Akmal Jumamurodov. Omonulla Madayev deganlari shu

044   46-автобуснинг орқа ўриндиғида ойнага бош суяб, Кўкчадан ўтиб Гулзорга, аниқроғи, Дегрезга – устоз билан суҳбат қургани бораяпман. Хаёлимда домла мени кўриши билан “Акмал!” деб кўзлари чақнаб кетадигандек. Қувончдан теримга сиғмай гоҳо кулиб қўяман…

ОМОНУЛЛА МАДАЕВ ДЕГАНЛАРИ ШУ
Акмал Жумамуродов
003

– Борсам танийсиз, домла, бизга дарс ўтгансиз…

Ишхонада телефон гўшагини жойига илиб улгурмай, миямга йилт этиб урилган ўйдан, рости, ўнғайсизландим. Борсам танийсиз эмиш. Нимамга ишониб. Минглаб ўқувчига дарс ўтган, минглаб-а! Мен-чи, мен… кимман – ўша минглардан бири, холос. Қисқаси, 46-автобуснинг орқа ўриндиғида ойнага бош суяб, Кўкчадан ўтиб Гулзорга, аниқроғи, Дегрезга – устоз билан суҳбат қургани бораяпман. Хаёлимда домла мени кўриши билан “Акмал!” деб кўзлари чақнаб кетадигандек. Қувончдан теримга сиғмай гоҳо кулиб қўяман. Куламан-у, йўловчилардан хижолат тортиб, қош-қовоғимни зумда йиғиб оламан. Аммо бу “ниқоб”ни тўрт-беш, нари борса ўн сония “тақиб” ўтиришим мумкин. Сўнг яна жилмайиб, бош чайқаб-бош чайқаб орзиқаман…

…Бундан тўққиз йил олдин. Ўзбекистон Миллий университетида ўқиган пайтларимда журналистика факультети ҳозиргидек ўтроқ эмасди. Биринчи курслар физика факультети биносида дарс ўтардик. 215-аудитория зинасидан вазмин одимлаб тушаётган бу кишим мағрурми-ей, салобати босдими, хуллас, нимасидир бор, ғала-ғовур тўхтади-турди.

– Омонулла Мадаев деганлари шу! – ўртоғим домладан кўз узмай, елкаси елкамга яқин, шипшитиб қўйди: – “Алпомиш”ни сувдай ичираркан.

– Ким шундай деди?
– Катта курсдагилар.

Мадаев деганлари чиндан шу бўлса, ёдимда, салом-аликдан сўнг журнални оча солиб: “Бирма-бир ўқийман, ҳамма ўз рақамини эслаб қолсин. Хотирадан нолийдиганлар дафтарининг кўринадиган жойига ёзиб қўйсин. Такрорлаб ўтирмайман”, – деди.

– Абдувалиев Фарҳод?
– Мен.
– Бир.

– Абдуллаева Моҳигул?
– Мен.
– Икки…

– Жумамуродов Акмал?

Ўшанда бу ҳолга – домла бизни рақамлаётганига ғашим келиб, исм-фамилиямни ўқиганида индамай ўтиравердим.

– Жумамуродов ким?

Дўстим биқинимга азбаройи қаттиқ туртганидан “Мен!” деб юбордим.

– Йигирма олти…
– Нимага туртасан?!
– Сал қолса “йўқ” қип қўярди-ку!

Домла айтган ўша, хотирадан нолийдиганлардан бири – ўзим.

26! Рақамни дафтарнинг ички муқовасига қип-қизил қилиб бўяб ёздим-да, етмагандек доирага олиб қўйдим. Устознинг ўшанда нима учун бундай йўл тутгани ҳақида узоқ ўйлаб юрдим. Ўзимча асос топдим: гуруҳда бир юз ўн олтита эдик. Агар исмимиз ҳижжалаб ўқилса ва “мен-мен”имиз ҳам қўшиб чамаланса, дарснинг 10-15 дақиқаси, шубҳасиз, йўқламага кетади. Мана, мақсад нима – вақтдан ютиш!

Домла бир гал дарсда: “Ғазалнинг шакли аёл, матни эркак”, деб қолди. Жўяли фикр айтганга ўн балл қўярмиш. Шу, жўяли фикр масаласи яхши-ю, талабгорлар оз эмас-да. Ўн балл учун терлаб-пишиб оҳангжама қилгани қанча?! Эшилиб-тўлғаниб ёддан ғазал ўқигани қанча?! Ўша қанчалардан а-а-анча кейин журъат ютиб, қўл кўтарганимни эслайман.

– Гапир!
– Аёл… ғазалнинг матлаъдан мақтаъгача бўлган шаклий структураси.
– Яъни?
– Қофияси, радифи, баҳри, рукни…
– Яхши-и-и, давом эт.

– Эркак эса табиатан дангалчи, чўрткесар бўлади. Ғазалда мазмун жиҳатдан шундай ўткирлик талаб қилинади, дейилмоқчи.

– Хулоса қил.

Тушунмай қолдим, яна қандай хулосалаш?!

– Э-э, сенам бўлмадинг. Ўтир…

Домла ўшанда ҳеч кимга ўн қўйгани йўқ, аммо бир-иккита исм-фамилия тўғрисига қаламда қандайдир белги ташлади. Плюс бўлса керак. Ҳайтовур, улар орасида мен ҳам бор эдим.

– Сизда нима, ока? – дўрилдоқ овоздан ўйларим тумандек тарқаб кетди. Кўрсамки, рўпарамда ланж, беҳафсала чиптачи йигит турарди. Шошганда лаббай топилмас. Қанийди, чиқа қолса шу… “проездной” дегани. Хайрият, ўзимда экан. Аттанг, рассом эмасман-да! Йигитнинг авзойини кўрсангиз эди: худдики, мен унинг жигарини сўраб олаётгандек ўқрайиб, ичида тўнғиллаб, ўрта эшик томон қўзғалди. Бу пайт энди Кўкчадан ўтаётувдик. Ойнага бош суяб, яна тўққиз йил олдинга, ўша қадрдон аудиторияга қайтдим. Домла “Алпомиш”дан имтиҳон олмоқда эди. Атиги олтита савол. Ўн икки балл! Ҳар саволга икки баллдан.

– Ўттизгача рақамлилар хонада қолсин… Бошқалар ташқарида кутсин. Айтаман, кирасизлар.

Шунда курсдошим Малика (у ҳам биз билан биринчи ўттизталик ичида эди): “Яхши тайёрланмаганман, паст баҳо олиб қўймай, ёрдам бер”, деди. Дафтарим орасидан икки варақ юлиб олдим. Малика мендан олдинроқда – ручка-қоғоз тутиб, ўзини ёзганга солиб ўтирибди. Домла саволни ўқийди, бир дақиқа вақт беради. Ана шу дақиқада жавобни кирилл алифбосида (ўзим учун!), лотинда (унга!) қоралаб улгуришим керак. Тағинам икки шаклда: бирини қияроқ, уникини эса хатига яқин – тикка ёзиш керак. Муҳими, домла сезмасин.

Кейинги дарсда баҳоларни ўқиб эшиттиргач:

– Кимда савол бор? – деди устоз.
– Менда! Баллимни айтмадингиз.
– Нечинчи рақам?
– Йигирма олти.

– Хў-ў-ўш, йигирма олти… Жумамуродов, олти балл!

Кайфиятим бузилиб, жойимга қайта ўтираётсам:
– Ўтирма, тур! Малика ким, у ҳам турсин! – деб қолди.

Устимдан муздек сув қуйгандек этим жунжикиб кетди. Ўйладимки, ҳозир бутун курс олдида иккимизниям шарманда қилади.

– Баҳойинг аслида ўн икки, аммо кўчиртиргансан, шунинг учун олти. Тан ол, кўчиртирганмисан? – деди устоз жаҳл аралаш хитоб билан.

Домланинг чимирилган қуюқ қошлари нуқул иқрорга ундарди. Тан олсам, хато бўлмайдими?! Малика-чи, гина қилмайдими? Бу ёғи курсдошлар… Э-эй, олти бўлса олти-да. Қизиқ, қандай сездийкин? Ахир, ўзимга кириллчада (атайин қиялатиб!) ёзгандим.

– Унда сен айт, кўчирганмисан? – мендан садо чиқмагач, домла Маликага юзланди. У ҳам ўйламай-нетмай:
– Кўчирганман, – деди.

Мен аҳмоқ, уни ҳимоя қилаётганим қаерда қолди! Балки ишонмассиз, шундан сўнг домланинг юзига кулги югуриб, асло сир бой бермасдан, маърузага кўчди. Дарс тугагач, иккимизни ёнига чақириб, Маликага қараб:

– Мардсан, мард! – деди ва кўз ўнгимизда менинг олти баллимни ўн иккига тиклаб қўйди…

46-автобус бекатда тўхтади. Мен тушиб қолдим. Домланинг уйини бир сўрашимда кўрсатиб юборишди. Мана, эшик қўнғироғини чаляпман. Ишқилиб, танисин-да.

– Ассалому алайкум, устоз!
– Салом. “Ёш куч”дан, шундайми? – домла шевамдан илғамади.

Демак, танимади. Ўша айтган гапим гап – минглардан бири… Ҳовли ўнгидан хонага кирдик. Хонтахта атрофига солинган кўрпачага чордана қурдик. Лом-мим демайман, ҳеч нимани эслатмайман, ёдларига солмайман, уринмайман ҳам. Жўнгина саволим бор, жавоб оламан-у, қайтаман.

– Соз чалишни биласиз-а, устоз?

Домла аввал ажабсинди, сўнг мийиғида кулиб ўрнидан қўзғалди. Хонадан чиқди-ю, зум ўтмай қўлида дутори билан кўринди.

– Анвар Ҳожиаҳмедовни эшитгансан-а, профессор, тоғам, – устоз суҳбатга кўчаркан, дуторини қўлидан қўймай, хонтахта бошига ўрнашиб сўзида давом этди: – Улар олтмиш беш йил аввал: «Эртага тузукроқ кийиниб ол, бир жойга обораман», деганларида учинчи синфда ўқирдим. Ўша кеч шимимни кўрпам тагига қўйиб, “дазмоллаш”га ётдим. Тоғам айтган “бир жой”га боришни ўйлаб ухлолмадим ҳисоб. У пайтлари брезент туфли урфда эди. Усти оқ, таги чармдан. Агар тиш порошогини сувда ивитиб, бўясанг, қуригач, туфли оппоқ бўларди. Уни ҳам бўяб тайёрлаб қўйдим. Хуллас, янгидай оёқ кийим, янгидай бўлмаса ҳам қўлбола дазмолланган шимда “старт”да турибман.

…Трамвай келди. Чорсудан чиқиб, Бешёғочда тушдик. Ўзимда йўқ хурсандлигимни кўрсанг. Кинога тушамиз, деб ўйлаганман. “Навоий” кинотеатри шу томонда эди-да. Йўқ, педагогика техникуми (ҳозирги Қори Ниёзий номидаги Ўзбекистон педагогика фанлари илмий тадқиқот институти)дан ўтиб, эски дарвозадан ичкари ҳатладик. Нарида рассомлар техникуми, берироқда эса Глиэр мусиқа мактаби жойлашганди. Бир ўрис хотин келиб, тоғам ва мен билан сўраша кетди. Русчани билмайманми, бийрон-бийрон гапирдим. Ўрис хотин бир хумча тилла топгандек юзлари ёришди. Кейин у эшитиш қобилиятимни синади. Қўлида қалам билан партани тўқ-тўқ уриб оҳангга солди. Худди ўзидек такрорладим ва мактабга қабул қилиндим: ўйладимки, 1-синфга. Йўқ, 5-синфга экан. Ўша пайтда болаларни мусиқага қизиқтириш учун бешинчи синфдан стипендия берилар эди: 150 сўм. Бу унча катта пул эмасди. Бозорда тахминан уч кило қўй гўшти шунча турарди.

– Хуллас, сизни қабул қилишди.
– Ҳа! Абдусамад Илёсовдан ғижжак дарсини ўтай бошладим. У бўшаб кетганидан кейин Сердюков деган киши…
– Исми?

– Ёдимда йўқ. Шу киши ғижжакдан дарс ўтди. Биласанми, Акмал, мусиқа мактабида ўзбек мусиқалари ўргатилмасди. Гайдн, Глинка, Чайковский…ни ғижжакда чалардик. Уч йил ўқидим.

Ёмон шўх эдим-да ўзиям. Бир гал синфимиз ойнасини синдирганман. Билмасдан эмас, атай. Барибир жазолашади деб, кутубхонадан олган барча ноталарни қайтариб бердим-да, ўзим ўқийдиган 82-мактабга қайтдим.

– Бешёғочга-чи, қайтиб бормадингизми?

– Йўқ, бормадим. Чунки мактабимиздаги мусиқа тўгараги ҳам ундан қолишмасди. Тўгарак раҳбари Шариф Солаев мен ҳақимда эшитиб, ёнига чақирди. Бир муддат ғижжак чалиб юрдим. Шунда отам: “Ўғлим, ғижжак яхши-ю, шу… рубоб ўргангин, мен рубобни яхши кўраман”, дедилар ва 500 сўмга рубоб сотиб олиб бердилар. Пардалари кичкина – болаларга мўлжалланган эди. Улғайганим сайин, бу рубоб қўлимга келишмай қолди. Отам: “Сенга бошқасини олиб бераман”, дедилар. Шариф акадан сўрасам, 59-мактабнинг ёнида чолғу ясайдиган машҳур устани айтдилар. Бордик. Уста Усмондан ўйма рубоб олдик – 800 сўмга.

– Байрамларда ҳам соз чалганмисиз?

– Билсанг, мактабимиздаги оммавий йиғинлар менинг вақтимга қараб ўтказиларди. Чунки мактабда мендан бошқа рубобчи йўқ эди. Ўзимга яраша таниқли бўлиб қолгандим. Билагимдаги мана бу чандиқни кўряпсанми? Ўша пайтлари Раж Капурнинг “Дайди”, “Жаноб 420” фильмларига яқин эллик марта тушганмиз. Ишонавер, билетга навбат кутишларнинг асорати бу. Мусиқага шунчалар қизиқишардики, ёдимдан чиқмайди, мактабимизнинг катта зали томошабин билан тўла. Тасаввур қил. Атайин мусиқа эшитишга келишган. “Дайди”, “Жаноб 420” куйларининг ҳаммасини бошдан-оёқ чалганман. Бир ярим соат! Сен буни барибир тасаввур қилолмайсан. Даҳша-а-ат!
Мактабни эллик саккизинчи йил битирдим. Шарқшуносликнинг ҳинд тиллари бўлимига ҳужжат топширдим, аммо ўқишга киролмадим. Бўш ҳам юролмасдим. Шунда 1-мактаб-интернат директори Ғаффор ака Рашидов: “Омонулла менга бир учрашсин”, деб одам юборибдилар. Учрашдим. Дарс берадиган бўлдим. Ўн олти яшарлигимда мактаб-интернатда мусиқа тўгарагини юргиздим. Ўша кезлари пионерлар саройи мусиқа тўгараги бошлиғи Ғулом Қўчқоров мен билан бирга ишлагин, деб қолдилар. Мактаб нима бўлади десам, ишлайверасан дедилар. Ғулом акага ёрдамчи бўлиб ўтдим. У ерда рубобни профессионал ўрганишга киришдим.

…Бу орада мактабни битирганлар икки йиллик стажга эга бўлмаса, университетнинг кундузги бўлимига ўқишга қабул қилинмаслиги ҳақида буйруқ чиқди. Кундузгига топширолмадим. Рус журналистикаси кечки бўлимида ўқишга қарор қилдим.

– Ва сиз бошқа соҳага йўналдингиз…

– Йўқ, буткул эмас. Ўқишга кирганимдан кейин бир сафар қандайдир муносабат билан факультетда концерт уюштиришди. Нимаям бўлиб, тадбир орасида: «Шуям рубоб чалишми», деб юбордим. Гапим залда ўтирган катталардан бирининг қулоғига ёқмадими: «Рубоб чалиш қанақа бўлишини ўзлари кўрсатсинлар», деб пичинг қилди. Шуям рубобми? Тўғрисини айтдим. Чунки рубоблар икки хил бўлади: қовурға ва ўйма. “Қовурға” асосан тўгаракларда қўл келади. Нархи арзон бўлади. “Ўйма”дан эса профессионаллар фойдаланади. “Қовурға” бўлсаям рубобни чалдим-ку энди, бутун зал оғзи очилиб қолди. Кейин билсам, мусиқа тўгарак раҳбарининг ўзи доирачи экан, рубоб чалишни ҳатто менчалик билмас экан. Шу бўлиб, тўгаракка келинг, дейишди.

Дадахон Ҳасанов тўгаракка қўшилди. Бегали Қосимов рубоб ўрганди. Концертлар бера бошладик. Ансамбль энди ансамблга ўхшади. Бундан телевидениедагилар хабар топиб, таклиф қилишди. Ҳар пайшанба 18:00да телевизион концерт! Ўҳ-ўҳ, у пайтларда телевизорга чиқиш… Насиба Қамбарова дутор чалади, мен рубоб, яна най, ғижжак, чангчилар бор.

Тақдир тақозоси билан ўзбек филологиясига ўтдим, кундузги бўлимга. Ансамблни тарк этмадим. Яна беш йил раҳбарлик қилдим. Ўша-ўша, ҳаёт мени икки соҳага йўналтирди: адабиёт ва санъат. Ора-сирада тўйларга ҳам юрганмиз. Бу ёғи студентчилик. Ишонсанг, пойтахтда мен рубоб чалмаган саҳнанинг ўзи қолмаган. Бунинг барчаси тоғам Анвар Ҳожиаҳмедовнинг “эртага тузукроқ кийиниб ол”идан бошланган гаплар. “Глиэр”да профессионал мусиқа даражасида ўқиганмиз. Нотани мукаммал билардик. Бу сен ўйлаётган нарса эмас. Билсанг, мусиқадан диктант ёзардик. Диктант-а, диктант! Ўқитувчимиз пианинода куй чалади, биз эса куйни эшита туриб ноталарни қоғозга туширамиз. Бу умуман гўзал ҳолат. Қара, ўзинг ҳам анграйиб қолдинг.

– Диктант деганингизга… она тили, адабиёт ёдга келди-да, устоз.

– Ўлма, кейинчалик мусиқа адабиёт ўқитувчиси бўлишимда ҳам ёрдам берган. Агар ўқитувчи, айниқса, адабиёт муаллими дутор ё рубоб чалишни билса, ундан зўри бўлмайди. Сабаби бор. Диққат қил, синфда созни шундай оламан-да…

Домла дуторни ўзига ўнглаб туриб, “Қаро кўзум”ни бошлаб қолди, “…мардум киби ватан қилғил”дан кейин таққа тўхтаб:

– Овоз муҳим эмас, – деди. – Ҳар ҳолда, синфда муҳим эмас. Ўқувчи дуторнинг ўзига “қотиб қолади”. Ана ундан сўнг “…мубтало бўлдим санго”ни айтсанг, тамом – дарс сеники! Сенга айтсам, бундай услуб, педтехнологияни Субутой Долимовдан ўргандим. Домламизнинг Успенскийни йиғлатганини эшитганмисан?

– Ахир… қандай қилиб?

– “Насруллойи”ни чалиб. Мана сенга яна бир факт. “Насруллойи” – мусиқада ўлчов. Уни чалиб билмаган созанда созанда эмас. Уни куйлолмаган хонанда ҳам шундай. Ахир, “Насруллойи” ўн икки дақиқа ижро этилади. Айтмоқчиманки, зўр адабиёт ўқитувчиси бўлишимда (ҳарқалай, ўзимни “зўр” деб биламан!) Субутой домланинг, санъатнинг ўрни беқиёс. Мусиқанинг аҳамияти, дейлик, олтмиш фоизни ташкил этади.

– Демак, адабиёт ўқитувчиси…

– Бунча шошдинг, нима демоқчи эканингни тушундим. Кутсанг, гапни ўша ёққа оборяпман. Зинҳор сен ўйлаётган нарса эмас. Мусиқанинг роли олтмиш фоиз деганим билан адабиётнинг қиймати тушиб қолмайди. Мактабда ҳамиша янги методларни қўллашнинг тарафдори бўлиб келганман. Мана қара, ўқувчи “Рубоий нима?” деб савол берса, ўқитувчи қандай жавоб беради?

– Тўртлик деб…

– Тўғри. Энди қара, ўқитувчи “рубоий” араб тилидаги «арбаъун»дан олинган бўлиб, тўрт мисрадан иборат, тугал маъно ифодаловчи; биринчи, иккинчи ва тўртинчи мисралари ёки тўртала мисраси ҳам қофиядош фалсафий руҳдаги шеър деса ва шу оннинг ўзида бирор намуна ўқиб берса… мана бу – чинакам адабиёт муаллимининг жавоби бўлади.

– Қайси мактабларда ишлагансиз, устоз?

– Қайси мактабларда ишламагансиз десанг, жавоб беришим осонроқ, – ҳазил қилди домла. – Тошкентдаги 82, 169, 40, 106, 36, 1-мактабларда дарс берганим эсимда. Зангиота туманида 4-мактаб бор. Мирзо Улуғбек номидаги, қозоқ ва ўзбек мактаби. Ўша жойга таклиф қилишганида бир шарт билан бораман, дедим. Билсанг, бир синфда адабиётдан ҳафтада тўрт соат дарс берилади. Қоида бўйича кунига икки соатдан ортиғи мумкин эмас. Шунинг учун ҳамма мактаб адабиёт дарсини икки кунга (асосан чоршанба ва жумага) тақсимлайди. Шартим шу: тўрт соат адабиёт ва бир соат она тили дарсини – ҳафтада бир кун ўтаман. Мактабгача 13 километр. Агар уч кунлаб қатнагудек бўлсам, “Берган пулингиз бензинимгаям етмайди”, дедим.

– Шу тариқа анча-мунча бензин тежаб қолдингиз…

– Аслида-ку, гап бензинда эмас. Ўша мактабда икки йил дарс бердим. Агар гуруҳга бирор нимани эълон қилишмоқчи бўлишса, пайшанба кунини мўлжаллашарди. Синфда 23 боланинг ҳаммаси фақат ўша куни тўлиқ ўтиришарди. Энди танаффусга чиқмасдан беш соат дарс ўтишни ўйлаб кўргин-да. Мен буни танаффуссиз дарс демайман. Чунки ҳар ойда камида бир марта рубобни ўзим билан олиб борардим. Нима қиламан де: “Ҳозир биз сизлар билан сафарга отланамиз, – дейман. – Қўлларни партага қўйинг. Кўзларни юмиб, дам олинг. Бўстонлиққа йўл оламиз. Мана, автобус келди. Дилбар чиқди, Умид, Содиқ…. ҳаммамиз йўлдамиз. Ҳу-ув узоқдан қоялар кўринаяпти. Мана, тоғ этагидамиз, тепага кўтарилаяпмиз. Атроф чўғдай лолазор. Буталар чайқалаяпти. Майин куй таралмоқда…”. Дарснинг шу жойида рубоб чалиб бераман, шеърлар ўқийман ва яна автобусда мактабга қайтамиз. Хоҳ ишон, хоҳ ишонма, йигирма уч боладан тўққиз-ўнтаси мутлақ ухлаб қоларди. Мана сенга катта танаффус.

– Куни бўйи беш соат дарс ўтиш, болаларни зериктирмасдан ушлаб туриш барибир қийин…

– Қийин эмас, оғир. Дарс ўртасида кўчага чиққинг келса, ишинг бўлса, мендан сўраб ўтирма, кираётганингда ҳам, устоз, мумкинми, дема. Индамасдан чиқ ва дарсга халақит бермасдан кир. Бола индамасдан чиқиб кетарди-да, ҳансираб қайтиб келарди. Нима учун? Чунки у дарсдан қолиб кетмасликка уринарди. Эшикни очибоқ: «Кирсам майлими», дерди. Ўзимгаям қизиқ, минг айтмай, ўқувчиларим бирор маротаба рухсат сўрамасдан кирмаган.

Мактабда бир йил ишлагач, кейинги йили директор мени ёнига чақириб: “Йигирма уч болангиздан еттитаси кетди”, деди. Бири колхозда ишлагани, бири техникумга кирган ва ҳоказо. Хуллас, энди синфимда ўн олти бола ўқир экан. Тасаввур қиласанми, пайшанба куни синфга кирсам, йигирма учта ўқувчининг ҳаммаси ўтирибди. Ўқиш бошланишига ҳурмат қилиб келишгандир десам, йил бўйи ҳамма дарсимда тўлиқ қатнашишди.

– Соз сеҳри шудир-да.

– Нимасини айтасан. Даврадаги улфатинг рубобми, дуторми чалолса, гап-гаштак қизигандан қизийди. Етмишинчи йил Хивага борганимда, Бола бахши бизни яхши кутиб олмади. Раҳбариятдан келган меҳмонларни бахши хуш кўрмас экан. На бир очилиб гаплашади, на саволларимга жавоб беради. Топиб олгани фақат “хўш аса, хўш аса”, «алаштирмийсиз». Ишонасанми, тушдан шомгача пойлаб ўтирганман. Бола бахши ахийри ўғлини чақириб: “Норбек, оғанг рубоб эшитжак ўхшийди, бир нарсалар чолиб бар”, деди. Шунда ўғли рубобни узоқ вақт созлолмади. Менга бер рубобни, дедим. “Муножот”ни бошлаб юбордим-ку. Авжини олганимда бахши “пах” деб чопонини елкадан отиб урди. Ўрнидан турди-да, чиқди-кетди. Орадан ўн минутча ўтиб, қайтиб келди. Кўрсанг, боя беш соатдан бери “хўш аса”, «алаштирмийсиз» деб ўтирган одамдан асар ҳам йўқ. Бутунлай бошқа. Гапириб ётир, “Ошиқ Ғариб…”дан айтиб ётир. Мен ҳам қўлим қўлимга тегмай ёзиб ётирман. Мана бу энди соз сеҳри бўлади.

– Бахши билан гурунгингиз шу куни қийилди, тамомми?

– Йўқ. Ўша йили Урганчда, Тошкентда Хоразм достончилигига бағишланган жонли кўрсатувимда шогирдлари билан иштирок этдилар. Тўйларимга келиб достон айтиб бердилар. Бир марта келганларида биринчи рубобимни Етмишвой ўғлига сўрадилар.

– Пардалари кичкина, болаларга мўлжалланган…

Ўзимча, домлага хотирадан ҳеч бир нолишим йўқлигини исботлашга уринар чоғим “Ана ўша рубобни Етмишвойга берганман”, деганида аъзойи баданим жимирлаб кетди. “Сенга ҳали Бочеллидан чалиб бермадим-ку”, деб “Besame mucho”ни дуторда чалганида юрагим жизиллаб кетди. Йиғи келди. Охири ўрнимдан қўзғалдим. Суҳбатга қўшимча яна нимадир зарур бўлган тақдирда, домланинг телефон рақами бор, 46-автобус юриб турибди, уйларини биламан…
Эшикка томон юрдим. Тутқичга қўл солган эдим ҳамки:

– Тўхта, – деди устоз. – Мен сени энди танидим!

Ортга ўгирилдим. Дўппичан, дутори қўлида, пиёладаги чойидан ҳўплаб, тирсагини хонтахта бурчига суяганча қад ростлаб, талабасини (айнан талабасини, мухбирни эмас!) кузатиб қўйишга чоғланган домлани негадир биринчи сафардагидек бир зум физика факультети биносида, 215-аудиториянинг юқори зинасида тасаввур қилдим. Хаёлимда эса ўртоғим домладан кўз узмай, елкаси елкамга яқин, шипшитиб қўяётгандек сездим ўзимни:

“Омонулла Мадаев деганлари шу!”

04Ishxonada telefon goʻshagini joyiga ilib ulgurmay, miyamga yilt etib urilgan oʻydan, rosti, oʻngʻaysizlandim. Borsam taniysiz emish. Nimamga ishonib. Minglab oʻquvchiga dars oʻtgan, minglab-a! Men-chi, men… kimman – oʻsha minglardan biri, xolos. Qisqasi, 46-avtobusning orqa oʻrindigʻida oynaga bosh suyab, Koʻkchadan oʻtib Gulzorga, aniqrogʻi, Degrezga – ustoz bilan suhbat qurgani borayapman. Xayolimda domla meni koʻrishi bilan “Akmal!” deb koʻzlari chaqnab ketadigandek. Quvonchdan terimga sigʻmay goho kulib qoʻyaman. Kulaman-u, yoʻlovchilardan xijolat tortib, qosh-qovogʻimni zumda yigʻib olaman. Ammo bu “niqob”ni toʻrt-besh, nari borsa oʻn soniya “taqib” oʻtirishim mumkin. Soʻng yana jilmayib, bosh chayqab-bosh chayqab orziqaman…

OMONULLA MADAYEV DЕGANLARI SHU
Akmal Jumamurodov
003

– Borsam taniysiz, domla, bizga dars oʻtgansiz…

Ishxonada telefon goʻshagini joyiga ilib ulgurmay, miyamga yilt etib urilgan oʻydan, rosti, oʻngʻaysizlandim. Borsam taniysiz emish. Nimamga ishonib. Minglab oʻquvchiga dars oʻtgan, minglab-a! Men-chi, men… kimman – oʻsha minglardan biri, xolos. Qisqasi, 46-avtobusning orqa oʻrindigʻida oynaga bosh suyab, Koʻkchadan oʻtib Gulzorga, aniqrogʻi, Degrezga – ustoz bilan suhbat qurgani borayapman. Xayolimda domla meni koʻrishi bilan “Akmal!” deb koʻzlari chaqnab ketadigandek. Quvonchdan terimga sigʻmay goho kulib qoʻyaman. Kulaman-u, yoʻlovchilardan xijolat tortib, qosh-qovogʻimni zumda yigʻib olaman. Ammo bu “niqob”ni toʻrt-besh, nari borsa oʻn soniya “taqib” oʻtirishim mumkin. Soʻng yana jilmayib, bosh chayqab-bosh chayqab orziqaman…

…Bundan toʻqqiz yil oldin. Oʻzbekiston Milliy universitetida oʻqigan paytlarimda jurnalistika fakulteti hozirgidek oʻtroq emasdi. Birinchi kurslar fizika fakulteti binosida dars oʻtardik. 215-auditoriya zinasidan vazmin odimlab tushayotgan bu kishim magʻrurmi-yey, salobati bosdimi, xullas, nimasidir bor, gʻala-gʻovur toʻxtadi-turdi.

– Omonulla Madayev deganlari shu! – oʻrtogʻim domladan koʻz uzmay, yelkasi yelkamga yaqin, shipshitib qoʻydi: – “Alpomish”ni suvday ichirarkan.

– Kim shunday dedi?
– Katta kursdagilar.

Madayev deganlari chindan shu boʻlsa, yodimda, salom-alikdan soʻng jurnalni ocha solib: “Birma-bir oʻqiyman, hamma oʻz raqamini eslab qolsin. Xotiradan noliydiganlar daftarining koʻrinadigan joyiga yozib qoʻysin. Takrorlab oʻtirmayman”, – dedi.

– Abduvaliyev Farhod?
– Men.
– Bir.

– Abdullayeva Mohigul?
– Men.
– Ikki…

– Jumamurodov Akmal?

Oʻshanda bu holga – domla bizni raqamlayotganiga gʻashim kelib, ism-familiyamni oʻqiganida indamay oʻtiraverdim.

– Jumamurodov kim?

Doʻstim biqinimga azbaroyi qattiq turtganidan “Men!” deb yubordim.

– Yigirma olti…
– Nimaga turtasan?!
– Sal qolsa “yoʻq” qip qoʻyardi-ku!

Domla aytgan oʻsha, xotiradan noliydiganlardan biri – oʻzim.

26! Raqamni daftarning ichki muqovasiga qip-qizil qilib boʻyab yozdim-da, yetmagandek doiraga olib qoʻydim. Ustozning oʻshanda nima uchun bunday yoʻl tutgani haqida uzoq oʻylab yurdim. Oʻzimcha asos topdim: guruhda bir yuz oʻn oltita edik. Agar ismimiz hijjalab oʻqilsa va “men-men”imiz ham qoʻshib chamalansa, darsning 10-15 daqiqasi, shubhasiz, yoʻqlamaga ketadi. Mana, maqsad nima – vaqtdan yutish!

Domla bir gal darsda: “Gʻazalning shakli ayol, matni erkak”, deb qoldi. Joʻyali fikr aytganga oʻn ball qoʻyarmish. Shu, joʻyali fikr masalasi yaxshi-yu, talabgorlar oz emas-da. Oʻn ball uchun terlab-pishib ohangjama qilgani qancha?! Eshilib-toʻlgʻanib yoddan gʻazal oʻqigani qancha?! Oʻsha qanchalardan a-a-ancha keyin jurʼat yutib, qoʻl koʻtarganimni eslayman.

– Gapir!
– Ayol… gʻazalning matlaʼdan maqtaʼgacha boʻlgan shakliy strukturasi.
– Yaʼni?
– Qofiyasi, radifi, bahri, rukni…
– Yaxshi-i-i, davom et.

– Erkak esa tabiatan dangalchi, choʻrtkesar boʻladi. Gʻazalda mazmun jihatdan shunday oʻtkirlik talab qilinadi, deyilmoqchi.

– Xulosa qil.

Tushunmay qoldim, yana qanday xulosalash?!

– E-e, senam boʻlmading. Oʻtir…

Domla oʻshanda hech kimga oʻn qoʻygani yoʻq, ammo bir-ikkita ism-familiya toʻgʻrisiga qalamda qandaydir belgi tashladi. Plyus boʻlsa kerak. Haytovur, ular orasida men ham bor edim.

– Sizda nima, oka? – doʻrildoq ovozdan oʻylarim tumandek tarqab ketdi. Koʻrsamki, roʻparamda lanj, behafsala chiptachi yigit turardi. Shoshganda labbay topilmas. Qaniydi, chiqa qolsa shu… “proyezdnoy” degani. Xayriyat, oʻzimda ekan. Attang, rassom emasman-da! Yigitning avzoyini koʻrsangiz edi: xuddiki, men uning jigarini soʻrab olayotgandek oʻqrayib, ichida toʻngʻillab, oʻrta eshik tomon qoʻzgʻaldi. Bu payt endi Koʻkchadan oʻtayotuvdik. Oynaga bosh suyab, yana toʻqqiz yil oldinga, oʻsha qadrdon auditoriyaga qaytdim. Domla “Alpomish”dan imtihon olmoqda edi. Atigi oltita savol. Oʻn ikki ball! Har savolga ikki balldan.

– Oʻttizgacha raqamlilar xonada qolsin… Boshqalar tashqarida kutsin. Aytaman, kirasizlar.

Shunda kursdoshim Malika (u ham biz bilan birinchi oʻttiztalik ichida edi): “Yaxshi tayyorlanmaganman, past baho olib qoʻymay, yordam ber”, dedi. Daftarim orasidan ikki varaq yulib oldim. Malika mendan oldinroqda – ruchka-qogʻoz tutib, oʻzini yozganga solib oʻtiribdi. Domla savolni oʻqiydi, bir daqiqa vaqt beradi. Ana shu daqiqada javobni kirill alifbosida (oʻzim uchun!), lotinda (unga!) qoralab ulgurishim kerak. Tagʻinam ikki shaklda: birini qiyaroq, unikini esa xatiga yaqin – tikka yozish kerak. Muhimi, domla sezmasin.

Keyingi darsda baholarni oʻqib eshittirgach:

– Kimda savol bor? – dedi ustoz.
– Menda! Ballimni aytmadingiz.
– Nechinchi raqam?
– Yigirma olti.

– Xoʻ-oʻ-oʻsh, yigirma olti… Jumamurodov, olti ball!

Kayfiyatim buzilib, joyimga qayta oʻtirayotsam:
– Oʻtirma, tur! Malika kim, u ham tursin! – deb qoldi.

Ustimdan muzdek suv quygandek etim junjikib ketdi. Oʻyladimki, hozir butun kurs oldida ikkimizniyam sharmanda qiladi.

– Bahoying aslida oʻn ikki, ammo koʻchirtirgansan, shuning uchun olti. Tan ol, koʻchirtirganmisan? – dedi ustoz jahl aralash xitob bilan.

Domlaning chimirilgan quyuq qoshlari nuqul iqrorga undardi. Tan olsam, xato boʻlmaydimi?! Malika-chi, gina qilmaydimi? Bu yogʻi kursdoshlar… E-ey, olti boʻlsa olti-da. Qiziq, qanday sezdiykin? Axir, oʻzimga kirillchada (atayin qiyalatib!) yozgandim.

– Unda sen ayt, koʻchirganmisan? – mendan sado chiqmagach, domla Malikaga yuzlandi. U ham oʻylamay-netmay:
– Koʻchirganman, – dedi.

Men ahmoq, uni himoya qilayotganim qayerda qoldi! Balki ishonmassiz, shundan soʻng domlaning yuziga kulgi yugurib, aslo sir boy bermasdan, maʼruzaga koʻchdi. Dars tugagach, ikkimizni yoniga chaqirib, Malikaga qarab:

– Mardsan, mard! – dedi va koʻz oʻngimizda mening olti ballimni oʻn ikkiga tiklab qoʻydi…

46-avtobus bekatda toʻxtadi. Men tushib qoldim. Domlaning uyini bir soʻrashimda koʻrsatib yuborishdi. Mana, eshik qoʻngʻirogʻini chalyapman. Ishqilib, tanisin-da.

– Assalomu alaykum, ustoz!
– Salom. “Yosh kuch”dan, shundaymi? – domla shevamdan ilgʻamadi.

Demak, tanimadi. Oʻsha aytgan gapim gap – minglardan biri… Hovli oʻngidan xonaga kirdik. Xontaxta atrofiga solingan koʻrpachaga chordana qurdik. Lom-mim demayman, hech nimani eslatmayman, yodlariga solmayman, urinmayman ham. Joʻngina savolim bor, javob olaman-u, qaytaman.

– Soz chalishni bilasiz-a, ustoz?

Domla avval ajabsindi, soʻng miyigʻida kulib oʻrnidan qoʻzgʻaldi. Xonadan chiqdi-yu, zum oʻtmay qoʻlida dutori bilan koʻrindi.

– Anvar Hojiahmedovni eshitgansan-a, professor, togʻam, – ustoz suhbatga koʻcharkan, dutorini qoʻlidan qoʻymay, xontaxta boshiga oʻrnashib soʻzida davom etdi: – Ular oltmish besh yil avval: “Ertaga tuzukroq kiyinib ol, bir joyga oboraman”, deganlarida uchinchi sinfda oʻqirdim. Oʻsha kech shimimni koʻrpam tagiga qoʻyib, “dazmollash”ga yotdim. Togʻam aytgan “bir joy”ga borishni oʻylab uxlolmadim hisob. U paytlari brezent tufli urfda edi. Usti oq, tagi charmdan. Agar tish poroshogini suvda ivitib, boʻyasang, qurigach, tufli oppoq boʻlardi. Uni ham boʻyab tayyorlab qoʻydim. Xullas, yangiday oyoq kiyim, yangiday boʻlmasa ham qoʻlbola dazmollangan shimda “start”da turibman.

…Tramvay keldi. Chorsudan chiqib, Beshyogʻochda tushdik. Oʻzimda yoʻq xursandligimni koʻrsang. Kinoga tushamiz, deb oʻylaganman. “Navoiy” kinoteatri shu tomonda edi-da. Yoʻq, pedagogika texnikumi (hozirgi Qori Niyoziy nomidagi Oʻzbekiston pedagogika fanlari ilmiy tadqiqot instituti)dan oʻtib, eski darvozadan ichkari hatladik. Narida rassomlar texnikumi, beriroqda esa Glier musiqa maktabi joylashgandi. Bir oʻris xotin kelib, togʻam va men bilan soʻrasha ketdi. Ruschani bilmaymanmi, biyron-biyron gapirdim. Oʻris xotin bir xumcha tilla topgandek yuzlari yorishdi. Keyin u eshitish qobiliyatimni sinadi. Qoʻlida qalam bilan partani toʻq-toʻq urib ohangga soldi. Xuddi oʻzidek takrorladim va maktabga qabul qilindim: oʻyladimki, 1-sinfga. Yoʻq, 5-sinfga ekan. Oʻsha paytda bolalarni musiqaga qiziqtirish uchun beshinchi sinfdan stipendiya berilar edi: 150 soʻm. Bu uncha katta pul emasdi. Bozorda taxminan uch kilo qoʻy goʻshti shuncha turardi.

– Xullas, sizni qabul qilishdi.
– Ha! Abdusamad Ilyosovdan gʻijjak darsini oʻtay boshladim. U boʻshab ketganidan keyin Serdyukov degan kishi…
– Ismi?

– Yodimda yoʻq. Shu kishi gʻijjakdan dars oʻtdi. Bilasanmi, Akmal, musiqa maktabida oʻzbek musiqalari oʻrgatilmasdi. Gaydn, Glinka, Chaykovskiy…ni gʻijjakda chalardik. Uch yil oʻqidim.

Yomon shoʻx edim-da oʻziyam. Bir gal sinfimiz oynasini sindirganman. Bilmasdan emas, atay. Baribir jazolashadi deb, kutubxonadan olgan barcha notalarni qaytarib berdim-da, oʻzim oʻqiydigan 82-maktabga qaytdim.

– Beshyogʻochga-chi, qaytib bormadingizmi?

– Yoʻq, bormadim. Chunki maktabimizdagi musiqa toʻgaragi ham undan qolishmasdi. Toʻgarak rahbari Sharif Solayev men haqimda eshitib, yoniga chaqirdi. Bir muddat gʻijjak chalib yurdim. Shunda otam: “Oʻgʻlim, gʻijjak yaxshi-yu, shu… rubob oʻrgangin, men rubobni yaxshi koʻraman”, dedilar va 500 soʻmga rubob sotib olib berdilar. Pardalari kichkina – bolalarga moʻljallangan edi. Ulgʻayganim sayin, bu rubob qoʻlimga kelishmay qoldi. Otam: “Senga boshqasini olib beraman”, dedilar. Sharif akadan soʻrasam, 59-maktabning yonida cholgʻu yasaydigan mashhur ustani aytdilar. Bordik. Usta Usmondan oʻyma rubob oldik – 800 soʻmga.

– Bayramlarda ham soz chalganmisiz?

– Bilsang, maktabimizdagi ommaviy yigʻinlar mening vaqtimga qarab oʻtkazilardi. Chunki maktabda mendan boshqa rubobchi yoʻq edi. Oʻzimga yarasha taniqli boʻlib qolgandim. Bilagimdagi mana bu chandiqni koʻryapsanmi? Oʻsha paytlari Raj Kapurning “Daydi”, “Janob 420” filmlariga yaqin ellik marta tushganmiz. Ishonaver, biletga navbat kutishlarning asorati bu. Musiqaga shunchalar qiziqishardiki, yodimdan chiqmaydi, maktabimizning katta zali tomoshabin bilan toʻla. Tasavvur qil. Atayin musiqa eshitishga kelishgan. “Daydi”, “Janob 420” kuylarining hammasini boshdan-oyoq chalganman. Bir yarim soat! Sen buni baribir tasavvur qilolmaysan. Dahsha-a-at!
Maktabni ellik sakkizinchi yil bitirdim. Sharqshunoslikning hind tillari boʻlimiga hujjat topshirdim, ammo oʻqishga kirolmadim. Boʻsh ham yurolmasdim. Shunda 1-maktab-internat direktori Gʻaffor aka Rashidov: “Omonulla menga bir uchrashsin”, deb odam yuboribdilar. Uchrashdim. Dars beradigan boʻldim. Oʻn olti yasharligimda maktab-internatda musiqa toʻgaragini yurgizdim. Oʻsha kezlari pionerlar saroyi musiqa toʻgaragi boshligʻi Gʻulom Qoʻchqorov men bilan birga ishlagin, deb qoldilar. Maktab nima boʻladi desam, ishlayverasan dedilar. Gʻulom akaga yordamchi boʻlib oʻtdim. U yerda rubobni professional oʻrganishga kirishdim.

…Bu orada maktabni bitirganlar ikki yillik stajga ega boʻlmasa, universitetning kunduzgi boʻlimiga oʻqishga qabul qilinmasligi haqida buyruq chiqdi. Kunduzgiga topshirolmadim. Rus jurnalistikasi kechki boʻlimida oʻqishga qaror qildim.

– Va siz boshqa sohaga yoʻnaldingiz…

– Yoʻq, butkul emas. Oʻqishga kirganimdan keyin bir safar qandaydir munosabat bilan fakultetda konsert uyushtirishdi. Nimayam boʻlib, tadbir orasida: “Shuyam rubob chalishmi”, deb yubordim. Gapim zalda oʻtirgan kattalardan birining qulogʻiga yoqmadimi: “Rubob chalish qanaqa boʻlishini oʻzlari koʻrsatsinlar”, deb piching qildi. Shuyam rubobmi? Toʻgʻrisini aytdim. Chunki ruboblar ikki xil boʻladi: qovurgʻa va oʻyma. “Qovurgʻa” asosan toʻgaraklarda qoʻl keladi. Narxi arzon boʻladi. “Oʻyma”dan esa professionallar foydalanadi. “Qovurgʻa” boʻlsayam rubobni chaldim-ku endi, butun zal ogʻzi ochilib qoldi. Keyin bilsam, musiqa toʻgarak rahbarining oʻzi doirachi ekan, rubob chalishni hatto menchalik bilmas ekan. Shu boʻlib, toʻgarakka keling, deyishdi.

Dadaxon Hasanov toʻgarakka qoʻshildi. Begali Qosimov rubob oʻrgandi. Konsertlar bera boshladik. Ansambl endi ansamblga oʻxshadi. Bundan televideniyedagilar xabar topib, taklif qilishdi. Har payshanba 18:00da televizion konsert! Oʻh-oʻh, u paytlarda televizorga chiqish… Nasiba Qambarova dutor chaladi, men rubob, yana nay, gʻijjak, changchilar bor.

Taqdir taqozosi bilan oʻzbek filologiyasiga oʻtdim, kunduzgi boʻlimga. Ansamblni tark etmadim. Yana besh yil rahbarlik qildim. Oʻsha-oʻsha, hayot meni ikki sohaga yoʻnaltirdi: adabiyot va sanʼat. Ora-sirada toʻylarga ham yurganmiz. Bu yogʻi studentchilik. Ishonsang, poytaxtda men rubob chalmagan sahnaning oʻzi qolmagan. Buning barchasi togʻam Anvar Hojiahmedovning “ertaga tuzukroq kiyinib ol”idan boshlangan gaplar. “Glier”da professional musiqa darajasida oʻqiganmiz. Notani mukammal bilardik. Bu sen oʻylayotgan narsa emas. Bilsang, musiqadan diktant yozardik. Diktant-a, diktant! Oʻqituvchimiz pianinoda kuy chaladi, biz esa kuyni eshita turib notalarni qogʻozga tushiramiz. Bu umuman goʻzal holat. Qara, oʻzing ham angrayib qolding.

– Diktant deganingizga… ona tili, adabiyot yodga keldi-da, ustoz.

– Oʻlma, keyinchalik musiqa adabiyot oʻqituvchisi boʻlishimda ham yordam bergan. Agar oʻqituvchi, ayniqsa, adabiyot muallimi dutor yo rubob chalishni bilsa, undan zoʻri boʻlmaydi. Sababi bor. Diqqat qil, sinfda sozni shunday olaman-da…

Domla dutorni oʻziga oʻnglab turib, “Qaro koʻzum”ni boshlab qoldi, “…mardum kibi vatan qilgʻil”dan keyin taqqa toʻxtab:

– Ovoz muhim emas, – dedi. – Har holda, sinfda muhim emas. Oʻquvchi dutorning oʻziga “qotib qoladi”. Ana undan soʻng “…mubtalo boʻldim sango”ni aytsang, tamom – dars seniki! Senga aytsam, bunday uslub, pedtexnologiyani Subutoy Dolimovdan oʻrgandim. Domlamizning Uspenskiyni yigʻlatganini eshitganmisan?

– Axir… qanday qilib?

– “Nasrulloyi”ni chalib. Mana senga yana bir fakt. “Nasrulloyi” – musiqada oʻlchov. Uni chalib bilmagan sozanda sozanda emas. Uni kuylolmagan xonanda ham shunday. Axir, “Nasrulloyi” oʻn ikki daqiqa ijro etiladi. Aytmoqchimanki, zoʻr adabiyot oʻqituvchisi boʻlishimda (harqalay, oʻzimni “zoʻr” deb bilaman!) Subutoy domlaning, sanʼatning oʻrni beqiyos. Musiqaning ahamiyati, deylik, oltmish foizni tashkil etadi.

– Demak, adabiyot oʻqituvchisi…

– Buncha shoshding, nima demoqchi ekaningni tushundim. Kutsang, gapni oʻsha yoqqa oboryapman. Zinhor sen oʻylayotgan narsa emas. Musiqaning roli oltmish foiz deganim bilan adabiyotning qiymati tushib qolmaydi. Maktabda hamisha yangi metodlarni qoʻllashning tarafdori boʻlib kelganman. Mana qara, oʻquvchi “Ruboiy nima?” deb savol bersa, oʻqituvchi qanday javob beradi?

– Toʻrtlik deb…

– Toʻgʻri. Endi qara, oʻqituvchi “ruboiy” arab tilidagi “arbaʼun”dan olingan boʻlib, toʻrt misradan iborat, tugal maʼno ifodalovchi; birinchi, ikkinchi va toʻrtinchi misralari yoki toʻrtala misrasi ham qofiyadosh falsafiy ruhdagi sheʼr desa va shu onning oʻzida biror namuna oʻqib bersa… mana bu – chinakam adabiyot muallimining javobi boʻladi.

– Qaysi maktablarda ishlagansiz, ustoz?

– Qaysi maktablarda ishlamagansiz desang, javob berishim osonroq, – hazil qildi domla. – Toshkentdagi 82, 169, 40, 106, 36, 1-maktablarda dars berganim esimda. Zangiota tumanida 4-maktab bor. Mirzo Ulugʻbek nomidagi, qozoq va oʻzbek maktabi. Oʻsha joyga taklif qilishganida bir shart bilan boraman, dedim. Bilsang, bir sinfda adabiyotdan haftada toʻrt soat dars beriladi. Qoida boʻyicha kuniga ikki soatdan ortigʻi mumkin emas. Shuning uchun hamma maktab adabiyot darsini ikki kunga (asosan chorshanba va jumaga) taqsimlaydi. Shartim shu: toʻrt soat adabiyot va bir soat ona tili darsini – haftada bir kun oʻtaman. Maktabgacha 13 kilometr. Agar uch kunlab qatnagudek boʻlsam, “Bergan pulingiz benzinimgayam yetmaydi”, dedim.

– Shu tariqa ancha-muncha benzin tejab qoldingiz…

– Aslida-ku, gap benzinda emas. Oʻsha maktabda ikki yil dars berdim. Agar guruhga biror nimani eʼlon qilishmoqchi boʻlishsa, payshanba kunini moʻljallashardi. Sinfda 23 bolaning hammasi faqat oʻsha kuni toʻliq oʻtirishardi. Endi tanaffusga chiqmasdan besh soat dars oʻtishni oʻylab koʻrgin-da. Men buni tanaffussiz dars demayman. Chunki har oyda kamida bir marta rubobni oʻzim bilan olib borardim. Nima qilaman de: “Hozir biz sizlar bilan safarga otlanamiz, – deyman. – Qoʻllarni partaga qoʻying. Koʻzlarni yumib, dam oling. Boʻstonliqqa yoʻl olamiz. Mana, avtobus keldi. Dilbar chiqdi, Umid, Sodiq…. hammamiz yoʻldamiz. Hu-uv uzoqdan qoyalar koʻrinayapti. Mana, togʻ etagidamiz, tepaga koʻtarilayapmiz. Atrof choʻgʻday lolazor. Butalar chayqalayapti. Mayin kuy taralmoqda…”. Darsning shu joyida rubob chalib beraman, sheʼrlar oʻqiyman va yana avtobusda maktabga qaytamiz. Xoh ishon, xoh ishonma, yigirma uch boladan toʻqqiz-oʻntasi mutlaq uxlab qolardi. Mana senga katta tanaffus.

– Kuni boʻyi besh soat dars oʻtish, bolalarni zeriktirmasdan ushlab turish baribir qiyin…

– Qiyin emas, ogʻir. Dars oʻrtasida koʻchaga chiqqing kelsa, ishing boʻlsa, mendan soʻrab oʻtirma, kirayotganingda ham, ustoz, mumkinmi, dema. Indamasdan chiq va darsga xalaqit bermasdan kir. Bola indamasdan chiqib ketardi-da, hansirab qaytib kelardi. Nima uchun? Chunki u darsdan qolib ketmaslikka urinardi. Eshikni ochiboq: “Kirsam maylimi”, derdi. Oʻzimgayam qiziq, ming aytmay, oʻquvchilarim biror marotaba ruxsat soʻramasdan kirmagan.

Maktabda bir yil ishlagach, keyingi yili direktor meni yoniga chaqirib: “Yigirma uch bolangizdan yettitasi ketdi”, dedi. Biri kolxozda ishlagani, biri texnikumga kirgan va hokazo. Xullas, endi sinfimda oʻn olti bola oʻqir ekan. Tasavvur qilasanmi, payshanba kuni sinfga kirsam, yigirma uchta oʻquvchining hammasi oʻtiribdi. Oʻqish boshlanishiga hurmat qilib kelishgandir desam, yil boʻyi hamma darsimda toʻliq qatnashishdi.

– Soz sehri shudir-da.

– Nimasini aytasan. Davradagi ulfating rubobmi, dutormi chalolsa, gap-gashtak qizigandan qiziydi. Yetmishinchi yil Xivaga borganimda, Bola baxshi bizni yaxshi kutib olmadi. Rahbariyatdan kelgan mehmonlarni baxshi xush koʻrmas ekan. Na bir ochilib gaplashadi, na savollarimga javob beradi. Topib olgani faqat “xoʻsh asa, xoʻsh asa”, “alashtirmiysiz”. Ishonasanmi, tushdan shomgacha poylab oʻtirganman. Bola baxshi axiyri oʻgʻlini chaqirib: “Norbek, ogʻang rubob eshitjak oʻxshiydi, bir narsalar cholib bar”, dedi. Shunda oʻgʻli rubobni uzoq vaqt sozlolmadi. Menga ber rubobni, dedim. “Munojot”ni boshlab yubordim-ku. Avjini olganimda baxshi “pax” deb choponini yelkadan otib urdi. Oʻrnidan turdi-da, chiqdi-ketdi. Oradan oʻn minutcha oʻtib, qaytib keldi. Koʻrsang, boya besh soatdan beri “xoʻsh asa”, “alashtirmiysiz” deb oʻtirgan odamdan asar ham yoʻq. Butunlay boshqa. Gapirib yotir, “Oshiq Gʻarib…”dan aytib yotir. Men ham qoʻlim qoʻlimga tegmay yozib yotirman. Mana bu endi soz sehri boʻladi.

– Baxshi bilan gurungingiz shu kuni qiyildi, tamommi?

– Yoʻq. Oʻsha yili Urganchda, Toshkentda Xorazm dostonchiligiga bagʻishlangan jonli koʻrsatuvimda shogirdlari bilan ishtirok etdilar. Toʻylarimga kelib doston aytib berdilar. Bir marta kelganlarida birinchi rubobimni Yetmishvoy oʻgʻliga soʻradilar.

– Pardalari kichkina, bolalarga moʻljallangan…

Oʻzimcha, domlaga xotiradan hech bir nolishim yoʻqligini isbotlashga urinar chogʻim “Ana oʻsha rubobni Yetmishvoyga berganman”, deganida aʼzoyi badanim jimirlab ketdi. “Senga hali Bochellidan chalib bermadim-ku”, deb “Besame mucho”ni dutorda chalganida yuragim jizillab ketdi. Yigʻi keldi. Oxiri oʻrnimdan qoʻzgʻaldim. Suhbatga qoʻshimcha yana nimadir zarur boʻlgan taqdirda, domlaning telefon raqami bor, 46-avtobus yurib turibdi, uylarini bilaman…
Eshikka tomon yurdim. Tutqichga qoʻl solgan edim hamki:

– Toʻxta, – dedi ustoz. – Men seni endi tanidim!

Ortga oʻgirildim. Doʻppichan, dutori qoʻlida, piyoladagi choyidan hoʻplab, tirsagini xontaxta burchiga suyagancha qad rostlab, talabasini (aynan talabasini, muxbirni emas!) kuzatib qoʻyishga chogʻlangan domlani negadir birinchi safardagidek bir zum fizika fakulteti binosida, 215-auditoriyaning yuqori zinasida tasavvur qildim. Xayolimda esa oʻrtogʻim domladan koʻz uzmay, yelkasi yelkamga yaqin, shipshitib qoʻyayotgandek sezdim oʻzimni:

“Omonulla Madayev deganlari shu!”



033

(Tashriflar: umumiy 277, bugungi 1)

Izoh qoldiring