Munis. G’azallar

011
     Шермуҳаммад Авазбой ўғли Мунис XVIII аср охири, XIX аср бошларида Хоразмда яшаб ижод этган йирик ўзбек шоири, таржимон, муаррих ва мураббийдир. У «Мунис ул-ушшоқ» («Ошиқлар дўсти») девони, илмий-тарбиявий йўналишдаги «Саводи таълим» рисоласи, «Фирдавс ул-иқбол» солномаси ҳамда ўзбек тилига ўгирган «Равзат ус-сафо» (Мирхонд) асари билан ўзбек маданиятининг хазинасини бойитди.

099
МУНИС
ҒАЗАЛЛАР
094

* * *

Қайси гулнинг мен каби бир андалиби зори бор?
Қайси булбулнинг сенингдек бир гули баҳори бор?

Қайси раъно сарвқадға қумрие бор мен каби?
Қайси қумрини қадингдек сарви хуш рафтори бор?

Қайси Лайливаш пари Мажнуни бор мен телбадек?
Қайси Мажнуннинг менингдек бир пари рухсори бор?

Қайси ёр оллида мендек ошиқи жонбоз зрур?
Қайси ошиқнинг сенингдек нозанин дилдори бор?

Қайси бир дилдорға бордур менингдек бедиле?
Қайси бедилнинг сенингдек нозанин дилдори бор?

Қайси бир айёрнинг бор мен каби саргаштаси?
Қайси бир саргаштанинг сендек бути айёри бор?

Қайси шоҳнинг Муниси маҳзун каби бордур қули?
Қайси қулнинг сен каби шоҳи фалак миқдори бор?

* * *

Солодур кўзларингким, ғамзадин дил мулкига яғмо,
Эрурлар зулмгар кофар, на кофар, кофари тарсо.

Димоғимни нетонг савдои холинг қилса ошуфта,
Ки улдур нуқтаи анбар, на анбар, анбари соро.

Эрурсан гаҳ итобу ноз, гаҳ меҳру вафо бирла
Улусға бир ажаб дилбар, на дилбар, дилбари барно.

Тишинг васфида ҳар бир сўз сўрарман, ҳар бири бордур
Баҳода бир саман гавҳар, на гавҳар, гавҳари якто.

Балокашлар нечук жон асрағайлар кирпикингдинким,
Улус қатлиғадур ханжар, на ханжар, ханжари бурро.

Бошимға дашти ҳажр ичра балою ғам ҳужум айлаб
Етарлар уйлаким лашкар, на лашкар, лашкари аъдо.

Йиқилсам гар жунун водийсида ҳар тош уза беҳуд,
Бўлур ёшимға ул бистар, на бистар, бистари хоро.

Адам Қофи сари кўнглум қушиға қилғали парвоз,
Эрурлар дарду ғам шаҳпар, на шаҳпар, шаҳпари анқо.

Жанобинг туфроғин Муниски бошиға сочар ҳам дам,
Билур бошға ани афсар, на афсар, афсари Доро.

* * *

Қон тўкармен фурқатингда айлаб ул кунларни ёд,
Қим чекар эрдум висолингдин умид жоми мурод.

Қўнглум очилмас эшитмай то висолингдин навид,
Ғунчаға етмай насими субҳ, топғайму кушод.

Танда ҳижрон шиддатидан қолмади орому сабр,
Гардға қойдин сабот ўлғой етушгоч тундбод.

Йиғладум андоқ юзу холинг ғаминдин, оҳким,
Жўши ашкимдин баёзу кўзда қолмайдур савод.

Даҳр бўстони манга дўзахдек ўлди ҳажр аро,
Жаннати васлингдин ўлдум то жудо, эй ҳурзод.

Кирди ғам кўнглум арою, солди ҳар ён шўру шар,
Золими муставли ўлса мулк аро, ортар фасод.

Токай, эй зоҳид, бўлурсен мункири арбоби ишқ,
Қимса мўъмин бўлмади то рост қилмай эътиқод.

Мен-мен ул булбулки, маскандур манга гулзори қудс,
Бу гулистон ранги бўйи айламас кўнглумни шод.

Рост йўлда кеч бошингдин ўйлаким ибни Али,
Нафси кажга бўлма маъмур ўйлаким Пурзиёд.

Эй кўнгул, шаҳри тааллуқдур мақоми ҳодисот,
Қил сафар бу шаҳрдин, бал олма мундин важҳи зот.

Сандин ойирғоч фалак Мунисни огоҳ эттиким,
Умрга қилмоқ камоли ғафлат эркон эътимод.

* * *

Ҳаво солмиш танингга тоби ғафлат,
Ҳавас очмиш юзунгга боби ғафлат.

Юзунгга эсмай огоҳлиғ насими,
Ётибсен масти жоми хоби ғафлат.

Жаҳондин кечгил истаб дўст васлин,
Жаҳон ашёсидур асбоби ғафлат.

Нечук огоҳлиғ тобғай замиринг,
Эрурлар ҳамдаминг арбоби ғафлат.

Қил огоҳлиғ била кўнглунг иморат,
Қи бузмушдур они селоби ғафлат.

Қабули интибоҳидин сифот топ,
Қи қилмиш тийрадил ижоби ғафлат.

Уёнғил, Мунисо, ётмоқ на, яъни
Юзунг узра солиб чилбоби ғафлат.

* * *

Дўстлар, менсиз даме оҳанги ишрат қилмангиз,
Сиз ичиб саҳбо, мени хунхори ҳасрат қилмангиз.

Гар муяссар бўлса бир маҳбуб ила базми нишот,
Менсизиз суҳбат тузарга майлу рағбат қилмангиз.

Топсангиз базми висоле, анда ёд этмай мени,
Зор кўнглумни асири доғи фурқат қилмангиз.

Мен киби йўқдур арода, манкубу махмури айш,
Кимсага мендин зиёда бода шафқа қилмангиз.

Аҳли дониш бирла ҳар дам айлангиз базми китоб,
ЖамъИ нодонлар била изҳори улфат қилмангиз.

Дўст улдурким, ёмон кун юз эвурмас дўстидин,
Мунис аҳволин кўруб тарки муҳаббат қилмангиз.

* * *

Давлатинг борида бордур аҳли олам ошно,
Қайтғач давлат, жаҳонда топилур кам ошно.

Уйла бекаслик мени маҳзунға топмиш дастким,
Бир киши йўқдур манго жуз кулфату ғам ошно.

Баски, даврон хоҳиши бегоналиқ солмоқдурур,
Бир-бирига бўла олмас икки ҳамдам ошно.

Кимки бўлди ошно, бот айлади бегоналиғ,
Топмадим бу давр аро бир аҳди маҳкам ошно.

Гар вафо бўлса, парида бўлғай эрди, кўрмадим,
Бўлдилар ҳар нечаким авлоди одам ошно.

Ҳажр ранжидин ўларга етмишамким, кўрсалар,
Ҳолима тутғай азо бегона, мотам ошно.

Ишқ аро ул навъ эрур ваҳшат мен мажнунғаким,
Ўзгани демай, бўла олмас кўнгул ҳам ошно.

Дард чекмак, ашк тўкмак ишқ элига хосдур,
Ҳар кўнгулга дард, ҳар кўзга эмас нам ошно.

Мунис, даврон ғами бегона бўлса тонг эмас
Ким, сенга бўлмиш бийик донишвар Акрам ошно.

* * *

Басе ғам боридин чекмиш оғирни,
Ёғир бўлмиш ҳазин кўнглим ёғирни.

Фалак ғам юкларин солғонда элга,
Ёғирнимға менинг қўймиш оғирни.

Билурсан ғам юкин кўп чекканимни
Ёғирним устида кўрсанг ёғирни.

Итинг кўрсам, манга унс айласун деб,
Берурман гаҳ кўнгулн, гаҳ боғирни.

Рақиб оллингда бўлмоқдин ҳазинман,
Тиларман кўрмасам ул бўлмоғирни.

Замон аҳлиға бўлмиш шиква ойин,
Нетонг, севсам агар гунгу соғирни.

Нажоте истасанг Мунисға ғамдин,
Аёқчи, тут анга ҳар дам чоғирни.

* * *

Ваҳки, ул золим мени мазлумга қотил ҳануз,
Яъни ағёримға юз минг меҳр ила мойил ҳануз.

Ёшурун сирримни демай, халқ англаб, войким,
Айтиб англатмоқ била ҳолимни ул ғофил ҳануз.

Ваҳ, нечук баҳр эрди ҳижронким, миниб ғам заврақин,
Ҳар неча қатъ айларам, мавжуд эмас соҳил ҳануз.

Кўзу кўнглумдин балоға қолдим, оре, кимсага
Суд еткурган эмас аҳбоби ноқобил ҳануз.

Нафйи илми ишқ этиб, қилмоқ недур исботи вавқ,
Келмамиш, зоҳид, жаҳонға сен киби жоҳил ҳануз.

Мунисо, ҳушинг бор эрса, даҳри дун таркини тут
Ким, онинг бўлғон эмастур мойили оқил ҳануз.

* * *

Кўнглума бир гул ғамидин сончлибдур хорлар,
Оҳким, ҳар хоридин жонимдадур озорлар.

Айламиш кўнлумни мажнун жилвайи лайливаши
Ким, асири ғамзасидурлар парирухсорлар.

Турфа айёреки, дин нақдин олурда турраси,
Ўрганурлар андин ўғрилиқ ишин таррорлар.

Гардиши чашмидадур кайфияти даври қадаҳ,
Мен билибдурманки, билмаслар ани ҳушёрлар.

Мунисо, ағёр гар ҳамсуҳбат ўлса ёр ила,
Бўлма маҳзун, ҳамдами гул бўлғусидур хорлар.

* * *

Истадинг, эй дил, кўзин, жонинг керакмасму санга?
Куфри зулфин севдинг, имонинг керакмасму санга?

Дарду ғам сели била буздинг кўнгил кошонасин,
Эй малоҳат ганжи, вайронинг керакмасму санга?

Жамъ этиб, ўтлуғ кўнгулларни муқайяд айладинг,
Ҳалқайи зулфи паришонинг керакмасму санга?

Тийри ғамзанг муддаий кўнглига зоеъ қилмаким,
Ул хадафдур хора, пайконинг керакмасму санга?

Сарсари оҳимни, эй гардун, қилурсан тунду тез,
Машъали хуршеди рахшонинг керакмасму санга?

Эй гул, айларсан жафо хорин уруб, Мунисга жавр,
Андалиби дилкаш илҳоминг керакмасму санга?

* * *

Табассумда кўруб рангин лабингни ногиҳон ғунча,
Қилиб дилтанглик зоҳир, ичидин бўлди қон ғунча.

Сабо таҳрикидин, йўқ, балки оғзинг шармидин бошин
Қуйи солмоққа мойил бўлғусидур ҳар замон ғунча.

Очиқ чеҳрангни то кўрди дема, эй, гул очилмишдур,
Хижолат ғоятидин айламиш кулгу аён ғунча.

Кўнгул тор оғзинга бир ҳандада олдурдим, эй гулрух,
Киши кўрганму эркан бу сифат бир дилситон ғунча?

Омонлик истасанг бу боғ аро, хомуш бўл доим
Ки, офатдин омондур сиррин айтар то ниҳон ғунча.

Сенинг оғзинг хаёлидин қилур кўнглум қуши нола,
Эрур боис чу булбул қилса фарёду фиғон ғунча.

Кўнгул жамъияти топса халал эрмас, таажжубким,
Эмас бу боғ аро ошуфта бўлмоқдин омон ғунча.

Недур бу размгоҳ ичра бошингга истамаклик худ
Ки, эл хайли ўқиға бордур аввалроқ нишон ғунча.

Шитобон бўлма, рифъат қулласиға то кун эрмассен,
Камин айлаб ётибдур йўлда шери осмон, ғунча.

Фиғонким, барча бу гулшан видоидин эмас эмин
Ки, гаҳ гул узмак этмиш даъб, гоҳи, боғбон ғунча.

Анинг руҳсору лаъли ўйла рангиндурки, эй Мунис,
Агар кўрса, бўлур афсурда гул ҳам нотавон ғунча.

* * *

Ғунчалар очилди-ю, кўнглум очилмайдур ҳануз,
Булбулосо хотирим гул майли қилмайдур ҳануз.

Заъф аро ушшоқға ибрат бўлубман, оҳким,
Кўзга аҳволи низорим ёр илмайдур ҳануз.

Ваъдайи васл айлаб эрди, айлади таъхир кўп,
Ё ибо қилди-ю, ё ёдиға келмайдур ҳануз.

Пеша айлаб чарх золи тинмайин тун-кун даме
Дилбаримча жавр ойинини билмайдур ҳануз.

Ерни ашким ғарқ этиб, зўр этти оҳим сарсари,
Недин эркандур фалак тоқи йиқилмайдур ҳануз?

Юз надомат бирла эмди ўзни ўлтурсам, нетонг,
Сажда қилмоқлиқға бошим бир эгилмайдур ҳануз.

Ихтиёр этса агар Мунис яна саргашталик,
Панд қилмангким, жунунидин ойилмайдур ҳануз.

094

042Мунис Хоразмий (тахаллуси; асл исм-шарифи Шермуҳаммад Амир Авазбий ўғли) (1778— Хива яқинидаги Қиёт қишлоғи — 1829) — шоир, тарихнавис, таржимон, хаттот ва маърифатпарвар. Дастлабки маълумотни туғилган қишлоғида олган, кейинчалик Хива мадрасаларида ўқиган. 1800 йилда отаси вафот этгач, Аваз Муҳаммад Иноқ Мунисни саройнинг фармоннавис котиби қилиб тайинлаган.
Мунис замонасининг машҳур олим, шоир ва санъаткорлари билан яқин алоқада бўлиб, билими, салоҳияти ва куч-қувватини шеъриятга, илм-фан ва маърифатга бағишлаган. Мунис 1804 йилда биринчи шеърлар девони — «Девони Мунис»ни яратган. 1806 йилда Элтузархон Мунисга Хива хонлиги ҳақида китоб ёзишни топширган. Мунис ўз асарини Шерғозихон давригача ёзиб етказганда, Элтузархон фожиали ҳалок бўлади. Мунис китобини давом эттиради ва 1819 йилда Мирхонднинг «Равзат ус-сафо» («Софлик боги») тарихий асарини туркий тилга таржима қилишни бошлайди. Мунис бу асарнинг 1-жилдини таржима қилишга улгуради. У бу икки асарни ҳам тугата олмай вафот этади. Унинг «Фирдавс ул-иқбол» («Бахтлар боги») асарини ва «Равзат ус-сафо» таржимасини шогирди Огаҳий ниҳоясига етказади.
Мунис ўз давридаги суғориш иншоотлари ва ер-сув муносабатларига доир «Арналар» (арна-анҳор, канал) номли рисола ҳам ёзган. Бу рисола 18-аср охири ва 19-аср бошларидаги деҳқончилик билан боғлиқ, ижтимоий муносабатларни ўрганишда аҳамиятли. Муниснинг асосий адабий мероси — 1815—20 йилларда тузилган «Мунис ул-ушшоқ» («Ошиқлар дўсти») девони ғазал, мухаммас, касида, рубоий, қитъа ва бошқа жанрлардан иборат бўлиб, 20000 дан зиёд мисрани ўз ичига олган. «Мунис ул-ушшоқ» Алишер Навоийнинг «Хазойин ул-маоний»сидан кейинги энг мукаммал девонлардан бири ҳисобланади.
Мунис Навоийнинг «Мезон ул-авзон», «Ҳолоти Саййид Ҳасан Ардашер» асарларини китобат қилган (1794, 1797). Айниқса, «Мезон ул-авзон»ни олдинги айрим хаттотлар йўл қўйган хатоларни тузатиб, саводли кўчирган. Бу унинг аруз илмининг хос билимдони эканлигидан ҳам далолат беради.
Муниснинг савод чиқаришни енгиллатиш ва хуснихат санъатини ривожлантириш масалаларига бағишланган «Саводи таълим» (1804) шеърий рисоласи ҳам бор. Девонларининг бир неча қўлёзма нусхалари Ўзбекистон Фанлар Академияси Шарқшунослик институти Шарқ қўлёзма асарлари фондида сақланади.
Мунис XIX аср Хоразм адабий муҳитида раҳнамо ижодкор сифатида фаолият кўрсатди. Огаҳий, Комил, Аваз, Табибий, Баёний каби ўнлаб шоирлар унинг изидан бориб, йирик санъаткор сифатида танилдилар.
Мунис ўзбек классик шеъриятининг қарийб ҳамма жанрларида қалам тебратди. Унинг шеърлари мазмун эътибори билан ҳаётий, шакл жиҳатидан ихчам ва гўзалдир. Шоир жонли тилдаги ибора ва сўзлардан унумли фойдаланиб, бадиий соддалик ва фикрий чуқурликка интилади. Бу истеъдодли санъаткор ўзбек классик шеърияти турлари, шеърий санъатлар, қофия ва вазн такомилига катта ҳисса қўшган.

099
MUNIS
G’AZALLAR
094

* * *

Qaysi gulning men kabi bir andalibi zori bor?
Qaysi bulbulning seningdek bir guli bahori bor?

Qaysi ra’no sarvqadg’a qumrie bor men kabi?
Qaysi qumrini qadingdek sarvi xush raftori bor?

Qaysi Laylivash pari Majnuni bor men telbadek?
Qaysi Majnunning meningdek bir pari ruxsori bor?

Qaysi yor ollida mendek oshiqi jonboz zrur?
Qaysi oshiqning seningdek nozanin dildori bor?

Qaysi bir dildorg’a bordur meningdek bedile?
Qaysi bedilning seningdek nozanin dildori bor?

Qaysi bir ayyorning bor men kabi sargashtasi?
Qaysi bir sargashtaning sendek buti ayyori bor?

Qaysi shohning Munisi mahzun kabi bordur quli?
Qaysi qulning sen kabi shohi falak miqdori bor?

* * *

Solodur ko’zlaringkim, g’amzadin dil mulkiga yag’mo,
Erurlar zulmgar kofar, na kofar, kofari tarso.

Dimog’imni netong savdoi xoling qilsa oshufta,
Ki uldur nuqtai anbar, na anbar, anbari soro.

Erursan gah itobu noz, gah mehru vafo birla
Ulusg’a bir ajab dilbar, na dilbar, dilbari barno.

Tishing vasfida har bir so’z so’rarman, har biri bordur
Bahoda bir saman gavhar, na gavhar, gavhari yakto.

Balokashlar nechuk jon asrag’aylar kirpikingdinkim,
Ulus qatlig’adur xanjar, na xanjar, xanjari burro.

Boshimg’a dashti hajr ichra baloyu g’am hujum aylab
Yetarlar uylakim lashkar, na lashkar, lashkari a’do.

Yiqilsam gar junun vodiysida har tosh uza behud,
Bo’lur yoshimg’a ul bistar, na bistar, bistari xoro.

Adam Qofi sari ko’nglum qushig’a qilg’ali parvoz,
Erurlar dardu g’am shahpar, na shahpar, shahpari anqo.

Janobing tufrog’in Muniski boshig’a sochar ham dam,
Bilur boshg’a ani afsar, na afsar, afsari Doro.

* * *

Qon to’karmen furqatingda aylab ul kunlarni yod,
Qim chekar erdum visolingdin umid jomi murod.

Qo’nglum ochilmas eshitmay to visolingdin navid,
G’unchag’a yetmay nasimi subh, topg’aymu kushod.

Tanda hijron shiddatidan qolmadi oromu sabr,
Gardg’a qoydin sabot o’lg’oy yetushgoch tundbod.

Yig’ladum andoq yuzu xoling g’amindin, ohkim,
Jo’shi ashkimdin bayozu ko’zda qolmaydur savod.

Dahr bo’stoni manga do’zaxdek o’ldi hajr aro,
Jannati vaslingdin o’ldum to judo, ey hurzod.

Kirdi g’am ko’nglum aroyu, soldi har yon sho’ru shar,
Zolimi mustavli o’lsa mulk aro, ortar fasod.

Tokay, ey zohid, bo’lursen munkiri arbobi ishq,
Qimsa mo»min bo’lmadi to rost qilmay e’tiqod.

Men-men ul bulbulki, maskandur manga gulzori quds,
Bu guliston rangi bo’yi aylamas ko’nglumni shod.

Rost yo’lda kech boshingdin o’ylakim ibni Ali,
Nafsi kajga bo’lma ma’mur o’ylakim Purziyod.

Ey ko’ngul, shahri taalluqdur maqomi hodisot,
Qil safar bu shahrdin, bal olma mundin vajhi zot.

Sandin oyirg’och falak Munisni ogoh ettikim,
Umrga qilmoq kamoli g’aflat erkon e’timod.

* * *

Havo solmish taningga tobi g’aflat,
Havas ochmish yuzungga bobi g’aflat.

Yuzungga esmay ogohlig’ nasimi,
Yotibsen masti jomi xobi g’aflat.

Jahondin kechgil istab do’st vaslin,
Jahon ashyosidur asbobi g’aflat.

Nechuk ogohlig’ tobg’ay zamiring,
Erurlar hamdaming arbobi g’aflat.

Qil ogohlig’ bila ko’nglung imorat,
Qi buzmushdur oni selobi g’aflat.

Qabuli intibohidin sifot top,
Qi qilmish tiyradil ijobi g’aflat.

Uyong’il, Muniso, yotmoq na, ya’ni
Yuzung uzra solib chilbobi g’aflat.

* * *

Do’stlar, mensiz dame ohangi ishrat qilmangiz,
Siz ichib sahbo, meni xunxori hasrat qilmangiz.

Gar muyassar bo’lsa bir mahbub ila bazmi nishot,
Mensiziz suhbat tuzarga maylu rag’bat qilmangiz.

Topsangiz bazmi visole, anda yod etmay meni,
Zor ko’nglumni asiri dog’i furqat qilmangiz.

Men kibi yo’qdur aroda, mankubu maxmuri aysh,
Kimsaga mendin ziyoda boda shafqa qilmangiz.

Ahli donish birla har dam aylangiz bazmi kitob,
Jam’I nodonlar bila izhori ulfat qilmangiz.

Do’st uldurkim, yomon kun yuz evurmas do’stidin,
Munis ahvolin ko’rub tarki muhabbat qilmangiz.

* * *

Davlating borida bordur ahli olam oshno,
Qaytg’ach davlat, jahonda topilur kam oshno.

Uyla bekaslik meni mahzung’a topmish dastkim,
Bir kishi yo’qdur mango juz kulfatu g’am oshno.

Baski, davron xohishi begonaliq solmoqdurur,
Bir-biriga bo’la olmas ikki hamdam oshno.

Kimki bo’ldi oshno, bot ayladi begonalig’,
Topmadim bu davr aro bir ahdi mahkam oshno.

Gar vafo bo’lsa, parida bo’lg’ay erdi, ko’rmadim,
Bo’ldilar har nechakim avlodi odam oshno.

Hajr ranjidin o’larga yetmishamkim, ko’rsalar,
Holima tutg’ay azo begona, motam oshno.

Ishq aro ul nav’ erur vahshat men majnung’akim,
O’zgani demay, bo’la olmas ko’ngul ham oshno.

Dard chekmak, ashk to’kmak ishq eliga xosdur,
Har ko’ngulga dard, har ko’zga emas nam oshno.

Munis, davron g’ami begona bo’lsa tong emas
Kim, senga bo’lmish biyik donishvar Akram oshno.

* * *

Base g’am boridin chekmish og’irni,
Yog’ir bo’lmish hazin ko’nglim yog’irni.

Falak g’am yuklarin solg’onda elga,
Yog’irnimg’a mening qo’ymish og’irni.

Bilursan g’am yukin ko’p chekkanimni
Yog’irnim ustida ko’rsang yog’irni.

Iting ko’rsam, manga uns aylasun deb,
Berurman gah ko’nguln, gah bog’irni.

Raqib ollingda bo’lmoqdin hazinman,
Tilarman ko’rmasam ul bo’lmog’irni.

Zamon ahlig’a bo’lmish shikva oyin,
Netong, sevsam agar gungu sog’irni.

Najote istasang Munisg’a g’amdin,
Ayoqchi, tut anga har dam chog’irni.

* * *

Vahki, ul zolim meni mazlumga qotil hanuz,
Ya’ni ag’yorimg’a yuz ming mehr ila moyil hanuz.

Yoshurun sirrimni demay, xalq anglab, voykim,
Aytib anglatmoq bila holimni ul g’ofil hanuz.

Vah, nechuk bahr erdi hijronkim, minib g’am zavraqin,
Har necha qat’ aylaram, mavjud emas sohil hanuz.

Ko’zu ko’nglumdin balog’a qoldim, ore, kimsaga
Sud yetkurgan emas ahbobi noqobil hanuz.

Nafyi ilmi ishq etib, qilmoq nedur isboti vavq,
Kelmamish, zohid, jahong’a sen kibi johil hanuz.

Muniso, hushing bor ersa, dahri dun tarkini tut
Kim, oning bo’lg’on emastur moyili oqil hanuz.

* * *

Ko’ngluma bir gul g’amidin sonchlibdur xorlar,
Ohkim, har xoridin jonimdadur ozorlar.

Aylamish ko’nlumni majnun jilvayi laylivashi
Kim, asiri g’amzasidurlar pariruxsorlar.

Turfa ayyoreki, din naqdin olurda turrasi,
O’rganurlar andin o’g’riliq ishin tarrorlar.

Gardishi chashmidadur kayfiyati davri qadah,
Men bilibdurmanki, bilmaslar ani hushyorlar.

Muniso, ag’yor gar hamsuhbat o’lsa yor ila,
Bo’lma mahzun, hamdami gul bo’lg’usidur xorlar.

* * *

Istading, ey dil, ko’zin, joning kerakmasmu sanga?
Kufri zulfin sevding, imoning kerakmasmu sanga?

Dardu g’am seli bila buzding ko’ngil koshonasin,
Ey malohat ganji, vayroning kerakmasmu sanga?

Jam’ etib, o’tlug’ ko’ngullarni muqayyad aylading,
Halqayi zulfi parishoning kerakmasmu sanga?

Tiyri g’amzang muddaiy ko’ngliga zoe’ qilmakim,
Ul xadafdur xora, paykoning kerakmasmu sanga?

Sarsari ohimni, ey gardun, qilursan tundu tez,
Mash’ali xurshedi raxshoning kerakmasmu sanga?

Ey gul, aylarsan jafo xorin urub, Munisga javr,
Andalibi dilkash ilhoming kerakmasmu sanga?

* * *

Tabassumda ko’rub rangin labingni nogihon g’uncha,
Qilib diltanglik zohir, ichidin bo’ldi qon g’uncha.

Sabo tahrikidin, yo’q, balki og’zing sharmidin boshin
Quyi solmoqqa moyil bo’lg’usidur har zamon g’uncha.

Ochiq chehrangni to ko’rdi dema, ey, gul ochilmishdur,
Xijolat g’oyatidin aylamish kulgu ayon g’uncha.

Ko’ngul tor og’zinga bir handada oldurdim, ey gulrux,
Kishi ko’rganmu erkan bu sifat bir dilsiton g’uncha?

Omonlik istasang bu bog’ aro, xomush bo’l doim
Ki, ofatdin omondur sirrin aytar to nihon g’uncha.

Sening og’zing xayolidin qilur ko’nglum qushi nola,
Erur bois chu bulbul qilsa faryodu fig’on g’uncha.

Ko’ngul jam’iyati topsa xalal ermas, taajjubkim,
Emas bu bog’ aro oshufta bo’lmoqdin omon g’uncha.

Nedur bu razmgoh ichra boshingga istamaklik xud
Ki, el xayli o’qig’a bordur avvalroq nishon g’uncha.

Shitobon bo’lma, rif’at qullasig’a to kun ermassen,
Kamin aylab yotibdur yo’lda sheri osmon, g’uncha.

Fig’onkim, barcha bu gulshan vidoidin emas emin
Ki, gah gul uzmak etmish da’b, gohi, bog’bon g’uncha.

Aning ruhsoru la’li o’yla rangindurki, ey Munis,
Agar ko’rsa, bo’lur afsurda gul ham notavon g’uncha.

* * *

G’unchalar ochildi-yu, ko’nglum ochilmaydur hanuz,
Bulbuloso xotirim gul mayli qilmaydur hanuz.

Za’f aro ushshoqg’a ibrat bo’lubman, ohkim,
Ko’zga ahvoli nizorim yor ilmaydur hanuz.

Va’dayi vasl aylab erdi, ayladi ta’xir ko’p,
YO ibo qildi-yu, yo yodig’a kelmaydur hanuz.

Pesha aylab charx zoli tinmayin tun-kun dame
Dilbarimcha javr oyinini bilmaydur hanuz.

Yerni ashkim g’arq etib, zo’r etti ohim sarsari,
Nedin erkandur falak toqi yiqilmaydur hanuz?

Yuz nadomat birla emdi o’zni o’ltursam, netong,
Sajda qilmoqliqg’a boshim bir egilmaydur hanuz.

Ixtiyor etsa agar Munis yana sargashtalik,
Pand qilmangkim, jununidin oyilmaydur hanuz.

008

(Tashriflar: umumiy 283, bugungi 1)

Izoh qoldiring