Mukarrama Murodova. Uzoqlarni qo’msaydi qalbim…She’rlar

08   Бундан қирқ беш йилча аввал, менинг талабалик йилларим ўзбек шеъриятида бир шоира пайдо бўлди.  Талабалар тилида унинг «Мен ҳақимда ўйлар эмишсан, дўстларингга сўйлар эмишсан…», «Узоқларни қўмсайди қалбим, узоқларга қўнсайди қалбим…», «Табиат, бир кунлик ҳусн ато эт, бугун қаршисида ўтирай порлаб…», » Эшигим ортида кезади шарпа, чироқни ўчириб, қулоқ тутаман…» сатрлари тинмай янграрди. Ҳамма унинг янги шеърларини интизорлик билан кутарди. Бу шоира Мукаррама Муродова эди. Унинг вафот этганига бу йил роппа-роса  10 бўлади. Бугун сизга қисқа умр кўрган ажойиб шоира шеърларини тақдим этмоқдаман. Номи деярли унутилаёзган шоиранинг шеърлари илк маротиба интернет тизимида эълон қилинаётганини таъкидлаб ўтмоқчиман. Унинг шеърларини ўқиганда балки онгу шуурингизнинг бир четида «Бундай шоира номи унутилмаслиги керак» деган фикр пайдо бўлар…

Мукаррама МУРОДОВА
ШЕЪРЛАР
021

ҚИЗЛАР ЎТИБ БОРАДИ…

Қизлар ўтиб боради, бири биридан сулув,004
Қизлар ўтиб боради, кўнглимга ташлаб ғулу.

Ана бу кийик кўзли қиз жуда кўҳли экан,
Қўрқаман, сенинг кўзинг унга тушмаганмикан?!

Ширмой юзга седона бунисин қора холи,
Ишқилиб, шу холига учмаганми хаёлинг?!

Зимдан боққандай бўлдинг сочин қўнғироғига,
Илиниб қолмасайдинг бир куни қармоғига?!

Қизлар ўтиб боради бири биридан сулув,
Қизлар ўтиб боради кўнглимга ташлаб ғулу.

И3ЛАР

Бу кўча кенгайиб кетибди жуда,
Бир лаҳза узилмас қатнов занжири.
Бошидан қор, ёмғир ёғса-да қанча,
Левуллаб турибди Унинг излари…
Ҳамон йўл четида мунғайганича,
Дилдирайди қайсар, етим ҳисларим…

ҚОҚИГУЛЛАР

Ёр тарафга элтар йўллар —
Банд айлабди қоқигуллар.

Қайсидир бир доно демиш:
«Сариқ гуллар — ҳижрон эмиш.»

Сариқ гуллар гилам-гилам,
Гул рангидан йўқдир гинам.

Қоқигулни эккан кимдир?
Қиш, баҳору боғбон жимдир…

Баҳор гули гилам-гилам.
Эҳ, сен ёшлик! Мард қизгина!

Ёр тарафга элтар йўллар —
Эгаллабди қоқигуллар!

* * *

Узоқларни қўмсайди қалбим,
Узоқларга қўнсайди қалбим.

Ёнгинангда ёниб юргандан
Узоқларда сўнсайди қалбим…

Бўйларингни кўрмасам қани…
Тўйларингни кўрмасам қани…

Тонг маҳали ишга ўтарда
Уйларингни кўрмасам қани…

Узоқларни қўмсайди қалбим,
Узоқларда сўнсайди қалбим?!

* * *

Табиат, бир кунлик ҳусн ато эт,
Бугун қаршисида ўтирай порлаб.
Бугун жигар-бағрин келайин доғлаб,
Табиат, бир кунлик ҳусн ато эт!

Нодир либосимни кияй, онажон,
Гарчи шоҳиларга эмасдим банда.
Бугун товусмисол товлансин танда,
Нодир либосимни кияй, онажон!

Муҳаббат! Бир кунлик қудрат бер менга..
Тўйига мен ўзим бугун бўлай бош.
Кўзимдан қатра ҳам чиқармайин ёш.
Муҳаббат, бир кунлик қудрат бер менга…

* * *

Мен сени хаёлдан қувиб юборгум,
Аксингни юракдан ювиб юборгум.
Мабодо, ўзимнинг қурбим етмаса,
Бировнинг меҳрига кўмиб юборгум.

УЧРАШУВ

* * *

Қуюлтиргил, ҳаво, туманни!
Кўрсатмай тур қуёшни бир бор.
Ногоҳ қайғу қуршади мени,
Ёшимни Ул кўрмасин зинҳор!..

Чарақлашдан чарақла, осмон!
Қуёш, юлдуз пориллаб турсин.
Қўзимда нур, кулгулар — шодман,
Шодлигимни Ул кўриб қўйсин!..

* * *

Мен ўйлардим, дуч келсак агар
Ўзлигимни йўқотгум тамом.
Пешонамдан тер чиқиб ғар-ғар,
Қўл-оёқда қолмайди дармон.

Ўйлардимки, ўшал ҳисларим
Ғуруримни кетгуси топтаб.
Тўлқинланиб, тинган кўзларим —
Боқармикан ҳолингни сўраб?!

Ўйлардиму қўрқиб юрардим.
Биз дуч келдик; тамом ўзга фол:
Бу не бахтки, бу не толеки,
Сенда кечди менда кутган ҳол!

* * *

Кўчада кўринсанг, уйга қочардим.
Даврадан чиқардим қизлар эслатса.
Тикаётган каштамдан-ку воз кечардим,
Ҳар қатим ипакда хотиранг ётса.

Тушимга кирсанг гар, ухламас эдим,
Эслатса, боқмасдим рубоб, найларга!
Не қилай? Не қилай, қийналиб кетдим —
Юрагимни ташлаб қочай қайларга?!

* * *

Эшигим ортида кезади шарпа,
Чироқни ўчириб, қулоқ тутаман.
Ўзимни бир лаҳза, о, унутаман,
Эшигим ортида кезади шарпа.

Иқболим турибди, ана, қаршимда,
Чиқмоққа шошаман мен унга пешвоз.
Қоронғи уй ичра қиламан пардоз,
Иқболим турибди, ана, қаршимда.

Эшик тутқичида титрар қўлларим,
Бошимда бир нарса портлайди шу тоб,
Юрагим виждонга беролмай жавоб,
Эшик тутқичидан олдим қўлларим…

* * *

Гоҳида истайман: хўрлаб севгилинг
Кўзингга қоронғи кўринса дунё,
«Уволига қолдим ишқини унинг»,—
Деб, бирдан сен мени эсга олсанг, о!

Йўқ! Йўқ! Йўқ!!!
Тош олсанг, марварид бўлсин!
Сени ким ранжитса бўлсин шол, басир!
Ўкинмай, шумиди топинганим деб,
Сен ишқим, умримга мезонсан ахир!

ЧОРЛАШ

Майлига, нима деб ўйласанг, ўйла.
Майлига, не келса кўнглига унинг.
Бари бир ўтарман мен сени ўйлаб,
Йилда бир олисдан кўриниб қўйгин…

Илтижо қилмасман чорлаб ёнимга,
Дуч келсанг, ўтарман кўз қирин ташлаб.
Тан олдим, ортиқ бахт йўқ имконимда —
Кўриб, бир хўрсиниб олишдан бошқа…

* * *

Сиз йўлнинг уёғида,
Биз эсак буёғида —

Турибмиз узатмай қўл.
Узатсак, қирқилар йўл.

Дарёга ўнг қирғоқ — Сиз,
Сўл қирғоғи эса — Биз.

Учрашиб бўлмас аммо,
Учрашсак, қурир дарё.

Йўл — кўпларнинг қаноти.
Дарё —кўпнинг ҳаёти.

Йўлни кесолмайман, оқ!
Дарёни тўсиш — гуноҳ…

* * *

Мен ҳақимда ўйлар эмишсан,
Дўстларингга сўйлар эмишсан.
У ҳам мени ўйлармикан, деб
Олислардан бўйлар эмишсан.

Ёнингдамиш менинг суратим,
Ёдингдамиш маъюс суратим.
Аввалида суйсанг ҳам мени,
Айтмабсанмиш пинҳон ёниб жим.

Яна мени ўйлар эмишсан,
Ёниб, ёниб куйлар эмишсан.
Ҳануз мени ўйлармикан, деб
Олислардан бўйлар эмишсан…

ҚАЙТГИЛ, МУҲАББАТ

Сен ғофил илғамас шуур экансан,
Кўнглимни тўлдирган сурур экансан,
Қаддимни тик этган ғурур экансан,
Не учун нафратга ўгирдим экан?!

Висол бўл деб таъма қилмасман минбаъд,
Фақат юрагимга қайтгил, муҳаббат!

Сен кетдинг, борлиққа ёйилди кул ранг,
Оламда бир сас йўқ, бўлдимми гаранг?!
Билмай завқ, журъатни худди ўлимсанг
Пучмоқда судралиб юрибман аранг…

Мен дилдан ул ёрни қувгандим фақат.
Яна юрагимга қайтгил, муқаббат!

Мен наъра бўлсам, ёр сасдай туюлди,
Мен осмон эсам, у пастдай туюлди,
Сертўфон оламда хасдай туюлди,
Куйида туфроғлик басдай туюлди…

Қадр бўл, ардоқ бўл демасман минбаъд,
Фақат, юрагимга қайтгил, муқаббат!

Кеча панд берганди бир нотавон қиз,
Тўкин жазоладим юрак этмай жиз.
Қаёқдан келди оҳ, бу бешафқат ҳис?!
Қалбимда тош дарахт отмайин илдиз,
Тезроқ юрагимга қайтгил, муҳаббат!
Минглар деб
Бирга қул ўтишга мен тахт,
Қайтгил, юрагимга!
Қайтгил, МУҲАББАТ!

1964—1984 йиллар


ОНА ҚЎЙНИДА

Сен онанг қўйнида яшайсан хушбахт…
Ҳаёт ташвишлари ҳали бегона.
«Кўкдаги ой керак» десанг бўлар тахт,
Дам ўтмай, юлдузни қўмсайсан яна.

Сен эмас, ўзим ҳам шундай эдим, рост
Учирма бўлишдан илгари, укам.
Мудраган кўзларим очилди бир оз,
Олисда мустақил яшаб турган дам.

Рўзғорга бир дона нарса киргунча
Неча вақт қувватинг тўкилар экан.
Мурғагинг бешикдан йўлга тургунча
Соғлигинг чок-чокдан сўкилар экан.

Баъзида паридек кўринган зотнинг
Нуқсони кўриниб қоларкан аён.
Сен равон деб билган ҳаёт йўлида
Қоқинсанг, алами бўларкан ёмон.

Ўшанда туғилиб ўсган остона
Ўзига чорлагай — яккаш паноҳ, тахт.
Ҳозирча бу ўйлар сенга бегона,
Сен онанг қўйнида яшайсан хушбахт.

* * *

Бошини ёстиққа олиб қўяй деб
Уйғонсам,
Қизим —
Ғунчадек қимтиниб, тугуниб ётар.
Ой уни имларди ойнага келиб,
Сочига юлдузлар қадар эди зар…

Юракдан юзига тушган учқунлар
Оралаб ёйилди ҳайрат қушларим…
Бу қандай баҳорий тошқин, кўчкинлар?
Тун, менга аён эт қизим тушларин!..

ОНА ТИЛИМ

Онаси бетоблангач, Уни илк бор ўйлаган,
Жон фидо қилишга шай турган фарзанд мисоли —
Ёниб, она тилини авж пардада куйлаган —
Шоирлардек, мен сени алқамагандим ҳали…
Ёниб ёза олмаган армоним, она тилим!
Мангулик йўлларида сарбоним — она тилим!

Таърифга сиғмас дедим, чунки сен — ҳаёт тузи,
Халқ жигари асрлаб поклаган тоза қонсан.
Куйлаш эмас кўринди, чунки сен — менинг ўзим,
Сен — ўтмишим, ҳаётим, истиқболим, имонсан.
Қалбим ҳосилин йиққан хирмоним, она тилим!
Мангулик йўлларида сарбоним — она тилим!

Шонли йўлинг шархламоқ ортиқчадир, ёқсалар,
Самандарлар мисоли боқий ғолиб қолгансан.
Бўғмоқчи бўлиб келган тиллар шохин қайириб,
Гавҳарларин қўйнингга аста солиб олгансан.
Тош остида етилган маржоним, она тилим!
Мангулик йўлларида сарбоним — она тилим!

Дунёда тиллар кўпдир, ҳаммаси ҳам сержаранг,
Ёлғизим, сен улардан устун демасман зинҳор.
Балки шундан, кўнглимга шубҳа сола — бошлар жанг:
Оламда лотин тили янглиғ ўлган тиллар бор!
Бўлай оби ҳаётинг, дармонинг, она тилим!
Жон олиб жон беришдан дархоним — она тилим!

Не қуйма тафаккурлар, не олим, закий зотлар
Излаб топа олмади чашми ибтидоингни.
Ишонгум: ҳеч қандайин ЭҲМу роботлар
Тополмагай лимиту сарҳад, интиҳоингни.
Собит ишонч, беписанд карвоним, она тилим!
Мангулик йўлларида сарбоним— она тилим!

Ёрга севгисин ҳатто ажнабий тилда айтган
Валадлардан Навоий, Бобур чеккан изтироб.
Кун келиб чин Қомусим зарҳал ила битилгай,
Она тилда ёзилгай Қарор, ҳужжат деган боб.
Қонунда қўриқланган қўрғоним, она тилим!
Мангулик йўлларида сарбоним — она тилим!

Ғурур билан, баралла мадҳ айласам ҳаққим бор.
Бурчлимиз қадринг байроқ айлашга шеъримизда.
Ўттиз милён ўзбекка тақдирсан, рағбат, афкор,
Сен қувват манбаисан бахтимиз, шўримизда.
Шеърият минбаридан Фармоним — она тилим!
Мангулик йўлларида сарбоним — она тилим!

09

 08   Bundan qirq besh yilcha avval, mening talabalik yillarim o’zbek she’riyatida bir shoira paydo bo’ldi. Talabalar tillarida uning «Men haqimda o’ylar emishsan, do’stlaringga so’ylar emishsan…», «Uzoqlarni qo’msaydi qalbim, uzoqlarga qo’nsaydi qalbim…», «Tabiat, bir kunlik husn ato et, bugun qarshisida o’tiray porlab…», Eshigim ortida kezadi sharpa, chiroqni o’chirib, quloq tutaman…» satrlari tinmay yangrardi. Hamma uning yangi she’rlarini intizorlik bilan kutardi. Bu shoira Mukarrama Murodova edi. Uning vafot etganiga bu yil 10 bo’ladi. Bugun sizga qisqa umr ko’rgan ajoyib shoira she’rlarini taqdim etmoqdaman. Nomi deyarli unutilayozgan shoiraning she’rlari ilk marotiba internet tizimida e’lon qilinayotganini ta’kidlab o’tmoqchiman. Uning she’rlarini o’qiganda balki ongu shuuringizning bir chetida «Bunday shoira nomi unutilmasligi kerak» degan fikr paydo bo’lar…

Mukarrama MURODOVA
SHE’RLAR
021

QIZLAR O’TIB BORADI…

Qizlar o’tib boradi, biri biridan suluv,
Qizlar o’tib boradi, ko’nglimga tashlab g’ulu.

Ana bu kiyik ko’zli qiz juda ko’hli ekan,
Qo’rqaman, sening ko’zing unga tushmaganmikan?!

Shirmoy yuzga sedona bunisin qora xoli,
Ishqilib, shu xoliga uchmaganmi xayoling?!

Zimdan boqqanday bo’lding sochin qo’ng’irog’iga,
Ilinib qolmasayding bir kuni qarmog’iga?!

Qizlar o’tib boradi biri biridan suluv,
Qizlar o’tib boradi ko’nglimga tashlab g’ulu.

I3LAR

Bu ko’cha kengayib ketibdi juda,
Bir lahza uzilmas qatnov zanjiri.
Boshidan qor, yomg’ir yog’sa-da qancha,
Levullab turibdi Uning izlari…
Hamon yo’l chetida mung’ayganicha,
Dildiraydi qaysar, yetim hislarim…

QOQIGULLAR

Yor tarafga eltar yo’llar —
Band aylabdi qoqigullar.

Qaysidir bir dono demish:
«Sariq gullar — hijron emish.»

Sariq gullar gilam-gilam,
Gul rangidan yo’qdir ginam.

Qoqigulni ekkan kimdir?
Qish, bahoru bog’bon jimdir…

Bahor guli gilam-gilam.
Eh, sen yoshlik! Mard qizgina!

Yor tarafga eltar yo’llar —
Egallabdi qoqigullar!

* * *

Uzoqlarni qo’msaydi qalbim,
Uzoqlarga qo’nsaydi qalbim.

Yonginangda yonib yurgandan
Uzoqlarda so’nsaydi qalbim…

Bo’ylaringni ko’rmasam qani…
To’ylaringni ko’rmasam qani…

Tong mahali ishga o’tarda
Uylaringni ko’rmasam qani…

Uzoqlarni qo’msaydi qalbim,
Uzoqlarda so’nsaydi qalbim?!

* * *

Tabiat, bir kunlik husn ato et,
Bugun qarshisida o’tiray porlab.
Bugun jigar-bag’rin kelayin dog’lab,
Tabiat, bir kunlik husn ato et!

Nodir libosimni kiyay, onajon,
Garchi shohilarga emasdim banda.
Bugun tovusmisol tovlansin tanda,
Nodir libosimni kiyay, onajon!

Muhabbat! Bir kunlik qudrat ber menga..
To’yiga men o’zim bugun bo’lay bosh.
Ko’zimdan qatra ham chiqarmayin yosh.
Muhabbat, bir kunlik qudrat ber menga…

* * *

Men seni xayoldan quvib yuborgum,
Aksingni yurakdan yuvib yuborgum.
Mabodo, o’zimning qurbim yetmasa,
Birovning mehriga ko’mib yuborgum.

UCHRASHUV

* * *

Quyultirgil, havo, tumanni!
Ko’rsatmay tur quyoshni bir bor.
Nogoh qayg’u qurshadi meni,
Yoshimni Ul ko’rmasin zinhor!..

Charaqlashdan charaqla, osmon!
Quyosh, yulduz porillab tursin.
Qo’zimda nur, kulgular — shodman,
Shodligimni Ul ko’rib qo’ysin!..

* * *

Men o’ylardim, duch kelsak agar
O’zligimni yo’qotgum tamom.
Peshonamdan ter chiqib g’ar-g’ar,
Qo’l-oyoqda qolmaydi darmon.

O’ylardimki, o’shal hislarim
G’ururimni ketgusi toptab.
To’lqinlanib, tingan ko’zlarim —
Boqarmikan holingni so’rab?!

O’ylardimu qo’rqib yurardim.
Biz duch keldik; tamom o’zga fol:
Bu ne baxtki, bu ne toleki,
Senda kechdi menda kutgan hol!

* * *

Ko’chada ko’rinsang, uyga qochardim.
Davradan chiqardim qizlar eslatsa.
Tikayotgan kashtamdan-ku voz kechardim,
Har qatim ipakda xotirang yotsa.

Tushimga kirsang gar, uxlamas edim,
Eslatsa, boqmasdim rubob, naylarga!
Ne qilay? Ne qilay, qiynalib ketdim —
Yuragimni tashlab qochay qaylarga?!

* * *

Eshigim ortida kezadi sharpa,
Chiroqni o’chirib, quloq tutaman.
O’zimni bir lahza, o, unutaman,
Eshigim ortida kezadi sharpa.

Iqbolim turibdi, ana, qarshimda,
Chiqmoqqa shoshaman men unga peshvoz.
Qorong’i uy ichra qilaman pardoz,
Iqbolim turibdi, ana, qarshimda.

Eshik tutqichida titrar qo’llarim,
Boshimda bir narsa portlaydi shu tob,
Yuragim vijdonga berolmay javob,
Eshik tutqichidan oldim qo’llarim…

* * *

Gohida istayman: xo’rlab sevgiling
Ko’zingga qorong’i ko’rinsa dunyo,
«Uvoliga qoldim ishqini uning»,—
Deb, birdan sen meni esga olsang, o!

Yo’q! Yo’q! Yo’q!!!
Tosh olsang, marvarid bo’lsin!
Seni kim ranjitsa bo’lsin shol, basir!
O’kinmay, shumidi topinganim deb,
Sen ishqim, umrimga mezonsan axir!

CHORLASH

Mayliga, nima deb o’ylasang, o’yla.
Mayliga, ne kelsa ko’ngliga uning.
Bari bir o’tarman men seni o’ylab,
Yilda bir olisdan ko’rinib qo’ygin…

Iltijo qilmasman chorlab yonimga,
Duch kelsang, o’tarman ko’z qirin tashlab.
Tan oldim, ortiq baxt yo’q imkonimda —
Ko’rib, bir xo’rsinib olishdan boshqa…

* * *

Siz yo’lning uyog’ida,
Biz esak buyog’ida —

Turibmiz uzatmay qo’l.
Uzatsak, qirqilar yo’l.

Daryoga o’ng qirg’oq — Siz,
So’l qirg’og’i esa — Biz.

Uchrashib bo’lmas ammo,
Uchrashsak, qurir daryo.

Yo’l — ko’plarning qanoti.
Daryo —ko’pning hayoti.

Yo’lni kesolmayman, oq!
Daryoni to’sish — gunoh…

* * *

Men haqimda o’ylar emishsan,
Do’stlaringga so’ylar emishsan.
U ham meni o’ylarmikan, deb
Olislardan bo’ylar emishsan.

Yoningdamish mening suratim,
Yodingdamish ma’yus suratim.
Avvalida suysang ham meni,
Aytmabsanmish pinhon yonib jim.

Yana meni o’ylar emishsan,
Yonib, yonib kuylar emishsan.
Hanuz meni o’ylarmikan, deb
Olislardan bo’ylar emishsan…

QAYTGIL, MUHABBAT

Sen g’ofil ilg’amas shuur ekansan,
Ko’nglimni to’ldirgan surur ekansan,
Qaddimni tik etgan g’urur ekansan,
Ne uchun nafratga o’girdim ekan?!

Visol bo’l deb ta’ma qilmasman minba’d,
Faqat yuragimga qaytgil, muhabbat!

Sen ketding, borliqqa yoyildi kul rang,
Olamda bir sas yo’q, bo’ldimmi garang?!
Bilmay zavq, jur’atni xuddi o’limsang
Puchmoqda sudralib yuribman arang…

Men dildan ul yorni quvgandim faqat.
Yana yuragimga qaytgil, muqabbat!

Men na’ra bo’lsam, yor sasday tuyuldi,
Men osmon esam, u pastday tuyuldi,
Serto’fon olamda xasday tuyuldi,
Kuyida tufrog’lik basday tuyuldi…

Qadr bo’l, ardoq bo’l demasman minba’d,
Faqat, yuragimga qaytgil, muqabbat!

Kecha pand bergandi bir notavon qiz,
To’kin jazoladim yurak etmay jiz.
Qayoqdan keldi oh, bu beshafqat his?!
Qalbimda tosh daraxt otmayin ildiz,
Tezroq yuragimga qaytgil, muhabbat!
Minglar deb
Birga qul o’tishga men taxt,
Qaytgil, yuragimga!
Qaytgil, MUHABBAT!

1964—1984 yillar


ONA QO’YNIDA

Sen onang qo’ynida yashaysan xushbaxt…
Hayot tashvishlari hali begona.
«Ko’kdagi oy kerak» desang bo’lar taxt,
Dam o’tmay, yulduzni qo’msaysan yana.

Sen emas, o’zim ham shunday edim, rost
Uchirma bo’lishdan ilgari, ukam.
Mudragan ko’zlarim ochildi bir oz,
Olisda mustaqil yashab turgan dam.

Ro’zg’orga bir dona narsa kirguncha
Necha vaqt quvvating to’kilar ekan.
Murg’aging beshikdan yo’lga turguncha
Sog’liging chok-chokdan so’kilar ekan.

Ba’zida paridek ko’ringan zotning
Nuqsoni ko’rinib qolarkan ayon.
Sen ravon deb bilgan hayot yo’lida
Qoqinsang, alami bo’larkan yomon.

O’shanda tug’ilib o’sgan ostona
O’ziga chorlagay — yakkash panoh, taxt.
Hozircha bu o’ylar senga begona,
Sen onang qo’ynida yashaysan xushbaxt.

* * *

Boshini yostiqqa olib qo’yay deb
Uyg’onsam,
Qizim —
G’unchadek qimtinib, tugunib yotar.
Oy uni imlardi oynaga kelib,
Sochiga yulduzlar qadar edi zar…

Yurakdan yuziga tushgan uchqunlar
Oralab yoyildi hayrat qushlarim…
Bu qanday bahoriy toshqin, ko’chkinlar?
Tun, menga ayon et qizim tushlarin!..

ONA TILIM

Onasi betoblangach, Uni ilk bor o’ylagan,
Jon fido qilishga shay turgan farzand misoli —
Yonib, ona tilini avj pardada kuylagan —
Shoirlardek, men seni alqamagandim hali…
Yonib yoza olmagan armonim, ona tilim!
Mangulik yo’llarida sarbonim — ona tilim!

Ta’rifga sig’mas dedim, chunki sen — hayot tuzi,
Xalq jigari asrlab poklagan toza qonsan.
Kuylash emas ko’rindi, chunki sen — mening o’zim,
Sen — o’tmishim, hayotim, istiqbolim, imonsan.
Qalbim hosilin yiqqan xirmonim, ona tilim!
Mangulik yo’llarida sarbonim — ona tilim!

Shonli yo’ling sharxlamoq ortiqchadir, yoqsalar,
Samandarlar misoli boqiy g’olib qolgansan.
Bo’g’moqchi bo’lib kelgan tillar shoxin qayirib,
Gavharlarin qo’yningga asta solib olgansan.
Tosh ostida yetilgan marjonim, ona tilim!
Mangulik yo’llarida sarbonim — ona tilim!

Dunyoda tillar ko’pdir, hammasi ham serjarang,
Yolg’izim, sen ulardan ustun demasman zinhor.
Balki shundan, ko’nglimga shubha sola — boshlar jang:
Olamda lotin tili yanglig’ o’lgan tillar bor!
Bo’lay obi hayoting, darmoning, ona tilim!
Jon olib jon berishdan darxonim — ona tilim!

Ne quyma tafakkurlar, ne olim, zakiy zotlar
Izlab topa olmadi chashmi ibtidoingni.
Ishongum: hech qandayin EHMu robotlar
Topolmagay limitu sarhad, intihoingni.
Sobit ishonch, bepisand karvonim, ona tilim!
Mangulik yo’llarida sarbonim— ona tilim!

Yorga sevgisin hatto ajnabiy tilda aytgan
Valadlardan Navoiy, Bobur chekkan iztirob.
Kun kelib chin Qomusim zarhal ila bitilgay,
Ona tilda yozilgay Qaror, hujjat degan bob.
Qonunda qo’riqlangan qo’rg’onim, ona tilim!
Mangulik yo’llarida sarbonim — ona tilim!

G’urur bilan, baralla madh aylasam haqqim bor.
Burchlimiz qadring bayroq aylashga she’rimizda.
O’ttiz milyon o’zbekka taqdirsan, rag’bat, afkor,
Sen quvvat manbaisan baxtimiz, sho’rimizda.
She’riyat minbaridan Farmonim — ona tilim!
Mangulik yo’llarida sarbonim — ona tilim!

09

(Tashriflar: umumiy 168, bugungi 1)

5 izoh

  1. М.МУРОДОВАнинг ижоди алохида таассурот колддирди.Х.ДАВРОН дек жонкуяр адиб, зиёлилар сафи кенгайишини орзу киламан.ЭЛМИРА.ЖИЗЗАХ

  2. М.МУРОДОВАнинг ижоди алохида таассурот колдирди.Х.ДАВРОН дек жонкуяр адиб, зиёлилар сафи кенгайишини орзу киламан.ЭЛМИРА.ЖИЗЗАХ

  3. Онажоним Мукаррама Муродованинг шеърларини ўқиганларга ва эътибор берганларга бошим ерга теккунча таъзим қиламан

  4. Аяжонимнинг ижодига ҳурмат билан қараганларга ҳамиша таъзимдаман

  5. МЕҲРИБОНЛАРИМ

    (Ота-онам Мирзакарим Пирматов ва Мукаррама Муродова, акам Музаффар Пирматов хотирасига бағишланади.)

    Дунё гўзал! Унинг гўзаллигини кимдир болаликда, кимдир ўсмирликда ва яна кимдир кексаликда турли қиёфаларда намоён этиши мумкин. Биз билан ёнма-ён яшаётган инсонлардаги ўзаро инсонпарварликни, олийжанобликни кўрганда менинг кўз олдимда ота-онамнинг сиймоси гавдаланади. Менинг гўзал дунёим — уларнинг мана шундай гўзал хотираси билан ҳамроҳлигимдир!
    Дарҳақиқат, уларнинг хотираси сермазмун ҳаёт, тафаккур, сабр-тоқат ҳамда камтарлик ва ахлоқий поклик бобида, самимийлик ва қатъиятликда ибрат бўлгувчи эди. Икки ижодкорнинг ижодий олами уларнинг хаёт йўлларини биргаликда босиш учун пойдевор бўлди ва мустахкам, ҳавас қилгудек оила барпо этилди.
    Айб эмас, олима бўлмаса аёл,
    Айб эмас, ижоди топмаса камол.
    Аммо бекалик ва оналикни
    Уддалай олмаса кечирилмас ҳол!

    Бу оилада меҳр-муҳаббат юксак даражада қадрланар эди:

    Биламан, йўлдошим — валломат эмас.
    Ўзим ҳам фаришта эмасман, кейин…
    Орага қози-ю даллол керакмас,
    Иккимиз келишиб оламиз секин…
    Оила саройин қурдик ўзимиз.
    Аччиғу чучугин тенг кўрдик баҳам.
    Аста шивирлаймиз тотли сўзимиз,
    Қулоққа айтамиз аччиғини ҳам! (Оила)

    Оила даврасида ҳамиша ширин суҳбатлар бўлиб, бу эса баъзан баҳс-мунозарага айланиб кетарди:
    …Шивирласа, ҳайқирса ҳам ё,
    Эркалатса, бақирса ҳам,
    Силлиқлари, дағали билан,
    Асалга қорилган шағали билан,
    Барини муқаддас билиб ўтяпман,
    Ишониб уларга меҳрим тутяпман.
    Аяжоним ва дадажонимнинг фарзандларга бўлган муҳаббати, эътибори шу қадар кучли эдики, ижодий ишлардан ошиниб, бизлар билан мазмунли вақт ўтказар эдилар.
    Бунча доно бўлмаса гўдак ҳолида,
    Мунчоқдек кўзларда тафаккур ранги.
    Довдираб қоламан гоҳ саволидан,
    Чулдироқ гапларда – фикр жаранги . (Қизғониш)

    Акажоним Музаффаржоннинг дунёга келиши хонадонимиз хаётига ажиб маъно касб этди:

    Қуёшни қучган каби тўлишиб кетди бағрим
    Кўзмунчоқ кўзларига кўзларим тушган онда.
    Қутловга учиб келгач, таниш-билишнинг бари
    Туйдим: ўғил қанчалар қадрлидир инсонга. (Ўғил)

    Ота-она ҳақида мақоллар, ҳикоялар.шеърлар ёки хаётий воқеаларни ўқир эканман, кўз ўнгимда ота-онамнинг бизларга берган хаёт йўриқномалари гавдаланади:

    ..Кўрсатай: фарқлаб ол гавҳарни тошдан,
    Қирга юр, кўриб ол яқин-йироқни.
    Мабодо элтолмай қолсам қуёшга,
    Кўрсатгум у томон элтар сўқмоқни.

    Дадажоним ижод қилиш мақсадида қўл машинкаси ёнига ўтиришлари биланоқ, елкаларига миниб олганларим ҳали-хануз ёдимда. Лекин бирор марта бизларни койиганларини ёки асабийлашганларини эслай олмайман. Шундай пайтларда « Ҳа, Мунаввара, яна эртакми?»- дея кундузми, оқшомми эринмай эртаклар айтиб берардилар ва ҳар бир саволимга жавоб берардилар. Дадажоним менга айтиб берган эртаклари тўплами сифатида кейинчалик «Мунаввара эртаклари ёки Нўхатполвоннинг саргузаштлари» асари чоп этилди.

    Дадажоним яхшиликнинг тимсоли эдилар, яхшиларнинг яхшиси эдилар. Улар оила учун, фарзандлар камолоти учун жонкуяр ота, меҳрибон ва хушчақчақ оила бошлиғи эдилар. Ҳаммамизни: онамни, опамни, акамни ва мени «сиз»лаб гапирар эдилар

    Гоҳо гул ҳидлаб, гоҳ пиёз чайнаган,
    Гоҳ – иззат-ҳурматда, гоҳо қайнаган,
    Гоҳ – оғир-вазмин, гоҳ-гоҳо… айниган –
    У кунлар орқада қолди, чамаси,
    Кўнглингиз ёшни тан олсин Дадаси.

    Сиз энди – ўғилга, биз қизларники.
    Кенг хона – Сизга, бу тор – бизларники.
    Сайёди бор энди ҳар изларники!
    «Сиз — биз» дан ортмасак бўлмас чамаси,
    Ҳушёрроқ бўлмасак – бўлма..а..с, Дадаси! (Дадасидан сўровларим)

    . Дадам севинчни, қувончни, энг муҳими меҳмонларни яхши кўрар эдилар. Шунинг учун ҳам, хонадонимиз доимо меҳмонлар билан гавжум эди. Бизларни ҳам хаётнинг қувончли кунларига, байрамларга, концертларга, илмий-адабий анжуманларга етаклар эдилар.
    Миртемир домланинг назари тушган, Зулфияхоним пешонасини силаган, Саида Зуннунова бағрига босган шоира – менинг онам — ёш қаламкашларга онадай меҳрибон эди. Онажонимнинг «Шуъла» тўгараги адабиётимиз учун Ғайратий домланинг ана шундай тўгараги каби хизмат қилди. Тўгаракда шеъриятдан, адабиётдан, ижоддан таҳсил олган шогирдлари Дилором Исмоилова, Равшан Файз, Фахриёр, Зебо Мирзаева, Иқбол Мирзо, Ғулом Мирзо, Салим Ашур, Ҳол Муҳаммад Ҳасан, Машъал Хушвақтов, Нодира Афоқова, Озода Бекмуродова, Замира Эгамбердиева, Ислом Ҳамро, Дилшод Ражабов, Зафар Камолов, Абдумажид Азимов, Рустам Ниёз, Оллоёр Бегалиев, Зулфия Мўминова, Чоршаъм Рўзиев, Рауф Субхон ва бошқалар машғулотдан ташқари хонадонимизга тез-тез ташриф буюришар ва мушоиралар давом этарди. Бу мушоирани дадажоним диққат билан тинглар, улар тарқалгач онам бирла уларнинг шеърларини таҳлил қилишарди:

    Оқшом чоғи ота-онам мутолаа қилмоқдалар,
    Тун зулмати, ҳам ғафлатин нимта-нимта тилмоқдалар.
    Бир-бирига навбат бермай қўлга қўнар кўк дафтарлар,
    Варақларни нурга солиб текширмоқда қўш каптарлар. (Зиёкорлар)

    Аяжоним ва дадажоним кўпинча навбатма-навбат ижодий сафарларда бўлар эдилар. Дадажоним билан бирга ишлаган Муҳаммаджон Қўшақов, Муқаддас Абдусаматова, Жўра Саъдуллаев, Маҳкам Раҳмон, Карим Раҳим, Жаббор Раззақов, Сафар Остонов, Аҳмаджон Мелибоев ва бошқалар билан очерклар ёзиш учун вилоятларга борар эдилар. Дадажонимнинг ижодий сафарларидан олган таассуротлари «Юлдузлар жилмаяди», «Устоз ва шогирдлар» «Иброхим Эшонхўжаев», «Қалбимни очай сизга», «Биринчи секретарь», «Хаёл қуши», «Ўзимга ишонаман» номли асарларида чоп этилди.
    Аяжоним сафарда эканликларида уйга ёзган мактубларида ҳам бир-бирларига бўлган ишонч ва меҳр нафаси шундоққина сезилиб турарди:
    « Ассалому алайкум, Мирзо! Соғлигингиз яхшими? Болаларимизнинг кайфияти қалай?
    Мендан сўрасангиз кеча самолётимиз 12.45.да учди. Адлерга қўнгач, чемоданимни олгунимча соат 5 бўлди. Бу ернинг вақти бўйича соат 2 эди. 2.45.да автобусга ўтириб Пицундага етиб келдим. Адлердан Пицундагача йўл бўйи чиройли манзара: йўлнинг икки чети қатор сосналар, пальмалар. Дарвоқе, сочлари пахмоқ, чигал бу пальмалар нимага керак экан ўзи? Чиройлигу, жуда ғашимни келтирди. Шамолда сочи тўзиган новча пахмоқ қизлардай йўл бўйига чиқиб олишган, бекорчилар!
    …Балконга чиқсам – соҳил тўла одам. Яна чўмилишяпти. Энди кўрдим: денгизнинг саёз жойида чўмилишаётган экан. Саёз жойлар эса шундоққина узоқдан ҳам билиниб кўриниб тураркан! Саёзлик қандай ёмон! Шунчалар улуғвор Денгизнинг саёз жойлари ҳам бўларкан ва у ҳам буни яшира олмас экан. Денгизга, денгизларга ачиниб кетдим!18 сентябрь, 1986 йил. Д.Гумма номидаги Ижод уйи, Пицунда посёлкаси, Абхазия АССР »
    Ота-онамнинг бир-бирларига ёзган мактублари йирик бир асар эди, гўё.
    Улар сафарда бўлсаларда, фарзандларга хаёт сабоқларини бериб борар эдилар:
    «Салом, менинг йўлбарс ўғлоним! Мана бундан 2 соат олдин Сухуми шаҳрини айланиб келдик. Энди уларни Сизлар ҳам кўришингиз керак. Кўз билан кўргунларинча, мен улар ҳақида гапириб бераман.
    Тоғ ошиб Сухуми шаҳрига кириб бордик, у жудаям чиройли шаҳар бўлиб, Абхазия автоном Республикасининг пойтахти экан. Ҳамма ёқда ям-яшил лавр дарахтлари, фикуслар, баланд-баланд пальмалар! Ҳаммасидан чиройлиси: бу ерда гул-дарахт кўп экан. Алянда номли гул-дарахтнинг чиройли пушти гуллари тўп-тўп очилиб, шаҳарни янаям яшнатиб юборибди. Кўзим ёниб, уйда ўстирамиз деб бир шохини гуллари билан синдириб олгандим уни кўриб турган расмчи чол чақирди-да: нега синдирдинг, дарҳол ташлаб юбор, бўлмаса у заҳарлайди, деди. Гули ҳам захарли эмиш.
    Хуллас гулни ирғитиб, қўлимни ўша атрофдаги сувда тозалаб ювмагунимча қўймади. Демоқчиманки, ўғлим, дунёда Дарахтга айланиб кетган гуллар ҳам бўларкан ва у кишини захарлашга қодир экан! Бу гапнинг мағзини чақинг, Музаффаржон!»
    «Қаранг, Мунаввархон, Ивери чўққиси шунча баланд, улуғвор бўлгани билан, унга одамлар талпингани, етишишни орзу қилгани билан, ичи бўм-бўш пучлик экан. Рангсиз бўшлиқ, номсиз бўшлиқ, жонсиз бўшлиқ… Ҳа, қизим, шундай ўсиб қолмаслик учун ҳар куни бир томчидан бўлсада, илм шарбатидан ичиш керак! Ҳар куни тариқдек бўлса-да, ақлда, юракда нимадир яратиш керак!
    Менинг доно фарзандларим мағзи тўқ чўққилар бўлишини истайман. 27 сентябрь,1986 йил, Пицунда.»
    « Кизим Муҳаррамхон! Бугун Гагра шаҳрига бордим. Мен у ерда шаҳар автобусини кутиб турсам, рўпарамда бир аёл ва бир эркак кулиб қараб туришибди. Кўзимга ўт кўринди: ўзбеклар! Биз бир-биримизга қараб беихтиёр талпиндик. Исми Муҳаббатхон экан. 45-50 ёшларда. Андижоннинг «Зелёной мост»идан экан. 47-мактабда дарс берар экан. У мени таниди, Саида Зуннунованинг ўша ердаги боғ-ҳовлисига қўшни экан. Анча гаплашдик. Бир лаҳза яйрадим. Лекин шу лаҳзадан бошлаб бир дақиқа ҳам бу ерларда тургим келмай қолди. Соғинч.. Ватан соғинчи, дўстларим ёди, онамнинг меҳри, дадамнинг саховатли қалби, болаларимнинг қудрати ўзига тортар эди. 5 октябрь,1986 йил.»
    «…Ҳар ким бу тошларга ўз исми ва туғилган жойининг номини ёзиб қўйибди. Менинг ҳам ёзгим келди, ҳамшаҳарларим кўриб қувонишини, бегоналар эса шундай жой ҳам борлигини яна бир карра эслашларини истадим. «Тошкент — Мукаррама Муродова, Бор бўлсин ,онам, оилам ва Ватаним!» Мен бу жумлани шунчалар беихтиёр ёздимки, ва уни шу қадар ихлос билан ёздимки, эҳтимол уни йиллар ўчира олмас ва ўчира олмайди ҳам!»
    « Ўғлим Музаффаржон! Кеча дадангизга ёзгандек, Рица кўли бўйлаб ва у томон саёҳатга чиқдик. Қайтишда Абхазия ҳақида анча янги маълумотлар олдим. Бир ярим миллион кишидан иборат абхаз халқи ўзига яраша маданиятга, тарихга ва ғурурга эга экан. Улар ҳам мусулмон динига эътиқод қиларканлар. Абхаз тилида от сўз туркумига кирувчи ҳамма сўзлар олдига «а-» қўшимчаси қўшиб айтилар ва ёзилар экан. Бошқа тиллардан келган отлар ҳам шундай қисматга учрайдикан. Масалан, Муҳаррама сўзи Амуҳарррама каби. Бу дунё тиллари орасида ягона абхаз тилига хос хусусият экан. Кичик бўла туриб, ўзига хос бўла олиш қандай бахт, а, ўғлим!…
    ….Чиндан ҳам мана шундай ўғлим! Биз она тилимиз ёнида чет тилига ҳам меҳр қўйиб, уни чуқур ўрганмасак бўлмайди. Бу эҳтиёж айниқса, мана шунақа катта давраларда билинар экан.
    Мен ўзимни рус тилидан жуда нўноқман деб юрардим. Йўқ, ҳамма билан, ҳар қандай мавзуда бемалол суҳбатлашяпман. Шунда менинг фарзандларим бу борада мендан ҳам яхшироқ билимдон, 3-4 хил тилларда бемалол гаплашадиган бўлиб етишишларини орзу қилиб қувониб кетяпман!
    …Юрагим абадий двигателдек туйғулар билан тўхтовсиз гуруллайди…хаёлим кўринмас қуш бўлиб гоҳ тоғлар қошида, гоҳ қудуқлар бошида чирқирайди… Ҳамманинг ҳолати, ташвиши бу қуш бўйнига (………хат тушунарсиз) ташлайди. Ҳамма билан Ишим бор ва Ишим бир бўлиб кетди. Фақат ҳеч ким Мени кўрмайди! Фақатгина мен ҳам мавжудлигимни бир-биридан туйғун оилам , отам , онам, баъзи дўстларим ва Ватанимгина сезадилар!
    Азиз фарзандларим! Сизларни менга Издош бўлишларингни, дўстларим сифатида ҳар жиҳатдан бўйдош бўлишларингни истайман! Бунинг учун эса табиат ато этган потрак юракларингизни авайлашларингни, одамзод яратган барча ақлий жавоҳирларни тафаккурга жойлашларингни истайман!
    …Ўғлим, мен сизга фақат шу – Пицундадаги йигирма кунлик сафаримдан чиқарган хулосаларимни ёзмоқчиман:
    Оила ва фарзандларимдан олисда яшаш азоб экан! Доим улар билан бирга бўлишим шарт, бошқача айтганда улар доим ўзим билан бўлиши зарур.
    яқинларингнинг ҳам, уй ва ватанингни ҳам ҳақиқий қадри, бўй-басти олисларда равшан кўринар экан. Яъни, узоққа тушганингда қалбингга энг яқин кишилар ва нарсалар, хата масалалар сен билан бирга келарканда, уларни ўраб турган турли майда-чуйдалар ҳам. сен билан улар орасида доим мавжуд бўлган турмуш икир-чикирлари тўзонидан иборат парда йўқоларкан. Дўстинг кимлигини душманлар орасига тушганингда биласан деганларидек, халқинг ҳақидаги бор ҳақиқатни ундан олисларда теран англаркансан киши. Шу сабабли тез-тез сафарга чиқиб туришни яшаш қонуни деб билинг, ўғлим!
    Уйингга қўшнилар келишганида, сен ҳақингдаги ўз фикрини ҳеч айтмас экан. Ўзинг ҳақингдаги ўзгалар ўлчовини билиш учун сен ўзгалар уйига киришинг даркор экан!
    Миллатлар ва уларнинг қаламкашлари ҳамиша уялмай, бор аҳволни борича ёзишлари зарур!
    Миллатчилик шарпалардан қутулиш шарт! У ҳеч кимни олға етакламаган.
    Менга энди прозага ўтиш даври келди, шекилли!
    Атиги битта шеър ёздим, бироқ ўнлаб шеърлар ёзиш учун мавзулар мактубларимга тўкилди.
    Охиргисими, ҳаммасидан муҳими ва зўр шодлик — бу болаларинг ҳузурига учиш экан. Энг катта бахт ва аниқ хулоса – мана шу! Салом азиз оилам!
    6-7 октябрь, 1986йил, Пицунда.»

    Онажоним сафардан қайтдилар. Биз яна оила даврасида хаётнинг турли жабҳаларидан сабоқ олмоқдамиз.
    Маънавият ҳақидаги суҳбатларда халқимизнинг буюк тарихида ўзининг жасорат ва матонати, ақл-заковати, нафосат ва назокати билан ўчмас ном қолдирган Зебуннисо, Нодира, Увайсий, Анбар отин ва юзлаб аёлларимиз тилга олинарди. Менинг онажоним ҳам ана шундай маънавий-ахлоқий муҳит яратувчиси эди:

    Кўчадан бир янги гап топиб келсанг,
    Ёнига бирини қўша олмасам,
    Ҳеч кимса сезмаган нурни илғасанг,
    Мен уни шарҳ этиб бера олмасам,
    Қадаминг фикрингни ақлимда элаб,
    Унидан кепагин айрий олмасам.
    Фикримиз тўқнашса-ўзимни ёқлаб,
    Гапингни асосли қайрий олмасам.
    Кечирмагайман ўзимни мен ҳам…
    Ранжимагил ёр, ола қолгин тан.

    Дадажоним ҳам ижодий сафар юзасидан Севастополга саёҳатга бордилар. Саёҳатдан сўнг, очерклар ёзишдан тўхтаб, тарихни ўргандилар. «Бобур нидолари» тўплами ватан соғинчининг нишонаси сифатида, Бобур сиймосида юзага келди:
    ***
    Яна юзим шувут. Қиличим синди,
    Тағин ғанимларга йўл очди тақдир.
    Кипригимга заҳар томчиси инди,
    Нақадар оғир-ей, нақадар оғир!

    Мунгли юрагимни чулғар ғалаён,
    Табаррук заминдан айрилиш – ўлим!
    Шу юрт омон бўлса, бош бўлса омон
    Илоҳо, бир куни боғлангай йўлим!

    ***
    Япроқ сарғаймади, юзим сарғайди,
    Чирт узилган баргмас – менинг юрагим.
    Кузнинг сокин қуйи мисоли дайди,
    Ўқ еган турнадир орзу – тилагим.

    Шикаста умримнинг хаста доғига
    Мўмиё сингари малҳам қўёлсам.
    Армоним йўқ эди юрт тупроғига,
    Соғинч юзларимни лаҳза босолсам.

    Гарчи бу шеърлар Заҳириддин Муҳаммад Бобур тилидан баён қилинган бўлса ҳам, уларда умр шоми яқинлашиб қолаётган ва буни ўзлари ҳам сезиб тургандай эди. Қодиржон амаким, Расулжон амаким, Икромжон амаким ва Мирзараҳим амакимларнинг қистови билан жигари хаста дадажонимни Андижонга, Бўздаги дала-ҳовлимизга олиб келдик.
    Минг шифо қидириб битта дардингга,
    Юз табиб гапига қўяман ихлос.
    Умидвор бош қўйиб оёқларингга,
    Илтижо қиламан: «Дарддан эт халос!»
    Кафтингда кўтариб юрмоқчи эдинг,
    Юрганим яхши-ку ёнингда бирга.
    Орзулар юзага чиқса ҳам секин,
    Соғ, қўша ўтсак бас бутун умрга !(Илтижо)

    Хаста бўлишларига қарамай, иккинчи тарихий асарни – «Моҳларойим» асарининг 1- қисмини ёздилар ва 2-қисмини ёзишни аяжонимга васият қилдилар… Катта айрилиқдан сўнг аяжоним дадажонимнинг васиятлари бўйича Моҳларойим билан диллашди:
    ҲЎҚАНДИ ЛАТИФ МУЛКИНИНГ МАЛИКАСИ, ФАХРИЯТ КЎКИНИНГ ЁРКИН ЮЛДУЗИ, НАЗМ БЎСТОНИНИНГ БУЛБУЛИ НОДИРАИ ДАВРОНИМИЗ – СЕВИМЛИ МОҲЛАРОЙИМГА.
    КЎНГЛИ ДОҒЛИК, ЙЎЛИ БОҒЛИҚ ҲАМШИРАСИ МУКАРРАМА МУРОД КИЗИДАН ДИЛНОМА
    Ассалому алайкум, муҳтарам устоз!
    Азиз умрингизни мунаввар этган хуршиди тобингиз, кўнгил қушларингиз ҳур-ҳур чарх урган ложувард осмонингиз, иссиқ-совуқ иқлимлардан асрагувчи қалқонингиз бўлмиш амир-ул-муслимин Амир Умархон ҳазратларининг бевақт вафотидан хабар берган саҳифага етдиму ўзимдан йироқ тушдим. Кўз қорачуқларим кенгайиб оқ қоғозни қаро этдими, ёинки варақдаги сиёҳ Сизнинг ҳасратгир фиғонингиз тўфонида чайқалиб кўз олдимни тўсдими, ҳар қалай олам нурсиз ва пойсиз бўлди-қолди! Ул бағрихунлик кунларингизда ёнингизда туролмадим. Кўнгил сўролмадим… Бунчалар оқибатсизлик учун маъзур тутгайсиз бу ношуд синглингизни!
    Умархон ҳазратларининг беморлик тўшагига михланиб қолганлигидан умрдошинг Мирза Карим хабар топгани қачонлар эди-ю, наҳотки, сен бирор шарпа туймаган бўлсанг, деган малол кўнглингиздан кечаётганини сезиб турибман. Рост, бекачим, рост! Мирза Карим амир-ул-муслиминни ниҳоятда ўз юрагига яқин олганлигидан Олампаноҳнинг муборак кифтини ялаб ўтган ўқ заҳмиданми ва ёки зиёда танаввул этилган чоғирданми Мирза Каримнинг жигари лат ебди… Сизлар ёққан рўзғор чироғи саодат ҳавосидан пориллаган йилларни Мирза Карим Тошкентдаги турли шифохоналарда хасталик ёстиқлари устида қоғозга туширган эди…хаётингизнинг масъуд онлари нафаси роман саҳифалари аро кўклам эпкини мисол пилдираб ўтганлиги боиси балки шундандир…
    Ул шаҳриёр ва унинг сиздек ёқимли мастураси сиймоларига нисбатан Мирза Карим юрагида беқиёс муҳаббат ва бетимсол эҳтиром мавжуд эди!
    Мен Мирза Каримни бир нарсага кўндира олмаганман: « Амир Умархоннинг исми шарифи олдига «Олампаноҳ» сўзини қўйманг», — десам, у «Ахир бу киши бизга китобларда ўргатишгани-золим подшоҳ эмас! У маърифатли одам, зиёлиларга бош-қош. Илм ва адабиёт мактабини яратган ҳомий! Ўзи ҳам истеъдодли шоир. Боз устига, Моҳларойимнинг-шоира Нодиранинг умрдоши ва устози!»- деган қатъий. «Моҳларойим» эмас, «Моҳлар ойим» бўлиши керак, деган эътирозимни ҳам шундай қайтарган: «Мен учун у яхлит исм — Моҳларойим!» Не дердим! Умархон ёзувчи Мирза Карим учун «Олампаноҳ Амир Умархон». У, Моҳлар ойим Мирзонинг суйгун «Моҳларойим»и! Ҳа, не бахтки, Мирза Каримнинг ўз Моҳларойими бор эди! Шу муҳаббат, шу эътиқод Мирза Каримнинг чайир жийда қаламига кумуш япроқлар, олтин гулдан тилла қўнғироқлар бахш этди. Ва бу чайралган қалами билан у Сиз ҳақингизда роман ва пьесалар ёзишга ўзида куч, журъат топди!
    Асар қораламасини ўқиган профессор Азиз Қаюмовнинг ижобий баҳоси адиб кўнглини тоғ қилди.
    Мирза Карим ўз асарида устози аввалингиз шахсига ортиқ бино қўйса-қўйгандир! Айниқса, Умархоннинг сиздек иффатли завжасига муносабатларини тасвирлашда ўз эътиқоди ва ҳаётда Аёл зотига, хусусан, шоиралар оламига нисбатан қалбида бўлган улкан ҳурмат таъсирида бўлса, бўлгандир. Ахир Мирзо чорак аср мендек рафиқасининг қош-қабоғига қиёлаб ўтди! Шоира ёстиқдошининг вақти-бевақтдаги инжиқликларини ичига ютди! Ул зот хотинини чертиш тугул Бирон марта ҳам овоз пардасини баландлатмаган! Орзу-истакларим шохини қайирмаган ҳам! Қайтанга, бекалик қисматим ташвишлари олдида шоирлик шахди қисиниброқ қолган кезларда изсиз кетаётган кунларим учун, дами қайтаётган унларим учун Мирзо кўп ташвишланарди. Аслида бунга ўзим айбдорман. Мен қаламимга унинг қудратидан вазминроқ талаб тоши қўяман шекилли. Кайфиятимни кўтариш, юрагимни уйғотиш учун у мени адабий анжуманларга судрар, сайру саёҳатларга олиб борарди. Шундаям бу тош қалам эримаса, Мирзо куюниб совуқ гап айтиб юборарди: «Энди сизни ё ташлаб, ё кўзларингизни ёшлаб кетишим керакка ўхшайди!»
    Эй, фалак! Нега ундай деганди-я! Нимага шунақалар деганди?! Минг қатла айтардим «Оғзингиздан ел олсин» деб! Мана, яхши гапгаям, ёмон гапгаям фариштаоар омин дер экан… Шундоқ, опажон! Мирза каримингиз мени абадиян ташлаб кетди! У ўзи бино қўйган Амир Умархон қўлини. Бобур Мирзо йўлини тутиб кетди!
    Бобур Мирзо тўғрисида қисса ёзмаса бўлар экан! Бобур армонларидан гулдаста тузмаганда бўларкан! Мана оқибатда Мирзо Бобур ёшида Бобурга улфат бўлди! Тақдирингизни ғазалларда девонга тизгандингиз, муҳтарама Моҳларойим! Мирза Карим Сиз ҳақингизда негаям асар зди?! Айтишарди, буюклар ҳақида зиш – оғир!-деб. Оғирлик қилдимикан! Ёки Амир Умархон жанозасига ошиқдимикин? Маликам, билсангиз эди, Мирза Карим айниқса азадорларга қанчалик ҳамдам бўлишлигини! Балки шунинг учундир ўзининг тобути ҳам ер кўрмай елкама-елка сузди!
    Моҳларойим! Азиз бекажон! Сиз мендан кўра ақллироқсиз! Сиз ўша кунларда Мирза Каримга мендан ҳам яқинроқ эдингиз. Умр шами тугаш олдида порпираб кетган Умархоннинг, йўғ-ей, Мирза Каримнинг юрагида Сиз бор эдингиз! У охират сафарига бонг чалинаётганини англаганмиди? Нега Мирзо ундай деганди? Сиз ҳақингиздаги асарнинг иккинчи китобини ёзишни васият қилдилар. Яна қайси даврни денг? Виқорингиз, баҳорингиз, мадорингиз бўлмиш шохсуворингиз жон таслим қилгандан сўнгги бахтиқаро кечмишингизни суратлашни менга қолдирдими? Йўқ, йўқ! Бу менинг қўлимдан келмас! Тўғрироғи, ул китобни битишга энди менинг қўлим бормас! Ёзган чоғимда ҳам унинг саҳифалари Сизнинг кўркингиз гулзори эмас, менинг туйғуларим мозори бўлгай. Шубҳасиз, шундай бўлгуси! Мен Мирзонинг ана шу топшириғидан бошқа барча гапларини, орзуларини амалга ошириш кўйида бўлурман.
    Азиз бекажон! Азиз умрингизни мунаввар этган хуршиди тобонингиз, кўнгил қушларингиз азот чарх урган ложувард осмонингиз. иссиқ-совуқ иқлимлардан асраб турган қалқонингиз Амир Умархон вафоти ҳақидаги хат битилган саҳифани ўқиб, ҳасрат тўла фиғонингиз тўфонида довдираб, кўнглим пардаси очилиб кетгани учун маъзур тутинг бу кўнгли доғлиқ ҳамширангизни… Нафсиламбирини айтганда, Амир Умархон вафоти тарихини ёзишдан кўра мен учун МирзаКарим мусибати тарихини очиш муҳимроқ эмасми?! Ахир менинг Мирзом қайси хон ҳазратларидан кам? Тўғрими, а?! Лаббай!
    Маликам, бева қолдим, деб ортиқ нола чекаверманг. Мана мен ҳам, ниҳоят қўлга қалам олдим. Энди кўз ёши тўкмасмен. Завжасининг фарёди-марҳум бош эгасидан ҳаққи маҳр талаб қилганлик тимсоли бўлармиш. Мен эса раҳматли Мирза Каримдан қиёматлик розиман! Тупроғи юмшоқ, Охирати обод бўлсин! Энди биздан у киши ҳаққига тиловату ҳам ота бўлиб,ҳам она бўлиб фарзандларимиз камоли йўлида курашмоқ ёруғ қисматдир.
    Қиёматда дийдор кўришгунча хайр, менинг мунис қисматдошим. Моҳларойим!
    Камоли эҳтиром ила Мукаррама Мурод қизи.
    1993 йил, 26 октябр»
    Дадажоним вафотидан сўнг оиламиз маънавий жиҳатдан танг ҳолатда қолди. Яхшиямки, оиламизнинг дўстлари кўп экан. Улар: Абдулла Аъзамов, Назиржон Саидов, Тўлан Низом, Исмоил Тўлак, Усмонжон Шукуров, Қамчибек Кенжа, Фарид Усмон, Муҳаммад Али, Тўлқин Сатимов, Аҳмаджон Мелибоев, Жаббор Раззоқов, Бегали Қосимов, Наим Каримов, Тўйчивой Мамасолиев, Озод Шараффиддинов, Ўткир Ҳошимов, Маҳмуд Саъдий, Муқимжон қирғизбоев, Одилжон шодмоналиев …, Абдуғулом …,Ўктамжон …,Захириддин …,Ғуломжон Ғафуров, Сафар Остонов, Эркин аъзам, эркин макликов , Олимжон Ҳакимов., Сотим..холобоев тарих факультети, Хўжамурод Қулдошев, Абдусалим Шавриков, Шодмонбек Отабоев, Ўктам Мирзаёров, каримжон рихсиев, Турсуной Содиқова. ва бошқа дўстлар онажонимга тасалли бериб, кайфиятларини, рухиятларини кўтаришга ҳаракат қилардилар. Дўстларнинг мехр-муҳаббати ва оқибатлилиги ёрдами ила онажоним яна ижодга қайтдилар:
    Ахир беш қаҳратон қилич сермади,
    Беш йил гул-чечаклар қабрин чирмади…
    Тафтидан кесаклар ушалганмикан?
    Остига момиқ ер тўшалганмикан?…
    Бошига ботмасми, гуволалари?
    Маҳкамми, зич, миқти зуволалари?
    Соғмикан, бир саржин сўнгаклари-е!?
    Доғмикан, яқосиз кўйлаклари-е!?
    Илтифот улашиб қаламқошларга,
    Садоқат кўрсатиб даврадошларга,
    Эркалаб, елкалаб жигарларини,
    Ҳадялаб тулпори эгарларини.
    Ўзлари юрарми ҳамон пиёда?
    Отлиқдан зиёда, шохдан зиёда?

    «Оқибат» достони онажонимнинг энг сўнгги ижод намуналаридан эди. Чунки акажоним Музаффаржон 1-сонли Тошкент Давлат Тиббиёт Институтитига қарашли терапея бўлими тарафидан берилган «опухоли основания средней черепней ямки» деб ёзилган томография тиббий қоғози билан ўксиб-ўксиб йиғлаб турарди. Оиламиз учун яна катта зарба берилган эди. бу зарбани енгиш учун онажоним тиббий китобларни ўқир, ҳар жойдан акажоним учун шифо излай бошлади:
    Боламга келар ўққа тутаман қанотимни,
    Қалқонга тегиб ўқинг қайтгуси ўз бошингга!
    Калхатдай кўзинг чўқиб ўчиргайман отингни,
    Марварид сатрларим айланур қўрғошинга!
    Оғзимда олиб бергум боламга яшаш ҳаққин,
    Ўғил кўриб, ўғлига тўйсин-да, Она халқим! (Ўғил)
    Онажоним акажоним Музаффаржонни Москвадаги Бурденко номли касалхонага операция қилдириш учун ҳам ота, ҳам она сифатида олиб кетди. Операциядан сўнг акамнинг соғлиги бироз яхшиланди. Яхши кайфиятда жонажон дўстлари Яшнар, Зокир, Суръат, Акмал, Ғаффор ва Ғуломлар билан ишига қайтди. Дўстларга содиқ ва улар ҳам дўстликка намуна бўлгувчилар акажонимга ҳар томонлама суянчиқ эдилар. Акажоним ҳаммамизга жуда-жуда меҳрибон, ғамхўр, ширинсўз ва кўнгилчан эдилар. Агар дунёда аканинг опа-сингилга муҳаббати, ғамхўрлиги тарозига солиниб ўлчаш мумкин бўлса эди, менинг акажоним бу борада энг биринчилардан бўлар эдилар!
    Ака!
    Жоним акам!
    Менинг паноҳим!
    Ҳаётим шомида ёнган чироғим,
    Қуриган денгиздан қолган булоғим –
    Акам,
    Жоним акам –
    Менинг паноҳим!
    Келинг…
    Хуш келибсиз –
    Кул хонадонга!
    Йигирма беш йилки, бу хонадонга –
    Тоғларга, боғларга – гул хонадонга ,
    Ҳур, нурлар учун – дулдул хонадонга –
    Келиб ким-кимлар қад ростлаб кетмади!
    Фақат
    Сиз…
    Тортиниб…
    Фаҳмим етмабди –
    Барча уй бекасин азиз меҳмони,
    Ҳар қизнинг мадори, таянчи, шони –
    Акаси бўларкан,
    Акаси – ёлғиз!
    Мен бўлсам…
    Мен ношуд,
    Мен эси паст қиз –
    Ҳар ёши улуғроқ эркак зотига –
    «Ака» унвонини қўшдим отига!
    Бу расо сўз қаддин энгаштирдимми?!
    Ҳар кимни мен
    Сизга тенглаштирдимми?!!
    Кимнингдир «Ака!» деб чақирган чоғим –
    Қалқинган бўлсангиз –
    Кечинг гуноҳим!
    Қарздорман.
    Қарзим кўп,
    Мингтадир балки!
    Қарзимдир мен Сиздан кўрган иззатлар,
    Мен Сизга қилолмай қолган хизматлар –
    Бўйнимга осилиб йиғлайди қақшаб…
    Ўзим ҳам
    Ҳув гўдак фаслимга ўхшаб –
    Йиғлагим келяпти
    Тоб ташлаб Сизга,
    Осилиб қўлингиз, оёғингизга!
    Баланд бўлгим келар опичиб олиб –
    Пастлардан,
    Каслардан —
    Музаффар Ғолиб!
    Кўзларимга суртиб
    Ҳар изингизни
    Юрай чизган чизиғингиздан!
    Акам!
    Акажоним!
    Менинг паноҳим!

    Лекин бу кайфият бевафо эди. Касаллик хуружи кундан-кунга орта бошлади…Онажоним севимли ўғли учун, опажоним меҳрибон укажониси учун, менинг ғамхўрим акажоним учун, ҳали отасига тўймаган жияним Хумоюн падари бузруквори учун, эндигина дунёга келган Лазиза посбони бўлмиш дадажониси учун, келинаям Махлиё севимли ёри учун кўзларида нур сўниб бораётган Музаффаржон ёнига чўкиб, Оллоҳдан шифо сўраб илтижолар қилдик…
    Дод! Минг дод дастингдан, бешафқат ажал!
    Инсоф деган нарса борми сенда сал?
    Ёш, қари демай, тенг ўроврасанми?
    Қиш, баҳор – домингга сўроврасанми?
    Акажоним вафотидан сўнг онажонимнинг юраклари чораккина қолган эди. Ҳансираб нафас олар, хаётга мазмунсиз, умидсиз боқар эди. Минг истиҳола айлаб, онажонимни Андижонга, Бўздаги дала ҳовлига олиб кетишни лозим топдим. Андижон давлат тиббиёти олийгоҳи клиникаси онажонимни текширувдан ўтказгач касаллик варақасини тўлдириб берган эди:
    «Ўткир босқичли миокард инфаркти, гипертония 3-босқич касаллиги, қандли диабет 3-босқич касаллиги.2005 йил. 7 июль»
    8 июль куни онажоним ўзи келин бўлиб тушган эски Жийдақатор қишлоғи (ҳозир Навоий)даги Юнусобод қабристонига дадажоним қабрининг рўпарасига дафн этилди.
    Қисмат!
    Недир бу қисмат?
    Хаётнинг ташвишими
    Ёки қувончи?
    Оллоҳим бердими
    Ҳар кимга қисмат!
    Бу недир ўзи
    Инсондан қиммат?
    Ўз ёридан айрилмоқ
    Мана шу – қисмат.
    Дилбанди бетоб.
    Будир ҳам қисмат!
    Оллоҳ ўзи берди
    Ва яна олди
    Ягона ўғлин-
    Мана бу қисмат.
    Оллоҳга шукр
    Онажон, майли.
    Оғирдир қисмат
    Кечирмоқ шахди
    Қисматнинг борига
    Ўзига шукр!
    Онажон, йиғламанг,
    Овутсам, узр!
    Овутиб, совутиб
    Онажонимни.
    Дўқ уриб, кўникиб
    Оғир қисматга.
    Қолавердим, яна
    Шу қисмат билан.
    Кўзимдаги ёш,
    Овутар мени,
    Онадан ажралмоқ-
    Мана шу — қисмат!
    Бахтли кунларимиз ўтган, болалигимизнинг гувоҳи, ота-онамнинг, қолаверса акажонимнинг ёруғ хотираларига бой, қанчадан-қанча ижодкорларнинг биринчи оламини яратган, дўстларнинг оқибатини сўзловчи хонадонимизда Дадажонимнинг ва Аяжонимнинг невараси, Бизнинг жиянимиз, Акажонимнинг вориси ХУМОЮН бугун УЙДА ЁЛҒИЗ!!! Уйларимиз хувиллайди. Андижондан Тошкентга борсам-да, мен учун азиз гўша бўлган хонадонимизнинг остонасидан хатлашга юрагим чидамайди. Мени кечиринг, Дадажон! Мени маъзур тутинг, Онажон! Мендан ўпкаламанг, Акажон! Қаерда бўлсам-да, сизларнинг хотирангиз доимо қалбимда! Сизларнинг хотирангиз – менинг дунёим! Меҳрибонларим!

    Пирматова Мунаввара,
    8 июнь, 2013 йил.

Izoh qoldiring