Bayram Ali. Daraxt, menga yashashni o‘rgat… Shoir Abdumurod Qodirov haqida

043 Абдумурод Қодиров озроқ иккиланиш билан, кулимсирабгина шеър ўқишга тушди. У кишининг овозидаги маъюсият ва чуқур қудуқнинг ичидан чиқаётганга ўхшаш вазмин оҳанг чеҳрасидаги табассумга унча мос тушмас, шу ғамгин овози, офтоб қорайтирган юзи, хокисор туриши билан ўзи ҳам эски бир даврлардан келиб қолган одамга ўхшарди…

Байрам АЛИ
ДАРАХТ, МЕНГА ЯШАШНИ ЎРГАТ
Эссе


Дарахт, менга яшашни ўргат,
Дарахт, ўргат менга саботни.
Ўз домига тортганда ғурбат,
Дариғ тутма мендан нажотни.

То бу далли девона юрак
Баҳор кутиб кўкарсин, кулсин.
Қуриса ҳам қурисин сендак,
Ҳароратли бир ўтин бўлсин…

Абдумурод акани, Абдумурод Қодировни 2011 йил баҳор ойларида илк марта кўрган эдим. Ўшанда туманимиздаги бир неча ёзувчи ва шоир устозлар уйимизга меҳмонга келган, улар сафида Абдумурод ака ҳам бор эди. Эсимда, ҳаммадан кейин келгандилар у киши. Умуман, бу инсон доим мана шундай кечикиб юрар, билмайман, лекин негадир ёруғ оламни анчайин шошиб ва илкис тарк этди…

Биринчи кўрган кунимдаёқ Абдумурод аканинг ўқитувчи эканини фаҳмлаганман. Сабаби, мен билган инсонларнинг ичида фақат ўқитувчиларгина мана шундай фақир, шундай истарали эди. Ижодкорлар тўғрисида гурунг бошланиб, у киши Ўткир Ҳошимов билан боғлиқ бир хотирасини гапирганида эса, рости, юзига ишонқирамай қарадим: “Ҳошимовнинг уйида меҳмонда эдик, дейдими? Ёлғон ҳам эви билан-да!” Кейин билсам, акани ўзимга ўхшатиб юборибман. Тўкилай деган кўйлакни дазмоллаб кийган, яп-янги дўпписи эскигина уст-бошига ярашмай турган бу фақир инсон, аслида, обрўсини ошириб кўрсатиш каби ҳаваслардан тамом холи экан.

Одатдагидай, даврадаги шоирлар ўртасида шеър айтиш бошланиб кетди. Устоз шоирларнинг бири олиб, бири қўйиб шеър айта бошлади.

— Абдумурод ака, сиз ҳам шеърларингиздан бирортасини ўқиб беринг, – деб қолди бир маҳал устоз Темирпўлат Тиллаев.

— Қўйсангиз-чи, бизнинг шеърларнинг ўқигилиги йўқ, – кулиб рад этди Абдумурод ака. Қолганлар худди бу гапни тасдиқлагандай гурра кулишди-ю, талашиб-тортишиб мушоирада давом этишди. Орада устоз Тиллаев тағин у кишини қистади.

— Шеърларим ҳеч эсимда турмайди, – дея ака бу гал ҳам қутулмоқчи бўлди.

— Эсда борини айтаверинг, ҳеч бўлмаса, “Турналар”ни, – туриб олди Тиллаев. — Ҳалиги-чи, қўшиқ бўлгани.

— У энди… эски шеър! Бир замонлар ёзилган…

— Шеър эскирмайди, эскирса, у шеър бўлмайди. Сиз айтаверинг, Абдумурод ака!

Шунда Абдумурод Қодиров озроқ иккиланиш билан, кулимсирабгина шеър ўқишга тушди. У кишининг овозидаги маъюсият ва чуқур қудуқнинг ичидан чиқаётганга ўхшаш вазмин оҳанг чеҳрасидаги табассумга унча мос тушмас, шу ғамгин овози, офтоб қорайтирган юзи, хокисор туриши билан ўзи ҳам эски бир даврлардан келиб қолган одамга ўхшарди.

Афғон тарафларга учиб кетибсиз,
Қанча даҳшат, балолардан ўтибсиз,
Бойқаро боғига бориб қўнибсиз,
Сафингиз тўлиқми,
қайтган турналар?

Зум ўтмай бутун хонани Абдумурод аканинг овозига хос сокин кайфият қамраб олди. Ҳалигина бир-бирига ҳазиллашиб, шеърлашганда бир-бирига жўровозлик қилаётган шоирларнинг бари унинг юзига термилиб, аллақандай хаёлларга ғарқ бўлган эди. Абдумурод ака эса мисоли бошқаларга эмас, ўзига, ўз-ўзига шеър айтиб бераётгандек бир нуқтага тикилганча шеър ўқишда давом этар, энди унинг зоҳири ва ботинидаги зиддият ҳам янада қабариб кўринаётгандек эди:

Аҳмад Зоирларнинг оҳи сиз билан,
Хабар айро тушди гоҳи сиз билан,
Ғафур Ғулом қизи — Моҳи сиз билан,
Сафингиз тўлиқми,
қайтган турналар?

Мен нодон ҳам кўпчилик қатори унинг ним табассум акс этиб турган юзига термилиб ўтирар эканман, яна дунёни ўз калта қаричим билан ўлчаган, яна ҳаммани ўзимга ўхшатган, “шундай яхши истеъдод қишлоқда яшагани учун юзага чиқолмай қолиб кетибди-да”, дея унга раҳмим келганди ўшанда. “Юзага чиқишга, балки, ўзи ҳаракат қилмагандир, балки, ўзи ўч бўлмагандир шонга, эътирофга, балки, ўз дунёсида ура-ураларсиз, бировга малол келмай, ҳеч кимга ўзининг борлигини сездирмай мана шундай тинчгина яшашни лозим топгандир”, деган хаёл эса менинг тор тасаввуримдан анчайин йироқ, бунақанги инсонлар фақат китобларда бўлади, деб ўйлар эдим ўзимча.

Сизсиз баҳорлар ҳам баҳор бўлмади,
Тунлар етим қолди, ойлар тўлмади,
Адирларни қучиб Наврўз кулмади,
Сафингиз тўлиқми,
қайтган турналар?..

…Меҳмонлар уйларига тарқалишди. Кўз олдимдан Абдумурод аканинг синиқ табассуми, қулоқларимдан вазмин ва ғамгин овоз оҳанги кетмай қолди. Нимагадир фақат у киши ҳақида ўйлардим. Лекин адабиёт худди отамдан қолгандай, шунда ҳам у кишини катта адабиётга дахлдор санагим келмас, бундай ўртамиёна шоирлар жуда кўп, чиройли қилиб ўқий олгани учунам шеър менда илиқ таассурот уйғотган бўлса керак, деб ўз-ўзимга уқтирмоқчи бўлардим. Шундай бўлган ҳамиша: фақир инсонлардаги фазилатни тан олишдан кўра, уларнинг камчилигини кўришимиз осонроқ…

Кейин-кейин у киши билан телефонлашиб турадиган бўлиб қолдик. Тўғрисини атйсам, ўшанда ҳам асосан, Абдумурод аканинг ўзи телефон қилардилар-у, бироқ гапиргувчи мен, ака кўпроқ тинглашни маъқул топар эди. Гапимни тугатганимдан ке­йингина бир-икки оғиз гап қўшиб қўяр, шунда ҳам гапиргани савол бўларди. Саволлари ҳам ўзига ўхшаган жўн эди. Жўн ва чуқур… Масалан, ўзимизнинг адиблардан кимнидир мақташга тушсам:

— Ўрисларнинг Толстойи бизда борми? – дея сўрарди. Мен жавоб беришга эмас, ўз фикримни ҳимоялашга киришиб кетсам:

— Французларнинг Балзаги-чи, бизда борми? – қўшиб қўярди ўтлаб кетганимга беозоргина ишора қилиб.

Абдумурод аканинг ўша саволларини эслаб, рости, мен у кишининг, аслида, нима демоқчи бўлганини энди-энди тушунгандай бўламан ва ўйланиб қоламан. У кишида билим ҳам, истеъдод ҳам ўзига етарли даражада бўлгани тайин, лекин нимага менинг нақлипаст сўзларимни эшитишга бунчалар иштиёқ туйди экан? Нимага ҳатто мен маъносига ета олмаётган саволларни бериб, пойинтар-сойинтар жавобимни жимгина эшитиб ўтиришни маъқул кўрди экан? Ўшанда дилидан нима хаёллар ўтган? Ким билсин… Ким билсин, балки, айнан ўзида йўқ хислатларни: журъат ва ўзбилармонликни менда кўргани учун узоқроқ гапиришимни, хато бўлса ҳам узоқроқ валдирашимни истадимикан…

Абдумурод аканинг уйимизга қандай кириб келишлари ҳам охирги пайтда тез-тез кўз олдимдан ўтаётир. Мен ҳар қанча қувониб кутиб олмай, у киши дарвоза қоқиб келганидан хижолат тортаётганга ўхшар, худди келишига бирор баҳона шартдек, қўлтиғига талабалик даврида йиққан китоб­ларидан икки-учтасини қистириб оларди. Ана, у киши олиб келган “Фауст”, “Уруш ва тинчлик”, “Телба”, “Абадият қонуни” каби ўнлаб дурдона китоблар ҳалиям кутубхонамда тизилиб турибди. Булардан айримларининг янги чиққан нусхалари ўзимда олдиндан бўлса-да, буни Абдумурод акадан яширганман. “Айнан шу китобни излаб юргандим, раҳмат”, деганман кўнглига қараб. Бошқа қувроқ одам бўлса, эҳтимол, буни сезарди, бироқ Абдумурод ака менга жудаям керак бўлаётган китобни олиб келиб берганига ишонар, мендан ҳам кўпроқ хурсанд бўларди.

Бир гал шифохонада даволанаётганимда у киши қўнғироқ қилиб, мен ётган шифохона манзили билан қизиқди. Билсам, ҳол сўрашга келмоқчи экан. Хонадош­ларим — 30-40 ёшлардаги икки эркак у киши билан бўлаётган суҳбатимизни қулоқларини динг қилиб эшитиб туришди.

— Ким?! – дея сўрашди телефонни ўчиришим билан.

— Устозларимдан бири, – жавоб бердим мен.

— Қаерда ишлайди?

Муаллим дегим келмади.

— Шоир, – дедим кимлар изимдан сўраб келишини кўрсатиб қўймоқчи бўлиб, — Ўткир Ҳошимовларни танийсизлар-ку! Ўз даврида ўша инсонлар билан даврадош бўлган. Билим жуда кучли, миллий энциклопедиянинг муҳаррирларидан бири… Ҳозир шу… Қишлоқда…

— Ўўў! Унда бир қўйни айириб, тенг ярмини пишириб келаётгандир?! — қорнини қашлаб, гапимни бўлди хонадошлардан биттаси.

Қовун туширганимни англаб, ўзимча уларни келаётган меҳмондан кўп нарса кутиш керак эмаслигига тайёрлаган бўлдим.

— Йў-ўқ… Қўй бўлмасаям, курками, товуқми… дегандай…

— Унда бугун абетга овқат буюртирмасак бўларкан-да?!

Иштаҳаси карнайлардан бўлмаганим учунми ё бошқа бир сабабга кўрами, рости, ғашим келди.

— Ўзларингиз биласизлар… – дея хонадан чиқиб кетдим. Орадан чамаси уч-тўрт соатлар вақт ўтган экан. Қўшни палатадаги отахонлар билан гурунглашиб ўтирган эдим, эшик тақиллаб, хонадошларим мени чақиришди.

— Устозинг келди, — дейишди улар мен залга чиққанимда қовоқларини солиб. — Нимага “шоир” деб алдадинг, домилла экан-ку!

Тушундимки, булар “шоирмисиз”, деб сўрашса, Абдумурод ака одатдаги камтарлик билан “йўқ, ўқитувчиман” деб айтган.

— Ўзлари қаерда?

— Хонада. Қўлтиғида курка рангидаги китоб!

Хонадошларнинг ижирғаниб гапирганини кўриб, шу топда нетонгки, мениям хаёлимда гўё китоб ёмон нарсадай туйилиб кетди. Бордим. Абдумурод ака хонада ўша-ўша эски кийим-бошига яп-янги қалпоғи ярашмай, синиққина кулимсираб, мени кутиб ўтирган экан. Олдингидай илиқ сўрашолмадим. Хонадошларим олдида изза бўлганимдан аразлаган киши бўлиб, суюққина ҳол-аҳвол сўрадим. Иззатпарастликдан йироқ бўлганлари учун, эҳтимол, Абдумурод ака буни сезмаган чиқар. Бироқ ўшанда нимага бунчалар тубан кетдим, ўзим сира тушунолмайман. Ахир салкам отам тенги одам катта бошини кичик қилиб мени — битта тирранчани шунча ердан сўраб келганди, қувониб дўппимни осмонга отмайманми? Анави иккови ўзини қориндан бошқа ғами йўқ чўчқа деб ҳисоб­ласа, мен ўзимни инсон дер эдим, о-озгина, зиғирдайгина бўлсаям кўнглим бор, деб юрар эдим-ку?! Қаёқда қолди менинг давраларда алжиган “инсониятнинг бошқа мавжудотлардан ажратиб турадиган олий миссияси” каби баландпарвоз гапларим?! Энг алам қиладигани… қани энди бугун шу инсоннинг ўзи, дийдори?..

Бошқа бир сафар эса Абдумурод аканинг қачонлардир ёзган шеърларини туман газетасида ўқиб қолдим. Устоз Хуршид Даврон билан қўнғироқлашганимизда, у киши қишлоқда ижод қилаётган ижодкорларнинг яхши асарларидан виртуал кутубхонаси учун жўнатишимни сўрагани туфайли, ўша шеърларни кўчириб, расмсиз ҳолатда устознинг электрон почтасига жўнатдим. Кечаси жўнатган бўлсам, шеър­лар эртасига тонгдаёқ сайтда эълон қилинибди. Яна денг, устоз Хуршид Даврон ажойиб шоирнинг ижоди билан таништирганим учун менга миннатдорлик жавоб хати қолдирган эдилар. Ўшанда шеърлари устоз Хуршид Давроннинг кутубхона сайтида эълон қилинганини эшитган Абдумурод ака бундан гўдак мисоли қувонган, қайта-қайта раҳматлар айтган ва бот-бот шеърлари, аслида, бунга арзимаслигини таъкидлаган эди. Кейинчалик ҳам у киши бу ишимдан миннатдор бўлиб, ҳар ерда гапириб юргач, менга туманимиздаги шоир-ёзувчи таниш­ларнинг кўпчилиги битган-битмаган ижод намуналарини келтириб берадиган одат чиқарди. Менинг эса бу қораламаларни устозга жўнатишга юзим чидамай, қаердан ҳам Абдумурод акага шу ёрдамни қилдим, дуч келганга мақтанавериб бошимни балога қолдирди, деб жаҳлим чиқарди. Шу арзимас ишимни шунчалик арзитганини, шоирликка катта даъвоси бўлмаган бу инсон шеърлари эълон қилинганини эмас, аслида, кичиккина одамгарчиликка гувоҳ бўлганини ҳаммага мақтаниб юрганини анг­лашга эса, фаросатим жиндек камлик қилганди…

Мана, Абдумурод аканинг вафот этганига ҳам бугун уч йилдан ошибди. Эҳтимол, у кишининг менга, сизга, ҳаммамизга айтадиган гаплари кўп эди, аммо нимагадир айтмади, барчасини ўзи билан бирга тупроққа олиб кетди. Аканинг 2001 йилда бор-йўғи 500 нусхадагина чиқарилган, атиги бир ҳовуч шеърларни сиғдиролган “Ғамгин дарахт қўшиғи” номли юпқагина китоби қолди, холос. Бирор “катта”га, ҳеч йўқ, таниқлироқ шоир-ёзувчиларга ялтоқланиб борса, кўплаб китоблари чиқиши мумкин эди-ю, у бундай қилмади. Ҳатто Ёзувчилар уюшмасининг эшигидан ҳам бир бор бўйламай умри ўтди, раҳматлининг. Ачинарлиси, ижодкор танишлари туман газетасида шеърларини эълон қилиш учун биттагина сифатли расмини излашган экан, уйидагилари топиб беришолмабди… Афсуски, Абдумурод аканинг атрофида йиғилган, ижодини, ўзини арзитмаган бефарқ инсонларни сўкишга юзим чидамайди. Чунки шу бефаҳм одамлар орасида ўзим ҳам борман!

“Ғамгин дарахт қўшиғи”даги саноқли шеърларни олдингидан ортиқроқ эътибор билан қайта-қайта ўқир эканман, мен ҳеч қандай оғриниш, ҳеч қандай малолни билмайдиган, бир умр ҳеч кимдан ҳеч нарса тиламаган Абдумурод аканинг ўз ҳассос қалбини шунча йил қаерга беркитганини англагандай бўламан ҳамда энг яқин кишисидан айрилиб, алланечук ёлғизланиб қолгандай аламзада ҳис этаман ўзимни.

Нега Абдумурод акани катта адабиётга дахлдор эмас, деб ўзимча ҳукм чиқардим, бунга қанчалар ҳаққим, қандай асосим бор эди? Хўп, шундай ҳам бўлсин, майли, бироқ у кишини нимага шу пайтга қадар оддий инсон сифатида яхши кўра олмадим, ўз-ўзимни сира тушунолмаяпман. Тушунолмаяпман ҳам, кечиролмаяпман ҳам… Ким билсин, балки инсон айнан ўзи чин дилдан севган, лекин севишини англолмаган одамларга мана шундай баланд талаблар қўяр…

Гоҳида кечалари уйқум ўчиб, Абдумурод Қодировнинг ўзлари ёзган ушбу мисраларни пичирлаб айтгим келади:

Дўстим, кел, тортинма,
Кирайлик уйга!
Дилга эзгу ҳислар
Тақиб қўяман.
Хона совуқ, агар
Чидасанг бироз,
Юрагимни ёқиб қўяман!..

44Abdumurod Qodirov ozroq ikkilanish bilan, kulimsirabgina she’r o‘qishga tushdi. U kishining ovozidagi ma’yusiyat va chuqur quduqning ichidan chiqayotganga o‘xshash vazmin ohang chehrasidagi tabassumga uncha mos tushmas, shu g‘amgin ovozi, oftob qoraytirgan yuzi, xokisor turishi bilan o‘zi ham eski bir davrlardan kelib qolgan odamga o‘xshardi…

Bayram ALI
DARAXT, MЕNGA YASHASHNI O‘RGAT
Esse


Daraxt, menga yashashni o‘rgat,
Daraxt, o‘rgat menga sabotni.
O‘z domiga tortganda g‘urbat,
Darig‘ tutma mendan najotni.

To bu dalli devona yurak
Bahor kutib ko‘karsin, kulsin.
Qurisa ham qurisin sendak,
Haroratli bir o‘tin bo‘lsin…

Abdumurod akani, Abdumurod Qodirovni 2011 yil bahor oylarida ilk marta ko‘rgan edim. O‘shanda tumanimizdagi bir necha yozuvchi va shoir ustozlar uyimizga mehmonga kelgan, ular safida Abdumurod aka ham bor edi. Esimda, hammadan keyin kelgandilar u kishi. Umuman, bu inson doim mana shunday kechikib yurar, bilmayman, lekin negadir yorug‘ olamni anchayin shoshib va ilkis tark etdi…

Birinchi ko‘rgan kunimdayoq Abdumurod akaning o‘qituvchi ekanini fahmlaganman. Sababi, men bilgan insonlarning ichida faqat o‘qituvchilargina mana shunday faqir, shunday istarali edi. Ijodkorlar to‘g‘risida gurung boshlanib, u kishi O‘tkir Hoshimov bilan bog‘liq bir xotirasini gapirganida esa, rosti, yuziga ishonqiramay qaradim: “Hoshimovning uyida mehmonda edik, deydimi? Yolg‘on ham evi bilan-da!” Keyin bilsam, akani o‘zimga o‘xshatib yuboribman. To‘kilay degan ko‘ylakni dazmollab kiygan, yap-yangi do‘ppisi eskigina ust-boshiga yarashmay turgan bu faqir inson, aslida, obro‘sini oshirib ko‘rsatish kabi havaslardan tamom xoli ekan.

Odatdagiday, davradagi shoirlar o‘rtasida she’r aytish boshlanib ketdi. Ustoz shoirlarning biri olib, biri qo‘yib she’r ayta boshladi.

— Abdumurod aka, siz ham she’rlaringizdan birortasini o‘qib bering, – deb qoldi bir mahal ustoz Temirpo‘lat Tillayev.

— Qo‘ysangiz-chi, bizning she’rlarning o‘qigiligi yo‘q, – kulib rad etdi Abdumurod aka. Qolganlar xuddi bu gapni tasdiqlaganday gurra kulishdi-yu, talashib-tortishib mushoirada davom etishdi. Orada ustoz Tillayev tag‘in u kishini qistadi.

— She’rlarim hech esimda turmaydi, – deya aka bu gal ham qutulmoqchi bo‘ldi.

— Esda borini aytavering, hech bo‘lmasa, “Turnalar”ni, – turib oldi Tillayev. — Haligi-chi, qo‘shiq bo‘lgani.

— U endi… eski she’r! Bir zamonlar yozilgan…

— She’r eskirmaydi, eskirsa, u she’r bo‘lmaydi. Siz aytavering, Abdumurod aka!

Shunda Abdumurod Qodirov ozroq ikkilanish bilan, kulimsirabgina she’r o‘qishga tushdi. U kishining ovozidagi ma’yusiyat va chuqur quduqning ichidan chiqayotganga o‘xshash vazmin ohang chehrasidagi tabassumga uncha mos tushmas, shu g‘amgin ovozi, oftob qoraytirgan yuzi, xokisor turishi bilan o‘zi ham eski bir davrlardan kelib qolgan odamga o‘xshardi.

Afg‘on taraflarga uchib ketibsiz,
Qancha dahshat, balolardan o‘tibsiz,
Boyqaro bog‘iga borib qo‘nibsiz,
Safingiz to‘liqmi,
qaytgan turnalar?

Zum o‘tmay butun xonani Abdumurod akaning ovoziga xos sokin kayfiyat qamrab oldi. Haligina bir-biriga hazillashib, she’rlashganda bir-biriga jo‘rovozlik qilayotgan shoirlarning bari uning yuziga termilib, allaqanday xayollarga g‘arq bo‘lgan edi. Abdumurod aka esa misoli boshqalarga emas, o‘ziga, o‘z-o‘ziga she’r aytib berayotgandek bir nuqtaga tikilgancha she’r o‘qishda davom etar, endi uning zohiri va botinidagi ziddiyat ham yanada qabarib ko‘rinayotgandek edi:

Ahmad Zoirlarning ohi siz bilan,
Xabar ayro tushdi gohi siz bilan,
G‘afur G‘ulom qizi — Mohi siz bilan,
Safingiz to‘liqmi,
qaytgan turnalar?

Men nodon ham ko‘pchilik qatori uning nim tabassum aks etib turgan yuziga termilib o‘tirar ekanman, yana dunyoni o‘z kalta qarichim bilan o‘lchagan, yana hammani o‘zimga o‘xshatgan, “shunday yaxshi iste’dod qishloqda yashagani uchun yuzaga chiqolmay qolib ketibdi-da”, deya unga rahmim kelgandi o‘shanda. “Yuzaga chiqishga, balki, o‘zi harakat qilmagandir, balki, o‘zi o‘ch bo‘lmagandir shonga, e’tirofga, balki, o‘z dunyosida ura-uralarsiz, birovga malol kelmay, hech kimga o‘zining borligini sezdirmay mana shunday tinchgina yashashni lozim topgandir”, degan xayol esa mening tor tasavvurimdan anchayin yiroq, bunaqangi insonlar faqat kitoblarda bo‘ladi, deb o‘ylar edim o‘zimcha.

Sizsiz bahorlar ham bahor bo‘lmadi,
Tunlar yetim qoldi, oylar to‘lmadi,
Adirlarni quchib Navro‘z kulmadi,
Safingiz to‘liqmi,
qaytgan turnalar?..

…Mehmonlar uylariga tarqalishdi. Ko‘z oldimdan Abdumurod akaning siniq tabassumi, quloqlarimdan vazmin va g‘amgin ovoz ohangi ketmay qoldi. Nimagadir faqat u kishi haqida o‘ylardim. Lekin adabiyot xuddi otamdan qolganday, shunda ham u kishini katta adabiyotga daxldor sanagim kelmas, bunday o‘rtamiyona shoirlar juda ko‘p, chiroyli qilib o‘qiy olgani uchunam she’r menda iliq taassurot uyg‘otgan bo‘lsa kerak, deb o‘z-o‘zimga uqtirmoqchi bo‘lardim. Shunday bo‘lgan hamisha: faqir insonlardagi fazilatni tan olishdan ko‘ra, ularning kamchiligini ko‘rishimiz osonroq…

Keyin-keyin u kishi bilan telefonlashib turadigan bo‘lib qoldik. To‘g‘risini atysam, o‘shanda ham asosan, Abdumurod akaning o‘zi telefon qilardilar-u, biroq gapirguvchi men, aka ko‘proq tinglashni ma’qul topar edi. Gapimni tugatganimdan ke­yingina bir-ikki og‘iz gap qo‘shib qo‘yar, shunda ham gapirgani savol bo‘lardi. Savollari ham o‘ziga o‘xshagan jo‘n edi. Jo‘n va chuqur… Masalan, o‘zimizning adiblardan kimnidir maqtashga tushsam:

— O‘rislarning Tolstoyi bizda bormi? – deya so‘rardi. Men javob berishga emas, o‘z fikrimni himoyalashga kirishib ketsam:

— Fransuzlarning Balzagi-chi, bizda bormi? – qo‘shib qo‘yardi o‘tlab ketganimga beozorgina ishora qilib.

Abdumurod akaning o‘sha savollarini eslab, rosti, men u kishining, aslida, nima demoqchi bo‘lganini endi-endi tushunganday bo‘laman va o‘ylanib qolaman. U kishida bilim ham, iste’dod ham o‘ziga yetarli darajada bo‘lgani tayin, lekin nimaga mening naqlipast so‘zlarimni eshitishga bunchalar ishtiyoq tuydi ekan? Nimaga hatto men ma’nosiga yeta olmayotgan savollarni berib, poyintar-soyintar javobimni jimgina eshitib o‘tirishni ma’qul ko‘rdi ekan? O‘shanda dilidan nima xayollar o‘tgan? Kim bilsin… Kim bilsin, balki, aynan o‘zida yo‘q xislatlarni: jur’at va o‘zbilarmonlikni menda ko‘rgani uchun uzoqroq gapirishimni, xato bo‘lsa ham uzoqroq valdirashimni istadimikan…

Abdumurod akaning uyimizga qanday kirib kelishlari ham oxirgi paytda tez-tez ko‘z oldimdan o‘tayotir. Men har qancha quvonib kutib olmay, u kishi darvoza qoqib kelganidan xijolat tortayotganga o‘xshar, xuddi kelishiga biror bahona shartdek, qo‘ltig‘iga talabalik davrida yiqqan kitob­laridan ikki-uchtasini qistirib olardi. Ana, u kishi olib kelgan “Faust”, “Urush va tinchlik”, “Telba”, “Abadiyat qonuni” kabi o‘nlab durdona kitoblar haliyam kutubxonamda tizilib turibdi. Bulardan ayrimlarining yangi chiqqan nusxalari o‘zimda oldindan bo‘lsa-da, buni Abdumurod akadan yashirganman. “Aynan shu kitobni izlab yurgandim, rahmat”, deganman ko‘ngliga qarab. Boshqa quvroq odam bo‘lsa, ehtimol, buni sezardi, biroq Abdumurod aka menga judayam kerak bo‘layotgan kitobni olib kelib berganiga ishonar, mendan ham ko‘proq xursand bo‘lardi.

Bir gal shifoxonada davolanayotganimda u kishi qo‘ng‘iroq qilib, men yotgan shifoxona manzili bilan qiziqdi. Bilsam, hol so‘rashga kelmoqchi ekan. Xonadosh­larim — 30-40 yoshlardagi ikki erkak u kishi bilan bo‘layotgan suhbatimizni quloqlarini ding qilib eshitib turishdi.

— Kim?! – deya so‘rashdi telefonni o‘chirishim bilan.

— Ustozlarimdan biri, – javob berdim men.

— Qayerda ishlaydi?

Muallim degim kelmadi.

— Shoir, – dedim kimlar izimdan so‘rab kelishini ko‘rsatib qo‘ymoqchi bo‘lib, — O‘tkir Hoshimovlarni taniysizlar-ku! O‘z davrida o‘sha insonlar bilan davradosh bo‘lgan. Bilim juda kuchli, milliy ensiklopediyaning muharrirlaridan biri… Hozir shu… Qishloqda…

— O‘o‘o‘! Unda bir qo‘yni ayirib, teng yarmini pishirib kelayotgandir?! — qornini qashlab, gapimni bo‘ldi xonadoshlardan bittasi.

Qovun tushirganimni anglab, o‘zimcha ularni kelayotgan mehmondan ko‘p narsa kutish kerak emasligiga tayyorlagan bo‘ldim.

— Yo‘-o‘q… Qo‘y bo‘lmasayam, kurkami, tovuqmi… deganday…

— Unda bugun abetga ovqat buyurtirmasak bo‘larkan-da?!

Ishtahasi karnaylardan bo‘lmaganim uchunmi yo boshqa bir sababga ko‘rami, rosti, g‘ashim keldi.

— O‘zlaringiz bilasizlar… – deya xonadan chiqib ketdim. Oradan chamasi uch-to‘rt soatlar vaqt o‘tgan ekan. Qo‘shni palatadagi otaxonlar bilan gurunglashib o‘tirgan edim, eshik taqillab, xonadoshlarim meni chaqirishdi.

— Ustozing keldi, — deyishdi ular men zalga chiqqanimda qovoqlarini solib. — Nimaga “shoir” deb aldading, domilla ekan-ku!

Tushundimki, bular “shoirmisiz”, deb so‘rashsa, Abdumurod aka odatdagi kamtarlik bilan “yo‘q, o‘qituvchiman” deb aytgan.

— O‘zlari qayerda?

— Xonada. Qo‘ltig‘ida kurka rangidagi kitob!

Xonadoshlarning ijirg‘anib gapirganini ko‘rib, shu topda netongki, meniyam xayolimda go‘yo kitob yomon narsaday tuyilib ketdi. Bordim. Abdumurod aka xonada o‘sha-o‘sha eski kiyim-boshiga yap-yangi qalpog‘i yarashmay, siniqqina kulimsirab, meni kutib o‘tirgan ekan. Oldingiday iliq so‘rasholmadim. Xonadoshlarim oldida izza bo‘lganimdan arazlagan kishi bo‘lib, suyuqqina hol-ahvol so‘radim. Izzatparastlikdan yiroq bo‘lganlari uchun, ehtimol, Abdumurod aka buni sezmagan chiqar. Biroq o‘shanda nimaga bunchalar tuban ketdim, o‘zim sira tushunolmayman. Axir salkam otam tengi odam katta boshini kichik qilib meni — bitta tirranchani shuncha yerdan so‘rab kelgandi, quvonib do‘ppimni osmonga otmaymanmi? Anavi ikkovi o‘zini qorindan boshqa g‘ami yo‘q cho‘chqa deb hisob­lasa, men o‘zimni inson der edim, o-ozgina, zig‘irdaygina bo‘lsayam ko‘nglim bor, deb yurar edim-ku?! Qayoqda qoldi mening davralarda aljigan “insoniyatning boshqa mavjudotlardan ajratib turadigan oliy missiyasi” kabi balandparvoz gaplarim?! Eng alam qiladigani… qani endi bugun shu insonning o‘zi, diydori?..

Boshqa bir safar esa Abdumurod akaning qachonlardir yozgan she’rlarini tuman gazetasida o‘qib qoldim. Ustoz Xurshid Davron bilan qo‘ng‘iroqlashganimizda, u kishi qishloqda ijod qilayotgan ijodkorlarning yaxshi asarlaridan virtual kutubxonasi uchun jo‘natishimni so‘ragani tufayli, o‘sha she’rlarni ko‘chirib, rasmsiz holatda ustozning elektron pochtasiga jo‘natdim. Kechasi jo‘natgan bo‘lsam, she’r­lar ertasiga tongdayoq saytda e’lon qilinibdi. Yana deng, ustoz Xurshid Davron ajoyib shoirning ijodi bilan tanishtirganim uchun menga minnatdorlik javob xati qoldirgan edilar. O‘shanda she’rlari ustoz Xurshid Davronning kutubxona saytida e’lon qilinganini eshitgan Abdumurod aka bundan go‘dak misoli quvongan, qayta-qayta rahmatlar aytgan va bot-bot she’rlari, aslida, bunga arzimasligini ta’kidlagan edi. Keyinchalik ham u kishi bu ishimdan minnatdor bo‘lib, har yerda gapirib yurgach, menga tumanimizdagi shoir-yozuvchi tanish­larning ko‘pchiligi bitgan-bitmagan ijod namunalarini keltirib beradigan odat chiqardi. Mening esa bu qoralamalarni ustozga jo‘natishga yuzim chidamay, qayerdan ham Abdumurod akaga shu yordamni qildim, duch kelganga maqtanaverib boshimni baloga qoldirdi, deb jahlim chiqardi. Shu arzimas ishimni shunchalik arzitganini, shoirlikka katta da’vosi bo‘lmagan bu inson she’rlari e’lon qilinganini emas, aslida, kichikkina odamgarchilikka guvoh bo‘lganini hammaga maqtanib yurganini ang­lashga esa, farosatim jindek kamlik qilgandi…

Mana, Abdumurod akaning vafot etganiga ham bugun uch yildan oshibdi. Ehtimol, u kishining menga, sizga, hammamizga aytadigan gaplari ko‘p edi, ammo nimagadir aytmadi, barchasini o‘zi bilan birga tuproqqa olib ketdi. Akaning 2001 yilda bor-yo‘g‘i 500 nusxadagina chiqarilgan, atigi bir hovuch she’rlarni sig‘dirolgan “G‘amgin daraxt qo‘shig‘i” nomli yupqagina kitobi qoldi, xolos. Biror “katta”ga, hech yo‘q, taniqliroq shoir-yozuvchilarga yaltoqlanib borsa, ko‘plab kitoblari chiqishi mumkin edi-yu, u bunday qilmadi. Hatto Yozuvchilar uyushmasining eshigidan ham bir bor bo‘ylamay umri o‘tdi, rahmatlining. Achinarlisi, ijodkor tanishlari tuman gazetasida she’rlarini e’lon qilish uchun bittagina sifatli rasmini izlashgan ekan, uyidagilari topib berisholmabdi… Afsuski, Abdumurod akaning atrofida yig‘ilgan, ijodini, o‘zini arzitmagan befarq insonlarni so‘kishga yuzim chidamaydi. Chunki shu befahm odamlar orasida o‘zim ham borman!

“G‘amgin daraxt qo‘shig‘i”dagi sanoqli she’rlarni oldingidan ortiqroq e’tibor bilan qayta-qayta o‘qir ekanman, men hech qanday og‘rinish, hech qanday malolni bilmaydigan, bir umr hech kimdan hech narsa tilamagan Abdumurod akaning o‘z hassos qalbini shuncha yil qayerga berkitganini anglaganday bo‘laman hamda eng yaqin kishisidan ayrilib, allanechuk yolg‘izlanib qolganday alamzada his etaman o‘zimni.

Nega Abdumurod akani katta adabiyotga daxldor emas, deb o‘zimcha hukm chiqardim, bunga qanchalar haqqim, qanday asosim bor edi? Xo‘p, shunday ham bo‘lsin, mayli, biroq u kishini nimaga shu paytga qadar oddiy inson sifatida yaxshi ko‘ra olmadim, o‘z-o‘zimni sira tushunolmayapman. Tushunolmayapman ham, kechirolmayapman ham… Kim bilsin, balki inson aynan o‘zi chin dildan sevgan, lekin sevishini anglolmagan odamlarga mana shunday baland talablar qo‘yar…

Gohida kechalari uyqum o‘chib, Abdumurod Qodirovning o‘zlari yozgan ushbu misralarni pichirlab aytgim keladi:

Do‘stim, kel, tortinma,
Kiraylik uyga!
Dilga ezgu hislar
Taqib qo‘yaman.
Xona sovuq, agar
Chidasang biroz,
Yuragimni yoqib qo‘yaman!..

252

(Tashriflar: umumiy 1 629, bugungi 1)

Izoh qoldiring