Chivinlar o’ldirilmaydi, botqoqlar quritiladi. Adabiyotshunos olim Rahmon Qo’chqor bilan suhbat

011Адабиётшунос олим Раҳмон Қўчқор билан суҳбатда бугунги куннинг долзарб муаммолари – коррупцияга қарши кураш, таълим тизимидаги иллатлар, коронавирус офати оқибатлари, зиёлилар аҳволи, сўз эркинлиги, адабиёт ва давлат муносабати муҳокама этилган.

ЧИВИНЛАР ЎЛДИРИЛМАЙДИ,
БОТҚОҚЛАР ҚУРИТИЛАДИ!

Адабиётшунос олим Раҳмон Қўчқор билан суҳбат


07Адабиётшунос олим Раҳмон Қўчқор билан суҳбатда бугунги куннинг долзарб муаммолари – коррупцияга қарши кураш, таълим тизимидаги иллатлар, коронавирус офати оқибатлари, зиёлилар аҳволи, сўз эркинлиги, адабиёт ва давлат муносабати муҳокама этилган.

– Фозил жамиятда давраларнинг тўри боёнларга эмас, зиёлиларга берилади. Аммо бугун замон тарозисида маърифатдан кўра манфаат оғирроқ тош босаётир. Бозор талотумлари таъсиридамикан, жамиятимизда зиёли аҳли хийла камписанд бўлиб қолди. Юрту миллат тақдирига дахлдор масалаларда сўнгги сўз айтмоқ ҳуқуқи ҳам сармоядорларга пешкаш қилингандек. Зиёлиларнинг бу ҳолга тушиш сабаби не? Интеллектуал қатлам нега ўз сўзини айта олмаяпти? Ё, замона йўриғи шу экан дея, аҳли тужжорнинг ошиғи олчи бўлганини табиий ҳол тарзида билмоқ керакми?

– Ўзбек тилида ихлос деган сўз бор. Бирон бир жиддий натижа, муваффақиятга унингсиз эришиб бўлмайди. Қарангки, ихлос-ла иш тутмоқ қуввати ҳам кишининг истеъдодига боғлиқ. Бошқача айтганда, истеъдодсиз одамларда ихлос туйғуси ўзига яраша – ҳаминқадар бўлади.

Ўтган асрнинг 80-йиллари миёналаридан 90-йиллар ўрталарига қадар Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси йиғинларига республика бош раҳбарлари, мафкура бўйича котибу котибаларининг «ўз оёқлари билан» келиши, ижодкорларнинг дарду ҳасратига қулоқ тутиши одатга айланган эди. Ўша йиғинларда нафақат ёзувчи-шоир, балки мамлакатнинг кўзга кўринган фан дарғалари – экологлардан тортиб кимёгарларгача жон куйдириб нутқ ирод қиларди. Машваратлар миллатнинг энг оғриқли дардлари хусусида бўлар, ёзувчи-шоирлар шахсий ташвиши – далаҳовли ололмаётганию автомашинага муҳтожлиги масаласини ўртага тиқиштиришни хаёлига ҳам келтирмас, агар бирон бир қаламкаш қурсоқ масаласида оғиз жуфтласа, ўша заҳоти кўпчиликнинг ачиниш ва нафрат қоришиқ нигоҳига дуч келар, дарҳол узр сўрай-сўрай «жойини топиб» ўтирар эди.

Нега?

Чунки у йиғинларда Саид Аҳмад, Пиримқул Қодиров, Одил Ёқубов, Озод Шарафиддинов, Бегали Қосимов, Норбой Худойберганов, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Рауф Парфи, Шукур Холмирзаев, Ҳалима Худойбердиева, Аҳмад Аъзам, Шавкат Раҳмон, Муҳаммад Юсуф сингари раҳматли устозларимиз, Умарали Норматов, Омон Матжон, Гулчеҳра Нуриллаева, Усмон Азим, Хуршид Дўстмуҳаммад, Хуршид Даврон, Мирзо Кенжабек каби ёниқ ва ёрқин истеъдод соҳиблари ота мамлакат, она миллат дарди атрофида ихлос-ла жипслашар, раҳбарларни ўз сўзини эшитишга мажбур қиларди…

Энди ўша нуқтадан туриб, айни кўламга солиштириб, бугунги интеллектуал қатлам ҳолига назар ташлайлик. Кимларни ва нималарни кўрамиз?

Афсуски, кўражак ҳолимиз Абдулла Қаҳҳор ўз авлоди устидан ўқиган ушбу беаёв ҳукмни ёдга солади: «Буларнинг бир қисми ёзиш-чизишга бўлган ҳавасини талант деб ўйлаган, шунинг учун адабиётга янглиш кирган одамлар. Яна бир қисми адабиёт қалбнинг бир чеккасини эмас, ҳаммасини талаб қилишини билмаган кишилар. Учинчи бир қисмини ғурур-манманлик кемириб-еб, сафдан чиқариб ташлади. Булар беш-ўнта ўқувчи орттирар-орттирмас кеккайиб, ўқимай қўйди, ўсишдан тўхтади. Тўртинчи бир қисмини ўз ҳаётини тартибга солмаслик, яшай билмаслик хароб қилди».

Кейинги йилларда бу каби воқеликлар сони ортса ортдики, асло камайгани йўқ. Мансаб-мартаба, мукофот-унвон, юмшоқ ўриндиқли хизмат машиналари ҳамда бирдан димоғни шишириб юборадиган салқин кабинетлар бир гуруҳ истеъдодларни комига тортди. Билимли инсонларнинг каттагина қисмини эса бозор аталмиш юҳо, тирикчилик ташвиши ўз чангалида эзиб-янчиб ташлади. Ярим литрлик шиша банкада ишхонага кўтариб келинадиган – кечқурунги овқатдан қолган насиба зиёлининг тушлик ризқи бўлиб қолди. Истеъдодли, аммо «пропискасиз» ёшларнинг қанча-қанчаси йиллаб ватани пойтахтида миршаб қўлига тушишдан қочиб, ишлаб топган арзимас қалам ҳақини ҳам ижарадор қўлига тутқазиб кун ўтказди. Уларда хотирни жамлаб ўқиб-ўрганишга, бафуржа мушоҳада юритишга, олам ва одам хусусида инсоният келаётган хулосалар билан танишишга на-да вақт, на-да тузукроқ имкон бўлди. Бундай шароитда киши тийнатида ойдин дардлар, ёруғ мушоҳадалар, умидли интилишлар эмас, балки аламзадалик, ҳафсаласизлик, дунё ишларидан безишдек емирувчи кайфият ҳукмронлик қилиб, унинг ортидан замона зиёлилари орасида бир-бирига ғайирлик, ўзаро ётлашув муҳити юзага келади.

Хўш, шундай вазиятда умумзиёлиларнинг элу юрт дард-ташвиши теграсида бирлашиши, илмий ва эстетик тафаккурнинг ҳали ишга солинмаган чексиз имкониятларини кашф этиши хусусида ўйлаб, орзу қилиб бўладими?

Эслатганингиз – бозордаги тужжорлар муҳитида эса бунинг буткул тескариси. Бирида йўқ молнинг ўша заҳоти иккинчисидан топиб берилиши, бир харидорнинг кўнглини биттаси олса, бошқа харидор истагини унинг ҳамкори бажо келтириши, бизнес шерикларнинг биргаликда ва оилавий дам олиши, саёҳату сафар уюштириши ўзаро ҳамжиҳатлик кўринишларидир.

Мана шу аҳволда жамият, омма кўзига кўпроқ ким ташланади? Айниқса, ёшлар кимга кўпроқ эргашади, кимни идеал деб биладию кимга ихлос-ла таассуб қилади?

Ўз мақсад-муддаоси, мўлжал-манзиллари сари интилишда интеллектуал қатлам вакиллари тужжорлар соясида қолаётган бўлса, бунинг илдизларини аввало ўзимиздан қидирмоғимиз керак. Чунки биз боя бир қисми санаб ўтилган қутқуларга дош беролмадик; биримиз унисининг, бошқамиз бунисининг домига тушдик. Қолаверса, бу ҳолга тек қараб туришдан бошқага ярамаётган жамиятнинг умумий маданий-маърифий савияси ҳам, тан олайликки, ўзига яраша.

– Адабиёт ила давлат муносабати борасида икки ёндашув кенг тарқалган. Бир тоифа давлат қалам аҳлига мудом ғамхўрлик кўрсатмоғи лозим деган фикрда. Бошқаси эса, давлат адабиётга ҳомийлик қилмагани маъқул, негаки, ҳатто истеъдод эгалари ҳам «еган оғиз уялар» тутумида қасидагўйликни касбга айлантиради деб ҳисоблайди. Сизнингча, адабиёт ва давлат робитаси қандай бўлмоғи лозим?

– Аввало, давлатнинг давлатдан фарқи бор. Дунёнинг илғор демократик мамлакатларида ижодкор зоти сиёсату мафкура йўриғига, ҳукуматнинг қош-қовоғига қараб қолган эмас. Дейлик, «Оскар» ёхуд Канн фестивали мукофоти кимга берилишига АҚШ ёки Франциянинг расмий идоралари аралашмайди. Ижодкорларнинг турли уюшмалари эркин фаолият юритади, қонунлар уларни нафақат мамлакат ичида, балки хорижда ҳам ҳимоя қилади. Ижод аҳлининг моддий-маиший аҳволи ўз ҳаракатига, асарларининг эътироф этилиш миқёсига боғлиқ. Улар давлат берадиган ёрдам ва меҳрибончиликдан умид ҳам қилмайди.

Бизга ёқадими-йўқми, Карл Маркс хўб ақлли одам бўлган. Шўровий раҳбарлар эса унинг йўл-йўриқларини амалиётга жорий этишда обдон ҳафсала кўрсатгани маълум. Жумладан, «Шоирлар меҳрибонликка муҳтождирлар» деган ўгитга қатъий амал қилиб, айни шу йўл билан не-не истеъдодлар мафкурага хизмат эттирилди. Бундай миннатли меҳрибончиликни инкор этганларнинг ҳоли не кечганини яхши биламиз.

Шахсан мен ижод иши, ижодкор фаолиятига давлатнинг аралашувини, ҳар қанча ақлли бўлмасин, турли идораларда ўтирган масъул шахсларнинг истеъдодга йўл-йўриқ кўрсатишини маъқул, мақбул ҳол деб ҳисобламайман. «Истеъдод» дея урғулаётганим бежиз эмас. Чунки бу илоҳий неъматдан бебаҳра кишилар нафақат давлат, балки оддий дастёрнинг ҳам ҳимматига кўз тикиб яшашга маҳкум; ҳозир гап улар хусусида бораётгани йўқ. Навоий ва Бойқаро, Нодира ва Умархон, Маркес ва Кастро муносабатлари ноёб истисно эканини, ҳарқалай, ҳамма билса керак.

Еган оғизнинг уялиши эса, айниқса, Шарқда ва яна айниқса, бизда айни ҳақиқат! Еб уялиш бир уятли ҳолат бўлса, ейишдан умидвор бўлиб уялишга доимий тайёрлар сафининг узунлиги янада шармандалидир. Шунинг учун, келинг, муқаддасотни «воситаи жоҳ»га айлантирганларни нари қўйиб, ижодни, хусусан, шоир ва ёзувчиликни бола боқиш, тирикчилик ўтказиш дастаги эмас, балки қисмат деб билган чин ижодкорлардан ибрат олайлик. Эсласак, ўшаларни эслайликки, кўнглимиз равшан, руҳимиз баланд бўлсин.

– Нақл қиладиларки, халифа Умари Одил аёлларга тортиқ этиладиган маҳр миқдори ортиб кетаётгани учун эркакларга енгиллик бермоқчи бўлиб, бир мажлисда шуни чеклашдан гап очибди. Йиғинда ҳозир бўлган аёллардан бири «Эй мўминлар амири! Оллоҳ таоло ўз Каломида «Гарчи уларга ҳаддин ортиқ маҳр берган бўлсангиз ҳам» деб марҳамат қилган. Демак, маҳрни чеклашга ҳаққингиз йўқ!» дея эътироз билдирибди. Шунда халифа «Аёл тўғри айтди, Умар хато қилди» деб янглишганини мардона тан олибди. Рубъи маскунни идора этиб турган ҳукмдорнинг бир ожиза танбеҳини сўзсиз қабул қилиши бугун чўпчак бўлиб туюлади. Негаки, асрлар мобайнида мезону низомлар буткул ўзгариб кетган…

Тўғри гап туққанингга ёқмайди, дейди халқимиз. Амал отига минган замондошларимиз орасида ҳам ҳақиқатга тик боқиб, рост сўзни ҳазм қилабиладиган марди мардон кам топилади. Жамиятимизда кўп учраётган ҳол: ОАВда бирон танқидий мақола чоп этилса, ҳокимликлар муаммони ҳал этиш ўрнига журналисту блогернинг шахси билан «шуғулланади», матбуот хизмати ҳам вазиятни хаспўшлаш учун ўтрик тўқишга тушади. Бир суҳбатингизда «Амалдорлар хизмат машинасининг қорайтирилган ойнасидан ҳаётни теран кўролмайди» деган эдингиз. Хўш, ишбошиларимизни ҳақиқат эътирофига қай йўл билан ўргатса бўлади?

– Чинакам халқ шоири Омон Матжон 1978 йилда «Юртимдаги вазмин одамлар» деган шеър ёзган эди. Унда шундай сатрлар бор:

Сал тупроғи енгил жонлардан

Эл озмунча кўрганми ғамлар?!.

Афсус… бу жараён ҳали-ҳануз давом этаётир. Давлат идораларида туну кун тиним билмай меҳнат қилаётганлар номига доғ тушириб, зиммасига юкланган вазифани дўндириб бажара олмаслигининг аламини бошқалар, аксар ҳолда оддий халқдан олишга уринаётган катта-кичик амалдорлар қилмишларидан уяламиз. Ойни этак билан ёпиб бўлмайди: айрим мансабдорларнинг фермерга, ўқитувчига, маҳалла оқсоқолига, онаси тенги аёлга, журналисту блогерга… қилаётган қўполдан-қўпол муомала-муносабатини бутун республика, ҳатто хориждагилар ҳам кўрмоқда, эшитмоқда.

Камина бу ҳолни ниҳоятда оғир, малоллик билан қабул қиламан. Нима бўляпти бизга? Шу аҳволимизда энди биз киммиз? Кунимиз шуларга қолдими? Ишингни эплай олмаётган экансан, жирилламай, эплайдиганга топшириб кетмайсанми?! Ёпишиб олган курсичанг тафти кўнгли музлатилган инсонлар шаънидан азизроқми? Кўпчилик олдида ўқитувчига ўшқираётган, фермерни ҳақорат қилаётган, ҳақ сўзни айтаётган журналистни жисмонан маҳв этиш билан таҳдид ўтказаётган «зоти олийлар» ўзини ким деб фаҳмлайди, тобора шишиб бораётган димоғини қайси шамоллар кўтардию ким уларга изн-ихтиёр берди?!

Номақбул қилмишларидан ёзғирганимиз амалдордан изоҳ сўрасангиз, аксари тўтиқушдек бир гапни такрорлайди: «Нима, мен уйимдаги иш учун куюняпманми? Шахсий вазифамни бажарсин деб сўкибманми? Халқнинг иши деб уришдим-да! Мендаям асаб бор, мен ҳам одамман, ахир!»

Дарҳақиқат, шундай, сиз ҳам одамсиз, биродар. Аммо оддий эмас, халқ ишониб, вазифа бериб қўйган масъул одамсиз! Модомики, шу масъулиятни бўйнингизга олган экансиз, биз сингари оддий одамлардан фарқли ўлароқ, энди сизнинг юриш-туришингиз ҳам, гап-сўзингизу муомала-муносабатингиз ҳам ўн чандон, юз чандон намунали бўлмоғи талаб этилади. Зеро, сиз тўрт улфати билан чойхонада ўтириб, дастёр болага «жиззани бер, чойни янгила» дейдиган ошхўр эмас, балки давлат идорасида, унинг номидан иш кўрадиган масъул ходим, халқнинг хизматкорисиз! Чойхонадаги мижоз турфа истаги бажо этилиши учун ёнидан пул тўлайди. Сиз эса бюджетдан, демакки, меҳнаткаш халқ тўлайдиган солиқлар ҳисобидан маош оласиз. Гапнинг хулласи шуки, чойхонадаги дастёрга иш буюрадиган хўранда сиз эмас, халқдир! Афсуски, сиз ва сизга ўхшаган айрим оёғи ердан узилганлар халқни ҳали-ҳамон чойхонадаги югурдак бола хаёл қилмоқда; унга не буюрсак, қачон ва қандай буюрсак – бажаришга мажбур деб, ниҳоятда хато ўйлаяпти.

Агар биз ҳам демократик давлатлар сафига кириб, шу йўлда собит турмоқни астойдил истасак, дунёқарашимизни, ишга, одамларга бўлган муносабатимизни тубдан ўзгартирмоғимиз даркор. Бундан бошқа йўл йўқ! Шу ҳақиқатни қанча тез англасак, амалга айлантирсак – шунча соз.

– Куюнчак публицист Карим Баҳриев коррупцияга қарши курашда аксар ҳолда тадбирбозлик билан чекланаётганимиз, энг хатарлиси, сабаб эмас, оқибат билан курашаётганимиз ҳақида мақола эълон қилди. Устоз Хуршид Дўстмуҳаммад журналимизга берган интервьюсида қариндош-уруғчилик, таниш-билишчилик қон-қонимизга сингиб кетгани азалий ва «ардоқли» мезон экани, шу боис ҳам қонун устуворлигига эришиш мушкул кечаётганини таъкидлади.

Раҳмон ака, бир неча йилдан бери ҳуқуқшунослик дорилфунунида сабоқ бериб келасиз. Юртимизда коррупция илдизини қирқишнинг энг мақбул йўли нимада деб биласиз? Сервантеснинг шамол тегирмони билан жанг қилган машҳур қаҳрамони ҳолига тушмаслик учун бу борада қандай чора қўллаган маъқул?

– Бундан икки йил аввал Адлия вазирлиги эълон қилган «Биз, ёшлар – коррупцияга қаршимиз» мавзусидаги иншолар танловида ҳайъат аъзоси сифатида қатнашишга тўғри келди. Унда ғолиблик наманганлик коллеж ўқувчисига насиб этди. Зукко қизимиз иншосига номи унчалик машҳур бўлмаган овруполик бир зиёлининг мана бу фикрини эпиграф қилиб танлабди: «Чивинлар ўлдирилмайди, ботқоқ қуритилади!»

Доно гап, тўғрими?

«Фалон туман ҳокими ўринбосари, пистон университет проректори… пора олаётганида қўлга туширилди» деган ҳисоботлар «бир-икки чивиннинг ўлдирилиши»дан бошқа нарса эмас, назаримда. Ботқоқ бор экан, чивин яшайверади. Тузум ва тизимда порасиз иш битмас, аниқроғи, иш битказиш учун пора олиш мумкин бўлган ёриқлар – «ҳуқуқий бўшлиқлар» мавжуд экан, бир марталик чоралар билан жиддий ўзгаришга эришиб бўлмайди. Бир чивин ўрнига иккинчиси… ўнинчиси келиб, ғужғон ўйнайверади. Зеро, табиатда ҳам булбул ёки оҳудан кўра, ботқоқнишинларнинг хилию уруғи кўп.

Демак, ботқоқни қуритиш лозим! Бу – иқтисодиётда бозор тизимига, давлат, жамият бошқарувида демократия ва кучли фуқаролик институтлари тизимига буткул ўтмоғимиз; эътиқод, ижод ва фикр жабҳасида тўлиқ эркинликка эришмоғимиз даркор дегани. Чала бозор ва ярим марказлашган маъмурий бошқарув тизими омухтаси билан узоққа бориб бўлмайди. Бундай шароитда раҳбарларнинг паст-баланд савияси, жиддий синовдан ўтмаган билим ва тажрибаси, ҳар кун ўзгариб турувчи кайфиятига қараб иш кўришдан, муаммоларни ечиш эмас, ечилгандек қилиб кўрсатишдан нарига ўтолмаймиз.

Ҳам ишлаб чиқариш ҳажми ва кўлами, ҳам аҳоли талаб-истакларининг ранг-баранглиги борасида биздан анча пешқадам Финляндия ҳукуматини қирққа ҳам кирмаган аёл бемалол бошқара олаётгани сабаби нимада? Биз санаган омиллар – иқтисодиётда бозор тизими, давлат ва жамият бошқарувида демократия ва кучли фуқаролик инс­титутлари тизимига ўтилгани; эътиқод, ижод ва фикр жабҳасида тўлиқ эркинликка эришилганида! Бундай давлатларда муаммолар бир-икки шахснинг ихтиёрига кўра эмас, балки қонунга кўра ҳал этилади. Буни образли тарзда ифодалаш мумкин: миришкор деҳқон пайкалда шундай эгат оладики, ўқариқдан оқаётган сув юзлаб ариқчалар бўйлаб бир текис тақсимланиб, экинни бирдек яшнатади. Бирор жойда сув (моддий бойликлар деб ўқинг) тўпланиб, ботқоқ ҳосил бўлиб чивин босмайди, бошқа бир жойга эса сув етиб бормай, экин (меҳнаткаш халқ деб ўқинг) қуриб-қақшамайди. Хўш, бундай очиқ ва текис далада – давлатда, жамиятда ким, нима учун пора бериши керак дейсиз!..

– Мамлакатимиз таълим тизими ислоҳга муҳтож экани олий минбарларда ҳам бот-бот таъкидланмоқда. Бу жабҳада мутараққий дунё тажрибасига таяниб катта ўзгаришлар қилинаётгани қувонарли. Аммо сифат эмас, сон ортидан қувиш, моҳият қолиб, шаклга ёпишиш иллатидан ҳамон қутула олганимизча йўқ. Олий ўқув юртлари талабаларидан бўйинбоғ талаб қилиш ёки мактаб ўқувчиларининг сочини миллиметрлаб ўлчаш каби «оламшумул» чоралар ўша даққи қарашлар асоратидир. Юртимиз таълим тизимини таназзул ботқоғидан халос этиш борасидаги таклифларингизни билсак.

– Таълим тизимининг ҳозирги аҳволи бир-икки сабаб натижаси бўлганида эди, ўшаларни тезда бартараф этиш орқали соҳа оёққа турғазиб юбориларди. Афсуски, таълим-тарбия соҳасини абгор қилган эски ва янги сабаблар ниҳоятда кўп…

Ўтган асрнинг 80-йиллари охири. Биз – ёш ўқитувчи ва илмий изланувчилар Талабалар шаҳарчасидаги оилавий ётоқхонада истиқомат қиламиз. Қўшни хонада номзодлик диссертацияси бўйича ишлаётган физик ва математик укаларимиз туради. Ўзбекнинг оддий, лекин чинакам олим бўлиш сиёқи бор йигитлари! Кунларнинг бирида физик укамиздан илмий иши ҳақида сўрадим. У мавзунинг номини айтди-ю, лекин мазмун-моҳияти махфийроқ соҳаларга дахлдор эканини таъкидлади. Айни чоқда, тадқиқотнинг «гражданка»да ҳам қўллаш мумкин бўлган фойдали жиҳатлари бор экан – ўшаларни бир-бир санаб берди.

Орадан икки йил ўтди. Бу орада мен бошпанамни ўзгартирдим. Қишнинг қорасовуқ кунлари эди. Эртага янги йил деган куни кечқурун Олой бозоридан ул-бул харид қилиб ён дарвозадан чиқиб кетаётган эдим, катта темир стол қўйиб олиб мандарин сотаётган одам кўзимга иссиқ кўринди. Эгнида эски пахталик калта тўн, бошида куя еган телпак. Яқинроқ бориб қарасам, ўша физик укамиз. Совуқдан кўкариблар кетибди. Савдосига халал бермаслик учун қисқагина ҳол-аҳвол сўрадим. «Ака, ишим битиб бўлган, фақат ВАКнинг (Олий аттестация комиссияси) минг битта талаби орасида марказдаги журналда мақола чиқариш деган жойи ҳам бор экан, – деди йигит. – У ёқларга мақола олиб бориш учун йўлкира, меҳмонхона ҳақи, совға-салом дегандек… Шунга бир савдогарга ёлланганман. Пул топмасам бўлмайди…»

Яқинда Миллий университетга йўлим тушиб, яна ўша йигитни кўрдим. Энди бафуржароқ суҳбатлашдим, докторликни ёқлаган-ёқламаганини сўрадим. Бу сафар унинг жавоби қисқа бўлди: «Номзодликни ёқлагунча кўрганларим етарли! Кўнгил совиб кетди, ака».

Олий ўқув юртларида илмий ишни ёзишдан кўра уни ёқлаш йўлидаги мантиқсиз талаблардан безган, кўнгли совиган қанча педагогларимиз дарс беряпти экан?..

Дарвоқе, бугун бояги талаблар янада замонавийлашган. Scopus ва бошқа халқаро рўйхатларга кирган журналларда мақола чиқармасангиз, сизнинг илмий ишингизни – ўзингиз Искандар, устозингиз Арасту бўлмайдими! – биров сариқ чақага олмайди. Биргина енгиллиги – ўзингиз кўрмаган ва билмаган бояги мажаллаларни қидириб овора бўлмайсиз: тахминан беш миллион сўм тўласангиз, Ўзбекистондаги обрўси ҳаминқадар журналдан қайтган мақолангизни ҳам чоп этиб беришади. Ўз илмий журналларимизни ўша рўйхатларга киритишга ҳаракат қилишдан кўра, юзлаб бўлғуси олимларнинг асабини қақшатадиган шундай «оқилона» йўл маъқул кўрилган…

Таълимнинг аҳволига ўта салбий таъсир этган яна бир омил ҳақида икки оғиз. Ўтган асрнинг 80-90-йилларида олий таълимда сиртдан ўқиш кенг тарқалган, бўлғуси педагоглар ярим йилда бир марта, бир ҳафта-ўн кун аудиторияда кўриниш берар эди. Кундузгида ўқийдиган талаба камида ярим йил ўқийдиган фан асосларини сиртқичилар икки-уч кунда «ўзлаштирар», саноқли кунларда ўнлаб предметдан баҳо олишга ҳам улгурар эди. У ёғи келгуси ярим йилгача фанга ҳам, китобу дарсликка ҳам хайр-хўш! Ўтган 25-30 йилдан буён мактабларимизда фаолият юритаётган ўқитувчиларнинг салмоқли қисмини, афсуски, шу тахлит таълим олганлар ташкил этди. Натижани эса кўриб турибмиз.

Бундай сабаб-омилларни яна кўп санаш мумкин. Николай Чернишевскийдан мерос машҳур савол эса ҳамон жавоб талаб қилаётир: нима қилмоқ керак? Мутлақ ҳаққониятга даъво қилмаган ҳолда айрим таклифларимни баён этсам:

– мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчиларига хорижий тил билан бирга ўзбек тили ҳам малакали педагоглар томонидан, хориж тилига ажратиладиган соатлардан кам бўлмаган тарзда мукаммал ўргатилиши керак;

– умумтаълим мактабларининг 5-синфидан эътиборан синфларни муайян фанларни чуқур ўргатишга ихтисослаштириш, ўқувчининг қизиқиш ва қобилияти, ота-онанинг истаги асосида тақсимлаб ўқитиш тизимини жорий этиш мақсадга мувофиқдир;

– академик лицей, касб-ҳунар коллежи ва техникумлардаги таълим-тарбия тизимини ислоҳ қилиб, ҳар йили ўртача ярим миллион нафарга кўпаяётган ёшларнинг бир гуруҳи чуқур билимли, бошқа катта қисми эса замонавий бозор талабидаги ҳунар эгаси бўлиб чиқишига эришмоқ зарур. Акс ҳолда, олий ўқув юртларига қабул квоталари ҳар қанча оширилмасин, мамлакатдаги ишсизлар сонини камайтириш, айни ейман-ичаман, оила қуриб уйли-жойли бўламан деб турган миллионлаб ёшларимизнинг хорижга қора меҳнатга чиқиб кетишидек хавфли тенденциянинг олдини олиб бўлмайди;

– Олий аттестация комиссияси деган, дунёдаги бир-икки давлатдагина қолган, илму фан ривожи йўлига тўғаноқ бўлаётган бюрократик идора хизматидан воз кечиб, илмий фаолиятни бошқариш, илмий унвон ва даражалар бериш ҳуқуқини олий таълим муассасалари ихтиёрига тўлиқ ўтказиш керак.

– Раҳмон ака, суҳбатимиз коронавирус аталмиш офат бутун дунёга мўр-малахдек ёпирилиб, инсониятни танг аҳволда қолдирган кунларда кечмоқда. Яқин ва олис тарихда кўплаб мушкулотлардан омон чиққан башарият Яратганнинг мадади ила бу имтиҳондан ҳам ўтгуси, иншооллоҳ! Аммо пандемиядан кейин одамзоднинг ҳаёти, ахлоқи ҳам жиддий ўзгаришга учраши тайин, шундай эмасми?

– Абдулла Ориповнинг «Она сайёра» шеъридаги илк сатрларни эслайлик: «Қаршимда Ер шарин суврати турар, / Салмоғи Қуванинг анорича бор…» Инсоният ўзининг темир панжаси ила ўша «Қува анори»ни эзиб-мижиқлаб, тобора ўткирлашиб бораётган тишлари билан уни тешиб, шарбатини очофатларча ютоқиб ичаётир…

Боя эслаганимиз – «еган оғиз уялар» деган халқнинг «емоқнинг қусмоғи бор» тарзидаги ҳикмати ҳам мавжуд. Илоҳим, бу жараённинг чўзилиб кетишидан, бегуноҳларнинг азият чекишидан Ўзи асрасин!

Фалокатнинг қачон тугаши, у ариганидан кейин ҳаёт қандай тус олишини ҳеч ким аниқ айтиб бера олмаётир. Одамзод йирик вулқонлар, улкан сув тошқинлари, довулу бўрон, зилзилаларни илм воситаси-ла аввалдан башорат қилади, улардан сақланишнинг тезкор чорасини кўради. Ҳозирги ёв эса мутлақо кўринмаслиги, хийлагина вақт сезилмаслиги билан ҳам ғоят хавфли, ўта маккордир. Шу нуқтаи назардан қараганда, бутун одамзод ҳатто кулгили ҳолга тушган: унинг шунча куч-қудрати, қурол-яроғию бойликлари, минг хил илмий ишланмалари, роботлари, сон-саноқсиз ноу-хаулари жимитдеккина танача қаршисида ожизу лол қолган!..

Дунё мумтоз адабиёти ва санъатининг жамики қаҳрамонларини беписанд четга суришда бир-биридан ўтаман деган суперменлар ҳам, ўргимчак одаму бетменлар ҳам жим-жим, сайёралараро урушлар қилиб юрган қаҳрамонлар эса тўрт метрли ҳовлисига ҳам ўйлаб чиқадиган бўлиб қолди. Худди реал ҳаётда бўлгани сингари, адабиёт ва санъатда ҳам кимнинг ким экани, инсониятга берадиган фойда-зарари нечоғли экани анча равшанлашиб қолди. Зеро, оммавий санъат қаҳрамонларига маҳлиё бўлган бугунги кун истеъмолчиси, масалан, Альбер Камю огоҳ этган «Вабо»даги доктор Риэни, Чингиз оға дунёга соғинган Эдигейни танимай қолган эди…

Бугун одамзоднинг жисму жони карантин – узлатга олинган. Бироқ ақлу тафаккурни иҳоталаб бўларканми! Аксинча, маълум бўлмоқдаки, айни шу шароитда инсоннинг тафаккур қилиши, мушоҳадага берилиши, ўз-ўзини тафтиш этиш имконияти ҳам, мажбурияти ҳам ошар экан. Бугунги воқелик бизни, ҳаёт тарзимизни, дунёқараш ва мўлжалларимизни ҳозирга қадар тутиб турган тушунчалар, қарашлар, мезонларга қайта назар солиш, уларни майдакўз элакдан ўтказишга ундамоқда.

Хоҳлаймизми-йўқми, дастлаб Хитойнинг олис бир шаҳрида юз кўрсатган коронавирус инфекциясининг икки-уч ой ичида бутун дунёга тарқалиб кетишида кимдир алқаб, кимдир қоралаётган глобаллашув муҳим омил бўлди. Афсуски, одамзод нима эвазига ҳузурбахш ҳаёт кечираётганини унутиб қўйган эди.

Муттасил ҳаракатланаётган юз минглаб ҳаво ва уммон лайнерларининг улкан моторларидан, бир дақиқа тўхтамай ишлаши лозим бўлган сон-саноқсиз иссиқлик электр станциялари мўриларидан заҳарли газлар чиқаётгани;

улкан мегаполисларда ҳар куни миллионлаб тонна ахлатнинг океан, дарё ва бошқа сув ҳавзаларига оқизилиши;

«Тезроқ, кўпроқ, арзонроқ» шиори остида паррандаю дарранда, ўсимликлар генида тажрибалар ўтказилиши, уларнинг инсон организмида не ўзгаришлар ясаши мумкинлигини охиригача ўйламаслик;

чиройли териси қай бир мультимиллионер никоҳсиз етаклаб юрган ойимчанинг яланғоч елкасида селкиллаб туриши учун Африка даштларидаги камёб қоплоннинг отиб ўлдирилаётгани;

ўз исмини тўғри ёзиш тугул, қаламни эплаб ушлолмайдиган корчалоннинг бармоғини безатиш учун мангу тоғлар бағри портлатилиб, ўйиб-тешилиб олмосу жавоҳирлар қидирилиши…

Бир сўз билан айтганда, инсоният оламдаги БУЮК МУВОЗАНАТга ортиқ даражада дахл қилмоқдаки, оқибатда ҳалокатларнинг занжирсимон реакцияси юзага келиши ҳеч гап эмас.

Қарангки, одамзоднинг ниҳоятда ақлли вакиллари илоҳий низом – мувозанатга қарши бориб, инсон зотининг жинсини ўзгартириш, уни ҳайвон билан чатиштириш, жониворлар генини дурагайлаштириш, ўз ҳамжинси билан оила қуришга… ўзини ҳақдор санамоқда. Худо кўрсатмасин-у, бу сингари кирдикорлар оқибати ўлароқ юзага чиқажак офатлар кўлами, даҳшати олдида коронавирус балоси ҳам ҳеч гап бўлмай қолиши мумкин!

Бугунги тараққиёт учун глобаллашув шу қадар зарур экан, бутун инсоният бир тану жон бўлиши керакми, йўқми? Ҳозирги ҳолида одамзодни шундай – бир-бирови билан ҳамкор, ҳамнафас умргузаронлик қилаётир деб бўладими? Афсуски, йўқ!

Дунёнинг бир буржидаги ишратпараст бойлар ҳаддан зиёд тўқлик сабаб яна қандай шўхлик ўйлаб топиш ҳақида бош қотираётган бўлса, бошқа буржида миллионлаб норасидалар оч-наҳор онасининг сутсиз кўкрагини тишлаганча, ўзига қаратилган камера экранига жавдираб боқаётир.

Бир замонлар эртакларга айланган («Бағдодда ҳаммаёқ тинч, ҳаммаёқ тинч!..»), дунё тамаддунига онабағирлик қилган кўҳна шаҳарларнинг бугун ўликларга тўлиб кетган қучоғидан қочиб бораркан, номард отган ўқдан юзтубан йиқилган болажон «Ҳаммасини Яратганга айтиб бераман!..» дея жон таслим этаётир. Дунёнинг бошқа бир четидаги маъмур шаҳарда эса пулдор эр-хотин бирига қимматбаҳо фрак ва мўъжаз шляпа, бошқасига бриллиант қадалган қирмизи кўйлакча кийдирилган кучукларини етаклаганча, навозиш билан ресторанга ошиқмоқда…

Воқелик эски ўзанга қайтгач, шояд ал-Мийсоқни унутиб, Яратувчисига исён қилган одамзоднинг ақлу ҳуши, имону инсофи, тақвою сабри ўзига қайтса!.. Зеро, бугунги синов одамзодга берилган сўнгги имкониятлардан бири бўлиши мумкин. Агар шундан кейин ҳам «Керак бўлса, Ер юзини фалон маротаба йўқ қилиб ташлашга қодирмиз!» деб кариллаётган зотлар ҳушига келмаса… очиғи, у ёғини тасаввур этмоққа ҳам қўрқади киши! Яратган инсониятни соғлом ақлу тафаккурдан жудо этмасин денг.

С.Ёқубов суҳбатлашди
«Тафаккур» журналидан олинди

Adabiyotshunos olim Rahmon Qo‘chqor bilan suhbatda bugungi kunning dolzarb muammolari – korrupsiyaga qarshi kurash, ta’lim tizimidagi illatlar, koronavirus ofati oqibatlari, ziyolilar ahvoli, so‘z erkinligi, adabiyot va davlat munosabati muhokama etilgan.

CHIVINLAR O’LDIRILMAYDI,
BOTQOQLAR QURITILADI!

Adabiyotshunos olim Rahmon Qo’chqor bilan suhbat


04Adabiyotshunos olim Rahmon Qo‘chqor bilan suhbatda bugungi kunning dolzarb muammolari – korrupsiyaga qarshi kurash, ta’lim tizimidagi illatlar, koronavirus ofati oqibatlari, ziyolilar ahvoli, so‘z erkinligi, adabiyot va davlat munosabati muhokama etilgan.

– Fozil jamiyatda davralarning to‘ri boyonlarga emas, ziyolilarga beriladi. Ammo bugun zamon tarozisida ma’rifatdan ko‘ra manfaat og‘irroq tosh bosayotir. Bozor talotumlari ta’siridamikan, jamiyatimizda ziyoli ahli xiyla kampisand bo‘lib qoldi. Yurtu millat taqdiriga daxldor masalalarda so‘nggi so‘z aytmoq huquqi ham sarmoyadorlarga peshkash qilingandek. Ziyolilarning bu holga tushish sababi ne? Intellektual qatlam nega o‘z so‘zini ayta olmayapti? Yo, zamona yo‘rig‘i shu ekan deya, ahli tujjorning oshig‘i olchi bo‘lganini tabiiy hol tarzida bilmoq kerakmi?
– O‘zbek tilida ixlos degan so‘z bor. Biron bir jiddiy natija, muvaffaqiyatga uningsiz erishib bo‘lmaydi. Qarangki, ixlos-la ish tutmoq quvvati ham kishining iste’dodiga bog‘liq. Boshqacha aytganda, iste’dodsiz odamlarda ixlos tuyg‘usi o‘ziga yarasha – haminqadar bo‘ladi.

O‘tgan asrning 80-yillari miyonalaridan 90-yillar o‘rtalariga qadar O‘zbekiston Yozuvchilar uyushmasi yig‘inlariga respublika bosh rahbarlari, mafkura bo‘yicha kotibu kotibalarining «o‘z oyoqlari bilan» kelishi, ijodkorlarning dardu hasratiga quloq tutishi odatga aylangan edi. O‘sha yig‘inlarda nafaqat yozuvchi-shoir, balki mamlakatning ko‘zga ko‘ringan fan darg‘alari – ekologlardan tortib kimyogarlargacha jon kuydirib nutq irod qilardi. Mashvaratlar millatning eng og‘riqli dardlari xususida bo‘lar, yozuvchi-shoirlar shaxsiy tashvishi – dalahovli ololmayotganiyu avtomashinaga muhtojligi masalasini o‘rtaga tiqishtirishni xayoliga ham keltirmas, agar biron bir qalamkash qursoq masalasida og‘iz juftlasa, o‘sha zahoti ko‘pchilikning achinish va nafrat qorishiq nigohiga duch kelar, darhol uzr so‘ray-so‘ray «joyini topib» o‘tirar edi.

Nega?

Chunki u yig‘inlarda Said Ahmad, Pirimqul Qodirov, Odil Yoqubov, Ozod Sharafiddinov, Begali Qosimov, Norboy Xudoyberganov, Erkin Vohidov, Abdulla Oripov, Rauf Parfi, Shukur Xolmirzayev, Halima Xudoyberdiyeva, Ahmad A’zam, Shavkat Rahmon, Muhammad Yusuf singari rahmatli ustozlarimiz, Umarali Normatov, Omon Matjon, Gulchehra Nurillayeva, Usmon Azim, Xurshid Do‘stmuhammad, Xurshid Davron, Mirzo Kenjabek kabi yoniq va yorqin iste’dod sohiblari ota mamlakat, ona millat dardi atrofida ixlos-la jipslashar, rahbarlarni o‘z so‘zini eshitishga majbur qilardi…

Endi o‘sha nuqtadan turib, ayni ko‘lamga solishtirib, bugungi intellektual qatlam holiga nazar tashlaylik. Kimlarni va nimalarni ko‘ramiz?

Afsuski, ko‘rajak holimiz Abdulla Qahhor o‘z avlodi ustidan o‘qigan ushbu beayov hukmni yodga soladi: «Bularning bir qismi yozish-chizishga bo‘lgan havasini talant deb o‘ylagan, shuning uchun adabiyotga yanglish kirgan odamlar. Yana bir qismi adabiyot qalbning bir chekkasini emas, hammasini talab qilishini bilmagan kishilar. Uchinchi bir qismini g‘urur-manmanlik kemirib-yeb, safdan chiqarib tashladi. Bular besh-o‘nta o‘quvchi orttirar-orttirmas kekkayib, o‘qimay qo‘ydi, o‘sishdan to‘xtadi. To‘rtinchi bir qismini o‘z hayotini tartibga solmaslik, yashay bilmaslik xarob qildi».

Keyingi yillarda bu kabi voqeliklar soni ortsa ortdiki, aslo kamaygani yo‘q. Mansab-martaba, mukofot-unvon, yumshoq o‘rindiqli xizmat mashinalari hamda birdan dimog‘ni shishirib yuboradigan salqin kabinetlar bir guruh iste’dodlarni komiga tortdi. Bilimli insonlarning kattagina qismini esa bozor atalmish yuho, tirikchilik tashvishi o‘z changalida ezib-yanchib tashladi. Yarim litrlik shisha bankada ishxonaga ko‘tarib kelinadigan – kechqurungi ovqatdan qolgan nasiba ziyolining tushlik rizqi bo‘lib qoldi.

Iste’dodli, ammo «propiskasiz» yoshlarning qancha-qanchasi yillab vatani poytaxtida mirshab qo‘liga tushishdan qochib, ishlab topgan arzimas qalam haqini ham ijarador qo‘liga tutqazib kun o‘tkazdi. Ularda xotirni jamlab o‘qib-o‘rganishga, bafurja mushohada yuritishga, olam va odam xususida insoniyat kelayotgan xulosalar bilan tanishishga na-da vaqt, na-da tuzukroq imkon bo‘ldi. Bunday sharoitda kishi tiynatida oydin dardlar, yorug‘ mushohadalar, umidli intilishlar emas, balki alamzadalik, hafsalasizlik, dunyo ishlaridan bezishdek yemiruvchi kayfiyat hukmronlik qilib, uning ortidan zamona ziyolilari orasida bir-biriga g‘ayirlik, o‘zaro yotlashuv muhiti yuzaga keladi.

Xo‘sh, shunday vaziyatda umumziyolilarning elu yurt dard-tashvishi tegrasida birlashishi, ilmiy va estetik tafakkurning hali ishga solinmagan cheksiz imkoniyatlarini kashf etishi xususida o‘ylab, orzu qilib bo‘ladimi?

Eslatganingiz – bozordagi tujjorlar muhitida esa buning butkul teskarisi. Birida yo‘q molning o‘sha zahoti ikkinchisidan topib berilishi, bir xaridorning ko‘nglini bittasi olsa, boshqa xaridor istagini uning hamkori bajo keltirishi, biznes sheriklarning birgalikda va oilaviy dam olishi, sayohatu safar uyushtirishi o‘zaro hamjihatlik ko‘rinishlaridir.

Mana shu ahvolda jamiyat, omma ko‘ziga ko‘proq kim tashlanadi? Ayniqsa, yoshlar kimga ko‘proq ergashadi, kimni ideal deb biladiyu kimga ixlos-la taassub qiladi?

O‘z maqsad-muddaosi, mo‘ljal-manzillari sari intilishda intellektual qatlam vakillari tujjorlar soyasida qolayotgan bo‘lsa, buning ildizlarini avvalo o‘zimizdan qidirmog‘imiz kerak. Chunki biz boya bir qismi sanab o‘tilgan qutqularga dosh berolmadik; birimiz unisining, boshqamiz bunisining domiga tushdik. Qolaversa, bu holga tek qarab turishdan boshqaga yaramayotgan jamiyatning umumiy madaniy-ma’rifiy saviyasi ham, tan olaylikki, o‘ziga yarasha.

– Adabiyot ila davlat munosabati borasida ikki yondashuv keng tarqalgan. Bir toifa davlat qalam ahliga mudom g‘amxo‘rlik ko‘rsatmog‘i lozim degan fikrda. Boshqasi esa, davlat adabiyotga homiylik qilmagani ma’qul, negaki, hatto iste’dod egalari ham «yegan og‘iz uyalar» tutumida qasidago‘ylikni kasbga aylantiradi deb hisoblaydi. Sizningcha, adabiyot va davlat robitasi qanday bo‘lmog‘i lozim?
– Avvalo, davlatning davlatdan farqi bor. Dunyoning ilg‘or demokratik mamlakatlarida ijodkor zoti siyosatu mafkura yo‘rig‘iga, hukumatning qosh-qovog‘iga qarab qolgan emas. Deylik, «Oskar» yoxud Kann festivali mukofoti kimga berilishiga AQSH yoki Fransiyaning rasmiy idoralari aralashmaydi. Ijodkorlarning turli uyushmalari erkin faoliyat yuritadi, qonunlar ularni nafaqat mamlakat ichida, balki xorijda ham himoya qiladi. Ijod ahlining moddiy-maishiy ahvoli o‘z harakatiga, asarlarining e’tirof etilish miqyosiga bog‘liq. Ular davlat beradigan yordam va mehribonchilikdan umid ham qilmaydi.

Bizga yoqadimi-yo‘qmi, Karl Marks xo‘b aqlli odam bo‘lgan. Sho‘roviy rahbarlar esa uning yo‘l-yo‘riqlarini amaliyotga joriy etishda obdon hafsala ko‘rsatgani ma’lum. Jumladan, «Shoirlar mehribonlikka muhtojdirlar» degan o‘gitga qat’iy amal qilib, ayni shu yo‘l bilan ne-ne iste’dodlar mafkuraga xizmat ettirildi. Bunday minnatli mehribonchilikni inkor etganlarning holi ne kechganini yaxshi bilamiz.

Shaxsan men ijod ishi, ijodkor faoliyatiga davlatning aralashuvini, har qancha aqlli bo‘lmasin, turli idoralarda o‘tirgan mas’ul shaxslarning iste’dodga yo‘l-yo‘riq ko‘rsatishini ma’qul, maqbul hol deb hisoblamayman. «Iste’dod» deya urg‘ulayotganim bejiz emas. Chunki bu ilohiy ne’matdan bebahra kishilar nafaqat davlat, balki oddiy dastyorning ham himmatiga ko‘z tikib yashashga mahkum; hozir gap ular xususida borayotgani yo‘q. Navoiy va Boyqaro, Nodira va Umarxon, Markes va Kastro munosabatlari noyob istisno ekanini, harqalay, hamma bilsa kerak.

Yegan og‘izning uyalishi esa, ayniqsa, Sharqda va yana ayniqsa, bizda ayni haqiqat! Yeb uyalish bir uyatli holat bo‘lsa, yeyishdan umidvor bo‘lib uyalishga doimiy tayyorlar safining uzunligi yanada sharmandalidir. Shuning uchun, keling, muqaddasotni «vositai joh»ga aylantirganlarni nari qo‘yib, ijodni, xususan, shoir va yozuvchilikni bola boqish, tirikchilik o‘tkazish dastagi emas, balki qismat deb bilgan chin ijodkorlardan ibrat olaylik. Eslasak, o‘shalarni eslaylikki, ko‘nglimiz ravshan, ruhimiz baland bo‘lsin.

– Naql qiladilarki, xalifa Umari Odil ayollarga tortiq etiladigan mahr miqdori ortib ketayotgani uchun erkaklarga yengillik bermoqchi bo‘lib, bir majlisda shuni cheklashdan gap ochibdi. Yig‘inda hozir bo‘lgan ayollardan biri «Ey mo‘minlar amiri! Olloh taolo o‘z Kalomida «Garchi ularga haddin ortiq mahr bergan bo‘lsangiz ham» deb marhamat qilgan. Demak, mahrni cheklashga haqqingiz yo‘q!» deya e’tiroz bildiribdi. Shunda xalifa «Ayol to‘g‘ri aytdi, Umar xato qildi» deb yanglishganini mardona tan olibdi. Rub’i maskunni idora etib turgan hukmdorning bir ojiza tanbehini so‘zsiz qabul qilishi bugun cho‘pchak bo‘lib tuyuladi. Negaki, asrlar mobaynida mezonu nizomlar butkul o‘zgarib ketgan…

— To‘g‘ri gap tuqqaningga yoqmaydi, deydi xalqimiz. Amal otiga mingan zamondoshlarimiz orasida ham haqiqatga tik boqib, rost so‘zni hazm qilabiladigan mardi mardon kam topiladi. Jamiyatimizda ko‘p uchrayotgan hol: OAVda biron tanqidiy maqola chop etilsa, hokimliklar muammoni hal etish o‘rniga jurnalistu blogerning shaxsi bilan «shug‘ullanadi», matbuot xizmati ham vaziyatni xaspo‘shlash uchun o‘trik to‘qishga tushadi. Bir suhbatingizda «Amaldorlar xizmat mashinasining qoraytirilgan oynasidan hayotni teran ko‘rolmaydi» degan edingiz. Xo‘sh, ishboshilarimizni haqiqat e’tirofiga qay yo‘l bilan o‘rgatsa bo‘ladi?
– Chinakam xalq shoiri Omon Matjon 1978 yilda «Yurtimdagi vazmin odamlar» degan she’r yozgan edi. Unda shunday satrlar bor:
Sal tuprog‘i yengil jonlardan
El ozmuncha ko‘rganmi g‘amlar?!.

Afsus… bu jarayon hali-hanuz davom etayotir. Davlat idoralarida tunu kun tinim bilmay mehnat qilayotganlar nomiga dog‘ tushirib, zimmasiga yuklangan vazifani do‘ndirib bajara olmasligining alamini boshqalar, aksar holda oddiy xalqdan olishga urinayotgan katta-kichik amaldorlar qilmishlaridan uyalamiz. Oyni etak bilan yopib bo‘lmaydi: ayrim mansabdorlarning fermerga, o‘qituvchiga, mahalla oqsoqoliga, onasi tengi ayolga, jurnalistu blogerga… qilayotgan qo‘poldan-qo‘pol muomala-munosabatini butun respublika, hatto xorijdagilar ham ko‘rmoqda, eshitmoqda.

Kamina bu holni nihoyatda og‘ir, malollik bilan qabul qilaman. Nima bo‘lyapti bizga? Shu ahvolimizda endi biz kimmiz? Kunimiz shularga qoldimi? Ishingni eplay olmayotgan ekansan, jirillamay, eplaydiganga topshirib ketmaysanmi?! Yopishib olgan kursichang tafti ko‘ngli muzlatilgan insonlar sha’nidan azizroqmi? Ko‘pchilik oldida o‘qituvchiga o‘shqirayotgan, fermerni haqorat qilayotgan, haq so‘zni aytayotgan jurnalistni jismonan mahv etish bilan tahdid o‘tkazayotgan «zoti oliylar» o‘zini kim deb fahmlaydi, tobora shishib borayotgan dimog‘ini qaysi shamollar ko‘tardiyu kim ularga izn-ixtiyor berdi?!

Nomaqbul qilmishlaridan yozg‘irganimiz amaldordan izoh so‘rasangiz, aksari to‘tiqushdek bir gapni takrorlaydi: «Nima, men uyimdagi ish uchun kuyunyapmanmi? Shaxsiy vazifamni bajarsin deb so‘kibmanmi? Xalqning ishi deb urishdim-da! Mendayam asab bor, men ham odamman, axir!»

Darhaqiqat, shunday, siz ham odamsiz, birodar. Ammo oddiy emas, xalq ishonib, vazifa berib qo‘ygan mas’ul odamsiz! Modomiki, shu mas’uliyatni bo‘yningizga olgan ekansiz, biz singari oddiy odamlardan farqli o‘laroq, endi sizning yurish-turishingiz ham, gap-so‘zingizu muomala-munosabatingiz ham o‘n chandon, yuz chandon namunali bo‘lmog‘i talab etiladi. Zero, siz to‘rt ulfati bilan choyxonada o‘tirib, dastyor bolaga «jizzani ber, choyni yangila» deydigan oshxo‘r emas, balki davlat idorasida, uning nomidan ish ko‘radigan mas’ul xodim, xalqning xizmatkorisiz!

Choyxonadagi mijoz turfa istagi bajo etilishi uchun yonidan pul to‘laydi. Siz esa budjetdan, demakki, mehnatkash xalq to‘laydigan soliqlar hisobidan maosh olasiz. Gapning xullasi shuki, choyxonadagi dastyorga ish buyuradigan xo‘randa siz emas, xalqdir! Afsuski, siz va sizga o‘xshagan ayrim oyog‘i yerdan uzilganlar xalqni hali-hamon choyxonadagi yugurdak bola xayol qilmoqda; unga ne buyursak, qachon va qanday buyursak – bajarishga majbur deb, nihoyatda xato o‘ylayapti.

Agar biz ham demokratik davlatlar safiga kirib, shu yo‘lda sobit turmoqni astoydil istasak, dunyoqarashimizni, ishga, odamlarga bo‘lgan munosabatimizni tubdan o‘zgartirmog‘imiz darkor. Bundan boshqa yo‘l yo‘q! Shu haqiqatni qancha tez anglasak, amalga aylantirsak – shuncha soz.

– Kuyunchak publitsist Karim Bahriyev korrupsiyaga qarshi kurashda aksar holda tadbirbozlik bilan cheklanayotganimiz, eng xatarlisi, sabab emas, oqibat bilan kurashayotganimiz haqida maqola e’lon qildi. Ustoz Xurshid Do‘stmuhammad jurnalimizga bergan intervyusida qarindosh-urug‘chilik, tanish-bilishchilik qon-qonimizga singib ketgani azaliy va «ardoqli» mezon ekani, shu bois ham qonun ustuvorligiga erishish mushkul kechayotganini ta’kidladi.

— Rahmon aka, bir necha yildan beri huquqshunoslik dorilfununida saboq berib kelasiz. Yurtimizda korrupsiya ildizini qirqishning eng maqbul yo‘li nimada deb bilasiz? Servantesning shamol tegirmoni bilan jang qilgan mashhur qahramoni holiga tushmaslik uchun bu borada qanday chora qo‘llagan ma’qul?
– Bundan ikki yil avval Adliya vazirligi e’lon qilgan «Biz, yoshlar – korrupsiyaga qarshimiz» mavzusidagi insholar tanlovida hay’at a’zosi sifatida qatnashishga to‘g‘ri keldi. Unda g‘oliblik namanganlik kollej o‘quvchisiga nasib etdi. Zukko qizimiz inshosiga nomi unchalik mashhur bo‘lmagan ovrupolik bir ziyolining mana bu fikrini epigraf qilib tanlabdi: «Chivinlar o‘ldirilmaydi, botqoq quritiladi!»

Dono gap, to‘g‘rimi?

«Falon tuman hokimi o‘rinbosari, piston universitet prorektori… pora olayotganida qo‘lga tushirildi» degan hisobotlar «bir-ikki chivinning o‘ldirilishi»dan boshqa narsa emas, nazarimda. Botqoq bor ekan, chivin yashayveradi. Tuzum va tizimda porasiz ish bitmas, aniqrog‘i, ish bitkazish uchun pora olish mumkin bo‘lgan yoriqlar – «huquqiy bo‘shliqlar» mavjud ekan, bir martalik choralar bilan jiddiy o‘zgarishga erishib bo‘lmaydi. Bir chivin o‘rniga ikkinchisi… o‘ninchisi kelib, g‘ujg‘on o‘ynayveradi. Zero, tabiatda ham bulbul yoki ohudan ko‘ra, botqoqnishinlarning xiliyu urug‘i ko‘p.

Demak, botqoqni quritish lozim! Bu – iqtisodiyotda bozor tizimiga, davlat, jamiyat boshqaruvida demokratiya va kuchli fuqarolik institutlari tizimiga butkul o‘tmog‘imiz; e’tiqod, ijod va fikr jabhasida to‘liq erkinlikka erishmog‘imiz darkor degani. Chala bozor va yarim markazlashgan ma’muriy boshqaruv tizimi omuxtasi bilan uzoqqa borib bo‘lmaydi. Bunday sharoitda rahbarlarning past-baland saviyasi, jiddiy sinovdan o‘tmagan bilim va tajribasi, har kun o‘zgarib turuvchi kayfiyatiga qarab ish ko‘rishdan, muammolarni yechish emas, yechilgandek qilib ko‘rsatishdan nariga o‘tolmaymiz.

Ham ishlab chiqarish hajmi va ko‘lami, ham aholi talab-istaklarining rang-barangligi borasida bizdan ancha peshqadam Finlyandiya hukumatini qirqqa ham kirmagan ayol bemalol boshqara olayotgani sababi nimada? Biz sanagan omillar – iqtisodiyotda bozor tizimi, davlat va jamiyat boshqaruvida demokratiya va kuchli fuqarolik ins­titutlari tizimiga o‘tilgani; e’tiqod, ijod va fikr jabhasida to‘liq erkinlikka erishilganida! Bunday davlatlarda muammolar bir-ikki shaxsning ixtiyoriga ko‘ra emas, balki qonunga ko‘ra hal etiladi.

Buni obrazli tarzda ifodalash mumkin: mirishkor dehqon paykalda shunday egat oladiki, o‘qariqdan oqayotgan suv yuzlab ariqchalar bo‘ylab bir tekis taqsimlanib, ekinni birdek yashnatadi. Biror joyda suv (moddiy boyliklar deb o‘qing) to‘planib, botqoq hosil bo‘lib chivin bosmaydi, boshqa bir joyga esa suv yetib bormay, ekin (mehnatkash xalq deb o‘qing) qurib-qaqshamaydi. Xo‘sh, bunday ochiq va tekis dalada – davlatda, jamiyatda kim, nima uchun pora berishi kerak deysiz!..

– Mamlakatimiz ta’lim tizimi islohga muhtoj ekani oliy minbarlarda ham bot-bot ta’kidlanmoqda. Bu jabhada mutaraqqiy dunyo tajribasiga tayanib katta o‘zgarishlar qilinayotgani quvonarli. Ammo sifat emas, son ortidan quvish, mohiyat qolib, shaklga yopishish illatidan hamon qutula olganimizcha yo‘q. Oliy o‘quv yurtlari talabalaridan bo‘yinbog‘ talab qilish yoki maktab o‘quvchilarining sochini millimetrlab o‘lchash kabi «olamshumul» choralar o‘sha daqqi qarashlar asoratidir. Yurtimiz ta’lim tizimini tanazzul botqog‘idan xalos etish borasidagi takliflaringizni bilsak.
– Ta’lim tizimining hozirgi ahvoli bir-ikki sabab natijasi bo‘lganida edi, o‘shalarni tezda bartaraf etish orqali soha oyoqqa turg‘azib yuborilardi. Afsuski, ta’lim-tarbiya sohasini abgor qilgan eski va yangi sabablar nihoyatda ko‘p…

O‘tgan asrning 80-yillari oxiri. Biz – yosh o‘qituvchi va ilmiy izlanuvchilar Talabalar shaharchasidagi oilaviy yotoqxonada istiqomat qilamiz. Qo‘shni xonada nomzodlik dissertatsiyasi bo‘yicha ishlayotgan fizik va matematik ukalarimiz turadi. O‘zbekning oddiy, lekin chinakam olim bo‘lish siyoqi bor yigitlari! Kunlarning birida fizik ukamizdan ilmiy ishi haqida so‘radim. U mavzuning nomini aytdi-yu, lekin mazmun-mohiyati maxfiyroq sohalarga daxldor ekanini ta’kidladi. Ayni choqda, tadqiqotning «grajdanka»da ham qo‘llash mumkin bo‘lgan foydali jihatlari bor ekan – o‘shalarni bir-bir sanab berdi.

Oradan ikki yil o‘tdi. Bu orada men boshpanamni o‘zgartirdim. Qishning qorasovuq kunlari edi. Ertaga yangi yil degan kuni kechqurun Oloy bozoridan ul-bul xarid qilib yon darvozadan chiqib ketayotgan edim, katta temir stol qo‘yib olib mandarin sotayotgan odam ko‘zimga issiq ko‘rindi. Egnida eski paxtalik kalta to‘n, boshida kuya yegan telpak. Yaqinroq borib qarasam, o‘sha fizik ukamiz. Sovuqdan ko‘kariblar ketibdi. Savdosiga xalal bermaslik uchun qisqagina hol-ahvol so‘radim. «Aka, ishim bitib bo‘lgan, faqat VAKning (Oliy attestatsiya komissiyasi) ming bitta talabi orasida markazdagi jurnalda maqola chiqarish degan joyi ham bor ekan, – dedi yigit. – U yoqlarga maqola olib borish uchun yo‘lkira, mehmonxona haqi, sovg‘a-salom degandek… Shunga bir savdogarga yollanganman. Pul topmasam bo‘lmaydi…»

Yaqinda Milliy universitetga yo‘lim tushib, yana o‘sha yigitni ko‘rdim. Endi bafurjaroq suhbatlashdim, doktorlikni yoqlagan-yoqlamaganini so‘radim. Bu safar uning javobi qisqa bo‘ldi: «Nomzodlikni yoqlaguncha ko‘rganlarim yetarli! Ko‘ngil sovib ketdi, aka».

Oliy o‘quv yurtlarida ilmiy ishni yozishdan ko‘ra uni yoqlash yo‘lidagi mantiqsiz talablardan bezgan, ko‘ngli sovigan qancha pedagoglarimiz dars beryapti ekan?..

Darvoqe, bugun boyagi talablar yanada zamonaviylashgan. Scopus va boshqa xalqaro ro‘yxatlarga kirgan jurnallarda maqola chiqarmasangiz, sizning ilmiy ishingizni – o‘zingiz Iskandar, ustozingiz Arastu bo‘lmaydimi! – birov sariq chaqaga olmaydi. Birgina yengilligi – o‘zingiz ko‘rmagan va bilmagan boyagi majallalarni qidirib ovora bo‘lmaysiz: taxminan besh million so‘m to‘lasangiz, O‘zbekistondagi obro‘si haminqadar jurnaldan qaytgan maqolangizni ham chop etib berishadi. O‘z ilmiy jurnallarimizni o‘sha ro‘yxatlarga kiritishga harakat qilishdan ko‘ra, yuzlab bo‘lg‘usi olimlarning asabini qaqshatadigan shunday «oqilona» yo‘l ma’qul ko‘rilgan…

Ta’limning ahvoliga o‘ta salbiy ta’sir etgan yana bir omil haqida ikki og‘iz. O‘tgan asrning 80-90-yillarida oliy ta’limda sirtdan o‘qish keng tarqalgan, bo‘lg‘usi pedagoglar yarim yilda bir marta, bir hafta-o‘n kun auditoriyada ko‘rinish berar edi. Kunduzgida o‘qiydigan talaba kamida yarim yil o‘qiydigan fan asoslarini sirtqichilar ikki-uch kunda «o‘zlashtirar», sanoqli kunlarda o‘nlab predmetdan baho olishga ham ulgurar edi. U yog‘i kelgusi yarim yilgacha fanga ham, kitobu darslikka ham xayr-xo‘sh! O‘tgan 25-30 yildan buyon maktablarimizda faoliyat yuritayotgan o‘qituvchilarning salmoqli qismini, afsuski, shu taxlit ta’lim olganlar tashkil etdi. Natijani esa ko‘rib turibmiz.

Bunday sabab-omillarni yana ko‘p sanash mumkin. Nikolay Chernishevskiydan meros mashhur savol esa hamon javob talab qilayotir: nima qilmoq kerak? Mutlaq haqqoniyatga da’vo qilmagan holda ayrim takliflarimni bayon etsam:

– maktabgacha ta’lim muassasalari tarbiyalanuvchilariga xorijiy til bilan birga o‘zbek tili ham malakali pedagoglar tomonidan, xorij tiliga ajratiladigan soatlardan kam bo‘lmagan tarzda mukammal o‘rgatilishi kerak;

– umumta’lim maktablarining 5-sinfidan e’tiboran sinflarni muayyan fanlarni chuqur o‘rgatishga ixtisoslashtirish, o‘quvchining qiziqish va qobiliyati, ota-onaning istagi asosida taqsimlab o‘qitish tizimini joriy etish maqsadga muvofiqdir;

– akademik litsey, kasb-hunar kolleji va texnikumlardagi ta’lim-tarbiya tizimini isloh qilib, har yili o‘rtacha yarim million nafarga ko‘payayotgan yoshlarning bir guruhi chuqur bilimli, boshqa katta qismi esa zamonaviy bozor talabidagi hunar egasi bo‘lib chiqishiga erishmoq zarur. Aks holda, oliy o‘quv yurtlariga qabul kvotalari har qancha oshirilmasin, mamlakatdagi ishsizlar sonini kamaytirish, ayni yeyman-ichaman, oila qurib uyli-joyli bo‘laman deb turgan millionlab yoshlarimizning xorijga qora mehnatga chiqib ketishidek xavfli tendensiyaning oldini olib bo‘lmaydi;

– Oliy attestatsiya komissiyasi degan, dunyodagi bir-ikki davlatdagina qolgan, ilmu fan rivoji yo‘liga to‘g‘anoq bo‘layotgan byurokratik idora xizmatidan voz kechib, ilmiy faoliyatni boshqarish, ilmiy unvon va darajalar berish huquqini oliy ta’lim muassasalari ixtiyoriga to‘liq o‘tkazish kerak.

– Rahmon aka, suhbatimiz koronavirus atalmish ofat butun dunyoga mo‘r-malaxdek yopirilib, insoniyatni tang ahvolda qoldirgan kunlarda kechmoqda. Yaqin va olis tarixda ko‘plab mushkulotlardan omon chiqqan bashariyat Yaratganning madadi ila bu imtihondan ham o‘tgusi, inshoolloh! Ammo pandemiyadan keyin odamzodning hayoti, axloqi ham jiddiy o‘zgarishga uchrashi tayin, shunday emasmi?
– Abdulla Oripovning «Ona sayyora» she’ridagi ilk satrlarni eslaylik: «Qarshimda Yer sharin suvrati turar, / Salmog‘i Quvaning anoricha bor…» Insoniyat o‘zining temir panjasi ila o‘sha «Quva anori»ni ezib-mijiqlab, tobora o‘tkirlashib borayotgan tishlari bilan uni teshib, sharbatini ochofatlarcha yutoqib ichayotir…

Boya eslaganimiz – «yegan og‘iz uyalar» degan xalqning «yemoqning qusmog‘i bor» tarzidagi hikmati ham mavjud. Ilohim, bu jarayonning cho‘zilib ketishidan, begunohlarning aziyat chekishidan O‘zi asrasin!

Falokatning qachon tugashi, u ariganidan keyin hayot qanday tus olishini hech kim aniq aytib bera olmayotir. Odamzod yirik vulqonlar, ulkan suv toshqinlari, dovulu bo‘ron, zilzilalarni ilm vositasi-la avvaldan bashorat qiladi, ulardan saqlanishning tezkor chorasini ko‘radi. Hozirgi yov esa mutlaqo ko‘rinmasligi, xiylagina vaqt sezilmasligi bilan ham g‘oyat xavfli, o‘ta makkordir. Shu nuqtai nazardan qaraganda, butun odamzod hatto kulgili holga tushgan: uning shuncha kuch-qudrati, qurol-yarog‘iyu boyliklari, ming xil ilmiy ishlanmalari, robotlari, son-sanoqsiz nou-xaulari jimitdekkina tanacha qarshisida ojizu lol qolgan!..

Dunyo mumtoz adabiyoti va san’atining jamiki qahramonlarini bepisand chetga surishda bir-biridan o‘taman degan supermenlar ham, o‘rgimchak odamu betmenlar ham jim-jim, sayyoralararo urushlar qilib yurgan qahramonlar esa to‘rt metrli hovlisiga ham o‘ylab chiqadigan bo‘lib qoldi. Xuddi real hayotda bo‘lgani singari, adabiyot va san’atda ham kimning kim ekani, insoniyatga beradigan foyda-zarari nechog‘li ekani ancha ravshanlashib qoldi. Zero, ommaviy san’at qahramonlariga mahliyo bo‘lgan bugungi kun iste’molchisi, masalan, Alber Kamyu ogoh etgan «Vabo»dagi doktor Rieni, Chingiz og‘a dunyoga sog‘ingan Edigeyni tanimay qolgan edi…

Bugun odamzodning jismu joni karantin – uzlatga olingan. Biroq aqlu tafakkurni ihotalab bo‘larkanmi! Aksincha, ma’lum bo‘lmoqdaki, ayni shu sharoitda insonning tafakkur qilishi, mushohadaga berilishi, o‘z-o‘zini taftish etish imkoniyati ham, majburiyati ham oshar ekan. Bugungi voqelik bizni, hayot tarzimizni, dunyoqarash va mo‘ljallarimizni hozirga qadar tutib turgan tushunchalar, qarashlar, mezonlarga qayta nazar solish, ularni maydako‘z elakdan o‘tkazishga undamoqda.

Xohlaymizmi-yo‘qmi, dastlab Xitoyning olis bir shahrida yuz ko‘rsatgan koronavirus infeksiyasining ikki-uch oy ichida butun dunyoga tarqalib ketishida kimdir alqab, kimdir qoralayotgan globallashuv muhim omil bo‘ldi. Afsuski, odamzod nima evaziga huzurbaxsh hayot kechirayotganini unutib qo‘ygan edi.

Muttasil harakatlanayotgan yuz minglab havo va ummon laynerlarining ulkan motorlaridan, bir daqiqa to‘xtamay ishlashi lozim bo‘lgan son-sanoqsiz issiqlik elektr stansiyalari mo‘rilaridan zaharli gazlar chiqayotgani;
ulkan megapolislarda har kuni millionlab tonna axlatning okean, daryo va boshqa suv havzalariga oqizilishi;
«Tezroq, ko‘proq, arzonroq» shiori ostida parrandayu darranda, o‘simliklar genida tajribalar o‘tkazilishi, ularning inson organizmida ne o‘zgarishlar yasashi mumkinligini oxirigacha o‘ylamaslik;
chiroyli terisi qay bir multimillioner nikohsiz yetaklab yurgan oyimchaning yalang‘och yelkasida selkillab turishi uchun Afrika dashtlaridagi kamyob qoplonning otib o‘ldirilayotgani;
o‘z ismini to‘g‘ri yozish tugul, qalamni eplab ushlolmaydigan korchalonning barmog‘ini bezatish uchun mangu tog‘lar bag‘ri portlatilib, o‘yib-teshilib olmosu javohirlar qidirilishi…

Bir so‘z bilan aytganda, insoniyat olamdagi BUYUK MUVOZANATga ortiq darajada daxl qilmoqdaki, oqibatda halokatlarning zanjirsimon reaksiyasi yuzaga kelishi hech gap emas.

Qarangki, odamzodning nihoyatda aqlli vakillari ilohiy nizom – muvozanatga qarshi borib, inson zotining jinsini o‘zgartirish, uni hayvon bilan chatishtirish, jonivorlar genini duragaylashtirish, o‘z hamjinsi bilan oila qurishga… o‘zini haqdor sanamoqda. Xudo ko‘rsatmasin-u, bu singari kirdikorlar oqibati o‘laroq yuzaga chiqajak ofatlar ko‘lami, dahshati oldida koronavirus balosi ham hech gap bo‘lmay qolishi mumkin!

Bugungi taraqqiyot uchun globallashuv shu qadar zarur ekan, butun insoniyat bir tanu jon bo‘lishi kerakmi, yo‘qmi? Hozirgi holida odamzodni shunday – bir-birovi bilan hamkor, hamnafas umrguzaronlik qilayotir deb bo‘ladimi? Afsuski, yo‘q!

Dunyoning bir burjidagi ishratparast boylar haddan ziyod to‘qlik sabab yana qanday sho‘xlik o‘ylab topish haqida bosh qotirayotgan bo‘lsa, boshqa burjida millionlab norasidalar och-nahor onasining sutsiz ko‘kragini tishlagancha, o‘ziga qaratilgan kamera ekraniga javdirab boqayotir.

Bir zamonlar ertaklarga aylangan («Bag‘dodda hammayoq tinch, hammayoq tinch!..»), dunyo tamadduniga onabag‘irlik qilgan ko‘hna shaharlarning bugun o‘liklarga to‘lib ketgan quchog‘idan qochib borarkan, nomard otgan o‘qdan yuztuban yiqilgan bolajon «Hammasini Yaratganga aytib beraman!..» deya jon taslim etayotir. Dunyoning boshqa bir chetidagi ma’mur shaharda esa puldor er-xotin biriga qimmatbaho frak va mo‘’jaz shlyapa, boshqasiga brilliant qadalgan qirmizi ko‘ylakcha kiydirilgan kuchuklarini yetaklagancha, navozish bilan restoranga oshiqmoqda…

Voqelik eski o‘zanga qaytgach, shoyad al-Miysoqni unutib, Yaratuvchisiga isyon qilgan odamzodning aqlu hushi, imonu insofi, taqvoyu sabri o‘ziga qaytsa!.. Zero, bugungi sinov odamzodga berilgan so‘nggi imkoniyatlardan biri bo‘lishi mumkin. Agar shundan keyin ham «Kerak bo‘lsa, Yer yuzini falon marotaba yo‘q qilib tashlashga qodirmiz!» deb karillayotgan zotlar hushiga kelmasa… ochig‘i, u yog‘ini tasavvur etmoqqa ham qo‘rqadi kishi! Yaratgan insoniyatni sog‘lom aqlu tafakkurdan judo etmasin deng.

S.Yoqubov suhbatlashdi
«Tafakkur» jurnalidan olindi

09

(Tashriflar: umumiy 266, bugungi 1)

Izoh qoldiring