Eshqobil Shukur. Adabiyot barcha san’atning onasi.

011
Улғайган нигоҳлар билан ҳаётга қарашнинг ўз ҳикмати бўлади. Унда тажриба ва билим бор. Лекин бола нигоҳи билан ҳаётга қарашнинг гўзал завқлари бўлади. Бунда ҳайрат ва илҳом бор. Одамда бу икки нигоҳ бирлашса, унинг ҳаётининг икки қутби мувозанатга келади. Улуғ мусаввир Рўзи Чориевда шу мақомни кўрганман. Унинг билими ва тажрибаси қанча баландлаб борса, тийнатидаги болалик нигоҳлари ҳам шунчалик очилиб бораверди. Лекин бу ҳам осон эмас.

081
АДАБИЁТ БАРЧА САНЪАТНИНГ ОНАСИ
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрстаган маданият ходими, шоир Эшқобил Шукур билан суҳбат
Суҳбатдош — Фозил Жабборов

020 Суҳбатдошимнинг ҳеч кимникига менгзалмас шеърияти қалбимни дарё мисол мавжлантирар, хаёлларимни олисдаги қишлоғимиз, Боботоғ адирлари томонларга олиб қочаверарди.
Шоирни шахс, файласуфона ижодкор сифатида таний бошлагач, адабиёт ҳақида ҳар қанча гурунглашмайлик,беражак саволларимнинг бир қисми юрагимда қолиб кетаверарди. Суҳбат баҳонасида ичда қолган саволларимга қисман жавоб олган эсам-да, ҳалигача унинг кўнгил макони очилмаган қўриқдай қолаверди. Балки Эшқобил Шукурнинг шоирлиги шуниси билан жозибалидир.

Болалик юракка орзулар уруғини сочадиган давр. Биримиз самода учиб бораётган самолётни кўриб, учувчи бўламан, десак, бошқа биримиз телевизордаги ҳарбийни кўриб, аскар бўламан, деганмиз. Болалик таассуроти ҳақидаги: “Олапарни шундоқ кўзим олдида Отдилар дўстини болалигимнинг.. Онам ўргатгандай: “Рози бўл!” дедим, Бу илк бор розилик сўрашим менинг деб бошланадиган шеърингизнинг ёзилишига туртки бўлган сабаб сизни шоирлик сари етаклаган бўлса ажаб эмас… Айтинг-чи, мурғак юрагингиздаги олис кечинмалар шоир бўлишингизга қандай таъсир этган?

Болалигим билан боғлиқ менга ниҳоятда қадрли бўлган иккита жиҳат борки, бу жиҳатлар ҳозир ҳам мен учун ижодий манба бўлиб келади.. Бири, мен ғаройиб бир қишлоқда катта бўлганман. Бу қишлоқнинг дарёси ҳам, тоғлари ҳам, қир-адирлари-ю далалари ҳам бор эди. Булар бизга қанча туйғулар берганини энди англаяпман. Аввал ҳам бир суҳбатимда айтганман, шеърни таниш ҳарфларни танишдан эмас, табиатни танишдан бошланади. Табиатни англаш ғаройиб, мароқли жараён. Бу жараён болалигимдан кўнглимда кечган ва ҳозиргача менда давом этади. Иккинчи жиҳат, мен туғилиб ўсган қишлоқ афсоналар ва ривоятлар қишлоғи эди. Эртаклар, халқ қўшиқлари, достонлар ва уларни айтиб юргувчи дарёдил одамлар… Хуллас, менинг болалигимнинг бир қаноти табиат бўлса, бир қаноти адабиёт эди.

Шоирликни кимдир кўнгилнинг қоғозга тўкилган маълум шакли деса, кимдир дардларнинг сояси дейди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам шоир бекорга қўлига қалам олмайди. Қўпол қилиб айтсак, кимгадир ниманидир уқтирмоқчи бўлади. Сизнингча шоирлик ва шеър нима?

Бу ҳақда Асқад Мухтор бир донишманднинг “Мен Вақтнинг нималигини биламан-у, лекин Вақт нима десалар айтиб беролмайман” деган сўзини келтиради. Шеър ҳам шу… Лекин шеър инсон қалби билан боғлиқ ҳодиса эканлиги аниқ… Буни оддийгина бир ҳолат билан тушунтирса ҳам бўлар. Бола туғилганда унга алла айтишади. Одам ўлганда аза вақтида унга йўқлов айтишади. Кимнингдир ҳаёти бошланяпти, кимникидир тугаяпти. Қарангки, бир-бирига зид икки ҳолда ҳам одамлар шеърга мурожаат қиладилар. Бу эҳтиёж нимадан? Шу нарсанинг ўзи шеърнинг қалб ҳодисаси эканлигини исботламайдими?

“…лаҳзани ушлаб қол, яшаб ўт лаҳзани…” деган сўзлар билан бошланувчи “Ҳаётга қасида”нгиз бор. Эллик ёшни, рамзий маънода, инсон ҳаётида бир тўхтаб, ортга қараб, ҳисоб қилиб олинадиган давр санашади. Шу фикрга таянсак, сизнинг ҳам ортга қараб оладиган даврингиз келган. Ярим аср яшаган инсон сифатида айтинг-чи, улғайган нигоҳлар билан ҳаёт қандай кўринар экан? Сарҳисоб қилсак, нималарни “Ушлаб қолдингиз”-у, нималарга улгурмадингиз? Ўзингиз ҳаётнинг ажойиб лаҳзаларини яшаб ўтолдингизми?

Бир пайтлар Баҳоуддин Нақшбанд ҳақида “Лаҳзанинг ўн бирга бўлиниши” деган мақола ёзганман. Бу жараёнда мен бир нарсага амин бўлганманки, Баҳоуддин Нақшбанд бир лаҳзанинг ичида ўн бир амални бажара олганлар. Ҳолбуки, бу амалларнинг биттасини бажаришга кимларнингдир бутун умри етмайди. У зотлар моҳиятга етишган зотлар эдилар. Шунинг учун ҳам Вақтни бошқача тасарруф қилганлар. Шунга ачинаманки, лаҳза-ку лаҳза, кун-ку кун, мен баъзан бутун бошли ойларимни шамолга совуриб юборганман. Вақт олдида ҳисоб-китоб пайтида ҳижолатли тураман.

Улғайган нигоҳлар билан ҳаётга қарашнинг ўз ҳикмати бўлади. Унда тажриба ва билим бор. Лекин бола нигоҳи билан ҳаётга қарашнинг гўзал завқлари бўлади. Бунда ҳайрат ва илҳом бор. Одамда бу икки нигоҳ бирлашса, унинг ҳаётининг икки қутби мувозанатга келади. Улуғ мусаввир Рўзи Чориевда шу мақомни кўрганман. Унинг билими ва тажрибаси қанча баландлаб борса, тийнатидаги болалик нигоҳлари ҳам шунчалик очилиб бораверди. Лекин бу ҳам осон эмас.

Менга яна бир нарса аниқ бўлдики, одам аввало фикри ва тафаккурида эришган нарсаларини ютуқларим, эришганларим дейиши керак. Фикрлаётган одам бошқача бўлади, у ўзгалардан фарқ қилади, исталса исталмаса, у ўз ўрнига эга бўлади. Ўз фикри ва қарашларига эга бўлмаган одамдан ниманиям кутиш мумкин. Абсурд драмтургиясида бир драма бор, бу дарамада деярли ҳамма иштирокчиларнинг исмлари бир хил. Нега бундай? Нима дунёда исм қуриб кетибдими? Ё муаллиф исм тополмай қолибдими? Гап шундаки, ўша драмадаги иштирокчиларнинг аксарияти бир хил қолипдаги одамлар, уларнинг ўзлиги, ўзига хослиги йўқ. Одамнинг ўзига хослиги унинг ўзига хос фикрлашидан келиб чиқади. Бу одамларнинг ҳаммаси бир хил бўлдими, ҳеч бирининг алоҳидалиги йўқми, демак уларга алоҳида исмнинг ҳам кераги йўқ деган нуқтаи назардан муаллиф уларнинг ҳаммасига бир хил исм берган. Демак, одам алоҳида ўз исмига эга бўлиши учун ҳам ўз фикрига эга бўлиши керак.
Янги адабиёт илгари сураётган бу ғоялар бизнинг мумтоз адабиётимизда ҳам бўлган. Масалан, Алишер Навоийнинг “Хамсат-ул мутаҳаййирин” асарида шоирнинг Абдураҳмон Жомий билан бир суҳбати келтирилади. Унда Навоий устозига лавозимидан кетмоқчи бўлиб, шундай шикоят қилади: “Инсон жинсининг суҳбат ва муомаласидан толиқдим. Бу ишнинг боиси шудир…” Шунда Абдураҳмон Жомий Навоийга: “Инсон деб кимни ўйладинг, бизга ҳам кўрсат!” дедилар. Бу гаплар ҳам юқорида айтиб ўтилган драмадаги ҳолатга жуда уйғун келадиган гаплар.
Одам нафас олишдан тўхтамагани каби фикрлашдан ҳам тўхтамаслиги керак. Мен юксак фикрли одамларга ҳамиша ҳавас ва ҳурмат билан қараганман.

“Тўққизинчи феврал” номли шеърингизда “Мен эртага ўламан, она, Агар сенинг келинларинг бу кеча буюк шоирларни туғмаса агар” дейсиз. Тақдир чархпалаги сизга иккинчи бор ҳаёт инъом этса, у ҳаётингизни қандай ўтказар эдингиз ва унда ким бўлиб яшаб ўтардингиз?

Бу шеър талабалик йилларимда, йигирма икки ёшимда, саксонинчи йилларда Алишер Навоийнинг туғилган кунига бағишлаб ёзилган. Ўша вақтлар Она Тилимизга “умырающий язык” деган нуқтаи назардан қаралаётган пайтлар эди. Бу бизга жуда алам қиларди. Бу шеърдаги Она образи Миллат образи… Маълумки, шоирлар тилнинг заҳматкашлари… Бу шеърда Она Тил ҳақида гап боради. Асли бу ўлим ҳақидаги эмас, туғилиш ҳақидаги шеър.

Саволингизнинг иккинчи жиҳатига ўтсак, яна бир бор ҳаёт инъом этилиши ҳақида ўйлаб кўрмаганман. Мабодо шундай бўлганда, ёшлигимдан асаларичилик билан шуғулланиб кўрган бўлардим. Асалари жуда ғаройиб мавжудот. Муҳими, унга қандайдир ҳикмат яширилгандай. Шу ҳикматни ўрганишни, англашни истардим. Эйнштейн: “Инсоният асаларисиз тўрт йилдан ортиқ яшай олмайди”, деган. Тасаввур қилинг, битта асалари бир килограмм асал йиғиш учун Ер экваторини уч марта айланиб чиқиши керак экан. У набото олами мувозанатига қанча таъсир кўрсатади. Энг муҳими, еган емишидан бол яратади. Бундан ташқари бу жониворда қанча сирлар бор. Айтганингиздай яна ҳаёт берилиши мумкин бўлса, юртимнинг хушманзара хилват гўшаларида асаларичилик билан шуғулланишни истардим.

Шахс ва ижодкорликни кимлардир айро-айро қўйишади. Иқбол Мирзонинг “Шоирнинг қалбига яқинлашманг” мазмунидаги шеъри ҳам бор. Сиз шоир шахси ва ижодига қайси нуқтаи-назардан қарайсиз?

Ижод шундай нарсаки, у ижодкорнинг ичида нима бўлса, шуни юзага чиқаради. Шунинг учун ҳамки, мен шоирнинг шахсини унинг ижодидан айро ҳолда кўролмайман. Шеърда шоирнинг кечинмалари, туйғулари, фикрлари, изтироблари акс этса-ю, унинг шеъри бошқа-ю, ўзи бошқа бўлиши мумкинми? Шахснинг ўзи шулардан – кечинмалар, туйғулар, фикрлар, изтироблар ва қарашлардан иборат эмасми?

Бир пайтлар Абдулла Қаҳҳор “Адабиёт атомдан кучли” деган фикр айтган. Бу ўз даврининг забардаст гапи. Лекин бугунга келиб, бу фикр бироз хира тортгандай. Негаки, унинг асосий ўрнини бошқа санъат турлари аллақачон эгаллаб олди. Айтинг-чи, буёғига жамиятда адабиётнинг ўрни қаерда бўлади?

Менга ҳамма санъатларнинг онаси адабиёт бўлиб кўринади. Инсон руҳининг энагаси ҳам адабиёт бўлган. Ҳар қандай санъатнинг ичида адабиёт йўқ экан, унинг моҳияти ҳам бўлмайди. Тошга расм чизаётган ибтидоий одам ўз ичидаги адабиётни ифодалаган. Янаям аниқроғи, адабиёт ўша одамнинг ичига сиғмай кетаверган. Кейин у тошни ўйган ва сурат чизган. Кино ҳам дастлаб асосан адабий асарлар асосида суратга олинган. Қўшиқнинг ҳам асоси шеър бўлган. Энг ачинарлиси, кўчадаги бир отарчи ҳам ўзини “санъаткор” деб эълон қилади. Ҳолбуки, бизда “санъаткор” сўзи Навоий, Гёте, Бетховен, Юнус Ражабийлар даржасидаги ижодкорларга нисбатан ишлатилган. Баъзан икки жумлани тўғри ёзолмайдиган бир киночи пайдо бўлади-да, тилни ҳам, руҳни ҳам бузадиган олди-қочди, тутуриқсиз шилта бир нарсани суратга олиб, уни “санъат асари” деб бонг уради. Уялмайди! Энди йигирмадан ошган йигитча, телевизорга чиқиб олиб, “Мен санъат оламига кириб келган вақтларимда” деб интервьюлар беради. Мен аминманки, адабиётдан хабардор одам бундай қилмайди. Адабиёт одамга ўзини танитади. Савия, дид, фаросат деган тушунчалар катта тушунчалар. Бу тушунчалар адабиёт санъати орқали парвариш топади.

Адабиётнинг ўрни ҳамиша жамиятнинг олд қаторларида бўлиши керак. Чунки, маънавиятнинг энг муҳим таянчларидан бири адабиётдир. Президентимизнинг “Адабиётга эътибор – маънавиятга, келажакка эътибор” деб номланган рисоласида адабиётнинг маънавий ҳаётимиздаги ўрни аниқ кўрсатиб берилган.

Ўзбек адабиётида ҳам, жаҳон адабиётида ҳам давр синовидан ўтган асарларни ўқувчи мазза қилиб ўқийди, тили ширин, ўқилиши равон. Сўзлар ипга тизилган дурдай. Бугун ёзилаётган асарларда мазмун кучлироқ бўлса-да, тил ғализ, сунъий жозибадор эмасдай. Гўё шакл ўрнини мазмунга бўшатиб бергандай ё сиз бошқача фикрдамисиз?

“Назм” сўзининг туб илдизи “дурни ипга терди” деган маънони англатган. Лекин “интизом” сўзининг ичида ҳам “назм” сўзи борлигини унутмаслик керак. Шеърни эркинлик ниқоби остида ҳар хил кўйларга солиш яхши эмас. Тўғри, шеър эркинликни яхши кўради. Бироқ, мен шеърнинг эркинлигида буюк тартиб ва интизомни кўраман. Ҳам руҳий маънода, ҳам шаклий маънода. Навоийда ҳам, Гётеда ҳам шундай. Ҳатто ҳеч қандай қолипларга сиғмаган Машрабда ҳам бу руҳий интизом мукаммал даражада намоён бўлади. Бу интизом ва тартибнинг муҳим жиҳатлари шубҳасиз тилга бориб тақалади.
Бадиий асарнинг тили унинг ҳаётидир. Тил бадиийлашганда унинг жозибаси сеҳри ва қудрати ўзгача кўриниш беради. Бир пайтлар менга бир тилшунос айтганди: “Абдулла Ориповнинг тўрт қатор шеърини олиб, уни чўқмор билан уриб кўрсангиз ҳам, сатрлар сочилиб кетмайди, ҳатто бирорта сўзиям жойидан қимирламайди”. Бу назмдаги интизом!
Менинг юқоридаги гапларимни қофияли ё қофиясиз, вазнли ё вазнсиз шеърлар маъносида тор тушунмаслик керак. Гап шеър санъати ҳақида.

Файласуфнинг: “Ҳеч бир айтилган сўз айтилмаган сўзчалик фойда келтирмайди” дегна гапи бор. Очиғи, журналларда чиққан шеърларингизни ҳисобга олмасак “Ҳамал айвони”дан кейин тўхтаб қолдингиз. Бу файласуф гапининг исботими ёмон қовуннинг уруғидек кўпайган шеърлар олдида сўзни қадрлаганингизми?

“Ҳамал айвони”дан кейин “Кўҳна боғ ривоятлари” деган насрий китобим чиқди. Болалигимдан эшитиб келган ҳикоятларимни унда жамладим. Онам ва отамдан, қишлоғимиздаги одамлардан эшитганларимни қадимги ифода услубида ёздим. Ўтган йили Жанубий Кореяда бўлиб ўтган Халқаро Адабиёт симпозиумида қатнашганимда шу китобимдаги ҳикоятлар у ердаги адиблар ва таржимонларни қизиқтириб қолди. Чунки, бу ҳикоятларда бизнинг халқимизга хос тимсоллар ва рамзлар кўп.

Ўтган йили “Кўз юмиб кўрганларим” деган китобим нашрдан чиқди. Ҳозирги пайтда яна бир насрий китоб ва Сўз ҳақидаги яна бир китобни нашр этиш ниятим бор. Айтганингиздай, тўхтаб қолган пайтларим ҳам кўп бўлган. Лекин тўхтаб қолиш, ёмон ҳолат. Асқад Мухторнинг, ижодкор велосипед ҳайдаб кетаётган одамга ўхшайди. У педални айлантириб турмаса, йиқилиб тушади, деган маънода бир гапи бор эди. Ижодкор ҳар қандай вазиятда ҳам мунтазамликка эришиши шарт. Бу унинг руҳининг талаби.
Энг муҳими, ижодкорнинг айтадиган гапи, фикри бўлиши ва айтадиган гапини айтишга катта руҳий эҳтиёжи бўлиши керак. Ижодкорнинг нафақат одамларга, балки, ўз руҳига, табиатга, қолаверса Худога айтадиган гаплари ҳам кўп бўлади.
Кўнглидаги гапларини айтишга у имкон топади. Муҳими, қалб тириклигида. Тарихда қалам ё сиёҳ тополмай қолган пайтларида айтиши керак бўлган гапларини қони билан ёзган шоирларни унутмаслик керак. Шукур акадаги, Абдулла акадаги мунтазамликни кўриб, ҳайратга тушаман. Ойбек, Миртемир домлаларда ҳам шундай бўлган экан. Бизнинг эса, энг катта айбимиз тез-тез чалғиб кетамиз. Сўнг сиз айтганингиздай тўхтаб қолишлар кўп бўлади.

Ян Парандовский поэзияни, шоирликни ёшлик завқи билан яшайди, дейди. Эҳтимол, болалик сизни тарк этиб, улғайиб қолганингиз учун шеърларингизни кам ўқиётгандирмиз..

Эҳтимол, Ғарбда шундай бўлиши мумкин… Шарқ эса, бу борада ўз мақсадига эга. Бизда шеъриятдан завқ ва туйғу қатори донишмандлик ҳам излашган. Тўғри, ёшликдаги шеърлар шиддатли, ҳаяжонли бўлади. Уларда ҳис-туйғулар гуркираб туради. Бу муҳим нарса. Лекин менинг назаримда туйғу ҳам улғайиб боради. Элликка етган одамнинг кўнглидаги Ватан туйғуси унинг йигирма ёшидагига нисбатан анча улғайган, кенгайган бўлади. Одамнинг кўриб-кечирганлари, тажриблари, қарашлари туйғуларидаги моҳиятга таъсир этмай қолади. Демак, шеърни кам ёзаётган бўлсак, унда шеър ёшлик завқи билан яшайди, деган гап баҳона бўлолмайди. Бу ўзимизнинг айбимиз. Алишер Навоий Абдураҳмон Жомий ҳақида ёзганлар-ку: “Агарчи улар бир неча муддат зарурат юзасидан илмлар ўрганиш билан шуғулланган эсалар-да, аммо ҳеч вақт шеър ёзишни тўхтатмадилар.” Навоийнинг ўзи ҳам умрининг охиригича шеърдан тўхтамаган. Бу зотлар сатрдан-сатргача, шеърдан шеъргача ўсиб бораверганлар. Кексайиб қолган пайтларида жаҳонга машҳур шеърларини яратганлар. Улар ўлимни ҳам шеър билан кутиб олганлар. Масалан, Жомий қарилигида: “Бошим дарахт каби оппоқ бўлиб гуллади, Бу гуллашдан келадиган ҳосил менинг ғамим мевасидир” деб ёзган бўлса, Низомий Ганжавий: “Бошимни оппоқ қор қоплади. Вужуд томини қоплаган бу қор шунча қалинки, у вужудимни босиб қолмасайди деб қўрқаман” деб ёзган.

Адабий давраларда камнамосиз. Бўлмаса, ёш шоирларга устоз бўлгулик ижодингиз ҳам тажрибангиз ҳам етарли. Ёшларни ўқиб турасизми? Келажак шеъриятини қандай тасаввур қиласиз?

Яхши шеър кўрсам тилла топгандай хурсанд бўлиб кетаман. Чунки, мен бу нарсанинг таъмини биламан. Ёшларнинг шеърларини ўқиганимда ҳам шундай шеърларга дуч келганимда яйрайман. Ёшлар орасида шеър яратиш қўлидан келадиган шоирларимиз кўп. Оққан дарё оқади дейдилар-ку. Уларнинг ортида улуғ бир Ватандай катта Адабиёт турибди. Шунга муносиб бўлиш керак. Ҳар мақомга йўрғалайверишдан эҳтиёт бўлган маъқул. Юқорида айтганимдай, инсоннинг тийнати Адабиёт билан гўзал. Одам ақалли ўз боласига меҳр кўрсатяптими, ақалли ўз онасини дард билан яхши кўраяптими, демак, унда адабиётга эҳтиёж бор. Оммавий маданиятнинг шафқатсиз босқинларига аввало Адабиёт қарши тура олади. Илон оловдан қўрққанидай, бу мудҳиш бало қўрқса, Адабиётдан қўрқади. Демак, келажак шеъриятининг олдида жуда муҳим ишлар турибди. Шавкат Раҳмон айтганидай, “сўзларни қайраш керак”.


“Ҳуррият” газетасининг 2014 йил 12-март сонида эълон қилинган.

081
ADABIYOT BARCHA SAN’ATNING ONASI
O’zbekiston Respublikasida xizmat ko’rstagan madaniyat xodimi, shoir Eshqobil Shukur bilan suhbat
Suhbatdosh — Fozil Jabborov

020 Suhbatdoshimning hech kimnikiga mengzalmas she’riyati qalbimni daryo misol mavjlantirar, xayollarimni olisdagi qishlog’imiz, Bobotog’ adirlari tomonlarga olib qochaverardi.
Shoirni shaxs, faylasufona ijodkor sifatida taniy boshlagach, adabiyot haqida har qancha gurunglashmaylik, berajak savollarimning bir qismi yuragimda qolib ketaverardi. Suhbat bahonasida ichda qolgan savollarimga qisman javob olgan esam-da, haligacha uning ko’ngil makoni ochilmagan qo’riqday qolaverdi. Balki Eshqobil Shukurning shoirligi shunisi bilan jozibalidir.

Bolalik yurakka orzular urug’ini sochadigan davr. Birimiz samoda uchib borayotgan samolyotni ko’rib, uchuvchi bo’laman, desak, boshqa birimiz televizordagi harbiyni ko’rib, askar bo’laman, deganmiz. Bolalik taassuroti haqidagi: “Olaparni shundoq ko’zim oldida Otdilar do’stini bolaligimning.. Onam o’rgatganday: “Rozi bo’l!” dedim, Bu ilk bor rozilik so’rashim mening deb boshlanadigan she’ringizning yozilishiga turtki bo’lgan sabab sizni shoirlik sari yetaklagan bo’lsa ajab emas… Ayting-chi, murg’ak yuragingizdagi olis kechinmalar shoir bo’lishingizga qanday ta’sir etgan?

Bolaligim bilan bog’liq menga nihoyatda qadrli bo’lgan ikkita jihat borki, bu jihatlar hozir ham men uchun ijodiy manba bo’lib keladi.. Biri, men g’aroyib bir qishloqda katta bo’lganman. Bu qishloqning daryosi ham, tog’lari ham, qir-adirlari-yu dalalari ham bor edi. Bular bizga qancha tuyg’ular berganini endi anglayapman. Avval ham bir suhbatimda aytganman, she’rni tanish harflarni tanishdan emas, tabiatni tanishdan boshlanadi. Tabiatni anglash g’aroyib, maroqli jarayon. Bu jarayon bolaligimdan ko’nglimda kechgan va hozirgacha menda davom etadi. Ikkinchi jihat, men tug’ilib
o’sgan qishloq afsonalar va rivoyatlar qishlog’i edi. Ertaklar, xalq qo’shiqlari, dostonlar va ularni aytib yurguvchi daryodil odamlar… Xullas, mening bolaligimning bir qanoti tabiat bo’lsa, bir qanoti adabiyot edi.

Shoirlikni kimdir ko’ngilning qog’ozga to’kilgan ma’lum shakli desa, kimdir dardlarning soyasi deydi. Har qanday holatda ham shoir bekorga qo’liga qalam olmaydi. Qo’pol qilib aytsak, kimgadir nimanidir uqtirmoqchi bo’ladi. Sizningcha shoirlik va she’r nima?

Bu haqda Asqad Muxtor bir donishmandning “Men Vaqtning nimaligini bilaman-u, lekin Vaqt nima desalar aytib berolmayman” degan so’zini keltiradi. She’r ham shu… Lekin she’r inson qalbi bilan bog’liq hodisa ekanligi aniq… Buni oddiygina bir holat bilan tushuntirsa ham bo’lar. Bola tug’ilganda unga alla aytishadi. Odam o’lganda aza vaqtida unga yo’qlov aytishadi. Kimningdir hayoti boshlanyapti, kimnikidir tugayapti. Qarangki, bir-biriga zid ikki holda ham odamlar she’rga murojaat qiladilar. Bu ehtiyoj nimadan? Shu narsaning o’zi she’rning qalb hodisasi ekanligini isbotlamaydimi?

“…lahzani ushlab qol, yashab o’t lahzani…” degan so’zlar bilan boshlanuvchi “Hayotga qasida”ngiz bor. Ellik yoshni, ramziy ma’noda, inson hayotida bir to’xtab, ortga qarab, hisob qilib olinadigan davr sanashadi. Shu fikrga tayansak, sizning ham ortga qarab oladigan davringiz kelgan. Yarim asr yashagan inson sifatida ayting-chi, ulg’aygan nigohlar bilan hayot qanday ko’rinar ekan? Sarhisob qilsak, nimalarni “Ushlab qoldingiz”-u, nimalarga ulgurmadingiz? O’zingiz hayotning ajoyib lahzalarini yashab o’toldingizmi?

Bir paytlar Bahouddin Naqshband haqida “Lahzaning o’n birga bo’linishi” degan maqola yozganman. Bu jarayonda men bir narsaga amin bo’lganmanki, Bahouddin Naqshband bir lahzaning ichida o’n bir amalni bajara olganlar. Holbuki, bu amallarning bittasini bajarishga kimlarningdir butun umri yetmaydi. U zotlar mohiyatga yetishgan zotlar edilar. Shuning uchun ham Vaqtni boshqacha tasarruf qilganlar. Shunga achinamanki, lahza-ku lahza, kun-ku kun, men ba’zan butun boshli oylarimni shamolga sovurib yuborganman. Vaqt oldida hisob-kitob paytida hijolatli turaman.

Ulg’aygan nigohlar bilan hayotga qarashning o’z hikmati bo’ladi. Unda tajriba va bilim bor. Lekin bola nigohi bilan hayotga qarashning go’zal zavqlari bo’ladi. Bunda hayrat va ilhom bor. Odamda bu ikki nigoh birlashsa, uning hayotining ikki qutbi muvozanatga keladi. Ulug’ musavvir Ro’zi Chorievda shu maqomni ko’rganman. Uning bilimi va tajribasi qancha balandlab borsa, tiynatidagi bolalik nigohlari ham shunchalik ochilib boraverdi. Lekin bu ham oson emas.

Menga yana bir narsa aniq bo’ldiki, odam avvalo fikri va tafakkurida erishgan narsalarini yutuqlarim, erishganlarim deyishi kerak. Fikrlayotgan odam boshqacha bo’ladi, u o’zgalardan farq qiladi, istalsa istalmasa, u o’z o’rniga ega bo’ladi. O’z fikri va qarashlariga ega bo’lmagan odamdan nimaniyam kutish mumkin. Absurd dramturgiyasida bir drama bor, bu daramada deyarli hamma ishtirokchilarning ismlari bir xil. Nega bunday? Nima dunyoda ism qurib ketibdimi? YO muallif ism topolmay qolibdimi? Gap shundaki, o’sha dramadagi ishtirokchilarning aksariyati bir xil qolipdagi odamlar, ularning o’zligi, o’ziga xosligi yo’q. Odamning o’ziga xosligi uning o’ziga xos fikrlashidan kelib chiqadi. Bu odamlarning hammasi bir xil bo’ldimi, hech birining alohidaligi yo’qmi, demak ularga alohida ismning ham keragi yo’q degan nuqtai nazardan muallif ularning hammasiga bir xil ism bergan. Demak, odam alohida o’z ismiga ega bo’lishi uchun ham o’z fikriga ega bo’lishi kerak.
Yangi adabiyot ilgari surayotgan bu g’oyalar bizning mumtoz adabiyotimizda ham bo’lgan. Masalan, Alisher Navoiyning “Xamsat-ul mutahayyirin” asarida shoirning Abdurahmon Jomiy bilan bir suhbati keltiriladi. Unda Navoiy ustoziga lavozimidan ketmoqchi bo’lib, shunday shikoyat qiladi: “Inson jinsining suhbat va
muomalasidan toliqdim. Bu ishning boisi shudir…” Shunda Abdurahmon Jomiy Navoiyga: “Inson deb kimni o’ylading, bizga ham ko’rsat!” dedilar. Bu gaplar ham yuqorida aytib o’tilgan dramadagi holatga juda uyg’un keladigan gaplar.
Odam nafas olishdan to’xtamagani kabi fikrlashdan ham to’xtamasligi kerak. Men yuksak fikrli odamlarga hamisha havas va hurmat bilan qaraganman.

“To’qqizinchi fevral” nomli she’ringizda “Men ertaga o’laman, ona, Agar sening kelinlaring bu kecha buyuk shoirlarni tug’masa agar” deysiz. Taqdir charxpalagi sizga ikkinchi bor hayot in’om etsa, u hayotingizni qanday o’tkazar edingiz va unda kim bo’lib yashab
o’tardingiz?

Bu she’r talabalik yillarimda, yigirma ikki yoshimda, saksoninchi yillarda Alisher Navoiyning tug’ilgan kuniga bag’ishlab yozilgan. O’sha vaqtlar Ona Tilimizga “umirayushiy yazik” degan nuqtai nazardan qaralayotgan paytlar edi. Bu bizga juda alam qilardi. Bu she’rdagi Ona obrazi Millat obrazi… Ma’lumki, shoirlar tilning zahmatkashlari… Bu she’rda Ona Til haqida gap boradi. Asli bu o’lim haqidagi emas, tug’ilish haqidagi she’r.

Savolingizning ikkinchi jihatiga o’tsak, yana bir bor hayot in’om etilishi haqida o’ylab ko’rmaganman. Mabodo shunday bo’lganda, yoshligimdan asalarichilik bilan shug’ullanib ko’rgan bo’lardim. Asalari juda g’aroyib mavjudot. Muhimi, unga qandaydir hikmat yashirilganday. Shu hikmatni o’rganishni, anglashni istardim. Eynshteyn: “Insoniyat asalarisiz to’rt yildan ortiq yashay olmaydi”, degan. Tasavvur qiling, bitta asalari bir kilogramm asal yig’ish uchun Yer ekvatorini uch marta aylanib chiqishi kerak ekan. U naboto olami muvozanatiga qancha ta’sir ko’rsatadi. Eng muhimi, yegan yemishidan bol yaratadi.
Bundan tashqari bu jonivorda qancha sirlar bor. Aytganingizday yana hayot berilishi mumkin bo’lsa, yurtimning xushmanzara xilvat go’shalarida asalarichilik bilan shug’ullanishni istardim.

Shaxs va ijodkorlikni kimlardir ayro-ayro qo’yishadi. Iqbol Mirzoning “Shoirning qalbiga yaqinlashmang” mazmunidagi she’ri ham bor. Siz shoir shaxsi va ijodiga qaysi nuqtai-nazardan qaraysiz?

Ijod shunday narsaki, u ijodkorning ichida nima bo’lsa, shuni yuzaga chiqaradi. Shuning uchun hamki, men shoirning shaxsini uning ijodidan ayro holda ko’rolmayman. She’rda shoirning kechinmalari, tuyg’ulari, fikrlari, iztiroblari aks etsa-yu, uning she’ri boshqa-yu, o’zi boshqa bo’lishi mumkinmi? Shaxsning o’zi shulardan – kechinmalar, tuyg’ular, fikrlar, iztiroblar va qarashlardan iborat emasmi?

Bir paytlar Abdulla Qahhor “Adabiyot atomdan kuchli” degan fikr aytgan. Bu o’z davrining zabardast gapi. Lekin bugunga kelib, bu fikr biroz xira tortganday. Negaki, uning asosiy o’rnini boshqa san’at turlari allaqachon egallab oldi. Ayting-chi, buyog’iga jamiyatda adabiyotning o’rni qaerda bo’ladi?

Menga hamma san’atlarning onasi adabiyot bo’lib ko’rinadi. Inson ruhining enagasi ham adabiyot bo’lgan. Har qanday san’atning ichida adabiyot yo’q ekan, uning mohiyati ham bo’lmaydi. Toshga rasm chizayotgan ibtidoiy odam o’z ichidagi adabiyotni ifodalagan. Yanayam aniqrog’i, adabiyot o’sha odamning ichiga sig’may ketavergan. Keyin u toshni o’ygan va surat chizgan. Kino ham dastlab asosan adabiy asarlar asosida suratga olingan. Qo’shiqning ham asosi she’r bo’lgan. Eng achinarlisi, ko’chadagi bir otarchi ham o’zini “san’atkor” deb e’lon qiladi. Holbuki, bizda “san’atkor” so’zi Navoiy, Gyote, Betxoven, Yunus Rajabiylar darjasidagi ijodkorlarga nisbatan ishlatilgan. Ba’zan ikki jumlani to’g’ri yozolmaydigan bir kinochi paydo bo’ladi-da, tilni ham, ruhni ham
buzadigan oldi-qochdi, tuturiqsiz shilta bir narsani suratga olib, uni “san’at asari” deb bong uradi. Uyalmaydi! Endi yigirmadan oshgan yigitcha, televizorga chiqib olib, “Men san’at olamiga kirib kelgan vaqtlarimda” deb interv`yular beradi. Men aminmanki, adabiyotdan xabardor odam bunday qilmaydi. Adabiyot
odamga o’zini tanitadi. Saviya, did, farosat degan tushunchalar katta tushunchalar. Bu tushunchalar adabiyot san’ati orqali parvarish topadi.

Adabiyotning o’rni hamisha jamiyatning old qatorlarida bo’lishi kerak. Chunki, ma’naviyatning eng muhim tayanchlaridan biri adabiyotdir. Prezidentimizning “Adabiyotga e’tibor – ma’naviyatga, kelajakka e’tibor” deb nomlangan risolasida adabiyotning ma’naviy hayotimizdagi o’rni aniq
ko’rsatib berilgan.

O’zbek adabiyotida ham, jahon adabiyotida ham davr sinovidan o’tgan asarlarni o’quvchi mazza qilib o’qiydi, tili shirin, o’qilishi ravon. So’zlar ipga tizilgan durday. Bugun yozilayotgan asarlarda mazmun kuchliroq bo’lsa-da, til g’aliz, sun’iy jozibador emasday. Go’yo shakl o’rnini mazmunga bo’shatib berganday yo siz boshqacha fikrdamisiz?

“Nazm” so’zining tub ildizi “durni ipga terdi” degan ma’noni anglatgan. Lekin “intizom” so’zining ichida ham “nazm” so’zi borligini unutmaslik kerak. She’rni erkinlik niqobi ostida har xil ko’ylarga solish yaxshi emas. To’g’ri, she’r erkinlikni yaxshi ko’radi. Biroq, men she’rning erkinligida buyuk tartib va intizomni ko’raman. Ham ruhiy ma’noda, ham shakliy ma’noda. Navoiyda ham, Gyoteda ham shunday. Hatto hech qanday qoliplarga sig’magan Mashrabda ham bu ruhiy intizom mukammal darajada namoyon bo’ladi. Bu intizom va tartibning muhim jihatlari shubhasiz tilga borib
taqaladi.
Badiiy asarning tili uning hayotidir. Til badiiylashganda uning jozibasi sehri va qudrati o’zgacha ko’rinish beradi. Bir paytlar menga bir tilshunos aytgandi: “Abdulla Oripovning to’rt qator she’rini olib, uni cho’qmor bilan urib ko’rsangiz ham, satrlar sochilib ketmaydi, hatto birorta so’ziyam joyidan qimirlamaydi”. Bu nazmdagi intizom! Mening yuqoridagi gaplarimni qofiyali yo qofiyasiz, vaznli yo vaznsiz she’rlar ma’nosida tor tushunmaslik kerak. Gap she’r san’ati haqida.

Faylasufning: “Hech bir aytilgan so’z aytilmagan so’zchalik foyda keltirmaydi” degna gapi bor. Ochig’i, jurnallarda chiqqan she’rlaringizni hisobga olmasak “Hamal ayvoni”dan keyin to’xtab qoldingiz. Bu faylasuf gapining isbotimi yomon qovunning urug’idek ko’paygan she’rlar oldida so’zni qadrlaganingizmi?

“Hamal ayvoni”dan keyin “Ko’hna bog’ rivoyatlari” degan nasriy kitobim chiqdi. Bolaligimdan eshitib kelgan hikoyatlarimni unda jamladim.
Onam va otamdan, qishlog’imizdagi odamlardan eshitganlarimni qadimgi ifoda uslubida yozdim. O’tgan yili Janubiy Koreyada bo’lib o’tgan Xalqaro Adabiyot simpoziumida qatnashganimda shu kitobimdagi hikoyatlar u yerdagi adiblar va tarjimonlarni qiziqtirib qoldi. Chunki, bu hikoyatlarda bizning xalqimizga xos
timsollar va ramzlar ko’p.

O’tgan yili “Ko’z yumib ko’rganlarim” degan kitobim nashrdan chiqdi. Hozirgi paytda yana bir nasriy kitob va So’z haqidagi yana bir kitobni nashr etish niyatim bor. Aytganingizday, to’xtab qolgan paytlarim ham ko’p bo’lgan. Lekin to’xtab qolish, yomon holat. Asqad Muxtorning, ijodkor velosiped haydab ketayotgan odamga o’xshaydi. U pedalni aylantirib turmasa, yiqilib tushadi, degan ma’noda bir gapi bor edi. Ijodkor har qanday vaziyatda ham muntazamlikka erishishi shart. Bu uning ruhining talabi.
Eng muhimi, ijodkorning aytadigan gapi, fikri bo’lishi va aytadigan gapini aytishga katta ruhiy ehtiyoji bo’lishi kerak. Ijodkorning nafaqat odamlarga, balki, o’z ruhiga, tabiatga, qolaversa Xudoga aytadigan gaplari ham ko’p bo’ladi.Ko’nglidagi gaplarini aytishga u imkon topadi. Muhimi, qalb tirikligida. Tarixda qalam yo siyoh topolmay qolgan paytlarida aytishi kerak bo’lgan gaplarini qoni bilan yozgan shoirlarni unutmaslik kerak. Shukur akadagi, Abdulla akadagi muntazamlikni ko’rib, hayratga tushaman. Oybek, Mirtemir domlalarda ham shunday bo’lgan ekan. Bizning esa, eng katta aybimiz tez-tez chalg’ib ketamiz. So’ng siz aytganingizday to’xtab qolishlar ko’p bo’ladi.

Yan Parandovskiy poeziyani, shoirlikni yoshlik zavqi bilan yashaydi, deydi. Ehtimol, bolalik sizni tark etib, ulg’ayib qolganingiz uchun she’rlaringizni kam o’qiyotgandirmiz..

Ehtimol, G’arbda shunday bo’lishi mumkin… Sharq esa, bu borada o’z maqsadiga ega. Bizda she’riyatdan zavq va tuyg’u qatori donishmandlik ham izlashgan. To’g’ri, yoshlikdagi she’rlar shiddatli, hayajonli bo’ladi. Ularda his-tuyg’ular gurkirab turadi. Bu muhim narsa. Lekin mening nazarimda tuyg’u ham ulg’ayib boradi. Ellikka yetgan odamning ko’nglidagi Vatan tuyg’usi uning yigirma yoshidagiga nisbatan ancha ulg’aygan, kengaygan bo’ladi. Odamning ko’rib-kechirganlari, tajriblari, qarashlari tuyg’ularidagi mohiyatga ta’sir etmay qoladi. Demak, she’rni kam yozayotgan bo’lsak, unda she’r yoshlik zavqi bilan yashaydi, degan gap bahona bo’lolmaydi. Bu o’zimizning aybimiz. Alisher Navoiy Abdurahmon Jomiy haqida yozganlar-ku: “Agarchi ular bir necha muddat zarurat yuzasidan ilmlar o’rganish bilan shug’ullangan esalar-da, ammo hech vaqt she’r yozishni to’xtatmadilar.” Navoiyning o’zi ham umrining oxirigicha she’rdan to’xtamagan.
Bu zotlar satrdan-satrgacha, she’rdan she’rgacha o’sib boraverganlar. Keksayib qolgan paytlarida jahonga mashhur she’rlarini yaratganlar. Ular o’limni ham she’r bilan kutib olganlar. Masalan, Jomiy qariligida: “Boshim daraxt kabi oppoq bo’lib gulladi, Bu gullashdan keladigan hosil mening g’amim mevasidir” deb yozgan bo’lsa, Nizomiy Ganjaviy: “Boshimni oppoq qor qopladi. Vujud tomini qoplagan bu qor shuncha qalinki, u vujudimni bosib qolmasaydi deb qo’rqaman” deb yozgan.

Adabiy davralarda kamnamosiz. Bo’lmasa, yosh shoirlarga ustoz bo’lgulik ijodingiz ham tajribangiz ham yetarli. Yoshlarni o’qib turasizmi? Kelajak she’riyatini qanday tasavvur qilasiz?

Yaxshi she’r ko’rsam tilla topganday xursand bo’lib ketaman. Chunki, men bu narsaning ta’mini bilaman. Yoshlarning she’rlarini o’qiganimda ham shunday she’rlarga duch kelganimda yayrayman. Yoshlar orasida she’r yaratish qo’lidan keladigan shoirlarimiz ko’p. Oqqan daryo oqadi deydilar-ku. Ularning ortida ulug’ bir Vatanday katta Adabiyot turibdi. Shunga munosib bo’lish kerak. Har maqomga yo’rg’alayverishdan ehtiyot bo’lgan ma’qul. Yuqorida aytganimday, insonning tiynati Adabiyot bilan go’zal. Odam aqalli o’z bolasiga mehr ko’rsatyaptimi, aqalli o’z onasini dard bilan yaxshi ko’rayaptimi, demak, unda adabiyotga ehtiyoj bor. Ommaviy madaniyatning shafqatsiz bosqinlariga avvalo Adabiyot qarshi tura oladi. Ilon olovdan qo’rqqaniday, bu mudhish balo qo’rqsa, Adabiyotdan qo’rqadi. Demak, kelajak she’riyatining oldida juda muhim ishlar turibdi. Shavkat Rahmon aytganiday, “so’zlarni qayrash kerak”.

“Hurriyat” gazetasining 2014 yil 12-mart sonida e’lon qilingan.

XDK

(Tashriflar: umumiy 238, bugungi 1)

Izoh qoldiring