Ҳовлимизда биз “лўли дарахт” деб атайдиган ёнғоқ дарахти бор. Эшитганда ғалати туюладиган бу ном ўз тарихига эга. Кеч куз эди. Адашмасам, ўн бир-ўн икки ёшларда эдим…
Ўролбой Қобил
БАЙРАМ АЛИ ДЕГАНИ…
Байрам Алининг илк ижод намуналари анча йиллар олдин дастлаб “Гулхан” ва “Билимлар дунёси” каби болаларга мўлжалланган нашрларда эълон қилинган бўлса, бугун республиканинг ҳар қайси газета-журналини қўлга олманг, унинг ё ҳикояси, ё бирор мақоласини учратишингиз аниқ. Ҳатто ҳикоялари асосида телевиденияда қатор кўрсатувлар, радиода эшиттиришлар намойиш этилиб турибди. Ёш адибнинг номи адабий жамоатчилик ва Луқмон Бўрихон, Абдунаби Абдиев, Нуриддин Эгамов каби таниқли адибларнинг эътиборига тушиб улгурган…
Бир куни ижодкорлар даврасида суҳбатлашиб ўтириб, ёш адиб ҳақида укамиз Темирпўлат Тиллаевдан сўраб, суриштирдим.
-Эй, Байрам Алими?! – деди Темирпўлатнинг чеҳраси ёришиб. – У йигит ўзимиздан, ўзимнинг шогирдларимдан! Ўзи бор йўғи қишлоқдаги коллежни тугатган бўлса ҳам, адабий қарашлари баланд, менман деган адабиётни билгувчилар билан бемалол бахсга кириша олади! Ижоди ҳам ўзига хос…
Ўша куна Темирпўлат Тиллаев билан бирга Байрам Алини йўқлаб боришга, у билан яқиндан танишишга келишиб олдик.
Айтилган куни доимий ҳамроҳларимиз Йўлдошбек Кенжа, Сайфулла Ал-мурод, Турсунбой Боймиров, Абдимурод Қодировлар билан биргаликда Чимга қараб борар эканмиз, Темирпўлат Тиллаев ҳамон Байрам Али ҳақида завқ ва шавқ билан гапиришдан тўхтамасди.
-Байрам Али билан кунда, кунора телефонлашиб турсам ҳам, бир бориб кўриб келишга вақтим етмаётган эди, ташаббус кўрсатиб яхши қилдингизлар… Ҳали борганда кўрасизлар, унинг адабиётга меҳри, дунё қараши ниҳоятда кучли. Агар соғлиғи панд бериб қолмай ўқишларини давом эттира олганида борми, шу вақтгача ҳозиргидан ҳам юқорироқ натижаларга эришган бўларди…
…Машинамиз ёзувчи укамиз яшайдиган ҳовли дарвозаси ёнида тўхтади. Келишимиздан хабари бор экан шекилли, бизларни Байрам Али ва унинг ота-онаси кутиб олди.
***
Байрам Алиларнинг хонадонида, тўкин дастурхон атрофида гурунгимиз қизиди. Мезбон ўзи ҳақида, адабиётга кириб келиши ҳақида сўраганимизда бизга ушбу воқеаларни сўзлаб берди.
-Саводим мактабга бормай туриб, онам ёрдамида чиққан. Ўша даврларда жуда кўп шеърларни ёд олган эдим. Онамнинг калава ипини ўғирлаб бир учини таёқчага, бир учини дарахтга боғлардим-да, ўзимча симли микрафон ясаган киши бўлиб, бақириб шеър ва қўшиқлар айтардим.
Мактаб даврларимга келсак, рости мактабда унчалик аълочи ҳам, интизомли ҳам бўлмаганман. Йўқ, мен ўқитувчиларимдан “беш” баҳони қандай қилиб бўлмасин “ундириб” олардим, аммо бу баҳолар менга бошқа фанлар юзасидан эмас, танҳо адабиёт фани учунгина қўйиларди десак, инсофдан бўларди.
Мен мактабга ручка ва дафтарларимни уйда қолдириб борар, қўлимда китоб учраса, фақатгина машҳур ёзувчиларнинг китоби бўларди. Бироқ, кимдир ўрнимдан турғазиб савол бериб қолгудай бўлса, ўша ёзувчи-шоирларнинг асарларидан қўшиб-чатиб, тўғри жавобга яқин бир жавобни албатта чиқариб берардим.
Бир куни кўпчилик ҳоллардагидай дарс яримлаган вақтда сўппайибгина синфимизга кириб борсам, синфда анатомия фани ўқитувчимиздан ташқари директоримиз ва вилоят маорифи томонидан юборилган икки текширувчи бор экан. Директоримиз менинг мактабга эндигина келганимни билиб турса-да, ўзини билмаганликка солди.
-Нега дарслар бошланса ҳам ташқарида юрибсан?! — деди уришиб. — Жойингга ўтир!
Вазият қандайлигини англаб, стулимга қараб юргандим:
— Тўхта! – деди текширувчилардан бири, — Аввалги дарсда нимани ўткандиларинг?
— Юрак ва унинг тузилиши ҳақида…- жавоб бердим, ўтган дарсни эслашга уриниб.
— Хўш, юрак ҳақида гапириб бер-чи?
Бадиий китоблар ўқишим бу ердаям қўл келди. Юракка дахлдор, бироқ одам анатомиясига тааллуқли бўлмаган фактларни тўқиб-бичиб гапира бошладим:
— Мария Ремарк юрак одамдаги энг кучли орган, бундай дейишимга сабаб кўп дейди. Масалан, Муҳаммад Юсуфнинг юрак ҳақидаги бир шеърида…
-Тўхта, тўхта! – кулиб гапимни бўлди текширувчи. – Ҳалитдан бери нималар деяпсан ўзи? Яхшиси айт-чи, одам юраги неча камерали бўлади?
Мен нажот кутиб синфдошларимга аланглаган эдим, кимдир шипшитиб жавобини айтгандай бўлди-ю, афсус, мен уни бироз нотўғри эшитдим. “Тўрт камерали” дейишнинг ўрнига:
-Кўп камерали! – дедим шошиб.
Эҳтимол текширувчиларга овсарлигим ёққандир, балки адабиётга ҳавасим, ҳар ҳолда кулиб юборишди ва:
-Янаям аниқроғи: тўрт камерали! Ўтир! – дейишди.
Устозлари ҳақида гап кетганда Байрам Али Темирпўлат Тиллаев ва Луқмон Бўрихонларни алоҳида эҳтиром билан тилга олди…
Ўша кундан бошлаб Байрам Али билан иноқлашиб кетганмиз. Тез-тез янги ёзган нарсаларидан кўрсатиб, биздан фикримизни сўраб туради. Унинг ижодидаги ўсишни, барча ютуқларини кўриб, хурсанд бўламиз. Унинг ҳазил-мутойибага усталиги, дадиллиги, гапирганда чин юракдан берилиб, самимият билан гапириши ҳаммамизга ёқади.
Байрам Али бир неча йиллардан бери Чим қишлоғидаги 81- мактабда ташкил этилган “Ёғду” адабий-бадиий тўгаракни бошқариб келмоқда. Тўгарак аъзоларининг ижод намуналари туман газетасида алоҳида саҳифа қилиниб эълон қилиб борилади. Бу эса Байрам Алининг қишлоқдошлари орасида янада эътибор топишига туртки бўлган бўлса, ажаб эмас.
Биз Байрам Алидан китобхонни ўйлантирадиган, ҳайратга туширадиган ҳали кўплаб асарлар кутиб қоламиз.
Байрам Али
ЛЎЛИ ДАРАХТ
Байрам Али (Қўлдошев) 1991 йил 23 июнда Қамаши туманидаги Чим қишлоғида туғилган. Маиший хизмат кўрсатиш коллежини тугатган. Шеър ва ҳикоя, қиссалари республика газета ва журналларида кўп бора чоп қилинган. Бир нечта ҳикоялари асосида телекўрсатувлар суратга олинган. “Болангман, дунё”, “Куз ёмғирлари” номли насрий китоблари нашр этилган.
Ҳовлимизда биз “лўли дарахт” деб атайдиган ёнғоқ дарахти бор. Эшитганда ғалати туюладиган бу ном ўз тарихига эга. Кеч куз эди. Адашмасам, ўн бир-ўн икки ёшларда эдим…
Болалигимдан одат шу: баҳор, куз ойлари яқинлашаверса, оёқларимда кучли оғриқ туради. Ўшанда ҳам мен яқиндагина шифохонадан қайтган, бироқ муолажалар ёрдам бермагани боис, онам ҳовлимизда оёғимга малҳам суриб ўтирарди. Шу пайт очиқ дарвозамиздан аввал:
— Сингил, итингиз йўқми? — деган овоз эшитилди, сўнг биз жавоб бериб улгурмай бири ёшроқ, бошқаси қари — иккита лўли кириб келди. Ҳовлимиз этагидаги ёнғоқ тагида ўтириб, бутун қариндошларимизу авлод-аждодимизгача узоқ дуо қилишди.
— Нима бўлди йигитчага, тоби йўқми? — сўрашди кейин.
— Нимасини айтасиз, — жавоб берди онам, — икки йилдирки, оёғи оғрийди. Ўзи яқиндагина дўхтирдан келди, кошки, нафи теккан бўлса!
— Уху-уҳм, — тантанавор қилиб йўталди лўлилардан кексароғи, — сингил! Худо дардини аритаман деса, ҳеч гапмас. Йўқса, нақ Бухоройи шарифдан қишлоғингизга йўл тортиб келармидим?
Албатта, лўли халқининг бунақанги нағмалари ҳаммага таниш. Онам ўзини ҳеч нарса эшитмаганга солиб, ўрнидан турди:
-Хўп, унда сизларга бирор хайр олиб чиқай, ўзи ишларим кўпиди…
-Йўқ! — рад этди лўли кампир. — Мен сизнинг уйингизга хайр сўраб келмадим. Ҳали айтганимдай, Оллоҳнинг хоҳиши бошлаб келди уйингизга. Энди бир сир айтмасдан кетмайман.
-Ҳа, хола, — ҳалитдан бери жим ўтирган иккинчи ёш лўли гапни илиб кетди, — билсангиз, қайнонам дами ўткир отинойилар авлодидан. Куф деса, кўрнинг кўзини очиб, суф деса, туғмайдиган хотинларни туғдиради. Қолаверса, қишлоғингизга кирганимиздан адашмай тўппа-тўғри уйингизни топиб келганларини қаранг-а! Бўлмаса, бу кишини излаб юрганлар қанча.
Онам менга, мен онамга қарадик. Бундан умидланган ёш лўли астойдил ялинишга ўтди:
— Сиз хўп денг, холажон, хўп денг! Ҳеч вақоингиз керак эмас. Бу киши битта игна, бир пиёла сув билан фол кўрадилар. Берсангиз, ўша сувни ичиб, игнангизни олиб кетади, бермасангиз, олмайди. Шугина боланинг қош-кўзларига раҳмим келяпти-да, хўп денг, холажон!
Лўлиларнинг бу қадар камсуқум бўлишини кутмаган эдик. Бунинг устига ҳалиги фолбин лўли келинининг гапларини тасдиқлагандай, ўзгача кибр билан жим ўтирарди. Рози бўлдик. Онам бир пиёла сув, битта игна олиб чиқди. Ийманибгина озроқ пул ҳам қўювди, фолбин лўли уришиб берди:
-Бу нима қилганингиз? Уйингизга пулга зориққанимдан келибманми? Олинг пулингизни!
Онам минг хижолатда пулни қайтариб олиб қўйди. Онам, мен, икки лўли жойлашиб ўтириб олдик. Фолбин лўли ҳунарини бошлади: аввал игнани пиёладаги сувга ташлаб, уч-тўртта оятни чала-чулпа ўқиди. Сўнгра тўрвасидан бир сиқим пахта чиқариб, игнани сувдан олди-да, ўради. Ўралган пахтани қўлтиғимга қистириб, алламбало жониворга ўхшаб, кекира-кекира гап бошлади:
— Вой, соддагина синглим, — деди онамга қарата. — Дўстингиз душман чиқибди, душманингиз бало чиқибди. Тўй-маъракаларингизда уйингизнинг тўрига ўтириб, тузингизни тотадиган одам қилибди бу ишни, ноинсоф! Оқ сариқдан келган, шайтон билан ўйнашган аёл экан. Йўқса, гулдай болангизни ўлсин, деб ирим қилиб юрармиди? Алдаб уйига чақириб, бошидан ўлик суви сочармиди? Мана, икки йилдирки, ўғлингизнинг соғ куни йўқ. Оёғини оғритиб, танасини ланж қилиб қўйибди. Иштаҳасини илондай бўғиб, уйқусини олиб ўтирибди. Сизга айтсам, ўн-ўн беш кунча олдин болангизнинг йиқилиб, қўлини кўтара олмай қолганиям бежиз эмас(дарҳақиқат, бир ой олдин йиқилиб, қўлимнинг пайи чўзилган эди). Ахир, норасидагинанинг атрофида адашган ажал шарпаси ейман-ютаман деб изғиб юрибди-ку! Тағинам ота-бобонгизнинг арвоҳлари қўрибди. Шунда ҳам ишонмасангиз, сизга бир нарса кўрсатай.
Лўли шундай деб, қўлтиғимдан пахтани олиб, орасидан игнани чиқарганди, ҳалигина оппоқ бўлиб, ярқираб турган игнанинг қорайиб, қўрқинчли тусга кириб қолганини кўрдик.
-Вой бола-ам! — ёш лўли жон ҳолатда мени бағрига босиб, додлай бошлади. — Ҳафтагина умринг қолган экан-а, болам-а! Агар ҳафта кечиксак, ота-онангни куйдириб кетаркансан-а! Фарзанд доғи қурсин, болам-а!
Сўнг фарёдга онам, фолбин лўли қўшилишди. Мисоли улар тириклигимдаёқ менга аза тутишаётган эди. Албатта, каминаям қараб тургани йўқ. Жон ширин эмасми, лўли холамга қўша-қўша раҳматларни ёғдирганча, ҳўнг-ҳўнг йиғлар эдим.
— Гап бундай! — деди фолбин лўли кўз ёшларини артаркан, қатъият билан. — Ҳозир менга битта қўй берасиз. Ўғлингизга тегишаётган азроилни қўйга қўшиб ҳайдаб кетаман.
Ҳойнаҳой, онамнинг кўзига нажот тилаб мўлтираб турган бўлсам керак, шарт ўрнидан турди-да, қўрадан битта қўйни етаклаб чиқди. Қўйни осонликча қўлга киритган лўлининг эса нафси очилди.
— Мана бу дарахтни кўряпсизлар-а? — сўради биздан, ўзи соясида ўтирган ёнғоқни кўрсатиб.
— Боланинг бор дардини шу дарахтга ўтказаман. Бир ойда дарахт барглари сарғайиб, қуриб, таг-томири билан ерга сингиб кетади. Аммо бунинг учун, тўғриси… қўйингиз кам… — шундай дея бир миқдорда пул сўрадики, буни эшитиб, онамнинг кўзларидаги ёш таққа тўхтади. Сабаби, уйимизда бунча пул йўғидиям, бўлган тақдирдаям, ҳали отам, акамлар ишдан қайтишса, бунақа “сахийлик” учун бизни кўчага ҳайдашлари аниқ эди. Ҳалиги ёш лўли жуда кўнгилчан экан, шекилли, онам пулни тополмай, мен ўлиб қолишим мумкинлигига куйинганидан сочини юлиб йиғларди, барака топкур!
Онам, ноилож, лўли айтганча бўлмасаям, мундайроқ қилиб, уйимизда бор пулни олиб чиқди. Фолбин лўли аввал норози бўлди. Бизга қўшилиб келини ҳам ялинавергач, “инсофга келди”. Яъниким, ўзи айтганидай, менга дарахтни қучоқлатиб қўйиб, савалай кетди. Бу маросим тугагунича, ўлимларимга рози бўлиб кетдим. Ниҳоят, лўли савалашни якунлагач, ҳовлимизда қўлга илашадиган нарса борки, тилашга ўтди. Булар орасида гилам, хуржун, лаган-паганга ўхшаш “арзимас” рўзғор буюмлари ҳам бор эди. Ёш лўли эса ҳамон ўпкасини босолмай йиғлар, онамни меҳрсизликда айблаб, қайнонаси “ўзлаштирган” нарсаларни ҳаялламай тўрвасига тиқар эди. Лўлитўрванинг туби тешик, деб бекорга айтишмас экан. Ҳовлимизнинг ярмини ютиб юборса ҳам тўлмасди-я, падарлаънати!
Бу сиртдан қараса кулгили, иштирок этиш қайғули бўлган спектакл бир соатлар давом этди. Ниҳоят, лўли қўлтиғимдаги қорайиб кетган игна билан пахтани олиб, жой қуригандай, тандирхонадаги ўчоқда турган қозонимизга ташлади. Энди бу қозонни қирқта мачитдан ошириб, қирқ биринчисига топширишимиз лозимлигини уқтириб, кетишга чоғланди. Биз эса шунча кетганнинг бири деб, шу бошоғриқ қозондан ҳам воз кечиб қўяқолдик. Хуллас, игна олмайдиган “тўқмижоз” лўлилар бири қозонни орқалаб, қўйни етаклаб, бири икки тўрва буюмни судраб, инқиллашганича Бухоройи шарифга йўл олишди.
Кечга яқин отам ишдан қайтгач, бўлган жанжални ёзиб ўтиришим ўринсиз, деб ўйлайман. Бироз ноқулай. Аммо шу кундан бошлаб онам иккаламизга туққан кунни айтмасам бўлмас. Ҳар куни эрталабдан туриб, лўли савалаган дарахтнинг сарғайган баргларини санаймиз. Башорат рост чиқиб, дарахт тобора сўниб бораётганидан қувонганимизни айтмайсизми? Кошки, фасл куз эканлиги, бу дарахт қатори бошқалари ҳам барг ташлаётгани хаёлимизга келса…
Ҳикоям охирлар экан, тўхтаб, ўйланиб қолдим. Сўнгги нуқтани қандай қўйишни билмай бошим қотаётганди. Ижодхонамнинг деразасидан биз ўша “лўли дарахт” деб атайдиган ёнғоққа яна бир қур назар ташладим. Ўзиям бу йил бошини еб мева тугибди савил! Оёқларим бўлса ҳамон оз-оз оғриб турибди. Демак, бу ҳикоянинг охири йўқ. Ахир, ҳаёт давом этяпти…
Hovlimizda biz “lo‘li daraxt” deb ataydigan yong‘oq daraxti bor. Eshitganda g‘alati tuyuladigan bu nom o‘z tarixiga ega. Kech kuz edi. Adashmasam, o‘n bir-o‘n ikki yoshlarda edim…
O‘rolboy Qobil
BAYRAM ALI DЕGANI…
Bayram Alining ilk ijod namunalari ancha yillar oldin dastlab “Gulxan” va “Bilimlar dunyosi” kabi bolalarga mo‘ljallangan nashrlarda e’lon qilingan bo‘lsa, bugun respublikaning har qaysi gazeta-jurnalini qo‘lga olmang, uning yo hikoyasi, yo biror maqolasini uchratishingiz aniq. Hatto hikoyalari asosida televideniyada qator ko‘rsatuvlar, radioda eshittirishlar namoyish etilib turibdi. Yosh adibning nomi adabiy jamoatchilik va Luqmon Bo‘rixon, Abdunabi Abdiyev, Nuriddin Egamov kabi taniqli adiblarning e’tiboriga tushib ulgurgan…
Bir kuni ijodkorlar davrasida suhbatlashib o‘tirib, yosh adib haqida ukamiz Temirpo‘lat Tillayevdan so‘rab, surishtirdim.
-Ey, Bayram Alimi?! – dedi Temirpo‘latning chehrasi yorishib. – U yigit o‘zimizdan, o‘zimning shogirdlarimdan! O‘zi bor yo‘g‘i qishloqdagi kollejni tugatgan bo‘lsa ham, adabiy qarashlari baland, menman degan adabiyotni bilguvchilar bilan bemalol baxsga kirisha oladi! Ijodi ham o‘ziga xos…
O‘sha kuna Temirpo‘lat Tillayev bilan birga Bayram Alini yo‘qlab borishga, u bilan yaqindan tanishishga kelishib oldik.
Aytilgan kuni doimiy hamrohlarimiz Yo‘ldoshbek Kenja, Sayfulla Al-murod, Tursunboy Boymirov, Abdimurod Qodirovlar bilan birgalikda Chimga qarab borar ekanmiz, Temirpo‘lat Tillayev hamon Bayram Ali haqida zavq va shavq bilan gapirishdan to‘xtamasdi.
-Bayram Ali bilan kunda, kunora telefonlashib tursam ham, bir borib ko‘rib kelishga vaqtim yetmayotgan edi, tashabbus ko‘rsatib yaxshi qildingizlar… Hali borganda ko‘rasizlar, uning adabiyotga mehri, dunyo qarashi nihoyatda kuchli. Agar sog‘lig‘i pand berib qolmay o‘qishlarini davom ettira olganida bormi, shu vaqtgacha hozirgidan ham yuqoriroq natijalarga erishgan bo‘lardi…
…Mashinamiz yozuvchi ukamiz yashaydigan hovli darvozasi yonida to‘xtadi. Kelishimizdan xabari bor ekan shekilli, bizlarni Bayram Ali va uning ota-onasi kutib oldi.
***
Bayram Alilarning xonadonida, to‘kin dasturxon atrofida gurungimiz qizidi. Mezbon o‘zi haqida, adabiyotga kirib kelishi haqida so‘raganimizda bizga ushbu voqealarni so‘zlab berdi.
-Savodim maktabga bormay turib, onam yordamida chiqqan. O‘sha davrlarda juda ko‘p she’rlarni yod olgan edim. Onamning kalava ipini o‘g‘irlab bir uchini tayoqchaga, bir uchini daraxtga bog‘lardim-da, o‘zimcha simli mikrafon yasagan kishi bo‘lib, baqirib she’r va qo‘shiqlar aytardim.
Maktab davrlarimga kelsak, rosti maktabda unchalik a’lochi ham, intizomli ham bo‘lmaganman. Yo‘q, men o‘qituvchilarimdan “besh” bahoni qanday qilib bo‘lmasin “undirib” olardim, ammo bu baholar menga boshqa fanlar yuzasidan emas, tanho adabiyot fani uchungina qo‘yilardi desak, insofdan bo‘lardi.
Men maktabga ruchka va daftarlarimni uyda qoldirib borar, qo‘limda kitob uchrasa, faqatgina mashhur yozuvchilarning kitobi bo‘lardi. Biroq, kimdir o‘rnimdan turg‘azib savol berib qolguday bo‘lsa, o‘sha yozuvchi-shoirlarning asarlaridan qo‘shib-chatib, to‘g‘ri javobga yaqin bir javobni albatta chiqarib berardim.
Bir kuni ko‘pchilik hollardagiday dars yarimlagan vaqtda so‘ppayibgina sinfimizga kirib borsam, sinfda anatomiya fani o‘qituvchimizdan tashqari direktorimiz va viloyat maorifi tomonidan yuborilgan ikki tekshiruvchi bor ekan. Direktorimiz mening maktabga endigina kelganimni bilib tursa-da, o‘zini bilmaganlikka soldi.
-Nega darslar boshlansa ham tashqarida yuribsan?! — dedi urishib. — Joyingga o‘tir!
Vaziyat qandayligini anglab, stulimga qarab yurgandim:
— To‘xta! – dedi tekshiruvchilardan biri, — Avvalgi darsda nimani o‘tkandilaring?
— Yurak va uning tuzilishi haqida…- javob berdim, o‘tgan darsni eslashga urinib.
— Xo‘sh, yurak haqida gapirib ber-chi?
Badiiy kitoblar o‘qishim bu yerdayam qo‘l keldi. Yurakka daxldor, biroq odam anatomiyasiga taalluqli bo‘lmagan faktlarni to‘qib-bichib gapira boshladim:
— Mariya Remark yurak odamdagi eng kuchli organ, bunday deyishimga sabab ko‘p deydi. Masalan, Muhammad Yusufning yurak haqidagi bir she’rida…
-To‘xta, to‘xta! – kulib gapimni bo‘ldi tekshiruvchi. – Halitdan beri nimalar deyapsan o‘zi? Yaxshisi ayt-chi, odam yuragi necha kamerali bo‘ladi?
Men najot kutib sinfdoshlarimga alanglagan edim, kimdir shipshitib javobini aytganday bo‘ldi-yu, afsus, men uni biroz noto‘g‘ri eshitdim. “To‘rt kamerali” deyishning o‘rniga:
-Ko‘p kamerali! – dedim shoshib.
Ehtimol tekshiruvchilarga ovsarligim yoqqandir, balki adabiyotga havasim, har holda kulib yuborishdi va:
-Yanayam aniqrog‘i: to‘rt kamerali! O‘tir! – deyishdi.
Ustozlari haqida gap ketganda Bayram Ali Temirpo‘lat Tillayev va Luqmon Bo‘rixonlarni alohida ehtirom bilan tilga oldi…
O‘sha kundan boshlab Bayram Ali bilan inoqlashib ketganmiz. Tez-tez yangi yozgan narsalaridan ko‘rsatib, bizdan fikrimizni so‘rab turadi. Uning ijodidagi o‘sishni, barcha yutuqlarini ko‘rib, xursand bo‘lamiz. Uning hazil-mutoyibaga ustaligi, dadilligi, gapirganda chin yurakdan berilib, samimiyat bilan gapirishi hammamizga yoqadi.
Bayram Ali bir necha yillardan beri Chim qishlog‘idagi 81- maktabda tashkil etilgan “Yog‘du” adabiy-badiiy to‘garakni boshqarib kelmoqda. To‘garak a’zolarining ijod namunalari tuman gazetasida alohida sahifa qilinib e’lon qilib boriladi. Bu esa Bayram Alining qishloqdoshlari orasida yanada e’tibor topishiga turtki bo‘lgan bo‘lsa, ajab emas.
Biz Bayram Alidan kitobxonni o‘ylantiradigan, hayratga tushiradigan hali ko‘plab asarlar kutib qolamiz.
Bayram Ali
LO‘LI DARAXT
Bayram Ali (Qo‘ldoshev) 1991 yil 23 iyunda Qamashi tumanidagi Chim qishlog‘ida tug‘ilgan. Maishiy xizmat ko‘rsatish kollejini tugatgan. She’r va hikoya, qissalari respublika gazeta va jurnallarida ko‘p bora chop qilingan. Bir nechta hikoyalari asosida teleko‘rsatuvlar suratga olingan. “Bolangman, dunyo”, “Kuz yomg‘irlari” nomli nasriy kitoblari nashr etilgan.
Hovlimizda biz “lo‘li daraxt” deb ataydigan yong‘oq daraxti bor. Eshitganda g‘alati tuyuladigan bu nom o‘z tarixiga ega. Kech kuz edi. Adashmasam, o‘n bir-o‘n ikki yoshlarda edim…
Bolaligimdan odat shu: bahor, kuz oylari yaqinlashaversa, oyoqlarimda kuchli og‘riq turadi. O‘shanda ham men yaqindagina shifoxonadan qaytgan, biroq muolajalar yordam bermagani bois, onam hovlimizda oyog‘imga malham surib o‘tirardi. Shu payt ochiq darvozamizdan avval:
— Singil, itingiz yo‘qmi? — degan ovoz eshitildi, so‘ng biz javob berib ulgurmay biri yoshroq, boshqasi qari — ikkita lo‘li kirib keldi. Hovlimiz etagidagi yong‘oq tagida o‘tirib, butun qarindoshlarimizu avlod-ajdodimizgacha uzoq duo qilishdi.
— Nima bo‘ldi yigitchaga, tobi yo‘qmi? — so‘rashdi keyin.
— Nimasini aytasiz, — javob berdi onam, — ikki yildirki, oyog‘i og‘riydi. O‘zi yaqindagina do‘xtirdan keldi, koshki, nafi tekkan bo‘lsa!
— Uxu-uhm, — tantanavor qilib yo‘taldi lo‘lilardan keksarog‘i, — singil! Xudo dardini aritaman desa, hech gapmas. Yo‘qsa, naq Buxoroyi sharifdan qishlog‘ingizga yo‘l tortib kelarmidim?
Albatta, lo‘li xalqining bunaqangi nag‘malari hammaga tanish. Onam o‘zini hech narsa eshitmaganga solib, o‘rnidan turdi:
-Xo‘p, unda sizlarga biror xayr olib chiqay, o‘zi ishlarim ko‘pidi…
-Yo‘q! — rad etdi lo‘li kampir. — Men sizning uyingizga xayr so‘rab kelmadim. Hali aytganimday, Ollohning xohishi boshlab keldi uyingizga. Endi bir sir aytmasdan ketmayman.
-Ha, xola, — halitdan beri jim o‘tirgan ikkinchi yosh lo‘li gapni ilib ketdi, — bilsangiz, qaynonam dami o‘tkir otinoyilar avlodidan. Kuf desa, ko‘rning ko‘zini ochib, suf desa, tug‘maydigan xotinlarni tug‘diradi. Qolaversa, qishlog‘ingizga kirganimizdan adashmay to‘ppa-to‘g‘ri uyingizni topib kelganlarini qarang-a! Bo‘lmasa, bu kishini izlab yurganlar qancha.
Onam menga, men onamga qaradik. Bundan umidlangan yosh lo‘li astoydil yalinishga o‘tdi:
— Siz xo‘p deng, xolajon, xo‘p deng! Hech vaqoingiz kerak emas. Bu kishi bitta igna, bir piyola suv bilan fol ko‘radilar. Bersangiz, o‘sha suvni ichib, ignangizni olib ketadi, bermasangiz, olmaydi. Shugina bolaning qosh-ko‘zlariga rahmim kelyapti-da, xo‘p deng, xolajon!
Lo‘lilarning bu qadar kamsuqum bo‘lishini kutmagan edik. Buning ustiga haligi folbin lo‘li kelinining gaplarini tasdiqlaganday, o‘zgacha kibr bilan jim o‘tirardi. Rozi bo‘ldik. Onam bir piyola suv, bitta igna olib chiqdi. Iymanibgina ozroq pul ham qo‘yuvdi, folbin lo‘li urishib berdi:
-Bu nima qilganingiz? Uyingizga pulga zoriqqanimdan kelibmanmi? Oling pulingizni!
Onam ming xijolatda pulni qaytarib olib qo‘ydi. Onam, men, ikki lo‘li joylashib o‘tirib oldik. Folbin lo‘li hunarini boshladi: avval ignani piyoladagi suvga tashlab, uch-to‘rtta oyatni chala-chulpa o‘qidi. So‘ngra to‘rvasidan bir siqim paxta chiqarib, ignani suvdan oldi-da, o‘radi. O‘ralgan paxtani qo‘ltig‘imga qistirib, allambalo jonivorga o‘xshab, kekira-kekira gap boshladi:
— Voy, soddagina singlim, — dedi onamga qarata. — Do‘stingiz dushman chiqibdi, dushmaningiz balo chiqibdi. To‘y-ma’rakalaringizda uyingizning to‘riga o‘tirib, tuzingizni totadigan odam qilibdi bu ishni, noinsof! Oq sariqdan kelgan, shayton bilan o‘ynashgan ayol ekan. Yo‘qsa, gulday bolangizni o‘lsin, deb irim qilib yurarmidi? Aldab uyiga chaqirib, boshidan o‘lik suvi socharmidi? Mana, ikki yildirki, o‘g‘lingizning sog‘ kuni yo‘q. Oyog‘ini og‘ritib, tanasini lanj qilib qo‘yibdi. Ishtahasini ilonday bo‘g‘ib, uyqusini olib o‘tiribdi. Sizga aytsam, o‘n-o‘n besh kuncha oldin bolangizning yiqilib, qo‘lini ko‘tara olmay qolganiyam bejiz emas(darhaqiqat, bir oy oldin yiqilib, qo‘limning payi cho‘zilgan edi). Axir, norasidaginaning atrofida adashgan ajal sharpasi yeyman-yutaman deb izg‘ib yuribdi-ku! Tag‘inam ota-bobongizning arvohlari qo‘ribdi. Shunda ham ishonmasangiz, sizga bir narsa ko‘rsatay.
Lo‘li shunday deb, qo‘ltig‘imdan paxtani olib, orasidan ignani chiqargandi, haligina oppoq bo‘lib, yarqirab turgan ignaning qorayib, qo‘rqinchli tusga kirib qolganini ko‘rdik.
-Voy bola-am! — yosh lo‘li jon holatda meni bag‘riga bosib, dodlay boshladi. — Haftagina umring qolgan ekan-a, bolam-a! Agar hafta kechiksak, ota-onangni kuydirib ketarkansan-a! Farzand dog‘i qursin, bolam-a!
So‘ng faryodga onam, folbin lo‘li qo‘shilishdi. Misoli ular tirikligimdayoq menga aza tutishayotgan edi. Albatta, kaminayam qarab turgani yo‘q. Jon shirin emasmi, lo‘li xolamga qo‘sha-qo‘sha rahmatlarni yog‘dirgancha, ho‘ng-ho‘ng yig‘lar edim.
— Gap bunday! — dedi folbin lo‘li ko‘z yoshlarini artarkan, qat’iyat bilan. — Hozir menga bitta qo‘y berasiz. O‘g‘lingizga tegishayotgan azroilni qo‘yga qo‘shib haydab ketaman.
Hoynahoy, onamning ko‘ziga najot tilab mo‘ltirab turgan bo‘lsam kerak, shart o‘rnidan turdi-da, qo‘radan bitta qo‘yni yetaklab chiqdi. Qo‘yni osonlikcha qo‘lga kiritgan lo‘lining esa nafsi ochildi.
— Mana bu daraxtni ko‘ryapsizlar-a? — so‘radi bizdan, o‘zi soyasida o‘tirgan yong‘oqni ko‘rsatib.
— Bolaning bor dardini shu daraxtga o‘tkazaman. Bir oyda daraxt barglari sarg‘ayib, qurib, tag-tomiri bilan yerga singib ketadi. Ammo buning uchun, to‘g‘risi… qo‘yingiz kam… — shunday deya bir miqdorda pul so‘radiki, buni eshitib, onamning ko‘zlaridagi yosh taqqa to‘xtadi. Sababi, uyimizda buncha pul yo‘g‘idiyam, bo‘lgan taqdirdayam, hali otam, akamlar ishdan qaytishsa, bunaqa “saxiylik” uchun bizni ko‘chaga haydashlari aniq edi. Haligi yosh lo‘li juda ko‘ngilchan ekan, shekilli, onam pulni topolmay, men o‘lib qolishim mumkinligiga kuyinganidan sochini yulib yig‘lardi, baraka topkur!
Onam, noiloj, lo‘li aytgancha bo‘lmasayam, mundayroq qilib, uyimizda bor pulni olib chiqdi. Folbin lo‘li avval norozi bo‘ldi. Bizga qo‘shilib kelini ham yalinavergach, “insofga keldi”. Ya’nikim, o‘zi aytganiday, menga daraxtni quchoqlatib qo‘yib, savalay ketdi. Bu marosim tugagunicha, o‘limlarimga rozi bo‘lib ketdim. Nihoyat, lo‘li savalashni yakunlagach, hovlimizda qo‘lga ilashadigan narsa borki, tilashga o‘tdi. Bular orasida gilam, xurjun, lagan-paganga o‘xshash “arzimas” ro‘zg‘or buyumlari ham bor edi. Yosh lo‘li esa hamon o‘pkasini bosolmay yig‘lar, onamni mehrsizlikda ayblab, qaynonasi “o‘zlashtirgan” narsalarni hayallamay to‘rvasiga tiqar edi. Lo‘lito‘rvaning tubi teshik, deb bekorga aytishmas ekan. Hovlimizning yarmini yutib yuborsa ham to‘lmasdi-ya, padarla’nati!
Bu sirtdan qarasa kulgili, ishtirok etish qayg‘uli bo‘lgan spektakl bir soatlar davom etdi. Nihoyat, lo‘li qo‘ltig‘imdagi qorayib ketgan igna bilan paxtani olib, joy quriganday, tandirxonadagi o‘choqda turgan qozonimizga tashladi. Endi bu qozonni qirqta machitdan oshirib, qirq birinchisiga topshirishimiz lozimligini uqtirib, ketishga chog‘landi. Biz esa shuncha ketganning biri deb, shu boshog‘riq qozondan ham voz kechib qo‘yaqoldik. Xullas, igna olmaydigan “to‘qmijoz” lo‘lilar biri qozonni orqalab, qo‘yni yetaklab, biri ikki to‘rva buyumni sudrab, inqillashganicha Buxoroyi sharifga yo‘l olishdi.
Kechga yaqin otam ishdan qaytgach, bo‘lgan janjalni yozib o‘tirishim o‘rinsiz, deb o‘ylayman. Biroz noqulay. Ammo shu kundan boshlab onam ikkalamizga tuqqan kunni aytmasam bo‘lmas. Har kuni ertalabdan turib, lo‘li savalagan daraxtning sarg‘aygan barglarini sanaymiz. Bashorat rost chiqib, daraxt tobora so‘nib borayotganidan quvonganimizni aytmaysizmi? Koshki, fasl kuz ekanligi, bu daraxt qatori boshqalari ham barg tashlayotgani xayolimizga kelsa…
Hikoyam oxirlar ekan, to‘xtab, o‘ylanib qoldim. So‘nggi nuqtani qanday qo‘yishni bilmay boshim qotayotgandi. Ijodxonamning derazasidan biz o‘sha “lo‘li daraxt” deb ataydigan yong‘oqqa yana bir qur nazar tashladim. O‘ziyam bu yil boshini yeb meva tugibdi savil! Oyoqlarim bo‘lsa hamon oz-oz og‘rib turibdi. Demak, bu hikoyaning oxiri yo‘q. Axir, hayot davom etyapti…
Рости гапни нимадан бошласам экан деб озгина уйландим…хаммаси ажойиб,хаммаси самимий …Байрам Али ижодини кузатганамда шу сузлар дилимдан куйилиб келади унинг УЗИ бир самммий дилида кири йук инсон,атрофидаги ижодкор дустлари хам самимий,улар утирган давралар ажойиб.Мен бир оддий кузатувчи сифатида Байрам Алига хали бунданам бизни хурсанд киладиган асар лар езиб улкамизнинг забардаст ижодкори булиб етишишини тилайман.Илохим ижодига,оиласига куз тегмасин,оллохим соглигини кайтариб берсин …дилимда айтмокчи булганларим куп Эди рости анча довдираб колдим демак:Байрам Али хакида езиш хар кимга хам эмас экан…(мухлис)