Кутубхонамизнинг бугунги саҳифамизда икки ёш шоир — Бек Али ва Анвар Ботир ўғли шеърлари билан танишасиз…
ИККИ ШОИР ДАФТАРИДАН
Бек АЛИ
ШЕЪРЛАР
ҚИЗИМГА МАКТУБ
Ўзимга энг катта жазо ўзимман,
Ўзимнинг энг катта душманим ўзим.
Қуралай кўзингдан, шаҳло кўзингдан
кичикроқ олчалар пишдими, қизим?
Мен йўқман, аллага бурканар кулба,
Ёдингга тушарми қайсидир сўзим?
Яйраб кулганингда боғда мевалар
бағримдай узилиб тушарми, қизим?
Мен йўқман, қалдирғоч қайтади лекин,
У учун мўътабар айвондаги ин.
Сен ундан дадангни сўрасанг, секин,
инлари ўприлиб тушдими, қизим?
Мен йўқман, бир куни йўқолар соям,
Қайсидир шеърни деб қародир юзим.
Бир дарахт бўларди «қароли» деган,
Ҳали ҳам меваси қароми, қизим?
Ёдимда, тумандай чангиган кўча
Ва таёқ кўтариб қувлаган қўшни.
Севаман, шира тушган кўйлагинггача
соғиниб-соғиниб хаёл суришни!
Севаман, ариқнинг ёнида ялпиз
чуқур хаёлларга берилган кунни.
Наҳотки унутмоқ мумкиндир, айт-чи,
сенинг ҳароратинг тушмаган тунни?!..
Биламан, дуёнинг тўрт томонига
тўртта унсур каби сочилган тузим.
Илк бор қадам қўйсанг илм комига,
Ўзим ўриб қўйсам сочингни, қизим!
Билмам. Насиб этар балки у кун ҳам,
Балки сафарлар ҳам топар ниҳоя.
Айт-чи, дайди итлар қайтиб, бугун ҳам
жизғанак қишлоқда изларми соя?
О, қизим, шамоллар тополмас макон,
Гар ошиқ бўлмаса булбул балодир.
Баъзида ариққа ботирилган нон
бебош болаларнинг ақлин олодир.
Қишлоқда бир Худо бўлади ишон,
Қолганлар биз каби мотамсародир.
Сен учун олисда сақлаяпман жон,
Лекин бу ерларда ҳамма «Худо»дир.
ЎЗ ҚОВУРҒАМ
Шайтонни ҳушёр айлади,
Не деса, инкор айлади.
Бир ҳовуч тупроқдин мени
Тангрим қориб бор айлади.
Бу жаҳонда эдим ёлғиз,
Йиғлайвердим, тотмадим туз.
Бир ухладим. Кейин Ул ўз
Қовурғамга лол айлади.
Қайлардасан, додинг борми?
Мени эслар ёдинг борми?
«Ҳижрон» деган фандин сени
Айт, зарра саводинг борми?
Айтгил, нечун чекмайсан ғам,
Ўйлар бўлсам, ахир бу дам:
Во дариғо ўз қовурғам
Бағримни шудгор айлади.
***
Йўқотганим недир?
Топганим недир?
«Осмон», деб бошимга ёпганим недир?
Ҳамма қуёш бўлиб чарақлаганда,
Мен эса узлатга ботганим недир?
Совиганим недир?
Ёнганим недир?
Душманни ташвишга солганим недир?
Хайёмга тақлиддан бошланган қусур,
Мен эса балога қолганим недир?
Сени кўп севардим парвойи-палак,
Энди мен ҳалакман, муҳаббат ҳалак.
Бошкийимни олиб ўйлаб қарасак,
Энди сени ёдга олганим недир?..
Тонгда жойнамозга бошимни қўйиб,
Тунда иймонимни сотганим недир?
Енгиллашиш учун шароб симириб,
Оғир хаёлларга ботганим недир?
Онажон, мен сизни ташлаб кетганман,
Отажон, мен сиздан ўгирганман юз…
Сизларни ўлдирса меҳнат ўлдирар,
Мени эса гўрга тиқади афсус!
Бўшанг бола эдим, катта шаҳарда
Туртила-туртила қотганим недир?
Чол кампир мункиллаб тиниб-тинчимас,
Мен оёқ узатиб ётганим недир?
Художон, мен сенга кўнглимни бердим,
Қисматинг бол дейсан, тотганим недир?
Дунёни Кузатмиш ягона дердим,
Дунёни кузатиб ётганим недир?!
ИҚРОР
Бу гирёна эллара
Гирён боқаман доим,
Бу ҳайрона эллара
Ҳайрон боқаман доим.
Сувоқ кўрмаган уйга
Қалдирғочлар ин қўйган,
Мен ҳам тушиб шу куйга
Вайрон боқаман доим.
Кибр шамоли эсди,
Ютмаган зот қолмади.
«Манфаат» сўзини эсда
Тутмаган зот қолмади.
Тупроқ эдим, бошимга
Чиқмаган зот қолмади.
Ҳатто бош кўтариб ҳам
Арзон боқаман доим.
Эй, ялпизни эркалаб,
«Болам», деган она ер.
Кенжа қизин эркалаб,
«Онам», деган она ер.
Олисларга тикилиб
Елкаларим мунғаюр.
Ботаётган қуёшга
Алвон боқаман доим.
Кечир менга дард бериб
Дарвешга дўндирган зот.
Даштдай қайсар руҳимда
Нилуфар ундирган зот.
Баъзан ўзим чақирган
Қисматнинг дастидан дод!
Деб сенинг кўзларингга
Ёлғон боқаман доим.
АЙЛАНАР
Ёмғир қорга айланар,
Қиш баҳорга айланар.
Кийикдай ўйноқи қиз
Мунис ёрга айланар,
Мен эрга айланаман.
Сув булутга айланар,
Меҳр сутга айланар,
Кўксингда йиғилган ғам
Жим, сукутга айланар,
Мен сирга айланаман.
Чумолича жоним бор,
«Болам», деб йиққоним бор.
Бир пиёла май берсанг
«Темурийдан қоним бор!»,
Деб шерга айланаман.
Ўв-в адашган руҳимда
Ғалат азоб туради.
Мен қишлоқда йўғимда
Отам кетмон уради,
Мен терга айланаман.
Бойлик қўриганлар-у,
Бахтни қурганлар билан.
Жаннат талаб сўфи-ю
Ва дўзахи ғар билан
Ер шарига чиқволиб,
Қуёшнинг атрофида
Мен бирга айланаман.
Тошлар қумга айланар,
Сув қултумга айланар.
Қабрим бошида билмам
Кимлар кимга айланар,
Мен ерга айланаман.
БИР ЁМҒИР ЁҒСАЙДИ
«Бир ёмғир ёғсайди, тинмай ёғсайди…»
Абдурашид Сувонов
Бир ёмғир ёғсайди, тинмай ёғсайди,
Шамол найрангига кўнмай ёғсайди.
Менинг оҳоримни ювиб кетсину
Сенинг юзларингга қўнмай ёғсайди.
Гуноҳим елкалаб ўтарман бот-бот,
Ҳаёсиз лаблардан изларман новвот.
Бу осий бошимга, эй яратган Зот
Бир ёмғир ёғсайди, тинмай ёғсайди.
Қай кун кипригингда намми кўргандим?
Мени деб чекилган ғамми кўргандим?
Она, яноқларим қақраб тургандим,
Бир ёмғир ёғсайди, тинмай ёғсайди.
«Яшинман!», дедиму булутни кесдим,
Ота, дағал бўлдим – сукутни кесдим.
Соянгда соялаб, сен тутни кесдим,
Бир ёмғир ёғсайди, тинмай ёғсайди.
Майсалар қайтадан тутар эмиш бош,
Билмадим, қайтадан бўларманми пок.
Яна булутларсиз қораймоқда қош,
Қайдадир, савгилим кўз ёшинг ҳалок.
Эзғин туйғуларинг, мискиндир бардош,
Наҳот кўз ёшингда этдим иштирок!?..
Яна тонгни кутдим қоқмасдан мижжа,
(хира кенгликларда туман оқсайди)
Севгим, меним бўлди чангиган кўча,
Бир ёмғир ёғсайди, тинмай ёғсайди…!
ШОИР ҲАҚИДА АФСОНА
Қачонлардир сел келиб қишлоғини олгандай,
Кенг далада чайла-ю тўртта чўпон қолгандай.
Худойим косасига кўзёшини солгандай,
Кечиб қариндошлардан ичаверди бир шоир.
Шайтон айтди: «Роҳат бор, кел ўйнаймиз куламиз,
Бу беш кунлик дунёда оға-ини бўламиз!».
Унинг қошида иблис ип эшолмас биламиз,
Пайғамбардан қолишмай кўчаверди бир шоир.
Алам қилар, гар она боласини унутса,
Туғриқ чоғи, азобу ноласини унутса,
Самарқанднинг бағрида ўтган дамларин қўмсаб,
Ўз ватанин ёдидан ўчаверди бир шоир!
Ҳаммасига қўл силтаб ичаверди бир шоир!
Унда қолган қадрдон, унда қолган хаёли,
Унда қолган уч жужуқ эркалатиб аёли.
Гоҳида ўриндиқдан турмоққа келмай ҳоли,
Еттинчи осмонида учаверди бир шоир.
Сизга айтмас, ичинда аждаҳо ўт пуфлайди,
Сизга айтмас, ичинда Сулаймонлар ухлайди.
Сизга айтса, ер шарин айланиши тўхтайди,
Фалакнинг жумбоғини ечаверди бир шоир.
Бўлди, унга гап сотманг дунёнинг торлигидан,
Лайлонинг соддалиги, Мажнуннинг хорлигидан.
Ҳали унинг қотмаган юраги борлигидан
Симёғочни «тоғам», деб қучаверди бир шоир!
Дуч келганни дўст билиб ичаверди бир шоир!
САМАРҚАНД
Манглайимга қўл тираб боқсам кўринасанми?
Сен томона мўлтираб боқсам кўринасанми?
Уйқусиз кечаларнинг гоҳ адоғи кўринмас,
Балки кундузи чироқ ёқсам кўринасанми?
Сендан нишон ахтариб кўзим толди, Самарқанд!
Боласидан-да ғариб онам қолди, Самарқанд!
От ҳайдаган эрларнинг пойини ўпиб келдинг,
Кузатган боланг бисёр, барини кутиб келдинг.
Бири жаҳонгашта-ю, бири жононгаштадир,
Падаркуш болангни-да айбидан ўтиб келдинг.
Сендан нишон ахтариб кўзим толди, Самарқанди!
Кетмон билан алданиб отам қолди, Самарқанд!
Бибихонимдан бошлаб ёр кутади аёллар,
Баҳорда кетса эри, қор кутади аёллар.
Иқбол кутмас эридан, рўзғор кутмас эридан,
Бир эркакка яраша ор кутади аёллар.
Сендан нишон ахтариб кўзим толди, Самарқанд!
Тор кулбада ясаниб ёрим қолди, Самарқанд!
Ҳувуллаб ўтар умрим, гувуллаб ўтар умрим,
Дийдорингга вақт топмай, зувиллаб ўтар умрим.
Гоҳ ишхона, гоҳ кўча, гоҳ шинам кафеларда
Гап сотиб ўзга умрин ўғирлаб ўтар умрим.
Орзулар мени турли куйга солди, Самарқанд!
Дала-даштда қўй боқиб дўстим қолди, Самарқанд!
Рус даласин пойида кўрфазлар кўринармиш,
Кўк кўллар кўринармиш, кўп ғозлар кўринармиш.
Мен туғилган тупроқда авлиёлар ҳоки-ю
Осмонига қарасанг гумбазлар кўринармиш.
Сендан нишон ахтариб кўзим толди, Самарқанд!
Яна қайга сочилган тузим қолди, Самарқанд!
Темурбек қўшинлари тиллога тўйган экан,
Ғалаба-ю аёлу урҳога тўйган экан.
Бир савол қийнар фақат, ёри қолиб иккиқат
Туғилган фарзандига қандай ном қўйган экан?
Сендан нишон ахтариб кўзим толди, Самарқанд!
Суратимни кўтариб болам қолди, Самарқанд!
Гоҳ эл кезиб топарман йўқолган илҳомимни,
Муҳаббат борасида чала имтиҳонимни.
Изтироб адо қилиб ва фироқ адо қилиб,
Мусофирлик бўғзимга келтирганда жонимни.
Сендан нишон ахтариб кўзим толди, Самарқанд!
Лекин қайтишга қайси юзим қолди, Самарқанд!
Анвар Ботир ўғли
ШЕЪРЛАР
ХИРГОЙИ
Бўй чўзиб, кўкларга ўсишдан олдин,
Жизғанак нурларни тўсишдан олдин,
Ҳали яшнамасдан битта ниҳолни
Томирини кесиш бизга ярашмас!
Ажрата олмайин яхши-ёмонни,
Унутиб Ҳақ берган Аср-у Аъмолни,
Бўрондай пишқирмай, субҳий шамолдай
Гўё йўқдай эсиш бизга ярашмас!
Кунда кўриш учун карашмаларни,
Одат қилиб аҳвол сўрашмаларни,
Дарё бўладурғон соф чашмаларни
Йўлларини тўсиш бизга ярашмас!
Бас, энди яшнамоқ замони етди!
Янги кун бошламоқ замони етди!
Токим, бу оламга келиб бир четдан,
Яна шундай кетиш Бизга Ярашмас!
ҲОЛАТИМ
Сиз билан боримча бўламан, ота
ва иқтидоримча бўламан, ота.
Буюк жанглардаги саллотдай мағрур
ҳамда асроримча бўламан, ота!
Тартиботим қатъий – ҳар нени билиб,
Юрмоқлик ҳеч воқе билмаган кўйи.
Кимнидир азиз-у муҳтарам қилиб,
Кимнидир кўнгилнинг тахтига қўйиш.
Буларни сиз яхши англайсиз, ота –
Неки кўраримни манглайда, ота!
Бу кун ҳаётимда савдолашларсиз
ор учун тижорат бўлди, дўстларим.
Дўстнинг ори учун ғавғолашларга
кўнмасдан, ҳижолат бўлди дўстларим.
Тангримга таваккул, ишқим ҳам Унга,
Лойларга қормади лавзи ҳалолим.
Лекин умрим ортди битта тугунга
Ва жавобин топди битта саволим:
Ҳар кимга миллион бор элан, дўстим,
Худодан ўзгаси ғайр экан, дўстим!
Қаддингни эгмагин дейсиз меҳрибон,
Сенга ярашмагай дейсиз маъюслик.
Билъакс кўксим ичра тинмас ғалаён,
Вужуд-у руҳимни қопламиш музлик.
Аммо йигитликнинг зил-замбил юки
Айни дам туюлур шунчалар оғир.
Бунда на ёш тўкмоқ, на кулмоқ мумкин,
Бу ҳолда қулайман бир куни охир.
Сўнг қайтиб турмоғим душвордир, она,
Ҳар маҳал болангга хушёр тур, она!
Кимлар атайверсин қайсар кўнглимни,
Мунофиқ, кеккайган, калтабин, мағрур.
Аммо менинг кўнглим шунчалар лимки,
Ундан ҳеч ким бўлмас ўзимдай масрур.
Чорак аср яшаб улгурибман-у,
Жиловин топмабман қалбда тўфонни.
Бир қизни кўксимга муҳрлаб мангу,
Кубровий дардларга ташлабман жонни.
У қизни сен яхши танийсан, кўнглим,
Ундан маҳрум бўлдинг айни дам, кўнглим!
Энди кўзларингга тикилиб турмоқ,
Менга азоб айлар, қийнар беҳисоб.
Ахир чидаб турмоқ мумкиндир қандоқ
Тинмай томиб турса танингга симоб?
Умрим бино бўлиб, ақлим тўлишиб,
Кўнглим бурканмишки инжа Ишқ билан.
Бир қизга илоҳий ишқим бўлишиб,
Сўнг кетаверибман жилмайиш билан.
Бас, энди фойдасиз бу ғавғо, Анвар,
Сенга муҳаббатдан шу совға, Анвар!
* * *
Ғўр умримнинг баҳорини соғиндим мен
Кўзларимдан тинмай яшин чақиб турган.
Ҳар заррада кўриб қудрат иникосин
Икки чашмим дарё бўлиб оқиб турган.
Унда бари ўзгача бир гўзал эди,
Гўё қанот мавжуд эди жуфт елкамда.
Унда фақат оппоқ шеърлар ёзар эдим,
Ҳозир эса дуч келаман дуч келганга.
Ҳа, онажон, қани энди у лаҳзалар,
Фаришталар ўлтиргувчи елкам қани?
Йўлларимга йўлламанг кўз, бўлманг маҳтал,
Арзимайман. Кутманг мендай арзандани.
У маҳаллар нигоҳим нур қадар эди,
Пойим замин, бошим осмон қадар эди.
Икки дўстим бўлар эди ҳаётимда –
Бири Офтоб, иккинчиси Қамар эди.
Ҳа, онажон, шундай эди ҳаёт тарзим,
Ва сизга ҳам андак меҳрим кўринарди.
Бугун бари сал ўчгандек хотиримдан,
Кимлар учун қайноқ сўзларни асрадим?
Йўқ. Эслайман. Найза қадаб ерга кўзим,
Жангда ёлғиз тирик қолган аскар каби,
Ғўр умримнинг баҳоридан кеттим ўзим,
Сўнг кўкламлар эсдан чиқди борган сари.
Ҳозир эса оғриқларим ханжар саюр,
Ҳар жабрдан чўкиб борар кубро кўзим.
Баҳорим ғўр ўтганини эслайману,
Ўн саккизим ёдимда йўқ, ўн саккизим!
* * *
Ўзга юрт, ўзга жой ва шаҳри азим –
мени ҳар томонга отар ўзгалик.
Фақат сиз биласиз менинг кўнглимни
Она, бўлмаптими унда ўзгариш?
Ахир, ҳар битта кун берар жароҳат,
Яна, гўзаллардан қолган алданиш.
Кўз юммай саймоқда кўзи қаролар
жайдари, қишлоқи юрагимга ниш.
Бу ернинг ҳавоси бошқачароқ сал,
Одамлари бўлак бизнинг қишлоқдан.
Бу ерда отамга ўхшаган зот йўқ –
Тонг туриб, юзига фотиҳа тортган.
Билмайман, қандоқки бунда тирикман,
ахир қани менинг ғуборсиз кўнглим?
Бундай киборларни олгим келмас тан,
Бундай шовқинларга келмайди кўнгим.
Балки, фикрларим энди қалқонли,
Балки, қарашларим – жангари, жангчи?!
Аммо, бўйинбоғим отиб бир ёнга
ҳар вақт юргим келар тупроқда чангиб.
Кимларни ҳабиб дей, ҳар кўрганда жим,
юзин терс ўгириб кетар қизними?
Ҳамонки қўлим мушт, юрагим тугун,
Қаерда бўшатиб қўйдим тизгинни?
Барига ювдим қўл, қўйнимга арттим,
Қарамай ҳам қўйдим босган изимга.
Ҳали кун келади, қўйгайман тартиб
буюк кўнглимга-ю шаҳри азимга.
О Ҳаёт, О Она, эй музаффар дил,
менга боқ. Қайси бир мақсадим мақсур?
Ҳали ҳам кўксимда муҳаббат бир хил,
Қишлоғим, ҳали ҳам болангман мағрур.
* * *
Фақат сев!
Фақат шу ёдингда бўлсин,
Фақат қайноқ ғулу ёдингда бўлсин.
Кўнглимдан бир учқун ташла қалбингга,
Кўксинг ёнсин-у, сув ёдингда бўлсин.
Кўзларинг тинмасин, қуёшга қараб,
Зеро Ишқ берилмиш бардошга қараб.
Азизам, кўзингни юмма даъфатан,
Аввал кўзимдаги кўзёшга қара.
(Тингласанг ва ёки тингламасанг ҳам.)
Сенинг изингдаман – ўтли изингда,
Қаёққа кетардим қочиб измингдан?
Катта қудрат керак ҳар сўз айтарга,
Қандай енгиб ўтай ахир кулгингни?!
Бағрим илма-тешик кунлар оралаб,
Ахир мен ҳам Мажнун – кўзи қораман.
Юрак ютиб бормоқ мушкулдан-мушкул,
Оз қолди. Ёнингга оҳир бораман.
(Имласанг ва ёки имламасанг ҳам.)
Майин майса эди сенинг бармоғинг,
Силаб қўйса эди сенинг бармоғинг.
Намоён бўлганда сенга бормоғим
Мендай суйса эди сенинг бармоғинг.
“Сев!”,-дейман. Сен дейсан: Бўлмоғи мушкул.
Ҳар ким ҳам кўнглингни билмоғи мушкул.
Сени суймай ўтиш тентаклик, ғайри
доғи мушкулдурур, ҳа, доғи мушкул.
(Жимласанг ва ёки жимламасанг ҳам.)
Йўлимнинг галдаги манзилларини
шеър ила кўнглимга узатгум, шояд.
Биайниҳ муҳаббат атаб барини,
Сенинг оёғингга оцам кифоят.
Энди бундан буён икки дунём тенг,
Энди Йаъқуб тенгдир, Жамшид-у Жом тенг.
Тенгсиз денгизлар-у, сенсиз Ишқ аро,
Пири Мажнун бўлдим сўнгсиз Ишқ аро.
Ҳаттоки буларнинг бирорига сен
Тенгласанг ва ёки тенгламасан ҳам!
* * *
Сизни танимаган кунларим қарзи
ўла-ўлгунимча бўйнимда қолар.
Ўлсам ҳам ўламан айни шу тарзда,
ўлсам ҳам бардавом бўлар бу ҳолат.
Сизни кўриб қолган кунларим билан
мени муборакбод эцангиз арзир.
Шу кундан ўзгариб кетди авваллар
бир хилдек кечаётган ҳаёт тарзим.
Сизни соғинганим ,сўзласам, фақат
“қўшинин” йўқотган кўзимга аён.
Кўнглимга сиз кирган пайт менга – жаннат,
Кецангиз бу жойлар ҳайдар беаёв.
Ишқ деган анвойи сўзлар қанчадир?
Ёр деган савдойи сўзлар қанчадир?
Айцам, менга таниш, аммо сиз учун
тикандай ёввойи сўзлар қанчадир!
Шунча пайт юрдингиз, қаерларда гул
қайларда бол ила сўз айтиб. Билмам!
Мени энди қутлаб келдингиз, буткул
сиздан йироқлашиб кетган пайтимда.
* * *
Худо менга қисмат яратган пайтда
Ўзгача қормишдир феъл-у таъбимни.
Ўзи юрагимга бир сўзни айтиб,
Ва унга жойламиш қутлуғ каъбамни.
Кўчалар чангитиб, дайдиб, тентираб,
Шундан буён кезиб юргум оламни.
Ўша кўксимдаги жумлани тилаб
Кездим. Қолганлари бари алдамчи.
Сиз ҳам кўп қатори одатий банда,
Ботин нигоҳидан мосуво дилсиз.
Ва Ҳақнинг олдида бўлиб шарманда
Маҳкумсиз авф сўраб турмоққа тилсиз.
Шунда У айтарки, «Eй бандаи гўл,
Синовли дунёда бўлмадинг комил.
Бир бандам борганда кўрсатинг деб йўл
Сендан топмиш фақат азоб — зил-замбил.
Мен эса Каъбамни ахтариб далли
Қанча сўзлар айтдим юракдан ҳоли.
Билдим бу дунёда юрагимдаги
Сўзимни топмасам тутгай уволи.
Биламан, мендаги бу феъл-атворим
Сизга анчагина келтирган ташвиш.
Чунки менинг ишим Ҳаққа ёлвориб,
Бир Уни дейиш-у, бир сизни Севиш!
* * *
Билдим, жаҳлинг чиқди. Ёйинки бунга
шубҳа билдирмаймам – мутлақ ҳақлисан.
Баайниҳ дақиқа севишга ундаб,
Баайниҳ дақиқа шоён бахтлисан.
Зеро ҳали бутун эди кўнгилчанг,
Ҳали тоза эди мурғак тишидай.
Илло мендайин ғўр, мендай кўнгилчан
болани ўргатдинг тунни севишга –
Шеърим!
* * *
Куз келгач баргларнинг ҳолати каби,
Тобора руҳимдан кетиб борар куч.
Ҳатто нафасим ҳам туюлар салбий –
Нафас олмай қолган пайтимгача кут.
Шунда сенга заҳмат етказмайман мен,
Бироқ кўзларимдан кетказмайман мен.
Қўрқоқ хаёлларим юзинг сийпамас,
Бунда бўлолмайди кимдир қаҳрамон.
Совуқ еллар кўксим аро сирғалар,
Ўтли кўзларимни босар қахратон.
Булар деб жонингни қийнамайсан сен,
Қийнамай жонимни қиймалайсан сен.
Билки, юзимдаги ҳиссиётсизлик,
Некбин юрагимга қурмоқда ошён.
Сен қилган биргина эҳтиётсизлик
Бутун оламимни айлайди яксон!
Шунда ҳам ортимга чекинмайман мен,
Аммо қадамимни секинлайман мен.
Бу тупроқи танам ҳукмингга муштоқ,
Амр кутиб турган жаллоддай шайман.
Буюрсанг, чопгайман бўйсуниб мутлоқ
Бу оғир бошимни, қилмай пушаймон.
Билъакс, бир қадам ҳам жилдирмайсан сен,
На раддинг, на баддинг билдирмайсан сен.
Кўзим нигорон-у, муштоқ-у маҳзун,
Ҳижроним бисёр-у, васлим йўқ менинг.
Ёзим – ёв, қиш – қаттиқ, баҳорим – тушкун,
Наҳот куздан ўзга фаслим йўқ менинг?!
ичида ўкингайман мен,
Сўнг аста барглардай тўкилгайман мен!
* * *
Сенинг кўзларингга хазонлар тўла
йўлларда лой босган кузни кўрсатдим.
Аммо ўзинг билан андармон бўлиб,
қўлдан бериб қўйдинг қанча фурсатни.
Қахратон қалашган эди юзимга,
кўкламни соғиниб, ёнингга бордим.
Илк бор умрим фаслин солиб измимга,
сенинг кўзларингда кўрдим баҳорни.
Ҳар битта нафасинг нафосат эди,
Тонгги шаббодада эди овозинг.
Осмон ўз рангига ошуфта этиб,
ўтди умримизнинг баҳори, ёзи.
Бу фурсат ичида кўкламлар қайтди
умримнинг лой босган фаслларига.
Мезон ипларига чирмашган фасл
наъра торца ҳамки андек нарида.
Билдим, сабр керак ва озроқ севги,
Дунё яратилмиш тартибот билан.
Кунга тун берилмиш, ғафлатга сезги –
якунин топгайдир неки бошланган.
Сўнгра қайтиб келдим — кўксимда баҳор,
Андармон яшардинг ўзингга ҳануз.
Келганим дарагин билганинг заҳот,
менга пешвоз чиқди хазон тўла куз.
СИЗГА
Мен шеърлар ёзмайман сизга қаторлаб,
Тилимдан келмайди сохта сўз сўзлаш.
Юрагим бергайдир менга қарорни:
менинг сизга айтар гапларим ўзга –
Ҳа, шундоқ, кўнглимнинг измида қулман
ва айни сўзимнинг пошшосиман мен.
Ҳали чорак аср яшаб улгурмай,
Ҳақ деган зотларнинг ошносиман мен.
Ишқ деган зотларнинг ошносиман мен,
Яна туғён урган дард тўла дилман.
Шу сабаб ранжицам сизни мен ҳудбин,
Узр сўраб қўяй бунга олдиндан.
Сизни қизиқтирмас менинг кимлигим
Қайси мажнун экан деб ҳам қўймайсиз.
Ҳар кун ҳалок бўлар битта кипригим
Андуҳ эзганида, бўлганда маъюс.
Мен хабар олмайман сиздан уззукун,
Аммо ранжитишим мумкин муттасил.
Чунки бўлиб қолар ақлиёт устун,
Агар юрагимга бўлмасам асир.
Ҳозир сизга айтган гапим ўзга-ю
Сизга асраб юрган гапим ўзгадир.
Баҳор осмониндай руҳий ҳолатим
Ҳар гал учрашганда буткул ўзгарур.
Олис йўлдан аста борар вагондай,
Чайқалиб, тебраниб кетар кипригим.
Сизни қизиқтирмас менинг кимлигим,
Мени қизиқтирмас менинг кимлигим!
Kutubxonamizning bugungi sahifamizda ikki yosh shoir — Bek Ali va Anvar Botir o’g’li she’rlari bilan tanishasiz…
Bek ALI
SHE’RLAR
QIZIMGA MAKTUB
O’zimga eng katta jazo o’zimman,
O’zimning eng katta dushmanim o’zim.
Quralay ko’zingdan, shahlo ko’zingdan
kichikroq olchalar pishdimi, qizim?
Men yo’qman, allaga burkanar kulba,
Yodingga tusharmi qaysidir so’zim?
Yayrab kulganingda bog’da mevalar
bag’rimday uzilib tusharmi, qizim?
Men yo’qman, qaldirg’och qaytadi lekin,
U uchun mo»tabar ayvondagi in.
Sen undan dadangni so’rasang, sekin,
inlari o’prilib tushdimi, qizim?
Men yo’qman, bir kuni yo’qolar soyam,
Qaysidir she’rni deb qarodir yuzim.
Bir daraxt bo’lardi «qaroli» degan,
Hali ham mevasi qaromi, qizim?
Yodimda, tumanday changigan ko’cha
Va tayoq ko’tarib quvlagan qo’shni.
Sevaman, shira tushgan ko’ylaginggacha
sog’inib-sog’inib xayol surishni!
Sevaman, ariqning yonida yalpiz
chuqur xayollarga berilgan kunni.
Nahotki unutmoq mumkindir, ayt-chi,
sening harorating tushmagan tunni?!..
Bilaman, duyoning to’rt tomoniga
to’rtta unsur kabi sochilgan tuzim.
Ilk bor qadam qo’ysang ilm komiga,
O’zim o’rib qo’ysam sochingni, qizim!
Bilmam. Nasib etar balki u kun ham,
Balki safarlar ham topar nihoya.
Ayt-chi, daydi itlar qaytib, bugun ham
jizg’anak qishloqda izlarmi soya?
O, qizim, shamollar topolmas makon,
Gar oshiq bo’lmasa bulbul balodir.
Ba’zida ariqqa botirilgan non
bebosh bolalarning aqlin olodir.
Qishloqda bir Xudo bo’ladi ishon,
Qolganlar biz kabi motamsarodir.
Sen uchun olisda saqlayapman jon,
Lekin bu yerlarda hamma «Xudo»dir.
O’Z QOVURG’AM
Shaytonni hushyor ayladi,
Ne desa, inkor ayladi.
Bir hovuch tuproqdin meni
Tangrim qorib bor ayladi.
Bu jahonda edim yolg’iz,
Yig’layverdim, totmadim tuz.
Bir uxladim. Keyin Ul o’z
Qovurg’amga lol ayladi.
Qaylardasan, doding bormi?
Meni eslar yoding bormi?
«Hijron» degan fandin seni
Ayt, zarra savoding bormi?
Aytgil, nechun chekmaysan g’am,
O’ylar bo’lsam, axir bu dam:
Vo darig’o o’z qovurg’am
Bag’rimni shudgor ayladi.
***
Yo’qotganim nedir?
Topganim nedir?
«Osmon», deb boshimga yopganim nedir?
Hamma quyosh bo’lib charaqlaganda,
Men esa uzlatga botganim nedir?
Soviganim nedir?
Yonganim nedir?
Dushmanni tashvishga solganim nedir?
Xayyomga taqliddan boshlangan qusur,
Men esa baloga qolganim nedir?
Seni ko’p sevardim parvoyi-palak,
Endi men halakman, muhabbat halak.
Boshkiyimni olib o’ylab qarasak,
Endi seni yodga olganim nedir?..
Tongda joynamozga boshimni qo’yib,
Tunda iymonimni sotganim nedir?
Yengillashish uchun sharob simirib,
Og’ir xayollarga botganim nedir?
Onajon, men sizni tashlab ketganman,
Otajon, men sizdan o’girganman yuz…
Sizlarni o’ldirsa mehnat o’ldirar,
Meni esa go’rga tiqadi afsus!
Bo’shang bola edim, katta shaharda
Turtila-turtila qotganim nedir?
Chol kampir munkillab tinib-tinchimas,
Men oyoq uzatib yotganim nedir?
Xudojon, men senga ko’nglimni berdim,
Qismating bol deysan, totganim nedir?
Dunyoni Kuzatmish yagona derdim,
Dunyoni kuzatib yotganim nedir?!
IQROR
Bu giryona ellara
Giryon boqaman doim,
Bu hayrona ellara
Hayron boqaman doim.
Suvoq ko’rmagan uyga
Qaldirg’ochlar in qo’ygan,
Men ham tushib shu kuyga
Vayron boqaman doim.
Kibr shamoli esdi,
Yutmagan zot qolmadi.
«Manfaat» so’zini esda
Tutmagan zot qolmadi.
Tuproq edim, boshimga
Chiqmagan zot qolmadi.
Hatto bosh ko’tarib ham
Arzon boqaman doim.
Ey, yalpizni erkalab,
«Bolam», degan ona yer.
Kenja qizin erkalab,
«Onam», degan ona yer.
Olislarga tikilib
Yelkalarim mung’ayur.
Botayotgan quyoshga
Alvon boqaman doim.
Kechir menga dard berib
Darveshga do’ndirgan zot.
Dashtday qaysar ruhimda
Nilufar undirgan zot.
Ba’zan o’zim chaqirgan
Qismatning dastidan dod!
Deb sening ko’zlaringga
Yolg’on boqaman doim.
AYLANAR
Yomg’ir qorga aylanar,
Qish bahorga aylanar.
Kiyikday o’ynoqi qiz
Munis yorga aylanar,
Men erga aylanaman.
Suv bulutga aylanar,
Mehr sutga aylanar,
Ko’ksingda yig’ilgan g’am
Jim, sukutga aylanar,
Men sirga aylanaman.
Chumolicha jonim bor,
«Bolam», deb yiqqonim bor.
Bir piyola may bersang
«Temuriydan qonim bor!»,
Deb sherga aylanaman.
O’v-v adashgan ruhimda
G’alat azob turadi.
Men qishloqda yo’g’imda
Otam ketmon uradi,
Men terga aylanaman.
Boylik qo’riganlar-u,
Baxtni qurganlar bilan.
Jannat talab so’fi-yu
Va do’zaxi g’ar bilan
Yer shariga chiqvolib,
Quyoshning atrofida
Men birga aylanaman.
Toshlar qumga aylanar,
Suv qultumga aylanar.
Qabrim boshida bilmam
Kimlar kimga aylanar,
Men yerga aylanaman.
BIR YoMG’IR YoG’SAYDI
«Bir yomg’ir yog’saydi, tinmay yog’saydi…»
Abdurashid Suvonov
Bir yomg’ir yog’saydi, tinmay yog’saydi,
Shamol nayrangiga ko’nmay yog’saydi.
Mening ohorimni yuvib ketsinu
Sening yuzlaringga qo’nmay yog’saydi.
Gunohim yelkalab o’tarman bot-bot,
Hayosiz lablardan izlarman novvot.
Bu osiy boshimga, ey yaratgan Zot
Bir yomg’ir yog’saydi, tinmay yog’saydi.
Qay kun kiprigingda nammi ko’rgandim?
Meni deb chekilgan g’ammi ko’rgandim?
Ona, yanoqlarim qaqrab turgandim,
Bir yomg’ir yog’saydi, tinmay yog’saydi.
«Yashinman!», dedimu bulutni kesdim,
Ota, dag’al bo’ldim – sukutni kesdim.
Soyangda soyalab, sen tutni kesdim,
Bir yomg’ir yog’saydi, tinmay yog’saydi.
Maysalar qaytadan tutar emish bosh,
Bilmadim, qaytadan bo’larmanmi pok.
Yana bulutlarsiz qoraymoqda qosh,
Qaydadir, savgilim ko’z yoshing halok.
Ezg’in tuyg’ularing, miskindir bardosh,
Nahot ko’z yoshingda etdim ishtirok!?..
Yana tongni kutdim qoqmasdan mijja,
(xira kengliklarda tuman oqsaydi)
Sevgim, menim bo’ldi changigan ko’cha,
Bir yomg’ir yog’saydi, tinmay yog’saydi…!
ShOIR HAQIDA AFSONA
Qachonlardir sel kelib qishlog’ini olganday,
Keng dalada chayla-yu to’rtta cho’pon qolganday.
Xudoyim kosasiga ko’zyoshini solganday,
Kechib qarindoshlardan ichaverdi bir shoir.
Shayton aytdi: «Rohat bor, kel o’ynaymiz kulamiz,
Bu besh kunlik dunyoda og’a-ini bo’lamiz!».
Uning qoshida iblis ip esholmas bilamiz,
Payg’ambardan qolishmay ko’chaverdi bir shoir.
Alam qilar, gar ona bolasini unutsa,
Tug’riq chog’i, azobu nolasini unutsa,
Samarqandning bag’rida o’tgan damlarin qo’msab,
O’z vatanin yodidan o’chaverdi bir shoir!
Hammasiga qo’l siltab ichaverdi bir shoir!
Unda qolgan qadrdon, unda qolgan xayoli,
Unda qolgan uch jujuq erkalatib ayoli.
Gohida o’rindiqdan turmoqqa kelmay holi,
Yettinchi osmonida uchaverdi bir shoir.
Sizga aytmas, ichinda ajdaho o’t puflaydi,
Sizga aytmas, ichinda Sulaymonlar uxlaydi.
Sizga aytsa, yer sharin aylanishi to’xtaydi,
Falakning jumbog’ini yechaverdi bir shoir.
Bo’ldi, unga gap sotmang dunyoning torligidan,
Layloning soddaligi, Majnunning xorligidan.
Hali uning qotmagan yuragi borligidan
Simyog’ochni «tog’am», deb quchaverdi bir shoir!
Duch kelganni do’st bilib ichaverdi bir shoir!
SAMARQAND
Manglayimga qo’l tirab boqsam ko’rinasanmi?
Sen tomona mo’ltirab boqsam ko’rinasanmi?
Uyqusiz kechalarning goh adog’i ko’rinmas,
Balki kunduzi chiroq yoqsam ko’rinasanmi?
Sendan nishon axtarib ko’zim toldi, Samarqand!
Bolasidan-da g’arib onam qoldi, Samarqand!
Ot haydagan erlarning poyini o’pib kelding,
Kuzatgan bolang bisyor, barini kutib kelding.
Biri jahongashta-yu, biri jonongashtadir,
Padarkush bolangni-da aybidan o’tib kelding.
Sendan nishon axtarib ko’zim toldi, Samarqandi!
Ketmon bilan aldanib otam qoldi, Samarqand!
Bibixonimdan boshlab yor kutadi ayollar,
Bahorda ketsa eri, qor kutadi ayollar.
Iqbol kutmas eridan, ro’zg’or kutmas eridan,
Bir erkakka yarasha or kutadi ayollar.
Sendan nishon axtarib ko’zim toldi, Samarqand!
Tor kulbada yasanib yorim qoldi, Samarqand!
Huvullab o’tar umrim, guvullab o’tar umrim,
Diydoringga vaqt topmay, zuvillab o’tar umrim.
Goh ishxona, goh ko’cha, goh shinam kafelarda
Gap sotib o’zga umrin o’g’irlab o’tar umrim.
Orzular meni turli kuyga soldi, Samarqand!
Dala-dashtda qo’y boqib do’stim qoldi, Samarqand!
Rus dalasin poyida ko’rfazlar ko’rinarmish,
Ko’k ko’llar ko’rinarmish, ko’p g’ozlar ko’rinarmish.
Men tug’ilgan tuproqda avliyolar hoki-yu
Osmoniga qarasang gumbazlar ko’rinarmish.
Sendan nishon axtarib ko’zim toldi, Samarqand!
Yana qayga sochilgan tuzim qoldi, Samarqand!
Temurbek qo’shinlari tilloga to’ygan ekan,
G’alaba-yu ayolu urhoga to’ygan ekan.
Bir savol qiynar faqat, yori qolib ikkiqat
Tug’ilgan farzandiga qanday nom qo’ygan ekan?
Sendan nishon axtarib ko’zim toldi, Samarqand!
Suratimni ko’tarib bolam qoldi, Samarqand!
Goh el kezib toparman yo’qolgan ilhomimni,
Muhabbat borasida chala imtihonimni.
Iztirob ado qilib va firoq ado qilib,
Musofirlik bo’g’zimga keltirganda jonimni.
Sendan nishon axtarib ko’zim toldi, Samarqand!
Lekin qaytishga qaysi yuzim qoldi, Samarqand!
Anvar Botir o’g’li
SHE’RLAR
XIRGOYI
Bo’y cho’zib, ko’klarga o’sishdan oldin,
Jizg’anak nurlarni to’sishdan oldin,
Hali yashnamasdan bitta niholni
Tomirini kesish bizga yarashmas!
Ajrata olmayin yaxshi-yomonni,
Unutib Haq bergan Asr-u A’molni,
Bo’ronday pishqirmay, subhiy shamolday
Go’yo yo’qday esish bizga yarashmas!
Kunda ko’rish uchun karashmalarni,
Odat qilib ahvol so’rashmalarni,
Daryo bo’ladurg’on sof chashmalarni
Yo’llarini to’sish bizga yarashmas!
Bas, endi yashnamoq zamoni yetdi!
Yangi kun boshlamoq zamoni yetdi!
Tokim, bu olamga kelib bir chetdan,
Yana shunday ketish Bizga Yarashmas!
HOLATIM
Siz bilan borimcha bo’laman, ota
va iqtidorimcha bo’laman, ota.
Buyuk janglardagi sallotday mag’rur
hamda asrorimcha bo’laman, ota!
Tartibotim qat’iy – har neni bilib,
Yurmoqlik hech voqe bilmagan ko’yi.
Kimnidir aziz-u muhtaram qilib,
Kimnidir ko’ngilning taxtiga qo’yish.
Bularni siz yaxshi anglaysiz, ota –
Neki ko’rarimni manglayda, ota!
Bu kun hayotimda savdolashlarsiz
or uchun tijorat bo’ldi, do’stlarim.
Do’stning ori uchun g’avg’olashlarga
ko’nmasdan, hijolat bo’ldi do’stlarim.
Tangrimga tavakkul, ishqim ham Unga,
Loylarga qormadi lavzi halolim.
Lekin umrim ortdi bitta tugunga
Va javobin topdi bitta savolim:
Har kimga million bor elan, do’stim,
Xudodan o’zgasi g’ayr ekan, do’stim!
Qaddingni egmagin deysiz mehribon,
Senga yarashmagay deysiz ma’yuslik.
Bil’aks ko’ksim ichra tinmas g’alayon,
Vujud-u ruhimni qoplamish muzlik.
Ammo yigitlikning zil-zambil yuki
Ayni dam tuyulur shunchalar og’ir.
Bunda na yosh to’kmoq, na kulmoq mumkin,
Bu holda qulayman bir kuni oxir.
So’ng qaytib turmog’im dushvordir, ona,
Har mahal bolangga xushyor tur, ona!
Kimlar atayversin qaysar ko’nglimni,
Munofiq, kekkaygan, kaltabin, mag’rur.
Ammo mening ko’nglim shunchalar limki,
Undan hech kim bo’lmas o’zimday masrur.
Chorak asr yashab ulguribman-u,
Jilovin topmabman qalbda to’fonni.
Bir qizni ko’ksimga muhrlab mangu,
Kubroviy dardlarga tashlabman jonni.
U qizni sen yaxshi taniysan, ko’nglim,
Undan mahrum bo’lding ayni dam, ko’nglim!
Endi ko’zlaringga tikilib turmoq,
Menga azob aylar, qiynar behisob.
Axir chidab turmoq mumkindir qandoq
Tinmay tomib tursa taningga simob?
Umrim bino bo’lib, aqlim to’lishib,
Ko’nglim burkanmishki inja Ishq bilan.
Bir qizga ilohiy ishqim bo’lishib,
So’ng ketaveribman jilmayish bilan.
Bas, endi foydasiz bu g’avg’o, Anvar,
Senga muhabbatdan shu sovg’a, Anvar!
* * *
G’o’r umrimning bahorini sog’indim men
Ko’zlarimdan tinmay yashin chaqib turgan.
Har zarrada ko’rib qudrat inikosin
Ikki chashmim daryo bo’lib oqib turgan.
Unda bari o’zgacha bir go’zal edi,
Go’yo qanot mavjud edi juft yelkamda.
Unda faqat oppoq she’rlar yozar edim,
Hozir esa duch kelaman duch kelganga.
Ha, onajon, qani endi u lahzalar,
Farishtalar o’ltirguvchi yelkam qani?
Yo’llarimga yo’llamang ko’z, bo’lmang mahtal,
Arzimayman. Kutmang menday arzandani.
U mahallar nigohim nur qadar edi,
Poyim zamin, boshim osmon qadar edi.
Ikki do’stim bo’lar edi hayotimda –
Biri Oftob, ikkinchisi Qamar edi.
Ha, onajon, shunday edi hayot tarzim,
Va sizga ham andak mehrim ko’rinardi.
Bugun bari sal o’chgandek xotirimdan,
Kimlar uchun qaynoq so’zlarni asradim?
Yo’q. Eslayman. Nayza qadab yerga ko’zim,
Jangda yolg’iz tirik qolgan askar kabi,
G’o’r umrimning bahoridan kettim o’zim,
So’ng ko’klamlar esdan chiqdi borgan sari.
Hozir esa og’riqlarim xanjar sayur,
Har jabrdan cho’kib borar kubro ko’zim.
Bahorim g’o’r o’tganini eslaymanu,
O’n sakkizim yodimda yo’q, o’n sakkizim!
* * *
O’zga yurt, o’zga joy va shahri azim –
meni har tomonga otar o’zgalik.
Faqat siz bilasiz mening ko’nglimni
Ona, bo’lmaptimi unda o’zgarish?
Axir, har bitta kun berar jarohat,
Yana, go’zallardan qolgan aldanish.
Ko’z yummay saymoqda ko’zi qarolar
jaydari, qishloqi yuragimga nish.
Bu yerning havosi boshqacharoq sal,
Odamlari bo’lak bizning qishloqdan.
Bu yerda otamga o’xshagan zot yo’q –
Tong turib, yuziga fotiha tortgan.
Bilmayman, qandoqki bunda tirikman,
axir qani mening g’uborsiz ko’nglim?
Bunday kiborlarni olgim kelmas tan,
Bunday shovqinlarga kelmaydi ko’ngim.
Balki, fikrlarim endi qalqonli,
Balki, qarashlarim – jangari, jangchi?!
Ammo, bo’yinbog’im otib bir yonga
har vaqt yurgim kelar tuproqda changib.
Kimlarni habib dey, har ko’rganda jim,
yuzin ters o’girib ketar qiznimi?
Hamonki qo’lim musht, yuragim tugun,
Qayerda bo’shatib qo’ydim tizginni?
Bariga yuvdim qo’l, qo’ynimga arttim,
Qaramay ham qo’ydim bosgan izimga.
Hali kun keladi, qo’ygayman tartib
buyuk ko’nglimga-yu shahri azimga.
O Hayot, O Ona, ey muzaffar dil,
menga boq. Qaysi bir maqsadim maqsur?
Hali ham ko’ksimda muhabbat bir xil,
Qishlog’im, hali ham bolangman mag’rur.
* * *
Faqat sev!
Faqat shu yodingda bo’lsin,
Faqat qaynoq g’ulu yodingda bo’lsin.
Ko’nglimdan bir uchqun tashla qalbingga,
Ko’ksing yonsin-u, suv yodingda bo’lsin.
Ko’zlaring tinmasin, quyoshga qarab,
Zero Ishq berilmish bardoshga qarab.
Azizam, ko’zingni yumma da’fatan,
Avval ko’zimdagi ko’zyoshga qara.
(Tinglasang va yoki tinglamasang ham.)
Sening izingdaman – o’tli izingda,
Qayoqqa ketardim qochib izmingdan?
Katta qudrat kerak har so’z aytarga,
Qanday yengib o’tay axir kulgingni?!
Bag’rim ilma-teshik kunlar oralab,
Axir men ham Majnun – ko’zi qoraman.
Yurak yutib bormoq mushkuldan-mushkul,
Oz qoldi. Yoningga ohir boraman.
(Imlasang va yoki imlamasang ham.)
Mayin maysa edi sening barmog’ing,
Silab qo’ysa edi sening barmog’ing.
Namoyon bo’lganda senga bormog’im
Menday suysa edi sening barmog’ing.
“Sev!”,-deyman. Sen deysan: Bo’lmog’i mushkul.
Har kim ham ko’nglingni bilmog’i mushkul.
Seni suymay o’tish tentaklik, g’ayri
dog’i mushkuldurur, ha, dog’i mushkul.
(Jimlasang va yoki jimlamasang ham.)
Yo’limning galdagi manzillarini
she’r ila ko’nglimga uzatgum, shoyad.
Biaynih muhabbat atab barini,
Sening oyog’ingga otsam kifoyat.
Endi bundan buyon ikki dunyom teng,
Endi Ya’qub tengdir, Jamshid-u Jom teng.
Tengsiz dengizlar-u, sensiz Ishq aro,
Piri Majnun bo’ldim so’ngsiz Ishq aro.
Hattoki bularning biroriga sen
Tenglasang va yoki tenglamasan ham!
* * *
Sizni tanimagan kunlarim qarzi
o’la-o’lgunimcha bo’ynimda qolar.
O’lsam ham o’laman ayni shu tarzda,
o’lsam ham bardavom bo’lar bu holat.
Sizni ko’rib qolgan kunlarim bilan
meni muborakbod etsangiz arzir.
Shu kundan o’zgarib ketdi avvallar
bir xildek kechayotgan hayot tarzim.
Sizni sog’inganim ,so’zlasam, faqat
“qo’shinin” yo’qotgan ko’zimga ayon.
Ko’nglimga siz kirgan payt menga – jannat,
Ketsangiz bu joylar haydar beayov.
Ishq degan anvoyi so’zlar qanchadir?
Yor degan savdoyi so’zlar qanchadir?
Aytsam, menga tanish, ammo siz uchun
tikanday yovvoyi so’zlar qanchadir!
Shuncha payt yurdingiz, qayerlarda gul
qaylarda bol ila so’z aytib. Bilmam!
Meni endi qutlab keldingiz, butkul
sizdan yiroqlashib ketgan paytimda.
* * *
Xudo menga qismat yaratgan paytda
O’zgacha qormishdir fe’l-u ta’bimni.
O’zi yuragimga bir so’zni aytib,
Va unga joylamish qutlug’ ka’bamni.
Ko’chalar changitib, daydib, tentirab,
Shundan buyon kezib yurgum olamni.
O’sha ko’ksimdagi jumlani tilab
Kezdim. Qolganlari bari aldamchi.
Siz ham ko’p qatori odatiy banda,
Botin nigohidan mosuvo dilsiz.
Va Haqning oldida bo’lib sharmanda
Mahkumsiz avf so’rab turmoqqa tilsiz.
Shunda U aytarki, «Ey bandai go’l,
Sinovli dunyoda bo’lmading komil.
Bir bandam borganda ko’rsating deb yo’l
Sendan topmish faqat azob — zil-zambil.
Men esa Ka’bamni axtarib dalli
Qancha so’zlar aytdim yurakdan holi.
Bildim bu dunyoda yuragimdagi
So’zimni topmasam tutgay uvoli.
Bilaman, mendagi bu fe’l-atvorim
Sizga anchagina keltirgan tashvish.
Chunki mening ishim Haqqa yolvorib,
Bir Uni deyish-u, bir sizni Sevish!
* * *
Bildim, jahling chiqdi. Yoyinki bunga
shubha bildirmaymam – mutlaq haqlisan.
Baaynih daqiqa sevishga undab,
Baaynih daqiqa shoyon baxtlisan.
Zero hali butun edi ko’ngilchang,
Hali toza edi murg’ak tishiday.
Illo mendayin g’o’r, menday ko’ngilchan
bolani o’rgatding tunni sevishga –
She’rim!
* * *
Kuz kelgach barglarning holati kabi,
Tobora ruhimdan ketib borar kuch.
Hatto nafasim ham tuyular salbiy –
Nafas olmay qolgan paytimgacha kut.
Shunda senga zahmat yetkazmayman men,
Biroq ko’zlarimdan ketkazmayman men.
Qo’rqoq xayollarim yuzing siypamas,
Bunda bo’lolmaydi kimdir qahramon.
Sovuq yellar ko’ksim aro sirg’alar,
O’tli ko’zlarimni bosar qaxraton.
Bular deb joningni qiynamaysan sen,
Qiynamay jonimni qiymalaysan sen.
Bilki, yuzimdagi hissiyotsizlik,
Nekbin yuragimga qurmoqda oshyon.
Sen qilgan birgina ehtiyotsizlik
Butun olamimni aylaydi yakson!
Shunda ham ortimga chekinmayman men,
Ammo qadamimni sekinlayman men.
Bu tuproqi tanam hukmingga mushtoq,
Amr kutib turgan jallodday shayman.
Buyursang, chopgayman bo’ysunib mutloq
Bu og’ir boshimni, qilmay pushaymon.
Bil’aks, bir qadam ham jildirmaysan sen,
Na radding, na badding bildirmaysan sen.
Ko’zim nigoron-u, mushtoq-u mahzun,
Hijronim bisyor-u, vaslim yo’q mening.
Yozim – yov, qish – qattiq, bahorim – tushkun,
Nahot kuzdan o’zga faslim yo’q mening?!
ichida o’kingayman men,
So’ng asta barglarday to’kilgayman men!
* * *
Sening ko’zlaringga xazonlar to’la
yo’llarda loy bosgan kuzni ko’rsatdim.
Ammo o’zing bilan andarmon bo’lib,
qo’ldan berib qo’yding qancha fursatni.
Qaxraton qalashgan edi yuzimga,
ko’klamni sog’inib, yoningga bordim.
Ilk bor umrim faslin solib izmimga,
sening ko’zlaringda ko’rdim bahorni.
Har bitta nafasing nafosat edi,
Tonggi shabbodada edi ovozing.
Osmon o’z rangiga oshufta etib,
o’tdi umrimizning bahori, yozi.
Bu fursat ichida ko’klamlar qaytdi
umrimning loy bosgan fasllariga.
Mezon iplariga chirmashgan fasl
na’ra tortsa hamki andek narida.
Bildim, sabr kerak va ozroq sevgi,
Dunyo yaratilmish tartibot bilan.
Kunga tun berilmish, g’aflatga sezgi –
yakunin topgaydir neki boshlangan.
So’ngra qaytib keldim — ko’ksimda bahor,
Andarmon yasharding o’zingga hanuz.
Kelganim daragin bilganing zahot,
menga peshvoz chiqdi xazon to’la kuz.
SIZGA
Men she’rlar yozmayman sizga qatorlab,
Tilimdan kelmaydi soxta so’z so’zlash.
Yuragim bergaydir menga qarorni:
mening sizga aytar gaplarim o’zga –
Ha, shundoq, ko’nglimning izmida qulman
va ayni so’zimning poshshosiman men.
Hali chorak asr yashab ulgurmay,
Haq degan zotlarning oshnosiman men.
Ishq degan zotlarning oshnosiman men,
Yana tug’yon urgan dard to’la dilman.
Shu sabab ranjitsam sizni men hudbin,
Uzr so’rab qo’yay bunga oldindan.
Sizni qiziqtirmas mening kimligim
Qaysi majnun ekan deb ham qo’ymaysiz.
Har kun halok bo’lar bitta kiprigim
Anduh ezganida, bo’lganda ma’yus.
Men xabar olmayman sizdan uzzukun,
Ammo ranjitishim mumkin muttasil.
Chunki bo’lib qolar aqliyot ustun,
Agar yuragimga bo’lmasam asir.
Hozir sizga aytgan gapim o’zga-yu
Sizga asrab yurgan gapim o’zgadir.
Bahor osmoninday ruhiy holatim
Har gal uchrashganda butkul o’zgarur.
Olis yo’ldan asta borar vagonday,
Chayqalib, tebranib ketar kiprigim.
Sizni qiziqtirmas mening kimligim,
Meni qiziqtirmas mening kimligim!