Bayram Ali. «Siz yoqqansiz menga hamisha…»

067   Уни шифохонага эндигина жойлашган кунларимда, ёлғиз ўзим банд этган палатамнинг эшигини қоқишга тараддудланиб турган пайти илк марта учратгандим. Ўшанда орқа тарафдан етиб келиб тамоқ қирар эканман, у мен томонга ўгрилди-ю, хижолатдан дув қизарди…

Байрам АЛИ
«СИЗ ЁҚҚАНСИЗ МЕНГА ҲАМИША…»
003

 033  Байрам Али 1991-йил Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманига қарашли Чим қишлоғида туғилган. Чим “маиший хизмат кўрсатиш” коллежини тугатган. Ҳикоя ва қиссалари республика нашрларида мунтазам чоп қилиниб келинади. Бир нечта ҳикоялари асосида телекўрсатувлар суратга олинган. Ёш адибнинг “Болангман, дунё” (Dizayin priss, Тошкент 2013-й), “Куз ёмғирлари” (Чўлпон, Тошкент 2017-й) каби насрий китоблари чоп қилинган.

Уни шифохонага эндигина жойлашган кунларимда, ёлғиз ўзим банд этган палатамнинг эшигини қоқишга тараддудланиб турган пайти илк марта учратгандим. Ўшанда орқа тарафдан етиб келиб тамоқ қирар эканман, у мен томонга ўгрилди-ю, хижолатдан дув қизарди.

−Ассалому алайкум, − деди, тутилинқираб. – Эшигингизни тақиллатмоқчи эдим, ухлаяптиларми, деб…

−Бехижолат! – уни ноқулайчиликдан чиқариш учун жилмайдим. – Кундузлари ухлайдиган одатим йуқ, ҳатто ёмғирли кунда ҳам… Кирамизми?

−Йўғей, раҳмат, − кулибгина рад этди у . – Кўрмайсизми ёмғирни, юракни эзиб юборди… Ҳамшира сизда ўқиш учун китоблар борлигини айтганди?

Дарҳақиқат ҳамиша ўзим билан уч-тўрт дона китоб олиб юрадиган одатим бор эди. Холбуки ёлғизликни суяман, зэрикканимда китобларгина ҳамсуҳбатим бўлади. “Ҳозир”, дея хонам сари йўналарканман, тўхтаб сўрадим:

−Қанақа китоб ўқимоқчи эдингиз ўзи? Насрийми, шеърийми?..
−Топилса.., бирор шеърий.

Шундай қилиб унга ўзим суйган шоирлардан бирининг сайланмасини чиқариб бердим. Кечга тортиб укол қилишга келган ҳамширадан унинг нега бу ердалиги ҳақида сўрагандим, енгил яллиғланиш туфайли ётганини айтди.

Китоб алишуви бизни бир қадар яқинлаштириб қўйди. Энди биз у билан залда ё ошхонада учрашиб тез-тез суҳбатлашиб турар, назаримда бу ҳол иккимиз учун ҳам кўнгилли эди. Баъзан бундай қисқа суҳбатлардан қониқиш топмай узун йўлак охирига териб қўйилган стуллардан бирига ўтириб унинг бири қари, бири ўрта ёшдаги икки аёл хонадоши билан ётган палатасидан чиқиб менга кўзи тушишини кутардим. Аксар пайтларда эса унинг ўзи шу ўриндиққа чўкиб, хаёл суриб турганига гувоҳ бўлардим…

Шундай кунларнинг бирида одатдагидай йўлак охирига бориб ўтирган эдим, у қўлида мен берган китобни ушлаб ёнимга келди. Саломлашиб, қаршимга ўтиргач, китобимни узатди.

−Ўқиб чиқдим. Раҳмат сизга.
−Ёқдими?

−Ёқди. Бу шоир инсоннинг энг инжа туйғуларини худди микроскопда кузатгандай йириклаштириб кўрсата олади.

−Рост айтасиз, − бу гапдан мамнунлик ҳиссини туйдим. − Мен эса шоирнинг айрим шеърларини ўқиб ўзим ҳақимда кўпроқ нарса билаётгандай бўлавераман…

−Биласизми нима, − у нимадир эсига тушиб қолгандай жонланди, − кеча хонадошимнинг телефонида айнан унинг шеъри билан айтилган қўшиқни эшитиб қолдим. Қизиқ… Аввал ҳам кўп эшитганман бу қўшиқни. Аммо ҳеч бу қадар эътибор қилмаган, таъсирланмаган эканман. “Фақат буни этмовдим ошкор, сиз ёққансиз менга ҳамиша” деб куйларди хонанда аёл… “…Фақат буни этмовдим ошкор, сиз ёққансиз менга ҳамиша… ” – ҳайрат ва ҳаяжон ила шеърдаги жумлани икки-уч қайта такрорлади у.

Мен ҳам мисрани тилга олдим.

−Ҳа, дарҳақиқат, — ўйга толиб гапирдим кейин. − Шу бир оғиз жумлада қанчалар дард, қанча изтироб, қандай катта ҳаётий фожиа жо бўлган…

Шу дам у ўз ҳаёлларидан чўчиб кетган каби сачраниб менинг ўйчан юзимга тикилди. Унинг тим қора кўзларига зални ёритиш учун тепамизга ўрнатилган сарғиш чироқнинг шулалари тушиб синиқ-синиқ жилваланиб турарди.

−Қандай оғир… – деди сўнгра қайғу билан . − Умр бўйи кимнидир севиб ўтсанг-у, бу ҳақида ўзига айтмасанг, айтолмасанг…

−Аксинча бўлганда-чи?!.. – беихтиёр тасаввурларимга эрк бердим мен. – Гўё, кимнидир сева олмасангу, умрингни унга баҳшида қилсанг…

−Ҳа… Сиз… Сиз ҳам кимгадир кўнгил қўйганмисиз?

Унининг саволи нечоғли тасодифий бўлмасин, изтироб ва самимият қоришиб кетган ҳазин овози бирлигида табиий бир вазият юзага келганди. Шундай бўлса-да, юрагимнинг туйқус бодраб кетганини сездим. Бироқ нима деб жавоб қайтаришни билмасдим. Нима ҳам дей? Ҳеч бири поёнига етмаган, оқибатда кўп жойлари эсимдан чиқиб қолган ишқий саргузаштларим тўғрисида гапирайми унга? Ёки бирга тушган суратмизни ҳалигача асраб қўйганим − мактабда шундоқ ёнгинамдаги партада ўтириб ўқиган синфдош қиз ҳақида суйлаб берайми?

−Кўнгил қўйганимдан қўнглим қолганлари кўпроқ… – тағин маъноси ҳали ўзимга-да ноаён бемаънидан-бемаъни жавоб ихтиёрсиз равишда тилимдан учди.

−Ўзингиз-чи? –дедим яна бу етмагандай. – Ўзингизда?.. Ҳалиги… Кўнгил…

−Кўнги-ил!.. – “ух” тортиб хўрсинди у, ҳамон ўша сарғиш чироқнинг шуласи жимир-жимир қилиб турган ғамли кўзларини эса кўзларимдан узмади. – Билмадим, қандай тушунтирсам тўғрироқ бўларкин сизга… Йўқ, умуман тўғри бўлармикин?..

Мен унинг олам-олам маънолар ялт-юлт этаётган маюс кўзлариги термулиб савқи табиий ҳаяжон оғушида турар, ўзимда унга нисбатан руҳан яқинлик туяр, кафтларим билан сутга чайилгандек оппоқ юзларидан, бежирим румоли остидан титраётган елкаларига қуйилиб орқасига ўтиб турган узун қора сочларидан силаб меҳрибочилик қилгим келарди. Аммо сассиз эдим. Сассиз… ва ҳамон тош қотиб турардим.

Залдан биз тарафга юриб келаётган бировнинг қадам товушлари эшитила бошлаганда у сесканиб тушди. Шошилиб ўрнидан туриб, хайрлашмасдан хонаси томонга кетди.

Эрталаб арчилган олма пўчоқларини ташлаш учун ошхонага борганимда унга яна дуч келдим. Одатий сўрашиш учун оғиз жуфтловдим ҳамки, унинг жонсарак туришидан нимадир демоққа тайёрланаётганини пайқаб тўхтаб қолдим. У ушбу ҳолатида анча пайт сокин турди.

−Кечаги учун… узр… Кечиринг… – деди сўнг қатиъятсизлик билан.

Мен унинг нега кечирим сўраётганини, нима демоқчилигини, не сабабдан йиғлаб юборгудай эзғин кайфиятда турганини сира тушунолмасдим. Ахир кеча орамизда нима гап ўтди, нима воқеа рўй берди хижолат бўлишга, надоматга арзийдиган?

Хув ўша эшик олдида биринчи гаплашганимиздаги каби жилмайдим.
−Йўқ… Нега кечирим сўрайсиз?.. Унақа, ҳеч бир…

−Кеча хонамга қайтгач ўз-ўзимдан жуда уялдим, ёмон кўриб кетдим ўзимни… – у тин олиб гапида давом этди. – Янги ҳаёт остонасида тура туриб… Ахир фотиҳам…

Ҳамон ҳеч гапни тушунмасдим. Унинг узук-юлуқ гапларидан англаганим шу бўлгандики: у яқинда турмушга чиқар экан ва афтидан, менинг ҳали айтилмаган муҳаббат таклифимни таъқиқлаб қўймоқчи. Бироқ, нега бундай қилади, ахир ҳалича унга дил изҳор қилиш фикри менда йўқ эди-ку, ҳартугул улгурмаган эдим-ку бунга?! Кўнглим оғриди… Ўта қўпол ўхшатиш бўлса-да, назаримда бу тунда аёл билан дон олишган эркакнинг эрталаб “Ҳато иш бўлди” дея узр сўрашига ўхшарди.
Эҳтимол ўша лаҳзада юзимда аянч манзара билан табассум қотган лабларимнинг қийшайиб туриши сиртдан қараган одамга кулгули кўрингандир. Лекин мен унинг йиғлаб юбормаслик учун тиришиб жасорат кўрсатаётган чеҳрасига шундай ғалат термулиб қолгандим. У яна нимадир гапни айтай-айтай деб турди-ю, бардоши етмади, шарт бурилиб чиқиш эшигига қараб юрди.

Мен қанча пайт вужудим муздай бўлиб бу тахлит қотиб турганимни билмайман…

Энди кунларимнинг ҳаловати йўқолган эди. Билолмасдим нега бундай, лекин мен маюсдан-маюс ҳислар чўғида беоман тоблана бошладим. Шу билан бирга у ҳақда кўп хаёл сурадиган бўлдим. Унинг иккимиз шеър борасида гаплашганимизда шула тушиб сирли мавжланган кўзларини, ошхонада учрашганимизда қайғудан тиришиб кеттган юзларини қайта-қайта кўз олдимда жонлантирадиган бўлдим. Айниқса, яна бир нарса − у айтилмаган, таъбир жойиз бўлса туғилиб улгурмаган муҳаббатимни таъқиқлаб қўймаганида ҳаммаси қандай авж олиши мумкинлиги тўғрисида сўнгсиз-поёнсиз ўйларга толардим. Унинг нега ўшанда кечирим сўрагани-ю, нима сабабдан бунчалик тушкунликка тушгани эса ҳануз менга жумбоқ эди…

Унинг бу қилиғидан ғурурим чиндан оғридими ёки ғурурли эканимни атай кўрсатмоқчи бўлдимми, билмайман, мавҳум туйғулар исканжасида қанчалик қийналмайин ортиқ йўлакка териб қўйилган стуллар ёнига бормай қўйдим. Ҳар сафар қизиқиш ва умид билан хонам эшигидан шу стуллар томон мўралаб, унинг ҳам борганини кўрмасдим. Шундан сўнг у билан бир неча марта беморлар йиғилишганда юзма-юз бўлдик. Лекин бу даврада иккимиз ҳам гунг эдик. Ҳа, мисоли атрофдаги ҳамма бир варакайига чуғурлашар, бир-бирин эшитиб-эшитмай валдирашар, танҳо иккимизгина бир-биримизни нигоҳларимиз қири билан кузатганча жим ўтирардик. Бу эса сўзсиз мулоқотга ўхшарди. Тасаввур қилаяпсизми, биз у билан овоз чиқрмасдан гуё ҳеч нарсалар ҳақида тўлиқиб-орзиқиб гаплашаётгандай бўлардик…
Ниҳоят бир гал мен уни шифохона ҳовлисида ёлғиз кезиниб юрганида учратиб, сўз қотдим:

−Кетадиган кунларингиз яқинлашиб қолдими дейман?

У ёнига яқинлашганимда гапришимни кутмаганди чоғи, кўзларимга ялт этиб қаради ва юзига қизиллик югурди.
−Ҳа, яқин қолди… – деди кулимсираб, пастгина товушда.

−Сизнинг биринчи даволанишингиз экан. Мен эса касалхоналарда кўп ётганман. Ўзи шундай… Сўнгги кунларнинг ўтиши қийин кечади.
−Рост, шундай шекилли…

Ўша куни биз бироз гаплашиб турдик. Шифокорлар куннинг совуқлигини айтиб дашном беришгандан кейин, хайрлашишга мажбур бўлдик.
Эртасига хонамда китоб ўқиб ўтиргандим, ҳамшира келиб у мени сўраётганини айтди. Чиқдим. У мени ўша стуллар ёнида кутиб ўтирган экан. То боргунимча мен томонга қарамади.

−Салом. Тузукмисиз? – дедим, ёнига бориб стулга ўтирар эканман.
−Салом… Яхшиман, раҳмат. – у ҳорғин жавоб берди.

−Жуда ғалатиман-да, − юзимга тикилиб, ўзини жилмайишга мажбурлаб гапирди сўнгра. – Ўша куни − ошхонада сизга нималар деб ташлабман-а. Қаттиқ ранжигандирсиз?

Унинг овозидаги изтиробни туйиб, тағин вужудимда титроқ уйғонди. Ўша… шоирнинг шеърлари ҳақида гаплашганимиздагигига ўхшаш титроқ… Узунроқ гапирсам буни билдириб қўйишдан чўчидим.

−Ҳеч.., − дея олдим холос.
−Нега бундай деганларимни сўрамайсизми?
−Аҳамиятсиз.

−Аҳамиятси-из?.. – оғринган ва таъна қилаётгандай бир алфозда сўради у. Кейин яна ўксикдан ўксик жилмайди. – Яхши… Чақиришимдан мақсад… Мен… Мен бугун кетаябман. Бир пасдан кейин… Машина келгач кетаман.

Билмадим нега. Бу гапдан юрагим “шиғ-ғ!” этиб кетди. Аммо ичимдагини сиртимга чиқармадим. Жилмайдим ва:

−Ўн кун ҳам ўтиб кетди, денг, − гапирдим пинагимни бузмасдан.
−Ўтиб кетибди…
−Хў-ўп… Майли, бўлмаса!
−Хайр…

−Бизни эслаб турарсиз?
−Эслаб тураман.
−Яхши боринг.
−Сиз ҳам ёдингиздан чиқарманг.

Мен азбаройи ўзимни ҳеч нарса бўлмагандай тутишга уриниб изимга қайтдиму, хонамга киргач буғзимдан титроқли бир хўрсиниш сирғалиб чиқди. Негадир мажолим қуриб деворга суяниб қолдим. Руҳимда мавҳум бир ғалаён қўпди. Бир маҳал қия очиқ эшигим тагидаги икки ҳамширанинг ўзларича суҳбат қилишгани эшитилди. Гаплардан англаганим шу бўлдики, уни олиб кетиш учун унаштирилган йигити келган эмиш! Ўзимни қанчалик лоҳас сезмай, уни яна бир бор, охирги марта кўргим келди. Жуда-жуда истадим кўришни. Танамдаги сўнги қувватимни йиғиб юлакка чиқдим. Ундан шифохона ҳовлисига. Шифохона ҳовлисида у кўринмас, фақат енгил машинанинг ёнида гавдаси ҳарбийларни эслатадиган, юзидан ўзига ишонч ва совуққонлик балқиб турган бир йигит атрофни нописанд кузатиб турарди. “Унаштирилгани шумикан? Ёши бир мунча каттага ўхшайди-ку…” – иккиланиб қолдим мен. Шу пайт ичкаридан даволовчи шифокорлар билан хайрлашиб бўлиб у ҳам чиқиб келди. Чиқиб, менга кўзи тушиши билан олдинига таққа тўхтади. Сўнг мен тарафга юра бошлади.

−Гулистон! – бироқ уни тўхтатди ҳалиги йигит. Туташиб кетган қора қошлари остидан менга ижирғангандай қараб қўяркан, унга уришиб берди: – Бўлақолсанг-чи, энди! Тезроқ!

У шоша-пиша қадамини йигит томон юналтирди-ю, машинанинг орқа эшигини очиб, ўриндиққа жойлашди. Улов ўт олганида мен машина деразасидан унинг уятдан ловуллаб турган юзини, бироз қимтилган, аламдан ғалати тусга кирган лабларини кўриб турардим. Эҳ, шу мушфиқ ҳолатида асирага ўхшарди у! Туйқус ниманидир бой бераётганимни ёки тузатилмас бир хатога йўл қўйиб бераётганимни ҳис этиб қолдим. Аста-аста елиб бораётган машинанинг изидан қадам босдим. Босавердим…

Хаёлимдан у билан биринчи марта қандай кўришганимиз-у, шу ўн кун ичида қилган барча суҳбатларимиз ўтар, тасаввурим кўзгусида маюс туйғулар жимир-жимир қилган сирли-сеҳирли кўзлари акс этарди. Унинг ҳалигина “Нега бундай деганларимни сўрамайсизми? ” – дея сўрганини, менинг эса “Аҳамиятсиз” – деб рад этгганимни эсладим… Қизиқ, у менга нима демоқчи бўлди экан ўшанда? Мен меров нега гапиришига изни бермадим… Ҳа, айнан менга ўхшаган аҳмоқларнинг “Аҳамиятсиз” лари туфайли ҳар ўнта одамдан тўққизтаси бахтсизлик чохига қулаб кетса керак!

…Мижжа қоқмай орттирган тунимнинг эрта тонгида шифокор хонамга кириб келди ва кўзларимга тикилиб ғалати кулимсиди:

−Бугун уйингизга кетишингиз мумкин! Мана, соғайиб қолдингиз!

036   Uni shifoxonaga endigina joylashgan kunlarimda, yolgʻiz oʻzim band etgan palatamning eshigini qoqishga taraddudlanib turgan payti ilk marta uchratgandim. Oʻshanda orqa tarafdan yetib kelib tamoq qirar ekanman, u men tomonga oʻgrildi-yu, xijolatdan duv qizardi…

Bayram ALI
“SIZ YOQQANSIZ MЕNGA HAMISHA…”
003

Bayram Ali 1991-yil Qashqadaryo viloyatining Qamashi tumaniga qarashli Chim qishlogʻida tugʻilgan. Chim “maishiy xizmat koʻrsatish” kollejini tugatgan. Hikoya va qissalari respublika nashrlarida muntazam chop qilinib kelinadi. Bir nechta hikoyalari asosida telekoʻrsatuvlar suratga olingan. Yosh adibning “Bolangman, dunyo” (Dizayin priss, Toshkent 2013-y), “Kuz yomgʻirlari” (Choʻlpon, Toshkent 2017-y) kabi nasriy kitoblari chop qilingan.

Uni shifoxonaga endigina joylashgan kunlarimda, yolgʻiz oʻzim band etgan palatamning eshigini qoqishga taraddudlanib turgan payti ilk marta uchratgandim. Oʻshanda orqa tarafdan yetib kelib tamoq qirar ekanman, u men tomonga oʻgrildi-yu, xijolatdan duv qizardi.

−Assalomu alaykum, − dedi, tutilinqirab. – Eshigingizni taqillatmoqchi edim, uxlayaptilarmi, deb…

−Bexijolat! – uni noqulaychilikdan chiqarish uchun jilmaydim. – Kunduzlari uxlaydigan odatim yuq, hatto yomgʻirli kunda ham… Kiramizmi?

−Yoʻgʻyey, rahmat, − kulibgina rad etdi u . – Koʻrmaysizmi yomgʻirni, yurakni ezib yubordi… Hamshira sizda oʻqish uchun kitoblar borligini aytgandi?

Darhaqiqat hamisha oʻzim bilan uch-toʻrt dona kitob olib yuradigan odatim bor edi. Xolbuki yolgʻizlikni suyaman, zerikkanimda kitoblargina hamsuhbatim boʻladi. “Hozir”, deya xonam sari yoʻnalarkanman, toʻxtab soʻradim:

−Qanaqa kitob oʻqimoqchi edingiz oʻzi? Nasriymi, sheʼriymi?..
−Topilsa.., biror sheʼriy.

Shunday qilib unga oʻzim suygan shoirlardan birining saylanmasini chiqarib berdim. Kechga tortib ukol qilishga kelgan hamshiradan uning nega bu yerdaligi haqida soʻragandim, yengil yalligʻlanish tufayli yotganini aytdi.

Kitob alishuvi bizni bir qadar yaqinlashtirib qoʻydi. Endi biz u bilan zalda yo oshxonada uchrashib tez-tez suhbatlashib turar, nazarimda bu hol ikkimiz uchun ham koʻngilli edi. Baʼzan bunday qisqa suhbatlardan qoniqish topmay uzun yoʻlak oxiriga terib qoʻyilgan stullardan biriga oʻtirib uning biri qari, biri oʻrta yoshdagi ikki ayol xonadoshi bilan yotgan palatasidan chiqib menga koʻzi tushishini kutardim. Aksar paytlarda esa uning oʻzi shu oʻrindiqqa choʻkib, xayol surib turganiga guvoh boʻlardim…

Shunday kunlarning birida odatdagiday yoʻlak oxiriga borib oʻtirgan edim, u qoʻlida men bergan kitobni ushlab yonimga keldi. Salomlashib, qarshimga oʻtirgach, kitobimni uzatdi.

−Oʻqib chiqdim. Rahmat sizga.
−Yoqdimi?

−Yoqdi. Bu shoir insonning eng inja tuygʻularini xuddi mikroskopda kuzatganday yiriklashtirib koʻrsata oladi.

−Rost aytasiz, − bu gapdan mamnunlik hissini tuydim. − Men esa shoirning ayrim sheʼrlarini oʻqib oʻzim haqimda koʻproq narsa bilayotganday boʻlaveraman…

−Bilasizmi nima, − u nimadir esiga tushib qolganday jonlandi, − kecha xonadoshimning telefonida aynan uning sheʼri bilan aytilgan qoʻshiqni eshitib qoldim. Qiziq… Avval ham koʻp eshitganman bu qoʻshiqni. Ammo hech bu qadar eʼtibor qilmagan, taʼsirlanmagan ekanman. “Faqat buni etmovdim oshkor, siz yoqqansiz menga hamisha” deb kuylardi xonanda ayol… “…Faqat buni etmovdim oshkor, siz yoqqansiz menga hamisha… ” – hayrat va hayajon ila sheʼrdagi jumlani ikki-uch qayta takrorladi u.

Men ham misrani tilga oldim.

−Ha, darhaqiqat, — oʻyga tolib gapirdim keyin. − Shu bir ogʻiz jumlada qanchalar dard, qancha iztirob, qanday katta hayotiy fojia jo boʻlgan…

Shu dam u oʻz hayollaridan choʻchib ketgan kabi sachranib mening oʻychan yuzimga tikildi. Uning tim qora koʻzlariga zalni yoritish uchun tepamizga oʻrnatilgan sargʻish chiroqning shulalari tushib siniq-siniq jilvalanib turardi.

−Qanday ogʻir… – dedi soʻngra qaygʻu bilan . − Umr boʻyi kimnidir sevib oʻtsang-u, bu haqida oʻziga aytmasang, aytolmasang…

−Aksincha boʻlganda-chi?!.. – beixtiyor tasavvurlarimga erk berdim men. – Goʻyo, kimnidir seva olmasangu, umringni unga bahshida qilsang…

−Ha… Siz… Siz ham kimgadir koʻngil qoʻyganmisiz?

Unining savoli nechogʻli tasodifiy boʻlmasin, iztirob va samimiyat qorishib ketgan hazin ovozi birligida tabiiy bir vaziyat yuzaga kelgandi. Shunday boʻlsa-da, yuragimning tuyqus bodrab ketganini sezdim. Biroq nima deb javob qaytarishni bilmasdim. Nima ham dey? Hech biri poyoniga yetmagan, oqibatda koʻp joylari esimdan chiqib qolgan ishqiy sarguzashtlarim toʻgʻrisida gapiraymi unga? Yoki birga tushgan suratmizni haligacha asrab qoʻyganim − maktabda shundoq yonginamdagi partada oʻtirib oʻqigan sinfdosh qiz haqida suylab beraymi?

−Koʻngil qoʻyganimdan qoʻnglim qolganlari koʻproq… – tagʻin maʼnosi hali oʻzimga-da noayon bemaʼnidan-bemaʼni javob ixtiyorsiz ravishda tilimdan uchdi.

−Oʻzingiz-chi? –dedim yana bu yetmaganday. – Oʻzingizda?.. Haligi… Koʻngil…

−Koʻngi-il!.. – “ux” tortib xoʻrsindi u, hamon oʻsha sargʻish chiroqning shulasi jimir-jimir qilib turgan gʻamli koʻzlarini esa koʻzlarimdan uzmadi. – Bilmadim, qanday tushuntirsam toʻgʻriroq boʻlarkin sizga… Yoʻq, umuman toʻgʻri boʻlarmikin?..

Men uning olam-olam maʼnolar yalt-yult etayotgan mayus koʻzlarigi termulib savqi tabiiy hayajon ogʻushida turar, oʻzimda unga nisbatan ruhan yaqinlik tuyar, kaftlarim bilan sutga chayilgandek oppoq yuzlaridan, bejirim rumoli ostidan titrayotgan yelkalariga quyilib orqasiga oʻtib turgan uzun qora sochlaridan silab mehribochilik qilgim kelardi. Ammo sassiz edim. Sassiz… va hamon tosh qotib turardim.

Zaldan biz tarafga yurib kelayotgan birovning qadam tovushlari eshitila boshlaganda u seskanib tushdi. Shoshilib oʻrnidan turib, xayrlashmasdan xonasi tomonga ketdi.

Ertalab archilgan olma poʻchoqlarini tashlash uchun oshxonaga borganimda unga yana duch keldim. Odatiy soʻrashish uchun ogʻiz juftlovdim hamki, uning jonsarak turishidan nimadir demoqqa tayyorlanayotganini payqab toʻxtab qoldim. U ushbu holatida ancha payt sokin turdi.

−Kechagi uchun… uzr… Kechiring… – dedi soʻng qatiʼyatsizlik bilan.

Men uning nega kechirim soʻrayotganini, nima demoqchiligini, ne sababdan yigʻlab yuborguday ezgʻin kayfiyatda turganini sira tushunolmasdim. Axir kecha oramizda nima gap oʻtdi, nima voqea roʻy berdi xijolat boʻlishga, nadomatga arziydigan?

Xuv oʻsha eshik oldida birinchi gaplashganimizdagi kabi jilmaydim.
−Yoʻq… Nega kechirim soʻraysiz?.. Unaqa, hech bir…

−Kecha xonamga qaytgach oʻz-oʻzimdan juda uyaldim, yomon koʻrib ketdim oʻzimni… – u tin olib gapida davom etdi. – Yangi hayot ostonasida tura turib… Axir fotiham…

Hamon hech gapni tushunmasdim. Uning uzuk-yuluq gaplaridan anglaganim shu boʻlgandiki: u yaqinda turmushga chiqar ekan va aftidan, mening hali aytilmagan muhabbat taklifimni taʼqiqlab qoʻymoqchi. Biroq, nega bunday qiladi, axir halicha unga dil izhor qilish fikri menda yoʻq edi-ku, hartugul ulgurmagan edim-ku bunga?! Koʻnglim ogʻridi… Oʻta qoʻpol oʻxshatish boʻlsa-da, nazarimda bu tunda ayol bilan don olishgan erkakning ertalab “Hato ish boʻldi” deya uzr soʻrashiga oʻxshardi.
Ehtimol oʻsha lahzada yuzimda ayanch manzara bilan tabassum qotgan lablarimning qiyshayib turishi sirtdan qaragan odamga kulguli koʻringandir. Lekin men uning yigʻlab yubormaslik uchun tirishib jasorat koʻrsatayotgan chehrasiga shunday gʻalat termulib qolgandim. U yana nimadir gapni aytay-aytay deb turdi-yu, bardoshi yetmadi, shart burilib chiqish eshigiga qarab yurdi.

Men qancha payt vujudim muzday boʻlib bu taxlit qotib turganimni bilmayman…

Endi kunlarimning halovati yoʻqolgan edi. Bilolmasdim nega bunday, lekin men mayusdan-mayus hislar choʻgʻida beoman toblana boshladim. Shu bilan birga u haqda koʻp xayol suradigan boʻldim. Uning ikkimiz sheʼr borasida gaplashganimizda shula tushib sirli mavjlangan koʻzlarini, oshxonada uchrashganimizda qaygʻudan tirishib kettgan yuzlarini qayta-qayta koʻz oldimda jonlantiradigan boʻldim. Ayniqsa, yana bir narsa − u aytilmagan, taʼbir joyiz boʻlsa tugʻilib ulgurmagan muhabbatimni taʼqiqlab qoʻymaganida hammasi qanday avj olishi mumkinligi toʻgʻrisida soʻngsiz-poyonsiz oʻylarga tolardim. Uning nega oʻshanda kechirim soʻragani-yu, nima sababdan bunchalik tushkunlikka tushgani esa hanuz menga jumboq edi…

Uning bu qiligʻidan gʻururim chindan ogʻridimi yoki gʻururli ekanimni atay koʻrsatmoqchi boʻldimmi, bilmayman, mavhum tuygʻular iskanjasida qanchalik qiynalmayin ortiq yoʻlakka terib qoʻyilgan stullar yoniga bormay qoʻydim. Har safar qiziqish va umid bilan xonam eshigidan shu stullar tomon moʻralab, uning ham borganini koʻrmasdim. Shundan soʻng u bilan bir necha marta bemorlar yigʻilishganda yuzma-yuz boʻldik. Lekin bu davrada ikkimiz ham gung edik. Ha, misoli atrofdagi hamma bir varakayiga chugʻurlashar, bir-birin eshitib-eshitmay valdirashar, tanho ikkimizgina bir-birimizni nigohlarimiz qiri bilan kuzatgancha jim oʻtirardik. Bu esa soʻzsiz muloqotga oʻxshardi. Tasavvur qilayapsizmi, biz u bilan ovoz chiqrmasdan guyo hech narsalar haqida toʻliqib-orziqib gaplashayotganday boʻlardik…
Nihoyat bir gal men uni shifoxona hovlisida yolgʻiz kezinib yurganida uchratib, soʻz qotdim:

−Ketadigan kunlaringiz yaqinlashib qoldimi deyman?

U yoniga yaqinlashganimda gaprishimni kutmagandi chogʻi, koʻzlarimga yalt etib qaradi va yuziga qizillik yugurdi.
−Ha, yaqin qoldi… – dedi kulimsirab, pastgina tovushda.

−Sizning birinchi davolanishingiz ekan. Men esa kasalxonalarda koʻp yotganman. Oʻzi shunday… Soʻnggi kunlarning oʻtishi qiyin kechadi.
−Rost, shunday shekilli…

Oʻsha kuni biz biroz gaplashib turdik. Shifokorlar kunning sovuqligini aytib dashnom berishgandan keyin, xayrlashishga majbur boʻldik.
Ertasiga xonamda kitob oʻqib oʻtirgandim, hamshira kelib u meni soʻrayotganini aytdi. Chiqdim. U meni oʻsha stullar yonida kutib oʻtirgan ekan. To borgunimcha men tomonga qaramadi.

−Salom. Tuzukmisiz? – dedim, yoniga borib stulga oʻtirar ekanman.
−Salom… Yaxshiman, rahmat. – u horgʻin javob berdi.

−Juda gʻalatiman-da, − yuzimga tikilib, oʻzini jilmayishga majburlab gapirdi soʻngra. – Oʻsha kuni − oshxonada sizga nimalar deb tashlabman-a. Qattiq ranjigandirsiz?

Uning ovozidagi iztirobni tuyib, tagʻin vujudimda titroq uygʻondi. Oʻsha… shoirning sheʼrlari haqida gaplashganimizdagigiga oʻxshash titroq… Uzunroq gapirsam buni bildirib qoʻyishdan choʻchidim.

−Hech.., − deya oldim xolos.
−Nega bunday deganlarimni soʻramaysizmi?
−Ahamiyatsiz.

−Ahamiyatsi-iz?.. – ogʻringan va taʼna qilayotganday bir alfozda soʻradi u. Keyin yana oʻksikdan oʻksik jilmaydi. – Yaxshi… Chaqirishimdan maqsad… Men… Men bugun ketayabman. Bir pasdan keyin… Mashina kelgach ketaman.

Bilmadim nega. Bu gapdan yuragim “shigʻ-gʻ!” etib ketdi. Ammo ichimdagini sirtimga chiqarmadim. Jilmaydim va:

−Oʻn kun ham oʻtib ketdi, deng, − gapirdim pinagimni buzmasdan.
−Oʻtib ketibdi…
−Xoʻ-oʻp… Mayli, boʻlmasa!
−Xayr…

−Bizni eslab turarsiz?
−Eslab turaman.
−Yaxshi boring.
−Siz ham yodingizdan chiqarmang.

Men azbaroyi oʻzimni hech narsa boʻlmaganday tutishga urinib izimga qaytdimu, xonamga kirgach bugʻzimdan titroqli bir xoʻrsinish sirgʻalib chiqdi. Negadir majolim qurib devorga suyanib qoldim. Ruhimda mavhum bir gʻalayon qoʻpdi. Bir mahal qiya ochiq eshigim tagidagi ikki hamshiraning oʻzlaricha suhbat qilishgani eshitildi. Gaplardan anglaganim shu boʻldiki, uni olib ketish uchun unashtirilgan yigiti kelgan emish! Oʻzimni qanchalik lohas sezmay, uni yana bir bor, oxirgi marta koʻrgim keldi. Juda-juda istadim koʻrishni. Tanamdagi soʻngi quvvatimni yigʻib yulakka chiqdim. Undan shifoxona hovlisiga. Shifoxona hovlisida u koʻrinmas, faqat yengil mashinaning yonida gavdasi harbiylarni eslatadigan, yuzidan oʻziga ishonch va sovuqqonlik balqib turgan bir yigit atrofni nopisand kuzatib turardi. “Unashtirilgani shumikan? Yoshi bir muncha kattaga oʻxshaydi-ku…” – ikkilanib qoldim men. Shu payt ichkaridan davolovchi shifokorlar bilan xayrlashib boʻlib u ham chiqib keldi. Chiqib, menga koʻzi tushishi bilan oldiniga taqqa toʻxtadi. Soʻng men tarafga yura boshladi.

−Guliston! – biroq uni toʻxtatdi haligi yigit. Tutashib ketgan qora qoshlari ostidan menga ijirgʻanganday qarab qoʻyarkan, unga urishib berdi: – Boʻlaqolsang-chi, endi! Tezroq!

U shosha-pisha qadamini yigit tomon yunaltirdi-yu, mashinaning orqa eshigini ochib, oʻrindiqqa joylashdi. Ulov oʻt olganida men mashina derazasidan uning uyatdan lovullab turgan yuzini, biroz qimtilgan, alamdan gʻalati tusga kirgan lablarini koʻrib turardim. Eh, shu mushfiq holatida asiraga oʻxshardi u! Tuyqus nimanidir boy berayotganimni yoki tuzatilmas bir xatoga yoʻl qoʻyib berayotganimni his etib qoldim. Asta-asta yelib borayotgan mashinaning izidan qadam bosdim. Bosaverdim…

Xayolimdan u bilan birinchi marta qanday koʻrishganimiz-u, shu oʻn kun ichida qilgan barcha suhbatlarimiz oʻtar, tasavvurim koʻzgusida mayus tuygʻular jimir-jimir qilgan sirli-sehirli koʻzlari aks etardi. Uning haligina “Nega bunday deganlarimni soʻramaysizmi? ” – deya soʻrganini, mening esa “Ahamiyatsiz” – deb rad etgganimni esladim… Qiziq, u menga nima demoqchi boʻldi ekan oʻshanda? Men merov nega gapirishiga izni bermadim… Ha, aynan menga oʻxshagan ahmoqlarning “Ahamiyatsiz” lari tufayli har oʻnta odamdan toʻqqiztasi baxtsizlik choxiga qulab ketsa kerak!

…Mijja qoqmay orttirgan tunimning erta tongida shifokor xonamga kirib keldi va koʻzlarimga tikilib gʻalati kulimsidi:

−Bugun uyingizga ketishingiz mumkin! Mana, sogʻayib qoldingiz!

021

(Tashriflar: umumiy 369, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring