Rahmon Qo‘chqor. Zigmund Freyd yohud “dardingni olay, birodar” ta’limoti

008 6 май —  машҳур файласуф, психолог ва психиатр Зигмунд Фрейд туғилган кун

Фрейднинг таржимаи ҳоли, илмий изланишлари, ҳамкасблари билан муносабатларига оид қизиқарли маълумот ва тафсилотлар шу қадар кўпки, уларнинг ҳаммасига батафсил тўхталиб ўтишнинг имкони йўқ. Шунинг учун ҳам биз эътиборни олим илмий-фалсафий меросининг айрим муҳим жиҳатларига қаратишни маъқул топдик.

Раҳмон Қўчқор
ЗИГМУНД ФРЕЙД ЁХУД
“дардингни олай, биродар” таълимоти
099

Австриялик машҳур файласуф, психолог ва психиатр Зигмунд Фрейд (тўлиқ исми шарифи Сигизмунд Шломо Фрейд) 1856 йилнинг 6 май куни ўша пайтда Австрия империяси таркибига кирувчи Моравиянинг Фрайберг шаҳарчасида таваллуд топган. Ҳозир Пришибор деб номланган бу шаҳарча Чехия ҳудудида жойлашган. Олим туғилган Шлоссергассе кўчасига энди унинг номи берилган.

Олимнинг отаси Якоб Фрейд иккинчи бор уйланганида қирқ ёшда, бўлғуси она – Амалия Натансон йигирмада эди. Уларнинг ҳар иккиси ҳам Германиядан чиққан яҳудийлар оиласидан бўлиб, Якоб Фрейд вофурушлик билан шуғулланар, оиланинг иқтисодий аҳволи бозордаги нарх-навонинг кўтарилиши ва пасайишига қараб ўзгариб турарди. Шунга кўра, Зигмунд уч ёшга тўлганида оила тирикчилик важидан аввал Лейпцигга, бир йилдан сўнг Венага кўчиб ўтишга мажбур бўлади.

Ота-онанинг ўқиш-ёзишга лаёқатли бу ўғилдан умидлари катта эди. Шунинг учун ҳам унинг таълим-тарбиясига алоҳида эътибор беришди. Натижада, Зигмунд 9 ёшидаёқ гимназияга ўқишга киради. Бу пайтда оиладаги фарзандлар 8 нафар бўлиб (уларнинг икки нафари аввалги никоҳдан эди), Зигмунднинг ўқиши учун барча шароитлар яратиб берилганди. У, айниқса, адабиёт ва фалсафага бошқача қизиқиш билан қарар, Шекспир, Кант, Гегель, Шопенгауэр, Ницше асарлари мутолааси билан “илм тиши” чиққанди. Ўспирин Фрейд немис тилини мукаммал билиши баробарида грек ва лотинчани ҳам ўрганган, француз, инглиз, испан, итальян тилларида эса бемалол гаплаша олган. Шу боис у 17 ёшида гимназияни муваффақиятли битиради ва 1873 йилда Вена университетининг тиббиёт факультетига ўқишга киради…

Фрейднинг таржимаи ҳоли, илмий изланишлари, ҳамкасблари билан муносабатларига оид қизиқарли маълумот ва тафсилотлар шу қадар кўпки, уларнинг ҳаммасига батафсил тўхталиб ўтишнинг имкони йўқ. Шунинг учун ҳам биз эътиборни олим илмий-фалсафий меросининг айрим муҳим жиҳатларига қаратишни маъқул топдик.

Фрейд ўзининг 83 йиллик умри давомида 24 жилдга жо бўлган илмий асарлар яратди, у тиббиёт фанлари доктори, профессор бўлиш билан бирга, дунёнинг бир қанча нуфузли илмий жамиятлари, академиялари, ассоциацияларининг фахрий аъзоси этиб сайланганди.

Зигмунд Фрейд жаҳон фанида психоанализ йўналишига асос солган аллома сифатида танилган бўлиб, унинг бу кашфиёти ХХ аср психологияси, тиббиёти, социологияси, антропологияси, адабиёти ва санъати ривожига сезиларли таъсир кўрсатган. У тадқиқ этиб эришган муҳим илмий янгиликлар, яъни:

инсон психикасининг “У”, “Мен” ва “Юксак Мен” бўлимлардан иборат уч таркибли тузилмани ишлаб чиққани;

шахс психосексуал такомилининг алоҳида босқичларини таҳлил этиб бергани;

инсон ғайришуурида макон топган “Эдип комплекси” назариясини батафсил таҳлил қилгани;

инсон психикасидаги ҳимоявий механизмлар мунтазам ишлаб туришини кашф этгани;

“ғайришуур” (“бессознательное”) тушунчасини психологик жиҳатдан талқин этгани;

инсон руҳий кечинмалари трансфери (бир одамдан бошқа одамга “кўчиб ўтиши”)нинг муҳим тиббий аҳамиятини кўрсатиб бергани, шунингдек, терапевтик даволашнинг эркин мулоқот ва тушларга асосланган усулларини жорий этгани, айниқса, машҳурдир.

Айтилганидек, олимнинг илмий-фалсафий мероси ҳам ҳажман, ҳам мазмунан жуда бой бўлиши баробарида, унинг шахси, характери, илмий ғоя ва қарашлари ҳақидаги китоблар, тадқиқотлар, баҳслар салмоғи ҳам чакана эмас. Унинг ҳаётлигидаёқ бошланган бу мунозара-мубоҳасалар ҳозирга қадар ҳам қизғин давом этмоқда. Зеро, баҳслашувчиларнинг бир қисми, Фрейд – сўнгги асрлар илмининг буюк даҳоси сифатида эъзозланиши лозимлигини таъкидлашса, бошқа бир қисми (улар орасида олим билан бирга ишлаган ва, ҳатто, унинг қўлида таълим олган Вильгельм Флисс, Альфред Адлер, Карл Густав Юнглар ҳам бор) уни – ХХ аср фанининг моҳир фокусчиси сифатида истеҳзо билан баҳолашга мойиллик билдиришади. Нима бўлганда ҳам бир нарса аниқки, Фрейд даври ва ундан кейинги палла файласуфларининг аксарияти олим қарашларини четлаб ўтолмайди, унинг кашфиётларига у ёхуд бу сабаб таянишади. Ҳатто Фрейднинг ашаддий танқидчиларидан ҳисобланган америкалик файласуф Эрих Фромм ҳам унинг кўплаб фундаментал ғояларидан келиб чиқиб, айрим бирёқламаликлар (жумладан, инсон хатти-ҳаракатлари марказига сексуал мойилликни қўйиш)ни инкор этгани ҳолда, уларни янги нуқтаи назар билан бойитиш йўлидан борадики, бу ҳолни фрейдизмнинг инкори эмас, балки илмий-танқидий, ижодий такомили, деб аташ тўғрироқ бўлур эди.

Фрейд ва у асос солган фрейдизм таълимоти инсон онгини уч қисмдан таркиб топган ниҳоятда мураккаб қурилма сифатида тушунтиради, булар: ОНГ, ОНГОСТИ, ҒАЙРИШУУР. Бу тамойил бўйича, инсон ҳаёти давомида дуч келадиган жамики воқелик мана шу уч “қават”нинг бирида, албатта, макон топади. Одамнинг кўргани, эшитгани, кузатгани, ўйлагани, ҳис қилгани – ҳеч бир нарса изсиз йўқ бўлиб кетмайди. Унинг ўзи “эсимдан чиқардим”, “унутдим”, “хотирамдан кўтарилибди”, деб ўйлагани барча нарсалар унинг ё онги остида ёхуд ғайришуури пучмоқларида, албатта, сақланади.

Маълумки, Фрейд узоқ йиллар давомида руҳий касалларни кузатиш, даволаш билан шуғулланган. Бу кузатишлар эса олимни жуда қизиқ, аксарият ҳолда асосли хулосаларга олиб келган. Масалан, у туғма бўлмаган, яъни кейинчалик турли жароҳатлар натижасида орттирилган эмас, балки руҳий қийноқлар сабаб пайдо бўлган асаб касалликларининг туб замирида ўз вақтида изҳор қилинмаган кайфият, нафрат, муҳаббат, ҳис-ҳаяжон факторлари, турфа туйғулар, олинмаган ўч, қолиб кетган алам асоратлари ётишини айтади. Дарҳақиқат, “кечагина туппа-тузук юрган одам”нинг бир кунда телба бўлиб қолишига дабдурустдан изоҳ топиш осон эмас. Фрейдизм эса бунинг ўша “туппа-тузук юрган одам” ҳаётида қачонлардир юз берган ўта муҳим воқеа-ҳодиса билан боғлиқлигини, гарчи ўша ҳодисани одамнинг ўзи унутганман, деб ҳисобласа-да, унинг онгости ёхуд ғайришуури унутмаганини, унута олмаслигини исботлайди.

Шу жойда олим биографиясига қайтиб, у 1885 йилдан бошлаб Парижнинг машҳур психиатри Жан Шарко клиникасида ишлаганини эслашимизга тўғри келади. Ж.Шарко ўзининг руҳий хаста беморларини, жумладан, гипноз ёрдамида ҳам даволар эди. Аввалига бу усулни қўллаб-қувватлаган Фрейд, кейинчалик даволашни гипнозсиз ҳам ундан-да самаралироқ амалга ошириш мумкинлигини аниқлади. Фрейд беморлар билан эринмай, мунтазам сўзлашиш, бунда уларни ўз ҳолига тўла қўйиб бериш, эркин мулоқотга киришиш йўлини танлайди. Бу борада олимнинг шогирдларидан бири, кейинчалик фанда ўз йўлини яратишга муваффақ бўлган Фриц Виттельс ўзининг “Фрейд. Унинг шахси, таълимоти ва мактаби” китобида қизиқарли эпизодларни келтиради. Масалан, Фрейд ўз беморлари билан керак бўлса ойлаб ва йиллаб суҳбатлашишдан эринмас экан. Аввалига ўзини бўлганидан ҳам баттарроқ жинни қилиб кўрсатишга ҳаракат қиладиган беморлар кун ўтган сайин бундан маъно йўқлигини истар-истамас тан олар, битта гапни уч кун, беш кун қайтараверишдан чарчаб, бошқа тафсилотларга ўтар, ниҳоят, ажойиб кунларнинг бирида ҳаётида қачондир юз берган недир бир муҳим ҳодиса эсловига етиб борар, мана шу кундан эътиборан у онги остида ёки ғайришуурида ўрнашиб олғиб уни қийнаётган дарддан фориғ бўла бошларди. Виттельс тили билан айтганда: “беморлар ўзининг қаршисида оқ халатли иблислар ўтирганидан бехабар ҳолда, бутун дарду дунёсини уларга тўкиб солиш орқали тузалиш йўлига етиб келишарди”.

Демак, юқорида эслатилганидек, вақтида, “иссиғида” изҳорини топмаган кучли, эмоционал туйғулар, кун келиб ўз эгасининг ақлдан озишига сабаб бўлиши мумкин бўлса, моҳир психиатр томонидан ўтказилган холис, самимий, эркин мулоқот – дарддошлик сеанслари уни бу оғир хасталикдан халос қилиши мумкинлиги ўз исботини топади.

Шу муносабат билан ўзимизнинг ўзбекона турмуш тарзимиз, тажрибаларимиз тўғрисида ҳам озгина тўхтаб ўтсак, бизнингча, зарар қилмайди. Масалан, халқимизда “Элакка чиққан хотиннинг эллик оғиз гапи бор” деган беозоргина ибора мавжуд. Айрим эркаклар уни изтеҳзо билан айтишни хуш кўришади. Ҳолбуки, ўша эркаклар ўзини бир маробата аёли ўрнига қўйиб кўрганида эди, балки истеҳзо ўрнини ачиниш, кўнгилни англаш, дарди билан қизиқиш сингари инсоний амаллар эгаллаган бўлармиди…

Гап шундаки, қўшниникига элакка чиққан ўша хотин уйида иши бошидан ошиб ётганини яхши билади. Қолаверса, элак эгасининг ҳам юмуши етарли. Хўш, унда бу икков нечун бу қадар – дунёни унутар даражада суҳбатга (айримлар тилида – “ғийбатга”) берилиб кетишади? Бу жумбоқнинг жавоби аниқ: улар қайнона-қайнотасига, ота-онасига, опа-синглиси-ю, ака-укасига (бирда қўрқув, бирда истиҳола, бирда ҳайиқиш, бирда уят ва ҳ. к. ва ҳ. к. сабаб-омилларга кўра!) айта олмайдиган, айтишни хаёлига-да келтира олмайдиган ўйлари, туйғулари, ҳислари, кечинмаларини… қисқа қилиб айтганда, дарду дунёсининг бир қисмини (шунда ҳам, Худо сақласин, ҳаммасини эмас!) ўзидек инсон олдида тўкиб солади. Шу билан енгиллашади – жисми эмас, руҳи енгил тортади. У айни йўл билан бўлғуси оғир дардлардан ўзини фориғ қилишга ғайришуурий тарзда уринади. Ахир, ўзингиз айтинг, уни эшитадиган, у билан дардлашишни истайдиган бошқа ким бор? Бурни оқиб турган боласими ёки кун бўйи ишлаб, “тоғни талқон қилиб” ҳориган, “қулоғига хотинларнинг майда гапи ёқмайди”ган эрими? Оғиз очиб кўрсин-чи, нима жавоб эшитар экан!

Биз, эркаклар, бу ҳолни фақат хотинларга оид манзара десак, билингки, адашамиз. Эркакларнинг ҳам имкон топилди дегунча “гап”, “ош” баҳона йиғилишга ошиқишининг остида ҳам худди шу сабаб-омиллар яширин эмасми? Ахир ўша – думба ёғига девзира ёхуд лазерда қилинган ошни уйда ҳам пиширса, еса бўлади. Бироқ уйда ош пишгунча ва унинг истеъмолидан кейин бўладиган, бемало-о-л ўтириб ўтказиладиган суҳбатларни атай ҳам уюштириб бўлмайди-да…

Шу ўринда яна бир кузатиш ҳам борки, унинг талқинини ҳурматли ўқувчиларимизнинг ўзига қолдирамиз. У ҳам бўлса, хотинларнинг, қозондаги ёғи ёниб кетар даражага келган бўлса ҳам, оғилхонадаги сигирини ўғри уриб кетса ҳам, “сериал”дан кўз узолмай қолиши ҳодисасидир. Бунда бир танишимнинг яқинда тан олиб айтган мана бу гапи сизга кўмакка келса, ажаб эмас: “Кўрмайман эмас, яхши сериалларни мен ҳам хотиннинг қаватига ўтириб кўраман. Билсангиз, бу ёқда сериал воқеалари кечаверади-ю, мен кўз қирим билан хотинни кузатсам, у ҳам мени билдирмай кузатиб ўтирганини сезаман. Экрандаги қаҳрамонлар худди у билан менинг бир-биримизга айтолмаган гапларимизни айтаётгандек бўлаверади, денг…”

Демак, биз ўзбеклар, фрейдизм тилида “трансфер” ва “контр-трансфер” деб аталадиган, бизнингча айтганда эса “дардингни, ҳовурингни олай, биродар”, “одам тафтини одам олади”, деган руҳий енгиллашиш, минг турли таъсирлардан фориғланиш усулини ғайришуурий тарзда ҳаётимизда қўллаб келганмиз ва… енгилроқ қилиб айтганда, кам бўлмаганмиз…

Шунга ўхшаш, Зигмунд Фрейд яратган йирик таълимотнинг ҳар бир йўналиши тўғрисида кўплаб мулоҳазаларга, қиёсларга тўхталиш, қизиқарли талқинларга берилиш мумкин.

Яна бир гап шундан иборатки, 1930 йилнинг ёзида З.Фрейд немис халқининг буюк мутафаккири Гёте номидаги мукофот билан тақдирланади. Орадан уч йил ўтиб эса Германия тахтига миллатчи-социалистлар етакчиси Адольф Гитлер ўтиради. Унинг амалга оширган энг тубан ишларидан бири – Ҳенрих Ҳейне, Томас Манн, Франц Кафка, Альберт Эйнштейн сингари юзлаб тафаккур даҳолари яратган асарларни, шу жумладан Зигмунд Фрейд китобларини ҳам қувғин қилгани, барча яҳудийлар қатори олимни ҳам жисмонан маҳв этиш пайига тушгани бўлди. Шогирдлари олимни мамлакатни тарк этишга ҳар қанча даъват қилишмасин, у бунга кўнмайди. Бироқ 1938 йилда Австрия Германияга қўшиб олинганидан сўнг бояги қувғинлар ўта хатарли тус олади: қизи Анна ҳибсга олинади, Фрейднинг ўзи гестапога сўроққа чақирилади. Ниҳоят, Англияга кетмоқдан ўзга чораси қолмаган Зигмунд Фрейд, АҚШ Президенти Франклин Рузвельт аралашуви, Греция ва Дания қироличаси Мари Бонапартнинг (олим уни даволаган, илм ўргатган эди) молиявий кўмаги билан (Учинчи рейх кўчмоқни истаган яҳудийлардан “герман ҳукумати олдидаги қарзни ундириш” баҳонаси билан жуда катта пул талаб қилган!) туғилган юртини тарк этади. Зигмунд Фрейд умрининг сўнгги ойларини Англияда ўтказади. Бўқоқ саратони касалига чалинган олимнинг аҳволи тобора оғирлашиб, 1939 йилнинг сентябрида 83 ёшида оламдан ўтади.

Буни қарангки, ҳар йилнинг май ойи биринчи ўн кунлигида бутун тараққийпарвар инсоният улуғ олим Зигмунд Фрейднинг таваллуд айёмини ҳамда шундай инсонни қувғин қилишгача қўли борган Гитлер фашизмининг тор-мор бўлган кунини нишонлайди. Бизнигина эмас, бутун одамзодни юпатадиган, юпата туриб сергакликка даъват этадиган, инсонга, унинг руҳиятига эътиборлироқ бўлишга чорлайдиган гап мана шу эди, азиз ўқувчи!

Манба: “Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 5-сон

6 may — mashhur faylasuf, psixolog va psixiatr Zigmund Freyd tug‘ilgan kun

Freydning tarjimai holi, ilmiy izlanishlari, hamkasblari bilan munosabatlariga oid qiziqarli ma’lumot va tafsilotlar shu qadar ko‘pki, ularning hammasiga batafsil to‘xtalib o‘tishning imkoni yo‘q. Shuning uchun ham biz e’tiborni olim ilmiy-falsafiy merosining ayrim muhim jihatlariga qaratishni ma’qul topdik.

Rahmon Qo‘chqor
ZIGMUND FRЕYD YOXUD
“dardingni olay, birodar” ta’limoti
099

Avstriyalik mashhur faylasuf, psixolog va psixiatr Zigmund Freyd (to‘liq ismi sharifi Sigizmund Shlomo Freyd) 1856 yilning 6 may kuni o‘sha paytda Avstriya imperiyasi tarkibiga kiruvchi Moraviyaning Frayberg shaharchasida tavallud topgan. Hozir Prishibor deb nomlangan bu shaharcha Chexiya hududida joylashgan. Olim tug‘ilgan Shlossergasse ko‘chasiga endi uning nomi berilgan.

Olimning otasi Yakob Freyd ikkinchi bor uylanganida qirq yoshda, bo‘lg‘usi ona – Amaliya Natanson yigirmada edi. Ularning har ikkisi ham Germaniyadan chiqqan yahudiylar oilasidan bo‘lib, Yakob Freyd vofurushlik bilan shug‘ullanar, oilaning iqtisodiy ahvoli bozordagi narx-navoning ko‘tarilishi va pasayishiga qarab o‘zgarib turardi. Shunga ko‘ra, Zigmund uch yoshga to‘lganida oila tirikchilik vajidan avval Leypsigga, bir yildan so‘ng Venaga ko‘chib o‘tishga majbur bo‘ladi.

Ota-onaning o‘qish-yozishga layoqatli bu o‘g‘ildan umidlari katta edi. Shuning uchun ham uning ta’lim-tarbiyasiga alohida e’tibor berishdi. Natijada, Zigmund 9 yoshidayoq gimnaziyaga o‘qishga kiradi. Bu paytda oiladagi farzandlar 8 nafar bo‘lib (ularning ikki nafari avvalgi nikohdan edi), Zigmundning o‘qishi uchun barcha sharoitlar yaratib berilgandi. U, ayniqsa, adabiyot va falsafaga boshqacha qiziqish bilan qarar, Shekspir, Kant, Gegel, Shopengauer, Nisshe asarlari mutolaasi bilan “ilm tishi” chiqqandi. O‘spirin Freyd nemis tilini mukammal bilishi barobarida grek va lotinchani ham o‘rgangan, fransuz, ingliz, ispan, italyan tillarida esa bemalol gaplasha olgan. Shu bois u 17 yoshida gimnaziyani muvaffaqiyatli bitiradi va 1873 yilda Vena universitetining tibbiyot fakultetiga o‘qishga kiradi…

Freydning tarjimai holi, ilmiy izlanishlari, hamkasblari bilan munosabatlariga oid qiziqarli ma’lumot va tafsilotlar shu qadar ko‘pki, ularning hammasiga batafsil to‘xtalib o‘tishning imkoni yo‘q. Shuning uchun ham biz e’tiborni olim ilmiy-falsafiy merosining ayrim muhim jihatlariga qaratishni ma’qul topdik.

Freyd o‘zining 83 yillik umri davomida 24 jildga jo bo‘lgan ilmiy asarlar yaratdi, u tibbiyot fanlari doktori, professor bo‘lish bilan birga, dunyoning bir qancha nufuzli ilmiy jamiyatlari, akademiyalari, assotsiatsiyalarining faxriy a’zosi etib saylangandi.

009Zigmund Freyd jahon fanida psixoanaliz yo‘nalishiga asos solgan alloma sifatida tanilgan bo‘lib, uning bu kashfiyoti XX asr psixologiyasi, tibbiyoti, sotsiologiyasi, antropologiyasi, adabiyoti va san’ati rivojiga sezilarli ta’sir ko‘rsatgan. U tadqiq etib erishgan muhim ilmiy yangiliklar, ya’ni:

inson psixikasining “U”, “Men” va “Yuksak Men” bo‘limlardan iborat uch tarkibli tuzilmani ishlab chiqqani;

shaxs psixoseksual takomilining alohida bosqichlarini tahlil etib bergani;

inson g‘ayrishuurida makon topgan “Edip kompleksi” nazariyasini batafsil tahlil qilgani;

inson psixikasidagi himoyaviy mexanizmlar muntazam ishlab turishini kashf etgani;

“g‘ayrishuur” (“bessoznatelnoye”) tushunchasini psixologik jihatdan talqin etgani;

inson ruhiy kechinmalari transferi (bir odamdan boshqa odamga “ko‘chib o‘tishi”)ning muhim tibbiy ahamiyatini ko‘rsatib bergani, shuningdek, terapevtik davolashning erkin muloqot va tushlarga asoslangan usullarini joriy etgani, ayniqsa, mashhurdir.

Aytilganidek, olimning ilmiy-falsafiy merosi ham hajman, ham mazmunan juda boy bo‘lishi barobarida, uning shaxsi, xarakteri, ilmiy g‘oya va qarashlari haqidagi kitoblar, tadqiqotlar, bahslar salmog‘i ham chakana emas. Uning hayotligidayoq boshlangan bu munozara-mubohasalar hozirga qadar ham qizg‘in davom etmoqda. Zero, bahslashuvchilarning bir qismi, Freyd – so‘nggi asrlar ilmining buyuk dahosi sifatida e’zozlanishi lozimligini ta’kidlashsa, boshqa bir qismi (ular orasida olim bilan birga ishlagan va, hatto, uning qo‘lida ta’lim olgan Vilgelm Fliss, Alfred Adler, Karl Gustav Yunglar ham bor) uni – XX asr fanining mohir fokuschisi sifatida istehzo bilan baholashga moyillik bildirishadi. Nima bo‘lganda ham bir narsa aniqki, Freyd davri va undan keyingi palla faylasuflarining aksariyati olim qarashlarini chetlab o‘tolmaydi, uning kashfiyotlariga u yoxud bu sabab tayanishadi. Hatto Freydning ashaddiy tanqidchilaridan hisoblangan amerikalik faylasuf Erix Fromm ham uning ko‘plab fundamental g‘oyalaridan kelib chiqib, ayrim biryoqlamaliklar (jumladan, inson xatti-harakatlari markaziga seksual moyillikni qo‘yish)ni inkor etgani holda, ularni yangi nuqtai nazar bilan boyitish yo‘lidan boradiki, bu holni freydizmning inkori emas, balki ilmiy-tanqidiy, ijodiy takomili, deb atash to‘g‘riroq bo‘lur edi.

Freyd va u asos solgan freydizm ta’limoti inson ongini uch qismdan tarkib topgan nihoyatda murakkab qurilma sifatida tushuntiradi, bular: ONG, ONGOSTI, G‘AYRISHUUR. Bu tamoyil bo‘yicha, inson hayoti davomida duch keladigan jamiki voqelik mana shu uch “qavat”ning birida, albatta, makon topadi. Odamning ko‘rgani, eshitgani, kuzatgani, o‘ylagani, his qilgani – hech bir narsa izsiz yo‘q bo‘lib ketmaydi. Uning o‘zi “esimdan chiqardim”, “unutdim”, “xotiramdan ko‘tarilibdi”, deb o‘ylagani barcha narsalar uning yo ongi ostida yoxud g‘ayrishuuri puchmoqlarida, albatta, saqlanadi.

Ma’lumki, Freyd uzoq yillar davomida ruhiy kasallarni kuzatish, davolash bilan shug‘ullangan. Bu kuzatishlar esa olimni juda qiziq, aksariyat holda asosli xulosalarga olib kelgan. Masalan, u tug‘ma bo‘lmagan, ya’ni keyinchalik turli jarohatlar natijasida orttirilgan emas, balki ruhiy qiynoqlar sabab paydo bo‘lgan asab kasalliklarining tub zamirida o‘z vaqtida izhor qilinmagan kayfiyat, nafrat, muhabbat, his-hayajon faktorlari, turfa tuyg‘ular, olinmagan o‘ch, qolib ketgan alam asoratlari yotishini aytadi. Darhaqiqat, “kechagina tuppa-tuzuk yurgan odam”ning bir kunda telba bo‘lib qolishiga dabdurustdan izoh topish oson emas. Freydizm esa buning o‘sha “tuppa-tuzuk yurgan odam” hayotida qachonlardir yuz bergan o‘ta muhim voqea-hodisa bilan bog‘liqligini, garchi o‘sha hodisani odamning o‘zi unutganman, deb hisoblasa-da, uning ongosti yoxud g‘ayrishuuri unutmaganini, unuta olmasligini isbotlaydi.

Shu joyda olim biografiyasiga qaytib, u 1885 yildan boshlab Parijning mashhur psixiatri Jan Sharko klinikasida ishlaganini eslashimizga to‘g‘ri keladi. J.Sharko o‘zining ruhiy xasta bemorlarini, jumladan, gipnoz yordamida ham davolar edi. Avvaliga bu usulni qo‘llab-quvvatlagan Freyd, keyinchalik davolashni gipnozsiz ham undan-da samaraliroq amalga oshirish mumkinligini aniqladi. Freyd bemorlar bilan erinmay, muntazam so‘zlashish, bunda ularni o‘z holiga to‘la qo‘yib berish, erkin muloqotga kirishish yo‘lini tanlaydi. Bu borada olimning shogirdlaridan biri, keyinchalik fanda o‘z yo‘lini yaratishga muvaffaq bo‘lgan Fris Vittels o‘zining “Freyd. Uning shaxsi, ta’limoti va maktabi” kitobida qiziqarli epizodlarni keltiradi. Masalan, Freyd o‘z bemorlari bilan kerak bo‘lsa oylab va yillab suhbatlashishdan erinmas ekan. Avvaliga o‘zini bo‘lganidan ham battarroq jinni qilib ko‘rsatishga harakat qiladigan bemorlar kun o‘tgan sayin bundan ma’no yo‘qligini istar-istamas tan olar, bitta gapni uch kun, besh kun qaytaraverishdan charchab, boshqa tafsilotlarga o‘tar, nihoyat, ajoyib kunlarning birida hayotida qachondir yuz bergan nedir bir muhim hodisa esloviga yetib borar, mana shu kundan e’tiboran u ongi ostida yoki g‘ayrishuurida o‘rnashib olg‘ib uni qiynayotgan darddan forig‘ bo‘la boshlardi. Vittels tili bilan aytganda: “bemorlar o‘zining qarshisida oq xalatli iblislar o‘tirganidan bexabar holda, butun dardu dunyosini ularga to‘kib solish orqali tuzalish yo‘liga yetib kelishardi”.

Demak, yuqorida eslatilganidek, vaqtida, “issig‘ida” izhorini topmagan kuchli, emotsional tuyg‘ular, kun kelib o‘z egasining aqldan ozishiga sabab bo‘lishi mumkin bo‘lsa, mohir psixiatr tomonidan o‘tkazilgan xolis, samimiy, erkin muloqot – darddoshlik seanslari uni bu og‘ir xastalikdan xalos qilishi mumkinligi o‘z isbotini topadi.

Shu munosabat bilan o‘zimizning o‘zbekona turmush tarzimiz, tajribalarimiz to‘g‘risida ham ozgina to‘xtab o‘tsak, bizningcha, zarar qilmaydi. Masalan, xalqimizda “Elakka chiqqan xotinning ellik og‘iz gapi bor” degan beozorgina ibora mavjud. Ayrim erkaklar uni iztehzo bilan aytishni xush ko‘rishadi. Holbuki, o‘sha erkaklar o‘zini bir marobata ayoli o‘rniga qo‘yib ko‘rganida edi, balki istehzo o‘rnini achinish, ko‘ngilni anglash, dardi bilan qiziqish singari insoniy amallar egallagan bo‘larmidi…

Gap shundaki, qo‘shninikiga elakka chiqqan o‘sha xotin uyida ishi boshidan oshib yotganini yaxshi biladi. Qolaversa, elak egasining ham yumushi yetarli. Xo‘sh, unda bu ikkov nechun bu qadar – dunyoni unutar darajada suhbatga (ayrimlar tilida – “g‘iybatga”) berilib ketishadi? Bu jumboqning javobi aniq: ular qaynona-qaynotasiga, ota-onasiga, opa-singlisi-yu, aka-ukasiga (birda qo‘rquv, birda istihola, birda hayiqish, birda uyat va h. k. va h. k. sabab-omillarga ko‘ra!) ayta olmaydigan, aytishni xayoliga-da keltira olmaydigan o‘ylari, tuyg‘ulari, hislari, kechinmalarini… qisqa qilib aytganda, dardu dunyosining bir qismini (shunda ham, Xudo saqlasin, hammasini emas!) o‘zidek inson oldida to‘kib soladi. Shu bilan yengillashadi – jismi emas, ruhi yengil tortadi. U ayni yo‘l bilan bo‘lg‘usi og‘ir dardlardan o‘zini forig‘ qilishga g‘ayrishuuriy tarzda urinadi. Axir, o‘zingiz ayting, uni eshitadigan, u bilan dardlashishni istaydigan boshqa kim bor? Burni oqib turgan bolasimi yoki kun bo‘yi ishlab, “tog‘ni talqon qilib” horigan, “qulog‘iga xotinlarning mayda gapi yoqmaydi”gan erimi? Og‘iz ochib ko‘rsin-chi, nima javob eshitar ekan!

Biz, erkaklar, bu holni faqat xotinlarga oid manzara desak, bilingki, adashamiz. Erkaklarning ham imkon topildi deguncha “gap”, “osh” bahona yig‘ilishga oshiqishining ostida ham xuddi shu sabab-omillar yashirin emasmi? Axir o‘sha – dumba yog‘iga devzira yoxud lazerda qilingan oshni uyda ham pishirsa, yesa bo‘ladi. Biroq uyda osh pishguncha va uning iste’molidan keyin bo‘ladigan, bemalo-o-l o‘tirib o‘tkaziladigan suhbatlarni atay ham uyushtirib bo‘lmaydi-da…

Shu o‘rinda yana bir kuzatish ham borki, uning talqinini hurmatli o‘quvchilarimizning o‘ziga qoldiramiz. U ham bo‘lsa, xotinlarning, qozondagi yog‘i yonib ketar darajaga kelgan bo‘lsa ham, og‘ilxonadagi sigirini o‘g‘ri urib ketsa ham, “serial”dan ko‘z uzolmay qolishi hodisasidir. Bunda bir tanishimning yaqinda tan olib aytgan mana bu gapi sizga ko‘makka kelsa, ajab emas: “Ko‘rmayman emas, yaxshi seriallarni men ham xotinning qavatiga o‘tirib ko‘raman. Bilsangiz, bu yoqda serial voqealari kechaveradi-yu, men ko‘z qirim bilan xotinni kuzatsam, u ham meni bildirmay kuzatib o‘tirganini sezaman. Ekrandagi qahramonlar xuddi u bilan mening bir-birimizga aytolmagan gaplarimizni aytayotgandek bo‘laveradi, deng…”

Demak, biz o‘zbeklar, freydizm tilida “transfer” va “kontr-transfer” deb ataladigan, bizningcha aytganda esa “dardingni, hovuringni olay, birodar”, “odam taftini odam oladi”, degan ruhiy yengillashish, ming turli ta’sirlardan forig‘lanish usulini g‘ayrishuuriy tarzda hayotimizda qo‘llab kelganmiz va… yengilroq qilib aytganda, kam bo‘lmaganmiz…

Shunga o‘xshash, Zigmund Freyd yaratgan yirik ta’limotning har bir yo‘nalishi to‘g‘risida ko‘plab mulohazalarga, qiyoslarga to‘xtalish, qiziqarli talqinlarga berilish mumkin.

Yana bir gap shundan iboratki, 1930 yilning yozida Z.Freyd nemis xalqining buyuk mutafakkiri Gyote nomidagi mukofot bilan taqdirlanadi. Oradan uch yil o‘tib esa Germaniya taxtiga millatchi-sotsialistlar yetakchisi Adolf Gitler o‘tiradi. Uning amalga oshirgan eng tuban ishlaridan biri – Henrix Heyne, Tomas Mann, Frans Kafka, Albert Eynshteyn singari yuzlab tafakkur daholari yaratgan asarlarni, shu jumladan Zigmund Freyd kitoblarini ham quvg‘in qilgani, barcha yahudiylar qatori olimni ham jismonan mahv etish payiga tushgani bo‘ldi. Shogirdlari olimni mamlakatni tark etishga har qancha da’vat qilishmasin, u bunga ko‘nmaydi. Biroq 1938 yilda Avstriya Germaniyaga qo‘shib olinganidan so‘ng boyagi quvg‘inlar o‘ta xatarli tus oladi: qizi Anna hibsga olinadi, Freydning o‘zi gestapoga so‘roqqa chaqiriladi. Nihoyat, Angliyaga ketmoqdan o‘zga chorasi qolmagan Zigmund Freyd, AQSH Prezidenti Franklin Ruzvelt aralashuvi, Gretsiya va Daniya qirolichasi Mari Bonapartning (olim uni davolagan, ilm o‘rgatgan edi) moliyaviy ko‘magi bilan (Uchinchi reyx ko‘chmoqni istagan yahudiylardan “german hukumati oldidagi qarzni undirish” bahonasi bilan juda katta pul talab qilgan!) tug‘ilgan yurtini tark etadi. Zigmund Freyd umrining so‘nggi oylarini Angliyada o‘tkazadi. Bo‘qoq saratoni kasaliga chalingan olimning ahvoli tobora og‘irlashib, 1939 yilning sentyabrida 83 yoshida olamdan o‘tadi.

Buni qarangki, har yilning may oyi birinchi o‘n kunligida butun taraqqiyparvar insoniyat ulug‘ olim Zigmund Freydning tavallud ayyomini hamda shunday insonni quvg‘in qilishgacha qo‘li borgan Gitler fashizmining tor-mor bo‘lgan kunini nishonlaydi. Biznigina emas, butun odamzodni yupatadigan, yupata turib sergaklikka da’vat etadigan, insonga, uning ruhiyatiga e’tiborliroq bo‘lishga chorlaydigan gap mana shu edi, aziz o‘quvchi!

Manba: “Jahon adabiyoti”, 2013 yil, 5-son

007

(Tashriflar: umumiy 2 063, bugungi 1)

Izoh qoldiring