Таниқли адабиётшунос олим Иброҳим Ҳаққул таваллудининг 70 йиллиги олдидан
Биласизми, зоҳиран оддий, содда кўринган фактларни бадиий тахайюл кўмаги ила умумлаштира билиш илмга қанот бағишлайди, илм билан санъатнинг кучини бирлаштиради. Ана шунда тадқиқотчи-олим ўзини адабий факт ва далиллардан образ яратувчи санъаткордай ҳис этади. Мен эса адабиётшунос диди ўткир, савияси баланд, заҳматкаш, бугун эришган муваффақиятини эртага ихтиёрий тарзда эсдан чиқарадиган бир санъаткор бўлишини орзу қиламан.
ЧИН ОЛИМ ЁСТУҒИН ТОШДИН ЯРАТДИ…
Адабиётшунос Иброҳим Ҳаққул билан суҳбат
Иброҳим Ҳаққул Бухоро вилояти Шофиркон туманида туғилган. Мумтоз ва замонавий адабият тадқиқига бағишланган «Бадиий сўз шукуҳи», «Занжирбанд шер қошида», «Шеърият – руҳий муносабат», «Абадият фарзандлари», «Тасаввуф ва шеърият», «Тақдир ва тафаккур», «Навоийга қайтиш», «Мерос ва моҳият» каби китоблари чоп этилган. Олимнинг айрим мақола ва китоблари турк, уйғур, озарбайжон, тожик ва рус тилларига таржима қилинган. Кўп йиллардан буён Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институтида фаолият юритади.
Дилором ҲАМРОЕВА: — Илмнинг ибтидоси, умуман, олимлик нимадан бошланади?
Иброҳим ҲАҚҚУЛ: — Ақл-идрок уйғониши ва англашдан. Англаш шавқи қанча тез кучайса, олимлик йўли ҳам ўшанча барвақт ойдинлашади.
Д.Ҳ.: — Илмий тадқиқотчи, бу — олимликка даъвогар дегани. Шундай экан, илмий даража ва олим тушунчаси бир-бирига тенг кела оладими?
И.Ҳ.: — Умуман олганда, илмий даража ёки унвон нисбий нарса. Шунинг учун илмий даража ва олимлик тушунчаси кўп ҳолларда бир-бирига умуман мувофиқ келмайди. Тасаввур қилинг, кичкина болакайнинг бошига катта ва чиройли бир қалпоқ кийгиздингиз — юзи кўринмай қолади. Истеъдодсиз илм кишисининг аҳволи ҳам шунга ўхшаб кетади — елиб-югуриб қанақа илмий даражани қўлга киритмасин у барибир, қиёфасизликка маҳкум. Илм унга бир восита бўлганидек, ўзи бир воситачи ё жаллоб каби яшайди. Илмнинг шукуҳи нима, азоби қандай, тоти қанақа — буларни у ҳис қилолмайди. Абдураҳмон Жомий ҳазратлари бир рубоийларида:
Ҳар чо зи дари хона даромад даъви,
Маънй ба шитоб аз раҳи равзан бигурехт —
дейдилар. Яъни, ҳар қаердаки хона эшигидан даъво — иддао кириб келса, маъно шитоб ила туйнукдан чиқиб қочади. Олимнинг эса маънидан йироқлашиш, уни даъвога қурбон этишга сира-сира ҳаққи йўқ.
Д.Ҳ.: — Тадқиқотчи 40-45 ёшда илмга кириб келганда ҳам ёш олим саналади. Ёш ва олим ҳақида нима дейсиз?
И.Ҳ.: — Олим секин мевага кириб, ўсиб-улғайгани сайин илдизи чуқурлайдиган дарахтни эслатади. Ёшликда, албатта, куч-ғайрат, шиддат тўлиб тошади. Бундан фойдаланиш керак. Куч-қувватни илмга сарфлаш яхши. Аммо уни “тежаш”ни ҳам билиш зарур. Нега? Чунки ғайрат, ташаббус, тезкорлик — бу ҳали тажриба деганимас. Изланиш ва тажриба “тегирмони”да янчилишга, чидамли олимга мен ҳавас қиламан. Ҳеч пайт дид ва савия пастлигига у кўниколмайди. Ўзининг мавжудлигини кўрсатиш, “аллома”лигини тан олдириш учун талашиб, тортишиб юрмайди.
Д.Ҳ.: — Бир суҳбатда Абдурауф Фитрат каби олимнинг бевақт ўлими баъзан миллат учун катта бир давр олимларини бой беришдан кўра улканроқ йўқотишдир, деган эдингиз…
И.Ҳ.: — Чунки Фитрат домла каби Шахслар неча юз йилларда бир маротаба дунёга келади. Фитратнинг илм ва ижод жабҳасида амалга оширган ишларини бундоқ сарҳисоб қилсангиз, беихтиёр Оллоҳ унга қўш-қўш истеъдод ато этган дейсиз. Унинг зукколиги, билимдонлиги, илмнинг бир неча соҳаларида эркин қалам тебратиши, фидоийлиги — буларни таърифлаб тугатиш қийин… Ўша пайтда Фитратга отилган ўқ — ўзбек илм-фани, маърифат ва маданиятига отилган ўқ эканини мен кўп ўйлайман…
Д.Ҳ.: — Шоирнинг ижтимоий шахсиятини адабий қиёфаси билан солиштирганда, ички парокандаликни кўрамиз. Умуман олганда, бу ҳолатни санъатга дахлдор ҳар қандай инсонда кузатиш мумкин. Илм ҳам ижод, аслида, ижоднинг энг оғир шакли… Бу жиҳатдан олимнинг шахсиятини қандай изоҳлайсиз?
И.Ҳ.: — Яссавий бобо: “Чин олим ёстуғин тошдин яратди”, деганлар. Олимнинг шахсияти қандай бўлишини ана шу гапдан тасаввур қилаверинг. “Тоши енгил”лик — олим учун катта айб. Сабр-қаноат, билишга ташналик, заҳматкашлик, тамаъ ва манфаатпарастлик ҳирсини енгиш, ҳеч кори ҳолда ялтоқланмаслик, дунёнинг ҳар турли ғирром ўйинларига аралашмаслик, ҳақ ва ҳақиқатга содиқлик — менимча, олимнинг Шахсини безайдиган фазилатларнинг энг муҳимлари ана шулар. Олим ақли ва илмини бозорга солмаса, унинг йўқотадиган бошқа бир нарсаси йўқ. Яшайверади. Унга илмдан бўлак нарсани “Ол!”, “Эгалла!” деган ҳуқуқ берилмаган.
Д.Ҳ.: — Кимнидир “ҳақиқий олим эди” деганда унинг фақат илмий салоҳияти кўзда тутиладими?
И.Ҳ.: — Илмий салоҳияти билан бирга ҳақгўйлиги, шижоати, юрти ва миллатига содиқлиги ҳам. Баъзи олимлар гўё фикрлаш учун яшайди. Улар илмий мавзулари, ғоялари билан ўралашиб, кўпинча бошқа мавжудликлардан узилиб қолишади. Оддий одамларнинг дарди, ғам-ғуссаси, миллат тақдири — барибир уларга. Одамдай яшаш матлабида фикрлайдиган олимлар эса, энг аввало, виждон ва эрк навкарларидир. Уларнинг қалбида бир олов доимо ловиллаб туради. Фақат ўзинимас, ўзгани ҳам ўйлайди… қўрқиб, қалтираб кун ўтказишдан уялади. Латтачайнарлик қилмайди.
Д.Ҳ.: — Битта илмий мактабда шаклланган, айни бирдай имкониятларга эга икки тадқиқотчи бир хил даражадаги олим бўлмаслиги мумкин. Илмий иш савияси нималарга боғлиқ?
И.Ҳ.: — Биринчи галда, истеъдодга боғлиқ. Олимлик истеъдоди ижодкор талантидан ноёброқдир. Чунки унинг “юк”и нисбатан анча оғир. Бундан ташқари, “игна билан қудуқ қазиш” олимнинг ташқаридаги бир иши эмас, балки ботиндаги қийноқли меҳнат. Мана шу қийинчилик ва азобнинг қувончига у етиб бормаса, ўзини ҳам, бошқаларни ҳам қийнайди. Қийнагани шуки, йўталса ҳам “ман” дейди ва бағри ҳасад, кин, адоватга тўлгани сайин жаҳли, қаҳри оловланиб, жоҳиллашиб кетади. Бу эса Мирзо Бедил айтган: “Ҳар ки олим шудам гуфт жоҳил шуд” — “Ҳар кимки олим бўлдим дея даъво қилди — жоҳил бўлди”, деган фикрнинг амалий исботидир.
Д.Ҳ.: — Маърифат арбоблари толибни тарбиялашда суҳбат ва жамоатни катта аҳамиятга эга деб ҳисоблайдилар. Мушоҳада эса узлатда камолга етади. Илм — тафаккур, мушоҳада санъати. Олим учун суҳбат ва узлат, мунозара ва мушоҳада акс тушунчаларми?
И.Ҳ.: — Олим у ё бу нарсада чалғиши мумкин, аммо кимлар билан ўтириб-туриш ва суҳбатлашишда адашмаслиги зарур. Олимнинг зуҳди ва узлати зоҳидникидан кескин фарқланади. Буни билиш лозим. Билмаган, биринчидан, вақтини елга совуради, иккинчидан, руҳ ва кўнгил осудалигини таъминлай олмайди. Олимда “хусусий мутафаккирлик” майдони бўлмас экан, “дегоним, дегон”дан бир пайса ҳам нари жилолмайди.
Д.Ҳ.: — Абдулқодир Гилоний: ҳар бир кўнгилнинг ўз меърожи бўлади, дейди. Олимнинг меърожи нимадан бошланади?
И.Ҳ.: — Олимнинг меърожи ирфон, яъни Ўзни англаш. Юнус Эмро ҳақ гапни айтган: “Илм — ўзни англамакдир. Ўзни англамассан, бу нечун уринмакдир”. Афсуски, шўро замонида илм ўзни англашга монелик қиладиган қалин “парда”га ҳам айлантирилганди. Ҳақиқий олим ҳаддан зиёд сийрак, илмий даражали корчалон, каззоб ва чаламуллалар кўпайиб кетганди. Илм-фан маълум бир маънода дин, тарих, миллият, ҳурриятга қарши болтакашлик қилганлиги энди ҳеч кимга сир эмасдир.
Д.Ҳ.: — Инсон табиатидаги етакчи туйғулардан бири — шуҳратпарастлик: ижобий маънода ҳурмат-эътибор қозониш. Илм ҳам маълум маънода шуҳрат қозониш дегани. Олим ва шуҳратпарастлик тушунчасини қандай изоҳлайсиз?
И.Ҳ.: — Олим ҳам одам: жамиятда бир мавқе қозониш, бошқаларга танилишга интилади. Бироқ чинакам олимлик билан шуҳратпарастлик бир-бирига зид ҳолатлардир. Зеро, илмда шон-шуҳратга муҳтожлик йўқ. Илм шуҳратни офат ҳисоблайди. Қадимда айрим олимлар ёзган асарларига исми шарифларини қўймаганликларининг бир сабаби ҳам шу. Ҳозир бунақа ишни хаёлга келтирадиган кишини учратиш Анқога дуч келиш билан баробар. Салоҳияти етган ҳам, етмаган ҳам китоб ёзаётир. Пули, имкони бор — китоб чиқармоқда. Нимага? Нимани кўзлаб? Мақсад битта: шуҳрат қозониб, “номи муборак”ларини боқийлаштириш. Ваҳоланки, буларнинг бари мағзи пуч иддаолар, инсоннинг саёзлиги, нодон ва ожизлигини фош этадиган уринишлардир. Нафсу ҳавонинг тузоғидан халос бўлиш қийин. Демак, шуҳратпарастлик туғёни ҳам тўхтамайди…
Д.Ҳ.: — Бугунги кун тадқиқотчисига муносабатингиз ва тилакларингиз?
И.Ҳ.: — “Оломонга қизиқ бўлган ҳамма нарсадан қоч!”, дейди донишманд Сенека. Олим авом савиясида фикрлаб, авом қонини жўшдирадиган нарсалар билан ўралашадими, билингки, илм ниқобида илмсизлик гувиллайди. Тадқиқот дегани тараққиётга улуш қўшолмайди.
Биласизми, зоҳиран оддий, содда кўринган фактларни бадиий тахайюл кўмаги ила умумлаштира билиш илмга қанот бағишлайди, илм билан санъатнинг кучини бирлаштиради. Ана шунда тадқиқотчи-олим ўзини адабий факт ва далиллардан образ яратувчи санъаткордай ҳис этади. Мен эса адабиётшунос диди ўткир, савияси баланд, заҳматкаш, бугун эришган муваффақиятини эртага ихтиёрий тарзда эсдан чиқарадиган бир санъаткор бўлишини орзу қиламан. Бизнинг ҳаётимизнинг ғайрат, илҳом юз очган пайтлари қуллик ва қарамликда ўтган. Уларнинг асорати ва касофатидан охирги дамгача қутулолмасак керак, деб ўйлайман. Ёш тадқиқотчилар буни ҳисобга олиши ва ҳар қандай таниқли олимнинг фаолияти билан бирга шахсиятига ҳам холис танқидий нигоҳ ила қараб ҳеч чўчимай, асло иккиланмасдан одим ташлашини истайман. “Одам қавми бир-бирини теран тушунишга қодир эмаслиги учун ёлғон ва алдашдан ўзини тўхтатолмайди. Дунёдаги энг оғир иш — ҳақиқатни айтиш. Бу эса жуда кўп ва узоқ вақт ўқишни, сабот ила мушоҳада юритишни талаб қилади”, дейди файласуф Г.Гуржиев. Ҳақиқатни айтишнинг олий мақоми — бу илм ва олимлик…
Д.Ҳ.: — Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат.
Манба: «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2008 йил 26-сони.
Суҳбатдош: Дилором Ҳамроева
Taniqli adabiyotshunos olim Ibrohim Haqqul tavalludining 70 yilligi oldidan
Bilasizmi, zohiran oddiy, sodda koʻringan faktlarni badiiy taxayyul koʻmagi ila umumlashtira bilish ilmga qanot bagʻishlaydi, ilm bilan sanʼatning kuchini birlashtiradi. Ana shunda tadqiqotchi-olim oʻzini adabiy fakt va dalillardan obraz yaratuvchi sanʼatkorday his etadi. Men esa adabiyotshunos didi oʻtkir, saviyasi baland, zahmatkash, bugun erishgan muvaffaqiyatini ertaga ixtiyoriy tarzda esdan chiqaradigan bir sanʼatkor boʻlishini orzu qilaman.
CHIN OLIM YOSTUG’IN TOSHDIN YARATDI…
Adabiyotshunos Ibrohim Haqqul bilan suhbat
Ibrohim Haqqul Buxoro viloyati Shofirkon tumanida tug’ilgan. Mumtoz va zamonaviy adabiyat tadqiqiga bag’ishlangan «Badiiy so’z shukuhi», «Zanjirband sher qoshida», «She’riyat – ruhiy munosabat», «Abadiyat farzandlari», «Tasavvuf va she’riyat», «Taqdir va tafakkur», «Navoiyga qaytish», «Meros va mohiyat» kabi kitoblari chop etilgan. Olimning ayrim maqola va kitoblari turk, uyg’ur, ozarbayjon, tojik va rus tillariga tarjima qilingan. Ko’p yillardan buyon Alisher Navoiy nomidagi Til va adabiyot institutida faoliyat yuritadi.
Dilorom HAMROYEVA: — Ilmning ibtidosi, umuman, olimlik nimadan boshlanadi?
Ibrohim HAQQUL: — Aql-idrok uyg‘onishi va anglashdan. Anglash shavqi qancha tez kuchaysa, olimlik yo‘li ham o‘shancha barvaqt oydinlashadi.
D.H.: — Ilmiy tadqiqotchi, bu — olimlikka da’vogar degani. Shunday ekan, ilmiy daraja va olim tushunchasi bir-biriga teng kela oladimi?
I.H.: — Umuman olganda, ilmiy daraja yoki unvon nisbiy narsa. Shuning uchun ilmiy daraja va olimlik tushunchasi ko‘p hollarda bir-biriga umuman muvofiq kelmaydi. Tasavvur qiling, kichkina bolakayning boshiga katta va chiroyli bir qalpoq kiygizdingiz — yuzi ko‘rinmay qoladi. Iste’dodsiz ilm kishisining ahvoli ham shunga o‘xshab ketadi — yelib-yugurib qanaqa ilmiy darajani qo‘lga kiritmasin u baribir, qiyofasizlikka mahkum. Ilm unga bir vosita bo‘lganidek, o‘zi bir vositachi yo jallob kabi yashaydi. Ilmning shukuhi nima, azobi qanday, toti qanaqa — bularni u his qilolmaydi. Abdurahmon Jomiy hazratlari bir ruboiylarida:
Har cho zi dari xona daromad da’vi,
Ma’ny ba shitob az rahiravzan bigurext —
deydilar. Ya’ni, har qaerdaki xona eshigidan da’vo — iddao kirib kelsa, ma’no shitob ila tuynukdan chiqib qochadi. Olimning esa ma’nidan yiroqlashish, uni da’voga qurbon etishga sira-sira haqqi yo‘q.
D.H.: — Tadqiqotchi 40-45 yoshda ilmga kirib kelganda ham yosh olim sanaladi. Yosh va olim haqida nima deysiz?
I.H.: — Olim sekin mevaga kirib, o‘sib-ulg‘aygani sayin ildizi chuqurlaydigan daraxtni eslatadi. Yoshlikda, albatta, kuch-g‘ayrat, shiddat to‘lib toshadi. Bundan foydalanish kerak. Kuch-quvvatni ilmga sarflash yaxshi. Ammo uni “tejash”ni ham bilish zarur. Nega? Chunki g‘ayrat, tashabbus, tezkorlik — bu hali tajriba deganimas. Izlanish va tajriba “tegirmoni”da yanchilishga, chidamli olimga men havas qilaman. Hech payt did va saviya pastligiga u ko‘nikolmaydi. O‘zining mavjudligini ko‘rsatish, “alloma”ligini tan oldirish uchun talashib, tortishib yurmaydi.
D.H.: — Bir suhbatda Abdurauf Fitrat kabi olimning bevaqt o‘limi ba’zan millat uchun katta bir davr olimlarini boy berishdan ko‘ra ulkanroq yo‘qotishdir, degan edingiz…
I.H.: — Chunki Fitrat domla kabi Shaxslar necha yuz yillarda bir marotaba dunyoga keladi. Fitratning ilm va ijod jabhasida amalga oshirgan ishlarini bundoq sarhisob qilsangiz, beixtiyor Olloh unga qo‘sh-qo‘sh iste’dod ato etgan deysiz. Uning zukkoligi, bilimdonligi, ilmning bir necha sohalarida erkin qalam tebratishi, fidoiyligi — bularni ta’riflab tugatish qiyin… O‘sha paytda Fitratga otilgan o‘q — o‘zbek ilm-fani, ma’rifat va madaniyatiga otilgan o‘q ekanini men ko‘p o‘ylayman…
D.H.: — Shoirning ijtimoiy shaxsiyatini adabiy qiyofasi bilan solishtirganda, ichki parokandalikni ko‘ramiz. Umuman olganda, bu holatni san’atga daxldor har qanday insonda kuzatish mumkin. Ilm ham ijod, aslida, ijodning eng og‘ir shakli… Bu jihatdan olimning shaxsiyatini qanday izohlaysiz?
I.H.: — Yassaviy bobo: “Chin olim yostug‘in toshdin yaratdi”, deganlar. Olimning shaxsiyati qanday bo‘lishini ana shu gapdan tasavvur qilavering. “Toshi yengil”lik — olim uchun katta ayb. Sabr-qanoat, bilishga tashnalik, zahmatkashlik, tama’ va manfaatparastlik hirsini yengish, hech kori holda yaltoqlanmaslik, dunyoning har turli g‘irrom o‘yinlariga aralashmaslik, haq va haqiqatga sodiqlik — menimcha, olimning Shaxsini bezaydigan fazilatlarning eng muhimlari ana shular. Olim aqli va ilmini bozorga solmasa, uning yo‘qotadigan boshqa bir narsasi yo‘q. Yashayveradi. Unga ilmdan bo‘lak narsani “Ol!”, “Egalla!” degan huquq berilmagan.
D.H.: — Kimnidir “haqiqiy olim edi” deganda uning faqat ilmiy salohiyati ko‘zda tutiladimi?
I.H.: — Ilmiy salohiyati bilan birga haqgo‘yligi, shijoati, yurti va millatiga sodiqligi ham. Ba’zi olimlar go‘yo fikrlash uchun yashaydi. Ular ilmiy mavzulari, g‘oyalari bilan o‘ralashib, ko‘pincha boshqa mavjudliklardan uzilib qolishadi. Oddiy odamlarning dardi, g‘am-g‘ussasi, millat taqdiri — baribir ularga. Odamday yashash matlabida fikrlaydigan olimlar esa, eng avvalo, vijdon va erk navkarlaridir. Ularning qalbida bir olov doimo lovillab turadi. Faqat o‘zinimas, o‘zgani ham o‘ylaydi… qo‘rqib, qaltirab kun o‘tkazishdan uyaladi. Lattachaynarlik qilmaydi.
D.H.: — Bitta ilmiy maktabda shakllangan, ayni birday imkoniyatlarga ega ikki tadqiqotchi bir xil darajadagi olim bo‘lmasligi mumkin. Ilmiy ish saviyasi nimalarga bog‘liq?
I.H.: — Birinchi galda, iste’dodga bog‘liq. Olimlik iste’dodi ijodkor talantidan noyobroqdir. Chunki uning “yuk”i nisbatan ancha og‘ir. Bundan tashqari, “igna bilan quduq qazish” olimning tashqaridagi bir ishi emas, balki botindagi qiynoqli mehnat. Mana shu qiyinchilik va azobning quvonchiga u yetib bormasa, o‘zini ham, boshqalarni ham qiynaydi. Qiynagani shuki, yo‘talsa ham “man” deydi va bag‘ri hasad, kin, adovatga to‘lgani sayin jahli, qahri olovlanib, johillashib ketadi. Bu esa Mirzo Bedil aytgan: “Har ki olim shudam guft johil shud” — “Har kimki olim bo‘ldim deya da’vo qildi — johil bo‘ldi”, degan fikrning amaliy isbotidir.
D.H.: — Ma’rifat arboblari tolibni tarbiyalashda suhbat va jamoatni katta ahamiyatga ega deb hisoblaydilar. Mushohada esa uzlatda kamolga yetadi. Ilm — tafakkur, mushohada san’ati. Olim uchun suhbat va uzlat, munozara va mushohada aks tushunchalarmi?
I.H.: — Olim u yo bu narsada chalg‘ishi mumkin, ammo kimlar bilan o‘tirib-turish va suhbatlashishda adashmasligi zarur. Olimning zuhdi va uzlati zohidnikidan keskin farqlanadi. Buni bilish lozim. Bilmagan, birinchidan, vaqtini yelga sovuradi, ikkinchidan, ruh va ko‘ngil osudaligini ta’minlay olmaydi. Olimda “xususiy mutafakkirlik” maydoni bo‘lmas ekan, “degonim, degon”dan bir paysa ham nari jilolmaydi.
D.H.: — Abdulqodir Giloniy: har bir ko‘ngilning o‘z me’roji bo‘ladi, deydi. Olimning me’roji nimadan boshlanadi?
I.H.: — Olimning me’roji irfon, ya’ni O‘zni anglash. Yunus Emro haq gapni aytgan: “Ilm — o‘zni anglamakdir. O‘zni anglamassan, bu nechun urinmakdir”. Afsuski, sho‘ro zamonida ilm o‘zni anglashga monelik qiladigan qalin “parda”ga ham aylantirilgandi. Haqiqiy olim haddan ziyod siyrak, ilmiy darajali korchalon, kazzob va chalamullalar ko‘payib ketgandi. Ilm-fan ma’lum bir ma’noda din, tarix, milliyat, hurriyatga qarshi boltakashlik qilganligi endi hech kimga sir emasdir.
D.H.: — Inson tabiatidagi yetakchi tuyg‘ulardan biri — shuhratparastlik: ijobiy ma’noda hurmat-e’tibor qozonish. Ilm ham ma’lum ma’noda shuhrat qozonish degani. Olim va shuhratparastlik tushunchasini qanday izohlaysiz?
I.H.: — Olim ham odam: jamiyatda bir mavqe qozonish, boshqalarga tanilishga intiladi. Biroq chinakam olimlik bilan shuhratparastlik bir-biriga zid holatlardir. Zero, ilmda shon-shuhratga muhtojlik yo‘q. Ilm shuhratni ofat hisoblaydi. Qadimda ayrim olimlar yozgan asarlariga ismi shariflarini qo‘ymaganliklarining bir sababi ham shu. Hozir bunaqa ishni xayolga keltiradigan kishini uchratish Anqoga duch kelish bilan barobar. Salohiyati yetgan ham, yetmagan ham kitob yozayotir. Puli, imkoni bor — kitob chiqarmoqda. Nimaga? Nimani ko‘zlab? Maqsad bitta: shuhrat qozonib, “nomi muborak”larini boqiylashtirish. Vaholanki, bularning bari mag‘zi puch iddaolar, insonning sayozligi, nodon va ojizligini fosh etadigan urinishlardir. Nafsu havoning tuzog‘idan xalos bo‘lish qiyin. Demak, shuhratparastlik tug‘yoni ham to‘xtamaydi…
D.H.: — Bugungi kun tadqiqotchisiga munosabatingiz va tilaklaringiz?
I.H.: — “Olomonga qiziq bo‘lgan hamma narsadan qoch!”, deydi donishmand Seneka. Olim avom saviyasida fikrlab, avom qonini jo‘shdiradigan narsalar bilan o‘ralashadimi, bilingki, ilm niqobida ilmsizlik guvillaydi. Tadqiqot degani taraqqiyotga ulush qo‘sholmaydi.
Bilasizmi, zohiran oddiy, sodda ko‘ringan faktlarni badiiy taxayyul ko‘magi ila umumlashtira bilish ilmga qanot bag‘ishlaydi, ilm bilan san’atning kuchini birlashtiradi. Ana shunda tadqiqotchi-olim o‘zini adabiy fakt va dalillardan obraz yaratuvchi san’atkorday his etadi. Men esa adabiyotshunos didi o‘tkir, saviyasi baland, zahmatkash, bugun erishgan muvaffaqiyatini ertaga ixtiyoriy tarzda esdan chiqaradigan bir san’atkor bo‘lishini orzu qilaman. Bizning hayotimizning g‘ayrat, ilhom yuz ochgan paytlari qullik va qaramlikda o‘tgan. Ularning asorati va kasofatidan oxirgi damgacha qutulolmasak kerak, deb o‘ylayman. Yosh tadqiqotchilar buni hisobga olishi va har qanday taniqli olimning faoliyati bilan birga shaxsiyatiga ham xolis tanqidiy nigoh ila qarab hech cho‘chimay, aslo ikkilanmasdan odim tashlashini istayman. “Odam qavmi bir-birini teran tushunishga qodir emasligi uchun yolg‘on va aldashdan o‘zini to‘xtatolmaydi. Dunyodagi eng og‘ir ish — haqiqatni aytish. Bu esa juda ko‘p va uzoq vaqt o‘qishni, sabot ila mushohada yuritishni talab qiladi”, deydi faylasuf G.Gurjiev. Haqiqatni aytishning oliy maqomi — bu ilm va olimlik…
D.H.: — Mazmunli suhbatingiz uchun rahmat.
Manba: «O‘zbekiston adabiyoti va san’ati» gazetasining 2008 yil 26-soni.
Suhbatdosh: Dilorom Hamroeva