Abdulla Sodiq. Pok sirlar bulog’i. She’rlar & Nabijon Boqiy. Quvasoylik Abdulla Sodiq

002    Қувасойда тарихий воқеа сифатида тилларда достон бўлган шоир йигит газетада корректор-мухбир бўлиб ишлаётган экан. Иложи бўлмагач, танишдик. Тортинчоқ йигитчаларни олдин ҳам учратган эдим, аммо бунақасини биринчи кўришим эди. Ҳайрон бўлдим. Шеърларини ўқиб кўрдим. Биноийдек экан. Бир дастасини сумкамга солиб қўйдим: “Бошқаларини почта орқали жўнатинг”, дедим.

Раҳмон Қўчқор
АБДУЛЛА СОДИҚ ҲАҚИДА
07

002Биз бу йигит билан роппа-роса бир йил ёнма-ён ишладик. “Ватан” газетаси редакциясида аксарият ижодкор ёшлар тўпланган, газета ҳам бадиий асарларни армонсиз босиб чиқарарди.

Абдуллажон жуда камсуқум, майда гаплардан йироқ одам бўлиб, ўзи билан ўзи олишиб юриши фақат кўзларидан маълум бўларди.

Уй-жойдан қийналдими ёки оилавий муаммолар сабаб бўлдими, ҳарқалай, у Тошкентда узоқ турмади – тўсатдан “Қувасойга қайтаман” деб қолди. Тошкентга кимлар келиб, кимлар кетмайди. Лекин Абдуллажонни кузатиш болаларни жуда қийнади, нимагадир ҳамма ўзини айбдордай ҳис қилди… Айрилиқ Абдуллажонга ҳам осон кечмаган бўлса керакки, ҳали ҳануз хатлар ёзиб туради. Хатлар бўлиб ҳам кейинчалик бемалол бадиий асар сифатида, фалсафий ўйлар мақомида чоп этиш, кўпчилик ўқиб таъсирланиши мумкин бўлган битиклар. Хат билан бирга юборган шеърларида эса унинг кўзларидан биз уқиб-уқолмай юрганимиз орзулар, армон ва изтироблар тафти…

Абдуллажонни ёш шоир дейишга, шеър ёзиш тўғрисида унга маслаҳатлар беришга, тўғриси, ботинолмайсан киши. Негаки, сен у ёзган нарсаларни мутолаа қилиш жараёнида шеър ўқиётганингни бир муддат унутасан-у, ўзингникига ўхшаш таниш кўнгилни тинглаб ўтиргандек бўлаверасан…

“Ёзувчи” газетаси, 1998 йил 22 апрел, 7-сон

Абдулла СОДИҚ
ПОК СИРЛАР БУЛОҒИ
Шеърлар китоби
07

ЁШЛИГИМ

052

Кўзларимга мўъжиза тўлди,
Юмолмасман сира уларни.
Она, менга нимадир бўлди,
Эшитяпман сирли унларни.

Кўзларимга тўлган мўъжиза
Ёшлик номли беором дунё.
Юрагимдан оппоқ куй сизар
Гўзалликка тўймайин асло.

Кўзларимга мўъжиза тўлган,
Она, менга нимадир бўлган…

АЛВИДО СЎЗИ

Мен сизларга айтмам алвидо,
Юрагимни босмас титроқлар –
Қайга борсам, қаршимда пайдо
Бўласиз-ку, барибир, тоғлар.

Чалғисини серпаган шамол,
Сенга ҳам ҳеч хайр демасман.
Қайда бўлсам, капалак мисол
Атрофимдан ахир кетмассан.

Бунча мунгли куйламанг ахир,
Булоқларим, сизни этмам тарк.
Мени чўлга элтса-да тақдир,
Касбингиз-ку дилимда оқмак.

Сизлар билан мангу биргаман,
Ўртамизга фироқ солур ким?
Лекин, наҳот сенга айтаман
Мен алвидо сўзин, ёшлигим?!

Йўқ, йўқ, тоғдай юксал қаршимда,
Теграмда кез бамисли сабо.
Жилдираб оқ шайдо қалбимда,
Ул сўз лабим тилмасин асло.

Ахир сенда севдим дунёни,
Ва йиғлади кўзларимда шеър.
Сенга видо айтганим они
Қабрим бўлиб қолур она ер…

ЯРАЛИШ

Шаббода тарайин дея сочингиз,
Ёмғир оқ танингиз ювмоқ қасдида
Яралган, қайинлар, о, гўзалларим,
Ой ҳам фақат сизчун кўзгу аслида…

Порлоқ ҳуснингизга ҳайрат-ла боқиб
Шеърлар айтмоқ учун яралганим рост.
Инсон юрагини дам-бадам поклаб,
Яшнатмоқ шул ҳайрат туйғусига хос.

Мағрур ва кўркамсиз, мудом озода,
Ям-яшил сочингиз мудом таралган.
Шаксиз, дунёдаги қалблар бир куни
Сиз каби покланмоқ учун яралган.

Қайинлар, қайинлар, о, гўзалларим…

***

Айтинг, мен куйламай ким куйласин-о,
Қўшиғим ёмғири безавол, тинмас.
Зеро, умрим фасли айни навбаҳор,
Зеро, битар шеърим сўнгги шеър эмас.

Оппоқ кабутарим келтирган бу хат
Сўнгги хабар эмас азизларимдан.
Аммо сўнгги доғдир ушбу кун албат
Не ғам, не тушкунлик бўлса дилимда.

Эртага улардан қолмагай нишон,
Қолур буюк ишқим – қўшиқбахш зиё.
Мен сўнгги ошиғинг эмасман, ишон,
Мен сўнгги ошиғинг эмасман, дунё…

***

Қалбим-о, ҳеч битмас ярам-о,
Сен менга тили ёт ҳамдам-о,
Тилмочим шеър ила қалам-о,
Сиз бордир – сўз бордир – калит бор.

Руҳ тушкун ҳислардан безганда,
Гуллаган боғларни кезганда,
Ҳолиқнинг мададин сезганда
Бизчун ҳар лаҳзада ҳайит бор.

Оҳ десам қаро тун куйгувси,
Юлдузлар оҳимни суйгувси,
Дунёлар борлигим туйгувси,
Руҳимда кўп қутлуғ байт бор.

Ғофиллик чўлинда чўлладим,
Самога дуолар йўлладим,
Ишқ абри борлиғим ҳўллади,
Энди ҳажр азобин арит, ёр…

САККИЗЛИКЛАР

Ҳар бир қадамимдан ҳикмат ахтаргум,
Ҳар касу ҳар хасдан ибрат ахтаргум,
Излаб топдингми деб нодонлик қилма,
Умрим бўйи пок бир хилват ахтаргум.

Бу йўлда ўзимдан кечмоғим ҳам чин,
Муқим турмай, тинсиз кўчмоғим ҳам чин,
Бир пайғом кўнглимни хушлади, фақат
Шунда ишқ майидан ичмоғим ҳам чин.

***

Озор етказсалар, озор чекма, дил,
Озор бергувчилар озодамас, бил,
Ишон, ўтса ҳамки неча ою йил,
Сени тирнаганлар жазосиз қолмас.

Гар писанд этмаса манман кимсалар,
Бундан мулкингга ҳеч етмайди зарар,
Ахир ерга қанча қоришмасин зар
Баҳоси тушмас-ку, қадри йўқолмас.

***

Тунга етиб келдим, кун қаён кетди,
Тонгга етиб келдим, тун қаён кетди,
Фасллар алмашди бехато, такрор,
Чорак аср умрим, чун, қаён кетди?..

Изи қайда, кўнглим, кўзимдами ё,
Дам-бадам ачишган бўғзимдами ё,
Кўксимга тикондай санчилаётган —
Айтмоққа чоғланган сўзимдами ё?..

***

Эй дил, уйғонмасанг яйрай олмассан,
Ошиқлар кўзига қарай олмассан,
Ёруғ сирлар сочин тарай олмассан,
Эй дил, уйғонмасанг нечун яралдинг?!

Боққил юлдузларнинг синоатига,
Қулоқ тут елларнинг қироатига,
Қўшил майсаларнинг ибодатига,
Эй дил, уйғонмасанг нечун яралдинг?!

***

Нечун бу оҳангга оғриқ қоришиқ,
Нечун бу оғриққа қоришиқ лаззат.
Нурафшон рангларга борлиқ қоришиқ,
Кўзиму кўнглимда самолар қат-қат.

Силқиб томаверар, тўкилиб кетмас,
Лаб мудом қақроқдир, қўл мудом чўзиқ.
Оҳ, бу гўзал оташ ёнару битмас,
Оҳ, дардим етилган бошоқдай бўлиқ…

Шаффоф донларни мен онларга сочиб,
Йиғиб олмоқдаман ҳосил – ҳаяжон.
Бу қисматдан сира бўлмайди қочиб,
Мен қандай боламан ўзи, онажон?!

Гулларга узоқроқ термулсанг гоҳо,
Ё гўзал қизларга атасам сўзим,
Кимгадир хиёнат қилгандай гўё,
Номурод кимсадай сезаман ўзим.

Халақит беради гумонми, қўрқув,
Илинжим маънисин англамакликка.
Ахир, ушбу йўлнинг хатари кўп-ку,
Денгизлар бор тубсиз, қоялар тикка…

Йўқ, ҳечам, бу сирни ёйиб бўлмагай,
Шубҳасиз, маломат ичра қоламан.
Лек бунингчун мени койиб бўлмагай,
Чунки жуда содда ошиқ боламан…

***

Ҳали ёшлигимни яшаб бўлмадим,
Ҳали қулфлоғлиқ сандиқларим кўп.
Ҳали очилмадим, ҳали сўлмадим,
Ҳали мева тугар кўзларим тўп-тўп.

Сўз десам, қонимда ювиб сўнг дейман,
Сўзни бундан ортиқ суйиб бўлмайди.
Руҳимнинг мунаввар ғамини ейман,
Бул тотли ғизога тўйиб бўлмайди.

Ёшлигим, сен менинг нўноқ шогирдим,
Айтган ишим қойил қила олмаган.
Сенга ишонибми шу йўлга кирдим,
Айтгин, юрагингни нелар доғлаган?!

Оҳори тўкилган улуғ сўзларми,
Сукунатми, кўзи ерга қадалган.
Шеър айтиб алдамоқ осон қизларни,
Лек виждон қийноғи бизга аталган.

Ўзимизни ҳадеб алдамайлик, кел,
Қонимиз ювмаган сўзни демайлик.
Яхшиси, зоҳидга айланайлик, кел,
Руҳ ғамидан ўзга ғамни емайлик.

Шунда чекинарми виждон қийноғи,
Афсус, саволимга жавоб қилмадинг.
Ингроғимни тўкиб тинди титроғим,
Ёшлигим, сен мени узо-о-оқ қийнадинг…

***

Кимга керак менинг шеърларим,
Онамгами, марҳум отамга?
Оловимда ким исинади,
Ким қўшилар улуғ мотамга?

Кимга керак менинг шеърларим,
Сўзларни ҳайф этяпман нечун?
Билмасдан пуч уруғ сочгувчи
Бир деҳқонга ўхшайман бугун.

Кимга керак менинг шеърларим,
Дўппи қилиб кийдим осмонни.
Энди ечмоқ қўлимдан келмас,
Ёниб-ёниб булғатдим жонни…

Кимга керак менинг шеърларим,
Ўзгаларга ўгай боғимда
Интиқ бўлиб кузни кутяпман,
Дарахтлар жим ёнар оҳимдан…

Кимга керак менинг шеърларим,
Ўйим бошқа, йўлим бошқадир.
Жарга қулаб борар карвоним,
Тилим бошқа, дилим бошқадир…

ХИЁНАТ

Мен сенга хиёнат қилдим, Абдулло,
Абдулло, сен менга хиёнат қилдинг.
Энди ўртамизда машъум бир низо,
Энди ағёрларнинг қулоқлари динг.

Биздай ғофил эмас ағёрларимиз,
Айри этмак учун бизларни баттар,
Қуриб битсин учун анҳорларимиз
Режалар тузишар ғоят серхатар.

Сен эса бепарво, мен эса лоқайд,
Ўсар ўртадаги жарликда бўшлиқ.
Мен ҳам қол демасман, сен демассан қайт,
Ичга ютилгандай ярмида қўшиқ…

Бизни қоқ иккига ажратган надир,
Йилларми, йўлларми, мақсадларми ё.
Бизларнинг умримиз ахир биттадир,
Ўртасидан кесиб бўлмайди асло.

Икков икки ёнга тортмоқдамиз, оҳ,
Сен ҳақми, мен ҳақми, ким айтади, ким?!
Айб сендами ёки мендами гуноҳ,
Ҳайҳот, сен ҳам, мен ҳам гумроҳмиз балким.

Ҳайҳот, сен ҳам, мен ҳам гумроҳ бўлсак гар,
Ёруғлик қайдадир, қайдадир қирғоқ.
Гўё икки маҳкум бир кўлга чўкар,
Бир-бирига қўлин узатмас бироқ.

…Мендан мадад тила, мен сендан тилай,
Илтижо қилмайлик ўзга ҳеч кимга.
Ағёрларни ҳайдай – ичингга кирай,
Ағёрларни ҳайда – киргил ичимга.

Сен менга сингигин, мен сенга сингай,
Йўлимиз бир бўлсин, мақсад ягона.
Шунда теваракнинг шовқини тингай,
Ғариб эҳтиёжлар тамом бегона.

Шунда… шунда… сассиз титроқ бошланур,
Сўзга ўрин қолмас, хитобга ҳожат.
Сенинг кўзинг – менинг кўзим ёшланур,
Ўртадаги жарга қулар хиёнат…

***

Насибам – йўқотиш гўё бундан сўнг,
Гўё бундан кейин ўкинч, ғам – ризқим.
Сеҳрли тушларим сира келмас ўнг,
Кўлмак каби ерга сингиб кетгум жим…

Дунё нима ўзи, вақт нима ўзи,
Умр нима ўзи, бахт нима ўзи,
Анқонинг уруғи – маънили шодлик,
Нега бунча эрта улғайди сўзим…

Кўзим нега бунча эрта толиқди,
Юмаман, очмоқлик келади малол.
Қора туманларга қачон йўлиқдим,
Мендан бошланурми камолсиз завол.

Гўё топгандайман дардимга чора,
Уздим тилу дилим боғланган ипни.
Тилим қийналмайди айтсам деб зора
Самолар дилимга яширган гапни.

Мажруҳ полапондай чирқиллайди у,
Шодон қўшиқларни ўргатмоғим шарт.
Юзимга ўргатгум, нимадир кулгу,
Қўлларимга дейман: “Мижжаларим арт…”

Қароридан қайтган мусаввир мисол,
Суратимга сургум ялтироқ ранглар.
Сўнг яшай бошлайман хуррам, бемалол,
Гўё ғалабам-ла тугайди жанглар.

Гўё ўйламайман ҳисоб кунини,
Гўё аъзоларим тилга кирмайди.
Гўё эшитмасман улар унини,
Гўё қилмишларим ҳеч ким билмайди…

КЕНГЛИК ҲАҚИДА
Устозим Содиқжон Сайфиддиновга

Сезмас эдим дунёнинг хўп кенглигини,
Бу кенгликнинг бир кўнгилга тенглигини.
Ўзи асли тоза қалблар камроқ дердим,
Оғир, маҳзун хаёлларга ҳамроҳ эрдим.
Сассиз, ўксиб турганимча сояларда,
Боқар эдим олис, юксак қояларга.
Уларга йўл қайдалигин билолмасдим,
Ўзни тутиб бир қарорга келолмасдим.
Шундай дамда қўлларимдан тутди бир зот,
Эшикларни очди менга катта ҳаёт.
Унинг бағри бутунлиги ғолиб чиқди,
Мени денгиз бўйларига олиб чиқди.
Пишиқ-пухта кема ясаб берди ҳатто,
Денгизнинг бор сир-асрорин деди ҳатто.
Бўйнимдаги тилло занжир – қарз узилмас,
Кўнглимдаги ул зот эккан боғ бузилмас.
Унутмасман, бошим кўкка етса ҳамки,
Ҳар не ўзга, ёддан ўчиб кетса ҳамки.
Унутмасман унинг бағри кенглигини,
Ва бу кенглик дунёларга тенглигини.

МЕНДАН РОЗИ ЭДИНГИЗМИ…
Ҳарбий хизматдалик чоғимда вафот этган отам хотирасига

Ҳаққим йўқдир, ўзимга бахт тилолмасман,
Ҳеч бир ишни яйраб, шодон қилолмасман.
Ахир, нетай, ҳанузгача билолмасман,
Ота, мендан рози кетган эдингизми?!

Тоғ йўлида таним эзар чарчоқларим,
Кескир тошлар қонатади бармоқларим,
Чўққиларга қадолмасман байроқларим,
Ота, мендан рози кетган эдингизми?!

Оёғимни куйдирса сиз чизган чизиқ,
Четга чиқиб кетмадимми, чўчиб-безиб,
Ким айтар, кўз дурим берсам ипга тизиб –
Ота, мендан рози кетган эдингизми?!

Ҳумо қуши – кафтингизнинг тафти ҳамон,
Сиз ўтирган супа менга тахти равон.
Чиқай десам, журъатим йўқ неча замон,
Ота, мендан рози кетган эдингизми?!

Осмоним-ай, юлдузлари менсиз ўчган,
Карвоним-ай, чин манзилга менсиз кўчган,
Армоним-ай, абадият сувини ичган,
Ота, мендан рози кетган эдингизми?!

Топган чорам кеча-кундуз фарёддир-о,
Яратганнинг даргоҳига арз-доддир-о,
Наҳот, менинг охиратим барботдир-о,
Ота, мендан рози кетган эдингизми?!

ҚУВАСОЙ ҚЎШИҒИ

Қувасойнинг оқшомида оққанмисиз,
Майин-майин елларига ёққанмисиз,
Қирларинда уфқларга боққанмисиз,
Бу дунёга шу маконда келмоқ керак,
Уни тоза муҳаббат-ла севмоқ керак.

Қувасойнинг тонгларидан тотиб кўринг,
Атай ухлаб, ўзни бир уйғотиб кўринг,
Буларсиз маст – нафасни “куҳ”лотиб кўринг,
Бу дунёга шу маконда келмоқ керак,
Уни тоза муҳаббат-ла севмоқ керак.

Қувасойнинг баҳорига баҳо қайда,
Боғларидан бол симирган сафо қайда,
Бир ютилгач сир тутилгич ҳаво қайда,
Бу дунёга шу маконда келмоқ керак,
Уни тоза муҳаббат-ла севмоқ керак.

Қувасойнинг булоқлари… бул оҳлари…
Ўтганларнинг ювилмиш бор гуноҳлари,
Йўлга кирар, шаксиз, бўлса гумроҳлари,
Бу дунёга шу маконда келмоқ керак,
Уни тоза муҳаббат-ла севмоқ керак.

Қувасойнинг одамлари оддий азал,
Суҳбатлари аммо тўла ҳикмат, масал.
Улар ҳақда достонга йўл ушбу ғазал,
Бу дунёга шу маконда келмоқ керак,
Уни тоза муҳаббат-ла севмоқ керак.

Қувасойнинг қучоғида Абдулласи,
Илдиз отди туроғида Абдулласи,
Битган кўнгли хуш чоғида Абдулласи:
“Бу дунёга шу маконда келмоқ керак,
Уни тоза муҳаббат-ла севмоқ керак…”

***

Ота уйим эшигида чим бўлмадим,
Сўритокни боғлаган бир сим бўлмадим…
Иқбол Мирзо

Ота уйим дарбозаси тирқишидан
Ўтган нурнинг сояларни қирқишида,
Айтинг, ака, опаларим, синглим, укам,
Не ҳикмат бор ярамдан қон силқишида…

Бирам оппоқ, оҳ, бу уйнинг мўрилари,
Ҳануз олма отиб ўйнар сўрилари,
Ҳовлимизни бир бор кезиб чиққан насим
Тоза қувват бўлиб жонга сўрилади.

Эски томнинг бўғотида ўша-ўша,
Бир мусича учиб-қўниб хас-чўп тўшар,
То питирлаб уясига ўрнашгунча
Йиққанлари битта қолмай ерга тушар.

Мўминдайман мусичадай, аммо ношуд,
Не ҳисларим полапондай этдим нобуд,
Якка ўзим кўтаришга маҳкумман-о,
Юрак қалқиб чайқалади мисли тобут.

Ахир қачон кўнглингизни ололдим мен,
Оғир дамда қушдай учиб боролдим мен,
Ўз юкимдан ортмай сира, яғир бўлди –
Елкамга қай юкингизни ололдим мен?

Дунё қанча айлантирса дурбинини,
Кўрмас мендан ўзга яқин худбинини,
Жимман, узуқ кўрсам ҳамки тушимда гоҳ
Ота уйим дарбозасин зулфинини.

Куйиб-ёниб изламайман нечун таъбир,
Қай бурчакка қисиб борар мени тақдир,
Бу бегона кимса қайдан келди дея
Кўчамиздан мени қувган итлар ҳақдир.

Жониворлар, доим шундай содиқ қолинг,
Жигаримни кесиб берай, мана, олинг…
Эртага ҳам шундай таом истасангиз
Йўлингизни қон томчиган издан солинг…

Дарбозамиз тирқишидан йиғлаб боқсам,
Кўзёшимга борбудимни ташлаб оқсам,
Кўнглимдаги сояларни қирқарми нур,
Мен ўзимни гар мўрига тиқиб ёқсам…

***

Номим қолар менинг, каломим қолар,
Тоза тонгларимга саломим қолар,
Кўнгил, қоларми деб ғашланмагин, бас,
Йўлларга тўкилган хаёлим қолар.

Қандай бахт, дилингнинг нурига чўмсанг,
Қандай бахт, борингни йўғингга кўмсанг,
Қанийди, овозим чиқмай қолса, оҳ,
Қандай бахт, чашмингга сув бўлиб тўлсанг…

Кетмоқда мантиқ йўқ,
Мен энди келдим,
Билмасим билмадим, биларим билдим,
Эгнимдаги оғир либосларимни
Олиб кетдилар – ҳур елларга илдим…

Сенинг қуёшингга зормасман, осмон,
Ортидан эргашиб бормасман, осмон,
Бағримда сонмингта қуёшим бордир,
Чунки мен сен каби тормасман, осмон…

Руҳ заррасин тутиб олган сайёдман,
Уни бўлиб чексиз бўлакка, шодман,
Ўзимдек сайёдлар хотирасигда
Ўлмас қўшиқ каби ҳамиша ёдман…

Номим қолди менинг, каломим қолди,
Йўлларда тўкилган хаёлим қолди…

***

Алишер ака ва Набижон акаларга

Кўнгиллардан кўнгилларга чизиқ кетган,
Билиб бўлмас, кимлар қачон чизиб кетган,
Гоҳо ўтга тушган симдек қизиб кетгай,
Тилайманки, куйиб кулга айланмасин.

Пойимдаги сочқиларни тергунимча,
Териб, гўзал инсонларга бергунимча,
Куним битар то ўзимга келгунимча,
Ҳеч ким мендек остонада чайналмасин.

Қўрқитадир ўлим эмас, саркаш кўнглим,
Доим эшик тутқичини тутган қўлим,
Қўрқитадир мангу чорлаб турар йўлим,
Ҳеч ким мендек йиғлаб ортга шайланмасин.

Дўстларимни санаб чиқсам бошдан-оёқ
Бармоқларим ярмига ҳам етмас саноқ,
Тинмай оғрир дўстсиз қолган ҳар бир бармоқ,
Ҳеч ким мендек шифо излаб қийналмасин.

Ер чопсам ҳам мендан термас, шеър тўкилар,
Ким айтади, ўқилмасми, ё ўқилар,
Балки гумон мени қуртдек еб йўқ қилар,
Ҳеч ким мендек ғўра шоир сайланмасин.

Юзидан нур ёғилгувчи инсонлар кам,
Кўзларида ўзи аён инсонлар ҳам,
Фақат улар қалбга мадад, дардга малҳам,
Ҳеч ким ҳеч вақт ўз кўзидан ҳайдалмасин.

Юзи нурли инсонларни кўриб турмоқ,
Менга басдир улар билан бирга юрмоқ,
Яна ўзга недир тилар, кимки гумроҳ,
Дийдорлари армонларга айланмасин…

Дийдорлари армонларга айланмасин…

ОНАЖОНИМ РАЙҲОНЛАРИ

Ҳовлимизда райҳонлар бўй тарадими,
Ёки онам йўлимга зор қарадими,
Илкис япроқ янглиғ қалқиб кетди юрак,
Отаюртда мени биров сўрадими…

Тангри мени сўраганни омон этсин,
Бошида не мушкули бор, осон этсин,
Кўнглин ёруғ этсин боҳор тонги каби,
Юрар йўлин мудом гулу райҳон этсин.

Ариқларнинг бўйларида хаёл сурсам,
Сув ортига оққан каби туюлади.
Бориб онам кафтларига бошин урган
Райҳонларнинг остигами қуйилади.

Оҳ, кечмишим райҳон бўйлиғ насимлари,
Нечун ҳадеб уриласиз димоғимга.
Жуда аччиқ ҳақиқатни фаҳмладим –
Энди қайта қуйилмасман ирмоғимга.

Кун ўтказиш ташвишида ўтар куним,
Осмон ёдга солаверар армонимни.
Ёт ўт каби бир чеккага отдим юлиб –
Танимадим ўзим эккан райҳонимни.

Оҳ, қанчалар улкан эдим, улкан эдим,
Парвариши тўкис дондек тўлган эдим,
Бугун унмас сочсам райҳон уруғларин,
Қай бир дили пуч кимсага кулган эдим…

Ҳой арилар, онажоним райҳонларин
Гулларидан шира сўрган бўлсангиз гар,
Тешинг кирлаб кетган зирҳу қалқонларим,
Шартта менинг кўкрагимга уринг наштар…

Келақолинг, интиқ кўксим очиб турай,
Айтинг, сизчун қулай жойга қочиб турай.
Зора ташна райҳонларни яшнатгуси –
Кўзёшимни ёмғир каби сочиб турай.

Эҳ, бу ёмғир керагида ёғмайди ҳеч,
Киприкларим – тарновлардан оқмайди ҳеч,
Аниқ, атай қуритади, қовжиратар,
Райҳонларнинг уволидан қўрқмайди ҳеч.

Қолиб кетдим мен аларнинг уволига,
Гуноҳларим гарчи дилим ғашлар мангу.
Лек илинж бор, биламанки, ул ҳовлида
Онажоним райҳонлари яшнар мангу.

Онажоним, маним райҳон бўйликкинам,
Мудом мунглиғ, вале нурлиғ ўйликкинам,
Йўлга боқманг, кутишга мен арзирмидим,
Ўзингизга этаверманг жабру ситам.

Фақат менинг йўқлигимни сезмасинлар,
Дарагимни сўраганга райҳон тутинг.
Гина этманг мендан, ногоҳ безмасинлар,
Ўтингайман, дардингизни ичга ютинг.

Жавобингиз ичра қўшинг бир оз ёлғон,
Ишлари зўр, юрибди денг шоду хандон,
Яна айтинг, болам макон тутган ерда
Ўсмас эмиш бизникидай жозиб райҳон…

Жаннатда ҳам йўқдир бундай жаннат иси,
Ҳеч қаернинг бизникидек райҳони йўқ.
Чақмоғи-ла ўз кўксига тортсин чизиқ –
Осмоннинг-да меникидек армони йўқ…

Худди райҳон япроғидек қалқир юрак,
Худди райҳон япроғидек анқир юрак,
Тинарингда онажоним райҳонларин
Тавоф этган насимларни чақир, юрак…

***

Ҳаёт билан мамот оралиғида,
Гоҳо иккисининг фарқига бормай,
Тонгни қўмсаб шомнинг қоралиғида
Кетяпман кўнглимнинг ортидан қолмай…

Мангудир манзили мангулик сафар,
Тубан назар қилсам, айланар бошим,
Тепамда қузғундек чарх урар хатар,
Қанотимни куйдиради қуёшим…

Соядек эргашиб кўнглим ортидан
Йўқотганим надир, топганим надир.
Эгардаман, гарчи тушдим отимдан,
Ҳануз тилайдурман эътибор, қадр…

Шеър илоҳий сукунат-ла қовушган
Дилбар давраларни соғиниб, сўлдим.
Кафти очиб қўлим айланди муштга,
Боладек аразлаб, ниҳоят, кўндим.

Дўстларим, сўзимни сўзсиз уққувчи,
Шеърим тинглагувчи дўстларим қани?!
Айтаримда мени қайта туққувчи,
Жарангдор, сеҳрли сўзларим қани?!

Қани навбаҳорим, фасли нажотим,
Вайронадек руҳсиз неки ободим,
Аччиқтош экани бўлмоқда аён
Оғзимда эригач новвотим…

Мени барчасидан айлаб мосуво,
Асирдек занжирбанд этганча қўлим,
То абад ҳамроҳинг сайладингми ё,
Қолиб кетаманми ортингда, кўнглим?!

Асло! Мени гўё гуноҳкор банда
Отга боғлатилиб судратилгандай
Ўзингга боғлаб ол, ҳеч бўлмаганда
Лошим лолаланиб манзилга етгай!..

Сен учар қанотим, сузар кемамсан,
Саҳрони сарёғдек кесган карвоним.
Кўксига жим босиб, бир сўз демасдан,
Аччиқтошни новвот этган забоним…

Дўстим, навбаҳорим, даврам, баётим,
Шомим, тонгим, хуллас, бору бисотим,
Кўнглим, сен ўзингсан, фақат сен ўзинг,
Мангу ҳаётиму мамотим…

***

Сенсиз яшаб кўрдим – яшамай кўрдим,
Яшамаслик афзал бундай яшашдан.
Сенсиз уфққа кўз ташламай қўйдим,
Кўр бўлганим яхши бундай қарашдан.

Сен сувми, тупроқми, оловми, ҳаво,
Балким барчасидан кўра зарурсан.
Пойимда заминсан, бошимда само,
Руҳим узра мангу эланган нурсан.

Севиб қолдим сени, элагувчини,
Унутсам-да, мени эслагувчини,
Қанча гуноҳ қилсам, шунча кечириб,
Мени бегонага бермагувчини.

Осмонга қуёшни узатганидек,
Тақдим этганидек баҳорни гулга,
Кўзни гавҳар ила безатганидек,
Сени менга берди, минг шукр унга.

Оҳ, қандай портламай, қандоқ ёнмайин,
Гулларим экканим заҳот кўкариб,
Ғунчалаб, очилса қайга жойлайин,
Гулга тўла саватимни кўтариб…

Тоғларда ҳам йўқдир мендаги сабр,
Мендаги насимлар боғларда ҳам йўқ.
Энди мендек бахтли одам йўқ ахир,
Бу оламда меникидек олам йўқ…

Оламим ўзингсан, сенсиз яшамоқ
Аччиқ тажрибасин айладим тамом.
Қувончдан порлаган кўзларимга боқ,
Эй, Янги ҳаётим, Ассалом!..

***

Мен ҳақимда саболардан сўраб кўринг,
Ёмғир ювган ҳаволардан сўраб кўринг,
Юксалинг-да, самолардан сўраб кўринг.
Мен ҳақимда мендан кўпроқ билар улар,
Сир сақлашмас, билганларин қилар улар.

Сабоқ эрур соғларга бу беморлигим,
Тунни равшан этган оймас, бедорлигим,
Ўзимнинг ўз тор феълимдан безорлигим
Мени кенглик сари элтса ажаб эрмас,
Оёғимдан нари кетсам ажаб эрмас.

Бармоқларим тегиб-тегмай янграр созим,
Табиийдир ҳисларимнинг ишва-нози,
Мен ҳақимда чин юракдан сўраш лозим,
Лаҳзаларнинг қабоғини ёриб берай,
Келинг, сизга мангуликни олиб берай.

Менмас, бундай ваъдаларни тилим бергай,
Тилиммас, йўқ, содда, ростгўй дилим бергай,
Дилим ҳаммас, дилимдаги илм бергай,
Айтолмасман уни қайдан олганларим,
Сўраб билинг энди барча қолганларин.

Ўтинчимни ҳеч назарга илмасангиз,
Мен ҳақимда, яъни, сўраб билмасангиз,
Кўнглингизнинг буюрганин қилмасангиз,
Кун келади, хомуш, мулзам бўлгайдирсиз,
Сўнг барчасин ўзингиздан кўргайдирсиз.
Мен ҳақимда сўраб кўринг, сўраб кўринг…

***

Тонгда туриб мени топмайсан,
Кун ўтади ёнингдан дилгир.
Тунда дарвозангни ёпмайсан,
Мен эса қайтмасман барибир.

Бирга кечган ул кунларимиз,
Бирга ичган ул тунларимиз,
Туғилади кўксингда қайта
Бирга ечган тугунларимиз.

Кўзларингдан оққан ёшингни
Титраб-титраб артгувчинг бўлмас.
Кўтар, дея эгик бошингни,
Юпанч сўзлар айтгувчинг бўлмас.

Мен эса не кўйга тушганинг
Аниқ тахмин қилганим кўйи
Банди этиб севгим қушларин
Тўйиб ўйин қиламан, ўйин…

Девонага, дерлар, тараф йўқ,
Ҳисларига шоҳдир ҳамда қул.
Менчун ўзга айшу тараб йўқ –
Сев, кут мени, соғингин нуқул.

Менга кўпам ишонма, жоним,
Чин рўё, соф хаёлман холос.
Руҳ исин шеър иси-ла қориб
Эсиб ўтар шамолман холос…

Тунда дарвозингни ёпмайсан,
Тонг отса-да мени топмайсан…

Набижон БОҚИЙ
ҚУВАСОЙЛИК  АБДУЛЛА  СОДИҚ

005

    Эски йил охирлаб қолган кунларнинг бирида Тошкентдаги Ёзувчилар боғида юрак уришини маромига келтириб юрган шинаванда акамиз Алишер Ибодинов маъюс тортиб: “Кеча Фарғонадан қўнғироқ қилишди, Қувасойлик Абдулла Содиқ деган ювошгина шоир йигит тўсатдан вафот этибди… Тушлик қилиб ўтириб бошини тирсакларига қўйибдию осонгина жон берибди… Сизлар у йигитни танимасаларинг керак, ажойиб йигит эди Абдуллажон…” деди.

Дўрмон боғида ижод билан машғул бўлган аксарият қаламкашлар “Фарғона ўзбек адабиёти оғир жудоликка учрагани”ни тасаввур қилолмасди. Орадан икки-уч кун ўтгач интернетда Абдулла Содиқ вафот этгани тўғрисида хабар тарқалади. Мен интернет хабарини ўқиганим йўқ, лекин эшитдим. Кимдир айнан “Фарғона ўзбек адабиёти оғир жудоликка учради” деб ёзибди. Мийиғимда кулиб қўйдим. Кейин Абдуллажоннинг ўзи ҳам шунақа гапларни эшитса, беозоргина мийиғида кулиб қўйишларини кўз олдимга келтирдим.

Абдуллажон мусичанинг оғзидан чўп ҳам олмайдиган йигит эди.
Биз қачон танишганмиз?

1992 йилнинг баҳор фаслида Қувасойга бордим. Ўшанда мушуклар болалаган эди. Боласини ўғирлатиб қўйган айрим мушуклар қайталаниб “мов” бўлган, кечалари том айланиб миёвлаб чиқадиган бўлиб қолган. Эсимда, чекка меҳмонхонада энди кўзим илинган экан, нақ дераза остига келиб йиғламсираб “гиря” айтаётган мушукнинг беўхшов товушидан уйғониб кетаман. Деразани очиб “мов” бўлган мушук томонга кулдонни отиб юбораман. Мушукнинг товуши ўчади. Яна кўрпага ўраниб ётаман, лекин кўзим илинган заҳоти “гиря” қолган жойидан давом эттирилади. Кийиниб биринчи қаватга тушаман; эшикбонга учрашиб, бўлган воқеани дастурхон қилиб: “Бирор чора кўриш керак”, дейман. Эшикбон шоп мўйловини бураб қўйиб, бош чайқайди: “Бунинг чораси… Э-э, бу мушук чердакда болалаган эди. Иккита бири-биридан ширин бола туғди, чилласи чиққандан кейин болаларини кўчага опчиқиб майсалар устида ўмбалоқ ошиб ўйнатиб юрадиган бўлади… Оқибатда меҳмонхона ёнидан ўтиб-кетиб юрган мактаб ўқувчилари мушук болаларини ўғирлаб кетади. Энди боласидан айрилган мушук зудлик билан иккиқат бўлиб яна туғиб олмаса, дунёни бошига кўтариб юраверади”, деб кулимсирайди. “Мен нима қилай?” дейман. “Яхшиси, қулоғингизга пахта тиқиб ётинг. Бошқа чораси йўқ”, дейди эшикбон жиддий туриб. Бош чайқаб иккинчи қаватга кўтариламан.

Эртаси куни Қувасой мактабларини зиёрат қиламан. Адабиёт ўқитувчиларидан Мунисхон исмли филолог муаллимани суриштира бошлайман: “Қатлнома” тўғрисида хос фикр-мулоҳазаларим бор, ўзингизга айтаман, у гапларни матбуотда ёзиб бўлмайди, деган эди”, деб бўлган-бўлмаган гапларни тўқийман гоҳ бирорта мактабнинг директорига, гоҳ горОНО кадрлар бўлимига учрашиб. Пешиндан сўнг Қувасой шаҳар газетаси редаксиясига шалвираб бориб қоламан. Агар эсимдан чиқмаган бўлса, Султонов ёки Султон ака деган киши газета редактори эди. Яхши одам экан. Мен унга мушук воқеасини гапириб бераман. Султон ака кулади: “Биздан ҳам бир шоир чиқди, исми Абдуллажон. Отини эшитмаган бўлсангиз керак”, дейди.

Ўзимча “мен нима дейман-у, қўбизим нима дейди!” деб хаёлан ғудурлайман.

Хуллас, Мунисхонни на ердан, на кўкдан топаман. У худди фаришта мисоли арши аълога кўтарилиб кетгандек эди (Тошкентга қайтиб дўстим Мусулмон Намозга “эски ашула”ни аста-аста хиргойи қилсам “э-э, афанди-ей, мен курсдошим Мунисхон билан кунда телефонда гаплашиб тураман-ку! Мана, адреси!” деб бир парча қоғозни қўлимга тутқазади… Шундай қилиб, гўзал ишқий қисса сийқагина “Чолиқуши” романи каби осонгина ечим топиб, ҳафсаламни пир қилади. Астағфируллоҳ!).

Қувасойда тарихий воқеа сифатида тилларда достон бўлган шоир йигит газетада корректор-мухбир бўлиб ишлаётган экан. Иложи бўлмагач, танишдик. Тортинчоқ йигитчаларни олдин ҳам учратган эдим, аммо бунақасини биринчи кўришим эди. Ҳайрон бўлдим. Шеърларини ўқиб кўрдим. Биноийдек экан. Бир дастасини сумкамга солиб қўйдим: “Бошқаларини почта орқали жўнатинг. Иқбол ҳам “Ватан”да ишлайди, ўзи кўради”, дедим.

Тошкентга қайтиб “Қувасойнинг қизғалдоқзор қирлари” номли оҳ-воҳлардан иборат бадиҳа ёзиб “Ватан”да эълон қилдим. Бадиҳа Қувада ҳам, Қувасойда ҳам, Қизилқияда ҳам роса шов-шув бўлади.

Тез орада “Ватан”да Абдулла Содиқнинг бир туркум шеърлари эълон қилинади. Таҳририят номидан Иқбол “оқ йўл” ёзади. Кейин Абдуллажон Тошкентга келади. Кўнгилчан демократ раҳбаримиз Ёқубжон Хўжамберди: “Фарғонада нима қиласиз, Абдуллажон! Ундан кўра акаларингиз ёнида мазза қилиб ишламайсизми?! ” деб Абдулла Содиқни ишга опқолади.

Абдуллажон “Ватан” ҳафтаномасида бир йилдан ортиқроқ ишлайди. Кейин яна Фарғонага қайтиб кетади.

Биз атайлаб махсус учрашмасдик. Фарғонага бориб қолсам, дарак топиб Абдуллажон ёнимга келарди. Соатлаб гаплашардик. Дунёнинг у бошидан кириб, бериги бошидан чиқардик.

Мен Абдуллажонни охирги марта “Қуёш ҳам олов” (1982 й.) муаллифи Алишер Ибодинов вилоят газетасига раҳбар бўлган чоғларда учратган эдим. Алишер аканинг вилоят газетасидан ҳақли равишда “қувилгани”га ҳам икки-уч йил бўлиб қолди. Ҳозир ўша газетага ҳеч нарса ёзмайдиган дўстимиз раҳбарлик қиляпти. Абдуллажон ҳам шу газетада ишлар экан…

“Соғлом бола” йилининг 18 январ куни бир жойда чойлашиб ўтириб таниқли журналист Турсунали Акбарга: “Эсингиздами, бундан йигирма йил аввал биз билан Абдулла Содиқ деган фарғоналик шоир ишларди. Ўша йигит қўққис вафот этибди”, дедим. У пайтларда Турсунали “Ватан”да ўзбекнинг “кичиги” эди, ТошДУнинг журналистика факультетида сиртдан таҳсил кўрарди. Ҳойнаҳой, Абдуллажон аллақачон эсидан чиқиб кетган бўлса керак деб ўйладим. Абдуллажоннинг вафот этганини орадан бир ойдан кўпроқ вақт ўтгач эслаб қолишимга сабаб ўша куни китобларим орасидан Абдуллажон дастхат ёзиб берган шеърлар тўплами чиқиб қолди. 2002 йили “Янги аср авлоди” нашриётида чоп этилган (2000 дона) “Пок сирлар булоғи”нинг учинчи саҳифасига “Миллатимнинг ички қувват манбаларидан бири, устозим, тоза инсон Набижон акага сиҳат-саломатлик тилаб, тез-тез дийдорлашмоқ насиб этсин! Абдулла Содиқ (имзо) 12.08.2002 й.” деб ўз қўли билан ёзиб берган экан.

Абдуллажон Турсуналининг эсидан чиқиб кетган бўлса керак деб ўйлаб хато қилган эканман. Бирдан кайфияти тушиб кетда, ёмон бўлиб қолди. Ургутлик шоир дўстимиз Абдуғафур Маматов қайта-қайта Турсуналига мурожаат қилиб, унинг кўнглини кўтармоқчи бўлди. Лекин икки-уч соат давомида Турсуналининг чеҳраси ёришмади.

– Э-э, ака, мен Фарғона томонларга бориб қолсам албатта Абдуллани топиб, гаплашиб қайтардим… Биттаю битта ўғли бор эди. Тилаб-тилаб олган ўғлига Худойберди деб исм қўйган эди. Уйланганидан сўнг орадан етти йил ўтиб фарзанд кўради… Яхши йигит эди Абдуллажон… Вафот этганини нега эшитмай қолдим-а…

– Айтдим-ку, Турсунали, бу воқеа қўққисдан содир бўлади, – дедим. – Ҳаво сал иссисин, Фарғонага бориб Абдуллажонларнинг уйларига ўтиб кўнгил сўраб қайтамиз. Университетда дарс берадиган Абдуллажон деган ўқитувчи ҳам вафот этган.

– Шунақа қиламиз, – дейди Турсунали Акбар.

Абдуллажон дастхат ёзиб берган китобча аннотатциясига кўз югуртираман: “Абдулла Содиқнинг шеърлари кўнгилнинг туб-тубидан чиқиб келган пок ва мусаффо туйғуларнинг сувратларидир. Бундай самимий ва табиий дил изҳорлари сизнинг дилингиз билан ҳам тил топиша олади деб ишонамиз”.

Афсуски, кейинги ўн-ўн икки йил давомида Абдуллажон қандай шеърлар ёзганини мен билмайман. Насиб этса, Фарғонага йўлимиз тушса, Абдулла Содиқнинг янги шеърларини албатта топиб ўқийман деб кўнглимга тугиб қўйдим. Эҳтимол, янги бир туркумини интернет саҳифаларида эълон ҳам қилармиз.

Абдулла Содиқни Аллоҳ раҳмат қилсин, жаннат боғларидан жой бериб, қиёматда жаноб Пайғамбаримиз шафоатларидан баҳраманд бўлсин. Омин.

2014 йил 27 январ
Тошкент, Дўрмон

002Quvasoyda tarixiy voqea sifatida tillarda doston boʻlgan shoir yigit gazetada korrektor-muxbir boʻlib ishlayotgan ekan. Iloji boʻlmagach, tanishdik. Tortinchoq yigitchalarni oldin ham uchratgan edim, ammo bunaqasini birinchi koʻrishim edi. Hayron boʻldim. Sheʼrlarini oʻqib koʻrdim. Binoiydek ekan. Bir dastasini sumkamga solib qoʻydim: “Boshqalarini pochta orqali joʻnating”, dedim.

ABDULLA  SODIQ HAQIDA
Rahmon Qo’chqor
07

002Biz bu yigit bilan roppa-rosa bir yil yonma-yon ishladik. “Vatan” gazetasi redaktsiyasida aksariyat ijodkor yoshlar to’plangan, gazeta ham badiiy asarlarni armonsiz bosib chiqarardi.
Abdullajon juda kamsuqum, mayda gaplardan yiroq odam bo’lib, o’zi bilan o’zi olishib yurishi faqat ko’zlaridan ma’lum bo’lardi.
Uy-joydan qiynaldimi yoki oilaviy muammolar sabab bo’ldimi, harqalay, u Toshkentda uzoq turmadi – to’satdan “Quvasoyga qaytaman” deb qoldi. Toshkentga kimlar kelib, kimlar ketmaydi. Lekin Abdullajonni kuzatish bolalarni juda qiynadi, nimagadir hamma o’zini aybdorday his qildi… Ayriliq Abdullajonga ham oson kechmagan bo’lsa kerakki, hali hanuz xatlar yozib turadi. Xatlar bo’lib ham keyinchalik bemalol badiiy asar sifatida, falsafiy o’ylar maqomida chop etish, ko’pchilik o’qib ta’sirlanishi mumkin bo’lgan bitiklar. Xat bilan birga yuborgan she’rlarida esa uning ko’zlaridan biz uqib-uqolmay yurganimiz orzular, armon va iztiroblar tafti…
Abdullajonni yosh shoir deyishga, she’r yozish to’g’risida unga maslahatlar berishga, to’g’risi, botinolmaysan kishi. Negaki, sen u yozgan narsalarni mutolaa qilish jarayonida she’r o’qiyotganingni bir muddat unutasan-u, o’zingnikiga o’xshash tanish ko’ngilni tinglab o’tirgandek bo’laverasan…

Rahmon Qo’chqor
“Yozuvchi” gazetasi, 1998 yil 22 aprel, 7-son

Abdulla SODIQ
POK SIRLAR BULOG’I
She’rlar kitobi
07

YOSHLIGIM

052

Ko’zlarimga mo»jiza to’ldi,
Yumolmasman sira ularni.
Ona, menga nimadir bo’ldi,
Eshityapman sirli unlarni.

Ko’zlarimga to’lgan mo»jiza
Yoshlik nomli beorom dunyo.
Yuragimdan oppoq kuy sizar
Go’zallikka to’ymayin aslo.

Ko’zlarimga mo»jiza to’lgan,
Ona, menga nimadir bo’lgan…

ALVIDO SO’ZI

Men sizlarga aytmam alvido,
Yuragimni bosmas titroqlar –
Qayga borsam, qarshimda paydo
Bo’lasiz-ku, baribir, tog’lar.

Chalg’isini serpagan shamol,
Senga ham hech xayr demasman.
Qayda bo’lsam, kapalak misol
Atrofimdan axir ketmassan.

Buncha mungli kuylamang axir,
Buloqlarim, sizni etmam tark.
Meni cho’lga eltsa-da taqdir,
Kasbingiz-ku dilimda oqmak.

Sizlar bilan mangu birgaman,
O’rtamizga firoq solur kim?
Lekin, nahot senga aytaman
Men alvido so’zin, yoshligim?!

Yo’q, yo’q, tog’day yuksal qarshimda,
Tegramda kez bamisli sabo.
Jildirab oq shaydo qalbimda,
Ul so’z labim tilmasin aslo.

Axir senda sevdim dunyoni,
Va yig’ladi ko’zlarimda she’r.
Senga vido aytganim oni
Qabrim bo’lib qolur ona yer…

YARALISH

Shabboda tarayin deya sochingiz,
Yomg’ir oq taningiz yuvmoq qasdida
Yaralgan, qayinlar, o, go’zallarim,
Oy ham faqat sizchun ko’zgu aslida…

Porloq husningizga hayrat-la boqib
She’rlar aytmoq uchun yaralganim rost.
Inson yuragini dam-badam poklab,
Yashnatmoq shul hayrat tuyg’usiga xos.

Mag’rur va ko’rkamsiz, mudom ozoda,
Yam-yashil sochingiz mudom taralgan.
Shaksiz, dunyodagi qalblar bir kuni
Siz kabi poklanmoq uchun yaralgan.

Qayinlar, qayinlar, o, go’zallarim…

***

Ayting, men kuylamay kim kuylasin-o,
Qo’shig’im yomg’iri bezavol, tinmas.
Zero, umrim fasli ayni navbahor,
Zero, bitar she’rim so’nggi she’r emas.

Oppoq kabutarim keltirgan bu xat
So’nggi xabar emas azizlarimdan.
Ammo so’nggi dog’dir ushbu kun albat
Ne g’am, ne tushkunlik bo’lsa dilimda.

Ertaga ulardan qolmagay nishon,
Qolur buyuk ishqim – qo’shiqbaxsh ziyo.
Men so’nggi oshig’ing emasman, ishon,
Men so’nggi oshig’ing emasman, dunyo…

***

Qalbim-o, hech bitmas yaram-o,
Sen menga tili yot hamdam-o,
Tilmochim she’r ila qalam-o,
Siz bordir – so’z bordir – kalit bor.

Ruh tushkun hislardan bezganda,
Gullagan bog’larni kezganda,
Holiqning madadin sezganda
Bizchun har lahzada hayit bor.

Oh desam qaro tun kuyguvsi,
Yulduzlar ohimni suyguvsi,
Dunyolar borligim tuyguvsi,
Ruhimda ko’p qutlug’ bayt bor.

G’ofillik cho’linda cho’lladim,
Samoga duolar yo’lladim,
Ishq abri borlig’im ho’lladi,
Endi hajr azobin arit, yor…

SAKKIZLIKLAR

Har bir qadamimdan hikmat axtargum,
Har kasu har xasdan ibrat axtargum,
Izlab topdingmi deb nodonlik qilma,
Umrim bo’yi pok bir xilvat axtargum.

Bu yo’lda o’zimdan kechmog’im ham chin,
Muqim turmay, tinsiz ko’chmog’im ham chin,
Bir payg’om ko’nglimni xushladi, faqat
Shunda ishq mayidan ichmog’im ham chin.

***

Ozor yetkazsalar, ozor chekma, dil,
Ozor berguvchilar ozodamas, bil,
Ishon, o’tsa hamki necha oyu yil,
Seni tirnaganlar jazosiz qolmas.

Gar pisand etmasa manman kimsalar,
Bundan mulkingga hech yetmaydi zarar,
Axir yerga qancha qorishmasin zar
Bahosi tushmas-ku, qadri yo’qolmas.

***

Tunga yetib keldim, kun qayon ketdi,
Tongga yetib keldim, tun qayon ketdi,
Fasllar almashdi bexato, takror,
Chorak asr umrim, chun, qayon ketdi?..

Izi qayda, ko’nglim, ko’zimdami yo,
Dam-badam achishgan bo’g’zimdami yo,
Ko’ksimga tikonday sanchilayotgan —
Aytmoqqa chog’langan so’zimdami yo?..

***

Ey dil, uyg’onmasang yayray olmassan,
Oshiqlar ko’ziga qaray olmassan,
Yorug’ sirlar sochin taray olmassan,
Ey dil, uyg’onmasang nechun yaralding?!

Boqqil yulduzlarning sinoatiga,
Quloq tut yellarning qiroatiga,
Qo’shil maysalarning ibodatiga,
Ey dil, uyg’onmasang nechun yaralding?!

***

Nechun bu ohangga og’riq qorishiq,
Nechun bu og’riqqa qorishiq lazzat.
Nurafshon ranglarga borliq qorishiq,
Ko’zimu ko’nglimda samolar qat-qat.

Silqib tomaverar, to’kilib ketmas,
Lab mudom qaqroqdir, qo’l mudom cho’ziq.
Oh, bu go’zal otash yonaru bitmas,
Oh, dardim yetilgan boshoqday bo’liq…

Shaffof donlarni men onlarga sochib,
Yig’ib olmoqdaman hosil – hayajon.
Bu qismatdan sira bo’lmaydi qochib,
Men qanday bolaman o’zi, onajon?!

Gullarga uzoqroq termulsang goho,
YO go’zal qizlarga atasam so’zim,
Kimgadir xiyonat qilganday go’yo,
Nomurod kimsaday sezaman o’zim.

Xalaqit beradi gumonmi, qo’rquv,
Ilinjim ma’nisin anglamaklikka.
Axir, ushbu yo’lning xatari ko’p-ku,
Dengizlar bor tubsiz, qoyalar tikka…

Yo’q, hecham, bu sirni yoyib bo’lmagay,
Shubhasiz, malomat ichra qolaman.
Lek buningchun meni koyib bo’lmagay,
Chunki juda sodda oshiq bolaman…

***

Hali yoshligimni yashab bo’lmadim,
Hali qulflog’liq sandiqlarim ko’p.
Hali ochilmadim, hali so’lmadim,
Hali meva tugar ko’zlarim to’p-to’p.

So’z desam, qonimda yuvib so’ng deyman,
So’zni bundan ortiq suyib bo’lmaydi.
Ruhimning munavvar g’amini yeyman,
Bul totli g’izoga to’yib bo’lmaydi.

Yoshligim, sen mening no’noq shogirdim,
Aytgan ishim qoyil qila olmagan.
Senga ishonibmi shu yo’lga kirdim,
Aytgin, yuragingni nelar dog’lagan?!

Ohori to’kilgan ulug’ so’zlarmi,
Sukunatmi, ko’zi yerga qadalgan.
She’r aytib aldamoq oson qizlarni,
Lek vijdon qiynog’i bizga atalgan.

O’zimizni hadeb aldamaylik, kel,
Qonimiz yuvmagan so’zni demaylik.
Yaxshisi, zohidga aylanaylik, kel,
Ruh g’amidan o’zga g’amni yemaylik.

Shunda chekinarmi vijdon qiynog’i,
Afsus, savolimga javob qilmading.
Ingrog’imni to’kib tindi titrog’im,
Yoshligim, sen meni uzo-o-oq qiynading…

***

Kimga kerak mening she’rlarim,
Onamgami, marhum otamga?
Olovimda kim isinadi,
Kim qo’shilar ulug’ motamga?

Kimga kerak mening she’rlarim,
So’zlarni hayf etyapman nechun?
Bilmasdan puch urug’ sochguvchi
Bir dehqonga o’xshayman bugun.

Kimga kerak mening she’rlarim,
Do’ppi qilib kiydim osmonni.
Endi yechmoq qo’limdan kelmas,
Yonib-yonib bulg’atdim jonni…

Kimga kerak mening she’rlarim,
O’zgalarga o’gay bog’imda
Intiq bo’lib kuzni kutyapman,
Daraxtlar jim yonar ohimdan…

Kimga kerak mening she’rlarim,
O’yim boshqa, yo’lim boshqadir.
Jarga qulab borar karvonim,
Tilim boshqa, dilim boshqadir…

XIYONAT

Men senga xiyonat qildim, Abdullo,
Abdullo, sen menga xiyonat qilding.
Endi o’rtamizda mash’um bir nizo,
Endi ag’yorlarning quloqlari ding.

Bizday g’ofil emas ag’yorlarimiz,
Ayri etmak uchun bizlarni battar,
Qurib bitsin uchun anhorlarimiz
Rejalar tuzishar g’oyat serxatar.

Sen esa beparvo, men esa loqayd,
O’sar o’rtadagi jarlikda bo’shliq.
Men ham qol demasman, sen demassan qayt,
Ichga yutilganday yarmida qo’shiq…

Bizni qoq ikkiga ajratgan nadir,
Yillarmi, yo’llarmi, maqsadlarmi yo.
Bizlarning umrimiz axir bittadir,
O’rtasidan kesib bo’lmaydi aslo.

Ikkov ikki yonga tortmoqdamiz, oh,
Sen haqmi, men haqmi, kim aytadi, kim?!
Ayb sendami yoki mendami gunoh,
Hayhot, sen ham, men ham gumrohmiz balkim.

Hayhot, sen ham, men ham gumroh bo’lsak gar,
Yorug’lik qaydadir, qaydadir qirg’oq.
Go’yo ikki mahkum bir ko’lga cho’kar,
Bir-biriga qo’lin uzatmas biroq.

…Mendan madad tila, men sendan tilay,
Iltijo qilmaylik o’zga hech kimga.
Ag’yorlarni hayday – ichingga kiray,
Ag’yorlarni hayda – kirgil ichimga.

Sen menga singigin, men senga singay,
Yo’limiz bir bo’lsin, maqsad yagona.
Shunda tevarakning shovqini tingay,
G’arib ehtiyojlar tamom begona.

Shunda… shunda… sassiz titroq boshlanur,
So’zga o’rin qolmas, xitobga hojat.
Sening ko’zing – mening ko’zim yoshlanur,
O’rtadagi jarga qular xiyonat…

***

Nasibam – yo’qotish go’yo bundan so’ng,
Go’yo bundan keyin o’kinch, g’am – rizqim.
Sehrli tushlarim sira kelmas o’ng,
Ko’lmak kabi yerga singib ketgum jim…

Dunyo nima o’zi, vaqt nima o’zi,
Umr nima o’zi, baxt nima o’zi,
Anqoning urug’i – ma’nili shodlik,
Nega buncha erta ulg’aydi so’zim…

Ko’zim nega buncha erta toliqdi,
Yumaman, ochmoqlik keladi malol.
Qora tumanlarga qachon yo’liqdim,
Mendan boshlanurmi kamolsiz zavol.

Go’yo topgandayman dardimga chora,
Uzdim tilu dilim bog’langan ipni.
Tilim qiynalmaydi aytsam deb zora
Samolar dilimga yashirgan gapni.

Majruh polaponday chirqillaydi u,
Shodon qo’shiqlarni o’rgatmog’im shart.
Yuzimga o’rgatgum, nimadir kulgu,
Qo’llarimga deyman: “Mijjalarim art…”

Qaroridan qaytgan musavvir misol,
Suratimga surgum yaltiroq ranglar.
So’ng yashay boshlayman xurram, bemalol,
Go’yo g’alabam-la tugaydi janglar.

Go’yo o’ylamayman hisob kunini,
Go’yo a’zolarim tilga kirmaydi.
Go’yo eshitmasman ular unini,
Go’yo qilmishlarim hech kim bilmaydi…

KENGLIK HAQIDA
Ustozim Sodiqjon Sayfiddinovga

Sezmas edim dunyoning xo’p kengligini,
Bu kenglikning bir ko’ngilga tengligini.
O’zi asli toza qalblar kamroq derdim,
Og’ir, mahzun xayollarga hamroh erdim.
Sassiz, o’ksib turganimcha soyalarda,
Boqar edim olis, yuksak qoyalarga.
Ularga yo’l qaydaligin bilolmasdim,
O’zni tutib bir qarorga kelolmasdim.
Shunday damda qo’llarimdan tutdi bir zot,
Eshiklarni ochdi menga katta hayot.
Uning bag’ri butunligi g’olib chiqdi,
Meni dengiz bo’ylariga olib chiqdi.
Pishiq-puxta kema yasab berdi hatto,
Dengizning bor sir-asrorin dedi hatto.
Bo’ynimdagi tillo zanjir – qarz uzilmas,
Ko’nglimdagi ul zot ekkan bog’ buzilmas.
Unutmasman, boshim ko’kka yetsa hamki,
Har ne o’zga, yoddan o’chib ketsa hamki.
Unutmasman uning bag’ri kengligini,
Va bu kenglik dunyolarga tengligini.

MENDAN ROZI EDINGIZMI…
Harbiy xizmatdalik chog’imda vafot etgan otam xotirasiga

Haqqim yo’qdir, o’zimga baxt tilolmasman,
Hech bir ishni yayrab, shodon qilolmasman.
Axir, netay, hanuzgacha bilolmasman,
Ota, mendan rozi ketgan edingizmi?!

Tog’ yo’lida tanim ezar charchoqlarim,
Keskir toshlar qonatadi barmoqlarim,
Cho’qqilarga qadolmasman bayroqlarim,
Ota, mendan rozi ketgan edingizmi?!

Oyog’imni kuydirsa siz chizgan chiziq,
Chetga chiqib ketmadimmi, cho’chib-bezib,
Kim aytar, ko’z durim bersam ipga tizib –
Ota, mendan rozi ketgan edingizmi?!

Humo qushi – kaftingizning tafti hamon,
Siz o’tirgan supa menga taxti ravon.
Chiqay desam, jur’atim yo’q necha zamon,
Ota, mendan rozi ketgan edingizmi?!

Osmonim-ay, yulduzlari mensiz o’chgan,
Karvonim-ay, chin manzilga mensiz ko’chgan,
Armonim-ay, abadiyat suvini ichgan,
Ota, mendan rozi ketgan edingizmi?!

Topgan choram kecha-kunduz faryoddir-o,
Yaratganning dargohiga arz-doddir-o,
Nahot, mening oxiratim barbotdir-o,
Ota, mendan rozi ketgan edingizmi?!

QUVASOY QO’SHIG’I

Quvasoyning oqshomida oqqanmisiz,
Mayin-mayin yellariga yoqqanmisiz,
Qirlarinda ufqlarga boqqanmisiz,
Bu dunyoga shu makonda kelmoq kerak,
Uni toza muhabbat-la sevmoq kerak.

Quvasoyning tonglaridan totib ko’ring,
Atay uxlab, o’zni bir uyg’otib ko’ring,
Bularsiz mast – nafasni “kuh”lotib ko’ring,
Bu dunyoga shu makonda kelmoq kerak,
Uni toza muhabbat-la sevmoq kerak.

Quvasoyning bahoriga baho qayda,
Bog’laridan bol simirgan safo qayda,
Bir yutilgach sir tutilgich havo qayda,
Bu dunyoga shu makonda kelmoq kerak,
Uni toza muhabbat-la sevmoq kerak.

Quvasoyning buloqlari… bul ohlari…
O’tganlarning yuvilmish bor gunohlari,
Yo’lga kirar, shaksiz, bo’lsa gumrohlari,
Bu dunyoga shu makonda kelmoq kerak,
Uni toza muhabbat-la sevmoq kerak.

Quvasoyning odamlari oddiy azal,
Suhbatlari ammo to’la hikmat, masal.
Ular haqda dostonga yo’l ushbu g’azal,
Bu dunyoga shu makonda kelmoq kerak,
Uni toza muhabbat-la sevmoq kerak.

Quvasoyning quchog’ida Abdullasi,
Ildiz otdi turog’ida Abdullasi,
Bitgan ko’ngli xush chog’ida Abdullasi:
“Bu dunyoga shu makonda kelmoq kerak,
Uni toza muhabbat-la sevmoq kerak…”

***

Ota uyim eshigida chim bo’lmadim,
So’ritokni bog’lagan bir sim bo’lmadim…
Iqbol Mirzo

Ota uyim darbozasi tirqishidan
O’tgan nurning soyalarni qirqishida,
Ayting, aka, opalarim, singlim, ukam,
Ne hikmat bor yaramdan qon silqishida…

Biram oppoq, oh, bu uyning mo’rilari,
Hanuz olma otib o’ynar so’rilari,
Hovlimizni bir bor kezib chiqqan nasim
Toza quvvat bo’lib jonga so’riladi.

Eski tomning bo’g’otida o’sha-o’sha,
Bir musicha uchib-qo’nib xas-cho’p to’shar,
To pitirlab uyasiga o’rnashguncha
Yiqqanlari bitta qolmay yerga tushar.

Mo’mindayman musichaday, ammo noshud,
Ne hislarim polaponday etdim nobud,
Yakka o’zim ko’tarishga mahkumman-o,
Yurak qalqib chayqaladi misli tobut.

Axir qachon ko’nglingizni ololdim men,
Og’ir damda qushday uchib boroldim men,
O’z yukimdan ortmay sira, yag’ir bo’ldi –
Yelkamga qay yukingizni ololdim men?

Dunyo qancha aylantirsa durbinini,
Ko’rmas mendan o’zga yaqin xudbinini,
Jimman, uzuq ko’rsam hamki tushimda goh
Ota uyim darbozasin zulfinini.

Kuyib-yonib izlamayman nechun ta’bir,
Qay burchakka qisib borar meni taqdir,
Bu begona kimsa qaydan keldi deya
Ko’chamizdan meni quvgan itlar haqdir.

Jonivorlar, doim shunday sodiq qoling,
Jigarimni kesib beray, mana, oling…
Ertaga ham shunday taom istasangiz
Yo’lingizni qon tomchigan izdan soling…

Darbozamiz tirqishidan yig’lab boqsam,
Ko’zyoshimga borbudimni tashlab oqsam,
Ko’nglimdagi soyalarni qirqarmi nur,
Men o’zimni gar mo’riga tiqib yoqsam…

***

Nomim qolar mening, kalomim qolar,
Toza tonglarimga salomim qolar,
Ko’ngil, qolarmi deb g’ashlanmagin, bas,
Yo’llarga to’kilgan xayolim qolar.

Qanday baxt, dilingning nuriga cho’msang,
Qanday baxt, boringni yo’g’ingga ko’msang,
Qaniydi, ovozim chiqmay qolsa, oh,
Qanday baxt, chashmingga suv bo’lib to’lsang…

Ketmoqda mantiq yo’q,
Men endi keldim,
Bilmasim bilmadim, bilarim bildim,
Egnimdagi og’ir liboslarimni
Olib ketdilar – hur yellarga ildim…

Sening quyoshingga zormasman, osmon,
Ortidan ergashib bormasman, osmon,
Bag’rimda sonmingta quyoshim bordir,
Chunki men sen kabi tormasman, osmon…

Ruh zarrasin tutib olgan sayyodman,
Uni bo’lib cheksiz bo’lakka, shodman,
O’zimdek sayyodlar xotirasigda
O’lmas qo’shiq kabi hamisha yodman…

Nomim qoldi mening, kalomim qoldi,
Yo’llarda to’kilgan xayolim qoldi…

***

Alisher aka va Nabijon akalarga

Ko’ngillardan ko’ngillarga chiziq ketgan,
Bilib bo’lmas, kimlar qachon chizib ketgan,
Goho o’tga tushgan simdek qizib ketgay,
Tilaymanki, kuyib kulga aylanmasin.

Poyimdagi sochqilarni tergunimcha,
Terib, go’zal insonlarga bergunimcha,
Kunim bitar to o’zimga kelgunimcha,
Hech kim mendek ostonada chaynalmasin.

Qo’rqitadir o’lim emas, sarkash ko’nglim,
Doim eshik tutqichini tutgan qo’lim,
Qo’rqitadir mangu chorlab turar yo’lim,
Hech kim mendek yig’lab ortga shaylanmasin.

Do’stlarimni sanab chiqsam boshdan-oyoq
Barmoqlarim yarmiga ham yetmas sanoq,
Tinmay og’rir do’stsiz qolgan har bir barmoq,
Hech kim mendek shifo izlab qiynalmasin.

Yer chopsam ham mendan termas, she’r to’kilar,
Kim aytadi, o’qilmasmi, yo o’qilar,
Balki gumon meni qurtdek yeb yo’q qilar,
Hech kim mendek g’o’ra shoir saylanmasin.

Yuzidan nur yog’ilguvchi insonlar kam,
Ko’zlarida o’zi ayon insonlar ham,
Faqat ular qalbga madad, dardga malham,
Hech kim hech vaqt o’z ko’zidan haydalmasin.

Yuzi nurli insonlarni ko’rib turmoq,
Menga basdir ular bilan birga yurmoq,
Yana o’zga nedir tilar, kimki gumroh,
Diydorlari armonlarga aylanmasin…

Diydorlari armonlarga aylanmasin…

ONAJONIM RAYHONLARI

Hovlimizda rayhonlar bo’y taradimi,
Yoki onam yo’limga zor qaradimi,
Ilkis yaproq yanglig’ qalqib ketdi yurak,
Otayurtda meni birov so’radimi…

Tangri meni so’raganni omon etsin,
Boshida ne mushkuli bor, oson etsin,
Ko’nglin yorug’ etsin bohor tongi kabi,
Yurar yo’lin mudom gulu rayhon etsin.

Ariqlarning bo’ylarida xayol sursam,
Suv ortiga oqqan kabi tuyuladi.
Borib onam kaftlariga boshin urgan
Rayhonlarning ostigami quyiladi.

Oh, kechmishim rayhon bo’ylig’ nasimlari,
Nechun hadeb urilasiz dimog’imga.
Juda achchiq haqiqatni fahmladim –
Endi qayta quyilmasman irmog’imga.

Kun o’tkazish tashvishida o’tar kunim,
Osmon yodga solaverar armonimni.
Yot o’t kabi bir chekkaga otdim yulib –
Tanimadim o’zim ekkan rayhonimni.

Oh, qanchalar ulkan edim, ulkan edim,
Parvarishi to’kis dondek to’lgan edim,
Bugun unmas sochsam rayhon urug’larin,
Qay bir dili puch kimsaga kulgan edim…

Hoy arilar, onajonim rayhonlarin
Gullaridan shira so’rgan bo’lsangiz gar,
Teshing kirlab ketgan zirhu qalqonlarim,
Shartta mening ko’kragimga uring nashtar…

Kelaqoling, intiq ko’ksim ochib turay,
Ayting, sizchun qulay joyga qochib turay.
Zora tashna rayhonlarni yashnatgusi –
Ko’zyoshimni yomg’ir kabi sochib turay.

Eh, bu yomg’ir keragida yog’maydi hech,
Kipriklarim – tarnovlardan oqmaydi hech,
Aniq, atay quritadi, qovjiratar,
Rayhonlarning uvolidan qo’rqmaydi hech.

Qolib ketdim men alarning uvoliga,
Gunohlarim garchi dilim g’ashlar mangu.
Lek ilinj bor, bilamanki, ul hovlida
Onajonim rayhonlari yashnar mangu.

Onajonim, manim rayhon bo’ylikkinam,
Mudom munglig’, vale nurlig’ o’ylikkinam,
Yo’lga boqmang, kutishga men arzirmidim,
O’zingizga etavermang jabru sitam.

Faqat mening yo’qligimni sezmasinlar,
Daragimni so’raganga rayhon tuting.
Gina etmang mendan, nogoh bezmasinlar,
O’tingayman, dardingizni ichga yuting.

Javobingiz ichra qo’shing bir oz yolg’on,
Ishlari zo’r, yuribdi deng shodu xandon,
Yana ayting, bolam makon tutgan yerda
O’smas emish biznikiday jozib rayhon…

Jannatda ham yo’qdir bunday jannat isi,
Hech qaerning biznikidek rayhoni yo’q.
Chaqmog’i-la o’z ko’ksiga tortsin chiziq –
Osmonning-da menikidek armoni yo’q…

Xuddi rayhon yaprog’idek qalqir yurak,
Xuddi rayhon yaprog’idek anqir yurak,
Tinaringda onajonim rayhonlarin
Tavof etgan nasimlarni chaqir, yurak…

***

Hayot bilan mamot oralig’ida,
Goho ikkisining farqiga bormay,
Tongni qo’msab shomning qoralig’ida
Ketyapman ko’nglimning ortidan qolmay…

Mangudir manzili mangulik safar,
Tuban nazar qilsam, aylanar boshim,
Tepamda quzg’undek charx urar xatar,
Qanotimni kuydiradi quyoshim…

Soyadek ergashib ko’nglim ortidan
Yo’qotganim nadir, topganim nadir.
Egardaman, garchi tushdim otimdan,
Hanuz tilaydurman e’tibor, qadr…

She’r ilohiy sukunat-la qovushgan
Dilbar davralarni sog’inib, so’ldim.
Kafti ochib qo’lim aylandi mushtga,
Boladek arazlab, nihoyat, ko’ndim.

Do’stlarim, so’zimni so’zsiz uqquvchi,
She’rim tinglaguvchi do’stlarim qani?!
Aytarimda meni qayta tuqquvchi,
Jarangdor, sehrli so’zlarim qani?!

Qani navbahorim, fasli najotim,
Vayronadek ruhsiz neki obodim,
Achchiqtosh ekani bo’lmoqda ayon
Og’zimda erigach novvotim…

Meni barchasidan aylab mosuvo,
Asirdek zanjirband etgancha qo’lim,
To abad hamrohing sayladingmi yo,
Qolib ketamanmi ortingda, ko’nglim?!

Aslo! Meni go’yo gunohkor banda
Otga bog’latilib sudratilganday
O’zingga bog’lab ol, hech bo’lmaganda
Loshim lolalanib manzilga yetgay!..

Sen uchar qanotim, suzar kemamsan,
Sahroni saryog’dek kesgan karvonim.
Ko’ksiga jim bosib, bir so’z demasdan,
Achchiqtoshni novvot etgan zabonim…

Do’stim, navbahorim, davram, bayotim,
Shomim, tongim, xullas, boru bisotim,
Ko’nglim, sen o’zingsan, faqat sen o’zing,
Mangu hayotimu mamotim…

***

Sensiz yashab ko’rdim – yashamay ko’rdim,
Yashamaslik afzal bunday yashashdan.
Sensiz ufqqa ko’z tashlamay qo’ydim,
Ko’r bo’lganim yaxshi bunday qarashdan.

Sen suvmi, tuproqmi, olovmi, havo,
Balkim barchasidan ko’ra zarursan.
Poyimda zaminsan, boshimda samo,
Ruhim uzra mangu elangan nursan.

Sevib qoldim seni, elaguvchini,
Unutsam-da, meni eslaguvchini,
Qancha gunoh qilsam, shuncha kechirib,
Meni begonaga bermaguvchini.

Osmonga quyoshni uzatganidek,
Taqdim etganidek bahorni gulga,
Ko’zni gavhar ila bezatganidek,
Seni menga berdi, ming shukr unga.

Oh, qanday portlamay, qandoq yonmayin,
Gullarim ekkanim zahot ko’karib,
G’unchalab, ochilsa qayga joylayin,
Gulga to’la savatimni ko’tarib…

Tog’larda ham yo’qdir mendagi sabr,
Mendagi nasimlar bog’larda ham yo’q.
Endi mendek baxtli odam yo’q axir,
Bu olamda menikidek olam yo’q…

Olamim o’zingsan, sensiz yashamoq
Achchiq tajribasin ayladim tamom.
Quvonchdan porlagan ko’zlarimga boq,
Ey, Yangi hayotim, Assalom!..

***

Men haqimda sabolardan so’rab ko’ring,
Yomg’ir yuvgan havolardan so’rab ko’ring,
Yuksaling-da, samolardan so’rab ko’ring.
Men haqimda mendan ko’proq bilar ular,
Sir saqlashmas, bilganlarin qilar ular.

Saboq erur sog’larga bu bemorligim,
Tunni ravshan etgan oymas, bedorligim,
O’zimning o’z tor fe’limdan bezorligim
Meni kenglik sari eltsa ajab ermas,
Oyog’imdan nari ketsam ajab ermas.

Barmoqlarim tegib-tegmay yangrar sozim,
Tabiiydir hislarimning ishva-nozi,
Men haqimda chin yurakdan so’rash lozim,
Lahzalarning qabog’ini yorib beray,
Keling, sizga mangulikni olib beray.

Menmas, bunday va’dalarni tilim bergay,
Tilimmas, yo’q, sodda, rostgo’y dilim bergay,
Dilim hammas, dilimdagi ilm bergay,
Aytolmasman uni qaydan olganlarim,
So’rab biling endi barcha qolganlarin.

O’tinchimni hech nazarga ilmasangiz,
Men haqimda, ya’ni, so’rab bilmasangiz,
Ko’nglingizning buyurganin qilmasangiz,
Kun keladi, xomush, mulzam bo’lgaydirsiz,
So’ng barchasin o’zingizdan ko’rgaydirsiz.
Men haqimda so’rab ko’ring, so’rab ko’ring…

***

Tongda turib meni topmaysan,
Kun o’tadi yoningdan dilgir.
Tunda darvozangni yopmaysan,
Men esa qaytmasman baribir.

Birga kechgan ul kunlarimiz,
Birga ichgan ul tunlarimiz,
Tug’iladi ko’ksingda qayta
Birga yechgan tugunlarimiz.

Ko’zlaringdan oqqan yoshingni
Titrab-titrab artguvching bo’lmas.
Ko’tar, deya egik boshingni,
Yupanch so’zlar aytguvching bo’lmas.

Men esa ne ko’yga tushganing
Aniq taxmin qilganim ko’yi
Bandi etib sevgim qushlarin
To’yib o’yin qilaman, o’yin…

Devonaga, derlar, taraf yo’q,
Hislariga shohdir hamda qul.
Menchun o’zga ayshu tarab yo’q –
Sev, kut meni, sog’ingin nuqul.

Menga ko’pam ishonma, jonim,
Chin ro’yo, sof xayolman xolos.
Ruh isin she’r isi-la qorib
Esib o’tar shamolman xolos…

Tunda darvozingni yopmaysan,
Tong otsa-da meni topmaysan…

Nabijon BOQIY
QUVASOYLIK ABDULLA SODIQ

005

Eski yil oxirlab qolgan kunlarning birida Toshkentdagi Yozuvchilar bog’ida yurak urishini maromiga keltirib yurgan shinavanda akamiz Alisher Ibodinov ma’yus tortib: “Kecha Farg’onadan qo’ng’iroq qilishdi, Quvasoylik Abdulla Sodiq degan yuvoshgina shoir yigit to’satdan vafot etibdi… Tushlik qilib o’tirib boshini tirsaklariga qo’yibdiyu osongina jon beribdi… Sizlar u yigitni tanimasalaring kerak, ajoyib yigit edi Abdullajon…” dedi.

Do’rmon bog’ida ijod bilan mashg’ul bo’lgan aksariyat qalamkashlar “Farg’ona o’zbek adabiyoti og’ir judolikka uchragani”ni tasavvur qilolmasdi. Oradan ikki-uch kun o’tgach internetda Abdulla Sodiq vafot etgani to’g’risida xabar tarqaladi. Men internet xabarini o’qiganim yo’q, lekin eshitdim. Kimdir aynan “Farg’ona o’zbek adabiyoti og’ir judolikka uchradi” deb yozibdi. Miyig’imda kulib qo’ydim. Keyin Abdullajonning o’zi ham shunaqa gaplarni eshitsa, beozorgina miyig’ida kulib qo’yishlarini ko’z oldimga keltirdim.

Abdullajon musichaning og’zidan cho’p ham olmaydigan yigit edi.
Biz qachon tanishganmiz?

1992 yilning bahor faslida Quvasoyga bordim. O’shanda mushuklar bolalagan edi. Bolasini o’g’irlatib qo’ygan ayrim mushuklar qaytalanib “mov” bo’lgan, kechalari tom aylanib miyovlab chiqadigan bo’lib qolgan. Esimda, chekka mehmonxonada endi ko’zim ilingan ekan, naq deraza ostiga kelib yig’lamsirab “girya” aytayotgan mushukning beo’xshov tovushidan uyg’onib ketaman. Derazani ochib “mov” bo’lgan mushuk tomonga kuldonni otib yuboraman. Mushukning tovushi o’chadi. Yana ko’rpaga o’ranib yotaman, lekin ko’zim ilingan zahoti “girya” qolgan joyidan davom ettiriladi. Kiyinib birinchi qavatga tushaman; eshikbonga uchrashib, bo’lgan voqeani dasturxon qilib: “Biror chora ko’rish kerak”, deyman. Eshikbon shop mo’ylovini burab qo’yib, bosh chayqaydi: “Buning chorasi… E-e, bu mushuk cherdakda bolalagan edi. Ikkita biri-biridan shirin bola tug’di, chillasi chiqqandan keyin bolalarini ko’chaga opchiqib maysalar ustida o’mbaloq oshib o’ynatib yuradigan bo’ladi… Oqibatda mehmonxona yonidan o’tib-ketib yurgan maktab o’quvchilari mushuk bolalarini o’g’irlab ketadi. Endi bolasidan ayrilgan mushuk zudlik bilan ikkiqat bo’lib yana tug’ib olmasa, dunyoni boshiga ko’tarib yuraveradi”, deb kulimsiraydi. “Men nima qilay?” deyman. “Yaxshisi, qulog’ingizga paxta tiqib yoting. Boshqa chorasi yo’q”, deydi eshikbon jiddiy turib. Bosh chayqab ikkinchi qavatga ko’tarilaman.

Ertasi kuni Quvasoy maktablarini ziyorat qilaman. Adabiyot o’qituvchilaridan Munisxon ismli filolog muallimani surishtira boshlayman: “Qatlnoma” to’g’risida xos fikr-mulohazalarim bor, o’zingizga aytaman, u gaplarni matbuotda yozib bo’lmaydi, degan edi”, deb bo’lgan-bo’lmagan gaplarni to’qiyman goh birorta maktabning direktoriga, goh gorONO kadrlar bo’limiga uchrashib. Peshindan so’ng Quvasoy shahar gazetasi redaksiyasiga shalvirab borib qolaman. Agar esimdan chiqmagan bo’lsa, Sultonov yoki Sulton aka degan kishi gazeta redaktori edi. Yaxshi odam ekan. Men unga mushuk voqeasini gapirib beraman. Sulton aka kuladi: “Bizdan ham bir shoir chiqdi, ismi Abdullajon. Otini eshitmagan bo’lsangiz kerak”, deydi.
O’zimcha “men nima deyman-u, qo’bizim nima deydi!” deb xayolan g’udurlayman.

Xullas, Munisxonni na yerdan, na ko’kdan topaman. U xuddi farishta misoli arshi a’loga ko’tarilib ketgandek edi (Toshkentga qaytib do’stim Musulmon Namozga “eski ashula”ni asta-asta xirgoyi qilsam “e-e, afandi-yey, men kursdoshim Munisxon bilan kunda telefonda gaplashib turaman-ku! Mana, adresi!” deb bir parcha qog’ozni qo’limga tutqazadi… Shunday qilib, go’zal ishqiy qissa siyqagina “Choliqushi” romani kabi osongina yechim topib, hafsalamni pir qiladi. Astag’firulloh!).

Quvasoyda tarixiy voqea sifatida tillarda doston bo’lgan shoir yigit gazetada korrektor-muxbir bo’lib ishlayotgan ekan. Iloji bo’lmagach, tanishdik. Tortinchoq yigitchalarni oldin ham uchratgan edim, ammo bunaqasini birinchi ko’rishim edi. Hayron bo’ldim. She’rlarini o’qib ko’rdim. Binoiydek ekan. Bir dastasini sumkamga solib qo’ydim: “Boshqalarini pochta orqali jo’nating. Iqbol ham “Vatan”da ishlaydi, o’zi ko’radi”, dedim.

Toshkentga qaytib “Quvasoyning qizg’aldoqzor qirlari” nomli oh-vohlardan iborat badiha yozib “Vatan”da e’lon qildim. Badiha Quvada ham, Quvasoyda ham, Qizilqiyada ham rosa shov-shuv bo’ladi.

Tez orada “Vatan”da Abdulla Sodiqning bir turkum she’rlari e’lon qilinadi. Tahririyat nomidan Iqbol “oq yo’l” yozadi. Keyin Abdullajon Toshkentga keladi. Ko’ngilchan demokrat rahbarimiz Yoqubjon Xo’jamberdi: “Farg’onada nima qilasiz, Abdullajon! Undan ko’ra akalaringiz yonida mazza qilib ishlamaysizmi?! ” deb Abdulla Sodiqni ishga opqoladi.

Abdullajon “Vatan” haftanomasida bir yildan ortiqroq ishlaydi. Keyin yana Farg’onaga qaytib ketadi.
Biz ataylab maxsus uchrashmasdik. Farg’onaga borib qolsam, darak topib Abdullajon yonimga kelardi. Soatlab gaplashardik. Dunyoning u boshidan kirib, berigi boshidan chiqardik.

Men Abdullajonni oxirgi marta “Quyosh ham olov” (1982 y.) muallifi Alisher Ibodinov viloyat gazetasiga rahbar bo’lgan chog’larda uchratgan edim. Alisher akaning viloyat gazetasidan haqli ravishda “quvilgani”ga ham ikki-uch yil bo’lib qoldi. Hozir o’sha gazetaga hech narsa yozmaydigan do’stimiz rahbarlik qilyapti. Abdullajon ham shu gazetada ishlar ekan…

“Sog’lom bola” yilining 18 yanvar kuni bir joyda choylashib o’tirib taniqli jurnalist Tursunali Akbarga: “Esingizdami, bundan yigirma yil avval biz bilan Abdulla Sodiq degan farg’onalik shoir ishlardi. O’sha yigit qo’qqis vafot etibdi”, dedim. U paytlarda Tursunali “Vatan”da o’zbekning “kichigi” edi, ToshDUning jurnalistika fakul`tetida sirtdan tahsil ko’rardi. Hoynahoy, Abdullajon allaqachon esidan chiqib ketgan bo’lsa kerak deb o’yladim. Abdullajonning vafot etganini oradan bir oydan ko’proq vaqt o’tgach eslab qolishimga sabab o’sha kuni kitoblarim orasidan Abdullajon dastxat yozib bergan she’rlar to’plami chiqib qoldi. 2002 yili “Yangi asr avlodi” nashriyotida chop etilgan (2000 dona) “Pok sirlar bulog’i”ning uchinchi sahifasiga “Millatimning ichki quvvat manbalaridan biri, ustozim, toza inson Nabijon akaga sihat-salomatlik tilab, tez-tez diydorlashmoq nasib etsin! Abdulla Sodiq (imzo) 12.08.2002 y.” deb o’z qo’li bilan yozib bergan ekan.

Abdullajon Tursunalining esidan chiqib ketgan bo’lsa kerak deb o’ylab xato qilgan ekanman. Birdan kayfiyati tushib ketda, yomon bo’lib qoldi. Urgutlik shoir do’stimiz Abdug’afur Mamatov
qayta-qayta Tursunaliga murojaat qilib, uning ko’nglini ko’tarmoqchi bo’ldi. Lekin ikki-uch soat davomida Tursunalining chehrasi yorishmadi.

– E-e, aka, men Farg’ona tomonlarga borib qolsam albatta Abdullani topib, gaplashib qaytardim… Bittayu bitta o’g’li bor edi. Tilab-tilab olgan o’g’liga Xudoyberdi deb ism qo’ygan edi. Uylanganidan so’ng oradan yetti yil o’tib farzand ko’radi… Yaxshi yigit edi Abdullajon… Vafot etganini nega eshitmay qoldim-a…
– Aytdim-ku, Tursunali, bu voqea qo’qqisdan sodir bo’ladi, – dedim. – Havo sal issisin, Farg’onaga borib Abdullajonlarning uylariga o’tib ko’ngil so’rab qaytamiz. Universitetda dars beradigan Abdullajon degan o’qituvchi ham vafot etgan.
– Shunaqa qilamiz, – deydi Tursunali Akbar.

Abdullajon dastxat yozib bergan kitobcha annotattsiyasiga ko’z yugurtiraman:
“Abdulla Sodiqning she’rlari ko’ngilning tub-tubidan chiqib kelgan pok va musaffo tuyg’ularning suvratlaridir. Bunday samimiy va tabiiy dil izhorlari sizning dilingiz bilan ham til topisha oladi deb ishonamiz”.

Afsuski, keyingi o’n-o’n ikki yil davomida Abdullajon qanday she’rlar yozganini men bilmayman. Nasib etsa, Farg’onaga yo’limiz tushsa, Abdulla Sodiqning yangi she’rlarini albatta topib o’qiyman deb ko’nglimga tugib qo’ydim. Ehtimol, yangi bir turkumini internet sahifalarida e’lon ham qilarmiz.
Abdulla Sodiqni Alloh rahmat qilsin, jannat bog’laridan joy berib, qiyomatda janob Payg’ambarimiz shafoatlaridan bahramand bo’lsin. Omin.

2014 yil 27 yanvar
Toshkent, Do’rmon

01

(Tashriflar: umumiy 788, bugungi 1)

3 izoh

  1. Ҳақиқатдан ҳам Абдулла ака чин инсон,сщз ва амал уйғунлигини сарбаланд туган ижодкор эдилар.Газетамизда 9-феврал у киши таваллуд куни муносабати билан бир қатор мақолалар ва ёдномалар чоп этдик. Абдулла аканинг ҳаёти ва ижодини сизнинг сайтингизда ҳам ёритишнинг имкони борми? Умуман фарғоналик чин ижодкорларни тарғиб этишда ҳамкорлик қилсак соз бўларди. Ҳурматли УСТОЗ миллат маънавиятини юксалтиришдаги, хақ сўзни айта олишдек жасоратли амалларингизда ижодий баркамоллик тилаймиз. Ҳурмат билан Фаргона вилоятидаги адабий-бадиий «Қалб садоси»газетасидан Гулнигор

  2. Ҳурматли Гулнигор, саҳифамизда қолдирган ёзувингиз учун раҳмат. Сиз юборган Абдулла Содиқ ҳақидаги материалингизни ҳам яқин кунларда алоҳида ҳолда саҳифамизда тақдим этамиз. Сиздан янги материаллар кутиб қоламиз. Раҳмат

  3. Даҳшат шеърлар экан! Нега биз қисқа умри давомида шеъриятимизга муносиб улуш қўша олган шоирлар ҳақида жуда оз биламиз-а? Илк дафъа Жўрабек Рамазон шеърларини ўқиганда кўнглимдан шундай ўкинч ўтганди.ШОИРнинг охирати обод бўлсин. «Абдулла» деган исмни кўтариш бунча оғир бўлмаса ижодкор зотига…

Izoh qoldiring