Anvarjon Jabborov. Shavkat Rahmon va Xurshid Davron she’riyatidagi bir xil poetik obrazlarning ma’no talqini

Ashampoo_Snap_2016.12.14_00h52m06s_002_.png     Бугун Фарғона Давлат университети филология факултетининг 3-босқич  талабаси Анваржон Жабборовнинг шеър хусусидаги икки митти тадқиқотини сизга ҳавола қилмоқдаман. Улар менинг шеърларимга бағишлангани учун эмас, балки ҳар икки изланишда  ёш тафакурнинг шеърга ўзига хос назар ташлаши-ю, «ўз тушунчасига» ишониб таҳлил қилишга уриниши, қолаверса, ёш адабий авлод вакилининг шеърни нечоғли тушунишини кўргандек бўлганим учун тақдим этмоқдаман.

    Ёш дўстим уринишларини тўхтатмаса, ҳали унчалик тинмаган фикрларига аниқлик бағишлай олса, айтмоқчи гапларига фақат ўзи эмас, бошқаларни ҳам ишонтира олишга эришса, энг муҳими, унинг ўзи таъкидлаганидек, устози бўлмиш таниқли адабиётшунос олим Йўлдош Солижоновдан ибрат олса, келгусида адабиётшунослигимиз майдонида, Қозоқбой Йўлдош таъбири билан айтганда,  яхши бир  синчи пайдо бўлиши мумкин. Бунга ишонгим келади.

Хуршид Даврон
Ўзбекистон халқ шоири

ИККИ МАҚОЛА
Фарғона  универститети филология факултети
2-босқич талабаси Анваржон Жабборов
006

008Шавкат Раҳмон 1950 йил 12 сентябрда Ўш вилоятининг Қорасув туманига қарашли Помир маҳалласида туғилган. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими (1996). Москвадаги Адабиёт институтини тугатган (1975). Дастлабки шеърий тўплами — «Рангин лаҳзалар» (1977). «Юрак қирралари» (1981), «Очиқ кунлар» (1984), «Гуллаётган тош» (1985), «Уйғоқ тоғлар» (1986), «Ҳулво» (1988), «Сайланма» (1997) cингари шеърий китоблари эълон қилинган. Федерико Гарсиа Лорка («Сайланма», 1979), Х. Р. Хименес, Рафаель  Алберти шеърларини ўзбек тилига таржима қилган. 1996 йил 2 октябрда Тошкент шаҳрида вафот этган.

005 Хуршид Даврон 1952 йил 20 январ куни Самарқанд яқинидаги Чордара қишлоғида туғилган. Ўрта мактабни тугатгач, 1969 йили Тошкент Давлат дорилфунуни журналистика куллиётининг кечки бўлимида ўқиб, кундузи Тошкент  қурилишларида ишлайди. Катта адабиётга кириб келиши 1976 йили «Гулистон» ойномасида устоз шоир Эркин Воҳидов оқ йўли билан бошланади. 1979 йили биринчи ва иккинчи китоблари: «Қадрдон қуёш», «Шаҳардаги олма дарахти» босилиб чиқади. Шундан сўнг шоирнинг  «Тунги боғлар» (1981), «Учиб бораман қушлар билан» (1983), «Тўмариснинг кўзлари» (1984), «Болаликнинг овози» (1986), «Қақнус» (1987), «Полёт одинокой птицы» (1989), «Баҳордан бир кун олдин»  (1994) ва бошқа тўпламлари чоп этилади.. Шунингдек, бир қатор насрий китоблари («Самарқанд хаёли», «Соҳибқирон набираси», «Шайх Кубро тушлари») ҳам нашр этилган..

006

ШАВКАТ РАҲМОН ВА ХУРШИД ДАВРОН
ШЕЪРИЯТИДАГИ БИР ХИЛ ПОЭТИК
ОБРАЗЛАРНИНГ МАЪНО ТАЛҚИНИ

ХХ аср ўзбек шеърияти етук истеъдод соҳибларининг намоён бўлиши ва ижодининг юзага чиқиши билан алоҳида ажралиб туради. Шу билан бир қаторда 70 – 80-йилларга келиб ўзбек шеърийтга ўнлаб ижодкорлар турфа хил оҳангларни олиб кириши билан ўзига хос бадиий тафаккурни шакллантирди. Мана шундай хусусиятларни Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидов юксак эътироф билан шундай таърифлайди: “Шеъриятимизга янги авлод кириб келди. Оҳиста, ийманиб, улуғлар қошида чўчинқираб эмас, шахдам, дадил, бамисоли тўйхонага келган ўспинирин куёвнавкарлардек олатасир ва сўрон билан кириб келди… Улар шоир сифатида долғали, беҳаловат давр болалари, қалб-у хаёллари анордек қонталаш, курраи заминнинг истиробу умидларига оғушта бўлган, дунёга ҳам завқ-у шавқ, ҳам хавотир кўзи билан боққан ёшлар. Улар, яна шоир сифатида, шеъриятда ҳаққоният ва самимият, инсонпарварлик ғолиб бўлиб турган, ҳақиқий истеъдод қадрланиб насиҳат ўрнини бадиият, жарангдор сўзлар ўрнини ишонтириш қудрати эгаллаб турган бир даврнинг ижодкорлари”.1 [ Э.Воҳидов. Шоиру шеъру шуур. Адабий ўйлар. –Тошкент, “Ёш гавардия”, 1987. 117-118-бетлар.]

70 – 80-йиллар ўзбек шеъриятига кириб келган, аниқроғи яшиндай пайдо бўлган Усмон Азим, Ҳалима Худайбердиева, Шукур Қурбон, Хуршид Даврон, Шавкат Раҳмон каби ўз даврининг етук истеъдод соҳибларини яратган бадиий асарлари бугунги бугунги кунда юксак даражада баҳоланмоқда.

Ана шундай ижодкорлар саналган Шавкат Раҳмон ва Хуршид Даврон шеърияти шоирона қараш, поэтик кечинма, образлар талқини, пейзаж тасвири, лирик қаҳрамон характеристикаси кабиларни ифода этиш ҳамда қўллаш ҳолатлари билан бир-бирларидан ҳам фарқ қилади, ҳам бир-бирига ўхшайди. Масалан, Шавкат Раҳмон дарахт қиёфасида инсоннинг қандай яшаши кераклигини ўргатувчи, тақдир ва ҳаёт зарбаларидан танасида мадор(япроқ)и қолмаган инсонга ҳар кўкламда янгидан яшнашига ундовчи жасорат ва матонат тимсолини кўради:

Субҳидамда ям-яшил дарахт
деразамга юзини босди,
ўзин митти, гўзал шеърларин –
гулларини оҳиста ёзди.

Қирчиллаган шабада келди
кўпрганча, шошиб, қувониб,
Баҳор жисми яшнаб, очилиб,
босиб кетди ифор тумани.

Кўтарилар заминдан қудрат
шаббаларнинг учига қадар,
бирдан яшил шохларда тилло
зардолилар ялтираб кетар.

Гўё қуёш парчалангандай…
Ғарқ қилади оламни фараҳ.
Ҳар баҳорда менга эринмай
яшамоқни ўргатар дарахт.

Юқоридаги тасвирнинг ҳаққонийлиги, сўзларнинг ишлатилиш ўрни ҳамда тиниқлиги шоирнинг бадиий тасаввурдаги мантиқни янада кучайтирган. Шу каби дарахт образини Хуршид Даврон “МЕН ДАРАХТГА АЙЛАНДИМ ТУНДА…” шеърида қуйидагича тафтиш ва таҳлил этади:

Мен дарахтга айландим тунда
ва аксимни кўрдим осмонда.

Юлдузларни шохимга ўраб
боқдим: наво оқди ялтираб.

Капалакдай ухлади дунё,
ухламади мен каби дарё.

Мен дарахтга айландим тунда –
тонгга қараб ўсди шохларим.

Шоир шеъриятида воқеа-ҳодисалар моҳиятини теран ҳис қилиш, англаш, энг характерли томони бу хусусиятларни моҳирлик билан шеърий мисралар таркибига сингдирилиши ўта нозиклик билан амалга оширилган. Юқорида дарахт образи инсонга менгзалган. Шавкат Раҳмон ҳам ана шундай талқин берганини аввалроқ таъкидладик. Бу – икки шоир образларининг ўхшаш томони. Бироқ, иккала шоирнинг тимсолий қарашларида фарқ бор. Чунки, бу тимсолларнинг англатаётган моҳияти турлича, бир-биридан айри. Шавкат Раҳмон дарахтга инсонни иродали ҳамда матонатли бўлишга чорловчи манба деб қараса, Хуршид Даврон эрк, озодлик истовчи, қора тунлардан тонгга қараб яъни ҳурликка томон интилувчи инсон образини гавдалантиради.

Бу каби образларни икки шоир талқинида жуда кўп учратиш мумкин. Масалан қуш, қушча образини Шавкат Раҳмон “ЎЗГАЛАР ДАРДИ…” шеърида шу ўринда қўллайди:

Қушчалар,
сайроқи қушчалар
қафасда бўғилиб сайрашар,
бетоқат потирлаб симларга
ўралган дунёга қарашар…

Қушчалар,
озодруҳ қушчалар
оламдан кўзини узмайди,
чирқираб ўзларин ҳолимас,
ўзгалар ҳолига бўзлайди.

Қуш гўёки ҳақиқий комил инсоннинг юраги, унинг қалби. Шеърда эса шоир “қушчалар” демоқда. Бу билан у ўша замоннинг тубанликларига қарамай, асл инсонийлигини унутмай келаётган шоирлар, яна ҳам аниқроғи ёш шоирларни назарда тутмоқда. Улар қафас ичида бўлсалар-да иймонлари уйғоқ, ҳудбинлик ботқоғига ботмаган ва ҳар маҳал ўзларининг эмас, ўзга инсонларнинг ташвиши билан куйлайдилар, деб айтмоқчи бўлади шоир.
Хуршид Даврон ижодида ҳам қуш, қушча тимсолини қуйидагича ифодалайди:

Ҳей, кўксим асири, қушча, алданма,
Бу олов ўзгадир,
Бу сас ўзгадир.
Сен уни тинглама, унга тиланма,
Сен қора дунёни чиқиб ўзгартир.

Бу ўринда ижодкор даъват, буюриш оҳанги билан, қушча тимсолида ўз ички туғёни-ю исёнкор сўзларига мурожаат қилмоқда. Айни бир вақтда, у ҳам ўтмишимизнинг аянчли кунларидан норози. Шавкат Раҳмон айтган ўша “симларга ўралган” қора дунёни юзага чиқиб ўзгартир демоқда.

Бу икки шоирнинг шеъриятида нафақат ижтимоий, балки Она Ватанга ва бу заминдаги одамларга муҳаббат ҳисси етакчилик қилади. Уларнинг шеъриятида ҳақиқат, мурувват туйғулари адолатсизлик, шавқатсизлик билан тинимсиз курашади. Бу хислатлар ижодкорларнинг характерида ҳам мужассамлашган бўлиб, ҳақсизликка, адолатсизликга қарши ҳаётда ҳам тинимсиз курашган. Шоирни юксак даражага кўтарган хусусият ҳам ўз халқига, миллатига чексиз ҳурматда бўлганлиги билан изоҳланиши ҳам мана шу ерда намоён бўлади.

Бу ўринда Эркин Воҳидов Хуршид Давроннинг “Қадрдон қуёш” шеърий тўпламининг сўзбошисида: “Хуршиднинг шоирона назарида ҳам, ташбеҳларида, шеърнинг вазнида ҳам беҳаловат кечинмалар руҳи ва тўлқини сезилиб туради. Унинг сатрларида ёшликка хос оташ бор, туғён бор” деб ёзади.

Адабиётшунос олим Улуғбек Ҳамдан Шавкат Раҳмонни хотирлаб уни “шоир – “тузалмас” ҳақиқатпараст”, -деб атайди ва шундай жумлаларни айтади: “Истиқлол ғояларини, ҳақиқатни ўзларининг рамзий шеърларига сингдирган бутун бошли авлод шаклланиб улгурганди. 80-йилларда. … қаердаки, истибдод бор экан, унга қарши исён, норозилик албатта туғилиб ўсиб келаверади. Истибдод қанча зўрайса норозилик ҳам шунча кучаяди. Шарт-шароитга қараб гоҳ ошкора, гоҳ пинҳона. Шавкат Раҳмонлар шеърияти ана шундай исённинг бир кўриниши, рамзий шакли эди”.[ Улуғбек Ҳамдам. Шоир – “тузалмас” ҳақиқатпараст. Шавкат Раҳмонни хотирлаб. –Тошкент, “Шарқ”, 2012.]

Шавкат Раҳмон ва Хуршид Даврон шеъриятини таққослаб, уларнинг ҳар бир персонажларини солиштириш учун озмунча вақт кетмаслиги аниқ. Юқорида биз бу икки шоирларнинг ижодий фаолиятига мухтасар назар ташлаб ўтдик, холос. Нима бўлган тақдирда ҳам ўзбек халқининг, ўзбек адабиётининг асосли фарзандлари ва давомчиларининг ижоди ҳозирги – мустақиллик фарзандлари руҳига сингдириш, уларнинг қалбига муҳаббат, ватанпарварлик, меҳр-оқибат, халқчиллик каби туйғуларнинг янада барг ёзишига кўмаклашиши турган гап. Биз эса ана шундай адабиётимиз вакилларининг бошлаб қўйган ва якуни буюк ва қудратли мақсадларга туташган йўлларидан юрмоғимиз, керак бўлса, ушбу йўлда ўз изимизни қолдирмоғимиз лозим. Ана шунда биздан кейинги авлод бизни қайсидир китоблар орасидан изламоғи аниқ!

Урфга айланмасин қувлик, маддоҳлик,
Авлодим, касбингиз бўлсин огоҳлик.
Зероки ҳар сўзим шу билан боғлиқ.
Ўзда ғайрат топинг, ўзда куч топинг,
қайсидир қатида қолинг китобнинг –
шунда сизни излаб чарчамас борлиқ.

ХУРШИД ДАВРОННИНГ БИР ШЕЪРИ ҲАҚИДА

ХХ аср ўзбек адабиётининг салмоқли вакилларидан бири Хуршид Даврондир. Унинг шеърияти фақат ва фақат теран кузатув ҳамда мулоҳазакорлик орқали акс эттирилади. Шоирнинг асл шоирлигини кўрсатиб берувчи “нигоҳ” бор. Шеъриятида асосий устунликни пейзажга юклаган бу ижодкор ўз йўлини ва ўз услубини ярата олди. Ҳозир биз бу ижодкорнинг шеърларидан бирини ўқувчи ва уқувчи сифатида таҳлил қилишга ҳаракат қиламиз.

* * *

Тик қоядан боқаман йўлга –
Адирларга ташлаб кўз қирин.
Қора сочин сочиб шамолга,
Бола келар йўл босиб ҳорғин.

Қуш овози ҳушимни тортар,
Шохча титрар – учиб кетар қуш
Адирларнинг сукути аро
Титраб ўтар оний бир товуш.

Кўз ташлайман мен яна йўлга –
Ҳассасини босиб бемажол,
Оппоқ сочин сочиб шамолга
Судралади мункиллаган чол.

Аввало биринчи байтга тўхталамиз. “Тик қоядан боқаман йўлга”. Ҳамма нарсага эришган одам ўтмишга, яъни ўзи босиб ўтган (умр) йўлга назар ташламоқда. Ҳамда (“Адирларга ташлаб кўз қирин”) тик қоядан туриб назар ташлашида инсоннинг орзу-истакларига ишора бор. Чунки инсон оддий, нотекис йўлда бораётган пайт текис ва покиза йўлни орзу қилади, ваҳоланки, бу орзусига эришгач эса текис йўл унга баланд адирларнинг ёнида қандайдир бир файзсиз кўринади. Шунда инсон нима қилади, албатта, кейинги истагига қараб ҳаракатлана бошлайди. Адирларга етишган маҳалда эса у, бу адирдан-да баландроқ бўлган кейинги босқичга кўз югуртиради. Инчунун, бу истак – қоялар, тоғлар. Бу таҳлил давом этаверади, токи инсон қабригача.

Тасаввур қилайлик: инсон дунёдаги энг баланд чўққига чиққан тақдирда ҳам бу истаклар тўҳтайдими? Бир қарашда бунга “ҳа!” деб жавоб берса бўладигандек, бироқ бу ҳолат ўша, чўққида турган инсоннинг устидан қандайдир бир заиф қушча учиб ўтгунга қадар. Шундагина инсон энг юқоридаман деган фикрлар гирдибодидан юлқиниб чиқади. Бу йўсинда кетишлар одамни етукликка эмас, тубанликка бошлайди. Негаки, инсон фақат эртасига қараб эмас, кечасига ҳам онда-сонда қараб туришни ўзига одат қилмас экан, унинг “комил жамоа”га киришга ҳаққи йўқ.

Энди асосий мавзуга қайтсак, бизнинг қаҳрамон нима қилмоқда? У маълум натижага эришгандан сўнг босиб ўтган йўлларини сарҳисоб қилмоқда. Адирларга, йўлларга бир-бир разм солиб чиқмоқда. Натижа қандай? У ўз ўтмишини кўрди. “Қора сочин сочиб шамолга, бола келар йўл босиб ҳорғин”

Қора ва потила сочли бир бола, ҳаёт йўлида ҳориб юриб келмоқда. Натижа чиқиши учун сабаб бўлиши лозим. Бу – ўзгармас қоида. Қачон инсон чарчайди? Албатта оғир меҳнатдан сўнг (тўғри, баъзи дам олиб “чарчайдиган”лар ҳам бор). Лекин шоир бу жойга “бола” сўзини қўшиб кетган. Нимага айнан бола? Одам деса ҳам бўлар эди-ку. Бўғин ҳам, маъно ҳам ўзгармас эди-ку бунда. Лекин мабодо ижодкор шундай деганда мантиқ бузиларди. Нима учун?

Кузатганмисиз бирор боланинг кеч пайти ўртоқлари билан ўйнаш учун чиқиб кетётган вақтдаги ҳолатини? Унунг вужудидаги шиддат, иштиёқ, қалбдаги ўт ловуллаб туради, ваҳоланки шу пайтгача бола уй ишлари билан машғул бўлган бўлса-да. Бу шиддат унинг ҳаракатларига ҳам уфуриб туради. Бу шиддатнинг сустлашиши учун қанча ҳаракат керак бўлишини мантиқан тасаввур қилиб кўрайлик. Жуда кўп-а? Мана нима учун бу мисрада бола дейиляпти. Одам у ёқда турсин, ҳатто йигит демаяпти шоир, бола деяпти. Бунга биринчидан инсоннинг истаклар рўёби учун (балки буни ўзи сезмас) жуда ёшликдан ҳаракат қилишини назарда тутилса, иккинчидан юқоридаги мантиқий хулосамиз кўзланган.

Қуш овози ҳушимни тортар,
Шохча титрар – учиб кетар қуш
Адирларнинг сукути аро
Титраб ўтар оний бир товуш.

Кейинги банддаги биринчи икки мисрада “Қуш овози ҳушимни тортар, Шохча титрар – учиб кетар қуш” дейилган. Кейинги саволимиз нимага айнан қуш? Хаёлни тортиш учун бошқа сабаблар ҳам етарли-ку аҳир. Юқорида айтиб ўтдик, инсон бир истагига эришгандан кейин, албатта, иккинчи бир каттароқ истакни орзу қилади. Аммо орзулар ортидан қувиш инсонни азоблар қуюнига олиб келиши муқаррар. Бизнинг қаҳрамон “комил жамоа” аъзоси. У ҳамма тарафни ўйлайди. Бир зумгина эшитилган товуш, инсоннинг тафаккур туғёнларини қўзғатади. Билъайни бу туғён, албатта камолот йўлига хизмат қилгуси. У бир зумгина қушга қаради ва қушнинг учиб кетгани-ю, шохчанинг ўзи қолганини кўради. Бу ижодкорнинг дунёнинг қандай эканлигига берилган шахсий ва янги топилма. Кейинги мисрада эса “Адирларнинг сукути аро, Титраб ўтар оний бир товуш”. Қуш учиб кетгандаги оний, яъни бир лаҳзалик товуш ўша қаҳрамон қачондир босиб ўтган адирларнинг ҳолати билан солиштирилмоқда. Ўша адирлар қаҳрамон туғилишидан олдин ҳам бор эди, ҳозир ҳам мавжуд, кейин ҳам қолади. Қуш учиб келадими, ёки инсон келиб кетадими, уларнинг бариси адирларнинг сабри олдида оний ҳодиса холос. Бу мисрани тўғридан-тўғри биринчи мисрага асос, далил деб олиш мумкин. Яъни инсон умри онийдир.

Кўз ташлайман мен яна йўлга –
Ҳассасини босиб бемажол.
Оппоқ сочин сочиб шамолга
Судралади мункиллаган чол.

“Кўз ташлайман мен яна йўлга –“ эътибор берайлик, қаҳрамон яна ўз йўлига – аввалги қараб турган ҳолатига қайтмоқда. Бу эса ҳар қандай ҳодиса (хоҳ у салбий бўлсин, хоҳ ижобий) уни ўз ишидан, мақсадидан, фикридан қайтара олмаслигига ишора. Кейинги мисраларга ўтамиз ва уч мисрани биргаликда таҳлил қиламиз. Бунга эса бу уч мисра қаҳрамоннинг яна йўл (умр)га қарагандаги тасвири, ҳамда учала мисранинг жамланмаси битта портретнинг чизилишига олиб келиши сабаб бўлади.

“Ҳассасини босиб бемажол,
Оппоқ сочин сочиб шамолга,
Судралади мункиллаган чол”

Қаҳрамонимизнинг чалғиши фақат оний эди. Бу эса бошқа бир шоиримиз Ғ. Ғуломнинг:

“Ғунча очилгунча ўтган фурсатни,
Капалак умрига қиёс этгулик.
Баъзида бир нафас олгулик муддат
Минг юлдуз сўниши учун етгулик”

деган мисраларини ёдимизга солади.

Асар қаҳрамонининг кўз очиб юмгунгача фурсат ичидаги воқеалар унинг онгида шу қадар катта бурилишлар-у ўйларининг алғов-далғов бўлишига олиб келдики, у энди бояги болани эмас, мункиллаган ва ҳаётини яшаб бўлган умрни кўряпти. Бир лаҳзада аввалги қора сочларнинг ҳолати, қадамларнинг ўзгариши, ҳаммаси, бизга инсон ҳаётининг абадий эмаслигини баралла айтиб ўтмаяптими?! Сўзларнинг ишлатилишига назар солайлик. Сочларни шамолга сочилиши. Шеър аввалидаги боланинг сочлари тўлғониб сочилган бўлса, ибтидосида, жўн қилиб айтганда қариликнинг яна бир аломати.

Энди бизнинг қаҳрамон қандай йўл тутиши фақат бизнинг измимизда. Хоҳласак уни (албатта тасаввуримизда) яна орзулар ортидан равона қиламиз, истасак умр сарҳисобига ундаймиз. Шеърни бу тарзда таҳлил қилишимиз ёки ўз фикрларимизни бошқа оқимга томон буриб юборишимиз ҳам, алҳол ўзимизнинг қўлимизда. Буни муаллифнинг ўзи-да истайди. Шеърда ҳеч қандай сарлавҳа йўқлиги бунга исбот.

Шеърнинг яна бир яширин маъноси эса узвий даврга бориб тақалади. Бунда баркамол шахснинг кўз очиб юмгунча умрининг поёнига етиб боришишини тасвирлайди. Тарихан олиб қараганда ўша давр истибдоди тузум ривижига фойдаси тегадиган, белида қуввати, кўзида нури бор шахсларни “қурбон” қилиб, навқирон умрини ўз манфаатлари йўлида сарф этиб, унинг сўнгги шуурини-да симиб олиб, ўзини кераксиз буюмдек чеккага улоқтирганлари қай даражада авайлаб-асраб ифодалагани эса яна бир бор таҳсинга сазовор ҳолат эмасми?!

Шоир ўз шеъри билан юқориликка нарвон қўйиб, унга ўзи тирмашиб бўлди. Энди бўлса, сизни шу чиққан жойигача бўлса-да ёнига чорламоқда. Ё унинг олдига чиқиб кескир нигоҳлари қадалган нуқталарни кўришга урининг, ё унинг ўзи тушишига умид қилинг (албатта, асл шеърни деган шоир зинҳор пастга тушмагай). Пастда юрган шеърчиларга эргашиш ҳам сизнинг ихтиёрингизга ҳавола. Чунки ҳозирда “паст”да юрадиган “шоир”чалар-да бисёр.

Бу – юқорида келтирилган шеърнинг биттагина таҳлилий томони холос. Эслатиш жоизки, биз шеърнинг фақат маъновий томонининг бир қисмини гапирдик. Унда қўлланилган бадииятларнинг жозибасини тааммул қилишни-да сизнинг ихтиёрингизга топширдик.

Бу сингари бой бўёқли шеърларнинг кўпайишидан умидимиз бор.

101116566_0_a5af6_9e43ce46_XL.jpg   Bugun Farg‘ona Davlat universiteti filologiya fakultetining 3-bosqich talabasi Anvarjon Jabborovning she’r xususidagi ikki mitti tadqiqotini sizga havola qilmoqdaman. Ular mening she’rlarimga bag‘ishlangani uchun emas, balki har ikki izlanishda yosh tafakurning she’rga o‘ziga xos nazar tashlashi-yu, «o‘z tushunchasiga» ishonib tahlil qilishga urinishi, qolaversa, yosh adabiy avlod vakilining she’rni nechog‘li tushunishini ko‘rgandek bo‘lganim uchun taqdim etmoqdaman.

  Yosh do‘stim urinishlarini to‘xtatmasa, hali unchalik tinmagan fikrlariga aniqlik bag‘ishlay olsa, aytmoqchi gaplariga faqat o‘zi emas, boshqalarni ham ishontira olishga erishsa, eng muhimi, uning o‘zi ta’kidlaganidek, ustozi bo‘lmish taniqli adabiyotshunos olim Yo‘ldosh Solijonovdan ibrat olsa, kelgusida adabiyotshunosligimiz maydonida, Qozoqboy Yo‘ldosh ta’biri bilan aytganda, yaxshi bir sinchi paydo bo‘lishi mumkin. Bunga ishongim keladi.

Xurshid Davron
O‘zbekiston xalq shoiri

IKKI  MAQOLA
Farg’ona  universtiteti filologiya fakulteti
2-bosqich talabasi Anvarjon Jabborov
006

0_a.jpgShavkat Rahmon 1950 yil 12 sentyabrda O’sh viloyatining Qorasuv tumaniga qarashli Pomir mahallasida tug’ilgan. O’zbekistonda xizmat ko’rsatgan madaniyat xodimi (1996). Moskvadagi Adabiyot institutini tugatgan (1975). Dastlabki she’riy to’plami — «Rangin lahzalar» (1977). «Yurak qirralari» (1981), «Ochiq kunlar» (1984), «Gullayotgan tosh» (1985), «Uyg’oq tog’lar» (1986), «Hulvo» (1988), «Saylanma» (1997) cingari she’riy kitoblari e’lon qilingan. Federiko Garsia Lorka («Saylanma», 1979), Xuan Ramon Ximenes, Rafael  Alberti she’rlarini o’zbek tiliga tarjima qilgan. 1996 yil 2 oktyabrda Toshkent shahrida vafot etgan.

0 24_s_n.jpgXurshid Davron 1952 yil 20 yanvar kuni Samarqand yaqinidagi Chordara qishlog’ida tug’ilgan. O’rta maktabni tugatgach, 1969 yili Toshkent Davlat dorilfununi jurnalistika kulliyotining kechki bo’limida o’qib, kunduzi Toshkent  qurilishlarida ishlaydi. Katta adabiyotga kirib kelishi 1976 yili «Guliston» oynomasida ustoz shoir Erkin Vohidov oq yo’li bilan boshlanadi. 1979 yili birinchi va ikkinchi kitoblari: «Qadrdon quyosh», «Shahardagi olma daraxti» bosilib chiqadi. Shundan so’ng shoirning  «Tungi bog’lar» (1981), «Uchib boraman qushlar bilan» (1983), «To’marisning ko’zlari» (1984), «Bolalikning ovozi» (1986), «Qaqnus» (1987), «Polyot odinokoy ptitsi» (1989), «Bahordan bir kun oldin»  (1994) va boshqa to’plamlari chop etiladi.. Shuningdek, bir qator nasriy kitoblari («Samarqand xayoli», «Sohibqiron nabirasi», «Shayx Kubro tushlari») ham nashr etilgan.

006

SHAVKAT RAHMON VA XURSHID DAVRON
SHE’RIYATIDAGI BIR XIL POETIK
OBRAZLARNING MA’NO TALQINI

XX asr o‘zbek she’riyati yetuk iste’dod sohiblarining namoyon bo`lishi va ijodining yuzaga chiqishi bilan alohida ajralib turadi. Shu bilan bir qatorda 70 – 80-yillarga kelib o`zbek she’riytga o‘nlab ijodkorlar turfa xil ohanglarni olib kirishi bilan o‘ziga xos badiiy tafakkurni shakllantirdi. Mana shunday xususiyatlarni O‘zbekiston Qahramoni Erkin Vohidov yuksak e`tirof bilan shunday ta’riflaydi: “She’riyatimizga yangi avlod kirib keldi. Ohista, iymanib, ulug‘lar qoshida cho‘chinqirab emas, shaxdam, dadil, bamisoli to‘yxonaga kelgan o‘spinirin kuyovnavkarlardek olatasir va so‘ron bilan kirib keldi… Ular shoir sifatida dolg‘ali, behalovat davr bolalari, qalb-u xayollari anordek qontalash, kurrai zaminning istirobu umidlariga og‘ushta bo‘lgan, dunyoga ham zavq-u shavq, ham xavotir ko‘zi bilan boqqan yoshlar. Ular, yana shoir sifatida, she’riyatda haqqoniyat va samimiyat, insonparvarlik g‘olib bo‘lib turgan, haqiqiy iste’dod qadrlanib nasihat o‘rnini badiiyat, jarangdor so`zlar o‘rnini ishontirish qudrati egallab turgan bir davrning ijodkorlari”.1 [ E.Vohidov. Shoiru she’ru shuur. Adabiy o’ylar. –Toshkent, “Yosh gavardiya”, 1987. 117-118-betlar.]

70 – 80-yillar o`zbek she’riyatiga kirib kelgan, aniqrog`i yashinday paydo bo`lgan Usmon Azim, Halima Xudayberdiyeva, Shukur Qurbon, Xurshid Davron, Shavkat Rahmon kabi o‘z davrining yetuk iste’dod sohiblarini yaratgan badiiy asarlari bugungi bugungi kunda yuksak darajada baholanmoqda.

Ana shunday ijodkorlar sanalgan Shavkat Rahmon va Xurshid Davron she`riyati shoirona qarash, poetik kechinma, obrazlar talqini, peyzaj tasviri, lirik qahramon xarakteristikasi kabilarni ifoda etish hamda qo`llash holatlari bilan bir-birlaridan ham farq qiladi, ham bir-biriga o’xshaydi. Masalan, Shavkat Rahmon daraxt qiyofasida insonning qanday yashashi kerakligini o`rgatuvchi, taqdir va hayot zarbalaridan tanasida mador(yaproq)i qolmagan insonga har ko`klamda yangidan yashnashiga undovchi jasorat va matonat timsolini ko`radi:

Subhidamda yam-yashil daraxt
derazamga yuzini bosdi,
o`zin mitti, go`zal she’rlarin –
gullarini ohista yozdi.

Qirchillagan shabada keldi
ko`prgancha, shoshib, quvonib,
Bahor jismi yashnab, ochilib,
bosib ketdi ifor tumani.

Ko`tarilar zamindan qudrat
shabbalarning uchiga qadar,
birdan yashil shoxlarda tillo
zardolilar yaltirab ketar.

Go`yo quyosh parchalanganday…
G`arq qiladi olamni farah.
Har bahorda menga erinmay
yashamoqni o`rgatar daraxt.

Yuqoridagi tasvirning haqqoniyligi, so`zlarning ishlatilish o`rni hamda tiniqligi shoirning badiiy tasavvurdagi mantiqni yanada kuchaytirgan. Shu kabi daraxt obrazini Xurshid Davron “MEN DARAXTGA AYLANDIM TUNDA…” she’rida quyidagicha taftish va tahlil etadi:

Men daraxtga aylandim tunda
va aksimni ko`rdim osmonda.

Yulduzlarni shoximga o`rab
boqdim: navo oqdi yaltirab.

Kapalakday uxladi dunyo,
uxlamadi men kabi daryo.

Men daraxtga aylandim tunda –
tongga qarab o`sdi shoxlarim.

Shoir she’riyatida voqea-hodisalar mohiyatini teran his qilish, anglash, eng xarakterli tomoni bu xususiyatlarni mohirlik bilan she’riy misralar tarkibiga singdirilishi o`ta noziklik bilan amalga oshirilgan. Yuqorida daraxt obrazi insonga mengzalgan. Shavkat Rahmon ham ana shunday talqin berganini avvalroq ta`kidladik. Bu – ikki shoir obrazlarining o`xshash tomoni. Biroq, ikkala shoirning timsoliy qarashlarida farq bor. Chunki, bu timsollarning anglatayotgan mohiyati turlicha, bir-biridan ayri. Shavkat Rahmon daraxtga insonni irodali hamda matonatli bo`lishga chorlovchi manba deb qarasa, Xurshid Davron erk, ozodlik istovchi, qora tunlardan tongga qarab ya`ni hurlikka tomon intiluvchi inson obrazini gavdalantiradi.
Bu kabi obrazlarni ikki shoir talqinida juda ko`p uchratish mumkin. Masalan qush, qushcha obrazini Shavkat Rahmon “O`ZGALAR DARDI…” she`rida shu o`rinda qo`llaydi:

Qushchalar,
sayroqi qushchalar
qafasda bo`g`ilib sayrashar,
betoqat potirlab simlarga
o`ralgan dunyoga qarashar…

Qushchalar,
ozodruh qushchalar
olamdan ko`zini uzmaydi,
chirqirab o`zlarin holimas,
o`zgalar holiga bo`zlaydi.

Qush go`yoki haqiqiy komil insonning yuragi, uning qalbi. She`rda esa shoir “qushchalar” demoqda. Bu bilan u o`sha zamonning tubanliklariga qaramay, asl insoniyligini unutmay kelayotgan shoirlar, yana ham aniqrog`i yosh shoirlarni nazarda tutmoqda. Ular qafas ichida bo`lsalar-da iymonlari uyg`oq, hudbinlik botqog`iga botmagan va har mahal o`zlarining emas, o`zga insonlarning tashvishi bilan kuylaydilar, deb aytmoqchi bo`ladi shoir.

Xurshid Davron ijodida ham qush, qushcha timsolini quyidagicha ifodalaydi:

Hey, ko`ksim asiri, qushcha, aldanma,
Bu olov o`zgadir,
Bu sas o`zgadir.
Sen uni tinglama, unga tilanma,
Sen qora dunyoni chiqib o`zgartir.

Bu o`rinda ijodkor da`vat, buyurish ohangi bilan, qushcha timsolida o`z ichki tug`yoni-yu isyonkor so`zlariga murojaat qilmoqda. Ayni bir vaqtda, u ham o`tmishimizning ayanchli kunlaridan norozi. Shavkat Rahmon aytgan o`sha “simlarga o`ralgan” qora dunyoni yuzaga chiqib o`zgartir demoqda.

Bu ikki shoirning she’riyatida nafaqat ijtimoiy, balki Ona Vatanga va bu zamindagi odamlarga muhabbat hissi yetakchilik qiladi. Ularning she’riyatida haqiqat, muruvvat tuyg‘ulari adolatsizlik, shavqatsizlik bilan tinimsiz kurashadi. Bu xislatlar ijodkorlarning xarakterida ham mujassamlashgan bo‘lib, haqsizlikka, adolatsizlikga qarshi hayotda ham tinimsiz kurashgan. Shoirni yuksak darajaga ko‘targan xususiyat ham o‘z xalqiga, millatiga cheksiz hurmatda bo`lganligi bilan izohlanishi ham mana shu yerda namoyon bo`ladi.

Bu o`rinda Erkin Vohidov Xurshid Davronning “Qadrdon quyosh” she’riy to’plamining so`zboshisida: “Xurshidning shoirona nazarida ham, tashbehlarida, she’rning vaznida ham behalovat kechinmalar ruhi va to`lqini sezilib turadi. Uning satrlarida yoshlikka xos otash bor, tug`yon bor” deb yozadi.

Adabiyotshunos olim Ulug`bek Hamdan Shavkat Rahmonni xotirlab uni “shoir – “tuzalmas” haqiqatparast”, -deb ataydi va shunday jumlalarni aytadi: “Istiqlol g‘oyalarini, haqiqatni o‘zlarining ramziy she’rlariga singdirgan butun boshli avlod shakllanib ulgurgandi. 80-yillarda. … qayerdaki, istibdod bor ekan, unga qarshi isyon, norozilik albatta tug‘ilib o‘sib kelaveradi. Istibdod qancha zo‘raysa norozilik ham shuncha kuchayadi. Shart-sharoitga qarab goh oshkora, goh pinhona. Shavkat Rahmonlar she’riyati ana shunday isyonning bir ko‘rinishi, ramziy shakli edi”.[ Ulug’bek Hamdam. Shoir – “tuzalmas” haqiqatparast. Shavkat Rahmonni xotirlab. –Toshkent, “Sharq”, 2012.]

Shavkat Rahmon va Xurshid Davron she`riyatini taqqoslab, ularning har bir personajlarini solishtirish uchun ozmuncha vaqt ketmasligi aniq. Yuqorida biz bu ikki shoirlarning ijodiy faoliyatiga muxtasar nazar tashlab o`tdik, xolos. Nima bo`lgan taqdirda ham o`zbek xalqining, o`zbek adabiyotining asosli farzandlari va davomchilarining ijodi hozirgi – mustaqillik farzandlari ruhiga singdirish, ularning qalbiga muhabbat, vatanparvarlik, mehr-oqibat, xalqchillik kabi tuyg`ularning yanada barg yozishiga ko`maklashishi turgan gap. Biz esa ana shunday adabiyotimiz vakillarining boshlab qo`ygan va yakuni buyuk va qudratli maqsadlarga tutashgan yo`llaridan yurmog`imiz, kerak bo`lsa, ushbu yo`lda o`z izimizni qoldirmog`imiz lozim. Ana shunda bizdan keyingi avlod bizni qaysidir kitoblar orasidan izlamog`i aniq!

Urfga aylanmasin quvlik, maddohlik,
Avlodim, kasbingiz bo’lsin ogohlik.
Zeroki har so’zim shu bilan bog’liq.
O’zda g’ayrat toping, o’zda kuch toping,
qaysidir qatida qoling kitobning –
shunda sizni izlab charchamas borliq.

XURSHID DAVRONNING BIR SHE’RI HAQIDA

XX asr o‘zbek adabiyotining salmoqli vakillaridan biri Xurshid Davrondir. Uning she’riyati faqat va faqat teran kuzatuv hamda mulohazakorlik orqali aks ettiriladi. Shoirning asl shoirligini ko‘rsatib beruvchi “nigoh” bor. She’riyatida asosiy ustunlikni peyzajga yuklagan bu ijodkor o‘z yo‘lini va o‘z uslubini yarata oldi. Hozir biz bu ijodkorning she’rlaridan birini o‘quvchi va uquvchi sifatida tahlil qilishga harakat qilamiz.

* * *

Tik qoyadan boqaman yo‘lga –
Adirlarga tashlab ko‘z qirin.
Qora sochin sochib shamolga,
Bola kelar yo‘l bosib horg‘in.

Qush ovozi hushimni tortar,
Shoxcha titrar – uchib ketar qush
Adirlarning sukuti aro
Titrab o‘tar oniy bir tovush.

Ko‘z tashlayman men yana yo‘lga –
Hassasini bosib bemajol,
Oppoq sochin sochib shamolga
Sudraladi munkillagan chol.

Avvalo birinchi baytga to‘xtalamiz. “Tik qoyadan boqaman yo‘lga”. Hamma narsaga erishgan odam o‘tmishga, ya’ni o‘zi bosib o‘tgan (umr) yo‘lga nazar tashlamoqda. Hamda (“Adirlarga tashlab ko‘z qirin”) tik qoyadan turib nazar tashlashida insonning orzu-istaklariga ishora bor. Chunki inson oddiy, notekis yo‘lda borayotgan payt tekis va pokiza yo‘lni orzu qiladi, vaholanki, bu orzusiga erishgach esa tekis yo‘l unga baland adirlarning yonida qandaydir bir fayzsiz ko‘rinadi. Shunda inson nima qiladi, albatta, keyingi istagiga qarab harakatlana boshlaydi. Adirlarga yetishgan mahalda esa u, bu adirdan-da balandroq bo‘lgan keyingi bosqichga ko‘z yugurtiradi. Inchunun, bu istak – qoyalar, tog‘lar. Bu tahlil davom etaveradi, toki inson qabrigacha.

Tasavvur qilaylik: inson dunyodagi eng baland cho‘qqiga chiqqan taqdirda ham bu istaklar to‘htaydimi? Bir qarashda bunga “ha!” deb javob bersa bo‘ladigandek, biroq bu holat o‘sha, cho‘qqida turgan insonning ustidan qandaydir bir zaif qushcha uchib o‘tgunga qadar. Shundagina inson eng yuqoridaman degan fikrlar girdibodidan yulqinib chiqadi. Bu yo‘sinda ketishlar odamni yetuklikka emas, tubanlikka boshlaydi. Negaki, inson faqat ertasiga qarab emas, kechasiga ham onda-sonda qarab turishni o‘ziga odat qilmas ekan, uning “komil jamoa”ga kirishga haqqi yo‘q.

Endi asosiy mavzuga qaytsak, bizning qahramon nima qilmoqda? U ma’lum natijaga erishgandan so‘ng bosib o‘tgan yo‘llarini sarhisob qilmoqda. Adirlarga, yo‘llarga bir-bir razm solib chiqmoqda. Natija qanday? U o‘z o‘tmishini ko‘rdi. “Qora sochin sochib shamolga, bola kelar yo‘l bosib horg‘in”

Qora va potila sochli bir bola, hayot yo‘lida horib yurib kelmoqda. Natija chiqishi uchun sabab bo‘lishi lozim. Bu – o‘zgarmas qoida. Qachon inson charchaydi? Albatta og‘ir mehnatdan so‘ng (to‘g‘ri, ba’zi dam olib “charchaydigan”lar ham bor). Lekin shoir bu joyga “bola” so‘zini qo‘shib ketgan. Nimaga aynan bola? Odam desa ham bo‘lar edi-ku. Bo‘g‘in ham, ma’no ham o‘zgarmas edi-ku bunda. Lekin mabodo ijodkor shunday deganda mantiq buzilardi. Nima uchun?

Kuzatganmisiz biror bolaning kech payti o‘rtoqlari bilan o‘ynash uchun chiqib ketyotgan vaqtdagi holatini? Unung vujudidagi shiddat, ishtiyoq, qalbdagi o‘t lovullab turadi, vaholanki shu paytgacha bola uy ishlari bilan mashg‘ul bo‘lgan bo‘lsa-da. Bu shiddat uning harakatlariga ham ufurib turadi. Bu shiddatning sustlashishi uchun qancha harakat kerak bo‘lishini mantiqan tasavvur qilib ko‘raylik. Juda ko‘p-a? Mana nima uchun bu misrada bola deyilyapti. Odam u yoqda tursin, hatto yigit demayapti shoir, bola deyapti. Bunga birinchidan insonning istaklar ro‘yobi uchun (balki buni o‘zi sezmas) juda yoshlikdan harakat qilishini nazarda tutilsa, ikkinchidan yuqoridagi mantiqiy xulosamiz ko‘zlangan.

Qush ovozi hushimni tortar,
Shoxcha titrar – uchib ketar qush
Adirlarning sukuti aro
Titrab o‘tar oniy bir tovush.

Keyingi banddagi birinchi ikki misrada “Qush ovozi hushimni tortar, Shoxcha titrar – uchib ketar qush” deyilgan. Keyingi savolimiz nimaga aynan qush? Xayolni tortish uchun boshqa sabablar ham yetarli-ku ahir. Yuqorida aytib o‘tdik, inson bir istagiga erishgandan keyin, albatta, ikkinchi bir kattaroq istakni orzu qiladi. Ammo orzular ortidan quvish insonni azoblar quyuniga olib kelishi muqarrar. Bizning qahramon “komil jamoa” a’zosi. U hamma tarafni o‘ylaydi. Bir zumgina eshitilgan tovush, insonning tafakkur tug‘yonlarini qo‘zg‘atadi. Bil’ayni bu tug‘yon, albatta kamolot yo‘liga xizmat qilgusi. U bir zumgina qushga qaradi va qushning uchib ketgani-yu, shoxchaning o‘zi qolganini ko‘radi. Bu ijodkorning dunyoning qanday ekanligiga berilgan shaxsiy va yangi topilma. Keyingi misrada esa “Adirlarning sukuti aro, Titrab o‘tar oniy bir tovush”. Qush uchib ketgandagi oniy, ya’ni bir lahzalik tovush o‘sha qahramon qachondir bosib o‘tgan adirlarning holati bilan solishtirilmoqda. O‘sha adirlar qahramon tug‘ilishidan oldin ham bor edi, hozir ham mavjud, keyin ham qoladi. Qush uchib keladimi, yoki inson kelib ketadimi, ularning barisi adirlarning sabri oldida oniy hodisa xolos. Bu misrani to‘g‘ridan-to‘g‘ri birinchi misraga asos, dalil deb olish mumkin. Ya’ni inson umri oniydir.

Ko‘z tashlayman men yana yo‘lga –
Hassasini bosib bemajol.
Oppoq sochin sochib shamolga
Sudraladi munkillagan chol.

“Ko‘z tashlayman men yana yo‘lga –“ e’tibor beraylik, qahramon yana o‘z yo‘liga – avvalgi qarab turgan holatiga qaytmoqda. Bu esa har qanday hodisa (xoh u salbiy bo‘lsin, xoh ijobiy) uni o‘z ishidan, maqsadidan, fikridan qaytara olmasligiga ishora. Keyingi misralarga o‘tamiz va uch misrani birgalikda tahlil qilamiz. Bunga esa bu uch misra qahramonning yana yo‘l (umr)ga qaragandagi tasviri, hamda uchala misraning jamlanmasi bitta portretning chizilishiga olib kelishi sabab bo‘ladi.

“Hassasini bosib bemajol,
Oppoq sochin sochib shamolga,
Sudraladi munkillagan chol”

Qahramonimizning chalg‘ishi faqat oniy edi. Bu esa boshqa bir shoirimiz G‘. G‘ulomning:

“G‘uncha ochilguncha o‘tgan fursatni,
Kapalak umriga qiyos etgulik.
Ba’zida bir nafas olgulik muddat
Ming yulduz so‘nishi uchun yetgulik”

degan misralarini yodimizga soladi.

Asar qahramonining ko‘z ochib yumgungacha fursat ichidagi voqealar uning ongida shu qadar katta burilishlar-u o‘ylarining alg‘ov-dalg‘ov bo‘lishiga olib keldiki, u endi boyagi bolani emas, munkillagan va hayotini yashab bo‘lgan umrni ko‘ryapti. Bir lahzada avvalgi qora sochlarning holati, qadamlarning o‘zgarishi, hammasi, bizga inson hayotining abadiy emasligini baralla aytib o‘tmayaptimi?! So‘zlarning ishlatilishiga nazar solaylik. Sochlarni shamolga sochilishi. She’r avvalidagi bolaning sochlari to‘lg‘onib sochilgan bo‘lsa, ibtidosida, jo‘n qilib aytganda qarilikning yana bir alomati.

Endi bizning qahramon qanday yo‘l tutishi faqat bizning izmimizda. Xohlasak uni (albatta tasavvurimizda) yana orzular ortidan ravona qilamiz, istasak umr sarhisobiga undaymiz. She’rni bu tarzda tahlil qilishimiz yoki o‘z fikrlarimizni boshqa oqimga tomon burib yuborishimiz ham, alhol o‘zimizning qo‘limizda. Buni muallifning o‘zi-da istaydi. She’rda hech qanday sarlavha yo‘qligi bunga isbot.

She’rning yana bir yashirin ma’nosi esa uzviy davrga borib taqaladi. Bunda barkamol shaxsning ko‘z ochib yumguncha umrining poyoniga yetib borishishini tasvirlaydi. Tarixan olib qaraganda o‘sha davr istibdodi tuzum rivijiga foydasi tegadigan, belida quvvati, ko‘zida nuri bor shaxslarni “qurbon” qilib, navqiron umrini o‘z manfaatlari yo‘lida sarf etib, uning so‘nggi shuurini-da simib olib, o‘zini keraksiz buyumdek chekkaga uloqtirganlari qay darajada avaylab-asrab ifodalagani esa yana bir bor tahsinga sazovor holat emasmi?!

Shoir o‘z she’ri bilan yuqorilikka narvon qo‘yib, unga o‘zi tirmashib bo‘ldi. Endi bo‘lsa, sizni shu chiqqan joyigacha bo‘lsa-da yoniga chorlamoqda. Yo uning oldiga chiqib keskir nigohlari qadalgan nuqtalarni ko‘rishga urining, yo uning o‘zi tushishiga umid qiling (albatta, asl she’rni degan shoir zinhor pastga tushmagay). Pastda yurgan she’rchilarga ergashish ham sizning ixtiyoringizga havola. Chunki hozirda “past”da yuradigan “shoir”chalar-da bisyor.

Bu – yuqorida keltirilgan she’rning bittagina tahliliy tomoni xolos. Eslatish joizki, biz she’rning faqat ma’noviy tomonining bir qismini gapirdik. Unda qo‘llanilgan badiiyatlarning jozibasini taammul qilishni-da sizning ixtiyoringizga topshirdik.

Bu singari boy bo‘yoqli she’rlarning ko‘payishidan umidimiz bor.

Shavkat Rahmon. Yurak Qirralari by Khurshid Davron on Scribd

Xurshid Davron. Tungi bog’lar — 1981.pdf by Khurshid Davron on Scribd

006

(Tashriflar: umumiy 593, bugungi 1)

1 izoh

  1. Таҳлил бироз бўшроқдай туйилди (Кечирингизлар, ҳеч қачон, ҳеч нарсага кўнглим тўлмайди, ўзимга ҳам… ). Аммо ниҳоятда самимий ёзилган. Раҳмат сизга, дард кўрманг Анваржон Жабборов.

Izoh qoldiring