Naim Karimov. Cho’lpon va musiqa.

090
Чўлпоннинг мусиқага муносабати тўғрисида сўз борганда, буюк Ҳалима Носированинг каминага айтган қуйидаги сўзлари ёдимга келади: “…Мен Чўлпон домланинг оила аъзосидек эдим. Шул сабабли уларникига тортинмай кириб бораверардим. Устознинг кўп шеърларини ашула қилиб айтардим… “Галдир” деган қадимий халқ куйига солиниб, бир девонанинг номидан айтилган ғоят гўзал шеърни ҳам ашула қилиб куйлардим… Бу қўшиқ, албатта, фақат девонанинг эмас, балки Чўлпон домланинг ҳам юрак туйғуларини теран ифодаларди. Мусиқани, ашулани, санъатни адабиётдан ҳам яхши кўрарди у киши, деган тушунча чуқур ўрнашиб қолган, менинг онгимда. Бу улуғ инсон шунчалар санъатсевар, шунчалар санъатпарвар эдилар..”

021
Наим Каримов
ЧЎЛПОН ВА МУСИҚА
Эссе

090 Инсоният ўз тарихининг маданий босқичига қадам қўйибдики, ҳаётини бир лаҳза ҳам мусиқасиз тасаввур этолмайди. Мусиқа унга фақат хуш кайфият ва эстетик завқ инъом этибгина қолмай, ақлий ва ижодий салоҳиятининг юксалиши, руҳий-маънавий оламининг бойиши ва сай­қалланишида муҳим аҳамият касб этиб келади. “Денгиздан гўзалроқ нарса – денгиз”, деганларидек, мусиқадан гўзалроқ нарса ҳам мусиқадир. Эҳтимол, шу сатрларни ўқиган шеърият шайдолари каминадан ранжишлари, шеъриятнинг кучини “унутганим” учун мендан ўпкаланишлари мумкин. Аммо улар мусиқанинг шеъриятдан аввал дунёга келганини ва шеърият бағрида ҳамиша мусиқанинг юраги “гурс-гурс” уриб турганини хаёлдан ўтказишса, каминанинг у қадар шаккоклик қилмаганини тушунишади.

Мусиқа шундай катта кучга эга бўлгани учун ўзини маданий ҳисоблаган ҳар бир ўзбекнинг хонадонида яқин-яқингача китоблар билан бирга танбуру дуторлар ҳам бўлган. Фақат меҳмон бўлиб келган хонанда ва созандаларгина эмас, балки хонадон соҳибларининг ўзлари ҳам шу чол­ғу асбобларини қўлларига олиб, улардан булбул нолаларини тарата билишган. Ҳазрат Навоий эса танбур торлари орқали қалб тўлқинларини ифодалабгина қолмай, бастакор дўстларининг нонларини яримта қилиб, “Наво” куйини ижод қилган. Бизга замондош бўлган ўулом Зафарий, Ҳамза, Фитрат, Чўлпон сингари улуғ шоирлар ҳам мусиқанинг сеҳрли оламидан бебаҳра кишилар бўлишмаган.

“ГАЛДИР”

Чўлпоннинг мусиқага муносабати тўғрисида сўз борганда, буюк Ҳалима Носированинг каминага айтган қуйидаги сўзлари ёдимга келади: “…Мен Чўлпон домланинг оила аъзосидек эдим. Шул сабабли уларникига тортинмай кириб бораверардим. Устознинг кўп шеърларини ашула қилиб айтардим… “Галдир” деган қадимий халқ куйига солиниб, бир девонанинг номидан айтилган ғоят гўзал шеърни ҳам ашула қилиб куйлардим… Бу қўшиқ, албатта, фақат девонанинг эмас, балки Чўлпон домланинг ҳам юрак туйғуларини теран ифодаларди. Мусиқани, ашулани, санъатни адабиётдан ҳам яхши кўрарди у киши, деган тушунча чуқур ўрнашиб қолган, менинг онгимда. Бу улуғ инсон шунчалар санъатсевар, шунчалар санъатпарвар эдилар..”

Агар Ҳалимахоним тилга олган “Галдир”нинг:

Мен дутор бирла туғишғон кўҳна бир девонаман,
Ул туғишғоним билан бир ўтда доим ёнаман,

деган биринчи байтини ўқисак, диққат-эътиборимизни шу байтдаги икки нуқта ўзига жалб этади: уларнинг бири лирик қаҳрамоннинг дутор бирла туғишғонлиги, иккинчиси эса девоналигидир. Агар шеърнинг кейинги байтларини ўқишда давом этсак, шу икки нуқта ўзаро бирлашиб, Галдир (девона, телба, қаландар) образи турли бўёқлар орқали изчиллик билан очиб борилганини кўрамиз. Лекин:

Мен дуторнинг ҳар ерига беркиниб олсам агар,
Пардаларнинг ҳар бири бергай бўлак ғамдан хабар.

Пардалар узра юриб турган одам бармоқлари,
Кўкрагимни кўп босар, шундан бўлур толмоқлари.

байтларида дутор билан туғишғон лирик қаҳрамон дуторнинг ҳар ер-ҳар ерига беркиниб олганда, пардаларнинг ҳар биридан бўлак ғам нолалари таралишини айтади; шу пардалар узра юрган одамнинг бармоқлари эса унинг кўкрагини эзиб, нафас олишини қийинлаштиради. Шу байтлардаги дутор – лирик қаҳрамон – парда образлари ўзаро бирлашиб, мазлум элнинг, бармоқлари пардалар узра юрган одам образи эса золим дунёнинг тимсоллари даражасига кўтарилади. Навбатдаги байтдан эса шу золимнинг бармоқлари икки торни тинмай қақшатиб ўтаверса-ю Галдир йиғламаса, тишини-тишига қўйиб ётаверса, бу торлардан “бўлак ғамли ўт” чиқмаслиги, яъни мазлум элнинг исён кўтармаслиги мумкинлиги англашилади… Хуллас, Чўлпон ўзини девонага, Галдирга солиб, шеър ҳужайраларига мазлум халқни уйғотишга қаратилган яширин маънони усталик билан жойлаган.

Маълумки, 1923 йили Андижонда қисқа умрли “Дархон” газетаси нашр этилган. Мазкур газета олдига қўйилган вазифа “босмачилик ҳаракати”ни тугатишда совет давлатига кўмаклашиш эди. Бир томондан, “босмачилар”нинг водий аҳлига жабр-зулм ўтказа бошлагани, иккинчи томондан, қизил аскарларнинг “босмачилар”га қарши кураш баҳонасида ўлкани қонга ботираётганини кўрган Чўлпон бир неча ой шу газетада ишлагач: “Муҳит кучлик экан, эгдим бўйнимни, Чақмоқдек ялтираб учиш йўқ энди”, деб ўзидаги аламли, ўта изтиробли ҳолатни ифодалаган. “Галдир”да ўзини муҳит эркига топширган ана шу шоир қалбидаги дарду нолалар ўз тасвирини топган. 1922 йилда ўз ватанининг вайронага айланганини кўрган Чўлпон “Бузилган ўлкага” шеърини ёзиб, қалбидаги “ғам ўти”ни юзага чиқара олган бўлса, энди у бундай имкониятдан маҳрум этилган эди. Энди, 1925 йилда, у қалбидан оқаётган қон шалоласини мусиқанинг мунгли оҳангларига яширишигина мумкин эди, холос. Ва у мусиқа ёрдамида ўз дардини, Галдир қиёфасида яшаётган эл дардини куйлаб-йиғлаб ифодалади.

Модомики, “Галдир” тўғрисида сўз бошлаган эканмиз, атоқли композитор Мутал Бурхоновнинг шоир ҳақидаги хотираларидан ҳам бир лавҳани келтиришни истардик: “…Чўлпонни Фитратникида кўриб юриб, — деб ёзган эди у, – унинг яна бир хислатини билиб олдим – у ҳам мусиқани жуда-жуда яхши кўрар экан. Шашмақом садолари янграганда, Чўлпон сел бўлиб, бутун вужуди қулоққа айлангандай, бир маромда чайқалиб ўтириб тингларди. Қулоғи мусиқада-ю хаёллари жунбушга келиб, нималарнидир кўз олдига келтираётгани сезилиб турарди. У эшитган куйларини юрак-юракдан жуда чуқур ҳис қиларди. Буни комил ишонч билан айтаётганимнинг боиси бор. Баъзан шундай бўлардики, Чўлпон бир куйни берилиб тинглаб, ундан бағоят мутаассир бўлиб чиқиб кетарди-да, икки-уч кундан кейин шу куйга мослаб шеър ёзиб келарди. Бу шеър эса аввалги сўзларга қараганда, куйга ўн чандон, юз чандон мосроқ бўларди. Чўлпоннинг “Галдир” деган шеъри бунга мисол бўла олади. У халқ куйига мослаб, дутор тилидан, дутор туйғуларини изҳор қилувчи ажойиб лирик шеър яратган…”

Замондошларнинг нақл қилишларича, Чўлпон бу шеърни хиргойи қилиб юришни яхши кўрган экан.

ЧЎЛПОН ВА МУСИҚИЙ МЕРОС

Ўзбек халқи узоқ асрлар давомида минглаб лапар, куй ва ашулаларни яратган. Аммо бу асарларнинг аксарини халқнинг бадиий мулки сифатида сақлаб қолиш имконияти бўлмаган. Турли босқинлар, ваболар, кўчишлар, табиий офатларни бошидан кечирган халқнинг мусиқий мероси тарих ғалвиридан тушиб-тўкилиб келаверган. Фақатгина ХХ аср бошларида мусиқий меросимизнинг унутилиб бораётган намуналарини қайсидир йўл билан сақлаб қолиш ҳаракати бошланди. Ҳамза ХХ асрнинг 10-йилларида асосан Фар­ғона водийси бўйлаб ижодий сафарга чиқиб, “Вайсул қарн”, “Эски Турон”, “Эски Хоразм”, “Гул-ғунчалар”, “Лайлихон”, “Анорхон ёрим-эй”, “Дўст Мавлон-эй”, “Жон Қўзивой”, “Кел менга, шоҳим, ҳай-ҳай”, “Яланг даврон-эй”, “Жон тўралар-эй, оллоҳ”, “Сақла балонгдан, худоё” сингари халқ ашулаларини ўрганиб, уларнинг эскирган матни ўрнига янгиларини ёзди ва шу йўл билан бу ашулалар оҳангини, мусиқий тароватини сақлаб қолишга интилди. Фитрат 1919 йилда “Чиғатой гурунги” жамиятини тузиб, адабий ва мусиқий меросни ўрганиш ишларини бошлаб берди. 20-йиллар аввалида тузилган ва турли йилларда турлича номланган Билим ҳайъати мамлакатимизнинг қарийб барча вилоятлари бўйлаб илмий экспедициялар уюштириб, маданий меросни тўплашни илмий изга туширди. Мамлакатимизда бошланган шундай хайрли ишлардан илҳомланган Қори Ёқубов этнографик ансамбль ташкил этиб, 1926-1927 йилларда 500-600 га яқин халқ ашула ва рақс мусиқаси намуналарини тўплади.

Чўлпон шу йилларда ўзбек мумтоз мусиқаси ва мусиқий фольклори намуналарини тўплаш, ёзиб олиш, ўрганиш ва уларга янги ҳаёт бағишлашга чоғланган ўулом Зафарий, Фитрат, Миронов сингари зотларга яқин ва маслакдош эди. У Қори Ёқубов ташкил этган ансамблнинг концертларини кўриб, гўзал орзуларидан бири рўёбга чиққанидан беҳад хурсанд бўлади. Шу ансамбль концертларини кўришга иштиёқ сезган одамларнинг зиёдлигидан боши кўкка етади. У мазкур ансамблнинг фаолиятига бағишланган “Базм-чол­ғи тўдаси” (1926) деган мақоласида ёзади: “Яқинда бизнинг базм-чолғи тўдамиз ҳам Фарғонада биринчи базмини қурғон вақтида кўплар хафа бўлуб, сўкиб чиқиб кетдилар. Нимадан хафа бўлуб, кимни сўкдилар: жойнинг торлигидан хафа бўлуб, жойни тор солғонларни сўкдилар… Кечагина Ўзбекистон Марказ Ижроқўмининг Самар­қандда бўлғон тўртинчи ялпи мажлисида тўданинг биринчи чиқиши бўлди. Ҳаддан ташқари кўп қилиниб тузулган програм ҳеч кимни тўйдурмади. Ҳамма баробар, ҳамма бир тилак билан олқишлади…”

Пароканда ҳолда яшаб келган халқ мусиқий ижоди намуналарининг жамланиб, илк бор профессионал ансамбль ижросида халққа – шу асарларнинг ижодкорига тақдим қилиниши муҳим тарихий воқеа эди. Чўлпон шу унутилмас воқеанинг рўй берганини маълум қилибгина қолмай, уни тарих саҳифаларига муҳрлаб ҳам қолдирди.

20-йилларда ўзбек халқининг мумтоз мусиқаси ва мусиқий фольклори дурдоналарини тўплаш ва сақлаб қолишга қаратилган ҳаракат Чўлпонни четлаб ўтмади. Ҳар бир қулай имкониятдан замондошларининг ижтимоий онги ва маданий даражасини ошириш мақсадида фойдаланган Чўлпон шу соҳада ҳам сезиларли из қолдирди.

Совет давлати 20-йилларда хотин-қизларни ижтимоий ҳаётга жалб қилиш, уларнинг ақлий ва ижодий имкониятларидан фойдаланиш мақсадида Туркистонда “Ҳужум” ҳаракатини бошлаб юборди. Адабиёт ва санъат, совет давлатининг бошқа оммавий тадбирларида бўлганидек, шу тадбирнинг ҳам амалга ошишига кўмаклашиши лозим эди. Ўзбек театри даврнинг шу ижтимоий буюртмасига жавобан В.Ян (Янчевецкий)нинг “Ҳужум” пьесасини саҳналаштиришга киришди. Чўлпон бу асарни рус тилидан таржима қилибгина қолмай, унга янги образлар киритди, янги қўшиқ ва репризалар ёзди. Агар асарнинг бизгача етим келган режиссёрлик нусхасига назар ташласангиз, Чўлпоннинг “Ҳужум” спектакли учун 15 та халқ куйларини танлагани ва шу куйларга мос қўшиқ матнларини ёзиб берганини кўрасиз.

Томошабин парда кўтарилганда, қишлоқ кўчасидаги эшоннинг уй-жойини кўради: “Айвондаги гилам устида кичик бир курси, унинг устида чилим ва кўза. Сўл тарафда – девор, девор ўртасида бева хотинга қарашли ҳовлининг эшиги. Ҳовлидаги чаман бўлиб очилган гуллар девор устидан кўриниб турибди”. Саҳнадан залга “Суворий” куйининг нафис мавжлари оқади. Саҳнага кириб келган Турсун: “Қаерга келиб қолдим? Қандай қишлоқ бўлди бу? Каттагина қишлоқ экан. Одамлар келаётганга ўхшайди. Ёлғондан гадой бўлиб олсам, ҳамма нарсани билиб оламан”, деб беркинади.

Оркестр ижросида «Қаландар» куйи янграй бошлаши билан саҳнага Қаландар чиқиб келиб, шу куйга ёзилган қўшиқни куйлайди:

Жаҳонни тўхтамай кезган
Қаландар келди бу элга.
Ҳаётнинг қасдини сезган
Қаландар келди бу элга.

Зафарнинг ҳолини билган,
Аларнинг кўнглига кирган,
Қоқининг қайдидан безган
Қаландар келди бу элга.

Чаённи чўлда қолдирган,
Балиқни сувга қондирган,
Илоннинг заҳрини эзган
Қаландар келди бу элга.

Чўлпон 20-йилларда ҳали халқ хотирасидан ўчмаган “Ҳай, ёр-ёр”, “Лайзонгул”, “Ҳум-ҳум ҳолайлик”, “Лаъли Бадахшон”, “Шукур қилайлик”, “Жоним, вой, жоним”, “Ушалди хумор”, “Дўст жўр”, “Сарбозлар” сингари 15 та халқ қўшиқ ва куйларини спектакль драматургиясига олиб киради, уларга мос қўшиқ матнларини ёзиб, бу мусиқа асарларининг яна бир қанча йил яшашига ўз ҳиссасини кўшади. “Ҳужум”нинг томошабинларга манзур бўлишида Чўлпоннинг ҳиссаси оз эмаслигини кўрган рус адиби унинг асарга ҳаммуаллиф бўлишини истаган. Афсуски, 1937 йилда Чўлпон манглайига “халқ душмани” тамғасининг ўйилиши билан томошабинлар ўртасида зўр муваффақият қозонган, ўзбек театрининг машҳур артистлари мириқиб завқ-шавқ билан ўйнаган спектакль театр репертуаридан олиб ташланади.

“ЗИЛАЙЛУК”

Чўлпоннинг мусиқий билим ва қизиқиш доираси ғоят кенг эди. Шашмақом садолари ёки ўзбек халқ ашулаларини севиб тинглаган шоирнинг юксак бадиий диди ва дилига Европа композиторларининг опералари-ю қардош халқларнинг мусиқий фольклори ҳам бегона бўлмаган. Шоирнинг Ваҳоб Рашидов исм-шарифли ёш замондошларидан бири 1932 йили Ўзбекистоннинг Москвадаги ваколатхонасида Чўлпон билан танишиш бахтига муяссар бўлган. Машҳур шоирнинг камтарин, одамшинаванда ва суҳбати ширин инсон эканлигини кўрган Ваҳоб ака бир куни уни Москвадаги ижара уйига таклиф этади. Шоир таклифни бажону дил қабул қилиб, белгиланган вақтда унинг уйига кириб боради… Чўлпон дастурхонга фотиҳа ўқилишидан олдин: “Бир неча кундан кейин Москвадаги концерт залларидан бирида кавказлик хонанда ва созандаларнинг концерти бўлар эмиш. Борсак, яхши дам олган бўлардик”, деб қолади. Ваҳоб ака концертга олдиндан билет олиб қўйишни бўйнига олади ва концерт бўладиган куни улар икковлашиб Чайковский номидаги машҳур концерт залига йўл олишади.

“…Арманистондан келган артистлар, – деб эслайди Ваҳоб Рашидов, – Шарқ халқлари куйларидан москваликларга концерт беришга келишган экан. Залда бирин-кети арман, озарбайжон, грузин, эрон, афғон куйлари янграб кетди. Биз куйлар таъсирига шу қадар берилиб кетибмизки, ҳатто орадан икки ярим соатнинг қандай ўтиб кетганини билмай қолибмиз. Чўлпон таъсирчан одам экан, у куйларни шу қадар завқ билан берилиб тингладики, маҳлиёликда, назаримда, шу аудиторияда гўё фақат у бору куй бордек эди, ҳар бир чалинган куйнинг сўнгида: “Бай-бай-бай, бу сеҳрли куйларни тинглаганимда дунёнинг барча ташвишларини, ҳатто ўз борлиғимни ҳам унутиб қўяман. Бу куйлар сеҳрли кучга эга!” – деб қўярди. Концерт тамом бўлгач, залдан чиқар эканмиз, Чўлпон Кавказ, Эрон, Афғонистон чолғу асбоблари ва чолғу куйлари ўзбекларникига жуда ўхшашлигини сўзлаб, Кавказ халқлари ҳам бизнинг мусиқамизни завқ билан тинглашларини айт­ди. Кавказ, Эрон ва Афғонистон халқларининг кўпчилик чолғу асбобларининг номини яхши билар экан, бизнинг қайси чолғу асбобларимиз уларга монандлиги ҳақида кета туриб ҳикоя қилиб берди”.

Совет давлати томонидан миллатчиликда айб­ланган Чўлпон Кавказ халқлари адабиёти ва санъатинигина ардоқлаб қолмай, рус ва украин маданиятини ҳам ғоят қадрлаган. У таржимон сифатида А.С.Пушкин, Н.В.Гоголь, Л.Андреев, М.Горький, И.Франко сингари рус ва украин ёзувчиларининг бир қанча асарларини ўзбек тилига таржима қилган бўлса, мусиқа мухлиси сифатида, жумладан, украин бандурачиларининг Тошкентда берган концертини томоша қилиб, шу ҳақда гўзал мақола ёзган. Шу нарса ғаройибки, у ўз мақоласида украин халқининг бир замонлар “Польша ҳукмдорлари, ундан кейин Русия чорлиги, яна бир томондан, ўз бойлари ва мулкдорлари томонидан ҳар томонлама жабр-зулм” кўриб келганини, шунга қарамай, “шу узун қуллик йилларида” бой адабиёт ва мусиқий санъат яратганига алоҳида эътибор қаратган ва бу асарларнинг бир қисми Москвада бўлиб ўтган концертда ижро этилиб, катта муваффақият қозонганини ҳам таъкидлаб ўтган.

“Шаҳримизга келган копелла ўша кенг ва бой чолғи санъатининг бир шаклини, бир бўлагини кўрсатади. Тўдада энг кўп ва асосий асбоб “бандура” (мандўлин) шаклида бир асбобдир. Фақат бунинг овози нозик, таъсирли ва ёқимлидир. Тўдада бандурадан бошқа асбоблар ҳам бор (чилдирма, чанг, симболи ва бошқалар). Бандура билан бирга туб рўлни мукамма хор, чолғи ва ёлғиз ашулаларнинг ҳаммаси музика билимининг талабига кўра яхшилаб ишланган…”

Чўлпон Украина бандурачилари концертида ижро этилган асарларни, шу асарларни ижро этган тўда (ансамбль), хор ва яккахон ижрочилар санъатини шундай таҳлил ва талқин этганки, бу мақолани мусиқасевар шоир эмас, балки малакали мусиқашунос ёзган, деб ўйлайсан киши.

20-йилларда ҳали санъат атамалари шаклланмагани учун мусиқали театр чолғу театри деб юритилган. Чўлпон Ҳалима Носировага бағишланган “Ашулага ишқибоз” деган мақоласида чол­ғу театри тўғрисидаги қарашларини олға суриб, бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган бундай сўзларни ёзган: “Чолғу театрида биринчи ўринни овоз олади. Худди шу овоз олади. Худди шу овоз масаласи бизда ечилмаган муаммо бўлиб туради. Эски маънидаги овоз устозлари, овоз техникасининг катта усталари (Тўйчи ака, Ҳожи Абдулазиз, Домла Ҳалим ва ҳоказолар) ўзларида бўлган бутун техникани берган вақтларида ҳам бу куннинг талабини тугал қондирармидилар? Тўғридан-тўғри айтмоқ керакки, йўқ! Биз бу куннигина эмас, эртани ҳам ўйлашга мажбурмиз. Бизнинг улуғ мамлакатимиз ва буюк халқимиз эртага бугундан ҳам кучлироқ, ҳакимроқ ва бахтлироқ бўлади, демак, талаби ҳам шунга кўра ошади. Биз овоз муаммосини ечмасдан иложимиз йўқ”.

Мен Чўлпоннинг бу ёниб ёзган сўзларини ўқир эканман, аксар мусиқий театрларимизда ҳали ҳам кенг диапазонли, ёқимли, хуш овозларнинг йўқлиги, артистларимизнинг “овозим бор” дегандек чираниб айтаётганлари кўз олдимга келади. Чинакам гўзал овоз эстрада саҳналарида эмас, мусиқа мактаблари ва консерваториядаги малакали устозлар, Чўлпон айтмоқчи, “овоз техникасининг усталари” қўлида, машаққатли машқлар натижасидагина туғилиши ва парвариш топиши мумкин.

Мусиқа санъатини шунчалик севган ва пухта билган, овоз устида шунчалик қайғурган, баъзан-баъзан ўз шеърларини хиргойи қилиб юрган Чўлпоннинг ўзида овоз бўлганми?

Бу саволга Мутал Бурхонов бундай жавоб берган: “Чўлпоннинг ўзи қўшиқ айтмас эди, лекин жиндай дутор чертарди. Назаримда, у дуторни алоҳида бир меҳр билан суярди ва дутор чертган одамни ҳам яхши кўрарди”.

Фитрат ҳам, ўулом Зафарий ҳам мусиқа санъатини, унинг тарихи ва назариясини чуқур билишган. Улар шу соҳанинг пирларидан. Мутал Бурхонов эса Москва консерваториясида ўқиган. У ўзбек ёшлари орасидан етиб чиққан зўр истеъдодли композитор. Чўлпон шундай кишилар олдида хиргойи қилишга ҳам журъат этмаган бўлиши мумкин. Зеро, бу ҳол унинг инсоний табиатига зид. Лекин…

Лекин Чўлпон ҳақидаги ёдномаларда Мутал Бурхоновнинг фикрига нисбатан бизда шубҳа уйғотувчи бир чимдим хотира бор. Аммо бу “бир чимдим хотира”ни сиз, азизларга тақдим этишдан аввал эътиборингизни шоирнинг Ромеолик йилларига жалб этсам.

…Андижоннинг Қатортерак маҳалласида татар миллатига мансуб отин ойи бўлган. Шу отин ойи­нинг уйида Обида деган қиз яшаган. У нафақат гўзал ва одобли, балки шу маҳалладаги ва умуман Андижон шаҳридаги ўзбек қизларига нисбатан анча илғор, замонавий, ўқимишли қиз бўлгани учун Чўлпон унга ошиқу беқарор бўлган. Аммо Обида ўзбек йигитини ўзига тенг кўрмаганми, ҳар ҳолда у эмас, балки унинг дугонаси Моҳирўя Чўлпон қалбининг латиф садоларига акс-садо беради. Чўлпон унга уйланиб, бир неча вақт ҳаётининг бахтли кунларини кечиради. Аммо тақдир Чўлпонга шундай ўйинларни кўрсатадики, у Моҳирўядан ажралиб, Обидага уйланганидан кейин ҳам унинг қалбидаги муҳаббат чечаклари барг ёзмайди.

Чўлпон ҳаётининг шу ошиқона йилларида татар тилини ўрганиб, татар адабиёти, татар театри, татар мусиқаси билан яқиндан танишади. Ҳатто ўша йилларда Ўзбекистон татарлари орасида машҳур бўлган қўшиқларни улар даврасида, улар билан бирга айтишга ўзида журъат сезади.

Шоир Тошкентда умргузаронлик қилган 30-йилларда метрополитеннинг ҳозирги Пушкин бекати ўрнида бир қаватли иморатлар бўлиб, уларда ўзбек пойтахтига кўчиб келган озарбайжон, арман, татар, бошқирд миллатларига мансуб аҳоли яшаган. Адабиётшунос Шерали Турдиев Жалил Бойбўлатов деган танқидчи билан учрашиб, ундан ўзбек-татар адабий алоқаларига оид маълумотларни олган. Бойбўлатов ўзбек адабиётшуносини қизиқтирган саволларга жавоб бериб, жумладан, Чўлпон ҳақида бундай сўзларни айтган: “Пушкин майдони яқинидаги уйлардан бирида ипдошларим яшарди. Кунларнинг бирида қандайдир байрам муносабати билан шу ерга борганимда Чўлпонни кўриб қолдим. Иссиқ овқат истеъмол қилинганидан кейин ўйин-кулги бўлди. Татарча ва русча қўшиқлар айтилди. Кимдир Чўлпондан ашула айтишни илтимос қилди. Чўлпон меҳмонларнинг раъйини қайтаролмай, татарларнинг “Зилайлук” деган ашуласини айтди. У шу қадар таъсирли қилиб айтдики, мен шу вақтгача бу машҳур татар қўшиғининг шу қадар гўзал ижро этилганини эшитмаган эдим. Кейин ҳам эшитмадим”.

Шерали Турдиев Ўзбекистондаги татарлар билан ҳам, Қозондаги татарлар билан ҳам яқин алоқада бўлган. Мен ундан шу хотирани эшитганимдан сўнг уни “Зилайлук” ашуласи матни ва нотасини топишга ундадим. Унинг изланишлари узоқ вақт самара бермади. Аммо кутилмаганда, дастлаб матни, кейин нотаси топилди. Лекин шу вақтга қадар нечундир уларни на Шералининг ўзи, на мен эълон қилишга ошиқмадик. Энди вақти-соати келди шекилли, Чўлпонни сайратган, унинг Ромеолик йилларидаги муҳаббат хотиралари билан товланган шу қўшиқ матни ва нотасини сиз, азизларнинг эътиборингизга ҳавола қиламан:

Зилайлук

Татар халқ куйи. Абдулла Тўқай шеъри

Сўялгансен чатта багана(1) га,
Яфрак тўсле сары юзларенг.
Қызганмыйча кўнгелем чыдый алмый,
Биграк(2) монглы карый кузларенг.

Атылган кош(3) , адаштырган эт(4) тай,
Ўтканнарга маэюс карыйсынг;
Кўрам, ике ирен(5)  енг селкенадер:
Кайсы татар баен каргыйсынг?

Сизмисенг бит(6) син да синенг яннан
Нечка кўнгел шагыйрь узганын.
Синенг болай мескенланган(7) халенг
Анынг кўнгелен ничек ўзганен.

Шояд Андижондаги чўлпонхонлик кунларида ёки Тошкент Байналминал маданият марказидаги кечаларда шу қўшиқ ҳам ижро этилиб, татар Жульеттасини севган ўзбек Ромеосининг – улуғ шоир ва улуғ инсоннинг хотираси ҳурмат билан ёд этилиб турса.

РИСОЛАЙИ МЕҲТАР

Чўлпон республикамиздаги миллий мусиқа санъати намояндалари билан ҳам, Ўрта Осиё халқ­ларининг мусиқий маданиятини ўрганишга бел боғлаган рус санъатшунослари билан ҳам яқин алоқада бўлган. У Самарқанддаги Мусиқа ва хореография илмий-текшириш институти директори Н.Н.Мироновнинг бошланғич мусиқа назариясига оид қўлланмасини ўзбек тилига таржима қилгач, Москвадаги В.М.Беляев сингари рус мусиқашуносларининг ҳам эътиборини қозониб, улар билан ҳамкорлик қила бошлаган. В.А.Успенскийнинг “Мақолалар, хотиралар, хатлар” китоби (Тошкент, 1980 йил)да эълон қилинган хатларнинг бирида шу масалага оид қимматли бир маълумот бор. Успенский москвалик дўстига йўллаган хатида унга “Гулёр-шаҳноз” мақоми матн­лари таржимасини юбораётганини айтгач, давом этиб бундай ёзган: “Агар Акбаров8 “Гулёр-шаҳноз”дан олинган Уфорнинг эски матнини Шораҳим9 дан ёзиб олганида, нур устига аъло нур бўлган бўларди. Чўлпон, агар “Абу Раҳматбеги”ни истисно қилсак, менга ҳаммасини таржима қилиб берди, у ҳозир “Абу Раҳматбеги”нинг матнини чоғиштирмоқда. Энди мен Фарғона экспедицияси пайтида сен тўплаган материаллар устида ҳам, “Гулёр-шаҳноз” устида ҳам ишлашим мумкин. Умид қиламанки, сен ҳам мазкур матнлар мазмуни билан танишганингда, уларнинг ёзиб олиниши қанчалик катта аҳамиятга молик иш бўлганини кўрурсан”.

Успенскийнинг шу хатидан маълум бўлишича, Чўлпон Москвадалик чоғида Беляев билан шахсан танишган ва 1934 йили Тошкентга қайтиб келгунига қадар унга шашмақом матнларини рус тилига таржима қилиб берган. Шоир ўзининг шундай таржимонлик ишлари билан рус мусиқашуносларининг ўзбек мумтоз ва халқ мусиқасини тушунишлари ва ўрганишларига муҳим ҳисса қўшган.

Ўзбек мусиқаси тарихчи ва тадқиқотчиларининг сўнгги изланишлари шундан дарак берадики, Чўлпон фақат юқорида зикр қилинган ишларни амалга оширибгина қолмай, Беляевнинг шу йўналишдаги бошқа илтимосларини ҳам адо этган. Ўрта Осиё халқларининг мусиқий маданияти тарихи билан фаол қизиқувчи ва шу масала бўйича республикамиздаги ва хориждаги журналларда қатор мақолалар эълон қилган санъатшунос А.Б.Жумаев яқинда Москвадаги музейлардан бирида Чўлпон томонидан рус тилига таржима қилинган бир рисолани топди. Фанга номаълум бўлган бу рисола М.И.Глинка номидаги Мусиқий маданият Давлат марказий музейи фондида сақланган бўлиб, унинг унвон саҳифасига “Рисоля Средне-азиатских музыкантов” деб ёзилган экан. Шарқ мусиқий маданияти тарихини ўрганишда муҳим манбалардан бири бўлган бу рисола, тадқиқотчининг ёзишича, ўзбек тилида “Рисолайи меҳтар” деб номланган ва Ўрта Осиё созандаларининг ўзига хос Низоми бўлган.

Туркистон Россия томонидан забт этилганидан сўнг, 1885-1886 йиллардан бошлаб турли соҳалар бўйича рисолалар тузила ва чоп этила бошланган. 1885 йилда нашр қилинган “Ўш шаҳри хусусида рисола”дан кейин, “Туркистон вилоятининг газети”да 1886-1903 йилларда “Этикдўзлар учун рисолалар”, “Шатранж хусусидаги рисола”, “Баққоллик хусусида рисола”, “Эгарчилик ҳақида рисола”, “Темирчилар рисоласи”, “Нонвойлар рисоласи”, “Наққошлик ҳақида рисола” сингари ўндан зиёд рисолалар эълон қилинди. Бу рисолаларда турли касб-ҳунар вакилларининг Оллоҳ, халқ ва ўз касб-ҳунарлари олдидаги бурчлари белгилаб берилди.

1917 йилдаги инқилобий тала-тўплардан сўнг Туркистонда турли сиёсий-ижтимоий партия, ташкилот ва жамиятлар тузила бошланди. Бу уюшмалар шу қадар кўп бўлганки, уларнинг аксари қисқа умр кўрганлиги сабабли ном-нишонсиз кетган. Манбаларга қараганда, ўша йили “Эҳтиёт” иттифоқи, “Мусулмон ишчилар жамияти”, “Заҳматкашлар жамияти”, ҳатто “Сартарошлар жамияти” ва бошқа шунга ўхшаш уюшмалар тузилган. Рисоласи Чўлпон томонидан таржима қилинган “Меҳтарлар” жамияти ҳам ўша йилларда тузилган бўлиши мумкин. Дастлаб Ленинграддаги Давлат Рус музейида сақланган бу рисола, А.Жумаевнинг ёзишича, рус шарқшунослари ва мусиқашуносларига А.Н.Самойловичнинг “Туркестанский устав-рисоля цеха артистов” (“Туркистон меҳтарларининг низом-рисоласи”, 1927) мақоласи орқали маълум бўлган. Улар ўз тадқиқотларида шу мақолага, хусусан ундаги бир лавҳа таржимасига мурожаат қилиб келишган (бу лавҳани Самойлович таржима қилган) ва Чўлпоннинг рисолани тўла таржима қилганидан хабарсиз бўлишган.

Чўлпон рисолани Беляев берган ва ҳозир унинг архивида сақланаётган фотонусха асосида таржима қилган. Мазкур таржима олти бетли, 14,5х21 форматдаги қоғозга машинкада ёзилган.

Номаълум муаллиф ёки муаллифларнинг рисолани ёзишдан мақсади Меҳтарлар жамиятининг мақсад ва вазифалари, “жамият аъзолари”нинг ҳуқуқ ва бурчларини баён қилиш ёки уларга созандалик ихтисослиги бўйича йўл-йўриқлар бериш эмас, балки мусиқанинг илоҳий санъат эканлигини қайд этишдир. Рисолада мусиқа ва мусиқачилик (созандачилик) санъатининг бизга Оллоҳдан Жаброил орқали етиб келгани, Жаброилнинг жаннат қўшнайини чалиши билан мусиқа ер юзидаги биринчи инсон – Одам Атонинг жони ва танига ўрнашиб олгани айтилади. Рисоланинг ибтидосидан интиҳосигача шундай диний-маърифий ва ахлоқий мазмундаги фикрлар, панд-насиҳатлар баён қилинади.

Рисола, А.Жумаевнинг ёзишича, тахминан бундай мазмундаги сўзлар билан тугаган:

“Кимки рисолага риоя қилса,
(Рисолага риоя қилмаган одам ҳайвонга ўхшайди),

Эй Оллоҳ,
Жаннатингдан унга жой инъом эт.
Агар меҳтар рисолага қулоқ солмаса ва унга риоя қилмаса,
У тавба қилмагунча Пир унда юз ўгиради.
Оллоҳ рисолани сақлаётган (киши)дан ўз мар­ҳаматини дариғ тутмасин.
Унга жаннат дарвозасини очиб берсин.
Кимки рисола сақлаётган (киши)ни ҳурмат қилса,
Оллоҳ унга жаннатдай жой ато этсин. Омин…”

Форсий ва арабий сўзлар билан безалган, эски ўзбек тилида кўтаринки руҳ ва пафос билан ёзилган бу рисолани рус тилига таржима қилиш, ундаги поэтик латофат ва баландпарвоз услубни рус тилида ифодалаш осон эмас. Лекин Чўлпон қаламидан чиққан таржима билан танишган киши буюк шоирнинг шу мураккаб вазифани катта маҳорат билан бажарганига амин бўлади.

Мана, шу таржиманинг дастлабки сатрлари:

«Хвала Аллаху, создателю миров, благословение и привет Мухаммеду, посланнику Аллаха, приближённым его и сподвижникам его. Теперь знай и ведай, что это занятие мехтарлик осталось от святости Джебраила, да будет над ним мир. А именно: его святейшество, великий Аллах, сказал, что душа вошла в форму Адама, да будет над ним мир. Душа же убоялась войти. Тогда его святейшество, великий Аллах, приказал мехтару Джебраилу, да будет над ним мир, чтобы он доставил из рая кошнай и заиграл на нём. Тотчас по повелению великого Аллаха он доставил кошнай и заиграл на нём. От прелести и сладости мелодии душа вселилась в форму его святости Адама – Сафиуллы. Поэтому мехтарлик остался от его святости Джебраила, да будет над ним мир. Поэтому же говорят, что когда человек слышит музыку, его душа успокаивается и его любовь и радость увеличиваются. В этом мехтарлике многие мехтары, достигнув своих желаний, ушли от мира сего. Этот мехтарлик остался от его святости Джебраила, да будет над ним мир, а после него стал известным всему миру…»

Эски ўзбек тилининг тантанавор услубида ёзилган бу рисоланинг рус тилига қилинган таржимаси Чўлпоннинг нафақат ўта мусиқасевар инсон, балки шарқ мусиқасининг назарияси ва тарихини яхши билган, мусиқанинг илоҳий кучини доим ҳис қилиб яшаган шоир ва маълум маънода мусиқашунос ҳам бўлганидан шаҳодат беради.

Умид қиламизки, чўлпонсевар ва санъатсевар ноширлардан бири шу ноёб топилманинг қадр-қимматига етиб, “Рисолайи меҳтар”нинг русча таржимасини ўзбекча аслияти ва топилма соҳибининг кириш сўзи билан бирга яқин кунларда нашр этади.

Изоҳлар

1. Чатта багана – йўғон устун.
2. Биграк – жуда.
3. Кош – қуш.
4. Эт – ит.
5. Ирен – лаб.
6. Бит – бет, юз.
7. Мескенланган – мискинланган.
8. Таниқли мусиқашунос Илёс Акбаров назарда тутилмоқда.
9. Машҳур ҳофиз Шораҳим Шожалилов.

(Tashriflar: umumiy 124, bugungi 1)

Izoh qoldiring