Bayram Ali. Hech kimga bildirmay…

06   Машъум жавоб хати бехосдан қўлимизга тушиб бутун синфимиз болаларининг ғазабини келтирди, мен эса аччиқланганимдан ўзимни қўярга жой тополмай қолдим. Шу учун ҳам режам ҳаммага маъқул тушди-ю, дунёни сув босса ўрдакка айланадиган биргина Мўмин мишқи унамади холос….

Байрам АЛИ
ҲЕЧ КИМГА БИЛДИРМАЙ…
09

    Байрам Али 1991-йил Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманига қарашли Чим қишлоғида туғилган. Чим “маиший хизмат кўрсатиш” коллежини тугатган. Ҳикоя ва қиссалари республика нашрларида мунтазам чоп қилиниб келинади. Бир нечта ҳикоялари асосида телекўрсатувлар суратга олинган. Ёш адибнинг “Болангман, дунё” (Dizayin priss, Тошкент 2013-й), “Куз ёмғирлари” (Чўлпон, Тошкент 2017-й) каби насрий китоблари чоп қилинган.

05Машъум жавоб хати бехосдан қўлимизга тушиб бутун синфимиз болаларининг ғазабини келтирди, мен эса аччиқланганимдан ўзимни қўярга жой тополмай қолдим. Шу учун ҳам режам ҳаммага маъқул тушди-ю, дунёни сув босса ўрдакка айланадиган биргина Мўмин мишқи унамади холос.

−Акаси чиқиб қолса ўласанлар-ку!.. – деди у бурнини “Шўрқ!” этказиб тортиб. Аммо Ботирдан тепки, мендан бир шапалоқ егач у ҳам миқ этмай сўзларимни эшитиб ўтирди.

− Ошналар, бунга чидаб бўлмайди! – гапимни келган жойидан давом этдим мен. – Садафни ҳаммамиз ҳам яхши кўрамиз, тўғри! Шунинг учун у ўзимизнинг синфдаги болаларнинг бирортасига… Дейлик, Қодир сен, ё Мирзага хат ёзганда бунчаликка бормаган бўлардик. Чин ошналик гапим, уни ҳаммадан кўп яхши кўрсам ҳам, сизларни танлаганда эркакни ишини қилиб бир чеккага чиқмасам қасам урсин! Бироқ у бизни келиб-келиб қўшни мактаб болаларига алмашибдими, шуйтиш керак! Тунда ҳеч кимга билдирмай бориб уйи девори-ю, кўчасидаги асфалтларгача шалоқ гаплар ёзиб чиқиш керак!

− Тўғри айтасан, − кўзида ёш ғилтиллаб турган Худойберди тутақиб ер тепинди. – Садафни мен ҳам қаттиқ севардим… Лекин бизнинг шунча хатларимизга жавоб ёзмаган қиз, келиб-келиб қўшни мактаб боласининг хатига жавоб ёзадими?! Келиб-келиб шу ипирисқиларни авло биладими биздан?! Менга ҳам алам қилиб кетаяпти! Шуйтамиз! Тунда ҳеч кимга билдирмай борамиз-у, бутун кўчаси ва дарвозасини сассиқ гаплар билан тўлдириб ташлаймиз!

− Бевафо деб ёзамиз! − бири олиб бири қўйиб чувиллай кетишди болалар. −Тўқол деб ёзамиз! Бешарм деб ёзамиз!
−Тўхтанглар! – шунда тишини-тишига босиб шу чоққача индамай ўтирган Жаҳон ҳамманинг овозини ўчириб қўйди:

− Яхшиси… – деди, “қулт” этиб ютиниб. – Яхшиси, ж… деб ёзамиз! Қиз нарса бегона бир болага “сени ўйлайман” деб ёзгандан кейин ж… бўлмай нима?! Ўзининг синфдоши бўлгандаям бошқа гап эди…

Шундай қилиб, биз – синфимиздаги энг гўзал қиз Садафнинг бир талай ошиқлари бугун тунда бориб хиёнати учун ундан аёвсиз қасос олишга келишиб олдик. Бунинг энг осон йўли эса мен ўйлаб топганимдай кўчаси ва дарвозасини расво гапларга тўлдириш, ёлғон-яшиқлар билан Садафни моховга ошна қилиш эди.

− Қўйсанглар-чи, акаси билмаган тақдирда ҳам ити сезади… – ҳалитдан қўрқиб иштонини хўллаб қўяй деяётган Мўмин мишқи яна бир бор бизни мақсадимиздан қайтаришга уриниб кўрди. Бироқ юзига “Шарт!” этиб тушган менинг галдаги шапалоғимдан кейин изиллаганча уйи томон кета бошлади.

− Қўрқоқда орият нима қилади! – унинг ортидан муштини дўлайтирди Мирза. –Кетаверсин! Орамизда бўлсаям ишнинг пачавасини чиқаради!
Келишилганидек, кечаси Мўминдан ташқари ҳаммамиз саросима ва иштиёқ билан Садафларнинг кўчасига йиғилдик. Бир бурчакка биқиниб, эҳтиёт шарт бутун қишлоқ тинчиб, одам зотининг бари пинакка кетишини кута бошладик. Лекин таҳмимича бу пайт битта-иккита ўртоқларимнинг юрагига ғул-ғула тушиб улгурган, ажралиб қолишдан қўрққани учунгина жуфтакни ростлашга ботинмай тулкилик қилиб ўтарарди. Сиздан яширмайман, ўзимни ҳам кўзимга Садафнинг баджаҳл акаси буқа қараш қилиб қараётгани кўриниб-кўриниб кетаётгани рост эди. Ҳатто, бир сафар беихтиёр:

− Ошналар, шу Садаф нозик-ниҳол қиз… Акаси ўзининг акасимикин? – деб юбордим-у, қовун туширишимга оз қолди. Яхшиям улар бу гап хаёлимга қаёқдан келганини сўрашмади. Аммо, пишиллаган нафас товушлари бир пасга сўниб, барчаси бўзрайиб қолишганидан маълум эдики: ичида энг қўрқмаётгани ўзим эканман!

Имиллаб ўтаётган вақт тунниг аллайқаси соатини кўрсатиб, ниҳоят қишлоқда лайча итларнинг овозидан бошқа бари товушлар ўчди.

− Бошлайсанми?.. – деди, олдинги қизиққонлиги негадир сезилмай, овози минғирлаб чиққан Худойберди. Ойнинг ғира-ширасида унинг қошлари ва оғзининг икки учи бир хилда осилиб, ажабтовур шумшайиб турган афтини кўрдим-у, ҳозиргина айтган жумласининг “ё кетаверсакми?” қабилидаги давомини ютиб қолганини фаҳмладим. Кўнглимдан шумхаёл кечди: Садафларнинг уйига қараб юрсам, барибир ландавурларнинг барчаси қочиб қолади… Шунда менам тинчгина уйга қайтардим-у, синфдаги энг ботири бўлиб қолаверардим!

− Бошлаймиз! – ўзимнинг хийламга ўзим қойил қолиб ўрнимдан қўзғалдим. – Садафнинг акаси бирортамизни тутиб олиб майиб қилса ҳам майли, бошлаймиз! Уриб ўлдириб қўйса ҳам майли, бошлаймиз! Кўзаримизни ўйиб ташласа ҳам майли, бошлайверамиз! Сўзидан қайтган жигит эмас!

Ваҳимали гапларимдан кейин ура қочиш ўрнига гуё мен бурнидан тортиб судраётгандай ортимдан пайпасланиб келаётган ўртоқларимнинг энг олдида юриб Садафларнинг қорайиб, кўланкага ўхшаб турган уйига яқинлашдим. Гоҳ Садафларнинг уйи томонга, гоҳ орт томонимдаги ўртоқларимга аланглай-аланглай қўлимдаги бўр билан дарвозага ўша машҳур арифметик ифодани ёздим: “Б+С=С”. Бўлди, бундай ишга бошқа ҳеч ким журъат қилмаса керак, деб тургандим, йўқ, менинг ёзувимининг ёнидан Ботир қалтирабгина бир бутун сўз ёзди: “Шарманда”. Унинг ёзуви ёнидан эса Жаҳон ҳам хунук бир гап ёзди, жуда хунук! Ва кутилмаганда, бир-бирининг журъатидан қувват олган болалар ўз қўлидаги бўрларни ишга солиб дарвозага энг тубан сўзларни мухирлашга киришиб кетишди. Ҳа, биз ёздик, аямай ёзавердик. Олдан дарвозани, кейин дарвоза яқинидаги асфалтни ўқиб тўнғиз тук ташлайдиган аҳлоқсиз гаплар билан тўдириб ташладик! Ҳамма болалар нафасини ютиб фақат ёзар, қўлларимиздаги бўрнинг секин чиқаётган “тикир-тикир” овози худди пилла қуртнинг тезак ташлаш товушига менгзарди. Ажабо, айни пайтда Садафнинг шаънига, ҳаммамизга бевафолик қилган ўша бешарм, беҳаё Садафнинг шаънига қанчалик ҳақорат ёғдирсак аламдан, қолаверса қўрқувдан шунча холос бўлаётганга ўхшардик ва ўз ишимиздан борган сари лаззат олардик. Ҳовли ичкарисида бизни сезиб қолган итнинг буғиқ акллашидан сўнггина биз тирақайлаб жуфтакни ростлашга мажбур бўлдик…

Эртаси куни эрталаб мактабга борганда бир-биримизга кўз қисиб, қош учириб қилган қилғилиғимизга шаъмалар қилар эдик. Яъни назаримизда ҳозир, бир зумдан кейин − тонгда уйғониб ёзувларимизни ўқиган уйидагилари томонидан калтакланган Садаф кўзи кўкарган, боши ҳам ҳолда етим қиздай мунғайиб синфхонага кириб келар, бундан барчамиз бир қоп сеириб қолишимиз керак эди. Аммо… Аммо ундай бўлмади! Аксинча, Садаф бирор оламшум гапни ҳаммага етказиб тезроқ суйинчилаши лозимдай ҳовлиқиб синфимизда пайдо бўлди. Биз болалар ҳеч вақони тушунолмай тахта бўлиб турган эдик, устига-устак синфхонага Мўминни олдига солиб олган отаси билан ўқитувчимиз ҳам кириб келишди.

− Қани айт, булардан қайси бири сени шу ишга мажбурлади? – Мўминга бизни кўрсатиб гапирди ўқитувчимиз. − Сендай интизомли боланинг бу безориликни бир ўзи қилишига ишонолмайман!

− Ҳеч қайси… – оёқ учларига термулганча жавоб қайтарди Мўмин.

−У нда нимага бундай қилганингни тушунтир! – отаси уни елкасидан қаттиқ туртди. – Садафнинг акаси сени ўз қўли билан ушлаб олибди-ку! Нега кечаси уйдан билдирмай чиқдинг?! Нега синфдошингнинг кўчаси ва дарвозасига лой чаплаб ташладинг?! Ё… сен Садафдан хафамидинг?

Мўмин ернинг тагидан Садафга аста қараб олганида хоксор нигоҳларида юракни эзиб юборадиган аллақайнай ўкинч, ич-ичидан, ичининг жудаям чуқур бир жойидан қалқиб чиққан илиқлик бор эди.

− Сира хафа эмасдим… Сираям! − деди у йиғламсираган заиф, айни пайтда ўта қатъий бир товушда. Сўнг тағин бошини солинтирганча, мўм тишлаб туриб олди.

01.06.2018

04 Mash’um javob xati bexosdan qo’limizga tushib butun sinfimiz bolalarining g’azabini keltirdi, men esa achchiqlanganimdan o’zimni qo’yarga joy topolmay qoldim. Shu uchun ham rejam hammaga ma’qul tushdi-yu, dunyoni suv bossa o’rdakka aylanadigan birgina Mo’min mishqi unamadi xolos….

Bayram ALI
HECH KIMGA BILDIRMAY…
067

17  Bayram Ali 1991-yil Qashqadaryo viloyatining Qamashi tumaniga qarashli Chim qishlog’ida tug’ilgan. Chim “maishiy xizmat ko’rsatish” kollejini tugatgan. Hikoya va qissalari respublika nashrlarida muntazam chop qilinib kelinadi. Bir nechta hikoyalari asosida teleko’rsatuvlar suratga olingan. Yosh adibning “Bolangman, dunyo” (Dizayin priss, Toshkent 2013-y), “Kuz yomg’irlari” (Cho’lpon, Toshkent 2017-y) kabi nasriy kitoblari chop qilingan.

  Mash’um javob xati bexosdan qo’limizga tushib butun sinfimiz bolalarining g’azabini keltirdi, men esa achchiqlanganimdan o’zimni qo’yarga joy topolmay qoldim. Shu uchun ham rejam hammaga ma’qul tushdi-yu, dunyoni suv bossa o’rdakka aylanadigan birgina Mo’min mishqi unamadi xolos.

−Akasi chiqib qolsa o’lasanlar-ku!.. – dedi u burnini “Sho’rq!” etkazib tortib. Ammo Botirdan tepki, mendan bir shapaloq yegach u ham miq etmay so’zlarimni eshitib o’tirdi.

− Oshnalar, bunga chidab bo’lmaydi! – gapimni kelgan joyidan davom etdim men. – Sadafni hammamiz ham yaxshi ko’ramiz, to’g’ri! Shuning uchun u o’zimizning sinfdagi bolalarning birortasiga… Deylik, Qodir sen, yo Mirzaga xat yozganda bunchalikka bormagan bo’lardik. Chin oshnalik gapim, uni hammadan ko’p yaxshi ko’rsam ham, sizlarni tanlaganda erkakni ishini qilib bir chekkaga chiqmasam qasam ursin! Biroq u bizni kelib-kelib qo’shni maktab bolalariga almashibdimi, shuytish kerak! Tunda hech kimga bildirmay borib uyi devori-yu, ko’chasidagi asfaltlargacha shaloq gaplar yozib chiqish kerak!

− To’g’ri aytasan, − ko’zida yosh g’iltillab turgan Xudoyberdi tutaqib yer tepindi. – Sadafni men ham qattiq sevardim… Lekin bizning shuncha xatlarimizga javob yozmagan qiz, kelib-kelib qo’shni maktab bolasining xatiga javob yozadimi?! Kelib-kelib shu ipirisqilarni avlo biladimi bizdan?! Menga ham alam qilib ketayapti! Shuytamiz! Tunda hech kimga bildirmay boramiz-u, butun ko’chasi va darvozasini sassiq gaplar bilan to’ldirib tashlaymiz!

− Bevafo deb yozamiz! − biri olib biri qo’yib chuvillay ketishdi bolalar. −To’qol deb yozamiz! Besharm deb yozamiz!
−To’xtanglar! – shunda tishini-tishiga bosib shu choqqacha indamay o’tirgan Jahon hammaning ovozini o’chirib qo’ydi:

− Yaxshisi… – dedi, “qult” etib yutinib. – Yaxshisi, j… deb yozamiz! Qiz narsa begona bir bolaga “seni o’ylayman” deb yozgandan keyin j… bo’lmay nima?! O’zining sinfdoshi bo’lgandayam boshqa gap edi…

Shunday qilib, biz – sinfimizdagi eng go’zal qiz Sadafning bir talay oshiqlari bugun tunda borib xiyonati uchun undan ayovsiz qasos olishga kelishib oldik. Buning eng oson yo’li esa men o’ylab topganimday ko’chasi va darvozasini rasvo gaplarga to’ldirish, yolg’on-yashiqlar bilan Sadafni moxovga oshna qilish edi.

− Qo’ysanglar-chi, akasi bilmagan taqdirda ham iti sezadi… – halitdan qo’rqib ishtonini xo’llab qo’yay deyayotgan Mo’min mishqi yana bir bor bizni maqsadimizdan qaytarishga urinib ko’rdi. Biroq yuziga “Shart!” etib tushgan mening galdagi shapalog’imdan keyin izillagancha uyi tomon keta boshladi.

− Qo’rqoqda oriyat nima qiladi! – uning ortidan mushtini do’laytirdi Mirza. –Ketaversin! Oramizda bo’lsayam ishning pachavasini chiqaradi!
Kelishilganidek, kechasi Mo’mindan tashqari hammamiz sarosima va ishtiyoq bilan Sadaflarning ko’chasiga yig’ildik. Bir burchakka biqinib, ehtiyot shart butun qishloq tinchib, odam zotining bari pinakka ketishini kuta boshladik. Lekin tahmimicha bu payt bitta-ikkita o’rtoqlarimning yuragiga g’ul-g’ula tushib ulgurgan, ajralib qolishdan qo’rqqani uchungina juftakni rostlashga botinmay tulkilik qilib o’tarardi. Sizdan yashirmayman, o’zimni ham ko’zimga Sadafning badjahl akasi buqa qarash qilib qarayotgani ko’rinib-ko’rinib ketayotgani rost edi. Hatto, bir safar beixtiyor:

− Oshnalar, shu Sadaf nozik-nihol qiz… Akasi o’zining akasimikin? – deb yubordim-u, qovun tushirishimga oz qoldi. Yaxshiyam ular bu gap xayolimga qayoqdan kelganini so’rashmadi. Ammo, pishillagan nafas tovushlari bir pasga so’nib, barchasi bo’zrayib qolishganidan ma’lum ediki: ichida eng qo’rqmayotgani o’zim ekanman!

Imillab o’tayotgan vaqt tunnig allayqasi soatini ko’rsatib, nihoyat qishloqda laycha itlarning ovozidan boshqa bari tovushlar o’chdi.

− Boshlaysanmi?.. – dedi, oldingi qiziqqonligi negadir sezilmay, ovozi ming’irlab chiqqan Xudoyberdi. Oyning g’ira-shirasida uning qoshlari va og’zining ikki uchi bir xilda osilib, ajabtovur shumshayib turgan aftini ko’rdim-u, hozirgina aytgan jumlasining “yo ketaversakmi?” qabilidagi davomini yutib qolganini fahmladim. Ko’nglimdan shumxayol kechdi: Sadaflarning uyiga qarab yursam, baribir landavurlarning barchasi qochib qoladi… Shunda menam tinchgina uyga qaytardim-u, sinfdagi eng botiri bo’lib qolaverardim!

− Boshlaymiz! – o’zimning xiylamga o’zim qoyil qolib o’rnimdan qo’zg’aldim. – Sadafning akasi birortamizni tutib olib mayib qilsa ham mayli, boshlaymiz! Urib o’ldirib qo’ysa ham mayli, boshlaymiz! Ko’zarimizni o’yib tashlasa ham mayli, boshlayveramiz! So’zidan qaytgan jigit emas!

Vahimali gaplarimdan keyin ura qochish o’rniga guyo men burnidan tortib sudrayotganday ortimdan paypaslanib kelayotgan o’rtoqlarimning eng oldida yurib Sadaflarning qorayib, ko’lankaga o’xshab turgan uyiga yaqinlashdim. Goh Sadaflarning uyi tomonga, goh ort tomonimdagi o’rtoqlarimga alanglay-alanglay qo’limdagi bo’r bilan darvozaga o’sha mashhur arifmetik ifodani yozdim: “B+S=S”. Bo’ldi, bunday ishga boshqa hech kim jur’at qilmasa kerak, deb turgandim, yo’q, mening yozuvimining yonidan Botir qaltirabgina bir butun so’z yozdi: “Sharmanda”. Uning yozuvi yonidan esa Jahon ham xunuk bir gap yozdi, juda xunuk! Va kutilmaganda, bir-birining jur’atidan quvvat olgan bolalar o’z qo’lidagi bo’rlarni ishga solib darvozaga eng tuban so’zlarni muxirlashga kirishib ketishdi. Ha, biz yozdik, ayamay yozaverdik. Oldan darvozani, keyin darvoza yaqinidagi asfaltni o’qib to’ng’iz tuk tashlaydigan ahloqsiz gaplar bilan to’dirib tashladik! Hamma bolalar nafasini yutib faqat yozar, qo’llarimizdagi bo’rning sekin chiqayotgan “tikir-tikir” ovozi xuddi pilla qurtning tezak tashlash tovushiga mengzardi. Ajabo, ayni paytda Sadafning sha’niga, hammamizga bevafolik qilgan o’sha besharm, behayo Sadafning sha’niga qanchalik haqorat yog’dirsak alamdan, qolaversa qo’rquvdan shuncha xolos bo’layotganga o’xshardik va o’z ishimizdan borgan sari lazzat olardik. Hovli ichkarisida bizni sezib qolgan itning bug’iq akllashidan so’nggina biz tiraqaylab juftakni rostlashga majbur bo’ldik…

Ertasi kuni ertalab maktabga borganda bir-birimizga ko’z qisib, qosh uchirib qilgan qilg’ilig’imizga sha’malar qilar edik. Ya’ni nazarimizda hozir, bir zumdan keyin − tongda uyg’onib yozuvlarimizni o’qigan uyidagilari tomonidan kaltaklangan Sadaf ko’zi ko’kargan, boshi ham holda yetim qizday mung’ayib sinfxonaga kirib kelar, bundan barchamiz bir qop seirib qolishimiz kerak edi. Ammo… Ammo unday bo’lmadi! Aksincha, Sadaf biror olamshum gapni hammaga yetkazib tezroq suyinchilashi lozimday hovliqib sinfimizda paydo bo’ldi. Biz bolalar hech vaqoni tushunolmay taxta bo’lib turgan edik, ustiga-ustak sinfxonaga Mo’minni oldiga solib olgan otasi bilan o’qituvchimiz ham kirib kelishdi.

− Qani ayt, bulardan qaysi biri seni shu ishga majburladi? – Mo’minga bizni ko’rsatib gapirdi o’qituvchimiz. − Senday intizomli bolaning bu bezorilikni bir o’zi qilishiga ishonolmayman!

− Hech qaysi… – oyoq uchlariga termulgancha javob qaytardi Mo’min.

−U nda nimaga bunday qilganingni tushuntir! – otasi uni yelkasidan qattiq turtdi. – Sadafning akasi seni o’z qo’li bilan ushlab olibdi-ku! Nega kechasi uydan bildirmay chiqding?! Nega sinfdoshingning ko’chasi va darvozasiga loy chaplab tashlading?! Yo… sen Sadafdan xafamiding?

Mo’min yerning tagidan Sadafga asta qarab olganida xoksor nigohlarida yurakni ezib yuboradigan allaqaynay o’kinch, ich-ichidan, ichining judayam chuqur bir joyidan qalqib chiqqan iliqlik bor edi.

− Sira xafa emasdim… Sirayam! − dedi u yig’lamsiragan zaif, ayni paytda o’ta qat’iy bir tovushda. So’ng tag’in boshini solintirgancha, mo’m tishlab turib oldi.

01.06.2018

02

(Tashriflar: umumiy 265, bugungi 1)

Izoh qoldiring