Shavkat Rahmon. She’rlar & Rahmon Qo’chqor. Oqibat & Dilfuza Tojiboeva. Shoirning ikki xil dunyosi

Ashampoo_Snap_2017.01.11_23h25m14s_004_.png
АТОҚЛИ ШОИР ШАВКАТ РАҲМОН 70 ЁШДА

Юрагим,
поездлар, тайёраларда
сендан олислабман ҳаддан зиёда.
Минг йиллик йўллардан шошиб, энтикиб
Сен томон қайтяпман
энди пиёда…

Дилфуза ТОЖИБОЕВА
ШОИРНИНГ ИККИ ХИЛ ДУНЁСИ
005

0 1-Shavkat Rahmon.jpgИнсоният яшаб турган олам сир-синоатга тўла. Уни билиш, мазмун-моҳиятини англаб етиш учун бир инсон умри етмайди. Лекин одамзот шу қисқа умри давомида дунёни тушунишга интилаверади. Олимлар дунёни кашф этсалар, шоирлар унинг гўзалликларини шеър қиладилар, неъматларига шукроналар келтирадилар. Борлиқни, одамзотни, инсоний муносабатларни ўзида жамлаган бу дунё нақадар рангин, нақадар турфа хилдир.

Дунёнинг мавжудлигини, унинг турфа хиллигини тараннум этувчи, қоғозга туширувчи бу, албатта, шоирдир. Шоир дунёни, борлиқни ўзгача нигоҳ билан кузатади. Инсонлар учун оддий бўлиб кўринган воқеа – ҳодисалар ижодкор учун муҳим воқеа, асар учун асосий деталь, нарса – предмет бўла олиши мумкин. Шоир ана шу кўрган-кечирганларини, кузатганларини ўз тафаккури орқали синтезлаштиради, ўзининг маънавий дунёси орқали жонлантиради ва турли поэтик тимсолларни яратади. Шоир яратган тимсолларда орзулари, ўй-хаёллари, тасаввурлари яққол кўзга ташланади. Ҳар бир шоирнинг дунёқараши, маънавияти, характер хусусиятини ёзган шеърлари орқали билиб олиш мумкин.

Адабиётшунос Абдуғафур Расулов: “Ҳақиқий бадиий асар мукаммал, мураккаб таркиб. У матн тарзида яратилади. Матннинг пишиқ-пухталиги аввало санъаткор истеъдодига, айтмоқчи бўлган гапининг ҳаққонийлигига, сўзларга юклатилган маънонинг салмоғига, маромнинг товланиши, тусланишига боғлиқ.” – дея таъкидлайди.

ХХ аср ўзбек шеъриятининг иқтидорли вакилларидан бири Шавкат Раҳмон ижодидаги ғайритабиий куч, сирли чорлов, мушоҳадали фалсафа китобхонни сергаклантиради. Дунёга, жамиятга, инсонларга эътиборлироқ қарашга, она юртинг, миллатинг, ота-онанг, фарзандларинг, энг муҳими ўзинг ҳақингда ўйлашга мажбур этади.

Шавкат Раҳмон ҳар бир шеър матнига катта эътибор билан қарайди. Шоир шеърларида қўлланган сўзлар билан поэтик ғоя муштараклиги ўзига хос, оригинал шеърларнинг пайдо бўлишига олиб келади.

Шавкат Раҳмон шеърларини икки гуруҳга ажратиб таҳлил қилинганда шоирнинг икки хил дунё орасида, яъни икки хил йўналишда ижод қилганлиги кўзга ташланади. Биринчи гуруҳ шеърларида фақат дунё гўзалликларини кўра оладиган, беғубор, табиат билан тиллаша оладиган табиат куйчисини кўриш мумкин:

Ечиб оппоқ кўйлагини вақт,
Кийди яшил гулли кўйлагин
Юрак, уйғон, капалак каби,
Чечакларга қўниб ўйнагин.

Инсон руҳияти англаб бўлмас синоат. Фақат сезгилар ёрдамидагина кўнгил билан, юрак билан тиллашиш мумкин. Табиат билан тиллашиш, унга дўст тутиниш учун унинг бағрида бўлиш, унга вафо қилиш, инсонлар орасидан маълум муддатга узилиш даркор.

Шавкат Раҳмоннинг табиат мавзусидаги шеърларини ўқиганингизда шеърдаги жўшқинлик, тасвирий воситалардаги гўзал бадиий ифода, туйғулардаги беғуборлик сизни ўз оламига тортади. Тасвир шу қадар самимийки, шоирнинг танҳоликда, табиат қўйнида китоб ўқиб ўтириши, “шоҳи либос кийган настарин” унинг ёнидан ўтиши, “сочи қумри, дудоғи лола, юзлари оқ, ёноқлари ол” каби нас­тарин гулига берилган беқиёс таъриф, шамолни шўх болакайга ўхшатилиши кабиларда шоирнинг ўзига хослиги кўринади. Беихтиёр сиз ҳам шеър ичида яшай бошлайсиз.

Шеърдаги ўхшатиш ва муболаға каби тасвирий воситалар шу қадар маҳорат билан қўлланганки, бу шеърнинг жозибасини янада оширади.

Кун чекиниб туннинг ташрифи ҳақида кўплаб ижодкорлар шеърлар ёзишган. Кун ботаётган паллада осмоннинг қизғиш – сариқ нурларга бурканиши кўпчиликка маълум. Лекин Шавкат Раҳмоннинг ушбу шеъридаги оқшомнинг сафсарлашиши каби гўзал ифода китобхонни эътиборсиз қолдирмайди:

Сафсарлашар оқшомги осмон,
Кун чекинар қорли тоғларга,
сукунатнинг мунис қушлари
учиб келар кузги боғларга.

Сафсарлашган оқшомда туннинг аста кириб келиши билан сукунат бошланиши ва худди қушлардек кузги боғлар қўйнига кириб келиши бу туннинг ўзгачалигидан дарак бериб турибди. Аксарият шеърларда тун мудҳишлиги, қаролиги ҳақида куйланган бўлса, Шавкат Раҳмон эса ушбу шеърида ана шу қораликдан ҳам гўзаллик излаганлигини англаб етиш қийин эмас:

Келар қора ридо кийган тун,
сукунатнинг қушларин суяр,
суронлардан ҳорган шаҳарни
силаб-сийпаб ухлатиб қўяр.

Шавкат Раҳмон шеърларидаги табиат тасвирини ўқир экансиз, худди мусаввир чизиб тасвирлаган манзарани кўз билан кўриб тургандек бўласиз. Ёз фаслининг кириб келиши ҳақидаги шеърида: “Нурларини йиғиб олар кун, осмон ерга ташлар соясин, Юлдузларин ёқиб қўяр тун, кесиб қўяр ойнинг поясин…” каби гўзал тасвирлар ва муболағали ўхшатишларда шоир услубининг такрорланмас қирралари кўзга ташланади. Ёз ташрифидан ерлар қизиши, ҳатто бу ҳолат тунларни ҳам илитиб юбориши, ёзнинг эса худди қайноқ сувдек оқиб келишини: “Бирдан қайноқ ёз оқиб кирар жимиб қолган боғлар оралаб” каби гўзал тасвирларда ифодалайди.

Шавкат Раҳмоннинг табиат билан боғлиқ шеърларини завқ-шавқ билан ўқиётган китобхон шеър ичида шоир ҳам яшаётганлигини англай бошлайди. Инсонларни айрим ўринларда нимагадир ўхшатадилар. Кимнидир машина ёки роботга, кимнидир атиргул ёки райҳонга, яна кимнидир эса чинорга қиёслайдилар. Шоир бир шеърида ўзини дарахтга ўхшатади.“Ўсаётган кучли дарахтман, шохларимда пишар сўзларим…” Аслида дарахт – тириклик, ҳаётийлик рамзи. Илдизлари мустаҳкам, танаси бақувват дарахт кўкка интилаверади. Бу рамзий образда ҳаёт учун кураш, фуқаролик масъуллиги кўзга ташланади. Шохларда сўзлар пишиб етилиши шоирнинг жамиятга, инсонларга, келажакка бепарпо эмаслигидан далолат беради. Демак, келажак учун масъул.сўзлар мевалар каби пишмоқда.

“Услуб антропологик, яъни ижодкор шахси билан боғлиқ категория саналиб, унинг ижодий индивидуаллигини белгилайди”, – дея таъриф берилади адабиётшунослик луғатида. Шавкат Раҳмон услубида фалсафий-ижтимоий руҳдаги шеърлар ўзига хос ўрин эгаллайди. Шоирни ижтимоий ҳаётда бўлиб ўтаётган воқеа-ҳодисалар, инсоний муносабатлардаги зиддиятлар ўйлантиради, фуқаролик бурчи, шоирлик масъулияти, руҳий барқарорлик шоир услубининг олмос қирраларини безаб туради:

Жангда ўлган эмас
бирор баҳодир,
бари ҳалок бўлган хиёнатлардан.

Шеърдаги сўз қўллаш маҳоратининг ўзи ҳам мазмун, моҳият уйғунлигини, фикр салмоқдорлигини кўрсатиб туради. “Ўлган эмас” билан “ҳалок бўлган” деган фикр ўртасидаги ўзгача маъно диққатингизни тортади. Ўлим, ўлмоқ сўзлари барча инсонлар учун қўллаш мумкин, ҳалок бўлмоқ эса фақат жангдагина бўла оладиган ҳодиса. Чунки жасур, кучли жангчиларни мардонавор курашишга, ёвни янчиб ташлашга кучи етади. Улар жангда ҳеч қачон очиқчасига енгилмайдилар. Баҳодирнинг жангда ўлиши мумкин эмас, фақат ҳалок бўлиши, шунда ҳам хиёнатдан ҳалок бўлиши мумкинлигини ифодалайди. Яъни:“бари ҳалок бўлган хиёнатлардан”, ёки “тошдай ухлаганда тўшларин очиб ё заҳар қўшилган зиёфатлардан”.

Дарҳақиқат, тарихга, узоқ ўтмишга назар ташласак она юрт учун жонини фидо қилган, мард, қўрқмас қаҳрамонларнинг ўлимига сотқинлик ёки хиёнат сабаб бўлганлигини кўрасиз.

Хиёнат ёки сотқинлик қурбонларига айланган баҳодирларнинг номи ҳеч қачон халқ дилидан ўчмайди. Шоир назарида улар яна “болакайлар қорачиғида” қайта тирилаверади:

Ҳар гал баҳодирлар йиқилар экан
куракка санчилган номард тиғидан,
қайта тирилгандай бўларди ногоҳ
ҳар бир болакайнинг қорачиғида.

Демак, мана шу “жафокаш қўҳна ватанда” баҳодирлар “ўлган эмас”, улар келажак авлод нигоҳида яшамоқда.

“Ижодкор бадиий асар яратаркан, ўз замонаси, миллати. урф-одати, дини, турмуш тарзи, сиёсий, ижтимоий муҳитидан узоқ кетолмайди,” – дея таъкидлайди адабиётшунос Қаҳҳор Йўлчиев.

Шавкат Раҳмон ижоди давомида миллат дарди билан яшади, унинг қисматига бепарво қарай олмади. Ўзбекнинг соддадиллиги, меҳридарёлиги, меҳмондўстлиги ажойиб хислат. Аммо баъзи ўринларда бу хислат ўзлигини топталишига, камситилишига ҳам олиб келди. Шоир “Меҳмондўстлик” деб номланган шеърида мана шу ҳолатларни ифодалайди:

Ўзбеклар азалдан меҳмончи элдир,
Меҳмон отангдан ҳам улуғ дейдилар.
Бир кунлик меҳмонга бор-йўғин қўйиб,
Ўзлари анча вақт туршак ейдилар.

Ўзбек меҳмон келса қувонади, ҳурмат-эҳтиром кўрсатади, ўзи емаган ноз-неъматини ҳам унинг олдига дастурхон қилади. Шоир “Бу гўзал хислатдир, ноёб хислатдир, айниқса меҳмонлар бўлса муносиб”, – дея таъкидлайди. Афсуски, келган меҳмон ўз иззатини билмаслиги, мезбонни менсимай оёқ ости қилиши, уйдаги тартибсизликларнинг меҳмонга ёқмаслиги шоирни ғазаблантиради.

Маълумки, мустабид тузум даврида Ўзбекистонга ҳар куни минглаб “меҳмон­лар” ташриф буюришган. Келган меҳмонларнинг баъзиларига эса Ўзбекистон ёқиб қолса бемалол шу ерга жойлашиб яшай бошлаган. Агар меҳмоннинг таъби нозикроқ бўлса давлатимиздаги тартиб-интизом ёқмаган, ўзбекча иззат-ҳурмат, ўзбекча “таомил” ёки “урф-одатлар” кулгисини қўзғотган.

Келган меҳмонларнинг ҳаддидан ошиши, халқимиз етиштирган ноз-неъматларни ҳам “Бизларга аталган бор неъматларни, ҳамманг еб ётибсан”, – дея дағдаға қилиши шоир қалбини ларзага келтиради. Ўз юртида ўзининг неъматларига ҳам эгалик қила олмаслик, “Ўроқда йўқ, машоқда йўқ, хирмонда ҳозир”лик ғазабини жунбушга келтиради. Ҳаммага маълумки, бутун дунёда меҳмон кутиш бўйича ўзбек элига тенг келадигани йўқ. Аммо шоир қалбини қийнаган бу гўзал хислатнинг ҳам чегараси бор. Кутишни билган одам кузатишни ҳам ўрганиши керак. Шоир“Меҳмон кутишни-ку қойиллатамиз, қанийди ўргансак кузатишни ҳам”, – дея орзу қилади.

Шавкат Раҳмон руҳиятида Ватанга содиқлик, миллатпарварлик устунлик қилади. Шоирни она юрт тарихининг аянчли, кечириб бўлмас ёзувлари қийнайди, бугунги жаннатмакон юртга муҳаббат қўйиш, уни қадрлаш, асраб-авайлаш қанчалик муҳим эканлигини шоир бошқаларни ҳам тушуниб етишини истайди, бу туйғуни бутун ўзбек миллатига етиб боришини чин юракдан хоҳлайди. Шунинг учун ҳам шоир энг сара сўзларини айтишга, кейинги авлодларга ҳам уни мерос қилиб қолдириб кетишга бор куч- ғайратини сарфлайди. Ўзига берилган қисқа умри давомида она Ватани учун, миллат учун нима қила олганлиги унинг қалбида мангу савол бўлиб яшайди. Бир инсон қилиши керак бўлган ишни қилишга, келажак авлод учун маънавий мерос қолдиришга, ўзининг шоирлик сўзини айта олишга ҳаракат қилади. Шунинг учун ҳам у мана шу саволни беради, унинг жавобини излайди:

Шавкат Раҳмон деган
бир ўжар шоир,
бир куни қайтадан яраладими?
Ҳаётим маънисин жуда кўп ўйлаб,
сайладим сўзларнинг
сараларини.

Дарҳақиқат, Шавкат Раҳмон ҳар бир шеър устида, ҳар бир сатр устида изланди, ўз фикрини шунчаки айтмади, балки сара сўзларни излаб топишга ҳаракат қилди. Шоир юрагига яқин бўлган сара сўзлар мана шулар эди: Ҳар бир сўз юз сўзнинг ўрнини босар… Ватан, Халқ, Жасорат, Кураш, Озодлик. Она Ватан озодлиги, миллат эрки учун кураш олиб бориш, керак бўлса жонини фидо қилиб жасорат кўрсатиш аслида ҳар бир фуқаронинг инсонийлик бурчидир. Шоир саралаган бу гўзал сўзларини келажак авлодга қолдириб кета олди. Шоирнинг ҳар бир шеърида мана шу сўзлар шеър учун асосий қурол, гўзал восита бўла олди. Лекин шунда ҳам шоирни бу сўзлар қониқтирмади. Унинг учун “нондай зарур, “қиличдай кескир”, “заҳардай мард” сўзлар керак эди. Халқни, миллатни бахтиёр кўриш, дардига шериклик, фуқаролик бурчи Шавкат Раҳмон кунлик тақвимининг биринчи ўрнини эгаллаган эди. У ўзининг ўлмас сатрларида миллат учун, жамият учун, келажак авлод учун керакли бўлган масъул сўзини айта олди.

0 ex.jpgШАВКАТ РАҲМОН
ШЕЪРЛАР
005

АВТОПОРТРЕТ

Қора шамол ухлар бошида,
қулоқлари тайёрагоҳдир.
Сфинкснинг чеҳраси — юзи,
ярми қора, ярмиси оқдир.

Кўзларида қолган йилдирим
осмонларни рангга қорадир,
жаранглатиб сўнгакларини,
бўронларни йиртиб борадир.

Кулганида мунис чечаклар
потраб чиқар ўнгу сўлидан.
Бир-биридан чиройли кунлар
каптарлардай учар қўйнидан.

Энг бахтиёр лаҳзаларда ҳам
унинг сокин исёни сўнмас.
Туғилмаган шунчаки асло,
у ҳеч қачон шунчаки ўлмас.

МУНОЖОТ

Фақат ишқ…
Фақат ишқ…
Бошқаси сароб,
бошқаси шамолнинг оний сурони.
Қирқта тар гулимни айладим хароб,
қирқта қул кўзила кўрдим дунёни.

Қирқта қора қул ётар мозийда,
қирқта черигини йўқотган бекман.
Мангуга айрилдим қирқта ғозийдан,
бошимни тошларга урсамми дейман.

Бу дунё нимадир?
Барини кўрдим,
султону гадонинг қаърини кўрдим.
Ғаззолий сиғмаган тубан оламда
шайтондан тўралган ғайрни кўрдим.

Фақат ишқ…
Ишқ гули…
Самовий гулим…
бир нафас дилимга посибон бўлсин,
токим шул нафасда қирқ биринчи қулнинг
ёруғ лабларида хўрсиниқ сўлсин.

Туҳмат мурдалари қалашиб ётган,
иғволар бижғиган шўрлик диёрда
замину маконин буткул йўқотган
бир улуғ фарёднинг боласи зорман.

Ай, қиличдек туйғу,
ай, қотил туйғу,
бас. ортиқ қийнама кимсасиз даштда.
Юзимга юзини қўйсин ўша гул,
дилимнинг каърини чавақлаб ташла…

МЕНДАН НИМА ҚОЛУР…

Умр — қумсоат ҳам
яримлаб қолди,
кўнглим тўлгани йўқ билганларимдан.
Ёдимни оғритар кечирганларим,
кўпдир қилмаганим қилганларимдан.

Кечалар тобора ойдинлашади.
кўзингда қуёшнинг чечаги сўлмас,
яшагинг келади,
фақат умрни
қумсоат сингари тўнкариб бўлмас.

Гўзаллар ёдимдан ўчдилар бир-бир,
дўстларим бағримдан кўчдилар бир-бир,
йилларим узилиб тушдилар бир-бир,
фақат бу кўнгилни тўлдириб бўлмас.

Кун келди,
оҳларинг учадиган кун,
юрагинг оламга сиғмайдиган кун,
юзингни босганча ернинг юзига
силкиниб-силкиниб йиғлайдиган кун.

Кимни бахтли қилдим,
кимни умидвор,
кимларга кўнглимни ёриб сўйладим.
Қўлимни бердимми мозий қаъридан
чўзилган саноқсиз ожиз қўлларга?!

Қуёш даласида эгилганларнинг
енгилроқ қилдимми оғирлигини?
Айтдимми кимларнинг асл дўстлигин,
кимларнинг ҳақиқий ёғилигини?!

Кун келди —
бошингни эгадиган кун,
ҳаттоки ўзгалар гуноҳи учун
юзингни босганча ернинг юзига,
силкиниб-силкиниб йиғлайдиган кун.

Менда нима қолур,
абадий нурлар
барқ уриб яшнаган дунё томонда?
Уриниб — суриниб, сира тўлмаган
бир Кўнгил қолади
қолса ҳам мендан…

* * *

Орият,
андиша феълимда кучли,
Кардан-да баттарсиз, дегим келмади.
Атай олиб қочдим нигоҳларимни,
Ғардан-да баттарсиз, дегим келмади.

Аблаҳсиз, демадим,
ростини айтсам,
Бу сўзни шунчаки дегим келмади.
Ассалом, дедиму,сиздай кимсанинг
қўлига қўлимни бергим келмади…

ҲОЛАТ

Қиёқли,
ялпизли хўб ўзанида
товусдай товланиб роса яйради,
қуёшдан қамашган кўк кўзларига
мажнун кўзларим-ла узоқ қарадим…

Тиз чўкиб,
қуёшни шарт тўсганимда
нафасин чиқармай тикилганда сув,
сўнг ўпа бошладим:
ҳар ўпганимда
қиқирлаб-қиқирлаб куларди бу қув.

ЁРИЛГАН ҲАРАКАТ БАЁНИ

Бир одам изладим…
изладим ғариб,
жуфти йўқ бургутдай хунук қишладим.
Кездим армон тўла бир жом кўтариб,
малаклар йиғлади, итлар тишлади…

Умринг узоқ бўлсин, эй дарёжоним,
ҳуснингга ҳирс билан назар солмадим.
Занжирлар товшига тўлганда ёдим,
ўзингдан ўзга бир дилдор қолмади.

Қолмади бир илинж,
ишонч қолмади,
ваҳший даҳоларнинг макри билинди.
Ит базми қизиган ойсиз шомлардан
қизғониб опқочдим дарё дилимни.

Бу чиркин оғизлар…
синган каллалар,
иғводан, бўҳтондан осилган тиллар…
Ҳирслар лашкарлари босган паллада
шоҳларин бўғизлаб ташлаган диллар.

Бу қуёш хўрланган,
бу ой зўрланган…
зарлари таланган бу содда жабал.*
Қон, ароқ,пешобни эмиб тўралган
буваклар бўкириб йиғлаган маҳал

ё Худо, дедиму,
нурлар ўйнаган
пешонам илк бора тупроққа тегди,
ё Худо, дедиму
эркин гуллаган
дарёдил самога дилимни бердим.

Умринг узоқ бўлсин,
эй дарёжоним,
кечалар қарида бир гул йиғлади,
юзимга сачради бир булбул қони,
кўнглимга бу дунё нечук сиғмади?!

Нечук бағрингдаман,
кимнинг ишқида,
Нечук ёлвораман умрингни тилаб?
Улкан жасадимни тошлар ичида
юварсан энг нозик қўлларинг билан.

Айтгил, эй дарёжон,
бормиди зулм?
Тоғлар силсиласин бузворди нола:
«Гулларнинг баргини емаган гулим,
булбуллар қонини ичмаган болам.»

ВИСОЛСИЗ ИШҚ

Оловранг
баргларнинг салтанатида
япроқдай қовжираб ёнганда бағрим,
фазо жимлигидай куз талъатидан
меҳрга айланди ҳаттоки қаҳрим.

Дилимда нола йўқ,
чашмимда — жола,
сокин ишқ оташи ёқар жисмимни.
Хаёлим шу қадар кетди ҳаволаб,
ҳаттоки унутиб қўйдим исмимни.

Исмим нимайди, деб кундан сўрадим,
порлаб, сўйлаб кетди: энди исминг йўқ.
Шамол гулханлари кўкка ўрлади:
биз каби руҳинг бор,
аммо жисминг йўқ.

Руҳимни дунёга қўшиб ўстирдим,
энди табиатнинг доно тошиман.
Қаландар шамол ҳам суйган инимдир,
ҳар бир чумолининг қариндошиман.

Заминга санчилган бир терак каби
ўйимда титрайди — мозий хотира.
Агарда қўзғалсам,
оғочлар сафи
илдизин қўпориб келар ортимдан.

Оловранг
баргларнинг жим даврасида
нақадар юксалиб кетдим ўлимдан,
бағрим куйиб кетди жозиб сасидан
бахтиёр бўлганда само йўлида.

Оний жамолидан кўзим қамашди,
лаҳзада қорайиб қолди қорликлар.
Йилдирим сингари ўткир қарашдан
заминга қуладим бахтиёрликдан…

…Эй қиз,
қуёш янглиғ ботарман энди,
қуёшдай ёғдулар тўкарсан, эй қиз.
Эй қиз,
тупроқ бўлиб ётарман энди,
осмондан осмонга ўтарсан, эй қиз.

ҒАМГИН ШЕЪР

Умр ҳам ўтгандай…
гўё бир кунда
настарин гулидай очилиб сўлдик,
гўё бир нафаслик равшан қуюнда
қалби сўқирларга афсона бўлдик,
қушларни музлатган қора буюқда
соямиз қўшилиб девона бўлдик.

Мармари қўрғонлар оёқларида
умрини ёндирган дарвозабонлар…
қутилган жаҳолат таёқларидан
силласи қуриган дарёзабонлар…
дунёнинг қайроқтош табоқларида
кимларга йиғлади пари саболар.

Иғво чечаклари…
фитна боғлари…
салтанат пойидан оққан базмлар,
туҳматни шопирган кунлар новлари,
раққос либосини кийган назмлар,
вақтнинг милёнта кар гўрковлари
эзилиб кимларга лаҳад қаздилар.

Умр ҳам ўтгандай…
наҳот бир кунда
настарин гулидай очилиб сўлдик?
Бир нафис гул кўрдик ёвуз жунунда,
орзулаб исмини армона қўйдик,
исми жисмига мос армона бўлди,
бу гулга тикилиб вайрона бўлдик.

Зулм мошинлари…
шайтон сорлари…
шаҳват гирдобида сузган садолар,
кўзлари тошлардай қаттиқ ёрлари
жавҳарин нишолда қилган гадолар…
валилар ўқчиган буюк тонгларни
қай гўрга яшириб қўйди разолат?

Саҳро эгалари…
ғам тепалари…
зулматда йиғлаган чечаклар дарди,
мозийга йўл солган кун тевалари,
юракнинг туйғудан ёришган қаъри,
вақтнинг шафқатсиз неваралари
қайларга оборар бизларни айриб?

Умр ҳам ўтгандай…
офтоб сўлгандай…
қайғули харсанглар хаёлим эзар,
жаннатни соғиниб ётган чўлларда
қашқирлар галаси қонсираб кезар,
Эй гулим,
Кўзларга ёшлар тўлганда
соямиз қўшилган дамларни эсланг!

ATOQLI SHOIR SHAVKAT RAHMON 70 YOSHDA

Yuragim,
poezdlar, tayyoralarda
sendan olislabman haddan ziyoda.
Ming yillik yo’llardan shoshib, entikib
Sen tomon qaytyapman
endi piyoda…

Dilfuza TOJIBOYEVA
SHOIRNING IKKI XIL DUNYOSI
005

0_a.jpgInsoniyat yashab turgan olam sir-sinoatga to‘la. Uni bilish, mazmun-mohiyatini anglab yetish uchun bir inson umri yetmaydi. Lekin odamzot shu qisqa umri davomida dunyoni tushunishga intilaveradi. Olimlar dunyoni kashf etsalar, shoirlar uning go‘zalliklarini she’r qiladilar, ne’matlariga shukronalar keltiradilar. Borliqni, odamzotni, insoniy munosabatlarni o‘zida jamlagan bu dunyo naqadar rangin, naqadar turfa xildir.

Dunyoning mavjudligini, uning turfa xilligini tarannum etuvchi, qog‘ozga tushiruvchi bu, albatta, shoirdir. Shoir dunyoni, borliqni o‘zgacha nigoh bilan kuzatadi. Insonlar uchun oddiy bo‘lib ko‘ringan voqea – hodisalar ijodkor uchun muhim voqea, asar uchun asosiy detal, narsa – predmet bo‘la olishi mumkin. Shoir ana shu ko‘rgan-kechirganlarini, kuzatganlarini o‘z tafakkuri orqali sintezlashtiradi, o‘zining ma’naviy dunyosi orqali jonlantiradi va turli poetik timsollarni yaratadi. Shoir yaratgan timsollarda orzulari, o‘y-xayollari, tasavvurlari yaqqol ko‘zga tashlanadi. Har bir shoirning dunyoqarashi, ma’naviyati, xarakter xususiyatini yozgan she’rlari orqali bilib olish mumkin.

Adabiyotshunos Abdug‘afur Rasulov: “Haqiqiy badiiy asar mukammal, murakkab tarkib. U matn tarzida yaratiladi. Matnning pishiq-puxtaligi avvalo san’atkor iste’dodiga, aytmoqchi bo‘lgan gapining haqqoniyligiga, so‘zlarga yuklatilgan ma’noning salmog‘iga, maromning tovlanishi, tuslanishiga bog‘liq.” – deya ta’kidlaydi.

XX asr o‘zbek she’riyatining iqtidorli vakillaridan biri Shavkat Rahmon ijodidagi g‘ayritabiiy kuch, sirli chorlov, mushohadali falsafa kitobxonni sergaklantiradi. Dunyoga, jamiyatga, insonlarga e’tiborliroq qarashga, ona yurting, millating, ota-onang, farzandlaring, eng muhimi o‘zing haqingda o‘ylashga majbur etadi.

Shavkat Rahmon har bir she’r matniga katta e’tibor bilan qaraydi. Shoir she’rlarida qo‘llangan so‘zlar bilan poetik g‘oya mushtarakligi o‘ziga xos, original she’rlarning paydo bo‘lishiga olib keladi.

Shavkat Rahmon she’rlarini ikki guruhga ajratib tahlil qilinganda shoirning ikki xil dunyo orasida, ya’ni ikki xil yo‘nalishda ijod qilganligi ko‘zga tashlanadi. Birinchi guruh she’rlarida faqat dunyo go‘zalliklarini ko‘ra oladigan, beg‘ubor, tabiat bilan tillasha oladigan tabiat kuychisini ko‘rish mumkin:

Yechib oppoq ko‘ylagini vaqt,
Kiydi yashil gulli ko‘ylagin
Yurak, uyg‘on, kapalak kabi,
Chechaklarga qo‘nib o‘ynagin.

Inson ruhiyati anglab bo‘lmas sinoat. Faqat sezgilar yordamidagina ko‘ngil bilan, yurak bilan tillashish mumkin. Tabiat bilan tillashish, unga do‘st tutinish uchun uning bag‘rida bo‘lish, unga vafo qilish, insonlar orasidan ma’lum muddatga uzilish darkor.

Shavkat Rahmonning tabiat mavzusidagi she’rlarini o‘qiganingizda she’rdagi jo‘shqinlik, tasviriy vositalardagi go‘zal badiiy ifoda, tuyg‘ulardagi beg‘uborlik sizni o‘z olamiga tortadi. Tasvir shu qadar samimiyki, shoirning tanholikda, tabiat qo‘ynida kitob o‘qib o‘tirishi, “shohi libos kiygan nastarin” uning yonidan o‘tishi, “sochi qumri, dudog‘i lola, yuzlari oq, yonoqlari ol” kabi nas­tarin guliga berilgan beqiyos ta’rif, shamolni sho‘x bolakayga o‘xshatilishi kabilarda shoirning o‘ziga xosligi ko‘rinadi. Beixtiyor siz ham she’r ichida yashay boshlaysiz.

She’rdagi o‘xshatish va mubolag‘a kabi tasviriy vositalar shu qadar mahorat bilan qo‘llanganki, bu she’rning jozibasini yanada oshiradi.

Kun chekinib tunning tashrifi haqida ko‘plab ijodkorlar she’rlar yozishgan. Kun botayotgan pallada osmonning qizg‘ish – sariq nurlarga burkanishi ko‘pchilikka ma’lum. Lekin Shavkat Rahmonning ushbu she’ridagi oqshomning safsarlashishi kabi go‘zal ifoda kitobxonni e’tiborsiz qoldirmaydi:

Safsarlashar oqshomgi osmon,
Kun chekinar qorli tog‘larga,
sukunatning munis qushlari
uchib kelar kuzgi bog‘larga.

Safsarlashgan oqshomda tunning asta kirib kelishi bilan sukunat boshlanishi va xuddi qushlardek kuzgi bog‘lar qo‘yniga kirib kelishi bu tunning o‘zgachaligidan darak berib turibdi. Aksariyat she’rlarda tun mudhishligi, qaroligi haqida kuylangan bo‘lsa, Shavkat Rahmon esa ushbu she’rida ana shu qoralikdan ham go‘zallik izlaganligini anglab yetish qiyin emas:

Kelar qora rido kiygan tun,
sukunatning qushlarin suyar,
suronlardan horgan shaharni
silab-siypab uxlatib qo‘yar.

Shavkat Rahmon she’rlaridagi tabiat tasvirini o‘qir ekansiz, xuddi musavvir chizib tasvirlagan manzarani ko‘z bilan ko‘rib turgandek bo‘lasiz. Yoz faslining kirib kelishi haqidagi she’rida: “Nurlarini yig‘ib olar kun, osmon yerga tashlar soyasin, Yulduzlarin yoqib qo‘yar tun, kesib qo‘yar oyning poyasin…” kabi go‘zal tasvirlar va mubolag‘ali o‘xshatishlarda shoir uslubining takrorlanmas qirralari ko‘zga tashlanadi. Yoz tashrifidan yerlar qizishi, hatto bu holat tunlarni ham ilitib yuborishi, yozning esa xuddi qaynoq suvdek oqib kelishini: “Birdan qaynoq yoz oqib kirar jimib qolgan bog‘lar oralab” kabi go‘zal tasvirlarda ifodalaydi.

Shavkat Rahmonning tabiat bilan bog‘liq she’rlarini zavq-shavq bilan o‘qiyotgan kitobxon she’r ichida shoir ham yashayotganligini anglay boshlaydi. Insonlarni ayrim o‘rinlarda nimagadir o‘xshatadilar. Kimnidir mashina yoki robotga, kimnidir atirgul yoki rayhonga, yana kimnidir esa chinorga qiyoslaydilar. Shoir bir she’rida o‘zini daraxtga o‘xshatadi.“O‘sayotgan kuchli daraxtman, shoxlarimda pishar so‘zlarim…” Aslida daraxt – tiriklik, hayotiylik ramzi. Ildizlari mustahkam, tanasi baquvvat daraxt ko‘kka intilaveradi. Bu ramziy obrazda hayot uchun kurash, fuqarolik mas’ulligi ko‘zga tashlanadi. Shoxlarda so‘zlar pishib yetilishi shoirning jamiyatga, insonlarga, kelajakka beparpo emasligidan dalolat beradi. Demak, kelajak uchun mas’ul.so‘zlar mevalar kabi pishmoqda.

“Uslub antropologik, ya’ni ijodkor shaxsi bilan bog‘liq kategoriya sanalib, uning ijodiy individualligini belgilaydi”, – deya ta’rif beriladi adabiyotshunoslik lug‘atida. Shavkat Rahmon uslubida falsafiy-ijtimoiy ruhdagi she’rlar o‘ziga xos o‘rin egallaydi. Shoirni ijtimoiy hayotda bo‘lib o‘tayotgan voqea-hodisalar, insoniy munosabatlardagi ziddiyatlar o‘ylantiradi, fuqarolik burchi, shoirlik mas’uliyati, ruhiy barqarorlik shoir uslubining olmos qirralarini bezab turadi:

Jangda o‘lgan emas
biror bahodir,
bari halok bo‘lgan xiyonatlardan.

She’rdagi so‘z qo‘llash mahoratining o‘zi ham mazmun, mohiyat uyg‘unligini, fikr salmoqdorligini ko‘rsatib turadi. “O‘lgan emas” bilan “halok bo‘lgan” degan fikr o‘rtasidagi o‘zgacha ma’no diqqatingizni tortadi. O‘lim, o‘lmoq so‘zlari barcha insonlar uchun qo‘llash mumkin, halok bo‘lmoq esa faqat jangdagina bo‘la oladigan hodisa. Chunki jasur, kuchli jangchilarni mardonavor kurashishga, yovni yanchib tashlashga kuchi yetadi. Ular jangda hech qachon ochiqchasiga yengilmaydilar. Bahodirning jangda o‘lishi mumkin emas, faqat halok bo‘lishi, shunda ham xiyonatdan halok bo‘lishi mumkinligini ifodalaydi. Ya’ni:“bari halok bo‘lgan xiyonatlardan”, yoki “toshday uxlaganda to‘shlarin ochib yo zahar qo‘shilgan ziyofatlardan”.

Darhaqiqat, tarixga, uzoq o‘tmishga nazar tashlasak ona yurt uchun jonini fido qilgan, mard, qo‘rqmas qahramonlarning o‘limiga sotqinlik yoki xiyonat sabab bo‘lganligini ko‘rasiz.

Xiyonat yoki sotqinlik qurbonlariga aylangan bahodirlarning nomi hech qachon xalq dilidan o‘chmaydi. Shoir nazarida ular yana “bolakaylar qorachig‘ida” qayta tirilaveradi:

Har gal bahodirlar yiqilar ekan
kurakka sanchilgan nomard tig‘idan,
qayta tirilganday bo‘lardi nogoh
har bir bolakayning qorachig‘ida.

Demak, mana shu “jafokash qo‘hna vatanda” bahodirlar “o‘lgan emas”, ular kelajak avlod nigohida yashamoqda.

“Ijodkor badiiy asar yaratarkan, o‘z zamonasi, millati. urf-odati, dini, turmush tarzi, siyosiy, ijtimoiy muhitidan uzoq ketolmaydi,” – deya ta’kidlaydi adabiyotshunos Qahhor Yo‘lchiyev.

Shavkat Rahmon ijodi davomida millat dardi bilan yashadi, uning qismatiga beparvo qaray olmadi. O‘zbekning soddadilligi, mehridaryoligi, mehmondo‘stligi ajoyib xislat. Ammo ba’zi o‘rinlarda bu xislat o‘zligini toptalishiga, kamsitilishiga ham olib keldi. Shoir “Mehmondo‘stlik” deb nomlangan she’rida mana shu holatlarni ifodalaydi:

O‘zbeklar azaldan mehmonchi eldir,
Mehmon otangdan ham ulug‘ deydilar.
Bir kunlik mehmonga bor-yo‘g‘in qo‘yib,
O‘zlari ancha vaqt turshak yeydilar.

O‘zbek mehmon kelsa quvonadi, hurmat-ehtirom ko‘rsatadi, o‘zi yemagan noz-ne’matini ham uning oldiga dasturxon qiladi. Shoir “Bu go‘zal xislatdir, noyob xislatdir, ayniqsa mehmonlar bo‘lsa munosib”, – deya ta’kidlaydi. Afsuski, kelgan mehmon o‘z izzatini bilmasligi, mezbonni mensimay oyoq osti qilishi, uydagi tartibsizliklarning mehmonga yoqmasligi shoirni g‘azablantiradi.

Ma’lumki, mustabid tuzum davrida O‘zbekistonga har kuni minglab “mehmon­lar” tashrif buyurishgan. Kelgan mehmonlarning ba’zilariga esa O‘zbekiston yoqib qolsa bemalol shu yerga joylashib yashay boshlagan. Agar mehmonning ta’bi nozikroq bo‘lsa davlatimizdagi tartib-intizom yoqmagan, o‘zbekcha izzat-hurmat, o‘zbekcha “taomil” yoki “urf-odatlar” kulgisini qo‘zg‘otgan.

Kelgan mehmonlarning haddidan oshishi, xalqimiz yetishtirgan noz-ne’matlarni ham “Bizlarga atalgan bor ne’matlarni, hammang yeb yotibsan”, – deya dag‘dag‘a qilishi shoir qalbini larzaga keltiradi. O‘z yurtida o‘zining ne’matlariga ham egalik qila olmaslik, “O‘roqda yo‘q, mashoqda yo‘q, xirmonda hozir”lik g‘azabini junbushga keltiradi. Hammaga ma’lumki, butun dunyoda mehmon kutish bo‘yicha o‘zbek eliga teng keladigani yo‘q. Ammo shoir qalbini qiynagan bu go‘zal xislatning ham chegarasi bor. Kutishni bilgan odam kuzatishni ham o‘rganishi kerak. Shoir“Mehmon kutishni-ku qoyillatamiz, qaniydi o‘rgansak kuzatishni ham”, – deya orzu qiladi.

Shavkat Rahmon ruhiyatida Vatanga sodiqlik, millatparvarlik ustunlik qiladi. Shoirni ona yurt tarixining ayanchli, kechirib bo‘lmas yozuvlari qiynaydi, bugungi jannatmakon yurtga muhabbat qo‘yish, uni qadrlash, asrab-avaylash qanchalik muhim ekanligini shoir boshqalarni ham tushunib yetishini istaydi, bu tuyg‘uni butun o‘zbek millatiga yetib borishini chin yurakdan xohlaydi. Shuning uchun ham shoir eng sara so‘zlarini aytishga, keyingi avlodlarga ham uni meros qilib qoldirib ketishga bor kuch- g‘ayratini sarflaydi. O‘ziga berilgan qisqa umri davomida ona Vatani uchun, millat uchun nima qila olganligi uning qalbida mangu savol bo‘lib yashaydi. Bir inson qilishi kerak bo‘lgan ishni qilishga, kelajak avlod uchun ma’naviy meros qoldirishga, o‘zining shoirlik so‘zini ayta olishga harakat qiladi. Shuning uchun ham u mana shu savolni beradi, uning javobini izlaydi:

Shavkat Rahmon degan
bir o‘jar shoir,
bir kuni qaytadan yaraladimi?
Hayotim ma’nisin juda ko‘p o‘ylab,
sayladim so‘zlarning
saralarini.

Darhaqiqat, Shavkat Rahmon har bir she’r ustida, har bir satr ustida izlandi, o‘z fikrini shunchaki aytmadi, balki sara so‘zlarni izlab topishga harakat qildi. Shoir yuragiga yaqin bo‘lgan sara so‘zlar mana shular edi: Har bir so‘z yuz so‘zning o‘rnini bosar… Vatan, Xalq, Jasorat, Kurash, Ozodlik. Ona Vatan ozodligi, millat erki uchun kurash olib borish, kerak bo‘lsa jonini fido qilib jasorat ko‘rsatish aslida har bir fuqaroning insoniylik burchidir. Shoir saralagan bu go‘zal so‘zlarini kelajak avlodga qoldirib keta oldi. Shoirning har bir she’rida mana shu so‘zlar she’r uchun asosiy qurol, go‘zal vosita bo‘la oldi. Lekin shunda ham shoirni bu so‘zlar qoniqtirmadi. Uning uchun “nonday zarur, “qilichday keskir”, “zaharday mard” so‘zlar kerak edi. Xalqni, millatni baxtiyor ko‘rish, dardiga sheriklik, fuqarolik burchi Shavkat Rahmon kunlik taqvimining birinchi o‘rnini egallagan edi. U o‘zining o‘lmas satrlarida millat uchun, jamiyat uchun, kelajak avlod uchun kerakli bo‘lgan mas’ul so‘zini ayta oldi.

2-Shavkat.jpgSHAVKAT RAHMON
SHE’RLAR
005

AVTOPORTRЕT

Qora shamol uxlar boshida,
quloqlari tayyoragohdir.
Sfinksning chehrasi — yuzi,
yarmi qora, yarmisi oqdir.

Ko‘zlarida qolgan yildirim
osmonlarni rangga qoradir,
jaranglatib so‘ngaklarini,
bo‘ronlarni yirtib boradir.

Kulganida munis chechaklar
potrab chiqar o‘ngu so‘lidan.
Bir-biridan chiroyli kunlar
kaptarlarday uchar qo‘ynidan.

Eng baxtiyor lahzalarda ham
uning sokin isyoni so‘nmas.
Tug‘ilmagan shunchaki aslo,
u hech qachon shunchaki o‘lmas.

MUNOJOT

Faqat ishq…
Faqat ishq…
Boshqasi sarob,
boshqasi shamolning oniy suroni.
Qirqta tar gulimni ayladim xarob,
qirqta qul ko‘zila ko‘rdim dunyoni.

Qirqta qora qul yotar moziyda,
qirqta cherigini yo‘qotgan bekman.
Manguga ayrildim qirqta g‘oziydan,
boshimni toshlarga ursammi deyman.

Bu dunyo nimadir?
Barini ko‘rdim,
sultonu gadoning qa’rini ko‘rdim.
G‘azzoliy sig‘magan tuban olamda
shaytondan to‘ralgan g‘ayrni ko‘rdim.

Faqat ishq…
Ishq guli…
Samoviy gulim…
bir nafas dilimga posibon bo‘lsin,
tokim shul nafasda qirq birinchi qulning
yorug‘ lablarida xo‘rsiniq so‘lsin.

Tuhmat murdalari qalashib yotgan,
ig‘volar bijg‘igan sho‘rlik diyorda
zaminu makonin butkul yo‘qotgan
bir ulug‘ faryodning bolasi zorman.

Ay, qilichdek tuyg‘u,
ay, qotil tuyg‘u,
bas. ortiq qiynama kimsasiz dashtda.
Yuzimga yuzini qo‘ysin o‘sha gul,
dilimning ka’rini chavaqlab tashla…

MЕNDAN NIMA QOLUR…

Umr — qumsoat ham
yarimlab qoldi,
ko‘nglim to‘lgani yo‘q bilganlarimdan.
Yodimni og‘ritar kechirganlarim,
ko‘pdir qilmaganim qilganlarimdan.

Kechalar tobora oydinlashadi.
ko‘zingda quyoshning chechagi so‘lmas,
yashaging keladi,
faqat umrni
qumsoat singari to‘nkarib bo‘lmas.

Go‘zallar yodimdan o‘chdilar bir-bir,
do‘stlarim bag‘rimdan ko‘chdilar bir-bir,
yillarim uzilib tushdilar bir-bir,
faqat bu ko‘ngilni to‘ldirib bo‘lmas.

Kun keldi,
ohlaring uchadigan kun,
yuraging olamga sig‘maydigan kun,
yuzingni bosgancha yerning yuziga
silkinib-silkinib yig‘laydigan kun.

Kimni baxtli qildim,
kimni umidvor,
kimlarga ko‘nglimni yorib so‘yladim.
Qo‘limni berdimmi moziy qa’ridan
cho‘zilgan sanoqsiz ojiz qo‘llarga?!

Quyosh dalasida egilganlarning
yengilroq qildimmi og‘irligini?
Aytdimmi kimlarning asl do‘stligin,
kimlarning haqiqiy yog‘iligini?!

Kun keldi —
boshingni egadigan kun,
hattoki o‘zgalar gunohi uchun
yuzingni bosgancha yerning yuziga,
silkinib-silkinib yig‘laydigan kun.

Menda nima qolur,
abadiy nurlar
barq urib yashnagan dunyo tomonda?
Urinib — surinib, sira to‘lmagan
bir Ko‘ngil qoladi
qolsa ham mendan…

* * *

Oriyat,
andisha fe’limda kuchli,
Kardan-da battarsiz, degim kelmadi.
Atay olib qochdim nigohlarimni,
G‘ardan-da battarsiz, degim kelmadi.

Ablahsiz, demadim,
rostini aytsam,
Bu so‘zni shunchaki degim kelmadi.
Assalom, dedimu,sizday kimsaning
qo‘liga qo‘limni bergim kelmadi…

HOLAT

Qiyoqli,
yalpizli xo‘b o‘zanida
tovusday tovlanib rosa yayradi,
quyoshdan qamashgan ko‘k ko‘zlariga
majnun ko‘zlarim-la uzoq qaradim…

Tiz cho‘kib,
quyoshni shart to‘sganimda
nafasin chiqarmay tikilganda suv,
so‘ng o‘pa boshladim:
har o‘pganimda
qiqirlab-qiqirlab kulardi bu quv.

YORILGAN HARAKAT BAYONI

Bir odam izladim…
izladim g‘arib,
jufti yo‘q burgutday xunuk qishladim.
Kezdim armon to‘la bir jom ko‘tarib,
malaklar yig‘ladi, itlar tishladi…

Umring uzoq bo‘lsin, ey daryojonim,
husningga hirs bilan nazar solmadim.
Zanjirlar tovshiga to‘lganda yodim,
o‘zingdan o‘zga bir dildor qolmadi.

Qolmadi bir ilinj,
ishonch qolmadi,
vahshiy daholarning makri bilindi.
It bazmi qizigan oysiz shomlardan
qizg‘onib opqochdim daryo dilimni.

Bu chirkin og‘izlar…
singan kallalar,
ig‘vodan, bo‘htondan osilgan tillar…
Hirslar lashkarlari bosgan pallada
shohlarin bo‘g‘izlab tashlagan dillar.

Bu quyosh xo‘rlangan,
bu oy zo‘rlangan…
zarlari talangan bu sodda jabal.*
Qon, aroq,peshobni emib to‘ralgan
buvaklar bo‘kirib yig‘lagan mahal

yo Xudo, dedimu,
nurlar o‘ynagan
peshonam ilk bora tuproqqa tegdi,
yo Xudo, dedimu
erkin gullagan
daryodil samoga dilimni berdim.

Umring uzoq bo‘lsin,
ey daryojonim,
kechalar qarida bir gul yig‘ladi,
yuzimga sachradi bir bulbul qoni,
ko‘nglimga bu dunyo nechuk sig‘madi?!

Nechuk bag‘ringdaman,
kimning ishqida,
Nechuk yolvoraman umringni tilab?
Ulkan jasadimni toshlar ichida
yuvarsan eng nozik qo‘llaring bilan.

Aytgil, ey daryojon,
bormidi zulm?
Tog‘lar silsilasin buzvordi nola:
«Gullarning bargini yemagan gulim,
bulbullar qonini ichmagan bolam.»

VISOLSIZ ISHQ

Olovrang
barglarning saltanatida
yaproqday qovjirab yonganda bag‘rim,
fazo jimligiday kuz tal’atidan
mehrga aylandi hattoki qahrim.

Dilimda nola yo‘q,
chashmimda — jola,
sokin ishq otashi yoqar jismimni.
Xayolim shu qadar ketdi havolab,
hattoki unutib qo‘ydim ismimni.

Ismim nimaydi, deb kundan so‘radim,
porlab, so‘ylab ketdi: endi isming yo‘q.
Shamol gulxanlari ko‘kka o‘rladi:
biz kabi ruhing bor,
ammo jisming yo‘q.

Ruhimni dunyoga qo‘shib o‘stirdim,
endi tabiatning dono toshiman.
Qalandar shamol ham suygan inimdir,
har bir chumolining qarindoshiman.

Zaminga sanchilgan bir terak kabi
o‘yimda titraydi — moziy xotira.
Agarda qo‘zg‘alsam,
og‘ochlar safi
ildizin qo‘porib kelar ortimdan.

Olovrang
barglarning jim davrasida
naqadar yuksalib ketdim o‘limdan,
bag‘rim kuyib ketdi jozib sasidan
baxtiyor bo‘lganda samo yo‘lida.

Oniy jamolidan ko‘zim qamashdi,
lahzada qorayib qoldi qorliklar.
Yildirim singari o‘tkir qarashdan
zaminga quladim baxtiyorlikdan…

…Ey qiz,
quyosh yanglig‘ botarman endi,
quyoshday yog‘dular to‘karsan, ey qiz.
Ey qiz,
tuproq bo‘lib yotarman endi,
osmondan osmonga o‘tarsan, ey qiz.

G‘AMGIN SHE’R

Umr ham o‘tganday…
go‘yo bir kunda
nastarin guliday ochilib so‘ldik,
go‘yo bir nafaslik ravshan quyunda
qalbi so‘qirlarga afsona bo‘ldik,
qushlarni muzlatgan qora buyuqda
soyamiz qo‘shilib devona bo‘ldik.

Marmari qo‘rg‘onlar oyoqlarida
umrini yondirgan darvozabonlar…
qutilgan jaholat tayoqlaridan
sillasi qurigan daryozabonlar…
dunyoning qayroqtosh taboqlarida
kimlarga yig‘ladi pari sabolar.

Ig‘vo chechaklari…
fitna bog‘lari…
saltanat poyidan oqqan bazmlar,
tuhmatni shopirgan kunlar novlari,
raqqos libosini kiygan nazmlar,
vaqtning milyonta kar go‘rkovlari
ezilib kimlarga lahad qazdilar.

Umr ham o‘tganday…
nahot bir kunda
nastarin guliday ochilib so‘ldik?
Bir nafis gul ko‘rdik yovuz jununda,
orzulab ismini armona qo‘ydik,
ismi jismiga mos armona bo‘ldi,
bu gulga tikilib vayrona bo‘ldik.

Zulm moshinlari…
shayton sorlari…
shahvat girdobida suzgan sadolar,
ko‘zlari toshlarday qattiq yorlari
javharin nisholda qilgan gadolar…
valilar o‘qchigan buyuk tonglarni
qay go‘rga yashirib qo‘ydi razolat?

Sahro egalari…
g‘am tepalari…
zulmatda yig‘lagan chechaklar dardi,
moziyga yo‘l solgan kun tevalari,
yurakning tuyg‘udan yorishgan qa’ri,
vaqtning shafqatsiz nevaralari
qaylarga oborar bizlarni ayrib?

Umr ham o‘tganday…
oftob so‘lganday…
qayg‘uli xarsanglar xayolim ezar,
jannatni sog‘inib yotgan cho‘llarda
qashqirlar galasi qonsirab kezar,
Ey gulim,
Ko‘zlarga yoshlar to‘lganda
soyamiz qo‘shilgan damlarni eslang!

004

(Tashriflar: umumiy 7 483, bugungi 1)

Izoh qoldiring