Odil Yoqubov. Boysun safari & Shukur Xolmirzayev. Odil aka haqida o’ylasam

0_15da57_69afed08_orig.png20 октябрь — атоқли ёзувчи Одил Ёқубов таваллуд топган кун

    Ёзувчининг сувратини кўрмаган, у билан мулоқотда бўлмаган пайтларингда қиёфасини асарларидан олган энг яхши таассуротларинг, инсоний фазилатлар асосида ўзинг яратасан экан: у, албатта, баланд бўйли, ғоят кўҳли ва фақат яхшилик рамзини ўзида мужассам этган зот бўлиб кўринади…

Одил ЁҚУБОВ
БОЙСУН САФАРИ
9

odil_yoqubov-260x195.jpg  Одил Ёқубов 1926 йил 20 октябрда ҳозирги Жанубий Қозоғистон вилоятининг Қарноқ қишлоғида туғилган. Ўзбекистон халқ ёзувчиси (1985). ТошДУнинг филология факултетини тамомлаган (1956). Дастлабки асари — «Тенгдошлар» қиссаси 1951 йилда эълон қилинган. Шундан сўнг ёзувчининг «Дастлабки қадам» (1953), «Икки муҳаббат» (1955), «Муқаддас (1960), «Тилла узук», «Бир фелетон қиссаси» (1961), «Қанот жуфт бўлади», «Матлуба» (1970) қисса ва ҳикоялар тўпламлари нашр этилган. «Эр бошига иш тушса…» (1966), «Улуғбек хазинаси» (1973), «Кўҳна дунё» (1982), «Диёнат» (1977), «Оққушлар, оппоқ қушлар» (1988), «Адолат манзили» (1998) каби романлар муаллифи. «Чин муҳаббат» (1955), «Айтсам тилим, айтмасам дилим куяди», «Юрак ёнмоғи керак» (1958), «Олма гуллаганда» (1961), «Музаффар Темур» (1996), «Бир кошона сирлари» (2000) каби песалар, «Дилбарим», «Баҳор ёмғирлари» киностсенарийлари ҳам бор (1971).
Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1977), «Дўстлик» (1994), «Эл-юрт ҳурмати» (1998) орденлари билан мукофотланган.

 Одил Ёқубов 2009 йил 21 декабр куни Тoшкент шаҳрида вафот этди.

9

     Кунлардан бир кун истеъдодли ёзувчимиз Шукур Холмирзаев:

– Юринг, Одил ака, бизнинг Бойсун томонларга бориб келайлик. Сизни Бойсун тоғларига олиб чиқамиз, биз томонларнинг одамлари ҳам бошқача: тўғрисўз, мард, чапани. Уларни кўрасиз, танишасиз, хуллас, ўйнаб келамиз, — деб қолди.

Таклиф менга ёкди, чунки ундан беш-олти ой аввал мен Қашқадарёга бориб, у ердаги газ кончилари ҳақида «Чори Умировга ёрдам берайлик», деган мақола ёзгандим.

Биз уч киши – камина, Шукур Холмирзаев ва ўша маҳалда яхши шеърлари билан тилга туша бошлаган Усмон Азим йўлга отландик.

Қаршигача поездда бордик. Қаршида ёш дўстларимнинг оға-инилари кутиб олишди, пачоқроқ бир «Виллис» топиб келишди ва биз Бойсун томон йўлга тушдик. Ҳали асфальт қилинмаган нотекис йўлдан машинада сакрай-сакрай Бойсунга қош қорайганда аранг етиб бордик. Борсак, вадаванг тўй. Ҳар жой-ҳар жойда гулхан ловуллайди, карнай-сурнай, чилдирма, дўмбира, ашула осмону фалакка етган.

Шукур негадир тўй ҳақида лом-мим демаган эди. Борганда билсак, жиянларининг ўғил тўйи экан. Мен койиб, «айтсанг бўлмайдими, совға-салом олармидик», десам, Шукур:
– Қўяверинг, бизнинг шу келишимизнинг ўзи булар учун катта совға, – деб мени тинчитди.

Ўзбекчилик. Бир зумда Шукурнинг тоға-жиянлари, амма-холалари ёпирилиб келишди. Шукур билан Усмонни қучоқлаб ўпишди, айланиб-ўргилишди. Бу ширин сўзлардан камина ҳам бебаҳра қолмади. Уларда қучоқлашиб кўришиш одат экан. Бир зумда ўтлоққа гилам ёзилиб, қўш-қўш патнисларда нимта-нимта гўштлар, патир ва бўғирсоқлар келди. Кўк чой десангиз кўк чой, оқидан десангиз, оқ «чой»… Усмон ўша маҳалда довруғ қозонган «Бойчечак» шеърини ўқиб, олқиш олди. Шукур эса, сўз берилганда ўзи ҳақида гапириш ўрнига мени осмон баробар мақтаб (унинг бундай мақташини биринчи бор кўришим, унга камдан-кам ижодкор ва камдан-кам асар ёқар эди), сўз навбатини каминага оширди. Мен бунақа тўйни биринчи кўришим, биз томонларда тўйлар бошқача ўтарди.

Мен, албатта, тўй эгасига ташаккур билдириб, икки ёш дўстларим ижодини кўкларга кўтардим.

Эртасига Шукурнинг волидаси, ўша маҳалда олтмишларга бориб қолган бўлса-да, ҳамон кўҳлигини йўқотмаган аёл дастурхонни сузма дейсизми, коса-коса қаймоғу ҳозиргина узилган патир нонларга дейсизми, тўлдириб қўйиб, Шукурнинг бош томонида ўғлига тикилиб ўтирган экан, қайта саломлашдик. Онаизор нимани истайди?! Мендан ўғлининг ишлари, оиласи, фарзандлари ҳақида сўради. Набираларини роса соғинган экан, уларни эслаб кўзларига ёш олди.
Мен Шукурнинг келажаги порлоқ эканини, унинг истеъдоди ноёб эканини айтиб, онаизорнинг кўнглини кўтардим.

Онаизор:
– Илойим айтганингиз келсин, – деб дуо қилди.

Барча оналарнинг тупроғи бир жойдан олинган экан-да, дедим ичимда ўз волидамни эслаб.

Йўлга чиқаётганимизда Шукур Бойсунда бир зобит дўсти борлигини, у ашаддий овчи эканини айтганди. Нонушта пайтида Шукур айтган «катта лейтенант» ҳам кириб келди. У жуда бақувват ва хушсурат йигит экан. Устига-устак, ичи тўла латифа экан.

Катта лейтенант келганидан кейин шу кунги режани туздик. Мен авваламбор шаҳарни, шаҳардан ҳам аввал баъзи корхоналарни, мактабларни кўрсакмикан, деган эдим, катта лейтенант:
– Шаҳар ҳеч қаёққа қочмайди, уни эрта-индин ҳам кўраверасизлар, — деди. – Бугун тоққа чиқайлик. Мен машинамга битта серка ташлаб қўйганман. Уни Худо йўлига сўйиб, кабоб қиламиз, қуён овлаймиз, – деб туриб олди.

Бу таклиф ҳаммага ёқци. Шу билан машинага кигиз-пигиз, қозон-товоқ, болта-молта солиб тоққа қараб йўл сурдик.

Шаҳардан чиққач, сал ўтмай эски ташландиқ уйга дуч келдик. Биз унга яқинлашганимизда бир гала каптар учиб чиқиб, осмонга парвоз қилди.

Катта лейтенант дарҳол ерга сакраб тушиб, бир-икки марта милтиқ отди. Ўқ теккан каптарлар тап-тап этиб ерга тушди. Биз бу манзарага маҳлиё бўлиб анграйиб қолган эканмиз, тўсатдан машинада қолган шофёр:
– Э вой, кетди, қочди! – деб бақириб қолди.

Бундоқ қарасак, катта лейтенантнинг серкаси машинадан сакраб тушиб, ортда қолган ялангликда югургилаб кетяпти. Серканинг орқасидан биринчи бўлиб катта лейтенант югурди, унинг кетидан шофёр, шофёр кетидан Усмон, Усмоннинг кетидан Шукур чопди. Мен на чопишни, на қолишни билмай анграйиб туравердим.

Бир маҳал тўрт «овчи», оғизлари қулоқларида, шўрлик серкани судраб қайтишди. Йўлда давом этдик. Сал ўтмай йўл чапга бурилиб, пастлаб кетди-ю, шарқираб оқаётган бир ариққа дуч келдик.
Тол ва тераклар билан қуршалган каттагина сой ёқасида бир юк машинаси турар, дарахтлар соясида беш-олтита ҳарбийлар ичишиб, чақчақлашиб ўтиришарди. Бу манзарани кўриши билан катта лейтенант:

– Браконьерлар! Ҳужжатсиз ов қилиб юришибди! Ҳозир текшириб кўрамиз! — деб қолди. Биз бир фикрга келгунимизча у ерга сакраб тушди. Биз ҳам эргашдик. Маишат қилиб, ёнбошлаб ётганлардан бири – алпқомат, турқи совуқ ҳарбий (кейин билсак полк командири экан) биз томон юриб:

– Хўш? Нима гап ўзи? — деб ўдағайлади. Орқасидан етиб келган бошқа майор бизни юмшатмоқчи бўлиб:
– Хўш, нима гуноҳ қилдик? — деб сўради.

– Ҳеч гап йўқ! Ҳужжатларингизни кўрсатингизлар! — деди катта лейтенант. – Ҳозир ов вақти эмас! Қани овчилик ҳужжатларингиз? Қани, ов қилишга рухсатнома?

– Қанақа ҳужжат? Қанақа рухсатнома? — деди подполковник ғазабдан хириллаб. — Автоматни бер, Алёша! – деб қичқирди у аскарларнинг бирига. – Мен ҳужжатларни кўрсатиб қўяй буларга…

Бу орада машинага сакраб чиққан бизнинг шофёр юк машинасидаги қуруқ пичанларни тепкилаб, ҳарбийлар отган қуёнларни ерга ташлай бошлади: бир, икки, уч… қуёнлар сони ўн биттами, ўн иккитагами етди. Буни кўрган подполковник:

– Биз чегарани қўриқлаётган ҳарбийлармиз! – деб хириллади. – Бизни тергашга ҳақларинг йўқ! – У бақирганча автоматни қўлга олган эди, хайрият, етиб келган майор командирини маҳкам қучоклаб олди.

Шунда камина ҳам мухбирлигим эсимга тушиб, чўнтагимдан гувоҳномани чиқардим.

– Мен «Литературная газета»нинг махсус мухбири бўламан, – дедим, ўзимни дадил тутишга ҳаракат қилиб: – Агар биз билан тўғри муомала қилмайдиган бўлсангиз, мен эртага ТуркВО раҳбарларига мурожаат қиламан. Ана ўшанда кўрасиз ким-кимга кўрсатиб қўяркан!

Шукур бўлса, ўзбекча-русча сўзларни аралаш-қуралаш қилиб, бўралаб сўкинарди.

Қисқаси, «Литературная газета»ни эшитгач, бошда ҳовлиқиб, автомат кўтарган подполковник бирдан паст тушди.

Уни қучоқлаб олган майор – кейин билсак, у сиёсий ишлар бўйича полк командирининг муовини экан – бу қалтис машмашадан тезроқ қутулиш кераклигини тушунди, шекилли, командирини зўрлаб ўз машиналарига ўтқазди. У бизга отилган қуёнларни ҳадя қилмоқчи бўлди, лекин биз, ғуруримиз устун келиб, унинг таклифини рад этдик. Шундан кейин омадсиз овчилар шаҳар томонга, биз эса тоққа қараб кетдик. Ўша куни биз тоғ ёнбағирларидаги арчазорда серкани сўйиб дам олдик-да, хушнуд кайфиятда Бойсунга қайтиб келдик. Бизнинг ишимиздан, айниқса, Шукур хурсанд бўлиб, боши осмонга етди.

Унинг қалами ўзига хос, асарлари на тенгдошлари ва на классикларимизникига ўхшар эди.

Мақола Сайёра Холмирзаева масъул муҳаррирлигида чоп этилган “Шукур Холмирзаев замондошлари хотирасида” (Тошкент, Ғафур Ғулом номидаги НМИУ, 2010) тўпламида эълон қилинган.

Шукур  ХОЛМИРЗАЕВ
ОДИЛ АКА ҲАҚИДА ЎЙЛАСАМ
90

022Шукур Холмирзаев 1940 йил Сурхондарё вилояти Бойсун туманида туғилган. Ўзбекистон халқ ёзувчиси. ТошДУнинг журналистика факултетини тугатган (1963). «Олис юлдузлар остида» (1971), «Ҳаёт абадий» (1974), «Оғир тош кўчса…» (1980), «Йўллар, йўлдошлар» (1984), «Бодом қишда гуллади» (1986), «Тоғларга қор тушди» (1987) сингари ҳикоя ва қиссалар тўпламлари, «Сўнгги бекат» (1976), «Қил кўприк» (1984), «Йўловчи» (1987), «Олабўжи» (1992), «Динозавр» (1-китоб, 1996) каби романлар муаллифи. «Қора камар» (1987), «Зиёфат» (1990 йили саҳналаштирилган) драмалари ҳам бор. Ҳамза номидаги Республика Давлат мукофоти (1989) ҳамда «Меҳнат шуҳрати» (1999) ордени билан тақдирланган.

Ёзувчи 2005 йил 29 сентябрда Тошкент шаҳрида вафот этган.

022

Ёзувчининг сувратини кўрмаган, у билан мулоқотда бўлмаган пайтларингда қиёфасини асарларидан олган энг яхши таассуротларинг, инсоний фазилатлар асосида ўзинг яратасан экан: у, албатта, баланд бўйли, ғоят кўҳли ва фақат яхшилик рамзини ўзида мужассам этган зот бўлиб кўринади.

Уни ҳаётда кўриб, танишганингдан кейин хаёлингдаги қиёфа ғойиб бўлиб, бир муддат ачинасан ҳам экан: ахир, бу зот ҳам ўзимизга ўхшаган одам экан-ку?

Шундоқки, Одил акани ҳаётда кўриб, мулоқотда бўлганимдан кейин мен ҳам ўзимга, ҳа, ўзимга ачинганман: ахир, қалби тўла ёниқ ҳис, ёлқинли ўйу фикрлар ҳамда марди майдонликнинг жамулжами бўлиб кўринган бу инсон… хўш, ўртабўй, елкаси паст, дафъатан қозоқафт, кўпинча кулимсираб, энг муҳим муаммолар ҳақидаям анчайин нарса ҳақида гапираётгандек бир қисиниш ёхуд андиша ила сўзлайдиган, фақат Чингизу Темир бобонинг қошларидек бирдан тепага кўтарилган қошлари кишининг диққатини ғолибо жалб этадиган, кийим-бош масаласида ҳам — ўртача бир киши экан-ку?

Бироқ бу таассуротни тоғларни йироқдан кўрганингда бир ажиб сирли бўлиб туришларию яқинига борганингда анчайин тошу харсанглар қаламаси, ғору даралар маскани, арча ва бутазорлар макони эканини кўриб толғин тортиб қолишингга менгзаш мумкин экан: зеро тоғнинг тоғлигини ҳам, ёзувчининг оддий одам эканини ҳам кейин кашф этиб, ҳар иккаласини ҳам ўзгача — англанган муҳаббат билан севиб қолар экансан.

Энди Одил Ёқубовнинг ҳозир кўриб турганимдан бошқа бир қиёфада тасаввур этолмайман ва шу ҳолларида у кишини чин дилдан севиб, мухлислари бўлиб қолганман, зеро юқорида айтганим ёниқ ҳис-туйғулару ёлқинли ўй-фикрлар ана шу — оддийгина суврат ичида яширин экан.

Яширин экан-да, бу фазилатлар нафақат асарларида, балки шахс сифатидаги хатти-ҳаракатларида ҳам, ўрни келганда, жуда ёрқин намоён бўлар экан.

Аввало, ўзи-ўзини, тўғрироғи, асарини ҳимоя қилишида кўрдим бу жиҳатларни!

Шу нарсани айтиб ўтиш лозимки, яқин-яқингача ҳам «Адабиётда бирон роман» пайдо бўлибди дейилса, шубҳасиз, у асар Ёзувчилар уюшмасининг наср кенгашида муҳокама этилар ва муаллифнинг мавқеига қараб муҳокама инггирокчилари ҳам ҳар хил бўларди.

Муҳокаманинг савияси ҳақида гап кетса, айтиш мумкинки, бу масала ҳам, ўша мавқе даражасида бўларди; мавқеи пастроқ адибларнинг ўзигаям, асаригаям хайрихоҳлик билан қаралар, буни яхши тушунган кўпчилик ёзувчилар ҳам шу тартиб чегарасидан чиқишмас, ҳар қандай танқидни тан олиб, мақтовларга мўл-кўл раҳматлар айтар эди; тағин бир туркум муҳокамалар номига ўгказилар, қолаверса, муҳокамага қўйилган асарнинг ўзи ҳам савия бобида жуда ночор бўлардики, танқидчилар ҳар қанча дўппосламасинлар, ҳеч қурса, оҳангларида: «Хафа бўлманг, асарингиз барибир чиқади-ку», деган маъно англашилиб турар, буни яхши билган ёзувчи ҳам уларга жилла қурсин эътироз билдирмас, фақат «раҳмат» айтар, илло, «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетамиз ҳам бир четида берган ахборотда: «Фалон асар муҳокама этилди, жумладан, айрим камчиликлари очиқ айтилди; автор асарни қайта кўришга ваъда берди», деб қўя қоларди.

Мен ўша пайтларда «Шарқ юлдузи» журналининг наср бўлимини бошқарардим: шунинг учун барча муҳокамаларнинг собит иштирокчиси эдим; ахир, асар дастлаб журналда босилиши керак, шунинг учун бизни, бир тарафдан «харидор» дейишарди…

Одил Ёқубовнинг «Улуғбек хазинаси» романи муҳокамага қўйилди; бу хусусида бояги газетамизда эълон ҳам берилиб, «хоҳлаган кишилар» ҳам таклиф этилди.

Дарвоқе, мен ўшанда наср бўлимида оддий ходим эканман… Иккинчи қаватдаги «Малий зал»га кирганимда (муҳокаманинг ушбу хонада ўтилиши ҳам, ташкилотлар фикрича, муаллифнинг мавқеига муносиб эди), жамоат жам: таниқли идеолог танқидчи-адабиётшунослар ҳам, ёши улуғ ёзувчилар ҳам, Ғафур Ғулом нашриётининг масъул ходимлари ва уч-тўртта газетачилар ҳам ва яна аллақанча «хоҳловчилар» бор эди.

Роман муҳокамасини Раҳмат Файзий бошқараётган экан. Вазиятдан билдимки, асар ҳақида анча-мунча яхши гаплар ҳам бўлган, бироқ кўплар партком секретарининг оғзига қарашар, демак, ҳал қилувчи гапни Раҳмат ака айтишлари лозим эди.

Ниҳоят, у кишига ҳам гал келди. Раҳмат ака — табиатан беозор, ўта эҳтиёткор киши эдилар. Шунинг учун айтилган фикрларни бир-бир изоҳлаган бўлиб, оқибат, икки варақ ёзувни кўзларига яқин тутиб:

— Менинг ҳам айрим жузъий фикр ва мулоҳазаларим борки, Одилжон буларни ҳам ҳисобга олса, фақат ютади, деб ўйлайман. Такрор айтишни истар эдим, асар — жуда яхши, маромига етказиб ёзилган, — деб бошладилар.

Шуни қайд этишим лозимки, котибнинг роман муҳокамасида бош бўлиши — алоҳида истисно бир ҳол, қолаверса, у кишининг гаплари — парткомнинг роман ҳақидаги ҳукми сифатида қабул қилиниши лозим эди.

Раҳмат ака бошладилар… Шу давом этаяптилар, давом этаяптилар. Бирон соат гапирдилар ва одатдагича, ҳар гапларини икки мартадан таъкидладилар ҳам. Оқибат, шундай хулоса пайдо бўлдики, роман қайта ёзилиши керак экан.

Ҳаммада бир ҳайрат ва Одил Ёқубовга нисбатан бир ачиниш пайдо бўлди: бу ачинишда, табиий — ўртамиёна ёзувчиларга нисбатан билдириладиган хайрихоқлик ва «парво қилманг», деган далда ҳам бор эди.

— Шундай қилиб, ҳурматли ўртоқлар, муҳокамани якунлаймиз, — деди Раҳмат Файзий. — Ёки яна гапирувчилар борми? Менимча, ҳамма гап холисанилло айтилди. Баъзи гаплар — қаттиқроқ бўлиши ҳам мумкин, баъзи гаплар…

— Кечирасиз, Раҳмат ака, — деди шунда бўғриқиб, қандайдир қизариб ўтирган Одил ака. — Менгаям сўз берасизми ёки бўлди қиласизми?

— Вей, Одилжон, албатта гапирасиз-да, — деди Раҳмат ака меҳрибонлик билан. — Қани, марҳамат, Одилжон. Сўзланг, Одилжон. Сўз машҳур ва севимли ёзувчимиз Одил Ёқубовга берилади. Марҳамат, Одилжон…

Раҳмат ака ўринларига ўтиргани ҳам йўқ эдики, Одил ака ирғиб ўрнидан турди.

— Ўртоқлар, — деди, — наҳотки сизлар гапирмасаларинг? Наҳотки, бояги гаплар билан қаноатланиб ўтирсангизлар? Наинки, Раҳмат аканинг гаплари сизларнинг ҳам айтган гапларингизга хулоса бўлади энди?

— Одилжон, Одилжон. Шошманг, ука… Қизишманг, укажон… — Раҳмат Файзийнинг сўзи оғзида қолди. Одил ака:

— Энди аралашманг, — деди. — Менга сўз берилдими, бу ёғини ўзим биламан. Хўш, ким сўзлайди яна? — У киши даврадагиларга қараб чиқди. — Хўш, наҳотки сўзлайдиган язувчи йўқ? Мен, масалан, сизларни тушунолмай қолдим.

— Вей, нимасини тушунмайсиз, Одилжон?

Одил ака тағин Раҳмат аканинг гапини кесди:

— Тушунмадим… Тушунмаганим учун ҳам сўраяпман жамоадан. Сиз Раҳмат ака, партком секретари бўлсангиз ҳам, ёзувчи сифатида гапирдингиз, холос. Демак, мен сизнинг гапларингизни бир ёзувчининг ўзига хос мулоҳазалари…

— Албатта, о, албатта, — деди Раҳмат ака: у киши шунча гапдан кейин ҳам хотиржам, жилла ҳаяжон сезилмасди. — Марҳамат, ўртоқлар. Одилжон талабини инобатга олиб, мен ҳам сизлардан илтимос қиламан. Яна сўзловчилар бўлса, марҳамат…

Одил ака яна давра аҳлига кўз югуртириб чиқди.
Ахди адиб — жим, афтидан, икки ёзувчининг бир тур гапи нима билан тамом бўлишини кутишар эди.

— Ана, гап тамом, — деди Раҳмат ака.

— Тамам эмас! — деди Одил ака тағин у кишининг гапини бўлиб. — Тамам эмиш…

— Хўп, ўзингиз сўзланг, Одилжон.

— Ўзим сўзласам, сўзим шу: мен, масалан, сизнинг фикрларингиздан биттасини ҳам қабул қилмайман. Қабул қилолмайман, ўртоқлар!.. Бу романни ман язганман! Ман уни, масалан, жуда яхши биламан. Мақсадимни биламан… — Одил ака бирдан Раҳмат Файзийга тикилдилар. — Сиз шу мавзуда язсангиз, марҳамат, айтганингиздай қилиб язинг. Лекин бировга диктовка қилманг… Конца концов, сиз қандай язувчи бўлсангиз, ман ҳам шундай язувчиман. Қалбим буюрган, масалан, ақлим-фаросатим буюриб турган нарсани язганман. Манинг сўзим тамом. Кечирасизлар, бошқа ўртоқларнинг айрим фикрларини қисман эътиборга оламан…

Одил ака тўнғиллай-тўнғиллай жойига ўтирди. Раҳмат ака яна аста ўрнидан туриб:

— Ихтиёр ўзингизда, Одилжон. Бизда — демократия, парткомнинг диктовка қиладиган замонлари ўтиб кетган. — дедилар. — Бироқ биз, шахсан ўзим, ўзим шу романнинг яна-да яхши чиқишини ўйлаб, роса-роса ўйлаб, ушбу мулоҳазаларни айтган эдим. Олмаган бўлсангиз, ўзингизга ҳавола…

— Гап тамам, — деди Одил ака. — Сизнинг буйруғингиз билан шу роман босилмаса, босилмай қўя қолсин… Лекин мен Худо олдида ҳам, бандасининг олдида ҳам виждоним пок деб ўйлайман. Виждонан язгандим бу романни.

— Кўрамиз. Роман чиқсин, Одилжон, — дедилар Раҳмат ака. «Улуғбек хазинаси»нинг босилиш-босилмаслигига келсак, бу томони «Шарқ юлдузи» билан нашриёт ходимларига ҳавола…

Шу ўринда шу нарсани алоҳида қайд этишим керакки, Одил ака асарлари ҳақида қандай ишонч-иймон билан гапирган бўлсалар, Раҳмат Файзий домла ҳам шундай ишонч-эътиқод билан сўзлаган, бу ердаги фарқ — уларнинг икки хил фикрлаши, роман воқеаларини икки хил кўриши ва бадиий асарга нисбатан ўлчовларида эдики, дарҳақиқат, Раҳмат ака «партком котиби» сифатида гапирмовдилар, деган хаёлдаман ҳозир ҳам…

Энди, мақоланинг бош томонида айтган фикримга қайтсам, шуни қўшимча қиламан: Одил ака, аксар ёзувчилардан, ҳа-ҳа, деярли барчасидан фарқли ўлароқ ўз романини ўзи…

…ҳимоя қила олган адиб эдики, буни ўз кўзим билан кўриб, ўз қулоғим билан эшитдим, алқисса, бу адибга бўлган меҳрим янада ошиб кетди.

Ўйлаб қарасам, баъзан Одил Ёқубов романни қайтадан… ҳалигидай фикрлар асосида қайтадан…

Мен наср бўлимининг мудири этиб тайинланган, журнал муҳаррири Мирмуҳсин ака: «Шукуржон, ўзингизни эркинроқ тутинг. Адабиётда авторитетлар — яхши ёзган ёзувчилардир, Мавқе, амал — ўзига… Сиз объектив бўлаверинг», — деб бизни қўйворган, яъни катта ҳуқуқлар берворган пайтлар.

Иброҳим Раҳимнинг «Одам қандай тобланди» деган каттакон романи бўлимга тушди, одатда, амалдор адиблар ўз асарларини бош муҳаррирга беришар, кейин муҳаррир бизни чақирар эди ва табиий бу борада раҳбаримиздан керакли йўлланма ҳам бериларди, бериларди-ю, тағин «объектив бўлиш» қаттиқ тайинланилар ҳам эди: ана шу мулоҳазалардан бўлим бошлиғи тегишли хулосалар чиқариб оларди. «Биламан, Иброҳим акангизни жуда яхши кўрасиз. Қўлида ишлагансиз, мақтаб юрасиз. Аммо авторни яхши кўриш билан унинг асарига баҳо бериш орасида ер билан осмонча фарқ бор…» дедилар.

Мирмуҳсин ака қўлёзмани бергач, мен у кишининг тилда ифодалаш қийин бўлган хатти-ҳаракатларидан ҳам англадимки, роман ҳақида қанчалик очиқ сўзланса, шунча яхши бўлади.

Аммо ўша кезларда, айниқса, Иброҳим аканинг асарлари ҳақида «очиқ гапириш» — ёзилмаган қандайдир қонуну урфга кирган «андиша»лар туфайли «қисқа бўлар», кўпинча асарларига «замонавий мавзу — долзарб масалаларни кўтариш бобидаги пешқа-дамликлари нуқтаи назаридан баҳо берилар, «бадиий томони» ҳақида эса, шунчаки — ҳалигидай камчиликлардан холи эмас» маъносида чўлтоқ гаплар қилинарди, холос.

Ва бу ҳол — чиндан ҳам одат тусига киргани боис елкамга «мушкул вазифа» тушганини дарҳол англадим.

Иккинчидан, камина ҳақиқатан ҳам Иброҳим Раҳимнинг раҳбарлиги остида «Гулистон» журналида «Адабиёт ва санъат бўлуми»ни бошқарган, ўшанда Марказқўмнинг органи ҳисобланадиган бу журналнинг тилини ҳам ўзгартириб, яъни айни бугунги тилга яқинлаштириш, ўтмиш мавзуларига кўпроқ эътибор қаратилиб, «миллий ғурурни ошириш» бобида кетма-кет жиддий мақолалар берила бошланган, «Темир тузуклари» рисоласи ҳам ўша кезларда чоп этилишга тушган, умуман айтганда, «Гулистон» қўлдан қўйилмайдиган бир жарида каби қадрланадиган бўлиб бораётган пайтлар эдики, бу ҳолдан нафақат биз журнал ходимлари, балки кенг жамоатчилик ҳам, аввало, бош муҳаррир Иброҳим Раҳимдан миннатдор эдилар.

Шу тобда ўрни келди, айтиб олай: мен матбаа соҳасида раҳбар кўриб, Иброҳим Раҳимдек бағри кенг, қўрқмас ва тадбиркор раҳбарни кўрганим йўқ!

У киши чин маънода барчамизга — ходимларга эрк бериб қўйган ва бу йўриқда тағин рағбатлантирар, миллий қадриятларимиз ҳақида ҳар қандай қалтис материалларни ҳам чоп этилишига бош бўлар — «Ўзим жавоб бераман. Сизлар топинглар!» дер, биз ходимлар жон-жаҳдимиз билан ишлар эдик.

Тасаввур этинг, 67—68-йиллар!

«Темур тузуклари»ни босиш учун қанақа юрак керак… Бош муҳаррирга?

Айтадиларки, «халқ қандоқ бўлса, раҳбар ҳам шундоқ бўлади», деб. Йўқ: кўпинча, раҳбар қандоқ бўлса, халқ ҳам шундоқ бўлиб кетар экан.

Биз Иброҳим Раҳимга ўхшашга тиришардик, у кишига ишонардик ва ишончларини оқлаш — муддаомиз эдики, «қалтис», аммо «долзарб» мавзудаги асарларни, ҳатто буюртма қилиш ҳуқуқига эга эдик. Эркин Воҳидов ана шу буюртмамизга кўра Расул Ҳамзатовнинг «Доғистоним» асарини тилимизга ағдариб келган ва уни чоп эта бошлаган эдик. «Темур тузуклари»…

Раҳматли журналист Рустам Раҳмоннинг руҳи шод бўлгай! Улуғ бобомизнинг васиятномаларидан бирини чоп этишда чин бир жонкуяр бўлгани учун Аллоҳ у кишини раҳмат қилган бўлсин!

Ана шу инсон ушбу асар ҳақида машҳурларнинг машҳури ҳисобланмиш Алижон Соғуний ҳазратларидан эшитган эканлар. Бизга буни маълум қилганларидан сўнг ҳаммамизнинг бошимиз осмонга етиб, бош муҳаррирга мурожаат этдик.

Иброҳим ака ўзида йўқ шод бўлиб кетиб: «Бу — бошқа гап! Рустамжон, ишга киришинг!» дедилар.

Рустам акам… ҳар куни пиёдалаб Алихон Соғуний ҳазратларининг уйларига боради денг. Уч-тўрт соатдан кейин пешана ва бурунлари терлаб қайтиб келдилар, менинг столимга «Темур тузуклари»нинг форсийдан ўзбекчага ҳазрат тарафидан ағдарилган бобларини, яъни у киши таржима қилиб турганда ёзиб олганларини қўядилар.

Биз бирпасда ўқиб чиқиб, кўзларимизга суртиб, босмахонага жўнатиш пайида бўламиз.

Қисқаси, «Темур тузуклари»нинг сўнгги боблари қолганда, бизни Марказқўмга чақиришди. Бордик. Ўшанда бизни кимдир бир арбоб — Ғайниддин Нажимовми, Тўраев деганми — бир катта қабул қилди-да, илк сўзи бўлди: «Хўш, гапиринглар!» Шу билан, наср муҳокамасидагига ўхшаш чиқишлар бошланди: «Мен қўлимга тушган материални саҳифага жойлашни биламан, холос», дедилар масъул котиб Султон Акбарий; «Мен материални таҳрир этишни биламан», дедилар бош таҳрирчи (раҳматли) Йўлдош Шамшаров; «Бизнинг ишимиз — шеърият», деди Сайёр ака; «Мен кўп нарсадан бехабарман», дедилар (раҳматли) Ҳамид Нурий; шу муҳокамадан бир кун бурун Иброҳим Раҳим Масковга кетган эдилар…

Гап келиб, табиий, каминага тақалди. — «Шундай материаллар босилипти, сиз жавоб беринг, бўлим мудири!»

Бўлим мудири хўп чайналди, оқибат, «Э, бўлар иш бўлди! Босилиши керак эди ўша материаллар, босилди-да!» деди. Деб бўлиб, бошини ойболтага қўйди.

Ойболта бир ҳафтадан кейин бош муҳаррир Иброҳим Раҳимнинг пайини кесди: у киши ишдан кетгач, биз — ходимлар ҳам ими-жимида бирин-кетин ҳайдалдик.

Бу гапларни Иброҳим акани нечоғлик яхши кўришим, ҳурматлашим сабабини айтиш учун битдим, токи романлари муҳокамаси шарҳига доир айрим «гап»ларимни «ёлғон» демасинлар.

Роман муҳокамаси учинчи қаватда, яъни Яшин аканинг қабулхоналарида ўтказилар экан: мен қисиниб-қипсиниб кирдим. Жамоат жам: барча казо-казолар шу ерда, фақат «тинглашни хохловчилар» йўқ — таклиф этилмаган.

Ўшанда Одил ака, билмадим, Ғафур Ғулом нашриётида ким бўлиб ишлардилар — назаримда, асар чиқишига масъул лавозимдаги шахслардан бири эдилар-ки, романни ўқиб чиққан бўлишлари шарт эди.

Муҳокама бошланди.

— Иброҳимжоннинг кимлигини ҳамма билади. Мана, янги рўмон ёзипти. Ким гапиради? — Яшин ака муҳитда мавжудларга бир-бир қараб, Лазиз акада (Қаюмовда) тўхтадилар. — Қани Лазизжон, сиз бошлаб беринг.

Кейинчалик ҳам бот-бот амин бўлдимки, бу кичкина муштдек одам — болаликдан пьесаларини мактаб саҳналарида ўйнаб, «Ҳамзадан кейин ўзбек драматургиясини фалон чўққиларга олиб чикди», деб атагувчимиз ва суратларини китобларда кўрганда соатлаб тикилиб ўтирадиган сирли-сеҳрли адибимиз — Ёзувчилар уюшмаси доирасидаги энг йирик одамлардан ҳам йирик, шу қадар оғир ва шу қадар мулоҳазали дипломат эканлар.

Эй, фалак, дейсан киши! Айрим иниларимизга нималар бўлдики, шундай зотларимизни ҳам назар-писанд қилмай қўйдилар… Ҳолбуки, ўзлари Яшиннинг бир парча диалогини ёзиб маъқул қилдиришлари гумон!

Мақсаддан чалғиётганим, тобора танқис бўлиб бораёттан «Ёзувчи» газетамиздан яна бир неча абзацлик жой ўғирлаётганим учун таҳририятдан узр сўраб айтсам, ёзувчиларнинг Дўрмондаги боғида — ошхонада ўтиргандик, фавқулодда бир кичкина одам атрофга шабкўрдек қараниб: «Сергей! Сергей қаерда?» дея кириб келди. (Бу воқеага кўп йил бўлди!) Қарасам, Яшин ака. Ирғиб туриб бориб, қўлтиқларидан олдим. Сергей ака йўқ экан. Кейин Яшин акани ташқарига кузатиб келдим. Шунда овқатланиб ўтирган бир укам: «Шукур ака, нима қип юрибсиз? Овқатингизни емайсизми?» деб қолди. Унга тикилиб: «Сиз нега салом бермадингиз Яшин акага?» дедим. У қўл силтади. «Да, ну, каменний век-ку у…»

Эсимда: унинг ёнида ўтирганларга ҳам бу гапи ёқмади, уни изза қилгандек бўлдик. Лекин улуғларимизга нисбатан мана шундай муносабатлар баъзан чиқиб қолади-да! Шунда: «Во дариғ! Одамнинг қадри шунчалик бўлдими?» дейсан.

Хўп, муҳокамага қайтаман.

Яшин ака Лазиз Қаюмовга сўз берганларидан кейин у киши ўринларидан турди. Чекмайдиган устознинг қўлида гугурт қути бор экан, уни столга шундоқ ташладилар-да (гугурт олчи турди), муҳокама бўлишга сира муҳтожлиги йўқ масалада гапираётгандек бир оҳангда:

— Нима дейиш мумкин… Иброҳим аканинг бу романи — ўзбек адабиётида олдинга ташланган бир қадамдур. Шу билан бирга ўзларининг ижодида ҳам олдинга ташланган қадамдур, — дедилар: у киши — уюшманинг бош идеологларидан бири, у кишининг назари тушиши учун не-не ёзувчиларнинг «Лазизхон, Лазизхон ака», деб мурожаат қилишлари ҳамон ёдим-да… кимдир котиблик қилаётган эди, домланинг бу гапларини қоғозга тушириб, у кишига боқди. Биз ҳам (мен ҳайратдаман!) у кишига қарадик. — Менинг фикрим шудур, — деб яна давом этдилар. — Қолганини бошқа ўртоқлар айтишар…

Тамом.

Лазиз акага — дорилфунунда сабоқ берган домламга зиғирча ётлигим йўқ; аксинча, у кишидан миннатдорман, чунончи, менинг илк машқларимни кўриб (вақт сарфлаб!) «адабиётда эҳтиёт бўлиш» лозимлиги, зероки «адабиёт — сиёсат» экани бобида берган маслаҳатлари анча-мунча нарсага кўзимни очган эди». Аммо ўша кезлардаёқ шу нарсани билган ва иқрор бўлган эдимки, Лазиз ака ким билан, қачон, қаерда ва қандай оҳангда гаплашишни ҳам жуда яхши билар эдилар…

Лазиз ака ўтирганидан сўнг Яшин домла атрофга манглайи остидан эринчоқ назар ташлаб:

— Тағин ким гапиради? Хўш, ким? — дедилар.

Ҳеч ким қўл кўтармади: масала ҳал бўлгандек эди.

Яшин ака шунда дам Мирмуҳсин акага, дам нашриёт ходимларига кўз ташлаб ва билинар-билинмас илжайиб:

— Хўш, харидордан эшитамиз, — дедилар.

Мен Мирмуҳсин акага ялт этиб қарадим. У киши кўзойнак ортидан менга қаттиқ тикилиб турган эканлар. Бу нигоҳ маъносини ўзимча тушундим: «Қани, кабинетимда айтган гапларингни бу ерда ҳам гапироласанми?…»

— Мен, мен… — дея қўл кўтариб ўрнимдан турдим. Қўлёзмани очиб, роман ҳақида ёзган мулоҳазаларимга қараб олдим. (Аммо ҳеч нарсани кўрмадим — ҳаяжоним шунчалик эди!) Кейин айтмоқчи бўлган гапларим нима оқибатга олиб келиши мумкинлигини («Гулистон» муҳокамасидан олийган тажриба бор!) дарҳол ҳис этдим-у, ёшлик эканми — шу денг, қаҳрамонона ўлишини била туриб жанг майдонига отилган навкардек шижоат билан бошладим: — Мени, мени, аввало, маъзур тутасизлар… Аввало, Лазиз акамдан узр сўрайман. Шунинг учунки, мен у кишининг гапларини эшитмадим, деб ҳисоблайман. «Шунда гапиришим енгил бўлади, акс ҳолда, у киши билан мунозара қилишимга тўғри келадики, буни эплолмайман. Рухсат беринглар…

— Гапиринг, Шукур, бемалол, — деди Яшин ака.

— Лекин Шукурдан кейин менга яна икки минут вақт берасиз, — деб қолди Лазиз ака.

— Хўп.

«Бемалол»ликдан кейин каминаи камтарин тушовини узган тойчоқдек бўлиб кишнай кетди. Қоғоз ҳам, қўлёзмани варақлаш ҳам эсидан чиқди.

Худо ҳаққи, нималар деганимни ҳозир батафсил эслолмайман: «Романнинг, тўғрироғи, қўлёзманинг 80 бетини ўқиса бўлади», дедим, кейин қаҳрамоннинг одамга ўхшаб ўйламаслиги бобида кўп гапирдим, шекилли. «Тил»нинг ҳам «мухбирча» экани ҳақида мисоллар келтирдим. Хулосам, қисман ёдимда (дарвоқе, агар ўша муҳокамада сўзланган нутқларни ёзиб олган котибнинг дафтари ҳамон бўлса, унда… ундаям қайд қилинмаган-ов: шунақа одат ҳам бўларди):

— Иброҳим акани шу қадар ҳурмат қиламанки, бу ерда ўтирганларнинг бирови ҳам тасаввур этолмайди. Ҳатто ўзингиз ҳам… мен сизни арбоб сифатида ҳамиша улуғлаб юраман. Қўл остингизда ишлаб сиздан кўп нарсани ўргандим. Жумладан, рост, ростакамига айтишни! Раҳмат… — Қарасам, Иброҳим ака қўлларини кўкракларида қовупггириб, тўғрироғи, қовуштирилган қўлларини кўкракларидан пастроққа қўйиб, эшик томонга қараб ўтирибдилар: нима деяпман — нўл! Ўзимдан ўзим уялиб кетдим: назаримда у кишига хушомад қилаётгандек, бояги «танқид»ларим учун узр сўраётгандек бўлдим. Кейин бирдан аламим келиб, айрим гапларимни такрорлай бошладим: — Қисқаси, менинг фикримча, асар хом… Жуда хом, бўш… Бош қаҳрамоннинг хатги-ҳаракатларига ишониб бўлмайди: психологик жиҳатдан асосланмаган. Шунинг учун у одамга ўхшамай қолган. Мана… Кўринг энди, кўтаргич крандан тушиб кетган йигитнинг ҳолати йигирма бет ёзилган. Оламдаги жамики нарса ҳақида ўйлашга улгуради у: ҳатто фарзандини ҳам тасаввур этади… Кейин бўлса яшагиси келиб қолиб, қўлларини ёзиб юборса, тепасида парашути бордек — ерга эсон-омон қўнади… Шунга ишониб бўладими? Ғирт ёлғон-ку! Воқеа бир неча секунд орасида содир бўлади. Агар у крандан йиқилиши ҳамон «ҳушдан кетган эди», десалар… Уф, кечирасизлар мен…

— Бўлдими? — деди Яшин ака.

Бошқаларга ҳам қарамаёқ англадимки, «бўлди қилишим» керак: ҳамманинг назарида, менга нисбатан истеҳзоми, хайрихоҳликми, йўқ, ачинишга ўхшаш ифода бор, албатта.

— Бўлди, — деб жойимга ўтира қолдим. Лекин яна бир-икки калима сўз айтганим эсимда: — Аммо ўртоқлар менинг фикрларимни «Шарқ юлдузи» журналининг позицияси, деб билмасликларингни сўрайман. Чунки… асар журналда эълон қилиниши мумкин: бундай ҳоллар бўлиб туради. Бўлим мудири шунчаки…

— Шукуржон, — деди Яшин ака.

— Узр.

— Қизиқ, — деб ўйлаб қолдилар, Лазиз ака ўринларидан туриб. Қарасам, чап лунжларида туршак бор-у, тиллари билан айлантираётгандек — асабий. — Шукурвой бутун бошли романдан саксон бетини ёқтирипти… Демак, ёқипти! — бирдан табассум қилди у киши. — Демак, қолгани ҳам ёқиши мумкин… Ахир, бу — энг долзарб мавзуда ёзилган, жуда фойдали роман. Сиз бўлсангиз, Шукур, ундоқ-мундоқ деб шундай ҳурматли адибимизни… — Кейин бирдан қизишиб кетдилар. — Нега энди шундай ўзбек адабиётининг ойнаси бўлган журналнинг рулини шу болага бериб қўйибсизлар!

— Лазизжон, — дедилар Яшин ака.

— Умуман, — домла менга тепадан «бу ерда нима қилиб ўтирибсан?» дегандай тикилдилар-да: — Бўлди. Менинг гапим тугади, — дедилар.

Давра жим. Шу пайт елкамга тушган юмшоқ бир нарсадан чўчиб қарадим. Рамз ака экан — кафтларини елкамга қўйиб, жингалак сочлари манглайларига тушганча табассум қилиб турибдилар.

— Ўртокдар, ўртоқлар, — дедилар кейин жамоага юзланиб. — Хўш, биринчидан… кечирасиз, Яшин ака, мен рухсатсиз туриб кетдим. Биринчидан, Холмирзажонни жуда ҳурмат қиламан. Ёзувчи сифатида ҳам ёмон эмас. Дуруст. Лекин ўртоқлар, ёш бу — ёш. Нима қипти! Ёшлик — жўшқинлик. О, биз ҳам, шахсан мен ҳам ёш бўлганман. Ўшанда э-ҳе, нималар қилмаганмиз… — Шунда Яшин ака нимадир девдилар, Рамз ака энди менинг кифтимга меҳрибонлик билан қоқиб: — Шу суюмли укамиз учун мен узр сўрайман, — дедилар. — Сиздан Иброҳим Раҳимович, Лазиз Қаюмович, сизлардан Яшин ака…

Яшин ака нотиққа қараб қолдиларда:

— Асар ҳақидаям гапиринг, — дедилар.

— Асар ҳақида? Шуни гапирмоқчиман-да!.. Асарни, яъни «Одам қандай тобланди» романини уч марта, ҳа, уч марта ўқиб чикдим! Лекин тўймадим, яъни қониқмадим. Яна, яна ўқийман. Тўртинчи марта…

— Раҳмат, — деб қўйдилар Иброҳим ака таъвозе билан: у киши умуман, асарлари муҳокамасида ҳеч қачон гапирмас, яъни биров билан мунозарага киришмас, мана шундай чиқишларга (ўзлари инсон сифатида ҳақиқатчи бўлганлари учунми?!) афтидан, бус-бутун ишонар, ғоявийлик бобидаги талабларига бус-бутун жавоб беришга ҳаракат қилар (аммо-лекин жавоб берардилар ҳам. Чин дилдан! Балки шунинг учун бадиият масалалари…) эди.

Ниҳоят, Рамз ака менинг кифтимга қоқиб қўйиб: «Парво қилма» дегандай бўлиб, жойларига ўтирди. Кейин Яшин ака ўзлари номма-ном сўз бера бошладилар.

— Хўш, Норбой?

Норбой Худойберганов қийшайиб — қимирлаб қўзғалди-да, яна таппа ўтирди. Кейин:

— Умуман, бадиий асарга ҳар хил ёндошиш мумкин, — деб гап бошлади. Ва адабиёт тарихига тушиб, масалан, ўрис адабиётидан мисоллар келтираркан, Яшин ака:

— Хўш, яна ким гапиради? — дея танқидчининг сўзини «тугади» деб фаҳм қилган кишидек сўрадилар. — Хўш, Лолахон, сиз нашриётда бўлим мудираси…

— Раҳмат, Яшин ака, — деди Лола Тожиева (раҳматли кўп дилбар, мулоҳазали инсон эдилар!). — Мана бу ердаги фикрларга муносабат билдирмайман. Аммо асарнинг харидори сифатида Иброҳим акамдан илтимос қиламанки, муҳаббат ҳақидаги бобларини салгина кўпайтириб, балки бир-икки боб қўшиб тасвирлаб берсалар. Жуда яхши-да… Хўпми, Иброҳимжон ака?

— Хўп бўлади, — деб вазмин бош ирғадилар Иброҳим ака. Ҳа, у кишининг кайфияти жойида эди: нима бўпти, менга ўхшаган бир «партизан» гапирса гапирипти-да!

— Одилжон?

Яшин аканинг бу сўзини эшитибоқ Одил акага… Одил Ёқубовга қарадим: «Вей, бу одам шу ерда-ку?» деб ҳайрон бўлганим ҳам эсимда бор.

Х,олбуки, шу дамгача ҳам у кишига уч-тўрт марта қараб олгандим ҳам: негадир чайналиб, шифтларга қараб, ўзича кулимсираб ўтирганди.

Яшин домланинг даъватидан сўнг Одил ака ҳам бир қимирлаб, худди жойига сиғмаётгандек нари-берига сурилди-да, тавба, худди Шукур Бурҳондек шу сониянинг ўзида қизариб-бўғилиб кетиб:

— Ўртақлар, биз ахир… қачонгача асарнинг — бадиий асарнинг темасига қараб, масалан, баҳо берамиз? — дедилар. — Ахир бадиий асар — ўз номи билан бадиий асар-ку!.. Биз ё уни тушунишни истамаймиз, яъни бадиий асар табиатини, ёки бўлмасам, бошқа гап бор, — дегач, йилт этиб кулиб қўйдилар. — Тушунаман. Лазиз Қаюмовнинг гапларини ҳам, Рамз Носировичнинг гапларини ҳам тушунаман. Аммо ҳеч бўлмаса, ҳеч бўлмаганда, шу ерда — тор даврамизда ҳақиқий адабиёт ҳақида сўзлашайлик! Рост, ҳақиқат гапларни айтайлик… агар, агар биз Иброҳим акага тўғри гапни айтмасак, бу билан у кишигагина эмас, балки адабиётимизга ҳам зиён етказган, хў-ўш, хиёнат қилаётган бўлмаймизми? — У киши тезлашиб кетди. — Шукурнинг гапларига келсак, у ўзининг мулоҳазаларини айтди. Тўғрисиям бор, хатосиям бор… Аммо рост гапирди бу ёш дўстимиз. Биз катталар эса, бир-биримизга қараб туриб, ҳайрон қоласан киши…

— Одилжон, Одилжон? — дея таранг бир овозда шивирлаётган эдилар Рамз ака. Кейин бирдан ирғиб туриб олиб: — Эй, Одилжон, сизга нима бўлди? — дедилар худли олдиндан бир нарсани келишиб қўйгандек. — Шукур-ку укамиз — ёш, у ёш… Сиз — каттакон ёзувчи, ҳамма нарсани тушунадиган, қилни қирқ ёрадиган адибсиз… ?

— Э, тўғри гапириш ҳам керак-да, — деб ўринларидан туриб кетди Одил ака. — Кечирасизлар… Иброҳим ака, агар менинг фикрларим сизга керак бўлса, ёзиб беришга тайёрман…

Иброҳим ака у кишига ҳам салобат билан бош ирғаб қўйдилар. Яшин ака хўмрайиб, ручкани ўйнаб ўтирган эди, бошларини кўтармасдан:

— Мен ҳам рўмонни ўқиб чикдим, — дедилар. — Менинг ҳам мулоҳазаларим бор. Мана… Энди муҳокамани тугатамиз. Келганларинг, асарни ўқиганларинг учун раҳмат… Иброҳимжон, сизга олти ой, балки бирон йил муҳлат берамиз. Асарни қайта кўриб чиқишингиз керак.

Иброҳим ака тағин пинак бузмай бош ирғадилар.

Дарвоқе, Иброҳим аканинг ўша романлари «Шарқ юлдузи»да ҳам босилиб чикди (у вақтда мен ишдан кетган эдим…), нашриётда китоб ҳам бўлди; эҳтимол ўрисчаси ҳам чиқиб, яхши тақризлар эълон этилгандир.

Мен у томонларига (жумладан, асарни қайта ишлаганларми-йўқми — бу ёғига ҳам) қизиқмадим.

Ҳамма ўрнидан турди. Ёши улуғларга йўл бера-бера охирида қолдим. Шунда Яшин ака менинг белимдан қучиб:

— Шукуржон, хафа бўлманг. Ҳаммаси ўтади, — деб бош қимирлатиб қўйдилар.

Шу гап ҳамда белимни қучган қўлдан ўтган қувват билан йўлакка чикдим. Қўлёзмани редакцияда қолдириб, бинодан ташқарига — очиқ ҳавога чиқсам, Одил ака… Одил Ёқубов ким биландир кулишиб турган экан.

— Ке, кел, Шукур — дедилар. Дедилар-да, яна пиқирлаб кулдилар. — Хафа бўлма у гапларга… Бизни қўй… Лекин ука, ҳақиқатни айтишимиз керак! Ахир, бусиз — мумкин эмас яшаш!.. Мумкин бўлмай қолади. Шу йўлингдан қолма. Тўғри энди, ҳақиқат қачон рўёбга чиқади? Биз қачон бир-биримизга тик қараб қалбимиздаги гапларни айтамиз? Оллоҳ билади… Лекин айтаве-риш керак!.. — Кейин тағин пих-пихлаб кулдилар. — Олло бор-ку! Балиқ билмаса, Ҳолиқ билади, — дейдилар. — Сўнг бирдан чайқалиб кулдилар. — Ишонасанми, шу романни Лазиз ҳам, Рамз Бобожон ҳам, Нарбай ҳам ўқимаган. Ҳе-ҳе-ҳе… Ибрайим акага ачинаман.

Яхши инсон! Сен тўғри айтдинг. Улуғ бир раҳбарга хос қобилият бор у инсонда. Лекин беайб Парвардигор…

Шунда Одил аканинг иккинчи бир фазилатини кашф этдим: бу улкан адиб ўз асарларинигина эмас, адабиётимизнинг ҳам ҳимоясига тайёр юрар экан. Ў нафақат адабиётни…

Ватанни, табиатимизни, инсоний ғурур, миллий ифтихор каби олий қаноатларни ҳам жон-жаҳди билан ҳимояга тайёр юриши ҳақида «Ёзувчи» деган ҳикоямда батафсил ёзган эдим… Батафсил?

Хато бу: ўзим билган, кўрган, иштирок этган воқеаларни ёзган эдим…

Шу тобда Одил аканинг — бу сирли-сеҳрли шахснинг Масковдаги баланд минораларда туриб, аждаҳо коми қаршисида пахта ва Орол муаммоси ҳақидаги нутқлари қулоғимга эшитила бошлади…

Ҳа, Одил ака ҳақида ўйласам…

1996

oboi-rabochego-stola-pisatelya.orig.jpg 20 октябрь — атоқли ёзувчи Одил Ёқубов таваллуд топган кун

Ёзувчининг сувратини кўрмаган, у билан мулоқотда бўлмаган пайтларингда қиёфасини асарларидан олган энг яхши таассуротларинг, инсоний фазилатлар асосида ўзинг яратасан экан: у, албатта, баланд бўйли, ғоят кўҳли ва фақат яхшилик рамзини ўзида мужассам этган зот бўлиб кўринади…

Одил ЁҚУБОВ
БОЙСУН САФАРИ
9

2054.jpg  Одил Ёқубов 1926 йил 20 октябрда ҳозирги Жанубий Қозоғистон вилоятининг Қарноқ қишлоғида туғилган. Ўзбекистон халқ ёзувчиси (1985). ТошДУнинг филология факултетини тамомлаган (1956). Дастлабки асари — «Тенгдошлар» қиссаси 1951 йилда эълон қилинган. Шундан сўнг ёзувчининг «Дастлабки қадам» (1953), «Икки муҳаббат» (1955), «Муқаддас (1960), «Тилла узук», «Бир фелетон қиссаси» (1961), «Қанот жуфт бўлади», «Матлуба» (1970) қисса ва ҳикоялар тўпламлари нашр этилган. «Эр бошига иш тушса…» (1966), «Улуғбек хазинаси» (1973), «Кўҳна дунё» (1982), «Диёнат» (1977), «Оққушлар, оппоқ қушлар» (1988), «Адолат манзили» (1998) каби романлар муаллифи. «Чин муҳаббат» (1955), «Айтсам тилим, айтмасам дилим куяди», «Юрак ёнмоғи керак» (1958), «Олма гуллаганда» (1961), «Музаффар Темур» (1996), «Бир кошона сирлари» (2000) каби песалар, «Дилбарим», «Баҳор ёмғирлари» киностсенарийлари ҳам бор (1971).
Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1977), «Дўстлик» (1994), «Эл-юрт ҳурмати» (1998) орденлари билан мукофотланган.

 Одил Ёқубов 2009 йил 21 декабр куни Тoшкент шаҳрида вафот этди.

9

     Кунлардан бир кун истеъдодли ёзувчимиз Шукур Холмирзаев:

– Юринг, Одил ака, бизнинг Бойсун томонларга бориб келайлик. Сизни Бойсун тоғларига олиб чиқамиз, биз томонларнинг одамлари ҳам бошқача: тўғрисўз, мард, чапани. Уларни кўрасиз, танишасиз, хуллас, ўйнаб келамиз, — деб қолди.

Таклиф менга ёкди, чунки ундан беш-олти ой аввал мен Қашқадарёга бориб, у ердаги газ кончилари ҳақида «Чори Умировга ёрдам берайлик», деган мақола ёзгандим.

Биз уч киши – камина, Шукур Холмирзаев ва ўша маҳалда яхши шеърлари билан тилга туша бошлаган Усмон Азим йўлга отландик.

Қаршигача поездда бордик. Қаршида ёш дўстларимнинг оға-инилари кутиб олишди, пачоқроқ бир «Виллис» топиб келишди ва биз Бойсун томон йўлга тушдик. Ҳали асфальт қилинмаган нотекис йўлдан машинада сакрай-сакрай Бойсунга қош қорайганда аранг етиб бордик. Борсак, вадаванг тўй. Ҳар жой-ҳар жойда гулхан ловуллайди, карнай-сурнай, чилдирма, дўмбира, ашула осмону фалакка етган.

Шукур негадир тўй ҳақида лом-мим демаган эди. Борганда билсак, жиянларининг ўғил тўйи экан. Мен койиб, «айтсанг бўлмайдими, совға-салом олармидик», десам, Шукур:
– Қўяверинг, бизнинг шу келишимизнинг ўзи булар учун катта совға, – деб мени тинчитди.

Ўзбекчилик. Бир зумда Шукурнинг тоға-жиянлари, амма-холалари ёпирилиб келишди. Шукур билан Усмонни қучоқлаб ўпишди, айланиб-ўргилишди. Бу ширин сўзлардан камина ҳам бебаҳра қолмади. Уларда қучоқлашиб кўришиш одат экан. Бир зумда ўтлоққа гилам ёзилиб, қўш-қўш патнисларда нимта-нимта гўштлар, патир ва бўғирсоқлар келди. Кўк чой десангиз кўк чой, оқидан десангиз, оқ «чой»… Усмон ўша маҳалда довруғ қозонган «Бойчечак» шеърини ўқиб, олқиш олди. Шукур эса, сўз берилганда ўзи ҳақида гапириш ўрнига мени осмон баробар мақтаб (унинг бундай мақташини биринчи бор кўришим, унга камдан-кам ижодкор ва камдан-кам асар ёқар эди), сўз навбатини каминага оширди. Мен бунақа тўйни биринчи кўришим, биз томонларда тўйлар бошқача ўтарди.

Мен, албатта, тўй эгасига ташаккур билдириб, икки ёш дўстларим ижодини кўкларга кўтардим.

Эртасига Шукурнинг волидаси, ўша маҳалда олтмишларга бориб қолган бўлса-да, ҳамон кўҳлигини йўқотмаган аёл дастурхонни сузма дейсизми, коса-коса қаймоғу ҳозиргина узилган патир нонларга дейсизми, тўлдириб қўйиб, Шукурнинг бош томонида ўғлига тикилиб ўтирган экан, қайта саломлашдик. Онаизор нимани истайди?! Мендан ўғлининг ишлари, оиласи, фарзандлари ҳақида сўради. Набираларини роса соғинган экан, уларни эслаб кўзларига ёш олди.
Мен Шукурнинг келажаги порлоқ эканини, унинг истеъдоди ноёб эканини айтиб, онаизорнинг кўнглини кўтардим.

Онаизор:
– Илойим айтганингиз келсин, – деб дуо қилди.

Барча оналарнинг тупроғи бир жойдан олинган экан-да, дедим ичимда ўз волидамни эслаб.

Йўлга чиқаётганимизда Шукур Бойсунда бир зобит дўсти борлигини, у ашаддий овчи эканини айтганди. Нонушта пайтида Шукур айтган «катта лейтенант» ҳам кириб келди. У жуда бақувват ва хушсурат йигит экан. Устига-устак, ичи тўла латифа экан.

Катта лейтенант келганидан кейин шу кунги режани туздик. Мен авваламбор шаҳарни, шаҳардан ҳам аввал баъзи корхоналарни, мактабларни кўрсакмикан, деган эдим, катта лейтенант:
– Шаҳар ҳеч қаёққа қочмайди, уни эрта-индин ҳам кўраверасизлар, — деди. – Бугун тоққа чиқайлик. Мен машинамга битта серка ташлаб қўйганман. Уни Худо йўлига сўйиб, кабоб қиламиз, қуён овлаймиз, – деб туриб олди.

Бу таклиф ҳаммага ёқци. Шу билан машинага кигиз-пигиз, қозон-товоқ, болта-молта солиб тоққа қараб йўл сурдик.

Шаҳардан чиққач, сал ўтмай эски ташландиқ уйга дуч келдик. Биз унга яқинлашганимизда бир гала каптар учиб чиқиб, осмонга парвоз қилди.

Катта лейтенант дарҳол ерга сакраб тушиб, бир-икки марта милтиқ отди. Ўқ теккан каптарлар тап-тап этиб ерга тушди. Биз бу манзарага маҳлиё бўлиб анграйиб қолган эканмиз, тўсатдан машинада қолган шофёр:
– Э вой, кетди, қочди! – деб бақириб қолди.

Бундоқ қарасак, катта лейтенантнинг серкаси машинадан сакраб тушиб, ортда қолган ялангликда югургилаб кетяпти. Серканинг орқасидан биринчи бўлиб катта лейтенант югурди, унинг кетидан шофёр, шофёр кетидан Усмон, Усмоннинг кетидан Шукур чопди. Мен на чопишни, на қолишни билмай анграйиб туравердим.

Бир маҳал тўрт «овчи», оғизлари қулоқларида, шўрлик серкани судраб қайтишди. Йўлда давом этдик. Сал ўтмай йўл чапга бурилиб, пастлаб кетди-ю, шарқираб оқаётган бир ариққа дуч келдик.
Тол ва тераклар билан қуршалган каттагина сой ёқасида бир юк машинаси турар, дарахтлар соясида беш-олтита ҳарбийлар ичишиб, чақчақлашиб ўтиришарди. Бу манзарани кўриши билан катта лейтенант:

– Браконьерлар! Ҳужжатсиз ов қилиб юришибди! Ҳозир текшириб кўрамиз! — деб қолди. Биз бир фикрга келгунимизча у ерга сакраб тушди. Биз ҳам эргашдик. Маишат қилиб, ёнбошлаб ётганлардан бири – алпқомат, турқи совуқ ҳарбий (кейин билсак полк командири экан) биз томон юриб:

– Хўш? Нима гап ўзи? — деб ўдағайлади. Орқасидан етиб келган бошқа майор бизни юмшатмоқчи бўлиб:
– Хўш, нима гуноҳ қилдик? — деб сўради.

– Ҳеч гап йўқ! Ҳужжатларингизни кўрсатингизлар! — деди катта лейтенант. – Ҳозир ов вақти эмас! Қани овчилик ҳужжатларингиз? Қани, ов қилишга рухсатнома?

– Қанақа ҳужжат? Қанақа рухсатнома? — деди подполковник ғазабдан хириллаб. — Автоматни бер, Алёша! – деб қичқирди у аскарларнинг бирига. – Мен ҳужжатларни кўрсатиб қўяй буларга…

Бу орада машинага сакраб чиққан бизнинг шофёр юк машинасидаги қуруқ пичанларни тепкилаб, ҳарбийлар отган қуёнларни ерга ташлай бошлади: бир, икки, уч… қуёнлар сони ўн биттами, ўн иккитагами етди. Буни кўрган подполковник:

– Биз чегарани қўриқлаётган ҳарбийлармиз! – деб хириллади. – Бизни тергашга ҳақларинг йўқ! – У бақирганча автоматни қўлга олган эди, хайрият, етиб келган майор командирини маҳкам қучоклаб олди.

Шунда камина ҳам мухбирлигим эсимга тушиб, чўнтагимдан гувоҳномани чиқардим.

– Мен «Литературная газета»нинг махсус мухбири бўламан, – дедим, ўзимни дадил тутишга ҳаракат қилиб: – Агар биз билан тўғри муомала қилмайдиган бўлсангиз, мен эртага ТуркВО раҳбарларига мурожаат қиламан. Ана ўшанда кўрасиз ким-кимга кўрсатиб қўяркан!

Шукур бўлса, ўзбекча-русча сўзларни аралаш-қуралаш қилиб, бўралаб сўкинарди.

Қисқаси, «Литературная газета»ни эшитгач, бошда ҳовлиқиб, автомат кўтарган подполковник бирдан паст тушди.

Уни қучоқлаб олган майор – кейин билсак, у сиёсий ишлар бўйича полк командирининг муовини экан – бу қалтис машмашадан тезроқ қутулиш кераклигини тушунди, шекилли, командирини зўрлаб ўз машиналарига ўтқазди. У бизга отилган қуёнларни ҳадя қилмоқчи бўлди, лекин биз, ғуруримиз устун келиб, унинг таклифини рад этдик. Шундан кейин омадсиз овчилар шаҳар томонга, биз эса тоққа қараб кетдик. Ўша куни биз тоғ ёнбағирларидаги арчазорда серкани сўйиб дам олдик-да, хушнуд кайфиятда Бойсунга қайтиб келдик. Бизнинг ишимиздан, айниқса, Шукур хурсанд бўлиб, боши осмонга етди.

Унинг қалами ўзига хос, асарлари на тенгдошлари ва на классикларимизникига ўхшар эди.

Мақола Сайёра Холмирзаева масъул муҳаррирлигида чоп этилган “Шукур Холмирзаев замондошлари хотирасида” (Тошкент, Ғафур Ғулом номидаги НМИУ, 2010) тўпламида эълон қилинган.

SHUKUR XOLMIRZAEV
ODIL AKA HAQIDA O’YLASAM
022

09Shukur Xolmirzaev 1940 yil Surxondaryo viloyati Boysun tumanida tug’ilgan. O’zbekiston xalq yozuvchisi. ToshDUning jurnalistika fakultetini tugatgan (1963). «Olis yulduzlar ostida» (1971), «Hayot abadiy» (1974), «Og’ir tosh ko’chsa…» (1980), «Yo’llar, yo’ldoshlar» (1984), «Bodom qishda gulladi» (1986), «Tog’larga qor tushdi» (1987) singari hikoya va qissalar to’plamlari, «So’nggi bekat» (1976), «Qil ko’prik» (1984), «Yo’lovchi» (1987), «Olabo’ji» (1992), «Dinozavr» (1-kitob, 1996) kabi romanlar muallifi. «Qora kamar» (1987), «Ziyofat» (1990 yili sahnalashtirilgan) dramalari ham bor. Hamza nomidagi Respublika Davlat mukofoti (1989) hamda «Mehnat shuhrati» (1999) ordeni bilan taqdirlangan.

Yozuvchi 2005 yil 29 sentyabrda Toshkent shahrida vafot etgan.

022

Yozuvchining suvratini ko’rmagan, u bilan muloqotda bo’lmagan paytlaringda qiyofasini asarlaridan olgan eng yaxshi taassurotlaring, insoniy fazilatlar asosida o’zing yaratasan ekan: u, albatta, baland bo’yli, g’oyat ko’hli va faqat yaxshilik ramzini o’zida mujassam etgan zot bo’lib ko’rinadi.

Uni hayotda ko’rib, tanishganingdan keyin xayolingdagi qiyofa g’oyib bo’lib, bir muddat achinasan ham ekan: axir, bu zot ham o’zimizga o’xshagan odam ekan-ku?

Shundoqki, Odil akani hayotda ko’rib, muloqotda bo’lganimdan keyin men ham o’zimga, ha, o’zimga achinganman: axir, qalbi to’la yoniq his, yolqinli o’yu fikrlar hamda mardi maydonlikning jamuljami bo’lib ko’ringan bu inson… xo’sh, o’rtabo’y, yelkasi past, daf’atan qozoqaft, ko’pincha kulimsirab, eng muhim muammolar haqidayam anchayin narsa haqida gapirayotgandek bir qisinish yoxud andisha ila so’zlaydigan, faqat Chingizu Temir boboning qoshlaridek birdan tepaga ko’tarilgan qoshlari kishining diqqatini g’olibo jalb etadigan, kiyim-bosh masalasida ham — o’rtacha bir kishi ekan-ku?

Biroq bu taassurotni tog’larni yiroqdan ko’rganingda bir ajib sirli bo’lib turishlariyu yaqiniga borganingda anchayin toshu xarsanglar qalamasi, g’oru daralar maskani, archa va butazorlar makoni ekanini ko’rib tolg’in tortib qolishingga mengzash mumkin ekan: zero tog’ning tog’ligini ham, yozuvchining oddiy odam ekanini ham keyin kashf etib, har ikkalasini ham o’zgacha — anglangan muhabbat bilan sevib qolar ekansan.

Endi Odil Yoqubovning hozir ko’rib turganimdan boshqa bir qiyofada tasavvur etolmayman va shu hollarida u kishini chin dildan sevib, muxlislari bo’lib qolganman, zero yuqorida aytganim yoniq his-tuyg’ularu yolqinli o’y-fikrlar ana shu — oddiygina suvrat ichida yashirin ekan.

Yashirin ekan-da, bu fazilatlar nafaqat asarlarida, balki shaxs sifatidagi xatti-harakatlarida ham, o’rni kelganda, juda yorqin namoyon bo’lar ekan.

Avvalo, o’zi-o’zini, to’g’rirog’i, asarini himoya qilishida ko’rdim bu jihatlarni!

Shu narsani aytib o’tish lozimki, yaqin-yaqingacha ham «Adabiyotda biron roman» paydo bo’libdi deyilsa, shubhasiz, u asar Yozuvchilar uyushmasining nasr kengashida muhokama etilar va muallifning mavqeiga qarab muhokama inggirokchilari ham har xil bo’lardi.

Muhokamaning saviyasi haqida gap ketsa, aytish mumkinki, bu masala ham, o’sha mavqe darajasida
bo’lardi; mavqei pastroq adiblarning o’zigayam, asarigayam xayrixohlik bilan qaralar, buni yaxshi tushungan ko’pchilik yozuvchilar ham shu tartib chegarasidan chiqishmas, har qanday tanqidni tan olib, maqtovlarga mo’l-ko’l rahmatlar aytar edi; tag’in bir turkum muhokamalar nomiga o’gkazilar, qolaversa, muhokamaga qo’yilgan asarning o’zi ham saviya bobida juda nochor bo’lardiki, tanqidchilar har qancha do’pposlamasinlar, hech qursa, ohanglarida: «Xafa bo’lmang, asaringiz baribir chiqadi-ku», degan ma’no anglashilib turar, buni yaxshi bilgan yozuvchi ham ularga jilla qursin e’tiroz bildirmas, faqat «rahmat» aytar, illo, «O’zbekiston adabiyoti va san’ati» gazetamiz ham bir chetida bergan axborotda: «Falon asar muhokama etildi, jumladan, ayrim kamchiliklari ochiq aytildi; avtor asarni qayta ko’rishga va’da berdi», deb qo’ya qolardi.

Men o’sha paytlarda «Sharq yulduzi» jurnalining nasr bo’limini boshqarardim: shuning uchun barcha muhokamalarning sobit ishtirokchisi edim; axir, asar dastlab jurnalda bosilishi kerak, shuning uchun bizni, bir tarafdan «xaridor» deyishardi…

Odil Yoqubovning «Ulug’bek xazinasi» romani muhokamaga qo’yildi; bu xususida boyagi gazetamizda e’lon ham berilib, «xohlagan kishilar» ham taklif etildi.

Darvoqe, men o’shanda nasr bo’limida oddiy xodim ekanman… Ikkinchi qavatdagi «Maliy zal»ga kirganimda (muhokamaning ushbu xonada o’tilishi ham, tashkilotlar fikricha, muallifning mavqeiga munosib edi), jamoat jam: taniqli ideolog tanqidchi-adabiyotshunoslar ham, yoshi ulug’ yozuvchilar ham, G’afur G’ulom nashriyotining mas’ul xodimlari va uch-to’rtta gazetachilar ham va yana allaqancha «xohlovchilar» bor edi.

Roman muhokamasini Rahmat Fayziy boshqarayotgan ekan. Vaziyatdan bildimki, asar haqida ancha-muncha
yaxshi gaplar ham bo’lgan, biroq ko’plar partkom sekretarining og’ziga qarashar, demak, hal qiluvchi gapni Rahmat aka aytishlari lozim edi.

Nihoyat, u kishiga ham gal keldi. Rahmat aka — tabiatan beozor, o’ta ehtiyotkor kishi edilar. Shuning uchun aytilgan fikrlarni bir-bir izohlagan bo’lib, oqibat, ikki varaq yozuvni ko’zlariga yaqin tutib:

— Mening ham ayrim juz’iy fikr va mulohazalarim borki, Odiljon bularni ham hisobga olsa, faqat yutadi, deb o’ylayman. Takror aytishni istar edim, asar — juda yaxshi, maromiga yetkazib yozilgan, — deb boshladilar.

Shuni qayd etishim lozimki, kotibning roman muhokamasida bosh bo’lishi — alohida istisno bir hol, qolaversa, u kishining gaplari — partkomning roman haqidagi hukmi sifatida qabul qilinishi lozim edi.

Rahmat aka boshladilar… Shu davom etayaptilar, davom etayaptilar. Biron soat gapirdilar va odatdagicha, har gaplarini ikki martadan ta’kidladilar ham. Oqibat, shunday xulosa paydo bo’ldiki, roman qayta yozilishi kerak ekan.

Hammada bir hayrat va Odil Yoqubovga nisbatan bir achinish paydo bo’ldi: bu achinishda, tabiiy — o’rtamiyona yozuvchilarga nisbatan bildiriladigan xayrixoqlik va «parvo qilmang», degan dalda ham bor edi.

— Shunday qilib, hurmatli o’rtoqlar, muhokamani yakunlaymiz, — dedi Rahmat Fayziy. — Yoki yana gapiruvchilar bormi? Menimcha, hamma gap xolisanillo aytildi. Ba’zi gaplar — qattiqroq bo’lishi ham mumkin, ba’zi gaplar…

— Kechirasiz, Rahmat aka, — dedi shunda bo’g’riqib, qandaydir qizarib o’tirgan Odil aka. — Mengayam so’z berasizmi yoki bo’ldi qilasizmi?

— Vey, Odiljon, albatta gapirasiz-da, — dedi Rahmat aka mehribonlik bilan. — Qani, marhamat, Odiljon. So’zlang, Odiljon. So’z mashhur va sevimli yozuvchimiz Odil Yoqubovga beriladi. Marhamat, Odiljon…

Rahmat aka o’rinlariga o’tirgani ham yo’q ediki, Odil aka irg’ib o’rnidan turdi.

— O’rtoqlar, — dedi, — nahotki sizlar gapirmasalaring? Nahotki, boyagi gaplar bilan qanoatlanib o’tirsangizlar? Nainki, Rahmat akaning gaplari sizlarning ham aytgan gaplaringizga xulosa bo’ladi endi?

— Odiljon, Odiljon. Shoshmang, uka… Qizishmang, ukajon… — Rahmat Fayziyning so’zi og’zida qoldi. Odil aka:

— Endi aralashmang, — dedi. — Menga so’z berildimi, bu yog’ini o’zim bilaman. Xo’sh, kim so’zlaydi yana?
— U kishi davradagilarga qarab chiqdi. — Xo’sh, nahotki so’zlaydigan yazuvchi yo’q? Men, masalan, sizlarni tushunolmay qoldim.

— Vey, nimasini tushunmaysiz, Odiljon?

Odil aka tag’in Rahmat akaning gapini kesdi:

— Tushunmadim… Tushunmaganim uchun ham so’rayapman jamoadan. Siz Rahmat aka, partkom sekretari bo’lsangiz ham, yozuvchi sifatida gapirdingiz, xolos. Demak, men sizning gaplaringizni bir yozuvchining o’ziga xos mulohazalari…

— Albatta, o, albatta, — dedi Rahmat aka: u kishi shuncha gapdan keyin ham xotirjam, jilla hayajon sezilmasdi. — Marhamat, o’rtoqlar. Odiljon talabini inobatga olib, men ham sizlardan iltimos qilaman. Yana so’zlovchilar bo’lsa, marhamat…

Odil aka yana davra ahliga ko’z yugurtirib chiqdi.
Axdi adib — jim, aftidan, ikki yozuvchining bir tur gapi nima bilan tamom bo’lishini kutishar edi.

— Ana, gap tamom, — dedi Rahmat aka.

— Tamam emas! — dedi Odil aka tag’in u kishining gapini bo’lib. — Tamam emish…

— Xo’p, o’zingiz so’zlang, Odiljon.

— O’zim so’zlasam, so’zim shu: men, masalan, sizning fikrlaringizdan bittasini ham qabul qilmayman. Qabul qilolmayman, o’rtoqlar!.. Bu romanni man yazganman! Man uni, masalan, juda yaxshi bilaman. Maqsadimni bilaman… — Odil aka birdan Rahmat Fayziyga tikildilar. — Siz shu mavzuda yazsangiz, marhamat, aytganingizday qilib yazing. Lekin birovga diktovka qilmang… Kontsa kontsov, siz qanday yazuvchi bo’lsangiz, man ham shunday yazuvchiman. Qalbim buyurgan, masalan, aqlim-farosatim buyurib turgan narsani yazganman. Maning so’zim tamom. Kechirasizlar, boshqa o’rtoqlarning ayrim fikrlarini qisman e’tiborga olaman…

Odil aka to’ng’illay-to’ng’illay joyiga o’tirdi. Rahmat aka yana asta o’rnidan turib:

— Ixtiyor o’zingizda, Odiljon. Bizda — demokratiya, partkomning diktovka qiladigan zamonlari o’tib ketgan. — dedilar. — Biroq biz, shaxsan o’zim, o’zim shu romanning yana-da yaxshi chiqishini o’ylab, rosa-rosa o’ylab, ushbu mulohazalarni aytgan edim. Olmagan bo’lsangiz, o’zingizga havola…

— Gap tamam, — dedi Odil aka. — Sizning buyrug’ingiz bilan shu roman bosilmasa, bosilmay qo’ya qolsin… Lekin men Xudo oldida ham, bandasining oldida ham vijdonim pok deb o’ylayman. Vijdonan yazgandim bu romanni.

— Ko’ramiz. Roman chiqsin, Odiljon, — dedilar Rahmat aka. «Ulug’bek xazinasi»ning bosilish-bosilmasligiga kelsak, bu tomoni «Sharq yulduzi» bilan nashriyot xodimlariga havola…

Shu o’rinda shu narsani alohida qayd etishim kerakki, Odil aka asarlari haqida qanday ishonch-iymon bilan gapirgan bo’lsalar, Rahmat Fayziy domla ham shunday ishonch-e’tiqod bilan so’zlagan, bu yerdagi farq — ularning ikki xil fikrlashi, roman voqealarini ikki xil ko’rishi va badiiy asarga nisbatan o’lchovlarida ediki, darhaqiqat, Rahmat aka «partkom kotibi» sifatida gapirmovdilar, degan xayoldaman hozir ham…

Endi, maqolaning bosh tomonida aytgan fikrimga qaytsam, shuni qo’shimcha qilaman: Odil aka, aksar yozuvchilardan, ha-ha, deyarli barchasidan farqli o’laroq o’z romanini o’zi…

…himoya qila olgan adib ediki, buni o’z ko’zim bilan ko’rib, o’z qulog’im bilan eshitdim, alqissa, bu adibga bo’lgan mehrim yanada oshib ketdi.

O’ylab qarasam, ba’zan Odil Yoqubov romanni qaytadan… haligiday fikrlar asosida qaytadan…

Men nasr bo’limining mudiri etib tayinlangan, jurnal muharriri Mirmuhsin aka: «Shukurjon, o’zingizni erkinroq tuting. Adabiyotda avtoritetlar — yaxshi yozgan yozuvchilardir, Mavqe, amal — o’ziga… Siz ob’ektiv bo’lavering», — deb bizni qo’yvorgan, ya’ni katta huquqlar bervorgan paytlar.

Ibrohim Rahimning «Odam qanday toblandi» degan kattakon romani bo’limga tushdi, odatda, amaldor adiblar o’z asarlarini bosh muharrirga berishar, keyin muharrir bizni chaqirar edi va tabiiy bu borada rahbarimizdan kerakli yo’llanma ham berilardi, berilardi-yu, tag’in «ob’ektiv bo’lish» qattiq tayinlanilar ham edi: ana shu mulohazalardan bo’lim boshlig’i tegishli xulosalar chiqarib olardi. «Bilaman, Ibrohim akangizni juda yaxshi ko’rasiz. Qo’lida ishlagansiz, maqtab yurasiz. Ammo avtorni yaxshi ko’rish bilan uning asariga baho berish orasida yer bilan osmoncha farq bor…» dedilar.

Mirmuhsin aka qo’lyozmani bergach, men u kishining tilda ifodalash qiyin bo’lgan xatti-harakatlaridan ham angladimki, roman haqida qanchalik ochiq so’zlansa, shuncha yaxshi bo’ladi.

Ammo o’sha kezlarda, ayniqsa, Ibrohim akaning asarlari haqida «ochiq gapirish» — yozilmagan qandaydir qonunu urfga kirgan «andisha»lar tufayli «qisqa bo’lar», ko’pincha asarlariga «zamonaviy mavzu — dolzarb masalalarni ko’tarish bobidagi peshqa-damliklari nuqtai nazaridan baho berilar, «badiiy tomoni» haqida esa, shunchaki — haligiday kamchiliklardan xoli emas» ma’nosida cho’ltoq gaplar qilinardi, xolos.

Va bu hol — chindan ham odat tusiga kirgani bois yelkamga «mushkul vazifa» tushganini darhol angladim.

Ikkinchidan, kamina haqiqatan ham Ibrohim Rahimning rahbarligi ostida «Guliston» jurnalida «Adabiyot va san’at bo’lumi»ni boshqargan, o’shanda Markazqo’mning organi hisoblanadigan bu jurnalning tilini ham o’zgartirib, ya’ni ayni bugungi tilga yaqinlashtirish, o’tmish mavzulariga ko’proq e’tibor qaratilib, «milliy g’ururni oshirish» bobida ketma-ket jiddiy maqolalar berila boshlangan, «Temir tuzuklari» risolasi ham o’sha kezlarda chop etilishga tushgan, umuman aytganda, «Guliston» qo’ldan qo’yilmaydigan bir jarida kabi qadrlanadigan bo’lib borayotgan paytlar ediki, bu holdan nafaqat biz jurnal xodimlari, balki keng jamoatchilik ham, avvalo, bosh muharrir Ibrohim Rahimdan minnatdor edilar.

Shu tobda o’rni keldi, aytib olay: men matbaa sohasida rahbar ko’rib, Ibrohim Rahimdek bag’ri keng, qo’rqmas va tadbirkor rahbarni ko’rganim yo’q!

U kishi chin ma’noda barchamizga — xodimlarga erk berib qo’ygan va bu yo’riqda tag’in rag’batlantirar, milliy qadriyatlarimiz haqida har qanday qaltis materiallarni ham chop etilishiga bosh bo’lar — «O’zim javob beraman. Sizlar topinglar!» der, biz xodimlar jon-jahdimiz bilan ishlar edik.

Tasavvur eting, 67—68-yillar!

«Temur tuzuklari»ni bosish uchun qanaqa yurak kerak… Bosh muharrirga?

Aytadilarki, «xalq qandoq bo’lsa, rahbar ham shundoq bo’ladi», deb. Yo’q: ko’pincha, rahbar qandoq bo’lsa, xalq ham shundoq bo’lib ketar ekan.

Biz Ibrohim Rahimga o’xshashga tirishardik, u kishiga ishonardik va ishonchlarini oqlash — muddaomiz ediki, «qaltis», ammo «dolzarb» mavzudagi asarlarni, hatto buyurtma qilish huquqiga ega edik. Erkin Vohidov ana shu buyurtmamizga ko’ra Rasul Hamzatovning «Dog’istonim» asarini tilimizga ag’darib kelgan va uni chop eta boshlagan edik. «Temur tuzuklari»…

Rahmatli jurnalist Rustam Rahmonning ruhi shod bo’lgay! Ulug’ bobomizning vasiyatnomalaridan birini chop etishda chin bir jonkuyar bo’lgani uchun Alloh u kishini rahmat qilgan bo’lsin!

Ana shu inson ushbu asar haqida mashhurlarning mashhuri hisoblanmish Alijon Sog’uniy hazratlaridan
eshitgan ekanlar. Bizga buni ma’lum qilganlaridan so’ng hammamizning boshimiz osmonga yetib, bosh muharrirga murojaat etdik.

Ibrohim aka o’zida yo’q shod bo’lib ketib: «Bu — boshqa gap! Rustamjon, ishga kirishing!» dedilar.

Rustam akam… har kuni piyodalab Alixon Sog’uniy hazratlarining uylariga boradi deng. Uch-to’rt soatdan keyin peshana va burunlari terlab qaytib keldilar, mening stolimga «Temur tuzuklari»ning forsiydan o’zbekchaga hazrat tarafidan ag’darilgan boblarini, ya’ni u kishi tarjima qilib turganda yozib olganlarini qo’yadilar.

Biz birpasda o’qib chiqib, ko’zlarimizga surtib, bosmaxonaga jo’natish payida bo’lamiz.

Qisqasi, «Temur tuzuklari»ning so’nggi boblari qolganda, bizni Markazqo’mga chaqirishdi. Bordik. O’shanda bizni kimdir bir arbob — G’ayniddin Najimovmi, To’raev deganmi — bir katta qabul qildi-da, ilk so’zi bo’ldi: «Xo’sh, gapiringlar!» Shu bilan, nasr muhokamasidagiga o’xshash chiqishlar boshlandi: «Men qo’limga tushgan materialni sahifaga joylashni bilaman, xolos», dedilar mas’ul kotib Sulton Akbariy; «Men materialni tahrir etishni bilaman», dedilar bosh tahrirchi (rahmatli) Yo’ldosh Shamsharov; «Bizning ishimiz — she’riyat», dedi Sayyor aka; «Men ko’p narsadan bexabarman», dedilar (rahmatli) Hamid Nuriy; shu muhokamadan bir kun burun Ibrohim Rahim Maskovga ketgan edilar…

Gap kelib, tabiiy, kaminaga taqaldi. — «Shunday materiallar bosilipti, siz javob bering, bo’lim mudiri!»

Bo’lim mudiri xo’p chaynaldi, oqibat, «E, bo’lar ish bo’ldi! Bosilishi kerak edi o’sha materiallar, bosildi-da!» dedi. Deb bo’lib, boshini oyboltaga qo’ydi.

Oybolta bir haftadan keyin bosh muharrir Ibrohim Rahimning payini kesdi: u kishi ishdan ketgach, biz — xodimlar ham imi-jimida birin-ketin haydaldik.

Bu gaplarni Ibrohim akani nechog’lik yaxshi ko’rishim, hurmatlashim sababini aytish uchun bitdim, toki romanlari muhokamasi sharhiga doir ayrim «gap»larimni «yolg’on» demasinlar.

Roman muhokamasi uchinchi qavatda, ya’ni Yashin akaning qabulxonalarida o’tkazilar ekan: men qisinib-qipsinib kirdim. Jamoat jam: barcha kazo-kazolar shu yerda, faqat «tinglashni xoxlovchilar» yo’q — taklif etilmagan.

O’shanda Odil aka, bilmadim, G’afur G’ulom nashriyotida kim bo’lib ishlardilar — nazarimda, asar chiqishiga mas’ul lavozimdagi shaxslardan biri edilar-ki, romanni o’qib chiqqan bo’lishlari shart edi.

Muhokama boshlandi.

— Ibrohimjonning kimligini hamma biladi. Mana, yangi ro’mon yozipti. Kim gapiradi? — Yashin aka muhitda mavjudlarga bir-bir qarab, Laziz akada (Qayumovda) to’xtadilar. — Qani Lazizjon, siz boshlab bering.

Keyinchalik ham bot-bot amin bo’ldimki, bu kichkina mushtdek odam — bolalikdan p`esalarini maktab sahnalarida o’ynab, «Hamzadan keyin o’zbek dramaturgiyasini falon cho’qqilarga olib chikdi», deb ataguvchimiz va suratlarini kitoblarda ko’rganda soatlab tikilib o’tiradigan sirli-sehrli adibimiz — Yozuvchilar uyushmasi doirasidagi eng yirik odamlardan ham yirik, shu qadar og’ir va shu qadar mulohazali diplomat ekanlar.

Ey, falak, deysan kishi! Ayrim inilarimizga nimalar bo’ldiki, shunday zotlarimizni ham nazar-pisand qilmay qo’ydilar… Holbuki, o’zlari Yashinning bir parcha dialogini yozib ma’qul qildirishlari gumon!

Maqsaddan chalg’iyotganim, tobora tanqis bo’lib borayottan «Yozuvchi» gazetamizdan yana bir necha abzatslik joy o’g’irlayotganim uchun tahririyatdan uzr so’rab aytsam, yozuvchilarning Do’rmondagi bog’ida — oshxonada o’tirgandik, favqulodda bir kichkina odam atrofga shabko’rdek qaranib: «Sergey! Sergey qaerda?» deya kirib keldi. (Bu voqeaga ko’p yil bo’ldi!) Qarasam, Yashin aka. Irg’ib turib borib, qo’ltiqlaridan oldim. Sergey aka yo’q ekan. Keyin Yashin akani tashqariga kuzatib keldim. Shunda ovqatlanib o’tirgan bir ukam: «Shukur aka, nima qip yuribsiz? Ovqatingizni yemaysizmi?» deb qoldi. Unga tikilib: «Siz nega salom bermadingiz Yashin akaga?» dedim. U qo’l siltadi. «Da, nu, kamenniy vek-ku u…»

Esimda: uning yonida o’tirganlarga ham bu gapi yoqmadi, uni izza qilgandek bo’ldik. Lekin ulug’larimizga nisbatan mana shunday munosabatlar ba’zan chiqib qoladi-da! Shunda: «Vo darig’! Odamning qadri shunchalik bo’ldimi?» deysan.

Xo’p, muhokamaga qaytaman.

Yashin aka Laziz Qayumovga so’z berganlaridan keyin u kishi o’rinlaridan turdi. Chekmaydigan ustozning qo’lida gugurt quti bor ekan, uni stolga shundoq tashladilar-da (gugurt olchi turdi), muhokama bo’lishga sira muhtojligi yo’q masalada gapirayotgandek bir ohangda:

— Nima deyish mumkin… Ibrohim akaning bu romani — o’zbek adabiyotida oldinga tashlangan bir qadamdur. Shu bilan birga o’zlarining ijodida ham oldinga tashlangan qadamdur, — dedilar: u kishi — uyushmaning bosh ideologlaridan biri, u kishining nazari tushishi uchun ne-ne yozuvchilarning «Lazizxon, Lazizxon aka», deb murojaat qilishlari hamon yodim-da… kimdir kotiblik qilayotgan edi, domlaning bu gaplarini qog’ozga tushirib, u kishiga boqdi. Biz ham (men hayratdaman!) u kishiga qaradik. — Mening fikrim shudur, — deb yana davom etdilar. — Qolganini boshqa o’rtoqlar aytishar…

Tamom.

Laziz akaga — dorilfununda saboq bergan domlamga zig’ircha yotligim yo’q; aksincha, u kishidan minnatdorman, chunonchi, mening ilk mashqlarimni ko’rib (vaqt sarflab!) «adabiyotda ehtiyot bo’lish» lozimligi, zeroki «adabiyot — siyosat» ekani bobida bergan maslahatlari ancha-muncha narsaga ko’zimni ochgan edi». Ammo o’sha kezlardayoq shu narsani bilgan va iqror bo’lgan edimki, Laziz aka kim bilan, qachon, qaerda va qanday ohangda gaplashishni ham juda yaxshi bilar edilar…

Laziz aka o’tirganidan so’ng Yashin domla atrofga manglayi ostidan erinchoq nazar tashlab:

— Tag’in kim gapiradi? Xo’sh, kim? — dedilar.

Hech kim qo’l ko’tarmadi: masala hal bo’lgandek edi.

Yashin aka shunda dam Mirmuhsin akaga, dam nashriyot xodimlariga ko’z tashlab va bilinar-bilinmas iljayib:

— Xo’sh, xaridordan eshitamiz, — dedilar.

Men Mirmuhsin akaga yalt etib qaradim. U kishi ko’zoynak ortidan menga qattiq tikilib turgan ekanlar. Bu nigoh ma’nosini o’zimcha tushundim: «Qani, kabinetimda aytgan gaplaringni bu yerda ham gapirolasanmi?…»

— Men, men… — deya qo’l ko’tarib o’rnimdan turdim. Qo’lyozmani ochib, roman haqida yozgan mulohazalarimga qarab oldim. (Ammo hech narsani ko’rmadim — hayajonim shunchalik edi!) Keyin aytmoqchi bo’lgan gaplarim nima oqibatga olib kelishi mumkinligini («Guliston» muhokamasidan oliygan tajriba bor!) darhol his etdim-u, yoshlik ekanmi — shu deng, qahramonona o’lishini bila turib jang maydoniga otilgan navkardek shijoat bilan boshladim: — Meni, meni, avvalo, ma’zur tutasizlar… Avvalo, Laziz akamdan uzr so’rayman. Shuning uchunki, men u kishining gaplarini eshitmadim, deb hisoblayman. «Shunda gapirishim yengil bo’ladi, aks holda, u kishi bilan munozara qilishimga to’g’ri keladiki, buni eplolmayman. Ruxsat beringlar…

— Gapiring, Shukur, bemalol, — dedi Yashin aka.

— Lekin Shukurdan keyin menga yana ikki minut vaqt berasiz, — deb qoldi Laziz aka.

— Xo’p.

«Bemalol»likdan keyin kaminai kamtarin tushovini uzgan toychoqdek bo’lib kishnay ketdi. Qog’oz ham, qo’lyozmani varaqlash ham esidan chiqdi.

Xudo haqqi, nimalar deganimni hozir batafsil eslolmayman: «Romanning, to’g’rirog’i, qo’lyozmaning 80 betini o’qisa bo’ladi», dedim, keyin qahramonning odamga o’xshab o’ylamasligi bobida ko’p gapirdim, shekilli. «Til»ning ham «muxbircha» ekani haqida misollar keltirdim. Xulosam, qisman yodimda (darvoqe, agar o’sha muhokamada so’zlangan nutqlarni yozib olgan kotibning daftari hamon bo’lsa, unda… undayam qayd qilinmagan-ov: shunaqa odat ham bo’lardi):

— Ibrohim akani shu qadar hurmat qilamanki, bu yerda o’tirganlarning birovi ham tasavvur etolmaydi. Hatto o’zingiz ham… men sizni arbob sifatida hamisha ulug’lab yuraman. Qo’l ostingizda ishlab sizdan ko’p narsani o’rgandim. Jumladan, rost, rostakamiga aytishni! Rahmat… — Qarasam, Ibrohim aka qo’llarini ko’kraklarida qovupggirib, to’g’rirog’i, qovushtirilgan qo’llarini ko’kraklaridan pastroqqa qo’yib, eshik tomonga qarab o’tiribdilar: nima deyapman — no’l! O’zimdan o’zim uyalib ketdim: nazarimda u kishiga xushomad qilayotgandek, boyagi «tanqid»larim uchun uzr so’rayotgandek bo’ldim. Keyin birdan alamim kelib, ayrim gaplarimni takrorlay boshladim: — Qisqasi, mening fikrimcha, asar xom… Juda xom, bo’sh… Bosh qahramonning xatgi-harakatlariga ishonib bo’lmaydi: psixologik jihatdan asoslanmagan. Shuning uchun u odamga o’xshamay qolgan. Mana… Ko’ring endi, ko’targich krandan tushib ketgan yigitning holati yigirma bet yozilgan. Olamdagi jamiki narsa haqida o’ylashga ulguradi u: hatto farzandini ham tasavvur etadi… Keyin bo’lsa yashagisi kelib qolib, qo’llarini yozib yuborsa, tepasida parashuti bordek — yerga eson-omon qo’nadi… Shunga ishonib bo’ladimi? G’irt yolg’on-ku! Voqea bir necha sekund orasida sodir bo’ladi. Agar u krandan yiqilishi hamon «hushdan ketgan edi», desalar… Uf, kechirasizlar men…

— Bo’ldimi? — dedi Yashin aka.

Boshqalarga ham qaramayoq angladimki, «bo’ldi qilishim» kerak: hammaning nazarida, menga nisbatan istehzomi, xayrixohlikmi, yo’q, achinishga o’xshash ifoda bor, albatta.

— Bo’ldi, — deb joyimga o’tira qoldim. Lekin yana bir-ikki kalima so’z aytganim esimda: — Ammo o’rtoqlar mening fikrlarimni «Sharq yulduzi» jurnalining pozitsiyasi, deb bilmasliklaringni so’rayman. Chunki… asar jurnalda e’lon qilinishi mumkin: bunday hollar bo’lib turadi. Bo’lim mudiri shunchaki…

— Shukurjon, — dedi Yashin aka.

— Uzr.

— Qiziq, — deb o’ylab qoldilar, Laziz aka o’rinlaridan turib. Qarasam, chap lunjlarida turshak bor-u, tillari bilan aylantirayotgandek — asabiy. — Shukurvoy butun boshli romandan sakson betini yoqtiripti… Demak, yoqipti! — birdan tabassum qildi u kishi. — Demak, qolgani ham yoqishi mumkin… Axir, bu — eng dolzarb mavzuda yozilgan, juda foydali roman. Siz bo’lsangiz, Shukur, undoq-mundoq deb shunday hurmatli adibimizni… — Keyin birdan qizishib ketdilar. — Nega endi shunday o’zbek adabiyotining oynasi bo’lgan jurnalning rulini shu bolaga berib qo’yibsizlar!

— Lazizjon, — dedilar Yashin aka.

— Umuman, — domla menga tepadan «bu yerda nima qilib o’tiribsan?» deganday tikildilar-da: — Bo’ldi. Mening gapim tugadi, — dedilar.

Davra jim. Shu payt yelkamga tushgan yumshoq bir narsadan cho’chib qaradim. Ramz aka ekan — kaftlarini yelkamga qo’yib, jingalak sochlari manglaylariga tushgancha tabassum qilib turibdilar.

— O’rtokdar, o’rtoqlar, — dedilar keyin jamoaga yuzlanib. — Xo’sh, birinchidan… kechirasiz, Yashin aka,
men ruxsatsiz turib ketdim. Birinchidan, Xolmirzajonni juda hurmat qilaman. Yozuvchi sifatida ham yomon emas. Durust. Lekin o’rtoqlar, yosh bu — yosh. Nima qipti!
Yoshlik — jo’shqinlik. O, biz ham, shaxsan men ham yosh bo’lganman. O’shanda e-he, nimalar qilmaganmiz… — Shunda Yashin aka nimadir devdilar, Ramz aka endi mening
kiftimga mehribonlik bilan qoqib: — Shu suyumli ukamiz uchun men uzr so’rayman, — dedilar. — Sizdan Ibrohim Rahimovich, Laziz Qayumovich, sizlardan Yashin aka…

Yashin aka notiqqa qarab qoldilarda:

— Asar haqidayam gapiring, — dedilar.

— Asar haqida? Shuni gapirmoqchiman-da!.. Asarni, ya’ni «Odam qanday toblandi» romanini uch marta, ha, uch marta o’qib chikdim! Lekin to’ymadim, ya’ni qoniqmadim. Yana, yana o’qiyman. To’rtinchi marta…

— Rahmat, — deb qo’ydilar Ibrohim aka ta’voze bilan: u kishi umuman, asarlari muhokamasida hech qachon gapirmas, ya’ni birov bilan munozaraga kirishmas, mana shunday chiqishlarga (o’zlari inson sifatida haqiqatchi bo’lganlari uchunmi?!) aftidan, bus-butun ishonar, g’oyaviylik bobidagi talablariga bus-butun javob berishga harakat qilar (ammo-lekin javob berardilar ham. Chin dildan! Balki shuning uchun badiiyat masalalari…) edi.

Nihoyat, Ramz aka mening kiftimga qoqib qo’yib: «Parvo qilma» deganday bo’lib, joylariga o’tirdi. Keyin Yashin aka o’zlari nomma-nom so’z bera boshladilar.

— Xo’sh, Norboy?

Norboy Xudoyberganov qiyshayib — qimirlab qo’zg’aldi-da, yana tappa o’tirdi. Keyin:

— Umuman, badiiy asarga har xil yondoshish mumkin, — deb gap boshladi. Va adabiyot tarixiga tushib, masalan, o’ris adabiyotidan misollar keltirarkan, Yashin aka:

— Xo’sh, yana kim gapiradi? — deya tanqidchining so’zini «tugadi» deb fahm qilgan kishidek so’radilar.
— Xo’sh, Lolaxon, siz nashriyotda bo’lim mudirasi…

— Rahmat, Yashin aka, — dedi Lola Tojieva (rahmatli ko’p dilbar, mulohazali inson edilar!). — Mana bu yerdagi fikrlarga munosabat bildirmayman. Ammo asarning xaridori sifatida Ibrohim akamdan iltimos qilamanki, muhabbat haqidagi boblarini salgina ko’paytirib, balki bir-ikki bob qo’shib tasvirlab bersalar. Juda yaxshi-da… Xo’pmi, Ibrohimjon aka?

— Xo’p bo’ladi, — deb vazmin bosh irg’adilar Ibrohim aka. Ha, u kishining kayfiyati joyida edi: nima bo’pti, menga o’xshagan bir «partizan» gapirsa gapiripti-da!

— Odiljon?

Yashin akaning bu so’zini eshitiboq Odil akaga… Odil Yoqubovga qaradim: «Vey, bu odam shu yerda-ku?» deb hayron bo’lganim ham esimda bor.

X,olbuki, shu damgacha ham u kishiga uch-to’rt marta qarab olgandim ham: negadir chaynalib, shiftlarga qarab, o’zicha kulimsirab o’tirgandi.

Yashin domlaning da’vatidan so’ng Odil aka ham bir qimirlab, xuddi joyiga sig’mayotgandek nari-beriga surildi-da, tavba, xuddi Shukur Burhondek shu soniyaning o’zida qizarib-bo’g’ilib ketib:

— O’rtaqlar, biz axir… qachongacha asarning — badiiy asarning temasiga qarab, masalan, baho beramiz?
— dedilar. — Axir badiiy asar — o’z nomi bilan badiiy asar-ku!.. Biz yo uni tushunishni istamaymiz, ya’ni badiiy asar tabiatini, yoki bo’lmasam, boshqa gap bor, — degach, yilt etib kulib qo’ydilar. — Tushunaman. Laziz Qayumovning gaplarini ham, Ramz Nosirovichning gaplarini ham tushunaman. Ammo hech bo’lmasa, hech bo’lmaganda, shu yerda — tor davramizda haqiqiy adabiyot haqida so’zlashaylik! Rost, haqiqat gaplarni aytaylik… agar, agar biz Ibrohim akaga to’g’ri gapni aytmasak, bu bilan u kishigagina emas, balki adabiyotimizga ham ziyon yetkazgan, xo’-o’sh, xiyonat qilayotgan bo’lmaymizmi? — U kishi tezlashib ketdi. — Shukurning gaplariga kelsak, u o’zining mulohazalarini aytdi. To’g’risiyam bor, xatosiyam bor… Ammo rost gapirdi bu yosh do’stimiz. Biz kattalar esa, bir-birimizga qarab turib, hayron qolasan kishi…

— Odiljon, Odiljon? — deya tarang bir ovozda shivirlayotgan edilar Ramz aka. Keyin birdan irg’ib turib olib: — Ey, Odiljon, sizga nima bo’ldi? — dedilar xudli oldindan bir narsani kelishib qo’ygandek. — Shukur-ku ukamiz — yosh, u yosh… Siz — kattakon yozuvchi, hamma narsani tushunadigan, qilni qirq yoradigan adibsiz… ?

— E, to’g’ri gapirish ham kerak-da, — deb o’rinlaridan turib ketdi Odil aka. — Kechirasizlar… Ibrohim aka, agar mening fikrlarim sizga kerak bo’lsa, yozib berishga tayyorman…

Ibrohim aka u kishiga ham salobat bilan bosh irg’ab qo’ydilar. Yashin aka xo’mrayib, ruchkani o’ynab o’tirgan edi, boshlarini ko’tarmasdan:

— Men ham ro’monni o’qib chikdim, — dedilar. — Mening ham mulohazalarim bor. Mana… Endi muhokamani tugatamiz. Kelganlaring, asarni o’qiganlaring uchun rahmat… Ibrohimjon, sizga olti oy, balki biron yil muhlat beramiz. Asarni qayta ko’rib chiqishingiz kerak.

Ibrohim aka tag’in pinak buzmay bosh irg’adilar.

Darvoqe, Ibrohim akaning o’sha romanlari «Sharq yulduzi»da ham bosilib chikdi (u vaqtda men ishdan ketgan edim…), nashriyotda kitob ham bo’ldi; ehtimol o’rischasi ham chiqib, yaxshi taqrizlar e’lon etilgandir.

Men u tomonlariga (jumladan, asarni qayta ishlaganlarmi-yo’qmi — bu yog’iga ham) qiziqmadim.

Hamma o’rnidan turdi. Yoshi ulug’larga yo’l bera-bera oxirida qoldim. Shunda Yashin aka mening belimdan quchib:

— Shukurjon, xafa bo’lmang. Hammasi o’tadi, — deb bosh qimirlatib qo’ydilar.

Shu gap hamda belimni quchgan qo’ldan o’tgan quvvat bilan yo’lakka chikdim. Qo’lyozmani redaktsiyada qoldirib, binodan tashqariga — ochiq havoga chiqsam, Odil aka… Odil Yoqubov kim bilandir kulishib turgan ekan.

— Ke, kel, Shukur — dedilar. Dedilar-da, yana piqirlab kuldilar. — Xafa bo’lma u gaplarga… Bizni qo’y… Lekin uka, haqiqatni aytishimiz kerak! Axir, busiz — mumkin emas yashash!.. Mumkin bo’lmay qoladi. Shu yo’lingdan qolma. To’g’ri endi, haqiqat qachon ro’yobga chiqadi? Biz qachon bir-birimizga tik qarab qalbimizdagi gaplarni aytamiz? Olloh biladi… Lekin aytave-rish kerak!.. — Keyin tag’in pix-pixlab kuldilar. — Ollo bor-ku! Baliq bilmasa, Holiq biladi, — deydilar. — So’ng birdan chayqalib kuldilar. — Ishonasanmi, shu romanni Laziz ham, Ramz Bobojon ham, Narbay ham o’qimagan. He-he-he… Ibrayim akaga achinaman.
Yaxshi inson! Sen to’g’ri aytding. Ulug’ bir rahbarga xos qobiliyat bor u insonda. Lekin beayb Parvardigor…

Shunda Odil akaning ikkinchi bir fazilatini kashf etdim: bu ulkan adib o’z asarlarinigina emas, adabiyotimizning ham himoyasiga tayyor yurar ekan. O’ nafaqat adabiyotni…

Vatanni, tabiatimizni, insoniy g’urur, milliy iftixor kabi oliy qanoatlarni ham jon-jahdi bilan himoyaga tayyor yurishi haqida «Yozuvchi» degan hikoyamda batafsil yozgan edim… Batafsil?

Xato bu: o’zim bilgan, ko’rgan, ishtirok etgan voqealarni yozgan edim…

Shu tobda Odil akaning — bu sirli-sehrli shaxsning Maskovdagi baland minoralarda turib, ajdaho komi qarshisida paxta va Orol muammosi haqidagi nutqlari qulog’imga eshitila boshladi…

Ha, Odil aka haqida o’ylasam…

1996

034

(Tashriflar: umumiy 2 161, bugungi 1)

5 izoh

  1. Одил Ёқубов Чингиз Айтматов билан бир суҳбатда Хуршид Давронни кўрсатиб «Бу бола энг катта тарихчи ёзувчи бўлади. Номини Эслаб қол!» деган эканлар.

  2. Бир суҳбатда Хуршид акадан ўзим эшитганман «Одил ака билан бир курсини талашганмиз.Аммо йиллар ўтиб, Қариган пайтларида олдларига Эркин Аъзам билан борганимда, Одил ака «Сени ҳурмат қиламан. Ўшанда номардлик қилмагансан. Мен сени суксам ҳам мени ҳурмат қилиб бир оғиз менга қарши гапирмагансан» деган эдилар. Бунга бутун съезд шоҳид эди.

  3. Атоқли ва севимли ёзувчи Одил Ёқубовнинг 60 йилларда босилиб чиққан «Излайман» қиссаси адиб асарлари рўйхатида нега йўқ?! Қиссада адибнинг ўзи иштирок этган 1945 йилги Совет Япония уруши тафсилотлари, ўзбек капитани Даврон Ғозиев, рус қизи Ольга Куприянова ва ёш ўзбек аскари Мансурнинг Гоби саҳроси ва Катта Хинган тоғидан ошиб утишдаги чеккан машаққатли ҳарбий сафари, уруш ортидаги Қорасув қишлоғининг кишилари, қизлар бригадаси бошлиғи гўзал ва ҳушфеъл Саломатхон тасвирланган эди. Болалик йилларимда ўқиганман, бироқ Одил Ёқубовнинг ёшлик йиллари кечган мана шу «Излайман» қиссасини мен ҳамон излайман.

  4. odil yoqubov 1927-yilda tugulgan ekanlar lekin royhatda 1926-yil dib yozilgan

Izoh qoldiring