Xurshida Abdullayeva. She’rlar

Ashampoo_Snap_2018.02.10_22h29m16s_002_.png    Сайтимизда Хуршида Абдуллаеванинг икки-уч мақоласи, жаҳон адабиётининг сара намуналаридан танлаб олиб олинган иқтибослари эълон қилинган. Бугун эса унинг шеърларини тақдим этмоқдамиз.

Хуршида Абдуллаева
ШЕЪРЛАР
044

* * *

Узун-узун кунларим –04
Узун-узун арғамчи,
Арғамчига боғланган
Умидларим алдамчи.
Узун-узун ишқ йўли,
Ҳар қадамда минг жафо,
Нега роҳат кейинда,
Нечун азоб бирламчи?

Узун-узун арғамчи
Боғлаб қўйди тоқатим,
Илтижодан тўхтама,
Эй тақводор тоатим.
Гарчи севгим дилимда
Ловуллаган аланга,
Ёнолмайман, керакдир
Тақдирга итоатим.

Узун-узун ҳасратмас,
Бу ишқ узун ҳикоя.
Ҳеч бир ровий билмаган,
Сўзламаган ривоя.
Мен ҳам ҳозир сўзламам
Билмай туриб охирин:
Висол ё ҳижрондами
Севгим топар ниҳоя?..

Узун-узун хаёл бор
Узун-узун тунларда –
Бор бисотим – соғинчим
Тугилган тугунларда.
Очолмади тугунни
Ўтган куним ва кечам,
Энди ечармикин Вақт
Эрта ё бугунларда?

Узун-узун кунларим –
Узун-узун арғамчи,
Арғамчига қилич сол,
Эй бахт деган алдамчи!
Фироқ бўлиб эшилган
Толаси чирт узилсин,
Мен ғурбатда ўтказган
Кунлар бўлсин аламчи…

7.06.08

* * *

Шитоб-ла ўтасиз куз ва қиш аро –
Куздайин маҳзунсиз, қиш каби совуқ.
Бир нафас тўхташга фурсат йўқ ҳатто,
Ҳаттоки бир лаҳза ўйлашга вақт йўқ.

Уй – иш. Иш – уй. Битта йўналиш –
Бир тарздаги ҳаёт. Кўнглингиз тўқми?
Минг томонга тортар сизни минг ташвиш,
Бир дам озодликка майлингиз йўқми?

Билмадингиз, кутиб сарғайди хомуш
Сиз қадам босмаган кузнинг боғлари.
Қиш сира бермайин сандалга совуш
Кутди сизни содиқ ошиқ сингари.

Билмадингиз. Сизни етаклар бесас,
Учрашув, йиғинлар, режалар – улкан.
Мени-чи, эзади танбеҳлар эмас,
Юракка берилган энг катта “ҳайфсан”.

Буни-да билмайсиз. Зотан, йўқ фурсат,
Тингламоққа бир дам кўнгил зорларин.
Уларни кўмади қаватма қават
Қайта-қайта ёққан феврал қорлари…

Тўхтанг, дўстим! Ушланг вақтни-да бир зум,
Қаранг, дийдор сўраб турибди баҳор.
Чечакларин кўзга суртинг, бу – удум,
У – бизнинг фаслимиз, туҳфаси бисёр.

“Кейин…” деманг, ҳозир қилинг шу ишни,
Кафтингизни очиб ёмғирларига.
Қалб майли аталган Улуғ Юмушни
Бажаринг, қўл силтаб қолган барига…

Эвоҳ, унутибман вақти тиғизда
Ташвишга бандисиз – етмайди фурсат.
Узоқ кутиб қолди қабулингизда,
Айтинг, қачон келар Кўнгилга навбат?!

31.03.2012

* * *

Нега тегдинг? Билмасмидинг қўлларинг заҳри
Қолишин ул нозик гулнинг япроқларида?
Бамисоли дил ўртаган ишқ бўсасидан
Доғ қолгандай соҳибжамол яноқларида.

Нега тегдинг? Олмас экан бандидан узиб,
Гул кўнглида уйғотибсан мурғак, беғубор
Ҳамда беайб, энг бокира туйғуларни сен,
Нелардандир маъсум дилин айлаб умидвор.

Нега кирдинг бу чаманга, айт, эй оташқалб?
Не синоат айламишди сени маҳлиё?
Таъқиқланган мева таъмин билмоқлик учун
Ошиқдингми ҳой-ҳавасга бўлиб мубтало?

Нега суйдинг? Меҳринг билан очилди қат-қат
Бир муаттар ифор сочиб гўзал ғунчаси.
Лек узмадинг ўзинг билан олиб кетмоққа,
Очилмайин қолди гулнинг ишқ тугунчаси…

Нега суйдинг, нега суйдинг, айт, эй оташқалб?..

19.04.09

* * *

Эсли одам эскини эсламайди, дейдилар,
Ҳар яхшидан бир ёмон изламайди, дейдилар,
Дўст дилига жафони кўзламайди, дейдилар,
Гина, таъна, кек-араз нима ҳожат, азизим,
Дийдор сари талпининг, дам ғанимат, азизим.

Умр елдай югурик: баҳор ўтар, куз ўтар,
Бизга жондай яқинсиз – кўнгил етар, кўз етар,
Шикаста бу дил мудом сиздан ширин сўз кутар,
Англамайсиз, билмайсиз – бу не ғафлат, азизим,
Бир жилмайиб боқсангиз – катта давлат, азизим.

Изламанг, биздек дўсти содиқни тополмассиз,
Тақдир очган эшик бу, уринманг, ёполмассиз,
Биз сизни чинни дедик, тош ёки сополмассиз,
Икки дилни боғлаган бир муҳаббат, азизим,
Худо берган бу меҳр тансиқ неъмат, азизим.

Сиз борсиз, олам гўзал, борсиз, даҳри дун гўзал,
Хаёлингиз ёритса, шул қоронғу тун гўзал,
Сиз бўлсангиз ёнимда ҳатто Сўнгги Кун гўзал,
Сизсиз аммо кўнгилда йўқ ҳаловат, азизим,
Бас, унутинг аразни то қиёмат, азизим.

Хуршид сизни деб меҳрин берса сочиб зиёсин,
Этинг мунаввар анинг кўнгил уйи — самосин,
Тоабад канизингиз тилида шу дуоси:
Султонсиз, бу жонимиз сизга нисбат, азизим,
Фақат бермангиз гина-кекка навбат, азизим…

31.08.2011

* * *

Дилим маҳтал бир кўргузар имконига,
Қайтиб қўл узатмасман дастурхонига,
Вақти бевақт чорлаб қўйиб, энди нечун,
Боқмас дунё бу беиззат меҳмонига?

Яралганман бир кафтгина тупроқ билан,
Лой танимга жон бахшида титроқ билан,
Келмоғим ҳам, кетмоғим шу сўроқ билан:
Жавоб надир Ҳақнинг сирри пинҳонига?

Юракка-ку бир парча чўғ солиб қўймиш,
Ёнай десам, пилигим йўқ, олиб қўймиш,
Шамчироғим, билмам, недан олиб қуймиш,
Нур бермаса кўнгилнинг зимистонига.

Зулмат дедим, асли зулмат бўлармиди,
Кулгу эмас, бошда қайғу кулармиди,
Чиқмоқ истар, паймонаси тўлармиди,
Руҳим тушди вужуд деган зиндонига…

Хато излар саволим ҳам жавобимдан,
Ҳар сатриму ҳар варағим, ҳар бобимдан,
Улуш тилар ҳатто қилган савобимдан,
Ошно этма мени элнинг нодонига.

Аҳволимга қизиқмайди дўсти ҳабиб,
Беморидан ҳол сўрамас. Қандоқ табиб?!
Неча қилгай дийдоридан ул бенасиб,
Учрадикми ёрнинг золим, ёмонига?

Хуршид деди: Бу дунёнинг ёлғони кўп,
Рост сўзласанг, чеккан оҳи афғони кўп,
Сени ёйдай тутиб турган камони кўп,
Отса, кетгунг Борса келмас томонига…

Дилим маҳтал бир кўргузар имконига,
Қайтиб қўл узатмасман дастурхонига…

20.10.2008

* * *

Кетди Офтоб нурларин йиғиб,
Зич ёпилди Осмон пардаси.
Зулмат кеча сочларин ёйиб,
Кириб келди Тун фариштаси.
Бир силкитди қаро енгини,
Дув тўкилди самога юлдуз.
Тун чиммати остидан майин
Ой заминга боқди қайғусиз.
Киприкларга тарқатди уйқу,
Сўнг борлиқни чойшабга ўраб
Ҳориб чўкди жилға бўйига
Тун ўлтирди сочларин тараб.
Сокинликда яйраб тин олди,
-Шукр, — деди, — жойида бари.
Лек бир овоз. Чимрилди ногоҳ
Тун қизининг қаро қошлари.
Этакларин судраб шарпасиз
Қайда овоз? Излаб кетди у.
Ким эканки, ўтмади афсун,
Наҳот унга етмади уйқу?
Топиб келди хилват гўшани,
Деразадан боқди Тун бедил.
Бу таъқибдан бехабар, қўшиқ
Куйлар эди бир бедор Кўнгил.
Тинглар экан гўзал Қўшиқни
Тун унутди бор афсунларин.
Тонг еллари чорлаб келгунча
Кетолмади ҳеч бундан нари.
Тинди Қўшиқ. Кетгиси келмас,
Тун қолмоққа излар баҳона.
Белги чизди сўнгра дарчага,
Келмоқ учун яна пинҳона…

7.11.08

“Телевидения ҳаётидан лавҳалар” туркумидан

***

Уйда қолдираман ҳасратларимни,
Кўчага эргашиб чиқиши шартмас.
Улар эътиборин тортмас ҳеч кимни,
Ахир, биров дарди бошқага дардмас…
Хўрсинаман ишга, ташвишга шўнғиб,
Елкамдан тутади эфир заҳмати.
Панжара ортида қолар мунғайиб,
Пинҳона эргашган Кўнглим ҳасрати.
Кўз очиб-юмгунча яримлайди кун,
Нишабга юмалар Вақтнинг золдири.
Кечки ўн саккизга улгурмоқ учун
Авжида ТВнинг югур-югури.
Уйдаги Ҳасратнинг тоқатлари тоқ,
Соғинар биргина оғиз сўзимни.
Телефонга чўзар қўлини шу чоқ,
Эшитмоқчи ҳеч йўқ бир овозимни.
Ишга тушиб кетар мендаги матоҳ,
Юрагим торидай чалинади куй.
Мен шошиб оламан, аммо Вақт огоҳ,
Койийди: “Чалғийсан, телефонни қўй!”
Ноилож кутаман Озодлик онин
Кутган банди каби ишим тугашин.
Ниҳоят, йўлга шай эфир карвони,
Мулойим тортади Вақтнинг қараши…
Оқшом. Ёпилади тўрт қаватли кўшк,
Ошиқаман уйга, Ҳасрат қошига.
Қалбимда янграйди соғинчли қўшиқ
Ҳамда шай тураман таъна тошига.
Калит шиқирлайди, остона ҳатлаб,
Кираман, қаршилар мени Сукунат.
Бир кунда МИНГ йилча кутишдан чарчаб,
Суратимни қучиб, ухлайди Ҳасрат…

10.04.2013.

* * *

Сен нега ҳужжатсиз келдинг, Муҳаббат?
Бошлаб киролмайман сени ичкари.
“Бизда тартиб шундай, қаттиқ назорат…” –
Ноилож қасримнинг муҳофизлари…
Кўрсатув қўйилган йигирма бирга,
Мен сендан интервью олмоғим керак.
Жавдираб қарайман бош муҳаррирга,
Билмам, энди нима қилмоғим керак?!
“Нега кечикади қаҳрамонингиз?
Устига устакча ҳужжатиям йўқ.
Ким эди ўзи у? Муҳаббат?! Афсус,
Яхши гапирарди… Наилож, вақт зиқ!”
Индамай ортингга қайтиб кетасан,
Мен-чи, бошим билан шўнғийман ишга.
Ахир, улгурмоқлик эмас-да осон,
Унутаман сени минг бир ташвишда.
Монтаж якунланар. Энг сўнгги дафъа
Назорат қилади бари-барини.
Эфирга берилар айтилган лавҳа.
Қалбимнинг энг тиниқ тасвирларини
Ойнайи жаҳонда кўраркан, аста
Хўрсиниб қўясан:”Мен йўқман фақат!”
Менинг-да ўйларим шунга пайваста:
“Битта интервью кам. Биргина ҳужжат…”
Ҳаммаси жойида, режиссёр хурсанд,
Аммо кўнгил деган бир кам тўлмайди:
“Мукаммал чиқмади. Уриниб кўрсам
Майлими мен яна? Бусиз бўлмайди?”
Ёзилади режа, тузилар дастур,
Бир катта фильмга бўлгудек мавзу.
“Севги, ахир, битмас, абадий таъсир,
Ёзса бўлар қанча, тугамайди у…”
Съёмка белгилаб, шай келтирилар
Маъқул жой, чироқлар, тахминий суҳбат…
Фақат бир хавотир кўнглимни тилар:
“Ишқилиб, ҳужжатсиз келма, Муҳаббат!..”

8.10.13

Таржеъбандлар

* * *

Майпарастликни магар этсам ҳавас,
Айламанг таъна-маломат бир нафас.

Маст-аластлар хайлига қўшманг мени,
Маст-аластлик мен учун одат эмас.

“Бодага дил берди тақвосин қўйиб”,
Деб ясаманг шубҳа-гумондин қафас.

Билмагайсиз не учун тутдим қадаҳ,
Тўлдириб нўш этганим ҳам май эмас.

Ичди дил, гарчандики сипқорди лаб,
Энди майдин ўзга тамаъ истамас.

Шароб аҳли англамас: не бодадур?
Ичмаса лек бу кўнгил ғамбодадур…

* * *

Айланиб ўнг кўҳна олам меҳвари,
Кулди иқбол, юз ўгирди мен сари.

Дайр пири кўрсатиб майхонани,
Очди эшик сўнг харобот савдари.

Кирдиму кўрдим не ҳол бу, воажаб?
Неча соқий, қўлда олтин соғари.

Нечук олмай жомда Хайём тутса май,
Жом ичидан боқса моҳи анвари?

Ё Навоий узатиб синғон сафол,
“Ич!” деса куч қайда сурмоққа нари?

Сўнгра Бобур бир суроҳийда чоғир
Бердию очилди дилнинг дафтари.

Машраби девона илкида шароб
Ҳамда Вайсий – май тубинда гавҳари.

Қуйдилар май бўлдию қалбим қадаҳ,
Этди махмур қатра-қатра дардлари…

Шароб аҳли англамас: не бодадур?
Ичмаса лек бу кўнгил ғамбодадур…

28.11.08

453c0bd161.jpgSaytimizda  Xurshida Abdullayevaning ikki-uch maqolasi, jahon adabiyotining sara  namunalaridan tanlab olib olingan iqtiboslari e’lon qilingan. Bugun esa uning she’rlarini taqdim etmoqdamiz.

Xurshida Abdullayeva
SHE’RLAR
044

Xurshida Abdullayeva 1979 yilda Qashqadaryo viloyati Koson tumanida tug‘ilgan. 2002 yilda Qarshi davlat universitetining o‘zbek filologiyasi fakultetini tamomlagan. She’r va hikoyalari viloyat, respublika nashrlarida e’lon qilingan. Ilk to‘plami 2008 yilda “Baxt bekati” nomi bilan chop etilgan. Hozirda “Qashqadaryo” gazetasida bo‘lim muharriri vazifasida ishlaydi.

044

* * *

Uzun-uzun kunlarim –07
Uzun-uzun arg‘amchi,
Arg‘amchiga bog‘langan
Umidlarim aldamchi.
Uzun-uzun ishq yo‘li,
Har qadamda ming jafo,
Nega rohat keyinda,
Nechun azob birlamchi?

Uzun-uzun arg‘amchi
Bog‘lab qo‘ydi toqatim,
Iltijodan to‘xtama,
Ey taqvodor toatim.
Garchi sevgim dilimda
Lovullagan alanga,
Yonolmayman, kerakdir
Taqdirga itoatim.

Uzun-uzun hasratmas,
Bu ishq uzun hikoya.
Hech bir roviy bilmagan,
So‘zlamagan rivoya.
Men ham hozir so‘zlamam
Bilmay turib oxirin:
Visol yo hijrondami
Sevgim topar nihoya?..

Uzun-uzun xayol bor
Uzun-uzun tunlarda –
Bor bisotim – sog‘inchim
Tugilgan tugunlarda.
Ocholmadi tugunni
O‘tgan kunim va kecham,
Endi yecharmikin Vaqt
Erta yo bugunlarda?

Uzun-uzun kunlarim –
Uzun-uzun arg‘amchi,
Arg‘amchiga qilich sol,
Ey baxt degan aldamchi!
Firoq bo‘lib eshilgan
Tolasi chirt uzilsin,
Men g‘urbatda o‘tkazgan
Kunlar bo‘lsin alamchi…

7.06.08

* * *

Shitob-la o‘tasiz kuz va qish aro –
Kuzdayin mahzunsiz, qish kabi sovuq.
Bir nafas to‘xtashga fursat yo‘q hatto,
Hattoki bir lahza o‘ylashga vaqt yo‘q.

Uy – ish. Ish – uy. Bitta yo‘nalish –
Bir tarzdagi hayot. Ko‘nglingiz to‘qmi?
Ming tomonga tortar sizni ming tashvish,
Bir dam ozodlikka maylingiz yo‘qmi?

Bilmadingiz, kutib sarg‘aydi xomush
Siz qadam bosmagan kuzning bog‘lari.
Qish sira bermayin sandalga sovush
Kutdi sizni sodiq oshiq singari.

Bilmadingiz. Sizni yetaklar besas,
Uchrashuv, yig‘inlar, rejalar – ulkan.
Meni-chi, ezadi tanbehlar emas,
Yurakka berilgan eng katta “hayfsan”.

Buni-da bilmaysiz. Zotan, yo‘q fursat,
Tinglamoqqa bir dam ko‘ngil zorlarin.
Ularni ko‘madi qavatma qavat
Qayta-qayta yoqqan fevral qorlari…

To‘xtang, do‘stim! Ushlang vaqtni-da bir zum,
Qarang, diydor so‘rab turibdi bahor.
Chechaklarin ko‘zga surting, bu – udum,
U – bizning faslimiz, tuhfasi bisyor.

“Keyin…” demang, hozir qiling shu ishni,
Kaftingizni ochib yomg‘irlariga.
Qalb mayli atalgan Ulug‘ Yumushni
Bajaring, qo‘l siltab qolgan bariga…

Evoh, unutibman vaqti tig‘izda
Tashvishga bandisiz – yetmaydi fursat.
Uzoq kutib qoldi qabulingizda,
Ayting, qachon kelar Ko‘ngilga navbat?!

31.03.2012

* * *

Nega tegding? Bilmasmiding qo‘llaring zahri
Qolishin ul nozik gulning yaproqlarida?
Bamisoli dil o‘rtagan ishq bo‘sasidan
Dog‘ qolganday sohibjamol yanoqlarida.

Nega tegding? Olmas ekan bandidan uzib,
Gul ko‘nglida uyg‘otibsan murg‘ak, beg‘ubor
Hamda beayb, eng bokira tuyg‘ularni sen,
Nelardandir ma’sum dilin aylab umidvor.

Nega kirding bu chamanga, ayt, ey otashqalb?
Ne sinoat aylamishdi seni mahliyo?
Ta’qiqlangan meva ta’min bilmoqlik uchun
Oshiqdingmi hoy-havasga bo‘lib mubtalo?

Nega suyding? Mehring bilan ochildi qat-qat
Bir muattar ifor sochib go‘zal g‘unchasi.
Lek uzmading o‘zing bilan olib ketmoqqa,
Ochilmayin qoldi gulning ishq tugunchasi…

Nega suyding, nega suyding, ayt, ey otashqalb?..

19.04.09

* * *

Esli odam eskini eslamaydi, deydilar,
Har yaxshidan bir yomon izlamaydi, deydilar,
Do‘st diliga jafoni ko‘zlamaydi, deydilar,
Gina, ta’na, kek-araz nima hojat, azizim,
Diydor sari talpining, dam g‘animat, azizim.

Umr yelday yugurik: bahor o‘tar, kuz o‘tar,
Bizga jonday yaqinsiz – ko‘ngil yetar, ko‘z yetar,
Shikasta bu dil mudom sizdan shirin so‘z kutar,
Anglamaysiz, bilmaysiz – bu ne g‘aflat, azizim,
Bir jilmayib boqsangiz – katta davlat, azizim.

Izlamang, bizdek do‘sti sodiqni topolmassiz,
Taqdir ochgan eshik bu, urinmang, yopolmassiz,
Biz sizni chinni dedik, tosh yoki sopolmassiz,
Ikki dilni bog‘lagan bir muhabbat, azizim,
Xudo bergan bu mehr tansiq ne’mat, azizim.

Siz borsiz, olam go‘zal, borsiz, dahri dun go‘zal,
Xayolingiz yoritsa, shul qorong‘u tun go‘zal,
Siz bo‘lsangiz yonimda hatto So‘nggi Kun go‘zal,
Sizsiz ammo ko‘ngilda yo‘q halovat, azizim,
Bas, unuting arazni to qiyomat, azizim.

Xurshid sizni deb mehrin bersa sochib ziyosin,
Eting munavvar aning ko‘ngil uyi — samosin,
Toabad kanizingiz tilida shu duosi:
Sultonsiz, bu jonimiz sizga nisbat, azizim,
Faqat bermangiz gina-kekka navbat, azizim…

31.08.2011

* * *

Dilim mahtal bir ko‘rguzar imkoniga,
Qaytib qo‘l uzatmasman dasturxoniga,
Vaqti bevaqt chorlab qo‘yib, endi nechun,
Boqmas dunyo bu beizzat mehmoniga?

Yaralganman bir kaftgina tuproq bilan,
Loy tanimga jon baxshida titroq bilan,
Kelmog‘im ham, ketmog‘im shu so‘roq bilan:
Javob nadir Haqning sirri pinhoniga?

Yurakka-ku bir parcha cho‘g‘ solib qo‘ymish,
Yonay desam, piligim yo‘q, olib qo‘ymish,
Shamchirog‘im, bilmam, nedan olib quymish,
Nur bermasa ko‘ngilning zimistoniga.

Zulmat dedim, asli zulmat bo‘larmidi,
Kulgu emas, boshda qayg‘u kularmidi,
Chiqmoq istar, paymonasi to‘larmidi,
Ruhim tushdi vujud degan zindoniga…

Xato izlar savolim ham javobimdan,
Har satrimu har varag‘im, har bobimdan,
Ulush tilar hatto qilgan savobimdan,
Oshno etma meni elning nodoniga.

Ahvolimga qiziqmaydi do‘sti habib,
Bemoridan hol so‘ramas. Qandoq tabib?!
Necha qilgay diydoridan ul benasib,
Uchradikmi yorning zolim, yomoniga?

Xurshid dedi: Bu dunyoning yolg‘oni ko‘p,
Rost so‘zlasang, chekkan ohi afg‘oni ko‘p,
Seni yoyday tutib turgan kamoni ko‘p,
Otsa, ketgung Borsa kelmas tomoniga…

Dilim mahtal bir ko‘rguzar imkoniga,
Qaytib qo‘l uzatmasman dasturxoniga…

20.10.2008

* * *

Ketdi Oftob nurlarin yig‘ib,
Zich yopildi Osmon pardasi.
Zulmat kecha sochlarin yoyib,
Kirib keldi Tun farishtasi.
Bir silkitdi qaro yengini,
Duv to‘kildi samoga yulduz.
Tun chimmati ostidan mayin
Oy zaminga boqdi qayg‘usiz.
Kipriklarga tarqatdi uyqu,
So‘ng borliqni choyshabga o‘rab
Horib cho‘kdi jilg‘a bo‘yiga
Tun o‘ltirdi sochlarin tarab.
Sokinlikda yayrab tin oldi,
-Shukr, — dedi, — joyida bari.
Lek bir ovoz. Chimrildi nogoh
Tun qizining qaro qoshlari.
Etaklarin sudrab sharpasiz
Qayda ovoz? Izlab ketdi u.
Kim ekanki, o‘tmadi afsun,
Nahot unga yetmadi uyqu?
Topib keldi xilvat go‘shani,
Derazadan boqdi Tun bedil.
Bu ta’qibdan bexabar, qo‘shiq
Kuylar edi bir bedor Ko‘ngil.
Tinglar ekan go‘zal Qo‘shiqni
Tun unutdi bor afsunlarin.
Tong yellari chorlab kelguncha
Ketolmadi hech bundan nari.
Tindi Qo‘shiq. Ketgisi kelmas,
Tun qolmoqqa izlar bahona.
Belgi chizdi so‘ngra darchaga,
Kelmoq uchun yana pinhona…

7.11.08

“Televideniya hayotidan lavhalar” turkumidan

***

Uyda qoldiraman hasratlarimni,
Ko‘chaga ergashib chiqishi shartmas.
Ular e’tiborin tortmas hech kimni,
Axir, birov dardi boshqaga dardmas…
Xo‘rsinaman ishga, tashvishga sho‘ng‘ib,
Yelkamdan tutadi efir zahmati.
Panjara ortida qolar mung‘ayib,
Pinhona ergashgan Ko‘nglim hasrati.
Ko‘z ochib-yumguncha yarimlaydi kun,
Nishabga yumalar Vaqtning zoldiri.
Kechki o‘n sakkizga ulgurmoq uchun
Avjida TVning yugur-yuguri.
Uydagi Hasratning toqatlari toq,
Sog‘inar birgina og‘iz so‘zimni.
Telefonga cho‘zar qo‘lini shu choq,
Eshitmoqchi hech yo‘q bir ovozimni.
Ishga tushib ketar mendagi matoh,
Yuragim toriday chalinadi kuy.
Men shoshib olaman, ammo Vaqt ogoh,
Koyiydi: “Chalg‘iysan, telefonni qo‘y!”
Noiloj kutaman Ozodlik onin
Kutgan bandi kabi ishim tugashin.
Nihoyat, yo‘lga shay efir karvoni,
Muloyim tortadi Vaqtning qarashi…
Oqshom. Yopiladi to‘rt qavatli ko‘shk,
Oshiqaman uyga, Hasrat qoshiga.
Qalbimda yangraydi sog‘inchli qo‘shiq
Hamda shay turaman ta’na toshiga.
Kalit shiqirlaydi, ostona hatlab,
Kiraman, qarshilar meni Sukunat.
Bir kunda MING yilcha kutishdan charchab,
Suratimni quchib, uxlaydi Hasrat…

10.04.2013.

* * *

Sen nega hujjatsiz kelding, Muhabbat?
Boshlab kirolmayman seni ichkari.
“Bizda tartib shunday, qattiq nazorat…” –
Noiloj qasrimning muhofizlari…
Ko‘rsatuv qo‘yilgan yigirma birga,
Men sendan intervyu olmog‘im kerak.
Javdirab qarayman bosh muharrirga,
Bilmam, endi nima qilmog‘im kerak?!
“Nega kechikadi qahramoningiz?
Ustiga ustakcha hujjatiyam yo‘q.
Kim edi o‘zi u? Muhabbat?! Afsus,
Yaxshi gapirardi… Nailoj, vaqt ziq!”
Indamay ortingga qaytib ketasan,
Men-chi, boshim bilan sho‘ng‘iyman ishga.
Axir, ulgurmoqlik emas-da oson,
Unutaman seni ming bir tashvishda.
Montaj yakunlanar. Eng so‘nggi daf’a
Nazorat qiladi bari-barini.
Efirga berilar aytilgan lavha.
Qalbimning eng tiniq tasvirlarini
Oynayi jahonda ko‘rarkan, asta
Xo‘rsinib qo‘yasan:”Men yo‘qman faqat!”
Mening-da o‘ylarim shunga payvasta:
“Bitta intervyu kam. Birgina hujjat…”
Hammasi joyida, rejissyor xursand,
Ammo ko‘ngil degan bir kam to‘lmaydi:
“Mukammal chiqmadi. Urinib ko‘rsam
Maylimi men yana? Busiz bo‘lmaydi?”
Yoziladi reja, tuzilar dastur,
Bir katta filmga bo‘lgudek mavzu.
“Sevgi, axir, bitmas, abadiy ta’sir,
Yozsa bo‘lar qancha, tugamaydi u…”
Syomka belgilab, shay keltirilar
Ma’qul joy, chiroqlar, taxminiy suhbat…
Faqat bir xavotir ko‘nglimni tilar:
“Ishqilib, hujjatsiz kelma, Muhabbat!..”

8.10.13

Tarje’bandlar

* * *

Mayparastlikni magar etsam havas,
Aylamang ta’na-malomat bir nafas.

Mast-alastlar xayliga qo‘shmang meni,
Mast-alastlik men uchun odat emas.

“Bodaga dil berdi taqvosin qo‘yib”,
Deb yasamang shubha-gumondin qafas.

Bilmagaysiz ne uchun tutdim qadah,
To‘ldirib no‘sh etganim ham may emas.

Ichdi dil, garchandiki sipqordi lab,
Endi maydin o‘zga tama’ istamas.

Sharob ahli anglamas: ne bodadur?
Ichmasa lek bu ko‘ngil g‘ambodadur…

* * *

Aylanib o‘ng ko‘hna olam mehvari,
Kuldi iqbol, yuz o‘girdi men sari.

Dayr piri ko‘rsatib mayxonani,
Ochdi eshik so‘ng xarobot savdari.

Kirdimu ko‘rdim ne hol bu, voajab?
Necha soqiy, qo‘lda oltin sog‘ari.

Nechuk olmay jomda Xayyom tutsa may,
Jom ichidan boqsa mohi anvari?

Yo Navoiy uzatib sing‘on safol,
“Ich!” desa kuch qayda surmoqqa nari?

So‘ngra Bobur bir surohiyda chog‘ir
Berdiyu ochildi dilning daftari.

Mashrabi devona ilkida sharob
Hamda Vaysiy – may tubinda gavhari.

Quydilar may bo‘ldiyu qalbim qadah,
Etdi maxmur qatra-qatra dardlari…

Sharob ahli anglamas: ne bodadur?
Ichmasa lek bu ko‘ngil g‘ambodadur…

28.11.08

09

(Tashriflar: umumiy 281, bugungi 1)

Izoh qoldiring