Ҳикоямнинг ибтидоси тақдир бўлсин. Биз уни баъзан пешонага битгани ё муқаддарот деб ҳам аташимиз мумкин. Бутун коинотнинг, яшалган ва яшалажак яратиқнинг аввалу охир ўзгармас қонуниятлар асосида ҳаракатланмоғига ишончдир бу тақдир деганлари.
Ҳасан Туғберк Баҳодиртурк
МУЗАЙЯН
Ҳасан Туғберк Баҳодиртурк 1985 йил Туркиянинг Кўнё вилоятида туғилган. Селчук ва Истанбул университетларида муҳандислик ҳамда физика йўналишлари бўйича таҳсил олган. «Пуфак кирдикорлари» ва бошқа асарлари даврий нашриётларда мунтазам нашр этиб борилади. Айни пайтда халқаро тижорат соҳасида фаолият юритади.
I
Ҳикоямнинг ибтидоси тақдир бўлсин. Биз уни баъзан пешонага битгани ё муқаддарот деб ҳам аташимиз мумкин. Бутун коинотнинг, яшалган ва яшалажак яратиқнинг аввалу охир ўзгармас қонуниятлар асосида ҳаракатланмоғига ишончдир бу тақдир деганлари. У азалдан то абадга қадар ҳукмини юргизган Аллоҳгагина боғлиқлигини биламиз. Тақдирга иймон келтирмоқ эса камолнинг ҳам, заволнинг ҳам Аллоҳданлигига иймон келтирмоқ дегани.
Деразаларни ёпинг. Айтинг, қушлар жимсин, гўдаклар йиғламасин. Мошинлар йўлларда таққа тўхтасин ва шууримиз бир пир руҳи янглиғ пок сукунатга буркансин.
Музайян…
Музайян менинг тақдирим эмасди, бироқ уни севганимчи? Музайянга ошиқлик онгимга самолардан йўлланган жумбоқли хабар янглиғ тақдиримда жилва қилди. Мен юрган йўллар Музайянга элтар бўлса ҳеч чарчамас, атрофимдаги бутун нарса-ҳодисаларда унинг бир парчасини, исмидан эсган шамолларни кўрардим. Кўзлари – жинчироғи бирдан ўчган тунги кўчадек сим-сиёҳ, сочлари эса жингалак.
Дунёнинг энг музайян Музайяни.
Бир қарашда сезилмаслиги мумкин, бироқ ёноғидаги дунёнинг энг маҳзун шуъласини ўзида асир тутган зиндон – бир жуфт чуқурча кўриниб кетади у кулганда. Ғазабланганида қорачиқлари қараб тур, ҳозир ҳаётингни зулматга айлантираман дегандек чидаб бўлмас даражада кенгаяр, ҳаяжонланганида эса гапириши тезлашиб, бирдан ҳижолат ботқоғига бир нилуфар янглиғ ботиб кетарди. Беркитиқча қанд еяётганида онаси ушлаб олган болакайдек. Уялганида аввал ўнг тарафга кейин эса одамнинг нақ юрагига тикилиб қоларди. Ер куррасини ўз ўқидан чиқишга мажбур қиларди у мана шундай хумор-хумор боқишлари билан.
Менинг ўқим эса буткул унга томон ҳаракатланар, тезлашувлар мажолимни қуритарди. Исмини сўраб, ундан илк бора Музайян деган жавобни олгач эса тамоман Уторуд сайёрасига эврилгандим. Бу Музайян деганлари ўттиз йиллик руҳ салтанитини лаҳзада ер билан битта қилди. Биламан дея ишонган, ўрганганимга амин бўлганим неки бор, барини унутдим. Хотирамни тозаладим, шу кунгача ўқиганларимни ёдим кутубхонасидан ташқарига итқитиб ўт қўйиб юбордим ва гуриллаб ёнаётган ўтмиш атрофида айланганча сармаст шомондек рақс тушдим. Ичида Музайян йўқ дея китобларнинг барини ўша оловга отдим. Унинг оғзидан чиққан ҳар бир калимани эслаб қолай, дея идрокиму ҳаётимда янги бўш жойлар ҳозирладим. Деразаларимга кўзларининг қорасини сурдим. Музайян ўзини бир бор бўлсада кўрсин шу деразаларда деб хаёл қилдим ёлғиз қолган пайт. Зотан, мен доим ёлғиз эдим. Кўзларимда кўзларини кўрсин, дердим.
Қўллари шеър, сочлари роман ўша Музайян ҳақида гапиряпман сизга, жаноблар. Юрганида қадамидан мойчечаклар, сочларидан дасторгуллар униб чиқарди гўё. Ҳар нафас олиши энг улуғ мукофот тақдимотида йиғлаб айтиб бериладиган ҳикоя, энг олий мадрасада толибларга дарс қилиб ўтиладиган ҳикмат эди. Шаҳарнинг ҳар бир бурчагига унинг расмларини осишганди. Ҳар ҳолда, ҳокимиятдаги ичи қоралар атай шундай қилган деб ўйладим. Кўчадаги уйсиз мушук бағридаги боласини ялаб-юлқаб эркалагани пайт, у дилбандига Музайян ҳақида гапириб бераяпти деб ўйлардим. Ёнига ўтирардим-да, мен ҳам у ҳақида билганларимни айтиб берардим мушукка. Унинг кўзлари шу қадар чақноқки, айни дам сизни шу ҳолда кўрса, ёнингизга келиб йиғлаб юборарди дердим. Кимдан Музайянни сўрасам, юзимга ҳайрон боқиб сенга нажот йўқ, ҳеч кимдан ёрдам кутма дердида, йўлида давом этарди. Дарҳақиқат, мен ёрдам кутганим йўқ.
Бир куни тўсатдан кетишим керак деб қолди. Бемалол айтди у кетиши кераклигини. Бир одамга ўқилган ўлим ҳукми бу қадар қисқа бўлмаслиги керак дедим ичимда, бироқ ташимга чиқармадим. Сабабини сўраганим йўқ. Музайян ҳақида кутубхона-кутубхона китоб ёза оладиган кучим бор эди, бироқ индамадим. Жимликни доимгидек яна у бузди, режаларим деди, орзуларим деди, кетаман деди. Чет элда ўқимаса бўлмас экан. Ҳар бир киприги учун озод қилганим қушларнинг бари сиғган шу осмон унга тор келармиш. Ўзга шаҳарлардаги осмонга ҳам бир боққиси бор. Жим эдим. Менинг унга, унинг эса бошқа осмонга қўли етмасди. Туғилганимда малаклар ичимга бир бомба жойлагану унинг портлатиш тугмачасини Музайянга тутқазган экан. Тугмани босдию кетди. Ёки кетдию босди. Дунём қулади дедим. Кейин дедимки, бу дунё аввалдан қулаганди. Унинг ҳаробаларига нур тўкиб турган қуёшим кетди. Энди унинг ортидан мунғайиб қолган харобада нафас олиш ҳам азоб. Биламан дея ишонган ҳамма нарсамни кўзларига жойлади. Кетди. Кетмоқ худди қадим қадрият деб ўйлаган бўлса керакки, уни бажармасликни ўзига эп кўрмади. Кетди.
Албатта, сен нега кетмадинг деб сўраганлар ҳам кўп бўлди. Фақат, бу шаҳар ёқамни қўйвормади. Кетсанг ўласан деганида ҳам кетардим, бироқ шаҳар жим эди. Қўллари ёқамда, кўзлари кўзларимда эди шаҳарнинг. Кетолмадим. Музайяннинг ортидан кўтарилган ҳар бир чанг заррасига у ҳақида гапириб бера бошладим. Аввалда дунё Музайяннинг бир парчаси эди, холос. Ўша Буюк портлашдан кейин эса у сизларга мени ташлаб, бутун парчаларини йиғиштирди-да ке-е-етди.
Одамлар портлашдан сўнг сочилиб кетган жисмим парчаларини ҳамон оғриқлар ичидан излайди. Йўқ, аслида улар қаттиқ адашишади. Мен Музайяннинг зулматида зоҳир эдим. Бориму йўғим Музайянсизликдан ахтарилиши керак эди. Йўқ, улар эшитишмади. Йўқлигимни тинмай қазийвердилар. Охири археологлар Музайяннинг энг қадимий манзилгоҳини кўксим остидан топишди. Бу манзилгоҳ деворларида унинг гўзаллигига айтилган ибтидоий тилдаги ҳамд оятлари ва ҳуснига қурбон бўлсин дея сўйилган жонлиқларннг тирик суратлари ўйиб ишланганди. Ҳатто шунча битиклару суратлар ҳам Музайянга таъриф беролмаган, унинг кетганини ва ё ёнимдалигини менга исботлолмаганди.
Энди кулганимда дунёнинг энг қора шуъласини ўзида банди этган юзимдаги зиндонга боқиб, одамлар аттанг дейишаётганмиш…
Музайянни севмоқ энди бир қор парчасининг ерга қандай тушишини кузатиш қадар қайғули иш. Айланиб-айланиб қулаётган гўзалликка тикила туриб, бошинг беихтиёр эгилиб бораётганини сезмайсан.
II
Музайян айтди:
– Бир ёнғиндан сўнг кулбанинг кўкларга соврилган кули-ю қурумларидан бир ҳовучи жонимга тўлиб қолган.
Қон ва тер ичида тўлғонган тушларимдан қочаётганмидим, эсимда йўқ. Юзимга урилган ҳеч бир томчи ичимдаги оловни сўндиролмасди. Чорани ўчоққа отган китобларимни қайта тиклаш фикридан изладим. Барини қайтадан ўқидим, худди ўша сўзларнинг остига қайтадан яна ўша қора қалам билан чизиб чиқдим. Унга аталмаган китоблардан унга аталган жумлаларни ахтардим. Бефойда!
Китоб дўконларига бостириб кирдим, нашриётларга шикоят хатлари жўнатдим. Бу ишларим ортидан уч кеча қамоқда ҳам ўтириб чиқдим. Верасиз қолган Нозиммас, гўё ватансиз қолган Нозимдек шеърлар ёза бошладим. Ундан қолган ҳаробани бузиб ташламанг дея шаҳар бошқармасига ўн етти марта ялиниб бордим.
Деворларга ғазабнок мисралар ўйдим. Музайян демадим, шунчаки у шу ерда туриб менга қараб кулиб қўяганди деб ёздим, холос. Қаҳр билан! Доим бирга борадиган жойимизга бордим, худди ўша столга ўтирдим. Жамол Сурайёнинг лутфи ила иккита чой буюрдим. Кошки, фақат шу чойнинг иккиталиги учунгина бу ўлка пешонамга ёлғиз деган тамғани босмаса…
Дўстларим ҳам мендан умидларини бир-бир узишди. Буёғига одам бўлолмасдим. Шуни билиб мендан узоқлашишди. Ахир, Музайян кетгач умримда фақат бир инсон камайиши керак эди, бироқ ундай бўлмади. Ёлғиз қолишим хаёлимга ҳам келмаган экан. Юрган йўлларим Музайянга элтмаслигини билиб, манзилимни тинимсиз ўзгартиравердим. Ҳар чорраҳада бир тиланчи йўлимдан чиқиб тилана бошларди. Нон сўрамасди у:
– Бир танга эҳсон қил, оға. Очман, Музайян оламан.
Кўчалар бурчагида сайёр гулчи сасланарди:
– Иним, янги узилган Музайянлар бор. Севганингизга олиб бормайсизми?
Мен бошини силаган мушуклар ҳам унинг исмини айтиб миёвларди. Шундай қилиб, атрофимдаги доира телбага айланишим учун каминага беминнат ёрдам бераётганди.
Телбалигимнинг илк кунлари шундай бошланди.
Бир икки танишлар касалхонага олиб боришди. Таҳлиллар, тестлар, муолажалар. Натижа? Музайянсизлик йўлларига боғланган идрок йўлларининг ёпилиб қолиши. Аниқ ташхис мана шу. Докторга бутун бўлиб ўтганларни айтиб бермоқчи бўлдим. Музайян, дедим. Бир кўрсангиз эди, дедим ўша юзимдаги қоронғу зиндонни янада қорайтириб. Тушунмадим деди у. Тушунмади. Ахир, Музайя дедим. Музайян…
– Лаббай?
– Йўўўқ, шунчаки исмини такрорлаш ёқади. Бу жуда эски касаллик. Тузатолмайсиз…
Барибир тушунмади. Билсам, бу тушунмаслик ҳеч нарса эмас экан. У пайтлар мени ҳали қандай тушунмовчиликлар кутиб тургани хаёлимнинг кўчасига ҳам кириб чиқмаганди.
Айни дам касалхонанинг совуқ ҳужрасида, Ундан минг Музайян йили узоқда туриб деразадан ташқарини томоша қиляпман. Кўзларим айланибайланиб тушаётган бир қор парчасига тикилган…
Энди Музайянни эслаш бир ёнғиндан сўнг кулбанинг кўкларга соврилган кулию қурумларидан бир ҳовучи тўлиб қолган жон оғриқларига чидамоқдай оддий гапдек туюла бошлади.
III
Ўлим касалхонанинг совуқ хонасида айланганча мени кузатади…
Уни ташлаб кетишга мажбур бўлганим кунлар қора босириқдек кўзларим ичига чўккан, қароғларимдек қора, сочларимдек пурдолға эди. Доктор миямдаги қора доғнинг нималигини аниқлолмади ва мени Европадаги бир касалхонага жўнатди. Бормасанг ўласан, деди у. Бу сўзларни шундай бемалол айтдики, гўё ишдан қайтишда нон ҳам ола кел дегандек эшитилди. Шу деразани бироз оч, хонага тоза ҳаво кирсин дегандек.
Уни эса алдадим. Ўқишга кетишим керак, орзуларим бор дедим кўзимдаги ёшни, ичимдаги оғриқни яширишга уриниб. Орзуларимни бу ерларда арзон сотиб қўйишим мумкин дея овутдим уни. Ўлаяпман, сени севиш учун яшашим керак деёлмадим. Мен кетажак жойларда ҳаёт йўқ, севгилим дейишга журъатим етмади. У ерларда фақат ўлим бор, юр мен билан дейишга ўзимда куч тополмадим.
Аввал у билан, кейин оилам ва мени катта қилган манзил билан видолашдим. Расмий газеталардан бирига ўлаяпман деб эълон бердим. Бошқа иложим йўқ эди. Масалан, ўша ўзим яхши кўрган хиёбонга қайтиб боролмадим. Йиғладим, кўзёшим қуригунча йиғладим. Кўзгулар аксимни кўрсатмас қадар йўқолгандим. Йўқотилгандим. Ичимдаги гармселдан бунёд гирдоблар бирдан бўшлиққа томон ҳаракатлана бошлади. Ботинимдаги таназзуллар тормози йўқ мошиндек йўқлигинга шиддат билан кириб бораверди. Қачон қўлларим телефонга югурса, юзимга бир тарсаки туширадиган бўлдим. Бироқ, йиғлашни ўзимга ўзим тақиқлаёлмадим. Аввал сен ифорини севган сочларим тўкила бошлади. Энди кулганим он ёноғимда дунёнинг энг ёруғ зиндони кўринмасди. Ёки энди мен шунчаки кулиш учун сабаб тополмаётгандим. Қўлимни чап кўксимга қўйиб биламан, шу ердасан дердим ва осмонга узоқ тикилиб қолардим. Осмонга тикилардим худди унинг соқол безаган юзига соатлар мобайнида тикилгандек. Шу кўйи кўнглимни тозалашни ўрганиб олдим.
Бу ерга келишда фақат у севган китобларнигина олдим ўзим билан. Ҳеч биридан унинг менга кечалари шивирлаб айтган ширин жумлаларни тополмадим. “Тутқич бермаслар” ни, “Таҳликали ўйинлар” ни, “Қўрқувни кутиб” ни неччи қайта ўқиганимни фақат Худо билади. “Мен боши берк кўчадаги эшиклари қулф уйнинг сувсиз қудуғидаман” деб бақирардим баъзан деразадан осмонга тикила туриб. Кейин эса докторим менга ёрдами тегсин дея бир руҳшунос бириктириб қўйди. Унинг менга берган дорилари майда, бироқ умидлари катта эди. Баъзан бу умидлар маҳобати мени васвасага соларди. Уч ойдан сўнг Туркияга қайтиш учун етарли даражада соғайишим мумкинлигини айтганида руҳимдаги капалакларнинг барини осмонга қўйиб юбордим. У кўз тиккан осмон остида яна бир бор нафас олиш илинжи ила.
Синовлар битди, ҳисоботлар ёзилди, чипталар олинди. Аеропортда мени онам, отам ва акам кутиб олишди. У йўқ эди. Йўлда кета туриб онамдан уни сўрадим. У эс кўзига тўлган ёш бўғзига-да тиқилган бўлса керакки, тутилиб жавоб берди:
– Кейин айтиб бераман, қизим. Кейинроқ…
Эртаси кун онам айтди, мен кетгач сени руҳий хасталиклар шифохонасига ётқизишибди. Ватансизликда йиғлолмаганим қадар йиғладим. Бунча куч қаердан келганига ўзим ҳайрон. Мен ўша боши берк кўчанинг қудуғидаман дея бақирганимда сен қудуқнинг кўзини жимгина ёпаётган экансан. Кун ёришгани заҳот ўзимни кўчага отдим. Сен ўтган кўчалардан ўтдим. Бу ерга қадаминг текканини йўлаклар ёқасида ўсган мойчечаклардан сездим. У кўчанинг мушуклари оёғимга суйкалди. Шундан билдим. Деворларига “Лаънат бўлсин айрилиқларга” деб ёзибсан. Жисмимни деворга сундим. Исинг димоғимда гуллаб кетди. Осмонга қараяпсанми, демак асирсан. Мен ҳам ишқинг асоратини тан олиб осмонга боқдим. Осмонга боқиббоқиб сен томонга кетган йўлларни топдим. Касалхона манзилини қушлар айтди. Қушлар билан гаплашишни сен ўргатгандинг, севгилим. Ўтирган ҳужрангнинг деразасидан сени томоша қилдим, йиғладим. Ёноғимдаги ўша нурли зиндон кўзёшга тўлди. Сени шу қадар ёлғизлатиб қўйишдими, севгилим? Қоғоздан қушлар ясаб, менга етиб борсин дея деразадан отибсан. Ҳеч қайсиси етиб келгани йўқ. Ишқ кўзингни кўр қилгур фаррошлар барини териб олишибди. Лекин, яхшики доктор менга кўрсатди уларни.
Ва у қушлар менга саломингни етказди. Хотиринг жам бўлсин, севгилим… Мен сени севишдан воз кечганим йўқ. Буткул соғаймадим, лекин энди анча яхшиман. Ҳар куни сени, касалхона ҳовлисидаги ўриндиқда ўтирганча сен тузалажак кунни кутаман. Доктор яна икки уч ой ёнинга киришим мумкин эмаслигини айтиб огоҳлантирди. Бироқ, қўлимни кўксимга қўйиб шивирлайман “Биласан, шу ердаман”. Биламан, сен ҳам ҳис қилиб турибсан. Кеча деразангдан тушган яна бир мактубни ўқидим: “Сезяпман, Музайян қайтган”. Фақат шу уч сўз. Барини билишингни биламан, ахир.
Ёки бу қушлар ҳам гуноҳимизга шерик бўлишаётганмикан?
Ҳар куни айни шу жойга келиб, сенга китоблар ўқиб бераман. Қара, хатто кутилишинг ҳам гўзал, кутилмоғинг ҳам маърифат. Кўрасан, биз яна ўз қудуғимизда туриб осмонни бирга томоша қиламиз: Сен, мен ва кулганимиз дам юзимиздаги энг ёруғ зиндонлар билан. Бошим елкангда, сенинг бошинг бошим устида…
IV
Ҳикоямнинг ибтидоси ўлим бўлсин. Ўлим руҳнинг бадандан айрилишидир. Ўлим – янги одам учун эскирган ўринларни тозалаш. Ўлим – ўла туриб ҳам баъзи нарсаларни қаттиқ соғиниш демак. Ўлим туғилмоқдир. Ўлим бошламоқдир. Ўлим тирикликда туриб йўқ бўлмоқ эмас, балки тириклай ҳақиқатга қовушмоқ маъносини англатади. Бор бўла туриб йўқ бўлолмайсан. Йўқолдингми, демак ҳеч қачон бор бўлмагансан. Термодинамика бизни алдаган бўлиши мумкин эмас, севгилим.
Уч ой тинмай, ҳар тонг касалхонага қатнадим. Деразанг қаршисидаги ўриндиққа чўкканча мени кўриб қоларсан дея зор кутдим. Аҳволинг кундан кунга оғирлашиб борарди. Аввал мактуб ёзишни, кейин овқатланишни ва охирида одамлар билан гаплашишни рад қилдинг. Иккимиз битта касалхона ичра эриётгандик. Дунёмиз шиддат билан сочларимдек тўкилар, кўзларимдек қорайиб борарди. Ё қоронғуликни севганинг учун бу таҳликали ўйинларни ўйнаётганмидинг? Билмадим.
Зиёрат вақти тугагач, яна ташқарига, сендан бошланган йўлларга сингиб кетдим. Номи номаълум кўчаларда девонадек югурар, одамлару одимларни кўрмай ўтиб кетардим. Кўча чироқлари домино доналаридек бирма бир сўнди. Бирма бир сўнди бу умидлар. Болалар бирма бир йиғлай бошлашди. Кўнглимнинг илинж жангоҳларига бирма бир атом бомбалари ташланди, севгилим. Аввал сен ясаган қоғоз қушларни ўтга ташладилар, мактубларингни бир жойга йиғиб, уларга умид ҳайф дея ахлатга отдилар. Ай, севгилим… Сен билмайсан, мени шу қадар ёлғизлатишдики…
Ҳар ташлаган қадамим ичимдаги зимистонни янада қорайтирарди. Кулганим он ёноғимда бўй кўрсатган ўша энг ёруғ, энг ғамгин зиндонни тупроқ билан тўлдиришди. Барига шаҳар бошқармасидагилар айбдор. Ёмғирни томоша қиламан дея югурганим деразаларнинг ойнасига кўзимнинг қорасини суркашди. Бу қаролиғ, бу зулматнинг сири фақат менга аён бўлди. Унинг ортида сен борлигингни фақат мен билдим. Зотан, биз нақадар яктан эдик. Зотан, бу дунё сенинг борлигинг учунгина мувозанат-ла айланади. У тўхтаса ерга қандай қулаб чилпарчин бўлишим мумкинлигини ҳам билиб олдим. Тиззаларим орасига беркиндим, йиғладим. Кўп йиғладим, севгилим. Нафасим фарёдга, фарёдим нафасга эврилди. Кўчадаги дайди бир мушукнинг бошини силагандек унсиз йиғладим. Ичимга оғриқ санчилди. Кўнглимнинг ўрмонларида бир милтиқ отилди. Қушлар ҳавода айланиб-айланиб учишди. Ботинимда нима бўлса, барини чиқариб ташладим. Деворни пайпаслаб-пайпаслаб ташқари чиқдим. Зўрға такси тўхтатиб фалон шифохонага дедим. Икки йил аввалга деганимдайди, эҳтимол сенга олиб борарди мени.
Етиб келганимда аллақачон кеч бўлганди. Мени жонсиз ҳолда топишди. Ҳа, ўша касалхона хиёбонида. Жуда заифлашиб қолгандим, докторлар хавотирга тушиб оиламга ҳам хабар қилишганди. Охирги мактубингни олганимдан бери дориларни ичаётганим йўқ. Мен ўлгандан тўрт кун ўтиб сен ясаган қоғоз қушларнинг ичига қарашганида бари ойдинлашади. Ҳа, биз майда ўйинлар ўйнашни ўзимизга эп кўрмадик, севгилим.
Мен – Музайян, ҳастахона ҳужрасидан ўлигингни топишгандан уч соату йигирма етти дақиқа ўтиб, сени кутган ўриндиқ пойида бу дунёдан кўз юмдим. Бошим эса эгик.
Эй севганим, энди ўлим бир қабристон ичра ётганча мозоримизга ёғаётган қорпарчаларни кузатиш қадар қайғули…
Турк тилидан Мирзоҳид Музаффар таржимаси
Hikoyamning ibtidosi taqdir bo’lsin. Biz uni ba’zan peshonaga bitgani yo muqaddarot deb ham atashimiz mumkin. Butun koinotning, yashalgan va yashalajak yaratiqning avvalu oxir o’zgarmas qonuniyatlar asosida harakatlanmog’iga ishonchdir bu taqdir deganlari.
Hasan Tug’berk Bahodirturk
MUZAYYAN
Hasan Tug’berk Bahodirturk 1985 yil Turkiyaning Ko’nyo viloyatida tug’ilgan. Selchuk va Istanbul universitetlarida muhandislik hamda fizika yo’nalishlari bo’yicha tahsil olgan. «Pufak kirdikorlari» va boshqa asarlari davriy nashriyotlarda muntazam nashr etib boriladi. Ayni paytda xalqaro tijorat sohasida faoliyat yuritadi.
I
Hikoyamning ibtidosi taqdir bo’lsin. Biz uni ba’zan peshonaga bitgani yo muqaddarot deb ham atashimiz mumkin. Butun koinotning, yashalgan va yashalajak yaratiqning avvalu oxir o’zgarmas qonuniyatlar asosida harakatlanmog’iga ishonchdir bu taqdir deganlari. U azaldan to abadga qadar hukmini yurgizgan Allohgagina bog’liqligini bilamiz. Taqdirga iymon keltirmoq esa kamolning ham, zavolning ham Allohdanligiga iymon keltirmoq degani.
Derazalarni yoping. Ayting, qushlar jimsin, go’daklar yig’lamasin. Moshinlar yo’llarda taqqa to’xtasin va shuurimiz bir pir ruhi yanglig’ pok sukunatga burkansin.
Muzayyan…
Muzayyan mening taqdirim emasdi, biroq uni sevganimchi? Muzayyanga oshiqlik ongimga samolardan yo’llangan jumboqli xabar yanglig’ taqdirimda jilva qildi. Men yurgan yo’llar Muzayyanga eltar bo’lsa hech charchamas, atrofimdagi butun narsa-hodisalarda uning bir parchasini, ismidan esgan shamollarni ko’rardim. Ko’zlari – jinchirog’i birdan o’chgan tungi ko’chadek simsiyoh, sochlari esa jingalak.
Dunyoning eng muzayyan Muzayyani.
Bir qarashda sezilmasligi mumkin, biroq yonog’idagi dunyoning eng mahzun shu’lasini o’zida asir tutgan zindon – bir juft chuqurcha ko’rinib ketadi u kulganda. G’azablanganida qorachiqlari qarab tur, hozir hayotingni zulmatga aylantiraman degandek chidab bo’lmas darajada kengayar, hayajonlanganida esa gapirishi tezlashib, birdan hijolat botqog’iga bir nilufar yanglig’ botib ketardi. Berkitiqcha qand yeyayotganida onasi ushlab olgan bolakaydek. Uyalganida avval o’ng tarafga keyin esa odamning naq yuragiga tikilib qolardi. Yer kurrasini o’z o’qidan chiqishga majbur qilardi u mana shunday xumor-xumor boqishlari bilan.
Mening o’qim esa butkul unga tomon harakatlanar, tezlashuvlar majolimni quritardi. Ismini so’rab, undan ilk bora Muzayyan degan javobni olgach esa tamoman Utorud sayyorasiga evrilgandim. Bu Muzayyan deganlari o’ttiz yillik ruh saltanitini lahzada yer bilan bitta qildi. Bilaman deya ishongan, o’rganganimga amin bo’lganim neki bor, barini unutdim. Xotiramni tozaladim, shu kungacha o’qiganlarimni yodim kutubxonasidan tashqariga itqitib o’t qo’yib yubordim va gurillab yonayotgan o’tmish atrofida aylangancha sarmast shomondek raqs tushdim. Ichida Muzayyan yo’q deya kitoblarning barini o’sha olovga otdim. Uning og’zidan chiqqan har bir kalimani eslab qolay, deya idrokimu hayotimda yangi bo’sh joylar hozirladim. Derazalarimga ko’zlarining qorasini surdim. Muzayyan o’zini bir bor bo’lsada ko’rsin shu derazalarda deb xayol qildim yolg’iz qolgan payt. Zotan, men doim yolg’iz edim. Ko’zlarimda ko’zlarini ko’rsin, derdim.
Qo’llari she’r, sochlari roman o’sha Muzayyan haqida gapiryapman sizga, janoblar. Yurganida qadamidan moychechaklar, sochlaridan dastorgullar unib chiqardi go’yo. Har nafas olishi eng ulug’ mukofot taqdimotida yig’lab aytib beriladigan hikoya, eng oliy madrasada toliblarga dars qilib o’tiladigan hikmat edi. Shaharning har bir burchagiga uning rasmlarini osishgandi. Har holda, hokimiyatdagi ichi qoralar atay shunday qilgan deb o’yladim. Ko’chadagi uysiz mushuk bag’ridagi bolasini yalab-yulqab erkalagani payt, u dilbandiga Muzayyan haqida gapirib berayapti deb o’ylardim. Yoniga o’tirardimda, men ham u haqida bilganlarimni aytib berardim mushukka. Uning ko’zlari shu qadar chaqnoqki, ayni dam sizni shu holda ko’rsa, yoningizga kelib yig’lab yuborardi derdim. Kimdan Muzayyanni so’rasam, yuzimga hayron boqib senga najot yo’q, hech kimdan yordam kutma derdida, yo’lida davom etardi. Darhaqiqat, men yordam kutganim yo’q.
Bir kuni to’satdan ketishim kerak deb qoldi. Bemalol aytdi u ketishi kerakligini. Bir odamga o’qilgan o’lim hukmi bu qadar qisqa bo’lmasligi kerak dedim ichimda, biroq tashimga chiqarmadim. Sababini so’raganim yo’q. Muzayyan haqida kutubxonakutubxona kitob yoza oladigan kuchim bor edi, biroq indamadim. Jimlikni doimgidek yana u buzdi, rejalarim dedi, orzularim dedi, ketaman dedi. Chet elda o’qimasa bo’lmas ekan. Har bir kiprigi uchun ozod qilganim qushlarning bari sig’gan shu osmon unga tor kelarmish. O’zga shaharlardagi osmonga ham bir boqqisi bor. Jim edim. Mening unga, uning esa boshqa osmonga qo’li yetmasdi. Tug’ilganimda malaklar ichimga bir bomba joylaganu uning portlatish tugmachasini Muzayyanga tutqazgan ekan. Tugmani bosdiyu ketdi. Yoki ketdiyu bosdi. Dunyom quladi dedim. Keyin dedimki, bu dunyo avvaldan qulagandi. Uning harobalariga nur to’kib turgan quyoshim ketdi. Endi uning ortidan mung’ayib qolgan xarobada nafas olish ham azob. Bilaman deya ishongan hamma narsamni ko’zlariga joyladi. Ketdi. Ketmoq xuddi qadim qadriyat deb o’ylagan bo’lsa kerakki, uni bajarmaslikni o’ziga ep ko’rmadi. Ketdi.
Albatta, sen nega ketmading deb so’raganlar ham ko’p bo’ldi. Faqat, bu shahar yoqamni qo’yvormadi. Ketsang o’lasan deganida ham ketardim, biroq shahar jim edi. Qo’llari yoqamda, ko’zlari ko’zlarimda edi shaharning. Ketolmadim. Muzayyanning ortidan ko’tarilgan har bir chang zarrasiga u haqida gapirib bera boshladim. Avvalda dunyo Muzayyanning bir parchasi edi, xolos. O’sha Buyuk portlashdan keyin esa u sizlarga meni tashlab, butun parchalarini yig’ishtirdi-da ke-e-etdi.
Odamlar portlashdan so’ng sochilib ketgan jismim parchalarini hamon og’riqlar ichidan izlaydi. Yo’q, aslida ular qattiq adashishadi. Men Muzayyanning zulmatida zohir edim. Borimu yo’g’im Muzayyansizlikdan axtarilishi kerak edi. Yo’q, ular eshitishmadi. Yo’qligimni tinmay qaziyverdilar. Oxiri arxeologlar Muzayyanning eng qadimiy manzilgohini ko’ksim ostidan topishdi. Bu manzilgoh devorlarida uning go’zalligiga aytilgan ibtidoiy tildagi hamd oyatlari va husniga qurbon bo’lsin deya so’yilgan jonliqlarnng tirik suratlari o’yib ishlangandi. Hatto shuncha bitiklaru suratlar ham Muzayyanga ta’rif berolmagan, uning ketganini va yo yonimdaligini menga isbotlolmagandi.
Endi kulganimda dunyoning eng qora shu’lasini o’zida bandi etgan yuzimdagi zindonga boqib, odamlar attang deyishayotganmish…
Muzayyanni sevmoq endi bir qor parchasining yerga qanday tushishini kuzatish qadar qayg’uli ish. Aylanibaylanib qulayotgan go’zallikka tikila turib, boshing beixtiyor egilib borayotganini sezmaysan.
II
Muzayyan aytdi:
– Bir yong’indan so’ng kulbaning ko’klarga sovrilgan kuli-yu qurumlaridan bir hovuchi jonimga to’lib qolgan.
Qon va ter ichida to’lg’ongan tushlarimdan qochayotganmidim, esimda yo’q. Yuzimga urilgan hech bir tomchi ichimdagi olovni so’ndirolmasdi. Chorani o’choqqa otgan kitoblarimni qayta tiklash fikridan izladim. Barini qaytadan o’qidim, xuddi o’sha so’zlarning ostiga qaytadan yana o’sha qora qalam bilan chizib chiqdim. Unga atalmagan kitoblardan unga atalgan jumlalarni axtardim. Befoyda!
Kitob do’konlariga bostirib kirdim, nashriyotlarga shikoyat xatlari jo’natdim. Bu ishlarim ortidan uch kecha qamoqda ham o’tirib chiqdim. Verasiz qolgan Nozimmas, go’yo vatansiz qolgan Nozimdek she’rlar yoza boshladim. Undan qolgan harobani buzib tashlamang deya shahar boshqarmasiga o’n yetti marta yalinib bordim.
Devorlarga g’azabnok misralar o’ydim. Muzayyan demadim, shunchaki u shu yerda turib menga qarab kulib qo’yagandi deb yozdim, xolos. Qahr bilan! Doim birga boradigan joyimizga bordim, xuddi o’sha stolga o’tirdim. Jamol Surayyoning lutfi ila ikkita choy buyurdim. Koshki, faqat shu choyning ikkitaligi uchungina bu o’lka peshonamga yolg’iz degan tamg’ani bosmasa…
Do’stlarim ham mendan umidlarini bir-bir uzishdi. Buyog’iga odam bo’lolmasdim. Shuni bilib mendan uzoqlashishdi. Axir, Muzayyan ketgach umrimda faqat bir inson kamayishi kerak edi, biroq unday bo’lmadi. Yolg’iz qolishim xayolimga ham kelmagan ekan. Yurgan yo’llarim Muzayyanga eltmasligini bilib, manzilimni tinimsiz o’zgartiraverdim. Har chorrahada bir tilanchi yo’limdan chiqib tilana boshlardi. Non so’ramasdi u:
– Bir tanga ehson qil, og’a. Ochman, Muzayyan olaman.
Ko’chalar burchagida sayyor gulchi saslanardi:
– Inim, yangi uzilgan Muzayyanlar bor. Sevganingizga olib bormaysizmi?
Men boshini silagan mushuklar ham uning ismini aytib miyovlardi. Shunday qilib, atrofimdagi doira telbaga aylanishim uchun kaminaga beminnat yordam berayotgandi.
Telbaligimning ilk kunlari shunday boshlandi.
Bir ikki tanishlar kasalxonaga olib borishdi. Tahlillar, testlar, muolajalar. Natija? Muzayyansizlik yo’llariga bog’langan idrok yo’llarining yopilib qolishi. Aniq tashxis mana shu. Doktorga butun bo’lib o’tganlarni aytib bermoqchi bo’ldim. Muzayyan, dedim. Bir ko’rsangiz edi, dedim o’sha yuzimdagi qorong’u zindonni yanada qoraytirib. Tushunmadim dedi u. Tushunmadi. Axir, Muzayya dedim. Muzayyan…
– Labbay?
– Yo’o’o’q, shunchaki ismini takrorlash yoqadi. Bu juda eski kasallik. Tuzatolmaysiz…
Baribir tushunmadi. Bilsam, bu tushunmaslik hech narsa emas ekan. U paytlar meni hali qanday tushunmovchiliklar kutib turgani xayolimning ko’chasiga ham kirib chiqmagandi.
Ayni dam kasalxonaning sovuq hujrasida, Undan ming Muzayyan yili uzoqda turib derazadan tashqarini tomosha qilyapman. Ko’zlarim aylanibaylanib tushayotgan bir qor parchasiga tikilgan…
Endi Muzayyanni eslash bir yong’indan so’ng kulbaning ko’klarga sovrilgan kuliyu qurumlaridan bir hovuchi to’lib qolgan jon og’riqlariga chidamoqday oddiy gapdek tuyula boshladi.
III
O’lim kasalxonaning sovuq xonasida aylangancha meni kuzatadi…
Uni tashlab ketishga majbur bo’lganim kunlar qora bosiriqdek ko’zlarim ichiga cho’kkan, qarog’larimdek qora, sochlarimdek purdolg’a edi. Doktor miyamdagi qora dog’ning nimaligini aniqlolmadi va meni Yevropadagi bir kasalxonaga jo’natdi. Bormasang o’lasan, dedi u. Bu so’zlarni shunday bemalol aytdiki, go’yo ishdan qaytishda non ham ola kel degandek eshitildi. Shu derazani biroz och, xonaga toza havo kirsin degandek.
Uni esa aldadim. O’qishga ketishim kerak, orzularim bor dedim ko’zimdagi yoshni, ichimdagi og’riqni yashirishga urinib. Orzularimni bu yerlarda arzon sotib qo’yishim mumkin deya ovutdim uni. O’layapman, seni sevish uchun yashashim kerak deyolmadim. Men ketajak joylarda hayot yo’q, sevgilim deyishga jur’atim yetmadi. U yerlarda faqat o’lim bor, yur men bilan deyishga o’zimda kuch topolmadim.
Avval u bilan, keyin oilam va meni katta qilgan manzil bilan vidolashdim. Rasmiy gazetalardan biriga o’layapman deb e’lon berdim. Boshqa ilojim yo’q edi. Masalan, o’sha o’zim yaxshi ko’rgan xiyobonga qaytib borolmadim. Yig’ladim, ko’zyoshim quriguncha yig’ladim. Ko’zgular aksimni ko’rsatmas qadar yo’qolgandim. Yo’qotilgandim. Ichimdagi garmseldan bunyod girdoblar birdan bo’shliqqa tomon harakatlana boshladi. Botinimdagi tanazzullar tormozi yo’q moshindek yo’qliginga shiddat bilan kirib boraverdi. Qachon qo’llarim telefonga yugursa, yuzimga bir tarsaki tushiradigan bo’ldim. Biroq, yig’lashni o’zimga o’zim taqiqlayolmadim. Avval sen iforini sevgan sochlarim to’kila boshladi. Endi kulganim on yonog’imda dunyoning eng yorug’ zindoni ko’rinmasdi. Yoki endi men shunchaki kulish uchun sabab topolmayotgandim. Qo’limni chap ko’ksimga qo’yib bilaman, shu yerdasan derdim va osmonga uzoq tikilib qolardim. Osmonga tikilardim xuddi uning soqol bezagan yuziga soatlar mobaynida tikilgandek. Shu ko’yi ko’nglimni tozalashni o’rganib oldim.
Bu yerga kelishda faqat u sevgan kitoblarnigina oldim o’zim bilan. Hech biridan uning menga kechalari shivirlab aytgan shirin jumlalarni topolmadim. “Tutqich bermaslar” ni, “Tahlikali o’yinlar” ni, “Qo’rquvni kutib” ni nechchi qayta o’qiganimni faqat Xudo biladi. “Men boshi berk ko’chadagi eshiklari qulf uyning suvsiz qudug’idaman” deb baqirardim ba’zan derazadan osmonga tikila turib. Keyin esa doktorim menga yordami tegsin deya bir ruhshunos biriktirib qo’ydi. Uning menga bergan dorilari mayda, biroq umidlari katta edi. Ba’zan bu umidlar mahobati meni vasvasaga solardi. Uch oydan so’ng Turkiyaga qaytish uchun yetarli darajada sog’ayishim mumkinligini aytganida ruhimdagi kapalaklarning barini osmonga qo’yib yubordim. U ko’z tikkan osmon ostida yana bir bor nafas olish ilinji ila.
Sinovlar bitdi, hisobotlar yozildi, chiptalar olindi. Aeroportda meni onam, otam va akam kutib olishdi. U yo’q edi. Yo’lda keta turib onamdan uni so’radim. U es ko’ziga to’lgan yosh bo’g’zigada tiqilgan bo’lsa kerakki, tutilib javob berdi:
– Keyin aytib beraman, qizim. Keyinroq…
Ertasi kun onam aytdi, men ketgach seni ruhiy xastaliklar shifoxonasiga yotqizishibdi. Vatansizlikda yig’lolmaganim qadar yig’ladim. Buncha kuch qayerdan kelganiga o’zim hayron. Men o’sha boshi berk ko’chaning qudug’idaman deya baqirganimda sen quduqning ko’zini jimgina yopayotgan ekansan. Kun yorishgani zahot o’zimni ko’chaga otdim. Sen o’tgan ko’chalardan o’tdim. Bu yerga qadaming tekkanini yo’laklar yoqasida o’sgan moychechaklardan sezdim. U ko’chaning mushuklari oyog’imga suykaldi. Shundan bildim. Devorlariga “La’nat bo’lsin ayriliqlarga” deb yozibsan. Jismimni devorga sundim. Ising dimog’imda gullab ketdi. Osmonga qarayapsanmi, demak asirsan. Men ham ishqing asoratini tan olib osmonga boqdim. Osmonga boqibboqib sen tomonga ketgan yo’llarni topdim. Kasalxona manzilini qushlar aytdi. Qushlar bilan gaplashishni sen o’rgatganding, sevgilim. O’tirgan hujrangning derazasidan seni tomosha qildim, yig’ladim. Yonog’imdagi o’sha nurli zindon ko’zyoshga to’ldi. Seni shu qadar yolg’izlatib qo’yishdimi, sevgilim? Qog’ozdan qushlar yasab, menga yetib borsin deya derazadan otibsan. Hech qaysisi yetib kelgani yo’q. Ishq ko’zingni ko’r qilgur farroshlar barini terib olishibdi. Lekin, yaxshiki doktor menga ko’rsatdi ularni.
Va u qushlar menga salomingni yetkazdi. Xotiring jam bo’lsin, sevgilim… Men seni sevishdan voz kechganim yo’q. Butkul sog’aymadim, lekin endi ancha yaxshiman. Har kuni seni, kasalxona hovlisidagi o’rindiqda o’tirgancha sen tuzalajak kunni kutaman. Doktor yana ikki uch oy yoninga kirishim mumkin emasligini aytib ogohlantirdi. Biroq, qo’limni ko’ksimga qo’yib shivirlayman “Bilasan, shu yerdaman”. Bilaman, sen ham his qilib turibsan. Kecha derazangdan tushgan yana bir maktubni o’qidim: “Sezyapman, Muzayyan qaytgan”. Faqat shu uch so’z. Barini bilishingni bilaman, axir.
Yoki bu qushlar ham gunohimizga sherik bo’lishayotganmikan?
Har kuni ayni shu joyga kelib, senga kitoblar o’qib beraman. Qara, xatto kutilishing ham go’zal, kutilmog’ing ham ma’rifat. Ko’rasan, biz yana o’z qudug’imizda turib osmonni birga tomosha qilamiz: Sen, men va kulganimiz dam yuzimizdagi eng yorug’ zindonlar bilan. Boshim yelkangda, sening boshing boshim ustida…
IV
Hikoyamning ibtidosi o’lim bo’lsin. O’lim ruhning badandan ayrilishidir. O’lim – yangi odam uchun eskirgan o’rinlarni tozalash. O’lim – o’la turib ham ba’zi narsalarni qattiq sog’inish demak. O’lim tug’ilmoqdir. O’lim boshlamoqdir. O’lim tiriklikda turib yo’q bo’lmoq emas, balki tiriklay haqiqatga qovushmoq ma’nosini anglatadi. Bor bo’la turib yo’q bo’lolmaysan. Yo’qoldingmi, demak hech qachon bor bo’lmagansan. Termodinamika bizni aldagan bo’lishi mumkin emas, sevgilim.
Uch oy tinmay, har tong kasalxonaga qatnadim. Derazang qarshisidagi o’rindiqqa cho’kkancha meni ko’rib qolarsan deya zor kutdim. Ahvoling kundan kunga og’irlashib borardi. Avval maktub yozishni, keyin ovqatlanishni va oxirida odamlar bilan gaplashishni rad qilding. Ikkimiz bitta kasalxona ichra eriyotgandik. Dunyomiz shiddat bilan sochlarimdek to’kilar, ko’zlarimdek qorayib borardi. Yo qorong’ulikni sevganing uchun bu tahlikali o’yinlarni o’ynayotganmiding? Bilmadim.
Ziyorat vaqti tugagach, yana tashqariga, sendan boshlangan yo’llarga singib ketdim. Nomi noma’lum ko’chalarda devonadek yugurar, odamlaru odimlarni ko’rmay o’tib ketardim. Ko’cha chiroqlari domino donalaridek birma bir so’ndi. Birma bir so’ndi bu umidlar. Bolalar birma bir yig’lay boshlashdi. Ko’nglimning ilinj jangohlariga birma bir atom bombalari tashlandi, sevgilim. Avval sen yasagan qog’oz qushlarni o’tga tashladilar, maktublaringni bir joyga yig’ib, ularga umid hayf deya axlatga otdilar. Ay, sevgilim… Sen bilmaysan, meni shu qadar yolg’izlatishdiki…
Har tashlagan qadamim ichimdagi zimistonni yanada qoraytirardi. Kulganim on yonog’imda bo’y ko’rsatgan o’sha eng yorug’, eng g’amgin zindonni tuproq bilan to’ldirishdi. Bariga shahar boshqarmasidagilar aybdor. Yomg’irni tomosha qilaman deya yugurganim derazalarning oynasiga ko’zimning qorasini surkashdi. Bu qarolig’, bu zulmatning siri faqat menga ayon bo’ldi. Uning ortida sen borligingni faqat men bildim. Zotan, biz naqadar yaktan edik. Zotan, bu dunyo sening borliging uchungina muvozanat-la aylanadi. U to’xtasa yerga qanday qulab chilparchin bo’lishim mumkinligini ham bilib oldim. Tizzalarim orasiga berkindim, yig’ladim. Ko’p yig’ladim, sevgilim. Nafasim faryodga, faryodim nafasga evrildi. Ko’chadagi daydi bir mushukning boshini silagandek unsiz yig’ladim. Ichimga og’riq sanchildi. Ko’nglimning o’rmonlarida bir miltiq otildi. Qushlar havoda aylanib-aylanib uchishdi. Botinimda nima bo’lsa, barini chiqarib tashladim. Devorni paypaslabpaypaslab tashqari chiqdim. Zo’rg’a taksi to’xtatib falon shifoxonaga dedim. Ikki yil avvalga deganimdaydi, ehtimol senga olib borardi meni.
Yetib kelganimda allaqachon kech bo’lgandi. Meni jonsiz holda topishdi. Ha, o’sha kasalxona xiyobonida. Juda zaiflashib qolgandim, doktorlar xavotirga tushib oilamga ham xabar qilishgandi. Oxirgi maktubingni olganimdan beri dorilarni ichayotganim yo’q. Men o’lgandan to’rt kun o’tib sen yasagan qog’oz qushlarning ichiga qarashganida bari oydinlashadi. Ha, biz mayda o’yinlar o’ynashni o’zimizga ep ko’rmadik, sevgilim.
Men – Muzayyan, hastaxona hujrasidan o’ligingni topishgandan uch soatu yigirma yetti daqiqa o’tib, seni kutgan o’rindiq poyida bu dunyodan ko’z yumdim. Boshim esa egik.
Ey sevganim, endi o’lim bir qabriston ichra yotgancha mozorimizga yog’ayotgan qorparchalarni kuzatish qadar qayg’uli…
Turk tilidan Mirzohid Muzaffar tarjimasi