Ismoil Bekjon. Qo’l yetmas yulduz (Bobur va Jom jangi)

034    Сўнгги тадқиқотларимиз шуни кўрсатдики, “Бобурнома”нинг биринчи босқич таҳрири 1528 йил май ойида ёзила бошлаб, унинг асосий қисми ўша йилнинг декабрь ойида ниҳоясига етган. Асар ўша давргача, яъни 1493 йилдан 1528 йил декабри воқеаларигача йилларни тўлиқ ўз ичига олган ҳолда пухта режа асосида бор ерида муаллиф кундаликларидаги қайдлар, йўқ жойида Бобурнинг кучли хотирасига суяниб битилган. “Бобурнома”да ёзилишича, Бобур ёзилиб турган бу асаридан нусха кўчиртириб, уни 1529 йилнинг 4 мартидаёқ Кобулга, аниқроғи ўша йилнинг 3 февралида Ҳиндистондан Бобур ёнидан ўз юрти Самарқанд сари йўлга чиқиб, Кобул шаҳрида тўхтаган Хожа Калон Хожа Яҳё набираси учун юборган..

Исмоил Бекжон
ҚЎЛ ЕТМАС ЮЛДУЗ
ЁХУД БОБУР ВА ЖОМ ЖАНГИ

088

055Сўнгги тадқиқотларимиз шуни кўрсатдики, “Бобурнома”нинг биринчи босқич таҳрири 1528 йил май ойида ёзила бошлаб, унинг асосий қисми ўша йилнинг декабрь ойида ниҳоясига етган. Асар ўша давргача, яъни 1493 йилдан 1528 йил декабри воқеаларигача йилларни тўлиқ ўз ичига олган ҳолда пухта режа асосида бор ерида муаллиф кундаликларидаги қайдлар, йўқ жойида Бобурнинг кучли хотирасига суяниб битилган. “Бобурнома”да ёзилишича, Бобур ёзилиб турган бу асаридан нусха кўчиртириб, уни 1529 йилнинг 4 мартидаёқ Кобулга, аниқроғи ўша йилнинг 3 февралида Ҳиндистондан Бобур ёнидан ўз юрти Самарқанд сари йўлга чиқиб, Кобул шаҳрида тўхтаган Хожа Калон Хожа Яҳё набираси учун юборган..

Бунга яна қўшимча далил шуки, Бобурнинг 1528 йил 28 декабрида тартиб берган ва 1529 йил 3 февралида Кобулдаги Ҳумоюн ҳамда Комрон, Хожа Калонбекка йўллаган Ҳиндистон девонининг Рампур қўлёзма нусхасида муаллифнинг қуйидаги сўзлари мавжуд: “Ҳиндистон азимат қилғоли айтилғон ашъор бу эдиким, таҳрир қилдим, кечғон вақое улдур, тақрир қилибтурмен, нечукким бу авроқда мастурдур, ул ижрода мазкур”.

Мазкур девонда қуйидаги рубоий ҳам ўрин олган бўлиб, бизнингча, бошқа шеърий намуналар қатори у ҳам “Бобурнома”нинг ўша биринчи таҳририда ҳавола этилган:

Бу олам аро ажаб аламлар кўрдум,
Олам элидин турфа ситамлар кўрдум.
Ҳар ким бу “Вақое”ни ўқур, билгайким,
Не ранжу, не меҳнату, не ғамлар кўрдум.

Афсуски, 1528 йили тартиб берилган ва ёзилиши ҳамоно Бобурнинг ота ватани Мовароуннаҳрга юборлиган мазкур биринчи таҳрир нусхалари ҳозирча топилмай келаётир.

“Бобурнома”нинг бизгача етиб келиб, аслича ва бошқа ёзув ҳамда тилларда нашр қилинган ноқис қўлёзма нусхалари эса асарнинг 1529 йил август – 1529 йил ноябрь ойлари ичида ўша биринчи таҳрирнинг қайта кўрилиб, 1530 йил ўрталарида яна охирига қўшимчалар илова этилган иккинчи таҳриридир. Қайта таҳрир чоғи баъзи далилларнинггина илгариги матнга қўшилганини ҳисобга олинмаса, биринчи таҳрир деярли ўзгаришга учрамаган. 1528 йилдан кейинги рўй берган воқеаларга оид маълумотларнинг асар таркибига қўшимча қилиниши эса табиий ҳол. Кейинги фикримизни тасдиқлаш учун қуйидаги мисолни кўриб чиқайлик: Ҳижрий 911 (1505 – 1506) йил воқеалари бобининг ёзилиш даври икки хил эканлиги кўзга ташланади.

Бобур Султон Ҳусайн Мирзонинг катта қизи Султонбегим ҳақида ёзаркан, унинг ўғли Султон Муҳаммад Мирзога “бу тарихта Қанауж вилоятини” бергани хусусида сўз юритади. “Бобурнома”дан биламизки, мазкур султонга Қанауж 933 йилнинг 23 ражаби (1527 йилнинг апрели)да суюрғол қилинган. Шундан сўнг, Султонбегимнинг Кобулдан “ушбу тарихта набирасини олиб, Ҳиндистонға келатурғонда Нилобта” вафот этгани, нашъини Кобулга олиб қайтганлари ва набирасининг эса Ограга етиб келгани илова қилинади. “Бобурнома”дан яна маълумки, Султонбегим Хоразмдан Бобур қошига – Кобулга 1519 йили келган эди. У 1529 йил 22 январида эса Бобурнинг оила аъзолари билан Кобулдан йўлга чиқиб, Ҳиндистонга бораётганда чегара шаҳар Нилобда 1529 йил 18-28 февраль кунлари орасида вафот этади, набираси бўлса Ограга 1529 йилнинг 23-июнида етиб боради. Кўринадики, Султонбегимга бағишланган битта кичик хабар икки хил санадан туриб тартиб берилган: 1527 – 1528 йиллар ва 1529 йил охирлари.

Энди мазкур фикримизни бошқа далиллар билан ҳам тасдиқлаш мақсадида айнан шу 911 ҳижрий (1505 – 1506) йил бўлимидаги шоир Ҳилолийга бағишланган парча маълумотларига эътиборни қаратамиз: Бобур Ҳилолийни “бу тарихта (яъни китоб тартиб берилаётган пайтда – И. Б.) ҳам бордур”, дея хабар беради.

Тарихдан маълумки, шоир Ҳилолий 1529 йил 21 – 24 октябрь оралиғида Ҳиротда шайбоний Убайдуллоҳхон буйруғига биноан қатл этилган. Демак, Бобур 1506 йил воқеалари ичида Ҳилолийга оид келтирган хабарни 1529 йил октябрь ойидан илгарироқ, аниқроғи, 1528 йил охирларида ёзган ҳамда иккинчи таҳрирда бу маълумот ўз ҳолича, яъни назардан четда қолиб, ислоҳга учрамаган.

Асардаги барча йил воқеалари тўлиқ ҳолда пухта режа асосида баён этилиб, аммо қўлимизда мавжуд қўлёзма нусхаларнинг, афсуски, бизгача ноқис ҳолатда етиб келганига яна юқоридаги сингари кўплаб аниқ далилларга асосланган мисоллар келтиришимиз мумкин.

Ушбу шарҳ-мақола орқали эса “Бобурнома”да қайта-қайта тилга олинган бир воқеа – шайбонийлар ва сафавийлар ўртасида рўй берган Жом жанги воқеаси ва унга Бобурнинг муносабати мавзуси атрофида сўз юритиш ниятидамиз. Чунки бу воқеа доимо ота юрт соғинчи ва унга қайтиш иштиёқи билан яшаган Бобур Мирзо қалбида вақтинчалик бўлса-да, яна умид учқунларини чақнатган, қолаверса, ҳақиқатан ҳам мазкур жанг сабабли XVI аср Ўрта Осиё сиёсий ҳаётида яна бир катта ўзгариш юз беришига бир баҳя қолган.

Ҳижрий 935 йил сафар ойининг ўнида (1528 йил 24 октябри) Бобур Мирзо Хуросон аҳлига истимолат (ўзи томонга оғдириш) фармонларини юборади. Зеро, унинг мақсади 5 – 6 ой ичида Ҳиндистоннинг ҳали тасарруфга ўтмаган юртларини қўл остига киритиш ва яна душманлашиб қолган ҳиндистоний амир, султонларни маҳв этиш, ундан кейин Ҳиндистонни ўғилларидан биттасига бериб, бўйсунган ҳинд умаро-ю, султонлари ҳамда “бошқа борар жойи йўқ” тоғаваччалари Чин Темур султон, Эсан Темур султон, Тўхта Буға султон, Бобо султон ва Султон Ҳусайн Мирзо авлодидан Муҳаммадзамон Мирзо, Муҳаммадсултон Мирзо, Қосим Ҳусайн султон, Абдуллоҳ султон, Андижондан то Ҳиндистонгача Бобур билан бирга жон олиб, жон берган яқин бек, амирларга юрт ва парганалар тақсимлаб, ўша ўғлига юкундириш, ўзи эса Кобулга келиб, гоҳ сафавийлар, гоҳ шайбоний султонлари қўлига ўтавериб, вайрон-хароба бўлаётган Ҳирот, Балх каби айрим Хуросон ерларини ўз паноҳи остига олиш эди. Бўлмаса, икки йил илгари арзимаган бир вазиятда, Балхдек ўлка шайбонийлар қўлига ўтгани каби (бу воқеа Ҳумоюннинг 1525 йили сентябрида Ҳиндистон сафарида қатнашиш учун Қалъаи Зафардан чиқиб кетганидан сўнг рўй берганди), у томонлардаги бошқа маврусий ерларни ҳам душман эгаллаши эҳтимоли йўқ эмасди. Мовароуннаҳр етмаганидек, Хуросондан ҳам айрилиш ва фақат Ҳиндистондек узоқ ўлкадагина қолиб жон сақлаш Бобур учун ўлим билан баробар эди.

“Ҳиндустоннинг шарқ ва ғарб ёғийларидин ва кофирларидин тенгри инояти била хотирлар жам бўлди. Ушбу ёз тенгри рост келтурса, албатта, ўзумизни ҳар навъ қилиб еткургумиздур”, деб ёзган эди Бобур подшоҳ ўша истимолат фармонларида. Демак, унинг режаси бўйича, Ҳиндистондан Кобулга қайтиши 935 йил рамазон-шаввол (1529 йилнинг май-июнь) ойларида амалга ошиши керак эди.

935 йил сафар ойининг 21 куни (1528 йилнинг 4 ноябри) келган хатлар эса Бобурда Хурсонгагина қайтиш эмас, ҳатто унинг учун қўл етмас юлдузга айланиб қолаётган ватан – Мовароуннаҳрга ҳам қайтиб бора олиш умидини учқунлантиради. Хабарлар Қалъаи Зафардаги Комрон ва Кобулдаги Хожа Хованд Дўстдан эди. Улар бу хатларни Кобулда Ҳумоюн билан маслаҳатлашгач, 934 йил 28 зулҳижжа (1528 йил 23 сентябрь) куни Ҳиндистонга жўнатгандилар. “Арзадошт”ларда айтилишича, Шоҳ Таҳмосп “Хуросонни озод этиш” мақсадида юриш қилиб, шайбонийлар тасарруфида бўлган Домғон вилоятини қўлга киритади. Ҳиротни қамалда тутиб турган Убайдуллоҳ султон бу ерда қолишни хавфли билиб, Марв томон йўналади ва Мовароуннаҳрдаги султонларни қизилбошларга қарши катта урушга чақиради. Бобур бу хабарларни китобда “яхши хабарлар” деб атайди, аммо нима учун мазкур фикрга келгани сабабини изоҳлаб ўтмайди.

Комроннинг Қалъаи Зафардек истеҳкомни, душман шайбонийлар қўлида турган Балхга яқин жойда бўлишига қарамай, ташлаб, Кобулга Ҳумоюн ҳузуридаги Хожа Дўст Хованддан маслаҳат олиш учун келиши эса бобурзодаларнинг ҳам бу воқеага қизиқиш-эътибор, аниқроғи, сиёсий муносабатлари борлиги ҳақида фикр юритишга ундайди. Гарчи хатларда айнан шулар ҳақида сўз юритилаётган эса-да, “Бобурнома”да булар қайд этилмайди, муаллиф аввал кундалик, сўнг китобга кўчирган мазкур воқеа тўғрисида батафсил ҳикоя қилмайди ва буни биринчи қарашда адибнинг ёзиш услуби деб хулоса чиқариш мумкин. Бироқ Ҳумоюн ва Комроннинг Бобур ҳикояси орқали билиниб турган безовталиги, дарҳол отасига хат жўнатишларидан сезса бўладики, бобурийларнинг агар бу урушда шайбонийлар енгса, ишлари осон бўлмаслиги, агар сафавийлар ғалаба қозонса, унда фурсатдан фойдаланиб, Хуросондаги баъзи ерларни қўлдан чиқариб бўлса-да, Мовароуннаҳрдек меросий ўлкани қайтариб олиш учун отланиш зарур, деган қарорга келганлари аниқ. Бу фикрларимиз Ҳумоюннинг Шоҳ Таҳмосп ва шайбонийларнинг Жомда 1528 йил 25-сентаябрда рўй берган тўқнашуви хусусида кетма-кет отасига хат ёзиб, унда Бобурга Мовароуннаҳр сари отланажаги, бунинг учун эса ҳинд қўшинидан аскар юборишини илтимос қилган пайтларида янада ўз исботини топади.

Иккинчи хабарни 935 йил рабиулаввалнинг 10-куни (1528 йилнинг 23-ноябри) Ҳумоюннинг Баёншайх исмли навкари келтиради. У Ҳумоюн ҳузуридан (935 йил) сафар ойининг 9-куни (1528 йил 23-октябрь) йўлга чиққан эди. Ҳумоюндан олинган бу хат ҳақида Бобур олдин кундалигида шундай қисқача хабар беради: “Ўшул асно(935 йил 10-рабиулаввал – И.Б.)да Бадахшондан Муҳаммад Ҳумоюн қосидлар йиборибтурким, қирқ-эллик минг черик йиғиштуриб, Султон Вайсни йўлдош қилиб, Самарқанд хаёли бошқа тушубтур ва сулҳ сўзи ҳам орада бор…” (мазкур нашр, 354-бет). Бу хабарда яна Шоҳ Таҳмоспнинг Хуросонга келиб, Жом ноҳиясида шайбонийларни тор-мор этгани айтилган эди ва унинг баёни “Бобуронам”да батафсил ҳикоя қилинган. Сафавийлар ва шайбонийларнинг Жомдаги тўқнашуви кетма-кет ёзилиб, аммо Бобурга бир пайтда жўнатилган бир неча хатларда бу воқеа турлича баён этилган эди. Лекин Бобур учун энг муҳими, уларнинг барчасидаги шайбонийларнинг Убайдуллоҳхон, Кўчкунчихон, Абу Саидхон, Бароқхон, Фўлод султон, Жонибек султон, Ҳамза султон, Кистан Қаро султон ва уларнинг ўғиллари бош бўлган 105 минг кишилик қўшини буткул мағлубиятга учраб, деярли барча султонларнинг шу урушда ҳалок бўлгани тўғрисидаги хабарлар эди. Бу гапларга ишонилса, Бухоро-ю Самарқанд, Тошкенту Ҳисори Шодмон ҳамда Балх батамом эгасиз қолган. Бундай қулай фурсатнинг бу даража осонликча, кутилмаганда юзага келиши эса ўй-андишали, ҳар бир ишни ўйлаб, батаҳқиқ амалга оширадиган Бобурни ҳам шошириб қўяди. Ватан соғинчи-ю, Ҳумоюннинг муболағали хатлари ишини қилиб бўлган эди – Бобур меросий ерларни хаёлида деярли олинган ҳисоблаб, тезда хат битиб, ўғилларига ўз фикрларини билдиришга тушади. Бобурнинг бошига келган биринчи қарор ушбу эди: “Анинг (Ҳумоюннинг – И.Б.) арзадошти жавобида битилдиким, тенгри таолодин умидвормизким, ўшул яқинда Ҳиндустон вилояти қўлға киргай. Ҳавохоҳ ва яхши фарох ҳавсалаларимиздин Ҳиндустон вилоятиға қўюб, ўзумуз маврусий вилоятимизға борғаймиз. Ва керакким, бори халқимиз бу юрушда Ҳумоюнға йўлдош бўлуб, ихлос кўрсатгайлар…” (354 бет). Кўрганимиздек, Бобур ўзининг аввал Хуросонга жўнатган истимолат хатида Кобулга қайтиши ҳақида ёзган бўлса, бу гал дадиллик билан “маврусий вилоят”, яъни Мовароуннаҳрга ҳам қайтажаги ҳақида гапирмоқда! Чунки, Бобурга умид боғлаган яна бир гап “орада сулҳ сўзи ҳам бор”лиги эди-да. Бу дегани, Мовароуннаҳрда бирор қудратли хон ва султон тирик қолмагач, уларнинг кучсиз ворислари мамлакатни Бобурга урушсиз топширишга розилик беришгани хабари эди. Ҳумоюннинг бу каби хушхабаридан қувонмай бўлармиди, ахир. Бобур Ҳумоюнга яна “бу вақтда эшик оғзига ўз оёғи билан келган бахтни қочирмаслик”ни уқтиради ва Самарқанд, Ҳисор ёки қайси томондан хоҳласалар ўша ёқдан Мовароуннаҳрни эгаллашни буюради. Комрон ва Кобулдаги бекларга Ҳумоюн бошчилигидаги қўшин таркибида бўлишга фармон юборади.

Ҳисор қўрғонининг эса ҳозироқ Бобур тарафдорлари қўлига ўтгани, Балхга ҳам Бобур одамлари киргани ҳақида 11 рабиулаввал (1528 йилнинг 24 ноябри)да хабар келганини хатда ёзиб, у ерларни ўзиники ҳисоблаб “тенгри инояти била Балх ва Ҳисор қўлга кирса, Ҳумоюн кишиси Ҳисорда, Комронники Балхда, агар Самарқнд ҳам мусаххар бўлса (эгалланса)” у ерда Ҳумоюн ўтиришини, Ҳисорни эса холиса (давлат мулки) қилишни, Комрон Балхни оз кўрса, камчилигини Мовароуннаҳрда тўлдиришини айтади. Хат охирига бориб, Мовароуннаҳр сари бўлажак юриш ташвишлари кўзига янада осонроқ кўринади ва у ҳолда Комроннинг Ҳиндистонга қайтиб келса ҳам бўлаверишини хаёлидан кечириб, буни ҳам хатга туширади. Кобулни ҳам холиса (давлат мулки) қилажагини, унга ҳеч бир фарзанди кўз тикмаслигини уқтиради. Қўшиннинг эса сараланганлардан бўлишини маслаҳат беради. Хат рабиулаввалнинг ўн учи (1528 йил 26 ноябрь) куни битилиб, Баёншайх эртасигаёқ хат ва фармонларни олиб, 27 ноябрь куни Оградан Кобул сари йўлга тушади. У Бобурнинг Комронга ва Хожа Калонбекка ҳам шу мазмунда ёзган хатларини олиб кетаётган эди.

Бобур энди Ҳиндистон ишларини тезлаштиришга киришади. 1528 йилнинг 3 декабрида мирзолар, султонлар, турк ва ҳинд амирларини машваратга чорлаб, Ҳинднинг бўйин товлаган ёки ҳали забт этилмаган ўлкалари томон қўшин тортишга қарор қилинади. Шу кунларда аввал бошланган қурилишларни тугатишни, Оградан Кобулгача масофани ўлчаб, почта хизматига зарур бекатларни белгилаш, жиҳозлаш ва таъминоти масаласини ўз йўриғига кўра тартиб беришни тезлатиб юборади.

Кўпинча китобхонада бўлиб, Хожа Аҳрорнинг “Волидия” рисоласини туркийда назм (1528 йил 11 – 12 ноябрь) қилади, “Ҳиндистон девони”га тартиб беради (1528 йил 28 декбрь) ва ўша йилнинг май ойида бошлаб қўйган “Вақое” (“Бобурнома”)ни 1528 йил декабригача воқеалари билан ниҳоясига етказади.

Шу ўринда мавзуимизга тааллуқли яна бир фактни эслатиб ўтишга тўғри келади. Ҳозирча нашр этилган “Бобурнома” матнида шайбоний хон ва султонлари элчиларининг Ограга Бобур ҳузурига боришлари ҳамда подшоҳ саройида қабулда бўлишлари воқеаси хабар қилинмагани ҳолда тўғридан-тўғри бу элчиларнинг 1528 йил 19-декабрь куни (Ҳумоюннинг фарзанд кўриши муносабати билан) бўлган тўйда қатнашганлиги ва кейинроқ ўз юртларига қайтишлари хусусидаги гаплар батафсил келтирилади. Бироқ рассом Рам Даснинг “Бобурнома”га чизган миниатюраларида ўзбек элчиларининг Огра яқинидаги “Ҳашт беҳишт” боғи шийпонида Бобур ҳузурида қабул қилиниши маросимига оид лавҳа тасвирланган бўлиб, расмга изоҳ тарзида “Бобурнома”дан ушбу сўзлар иқтибос қилинган: “Улар (ўзбек элчилари – И.Б.) қизил, оқ ва қора чойшабларга ўралган ниҳоллар олиб келишди. Мен қизил чойшабга ўралган олхўри кўчатини ўтқазишни буюрдим.” (М. Рандҳава. Асрлар ошган боғлар. Ансориддин Иброҳимовнинг “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида босилган таржимасидан олинди.) Начора, бу маълумотлар “Бобурнома”нинг ўзбекча нашрларида учрамайди. Хуллас, булар ва Бобурнинг “тўйда ўзбек элчилари ҳам бор эдилар” дейишидан билса бўладики, 1528 йил ноябрь охири – декабрь бошида бош хон ҳамда пойтахт Самарқанд мулкининг эгаси ҳисобланмиш Кўчкинчихон, тошкентлик шайбоний хонлари ва яна Шайбонийхоннинг келини (Темур султоннинг хотини) Меҳрибонхоним, унинг ўғли Фўлод султон ҳамда Абусаид бин Кўчкинчихоннинг элчи, навкарлари ва улар хизматига яқин олим, фозиллар Бобур ҳузурига расмий элчилик вазифаси билан борганлар. Аммо улар бу пайтда Жом жангидан мутлақо бехабар бўлганлар ва Бобур улар билан бу тўғрида гаплашмаган. Буни шундан билса бўладики, 1528 йилнинг 19-декабрида ўтказилган мазкур тўйдан ўн кун сўнг, яъни ўша йилнинг 29-декабрида Бобур ҳузурига Жом урушида қатнашган бир киши келиб, жанг тафсилотларини сўзлаб, шайбонийларнинг енгилгани хабарини етказади. Бобур эса бу хабарларни ҳам китобда қайд этади. Уруш қатнашчиси ҳикоясида Кўчкинчихон, Убайдуллоҳ султон, Абусаид султон бошлиқ тўққиз султон қўлга тушиб, улардан Абусаиддан бошқа 8 нафарининг ўлдирилгани, ҳатто Убайдуллоҳхоннинг боши топилмай, фақат гавдаси топилгани, кўплаб шайбоний аскарлари ҳалок бўлгани, айтилади. 1529 йилнинг 17 январида Кобулдан келган хатда эса Ҳумоюннинг катта қўшин билан Самарқанд устига юргани, Ҳисорни Ҳумоюннинг кишиси аллақачон эгаллагани, Қабодиён ҳам олингани ва у ерга Ҳумоюннинг ўзи ҳам ёрдамга кетаётгани ёзилган эди. Бобур китобда ишонч билан таъкидлаган бу қайдларини ҳам бизга шу ҳолича ёдгор қолдирган. Орадан кўп ўтмай, аниқроғи, 1529 йил 7 февралида Кобулдан яна хат келади. Бобур китобда хатлардан Кобулдаги аҳвол маълум бўлганини айтади, лекин улар нимадан иборатлигини ёзмайди. Бобурнинг жавоб хатларида ҳам энди Жом жанги-ю, Самарқандга юриш кабилар очиқ матн орқали тилга олинмай, балки бунга ишоралар қилинадики, келган хатларда нималар битилгани, Бобур ўз жавобларини нега дарғазаб, койиш оҳанглари билан йўғириб ёзганини англаш қийин бўлмай қолади. Бобур Ҳумоюнга атаб 9-февраль куни ёзган хатида агар ҳозиргача тайинли бир иш бўлмаган эса, ҳеч бўлмаса “ўғри била қароқни манъ қил”, “ораға тушган сулҳ иши”ни бузма дея ўғлига киноя аралаш, таъна ва шикоят тошларини отади. (“Тайинли иш” – Мовароуннаҳрга юриш масаласи, “қароқни ман қилиш” ва “сулҳ иши” – бобурийлар ва Балхдаги шайбонийлар ҳукумати орасидаги дипломатик муносабатларга доир бўлиб, Бобурнинг бу хабарларни кимдан билиб олгани борасидаги фикрларни қуйироқда келтирамиз.) Комронга Шаҳзода (Бобур бу ўринда ва яна бошқа маълумотларида Шоҳ Таҳмоспни илгариги одатига кўра “шаҳзода” ҳам деб атайди; Бу ҳақда яна қаранг: “Бабур-наме”, Главная редакция энциклопедий, Ташкент, 1993. С.: 405.) билан яхши муомалада бўлишни уқтиради. Хожа Калонга ёзилган хатда ҳам бояги уруш ҳақидаги фикрлар эсга олинмасдан фақат Кобул холиса (давлат мулки) қилиниши ва уни ободонлаштириш хусусидаги тадбирлар ипидан-игнасигача қайта-қайта эслатилган ҳолда китобга киритилган.

Бобурни умидлантирган Жом жанги воқеаси қандай рўй берган ва у қайси жиҳатлари билан бобурийлар учун аҳамиятли эди?

Сафавийлар ва шайбонийлар ўртасида кечган бу ҳарбий тўқнашув тўғрисида шу уруш қатнашчиси Зайниддин Восифийнинг “Бадое ул-вақое” ва эронлик муаррихлар Мир Яҳё Сайфийнинг “Луб ат-таворих”, Ҳасанбек Румлунинг “Аҳсан ат-таворих”, Искандарбек Муншийнинг “Тарихи олам оройи Аббосий”, Ризоқулихон Ҳидоятнинг “Равзат ус-сафойи Носирий” ҳамда XVII аср ўзбек тарихчиси Муҳаммадёр ибн Араб Қатағоннинг “Мусаххир ал-билод” ва бошқа кўплаб тарихий манбаларда маълумот берилган.

Урушнинг қисқача тафсилоти қуйидагича: Шайбоний хонлари Хуросоннигина эмас, балки бутун Эронни ҳам қўлга киритиш ва сафавийлар салтанатига барҳам бериш мақсадида 1528 йил июлида, мақола бошида айтганимиз Шоҳ Таҳмосп ҳамласи сабабли, Ҳиротдан Марвга чекинган Убайдуллоҳхонга ёрдамга отланадилар ва бу юришни улар шиаларга қарши ғазот уруши деб эълон қиладилар. Шунинг учун қўшиндаги лашкарга савобталаб дарвешлару руҳонийлар, олимлару санъат аҳллари, косиб-ҳунармандлару деҳқонлар ҳам қўшилиб, сарбозу оломон – жами 105 минг киши Амударёдан кечиб, Жом вилоятининг Харгерд ноҳиясига қарашли Зуробод мавзесидаги Сориқамиш деган жойда 1528 йилнинг 25 сентябрида Шоҳ Таҳмоспнинг 24 минг кишилик қўшини билан тўқнаш келадилар. Шиддатли жанглар атиги шу куннинг пешинигача давом этиб, сафавийлар енгилиб, Шоҳ Таҳмосп оз сонли аскарлари билан жанг майдонини ташлаб қочишга мажбур бўлади. Бироқ ўша пайт кутилмаган воқеа содир бўлади: душман мағлубияти маълум бўлгани ҳамоно ғалаба нашидасини барвақтроқ суришга тушган шайбонийлар қўшини душман ортидан қувиб етиш ва ўлжа излаш учун бирпасда ён-атрофга тарқаб кетадилар. (Жангда Кўчкинчихон, Жонибек султон, Убайдуллоҳ султон, Бароқхон, Абдулазиз султон, Фўлод султон, Келди Муҳаммад султон, Абу Саид султон ва шайбонийлар давлатининг бошқа устунлари қўмондонлик қилган эдилар. Бобурнинг қувонганича бор эди, агар бу барча султонлар чиндан ҳам нобуд бўлса, унда Мовароуннаҳр, Туркистонда қаршилик кўрсатишга ярайдиган ҳеч бир шайбоний хон ёки султон қолмас, Ҳумоюн осонликча маврусий юртларни қўлга киритиши мумкин эди.) Жанг майдонида бир неча султон ва амирлар ҳамда шайбонийларнинг энг шижоатлиси Убайдуллоҳ султон қолади. Шунда майдон четида чанг-тўзон пайдо бўлиб, унинг ичидан бир гуруҳ отлиқлар қолган шайбонийлар томон кела бошлайдилар. Шайбоний султонлари буларни ўлжа учун тарқалиб кетган ўз одамлари деб ўйлайдилар. Аммо кутилмаганда чанг ичидан Шоҳ Таҳмосп ва қизилбош лашкарбошилари чиқиб келиб, ғафлатда қолган шайбонийлар устига ташланадилар. Фурсатни бой берган Убайдуллоҳхон ва ёнидагилар ўз жонларини омон сақлаб қолиш учун ҳар томонга тум-тарақай қочиб кетадилар. Ўлжа учун ёйилиб кетган жангчиларга шайбоний хонлари “ҳалокатга учрагани, Шоҳ Таҳмоспга эса катта қўшин ёрдамга келгани” ҳақидаги ёлғон хабар етиб боради. Устига-устак шом ҳам қорайган бўлиб, тарқоқ ҳолда юрган сарбозу савобталаблар ваҳимага тушадилар, бир ерга йиғилиш ўрнига ўзларини дуч келган томонга уриб, заҳратарак қоча бошлайдилар. Шу зайл 1-2 соат ичида 105 минг кишилик қўшин тақдири ҳал бўлади: минглаб кишилар тўсатдан орқадан етиб келган душманлар қиличи зарбидан ва яна қанчалари шу ердаги Сарахс дарёсига чўкиб, кўплар эса дара-ю тоғу даштларда адашиб ҳалок бўладилар.

Аммо шайбоний хону султонларидан деярли ҳеч бири бу жангда нобуд бўлмайди. Улар Амударёдан соғ-саломат кечиб ўтиб, Бухоро, Самарқанд, Тошкентга етиб келадилар ва улардан анчаси яна кўп йил умр кўришади.
Албатта, ўша пайтда бу хабарнинг Ҳиндистонга аниқ ва тез фурсатларда етиб бориши қийин эди. Бобур ҳам хабарларни қандай шаклда қўлга киритса, шундай қабул қилишга мажбур эди (у хабарларни ўз эшитганича кундалигида қайд этади ва сўнг, яъни ҳақиқат аён бўлгач ҳам бу қайдларни шу ҳолича “Бобурнома”га кўчиради.)

Аммо воқеалар таҳлили асносида бизни қизиқтирган масалалар бошқа бўлиб, улар қуйидаги саволларда ифодаланган:

Жом жанги рўй бермасдан, аниқроғи Шоҳ Таҳмоспнинг Хуросондаги шайбоний Убайдуллоҳхон устига юриши олдидан бу ҳақда Ҳумоюн ва Комронга йўллаган мактуби, бу фарзандларнинг эса Бобурга битган хати мазмуни нима учун “Бобурнома”да сал эса-да, аниқроқ шаклда акс эттирилмай, фақат “яхши хабарлар” тарзида мазмуни хуфия тилга олиб ўтилган?

Бобур Жом жангида рўй берган аниқ хабарини қачон, қандай қўлга киритди ва Кобулдан 1529 йилнинг 7 февралида етиб келган мактубда нималар ёзилган эди? (Бу саволлар асарнинг ҳозир қўлимизда мавжуд нашри маълумотлари асосида юзага келди. Лекин келажакда “Бобурнома”нинг бошқа тўлиқ қўлёзма нусхалари топилиб, уларда мазкур масалалар батафсил баён этилган бўлса, нур устига нур бўларди.)

Юқоридаги саволларга жавоб топиш эса бизга яна бошқа илмий фаразларни ҳам ойдинлаштиришга хизмат қилади ва шу сабабли яна асар маълумотлари таҳлилига киришамиз.

Эслатганимиздек, 1528 йилнинг сентябрь ойи бошида ака-укалар Кобулда маслаҳатлашиб, 15 сентябрда Бобурга ёзган хат ўша йил 5 ноябрида Ҳиндистонга етиб боради. Бобурнинг бу хат мазмунини хуфия тилга олгани ва уни китобга киритмагани ҳамда воқеаларнинг кейинги ривожидан ушбу ўринда қуйидагича хулосага келиш мумкин: бу мактуб сафавийларнинг шайбонийларга қарши урушга тайёргарлик кўраётган пайтида Бобурга махсус юборилган сиёсий хат бўлиб, унда Шоҳ Таҳмоспнинг Кобул ҳукуматини бу юришда иттифоқчиликка чорлагани баён этилган. Ака-укалар ўзлари бу юришда қатнашишга рози эсалар-да, Бобур изнисиз бирор ишга қўл ура олмасдилар. Шоҳ Таҳмоспнинг нияти эса Хуросонга ҳадеб ҳужум қилавериб, сафавийлар давлатини ҳолдан тойдираёзган шайбонийлар ҳукумати ишини бирёқлик этиш бўлиб, бунинг учун у Мовароуннаҳргача юриш қилиши лозим, аммо сиёсий ва диний-мазҳабий мулоҳазаларга кўра бунда у фақат темурий, яъни Бобур ва ўғиллари иттифоқига суяниши мумкин эди.

Бобур бу давлат сири аҳамиятига молик дипломатик мактуб мазмунини, табиийки, кундаликларида ҳам, ёзаётган китобида ҳам ёритишга ҳаққи йўқ эди. Шунинг учун содир бўлган ва рўй бераётган воқеаларни тарих саҳифаларига рақам қилишга киришган Бобур, барибир, хат ҳақида ҳам тўхталади, аммо “арзадоштлар” орқали “яхши хабарлар” олганини қайд этади, холос. Бобур бу хатларга битган жавоби хусусида ёзса-да, унинг мазмуни ҳақида китобда лом-мим демайди, аниқроғи, давлат сирини ошкор қилмайди.

Бобурнинг Мовароуннаҳрни қайта қўлга киритишга бўлган чин иштиёқи фақат Жом жанги хабаридан кейингина аёнлаша бошлайди – хотираларида Мовароуннаҳрга юриш масаласини изҳор этишга очиқ-ойдин киришади ва қарорининг қатъийлигини маълумотлар ҳаволаси асносида яшириб ўтирмайди.

Демак, айтиш мумкинки, сафавийлар ёрдамида қўлга киритган Самарқанд тахтини олти ой ўтгач, аниқроғи, 1512 йилнинг апрель ойида шайбонийлар билан рўй берган Кўли Малик жангидаги мағлубиятдан сўнг ташлаб қочгани, айниқса, ўша йилнинг ноябрь ойида Ғиждувон қалъаси ёнида шайбонийлар билан бўлган жангда тағин енгилиб, сафавийлар билан иттифоқчиликнинг аччиқ сабоғини татиган Бобур Шоҳ Таҳмосп таклифига дастлаб аниқ жавоб бермаган. (Балки, бунга яна бошқа сабаб ва Бобурнинг давлат сиёсати миқёсидаги режалари монелик қилгандир.)

Кейинчалик, кутилмаганда, Жом жанги ҳодисалари рўй бериб, барча шайбоний хону султонлар ҳалокати ҳақида хабар келгач, Мовароуннаҳрни сафавий иттифоқчилар билан эмас, ўз ўғиллари ва амиру беклари билан қонуний равишда қўлга киритиш имкони туғилгандагина бу режани қўллаб-қувватлашга киришган.

Энди эса иккинчи масала: Бобур Жом жанги воқеасидан қачон аниқ хабар топди ва сўнг нега ўғилларига жаҳл билан хат ёзди?

1528 йилнинг 25 сентябрида Жомда рўй берган жанг натижаларидан бири – шайбонийларнинг мағлубияти Ҳумоюнга 5 октябрдаёқ маълум бўлган ва у отасига бу тўғрида дарҳол хабар жўнатган. Иккинчиси – шайбоний хон ва султонларининг ўлик-тириги хабари эса ҳақиқатдан ҳам бу пайтда номаълум бўлиб, Ҳумоюн уларни дастлабки хабарлар асосида эшитганича Бобурга етказганига ҳам шубҳа йўқ. Ҳатто 23 октябрда юборган хатида ҳам бу воқеа ҳали тўла аниқланмаган бўлиши мумкин. Аммо 17 декабрда отасига жўнатган хабарида (бу хат Бобур қўлига 1529 йилнинг 17 январида тегади) ҳам худди шундай маълумотнинг қайта такрорлангани кишида шубҳа туғдирмай қўймайди.

Шундай ёнгинасидаги Балх ҳокими Кистан Қаро (бу шайбоний султон ҳам Жом жангида қатнашган) соғ-омон тахт тепасида ўтириб, 1528 йилнинг декабри охирида Ҳумоюн билан чегара масалаларидаги айрим келишмовчиликларни ҳал этиш учун унга элчи юборган бўлса, қолаверса, шу 2 – 3 ой мобайнида Мовароуннаҳрдан Кобулга келиб-кетувчилар сони ҳам кам бўлмаган эса, қандай қилиб Ҳумоюн шу орада шайбонийзодаларнинг ўз юртларида эсон-омон юрт сўраётганидан хабар топмас экан?

Гап бу ерда теранроқ мулоҳаза юритиш ва хулоса чиқаришга ундовчи кенг қамровли сабабларга бориб тақалади: Кечагина, Хуросонни эгаллаб турган шайбонийларни у ердан ҳайдаб чиқариш ҳамда бобурийлар ҳамкорлигида уларни Мовароуннаҳр сарзаминида ҳам мағлубиятга учратиш иштиёқи билан катта юришга тайёргарлик кўриб турган Шоҳ Таҳмосп бугун Жом жангида бир тасодиф ила жонини зўрға омон сақлаб қолади.

Аввалига бу тўқнашувда шайбоний хон ва султонларининг ўлик ё тирик қолгани ҳақида қўлга киритган пала-партиш, шубҳали маълумотлари шоҳнинг асосий юпанчи бўлади ва Ҳумоюнни Мовароуннаҳрга юриш масаласига қизиқтириб қўяди. Сўнгра, яъни воқеа ҳақиқатидан хабар топгач ҳам шайбонийларнинг Хуросон, Мовароуннаҳрдаги ҳукмронлигига барҳам беришга жазм қилиб, иш қизиғида шайбонийлар қаламрави (ҳудуди)даги ўлкаларга қўшин тортиш режасидан қайтмайди ва бунда яна бобурийларни жалб этишга киришади. Аммо Шоҳ Таҳмосп Бобурнинг бир ой бурун рўйхушлик бермаганидек, ҳозир ҳам бу даъватга розилик бермаслигини аниқ биларди. Шунинг учун ҳам у, балки бошданоқ “шайбоний хон ва султонлари Жом жангида ҳалокатга учради” деган хабарлар тарқатишни махсус режалаштириб, бу уйдирма Ҳумоюнга ошкор бўлгач ҳам уни ва ёнидаги амирларни Мовароуннаҳрни қўлга киритиш масаласига қизиқтириб, Бобурга ёлғон хабарлар юбортириш усулидан фойдаланган.

Ҳумоюн отасидан сафавийлар билан Мовароуннаҳрга бўлажак юришга розилик ва аскарий ёрдам олиш мақсадида Бобурга ҳар кун бир янги ёлғон билан хатлар жўнатиб туришда давом этган. Юқорида эслатганимиз, 1528 йил 29 декабрда Бобур ҳузурига Жом жангида қатнашган бир кишининг келиб, уруш тафсилотларини баён қилиши ва шайбоний хонларининг барчаси ҳалок бўлганини сўзлаб бериши ҳам Ҳумоюн ҳийлаларидан бири бўлиб чиқади.

Бошқа бир манба орқали Бобурга “Балх ҳам Ҳумоюн одамлари” қўлига ўтгани ҳақидаги ёлғон хабарни етказиш ҳам Ҳумоюннинг иши бўлган. Ҳумоюн бу билан вақтдан ютиш ва отаси розилигини олиш мақсадида унга ёлғон хатлар орқали таъсир ўтказишга уринган. Ҳумоюннинг Ҳисор ва Қабодиённинг ўзининг одамлари томонидан эгалланиши хабари ҳам уйдирмадан бошқа нарса бўлмаган. (Шу сабабли ҳам Балх тарихини тадқиқ этган академик Бўривой Аҳмедов “Бобурнома”даги бу маълумот таҳлилида қийинчиликка дуч келиб, бошқа манбаларда буни тасдиқловчи маълумот йўқлиги сабабли “Ҳумоюн Ҳисор ва Қабодиённи олишга тайёргарлик кўрган бўлиши мумкин, бироқ, афтидан у бу шаҳарларни қўлга кирита олмаган”, дея тахминий хулоса чиқаришга мажбур бўлади; “Бобуронома”нинг русчага таржимони М. Салье эса Жом уруши (1528 йил 25 сентябри)дан анча кейин ўз ажали билан ўлган Кўчумхон (в. 1529), Абу Саидхон (в.1533) ва Убайдхон (в.1540) каби хон ва султонларнинг Жом жангида ҳалок бўлмагани, аммо Бобурнинг нега бундай нотўғри хабар бергани сабабини била олмай, ўз ҳайратини “Бабур-наме (“Записки Бабура”) нашрига ёзган изоҳида баён этган: 405 бет)

Шу ерда хулосамизни ойдинлаштиришга хизмат қилувчи яна бир фактни эслатиб ўтишга тўғри келади: Жом жангидан сўнг Шоҳ Таҳмосп ўз мамлакати пойтахтига қайтиб кетмасдан, Жомнинг Сориқамиш номи билан ҳам танилган хушманзара Шақобод яйлоқида бир ой давомида тўхтаб туради. Аммо ўша айёмда Эрон давлатига қарашли Бағдод ҳокими Зулфиқорхоннинг исён бошлаганини эшитгачгина, бу ерни тарк этади. Шундай қалтис бир пайтларда бундай чекка (аммо, шу билан бирга Кобулга яқин) жойда тўхтаб туриш Шоҳ Таҳмоспга нима учун керак эди? Мабодо у Бобурдан олинажак ўша фараз қилаётганимиз Мовароуннаҳрга юриш жавобини кутиб, шунча вақт қолиб кетмадимикин?

Жом жангининг ҳақиқий натижалари Бобурга Кобулдан 1529 йилнинг 7 февралида келган мактубдан олдинроқ маълум бўлган эди. 1529 йил январи ўрталарида Балх ҳокими шайбоний Кистан Қаро султоннинг Камолиддин Қўноқ исмли элчиси Бобур ҳузурига келиб, чегара масалалари бўйича музокара юритади. (Бобур Балх ҳокимига унинг элчилари орқали ва Ҳумоюнга эса бу масала ҳақидаги фикрларини 1529 йил 7 февралдаги хатга жавоб тариқасида баён қилади.)

Ўша пайтдаёқ Бобур Жом жанги хабарини балхлик элчилардан билиб олади ва ўтган йил ноябрида Ҳиндга келган самарқандлик, тошкентлик шайбоний хон-султонларнинг элчиларига қўшиб, Мовароуннаҳрга ўз элчиси Чопуқни юборади.

Мазкур элчилар қатори Шоҳ Таҳмоспнинг элчиси Ҳасан Чалабий ҳам 5 февраль куни Эронга қайтиб кетади. Ҳасан Чалабийнинг Бобур мулозаматида бўлиши “Бобурнома”да атиги бир бор, 1529 йил 27 январ кунги воқеалар зикрида қайд этилади. Унинг укасининг эса 1528 йил 19 декабрь куни тўйда қатнашганлигини Бобур ёзиб ўтган. Афтидан, Ҳасан Чалабий ҳам ўша кезлари Ҳиндистонда бўлган. Чунки Шоҳ Таҳмоспнинг ундан хавотир олиб, кетидан Шоҳқули деган чопарни жўнатгани ва Бобурнинг шоҳга хат битиб, Ҳасан Чалабийнинг кеч қолгани узрини ёзиб юборгани шундан далолат бериб турибди. Демак, Ҳасан Чалабий ҳам уруш воқеаларидан бехабар бўлган ва шунинг учун ҳам Ҳинддан қайтаётиб йўлда, Эрондан (аниқроғи шоҳ Таҳмосп тўхтаб турган Жом ноҳиясидан) келган Шоҳқулини учратгач, уни Бобур ҳузурига, “уруш кайфиятларини арз қилиш” учун юборади. (Шоҳқули ҳам Бобур ҳузурига 7 – 9 февраль кунлари оралиғида келади ва 1529 йилнинг 11 февралида Бобурнинг мактубини Шоҳ Таҳмоспга олиб кетади. Бизнингча, Шоҳ Таҳмосп ўз элчилари орқали “уруш кайфиятларини арз қилиш”ни ҳам Бобурни юпатиш учун махсус уюштирган ва гўё ўзини ҳам шайбоний хон-султонларининг Жом жангидан кейинги тақдиридан бехабардек кўрсатмоқчи бўлган ёки хуфиёна ишларидан бирор қисмини Бобур кўнглида гина-кудурат қолдирмаслик, уни жаҳлидан тушириш мақсадида элчи ва хат орқали очиқ айтган.)

Аммо “Бобурнома” орқали биламизки, ниҳоят, Жом жанги ҳақиқатлари Ҳумоюн тилидан тан олиб ёзилган хат 1529 йилнинг 7 февралида Бобур қўлига тегади. (“Бобурнома”да хатларнинг фақат Кобулданлиги айтилган эса-да, улардан бири Ҳумоюндан эканлиги аниқдир) ва аллақачон Ҳумоюннинг пинҳоний режаларидан хабар топган Бобур ўғлига таъна-ю киноя оҳанглари ила битилган жавоб мактубини жўнатади.

Шундан кейин, боя эслатганимиздек, “Бобурнома”да Жом жанги ёки Моввароуннаҳр масаласи сира тилга олинмайди. Юқорида айтганимиз Хожа Калонбекка ёзган хатини тугатиб эса Бобурнинг ўпкаси тўлади. Хат Бобурнинг Кобулни ўта соғингани ҳақидаги сўзлар билан тўлиб-тошган, Кобулдан келтирилган қовун баҳонасида йиғлашга сал қолганини ҳам яширмаган фикрлар Кобулга албатта қайтиш истагидаги ўй-туйғулар билан йўғрилган эди. Ўтган йил ноябрида шайбоний хону султонлари мағлубиятини эшитгандан бериги руҳ бу галги “қайтиш масаласи” баёни асносида сезилмасди. Энди у “тез кунларда Кобулга қайтамиз” дейиш билан бирга ўша хатда Ҳиндистонга опаси, оиласи ва Ҳиндолни чақиртираётган ҳам эди. Бобур Кобулга қайтишни оғизда айтаётган бўлса-да, амалда бу режани орқага сураётгани англашилиб туради. Ҳақиқатан ҳам Бобур шундан сўнг “Ҳиндистон ишлари”га жаҳду жадал билан қаттиқ киришиб кетади.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, “Бобурнома”нинг 1528 йил октябри – 1529 йил январи орасидаги даврга доир айрим маълумотлари таҳлилидан шу нарса аён бўладики, Шоҳ Таҳмосп шайбонийлар каби ғаним давлатнинг доимий хавф-хатаридан бутунлай қутулиш учун 1528 йил ўрталарида улар устига юришни режалаштирган ва бу ниятни узил-кесил амалга ошириш фақат Бобур иттифоқчилиги орқалигина мумкин деган хулосага келиб, уни ушбу юришда бирга бўлишга ёки сиёсий қўллаб-қувватлашга ундаган. Биз билмаган сабабларга кўра Бобур бу таклифга мойиллик билдирмаган. Шу аснода Жом жанги ҳодисаси рўй бериб, Шоҳ Таҳмосп бу воқеадан яна аввалги режасини амалга ошириш учун фойдаланмоқчи ва Бобурдан яна рад жавоби олмаслик мақсадида Ҳумоюнни ишга солиб, алдов йўли билан Бобурнинг қўллаб-қувватловига эришмоқчи бўлган. Аммо, кўрганимиздек, бу сиёсий ўйинлар бошқача тус олиб, тарихда Бобур ва бобурийзодаларнинг шайбонийлар қўлида бўлган ота мерос ўлкаларга қайтадан қилич кўтариб келиши воқеаси содир бўлмаган.

Манба: “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, 2001 йил, 16 феврал, №8 (3598)

045

Ismoil Bekjon
QO’L YETMAS YULDUZ
YOXUD BOBUR VA JOM JANGI

088

055So’nggi tadqiqotlarimiz shuni ko’rsatdiki, “Boburnoma”ning birinchi bosqich tahriri 1528 yil may oyida yozila boshlab, uning asosiy qismi o’sha yilning dekabr` oyida nihoyasiga yetgan. Asar o’sha davrgacha, ya’ni 1493 yildan 1528 yil dekabri voqealarigacha yillarni to’liq o’z ichiga olgan holda puxta reja asosida bor yerida muallif kundaliklaridagi qaydlar, yo’q joyida Boburning kuchli xotirasiga suyanib bitilgan. “Boburnoma”da yozilishicha, Bobur yozilib turgan bu asaridan nusxa ko’chirtirib, uni 1529 yilning 4 martidayoq Kobulga, aniqrog’i o’sha yilning 3 fevralida Hindistondan Bobur yonidan o’z yurti Samarqand sari yo’lga chiqib, Kobul shahrida to’xtagan Xoja Kalon Xoja Yahyo nabirasi uchun yuborgan..

Bunga yana qo’shimcha dalil shuki, Boburning 1528 yil 28 dekabrida tartib bergan va 1529 yil 3 fevralida Kobuldagi Humoyun hamda Komron, Xoja Kalonbekka yo’llagan Hindiston devonining Rampur qo’lyozma nusxasida muallifning quyidagi so’zlari mavjud: “Hindiston azimat qilg’oli aytilg’on ash’or bu edikim, tahrir qildim, kechg’on vaqoe uldur, taqrir qilibturmen, nechukkim bu avroqda masturdur, ul ijroda mazkur”.

Mazkur devonda quyidagi ruboiy ham o’rin olgan bo’lib, bizningcha, boshqa she’riy namunalar qatori u ham “Boburnoma”ning o’sha birinchi tahririda havola etilgan:

Bu olam aro ajab alamlar ko’rdum,
Olam elidin turfa sitamlar ko’rdum.
Har kim bu “Vaqoe”ni o’qur, bilgaykim,
Ne ranju, ne mehnatu, ne g’amlar ko’rdum.

Afsuski, 1528 yili tartib berilgan va yozilishi hamono Boburning ota vatani Movarounnahrga yuborligan mazkur birinchi tahrir nusxalari hozircha topilmay kelayotir.

“Boburnoma”ning bizgacha yetib kelib, aslicha va boshqa yozuv hamda tillarda nashr qilingan noqis qo’lyozma nusxalari esa asarning 1529 yil avgust – 1529 yil noyabr` oylari ichida o’sha birinchi tahrirning qayta ko’rilib, 1530 yil o’rtalarida yana oxiriga qo’shimchalar ilova etilgan ikkinchi tahriridir. Qayta tahrir chog’i ba’zi dalillarninggina ilgarigi matnga qo’shilganini hisobga olinmasa, birinchi tahrir deyarli o’zgarishga uchramagan. 1528 yildan keyingi ro’y bergan voqealarga oid ma’lumotlarning asar tarkibiga qo’shimcha qilinishi esa tabiiy hol. Keyingi fikrimizni tasdiqlash uchun quyidagi misolni ko’rib chiqaylik: Hijriy 911 (1505 – 1506) yil voqealari bobining yozilish davri ikki xil ekanligi ko’zga tashlanadi.

Bobur Sulton Husayn Mirzoning katta qizi Sultonbegim haqida yozarkan, uning o’g’li Sulton Muhammad Mirzoga “bu tarixta Qanauj viloyatini” bergani xususida so’z yuritadi. “Boburnoma”dan bilamizki, mazkur sultonga Qanauj 933 yilning 23 rajabi (1527 yilning apreli)da suyurg’ol qilingan. Shundan so’ng, Sultonbegimning Kobuldan “ushbu tarixta nabirasini olib, Hindistong’a kelaturg’onda Nilobta” vafot etgani, nash’ini Kobulga olib qaytganlari va nabirasining esa Ograga yetib kelgani ilova qilinadi. “Boburnoma”dan yana ma’lumki, Sultonbegim Xorazmdan Bobur qoshiga – Kobulga 1519 yili kelgan edi. U 1529 yil 22 yanvarida esa Boburning oila a’zolari bilan Kobuldan yo’lga chiqib, Hindistonga borayotganda chegara shahar Nilobda 1529 yil 18-28 fevral` kunlari orasida vafot etadi, nabirasi bo’lsa Ograga 1529 yilning 23-iyunida yetib boradi. Ko’rinadiki, Sultonbegimga bag’ishlangan bitta kichik xabar ikki xil sanadan turib tartib berilgan: 1527 – 1528 yillar va 1529 yil oxirlari.

Endi mazkur fikrimizni boshqa dalillar bilan ham tasdiqlash maqsadida aynan shu 911 hijriy (1505 – 1506) yil bo’limidagi shoir Hiloliyga bag’ishlangan parcha ma’lumotlariga e’tiborni qaratamiz: Bobur Hiloliyni “bu tarixta (ya’ni kitob tartib berilayotgan paytda – I. B.) ham bordur”, deya xabar beradi.

Tarixdan ma’lumki, shoir Hiloliy 1529 yil 21 – 24 oktyabr` oralig’ida Hirotda shayboniy Ubaydullohxon buyrug’iga binoan qatl etilgan. Demak, Bobur 1506 yil voqealari ichida Hiloliyga oid keltirgan xabarni 1529 yil oktyabr` oyidan ilgariroq, aniqrog’i, 1528 yil oxirlarida yozgan hamda ikkinchi tahrirda bu ma’lumot o’z holicha, ya’ni nazardan chetda qolib, islohga uchramagan.

Asardagi barcha yil voqealari to’liq holda puxta reja asosida bayon etilib, ammo qo’limizda mavjud qo’lyozma nusxalarning, afsuski, bizgacha noqis holatda yetib kelganiga yana yuqoridagi singari ko’plab aniq dalillarga asoslangan misollar keltirishimiz mumkin.

Ushbu sharh-maqola orqali esa “Boburnoma”da qayta-qayta tilga olingan bir voqea – shayboniylar va safaviylar o’rtasida ro’y bergan Jom jangi voqeasi va unga Boburning munosabati mavzusi atrofidaso’z yuritish niyatidamiz. Chunki bu voqea doimo ota yurt sog’inchi va unga qaytish ishtiyoqi bilan yashagan Bobur Mirzo qalbida vaqtinchalik bo’lsa-da, yana umid uchqunlarini chaqnatgan, qolaversa, haqiqatan ham mazkur jang sababli XVI asr O’rta Osiyo siyosiy hayotida yana bir katta o’zgarish yuz berishiga bir bahya qolgan.

Hijriy 935 yil safar oyining o’nida (1528 yil 24 oktyabri) Bobur Mirzo Xuroson ahliga istimolat (o’zi tomonga og’dirish) farmonlarini yuboradi. Zero, uning maqsadi 5 – 6 oy ichida Hindistonning hali tasarrufga o’tmagan yurtlarini qo’l ostiga kiritish va yana dushmanlashib qolgan hindistoniy amir, sultonlarni mahv etish, undan keyin Hindistonni o’g’illaridan bittasiga berib, bo’ysungan hind umaro-yu, sultonlari hamda “boshqa borar joyi yo’q” tog’avachchalari Chin Temur sulton, Esan Temur sulton, To’xta Bug’a sulton, Bobo sulton va Sulton Husayn Mirzo avlodidan Muhammadzamon Mirzo, Muhammadsulton Mirzo, Qosim Husayn sulton, Abdulloh sulton, Andijondan to Hindistongacha Bobur bilan birga jon olib, jon bergan yaqin bek, amirlarga yurt va parganalar taqsimlab, o’sha o’g’liga yukundirish, o’zi esa Kobulga kelib, goh safaviylar, goh shayboniy sultonlari qo’liga o’taverib, vayron-xaroba bo’layotgan Hirot, Balx kabi ayrim Xuroson yerlarini o’z panohi ostiga olish edi. Bo’lmasa, ikki yil ilgari arzimagan bir vaziyatda, Balxdek o’lka shayboniylar qo’liga o’tgani kabi (bu voqea Humoyunning 1525 yili sentyabrida Hindiston safarida qatnashish uchun Qal’ai Zafardan chiqib ketganidan so’ng ro’y bergandi), u tomonlardagi boshqa mavrusiy yerlarni ham dushman egallashi ehtimoli yo’q emasdi. Movarounnahr yetmaganidek, Xurosondan ham ayrilish va faqat Hindistondek uzoq o’lkadagina qolib jon saqlash Bobur uchun o’lim bilan barobar edi.

“Hindustonning sharq va g’arb yog’iylaridin va kofirlaridin tengri inoyati bila xotirlar jam bo’ldi. Ushbu yoz tengri rost keltursa, albatta, o’zumizni har nav’ qilib yetkurgumizdur”, deb yozgan edi Bobur podshoh o’sha istimolat farmonlarida. Demak, uning rejasi bo’yicha, Hindistondan Kobulga qaytishi 935 yil ramazon-shavvol (1529 yilning may-iyun`) oylarida amalga oshishi kerak edi.

935 yil safar oyining 21 kuni (1528 yilning 4 noyabri) kelgan xatlar esa Boburda Xursongagina qaytish emas, hatto uning uchun qo’l yetmas yulduzga aylanib qolayotgan vatan – Movarounnahrga ham qaytib bora olish umidini uchqunlantiradi. Xabarlar Qal’ai Zafardagi Komron va Kobuldagi Xoja Xovand Do’stdan edi. Ular bu xatlarni Kobulda Humoyun bilan maslahatlashgach, 934 yil 28 zulhijja (1528 yil 23 sentyabr`) kuni Hindistonga jo’natgandilar. “Arzadosht”larda aytilishicha, Shoh Tahmosp “Xurosonni ozod etish” maqsadida yurish qilib, shayboniylar tasarrufida bo’lgan Domg’on viloyatini qo’lga kiritadi. Hirotni qamalda tutib turgan Ubaydulloh sulton bu yerda qolishni xavfli bilib, Marv tomon yo’naladi va Movarounnahrdagi sultonlarni qizilboshlarga qarshi katta urushga chaqiradi. Bobur bu xabarlarni kitobda “yaxshi xabarlar” deb ataydi, ammo nima uchun mazkur fikrga kelgani sababini izohlab o’tmaydi.

Komronning Qal’ai Zafardek istehkomni, dushman shayboniylar qo’lida turgan Balxga yaqin joyda bo’lishiga qaramay, tashlab, Kobulga Humoyun huzuridagi Xoja Do’st Xovanddan maslahat olish uchun kelishi esa boburzodalarning ham bu voqeaga qiziqish-e’tibor, aniqrog’i, siyosiy munosabatlari borligi haqida fikr yuritishga undaydi. Garchi xatlarda aynan shular haqida so’z yuritilayotgan esa-da, “Boburnoma”da bular qayd etilmaydi, muallif avval kundalik, so’ng kitobga ko’chirgan mazkur voqea to’g’risida batafsil hikoya qilmaydi va buni birinchi qarashda adibning yozish uslubi deb xulosa chiqarish mumkin. Biroq Humoyun va Komronning Bobur hikoyasi orqali bilinib turgan bezovtaligi, darhol otasiga xat jo’natishlaridan sezsa bo’ladiki, boburiylarning agar bu urushda shayboniylar yengsa, ishlari oson bo’lmasligi, agar safaviylar g’alaba qozonsa, unda fursatdan foydalanib, Xurosondagi ba’zi yerlarni qo’ldan chiqarib bo’lsa-da, Movarounnahrdek merosiy o’lkani qaytarib olish uchun otlanish zarur, degan qarorga kelganlari aniq. Bu fikrlarimiz Humoyunning Shoh Tahmosp va shayboniylarning Jomda 1528 yil 25-sentayabrda ro’y bergan to’qnashuvi xususida ketma-ket otasiga xat yozib, unda Boburga Movarounnahr sari otlanajagi, buning uchun esa hind qo’shinidan askar yuborishini iltimos qilgan paytlarida yanada o’z isbotini topadi.

Ikkinchi xabarni 935 yil rabiulavvalning 10-kuni (1528 yilning 23-noyabri) Humoyunning Bayonshayx ismli navkari keltiradi. U Humoyun huzuridan (935 yil) safar oyining 9-kuni (1528 yil 23-oktyabr`) yo’lga chiqqan edi. Humoyundan olingan bu xat haqida Bobur oldin kundaligida shunday qisqacha xabar beradi: “O’shul asno(935 yil 10-rabiulavval – I.B.)da Badaxshondan Muhammad Humoyun qosidlar yiboribturkim, qirq-ellik ming cherik yig’ishturib, Sulton Vaysni yo’ldosh qilib, Samarqand xayoli boshqa tushubtur va sulh so’zi ham orada bor…” (mazkur nashr, 354-bet). Bu xabarda yana Shoh Tahmospning Xurosonga kelib, Jom nohiyasida shayboniylarni tor-mor etgani aytilgan edi va uning bayoni “Boburonam”da batafsil hikoya qilingan. Safaviylar va shayboniylarning Jomdagi to’qnashuvi ketma-ket yozilib, ammo Boburga bir paytda jo’natilgan bir necha xatlarda bu voqea turlicha bayon etilgan edi. Lekin Bobur uchun eng muhimi, ularning barchasidagi shayboniylarning Ubaydullohxon, Ko’chkunchixon, Abu Saidxon, Baroqxon, Fo’lod sulton, Jonibek sulton, Hamza sulton, Kistan Qaro sulton va ularning o’g’illari bosh bo’lgan 105 ming kishilik qo’shini butkul mag’lubiyatga uchrab, deyarli barcha sultonlarning shu urushda halok bo’lgani to’g’risidagi xabarlar edi. Bu gaplarga ishonilsa, Buxoro-yu Samarqand, Toshkentu Hisori Shodmon hamda Balx batamom egasiz qolgan. Bunday qulay fursatning bu daraja osonlikcha, kutilmaganda yuzaga kelishi esa o’y-andishali, har bir ishni o’ylab, batahqiq amalga oshiradigan Boburni ham shoshirib qo’yadi. Vatan sog’inchi-yu, Humoyunning mubolag’ali xatlari ishini qilib bo’lgan edi – Bobur merosiy yerlarni xayolida deyarli olingan hisoblab, tezda xat bitib, o’g’illariga o’z fikrlarini bildirishga tushadi. Boburning boshiga kelgan birinchi qaror ushbu edi: “Aning (Humoyunning – I.B.) arzadoshti javobida bitildikim, tengri taolodin umidvormizkim, o’shul yaqinda Hinduston viloyati qo’lg’a kirgay. Havoxoh va yaxshi farox havsalalarimizdin Hinduston viloyatig’a qo’yub, o’zumuz mavrusiy viloyatimizg’a borg’aymiz. Va kerakkim, bori xalqimiz bu yurushda Humoyung’a yo’ldosh bo’lub, ixlos ko’rsatgaylar…” (354 bet). Ko’rganimizdek, Bobur o’zining avval Xurosonga jo’natgan istimolat xatida Kobulga qaytishi haqida yozgan bo’lsa, bu gal dadillik bilan “mavrusiy viloyat”, ya’ni Movarounnahrga ham qaytajagi haqida gapirmoqda! Chunki, Boburga umid bog’lagan yana bir gap “orada sulh so’zi ham bor”ligi edi-da. Bu degani, Movarounnahrda biror qudratli xon va sulton tirik qolmagach, ularning kuchsiz vorislari mamlakatni Boburga urushsiz topshirishga rozilik berishgani xabari edi. Humoyunning bu kabi xushxabaridan quvonmay bo’larmidi, axir. Bobur Humoyunga yana “bu vaqtda eshik og’ziga o’z oyog’i bilan kelgan baxtni qochirmaslik”ni uqtiradi va Samarqand, Hisor yoki qaysi tomondan xohlasalar o’sha yoqdan Movarounnahrni egallashni buyuradi. Komron va Kobuldagi beklarga Humoyun boshchiligidagi qo’shin tarkibida bo’lishga farmon yuboradi.

Hisor qo’rg’onining esa hoziroq Bobur tarafdorlari qo’liga o’tgani, Balxga ham Bobur odamlari kirgani haqida 11 rabiulavval (1528 yilning 24 noyabri)da xabar kelganini xatda yozib, u yerlarni o’ziniki hisoblab “tengri inoyati bila Balx va Hisor qo’lga kirsa, Humoyun kishisi Hisorda, Komronniki Balxda, agar Samarqnd ham musaxxar bo’lsa (egallansa)” u yerda Humoyun o’tirishini, Hisorni esa xolisa (davlat mulki) qilishni, Komron Balxni oz ko’rsa, kamchiligini Movarounnahrda to’ldirishini aytadi. Xat oxiriga borib, Movarounnahr sari bo’lajak yurish tashvishlari ko’ziga yanada osonroq ko’rinadi va u holda Komronning Hindistonga qaytib kelsa ham bo’laverishini xayolidan kechirib, buni ham xatga tushiradi. Kobulni ham xolisa (davlat mulki) qilajagini, unga hech bir farzandi ko’z tikmasligini uqtiradi. Qo’shinning esa saralanganlardan bo’lishini maslahat beradi. Xat rabiulavvalning o’n uchi (1528 yil 26 noyabr`) kuni bitilib, Bayonshayx ertasigayoq xat va farmonlarni olib, 27 noyabr` kuni Ogradan Kobul sari yo’lga tushadi. U Boburning Komronga va Xoja Kalonbekka ham shu mazmunda yozgan xatlarini olib ketayotgan edi.

Bobur endi Hindiston ishlarini tezlashtirishga kirishadi. 1528 yilning 3 dekabrida mirzolar, sultonlar, turk va hind amirlarini mashvaratga chorlab, Hindning bo’yin tovlagan yoki hali zabt etilmagan o’lkalari tomon qo’shin tortishga qaror qilinadi. Shu kunlarda avval boshlangan qurilishlarni tugatishni, Ogradan Kobulgacha masofani o’lchab, pochta xizmatiga zarur bekatlarni belgilash, jihozlash va ta’minoti masalasini o’z yo’rig’iga ko’ra tartib berishni tezlatib yuboradi.

Ko’pincha kitobxonada bo’lib, Xoja Ahrorning “Volidiya” risolasini turkiyda nazm (1528 yil 11 – 12 noyabr`) qiladi, “Hindiston devoni”ga tartib beradi (1528 yil 28 dekbr`) va o’sha yilning may oyida boshlab qo’ygan “Vaqoe” (“Boburnoma”)ni 1528 yil dekabrigacha voqealari bilan nihoyasiga yetkazadi.

Shu o’rinda mavzuimizga taalluqli yana bir faktni eslatib o’tishga to’g’ri keladi. Hozircha nashr etilgan “Boburnoma” matnida shayboniy xon va sultonlari elchilarining Ograga Bobur huzuriga borishlari hamda podshoh saroyida qabulda bo’lishlari voqeasi xabar qilinmagani holda to’g’ridan-to’g’ri bu elchilarning 1528 yil 19-dekabr` kuni (Humoyunning farzand ko’rishi munosabati bilan) bo’lgan to’yda qatnashganligi va keyinroq o’z yurtlariga qaytishlari xususidagi gaplar batafsil keltiriladi. Biroq rassom Ram Dasning “Boburnoma”ga chizgan miniatyuralarida o’zbek elchilarining Ogra yaqinidagi “Hasht behisht” bog’i shiyponida Bobur huzurida qabul qilinishi marosimiga oid lavha tasvirlangan bo’lib, rasmga izoh tarzida “Boburnoma”dan ushbu so’zlar iqtibos qilingan: “Ular (o’zbek elchilari – I.B.) qizil, oq va qora choyshablarga o’ralgan nihollar olib kelishdi. Men qizil choyshabga o’ralgan olxo’ri ko’chatini o’tqazishni buyurdim.” (M. Randhava. Asrlar oshgan bog’lar. Ansoriddin Ibrohimovning “O’zbekiston adabiyoti va san’ati” gazetasida bosilgan tarjimasidan olindi.) Nachora, bu ma’lumotlar “Boburnoma”ning o’zbekcha nashrlarida uchramaydi. Xullas, bular va Boburning “to’yda o’zbek elchilari ham bor edilar” deyishidan bilsa bo’ladiki, 1528 yil noyabr` oxiri – dekabr` boshida bosh xon hamda poytaxt Samarqand mulkining egasi hisoblanmish Ko’chkinchixon, toshkentlik shayboniy xonlari va yana Shayboniyxonning kelini (Temur sultonning xotini) Mehribonxonim, uning o’g’li Fo’lod sulton hamda Abusaid bin Ko’chkinchixonning elchi, navkarlari va ular xizmatiga yaqin olim, fozillar Bobur huzuriga rasmiy elchilik vazifasi bilan borganlar. Ammo ular bu paytda Jom jangidan mutlaqo bexabar bo’lganlar va Bobur ular bilan bu to’g’rida gaplashmagan. Buni shundan bilsa bo’ladiki, 1528 yilning 19-dekabrida o’tkazilgan mazkur to’ydan o’n kun so’ng, ya’ni o’sha yilning 29-dekabrida Bobur huzuriga Jom urushida qatnashgan bir kishi kelib, jang tafsilotlarini so’zlab, shayboniylarning yengilgani xabarini yetkazadi. Bobur esa bu xabarlarni ham kitobda qayd etadi. Urush qatnashchisi hikoyasida Ko’chkinchixon, Ubaydulloh sulton, Abusaid sulton boshliq to’qqiz sulton qo’lga tushib, ulardan Abusaiddan boshqa 8 nafarining o’ldirilgani, hatto Ubaydullohxonning boshi topilmay, faqat gavdasi topilgani, ko’plab shayboniy askarlari halok bo’lgani, aytiladi. 1529 yilning 17 yanvarida Kobuldan kelgan xatda esa Humoyunning katta qo’shin bilan Samarqand ustiga yurgani, Hisorni Humoyunning kishisi allaqachon egallagani, Qabodiyon ham olingani va u yerga Humoyunning o’zi ham yordamga ketayotgani yozilgan edi. Bobur kitobda ishonch bilan ta’kidlagan bu qaydlarini ham bizga shu holicha yodgor qoldirgan. Oradan ko’p o’tmay, aniqrog’i, 1529 yil 7 fevralida Kobuldan yana xat keladi. Bobur kitobda xatlardan Kobuldagi ahvol ma’lum bo’lganini aytadi, lekin ular nimadan iboratligini yozmaydi. Boburning javob xatlarida ham endi Jom jangi-yu, Samarqandga yurish kabilar ochiq matn orqali tilga olinmay, balki bunga ishoralar qilinadiki, kelgan xatlarda nimalar bitilgani, Bobur o’z javoblarini nega darg’azab, koyish ohanglari bilan yo’g’irib yozganini anglash qiyin bo’lmay qoladi. Bobur Humoyunga atab 9-fevral` kuni yozgan xatida agar hozirgacha tayinli bir ish bo’lmagan esa, hech bo’lmasa “o’g’ri bila qaroqni man’ qil”, “orag’a tushgan sulh ishi”ni buzma deya o’g’liga kinoya aralash, ta’na va shikoyat toshlarini otadi. (“Tayinli ish” – Movarounnahrga yurish masalasi, “qaroqni man qilish” va “sulh ishi” – boburiylar va Balxdagi shayboniylar hukumati orasidagi diplomatik munosabatlarga doir bo’lib, Boburning bu xabarlarni kimdan bilib olgani borasidagi fikrlarni quyiroqda keltiramiz.) Komronga Shahzoda (Bobur bu o’rinda va yana boshqa ma’lumotlarida Shoh Tahmospni ilgarigi odatiga ko’ra “shahzoda” ham deb ataydi; Bu haqda yana qarang: “Babur-name”, Glavnaya redaktsiya entsiklopediy, Tashkent, 1993. S.: 405.) bilan yaxshi muomalada bo’lishni uqtiradi. Xoja Kalonga yozilgan xatda ham boyagi urush haqidagi fikrlar esga olinmasdan faqat Kobul xolisa (davlat mulki) qilinishi va uni obodonlashtirish xususidagi tadbirlar ipidan-ignasigacha qayta-qayta eslatilgan holda kitobga kiritilgan.

Boburni umidlantirgan Jom jangi voqeasi qanday ro’y bergan va u qaysi jihatlari bilan boburiylar uchun ahamiyatli edi?

Safaviylar va shayboniylar o’rtasida kechgan bu harbiy to’qnashuv to’g’risida shu urush qatnashchisi Zayniddin Vosifiyning “Badoe ul-vaqoe” va eronlik muarrixlar Mir Yahyo Sayfiyning “Lub at-tavorix”, Hasanbek Rumluning “Ahsan at-tavorix”, Iskandarbek Munshiyning “Tarixi olam oroyi Abbosiy”, Rizoqulixon Hidoyatning “Ravzat us-safoyi Nosiriy” hamda XVII asr o’zbek tarixchisi Muhammadyor ibn Arab Qatag’onning “Musaxxir al-bilod” va boshqa ko’plab tarixiy manbalarda ma’lumot berilgan.

Urushning qisqacha tafsiloti quyidagicha: Shayboniy xonlari Xurosonnigina emas, balki butun Eronni ham qo’lga kiritish va safaviylar saltanatiga barham berish maqsadida 1528 yil iyulida, maqola boshida aytganimiz Shoh Tahmosp hamlasi sababli, Hirotdan Marvga chekingan Ubaydullohxonga yordamga otlanadilar va bu yurishni ular shialarga qarshi g’azot urushi deb e’lon qiladilar. Shuning uchun qo’shindagi lashkarga savobtalab darveshlaru ruhoniylar, olimlaru san’at ahllari, kosib-hunarmandlaru dehqonlar ham qo’shilib, sarbozu olomon – jami 105 ming kishi Amudaryodan kechib, Jom viloyatining Xargerd nohiyasiga qarashli Zurobod mavzesidagi Soriqamish degan joyda 1528 yilning 25 sentyabrida Shoh Tahmospning 24 ming kishilik qo’shini bilan to’qnash keladilar. Shiddatli janglar atigi shu kunning peshinigacha davom etib, safaviylar yengilib, Shoh Tahmosp oz sonli askarlari bilan jang maydonini tashlab qochishga majbur bo’ladi. Biroq o’sha payt kutilmagan voqea sodir bo’ladi: dushman mag’lubiyati ma’lum bo’lgani hamono g’alaba nashidasini barvaqtroq surishga tushgan shayboniylar qo’shini dushman ortidan quvib yetish va o’lja izlash uchun birpasda yon-atrofga tarqab ketadilar. (Jangda Ko’chkinchixon, Jonibek sulton, Ubaydulloh sulton, Baroqxon, Abdulaziz sulton, Fo’lod sulton, Keldi Muhammad sulton, Abu Said sulton va shayboniylar davlatining boshqa ustunlari qo’mondonlik qilgan edilar. Boburning quvonganicha bor edi, agar bu barcha sultonlar chindan ham nobud bo’lsa, unda Movarounnahr, Turkistonda qarshilik ko’rsatishga yaraydigan hech bir shayboniy xon yoki sulton qolmas, Humoyun osonlikcha mavrusiy yurtlarni qo’lga kiritishi mumkin edi.) Jang maydonida bir necha sulton va amirlar hamda shayboniylarning eng shijoatlisi Ubaydulloh sulton qoladi. Shunda maydon chetida chang-to’zon paydo bo’lib, uning ichidan bir guruh otliqlar qolgan shayboniylar tomon kela boshlaydilar. Shayboniy sultonlari bularni o’lja uchun tarqalib ketgan o’z odamlari deb o’ylaydilar. Ammo kutilmaganda chang ichidan Shoh Tahmosp va qizilbosh lashkarboshilari chiqib kelib, g’aflatda qolgan shayboniylar ustiga tashlanadilar. Fursatni boy bergan Ubaydullohxon va yonidagilar o’z jonlarini omon saqlab qolish uchun har tomonga tum-taraqay qochib ketadilar. O’lja uchun yoyilib ketgan jangchilarga shayboniy xonlari “halokatga uchragani, Shoh Tahmospga esa katta qo’shin yordamga kelgani” haqidagi yolg’on xabar yetib boradi. Ustiga-ustak shom ham qoraygan bo’lib, tarqoq holda yurgan sarbozu savobtalablar vahimaga tushadilar, bir yerga yig’ilish o’rniga o’zlarini duch kelgan tomonga urib, zahratarak qocha boshlaydilar. Shu zayl 1-2 soat ichida 105 ming kishilik qo’shin taqdiri hal bo’ladi: minglab kishilar to’satdan orqadan yetib kelgan dushmanlar qilichi zarbidan va yana qanchalari shu yerdagi Saraxs daryosiga cho’kib, ko’plar esa dara-yu tog’u dashtlarda adashib halok bo’ladilar.

Ammo shayboniy xonu sultonlaridan deyarli hech biri bu jangda nobud bo’lmaydi. Ular Amudaryodan sog’-salomat kechib o’tib, Buxoro, Samarqand, Toshkentga yetib keladilar va ulardan anchasi yana ko’p yil umr ko’rishadi.
Albatta, o’sha paytda bu xabarning Hindistonga aniq va tez fursatlarda yetib borishi qiyin edi. Bobur ham xabarlarni qanday shaklda qo’lga kiritsa, shunday qabul qilishga majbur edi (u xabarlarni o’z eshitganicha kundaligida qayd etadi va so’ng, ya’ni haqiqat ayon bo’lgach ham bu qaydlarni shu holicha “Boburnoma”ga ko’chiradi.)

Ammo voqealar tahlili asnosida bizni qiziqtirgan masalalar boshqa bo’lib, ular quyidagi savollarda ifodalangan:

Jom jangi ro’y bermasdan, aniqrog’i Shoh Tahmospning Xurosondagi shayboniy Ubaydullohxon ustiga yurishi oldidan bu haqda Humoyun va Komronga yo’llagan maktubi, bu farzandlarning esa Boburga bitgan xati mazmuni nima uchun “Boburnoma”da sal esa-da, aniqroq shaklda aks ettirilmay, faqat “yaxshi xabarlar” tarzida mazmuni xufiya tilga olib o’tilgan?

Bobur Jom jangida ro’y bergan aniq xabarini qachon, qanday qo’lga kiritdi va Kobuldan 1529 yilning 7 fevralida yetib kelgan maktubda nimalar yozilgan edi? (Bu savollar asarning hozir qo’limizda mavjud nashri ma’lumotlari asosida yuzaga keldi. Lekin kelajakda “Boburnoma”ning boshqa to’liq qo’lyozma nusxalari topilib, ularda mazkur masalalar batafsil bayon etilgan bo’lsa, nur ustiga nur bo’lardi.)

Yuqoridagi savollarga javob topish esa bizga yana boshqa ilmiy farazlarni ham oydinlashtirishga xizmat qiladi va shu sababli yana asar ma’lumotlari tahliliga kirishamiz.

Eslatganimizdek, 1528 yilning sentyabr` oyi boshida aka-ukalar Kobulda maslahatlashib, 15 sentyabrda Boburga yozgan xat o’sha yil 5 noyabrida Hindistonga yetib boradi. Boburning bu xat mazmunini xufiya tilga olgani va uni kitobga kiritmagani hamda voqealarning keyingi rivojidan ushbu o’rinda quyidagicha xulosaga kelish mumkin: bu maktub safaviylarning shayboniylarga qarshi urushga tayyorgarlik ko’rayotgan paytida Boburga maxsus yuborilgan siyosiy xat bo’lib, unda Shoh Tahmospning Kobul hukumatini bu yurishda ittifoqchilikka chorlagani bayon etilgan. Aka-ukalar o’zlari bu yurishda qatnashishga rozi esalar-da, Bobur iznisiz biror ishga qo’l ura olmasdilar. Shoh Tahmospning niyati esa Xurosonga hadeb hujum qilaverib, safaviylar davlatini holdan toydirayozgan shayboniylar hukumati ishini biryoqlik etish bo’lib, buning uchun u Movarounnahrgacha yurish qilishi lozim, ammo siyosiy va diniy-mazhabiy mulohazalarga ko’ra bunda u faqat temuriy, ya’ni Bobur va o’g’illari ittifoqiga suyanishi mumkin edi.

Bobur bu davlat siri ahamiyatiga molik diplomatik maktub mazmunini, tabiiyki, kundaliklarida ham, yozayotgan kitobida ham yoritishga haqqi yo’q edi. Shuning uchun sodir bo’lgan va ro’y berayotgan voqealarni tarix sahifalariga raqam qilishga kirishgan Bobur, baribir, xat haqida ham to’xtaladi, ammo “arzadoshtlar” orqali “yaxshi xabarlar” olganini qayd etadi, xolos. Bobur bu xatlarga bitgan javobi xususida yozsa-da, uning mazmuni haqida kitobda lom-mim demaydi, aniqrog’i, davlat sirini oshkor qilmaydi.

Boburning Movarounnahrni qayta qo’lga kiritishga bo’lgan chin ishtiyoqi faqat Jom jangi xabaridan keyingina ayonlasha boshlaydi – xotiralarida Movarounnahrga yurish masalasini izhor etishga ochiq-oydin kirishadi va qarorining qat’iyligini ma’lumotlar havolasi asnosida yashirib o’tirmaydi.

Demak, aytish mumkinki, safaviylar yordamida qo’lga kiritgan Samarqand taxtini olti oy o’tgach, aniqrog’i, 1512 yilning aprel` oyida shayboniylar bilan ro’y bergan Ko’li Malik jangidagi mag’lubiyatdan so’ng tashlab qochgani, ayniqsa, o’sha yilning noyabr` oyida G’ijduvon qal’asi yonida shayboniylar bilan bo’lgan jangda tag’in yengilib, safaviylar bilan ittifoqchilikning achchiq sabog’ini tatigan Bobur Shoh Tahmosp taklifiga dastlab aniq javob bermagan. (Balki, bunga yana boshqa sabab va Boburning davlat siyosati miqyosidagi rejalari monelik qilgandir.)

Keyinchalik, kutilmaganda, Jom jangi hodisalari ro’y berib, barcha shayboniy xonu sultonlar halokati haqida xabar kelgach, Movarounnahrni safaviy ittifoqchilar bilan emas, o’z o’g’illari va amiru beklari bilan qonuniy ravishda qo’lga kiritish imkoni tug’ilgandagina bu rejani qo’llab-quvvatlashga kirishgan.

Endi esa ikkinchi masala: Bobur Jom jangi voqeasidan qachon aniq xabar topdi va so’ng nega o’g’illariga jahl bilan xat yozdi?

1528 yilning 25 sentyabrida Jomda ro’y bergan jang natijalaridan biri – shayboniylarning mag’lubiyati Humoyunga 5 oktyabrdayoq ma’lum bo’lgan va u otasiga bu to’g’rida darhol xabar jo’natgan. Ikkinchisi – shayboniy xon va sultonlarining o’lik-tirigi xabari esa haqiqatdan ham bu paytda noma’lum bo’lib, Humoyun ularni dastlabki xabarlar asosida eshitganicha Boburga yetkazganiga ham shubha yo’q. Hatto 23 oktyabrda yuborgan xatida ham bu voqea hali to’la aniqlanmagan bo’lishi mumkin. Ammo 17 dekabrda otasiga jo’natgan xabarida (bu xat Bobur qo’liga 1529 yilning 17 yanvarida tegadi) ham xuddi shunday ma’lumotning qayta takrorlangani kishida shubha tug’dirmay qo’ymaydi.

Shunday yonginasidagi Balx hokimi Kistan Qaro (bu shayboniy sulton ham Jom jangida qatnashgan) sog’-omon taxt tepasida o’tirib, 1528 yilning dekabri oxirida Humoyun bilan chegara masalalaridagi ayrim kelishmovchiliklarni hal etish uchun unga elchi yuborgan bo’lsa, qolaversa, shu 2 – 3 oy mobaynida Movarounnahrdan Kobulga kelib-ketuvchilar soni ham kam bo’lmagan esa, qanday qilib Humoyun shu orada shayboniyzodalarning o’z yurtlarida eson-omon yurt so’rayotganidan xabar topmas ekan?

Gap bu yerda teranroq mulohaza yuritish va xulosa chiqarishga undovchi keng qamrovli sabablarga borib taqaladi: Kechagina, Xurosonni egallab turgan shayboniylarni u yerdan haydab chiqarish hamda boburiylar hamkorligida ularni Movarounnahr sarzaminida ham mag’lubiyatga uchratish ishtiyoqi bilan katta yurishga tayyorgarlik ko’rib turgan Shoh Tahmosp bugun Jom jangida bir tasodif ila jonini zo’rg’a omon saqlab qoladi.

Avvaliga bu to’qnashuvda shayboniy xon va sultonlarining o’lik yo tirik qolgani haqida qo’lga kiritgan pala-partish, shubhali ma’lumotlari shohning asosiy yupanchi bo’ladi va Humoyunni Movarounnahrga yurish masalasiga qiziqtirib qo’yadi. So’ngra, ya’ni voqea haqiqatidan xabar topgach ham shayboniylarning Xuroson, Movarounnahrdagi hukmronligiga barham berishga jazm qilib, ish qizig’ida shayboniylar qalamravi (hududi)dagi o’lkalarga qo’shin tortish rejasidan qaytmaydi va bunda yana boburiylarni jalb etishga kirishadi. Ammo Shoh Tahmosp Boburning bir oy burun ro’yxushlik bermaganidek, hozir ham bu da’vatga rozilik bermasligini aniq bilardi. Shuning uchun ham u, balki boshdanoq “shayboniy xon va sultonlari Jom jangida halokatga uchradi” degan xabarlar tarqatishni maxsus rejalashtirib, bu uydirma Humoyunga oshkor bo’lgach ham uni va yonidagi amirlarni Movarounnahrni qo’lga kiritish masalasiga qiziqtirib, Boburga yolg’on xabarlar yubortirish usulidan foydalangan.

Humoyun otasidan safaviylar bilan Movarounnahrga bo’lajak yurishga rozilik va askariy yordam olish maqsadida Boburga har kun bir yangi yolg’on bilan xatlar jo’natib turishda davom etgan. Yuqorida eslatganimiz, 1528 yil 29 dekabrda Bobur huzuriga Jom jangida qatnashgan bir kishining kelib, urush tafsilotlarini bayon qilishi va shayboniy xonlarining barchasi halok bo’lganini so’zlab berishi ham Humoyun hiylalaridan biri bo’lib chiqadi.

Boshqa bir manba orqali Boburga “Balx ham Humoyun odamlari” qo’liga o’tgani haqidagi yolg’on xabarni yetkazish ham Humoyunning ishi bo’lgan. Humoyun bu bilan vaqtdan yutish va otasi roziligini olish maqsadida unga yolg’on xatlar orqali ta’sir o’tkazishga uringan. Humoyunning Hisor va Qabodiyonning o’zining odamlari tomonidan egallanishi xabari ham uydirmadan boshqa narsa bo’lmagan. (Shu sababli ham Balx tarixini tadqiq etgan akademik Bo’rivoy Ahmedov “Boburnoma”dagi bu ma’lumot tahlilida qiyinchilikka duch kelib, boshqa manbalarda buni tasdiqlovchi ma’lumot yo’qligi sababli “Humoyun Hisor va Qabodiyonni olishga tayyorgarlik ko’rgan bo’lishi mumkin, biroq, aftidan u bu shaharlarni qo’lga kirita olmagan”, deya taxminiy xulosa chiqarishga majbur bo’ladi; “Boburonoma”ning ruschaga tarjimoni M. Sal`e esa Jom urushi (1528 yil 25 sentyabri)dan ancha keyin o’z ajali bilan o’lgan Ko’chumxon (v. 1529), Abu Saidxon (v.1533) va Ubaydxon (v.1540) kabi xon va sultonlarning Jom jangida halok bo’lmagani, ammo Boburning nega bunday noto’g’ri xabar bergani sababini bila olmay, o’z hayratini “Babur-name (“Zapiski Babura”) nashriga yozgan izohida bayon etgan: 405 bet)

Shu yerda xulosamizni oydinlashtirishga xizmat qiluvchi yana bir faktni eslatib o’tishga to’g’ri keladi: Jom jangidan so’ng Shoh Tahmosp o’z mamlakati poytaxtiga qaytib ketmasdan, Jomning Soriqamish nomi bilan ham tanilgan xushmanzara Shaqobod yayloqida bir oy davomida to’xtab turadi. Ammo o’sha ayyomda Eron davlatiga qarashli Bag’dod hokimi Zulfiqorxonning isyon boshlaganini eshitgachgina, bu yerni tark etadi. Shunday qaltis bir paytlarda bunday chekka (ammo, shu bilan birga Kobulga yaqin) joyda to’xtab turish Shoh Tahmospga nima uchun kerak edi? Mabodo u Boburdan olinajak o’sha faraz qilayotganimiz Movarounnahrga yurish javobini kutib, shuncha vaqt qolib ketmadimikin?

Jom jangining haqiqiy natijalari Boburga Kobuldan 1529 yilning 7 fevralida kelgan maktubdan oldinroq ma’lum bo’lgan edi. 1529 yil yanvari o’rtalarida Balx hokimi shayboniy Kistan Qaro sultonning Kamoliddin Qo’noq ismli elchisi Bobur huzuriga kelib, chegara masalalari bo’yicha muzokara yuritadi. (Bobur Balx hokimiga uning elchilari orqali va Humoyunga esa bu masala haqidagi fikrlarini 1529 yil 7 fevraldagi xatga javob tariqasida bayon qiladi.)

O’sha paytdayoq Bobur Jom jangi xabarini balxlik elchilardan bilib oladi va o’tgan yil noyabrida Hindga kelgan samarqandlik, toshkentlik shayboniy xon-sultonlarning elchilariga qo’shib, Movarounnahrga o’z elchisi Chopuqni yuboradi.

Mazkur elchilar qatori Shoh Tahmospning elchisi Hasan Chalabiy ham 5 fevral` kuni Eronga qaytib ketadi. Hasan Chalabiyning Bobur mulozamatida bo’lishi “Boburnoma”da atigi bir bor, 1529 yil 27 yanvar kungi voqealar zikrida qayd etiladi. Uning ukasining esa 1528 yil 19 dekabr` kuni to’yda qatnashganligini Bobur yozib o’tgan. Aftidan, Hasan Chalabiy ham o’sha kezlari Hindistonda bo’lgan. Chunki Shoh Tahmospning undan xavotir olib, ketidan Shohquli degan choparni jo’natgani va Boburning shohga xat bitib, Hasan Chalabiyning kech qolgani uzrini yozib yuborgani shundan dalolat berib turibdi. Demak, Hasan Chalabiy ham urush voqealaridan bexabar bo’lgan va shuning uchun ham Hinddan qaytayotib yo’lda, Erondan (aniqrog’i shoh Tahmosp to’xtab turgan Jom nohiyasidan) kelgan Shohqulini uchratgach, uni Bobur huzuriga, “urush kayfiyatlarini arz qilish” uchun yuboradi. (Shohquli ham Bobur huzuriga 7 – 9 fevral` kunlari oralig’ida keladi va 1529 yilning 11 fevralida Boburning maktubini Shoh Tahmospga olib ketadi. Bizningcha, Shoh Tahmosp o’z elchilari orqali “urush kayfiyatlarini arz qilish”ni ham Boburni yupatish uchun maxsus uyushtirgan va go’yo o’zini ham shayboniy xon-sultonlarining Jom jangidan keyingi taqdiridan bexabardek ko’rsatmoqchi bo’lgan yoki xufiyona ishlaridan biror qismini Bobur ko’nglida gina-kudurat qoldirmaslik, uni jahlidan tushirish maqsadida elchi va xat orqali ochiq aytgan.)

Ammo “Boburnoma” orqali bilamizki, nihoyat, Jom jangi haqiqatlari Humoyun tilidan tan olib yozilgan xat 1529 yilning 7 fevralida Bobur qo’liga tegadi. (“Boburnoma”da xatlarning faqat Kobuldanligi aytilgan esa-da, ulardan biri Humoyundan ekanligi aniqdir) va allaqachon Humoyunning pinhoniy rejalaridan xabar topgan Bobur o’g’liga ta’na-yu kinoya ohanglari ila bitilgan javob maktubini jo’natadi.

Shundan keyin, boya eslatganimizdek, “Boburnoma”da Jom jangi yoki Movvarounnahr masalasi sira tilga olinmaydi. Yuqorida aytganimiz Xoja Kalonbekka yozgan xatini tugatib esa Boburning o’pkasi to’ladi. Xat Boburning Kobulni o’ta sog’ingani haqidagi so’zlar bilan to’lib-toshgan, Kobuldan keltirilgan qovun bahonasida yig’lashga sal qolganini ham yashirmagan fikrlar Kobulga albatta qaytish istagidagi o’y-tuyg’ular bilan yo’g’rilgan edi. O’tgan yil noyabrida shayboniy xonu sultonlari mag’lubiyatini eshitgandan berigi ruh bu galgi “qaytish masalasi” bayoni asnosida sezilmasdi. Endi u “tez kunlarda Kobulga qaytamiz” deyish bilan birga o’sha xatda Hindistonga opasi, oilasi va Hindolni chaqirtirayotgan ham edi. Bobur Kobulga qaytishni og’izda aytayotgan bo’lsa-da, amalda bu rejani orqaga surayotgani anglashilib turadi. Haqiqatan ham Bobur shundan so’ng “Hindiston ishlari”ga jahdu jadal bilan qattiq kirishib ketadi.

Xulosa qilib aytadigan bo’lsak, “Boburnoma”ning 1528 yil oktyabri – 1529 yil yanvari orasidagi davrga doir ayrim ma’lumotlari tahlilidan shu narsa ayon bo’ladiki, Shoh Tahmosp shayboniylar kabi g’anim davlatning doimiy xavf-xataridan butunlay qutulish uchun 1528 yil o’rtalarida ular ustiga yurishni rejalashtirgan va bu niyatni uzil-kesil amalga oshirish faqat Bobur ittifoqchiligi orqaligina mumkin degan xulosaga kelib, uni ushbu yurishda birga bo’lishga yoki siyosiy qo’llab-quvvatlashga undagan. Biz bilmagan sabablarga ko’ra Bobur bu taklifga moyillik bildirmagan. Shu asnoda Jom jangi hodisasi ro’y berib, Shoh Tahmosp bu voqeadan yana avvalgi rejasini amalga oshirish uchun foydalanmoqchi va Boburdan yana rad javobi olmaslik maqsadida Humoyunni ishga solib, aldov yo’li bilan Boburning qo’llab-quvvatloviga erishmoqchi bo’lgan. Ammo, ko’rganimizdek, bu siyosiy o’yinlar boshqacha tus olib, tarixda Bobur va boburiyzodalarning shayboniylar qo’lida bo’lgan ota meros o’lkalarga qaytadan qilich ko’tarib kelishi voqeasi sodir bo’lmagan.

Manba: “O’zbekiston adabiyoti va san’ati”, 2001 yil, 16 fevral, №8 (3598)

045

(Tashriflar: umumiy 131, bugungi 1)

Izoh qoldiring