Рауф Парфи билан жуда кўп бор учрашиб, суҳбатларидан баҳраманд бўлганман. Устоз билан учрашган, суҳбатлашган инсон, аввало инсон эканлигини ҳис қиларди. Шу сабабдан, ижодкорларда Рауф Парфига нисбатан буюк талпиниш бор эди.
Рауф Субҳон
БУЮК ТАЛПИНИШ
Ўтган асрнинг етмишинчи йиллари ўрталари эди. Таниқли олим ва таржимон Маҳкам Маҳмудовнинг уйларига борганимда дастурхон атрофида суҳбат қуриб ўтирган икки кишига кўзим тушди. Улардан бири Маҳкам ака, иккинчиси кўзойнак таққан, жуда беозоргина қимтиниб ўтирган киши эди. Суҳбат табиблар ҳақида борарди. Маҳкам аканинг опалари бироз бетоблигини билганим учун: “Бу одам табибга ўхшайди, даволагани келибди-да”, деб нотаниш одамга шунчаки назар ташлаб қўйдим. Суҳбат узоқ давом этди.
Меҳмон кетганидан кейин Маҳкам акадан “Бу киши табибмилар?” деб сўрадим.
— Бу Рауф-ку, Рауф Парфи, шоир, — деб Маҳкам ака у кишини таърифлаб кетдилар.
Талабалар шаҳарчасида “Баҳор”, “Ёмғир”, “Қушча” ҳақидаги шеърлари тинимсиз ўқилган, китоби қўлдан-қўлга, мисралари оғиздан-оғизга ўтиб, анча шов-шув бўлиб кетган Рауф Парфини ана шундай таниб олганман.Кейинчалик Рауф Парфи билан жуда кўп бор учрашиб, суҳбатларидан баҳраманд бўлганман.
Рауф Парфи билан учрашган, суҳбатлашган инсон, аввало инсон эканлигини ҳис қиларди. Шу сабабдан, ижодкорларда Рауф Парфига нисбатан буюк талпиниш бор эди.
* * *
Бир шеърхон даврада Хуршид Даврон, Ғулом Фатхиддин ва мен Рауф Парфи суҳбатини олаяпмиз. Ўрта мактабни битириб келганимга ҳали кўп бўлмаган. Абитуриентман. Тошкентга келиб у ер-бу ерда шеър чиқариб юрган пайтларим. У пайтлар кун ора шеърхонлик бўлиб турарди. Қаерда тўртта шоир тўпланишса, устозларнинг олдидан ўтиш учун ҳам шеър ўқиб бериларди. Даврада ёш шоирлар бирин-кетин шеър ўқияпти.
Бир пайт, Хуршид Даврон Рауф Парфига қараб менга ишора қилиб: “ёш шоир ҳам битта шеър ўқиб берса…”, деб қолди. Рауф ака: “Қани, ёшлардан эшитайлик!” дедилар.Мен машқларимдан бирини ўқидим. Орага қисқа муддатли сукунат чўкди. Хуршид Даврон Рауф акага “Қалай” дегандай қаради. Рауф ака: “Бу ёшлар даҳшат, буларда сўз кўп”, — деб мақтаб қўйдилар.
Икки-уч кундан кейин Рауф Парфи сўзларининг тагига етдим. Устоз бизни яхшилаб танқид қилган экан… Бизнинг шеърларимизни кўп сўзлиликда айблаган экан. Бу мен учун катта дарс бўлди. Ижодимда ҳар доим сўз исрофгарчилигига қарши курашдим.
* * *
Бир куни уйларига бордим. “Шарқ юлдузи” журналида чоп этилиши керак бўлган шеърларимга сўз боши ёзиб бермоқчи бўлдилар. Негаки, Рауф Парфи 1981 йилларда “Ёш ленинчи”, ҳозирги “Туркистон” газетасида менга “Оқ йўл!” тилагани учун, шогирдига бир муносабат билдириб қўйсин, деган мақсадда журнал таҳририятидан айтилган эди.
Хуллас, Рауф ака нималарнидир хиргойи қилиб, бутун уйни айланиб, жиҳозларни тартибга келтирган бўлди. Кейин иш столини яхшилаб тозалади. Секин қарасам, ўзига ижод кайфияти яратаяпти. Хоналарига кириб кетдилар ва бир қанча вақтдан кейин чиройли дастхатда битикларини олиб чиқдилар. Кейинчалик ҳам ижод қилиш ҳолатини кузатганман. Бирон бир зарар келтирувчи таъсирларсиз, хушёр кайфиятда ижод қилар эдилар. У кишининг юрагида, қалбида халқ, ватан дарди доимо балқиб турарди. Буни ҳар бир шеърида ифодаланганини кўришимиз мумкин. Биронта саволга жавоб бериш учун тайёрланиб ўтирмасди. У кишига савол берган одамнинг ўзи жавобнинг “тагига” бир неча кундан кейин етар ёки дарров етса уялиб қоларди.
* * *
Бир куни Шоир Усмонхўжаев (ўша пайтда Ғафур Ғулом нашриётининг директори) нашриёт йўлагида турганимизни кўриб, қўлида бир вароқ қоғоз билан биз томонга келдилар.
— Рауф, сиз инглиз тилини билардингиз-а? — деди Рауф Парфига юзланиб.
Рауф ака савол берувчи ҳали гапини тугатмасиданоқ “Ўзбек тилини зўрға эплаяпмиз-ку!” дедилар. Шоир ака индамай орқасига қараб кетдилар.
* * *
Бир кун эрталаб “адаш, икки тийинлик борми?” деб қолдилар.
— Ҳа, бор, дедим.
— Юринг, автоматдан битта телефон қилиб келамиз, — дедилар.
Биз бирга-бирга домларнинг ўрталигида ўрнатилган телефонга бордик. Рауф ака икки тийинни чап қўли бош бармоғи билан секин ушлаб, (тушиб кетмасин деган мақсадда) рақамларни тера бошлади.
— Устоз, кимга телефон қилаяпсиз, — деб сўрадим.
— Фалончига — деди Рауф ака. — Бир раҳмат деб қўймасам бўлмайди, мени газетага ёзибди, — дедилар.
— Ахир, фалончи сизни тинимсиз танқид қилади-ку! Нега сиз раҳмат айтасиз, — дедим ҳайратланиб.
— Танқид бўлсаям, вақт сарфлаб муносабат билдирган-да! — деб домлага миннаддорчилик билдириб қўйди.
* * *
Қайсидир шеърхонликда янгича қофиялар ҳақида гап кетганда шогирдларидан бири:
— Рауф ака, мен “гугуртга”га “чигиртка”ни қофия қилдим, — деб қолди.
Рауф Парфи ҳозиржавоблик билан:
— Мен аллақачон“Маҳорат”га “таҳорат”ни қофия қилганман, дедилар. Бу гапнинг тагида қанча гап борлигини ўзингиз бир мулоҳаза қилиб кўринг.
* * *
… – Ҳозир Ўлжас Сулаймоннинг “Останкино”дан телевизорда чиқишини беради, – деди Рауф ака уйидаги буюмларни у ёқдан бу ёққа йиғиштираркан. Дарвешларнинг (яъни шогирд шоирларнинг) бир қисми кечаси, ярим тунда уйларига кетган, қолганлари эрталабгача шеърхонлик қилиб йўлга тушиш тараддуни кўраётган эди.
Кимдир “Телевизор борми?” деб сўради.
– Бор, фақат тасвир йўқ. Овозини эшитса бўлади, – деди Рауф ака. Телевизор қўйилди. Рауф ака узун ташланган кўрпачага узала тушиб ёнбошлади ва бошига кафтини тираб, ерга қараб телевизор овозини эшитарди. Бирпасдан сўнг Ўлжас Сулаймон ўша самалётдан сочилган машҳур достонини ўқий бошлади. Атрофида ўтирган уч-тўрт шоир ҳам Оврўпадан таралаётган қозоқ шоирининг йўғон ва ширали овозини аслиятда, яъни рус тилида эшитардик. Рауф аканинг кўзларидан шашқатор ёш оқаётганини пайқаб қолдик. Шахси баланд шоирнинг йиғлашини ҳеч қачон кўрмаган биз шогирдлар ғалати ҳолатга тушдик.
Балки бир туркий миллат шоири бутун дунёни ларзага келтириб шеър ўқиётганидан Рауф аканинг кўзлари ёшлангандир. Балки, бу кўзёшларнинг туб-тубида катта бир миллатнинг неча асрлар ушалмаган орзулари, дардлари жумбушга келгандир. Бу бизга қоронғи бўлиб қолди. Ҳали мустақилликка эришмаган у даврларда шоир қанот қоқиб деразасига келиб қўнган қушчада ҳам озодлик туйғуларини ва унга тааллуқли бўлган рамзларни кўриб бундай кайфиятларга тушиши табиий эди.
Мен Рауф Парфининг шеър эшитиб йиғлаганини яна бир бор кўрганман. Ҳали юқорида айтганимдай, гоҳо-гоҳо биз шогирдлар устоз атрофида йиғилиб янги шеърларимиздан ўқиб берар эдик. Ўша куни яна бир устозим – Йўлдош Эшбек ҳам шеърлар ўқиди. Рауф аканинг кўзларидан ёш томчилади. Бошқа бирон марта бундай ҳолатга дуч келмадим. Ҳар қандай ноқулайлик туғилганда ҳам ихлосмадининг юзига майин жилмайиб:”Рауф Парфиси шу экан-да, деб роса ҳафсалангиз пир бўлгандир-а?!” деб вазиятдан чиқиб кетарди.
* * *
“Фалончининг шеърлари қалай экан?”, деб сўрасангиз: “Жуда даҳшат, булар кучли шоирлар…” деб, танқиди ҳам, мақтови ҳам ичида қилиб, ҳудди ёрлиқ ёпиштиргандай, шоирнинг пешонасига “мих”лаб қўярди.
Баъзиларига, ҳатто “Оқ йўл”лар ҳам ёзишдан тортинмасди. Менинг назаримда улар эртага ўзларини ўнглаб олар, ҳозирдан кўнглини синдирмайин, деб ўйларди устоз. Тушунган ўзини тузатарди, тушунмаган Рауф Парфининг “шогирдиман” деб оғзининг таноби қочиб юрарди.
Мен ҳам бундай ҳолатдан шубҳага туша бошладим. Ҳар қалай Рауф Парфи Рауф Субҳонга “Оқ йўл” тилабди деган гаплар остида матбуот орқали 80-йилларнинг бошларида устознинг дуосини олганман.
* * *
Рауф Парфи ўтган асрнинг 80-йиллари бошида битган ушбу шеърига эътиборингизни қаратмоқчийдим. Шеър “Эдуард Вейденбаум” сарлавҳаси остида ёзилган.
Денгизга чўкмакда осмоннинг қалби,
Кўройдин. Елларда аччиқ сукунат.
Чағалай денгизнинг армони каби
Чирқиллаб учадир гўё сўнгги хат.
Кекса заранг сесканиб ростлар нафас,
Заъфарон япроқлар узра булдуруқ.
Кўройдин. Теварак қоронғу қафас…
Денгиз мовий, осмон чексиз эмас. Йўқ.
Ҳар ён сўнгги хатдир, бари сўнгги хат,
Кўройдин. Бу денгиз. Бу япроқ. Бу қуш…
Изғир ўзан, сўнгги сўзларин фақат
Санчар чивғин ичинда қувғин товуш –
Уйғон, юракларда сўнган муҳаббат,
Уйғон, эй озод руҳ, музлаб қолган ўч.
(1982)
Шеър шу даражада мукаммал яратилганки, унинг бирон тиниш белгисини қўзғатиб бўлмайди. Бирон сўзнинг синонимини қўлласангиз ўзингизни жиноятчи ҳис қиласиз. Манзара, ташбеҳлар, танланган сўз, оҳанг бирдамлиги ва ҳар бир сўз мижозан қўшни сўзларга боғлангани шеърни қайта-қайта ўқишга чорлайди. Ҳар сафар ўқиганингизда ҳар хил таъсир этиб, қалбингизнинг чертилмаган қирраларини янгидан чертади. Томошабин катта-катта тасвирий санъат асарлари олдиди соатлаб ўтирганда таъсирлангани каби сиз ундан-да кўпроқ вақт ўзингизга келолмай юрасиз. Бехосдан ўйлаб қоласиз: наҳотки, шунча нарсани шоир юрагига сиғдирган бўлса…
* * *
Қачонлардир уч-тўрт ёзувчи, шоирлар Бухорога сафар қилдик. Сафарга Рауф Парфини ҳам таклиф этдик. Устоз бажонидил розилик билдирдилар. Биз мактабларда, одамлар орасида мушоиралар ўтказдик. Бир мактабда менга тушган савол юзасидан “шеърият нима” деган саволга жавоб беришимга тўғри келди. Мен Рауф Парфидан мисол тариқасида бир шеър ўқидим ва шеър ҳақида (устоздан хижолат бўлиб) билганимча гапирдим. Албатта, мен адабиётшунос эмасман, лекин ўз тушунчаларим билан ўртоқлашдим. Учрашувдан сўнг Рауф ака мени ўз ёнига чақириб “Сиз буларни ёритсангиз, ёзсангиз бўларкан” деди. Шу пайтгача бунга журъат қилмаганман.
Лекин шуни яхши билишимиз керакки, асил маънавият миллатнинг, халқнинг томирларини мустаҳкамлаб, тутиб туради. Шу боис бу юртда шоирлар, олимлар улуғланган ва бундан кейин ҳам ўзлигини йўқотмайди.
Рауф Парфидай буюк шоир бугун орамизда йўқ. (Оллоҳ устозимизни ўз раҳматига олган бўлсин!)
Рауф Парфи шеърлари дилимизда, тилимизда жаранглашдан тўхтамайди!
2013