Воҳид олманинг панасида бир неча дақиқа уларга қараб турди. Тўртовининг бу ўтиришида қайси бир классик пьесасдаги вазиятни эслатадиган аллақандай бир нарса бор эди, ҳатто айвоннинг ўзи, ундаги бу-юмлар ҳам саҳнани эслатарди кишига. Фарқи фақат шунда бўлиши мумкин эдики, Зарифани ўртага олган бу учовининг кўзлаган ёмон бир нияти йўқ, уларнинг ҳар бири шу тобда Зарифага яхшилик қилаётганларига, оила номуси учун, Воҳиднинг обрўси учун жон куйдириб, ҳасрат чекаётганларига амин эдилар. Афтидан, улар ўшанда ҳам, Розиянинг ҳар бир қадамини ўлчаб, унинг «уят-андишани билмаган бир беҳаё» эканлигини фош этиш учун жонбозлик қилган пайтларида ҳам Воҳидга яхшилик қилганларига, унинг обрўси, йигитлик шаънига доғ туширмаслик учун курашганларига имонлари комил эди. Davomini o'qish