Umid Bekmuhammad. Xonlik tarixidan lavhalar

04   Тарихда бот-бот учраб турган ҳолат. Давлат тепасига ёш, тажрибасиз, сиёсий бошқарувга лаёқатсиз кишини чиқаради-да, ўзи унинг жиловини тутиб туради. Шу орқали беҳисоб бойликлар орттиради. Айрим сарой амалдорларининг нияти шу эди. Бундай сиёсий ўйинлар 17 аср охири, 18 аср бошларида авж олганди.

09
Умид БЕКМУҲАММАД
ХИВА ХОНЛИГИ ТАРИХИДАН УЧ ЛАВҲА
08

093Умид Бекмуҳаммад (Бекимметов Умиджон Тожимуротович) 1975 йилда Гурлан туманидаги Сахтиён қишлоғида туғилган.1997 йилда УрДУнинг тарих факультетини тугатган. 1997-98 йилларда “Олтин Мерос” жамғармаси вилоят бўлимида референт, 1998-99 йилларда “Орол-Каспий” илмий ишлаб чиқариш корхонасида консультант, 1999-2000 йилларда Гурлан тумани “Олтин Мерос” жамғармаси раиси, 2000-2002 йилларда Гурлан туман маънавият ва маркази бош мутахассиси, 2002-2003 йилларда “Гурлан ҳаёти” газетаси бўлим мудири, 2003-2004 йилларда “Қишлоқ ҳаёти” газетасининг Хоразм вилояти бўйича мухбири, 2004 йилда Қорақалпоғистондаги “Ҳамроз” газетасида муҳаррир ўринбосари, 2004-2005 йилларда Қозоғистондаги “Адабиёт ва санъат” газетаси, “Бойчечак”, “Камалак” журналларида бўлим мудири, 2005-2006 йилларда Гурлан тумани ҳокимлиги кўниктириш маркази раҳбари, 2006-2007 йилларда Гурлан тумани ҳокими ёрдамчиси, 2007-2010 йилларда Урганч Давлат Университети ўқитувчиси, 2010-2013 йилларда Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридаги “Турон” газетасида маъсул котиб, 2013 йилдан “Олтин Мерос” жамғармаси вилоят бўлимида ишламоқда.
У.Бекмуҳаммаднинг Ўзбекистон ва хориждаги 60 та газета-журналларда 700 дан кўп тарихий-публицистик мақолалари, “Гурлан”, Гурлан тарихи”, “Тарихимизнинг теран тадқиқотчилари”, “Мозийнинг қора кунлари”, “Академикнинг гурунглари”, “Мозийдаги сирли ўлимлар”, “Ҳарбий ҳийлалар”, “Қатағон қурбонлари.Хотира.Хоразм вилояти”, “Қатағон қурбонлари.5-китоб”, “Навоийнинг армонлари”, “Хоразмга ошуфта кўнгиллар” каби 30 та китоби, “Хоразмга талпинган Пушкин” роман-эссеси нашр этилган.

08

СИЁСАТ САҲНАСИДАГИ СУЛОЛАБОШЧИ

Тарихда бот-бот учраб турган ҳолат. Давлат тепасига ёш, тажрибасиз, сиёсий бошқарувга лаёқатсиз кишини чиқаради-да, ўзи унинг жиловини тутиб туради. Шу орқали беҳисоб бойликлар орттиради. Айрим сарой амалдорларининг нияти шу эди. Бундай сиёсий ўйинлар 17 аср охири, 18 аср бошларида авж олганди. Аммо у бобоси Муҳаммад Амин, отаси Аваз иноқ сингари бирор кимсани тахтга чиқариб, ўзи сиёсат саҳнаси ортида ўтиришни эп кўрмади.Сиёсат майдони, давлат тепасига ўзи чиқиб, тахтни Элтузархон номи билан бошқара бошлади.Шу кундан эътиборан , Хива хонлигида янги—Қўнғиротлар сулоласига асос солинди…

Мазкур хонликда давлат бошқарувига кўра, иноқ мансаби хон, нақиб ва шайхулисломдан кейинги тўртинчи даража эди.Нақиб, шайхулисломлар давлатдаги энг олий диндор раҳбарлар ҳисобланса, иноқ бутун давлат ишларини ҳукмдор билан бамаслаҳат юритадиган шахс саналган.17 асрнинг 2-ярмидан 1794 йилгача бўлган давр мобайнида Ўрта Осиё хонликлари орасидаги низо-жанжаллардан, маҳаллийчилик туфайли юзага келган инқироздан фойдаланиб, Муҳаммад Амин иноқ Хива хонлиги жиловини қўлига олди. Беҳисоб олтинлар эвазига у саройда иғво ва фисқ-фасод йўли билан маишатбозлик, айш-ишратдан бўшамайдиган тийиқсиз, ландовур хонларни, амалдору навкарларни ўзига ёллаш орқали тахтдан кўтариб-тушириб юрди.Натижада ана шу эллик йил ичида йигирмадан зиёд хон қисқа фурсатларга тахт соҳиби бўлиб турди.

1794 йилда, отасининг вафотидан сўнг, Аваз иноқ ҳам шу тахлит ўйинлар қилиб, 1804 йилгача иккита хонни тахтга ўтқазди.Хива, Бухоро мадрасаларида ўқиган ўғли Элтузар иноқ эса бундай ўйинларга чек қўйиб, ўзи тахтга чиқди.

Ҳарб илми, қилич чопиш, камондан отиш, паҳлавонлик, диний таълимдан яхшигина хабардор Элтузархон давлатда қаътий тартиб ўрнатди.Уруғлар ўртасида низо чиқмаслиги, маҳаллийчиликка йўл қўймаслиги учун сарой амалдорларига ҳар бир уруғ, бекликлар учун тенг ўрин ажратди.Шунингдек, солиқлар миқдорини камайтирди.Бу эса ички адоватга, низоларга чек қўйди.Шундан кейин у пойтахтнинг Ўр маҳалласида мадраса барпо эттирди.Айни пайтда Ичан қаъланинг нураётган шарқий Полвон дарвозасини қайта қурдирди.

Ана шундай ободонлаштириш ишлари кечаётган палласида, Хоразм савдогарларидан 200 кишилик карвон Машҳаддан қайтаётган эди. Марвдан чиққанларида уларни Бухоро амирлигига тобе ёвмудлар таладилар. Элтузархон ёвмудларни жазолашни амирдан талаб қилганида, амир Ҳайдархон яна хивалик савдогарларни атайин ёвмудларга талатирди.

Амир Ҳайдарнинг бундай қилишига сабаб бор эди. Сал аввалроқ бухоролик савдогарлар Эрондан қайтаётганида Хоразмга тобе ёвмудлар карвонни талаганди.Шунда Элтузархон амир Ҳайдархон талабига кўра, ёвмудларни жазолаб, таланган молларни Бухорога жўнатиб юборди.Амир эса, моллар тўла қайтарилмади,Хива хони қароқчиларнинг шериги, дея гап тарқатди. Буларнинг бари Элтузархоннинг Бухорога юриш қилишига сабаб бўлди.

1806 йилда бошланган уруш кўплаб инсонларни ҳаётдан олиб кетди.Амир Ҳайдарнинг тиш қайраб, иғво чиқарганича бор экан.Унинг қўшини қудратли бўлиб чиқди.Элтузархон енгилиб, ортга чекинди.Бухороликлар қўшини уларни қувиб, Амударёнинг ўнг соҳилидаги Шоббоз беклигигача келишади.Бу ерда ҳам беаёв жанг бўлади.

Ана шундай оғир вазиятдаги жангда 300 тача навкари ўлиб, 500-600 нафар йигити қолган Элтузархон дарёдан ўтиб, Урганч-Хивага чекинишга қарор қилади.Дарёдаги кемага дастлаб хон, амалдорлари, айрим навкарлар мингач, бошқа одам сиғмай қолади.Кема уларни ташлаб, яна қайтгунича, амирлик қўшини кўпайиб, жанг кучая бошларди.Шунинг учун дарға кемани юргизмоқчи бўлади.

— Навкарлар жангда мен ва хонлик учун курашдилар.Шу сабаб, уларни ташлаб кетсак бўлмас.Бир қарич жой қолгунча чиқинглар! — буюрди Элтузархон.

Натижада кемадагилар сони 350 тага етди.Аксига олиб, бу пайтда шамол кучайган, дарё оқими тезлашган эди. Шундай оғир ҳолатда дарға нажот кемасини бошқаролмай қолади.Шу сабаб оқибатда уч-тўрт кишидан ташқари хон ва навкарлар сувга ғарқ бўлишади.

Ана шу тахлит 1806 йили хонликда Қўнғиротлар сулоласига асос солган Элтузархон икки йилу уч ой, йигрма икки кунлик ҳукмдорлигидан сўнг ўттиз етти ёшида дарёга чўкиб ҳалок бўлди.
Ундан иккита ўғил, бир қиз, қурдирган мадрасаси ва сулола асосчиси, деган ном хотира бўлиб қолди.

КАЛЛАНИНГ НАРХИ КАНЧА?

Қассоблар томонидан сўйилган мол калласининг сотилиши ва унинг баҳоси ҳар вақт турлича бўлиши ҳаммага маълум.Аммо инсон бошининг нархи қанча бўлади, деган банда борки, бир сесканиб тушади.Бироқ ўтмишда, хонликлар даврида инсон калласига маълум бир нарх қўйилиши одатий ҳол бўлган…

04Ўша даврларда Ўрта Осиёдаги учала хонлик ўртасида бўлиб турган ички низолар, қўшни давлатларнинг босқинчилик юришлари боис хонликларда мунтазам ҳарбий қўшин мавжуд эди.Гарчи уларда саноқли тўп, милтиқлар бўлсада, доимий равишда қилич ва ёйлар билан машқлар олиб борилган.Хива хонлигидаги қўшин сафида хизмат қилаётган навкарларга давлат томонидан йигирма таноб ер берилган бўлиб, бундан келадиган даромад навкарники эди.У ўзи хизмат билан банд бўлганлиги учун ерини чорикорга бериб ишлатарди.

Навкарлар солиқлардан ва қазув каби турли мажбуриятлардан озод қилиб қўйилгани учун, қолаверса, босқинчилар ватанини эгалласа, ўзига бериладиган ердан ҳам бенасиб қолишини ўйлаб, урушларда фаол қатнашарди.

Бундан ташқари ҳукмдорлар урушда навкарларни рағбатлантиришнинг бошқа бир усули—калла пулини ҳам ўйлаб топишган эди.Унга кўра, хонлик навкари ўзи ўлдирган ҳар бир душман учун мукофотланарди.Бунинг учун навкар душманнинг калласи, қулоғини кесиб келиши керак эди.

Агар Хива хонлари архивининг 1866 йил ражаб ойидаги маълумотларига таянадиган бўлсак, шанба куни » Илонлидан Аннамурод деган бир калла олиб келганида ўн тилло берилди» дейилган.Ёхуд 1867 йил шаъбон ойининг чоршанбасида ёвмудлардан » Яна икки калла кесганга икки латта сарупой берилди, олти тилло, калла пулига йигирма тилло берилди», деган маълумот бор.

Табиийки, урушда ёхуд душман тарафга қўққисдан ҳужум қилиб, калласини кесиш ва унга мукофот пули олиш, унга тўланган юқоридагича миқдор 10 ва 20 тилло ўз даври учун катта пул эди.Бу пулга навкар бир ой бемалол каттагина оиласини озиқ-овқат билан таъминлаши, ҳўкиз ёки сигир сотиб олиши мумкин бўлган.

Бироқ ҳаётини хатарга қўйиб, ўлим билан юзма-юз туриб, урушда қатнашгудек бўлса, навкар ўз калласидан ҳам ажралиб қолиши мумкин эди.Шундай бўлган тақдирда, ўлдирилган навкарнинг бева хотинига Хива хонлари бир йўла нафақа, баъзан бу бевага пул ўрнига бир қул инъом қилишарди.

Шунингдек, отлари ярадор бўлган навкарларга ҳам пул билан ёрдам берардилар.Шу каби навкарларга урушда кўрсатган жасорати учун чопонлар кийгазиш ҳам кенг тус олган бўлиб, айрим ҳолларда пичоқ тақдим этилган.Хонлар сулоласининг вакиллари, машҳур амалдорлар эса фахрий мукофот тарзида олтин ва қимматбаҳо тошлар қадалган камар олар эдилар.

Ушбу навкарларнинг Хива хонлигида бошқа давлатларнинг ҳарбий қўшинлариники сингари махсус ҳарбий кийимлари, давлат мукофоти нишонлари ва медаллари йўқ эди.Фақат инъом тарзида берилган калла пули, чопон кийгазиш, олтин ёхуд қимматбаҳо тош қадалган камар бериш давлат мукофоти тусини олганди.

Урушлар давомида ярадор бўлган жангчилар даволаниш учун ўзлари табибга мурожаат қилар, даволаниш учун кетадиган пул хонлик хазинасидан сарфланарди.Яъни , навкар ватан ҳимояси учун бўлган урушларда ярадор бўлди, деган қараш бор эди.

Агарда хонлик ичкарисида ўз фуқаролари томонидан исён, қўзғолон, фитна юз берган тақдирда навкарлар хон томонидан бекаму кўст ҳамма эҳтиёжлар билан таъминланар, ҳатто, ўша норозилик ҳаракатини неча кунда бостиришганига қараб пул тўлашарди.

Қўшни давлатлар—Эрон ёки Бухорога ҳужум қилинган тақдирда хон навкарларига маош тўламаган.Урушда ўлжа киритган навкар қўлга киритган нарсасининг бешдан бирини хон ҳазратларига инъом қилиши шарт эди.

Х1Х аср ўрталаридаги маълумотга кўра,Ҳазорасп,Бешариқ ва Питнак мавзеларида 2396 навкар, қолган ҳудудларда эса 6445 навкар бўлиб, уруш ҳаракатлари бўлиб қолган тақдирда қўшин юзбоши, мингбоши, ясовулбоши ва амирулумаро бошчилигида бирлашиб, ягона буйруққа бўйсунувчи армия ҳолатига келарди.

Тинч даврларда хонлик чегарасини қўриқлайдиган навкарлар қўшини эса яримчилар орқали ердан келадиган даромад эвазига кун кўрар, чегара хизматининг бошлиғи—қоровулбеги эса хазинадан 50 тилла маош оларди.

Хуллас, хонлик қўшини гарчи оз сонли тўп ва милтиқлардан иборат бўлсада, қилич ва ёйлар билан мудом жангга шай турарди.

АЛИБОБО МАЙДОНИДАГИ БАНДАРГОҲ

094Маълумки, инсонлар азалдан яшаш ва деҳқончилик учун қулай бўлганидан сув бўйларига интилганлар. Қаъла ва шаҳарларниям дарё, арналар бўйларига барпо этишган.Шу боисдан ҳам Амударё бўйларидаги қадимий шаҳарлар аҳолиси азал-азалдан савдо сотиқ билан шуғулланиб келишган. Хитой, юнон, форс манбаларидаги Амул (Чоржўй), Панду ( Тупроққаъла), Юенжи ( Урганч), Ғарабхашна ( Шўрахон-Тўрткўл) шаҳарларининг тилга олиниши айнан дарё бўйларидаги тараққий этган савдо-сотиқ ва кема карвонлари билан боғлиқдир.

1863 йил июн ойида Хива хонлигига келган машҳур венгер сайёҳи Ҳерман Вамбери “киракаш савдо кемаларида Амударёдан кечиб ўтганлигини” ёзиб қолдирганди. Демак, Амударё орқали савдо-сотиқ юкларини ташиш хоразмликлар учун янгилик эмас.

1873 йил май ойидаги чоризм истилоси ва 12 августда имзоланган Гандимиён сулҳига кўра, дарёнинг чап соҳилидаги ерлар Туркистон генерал губернаторлигининг Амударё бўлими ихтиёрига ўтказилганди. Губернатор фон Кауфман шаҳзода Лейхтенберг маслаҳати билан айнан дарё бўйидаги Шўрахонда чор подшолари шарафига Петро-Александровск шаҳрини барпо қилишади.

Шаҳар барпо этиш учун танланган 3227 таноб ер майдонлари дарё соҳилидан 12 чақирим наридаги Матниёз девонбегига қарашли далалар эди.Фон Кауфман янги порт шаҳрининг биринчи “қозиғини” қоқди ва Тошкентга қайтиб кетади.Рус аскарлари ва маҳаллий аҳолидан ёлланган қурувчилар ер ости омборлари, қурол аслаҳа хоналари, касалхона, мактаб, маъмурий бинолар, истироҳат боғи, замонавий кўчалар, универмаг, почта, телеграф, босмахона, саноат корхоналари қуришга киришиб кетишади.

Олдинига губернаторликка қарашли Амударё округи дея номланган бу ҳудуд, 1874 йил 9 мартдан Сирдарё вилоятининг Амударё бўлими дея атала бошлайди. 1886 йилда Амударё бўлими олтита волостьга ажратилади. Петро-Александровск, Шўрахон, Шайх-Аббос, Сарибий, Бийбозор, Нукус Амударё бўлимининг волостлари эди.

Бу волостлар ичида энг тараққий этгани ва европалашгани Петро-Александровск шаҳри эди.Бироқ дарё бўйидаги ушбу шаҳар ва атрофдаги волостлар Амударёда кечган тошқинлар сабаб бир неча бора катта зарар кўради.Масалан, 1881, 1890, 1892, 1904, 1907 йиллардаги дарё тошқини баъзи бинолар ва деҳқончиликга зарар келтиради.

1904 йил 30-31 январ кунлари бўлган дарё музлаб, тошқин кучайиши сабаб 1795 таноб ер, 175 пуд дон, 85 уй, 250 пуд пахта сув остида қолиб кетади.1905-09 йилдаги тоқин офатларини даф этишга эса 31512 киши сафарбар қилинади. Шундан Шўрахон волостидан 6453 киши 174487 рубллик, Бийбозордан 5566 киши 150294 рубллик иш бажаришади.

Вақт ўтган сари Петро-Александровскда кема қатнови ва флотилия ривож топиб юк ташиш тараққий этади.Флотилиядаги кемалар воҳада етиштирилган юкларни Чоржўйга, у ердан Термизгача етказиб берадиган бўлишади.20 асрнинг биринчи чорагига келиб флотилиядаги барча кема, қайиқлар сони 1500тага етиб келади.Ушбу кемалар Орол ва Чоржўйдан халқ хўжалиги юкларини ташир, ўз навбатида Россияга пахта, жун, мева, қоракўл тери, балиқ олиб қайтишарди. Амударё флотилиясининг маҳкамаси кема ва қайиқларни таъмирлайдиган устахона, матросларнинг қўниб ўтадиган меҳмонхонасиниям Петро-Александровскда барпо қилишади.

1920 йилда хонлик тугатилиб,ХХР барпо этилгач, флотилия ўз йўналишлари бўйича ишлаб туради. 1923 йилда бўлса Амударё давлат кемачилик бошқармаси ташкил этилади.Бошқарма ихтиёрида Орол денгизидан то Дарғонотагача бўлган кема ва қайиқлар қарашли бўлган.1953 йилда Амударё давлат кемачилик маҳкамаси Хоразм вилоятидаги Чолиш посёлкасига кўчирилади.

Ушбу маҳкамага қарашли кемалар Чоржўйдан Орол денгизигача бўлган масофада воҳа учун керакли бўлган халқ хўжалиги юкларини ташишган.Мўйноқ-Хўжайли-Гурлан-Чолиш-Тўрткўл-Чоржўйда бандаргоҳ- пристанда кемалар тўхтаб юк туширадиган масканлар бўлган.Гурландаги бандаргоҳ Алибобо майдонида бўлган.

Алибобо деганда кўпчилик Гурланликлар Эшимжирон қишлоғидаги ўтмишда қабристон бўлган ҳудудни тушунишади.Ўша вақтда дарё қирғоғида жойлашган Алибобо, айни пайтда сайлгоҳ вазифасини ҳам ўтаган.Чунки, дарё бўйидаги кенгликларда жойлашган ушбу ҳудуд ғоятда хушманзара, тўқайзорлар билан бурканган, қолаверса дарёнинг нариги қирғоғига олиб ўтиладиган, дарё кемаларида келган юкларни қабул қиладиган пристан-бандаргоҳ ҳам Алибобода жойлашган бўлган. Шу боисдан бу ерда аҳоли ҳамиша гавжум бўлиб, гоҳ у қирғоққа, гоҳ бу қирғоққа ўтувчи, юк қатновчи одамлар билан тўла эди.

Дастлаб Чўболончи қишлоғида бандаргоҳ- пристан қилмоқчи бўлишганида , у ҳудуд чагаланг юмшоқ ер бўлган.Қолаверса дагиш олиб қишлоқни сув олган. Кейин шу вазиятни ҳисобга олиб, бандаргоҳга қулай жой сифатида Эшимжирон қишлоғини танлашган.Чунки, Эшимжирон қишлоғи ерлари сўға, қаттиқ тупроқли ҳудуд бўлгани.Қолаверса бандаргоҳ қурилмасидан олдиноқ Эшимжирондаги Алибобо майдони халқ сайлга чиқадиган хушманзара жой ҳисобланган .

Эшимжирон қишлоғида яшаб келаётган Каримбой ҳожи Файзуллаевнинг ҳикоя қилишича, “Алибобога боришдаги ёпнинг кўпригида ёшларнинг ўзига хос мусобақаси бўлган.Негаки Эшимжирон ва Мойли ўртасида бўлган ёп кўприги баланд бўлиб, Гурландан бораверишдаги асосий йўл шу ердан ўтган.Алибобога борадиган инсонлар от-аравада йўл олишган.Ушбу баланд кўприкдан кимнинг от, араваси бир тезликда ўтишади деган баҳсли мусобақалар шу ердан бошланган.

Алибобо майдони нафақат Гурланликларнинг,балки Шовот, Янгибозорликларнинг ҳам ўзига хос сайл ўтирадиган майдони ҳисобланган. Қолаверса, дагиш олиб, дарё тошқини бўлган пайтдаям, туманнинг бошқа ҳудудларига сув олиш хавфи туғилсада, Эшимжирон, Мойлиовул, Вазирдан ҳеч вақт дарё оқмаган.Дарё тошқин бўлган пайтдаям. Чунки, Эшимжироннинг таги , тупроғи қаттиқ, сўға бўлган. Дарё бўйларида жойлашган бўлсада, кексалар қудуқ қазишганда 30 метрдан сув чиқганини эслашади.Тошдай қаттиқ ер бўлганидан, шу боисдан Вазирда Тошлар деган овул жойлашган.

Алибобога яқин ерда трактор плуг сурганда хумбузлар ўрни бўлган. Хумбуз бўлган ерда элат бўлган, аҳоли яшаган.Ҳаттоки, 1970 йиллардаям дамба оралиғидаги ҳудудда, далаларда баҳорги суриш пайтида Эшимжирондан Вазиргача бўлган ерларда хум, кўза, бадя синиғи кўп топиларди “.

Алибобонинг орқа-кунботиш, шимол томонида Хосминор деган минора бўлган.Маълумки, 1219-21 йилларгача-яъни Чингизхон истилосигача Гурланни Хосминор, Дархос дея номлашган.Айнан минораям ҳудуд номи билан Хосминор деб аталган.

1936-38 йилларда археолог Яҳё Ғуломов Хоразмда тадқиқотлар ўтказган пайтдаям ушбу Хосминордан қолган ғиштлар сақланиб қолганини кўрган экан. Муаррих Мақдисийнинг ёзишича, “ Катдан( ҳозирги Қорақалпоғистондаги Беруний (Шаббоз) тумани назарда тутилмоқда-У.Б.) пастроқда, ундан бир манзил нарида дарёнинг ўнг қирғоғида Хос ёки Дархос деган аҳоли яшайдиган маскан бўлган”.

Академик Яҳё Ғуломовнинг тадқиқотларига кўра, “бу ҳозирги Гурлан шаҳри ёки Гурланнинг ёнига тўғри келади”.

Хива хони, маърифатпарвар тарихчи ва табиб Абулғози (1603-1664) нинг “Шажарайи турк” асарида биз Хостминор деган ҳудудни кўп учратамиз.У бир ерда шу минора орқали Хивадан Катга ўтганлар деса, бошқа бир ерда бу минора унинг акаси Асфандиёрхон шу минорадан то Ҳазораспгача бўлган аҳолини қириб ташлашни буюрганлиги муносабати билан тилга олинади.Абулғози яна бошқа бир жойда 1573 йилда Амударё ўз ўзанини ўзгартирганлигини ва Хосминорнинг юқорироғидан Орол денгизига қараб оқа бошлаганлигини ёзади”.

Питнакдан то Орол денгизигача, умуман олганда Хоразм воҳасининг бутун ҳудудларини 1936-40 йилларда от, эшакда юриб тадқиқ қилиб чиққан профессор Яҳё Ғуломов, Хоразм тарихини, суғорилиш ўтмишини чуқур тадқиқ қилган олим бўлган. У қадимги қўлёзма асарлардаги, архивдаги манбаларни, эшитган, кузатганларини бир-бирига таққослаб илмий хулосалар чиқарган .Шу асосда 1957 йилда русча, 1959 йилда ўзбекча “Хоразмнинг суғорилиш тарихи” монографиясини чоп этдирган. Яҳё Ғуломов ушбу асарида Хосминорга тегишли маълумотларни синчиклаб ўрганади ва шундай ёзади: “Абулғозининг бу маълумотларидан Хостминор Катдан (Шайх Аббосдан, Шаббоз, ҳозирги Беруний туманининг илгариги номлари-У.Б.) анчагина қуйироқда бўлганлиги, аниқроғи Гурлан ёнида, яъни дарё Катга бурилган жойда бўлганлиги кўринади.Гурлан пристани яқинида, Алибобо мозори ёнида яқингача ҳам катта минора қолдиқлари сақланиб келган.Уни “Хос минораси” дейишган.Дарё суви камайганда сувдан унинг учи кўриниб турган.Сув тошган пайтларда бу ерда кема сузиши хавфли бўлган.Чунки, кўпинча кемалар сувда яширинган минорага урилиб кетган.Қадимдан шу ерда яшаган кишиларнинг айтишича, кемада сузувчи ўзбеклар бу минорани авлиё Алибобо кароматлари билан пайдо бўлган дейдилар.Сўнгги 35-40 йил ичида (Яҳё Ғуломов Эшимжирон,Гурланга 1936-40 йилларда келганини назарда тутсак, минора то 1900 йилларгача сақланиб қолган-У.Б.) минора йўқ бўлиб кетган (яъни минора қурилган жойни дагиш, сув тошқини олиб минора дарёнинг ичида қолиб кетган,баъзи пайтлари дарё чекинганида, Хосминор талафот натижасида бузила бошлаган.Натижада аҳоли минорага ишлатилган ғоятда мустаҳкам, хумбузларда янтоққа пишган чидамли ғиштларни олиб ишлатишган-У.Б.), чунки уни аста-секин бузиб, ғиштини ташиб кета бошлаганлар.Афтидан, Хосминор юқорида айтилган Хосга таауллуқли бўлса керак.

16 асрда дарё ўзанининг ўзгариши натижасида, (яъни 1573 йилгача дарё Оролга эмас, Каспий денгизига қуйиларди-У.Б.)Хостминор дарёнинг чап қирғоғида бўлиб қолади.16, 17 ва 19 асрларда энг катта кечув Хостминор масканида, тахминан ҳозирги Гурлан кечувида бўлган.Хивадан Катга шундай айланма йўл билан борилгани ажабланарлидир.Балки бу кечув йўл қадимдан бўлиб, бир жойда узоқ вақтгача мустаҳкам сақланиб қолган бўлса керак, қадим ўтмишда бу кечув пойтахтни Маздаҳқон билан боғловчи асосий кечув йўли бўлгандир.Гурлан Амир Темурнинг воҳага қилган юришлари тарихида (Низомиддин Шомийнинг “Зафарнома” асарида)эслатиб ўтилади. Ўша вақтда у ўнг қирғоқда жойлашган.

Хосдан 25 км пастроқда Нузкат қишлоғи бўлган.Агар бу қишлоқ Нузворнинг ўзи бўлмаса, у ҳолда Манғит шаҳри жойлашган ерга ёки ундан бироз шарқроқдаги Жумиртов этагидаги Жумир қаъласининг харобаларига тўғри келади”.

Академик Яҳё Ғуломовнинг ана шу тадқиқотларидан ҳам билса бўладики, Алибобо майдони ўтмишдаги тарихий масканлардан бири ҳисобланган.

Каримбой ҳожи Файзуллаевнинг фикрича,” ислом дини тарихидаги ҳазрат Алига нисбат берилиб “ Алибобо” дея аталган жойга, тарихий маълумотларга кўра, пайғамбарнинг куёви бўлган ҳазрат Али умуман келмаган.Аммо бир қанча жойларда ҳазрат Алига рамзий маънода нисбат берилган қўйимгоҳ, қабристонлар бўлган. Маълумки, вазият тақозоси билан хонлик пайтидаги “йилғинлиқ”, “Тулкилибува”, “Тўранғилик бува” деган қабристонларга хон фармони, муфтий, шайхулисломлар таклифи асосида чорёрлар номи берилган вақтлар бўлган. Эшимжирондаги Алибобо қабристони ҳам айнан шундай бўлган ўтмишда.Алибобо қабристонидаги қубрини 1953-54 йиллардаги дарё тошқини, дагиш олган”.

Гурландаги бандаргоҳда 50 йил ишлаган Файзулла Абдуллаев( 1906-1984) нинг ўғли, Каримберган ҳожининг отаси хотираларига таяниб айтишича, дарё бўйидаги Эшимжирон қишлоғининг Алибобо майдонида бандаргоҳ жойлашган.Бандаргоҳда тўхтаган кема-баржаларда Гурлан, Шовот, Қўшкўпир туманларига керакли ҳар турли халқ хўжалиги юкларини туширишган. Шунингдек, ушбу туманлардан қайсидир вилоятга олиб кетиладиган юк, турли маҳсулотлар ҳам Гурлан пристанидан баржаларга юклаб юборилган.

Мавсумга қараб олиб кетиладиган, олиб келинадиган юклар ҳар хил бўлган.К. Файзуллаевнинг айтишича, “Гурлан бандаргоҳида одамлар гузармон, аламчи, тойовчи, салдомчи каби касбларда ишлашган ва флотилия бошқармасидан маош олишган. Гузарман ( переправачи) нинг вазифаси юк, одамларни кемада ўтказиш бўлган.Аламчи—( сигналшик ), дарёда пароход ва баржаларда қатнашиш хавфсизлигини таъминлаш учун кеманинг ҳар томонига кечаси кўк, оқ понус ёқиб қўйган.Кундуз кунлари кемада аламга қараб юрилган. Аламни қазиб қирғоққа ўрнатиб қўйишган. Алам беш-олти метрлик ёоч-симёғочга ўрнатилган.Юқори қисмига оқ ва қизил доскалар ўрнатилган бўлади.Пароход дарғаси шунга қараб кемани ҳаракатлантирган”. Асли Тўрткўллик бўлган, Гурлан бандаргоҳидаги кемаларга дарғалик қилган Қўшим Жуматов (1920 йилда туғилган, 2-жаҳон уруши қатнашчиси) ўз касби ортидан шўро даврида қатор орден-медалларга сазовор бўлган.

Катта кема, баржалар Аралск, Мўйноқ, Чоржўйларга бориб келган бўлса, Қилич Ниёзбой, Шовот, Полвон каналларида кема, переправа, қайиқлар юрган. Гурланга ҳам юклар кемада, қайиқда келтирилган. Шунингдек, Амударёнинг нариги томони, Эшимжирон қишлоғининг рўпарасидаги Бийбозорда чоризм давридан Ураллик маълум бир аҳоли кўчиб келиб яшаган. Уларнинг миллати рус бўлиб, соқол қўйиб юришган, касблари Россиядаги каби бурлакчилик бўлган.Бурлаклар соқол қўйиб юргани учун маҳаллий аҳоли уларнинг масканини Бобойқаъла овули деб аташган. Бобойқаълалик бурлаклар кўпинча дарёдан переправа орқали ўтиб Гурландаги бозорга келиб харид қилиб кетишган. Коллективлаштириш даврида Бобойқаълада ҳам “Будённий” номли колхоз ташкил этилиб,уларга Максим деган киши раис бўлган.

Каримберган ҳожи Файзуллаев ( 1948 йилда туғилган) нинг эслашича, уларнинг Алибободаги уйи дарё ёқасида бўлиб, бир неча бор дагиш олиб сув тагида қолиб кетган. Алибобо майдонидаги халқ сайли-Наврўз, куздаги ҳосил байрамларига нафақат Гурлан, Манғит, Янгибозорликлар, балки дарё ортидаги Бийбозор, Шоббоз, Тўрткўлликлар ҳам келиб иштирок қилишган.

Чоржўй-Қўнғирот темир йўли ишга тушганидан сўнг, Амударёда кема қатнови ўз-ўзидан иккинчи даражали транспортга айланиб қолди.Бироқ маҳаллий юклар, аҳолининг Чолишдан Шоббозга, Гурландан Бийбозорга ўтиши кемачилик маҳкамаси ихтиёрида қолаверди.

Дарё бўйидаги элатларда бандаргоҳда ишловчи кишиларнинг уйлари бўлган.Юкчи ,дарға, аламчи,суйавчи, балиқчи касбларидаги кишилар яшаган маҳалла бўлган. Улар учун айрим баржа-кемалар савдо дўкон қилиниб, ушбу маҳалладагиларга дарё орқали озиқ-овқат, буюмлар арзон баҳода олиб келиб сотилган.

Шу билан бирга айрим бир кема кинотеатр қилиниб жиҳозланган.Ушбу кема дарёнинг ичинда тўхтаб, атрофдагиларни жалб этиш учун ўз даврининг замонавий мусиқаларини қўйиб турган. Кинокемада асосан баҳор,ёз, кузнинг иссиқ кунларида кино қўйилган.

Дарё кўпинча 15 ноябрдан 15 мартгача музлаган пайтлар бўлган . Қишда ҳам дарёда балиқчилик ривожланган.Музнинг қалинлиги ярим метр бўлган. Балиқчилар ва маҳаллий аҳоли тилида “йилов” деган тушунча бўлган.”Йилов”-дарёнинг музламай қолган ҳудуди бўлиб , узунлиги 1 км, эни 200-300 метргача етган. Дарёнинг, ернинг иссиқлиги- буғи шу ердан чиқиб турган. Совуқ бўлсада “йилов”ланган ҳудуд қотмаган. Балиқчилар шу ердан балиқ овлаган. Қайиқни чанага юклаб “йилов”га олиб боришган. Айни пайтда “йилов”-дарёнинг энг чуқур ҳудудида бўлган.Атрофдаги сой сувлар эса музлаб, қотиб қолади.

Дарё бўйидагилар ишлатган яна “санг” деган тушунча ҳам бўлган.”Санг” деганда дарёдаги катта-катта музлар тушунилган. Кўпинча дарё музламасдан олдин “санг”-катта катта музлар оқа бошлаган. Музлар бири устига бири мингашиб қотиб қоларди.Дарё оққан ҳудудда, пароход юрган жойларда , пастдан юқорига қараб “ санг” пайдо бўлади.Буни дарё бўйидаги аҳоли “ўкча” дейишган.Яъни дарёнинг қотиши.Дарё музини юқори томонидан пастга қараб бузиб келишган.Муз бўлак-бўлак бўлиб дарёнинг тор ерида тиқилиб қолган пайтлари хавфли саналган.Шу тиқилинч жойда дарё тошқини хавфи бўлган. Бомбачи деган касбдаги руслар муз қалашган ҳудудни бомба ташлаб бузиб юборган.

19 аср охири, 20 асрдаги Хоразм, Қорақалпоғистондаги кемачилик маҳкамаси ва унинг тарих олдидаги, воҳа тараққиётидаги хизматлари, тарихдан ўрин олди.Айнан флотилия, кейинчалик кемачилик маҳкамасидан юзлаб денгизчи, дарёчи-матрослар, кемасозлар , йўл бошловчи дарғалар етишиб чиқдики, уларнинг меҳнат қаҳрамонликлари адабиёт ва санъат вакилларига ажойиб мавзу бўлиши мумкин.Тўрткўл, Чалиш, Беруний, Нукус, Мўйноқ, Гурлан туманларидан Файзулла Абдуллаев, Жумабой Ҳайитқулов, Иброҳим Нурметов, Қўшим Жуматов, Абдуллаев Жуманиёз дарға, Аминбой Ўрозов, Омонбой Каримов, Дурди Ибодуллаевлар сингари ажойиб кема капитанлари, қайиқчи дарғачилар, кемасозлар ўз ишининг моҳир усталари сифатида донг қозонишди. Улар тарих саҳифаларига “Аму бурлақлари”, “Аму заҳматкашлари”, “Порт шаҳар кемачилари” дея ўз номларини муҳрлаб кетишди.

085

09
Umid BEKMUHAMMAD
XIVA XONLIGI TARIXIDAN UCH LAVHA
08

Umid Bekmuhammad (Bekimmetov Umidjon Tojimurotovich) 1975 yilda Gurlan tumanidagi Saxtiyon qishlog’ida tug’ilgan.1997 yilda UrDUning tarix fakul`tetini tugatgan. 1997-98 yillarda “Oltin Meros” jamg’armasi viloyat bo’limida referent, 1998-99 yillarda “Orol-Kaspiy” ilmiy ishlab chiqarish korxonasida konsul`tant, 1999-2000 yillarda Gurlan tumani “Oltin Meros” jamg’armasi raisi, 2000-2002 yillarda Gurlan tuman ma’naviyat va markazi bosh mutaxassisi, 2002-2003 yillarda “Gurlan hayoti” gazetasi bo’lim mudiri, 2003-2004 yillarda “Qishloq hayoti” gazetasining Xorazm viloyati bo’yicha muxbiri, 2004 yilda Qoraqalpog’istondagi “Hamroz” gazetasida muharrir o’rinbosari, 2004-2005 yillarda Qozog’istondagi “Adabiyot va san’at” gazetasi, “Boychechak”, “Kamalak” jurnallarida bo’lim mudiri, 2005-2006 yillarda Gurlan tumani hokimligi ko’niktirish markazi rahbari, 2006-2007 yillarda Gurlan tumani hokimi yordamchisi, 2007-2010 yillarda Urganch Davlat Universiteti o’qituvchisi, 2010-2013 yillarda Rossiyaning Sankt-Peterburg shahridagi “Turon” gazetasida ma’sul kotib, 2013 yildan “Oltin Meros” jamg’armasi viloyat bo’limida ishlamoqda.
U.Bekmuhammadning O’zbekiston va xorijdagi 60 ta gazeta-jurnallarda 700 dan ko’p tarixiy-publitsistik maqolalari, “Gurlan”, Gurlan tarixi”, “Tariximizning teran tadqiqotchilari”, “Moziyning qora kunlari”, “Akademikning gurunglari”, “Moziydagi sirli o’limlar”, “Harbiy hiylalar”, “Qatag’on qurbonlari. Xotira.Xorazm viloyati”, “Qatag’on qurbonlari.5-kitob”, “Navoiyning armonlari”, “Xorazmga oshufta ko’ngillar” kabi 30 ta kitobi, “Xorazmga talpingan Pushkin” roman-essesi nashr etilgan.

08

SIYOSAT SAHNASIDAGI SULOLABOSHCHI

Tarixda bot-bot uchrab turgan holat. Davlat tepasiga yosh, tajribasiz, siyosiy boshqaruvga layoqatsiz kishini chiqaradi-da, o’zi uning jilovini tutib turadi. Shu orqali behisob boyliklar orttiradi. Ayrim saroy amaldorlarining niyati shu edi. Bunday siyosiy o’yinlar 17 asr oxiri, 18 asr boshlarida avj olgandi. Ammo u bobosi Muhammad Amin, otasi Avaz inoq singari biror kimsani taxtga chiqarib, o’zi siyosat sahnasi ortida o’tirishni ep ko’rmadi.Siyosat maydoni, davlat tepasiga o’zi chiqib, taxtni Eltuzarxon nomi bilan boshqara boshladi.Shu kundan e’tiboran , Xiva xonligida yangi—Qo’ng’irotlar sulolasiga asos solindi…

Mazkur xonlikda davlat boshqaruviga ko’ra, inoq mansabi xon, naqib va shayxulislomdan keyingi to’rtinchi daraja edi.Naqib, shayxulislomlar davlatdagi eng oliy dindor rahbarlar hisoblansa, inoq butun davlat ishlarini hukmdor bilan bamaslahat yuritadigan shaxs sanalgan.17 asrning 2-yarmidan 1794 yilgacha bo’lgan davr mobaynida O’rta Osiyo xonliklari orasidagi nizo-janjallardan, mahalliychilik tufayli yuzaga kelgan inqirozdan foydalanib, Muhammad Amin inoq Xiva xonligi jilovini qo’liga oldi. Behisob oltinlar evaziga u saroyda ig’vo va fisq-fasod yo’li bilan maishatbozlik, aysh-ishratdan bo’shamaydigan tiyiqsiz, landovur xonlarni, amaldoru navkarlarni o’ziga yollash orqali taxtdan ko’tarib-tushirib yurdi.Natijada ana shu ellik yil ichida yigirmadan ziyod xon qisqa fursatlarga taxt sohibi bo’lib turdi.

1794 yilda, otasining vafotidan so’ng, Avaz inoq ham shu taxlit o’yinlar qilib, 1804 yilgacha ikkita xonni taxtga o’tqazdi.Xiva, Buxoro madrasalarida o’qigan o’g’li Eltuzar inoq esa bunday o’yinlarga chek qo’yib, o’zi taxtga chiqdi.

Harb ilmi, qilich chopish, kamondan otish, pahlavonlik, diniy ta’limdan yaxshigina xabardor Eltuzarxon davlatda qa’tiy tartib o’rnatdi.Urug’lar o’rtasida nizo chiqmasligi, mahalliychilikka yo’l qo’ymasligi uchun saroy amaldorlariga har bir urug’, bekliklar uchun teng o’rin ajratdi.Shuningdek, soliqlar miqdorini kamaytirdi.Bu esa ichki adovatga, nizolarga chek qo’ydi.Shundan keyin u poytaxtning O’r mahallasida madrasa barpo ettirdi.Ayni paytda Ichan qa’laning nurayotgan sharqiy Polvon darvozasini qayta qurdirdi.

Ana shunday obodonlashtirish ishlari kechayotgan pallasida, Xorazm savdogarlaridan 200 kishilik karvon Mashhaddan qaytayotgan edi. Marvdan chiqqanlarida ularni Buxoro amirligiga tobe yovmudlar taladilar. Eltuzarxon yovmudlarni jazolashni amirdan talab qilganida, amir Haydarxon yana xivalik savdogarlarni atayin yovmudlarga talatirdi.

Amir Haydarning bunday qilishiga sabab bor edi. Sal avvalroq buxorolik savdogarlar Erondan qaytayotganida Xorazmga tobe yovmudlar karvonni talagandi.Shunda Eltuzarxon amir Haydarxon talabiga ko’ra, yovmudlarni jazolab, talangan mollarni Buxoroga jo’natib yubordi.Amir esa, mollar to’la qaytarilmadi,Xiva xoni qaroqchilarning sherigi, deya gap tarqatdi. Bularning bari Eltuzarxonning Buxoroga yurish qilishiga sabab bo’ldi.

1806 yilda boshlangan urush ko’plab insonlarni hayotdan olib ketdi.Amir Haydarning tish qayrab, ig’vo chiqarganicha bor ekan.Uning qo’shini qudratli bo’lib chiqdi.Eltuzarxon yengilib, ortga chekindi.Buxoroliklar qo’shini ularni quvib, Amudaryoning o’ng sohilidagi Shobboz bekligigacha kelishadi.Bu yerda ham beayov jang bo’ladi.

Ana shunday og’ir vaziyatdagi jangda 300 tacha navkari o’lib, 500-600 nafar yigiti qolgan Eltuzarxon daryodan o’tib, Urganch-Xivaga chekinishga qaror qiladi.Daryodagi kemaga dastlab xon, amaldorlari, ayrim navkarlar mingach, boshqa odam sig’may qoladi.Kema ularni tashlab, yana qaytgunicha, amirlik qo’shini ko’payib, jang kuchaya boshlardi.Shuning uchun darg’a kemani yurgizmoqchi bo’ladi.

— Navkarlar jangda men va xonlik uchun kurashdilar.Shu sabab, ularni tashlab ketsak bo’lmas.Bir qarich joy qolguncha chiqinglar! — buyurdi Eltuzarxon.

Natijada kemadagilar soni 350 taga yetdi.Aksiga olib, bu paytda shamol kuchaygan, daryo oqimi tezlashgan edi. Shunday og’ir holatda darg’a najot kemasini boshqarolmay qoladi.Shu sabab oqibatda uch-to’rt kishidan tashqari xon va navkarlar suvga g’arq bo’lishadi.

Ana shu taxlit 1806 yili xonlikda Qo’ng’irotlar sulolasiga asos solgan Eltuzarxon ikki yilu uch oy, yigrma ikki kunlik hukmdorligidan so’ng o’ttiz yetti yoshida daryoga cho’kib halok bo’ldi. Undan ikkita o’g’il, bir qiz, qurdirgan madrasasi va sulola asoschisi, degan nom xotira bo’lib qoldi.

KALLANING NARXI KANCHA?

Qassoblar tomonidan so’yilgan mol kallasining sotilishi va uning bahosi har vaqt turlicha bo’lishi hammaga ma’lum.Ammo inson boshining narxi qancha bo’ladi, degan banda borki, bir seskanib tushadi.Biroq o’tmishda, xonliklar davrida inson kallasiga ma’lum bir narx qo’yilishi odatiy hol bo’lgan…

098O’sha davrlarda O’rta Osiyodagi uchala xonlik o’rtasida bo’lib turgan ichki nizolar, qo’shni davlatlarning bosqinchilik yurishlari bois xonliklarda muntazam harbiy qo’shin mavjud edi.Garchi ularda sanoqli to’p, miltiqlar bo’lsada, doimiy ravishda qilich va yoylar bilan mashqlar olib borilgan.Xiva xonligidagi qo’shin safida xizmat qilayotgan navkarlarga davlat tomonidan yigirma tanob yer berilgan bo’lib, bundan keladigan daromad navkarniki edi.U o’zi xizmat bilan band bo’lganligi uchun yerini chorikorga berib ishlatardi.

Navkarlar soliqlardan va qazuv kabi turli majburiyatlardan ozod qilib qo’yilgani uchun, qolaversa, bosqinchilar vatanini egallasa, o’ziga beriladigan yerdan ham benasib qolishini o’ylab, urushlarda faol qatnashardi.

Bundan tashqari hukmdorlar urushda navkarlarni rag’batlantirishning boshqa bir usuli—kalla pulini ham o’ylab topishgan edi.Unga ko’ra, xonlik navkari o’zi o’ldirgan har bir dushman uchun mukofotlanardi.Buning uchun navkar dushmanning kallasi, qulog’ini kesib kelishi kerak edi.

Agar Xiva xonlari arxivining 1866 yil rajab oyidagi ma’lumotlariga tayanadigan bo’lsak, shanba kuni » Ilonlidan Annamurod degan bir kalla olib kelganida o’n tillo berildi» deyilgan.Yoxud 1867 yil sha’bon oyining chorshanbasida yovmudlardan » Yana ikki kalla kesganga ikki latta sarupoy berildi, olti tillo, kalla puliga yigirma tillo berildi», degan ma’lumot bor.

Tabiiyki, urushda yoxud dushman tarafga qo’qqisdan hujum qilib, kallasini kesish va unga mukofot puli olish, unga to’langan yuqoridagicha miqdor 10 va 20 tillo o’z davri uchun katta pul edi.Bu pulga navkar bir oy bemalol kattagina oilasini oziq-ovqat bilan ta’minlashi, ho’kiz yoki sigir sotib olishi mumkin bo’lgan.

Biroq hayotini xatarga qo’yib, o’lim bilan yuzma-yuz turib, urushda qatnashgudek bo’lsa, navkar o’z kallasidan ham ajralib qolishi mumkin edi.Shunday bo’lgan taqdirda, o’ldirilgan navkarning beva xotiniga Xiva xonlari bir yo’la nafaqa, ba’zan bu bevaga pul o’rniga bir qul in’om qilishardi.

Shuningdek, otlari yarador bo’lgan navkarlarga ham pul bilan yordam berardilar.Shu kabi navkarlarga urushda ko’rsatgan jasorati uchun choponlar kiygazish ham keng tus olgan bo’lib, ayrim hollarda pichoq taqdim etilgan.Xonlar sulolasining vakillari, mashhur amaldorlar esa faxriy mukofot tarzida oltin va qimmatbaho toshlar qadalgan kamar olar edilar.

Ushbu navkarlarning Xiva xonligida boshqa davlatlarning harbiy qo’shinlariniki singari maxsus harbiy kiyimlari, davlat mukofoti nishonlari va medallari yo’q edi.Faqat in’om tarzida berilgan kalla puli, chopon kiygazish, oltin yoxud qimmatbaho tosh qadalgan kamar berish davlat mukofoti tusini olgandi.

Urushlar davomida yarador bo’lgan jangchilar davolanish uchun o’zlari tabibga murojaat qilar, davolanish uchun ketadigan pul xonlik xazinasidan sarflanardi.Ya’ni , navkar vatan himoyasi uchun bo’lgan urushlarda yarador bo’ldi, degan qarash bor edi.

Agarda xonlik ichkarisida o’z fuqarolari tomonidan isyon, qo’zg’olon, fitna yuz bergan taqdirda navkarlar xon tomonidan bekamu ko’st hamma ehtiyojlar bilan ta’minlanar, hatto, o’sha norozilik harakatini necha kunda bostirishganiga qarab pul to’lashardi.

Qo’shni davlatlar—Eron yoki Buxoroga hujum qilingan taqdirda xon navkarlariga maosh to’lamagan.Urushda o’lja kiritgan navkar qo’lga kiritgan narsasining beshdan birini xon hazratlariga in’om qilishi shart edi.

X1X asr o’rtalaridagi ma’lumotga ko’ra,Hazorasp,Beshariq va Pitnak mavzelarida 2396 navkar, qolgan hududlarda esa 6445 navkar bo’lib, urush harakatlari bo’lib qolgan taqdirda qo’shin yuzboshi, mingboshi, yasovulboshi va amirulumaro boshchiligida birlashib, yagona buyruqqa bo’ysunuvchi armiya holatiga kelardi.

Tinch davrlarda xonlik chegarasini qo’riqlaydigan navkarlar qo’shini esa yarimchilar orqali yerdan keladigan daromad evaziga kun ko’rar, chegara xizmatining boshlig’i—qorovulbegi esa xazinadan 50 tilla maosh olardi.

Xullas, xonlik qo’shini garchi oz sonli to’p va miltiqlardan iborat bo’lsada, qilich va yoylar bilan mudom jangga shay turardi.

ALIBOBO MAYDONIDAGI BANDARGOH

Ma’lumki, insonlar azaldan yashash va dehqonchilik uchun qulay bo’lganidan suv bo’ylariga intilganlar. Qa’la va shaharlarniyam daryo, arnalar bo’ylariga barpo etishgan.Shu boisdan ham Amudaryo bo’ylaridagi qadimiy shaharlar aholisi azal-azaldan savdo sotiq bilan shug’ullanib kelishgan. Xitoy, yunon, fors manbalaridagi Amul (Chorjo’y), Pandu ( Tuproqqa’la), Yuenji ( Urganch), G’arabxashna ( Sho’raxon-To’rtko’l) shaharlarining tilga olinishi aynan daryo bo’ylaridagi taraqqiy etgan savdo-sotiq va kema karvonlari bilan bog’liqdir.

1863 yil iyun oyida Xiva xonligiga kelgan mashhur venger sayyohi Herman Vamberi “kirakash savdo kemalarida Amudaryodan kechib o’tganligini” yozib qoldirgandi. Demak, Amudaryo orqali savdo-sotiq yuklarini tashish xorazmliklar uchun yangilik emas.

1873 yil may oyidagi chorizm istilosi va 12 avgustda imzolangan Gandimiyon sulhiga ko’ra, daryoning chap sohilidagi yerlar Turkiston general gubernatorligining Amudaryo bo’limi ixtiyoriga o’tkazilgandi. Gubernator fon Kaufman shahzoda Leyxtenberg maslahati bilan aynan daryo bo’yidagi Sho’raxonda chor podsholari sharafiga Petro-Aleksandrovsk shahrini barpo qilishadi.

Shahar barpo etish uchun tanlangan 3227 tanob yer maydonlari daryo sohilidan 12 chaqirim naridagi Matniyoz devonbegiga qarashli dalalar edi.Fon Kaufman yangi port shahrining birinchi “qozig’ini” qoqdi va Toshkentga qaytib ketadi.Rus askarlari va mahalliy aholidan yollangan quruvchilar yer osti omborlari, qurol aslaha xonalari, kasalxona, maktab, ma’muriy binolar, istirohat bog’i, zamonaviy ko’chalar, univermag, pochta, telegraf, bosmaxona, sanoat korxonalari qurishga kirishib ketishadi.

Oldiniga gubernatorlikka qarashli Amudaryo okrugi deya nomlangan bu hudud, 1874 yil 9 martdan Sirdaryo viloyatining Amudaryo bo’limi deya atala boshlaydi. 1886 yilda Amudaryo bo’limi oltita volost`ga ajratiladi. Petro-Aleksandrovsk, Sho’raxon, Shayx-Abbos, Saribiy, Biybozor, Nukus Amudaryo bo’limining volostlari edi.

Bu volostlar ichida eng taraqqiy etgani va yevropalashgani Petro-Aleksandrovsk shahri edi.Biroq daryo bo’yidagi ushbu shahar va atrofdagi volostlar Amudaryoda kechgan toshqinlar sabab bir necha bora katta zarar ko’radi.Masalan, 1881, 1890, 1892, 1904, 1907 yillardagi daryo toshqini ba’zi binolar va dehqonchilikga zarar keltiradi.

1904 yil 30-31 yanvar kunlari bo’lgan daryo muzlab, toshqin kuchayishi sabab 1795 tanob yer, 175 pud don, 85 uy, 250 pud paxta suv ostida qolib ketadi.1905-09 yildagi toqin ofatlarini daf etishga esa 31512 kishi safarbar qilinadi. Shundan Sho’raxon volostidan 6453 kishi 174487 rubllik, Biybozordan 5566 kishi 150294 rubllik ish bajarishadi.

Vaqt o’tgan sari Petro-Aleksandrovskda kema qatnovi va flotiliya rivoj topib yuk tashish taraqqiy etadi. Flotiliyadagi kemalar vohada yetishtirilgan yuklarni Chorjo’yga, u yerdan Termizgacha yetkazib beradigan bo’lishadi.20 asrning birinchi choragiga kelib flotiliyadagi barcha kema, qayiqlar soni 1500taga yetib keladi.Ushbu kemalar Orol va Chorjo’ydan xalq xo’jaligi yuklarini tashir, o’z navbatida Rossiyaga paxta, jun, meva, qorako’l teri, baliq olib qaytishardi. Amudaryo flotiliyasining mahkamasi kema va qayiqlarni ta’mirlaydigan ustaxona, matroslarning qo’nib o’tadigan mehmonxonasiniyam Petro-Aleksandrovskda barpo qilishadi.

1920 yilda xonlik tugatilib,XXR barpo etilgach, flotiliya o’z yo’nalishlari bo’yicha ishlab turadi. 1923 yilda bo’lsa Amudaryo davlat kemachilik boshqarmasi tashkil etiladi.Boshqarma ixtiyorida Orol dengizidan to Darg’onotagacha bo’lgan kema va qayiqlar qarashli bo’lgan.1953 yilda Amudaryo davlat kemachilik mahkamasi Xorazm viloyatidagi Cholish posyolkasiga ko’chiriladi.

Ushbu mahkamaga qarashli kemalar Chorjo’ydan Orol dengizigacha bo’lgan masofada voha uchun kerakli bo’lgan xalq xo’jaligi yuklarini tashishgan.Mo’ynoq-Xo’jayli-Gurlan-Cholish-To’rtko’l-Chorjo’yda bandargoh- pristanda kemalar to’xtab yuk tushiradigan maskanlar bo’lgan.Gurlandagi bandargoh Alibobo maydonida bo’lgan.

Alibobo deganda ko’pchilik Gurlanliklar Eshimjiron qishlog’idagi o’tmishda qabriston bo’lgan hududni tushunishadi.O’sha vaqtda daryo qirg’og’ida joylashgan Alibobo, ayni paytda saylgoh vazifasini ham o’tagan.Chunki, daryo bo’yidagi kengliklarda joylashgan ushbu hudud g’oyatda xushmanzara, to’qayzorlar bilan burkangan, qolaversa daryoning narigi qirg’og’iga olib o’tiladigan, daryo kemalarida kelgan yuklarni qabul qiladigan pristan-bandargoh ham Aliboboda joylashgan bo’lgan. Shu boisdan bu yerda aholi hamisha gavjum bo’lib, goh u qirg’oqqa, goh bu qirg’oqqa o’tuvchi, yuk qatnovchi odamlar bilan to’la edi.

Dastlab Cho’bolonchi qishlog’ida bandargoh- pristan qilmoqchi bo’lishganida , u hudud chagalang yumshoq yer bo’lgan.Qolaversa dagish olib qishloqni suv olgan. Keyin shu vaziyatni hisobga olib, bandargohga qulay joy sifatida Eshimjiron qishlog’ini tanlashgan.Chunki,
Eshimjiron qishlog’i yerlari so’g’a, qattiq tuproqli hudud bo’lgani.Qolaversa bandargoh qurilmasidan oldinoq Eshimjirondagi Alibobo maydoni xalq saylga chiqadigan xushmanzara joy hisoblangan .

Eshimjiron qishlog’ida yashab kelayotgan Karimboy hoji Fayzullaevning hikoya qilishicha, “Aliboboga borishdagi yopning ko’prigida yoshlarning o’ziga xos musobaqasi bo’lgan.Negaki Eshimjiron va Moyli o’rtasida bo’lgan yop ko’prigi baland bo’lib, Gurlandan boraverishdagi asosiy yo’l shu yerdan o’tgan.Aliboboga boradigan insonlar ot-aravada yo’l olishgan.Ushbu baland ko’prikdan kimning ot, aravasi bir tezlikda o’tishadi degan bahsli musobaqalar shu yerdan boshlangan.

Alibobo maydoni nafaqat Gurlanliklarning,balki Shovot, Yangibozorliklarning ham o’ziga xos sayl o’tiradigan maydoni hisoblangan. Qolaversa, dagish olib, daryo toshqini bo’lgan paytdayam, tumanning boshqa hududlariga suv olish xavfi tug’ilsada, Eshimjiron, Moyliovul, Vazirdan hech vaqt daryo oqmagan.Daryo toshqin bo’lgan paytdayam. Chunki, Eshimjironning tagi , tuprog’i qattiq, so’g’a bo’lgan. Daryo bo’ylarida joylashgan bo’lsada, keksalar quduq qazishganda 30 metrdan suv chiqganini eslashadi.Toshday qattiq yer bo’lganidan, shu boisdan Vazirda Toshlar degan ovul joylashgan.

Aliboboga yaqin yerda traktor plug surganda xumbuzlar o’rni bo’lgan. Xumbuz bo’lgan yerda elat bo’lgan, aholi yashagan.Hattoki, 1970 yillardayam damba oralig’idagi hududda, dalalarda bahorgi surish paytida Eshimjirondan Vazirgacha bo’lgan yerlarda xum, ko’za, badya sinig’i ko’p topilardi “.

Aliboboning orqa-kunbotish, shimol tomonida Xosminor degan minora bo’lgan.Ma’lumki, 1219-21 yillargacha-ya’ni Chingizxon istilosigacha Gurlanni Xosminor, Darxos deya nomlashgan.Aynan minorayam hudud nomi bilan Xosminor deb atalgan.

1936-38 yillarda arxeolog Yahyo G’ulomov Xorazmda tadqiqotlar o’tkazgan paytdayam ushbu Xosminordan qolgan g’ishtlar saqlanib qolganini ko’rgan ekan. Muarrix Maqdisiyning yozishicha, “ Katdan( hozirgi Qoraqalpog’istondagi Beruniy (Shabboz) tumani nazarda tutilmoqda-U.B.) pastroqda, undan bir manzil narida daryoning o’ng qirg’og’ida Xos yoki Darxos degan aholi yashaydigan maskan bo’lgan”.

Akademik Yahyo G’ulomovning tadqiqotlariga ko’ra, “bu hozirgi Gurlan shahri yoki Gurlanning yoniga to’g’ri  keladi”.

Xiva xoni, ma’rifatparvar tarixchi va tabib Abulg’ozi (1603-1664) ning “Shajarayi turk” asarida biz Xostminor degan hududni ko’p uchratamiz.U bir yerda shu minora orqali Xivadan Katga o’tganlar desa, boshqa bir yerda bu minora uning akasi Asfandiyorxon shu minoradan to Hazoraspgacha bo’lgan aholini qirib tashlashni buyurganligi munosabati bilan tilga olinadi.Abulg’ozi yana boshqa bir joyda 1573 yilda Amudaryo o’z o’zanini o’zgartirganligini va Xosminorning yuqorirog’idan Orol dengiziga qarab oqa boshlaganligini yozadi”.

Pitnakdan to Orol dengizigacha, umuman olganda Xorazm vohasining butun hududlarini 1936-40 yillarda ot, eshakda yurib tadqiq qilib chiqqan professor Yahyo G’ulomov, Xorazm tarixini, sug’orilish o’tmishini chuqur tadqiq qilgan olim bo’lgan. U qadimgi qo’lyozma asarlardagi, arxivdagi manbalarni, eshitgan, kuzatganlarini bir-biriga taqqoslab ilmiy xulosalar chiqargan .Shu asosda 1957 yilda ruscha, 1959 yilda o’zbekcha “Xorazmning sug’orilish tarixi” monografiyasini chop etdirgan. Yahyo G’ulomov ushbu asarida Xosminorga tegishli ma’lumotlarni sinchiklab o’rganadi va shunday yozadi: “Abulg’ozining bu ma’lumotlaridan Xostminor Katdan (Shayx Abbosdan, Shabboz, hozirgi Beruniy tumanining ilgarigi nomlari-U.B.) anchagina quyiroqda bo’lganligi, aniqrog’i Gurlan yonida, ya’ni daryo Katga burilgan joyda bo’lganligi ko’rinadi.Gurlan pristani yaqinida, Alibobo mozori yonida yaqingacha ham katta minora qoldiqlari saqlanib kelgan.Uni “Xos minorasi” deyishgan.Daryo suvi kamayganda suvdan uning uchi ko’rinib turgan.Suv toshgan paytlarda bu yerda kema suzishi xavfli bo’lgan.Chunki, ko’pincha kemalar suvda yashiringan minoraga urilib ketgan.Qadimdan shu yerda yashagan kishilarning aytishicha, kemada suzuvchi o’zbeklar bu minorani avliyo Alibobo karomatlari bilan paydo bo’lgan deydilar.So’nggi 35-40 yil ichida (Yahyo G’ulomov Eshimjiron,Gurlanga 1936-40 yillarda kelganini nazarda tutsak, minora to 1900 yillargacha saqlanib qolgan-U.B.) minora yo’q bo’lib ketgan (ya’ni minora qurilgan joyni dagish, suv toshqini olib minora daryoning ichida qolib ketgan,ba’zi paytlari daryo chekinganida, Xosminor talafot natijasida buzila boshlagan.Natijada aholi minoraga ishlatilgan g’oyatda mustahkam, xumbuzlarda yantoqqa pishgan chidamli g’ishtlarni olib ishlatishgan-U.B.), chunki uni asta-sekin buzib, g’ishtini tashib keta boshlaganlar.Aftidan, Xosminor yuqorida aytilgan Xosga taaulluqli bo’lsa kerak.

16 asrda daryo o’zanining o’zgarishi natijasida, (ya’ni 1573 yilgacha daryo Orolga emas, Kaspiy dengiziga quyilardi-U.B.)Xostminor daryoning chap qirg’og’ida bo’lib qoladi.16, 17 va 19 asrlarda eng katta kechuv Xostminor maskanida, taxminan hozirgi Gurlan kechuvida bo’lgan.Xivadan Katga shunday aylanma yo’l bilan borilgani ajablanarlidir.Balki bu kechuv yo’l qadimdan bo’lib, bir joyda uzoq vaqtgacha mustahkam saqlanib qolgan bo’lsa kerak, qadim o’tmishda bu kechuv poytaxtni Mazdahqon bilan bog’lovchi asosiy kechuv yo’li bo’lgandir.Gurlan Amir Temurning vohaga qilgan yurishlari tarixida (Nizomiddin Shomiyning “Zafarnoma” asarida)eslatib o’tiladi. O’sha vaqtda u o’ng qirg’oqda joylashgan.

Xosdan 25 km pastroqda Nuzkat qishlog’i bo’lgan.Agar bu qishloq Nuzvorning o’zi bo’lmasa, u holda Mang’it shahri joylashgan yerga yoki undan biroz sharqroqdagi Jumirtov etagidagi Jumir qa’lasining xarobalariga to’g’ri keladi”.

Akademik Yahyo G’ulomovning ana shu tadqiqotlaridan ham bilsa bo’ladiki, Alibobo maydoni o’tmishdagi tarixiy maskanlardan biri hisoblangan.

Karimboy hoji Fayzullaevning fikricha,” islom dini tarixidagi hazrat Aliga nisbat berilib “ Alibobo” deya atalgan joyga, tarixiy ma’lumotlarga ko’ra, payg’ambarning kuyovi bo’lgan hazrat Ali umuman kelmagan.Ammo bir qancha joylarda hazrat Aliga ramziy ma’noda nisbat berilgan qo’yimgoh, qabristonlar bo’lgan. Ma’lumki, vaziyat taqozosi bilan xonlik paytidagi “yilg’inliq”, “Tulkilibuva”, “To’rang’ilik buva” degan qabristonlarga xon farmoni, muftiy, shayxulislomlar taklifi asosida choryorlar nomi berilgan vaqtlar bo’lgan. Eshimjirondagi Alibobo qabristoni ham aynan shunday bo’lgan o’tmishda.Alibobo qabristonidagi qubrini 1953-54 yillardagi daryo toshqini, dagish olgan”.

Gurlandagi bandargohda 50 yil ishlagan Fayzulla Abdullaev( 1906-1984) ning o’g’li, Karimbergan hojining otasi xotiralariga tayanib aytishicha, daryo bo’yidagi Eshimjiron qishlog’ining Alibobo maydonida bandargoh joylashgan.Bandargohda to’xtagan kema-barjalarda Gurlan, Shovot, Qo’shko’pir tumanlariga kerakli har turli xalq xo’jaligi yuklarini tushirishgan. Shuningdek, ushbu tumanlardan qaysidir viloyatga olib ketiladigan yuk, turli mahsulotlar ham Gurlan pristanidan barjalarga yuklab yuborilgan.

Mavsumga qarab olib ketiladigan, olib kelinadigan yuklar har xil bo’lgan.K. Fayzullaevning aytishicha, “Gurlan bandargohida odamlar guzarmon, alamchi, toyovchi, saldomchi kabi kasblarda ishlashgan va flotiliya boshqarmasidan maosh olishgan. Guzarman ( perepravachi) ning vazifasi yuk, odamlarni kemada o’tkazish bo’lgan.Alamchi—( signalshik ), daryoda paroxod va barjalarda qatnashish xavfsizligini ta’minlash uchun kemaning har tomoniga kechasi ko’k, oq ponus yoqib qo’ygan.Kunduz kunlari kemada alamga qarab yurilgan. Alamni qazib qirg’oqqa o’rnatib qo’yishgan. Alam besh-olti metrlik yooch-simyog’ochga o’rnatilgan.Yuqori qismiga oq va qizil doskalar o’rnatilgan bo’ladi.Paroxod darg’asi shunga qarab kemani harakatlantirgan”. Asli To’rtko’llik bo’lgan, Gurlan bandargohidagi kemalarga darg’alik qilgan Qo’shim Jumatov (1920 yilda tug’ilgan, 2-jahon urushi qatnashchisi) o’z kasbi ortidan sho’ro davrida qator orden-medallarga sazovor bo’lgan.

Katta kema, barjalar Aralsk, Mo’ynoq, Chorjo’ylarga borib kelgan bo’lsa, Qilich Niyozboy, Shovot, Polvon kanallarida kema, pereprava, qayiqlar yurgan. Gurlanga ham yuklar kemada, qayiqda keltirilgan. Shuningdek, Amudaryoning narigi tomoni, Eshimjiron qishlog’ining ro’parasidagi Biybozorda chorizm davridan Urallik ma’lum bir aholi ko’chib kelib yashagan. Ularning millati rus bo’lib, soqol qo’yib yurishgan, kasblari Rossiyadagi kabi burlakchilik bo’lgan.Burlaklar soqol qo’yib yurgani uchun mahalliy aholi ularning maskanini Boboyqa’la ovuli deb atashgan. Boboyqa’lalik burlaklar ko’pincha daryodan pereprava orqali o’tib Gurlandagi bozorga kelib xarid qilib ketishgan. Kollektivlashtirish davrida Boboyqa’lada ham “Budyonniy” nomli kolxoz tashkil etilib,ularga Maksim degan kishi rais bo’lgan.

Karimbergan hoji Fayzullaev ( 1948 yilda tug’ilgan) ning eslashicha, ularning Alibobodagi uyi daryo yoqasida bo’lib, bir necha bor dagish olib suv tagida qolib ketgan. Alibobo maydonidagi xalq sayli-Navro’z, kuzdagi hosil bayramlariga nafaqat Gurlan, Mang’it, Yangibozorliklar, balki daryo ortidagi Biybozor, Shobboz, To’rtko’lliklar ham kelib ishtirok qilishgan.

Chorjo’y-Qo’ng’irot temir yo’li ishga tushganidan so’ng, Amudaryoda kema qatnovi o’z-o’zidan ikkinchi darajali transportga aylanib qoldi.Biroq mahalliy yuklar, aholining Cholishdan Shobbozga, Gurlandan Biybozorga o’tishi kemachilik mahkamasi ixtiyorida qolaverdi.

Daryo bo’yidagi elatlarda bandargohda ishlovchi kishilarning uylari bo’lgan.Yukchi ,darg’a, alamchi,suyavchi, baliqchi kasblaridagi kishilar yashagan mahalla bo’lgan. Ular uchun ayrim barja-kemalar savdo do’kon qilinib, ushbu mahalladagilarga daryo orqali oziq-ovqat, buyumlar arzon bahoda olib kelib sotilgan.

Shu bilan birga ayrim bir kema kinoteatr qilinib jihozlangan.Ushbu kema daryoning ichinda to’xtab, atrofdagilarni jalb etish uchun o’z davrining zamonaviy musiqalarini qo’yib turgan. Kinokemada asosan bahor,yoz, kuzning issiq kunlarida kino qo’yilgan.

Daryo ko’pincha 15 noyabrdan 15 martgacha muzlagan paytlar bo’lgan . Qishda ham daryoda baliqchilik rivojlangan.Muzning qalinligi yarim metr bo’lgan. Baliqchilar va mahalliy aholi tilida “yilov” degan tushuncha bo’lgan.”Yilov”-daryoning muzlamay qolgan hududi bo’lib , uzunligi 1 km, eni 200-300 metrgacha yetgan. Daryoning, yerning issiqligi- bug’i shu yerdan chiqib turgan. Sovuq bo’lsada “yilov”langan hudud qotmagan. Baliqchilar shu yerdan baliq ovlagan. Qayiqni chanaga yuklab “yilov”ga olib borishgan. Ayni paytda “yilov”-daryoning eng chuqur hududida bo’lgan.Atrofdagi soy suvlar esa muzlab, qotib qoladi.

Daryo bo’yidagilar ishlatgan yana “sang” degan tushuncha ham bo’lgan.”Sang” deganda daryodagi katta-katta muzlar tushunilgan. Ko’pincha daryo muzlamasdan oldin “sang”-katta katta muzlar oqa boshlagan. Muzlar biri ustiga biri mingashib qotib qolardi.Daryo oqqan hududda, paroxod yurgan joylarda , pastdan yuqoriga qarab “ sang” paydo bo’ladi.Buni daryo bo’yidagi aholi “o’kcha” deyishgan.Ya’ni daryoning qotishi.Daryo muzini yuqori tomonidan pastga qarab buzib kelishgan.Muz bo’lak-bo’lak bo’lib daryoning tor yerida tiqilib qolgan paytlari xavfli sanalgan.Shu tiqilinch joyda daryo toshqini xavfi bo’lgan. Bombachi degan kasbdagi ruslar muz qalashgan hududni bomba tashlab buzib yuborgan.

19 asr oxiri, 20 asrdagi Xorazm, Qoraqalpog’istondagi kemachilik mahkamasi va uning tarix oldidagi, voha taraqqiyotidagi xizmatlari, tarixdan o’rin oldi.Aynan flotiliya, keyinchalik kemachilik mahkamasidan yuzlab dengizchi, daryochi-matroslar, kemasozlar , yo’l boshlovchi darg’alar yetishib chiqdiki, ularning mehnat qahramonliklari adabiyot va san’at vakillariga ajoyib mavzu bo’lishi mumkin.To’rtko’l, Chalish, Beruniy, Nukus, Mo’ynoq, Gurlan tumanlaridan Fayzulla Abdullaev, Jumaboy Hayitqulov, Ibrohim Nurmetov, Qo’shim Jumatov, Abdullaev Jumaniyoz darg’a, Aminboy O’rozov, Omonboy Karimov, Durdi Ibodullaevlar singari ajoyib kema kapitanlari, qayiqchi darg’achilar, kemasozlar o’z ishining mohir ustalari sifatida dong qozonishdi. Ular tarix sahifalariga “Amu burlaqlari”, “Amu zahmatkashlari”, “Port shahar kemachilari” deya o’z nomlarini muhrlab ketishdi.

085

(Tashriflar: umumiy 1 429, bugungi 1)

Izoh qoldiring