Bayram Ali. Ikki hikoya & “Men bilgan ochun” turkumidan qaydlar

Ashampoo_Snap_2018.02.04_20h58m39s_001_.png  Ҳар бир янги йил умр йўлимизнинг бир бекати, аммо одатий бекати эмас, балки нақ чорраҳада жойлашган, тепасига улкан ундов расми ишланган бекатидир! Бу бекатда яхшилаб нафас ростламаган, ҳамда энди қайси тарафга қараб юришни аниқ белгилаб олмаган инсонлар кўп нарса йўқотадилар…

Байрам АЛИ
ИККИ ҲИКОЯ ВА ҚАЙДЛАР

05

1504024422_wer2323r3.jpgБайрам Али (Қўлдошев) 1991 йил 23 июньда Қамаши туманининг Чим қишлоғида туғилган.Матбуот ва бадиий нашрларда кўплаб ҳикоя ҳамда мақолалари эълон қилинган. Бир нечта ҳикоялари асосида телекўрсатувлар суратга олинган.“Болангман дунё», “Куз ёмғирлари” каби насрий китоблар муаллифи.

07

НИМКОСА

Ўткиржон Хидир кейинги йилларда бу хонадонга ҳамкасб шерикларисиз келмасди. Шунинг учун дарвозага етганда бироз иккиланиб, тўхтаб қолди. Айни шу фурсатда ҳовлиси дарвозасидан бўйлаган Бердиёр Исматнинг хотини ҳам уни кўриб аввалига ажабланди…

Аёл меҳмонни эри ёнига бошлаб кирди. Ҳайтовур Бердиёр Исмат уни кўриб ғашланмади ёки ғашланса ҳам буни сездирмади.

-Туманга етган оёқларинг Чимсаройга етмай қолади-я, — гина қилди аксинча, хотини чиқиб кетгач. – Келмайсанлар! Ё бурунларинг кўтиралиб қолганми?

-Эндии… Шунақа асарлар яратиб турмасангиз эсдан чиқиб кетасиз-да, — ҳазил аралаш пичинг қилди Ўткиржон Хидир. – Қишлоғида нахс босиб ётгандир, десак, қисса ёзиб ташладим, де?

Унинг сохта табассум балққан кўзлари ички туғёнини акс эттириб турарди.

“Ҳим-м… Тишлашгани келибдилар-да!” – хаёлидан шу фикр кечган Бердиёр Исматнинг лабидан бошқа сўз учиб чиқди:

— Тадбирларда кўринмайсан?
-Биз шундай тадбирсиз одаммиз, жўра!

Бу масалада ҳеч бир чўчийдиган жойи бўлмаса-да, Бердиёр Исмат айнан ўз уйида бирор кўнгилсизлик юз беришини истамас эди. Вазиятни юмшатиш учун гап қидириб турганди, хотини патнис кўтариб қайтиб кирди-ю, жонига аро кирди.

-Нега Манзура билан болаларни олиб келмайсиз ҳеч, Ўткиржон ака? — деб қолди у, суҳбат ўзанидан бехабар.

Ўткиржон Хидирнинг хурпайган башараси бу гапдан сўнг ёришди.

-Асли келиш фикри тўсатдан туғилиб қолди-да, келин, — тушунтириш беришга уринди, анчайин хижолатланиб.
– Нечукдир юрагим сиқаверди… Кейин, ҳам бориб дўстимни кўрганим, ҳам асари босилган журнал сонларини бериб табриклаб келганим, дедим-у, лўкиллаб жўнайвердим.

-Лўкиллаб дейсанми? Оббо сен Ўткир туя-йей!.. – Бердиёр Исмат ҳазиллашиб дўстининг елкасига қоқди. “Биламиз, юраклари нега сиққанини…” – ўйлади ичида эса.

Аёл ўзи билан эзгулик фаришталарини қолдирдими, ҳарқалай у чиқиб кетгач суҳбат мавзуси ва ундаги кайфият тамоман ўзгариб кетди. Ҳамма касбдошлар каби олдинига ҳамкасблари ҳақида, кейин адабиётда бўлаётган янгиликлардан гаплаша бошлашди. Дўстининг бетайин ва ҳардамхаёл феъли ҳар қанча кулгусини қистатмасин, Бердиёр Исмат бу “сокинлик”дан мамнун эди. Хотини пишираётган қовурдоқ сузилай деганда у болаларидан бирини чақириб, “ҳалиги”дан буйирди.

-Қандай бўларкин.., — дўсти қуйиб узатган шайтонсувига суқланиб термуларкан, талмовсиради Ўткиржон Хидир. – Биласан, бизнинг юрак, сал…

-Қантдай бўлади! – зўр бериб унинг кўнглини олишга тиришаётган, бу билан кўнгилсизликдан сақланишни ўйлаётган Бердиёр Исмат кўзини қисиб қўйди. – Ўнг тарафга эгилибро-оқ ичиб юборасан, юракка тегмай ўтади, кетади!

-Ҳа, тўғри… – кутилганидек Ўткиржон Хидир ортиқча нозланиб ўтирмади. –Чин, лекин шундай қилса бўлади…

Дам ўтмай аёл овқатини сузиб келди. Овқатнинг остида қолсин, деб дўстлар иккинчи пиёлани ҳам ютишди.
-Яқинда бир физик олим билан гаплашдим, — Уткиржон Хидир овқатдан кавшаб гапира бошлади. – Билсангиз биз олимлар ҳар кашфиёт қилганимизда табиат тилсимлари олдида инсон тафаккури тамоман ожиз эканини, бу билан яна бир карра мағлуб бўлганимизни англаймиз, дейди.

-Мисол учун?

-Айтди, мисол! Масалан, бирор газ таркибидаги арзимас бир қатор “атом” молекулалари ўзгариши эвазига газдан метал ҳосил бўлиши мумкин, ёки шундай бир қатор молекулалар ўзгариши билан мутлақо бошқа жинс элементдан бўлак бир модда ҳосил бўлади, деди… Биласанми, нима? Бу бир қатор “атом”ларнинг ўзгариши эса модданинг тирлион фоиздан бир фоизи ўзгармоғи дегани экан… Тушунаяпсанми, дунёдаги энг кичик зарра “атом” нинг тирлиондан бир фоизи ўзгарганига иккита жинсдан, шу икки жинсни ҳам тамомила рад этадиган деярли бутунлай бошқа модда вужудга келаяпти! Дунё олимлар яқинда шуни кашф этишибди-ю, бу билан табиатнинг жумбоқларидан бирини ечганларига эмас, аксинча, жумбоқ туғдирганларига амин бўлишибди.

-Эй, физикар билан лерикларнинг маш-машаси минг йиллик! – қўл силтади Бердиёр Исмат. – Ўша олимларингнинг хатоси шундаки, табиатга сўзини ўтказишга уринишади. Табиат қонунларини ўзгартиришга ҳаракат қилишади! Аммо табиат ходисалари бу – тақдири илоҳийдир! Буни англаш учун эса филолог бўлиш ҳам, динъий китобларни сув қилиб ичган мулла бўлиш ҳам шарт эмас. Инсонга қалб керак!

-Ҳа… Тақдири илоҳий… – Ўткиржон Хидир бир дам ҳаракатдан тўхтаб дастурхонга тикилиб қолди. – Тақдир… Тақдир ростдан ҳам табиатнинг ўзгартириб бўлмас қонуни…

Сўнг ёзувчи дўстининг юзларига шиддат билан термулди:

-Аммо… Ҳаётимиздаги айёрларчи?! Туллак, доғулилар-чи?! Улар ҳатто табиатдаги айрим нимарсаларни ўзгартириб юбормоққа қодир эмасмилар?!

Бердиёр Исмат қовун туширганини пайқади. Бироқ, дўсти ишлатган номуносиб сўзлардан асабийлашгани туфайли қайсарлиги тутди:

-Йўқ, қодир эмаслар! – деди бошқа гапни айлантиришни лозим топмай. – Табиатда нимадир содир бўлдими, демак шундай бўлмоғи керак!

-Ҳали… Табиат ҳам адолатни билмайди, дегин?.. — Ўткиржон Хидир бир лаҳза дўстидан кўзларини олмай тикилиб тургач, индамай дастурхонга қўл чўзди-да, шишада қолган ичимликни сузиб, ичиб юборди.

-Бу сафар ўнгинга эгилмадинг ҳам? – кесатди Бердиёр Исмат.

-Қўявер, дўстим, — Ўткиржон Хидир аламангиз илжайди. – Куйиб кул бўлсин юрак!

Ортиқ гаплар гапга қовушмай қўйди.

Нафсиламрини айтганда Бердиёр Исмат ҳалиям вазиятни юмшатиб муроса йўлини танлашга уринар, кайфи ошиб қолган Ўткиржон Хидир эса “хужумини” тўхтатмас эди. Ғишова киноялардан чарчаган Бердиёр Исмат ичида дўстининг гўрига ғишт қалай-ғишт қалай, иккинчи шишанинг оғзини бўшатганини билмай қолди…

-Дарвоқе, ҳалиги асарингдаги мантиқий хатолик… – сўз ўйинларида дўстига тиши ўтмаслигини англаб, ниҳоят индаллога ўтди Ўткиржон Хидир эса. – Бу албатта менинг ўта шахсий фикрим, тақдир, табиат ва ҳоказоларга зиғирча даҳли йўқ!.. Ҳаммаси-ку, майли… Хуллас, асар якунида чиқарган хулосанг. Яни, Фаррухни “У нафратга лойиқ эди!” дея нохолисликка йўл қўйгансан… Ахир соғлом фикр билан ўйла… Йигит алданган… Алданиб-хўрланган!.. Бу ойдай равшан-ку! Энди у бечора қандай нафратга..?

-Шудай лойиқ бўлади! – устма-уст ичилган ичимликдан ўзи ҳам “айний” бошлаган Бердиёр Исмат дўстининг гапини кесиб ташлади. – Шу хулоса айнан мантиқдан эди! Бил-лмасанг гапирма!

-Ним-ма? В-вой сен билимдон… – инкордан кўра кўпроқ қўпол муомиладан ранги гезарди Ўткиржон Хидирнинг. – Йўўқ!.. Аксинча, мантиқ бунинг аксини тақозо қиларди-ку!.. Ҳозир… Ҳозир сенга гувоҳ чақираман… Шу қилганинга!.. Ҳозир…

-Кели-и-ин! – ўтирган жоида деразага қараб бақира бошлади у. – Малика?..

-Тинч қўй уни! – Бердиёр Исмат аччиқланиб дўстининг елкасидан босди. – Бас қил, ўкирма!
-Йўқ, ҳозир айтади… Ўзинг эшитасан… Биламиз…

Шу пайт ичкарида бошланган шовқиндан хавотирланган аёл югуриб келиб эшикни очди-ю, икковга саросималанганча қараб қолди.

-Келин… – унга кўзи тушиб энди бироз паст, аммо ҳамон ғазабга тўла хириллаган овоз билан буйирди Ўткиржон Хидир. –Журнални олиб келинг… Ҳали келтириб қўлингизга берган журналларимни…

Эридан бирор сас чиқмагач, аёл гуё шу билан жанжал тўхтаб қоладигандай тезгина бориб айтилган журналларни кўтариб келди.

-Беринг… Беринг менга… Ўзингиз эса ўтиринг… – алланечук тараддуд билан шошиб унинг қўлларидан журнални оларкан, Ўткиржон Хидир аёлнинг ўзига ҳам ўтиришни илтимос қилди. – Ҳозир топаман… Қанийди… Топаман ҳозир… Илтимос, ўтиратуринг… Сиз гувоҳ! Холис… ҳакам!

-Мана! Мана шу ер… — Ўткиржон Хидир журналнинг керакли сонини топиб ўқий бошлади:
-«…Келин-куёв учун безатилган столда ўтирган Камол Фаррухни кўриб ўрнидан туриб кетди. Фаррух кела солиб уни бағрига босди: “-Камол! Табриклайман, дўстим! Табриклайман!”. Камол эса негадир ҳеч нарса демасди. Шунда Фаррухнинг кўзи тўсатдан унинг ёнидаги келинга тушди. Жиққа ёш, чексиз оғриниш, алам зоҳир бўлган кўзларга, ”Сиздан шуни кутмагандим”, деяётганга ўхшаш ўша жоду кўзларга тушди…»

-Йўқ, бу жойи эмас… Булар бари тўғри… Ҳозир топамиз… – шу ерига келганда бир пасга тўхтаб, журналнинг қуйироқ қисмини янаям ҳаяжон билан ўқишга тутинди:

— «…Ҳаммасини тушунган Камол бошини айбдорона эгди-ю, уни қайта бағрига босди. Секингина қулоқларига пичирлади: “-Кечир мени, дўстим! Ўшанда… Ахир мен ҳам уни севардим… Кечир…» Йўқ, бу ери ҳам эмас экан… Йўқ-қ… Мана!!! Мана бу ерини ўқийлик! «…Дўстини бағридан бўшатди-ю, бир-бир босиб даврани тарк этишга уринди. Кўзларидан ёш тирқирар, қўллари мушт бўлиб тугилган, ғазаб ўти суяк-суягини ёқиб юбораётганди. Йўқ-йўқ, у Камолдан хафа эмасди. Бор нафрати, бор ғазаби ўзига қаратилган эди.

…У нафратга лойиқ эди!

Ўз-ўзига бўлган нафратига чидай олмай тўйхонадаги столлардан бирини тўнтариб ташламоқчи бўлганида, уни маст хаёл қилган куёвнинг қариндошларидан бири ғиппа буғиб, ташқарига судраклай бошлади…»

Журнални ўқиб тугатгач Ўткиржон Хидир таққа тўхтаб аёлга тикилиб қолди. Аёлга недир илинжу-умидлар ила интиқ-илхақ тикиларкан, бамисоли оламшумул бир сирни айтаётгандай пичирлади:

-Ўзингиз, айтинг… Келин… Қандай қилиб… у нафратга лойиқ бўлади?! Қандай… Ахир у бечора алданган… Боплаб алданган… Доғули дўсти қизни унга шармисол гаплар билан ёмонлаб… У шу хоиннинг гапларига ишониб суюклисидан юз бурганди-ку… Энди у бечора… Қандай, нафратга..?

-Лойиқ эди, тамом! – шу дам хотини ўрнига Бердиёр Исматнинг қатъий айтган жавоби хонани жаранглатиб юборди. – Гап фақат севишда эмас, инсон аввало муҳаббатга муносиб бўлмоғи керак! Камол жилла қурса севгиси учун курашди, юракдаги севгисини асраб қолишга уринди… Гарчи ёлғон айтиб бўлса ҳам! Аммо Фаррух-чи?! Агар у худбин чиндан севганида, ўша севгига лойиқ бўлганида бировнинг гапларига қараб хулоса чиқармасдан, қизни ҳимоялашга уринмасмиди?! Йўқ, унақалар қачон бўлса ўзини оқлашни, қандай бўлмасин виждонини поклашни ўйлайдилар, холос! Унақалар онгли равишда висолни эмас, ажрни танлайдилар! Чунки, унақаларга ҳар қандай ҳаловатдан ғусса авзал! Ундай тоифа ярамас одамлар учун жабр чекишдан, жабрдийда бўлишдан ортиқ лаззат йўқ!

-Анааа! Хах-хах-ха… – дўстини тилидан илгани учун Ўткиржон Хидир ғолибона, ҳузурланиб кулди. – “Аблаҳ” деди! “Аблах” деб айтди! Ана энди қусирларингизни намоён қилаяпсиз, ўртоқ Исматов! Кўраяпсанми, гап нимада? Гап шундаки, сен уни – Фаррухни ёмон кўргансан! Ўз қаҳрамонинга адоватинг, ҳасадинг бўлган! Ха-ха-хах..! Мана энди сирлар очилаяпти!

Бердиёр Исмат ўрнидан сапчиб туриб кетди.
-Йўўқоол уйимдан, ғаламис!

-Кетаман… Қувмасанг ҳам кетаман… –шошиб қўзғалди Ўткиржон Хидир. Ўрнидан тураётиб эса бошини эгканча миқ этмай турган аёлга қаради. Аёлнинг совуқ ва лоқайд ёниб турган нигоҳларига нохос кўзи тушиб, қаттиқ оғринди: “Наҳотки эрининг оғзини ёпишга уринмаса?..”

Ўткиржон Хидир тойиниб-суриниб уйдан чиқди. Дарвозадан ўткач, дўстининг ҳовлисига яна бир бор алам билан қаради: у бу хонадонга кўп келган, лекин, мана, иккинчи бор ҳайдалаяпти…

Ўткиржон Хидир қишлоқ бекати тамон гандираклаганча бораркан, Бердиёр Исматнинг асар қаҳрамони Фаррух тўғрисида айтган бешафқат гаплари-ю, аёлнинг кўзларидаги ўзига нисбатан совуқ ифодани эсламасликка тиришарди.

Дарвоқе, аёлнинг кўзлари ҳали ҳам жоду эди, ўшандаги — тўй оқшомидаги каби.

“ТАРСАКИ”

Маллаев қабул вақтини тамомлаб турган эди, эшик икки марта тақиллаб, аёл киши кириб келди.

-Сиз ҳаётда сиқилган инсонларга ёрдам беришга қодирсиз-а, доктир? Шундай инсонлардан бири қаршингизда турибди. Илтимос, мендан ёрдамингизни аямасангиз, — деди у эшик қоқишда қандай бетакаллуфлик қилган бўлса, шундай терслик билан. Аёлнинг кўзларида одатда тиғ суякка қадалганда акс этадиган ғусса ва қатъият мужассам эди!

Маллаев аввалига эсанкираб қолди. Ниҳоят аёлдаги расмий кайфиятга мослаша олгач, ўтиришга ишора қилди.

-Марҳамат… – деди, камоли таажжубдалиги туфайли сўзи лабларидан сирғалиб чиқиб. – Хўш… Сизни қандай муаммо қийнаяпти?

Аёл ўтиришга ўтирди-ю, кўпчилик бошқа мижозлар каби журъат ахтариб бир муддат сассиз турди.

-Ҳузурингизга ўзимни қийнаётган баъзи саволларга жавоб излаб келдим, — тилга кирди охири. – Аслида мен ҳамма гапни ичга ютадиган, ҳеч кимга дардини айтмайдиганлар хилиданман. Ишонинг, бу ерга келишга қарор қилгунимга қадар оз мунча иккиланишларни бошдан ўтказганим йўқ.

Аёл тағин сукутга чўмгач, бутун сийратида диққат акс этган Маллаев унга гапиришга ёрдам бера бошлади:

-Сиз жудаям тўғри қарор қабул қилгансиз. Ҳар қандай инсон ҳам баъзан бундай маслаҳатларга эҳтиёж сезиши мумкин.

-Шундай деб ўйлайсизми? Мен эса афсуслана бошлаган эдим…
-Бунга ҳожат йўқ. Қани, сизни нималар қийнаяпти, ҳаммасини бошидан гапириб берсангиз?

-Оилавий муаммолар…
-Оилавий?!

-Ҳа. Аниқроғи эримнинг менга ва фарзандларига муносабати.
-Шундайми?.. Хўш?..

-Севги, оташин муҳаббат… Хўп, эрим иккимизнинг тўйгача бўлган муносабатларимизни қўя турайлик. Сизга тўйдан кейинги аҳволимизни гапириб берсам девдим.

-Яхши бўларди.

-Хуллас мен ўн етти ёшимда турмушга чиқдим, ўн саккизимда фарзанд дунёга келтирдим, ҳозирги кунда – 26 ёшимда икки фарзанднинг онасиман. Эрим эса мендан тўрт ёшга катталар… Тўғри йўл кўрсатишингизда буларнинг ҳам аҳамияти борми?

-Албатта-албатта… Имкон қадар батафсил гапираверинг.

-Ўзимни молиявий тамондан камчилиги бор, деб билмайман. Нафсиламирини айтганда, эрим ҳам ёмон инсон эмаслар, ичиш, чекиш каби иллатлардан холи, менга қаттиқ гапирмайдилар, қисқаси рисоладагидай эркак.

-Унда… Гап нимада?

-Гап шундаки… Қандай айтсам бўлади… Тўйимизнинг илк йилларида ҳаммаси жойидадек туйилган эди. Кейин-кейин ўртамиздаги нималаргадир путур етди, шекилли. Мана, бугунга келиб эса у менга ботинан мутлоқо бегона, бефарқ инсонга айланиб қолди. Фарзандларимизга ҳам…

-Балки сизга шунақа туйилар? – беихтиёр оғзидан чиқиб кетди Маллаевнинг. Унинг синчков нигоҳларидан кўзини олиб қочиб хона бурчагига тикилаётган аёл чуқур хўрсинди:

-Менга шундай туйиладими, бошқами, бу ҳақиқат. Соҳангиз нуқтаи назаридан бу борада билимга эгадирсиз, ҳар ҳолда аёл киши учун яқинининг беэътиборлигидан кўра оғирроқ нарса бўлмаса керак. Қандай тушутирсам экан… Биз худди… Бугунги кунда, биз худди эр-хотинликни бирор касбга айлантириб олганга ўхшаймиз.

Аёлнинг кўзларидаги дард, сўзларидаги ҳасрат Маллаевнинг тилини бойлаб қўйган эди. Аёл гапида давом этди:

-Айтайми, мени яна нима қийнайди? Унинг олдида ўзимни ниҳоятда ақлсиз ва нотавон сезаман. Одатда бирор гапни бошлашим билан эрим шарт кесиб гапимни тўғрилаб қўяди. Овозидаги сипо, аммо қатъий оҳангдан мен фикримни тўлиқ тушунтиришга ҳам улгуролмайман кўпинча. Умуман, оғиз билан айтмаса-да, унинг ҳар бир ҳатти-ҳаракатидан “сен аҳмоқсан” деган маънони тушуниш мумкин… Инкор этмайман, у жуда заковатли инсон! Аммо айтинг, шулар бари ўтакетган бефарқлик, бегоналашиш эмасми?! Ўртада бундай чох бор экан, оилавий ришталардан маъно нима, айтинг-чи доктир?! Маълумот беролмайсизми, наҳотки бир-бирига кўнгил қўйиб бир ёстиққа бош қўйган ҳар қандай эркак ва аёл кейинчалик боласини ёлғиз катта қилаолмаслиги учун, ёки тан муносабатлари учунгина бирга яшашса?!.. Майли, бир пайтлардаги севги изҳорлари ҳозирда ўзим учун ҳам бачканаликдай туйилади. О, лекин билсангиз эди мен ундан аёл сифатида, она сифатида бир оғиз рағбат, бир оғиз ширин сўз эшитишга қанчалар интиқ туришимни! Унинг руҳий суянчига, дўстона бўлсада бир чимдим меҳрига қанчалар ошуфта эканимни тасаввур этаолсайдингиз!

Маллаев айни дамда нимадир дейиши жуда-жуда зарурлигини ҳис этди. Балки бошқа вазият бўлганда у инсондан мукаммаллик қидириш хато эканлигини, киши ўзгаларни бор қусирлари билан қабул қила олиши кераклигини, яқинларидаги мавжуд камчиликларни ўзи тўлдиришга уринса яшаш енгил кечишини гапирган бўлармиди… Йўқ, у бу гал аламли кўзларидан ёш сизиб чиқа бошлаган мижозига столдан рўмолча олиб узатишга яради, холос. Кейин, бориб хонаси деразасини очди-ю, иккинчи қаватдан ташқарига тикилганча туриб қолди.

-Биламан, унинг ишлари жуда кўп… – энди овозидаги титроқни билдирмаслик учун ниҳоятда паст оҳангда гапирарди аёл. – Шунчалар кўп-ки, ҳатто фарзандининг қувончларига шерик, ғамларига юпанч бўла олмайди. Унинг учун фарзанди шашка мусобақаларида ютса бу оддий хол: инсон доимо кучли бўлиши керак! Ёки фарзанди “қуён тишлари” учун калака қилаётганини айтиб мактабга боришдан бош тортса, совуққонлик билан дашном беради: бу ожизлик, бу хато! Фарзандига Мураббий эмас, бир галгина Ота бўлишни эса ўйламайди, ўйламайди ҳеч… Доктир, яқиндагина эримни “8 март” муносабати билан телевиденияга шоуга чақиришди. У тиливезор орқали бутун юрт аёлларини табассум билан, шундай гўзал сўзлар айтиб табрикладики, биласизми, унинг аёли – яни мен ўз эридан бундай ширин сўзларни эшитиш қандай бахт эканини ўйладим.., орзу қилдим… Эрим кеч тушганда қайтиб бош оғриғини босиш учун дори сўраганида эса, орзуйим ҳам ёдимдан кўтарилиб қолибди… Мана, бугун кичкинамиз бир ёшга тўлган кун. Ҳойнаҳой.., эрим буни ҳам билмаса керак. Кеча эса менинг туғилган куним эди…

…Бироздан кейин Маллаев хонасида бошини чангаллаганча аянч аҳволда ўтирар эди. Аёл қабулдан чиққач, эрининг деразаси ҳамон очиқ турган иккинчи қаватдаги кабинетига изтироб билан қараб қўйди ва уйи тамон аста юриб кетди.

ҚАЙДЛАР
“Мен билган очун” туркумидан
05

Зоология фани дарслигида сув тубида ҳаёт кечирадиган бир ҳужайрали микро жонзот – Амёба ҳақида ўқиган эдим. Ўқитувчимиз у ҳақида гапириб бераркан “Яшаб кетиши учун хатарни ҳис қилган амёба “сестаси” – яни ўз табиий қобиғи ичига беркинса борми, уни лазер нури ҳам тешиб кириши қийин” деган эди.

Дарҳақиқат, умум табиат қонунларига кўра ожизлик қанчалик кучли бўлса, жонзотнинг ҳимоя услуби ҳам шу қадар кучли бўлади.

***

Мақсадга етиш учун ярим қадамгина йўл қолади. Тўғри йўл. Бироқ инсон зоти муғомбирликни танлайди, оқибатда эса мақсадига эришолмайди.

***

Инсоннинг инсонга қиладиган энг катта эзгулиги бу ширин хотиралар бўлса керак. Энг катта ёвузлиги эса уни бундай хотиралардан жудо қилиш…

***

Сизга сиз учун муқаддас бўлган бирор туйғунинг ўзга учун сариқ чақага арзимаслиги… алам қилмайдими?!

***

Ҳаётимиздаги барча икр-чикрларни бир жойга йиғиб яхлитласак, улкан эҳтиёжни барпо қилган бўламиз. Яшаш эҳтиёжи!

***

Ёлғончи одам ўзи айтаётган ёлғоннинг ҳақиқат эканига қаттиқ ишонади. Ростгуй инсон оғзидан чиқаётган гапнинг ҳақиқат эканига ҳамма вақт бироз шубҳа билан қарайди…

***

Барча инсонларга хос яна бир иллат, номукаммаллик шундаки, у ўз камчилик ва нуқсонларини бошқа бировда кўришга мойил бўлади.

***
Ақлли одам ақли етмай қолган ўринларда жайдариликни ниқоб қилиб олади.

***

Аксарият инсон жамиятга тобе эканини, ўзининг жамият тамонидан бошқарилаётганини ҳар доим ҳам сезавермайди. Буни бугун ўзим сира ёқтирмайдиган – тирсагига ёмоқ ёпиштирилган замонавий урфдаги пиджакни сотиб олганимда ҳис қилиб қолдим.

***

Яқинда эшитиб қолдим: Гиппократ мия етишмовчилиги касаллиги билан туғилган экан. Ғаройиб-а, у яримта мия билан бутун дунёга ўзининг Гиппократ эканлигини кўрсатиб қўйибди!

Медицинада шундай факт бор: инсоннинг маълум аъзоси заиф бўлса иккинчи бири кучлироқ бўлади. Масалан, оёғи заифларнинг қўли… Сизнингча Гиппократда ҳам шундай бўлганми?! Йўқ, зинхор, ахир унинг бутун фаолияти миясига, ўзининг шу яримта миясига боғлиқ ҳолда кечди. Гап шундаки, у ўз устида бошқаларга қараганда кўпроқ ишлади, кўпроқ ўқиди, кўпроқ тиришди.

Демак юз фоиз ишонч билан айтиш мумкинки, мияси бутун бўлган ҳар битта одамда Гиппократдан буюкроқ бўлиш имкони мавжуд!

***

Шоиримиз Муҳаммад Юсуф оламдан ўтганида кўпчилик мухлисларининг хаёлидан “Ўлим ҳақида кўп ёзарди, демак эрта вафот этишини билган экан-да”, деган ўй кечган, айримлар шоирни авлиёга чиқаришган. Аслида, буни айтиш бироз оғир бўлса ҳам, ўлим — раҳматли шоир учун образ эди холос, умр фурсати қанча эканини ҳатто пайғамбарлар ҳам билган эмаслар.

Баъзан эса ижодкор учун муҳаббат, одамийлик каби ҳиссиётлар ҳам шунчаки образ бўлиши мумкин. Энг ёмони шу.

***

Ичи бўш идишни чертиб кўрсанг биласан, ичи бўш одамни эса мақтаб.

***

Мен учун ҳётда кузатишим жуда оғир бўлган учта таассурот бор.

Биринчиси, инсон инсоннинг тушкунлик махсули бўлган ўткинчи эҳтирослар домига илинганидан фойдаланишга уриниши.

Иккинчиси, узаро муносабатларига чек қўйган икки инсон бир-бирининг устидан мағзава ағдариши.

Учинчиси, ижодкорининг ўз ўқувчисини атайлаб йиғлашга мажбур қилиши.

***

Жиддийлик ақллиликдан кўра кўпроқ бахтсизликнинг нишонаси бўлади.

***

Аҳмоқ одам қайсар келади.

***

Энам бот-бот айтади: “Худо муғомбир бандасининг оёғидан чалиб туради, бу пухта, барибир ризқини айириб ейди, деб. Соддадил бандасини эса сийлаб туради, кўпинча ризқини олдириб юргани учун…”

***

Аҳмоқлар даврасига тушиб қолган ақлли одамнинг ҳолатидан ҳам аянчлироқ ҳолат бўлмаса керак…

***

Умримиз узун бир йўл, биз ундаги автолармиз. Ҳар бир янги йил умр йўлимизнинг бир бекати, аммо одатий бекати эмас, балки нақ чорраҳада жойлашган, тепасига улкан ундов расми ишланган бекатидир! Бу бекатда яхшилаб нафас ростламаган, ҳамда энди қайси тарафга қараб юришни аниқ белгилаб олмаган инсонлар кўп нарса йўқотадилар.

***

Ҳаётингдан бирор инсоннинг чиқиб кетиши ёмон аломат. Айниқса у сенга яхшилик тилаб келган инсон бўлса бир қават пўстинг шилиниб тушгандай гап. Агар бундай йўқотишларга кўника борсанг, ҳаётингни тарк айлаётган инсонлар учун афсусланмай қўйсанг эса… қуллуқ бўлсин – жониворга айланаётган бўласан!

***

Ақллилигини намойиш қилиб аёлларнинг эътиборини қозонишга уринаётган эркак – кулгили эркак.

1398777143_396955626.jpgHar bir yangi yil umr yo‘limizning bir bekati, ammo odatiy bekati emas, balki naq chorrahada joylashgan, tepasiga ulkan undov rasmi ishlangan bekatidir! Bu bekatda yaxshilab nafas rostlamagan, hamda endi qaysi tarafga qarab yurishni aniq belgilab olmagan insonlar ko‘p narsa yo‘qotadilar…

Bayram ALI
IKKI HIKOYA VA QAYDLAR
05

 

NIMKOSA

O‘tkirjon Xidir keyingi yillarda bu xonadonga hamkasb sheriklarisiz kelmasdi. Shuning uchun darvozaga yetganda biroz ikkilanib, to‘xtab qoldi. Ayni shu fursatda hovlisi darvozasidan bo‘ylagan Berdiyor Ismatning xotini ham uni ko‘rib avvaliga ajablandi…

Ayol mehmonni eri yoniga boshlab kirdi. Haytovur Berdiyor Ismat uni ko‘rib g‘ashlanmadi yoki g‘ashlansa ham buni sezdirmadi.

-Tumanga yetgan oyoqlaring Chimsaroyga yetmay qoladi-ya, — gina qildi aksincha, xotini chiqib ketgach. – Kelmaysanlar! Yo burunlaring ko‘tiralib qolganmi?

-Endii… Shunaqa asarlar yaratib turmasangiz esdan chiqib ketasiz-da, — hazil aralash piching qildi O‘tkirjon Xidir. – Qishlog‘ida naxs bosib yotgandir, desak, qissa yozib tashladim, de?

Uning soxta tabassum balqqan ko‘zlari ichki tug‘yonini aks ettirib turardi.

“Him-m… Tishlashgani kelibdilar-da!” – xayolidan shu fikr kechgan Berdiyor Ismatning labidan boshqa so‘z uchib chiqdi:

— Tadbirlarda ko‘rinmaysan?
-Biz shunday tadbirsiz odammiz, jo‘ra!

Bu masalada hech bir cho‘chiydigan joyi bo‘lmasa-da, Berdiyor Ismat aynan o‘z uyida biror ko‘ngilsizlik yuz berishini istamas edi. Vaziyatni yumshatish uchun gap qidirib turgandi, xotini patnis ko‘tarib qaytib kirdi-yu, joniga aro kirdi.

-Nega Manzura bilan bolalarni olib kelmaysiz hech, O‘tkirjon aka? — deb qoldi u, suhbat o‘zanidan bexabar.

O‘tkirjon Xidirning xurpaygan basharasi bu gapdan so‘ng yorishdi.

-Asli kelish fikri to‘satdan tug‘ilib qoldi-da, kelin, — tushuntirish berishga urindi, anchayin xijolatlanib.
– Nechukdir yuragim siqaverdi… Keyin, ham borib do‘stimni ko‘rganim, ham asari bosilgan jurnal sonlarini berib tabriklab kelganim, dedim-u, lo‘killab jo‘nayverdim.

-Lo‘killab deysanmi? Obbo sen O‘tkir tuya-yey!.. – Berdiyor Ismat hazillashib do‘stining yelkasiga qoqdi. “Bilamiz, yuraklari nega siqqanini…” – o‘yladi ichida esa.

Ayol o‘zi bilan ezgulik farishtalarini qoldirdimi, harqalay u chiqib ketgach suhbat mavzusi va undagi kayfiyat tamoman o‘zgarib ketdi. Hamma kasbdoshlar kabi oldiniga hamkasblari haqida, keyin adabiyotda bo‘layotgan yangiliklardan gaplasha boshlashdi. Do‘stining betayin va hardamxayol fe’li har qancha kulgusini qistatmasin, Berdiyor Ismat bu “sokinlik”dan mamnun edi. Xotini pishirayotgan qovurdoq suzilay deganda u bolalaridan birini chaqirib, “haligi”dan buyirdi.

-Qanday bo‘larkin.., — do‘sti quyib uzatgan shaytonsuviga suqlanib termularkan, talmovsiradi O‘tkirjon Xidir. – Bilasan, bizning yurak, sal…

-Qantday bo‘ladi! – zo‘r berib uning ko‘nglini olishga tirishayotgan, bu bilan ko‘ngilsizlikdan saqlanishni o‘ylayotgan Berdiyor Ismat ko‘zini qisib qo‘ydi. – O‘ng tarafga egilibro-oq ichib yuborasan, yurakka tegmay o‘tadi, ketadi!

-Ha, to‘g‘ri… – kutilganidek O‘tkirjon Xidir ortiqcha nozlanib o‘tirmadi. –Chin, lekin shunday qilsa bo‘ladi…

Dam o‘tmay ayol ovqatini suzib keldi. Ovqatning ostida qolsin, deb do‘stlar ikkinchi piyolani ham yutishdi.
-Yaqinda bir fizik olim bilan gaplashdim, — Utkirjon Xidir ovqatdan kavshab gapira boshladi. – Bilsangiz biz olimlar har kashfiyot qilganimizda tabiat tilsimlari oldida inson tafakkuri tamoman ojiz ekanini, bu bilan yana bir karra mag‘lub bo‘lganimizni anglaymiz, deydi.

-Misol uchun?

-Aytdi, misol! Masalan, biror gaz tarkibidagi arzimas bir qator “atom” molekulalari o‘zgarishi evaziga gazdan metal hosil bo‘lishi mumkin, yoki shunday bir qator molekulalar o‘zgarishi bilan mutlaqo boshqa jins elementdan bo‘lak bir modda hosil bo‘ladi, dedi… Bilasanmi, nima? Bu bir qator “atom”larning o‘zgarishi esa moddaning tirlion foizdan bir foizi o‘zgarmog‘i degani ekan… Tushunayapsanmi, dunyodagi eng kichik zarra “atom” ning tirliondan bir foizi o‘zgarganiga ikkita jinsdan, shu ikki jinsni ham tamomila rad etadigan deyarli butunlay boshqa modda vujudga kelayapti! Dunyo olimlar yaqinda shuni kashf etishibdi-yu, bu bilan tabiatning jumboqlaridan birini yechganlariga emas, aksincha, jumboq tug‘dirganlariga amin bo‘lishibdi.

-Ey, fizikar bilan leriklarning mash-mashasi ming yillik! – qo‘l siltadi Berdiyor Ismat. – O‘sha olimlaringning xatosi shundaki, tabiatga so‘zini o‘tkazishga urinishadi. Tabiat qonunlarini o‘zgartirishga harakat qilishadi! Ammo tabiat xodisalari bu – taqdiri ilohiydir! Buni anglash uchun esa filolog bo‘lish ham, din’iy kitoblarni suv qilib ichgan mulla bo‘lish ham shart emas. Insonga qalb kerak!

-Ha… Taqdiri ilohiy… – O‘tkirjon Xidir bir dam harakatdan to‘xtab dasturxonga tikilib qoldi. – Taqdir… Taqdir rostdan ham tabiatning o‘zgartirib bo‘lmas qonuni…

So‘ng yozuvchi do‘stining yuzlariga shiddat bilan termuldi:

-Ammo… Hayotimizdagi ayyorlarchi?! Tullak, dog‘ulilar-chi?! Ular hatto tabiatdagi ayrim nimarsalarni o‘zgartirib yubormoqqa qodir emasmilar?!

Berdiyor Ismat qovun tushirganini payqadi. Biroq, do‘sti ishlatgan nomunosib so‘zlardan asabiylashgani tufayli qaysarligi tutdi:

-Yo‘q, qodir emaslar! – dedi boshqa gapni aylantirishni lozim topmay. – Tabiatda nimadir sodir bo‘ldimi, demak shunday bo‘lmog‘i kerak!

-Hali… Tabiat ham adolatni bilmaydi, degin?.. — O‘tkirjon Xidir bir lahza do‘stidan ko‘zlarini olmay tikilib turgach, indamay dasturxonga qo‘l cho‘zdi-da, shishada qolgan ichimlikni suzib, ichib yubordi.

-Bu safar o‘nginga egilmading ham? – kesatdi Berdiyor Ismat.

-Qo‘yaver, do‘stim, — O‘tkirjon Xidir alamangiz iljaydi. – Kuyib kul bo‘lsin yurak!

Ortiq gaplar gapga qovushmay qo‘ydi.

Nafsilamrini aytganda Berdiyor Ismat haliyam vaziyatni yumshatib murosa yo‘lini tanlashga urinar, kayfi oshib qolgan O‘tkirjon Xidir esa “xujumini” to‘xtatmas edi. G‘ishova kinoyalardan charchagan Berdiyor Ismat ichida do‘stining go‘riga g‘isht qalay-g‘isht qalay, ikkinchi shishaning og‘zini bo‘shatganini bilmay qoldi…

-Darvoqe, haligi asaringdagi mantiqiy xatolik… – so‘z o‘yinlarida do‘stiga tishi o‘tmasligini anglab, nihoyat indalloga o‘tdi O‘tkirjon Xidir esa. – Bu albatta mening o‘ta shaxsiy fikrim, taqdir, tabiat va hokazolarga zig‘ircha dahli yo‘q!.. Hammasi-ku, mayli… Xullas, asar yakunida chiqargan xulosang. Yani, Farruxni “U nafratga loyiq edi!” deya noxolislikka yo‘l qo‘ygansan… Axir sog‘lom fikr bilan o‘yla… Yigit aldangan… Aldanib-xo‘rlangan!.. Bu oyday ravshan-ku! Endi u bechora qanday nafratga..?

-Shuday loyiq bo‘ladi! – ustma-ust ichilgan ichimlikdan o‘zi ham “ayniy” boshlagan Berdiyor Ismat do‘stining gapini kesib tashladi. – Shu xulosa aynan mantiqdan edi! Bil-lmasang gapirma!

-Nim-ma? V-voy sen bilimdon… – inkordan ko‘ra ko‘proq qo‘pol muomiladan rangi gezardi O‘tkirjon Xidirning. – Yo‘o‘q!.. Aksincha, mantiq buning aksini taqozo qilardi-ku!.. Hozir… Hozir senga guvoh chaqiraman… Shu qilganinga!.. Hozir…

-Keli-i-in! – o‘tirgan joida derazaga qarab baqira boshladi u. – Malika?..

-Tinch qo‘y uni! – Berdiyor Ismat achchiqlanib do‘stining yelkasidan bosdi. – Bas qil, o‘kirma!
-Yo‘q, hozir aytadi… O‘zing eshitasan… Bilamiz…

Shu payt ichkarida boshlangan shovqindan xavotirlangan ayol yugurib kelib eshikni ochdi-yu, ikkovga sarosimalangancha qarab qoldi.

-Kelin… – unga ko‘zi tushib endi biroz past, ammo hamon g‘azabga to‘la xirillagan ovoz bilan buyirdi O‘tkirjon Xidir. –Jurnalni olib keling… Hali keltirib qo‘lingizga bergan jurnallarimni…

Eridan biror sas chiqmagach, ayol guyo shu bilan janjal to‘xtab qoladiganday tezgina borib aytilgan jurnallarni ko‘tarib keldi.

-Bering… Bering menga… O‘zingiz esa o‘tiring… – allanechuk taraddud bilan shoshib uning qo‘llaridan jurnalni olarkan, O‘tkirjon Xidir ayolning o‘ziga ham o‘tirishni iltimos qildi. – Hozir topaman… Qaniydi… Topaman hozir… Iltimos, o‘tiraturing… Siz guvoh! Xolis… hakam!

-Mana! Mana shu yer… — O‘tkirjon Xidir jurnalning kerakli sonini topib o‘qiy boshladi:
-“…Kelin-kuyov uchun bezatilgan stolda o‘tirgan Kamol Farruxni ko‘rib o‘rnidan turib ketdi. Farrux kela solib uni bag‘riga bosdi: “-Kamol! Tabriklayman, do‘stim! Tabriklayman!”. Kamol esa negadir hech narsa demasdi. Shunda Farruxning ko‘zi to‘satdan uning yonidagi kelinga tushdi. Jiqqa yosh, cheksiz og‘rinish, alam zohir bo‘lgan ko‘zlarga, ”Sizdan shuni kutmagandim”, deyayotganga o‘xshash o‘sha jodu ko‘zlarga tushdi…”

-Yo‘q, bu joyi emas… Bular bari to‘g‘ri… Hozir topamiz… – shu yeriga kelganda bir pasga to‘xtab, jurnalning quyiroq qismini yanayam hayajon bilan o‘qishga tutindi:

— “…Hammasini tushungan Kamol boshini aybdorona egdi-yu, uni qayta bag‘riga bosdi. Sekingina quloqlariga pichirladi: “-Kechir meni, do‘stim! O‘shanda… Axir men ham uni sevardim… Kechir…” Yo‘q, bu yeri ham emas ekan… Yo‘q-q… Mana!!! Mana bu yerini o‘qiylik! «…Do‘stini bag‘ridan bo‘shatdi-yu, bir-bir bosib davrani tark etishga urindi. Ko‘zlaridan yosh tirqirar, qo‘llari musht bo‘lib tugilgan, g‘azab o‘ti suyak-suyagini yoqib yuborayotgandi. Yo‘q-yo‘q, u Kamoldan xafa emasdi. Bor nafrati, bor g‘azabi o‘ziga qaratilgan edi.

…U nafratga loyiq edi!

O‘z-o‘ziga bo‘lgan nafratiga chiday olmay to‘yxonadagi stollardan birini to‘ntarib tashlamoqchi bo‘lganida, uni mast xayol qilgan kuyovning qarindoshlaridan biri g‘ippa bug‘ib, tashqariga sudraklay boshladi…»

Jurnalni o‘qib tugatgach O‘tkirjon Xidir taqqa to‘xtab ayolga tikilib qoldi. Ayolga nedir ilinju-umidlar ila intiq-ilxaq tikilarkan, bamisoli olamshumul bir sirni aytayotganday pichirladi:

-O‘zingiz, ayting… Kelin… Qanday qilib… u nafratga loyiq bo‘ladi?! Qanday… Axir u bechora aldangan… Boplab aldangan… Dog‘uli do‘sti qizni unga sharmisol gaplar bilan yomonlab… U shu xoinning gaplariga ishonib suyuklisidan yuz burgandi-ku… Endi u bechora… Qanday, nafratga..?

-Loyiq edi, tamom! – shu dam xotini o‘rniga Berdiyor Ismatning qat’iy aytgan javobi xonani jaranglatib yubordi. – Gap faqat sevishda emas, inson avvalo muhabbatga munosib bo‘lmog‘i kerak! Kamol jilla qursa sevgisi uchun kurashdi, yurakdagi sevgisini asrab qolishga urindi… Garchi yolg‘on aytib bo‘lsa ham! Ammo Farrux-chi?! Agar u xudbin chindan sevganida, o‘sha sevgiga loyiq bo‘lganida birovning gaplariga qarab xulosa chiqarmasdan, qizni himoyalashga urinmasmidi?! Yo‘q, unaqalar qachon bo‘lsa o‘zini oqlashni, qanday bo‘lmasin vijdonini poklashni o‘ylaydilar, xolos! Unaqalar ongli ravishda visolni emas, ajrni tanlaydilar! Chunki, unaqalarga har qanday halovatdan g‘ussa avzal! Unday toifa yaramas odamlar uchun jabr chekishdan, jabrdiyda bo‘lishdan ortiq lazzat yo‘q!

-Anaaa! Xax-xax-xa… – do‘stini tilidan ilgani uchun O‘tkirjon Xidir g‘olibona, huzurlanib kuldi. – “Ablah” dedi! “Ablax” deb aytdi! Ana endi qusirlaringizni namoyon qilayapsiz, o‘rtoq Ismatov! Ko‘rayapsanmi, gap nimada? Gap shundaki, sen uni – Farruxni yomon ko‘rgansan! O‘z qahramoninga adovating, hasading bo‘lgan! Xa-xa-xax..! Mana endi sirlar ochilayapti!

Berdiyor Ismat o‘rnidan sapchib turib ketdi.
-Yo‘o‘qool uyimdan, g‘alamis!

-Ketaman… Quvmasang ham ketaman… –shoshib qo‘zg‘aldi O‘tkirjon Xidir. O‘rnidan turayotib esa boshini egkancha miq etmay turgan ayolga qaradi. Ayolning sovuq va loqayd yonib turgan nigohlariga noxos ko‘zi tushib, qattiq og‘rindi: “Nahotki erining og‘zini yopishga urinmasa?..”

O‘tkirjon Xidir toyinib-surinib uydan chiqdi. Darvozadan o‘tkach, do‘stining hovlisiga yana bir bor alam bilan qaradi: u bu xonadonga ko‘p kelgan, lekin, mana, ikkinchi bor haydalayapti…

O‘tkirjon Xidir qishloq bekati tamon gandiraklagancha borarkan, Berdiyor Ismatning asar qahramoni Farrux to‘g‘risida aytgan beshafqat gaplari-yu, ayolning ko‘zlaridagi o‘ziga nisbatan sovuq ifodani eslamaslikka tirishardi.

Darvoqe, ayolning ko‘zlari hali ham jodu edi, o‘shandagi — to‘y oqshomidagi kabi.

“TARSAKI”

Mallayev qabul vaqtini tamomlab turgan edi, eshik ikki marta taqillab, ayol kishi kirib keldi.

-Siz hayotda siqilgan insonlarga yordam berishga qodirsiz-a, doktir? Shunday insonlardan biri qarshingizda turibdi. Iltimos, mendan yordamingizni ayamasangiz, — dedi u eshik qoqishda qanday betakalluflik qilgan bo‘lsa, shunday terslik bilan. Ayolning ko‘zlarida odatda tig‘ suyakka qadalganda aks etadigan g‘ussa va qat’iyat mujassam edi!

Mallayev avvaliga esankirab qoldi. Nihoyat ayoldagi rasmiy kayfiyatga moslasha olgach, o‘tirishga ishora qildi.

-Marhamat… – dedi, kamoli taajjubdaligi tufayli so‘zi lablaridan sirg‘alib chiqib. – Xo‘sh… Sizni qanday muammo qiynayapti?

Ayol o‘tirishga o‘tirdi-yu, ko‘pchilik boshqa mijozlar kabi jur’at axtarib bir muddat sassiz turdi.

-Huzuringizga o‘zimni qiynayotgan ba’zi savollarga javob izlab keldim, — tilga kirdi oxiri. – Aslida men hamma gapni ichga yutadigan, hech kimga dardini aytmaydiganlar xilidanman. Ishoning, bu yerga kelishga qaror qilgunimga qadar oz muncha ikkilanishlarni boshdan o‘tkazganim yo‘q.

Ayol tag‘in sukutga cho‘mgach, butun siyratida diqqat aks etgan Mallayev unga gapirishga yordam bera boshladi:

-Siz judayam to‘g‘ri qaror qabul qilgansiz. Har qanday inson ham ba’zan bunday maslahatlarga ehtiyoj sezishi mumkin.

-Shunday deb o‘ylaysizmi? Men esa afsuslana boshlagan edim…
-Bunga hojat yo‘q. Qani, sizni nimalar qiynayapti, hammasini boshidan gapirib bersangiz?

-Oilaviy muammolar…
-Oilaviy?!

-Ha. Aniqrog‘i erimning menga va farzandlariga munosabati.
-Shundaymi?.. Xo‘sh?..

-Sevgi, otashin muhabbat… Xo‘p, erim ikkimizning to‘ygacha bo‘lgan munosabatlarimizni qo‘ya turaylik. Sizga to‘ydan keyingi ahvolimizni gapirib bersam devdim.

-Yaxshi bo‘lardi.

-Xullas men o‘n yetti yoshimda turmushga chiqdim, o‘n sakkizimda farzand dunyoga keltirdim, hozirgi kunda – 26 yoshimda ikki farzandning onasiman. Erim esa mendan to‘rt yoshga kattalar… To‘g‘ri yo‘l ko‘rsatishingizda bularning ham ahamiyati bormi?

-Albatta-albatta… Imkon qadar batafsil gapiravering.

-O‘zimni moliyaviy tamondan kamchiligi bor, deb bilmayman. Nafsilamirini aytganda, erim ham yomon inson emaslar, ichish, chekish kabi illatlardan xoli, menga qattiq gapirmaydilar, qisqasi risoladagiday erkak.

-Unda… Gap nimada?

-Gap shundaki… Qanday aytsam bo‘ladi… To‘yimizning ilk yillarida hammasi joyidadek tuyilgan edi. Keyin-keyin o‘rtamizdagi nimalargadir putur yetdi, shekilli. Mana, bugunga kelib esa u menga botinan mutloqo begona, befarq insonga aylanib qoldi. Farzandlarimizga ham…

-Balki sizga shunaqa tuyilar? – beixtiyor og‘zidan chiqib ketdi Mallayevning. Uning sinchkov nigohlaridan ko‘zini olib qochib xona burchagiga tikilayotgan ayol chuqur xo‘rsindi:

-Menga shunday tuyiladimi, boshqami, bu haqiqat. Sohangiz nuqtai nazaridan bu borada bilimga egadirsiz, har holda ayol kishi uchun yaqinining bee’tiborligidan ko‘ra og‘irroq narsa bo‘lmasa kerak. Qanday tushutirsam ekan… Biz xuddi… Bugungi kunda, biz xuddi er-xotinlikni biror kasbga aylantirib olganga o‘xshaymiz.

Ayolning ko‘zlaridagi dard, so‘zlaridagi hasrat Mallayevning tilini boylab qo‘ygan edi. Ayol gapida davom etdi:

-Aytaymi, meni yana nima qiynaydi? Uning oldida o‘zimni nihoyatda aqlsiz va notavon sezaman. Odatda biror gapni boshlashim bilan erim shart kesib gapimni to‘g‘rilab qo‘yadi. Ovozidagi sipo, ammo qat’iy ohangdan men fikrimni to‘liq tushuntirishga ham ulgurolmayman ko‘pincha. Umuman, og‘iz bilan aytmasa-da, uning har bir hatti-harakatidan “sen ahmoqsan” degan ma’noni tushunish mumkin… Inkor etmayman, u juda zakovatli inson! Ammo ayting, shular bari o‘taketgan befarqlik, begonalashish emasmi?! O‘rtada bunday chox bor ekan, oilaviy rishtalardan ma’no nima, ayting-chi doktir?! Ma’lumot berolmaysizmi, nahotki bir-biriga ko‘ngil qo‘yib bir yostiqqa bosh qo‘ygan har qanday erkak va ayol keyinchalik bolasini yolg‘iz katta qilaolmasligi uchun, yoki tan munosabatlari uchungina birga yashashsa?!.. Mayli, bir paytlardagi sevgi izhorlari hozirda o‘zim uchun ham bachkanalikday tuyiladi. O, lekin bilsangiz edi men undan ayol sifatida, ona sifatida bir og‘iz rag‘bat, bir og‘iz shirin so‘z eshitishga qanchalar intiq turishimni! Uning ruhiy suyanchiga, do‘stona bo‘lsada bir chimdim mehriga qanchalar oshufta ekanimni tasavvur etaolsaydingiz!

Mallayev ayni damda nimadir deyishi juda-juda zarurligini his etdi. Balki boshqa vaziyat bo‘lganda u insondan mukammallik qidirish xato ekanligini, kishi o‘zgalarni bor qusirlari bilan qabul qila olishi kerakligini, yaqinlaridagi mavjud kamchiliklarni o‘zi to‘ldirishga urinsa yashash yengil kechishini gapirgan bo‘larmidi… Yo‘q, u bu gal alamli ko‘zlaridan yosh sizib chiqa boshlagan mijoziga stoldan ro‘molcha olib uzatishga yaradi, xolos. Keyin, borib xonasi derazasini ochdi-yu, ikkinchi qavatdan tashqariga tikilgancha turib qoldi.

-Bilaman, uning ishlari juda ko‘p… – endi ovozidagi titroqni bildirmaslik uchun nihoyatda past ohangda gapirardi ayol. – Shunchalar ko‘p-ki, hatto farzandining quvonchlariga sherik, g‘amlariga yupanch bo‘la olmaydi. Uning uchun farzandi shashka musobaqalarida yutsa bu oddiy xol: inson doimo kuchli bo‘lishi kerak! Yoki farzandi “quyon tishlari” uchun kalaka qilayotganini aytib maktabga borishdan bosh tortsa, sovuqqonlik bilan dashnom beradi: bu ojizlik, bu xato! Farzandiga Murabbiy emas, bir galgina Ota bo‘lishni esa o‘ylamaydi, o‘ylamaydi hech… Doktir, yaqindagina erimni “8 mart” munosabati bilan televideniyaga shouga chaqirishdi. U tilivezor orqali butun yurt ayollarini tabassum bilan, shunday go‘zal so‘zlar aytib tabrikladiki, bilasizmi, uning ayoli – yani men o‘z eridan bunday shirin so‘zlarni eshitish qanday baxt ekanini o‘yladim.., orzu qildim… Erim kech tushganda qaytib bosh og‘rig‘ini bosish uchun dori so‘raganida esa, orzuyim ham yodimdan ko‘tarilib qolibdi… Mana, bugun kichkinamiz bir yoshga to‘lgan kun. Hoynahoy.., erim buni ham bilmasa kerak. Kecha esa mening tug‘ilgan kunim edi…

…Birozdan keyin Mallayev xonasida boshini changallagancha ayanch ahvolda o‘tirar edi. Ayol qabuldan chiqqach, erining derazasi hamon ochiq turgan ikkinchi qavatdagi kabinetiga iztirob bilan qarab qo‘ydi va uyi tamon asta yurib ketdi.

QAYDLAR
“Men bilgan ochun” turkumidan
05

Ashampoo_Snap_2018.02.04_21h14m01s_002_.pngZoologiya fani darsligida suv tubida hayot kechiradigan bir hujayrali mikro jonzot – Amyoba haqida o‘qigan edim. O‘qituvchimiz u haqida gapirib berarkan “Yashab ketishi uchun xatarni his qilgan amyoba “sestasi” – yani o‘z tabiiy qobig‘i ichiga berkinsa bormi, uni lazer nuri ham teshib kirishi qiyin” degan edi.

Darhaqiqat, umum tabiat qonunlariga ko‘ra ojizlik qanchalik kuchli bo‘lsa, jonzotning himoya uslubi ham shu qadar kuchli bo‘ladi.

***

Maqsadga yetish uchun yarim qadamgina yo‘l qoladi. To‘g‘ri yo‘l. Biroq inson zoti mug‘ombirlikni tanlaydi, oqibatda esa maqsadiga erisholmaydi.

***

Insonning insonga qiladigan eng katta ezguligi bu shirin xotiralar bo‘lsa kerak. Eng katta yovuzligi esa uni bunday xotiralardan judo qilish…

***

Sizga siz uchun muqaddas bo‘lgan biror tuyg‘uning o‘zga uchun sariq chaqaga arzimasligi… alam qilmaydimi?!

***

Hayotimizdagi barcha ikr-chikrlarni bir joyga yig‘ib yaxlitlasak, ulkan ehtiyojni barpo qilgan bo‘lamiz. Yashash ehtiyoji!

***

Yolg‘onchi odam o‘zi aytayotgan yolg‘onning haqiqat ekaniga qattiq ishonadi. Rostguy inson og‘zidan chiqayotgan gapning haqiqat ekaniga hamma vaqt biroz shubha bilan qaraydi…

***

Barcha insonlarga xos yana bir illat, nomukammallik shundaki, u o‘z kamchilik va nuqsonlarini boshqa birovda ko‘rishga moyil bo‘ladi.

***
Aqlli odam aqli yetmay qolgan o‘rinlarda jaydarilikni niqob qilib oladi.

***

Aksariyat inson jamiyatga tobe ekanini, o‘zining jamiyat tamonidan boshqarilayotganini har doim ham sezavermaydi. Buni bugun o‘zim sira yoqtirmaydigan – tirsagiga yomoq yopishtirilgan zamonaviy urfdagi pidjakni sotib olganimda his qilib qoldim.

***

Yaqinda eshitib qoldim: Gippokrat miya yetishmovchiligi kasalligi bilan tug‘ilgan ekan. G‘aroyib-a, u yarimta miya bilan butun dunyoga o‘zining Gippokrat ekanligini ko‘rsatib qo‘yibdi!

Meditsinada shunday fakt bor: insonning ma’lum a’zosi zaif bo‘lsa ikkinchi biri kuchliroq bo‘ladi. Masalan, oyog‘i zaiflarning qo‘li… Sizningcha Gippokratda ham shunday bo‘lganmi?! Yo‘q, zinxor, axir uning butun faoliyati miyasiga, o‘zining shu yarimta miyasiga bog‘liq holda kechdi. Gap shundaki, u o‘z ustida boshqalarga qaraganda ko‘proq ishladi, ko‘proq o‘qidi, ko‘proq tirishdi.

Demak yuz foiz ishonch bilan aytish mumkinki, miyasi butun bo‘lgan har bitta odamda Gippokratdan buyukroq bo‘lish imkoni mavjud!

***

Shoirimiz Muhammad Yusuf olamdan o‘tganida ko‘pchilik muxlislarining xayolidan “O‘lim haqida ko‘p yozardi, demak erta vafot etishini bilgan ekan-da”, degan o‘y kechgan, ayrimlar shoirni avliyoga chiqarishgan. Aslida, buni aytish biroz og‘ir bo‘lsa ham, o‘lim — rahmatli shoir uchun obraz edi xolos, umr fursati qancha ekanini hatto payg‘ambarlar ham bilgan emaslar.

Ba’zan esa ijodkor uchun muhabbat, odamiylik kabi hissiyotlar ham shunchaki obraz bo‘lishi mumkin. Eng yomoni shu.

***

Ichi bo‘sh idishni chertib ko‘rsang bilasan, ichi bo‘sh odamni esa maqtab.

***

Men uchun hyotda kuzatishim juda og‘ir bo‘lgan uchta taassurot bor.

Birinchisi, inson insonning tushkunlik maxsuli bo‘lgan o‘tkinchi ehtiroslar domiga ilinganidan foydalanishga urinishi.

Ikkinchisi, uzaro munosabatlariga chek qo‘ygan ikki inson bir-birining ustidan mag‘zava ag‘darishi.

Uchinchisi, ijodkorining o‘z o‘quvchisini ataylab yig‘lashga majbur qilishi.

***

Jiddiylik aqllilikdan ko‘ra ko‘proq baxtsizlikning nishonasi bo‘ladi.

***

Ahmoq odam qaysar keladi.

***

Enam bot-bot aytadi: “Xudo mug‘ombir bandasining oyog‘idan chalib turadi, bu puxta, baribir rizqini ayirib yeydi, deb. Soddadil bandasini esa siylab turadi, ko‘pincha rizqini oldirib yurgani uchun…”

***

Ahmoqlar davrasiga tushib qolgan aqlli odamning holatidan ham ayanchliroq holat bo‘lmasa kerak…

***

Umrimiz uzun bir yo‘l, biz undagi avtolarmiz. Har bir yangi yil umr yo‘limizning bir bekati, ammo odatiy bekati emas, balki naq chorrahada joylashgan, tepasiga ulkan undov rasmi ishlangan bekatidir! Bu bekatda yaxshilab nafas rostlamagan, hamda endi qaysi tarafga qarab yurishni aniq belgilab olmagan insonlar ko‘p narsa yo‘qotadilar.

***

Hayotingdan biror insonning chiqib ketishi yomon alomat. Ayniqsa u senga yaxshilik tilab kelgan inson bo‘lsa bir qavat po‘sting shilinib tushganday gap. Agar bunday yo‘qotishlarga ko‘nika borsang, hayotingni tark aylayotgan insonlar uchun afsuslanmay qo‘ysang esa… qulluq bo‘lsin – jonivorga aylanayotgan bo‘lasan!

***

Aqlliligini namoyish qilib ayollarning e’tiborini qozonishga urinayotgan erkak – kulgili erkak.

07

(Tashriflar: umumiy 369, bugungi 1)

Izoh qoldiring