelindi. Doktor toshkentcha oshga usta ekan. Ishtaha bilan yedik, ora-chora nordon, lekin yoqimli musallasdan ichdik.
— Boya men sizga, oʻz ixtiyorim bilan kelganman dedim, — dedi gap orasida qizishib Mavlon. — Toʻgʻri, shunday boʻlgan. Lekin sizga rostini aytsam, bu yoqqa majburan joʻnatishgan.
Men ham shunday, deganday kulib qoʻydim. Koʻchaga chiqqanimizda quyosh botgan, qishloqning pastki tomoni qorongʻilashib, birin-ketin chiroqlar miltillay boshlagan edi. Katta yoʻlga chiqib, choyxonaga yaqinlashganimizda allaqayerdan chirmanda tovushi eshitildi.
— Boshlanyapti, — dedi Mavlon. — Demak, majlis tamom boʻlibdi. Maktabni oʻn ikki kishi tamomladi. Oʻntasi qishloqda qolyapti. Odam kerakligini bilishadi-da. Aytganday, bu yerda tomosha gʻalati boʻladi. Hamma oʻynashi, oʻyinni bilmagan odam hamma qatori aytilayotgan ashulaga joʻr boʻlishi kerak. Boʻlmasa kulgi qilishadi. Albatta, mehmonlar bundan mustasno.
Mavlon mening chimirilib ketganimni koʻrib, jilmaydi:
— Siz bugun-erta mehmonsiz, choʻchimang.
Biz kolxoz idorasi joylashgan gulzordan oʻtib, katta nllnglikka chiqdik. Koʻzlarim qamashib ketdi. Maydonning oʻrtasiga gulxan yoqilgan edi. Bir yigit ukraincha koʻylagining yenglarini tirsagigacha shimarib olib, chirmanda chalardi. Uning yonida zar doʻppili yoshgina bir bola qashqar rubobining qulogʻini burar va “sekin, sekin” deb chirmandakashni turtardi.

Chirmandakash parvo qilmasdi. Maydonda boshqa hech kim yoʻq edi. Men hayron boʻldim. Mavlon, shoshmay turing hali, deganday yengimdan tortib qoʻydi. Boʻsh skameykalardan biriga oʻtirdik. Koʻp oʻtmay, qayoqdandir bir gala qiz yopirilib keldi. Maydonni qiy-chuv, kulgi bosib ketdi. Oyogʻim tagida paydo boʻlib qolgan katta ola chinoq it vovillab yubordi. Qayerdandir shu tobda qora etik kiyib, oq yaktaklari ustidan koʻk qiyiq bogʻlab olgan yigitlar kelib qolishdi.
Hech qanday eʼlonsiz, gapsiz raqs boshlanib ketdi. Men mahliyo boʻlib qoldim. Hozirgina toʻpolon qilib, betartib turgan qizlar gulxan atrofida tovusdek bir tekis suzib ketishdi. Men Toshkentda bunaqa oʻyinni koʻrmaganman. Doktordan soʻradim, oʻzlik oʻzi toʻqishgan, “Besh qarsak” deb ataladi, dedi u. Men raqsdan koʻzimni uzolmadim. Gulxan atrofida doira boʻlib, boshlarini eggancha oyoq uchndl tebranayotgan qizlarni yigitlar oʻrab olgan edi. Ularning oyoq tepishi, koʻkraklarini kerib, sipolik bilan qizlar atrofida aylanishi va chirmandaga joʻr boʻlib qarsak chalishlaridan cheksiz shodlik va gʻurur nafasi ufurib turardi. Oʻyin davomida beixtiyor yangragan kulgi, sof, sokin kulgi, faqat yoshlarga xos boʻlgan samimiy koʻz urishtirishlar meni rom qilib qoʻydi… Oʻyin tugab, lapar boshlanib ketdi. Maydonni toʻldirib qoʻngʻiroq ovozlar yangradi. Keyin yana oʻyin… Bu gal yakka oʻyin boʻldi. Hamma qator tizilib, keng doira tashkil etdi, chirmanda bilan rubob “Tanovar”ni kuylab yubordi. Oʻrtaga xonatlas kiygan bir qiz chiqdi. U boshidagi havo rang peshonabogʻini yangitdan bogʻlab, ingichka qoʻllarini yozganicha sekin oʻyinga tushib ketdi. Lovullab yonayotan gulxandan qizarib ketgan nozik yuzlarida yengil tabassum oʻynay boshladi. Qiyiq qora koʻzlari olis-olislarga qadaldi…

Nazarimda “Tanovar” — bu ogʻir, ammo hayot muhabbati bilan toʻlgan raqs uning uchungina yaratilgandek edi.
— Kim bu? — soʻradim beixtiyor doktordan.
— Oypopuk, — dedi u. — Usmon akaning qizi. Usmon akaning kimligini bilmasam ham,
soʻramadim.
Lekin doktor oʻzi izoh berdi:
— Raisning qizi. Qoyil-a?!

Soʻnggi soʻz qizning oʻyiniga qaratilganmidi, yo oʻzigami, bilolmadim.
— Tuzuk, — dedim, yaxshi deyishdan oʻzimni tiyib.
— Chaqiraymi? — soʻradi doktor yosh bolalardek koʻzlarini oʻynatib va javobimni kutmasdan qoʻshib qoʻydi: — Hozir tamom boʻlsin.
Bir mahal maydonda qarsak koʻtarildi. Mavlon oʻrnidan turib, qizlar davrasi tomonga bir-ikki qadam qoʻydi.
— Oypopuk!
— Labbay?
Oypopuk “yalt” etib qaradi. Uning yoqimli, qoʻngʻiroq ovozi bor edi.

Meni koʻrib, uyaldi shekilli boshini sal egib salom berdi. Unga tikilib qoldim. Oypopuk oʻrta boʻyli, qotmadan kelgan qiz edi. Qora ipak tolasidek ingichka, uzun kipriklari xuddi surma surgandek koʻzlarini ajratib turardi. Gulxan nuridan yaltirab, yuziga ozgina soya tashlab turgan qirra burni ostidagi chiziqlar ozgʻinligini boʻrttirar, lekin bu ozgʻinlik uning oʻziga yarashib tushgan edi.
— Dadangiz uydamilar? — soʻradi Mavlon.
— Yoʻq, rayonga ketganlar. Majlis bor ekan, — dedi qiz.
— Mana, tanishing, yangi agronom, — gapida davom etdi Mavlon menga ishora qilib.
Otimni aytib, qoʻlimni uzatdim. U yalt etib menga bir qaradi-da, sekingina qoʻlini uzatdi.
Kichkina qoʻl muzdek edi. Buni oʻzi sezdi shekilli, darhol tortib oldi.
— Toshkentdanmisiz?
— Ha.
— Men ham. Toshkent issiq.
— Sizga yoqmaydimi?
Oypopuk nima deyishini bilmay, koʻzlarini javdiratdi.
— Yoʻq, yoqadi. Lekin bu yer yaxshi. Sizga yoqdimi?
— Yoqdi, — dedim hozirjavoblik bilan.
Nimagadir u qizarib ketdi-da, jilmaydi. Keyin, ketaveraymi, deganday qilib Mavlonga qaradi.
— Mayli, boring, — dedi Mavlon uni tushunib. — Biz ham ketamiz. Kech boʻlib qoldi.
Oypopuk ketdi. Lekin biz oʻrnimizdan qimirlamadik. Bilmayman, nima meni oʻziga tortdi? Nima meni bunchalik hayajonga soldi? Maydondagi oʻyin-kulgiga tikilib oʻtirgan boʻlsam ham hech nimani koʻrmasdim. Xayolim nimalar pilandir band edi. Lekin nima bilan? Bilmasdim. Ammo bir narsa aniq edi. Men xursand edim, nihoyatda xursand edim. Mendagi bu hayajonni oʻzicha tushunib, Mavlon uyga qaytayotganimizda:
— Bular nima boʻpti! Hali shunday tomoshalarni koʻrasanki!.. — dedi.
Kuldim, undan emas, oʻzimcha kuldim. Nazarimda, men bu yerga bugun emas, bir yil oldin kelganmanu, lekin shu bir Yil ichida koʻrolmagan narsalarni bugun koʻrganday edim.

3

Ertasiga ertalab Usmon aka bilan uchrashdim. U idorada meni kutib oʻtirgan ekan. Sekretar qiz oldiga boshlab kirdi. Koʻrishdik. Usmon aka kecha rayonda uzoq qolib ketib, meni uchratolmaganiga afsuslanib, kechirim soʻradi. Men ayb oʻzimdaligini, xabardor qilib qoʻymaganligimni aytdim. Diplomimni olib tanisha boshladi. Roʻparasiga oʻtprib, unga razm soldim. Unda qiziga oʻxshaydigan bironta alomat yoʻq edi. Kulcha yuz, sargʻish qoshlari siyrak, yapaloq goʻshtdor burni gʻadir yuziga yopishib ketgan. Lekin ikki Chakkasidan oqara boshlagan qalin sochlari uni ancha savlatli qilib turardi.
— Juda yaxshi! — dedi bir mahal u oʻrnidan turib. — Xuddi bizga kerak kasbni tanlagan ekansiz. Juda yaxshi. Yakkachinorda bogʻ koʻp, ammo qarovning mazasi yoʻq. Endi yoʻlga tushadi. Nima deysiz?

Biron narsa deyishga ojiz edim, jilmayib qoʻya qoldim.
— Men ham yangiman bu yerda, — dedi Usmon aka oʻngʻaysizlanganimni koʻrib. — Faqat bir yil boʻldi kelganimga. Ilgari rayonda ishlardim. Bir bogʻdorchilik bilan shugʻullangim kelib qoldi.
Shu payt eshik taqilladi. Sekretar qiz kirib keldi.
— Oypopuk chaqiryapti. Choy tayyormish, — dedi u.
— Juda yaxshi. Bugun miriqib choy ichsak boʻladi. Qani, yuring.
Usmon aka eʼtirozimga qaramay uyga boshladi. Rostini aytsam, oʻzim ham shunchaki nomiga eʼtiroz bildirdim. Aslida, Oypopukning ismini eshitishim bilan yana bir marta koʻrishni istab qolgan edim.
Uy olis emas ekan. Birpasda yetdik. Paxsa devor bilan oʻralgan hovliga kirganimizda:
— Popuk-k! — deb chaqirdi Usmon aka. — Mehmon olib kelyapman. Bu yoqqa chiq!
Ayvonga chiqqanimizda ichkari eshik ochilib, Oypopuk koʻrindi. U iroqi doʻppi kiyib, sochini chambarak qilib tangʻib olgan, noʻxat gulli koʻylagi badaniga yopishib turardi. Salom berdim.
— Tanish, — dedi Usmon aka menga ishora qilib. — Yangi agronomimiz.
Oypopuk jilmaydi.
— Tanishmiz, — dedi sekin menga yer ostidan qarab qoʻyib.
— Tanishmiz? — hayron boʻldi Usmon aka. — Axir, kecha keldilar-ku, qayokdan taniysan?
Gapga aralashdim.
— Kecha kechqurun maktabda tanishdik, — dedim. — Doktor tanishtirib qoʻydi.
— E, bunday deng! Juda yaxshi, — dedi Usmon aka qiziga oʻgirilib. — Sen ham oʻynadingmi?
Oypopuk bosh silkidi.
— Attang, men boʻlmadim-da, — dedi Usmon aka. — Nimaga oʻynading? Yana “Tanovar”gami?
Nega uyalasan?
Oypopuk qizarib, ichkariga kirib ketdi. Usmon aka kuldi.
— Buni qarang, mendan uyaladi. Haligacha uning oʻyinini koʻrganim yoʻq. Hamma koʻrdi, faqat men koʻrganim yoʻq.
Men juda yaxshi oʻynadilar, demoqchi edim, demadim. Uyaldimmi, yo sir tutgim keldimi, bilmayman.
Koʻp oʻtmay, Oypopuk ichkaridan chiqdi-da, ayvonga dasturxon yozdi va oʻzi ham oʻtirdi. Lekin hech narsa yemadi. U oʻng chakkasidan tushib turgan bir tutam sochini ingichka barmoqlari bilan oʻynab lablariga tekkizar, baʼzi-bazida otasiga qarab qoʻyib, oldidagi sovib qolgan choyni erin-choqlik bilan qult-qult qilib dori ichganday ichardi.
U menga erka koʻrinib ketdi. Yakka qiz boʻlgandan keyin shu-da. Istaganini qiladi. Lekin erka boʻlsa nega qishlokda qoladi, kolxozda ishlaydi? Nahotki, bu ham erkalik boʻlsa? Men tushunolmadim. Ammo sekin-sekin achchiq koʻk choyni ichar ekanman, undan koʻzimni uzolmasdim. Buni sezdimi, bir mahal oʻrnidan turib, ichkariga kirib ketdi.
Nonushta qilib boʻlib, ketay deb turganimizda u eshikdan moʻralab otasini imlab chaqirdi va nimadir dedi. Us-mon aka kuldi.
— Mayli, olib chiq boʻlmasa, — dedi u kulgi aralash. Oypopuk koʻp oʻtmay, ichkaridan yangi qoʻqon doʻppi olib chiqdi va otasiga kiygizib qoʻydi.
— Rahmat, qizim, rahmat, — dedi Usmon aka qizini bagʻriga bosib. Keyin menga oʻgirildi.
— Oʻzi tikdi!
Oypopuk qizarib ketdi.
— Kechga nima qilay? — soʻradi koʻzlarini mushti bilan yashirib.

— Koʻngling tusaganini qil. Men sal kech kelaman, — dedi Usmon aka.
— Oʻzingiz kelasizmi?
— Bilmadim, — dedi Usmon aka menga qarab qoʻyib. — Lekin har holda, koʻproq qilganing maʼqul.
Oypopuk bosh silkidi. Biz eshikka chiqdik.
Oʻsha kuni kechqurun men Usmon akalarnikiga kelmadim. Birinchidan, ish koʻpayib ketdi. Ikkinchidan, Oypopukning xatti-harakati meni ikkilantirib qoʻygan edi. Bu qanday qiz oʻzi? Nega oʻzini bunday tutyapti? Nima uchun mening oldimda oʻzi tikkan doʻppi bilan maqtandi? Shularni oʻylab, boshim qotdi. Keyin ishga berilib ketdim. Oʻsha kuni biz Usmon aka bilan uzumzorga bordik. Rais meni Saksonboy ota bilan tanishtirdi. Ancha yoshga borib qolgan bu odam u.chumchilik brigadasining boshligʻi ekan. Keyin rais ketdi. Litvadan oʻnta nasldor sigir kelgan ekan. Shuni koʻrgani ketdi. Men brigadada qoldim.
Usmon aka aytganidek, Yakkachinorda bogʻ koʻp, lekin qarovning mazasi yoʻq edi. Rayon asosan paxtakor rayon ooʻlgani uchun hamma kuch paxtaga berilib, bogʻdorchilik unutilgan edi. Oʻsha yillari faqatgina bizda emas, boshqa koʻigina kolxozlarda ham ahvol shunday chatoq edi. Buning ustiga men yangi odamman qishloqda, qoʻlimda agronomlik diplomidan boshqa hech narsa yoʻq. Tajriba qayoqda deysiz! Esimda, besh yil davomida besh-olti martagina bir oy-bir oydan uchxozda boʻlganmiz. Qolgan vaqtlarda institutdan gashqari chiqilmagan. Shuning uchun ham bepoyon uzumzorni koʻrib vahmim keldi.
— Choʻchimang, oʻgʻlim, — dedi Saksonboy ota koʻzim javdirayotganini payqab. — Qoʻrqqan koʻzga qoʻsha koʻrinadi. Koʻnikib, oʻrganib ketasiz.

Men ishshaydim. Oʻsha paytdagi oʻzimning ahvolimni boshqacha tasvirlay olmayman. Oʻzining ojizligidan boʻlak hech narsa koʻziga koʻrinmay, shu qishloqqa kelganiga achinib turgan odam keksa dehqonning bu gapini qanday kutib olishi mumkin edi?!
— Usmonjon ham yangi kelganida choʻchigan edi, — gapida davom etdi Saksonboy ota. — Unda ahvol hozirgidan ham yomon edi. Keldi-yu, oʻt bosib yotgan uzumzorga tikilib, xuddi sizdek boshini qashidi. Keyin papiros chekib, xayol surib ketdi. Oʻshanda unga ham choʻchimang, dedim.
Qoʻrqqan koʻzga qoʻsha koʻrinadi, dedim. Kuldi. Ertasiga oʻnta odamni boshlab kelib, menga topshirdi. Bahor edi oʻshanda. Endi tok ochayotgan edik. Topshirdi-yu, shular kuzgacha sizda ishlaydi, dedi. Dam sevinaman, dam hayron boʻlaman. Qayerdan topdi shuncha odamni deyman.
— Usmon aka asli shu yerlikmi? — soʻradim gapini boʻlib.
— Ha, — dedi Saksonboy ota. — Shu yerda tugʻilgan. Lekin ketib qolgan. Qaytib kelganiga yildan oshib qoldi. Ilgari raykomda ishlagan. Ancha ishlagan. Keyin obkomga olishdi. Undan oldin nima qilgan, bilmayman. Eshitishimcha, Toshkentda katta xizmatda ham boʻlgan. Yakkachinor gazetaga tushgandan keyin bu yoqqa keldi.
— Gazetaga nega tushadi?
— Eshitmaganmisiz? — Saksonboy ota boshini chayqab, moshkichiri soqolini bir-ikki siladi-da dedi: — Oʻtgan yili kolxozimizni butun oblastga koʻtarib urishdi. Bu shunday boʻldi. Kolxozga qandaydir yoʻl bilan Egamqul Toshmatov degan odam rais boʻlib qoldi. Urushdan keyin oʻzini eplolmay, inqillab-sinqillab turgan kolxoz u kelganidan keyin birdaniga orqaga tashlab yubordi. Yulgʻichlar koʻpaydi, boshimiz qarzga botib ketdi. Bir-ikki shikoyat qilib, rayonga bordik. Foyda bermadi. Keyin gazetga yozdik. Bir yigit oʻn kuncha qishloqda boʻlib, boplab yozdi. Egamqul qochdi. Hali ham qorasini koʻrsatmay qochib yuribdi. Shundan keyin bir oy oʻtib, Usmonjon keldi. Baraka topsin, tuzuk. E, oʻgʻlim, kishida gʻayrat boʻlsa hammasiga oʻrganib ketadi. Gap gʻayratda, mehnatda.
Cholning gapi ancha dalda boʻldi. Ishni uzumzordan boshlashga oʻzimcha ahd qildim. Toʻgʻri qilgan ekanman, Saksonboy ota menga koʻp narsani oʻrgatdi. Oypopuk xayolimdan koʻtarildi. Ertalab uydan chiqamanu, kechgacha goh Usmon aka bilan, goh oʻzim, baʼzida esa Saksonboy ota

bilan, Qaydarali aka bilan dalada boʻlaman, qirga boraman. Bir xoiada tursak ham Mavlon bilan baʼzan koʻrishmaydigan boʻlib qoldim. Men kelganda u boʻlmaydi, u kelganda men uxlab yotgan boʻlaman. Shunday vaqtlarda uy egasi Shahodat xola orqali aloqa qilamiz.
Bir kuni ertalab ishga ketayotganimda Shahodat xola orqamdan chiqib toʻxtatdi.
— Bugun bir amallab doʻxturxonaga kirarmishsiz, — dedi u sirli ohangda. — Doktor gʻalati dori topgan emish. Tushda kelib, ichib ketarmishsiz.
— Qaydam, — dedim men ishim koʻpligini bilib.
— Bunaqa demang, — dedi kampir yalinib, — doktor oʻtinib soʻradi, keyin, kelmasa boshqa uy topsin, dedi.
Kampir kuldi.
— Uy meniki, shu yerda turaverasiz. Ammo lekin oʻrtogʻingizning soʻzini qaytarmang. Bechora kun boʻyi bir oʻzi, zerikadi-da.
Shu payt Mavlonning hovuz labida esnab oʻtirgani koʻz oldimga keldi.
— Xoʻp, kelaman. Shunday deb ayting, — dedim. Vaʼdaga muvofiq kun tikkaga kelganda, uzumzordan chiqib choyxonaga keldim. Medpunkt berk edi. Hayron boʻlib soʻriga oʻtirdim. Shu top choyxonaning tomida mallasoch bolani koʻrib qoldim. U daryo tomonga oʻgirilib olib, hadeb doʻppisini silkitardi. Koʻp oʻtmay, u tushdi va bir choynak choy olib kelib:
— Mavlonboy akam hozir keladilar, — dedi va maʼnodor kulib qoʻydi.
Haqiqatan ham chorak soat oʻtar-oʻtmas Mavlon keldi. Koʻlida chelak. Nuqul jilmayadi.
— Tinchlikmi? — soʻradim hech narsaga tushunmay. — Kanaqa dori topdingiz?
— Mana, — dedi Mavlon chelakni oldimga qoʻyib. — Sizni koʻrolmay shuni oʻylab topdim.
Ishlash ham evi bilan-da.
Chelakka qaradim. Ichida bir necha baliq bor edi.
— Oʻzim tutdim! — dedi Mavlon gʻurur bilan. — Hozir qovuramiz.
— Xoʻp, siz qovurasiz, — dedim. — Men nima qilaman?
— Dam oling. Charchagandirsiz? — dedi doktor. — Bugun kun juda isib ketdi.
Kun haqiqatan ham issiq edi. Havo dim. Daraxtning uchi qimirlamaydi. Churq etgan tovush yoʻq. Qush-qumursqa ham aftidan oʻzini panaga olgan edi. Bunday kunlar togʻli joylarda kamdan-kam boʻladi.
— Choʻmilib kelaman, — dedim men.
— Mayli, — dedi doktor.
Qishloqqa kelganimdan beri daryo tomonda boʻlmagan edim.
— Lekin qolib ketmang, tez qayting, — dedi doktor.
— Yarim soatda kelaman, — dedim men.
Zarafshon juda tinch edi. Qayoqqa qarab oqayotgani bilinmasdi. Yechinib, shamol boʻlmasa ham kiyimlarimning ustiga tosh bostirdim-da, suvga shoʻngʻidim. Shundagina daryoning katta kuch va tezlik bilan oqayotganini sezdim. Studentlik yillarimda bolalar bilan komsomol koʻliga borib musobaqa oʻtkazardik. Shunda suzishning bir nechta turlarini oʻrganib olgan edim. Oqimga qarshi batterflyay usulida suzib ketdim. Bir mahal bunday qarasam, ancha joyga borib qolibman. Qirgʻoqqa chiqdim. Yana boyagi joyga borib tushmoqchi boʻldim. Borganimda esa, aynidim. Suv muzdek, juda choʻmilishli edi. Olis-roqdan oqib kelmoqchi boʻldim. Birpas qirgʻoq boʻylab yurib, olmazorga kelib qoldim. Roʻparamda, shunday suvning labida katta xarsangtosh turardi. Shuning ustidan kalla tashlamoqchi boʻlib, endi oyoq qoʻyuvdim, nima boʻldi- yu, shalop etib suvga agʻdarilib tushdim. Shoʻx kulgi qulogʻimga kirdi. Oʻzimni eplab olib, tagi pastroq joyga oʻrnashdim-da, qirgʻoqqa qaradim. Sershox olma tagida Oypopuk oʻtirardi. Egnida oʻsha men uyida koʻrgan noʻxat gulli koʻylagi, boshida oʻsha iroqi doʻppi. U oʻzini kulgidan toʻxtatolmasdi. Nima qilishimni bilmay qoldim. Qulogʻim sholgʻomday qizarib ketgan, joyimdan qimirlamayman. Buni sezdi shekilli, tizzasidagi kitob bilan yuzini yashirib,

kulgisini toʻxtatdi. Noqulay ahvoldan qutulishni oʻylab, savol tashladim.
— Nima oʻqiyapsiz?
— “Dengiz sirlari”ni, — dedi Oypopuk hozirjavoblik bilan. Aftidan, u ham bu ahvoldan meni qutqarmoqchi edi. — Oʻqiganmisiz?
— Yoʻq, — dedim pushaymon bilan. Oʻqish u yoqda tursin nomini ham eshitmagan edim. —
Sir koʻp ekanmi dengizda?
— Bilmadim, — dedi u jilmayib. — Endi boshladim. Lekin halitdan yoqmayapti. Urush haqida boʻlsa kerak. Urushni yomon koʻraman.
Oypopuk birdaniga jiddiylashdi. Lablari yumilib, chap koʻzi sal qisildi:
— Kim yaxshi koʻradi urushni? — dedim men. — Hamma yomon koʻradi.
— Hech kim menchalik yomon koʻrmaydi, — dedi Oypopuk eʼtiroz bildirib boʻlmaydigan ohangda. Keyin birdan kulib yubordi. — Siz yaxshi suzar ekansiz!
Quloqlarim yana qizarib ketdi.
— Kulmang, — dedim yalingansimon.
— Kulayotganim yoʻq, — dedi Oypopuk. — Chindan aytyapman. Huv anavi yerda suzganingizni koʻrdim. Men sira shunday suzolmayman.
— Oʻrgatib qoʻyaymi? — dedim gapim unga qanday botishini oʻylab oʻtirmay.
— Rahmat, — dedi u va negadir qizarib ketdi. — Boring, sovuq qotgandirsiz.
Ketgim kelmasa ham uning soʻzini qaytarolmadim. Buning ustiga vaqt ham boʻlib qolgan edi.
Shunday boʻlsa ham:
— Shu yerdaligingizni bilsam, choʻmilmasdim, — dedim uni gapirtirish uchun.
— Nega? — hayron boʻlib soʻradi u.
— Yana kulasiz-da.
Oypopuk kuldi. Men ham unga qoʻshildim.
— Boring, sovuq qotib ketgandirsiz.
— Kulmaysizmi?
— Yoʻq, kulmayman.
Men bir shoʻngʻib suzib ketdim.
— Biznikiga keling! — deb qichqirdi anchadan soʻng orqamdan u.
Qoʻl silkidim.
— Talqon yeb sizni suvga yuboradigan ekan! — dedi Mavlon choyxonaga kelganimda. — Qani,
manavi piyozni toʻgʻrang.
U qoʻlimga ikkita tuxumdek piyozni tutqazib, oʻzi oshxonaga ketdi.
Koʻp oʻtmay, qip-qizil qilib, butun-butun qovurilgan baliqlar keltirildi. Mavlon oʻzida yoʻq xursand edi.
— Endi bu yoqqa qarang! — dedi u piyozga murch sepib aralashtirgach. — Tobingiz qalay?
— Nimaga? — dedim men.
— Mana bunga-da, — u hovuzdan atir shishaga oʻxshagan idishni tortib oldi va sirli ohangda dedi: — Qoʻlbola. Toʻqson oltitalikdan.
Ishtaha bilan ovqatlandik. Mavlon ozgina ichib olib, odatdagidek gapga tushib ketdi.
— Bu yerda nima bor bizga? Ishmi? U ham sizda bor, menda yoʻq. Oling, tuzuk-tuzuk oling. Yo
ketaman, yo boshqa ishga oʻtib ketaman. Bu yer menga toʻgʻri kelmaydi. Qalay, baliq tuzukmi?
Bosh irgʻitib, maqtab qoʻydim. Mavlon yana gapga tushib ketdi. Ammo nima deganini eshitmadim. Xayolim daryo labida boʻlgan uchrashuvda edi, qulogʻim ostida hamon “Biznikiga keling!” — degan qoʻngʻiroq ovoz jaranglardi.
— Oypopukni bugun koʻrdingizmi? — soʻradim birdan doktordan.
— Qayerda? — dedi u. Daryoga ishora qildim.
— Yoʻq.

Doktorning bu gapi negadir menga yoqib ketdi. Koʻz oldimda Oypopukning kulib turgan chehrasi paydo boʻldi.
— Quying, doktor! Qoʻlboladan quying! — dedim zavq bilan.
…Salqin tushganda dalaga yoʻl oldim. Xayolim hamon daryo labida edi. Nima boʻldi menga?
Nega bunchalik shodman? — derdim oʻz-oʻzimga.

4

Oʻsha kuni kechasi tush koʻrdim. Ikki tomoni togʻ bilan oʻralgan koʻm-koʻk adir emish. Adirning oʻrtasiga qizil gilam toʻshalgan. Uning ustida men oq ot minib turgan emishman. Qayerdandir, olisdan qoʻshiq eshitilardi. Soʻzlarini anglamasam ham, uning menga bagʻishlanganini bilar emishman. Birdan osmonni qora bulut bosdi, momaqaldiroq guldirab chaqmoq chaqdi. Tagimdagi ot tipirchilab qochmoqchi boʻldi. Ammo men yuganidan mahkam ushlab, qadam bosgani qoʻymadim. Hammayogʻim ivib ketdi, gilam qayoqqadir yoʻqoldi, qoʻshiq tindi. Hammayoqni mudhish sukunat qopladi. Koʻzlarimni yumdim. Bir mahal bunday qarasam, havo ochilib ketibdi. Oldimda esa… oldimda katta qizil gilamni, xuddi boyagi ostimdagidek gilamni yozib, Oypopuk turibdi.
Rostini aytsam, oʻsha kuni oʻzimning tushimdan oʻzim choʻchib ketdim. Nega choʻchidim, bilmayman. Biroq bir narsa ravshan edi. Men Oypopuk haqida koʻp oʻylaydigan boʻlib qolgan edim. Bu sevgimi, yo shunchaki yigitlik shoʻxligimi, aniqlash qiyin edi oʻshanda. Sevgi desam, uning bunchalik tez paydo boʻlishiga ishonmasdim. Shoʻxlik desam, oʻzimni ixshi bilaman, shoʻxlikka tobim yoʻq edi. Lekin bordi-yu shunday boʻlib qolsa, qizga xiyonat qilmaslik, uni hech parsaga ishontirmaslik lozim edi.
Shunday xayollar bilan kun boʻyi nasha chekkan odamday gangib yurdim. Qayerlarga bordim, nimalar qildim, kimlar bilan gaplashdim — yaxshi bilolmayman. Lekin olmazorga oʻtayotib, osma koʻprikdan dumalab tushay deganim hali-hali koʻz oldimda.
Uyga odatdagidan ertaroq qaytib, karavotga choʻzildim. Shahodat xola ovqat olib kirdi.
— Moshxoʻrda, bolam, — dedi u stolga bugʻi chiqib turgan kosani qoʻyib. — Achchiq-achchiq ichib oling. Butun glrmdoridan ikkita solganman. Mazangiz yoʻq koʻrinadi.
— Sal bosh ogʻriyapti, — dedim gapni koʻpaytirmaslik uchun. Kampir bir gapga tushib ketsa,
toʻxtatish qiyin edi. Baxtga qarshi bu gal ham shunday boʻldi.
— Oʻzim ham aytdim-a, — dedi u stulga yaxshilab oʻtirib olib. — Koʻzlaringiz kirtayib turibdi. Issigʻida ichib oling. Keyin oʻralib yotsangiz, gʻuborlaringiz chiqadi-qoʻyadi tsrlab. Sobirim omon boʻlgʻur, doim shunaqa qilardi. Qilmaganiga qoʻymasdim-da oʻzim ham. Sizga oʻqib berdimmi-yoʻqmi, anov kuni xatida, moshxoʻrdangizni sogʻindim oyi, depti. Musofir yurtda moshxoʻrda boʻlarmidi!
Ingrab yubordim.
— Tura qoling, bolam, — dedi u gapidan toʻxtab, — doktor kelgunlaricha ichib oling, zora oʻzingizga kelib qolsangiz. Bosh ogʻrigʻi oʻlsin, odamning tinka-tinkasini quritib yuboradi. Bir-ikkita dori ham ichib yuboring. Dori ham foyda beradi. Mavlonboy yangi kelganlarida men shunaqa boʻldim. Ikki chakkam yorilib ketay-yorilib ketay dedi…
Kampir yana gapga tushib ketdi. Boshim rostdanam ogʻrib qolmasmikin, deb choʻchib turgan edim, Mavlon kelib qoldi. Ancha yengil tortdim.
— Qaynonangiz suygan ekan, bolam-yey, birga icha qolinglar. Turing, bolam, — dedi
Shahodat xola xonadan chiqayotib.
Achchigʻim chiqqanidan kulib yubordim-da, oʻrnimdan turdim.
— Ha, tinchlikmi? — soʻradi Mavlon beixtiyor jilmayib.
— Kampir tushmagur miyamni qoqib, qoʻlimga beray dedi, — dedim.

Shu tob Shahodat xola yana bir kosa moshxoʻrda olib kirdi. Qoladimi, deb qoʻrqib turuvdim,
yoʻq, tez chiqib keta qoldi.
— Icha qolinglar. Biram shirin boʻptiki! — dedi ketayotib.
Mavlon birdaniga ovqatga yopishdi.
— Bugun tuzuk, — dedi u ogʻzini toʻldirib. — Ikkita kasal koʻrdim. Ikkalovi ham gripp.
Bittasi ogʻirroq. Bilasizmi kim?
— Yoʻq, — dedim men.
— Raisning qizi. Oypopuk.
— Oypopuk?
— Ha, — dedi Mavlon parvosizlik bilan. — Nima, uning kasal boʻlishi mumkin emasmi?
— Axir, kecha… — dedim men hayron boʻlib, lekin gapim ogʻzimda qoldi. Daryo labidagi uchrashuvni aytgim kelmadi.
— Ha, xuddi kecha shamollab qolibdi, — dedi Mavlon. — Kechasi bilan isitmalab chiqibdi. Hozir ham temperaturasi qirq. Usmon akaning vahmi uchib ketibdi. Bitta qiz-da. Arzanda. Shaharga yubormoqchi edi, kerakmas dedim; nahotki oddiy grippni shu yerda tuzatib boʻlmasa! Rozi boʻldi. Ichsangiz-chi, ovqat sovib qoldi.
— Nima qilib shamollabdi? Mavlon kuldi.
— Choʻmilibdi daryoda. Yangicha suzishni oʻrganmoqchi boʻlibdi. Kechqurun shamol turdi-yu,
oʻshanda ham daryoda ekan.
Men tilimni tishladim.
— Yotibdimi?
— Yotibdi. Ancha yotadi. Hamma kasalning asosiy davosi — qimirlamay yotish. Bu qonun. Un kuncha yotadi. Ha, oʻylanib qoldingiz? Iching.
Bir-ikki qoshiq ichib, joyimga borib yotdim. Lekin uyqu kelmadi. “Bu qanaqasi boʻldi? — derdim oʻzimcha. — U mendan kulmagan ekan-da. Kulsa, mendaqa suzishni oʻrganmoqchi boʻlarmidi? Shunaqa suzish nega kerak boʻlib qoldi unga? Nahotki, meni yoqtirib qolgan boʻlsa? Yoʻq, bunday boʻlishi mumkin emas. Meni bilmaydi-ku! Balki, shunday, oʻzicha oʻrganmoqchi boʻlgandir?”
— Doktor, — dedim fikrim chalgʻib ketganini sezib.
— Labbay? — Mavlon men tomonga oʻgirildi.
— Oypopuk qanaqa qiz?
— Yaxshi qiz, — dedi u hayron boʻlib. — Nima edi?
— Sizga yoqadimi?
— Yoʻq.
Nega?
— Meʼyor yoʻq unda. Bir qarasangiz, charaqlagan kun, bir qarasangiz, qovogʻidan qor yogʻiladi. Bunaqalar menga yoqmaydi. Mana, Farida boshqa gap, — dedi doktor tamshanib. Sekretar qizning ismi Farida edi. — Jahli qirq darajaga chiqib ketsa ham iljayib turaveradi. Ha, aytmoqchi, nima edi?
— Oʻzim, shunday, — dedim xayol surib.
— Bir gap borga oʻxshaydi. Yashirmang, — dedi doktor yonboshlab olib. — Vrachlar sir saqlashni biladi. Ayting.
— Yoʻq, hech gap yoʻq, — dedim avvalgiday xayolchanlik bilan.
— Sizga yoqadimi?
— Bilmadim, — dedim men.
Rostini aytgan edim. Shunday boʻlsa ham doktorning savolidan negadir yuragim jizillab ketdi. Oypopuk yoqarmidi menga? Bunga javob berish qiyin edi.
Ertalab idoraga chiqdim. Usmon aka ikkalamiz qirga borib keladigan edik. Besh gektar

yerdagi beda shu paytgacha oʻrilmabdi. Brigadir pravleniye majlisida nimadir deb gʻoʻldiradi.
Oʻzimiz borib koʻrmoqchi va oʻsha yerning oʻzida nima ekishimizni maslahatlashib kelmoqchi edik.
Idorada rais yoʻq edi. Farida telefon qilmoqchi boʻluvdi, yoʻq, dedim. Oypopukning kasali esimga tushdi. M.shlon ham oʻsha yerda edi. Ancha kutdim. Bir mahal rais keldi. Rangi soʻlgʻin, uxlamaganga oʻxshaydi. U kechirim soʻrab, Faridaga, tushga qaytib kelaman, deb bir qancha topshiriq berdi-da, otga mindi. Yoʻlga tushdik. Msn Oypopukning sogʻligʻini soʻramoqchi boʻlib, bir-ikki mmrta ogʻiz juftladim, lekin botinolmadim, uyaldim. Qishloqdan chiqquncha jim bordik. Usmon aka otning tizginini boʻsh qoʻyib, qoʻlini egarning qoshiga tirab olgan edi. Sezib turibman, charchagan. Koʻzlari baʼzan oʻzidan-oʻzi yumilib ketadi. Olmazordan oʻtdik. Usmon aka papiros tutatdi. Ogʻzi-burni aralash kuch bilan tutun chiqarib, menga oʻgirildi.
— Uyqu bosyapti, — dedi gunohkorona jilmayib. — Kechasi bilan mijja qoqmay chiqdim.
Popukning tobi yoʻq.
— Ogʻirmi shunaqa? — soʻradim sekin.
— Yoʻq, ogʻirmas, — dedi rais. — Lekin qoʻrqitib yubordi. Yetti-sakkiz yildan beri oʻzining ham endi ogʻrishi. Bilasizmi, uyingizdagi yakkayu yagona odamingiz oʻzini noxush sezsa, kayfingiz juda buzilib ketar ekan. Ayniqsa, yoshingiz oʻtib qolganda. Kechqurun kelsam, uy jimjit. Kunduzi fermada ham koʻrganim yoʻq edi. Hayron boʻldim. Ilgari eshiqdan kirishingiz bilan vangʻillab radio gapirardi yo plastinka qoʻyilardi. Oʻrtoqlarinikidadir, deb ichkariga kirdim. Yotibdi. Nuqul aksiradi. Doktorni chaqirdim. Isitmasi qirq. Qandaydir yangicha suzishni oʻrganmoqchi boʻpti. Kimga kerak ekan bu!
Qizarib ketganimni sezdim-da, koʻzimni raisdan olib qochdim.
U gapida davom etdi.
— Oʻzi ancha chayir. Shamol turdi-ku, shunda ogʻrib qolgan-da. Ogʻirmas. Mavlonjon ham shunday deyapti. Lekin men juda qoʻrqib ketdim. Bir marta shunaqa, yomon yurak oldirib qoʻyganman. Ancha boʻldi bunga. Oʻn yashar bola edi Oypopuk oʻshanda. Nima boʻldi-yu, bir kechada hamma tishi tushib ketdi. Qoʻl-oyogʻi shishib, mayda-mayda pufakchalar hosil boʻldi. Toshkentda ishlardim. Bitta tanish oshnam ishlaydigan klinika bor edi. Shu yoqqa olib bordim. Vrachlar koʻrib, kasalxonaga yotqizishdi. Uch oy yotdi. Uch oy mening uchun uch yil boʻlib ketdi. Boʻsh qoldim, kasalxonaga yuguraman. Ertalab, kechqurun-ku, soʻzsiz. Bir oycha har borganimda, ana ketadi-mana ketadi, degan gapni eshitib yurdim. Yoʻq, tuzalib ketdi. Oʻshandan beri yurak oʻynogʻiman. Lekin hozir oʻzini eplab olgan. Doktorning aytganini qiladi. Ilgari dori ichmay xunob qilardi.
Usmon aka kuldi.
— Kecha hatto ukolga ham rozi boʻldi. Ammo rosa afti burishdi.
— Kelinoyimlar yoʻqmilar? — dedim birdan men. Nega bunday deb soʻradim, oʻzim bilmayman. Lekin bu savol menga koʻp narsani oydinlashtirdi.
Usmon aka savolimni eshitib, avval oʻylanib qoldi, keyin esa, yangitdan papiros tutatib,
chuqur tortdi-da, dedi:
— Siz menga qiyin savol berdingiz. Buning tarixi katta. Mayli, sizga aytsam, ayta qolay. Rosti, buning hech qanday siri yoʻq, lekin duch kelgan odamga gapirishni yoqtirmayman. Odamlar bir xil emas. Baʼzilar toʻgʻri tushunadi, baʼzilar notoʻgʻri. Siz tushunishga harakat qilarsiz, deb oʻylayman. Xoʻp, boʻlmasa eshiting. Yoʻl olis, zerikmaysiz ham.

5

— Men uylanmaganman, — dedi anchadan soʻng u. — Buning sabablari koʻp. Yaxshisi bir boshdan aytib beraqolay. Urush boshlanganda men endigina institutni bitirgan edim. Asli oʻzim tarixchiman. Qishloq xoʻjaligi ikkinchi mutaxassisligim. Diplomimni olgan kunimoq voyenkomatga chaqirishdi. Uch kundan keyin esa, frontga joʻnadim.

Mening hech kimim yoʻq, bolalar uyida tarbiyalanganman. Otam ham, onam ham yoshligimda oʻlib ketgan. Qarindosh-urugʻlarim bormi-yoʻqmi, bilmayman. Rosti, unchalik koʻm qidirganim ham yoʻq. Bolalar uyi — bor qarindosh-urugʻim, oʻz uyim edi.
Men tushgan polk uch oycha Saratovda mashgʻulot oʻtkazib, Ukrainaga yuborildi. Kiyev uchun jang qildik. Mendaqa oliy maʼlumotlilar polkda kam edi. Shuning uchun ikki oy oʻtar-oʻtmas rotaga komandirlik qila boshladim. Lekin frontda koʻp boʻlganim yoʻq, chekinayotganimizda ogʻir yarador boʻlib qoldim. Dushman bombasi shunday blindaj ustiga tushdi. Uch-toʻrt joyimga oskolka tegdi. Ichkariga joʻnatishdi. Ikki oy gospitalda yotdim. Shundan keyin mepi butunlay joʻnatib yuborishdi. Gospitalda men bir hamshira bilan tanishib qoldim. Operatsiyadan chiqib, koʻzimni ochsam, oldimda chiroyli bir qiz menga tikilib oʻtiribdi. Uning oppoq yuzi, bilinar- bilinmas sepkil toshgan kichkina burni, ayniqsa doim kulib turadigan osmopdek tiniq koʻm- koʻk koʻzlari hali-hali koʻz oldimdan ketmaydi. Tabiiy, men uni yaxshi koʻrib qoldim. Baxtimga u ham mendan oʻzini olib qochmadi. Boʻsh qoldi deguncha men yotgan palataga kelardi. Men ham uning kelishini sabrsizlik bilan kutardim. Kelganida esa, gapga tushib ketardim. Gapimiz sira ado boʻlmasdi.
Yaxshi narsalar haqida gaplashsak, baravar shodlanar, yomon narsalar haqida gaplashsak, baravar nafratlanardik. Nalarimda, biz tilga olmagan, hayajon bilan muhokama qilmagan biron narsa dunyoda qolmagan edi. Biz urushdan keyin toʻy qilishga ahd qildik. Xayrlashadigan kunimiz u oʻzining eng sevimli va menga yoqqan ukraincha koʻylagini kiyib keldi.
“Koʻrishgunimizcha meni shunday eslab yur”, — dedi. Ancha joygacha kuzatib qoʻydi. Biz xat orqali aloqa qilib turishga ahd qildik. Urushdan keyin Olesya, uning ismi ham chiroyli edi, Toshkentga kelishga va umrbod shu yorda men bilan yashashga vaʼda berdi. Urush koʻp choʻzilmaydi, dsb oʻylagan edik oʻshanda biz. Keyin xayrlashdik. Men uni boshqa koʻrmadim. Toshkentga kelganimda ichki ishlar ministrligiga ishga yuborishdi. Oʻsha paytlari mening uchun qayerda ishlashimning ahamiyati yoʻq edi. Bironta ish bilan mashgʻul boʻlsam boʻldi, deb oʻylardim oʻzimcha. Axir ayting, ancha ishdan chiqqan sogʻliq bilan tuzukroq ish tanlashim mumkinmidi?! Ishga tushgan kunimoq Olesyaga xat yozib yubordim. Ammo bir oy oʻtar-oʻtmas gospital boshligʻidan xunuk xabar oldim. Olesya bomba tagida qolib, halok boʻlgan edi. Oʻzimni yoʻqotib qoʻydim. Hech narsa koʻzimga koʻrinmay qoldi. Nazarimda, dunyoning lazzati men uchun qolmagan edi. Unda faqat bitta majruh odam bor, u ham boʻlsa — men edim. Buning ustiga yolgʻizlik… Yurakni ezadigan, yorugʻ kunni ham qora parda orqasidan koʻrsatadigan badbaxt yolgʻizlik. Nima qilishimni bilmay, mukkamdan ishga tushib ketdim. Men sizga aytsam, kishini har qanday ogʻir ahvoldan qutqaradigan narsa bu mehnat ekan. Uch-toʻrt oy ishlab, hayotga boshqacha koʻz bilan qaraydigan boʻlib qoldim. Nima qilmay: korxonalarda boʻlib, poraxoʻrlik, aldamchilikni tekshiraymi, yo dezertirlik qilib yurganlarni tutaymi, urush yillari bizga shunday ishlar bilan ham shugʻullanishga toʻgʻri kelardi, hamma joyda, hamma narsada oʻzimning hayotga kerakligimni tushunib oldim, gʻam unutila boshladi. Bir kuni Qashqar mahalladan oʻtib ketayotib, bolalar uyiga koʻzim tushib qoldi. Nimadir yuragimni tirnab ketdi. Ichkariga kirdim. Hovlining oʻrtasida bolalarga pirojki ulashishayotgan ekan. Birpas qarab turdim. Bolalar navbat bilan tarbiyachi oldiga borib, bittadan pirojki olishar va quvonganlaridan hovlini boshlariga koʻtarib chugʻurlashardi. Bir mahal kichkina bir qizcha “Dada!” deb qichqirib yubordi va yugurib kelib, oʻzini oyogʻimga tashladi. Men to sarosimadan qutulib, qizchani qoʻlimga olgunimcha, atrofim odamlar bilan toʻlib ketdi. Kattalarning chehrasida kulgi, bolalar esa “urra, urra!” — deb chapak chalishardi. Men hayron edim. Qizcha boʻynimga mahkam yopishib olgan, butun badani titrardi. Qoʻlimga oqib tushgan issiq yosh meni oʻzimga keltirdi, uni sekin yerga qoʻydim.
— Yigʻlama, qizim, yigʻlama, — dedim boʻgʻilib. Lekin uning doʻmboq yuziga tirqirab oqib tushayotgan yoshni koʻrib, oʻzimning ham koʻzlarim namlanib ketdi.

— Nega hech xat yozmadingiz? Judayam sogʻindim, — dedi qizcha oʻpkasini tutolmay.
Men yana hayron boʻlib qoldim. Qizcha meni dadasi bilan adashtirayotgan edi. Shu yerda men xato qildim. Uning savoliga yolgʻon boʻlsa ham biron narsani bahona qilib, javob berishim kerak edi. Men boʻlsam:
— Oting nima? — deb yubordim.
— Otim? — qizcha baqrayib menga qarab qoldi. Keyin hoʻngrab yigʻlab yubordi-da, qochib ketdi.
Shu payt meni koʻrsangiz edi! Oyoqlarim uvishib, rangimda rang qolmagan… Hech kim bunchalik achinarli ahvolga tushmagan boʻlsa kerak. Bolalar tarqalib, hovlida bitta mendan boshqa hech kim qolmadi. Hammayoqni ayanchli jimlik qopladi. Koʻzlarim yana yoshlandi. Oʻpkam toʻlib ketdi. Qimirlamay joyimda turib qoldim. Qancha turdim, bilmadim, orqamdan kimningdir yoʻtalgani eshitildi. Oʻgirildim. Oltmishlarga borib qolgan bir moʻysafid hassaga tayanib turardi.
— Hammasini koʻrdim, — dedi u qaltiroq ovozda. — Adashdi. Sizni otam, deb oʻyladi.
Otasining halok boʻlganini oilmaydi bechora.
U jim boʻlib qoldi. Men ham indamadim. Chunki, bu mudhish sukunatning maʼnosi ikkalamizga ham ayon edi.
— Onasi ham yoʻq, — dedi u bir ozdan soʻng. — Bir yoshligida oʻlgan. Mana, yil boʻldi, oʻgay ona bizga tashlab ketdi.
— Kechirasiz, siz kim boʻlasiz? — soʻradim undan.
— Direktorman. Asomiddin Qoriyev. — Moʻysafid salom berib, qoʻlini uzatdi. — Siz kimsiz?
Tanishdik.
— Endi nima qilish kerak, domla? — soʻradim maslahat solib.
— Nima qilib boʻlardi?! — dedi u. — Yosh narsa kunikib ketadi. Ammo qiyin boʻldi, ancha qiyin boʻldi. Endigina otasini unuta boshlagan edi. Siz otasiga oʻxshab ketasiz. Adashtirgani ham bejiz emas. Qiyin boʻldi, juda qiyin boʻldi. Ichikib, sogʻligʻini yoʻqotishi ham mumkin.
— Olib ketsam nima deysiz? — birdaniga miyamga shu qaror kelib qoldi. Asomiddin aka yalt etib menga qaradi.
— Olib ketsam? Butunlaymi?
— Ha, — dedim men.
— Bilmadim, bilmadim, — dedi u bosh chayqab. — Qaroringiz qatʼiymi?
— Qatʼiy! — dedim jiddiy ohangda va qisqa qilib soʻnggi yillardagi hayotimni gapirib berdim, yolgʻizligimni aytdim.
— Ixtiyoringiz, — dedi u nihoyat. — Lekin eplay olarmikansiz?
— Eplayman, bering, — dedim men.
— Boʻlmasa, oʻzidan soʻrang. Kimligingizni ayting. Qizi tushmagur juda ziyrak. Besh-olti marta uyingizga olib boring, oʻrgansin. Keyin olib keting, mayli.
Asomiddin aka shunday deb meni kabinetiga boshladi. Koʻp oʻtmay, qizchani olib kirishdi. U meni koʻrib, uyalib ketdi. Bagʻrimga bosdim. Nimalarnidir deb, yupatdim. Koʻkragimdagi ordenni olib qoʻliga berdim. Ancha oʻziga keldi.
— Dadamlardayam shunaqa orden bor-a? — dedi jilmayib.
— Ha. Bittamas, ikkita, — dedim. — Dadang juda botir odam.
Keyin:
— Yur, uyga olib ketaman. Ancha suratlarim bor, koʻrib kelasan, — dedim.
— Xoʻp, — dedi.
Uyda bor narsalarni dasturxonga tashlab, uni mehmon qildim. Lekin urush yillari, uyda nima ham boʻlardi, deysiz? Ikki-uch burda non, uch-toʻrt chaqmoq qand. Menga invalidligim uchun

ozgina oq non ham qoʻshib berishardi. Qizcha shu nonni yedi. Ozgina osh ham qildim. Boshim osmonda edi. Axir oʻzingiz oʻylab koʻring, bir yildan beri huvillab yotgan uyda bola tovushi yangraydi-yu, boshim osmonga yetmaydimi?! Lekin qorongʻi tushganda u ketamanga tushib qoldi. Aldadim, yalindim, foyda bermadi. Keyin oʻzim ham zoʻrlamadim. Asomiddin akaning gaplari esimga tushdi. Eltib qoʻydim. Lekin kunda oʻsha yerda boʻlaman, ishdan keyin esa, bir necha soatga uyga olib kelaman, keyin yana eltib qoʻyaman. Bir oycha shunday qildim. Qizcha haqiqatan ham, Asomiddin aka aytgandek, ziyrak edi. Qorongʻi tushdimi, tamom, ketaman, deb turib oladi. Bir oydan keyin qoʻrqib ketdim. Menga oʻrganmasa nima qilaman? Avvallari unga achinib yursam, endi oʻzimga achina boshladim. Chunki, usiz turolmasligim ravshan boʻlib qolgan edi.
Asomiddin akaga yana maslahat soldim U bir-ikki kun kelmaslikni aytdi. Shunday qildim. Toʻrtinchi kuni chidolmay, bolalar uyiga bordim. Qizcha meni koʻrib yugurib keldi-da, bagʻrimga oʻzini otdi. Shunday qilib, Oypopuk uyimga butunlay keldi. Men bolalik boʻlib qoldim.
Men sizga aytsam, hayotim shundan keyin oʻzgarib ketdi. Tashvishim ortdi. Bu tashvish qandaydir quvonchli, orzu-umidlar toʻla tashvish edi, otalik tashvishi edi. Lekin meni hamon bir narsa qiynaydi: Oypopuk koʻpincha deraza oldiga oʻtirib olib xayol surar, otasini soʻrardi. Dadang olisda, u yoqdan xat yozib boʻlmaydi, urush tamom boʻlsin, oʻzi keladi, deb ovutardim. Urush tamom boʻlgan yili u oltinchi sinfga oʻtdi. Asomiddin aka bilan maslahatlashib, rostini aytishga qaror qildik. U katta boʻlib qoldi, aytsangiz boʻladi, dedi Asomiddin aka. Aytdim! Uning oʻshanda qanchalik qiynalganini koʻrsangiz edi?! Ikki-uch kun ichida koʻzlari kirtayib, choʻp boʻlib qoldi.
Usmon aka ogʻir xoʻrsindi. Keyin yoʻlga qarab qoʻyib, hali ancha borligiga ishonch hosil qilgach, papiros tutatdi-da, gapida davom etdi. Men xuddi shimol afsonasida qorbobo bir umrga muzlatib ketgan boladek otning ustida qimir etmay borardim.
— Shunday qilib, ikki-uch kun ichida choʻp boʻlib qoldi. Hech parsa yemaydi, hech narsa ichmaydi, derazaning oldiga oʻtirib olib, nuqul xayol suradi. Kechalari esa, menga bildirmay yigʻlab chiqadi. Lekin men sizga aytsam, dunyoda odamdek baquvvat maxluq yoʻq ekan. Odam hamma narsaga chidar ekan, hamma narsaga koʻnikar ekan. Kunlar, oylar oʻtdi, Oypopuk ham sekin-sekin oʻziga kela boshladi. Avvalgi quvnoqligi oz boʻlsa ham qaytdi, yuzlariga qon yugurdi. Erkin nafas ola boshladim.
Yettinchi sinfni aʼlo bitirib, shahodatnoma olganda ziyofat qilib berdim. Hamma oʻrtoqlarini, oʻqituvchilarini chaqirdim. Asomiddin aka ham keldi. Oʻyin-kulgi, muzika uyni tutib ketdi. Kechqurun esa, hamma ketgach, Oypopuk meni birinchi marta rostakamiga “dada!” deb chaqirdi. Men uchun hamma narsadan shirin va aziz boʻlgan bu soʻzga u bor muhabbatini va minnatdorchiligini qoʻshib aytdi. Shunda men uning uchun eng mehribon odam ekanligimni tushundim. Boshim osmonga yetib ketdi. Oʻsha minutda dunyoda mendan baxtliroq odam yoʻq edi. Sevinchim ichimga sigʻmay, uni mahkam bagʻrimga bosdimu, yigʻlab bordim. Bu — koʻp yillardan beri yuragimda zardob boʻlib yigʻilgan gʻam, alam, oʻkinch yoshlari emas, yoʻq, bu — katta baxtga ega boʻlgan odamning cheksiz sevinch yoshlari edi. Bu yoshlar bir zumda yurakdagi hamma gʻuborlarni yuvib tashladi. Butun jahon koʻz oldimda yorishib, jami yaxshiliklar yer yuziga kalqib chiqqandek boʻldi. Ota-bola kelajak rejalarini tuzib, tong ottirdik.
Uch yildan beri Samarqanddamiz. Oʻtgan yili bu yerga koʻchib keldik. Butunlay koʻchib keldik. Usmon aka jimib qoldi. Qalbimni qandaydir iliqlik qopladi. Shimirib nafas oldim. Havo xuddi qalbimdagi iliqlik singari yoqimli edi. Atrofga suq bilan qaray boshladim. Hamma narsa olisda, baland choʻqqilar ustida tutundek buralib koʻtarilayotgan bulutlar ham, yostanib yotgan koʻm-koʻk adir ham, daryo ham, tosh ham, hamma-hamma narsa koʻzimga xuddi boshqacha
— goʻzal va orombaxsh koʻrinib ketdi. Hamma narsada hayot qulf urardi. Hayot! U naqadar murakkab va naqadar ulugʻ! U insonni goʻzal va olijanob sehrgar kabi oʻziga chorlaydi, erkalaydi. U inson uchun nimalar qilmagan, yana nimalar qilishi mumkin emas!

— Endi nima uchun kelinoyingiz yoʻqligini tushungandirsiz? — dedi Usmon aka xayolimni boʻlib.
— Ha, — dedim.
— Qizim — bu mening hayotim, — dedi u oʻychan holda va yoʻlga bir qarab qoʻyib, otiga qamchi bosdi.
Usmon akaning xunob boʻlganicha bor ekan. Bedazor — bedazor emas, yovvoyi oʻt bosib yotgan tashlandiq joyga oʻxshar edi. Ayrim yerlarda sargʻayib chaqirtikanak ham oʻsib yotibdi.
Buni koʻrib Usmon akaning qovoqlari osilib ketdi.
— Koʻryapsizmi? — dedi u otdan tusharkan. — Oʻtgan yili qirning bagʻridan tortib olgan edim bu yerni. Qancha kuch sarf boʻlgan, qancha kun ovora boʻlingan.
— Lekin yer kuchli ekan, — dedim men.
— Yer kuchli, — raisning chehrasi yorishgandek boʻldi. — Ammo bekor yotibdi. Tok ekish kerak. Yangi kelganimda shunday oʻylab qoʻygan edim. Nima deysiz?
Men nima derdim? Maʼqul, dedim.
— Kamida yigirma tonnadan hosil koʻtarish mumkin. Yigirma tonna-ya! — gapida davom etdi rais. — Shu yiliyoq ekamiz! Uzingiz bosh boʻlasiz. Birinchi katta ishingiz shu boʻlsin.
— Maʼqul, — dedim yana men negadir oʻzimdan uyalib. Shu payt brigadir keldi. U boshini qiyiq bilan bogʻlab olgan edi. Usmon akaning yana qovoqlari osilib ketdi.
— Kombayn chaqirdingizmi? — soʻradi u salomlashishni ham unutib.
— Ha, chaqirdim, — dedi sekingina brigadir.
— Nima qildi? — Usmon aka qiyiqqa ishora qilib soʻradi.
— Kechadan beri issigʻim oshib turibdi.
— Dori-pori qildingizmi?
— Yoʻq, oʻzi bosilib qolar.
Bunaqa emas-da. Doktorga boring. Doktor kasal yoʻqligini pashsha qoʻrib oʻtiribdi. Hoziroq boring. Aytganday, — Usmon aka bedazorning etagidagi omonatgina qurilgan chaylaga qarab soʻradi, — oʻroq bormi?
— Bor, nima edi? — brigadir hayron boʻldi.
— Olib keling, — Usmon aka kitelini yechib, oʻt ustiga tashladi. — Kombayn kelguncha oʻrib turamiz. Vaqt ketyapti.
— Qoʻying, oʻzimiz qilamiz, — dedi brigadir qizarib — Uyaltirmang.
— Olib keling, olib keling!
Brigadir, nima qilay, deganday menga qaradi. Indamadim.
— Erinchoq odamni koʻrsam, jinim qoʻzgʻaydi, — dedi Usmon aka brigadir ketgach. — Erkak kishi degan tinib-tinchimasa-da! Saksonboy otaning shunisiga qoyil qolaman.
— Mana, — brigadir ketmon sopi qoqilgan oʻroqni olib kelib, raisga uzatdi.
— Yaxshi, — dedi Usmon aka oʻroqqa tikilib. — Oʻtkir ekan. Xoʻp, siz endi qishloqqa boring. Mavlonga uchrashing.
Brigadir javdirab, anchagina dam raisga, dam menga qarab turdi-da, keyin boshini qashiganicha bitta-bitta yurib ketdi.
Usmon aka yaxshigina oʻroqchi ekan. Ogʻzim ochilganicha uning epchil harakatlariga qarab qoldim. Usta qayiqchi qoʻlida eshilgan eshkakdek, uning qoʻlidan oʻroq ham bir ohangda “shirt- shirt” etib tortilar va har tortilganda bir bogʻlam-bir bogʻlam gʻumay, urugʻlagan beda bir tekisda yerga qulardi va gʻalati chuchmal hid dimoqqa urilardi.
Ancha vaqt oʻtdi. Usmon aka jiqqa terga botdi. Ammo, parvo qilmadi. Peshonasini bilagi bilan sidirib tashlayverdi. Uyalib ketdim. Qoʻlidan borib oʻroqni oldim. Birinchi tortishimdayoq oyogʻimni tilib ketishiga sal qoldi.
— Hechqisi yoʻq, — dedi Usmon aka, — oʻrganib ketasiz, gʻayrat boʻlsa, bas. Gʻayrat boʻlsa,

odam uddalay olmaydigan ish yoʻq.
Shu kuni oqshomgacha qirda qolib ketdik. Ammo mening harakatlarim toʻrt-besh bogʻ pichanga toʻgʻri keldi, xolos. Bunga faqat uquvsizligim emas, boshqa sabab ham bor edi. Xayolim qishloqda, Oypopukda edi. Shuning uchun ham qishloqqa kirishim bilan medpunktga yugurdim. Ammo u berk edi. Choyxonaga kirdim.
— Mavlon akang qani? — soʻradim Bahodirdan.
— Hozir ketdilar, — dedi u har galgidek hozirjavoblik bilan.
Uyga chopdim. Doktor ovqatlanib oʻtirardi.
— Oypopuk tuzukmi? — soʻradim hovliqib.
— Tuzuk, — beparvo gapirdi Mavlon, — issigʻi tushdi. Nima edi?
Javob bermadim. Yuragim ancha taskin topgan edi. Charchaganim sezildi. Apil-tapil ovqatlanib, yotdim. Yotdim-u, uyquga ketdim.

6

Ertalab nonushta qilayotganimizda doktor kechagidek parvosizlik bilan dedi:
— Aytganday, sizni Oypopuk soʻradi.
— Meni?
— Ha, sizni.
— Nima dedi?
— Qiz bola nima derdi? Sogʻligʻingizni soʻradi. Yaxshi yuribdilarmi, dedi. Qishloqqa oʻrganyaptilarmi, dedi.
— Siz nima dedingiz?
— Siz soʻraganingizdan beri oʻrganyaptilar, dedim. — Mavlon kuldi. — Faqat kechalari toshkentlik qizlarning ismlarini aytib, uyqusiraydilar, dedim. Kuldi.
— Nima qilardingiz yolgʻon gapirib?
— Uni kuldirish kerak edi-da, — dedi Mavlon jilmayib. — Lekin sizni jindek qurbon qildim. Nima boʻpti?
Usmon akaning hikoyasi meni ostin-ustin qilib yuborgan edi. Doktorning gaplari unga qoʻshimcha boʻldi. Borishga qaror qildim. Qiladigan ishlarim koʻp boʻlishiga qaramay, doktor bilan birga yoʻlga tushdim. Yuragim shunchalik kuchli dukillab urardiki, raisnikiga qanday qilib yetib kelganimni sezmay qoldim. Oypopuk deraza qarshisiga qoʻyilgan karavotda yotardi. Boʻynigacha koʻrpa tortilgan. Qalin qilib oʻrilgan uzun qora sochlari yostiq ustidan tushib, polga tegay-tegay deb turardi. Meni koʻrib, u qizarib ketdi, ingichka qoramtir qoʻli bilan
koʻrpani dahanigacha tortib qoʻydi.
— Bugun ancha tuzuk, — dedi Usmon aka qiziga qarab. Oypopuk yengilgina jilmaydi.
— Qani koʻraylik-chi! — Mavlon qizning peshonasini ushladi. — Ha, yana ikki kundan keyin yurib ketadilar. Yoʻtal qoldimi, yo hali ham bormi?
Oypopuk bosh chayqadi.
— Oʻtiringlar, — dedi u sekin menga koʻz qirini tashlab.
— Aytganday, oʻtiringlar, oʻtiringlar! — Usmon aka deraza yonida turgan stulni menga yaqinroq qoʻydi. — Kechirasizlar, uy betartib. Kecha kech keldim rayondan. Bugun yana chaqirishibdi. Majlislar ham koʻpayib ketdi-di oʻzi! — dedi u qiziga gunohkorona tikilib. — Yolgʻiz qolasan yana.
— Yoʻq, Farida keladi, Mahfuza ham keladi, — dedi Oypopuk. — Xavotir olmang.
— Mayli, darrov kelaman, — dedi Usmon aka. — Doktor, kecha rayonga tushmoqchi edingiz tushasizmi?
— Ha, — dedi Mavlon oʻrnidan turib. Men ham turdim. Usmon aka menga qaradi.

— Siz nega turdingiz? — dedi u yalingansimon. — Shoshilinch ishingiz boʻlmasa, oʻtira turing. Hozir qizlar kelib qoladi.
— Xoʻp, — dedim va joyimga oʻtirdim. Oypopuk jilmayib qoʻydi.
Koʻp oʻtmay, Usmon aka bilan doktor ketdi. Xonaga noqulay jimlik choʻkdi.
— Kelganingizga juda xursandman, — dedi bir mahal Oypopuk.
— Men ham sizni koʻrganimga xursandman, — dedim men — Tuzalib qolibsiz.
Oypopuk boshini qimirlatdi.
— Siz mendan xafa boʻlsangiz kerak-a? — soʻradi u oraga tushgan jimlikni buzib.
— Nega?
— Anavi kuni yiqilib tushganingizda kulganimga-da.
— Yoʻgʻ-ye, esimdan chiqib ketdi.
—Mening esimdan chiqqani yoʻq, — dedi u. — Siz yaxshi suzar ekansiz. Oʻshanaqa suzishni batterflyay deydimi?
— Ha.
— Yaxshi suzar ekansiz. Lekin xafa boʻldingiz.
— Yoʻq, — dedim qatʼiy qilib. — Nega xafa boʻlay? Sira xafa boʻlganim yoʻq.
— Men juda sezgirman, — dedi u qandaydir bolalarga xos zavq bilan. — Sizning oʻrningizda boshqa odam boʻlganda xafa boʻlardi.
— Siz xafa boʻlarmidingiz? — soʻradim men.
— Bilmadim, — dedi u koʻzlarini yashirib, keyin derazaga tikildi. — Siz Yakkachinor afsonasini eshitganmisiz? — soʻradi u toʻsatdan menga oʻgirilib.
— Ha, — dedim men.
— Men ishonmayman, — dedi u qoshlarini chimirib. — Ayol kishi shunchalik qahri qattiq boʻladimi? Siz nima deysiz?
— Qaydam, — dedim men yelkamni qisib.
— Hayotda bunday boʻlmasa kerak, — dedi u gapida davom etib. — Agar birovni sevsang, uni kechirishing kerak. Tagʻin kim biladi? Aytganday, toshkentlik anavi qizning suratini menga koʻrsatmaysizmi?
— Qaysi qizning suratini? — hayron boʻldim.
— Doktor aytgan qizning-da, — uning lablari bilinar-bilinmas titradi.
— Doktor bekor aytibdi, — dedim jahlimni bosish uchun jilmayib. — Men Toshkentda hech kimni yaxshi koʻrgan emasman.
— Kechiring, sizni yana xafa qildim, — dedi Oypopuk mayin ohangda va jim boʻlib qoldi.
— Men gʻalati odamman, — dedi bir mahal yana qoshlarini chimirib. — Birovni quvontiraman, deb xafa qilib qoʻyaman. Nega shunday, oʻzim ham bilmayman. Yoshligimda isib ketayotgan boʻlsam, sovuq yeb ketyapman, deb yigʻlar ekanman. Qiziq-a? Baʼzan esa… baʼzan deraza tagiga oʻtirib olib, xayol suraman, oʻylayman.
— Nimalarni oʻylaysiz?
— Hamma narsani. Hayotni oʻylayman, — dedi u koʻzlarini xayolchan suzib. — Hayot juda qiziq. Unda hamma narsani mukammal bilgan, hamma orzulariga yetishgan odam boʻlmasa kerak. Mana, men oʻn sakkizga qadam qoʻydim. Balki, hayotimning yarmi oʻtib ketgandir, kim biladi. Ammo hali hech narsa qilolganim yoʻq. Qiladigan ishlarim esa juda koʻp. Mening qarzim bor, juda katta qarzim bor. Shuni uzishim kerak.
— Uzasiz, — dedim ishonch bilan qanaqa qarziligini bilmasam ham.
Oypopuk parvo qilmay, gapida davom etdi:
— Menga yaxshilik qilishdi. Hayotni sevishni oʻrgatishdi. Bunga faqat rahmat aytish kifoya qilmaydi. Siz ertaklarni yaxshi koʻrasizmi? — Oypopukning ovozi oʻzgardi. Hozirgina xonani sehrlab turgan mayin, sal gʻamgin, lekin qatʼiy ovozni shoʻx, oʻynoqi, qoʻngʻiroq ovoz egalladi.

— Men judayam yaxshi koʻraman. Faqat birov aytib tursa, men koʻzimni yumib eshitsam. Meni deb dadamlar bir qancha ertaklarni yodlaganlar. Qiziq-a?
Men boshimni qimirlatdim. Gapirishga quvvatim yoʻq edi. Unga tikilib qolgan edim. Derazadan tushayotgan quyosh nurlari uning sal choʻzilgan nozik yuzini, qoshlarini yoritib turardi. Polga tegay deb turgan sochlari qimirlashi bilan tsbranib, yuz xil tusda tovlanardi.
— Nega jim boʻlib qoldingiz? — dedim bir mahal zoʻrgʻa ovoz chiqarib.
— Sizga qarab qoldim, — dedi Oypopuk jilmayib. — Meni juda ezma ekan, deb oʻylasangiz kerak-a? Unchalik emas. Baʼzan shunaqa koʻp gapirgim kelib qoladi. Ishonmaysizmi?
— Ishonaman, — dedim men. — Siz juda yaxshi qizsiz.
— Rostdanmi?
— Ha, — dedim men. Uning chehrasi ochilib ketdi.
— Boʻlmasa, bitta ertak aytib beraman. Saksonboy otamdan eshitganman. Quloq soling. Bir yigit bor ekan. U keksa, kasalmand onasi bilan olis bir shaharda yashar ekan. Yigit katta boʻlib, yaxshi-yomonni ajratadigan boʻlgach, bir donishmandning oldiga boribdi-da, nima qilsam onamning roziligini olaman, deb soʻrabdi. Donishmand, onangning kasalini davola, obizamzamga opichlab olib borib, choʻmiltir, debdi. Obizamzamga borish uchun qirqta togʻni oshib oʻtish kerak ekan. Yigit koʻp oʻylab oʻtirmay, onasini opichlab olib ketibdi. Uch yil uch oy deganda qaytib kelibdi-da, yana oʻsha donishmandning oldiga boribdi. Mana, aytganingni qildim, onamning roziligini oldimmi? — deb soʻrabdi. Shunda donishmand: sen onangning seni boqqandagi bir kunlik azobidan qutulding. Rozimi-yoʻqmi, oʻzidan soʻra, — debdi.
Oypopuk jimib qoldi. Lablari yumildi, koʻzlari yaltirab ketdi.
— Mening ana shu oq sut bergan onadan ham aziz odamim bor, — dedi anchadan soʻng jiddiy ohangda.
Bu odamning kimligini soʻramadim. Gap otasi haqida borayotgani aniq edi.
Koʻp oʻtmay, qizlar kelishdi. Xayrlashib, oʻrnimdan turdim. Qoʻlimni uzatgan edim, mahkam qisdi.
— Ha, aytganday, — dedi u zavq bilan. — Meni tabriklashingiz mumkin. Siz kelgan kuningiz komsomolga oʻtdim. Yaqinda raykomda tasdiqlashadi.
— Tabriklayman, — dedim chin koʻngildan.
— Rahmat. Kelib turing.
— Xoʻp, — dedim, — albatta kelaman.
Uydan chiqib, oʻzimdan-oʻzim daryo tomonga yurib ketdim.
Havo ochiq, osmon zangori shishaday tiniq edi. Daryo labiga kelib, meni yiqitgan xarsangtosh ustiga oʻtirdim. Daryo tinch oqardi. Faqatgina daryo emas, atrofimdagi hamma narsa tinch edi. Churq etgan tovush qulogʻimga chalinmas, goʻyo butun borliq sokin uyquga ketgandek edi. Bir mahal nimaningdir ovozi eshitildi. Quloq soldim. Kimdir nay chalardi. Tovush goh yaqinlashar, goh yana olislab ketardi. Koʻp oʻtmay, u bir meʼyorda eshitila boshladi. Xuddi baland qoya ustida qimir etmay qorayib turgan chinorday sehrlanib qoldim. Kuy hamma narsaga jon kirgizganday boʻldi. Yengil shamol yuzimni silay boshladi, daryo toʻlqinlandi, ufqqa tutashgan togʻ choʻqqilari ustidan oppok bulut parchalari koʻtarila boshladi. Koʻk, sariq, qizil rangdagi tovlanib yotgan olma barglari mayin shitirlab, ajoyib ohang kasb etdi. Daryoga tikilar ekanman, shu toʻlqinlar bilan baravar suzgim keldi. Yechinib, oʻzimni suvga tashladim- da, xuddi Oypopuk bilan uchrashgan kunimdagidek suzib ketdim.
Suvdan chiqqanimda nayning tovushini eshitmadim. Nimanidir yoʻqotgan odamdek osmonga qaradim. Havoda qora bulutlar suzib yurardi. Bir mahal hammayoq qop-qorongʻi boʻlib qoldi. Qayerdadir momaqaldiroq guldiradi, daryoning narigi qirgʻogʻida oʻtlab yurgan targʻil buzoq shataloq otib qochdi. Yomgʻir tomchilay boshladi. Ammo men parvo qilmadim. Ruhim shunchalik tetik, koʻnglim shunchalik shod edi! Yakkachinorga kelganimdan, shunday ajoyib qiz bilan,

shunday ajoyib odamlar bilan tanishib olganimdan cheksiz xursand edim…
Oʻsha kuni birinchi marta koʻnglim oftobdek charaqlab otamga xat yozdim. Bu xat yakkachinorliklarga bagʻishlangan qasida edi.

7

Ertasi kuni kechqurun Mavlonning otday, deganiga qaramay Usmon akalarnikiga yoʻl oldim.
Usmon aka beqasam toʻnini yelkasiga tashlab, leykada gullarga suv quyardi.
— Juda yaxshi qildingiz kelib! — dedi u qoʻlini uzatib.
Kun boʻyi uch-toʻrt marta koʻrishgan boʻlsak ham salom berdim.
— Bir kirib ketay dedim.
— Juda yaxshi, juda yaxshi! Bu yoqqa yuring!
Usmon aka ayvonga boshladi. Koʻtarildim. Ayvonning toʻrida Oypopuk bir kosa guruchning kurmagini tozalab oʻtirardi. Sochlari iroqi doʻppisi ustiga chambarak qilib oʻralgan. Bir oʻrimining uchi qulogʻining ustiga tushib, kichkina yoqut koʻzli ziragini berkitib turibdi. Meni koʻrib, turmoqchi boʻldi.
— Oʻtiravering, oʻtiravering! — dedim shoshib. — Tuzalib ketibsiz-ku?!
Oypopuk yengil jilmaydi.
— Juda yaxshi boʻldi-da, kelganlari, — dedi Usmon aka qiziga qarab, keyin menga oʻgirilib,
qoʻshib qoʻydi: — Oʻzim bir osh qilishga orzumand edim. Bugun vaqt-soati kelgan ekan.
— Oʻzingizga olmang. Men aytdim osh qilaylik deb, — drdi Oypopuk uyalinqirab.
— Sen ham aytding, — Usmon aka kuldi. — Oʻchoq ooshida yurishimni yoqtirmaydi. Nuqul oʻzi qiladi, lekin yugun mening qilgim kelib qoldi. Boshlayveraymi?
Oypopuk ha deganday boshini qimirlatdi.
— Men yordamlashay? — dedim Usmon akaga.
— Yoʻq, ikkita erkak oʻchoq ustida tursa, osh buziladi. Siz shu yerda oʻtiring. Ana, Oypopukka qarashing.
Usmon aka ketdi. Ayvonda Oypopuk ikkalamiz qoldik.
— Xomush koʻrinasiz? — soʻradim roʻparasiga oʻtirib.
— Ha, — dedi u koʻzlarini uzun kipriklari orasiga ishirib. — Koʻp oʻyladim.
— Nimalarni oʻyladingiz?
— Aytolmayman. Oʻyladim-da. Yoshligimdan shundayman. Derazaning oldiga oʻtirib olib oʻylayveraman, oʻylayveraman. Siz ham koʻp oʻylaysizmi?
— Sizchalik emas, — dedim men qoʻlimga bir kaft guruch olib.
Oypopuk, qoʻyavering, oʻzim, deganday qoʻlimni ushladi. Qoʻllari yonardi.
— Nimalarni oʻylaysiz?
— Har narsani, — dedim yelkalarimni qisib.
— Bu yerda-chi? Uyingizni, Toshkentni oʻylarsiz? Oypopuk koʻzlarini ayyorona suzdi.
— Balki qishlogʻimiz yoqmagandir?
— Yoʻq, juda yoqdi. Kelganimga pushaymon emasman.
— Agar Toshkentga chaqirishsa, ketarmidingiz?
— Qaydam, bir narsa deyish qiyin. Siz-chi?
— Yoʻq, — dedi u qatʼiy. — Tagʻin kim biladi? Agar dadamlar boshqa ishga oʻtib ketsalar, iloji yoʻq. Shu yer menga juda yoqib qoldi. Tinch, chiroyli. Odamlari ham yaxshi. Shovqin- suronni yomon koʻraman. Gʻalati-a? Toʻgʻrimi?
— Nega? Har kimning oʻz ixtiyori.
— Ha, har kimning oʻz ixtiyori… — Oypopuk oʻylanib qoldi. Ingichka barmoqlari orasidagi kurmaklar kosaga tushib, guruchga aralashib ketdi. — Bilasizmi, men shu haqda oʻyladim. Nega

odamlar har doim oʻz ixtiyorlari bilan ish qilolmaydilar? Nima ularni shunga majbur qiladi? Yaxshi odamlarda yomon xohish boʻlmaydi-ku?! Yaxshi odamlar esa juda koʻp.
— Men nimani nazarda tutib gapirayotganingizni bilolmayapman, — dedim xijolat boʻlib.
— Bilmaganingiz maʼqul. — Oypopuk xoʻrsindi. — Yaxshisi, oʻzingiz haqingizda gapirib bering. Tanishmizu sizni bilmayman. Faqat otangiz borligini bilaman, xolos.
— Shuni bilsangiz, boshqasini gapirishning hojati yoʻq.
— Nega? — hayron boʻldi u.
— Qiziq emas, — dedim men.
— Mayli, gapirib bering.
— Oʻttizinchi yilda tugʻildim. Tishim chiqib, olti yarim yoshga toʻlganimda maktabga bordim.
Bitirib, institutga kirdim. Uni tamomlab, bu yoqqa keldim. Tamom. Buning nimasi qiziq?
— Bilib qoʻygan yaxshi-da, — dedi Oypopuk jilmayib. — Qizigʻi endi keladi.
— Kim biladi, — dedim men.
— Men bilaman, — dedi Oypopuk quvonch bilan. — Qani, qoʻlingizni bering-chi, bir fol ochib qoʻyay!
Men qoʻlimni uzatdim.
— Oʻhoʻ, — dedi u zavq bilan kaftimga tikilib. — Bunaqa katta qoʻl bilan istagan orzuingizga yetasiz. Innaykeyin, chiziqlarini qarang. Aytaveraymi?
U menga gʻalati tikildi. Men ha, deganday boshimni qimirlatdim.
— Ishingiz yaxshi. Martabangiz baland boʻladi. Manavi chiziqni qarang-a, muncha uzun. Uzoq umr koʻrar ekansiz. Lekin, lekin… Aytaveraymi?
— Aytavering! — dedim hayajon bilan.
— Lekin… sizga sevgining yoʻli berk.
— Nima?!
Angrayib qoldim. Oypopuk birdan qah-qah otib, kulib yubordi.
— Hazillashdim, hazillashdim, — dedi u kulgidan oʻzini toʻxtatolmay. — Nahotki folga ishonsangiz? Hammasi yolgʻon-ku?! — Keyin jiddiy ohangda qoʻshib qoʻydi: — Men sizning baxtli boʻlishingizni istardim, judayam istardim.
— Men ham sizga shuni istayman, — dedim men.
— Rahmat, — dedi u oʻylanib.
Shu payt Usmon aka chaqirib qoldi.
— Bu yoqqa yuring, oshning tuzini koʻrib yuboring! Oʻchoq boshiga bordim.
Yarim soatdan keyin osh suzib kelindi. Oypopuk bir grafin “Hosilot” olib chiqdi. Bir piyoladan toʻlatib ichdik. Oypopuk ichmadi. Shunday labiga tegizib qoʻydi. Usmon akaning ikki koʻzi qizida edi. Oypopuk bir osham olib:
— Judayam shirin boʻpti, dada, — deganidan keyin qoʻl uzatdi.
Ovqat mahali Oypopuk negadir boʻshashib oʻtirdi. Oshdan ham tuzuk yemadi. Biz Usmon aka bilan oʻzimizning ishlarimiz, kuzgi sabzavot, yangi ochilmoqchi boʻlgan yer va boshqa ishlar haqida gaplashdik. U churq etmadi. Lekin sezib oʻtiribman, yer ostidan menga qarab-qarab qoʻyadi.
Vaqt allamahal boʻlganda oʻrnimdan turib xayrlashdim. Eshikka yetganimda Oypopuk:
— Oʻktam aka! — deb chaqirib qoldi. — Soʻragan kitobingiz qolib ketdi.
Hayron boʻlib, toʻxtab qoldim. Men undan hech qanday kitob soʻramagan edim. Oypopuk yugurib oldimga keldi. U alahsirardi.
— Kechirasiz, — dedi past ovozda. Aftidan, gapirishga qiynalardi. — Kitob… shunchaki bahona. Sizdan bir narsani soʻramoqchi edim…
— Nimani?
— Men… men… yoqamanmi sizga?
— Nima? — deb yubordim shoshib, yuragim dukillab urib ketdi.

— Kechirasiz, — dedi u ham shoshib. — Bunday demoqchi emas edim. Kechirasiz, — u labini tishladi. — Shu kunlarda menga nima boʻlganini bilmayman. Gʻalati boʻlib qoldim. Kasallikdan emas bu, yoʻq. Dadamlar ham hayronlar. Sezyapman. Siz meni bilmaysiz. Men bunaqa emas edim. Mendan kulmang!
Oypopuk jimib qoldi. Uning koʻzlarida yosh yiltirardi.
— Qoʻying, — dedim titroq qoʻllarini ushlab. — Siz juda yaxshi qizsiz. Nega sizdan kular ekanman? Ishoning, gapim chin. Sizni, sizni juda hurmat qilaman!
— Rostdanmi?
— Yolgʻonni yomon koʻraman.
U qoʻlimni mahkam qisdi-da, chehrasi yorishib, orqasiga qaytdi.
“Nima boʻldi oʻzi? — dedim koʻchaga chiqib. — Unga nima boʻldi? Nahotki meni sevib qolgan boʻlsa?!”

8

“Nahotki meni sevib qolgan boʻlsa?!” — derdim men oʻz-oʻzimga. Bunga oʻzimni ishontirishga harakat qilib, sevinardim va ayni vaqtda nimadandir choʻchirdim.
Sevinishimning sababi — shunday ajoyib qizning menga muhabbat qoʻyishini butun vujudim bilan istaganim edi. Ha, men uning meni sevishini istardim. Uning sevgisisiz hayotning menga qizigʻi yoʻq edi. Buni endi yaxshi bilardim. Chunki, men uni allaqachon yaxshi koʻrib qolgan edim. Men uni betobligida borib koʻrganimda emas, allaqanday kitobni bahona qilib, men bilan gʻalati xayrlashganida ham emas. Yoʻq, men uni Yakkachinorga birinchi kelgan kunim lovullab turgan gulxan yonida koʻrganimda, yuzlari anordek qizarib, sokin raqs tushganida, uyatchanlik bilan koʻzlarini yashirib, eshitilar-eshitilmas salom berganida sevib qolgan edim. Birinchi koʻrganimdayoq bezovta boʻlib, yuragimni qandaydir hali mengatanish boʻlmagan lazzatli tuygʻu qoplagan, hayotning yangi bir sehrli dunyosi menga oʻz quchogʻini ochgan edi. Men buni Oypopuklarnikidan yarim kechada qaytayotganimda tushundim, tushundimu hamma narsa boshqacha tuyulib ketdi. Qorongʻi boʻshlikda xiragina qalqib turgan oy projektor singari yoʻlimni yoritdi, yulduzlar charaqlay boshladi, uylar, dov-daraxt kumushdek yarqirab, ajoyib husn kashf etdi. Jimjit qishloqni tonggacha aylanib yurdim.
Oypopuk, Oypopuk!.. Bulokdek tiniq, sof inson, tengi yoʻq qiz!.. Uni sevmay boʻlarmidi?! U hayotning oʻzi, u — kelajak, bitmas-tuganmas orzular!.. Hali-hali uning shoʻx kulgilari, yurakni allalovchi gaplari, qoʻngʻiroq ovozi qulogʻim ostida jaranglaydi, tizzalarini quchoqlab, bitta-bittalab guruch tozalab oʻtirgani koʻz oldimdan ketmaydi…
Ha… Men uning menga muhabbat qoʻyishini istardim va ayni vaqtda nimadandir choʻchirdim.
“Meni sevmasa-chi? — derdim oʻzimcha. — Shunday, yaqin olib yurgan boʻlsa-chi?” Ayollarning juda murakkab va mugʻambir boʻlishini eshitganman. Lekin Oypopukni shunday ayollar qatoriga mutlaqo qoʻshgim kelmasdi. Toʻgʻri, u juda murakkab tabiatli qiz edi. Uni darrov tushunish, gapirayotganida xayolida nimalar kezayotganini bilish ancha qiyin, koʻpincha esa mutlaqo mumkin emas edi. Xoʻsh, sevmasa nega bunday tutadi oʻzini? Nega bunday gʻalati fol ochadi? Uning haqidagi fikrlarimdan nega xuddi yosh boladek xursand boʻlib, chapak chaladi? Boshim qotdi. Uchrashishga, butun dardimni toʻkib solishga ahd qildim.
Ertasiga uyiga bordim. Uy berk edi. Qaytib ketayotib, idoraning oldida Faridani uchratib qoldim. Ikkalovi oʻrtoq ekanligini, maktabni birga tamomlaganliklarini bilardim. Har qanday uyatni yigʻishtirib qoʻyib, soʻradim:
— Oypopukni koʻrmadingizmi? Uyda yoʻq. Tuzukmikan?
— Tuzuk, — dedi Farida. — Bugundan ishga chiqqan. Fermada. Nima edi?
Javob berishga sabrim chidamay, fermaga yugurdim. Ammo u yerda ham yoʻq edi. Hozir shu

yerda edi, qayoqqadir ketdi, deyishdi. Qayoqqaligini aytishmadi. Butun qishloqni aylanib chiqsim, ammo topolmadim. Kunni zoʻrgʻa oʻtkazdim-da, kechqurun uyiga bordim. Usmon aka ayvonda choʻt qoqib, qandaydir hujjatlarni tekshirib oʻtirardi. Oypopuk koʻrinmadi. Soʻrashga esa, botinolmadim. Bir mahal, uyning eshigi ochilib, u chiqdi. Lekin… lekin koʻrishi bilan qaytib kirib ketdi. Hayron qoldim. Yuragim orqamga tortib, oyoqlarimgacha boʻshashib ketdi. Ancha oʻtirdim. Lekin u chiqmadi.
Xomush boʻlib uyga qaytdim.
Mavlon Shahodat xola bilan gaplashib oʻtirardi.
— Sobirdan xat kelibdi, — dedi u meni koʻrib. — Ming metr balandlikdan parashyutda sakrabdi.
Sobir kampirning oʻgʻli edi.
— Yaxshi, — dedim parvosizlik bilan.
— Ha, kayfingiz buzuq? — soʻradi doktor. Indamadim.
— Bu kishining muchali qishmi deyman, nima balo?! — dedi Shahodat xola. — Sal narsaga kuyunaverasizmi, bolam? Mundogʻ yozilsangiz-chi!
Erinibgina jilmayib qoʻydim. Gapirishga majolim yoʻq edi.
Zoʻrgʻa tunni oʻtkazdim. Boshim guvillab ogʻrirdi, nima qilishimni bilmasdim. Ruhim tushgan, kayfim buzuq edi. “Nega bunday qildi? Nega birdan oʻzgarib ketdi?” — oʻylardim nuqul. Qancha oʻylasam ham oʻyimning tagiga yetolmasdim. Kechqurun pravleniye yigʻilishi boʻldi. Yigʻilishda xuddi nina ustida oʻtirgandek oʻtirdim. Yuragimga hech narsa sigʻmasdi. Yigʻilish tamom boʻlishi bilan otilib eshikka chiqdim.
— Oʻktam aka! — dedi shu payt orqamdan kimdir. Oʻgirildim, Farida edi.
— Xoʻsh?
— Manavi xat sizga, — dedi u. — Popuk berib yubordi. Yuragim hapqirib ketdi. Xatni shu yerdayoq ochib oʻqiy boshladim.
“Bezovta qilganim uchun kechiring, — deyilgan edi xat-da. — Sizda zarur ishim bor. Daryo labidagi oʻsha oʻzingizga tanish boʻlgan xarsangtosh yonida kutaman. Yigʻilishdan chiqib keling. Oʻtinib soʻrayman. Oypopuk”.
Menga jon kirdi. Xatni mahkam ushlaganimcha olmazorga qarab yugurdim.
Oydin kecha edi. Hammayoq kumushrang nurga koʻmilgan. Jimjitlik. Faqat olma barglari sehrli shitirlardi. Xarsangtosh oldida nimadir qorayib koʻrindi. Oypopuk! Yuragim battar oʻynab ketdi. Yaqinlashdim. Oypopuk menga oʻgirildi, uning koʻzlari charaqlardi.
— Salom. Tinchlikmi? — dedim muzdek qoʻlini qisib.
— Tinchlik. Meni kechiring, — dedi u. — Bemahalda qiz bolaning bunday pastqam joyga erkak kishini chaqirishi odobdan emas. Bilaman. Lekin majbur boʻldim. Men… men…
U jimib qoldi. Boshi egildi, birdan yelkalari titrab ketdi. U yigʻlardi.
— Nima boʻldi oʻzi? Aytsangiz-chi! Meni qiynamang! — dedim oʻpkam toʻlib borayotganini sezib.
— Men… men.. sizni yaxshi koʻrib qoldim…
Oypopuk shunday deb, boshini koʻkragimga tashladi.
— Men ham… men ham!.. — dedim uni bagʻrimga bosar ekanman. — Oʻsha birinchi koʻrishgan kunimizoq yaxshi koʻrib qoldim!.. Gulxan yonida…
— Rostdanmi? — soʻradi u boshini koʻtarmay.
— Rostdan, rostdan! — dedim men. — O, qanday yaxshi! Oypopuk, jonim!.. — oʻpa boshladim. U indamasdi. Keyin hozirgina menga baxt ato qilgan lablaridan oʻpmoqchi boʻlib, yonib turgan quloqlarini qisib, boshini koʻtardim. Uning jiqqa yosh koʻzlari mehribonlik bilan menga tikildi. Birdan u siltanib qoʻlimdan chiqdi. Xarsangtoshning ikkinchi tomoniga oʻtdi-da, menga teskari oʻgirilib, unga suyandi. U yigʻidan toʻxtagan, lekin xomush edi. Yoniga borib,

bilagidan ushladim.
— Qoʻying, — dedi qoʻlini tortib. — Sizni bunga chaqirmagan edim. Qoʻrqqanim boʻldi.
Shundan qoʻrqqan edim.
— Nima boʻldi? Nima deyapsiz oʻzi? — soʻradim men.
— Oʻktam aka, — dedi Oypopuk savolimga javob bermay, jiddiy ohangda. — Sizdan katta iltimosim bor. Shuni bajarsangiz, men sizdan bir umr minnatdor boʻlaman.
— Ayting, qanday iltimos?
— Keting bu qishloqdan… Butunlay keting.
— Nima?! — hayron boʻlib qoldim. — Nima deyapsiz oʻzi?
— Keting, deyapman, — Oypopuk menga tik qarab gapirdi. — Yoshsiz. Yaxshi qizlar koʻp boshqa joylarda ham, oʻtinib soʻrayman, keting. Men bilan hayotingiz azobda oʻtadi.
— Unday demang, — dedim men jahl bilan. — Nega azobda oʻtar ekan? Meni sevasiz-ku!
— Ha, sevaman, judayam sevaman. Lekin… lekin, — dedi Oypopuk. — Men oʻzimni yaxshi bilaman. Yarimta odam bilan hayot qurib boʻlmaydi. Men esa, siz bilan boʻlsam yarimta boʻlib qolaman.
— Nega axir?
— Dadamlar-chi? U kishi mening tugʻishgan otam emas. Lekin men uchun tugʻishgan otamdan ham aziz. Tashlab ketolmayman. Xuddi menga oʻxshab, u ham yolgʻiz. Meni deb hatto turmush qurmagan. Men ham oʻzimni unga bagʻishlamoqchiman. Buning uchun men hamma narsadan, sevgimdan ham, baxtimdan ham voz kechishim mumkin. Keting. Agar meni sevsangiz, ketasiz. Axir, ayting, bir odam oʻzini ikki kishiga bagʻishlay oladimi?
Men turgan joyimda qotib qolgan edim. Hozirgina yuragimni yoritib turgan baxt chirogʻi soʻnayotgandek edi. Uning oxirgi soʻzlari meni oʻzimga keltirdi.
— Men hamma narsaga tayyorman, — dedim hayajon bilan. — Nima desangiz, shuni qilaman.
Faqat siz bilan birga boʻlsam boʻldi. Haydamang, Oypopuk!
— Yoʻq, yoʻq! — u koʻzlarini yumdi. — Keting, oʻtinaman, keting. Sevaman, dedingiz-ku!
Meni qiynamang.
— Xoʻp, — dedim nihoyat. — Hozir ketaymi?
— Ha, hozir keting.
Butun vujudim boʻshashib, mast odamday gandiraklab yoʻlga tushdim. Men yigʻlardim. Birdan ogʻir yoʻqotish boshimga tushganiga yigʻlardim. Boyagina koʻzimga ming xil rangda tovlanib koʻringan dunyo qorongʻi zimistonga aylandi. Timirskilanib olmazorga kirib ketdim. Shu payt:
— Oʻktam aka! — degan chinqiroq ovoz qulogʻimni teshib yuboray dedi.
Toʻxtab qoldim.
— Oʻktam aka! — dedi yana shu ovoz. Endi yaqinroqdan eshitildi. Quloq soldim. Kimdir men tomonga yugurib kelardi. Tanidim. Yuragim qinidan chiqib ketayozdi. Bu Oypopuk edi! U yugurib kelib, oʻzini bagʻrimga otdi-da, yigʻlab yubordi…

9

Oʻsha kuni dimogʻimda nozik, yoqimli hid qoldirib, Oypopuk ketdi. Men ham uyga yoʻl oldim. Kayfim chogʻ edi, lablarimda tabassum oʻynardi. Uyga kirganimda doktor otamdan xat kelganini aytdi. Olib oʻqiy boshladim.
«Oʻgʻlim, — deb yozibdi otam. — Soʻnggi xatingni olib xursand boʻldim. Yakkachinorning yaxshi joyligini bilardim. — Eskadronimiz 29-yili oʻsha qishloqda turgan, lekin senga bunchalik
yoqib qolishini oʻylamagan edim. Ketib qolasanmi, deb qoʻrqib yuruvdim. Endi koʻnglim joyiga tushdi. Ogʻir boʻl, nojoʻya ishlar qilib qoʻyma.
Mening ahvolimni soʻrasang, yomon emas. “Semashko”ga yoting deyishyapti. Yotgim yoʻq,

tuzukman.
Ha, aytganday, bir narsani soʻramoqchi edim. Xating bu gal ancha tarqoq, ega-kesimining tayini yoʻq. Tinchlikmi oʻzi, yo ishing koʻpligidan shoshib yozdingmi? Bir kun oldin, bir kun keyin, shoshma.
Salom bilan otang».
Oʻsha zahotiyoq javob yozdim.
«Xatingizni oldim, — dedim unda. — Salomatligingizni bilib, xursand boʻldim.
“Semashko”ga yotsangiz, yaxshi boʻlarmidi? Harholda, yurak bilan oʻynashib boʻlmaydi.
Mening ishlarim yaxshi. Avvalgi xatimning tarqoqligiga sabab koʻp. Bu yer menga juda yoqib qoldi.
Kuzning oxirlarida ikki-uch kunga borib kelaman. Shunda bafurja gaplasharmiz».
Ha, Yakkachinor haqiqatan ham menga yoqib qolgan edi. Oʻzimni baxtli his qilardim. Inson oʻzi bilmagan, lekin tusmol qilib yurgan butun orzulariga yetishadi-yu, baxtli boʻlmaydimi?!
Biz Oypopuk bilan har kuni uchrashardik. U adasiga turli bahonalarni qilib, uydan chiqardi, bir-ikki soat daryo labida, olmazor ichida aylanardik, gaplashardik… Gapimiz sira ado boʻlmasdi. Hayajon, hazil, kulgi aralash tuzilgan ming xil reja, ming xil orzularni, hattoki oddiy gaplarni kunda ming martadan qaytarsak ham jonimizga tegmasdi. Aksincha, har gal har xil jaranglardi.
Yoshlikdagi orzu, rejalarni bilasizmi? O, bu orzular!.. Qanday shirin, lazzatli… ularni tilga olish bilanoq oʻzingizni oʻzga dunyoda his qilasiz, qalbingiz toʻlqinlanadi,
koʻzlaringizda, lablaringizda tabassum oʻynaydi.
Bir qarasangiz, qush boʻlishni orzu qilib, turnalar singari koʻkda parvoz qilardik. Bir qarasangiz, dalalar, qir, togʻ-toshlar oshib, sevgimizni butun dunyoga jaranglatib kuylardik. Bizning yuzga kirishimiz aniq edi. Shu yuz yil ichida qiladigan ishlarimiz ham aniq edi. Oypopuk doim yonimda boʻladi. U mendan bir qadam siljimaydi. Menga tikilib oʻtiradi, albatta kechqurun, ishdan keyin. Dadasi ham biz bilan boʻladi. U biz bilan birga yashaydi, biz bilan baravar umr koʻradi. Uning bizdan oldin oʻlib ketishi mumkin emas. Shunday odamning oʻlishi mumkinmi? Ikkalamizga baravar dada boʻladi. Men ham otamni olib kelaman. Biz ishda boʻlganda, ikkalovi zerikmay oʻtirishadi. Biz koʻp sayohat qilamiz, butun dunyoni aylanib chiqamiz. Yakkachinorda esa, biz bormagan joy qolmaydi.
Bir kuni biz, odatdagidek, daryo labida uchrashdik. Kuzning oʻrtalari edi oʻshanda. Bogʻlar, dalalar oltin tusga kirgan. Havo bir oz sovigan boʻlsa ham, iliq shamol esardi. Biz oyoqlarimizni suvga osiltirib, daryoga tikilib oʻtirardik.
— Oʻktam aka, — dedi bir mahal Oypopuk, — esingizdami, xuddi shu yerda “Dengiz sirlari”ni oʻqib oʻtirganimda, gir koʻp ekanmi dengizda, deb soʻradingiz. Esingizdami?
— Ha, siz hali bilmayman, dedingiz. Toʻgʻrimi?
— Toʻgʻri. Esingizda ekan. — U kuldi.
— Nima edi? — soʻradim men.
— Dengizda sir koʻp ekan, — dedi u xayolchan. — Odamlarda undan ham koʻp boʻlsa kerak-a?
— Ha, undan ham koʻp, — dedim men. — Lekin ular oʻz sirlarini yashirmaydilar. Yashirishsa,
shunday goʻzal joylarda yasharmidik?
— Sizning ham sirlaringiz bormi? — soʻradi u koʻzlarini ayyorona suzib.
— Sizdan yashiradigan hech qanday sir yoʻq menda.
— Qaydam?.. — u oyoqlarini shapillatib, koʻzlarini ayyorona suzdi.
— Nima, menga ishonmaysizmi?
— Qaydam?
Men uning hazillashayotganini bilardim, lekin bilsam ham negadir tashvishlandim.
— Axir, kechagina, ishonaman, deb aytgan edingiz-ku?

— Kecha boshqa, bugun boshqa, — dedi u qoshlarini chimirib. — Kecha havo bulut edi, bugun esa ochiq.
U xaxolash bilan birdan oʻrnidan turdi-yu, peshonamdan oʻpdi.
— Sizni yaxshi koʻraman. Ishonaman. Yuring, toqqa chiqamiz!
Oypopuk tuflisini qoʻliga olib yugurib ketdi. Men ham oʻrnimdan turdim. Chinorli qoyaga yetib kelganimizda kun ancha ogʻib qolgan edi. Havo ham salqin edi. Kurtkamni yechib, qoramtir bilaklarini quchoqlab olgan Oypopukning yelkasiga tashladim. Osmonda katta-katta bulut parchalari suzib yurardi. Ular orasidan tushib turgan ingichka shuʼlalardan chinorning qizgʻish barglari oltin tangalardek yaraqlardi. Koʻzim qamashib ketdi.
— Yuring, qoyaga chiqamiz, — dedi Oypopuk, — sira chiqqan emasman.
Toshdan-toshga bitta-bitta oyoq qoʻyib, qoyaning ustiga koʻtarildim.
— Voy-boʻ! — deb yubordi Oypopuk atrofga qarab.
Koʻz oldimizda ajoyib manzara ochilgan edi. Butun qishloq, past-baland uylar, bogʻlar, polizlar, toʻlqinlanib oqayotgan daryo tagimizda edi. Tepamizda esa baland qoyalar, oq-qora bulutlar, gʻuvillagan shamol!
— Qanday chiroyli! — dedi Oypopuk entikib.
— Ha, judayam, — dedim men.
— Tez-tez kelib turamiz, xoʻpmi?
— Xoʻp.
— Men qishlogʻimizning bunchalik chiroyliligini endi bildim! Qarang, hov ana, uyimizni koʻryapman. Hov ana, tolning tagida. Koʻryapsizmi?
— Ha, hov ana idora.
— Ha. Sizning uyingizni topib beraymi? Oypopuk bahaybat chinorga yaqinlashib, suyandi.
— Topdim, topdim. Bu yoqqa yaqin ekan-ku! Qarang.
Uning yoniga borib, men ham chinorga suyandim.
— Ha. Doktor uydaga oʻxshaydi. Deraza ochiq.
Bir mahal Oypopuk titrab ketdi-da, menga yopishib oldi.
— Qarang! — dedi qoʻli bilan pastni koʻrsatib. Qaradim-u, yuragim orqamga tortib ketdi. Qoyaning tagi qandaydir chuqur boʻshliq edi. Kichkina jilgʻa xuddi ilondek toʻlgʻanib oqardi. Katta-kichik toshlar atrofida dumalab yotardi.
— Shu yerdan tushib ketgan odam oʻlsa kerak-a? — dedi Oypopuk sirli ohangda.
— Ha. Chuqurligini qarang. Bunchalik balanddamiz, deb oʻylamagan edim.
— Men ham. — Oypopuk oʻylanib qoldi, bir ozdan keyin dedi: — Balki xotinini tashlab ketgan yigit shu yerdan yiqilib oʻlgandir?
— Qaysi yigit?
— Yakkachinor afsonasidagi yigit-da. Mening unga rahmim keladi. Bechora qanday azob chekkanikin?
— Yuring, qaytamiz, — dedim gapni boshqa yoqqa burish uchun.
— Yoʻq, yoʻq. Yana bir oz turaylik, — dedi shoshib Oypopuk va qoʻlimni ushladi. — Qarang, quyosh botyapti. U xuddi soʻnayotgan vulqonga oʻxshaydi. Siz quyosh botishini yaxshi koʻrasizmi? Men juda yaxshi koʻraman. Shunday qarab oʻtiraversam, oʻtiraversam. U botib, qorongʻu tushishini esa, yomon koʻraman. Hamma jonivorlar ham buni yomon koʻrsa kerak. Nega boʻlmasa sigirlar maʼraydi, tovuqlar qaqillaydi? Men ham oʻzimni yomon his qilaman. Ichimda nimadir uzilib ketganday boʻladi. Oʻktam aka?
— Labbay? — dedim uning gaplariga berilib.
— Meni yaxshi koʻrasizmi?
— Judayam!
— Meni hech yolgʻiz tashlab ketmaysiz-a?

— Yoʻq!
— Doim men bilan birga boʻlasiz-a?
— Ha!
— Sizsiz bir soat ham, bir minut ham turolmayman, deng!
— Sizsiz bir minut ham turolmayman.
— Men ham. Men ham sizsiz bir minut turolmayman. Sizni sira ham, sira ham yolgʻiz tashlab ketmayman. O, men iaqadar baxtliman, baxtliman!
Ha, biz ikkalamiz ham baxtli edik. Goʻyo, dunyo faqat biz uchun yaratilgandek, undagi hamma narsa, bepoyon dalalar ham, koʻkoʻpar togʻlar ham, kumush daryolar, jilgʻalar, lolarang chamandek yastanib yotgan bogʻlar ham biz uchun, yolgʻiz biz uchun barpo etilgandek edi. Qaytayotganimizda soʻradim:
— Usmon akamga nima deysiz? Oypopuk qizarib ketdi.
— Har kungi gapimni aytaman. Faridalarnikidaydim, deyman.
— Hech narsani sezmayaptilarmi?
— Yoʻq, — dedi u xayol surib. — Sezmayotgan boʻlsalar kerak. Aytish kerak edi. Lekin qanday qilib aytaman?
— Men aytaymi?
— Yoʻq, yoʻq, — dedi shoshib Oypopuk. — Men oʻzim… oʻzim aytaman. Baribir, aytish kerak-
ku axir. Yashirib boʻlmaydi.
— Qiz bolasiz, qiyin boʻlar? Men aytaqolay?
— Yoʻq, — dedi u, — dadamlardan hech narsani yashirmayman. Buni ham aytaman. Lekin…
ikki kundan beri nashʼalari past.
— Ha, men ham sezdim, — dedim men. — Lekin nega? Kolxozda ishlar yomon emas.
— Men bilaman, — dedi Oypopuk. — Toshkentda bir oʻrtoqlari bor edi. Qosim aka degan.
Injener. Shu kishi qamalibdi.
— Qamalibdi? — ajablanib soʻradim men.
— Ha.
— Nega qamalibdi?
— Hech kim bilmaydi. Uydagilar ham. Dadamlar, adashib qamalgandir, bunaqa voqealar boʻlib turadi, deyaptilar. Qosim aka biznikiga koʻp kelib turardilar. Utgan yili kuzda Yakkachinorga ham kelib, uch-toʻrt kun turib ketganlar. Doktor u kishiga juda yoqib qolgan edi. Ay-niqsa, pazandaligi. Yakkachinorga yana kelsam, Mavlonjonning oshi uchunoq kelaman, degan edilar. Urushda ham boʻlganlar, koʻp qiyinchiliklarni tortganlar. Asirda boʻlganlar-da, keyin qochganlar. Polshadan. Ancha vaqt ishga joylasholmay yurdilar. Dadam joylashtirib qoʻydilar. Eh, tortgan azoblarini gapirib bersalar, yuraklaringiz ezilib ketadi. Oʻktam aka, adashib qamalgandir-a, nima deysiz?
— Menimcha ham shunday boʻlsa kerak, — dedim men.
— Biram yaxshi oyilari bor. Xuddi qoʻgʻirchoqning oʻzi deysiz.
Oypopuk kuldi.
— Uylarida koʻp boʻlganman. Meni nuqul puchuq, deydilar. Men puchuqmanmi?
Oypopuk erkalanib menga qaradi.
— Puchuqsiz, — dedim men. Ikkalamiz kuldik.
Uyga kelganimda Mavlon yuziga jurnal yopib, karavotda yotardi.
— Ha, doktor? Kasalmisiz? — dedim hazillashib. U uh tortdi.
— Turing, ovqatlanamiz. Shunday qornim ochdi.
— Koʻproq yuring, — dedi u zaharxandalik bilan, keyin qoʻshib qoʻydi. — Tagʻin mening tegishimni ham tushirib qoʻymang. Oʻlayotgan boʻlsam ham ovqatni yeyman. Menga qarang!
— Xoʻp, qaradim, — dedim ovqatga yopishib.

— Men ketaman.
— Qayoqqa?
— Shaharga. Bu yerda men ishlolmayman. Yoʻq. Ketaman.
— Jinnilik qilmang.
— Bu jinnilik emas. — Doktor oʻrnidan turib, yonimga kelib oʻtirdi. — Bir yildan oshdi, chidadim. Endi toqatim yoʻq. Qishloq — qishloqda. Umrim bekorga oʻtib ketadiganga oʻxshaydi. Medikka shahar kerak.
— Farida-chi? — soʻradim men.
Ularning soʻnggi paytlarda bir-birlariga boshqacha qarab yurishganini bilardim.
— Nima boʻpti? Qiz bola birovning xasmi, — dedi Mavlon beparvolik bilan. —
Joylashgach, olib ketaman.
— Rozi boʻlarmikin?
— Koʻndiraman, — dedi qatʼiylik bilan u.
— Ixtiyoringiz, — dedim men ovqatdan bosh koʻtarmay, Mavlon mendan bunday javobni kutmagan edi shekilli, boʻshashib qoldi.
— Ertaga bir osh qilaylik, — dedi anchadan soʻng menga aybdorlarcha boqib. — Qoʻlboladan ozgina bor. Ketar jafosiga yaraydi.
— Oshingizning tarixini Toshkentda ham bilishar-kan, — dedim Oypopukning gaplari esimga tushib.
— Yoʻgʻ-ye, kim bilar ekan? E-ha, injener Vohidovmi? Utgan yili kuzda kelgan edi u. — Mavlonning chehrasi ochilib ketdi. — Oshni shu choyxonada qilib bergan edim. Juda ochiq, sergap odam. Uch kun turibdi-yu, bittamizga ogʻiz ochirmabdi-ya! Tagʻin nimalarni gapiradi deng? Nuqul qandaydir shpindel-mpindellarni!
— Shu odam qamalibdi.
— Qamalibdi? Nega?
Yelkamni qisdim. Mavlon ham jimib qoldi.
Koʻp oʻtmay yotdik. Darrov koʻzim ilindi. Mavlon ham xurrak ota boshladi. Bir mahal choʻchib uygʻonib ketdim. Kimdir jonholatda derazani taqillatardi.
— Kimdi, kim? — shoshib ochdim. Oypopuk ekan.
— Dadamlar! Dadamlarni!.. — dedi u entikib va gapirolmay hoʻngrab yubordi.
— Bu yoqqa kiring! Nima boʻldi oʻzi? — deb eshikka yugurdim. Oypopukni qoʻltiqlab olib kirgunimcha, uydagilar allaqachon turishgan edi. Shahodat xola lablari titrab gapirolmasdi. Mavlonning rangi quv oʻchib ketgan. Nuqul entikayotgan Oypopukka qarab qolgan edi.
— Nima boʻldi? — derdim men nuqul va zoʻr berib Oypopukni xonaga olib kirishga harakat qilardim.
Stulga oʻtqazganimda oʻzini bosib oldi shekilli:
— Dadamlarni… dadamlarni… qamoqqa olib ketishdi, — dedi va hushidan ketib qoldi.
Mavlon uyqusi qochib, nima boʻlganiga tushundi va Oypopukni mendan oldi. Ogʻzi ochilib,
bizga qarab turgan Shahodat xola birdan:
— Voy, voy shoʻrim! — deb baqirib yubordi. Birpasda uy qoʻni-qoʻshniga toʻlib ketdi. Hovlini qiy-chuv bosdi. Ayollar bir-birlariga quloq solmay, nimalarnidir hovliqib gapirishar, ora-sira yigʻlab ham olishardi. Haydarali aka, kolxoz partorgi kelib, hammani haydab yubordi-da, xonaning eshigini berkitdi. Oypopuk oʻziga kela boshladi. Bir ozdan soʻng koʻzlarini ochib, xonadagilarga bir-bir qarab chiqdi-da, piqillab yigʻlab yubordi.
— Yigʻlama, qizim, — dedi Haydarali aka. — Ertalab hammasi ayon boʻladi. Otangning gunohi yoʻq, men bilaman. Anglashilmovchilik boʻlsa kerak bu. Ertalab hammasi ayon boʻladi. Otangning gunohi yoʻq. Yigʻlama.
Oypopuk oʻrnidan turmoqchi boʻlib, qoʻzgʻaldi.

— Turmang, — dedi Mavlon. — Bugun shu yerda yoting.
— Ha, shu yerda qoling, — dedim men ham.
— Qayoqqa borasan? Shoʻtta qol! — dedi Shahodat xola.
— Shu yerda qol, — dedi Haydarali aka va menga oʻgirildi. — Ertalab idoraga yigʻilaylik.
— Xoʻp, — dedim men.
— Endi yotinglar, hali erta, — dedi Haydarali aka. — Baribir foydasi yoʻq.
U ketdi. Lekin hech qaysimiz mijja qoqqanimiz yoʻq.
Tong otishi bilan idoraga bordim. Usmon akaning kabineti odamlar bilan liq toʻla edi. Koʻp oʻtmay Saksonboy ota bilan Haydarali aka ham kelishdi. Hamma negadir jim, hech kim gapni nimadan boshlashni bilmasdi. Bu ayanchli sukunat ancha davom etdi. Nihoyat, Saksonboy ota chiday olmadi shekilli, mendan soʻradi:
— Oypopukka nima qilibdi, yotibdimi?
— Yotibdi, mazasi yoʻqroq, — dedim men.
— Nima qilamiz? — dedi Haydarali aka hammaga bir-bir qarab chiqib. — Bir narsa qilish kerak.
Hech kimdan sado chiqmadi.
— Men kechasi butun ishlarimni xomchoʻt qilib chiqdim, — dedi Haydarali aka. — Kolxozda chatoqlik yoʻq. Boshqa ish boʻlsa kerak, chamamda, faqat Usmonjonning oʻziga aloqador boʻlgan ish.
— Nima ish boʻlishi mumkin? — soʻradi Saksonboy ota. — Doim katta-katta ishlarda ishlab kelgan. Doim mukofotlanib yurgan.
— Bilmadim, — uning gapini boʻldi Haydarali aka. — Menimcha, qandaydir anglashilmovchilik boʻlsa kerak.
— Ishqilib, shunday boʻlsin-da, — dedi kimdir yengil xoʻrsinib, — yaxshi odam edi.
— Ha, tilla odam Usmonjon, menimcha bunday qilsak… — dedi Haydarali aka bir oz oʻylanib. — Rais oʻrnini bilintirmay ishlayveramiz. Vahimaga tushish kerak emas. Ikki-uch kishi rayonga boraylik. Har holda, u yerda bilishsa kerak. Nima deysizlar?
Hamma bu taklifni maʼqulladi.
— Qizi nima boʻladi? U yolgʻiz-ku! — dedi kimdir.
— Nima boʻlardi? — qizishdi Haydarali aka. — Hech narsa boʻlmaydi.
— Farida bilan turadi, — dedi Saksonboy ota. — Yo biznikida, yo oʻzinikida.
— Uch-toʻrt kunlik gap bu, — dedi Haydarali aka. — Hech nima qilmaydi. Usmonjon kelguncha Saksonboy ota aytganday turaturadi. Xoʻp, raykomga men boraman. Yana kim boradi?
— Men! — dedim oʻrnimdan turib.
— Boʻlmasa ketdik. Ikki kishi boʻladi.
Haydarali aka odamlarga baʼzi topshiriqlarni berdi-da, eshikka chiqdi. Ketidan men ham chiqdim. Shu zahotiyoq rayonga joʻnadik.
— Juda erta ketyapmiz, — dedi yoʻlda Haydarali aka. — Raykomda hech kim boʻlmasa kerak.
Lekin bunday boʻlib chiqmadi. Mashinamiz gulzor yonida toʻxtaganda Qodirovning oʻzi chiqib kelayotganini koʻrib qoldik.
— Juda yaxshi boʻldi, — dedi Haydarali aka. — Oʻzini uchratib qoldik.
Qodirov bizni koʻrib, qarshimizga yurdi.
— Ha, buncha saharlab yurmasalaring? Salom, — dedi u qoʻlini omonatgina choʻzib.
— Usmonjon kecha qamaldi, — dedi Haydarali aka.
— Ha, eshitdim, — dedi Qodirov. — Yaxshi boʻlmabdi.
— Sababini bilsangiz kerak? — soʻradim men.
— Afsuski, bilmayman, — dedi u bosh chayqab. — Bilmayman.
— Nima qilamiz endi? — soʻradi Haydarali aka.
— Sizlar qishloqqa ketaveringlar, — dedi Qodirov. — Surishtiramiz. Uch-toʻrt kun sabr

qilinglar. Aybi boʻlmasa oʻzi ham kelib qoladi.
— Uning qanaqa aybi boʻlishi mumkin! — dedi zarda bilan Haydarali aka. — Tilladay sof odam!
— Bilaman, bilaman, — dedi Qodirov uni boʻlib. — Surishtiramiz.
Qishloqqa qaytib, hamma gapni odamlarga yetkazdim-da, biznikiga bordik.
Oypopuk hali shu yerda edi. Bizni koʻrib, sakrab oʻrnidan turdi. Bechora qiz bir kechada choʻp boʻlib qolibdi. Rangi quv oʻchgan, kirtaygan koʻzlari javdiraydi.
— Nima gap? Tinchlikmi? — soʻradi u hovliqib.
— Tinchlik, qizim, tinchlik, — dedi Haydarali aka vazminlik bilan. — Xavotir olma. Dadangning hech qanday gunohi yoʻq. Bir oz sabr qilish kerak. Bir-ikki kunda hammasi ravshan boʻladi. Yo dadangning oʻzi kirib keladi. Sabr qilasanmi?
— Ha, — deya Oypopuk itoatkorona boshini egdi. Oradan, Qodirov aytgandek, uch-toʻrt kun emas, bir oy oʻtib ketdi. Rayondan hech qanday javob boʻlmadi. Oypopukning bir oy ichida surati qoldi, xolos. Bechora qiz tiq etsa eshikka yugurar, hol-ahvol soʻrab kelgan odamlarga, biron yangilik aytisharmikan, deb najot bilan boqardi.
— Mana, — dedi bir kuni u xoli uchrashganimizda. — Hamma orzularimiz bulut parchalaridek tarqalib ketdi. Keting, deb iltimos qilganimda nega ketmadingiz? Mana, endi bitta men bilan dadamlar emas, siz ham baxtsizsiz.
— Unday demang, — dedim men yupatishga intilib. — Dadangiz keladi, yana hamma narsa oʻz iziga tushib ketadi.
— Yoʻq, endi iziga tushmaydi, — dedi u lablariga oqib tushgan yoshini artar ekan. — Tushmaydi. Yuragim sezib turibdi. Men judayam baxtli edim. Baxt esa doimiy narsa emas. Dadamlarga achinaman. Yana yolgʻiz qoldilar. Nima qilayotgan ekanlar hozir?
— Qoʻying, xafa boʻlmang, yana bir oz sabr qiling.
— Sabr!.. Sabr qilmay ilojim qancha?
Lekin mening ilojim qolmadi. Haydarali aka bilan maslahatlashib, yana raykomga borishga qaror qildim. Bordik. Qodirovni topdik.
— E, kelinglar, — dedi u bizni koʻrishi bilan oʻrnidan turib, — ishlar yaxshimi? Durust, durust. Uzumchilikdan bu yil birinchi oʻringa chiqibsizlar. Kecha hisob qilishdi. Durust, durust…
— Biz Usmonjon masalasi bilan keluvdik, — dedi Haydarali aka uning gapini boʻlib.
— Ha, ha, tushundim. Qodirov oʻyga toldi.
— Bilasizlarmi, — dedi u bir ozdan soʻng. — Koʻp joylar bilan gaplashdim. Lekin natija bermadi.
— Aybi nima ekan?
— Bilolmadim, bilolmadim. Lekin oʻzlaring aytinglar, aybi boʻlmasa qamalarmidi?
— Aybi yoʻq uning! — dedi qizishib Haydarali aka. — Halol odam-ku u axir!
Qodirov yelkalarini qisdi.
— Biz uni yaxshi bilamiz! — dedi Haydarali aka.
— Toʻgʻri, — dedi Qodirov sekinlik bilan. — Men uni yaxshi bilmayman. Lekin uni biladigan odamlar, tashkilotlar bor. Balki adash qamalgandir, balki… Yana kim biladi deysiz. Men qoʻlimdan kelganini qildim. Bir necha joyga telefon qilib… surishtirdim. Xoʻsh… Lekin nega qamaladi, bilmayman. Aybi boʻlmasa qamalarmidi!
Qodirov qoshlarini chimirib, gap tamom, deganday soatiga qaradi. Boʻshashganimizcha tashqariga chiqdik.
— Qishloqqa kelib, Oypopukka Qodirov aytgan gaplarning birontasini ham aytmadik. Oʻzi zoʻrgʻa yuribdi, — dedi Haydarali aka, — buni eshitsa, tamom boʻladi-qoʻyadi. Qodirovning gaplari rost boʻlsa, keyin oʻzi bilib olar. Bu fikrga men ham qoʻshildim. Oypopukka hali hech

narsa maʼlum emas, deb koʻya qoldik.
Yana bir necha kun oʻtib ketdi. Oypopuk endi yigʻlamas, aftidan sekin-asta koʻnika boshlagan edi. Lekin hamon chehrasi soʻlgʻin, kamgap edi. Bu orada miyamda bir fikr paydo boʻldi. Toshkentga tushib, Qosim akaning oilasi bilan gaplashib kelmoqchi boʻldim. Axir ikkalovining bir vaqtda qamalishi bejiz emasdir! Fikrimni Mavlonga, Haydarali akaga aytdim. Maʼqullashdi. Oypopuk boʻlsa, sevinib ketdi.
— Men ham boraman! — dedi u.
— Qanday qilib borasan? — gapga aralashdi Farida. — Ertaga raykomda boʻlishing kerak.
Esingdan chiqdimi? Seni tasdiqlashadi.
— Xayolimdan koʻtarilibdi, — dedi Oypopuk boʻshashib. — Endi nima qilaman-a? Juda ham borishni istardim!..
Mening oʻzim ham ichimda uning borishiga qarshi edim. Nima qiladi qyynalib? Yaxshi gap eshitsak mayli. Hech narsa bilolmasak-chi? Qodirovning gaplarini u yerda ham eshitsak-chi?
— Siz qoling, — dedim. — Raykom chaqirtirgan boʻlsa, shu yerda boʻlishingiz kerak.
— Xoʻp, — dedi u, — sizga ishonaman. Quruq qaytmaysiz.
— Albatta, — dedim men. — Hammasini surishtiraman. Mana, koʻrasiz, dadangiz chiqib keladilar.
— Koshkiydi…
— Oʻzingizni qiynamang. Vaʼda berasizmi?
Oypopuk indamadi. Bagʻrimga ohista bosdim-da, issiq peshonasidan oʻpdim…
Oʻsha kuniyoq pravleniyedan ruxsat olib, Toshkentga joʻnadim.

10

Otam meni ham sevinch, ham hayrat bilan qarshi oldi.
— Kutmagan edim, — dedi uyda oʻtirganimizda gap orasida. — Oʻzing keldingmi yo ish bilan?
Hammasini gapirib berdim.
— Endi Qosim akanikiga boraman, — dedim gapimning oxirida. — Balki Usmon akaning bunga aloqasi bordir?
— Usmon akangni… — dedi otam menga diqqat bilan tikilib, — yaxshi bilasanmi?
— Ha, — dedim men. — Nima edi?
— Oʻzim, shunday, — otamning negadir gapirgisi kelmadi. — Odamni bilish qiyin.
Baʼzilarning tili boshqa-yu, dili boshqa boʻladi.
— Bilmadim, — dedim qanday javob qilishni bilmay. — Lekin Usmon aka bunaqa boʻlmasa kerak.
— Ishqilib, shunday boʻlsin, — dedi otam. — Oʻzingga ehtiyot boʻl.
— Nega bunday deyapsiz? — soʻradim hayron boʻlib. Otam indamay koʻrpacha ustida yotgan gazetani olib, menga uzatdi-da:
— Toʻrtinchi betdagi eʼlonni oʻqi, — dedi.
Oʻqiy boshladim. Bular ajralish haqidagi eʼlonlar edi.
Otamga qaradim.
— Oʻqi, oʻqi, oxirigacha oʻqi, — dedi u
Yana oʻqishga tushdim. Soʻnggi satrlarda Sanobar Vohidova degan qandaydir ayolning Qosim Vohidovdan ajralishi haqidagi arizasi shahar sudida koʻriladi, deb yozilgan edi. Hayron boʻlib qoldim.
— Vohidovni taniysizmi? — soʻradim otamdan.
— Yoʻq. Lekin yomon gap tez tarqaladi. Xoʻsh, endi nima deysan? — dedi otam. — Aybi

boʻlmasa ajralarmidi? Asirlikda boʻlgan ekan, nimalar qilgan u yokda, kim biladi?!
Otam bilan boʻlgan bu suhbatdan soʻng Qosim akanikiga oyogʻim tortmay bordim. Eshikni sekin taqillatdim. “Kim?” — degan xasta ovoz eshitildi. Koʻp oʻtmay eshik ochildi.
Oldimda oq doka roʻmol oʻragan bir kampir turardi. Salom berdim.
— Alaykum salom. Keling, bolam? — dedi kampir menga koʻzlarini tikib. — Ichkariga kiring. Kimsiz, bolam?
— Tanimaysiz meni, — dedim uning orqasidan ichkariga kirib.
— Suddanmasmisiz?
— Yoʻq. Men qishloqdanman. Yakkachinordan.
— Yakkachinordan? — soʻradi kampir hovlining oʻrtasidagi supaga oʻtirib. —
Usmonjonning oldidanmi?
— Ha.
— Voy aylanay-ey, salomatmisiz? Usmonjon oʻzi eson-omon yuribdimi? Popuk qalay?
Katta qiz boʻlib yuribdimi? Anchadan beri koʻrganim yoʻq. Maktabni bitiray dedimi?
— Ha, bitirgan. Kolxozda ishlayapti.
— Baraka topsin. Biram aqlli qizki! Biram yoqimtoyki! Xuddi popukning oʻzi deysiz.
Omin! Hamma balo-qazolardan xudo oʻzi asrasin, Ollohu akbar!
Kampir fotiha oʻqib, menga yuzlandi.
— Keling, bolam?
— Kelinoyim uydamilar?
— Yoʻq, halizamon kelib qoladi. Nima edi?
— Usmon akam… Usmon akam qamalib qoldi.
— Voy shoʻrim? Voy shoʻr peshonam! Voy bola bechora!.. Kampirning koʻzlaridan tirqirab yosh oqib ketdi. U entikardi. Anchadan soʻng ogʻir xoʻrsinib, roʻmol uchi bilan koʻzlarini artdi-da, menga qaradi.
— Nega qamaldi? Nima gunoh qilgan ekan?
— Bilmaymiz, — dedim men. — Qosim akamlarning ishlariga aloqadormikin, deb bu yoqqa keldim. Kelinoyimlar bilan surishtirsakmikin?
— Surishtirishning hojati yoʻq, — dedi shu tob orqamdan begona ovoz.
Oʻgirildim. Bu yosh, kelishgan juvon edi. Qosim akaning xotini ekanligini darrov payqadim.
— Surishtirishning hojati yoʻq, — dedi u men bilan soʻrashar ekan yangitdan. — Hech qanday natija bermaydi. Men bilaman.
— Sen hammasini bilasan, bolam, — dedi kampir istehzo bilan.
— Ha, bilaman, oyi! — dedi juvon jiddiy ohangda. — Kesatmang.
— Bilganing uchun ajralayotgan ekansan-da! — kampir yigʻlab yubordi.
— Ha, bilganim uchun! — dedi juvon oʻzini jahldan zoʻrgʻa tutib. — Mayli, mendan xafa boʻlavering. Lekin bir narsani yaxshi bilib qoʻying. Oʻgʻlingiz sizga qanchalik aziz boʻlsa, menga ham shunchalik azizlar.
Juvon shunday deb menga oʻgirildi-da, ogʻir xoʻrsinib, dedi:
— Hozir oʻsha yoqdan kelyapman. Usmon akam shu yerda emish. Qosim akam koʻribdilar. Lekin gaplasha olmaptilar. Menimcha, Usmon akam Qosim akamning ishlari bilan qamalgan boʻlsalar kerak. Ular juda yaqin edi. Bormoqchimisiz?
Boshimni qimirlatdim.
— Foydasi yoʻq, — dedi juvon. — Hech narsa bilolmaysiz. Salomat, deyishadi, xolos. Hech narsa qilolmaysiz. Yaxshisi, qayting, Oypopukni ovuting, koʻp qaygʻurmasin. Peshonamizdagini koʻramiz. Mendan salom ayting. Sal tinchiy, boraman oʻzim.
Kampir bilan xayrlashdim-da, eshikka yoʻl oldim. Juvon kuzatib qoʻydi.

— Menga qarang, — dedi ketayotganimda toʻxtatib. — Sizdan iltimos, oyimlar bilan,
boyagi… ajralish haqidagi gapimiz oramizda qolsin. Xoʻpmi?
— Xoʻp, — dedim.
— Rahmat.
Shunday deb, u kirib ketdi. Eshik yopildi. Men joyimda turib qoldim. Boshim gangigan edi. Hech narsani tushunmas edim. Ammo borgan sari yuragimda paydo boʻlgan gʻulgʻula kuchayardi.
“Nahotki rost boʻlsa? — derdim oʻzimcha. — Nahotki Usmon aka aybdor boʻlsa!” — Shunday derdim-u, bu gapga ishonishimni ham, ishonmasligimni ham bilmasdim.
— Nima gap? — soʻradi otam uyga kelganimda. — Biron narsa bildingmi?
— Yoʻq, — dedim men. — Lekin Qosim akaning xotini, hammalari bir ish yuzasidan boʻlsa kerak, deyapti.
— Ha… — dedi otam oʻylanib. — Aybi boʻlmasa qamalmasdi.
Men indamadim. Nazarimda, otam haqday edi…
Ana shunday ahmoqona, bir umrga meni badbaxt qilgan gunohkorona ishonch bilan uchinchi kuni qishloqqa qaytdim. Toʻgʻri uyimga bordim. Mavlon nimanidir yozib oʻtirardi.
— Nima gap? — deb soʻradi u ham otamga oʻxshab.
Hech gap yoʻq, degandek boshimni qimirlatdim-da, karavotga choʻzildim. Mavlon yonimga oʻtirdi. Qancha vaqt oʻtdi, bilmayman, bir mahal:
— Oypopukni tasdiqlamadi, — dedi u. Oʻrnimdan turib ketdim.
— Aldamang!
— Aldab nima qilaman? — dedi doktor. — Rost.
— Nega? Nima uchun?
— Bilmayman. Vaqtincha sabr qiling, deyishibdi. Boshqa hech narsa bilmayman. Otasi uchun boʻlsa kerak-da!
— Otasi uchun?
Mavlon indamadi. Boʻshashganimcha yostiqqa yonboshladim. Men oʻylardim. Ammo miyaga hech narsa kelmasdi. Qorongʻi tushdi. Qayerdadir tovuq qoʻrquv aralash qaqilladi. Men hamon yonboshlab yotardim.
— Oypopukni koʻrdingizmi? — soʻradi doktor.
— Yoʻq, — dedim.
— Bormaysizmi? Sizni kutib oʻtirgandir?
Bu gap meni oʻzimga keltirdi. Oʻrnimdan turib, Oypopuklarnikiga yoʻl oldim.
Hovlida Farida meni qarshi oldi.
— Keldingizmi! — dedi u quvonib. — Popukning mazasi yoʻq. Hech narsa yemaydi, hech narsa demaydi. Raykomda tasdiqlashmadi…
U piqirlab yigʻlab yubordi.
— Eshitdim, — dedim men, — oʻzi qani?
— Uyda. Oʻtiribdi. Koʻzi oynada.
Ichkariga kirdim. Oypopuk deraza oldida oʻtirardi. Egnida noʻxat gulli koʻylagi. Boshida dadasiga tikib bergan qoʻqon doʻppisi. Hali-hali esimda. Mening kirganimni sezmadi. Koʻzlarini olis-olislarga qadab oʻtiraverdi. Mah-liyo boʻlib qoldim. Koʻzlarimga u butunlay boshqacha boʻlib koʻrinib ketdi. U ancha ulgʻaygan, butun qomatida, chimirilgan qoshlari bir- biriga yopishib, gʻunchadek tugilgan lablarida salobat, vazminlik sezilib turardi.
— Oypopuk? — dedim sekin.
U choʻchib, orqasiga qaradi-da, sevinib ketdi.
— Keldingizmi?! — dedi qarshimga yurib. — Sizni rosayam kutdim. Lekin kelguningizcha yigʻlaganim yoʻq. Mana, qarang. Iigʻlaganga oʻxshaymanmi?
U oʻzini qanchalik shoʻx tutishga harakat qilmasin, qaltiroq ovozi, qovoqlari shishgan

koʻzlari ancha azob tortganini, yigʻlaganini bildirib turardi.
— Yoʻq, oʻxshamaysiz, — dedim jilmayib.
— Xoʻsh, nima gap? Qosim akamnikiga bordingizmi? Men hammasini aytib berdim. Oypopuk yana xomush boʻlib qoldi. Koʻzlari derazaga qadaldi, rangsiz lablari nimanidir shivirlay boshladi.
— Yoʻq! — dedi u bir mahal qatʼiy ohangda. — Dadamlarning ayblari yoʻq. Bu tuhmat.
Dadamlarda ayb yoʻq.
— Kim biladi, — dedim men. — Ayblari boʻlmasa qamashmasdi.
Bu gap, shu birgina shafqatsizlik bilan aytilgan gap meni umrbod badbaxt qildi, hamma narsadan aziz va qimmatli boʻlgan odamimdan judo qildi. Nega shunday dedim, nima majbur qildi, hozirgacha bilolmayman.
Oypopuk menga yalt etib qaradi. Uning bu qarashini men sira yodimdan chiqara olmayman.
Uning koʻzlari xuddi gʻazabga kelgan sherning koʻzlaridek yonardi.
— Nima?! — dedi u boʻgʻilib va yana nimadir demoqchi boʻlib ogʻiz juftladi, lekin ayta olmadi. U titrardi.
— Keting, — dedi u bir mahal bosiq ovozda. — Keting bu uydan.
— Oypopuk, axir men…
— Keting deyapman! — U koʻzlarini yumib, mendan yuzini oʻgirdi.
Chiqib ketdim. Nega chiqib ketdim. Nega qolib yupatmadim, kechirim soʻramadim? Axir har qanday bagʻritosh odam ham bunday qilmaydi-ku! Endi oʻylab koʻrsam, men oʻshanda
“haqoratlanibman”, ha, uning “keting” deganidan haqoratlanibman. Eh, bachkana gʻurur, pastkash odam!.. Men Oypopukdan xafa boʻlibman-u, ammo oʻzim uni haqoratlaganimni, ipakdek nozik qalbiga bir gap bilan xanjar sanchib qoʻyganimni sezmapman.
Uyga kelganimda doktor uxlab yotardi. Men ham yotdim. Ammo uyqu kelmadi. Miyamda ming xil fikr, lekin nimaligini bilmasdim. Faqat bir narsani, tuzatib boʻlmaydigan hodisaning yuz berganini va bunga bitta oʻzim aybdor ekanligimni aniq his qilardim.
Oradan koʻp vaqt oʻtmadi. Deraza sekin-sekin taqillay boshladi. Ochdim. Farida edi.
— Nima gap? — soʻradim undan.
— Popuk yoʻq, — dedi javdirab. — Siz ketganingizdan keyin, bir aylanib kelaman, boshim ogʻriyapti, deb chiqib ketuvdi, haliyam kelmayapti.
Derazadan sakrab koʻchaga tushdim. Nima qilishimni, qayoqqa borishimni bilmasdim. Yuragim dukullar, dam yigʻlamsirab turgan Faridaga, dam koʻchaga qarab alanglardim. Keyin daryo tomonga yugurib ketdim. Barglari toʻkilib, yalangʻoch boʻlib qolgan olmazordan oʻtib, xarsangtosh yoniga bordim. Oypopuk yoʻq edi. Qirgʻoq boʻylab choyxona tomonga chopib ketdim. U yerda ham yoʻq edi. Orqamga qaytib, uzumzor tomonga yugurdim. Bir marta shu yerda aylangan edik. Yoʻq, koʻrinmadi. “Oypopuk, Popuv-v!” — deb qichqirdim. Hech qanday javob boʻlmadi. Qoʻrqib ketdim. Qishloqqa yugurdim. Oypopuklarning uyi odamga toʻlib ketgan edi.
— Yoʻqmi? — soʻradi Saksonboy ota.
— Yoʻq, — dedim.
— Qayoqqa ketdiykin?
— Qidiramiz! — dedi Haydarali aka.
Hamma har tarafga tarqalib ketdi. Men ham ketdim. Birga boʻlgan joylarimizni boshqatdan aylana boshladim. Oypopuk yoʻq edi. Hammayoq jimjit. Faqat olis-olislardan:
“Popuv-v! Popuv-v!” degan boʻgʻiq tovushlar eshitilardi…
Tongga yaqin Yakkachinor oʻsgan qoya tagida Oypopuk topildi. Ammo u… jonsiz edi.

11

Dunyo koʻzimizga qorongʻi koʻrinib ketdi. Men har qanday qiyinchilikni kutgan edim, ammo bunday fojia xayolimga ham kelmagan edi. Hamma hayron. Uning qanday qilib halok boʻlganini hech kim bilmas edi. Lekin men uchun buning mutlako ahamiyati yoʻq edi. U qanday qilib halok boʻlgan boʻlsa ham, aybdori men edim. Ha, men, shafqatsiz, qoʻrqoq, oʻz tinchligini oʻylagan badbaxt odam! Agar men oʻshanda birgina soʻzni aytmaganimda, uni yupatganimda, hech kimga quloq solmasdan, unga ishonganimda, bu fojia, butun qishloqni zilzilaga solgan bu mudhish fojia yuz bermasdi. Ha, yuz bermasdi.
Buni yaxshi bilardim. Shuning uchun vahimaga tushib qoldim. Nuqul yigʻlayman. Tilimga soʻz kelmaydi. Agar oʻshanda: “Odamlar! Vijdonini yoʻqotgan odam men, men qotil! Men uni, bu saxiy, mehribon, katta qalb egasi boʻlgan qizni, bulokdek sof, hayotining oʻziday goʻzal qizni oʻldirdim!” — deb hammasini roʻy-rost aytganimda yengil tortarmidim? Yoʻq, bu gapni aytmadim, aytolmadim, qoʻrqoq-lik qildim.
Oypopukni dafn etib qaytganimizda Mavlonning oldiga kirdim.
— Doktor, — dedim unga. — Esingizdami, ketaman bu yerdan, degan edingiz. Yuring, birga ketamiz.
Mavlon oʻylanib qoldi. Keyin menga yeb yuborguday boʻlib tikilib:
— Yoʻq. Endi men ketmayman, — dedi. — Ketsangiz oʻzingiz ketavering, katta yoʻl.
Oʻsha kuniyoq Yakkachinordan ketib qoldim. Nazarimda, butun qishloq, dov-daraxt, oʻt-oʻlan menga nafrat va cheksiz gʻazab bilan qarayotgandek edi… Koʻkdagi yulduzlar ham soʻnik, kechagina toʻlishib turgan oy bulutlar orasiga kirib yoʻqolgan, yoʻlim qorongʻi edi.

12

Oradan olti yil oʻtdi. Hayot butunlay oʻzgarib ketdi. Necha yillab berk turgan derazalar ochilib, uylar saxiy quyosh nuriga koʻmildi. Kulgi unutilgan xonadonlarda qadahlar jarangi, shoʻx qahqaha sadolari yana paydo boʻldi. Koʻchalarni ishonch bilan tashlangan dadil qadamlar bosib ketdi.
Ishonch! Inson ishonch bilan tirik. Unga ishonish kerak. Agar insonga ishonilmasa, falokat yuz beradi. Afsus-ki, men buni keyin tushundim. Mendaqalar esa ozmidi?!
Men ularga achinaman. Insonga ishonmay ular nima foyda koʻrishdi? Nima orttirishdi?
Faqat gʻam va iztirob!
Men-chi? Men gʻam va iztirobdan tashqari yolgʻizlik orttirdim. Gʻamim bir umrga yetadi,
yolgʻizligim esa u bilan doim esh.
Yakkachinordan ketib qolganimdan beri faqat ishgina ovunchogʻim boʻldi. Toshkentga kelib ilmiy-tekshirish institutiga kirdim. Ertalab kelaman-u, turli qogʻozlarga mukkamdan tushib, kunni kech qilaman. Keyin yolgʻizlik… Pushaymon, oʻkinch. Mening aybim umr boʻyi yuvilmasa kerak. Baʼzan qishloqni oʻylab ketaman. Oypopuk bilan yurgan joylarimiz, bepoyon dalalar, qir, shoʻx daryo, uzumzor, bogʻlar birma-bir koʻz oldimdan oʻtadi. Doktorni eslayman. Negadir mallasoch bola — Bahodir xayolimga keladi. Baʼzan Shahodat xolaning serqatiq moshxoʻrdasi dimogʻimni qitiqlaydi. Usmon akani negadir kam oʻylayman. Lekin koʻp tushimga kiradi. Tushlarim negadir deyarli bir xil: bepoyon dala. Oʻrtasiga qizil gilam toʻshalgan. Usmon aka shu gilamning ustida oq ot minib turadi. Oypopuk unga oq, sariq, qizil gullardan guldasta tutadi.
Qachonlardir tushimda shu oq otni men minib turgan edim…
Usmon aka chiqib kelgan. Ancha boʻlgan kelganiga. Buni tasodifan bilib qoldim.
Bir kuni kechqurun Karl Marks koʻchasidan ketayotsam, oldimda ikki kishi koʻrindi. Ular men tomonga kelishardi. Biri ayol, biri erkak. Ayol erkakni qoʻltiqlab olib, nimanidir gapirib kelyapti. Ikkovi shod. Yaqinroq kelishganda ularni tanidim. Qosim aka bilan xotini,

oʻsha men uchratgan ayol edi.
Ular meni koʻrishmadi. Yonimdan oʻtib ketishayotganda yuragim oʻynab ketdi. Salom berib yubordim.
— Salom, — dedi Qosim aka toʻxtab va qoʻlini uzatdi. Shu payt ayol bilan koʻzimiz toʻqnashdi.
— E, salom, — dedi u jilmayib, — yaxshi yuribsizmi?
— Usmon akamdan hech qanday xabar bormi? — soʻradim shoshib.
— Hali xabaringiz yoʻqmi? — dedi ayol. — Allaqachon kelganlar. Mana, Qosim akangiz bilan birga kelishgan.
— Rahmat, kechirasiz, bezovta qildim, — dedim men.
— Hechqisi yoʻq, hechqisi yoʻq! — dedi Qosim aka va bu kim, deganday xotiniga qaradi.
Ayol koʻzlarini bilinar-bilinmas qisib qoʻydi. Men yoʻlga tushdim.
— Yaxshi yigit! — chaqirdi bir-ikki qadam bosganimda ayol.
Toʻxtadim.
— Agar u kishini koʻrmoqchi boʻlsangiz, yakshanba kuni kechqurun biznikiga keling. Adres esingizdadir.
— Esimda, rahmat! — dedim men.
Yakshanba kuni bordim. Lekin kirmadim. Kirishga jurʼat qilolmadim. Ancha vaqt uyning atrofida aylanib yurdim. Keyin, oʻgʻri odamday deraza yoniga borib, ichkariga moʻraladim. Usmon aka roʻparamda oʻtirardi. Yuragim oʻynab ketdi. Xuddi Oypopukni koʻrgandek boʻlib ketdim. Usmon aka oʻzgarmabdi. Faqat sochi kumushdek oqarib ketibdi, koʻz ostidagi ajinlari koʻpayibdi. Uzoq qarab turdim. U nimanidir goh kuyinib, goh kulib hikoya qilardi. Koʻp oʻtmay, oʻrnidan turdi. Oʻzimni panaga oldim. Eshikda xayrlashib, yana anchagacha gaplashib turishdi. Keyin Usmon aka “Gazik”ka oʻtirib joʻnadi.
Bu uchrashuv menga qanday taʼsir qilganini bilsangiz edi! Yolgʻiz oʻzim tonggacha koʻchalarni aylanib yurdim. Miyamni turli fikrlar qopladi. Men Yakkachinorga borishim kerak. Ha, borishim kerak. Men ular bilan birga boʻlishim kerak, dedim oʻzimga nihoyat va shunday qildim.
Qishloqqa oqshom payti yetib bordim. Uzoqda, kolxoz idorasining orqasida kimdir chirmanda chalardi. Nimadir tomogʻimga kelib tiqildi. Oypopuk bilan birinchi uchrashgan kunim xuddi chaqmoq chaqqandek koʻz oldimdan oʻtib ketdi. Toʻgʻriga yurolmadim.
Chapga burildim. Koʻprikdan oʻtganimda oyoqlarim boʻshashib, toʻxtab qoldim. Qancha turdim, bilmayman. Nihoyat, oʻzimni bosib olib, daryo labidan bitta-bitta yurib ketdim. Olisdan choyxona koʻrindi. Oʻsha, oʻsha choyxona. Oʻzgarmabdi. Faqat yoniga ikki qavatli bino tushibdi. Shu tomonga yurdim. Choyxonaga yaqinlashganimda medpunktdan yoshgina ayol kichkina bir bolani yetaklab chiqib ketdi. Yuragim dukillab ura boshladi. Ichkariga kirdim. Oq xalat kiygan toʻlagina bir kishi mikroskopda nimanidir koʻrib oʻtirardi. Tanidim. Mavlon.
— Doktor, — dedim sekin.
U oʻgirildi. Birpas qarab turdi. Keyin:
— Oʻktamjon! — deb dast oʻrnidan turdi.
Quchogʻiga tashlanib, oʻzimni tutolmay, yigʻlab yubordim.
— Butunlaymi?! — dedi u anchadan soʻng.
— Ha, — dedim qatʼiy ravishda. — Butunlay. Lekin…
— Nima lekin? — qoshlarini chimirdi Mavlon.
— Lekin meni qabul qilisharmikin? Men axir oʻshanda… — gapirolmadim. — Men gunohkorman, axir!
Mavlon indamadi. Anchagina jim qoldi. Oʻ oʻylardi. Qoshlari chimirilgan, lablari yumuq.
— Ha… — dedi u bir mahal. — Qanday kunlarni boshimizdan kechirmadik. Lekin koʻp qaygʻurmang, davr oʻzi shunaqa edi. U baʼzi odamlarni esankiratib qoʻydi, yuragiga gʻulgʻula

soldi, yoʻldan ozdirdi, hatto oʻzidan choʻchiydigan qam qilib qoʻydi. Baxtimizga u kunlar oʻtib ketdi. Yuring, uyga boramiz. Hoynahoy, charchagansiz. Farida chuchvara qilmoqchi bugun. Oʻzi ham hozirgina oʻgʻilcha bilan shu yerda edi. Yuring.
— Yoʻq, — dedim men oʻrnimdan turib. — Avval boshqa joyga borishim kerak.
Doktor qayergaligini surishtirmadi.
Medpunktdan chiqib, togʻ tomonga ketdim. Qabriston olis emas edi. Birpasda yetib bordim. Oypopukning qabri ustiga katta qora marmartosh yotqizilibdi. Toshning ustida yangi uzilgan gullar sochilib yotibdi. Mayin shamol ularning muattar hidini dimogʻimga urdi. Seskanib ketdim. Lablarimni iliq nam achita boshladi. Boshimni egganimcha turib qoldim. Bir zumda koʻz oldimdan Oypopuk bilan oʻtkazganim ajoyib damlar, unutilmas kulgi jaranglardi, dunyodagi eng lazzatli gaplarning musiqiy ohangi, yurakni ezuvchi koʻz yoshlar va mudhish fojia oʻtib ketdi. Xayolga choʻmdim. Nima qilish kerak, nima qilsam koʻnglim taskin topadi, nima qilsam hayoti gullamay xazon boʻlgan, mening uchun dunyodagi eng aziz odamning ruhini shod qilgan boʻlaman, — derdim oʻzimcha va oʻyga botardim. Shu alfozda qancha turdim, bilmayman. Bir mahal kimdir tirsagimni ushladi. Bu doktor edi.
— Boʻldi, yuring, — dedi u.
Qaytdik. Osma koʻprikka yetganimizda orqamga oʻgirildim. Qorongʻi tushgan, hech narsa koʻrinmasdi. Faqat baland qoya ustida qishloq tomonga egilib oʻsgan yakkachinor botayotgan quyoshning qizgʻish nurlaridan yaltirardi. U xuddi qoʻllarini choʻzib, sevikli hayot yoʻldoshiga oltin guldasta uzatib turgan pahlavon yigitga oʻxshardi. Yuragim battar chzilib ketdi. Chinorga havasim keldi. Bu havas, tirik chkanman, qalbimda soʻnmaydi va doim Oypopuk qabrini ziyorat qilgani borganimda, unga qarab: “Odamlar! Sevgi ishonchsiz boʻlmaydi. Bir-biringizga ishoning. Dunyoda bundan katta baxt yoʻq!” — deb qichqirgim keladi.

1961-1962 yillar.

Oʻlmas Umarbekovning “Tanlangan asarlar”i II-jildidan olindi. (“Sharq” NMAK Bosh tahririyati, Toshkent — 2005)

07

(Tashriflar: umumiy 4 135, bugungi 1)

Izoh qoldiring