Rauf Subhon. She’rlar.

0021
Рауф Субҳон 1958 йил 13 мартда Самарқанд вилоятининг Иштихон туманида туғилган. ТошДУнинг тарих факултетини тамомлаган (1985). Шоирнинг «Афсонанинг давоми» (1989), «Тадриж» (1993), «Алпомиш» (насрий баён, 2004), «Саломатлик алифбоси» (2007) каби китоблари нашр этилган. «Омон қайтган тулпорлар» (1995) номли достони ҳам бор.

09
Рауф Субҳон
ШЕЪРЛАР

ҚУШЛАР ҚЎШИҒИ

I

Соғиниб қайтамиз
Шу юрт тафтини,
Соғиниб айтамиз
Қушлар бахтини.

Бизни нелар чорлар
Шунчалик илҳақ,
Сиз нечун кутасиз
Бунчалар барвақт?!

Бизга осон эмас
Жанубдан қайтиш,
Осон бўлмагандай
Шарқни тарк этиш!..

II

Биз доим тинчликни куйлаб учамиз,
Кўпчиликмиз, кўкни ёриб ўтамиз.

Дунёнинг қушлари бўлмаса агар,
Парвоз ёлғиз иши эмас, нетамиз?!
Баҳор чорламоқда Ўзбекистонда,
Ўзбекистон эрур бор қўшиғимиз.

Манзилда бемалол ин қуражакмиз,
Бизни чорлаётган юрт ­– бешигимиз.
Нотинч ўлкалар ҳам талпиниб қолар,
Тинчлик чорламаса ортга қайтмасдик.

Қай юртдан тополсак мангулик баҳор
Бошқа ўлкаларни асло айтмасдик!..
Ҳозирча йўлдамиз, ҳур парвоздамиз,
Ўзбекистон, деган жўр овоздамиз!..

* * *

Сен ҳали ялпизи кетмаган уват,
Ҳар тонг айланардинг шабнам садафга.
Сен ҳали отингни билолмасдан бот,
Қараб қўяр эдинг кўклам тарафга.

Сени такрорларди, ҳамма такрорлар,
Яна алнглардинг жисминг гул — қулоқ.
Англаш осон эмас, фурсат қарамас,
Энди баҳормассан, ёз бўлдинг кўпроқ.

* * *

Ёлғизликни йўлатмаган,
Бахтим ўзингсан, мабодо:
Муҳаббатдан эсар бўлса
Хотиржамликдир шаббода.

Шаббодаки, тўрланади,
Мавжланади юзларингда.
Ўша мавжлар қалбим ўйнар,
Жоним олган сўзларинг-да…

Қат-қат бўлар гуноҳ-савоб,
Қатланади муҳаббат ҳам.
Сени десам ишқдир жавоб,
Бу дунёда қолмагай ғам.

Кўкайимдан тошган тўлқин
Кўнглинг қадар карвон бўлди.
Қай ошиқлар додлар балким,
Менинг йўлим равон бўлди.

Ёлғизликни йўлатмаган,
Бахтим ўзингсан, мабодо:
Муҳаббатдан эсар бўлса
Хотиржамликдир шаббода.

ОҚТОВДА

Тош қулади, тош қулади, тош қулади,
Чўққи ёшлик, чиқсам кўнглим ёш бўлади.
Мен ўрлайман, қоялар-ку жигарларим,
Кўкдан боқар ота қуёш хуш кулади,
Бора-бора қоялар ҳам паст бўлади.

Пастга боқсам, паст чорлайди узун-узун,
Қоя деган яқинимдан тош жилади…
Чўққиларда кўрай дейман босган изим,
Излар узоқ кўкда қушлар сас қилади:
– Сени бу юрт забонингга хос билади!..

* * *

Қора тунни гулханларда ёқ,
Саксовул, янтоқни, ўрикни.
Шунчаки ёқ, қала эринмай,
Кўрмайсан, аламни, куюкни…

Қалагин изтироб ўрнида,
Шу гулханлар сен учун маёқ.
Токи қуёш бўй чўзмагунча,
Қора тунни гулханларда ёқ!..

* * *

Соҳилда хаёллар дарёдай жўшар,
Ниначилар учар, капалак шошар.
Тебраниб туради кўнгил гуллари,
Қушлар сайрар, мавжли тўлқинлар тошар.

Ҳатто қайроқтошда жон зоҳир бўлар,
Бу тонгни чизолмас бирон мусаввир.
Нохуш шамоллар ҳам майин ўранган,
“Ҳаётни сев”, — дейди, бу шивир-шивир…

УМР
(«Ҳуррият қўшиғи» туркумидан)

Сен алқаб пайқамай қолган бу дунё
Пайқамас сўнишин ёнгувчи шаъмнинг,
Ишқу муножотдан фасли алмашар
Оёғинг остида айланган ғамнинг…

Пойингта ташланса лўппи-лўппи қор,
Изингдан ловуллаб юлқинса гуллар,
Бу дунё дарёдай сочса ҳамки зар,
Ажрини олгайдир талпинган қўллар.

Биз ёндик, деганда бўлган сабрсиз,
Қадрсиз илинждан мадад кутганлар,
Севиб-севилмаган тун-ку қадрсиз,
Кундуз ҳам неъматдир оғриқ ютганлар!

Гуноҳкорнинг умри шайланиб ўтар,
Сенга ёруғ амал тилайман Сабр!
Ҳар ким айтиб ўтсин Мангулик сўзин,
Дунё бу нафс эмас, эмасдир қабр…

Бонгтим бўл, ичимда жим отган тонггим,
Нигоҳ сўзим бўлгин, сақлаган тўзим.
Мен баъзан шошсам ҳам, шошмайди кўзим,
Мангулик — ўзлигим, ўткинчи ўзим.

КУЧЛИ ОДАМ
Фарҳод Файз ўғлига

1. Тилимни еттига бўлган худойим,
Етти хил ўйинга тушаман ҳар кун.
Тил учи аччиқни сезади доим,
Танглай ширинликни қилади талқин.
Тил қисқа масофа — нафс ва ҳалоллик,
Аччиқ ва чучукнинг йўли ҳам бир хил.
Синамай чайнасанг, аччиқ — малоллик
Ширин кўп бўлса, у қилади бир ҳол…
Еттига бўлинган балки умр ҳам,
Етти йўл, етти бахт, етти ғам келар.
Умр боши ширин ва ё интиҳо –
Буни яратганнинг бир ўзи билар…
Лекин шукр қилгум, гармдорини
Танглайда синамоқ тўгри келмайди.
Ақлимга солгандир йўғу боримни,
Буни биров билиб, биров билмайди.

2. Меҳримни аввало Аллоҳга бергум
Ва кейин очунга тенг тақсим қилгум…

3. Ёшлик даврим ўтар, суроним ўтар,
Ҳалоллик истаган бўроним ўтар.
Қаерга келдиму, қаёққа кетгум,
Кўксимга кўмилган армоним ўтар.
Бузилган кўприкка ўхшайди дунё.
Ким бузиб ўтару, ким ямаб қўяр…
Кўприкнинг ҳолига тушаман гўё,
Билмайман, кўрганим тушми ё рўё…

4. Ойнинг ойдинида шукр ва имон,
Қуёшсиз бўй чўзмас биронта япроқ.
Тонгнинг заррасидан умидим, умрим,
Ҳар бир нафасимга гувоҳдир тупроқ.
Таассуб сололмаймиз ҳеч бир нарсага
Аслида инсон ҳам таассубга лойиқ.
Пайғом келтирганга имон барчада,
Яратган олдида ҳар ким ҳам суюк.
Буюклар ҳам ўтган дунёдан кўплаб,
Руҳин ёғдусидан жисму тан бардам.
Ёнғоқ пўчоғидай разолат синган,
Лек ҳаёт мағизин асрашган ҳар дам.
Менинг ҳам зирқирар жисму тавоним,
Бас, омон бўлсин бу руҳи равоним…

* * *

Бу қаро кўзларни ўйнатиб кетдинг,
Боғим булбулларин сайратиб кетдинг.
Атиргулларимни яйратиб кетдинг,
Мудраган йўлларни уйғотиб кетдинг.

Боғларимнинг тонгда тўқдинг ёшини,
Рауф Субҳон енгди чўнг бардошини.
Уйинг қайда, айтгин, рангин капалак,
Йўллар остонангга кўяр бошини…

* * *

Кимнинг сўрагани кимгадир жавоб,
Ҳаётим у қадар фалсафа эмас.
Кимга пул керагу, кимгадир савоб,
Истагим савобдир, нафс-бало демас.

Нурдан-да ингичка ишқнинг толаси,
Ҳақ — ишқим топинчи, тиловатимдир.
Сўзларимни қарзларимга сарфлайман,
Умрим менинг қарзим — ибодатимдир.

* * *

Сен ҳали ялпизи кетмаган уват,
Ҳар тонг айланардинг шабнам — садафга.
Сен ҳали отингни билолмасдан бот,
Қараб қўяр эдинг кўклам тарафга.

Ҳамма такрорларди… сени такрорлар,
Яна термулардинг, жисминг гул — қулоқ.
Англаш осон эмас, фурсат қарамас,
Энди.. баҳормассан, ёз бўлдинг кўпроқ.

* * *

Кўқда муаллақман,
тунинг етар менга,
Йўқда нажотимсан,
уним етар сенга.

Мен бетоб эмасман,
тобинг етар менга,
Бенишон шон топгум,
кўнглим етар сенга.

БАХШИЁНА
«… Қуёш билан Ойни аждаҳо ютиб юборади. Уни бир ботир қутқаради…»
Эртакдан

Гул барги томчилайди,
Тол барги қамчилайди,
Ўлан айтинг, бахшилар,
Куй билан ғам чиройли.

Юрт қоронғу тор бўлса,
Ботир кўкси ер бўлар,
Қуёш ютган, Ой ютган
Аждаҳо бедор бўлар.

Тун ухлайди, кун ухлар,
Эл бўғзида ун ухлар.
Эл-юрт аждар оғзида,
Бу қоронғу дун ухлар.

Бу эртакми, эрмакми,
Бир ўлиб сўнг турмоқми,
Барча яхши-ёмонни
Ўз-ўзидан сўрмоқми…

Ҳарна кўкдан сир бўлар,
Ботир кўкси ор бўлар,
Ой, Қуёшни қутқарган
Эл оғзида зўр бўлар.

Гул барги томчилайди,
Тол барги қамчилайди,
Ўлан айтинг, бахшилар,
Куй билан ғам чиройли.

* * *

Севгилим,
Қор бўрони
Қадамларни секинлатди-да,
Юр, ғорга кирамиз,
Аждаҳолар ухлаб ётган асрий жимликда
Муҳаббат ҳақида суҳбатлашамиз…

ОҲУ

Тоғлардан термилди, боғдан кузатди,
Ботқоқлик ортида тўкислик, кўклик…
Ҳайдаса ўтмайди агар юз отни…
Орин бермагандай биронта ҳақли…

Ҳаётда бошқа бир қоида йўқдай,
Бир сакраса гўё тўлардек бағри,
Ботқоқлик ортида ҳайвонлар тўқдай
Ўтиб олса яшарми ишончи, ори?!

Ортига қарайди, одамлар ўқдай,
Пойлайди, сайёдлар кун кўрсатмайди.
Ҳеч бир жон тинч ўтмас, ботқоқлик ютгай,
Бу ҳудудда бўлмас кўнгилнинг майли…

Кўзига кўринди роҳат, фароғат,
Ўзимча яшайман, дедими оҳу?..
Бир жойга келганда ютди-ку ботқоқ,
Кўзида жим кетди хаёли, оҳи!..

АРОСАТДАГИ ОДАМГА

Аслида ичингда чироқ ёнмайди –
Ёритгин, ҳаммабоп бўлмоғинг учун…
Феълингга-ку, оқу қаро кўнмайди,
Бировга кўрсатма бу кибр-кучинг…

Аросат босгансан, ахир ёшмассан,
Ер ютмас кўлмакдай, парча осмонсан!..

РИЗҚ ҲИКМАТИ

Бу боғ жуда эрта гуллайди,
Меваси ҳам пишиб-пишмайди.
Ер соҳиби ҳар йил пуллайди,
Қўлга тушар, ерга тушмайди…

Болалари тўйиб-тўймайди,
Келган пул ғишт ё оғоч бўлар.
Соҳиб шу касбини қўймайди,
Ризқ бермаса тоғ ҳам оч қолар…

Иш роҳатин кўрмоқ бўлсангиз,
Кучга тўлинг, боғдай етилинг,
Боғ қолибди, десин ўлсангиз,
Бахт дегани меҳнат бетиним.

Ҳай-ҳай замон яхши, албатта,
Ҳар бир оннинг ўз ҳикмати бор.
Шукронасиз қолар ғурбатда,
Келажакка бугун пойдевор!..

СЎНАЁТГАН КЎЗ ХАСРАТИ

1

Қуллик
Қилган билан
Дарахт кўкармас,
Доимо эгилиб турасан банда!
Пуллик
Адо этган
Ибодат бўлмас,
Юзингни кўришга шубҳа бор менда!

Туллик
Қилдингмикан
Юзинг бурасан,
Сени дўст кўрсатмас бу ёлғон ханда!

Йилликмисан,
Асрликми, билмадим,
Қилиқларинг нишонлатдинг амаллаб,
Қандай тик боқасан ВАТАНга!

2

Кўзларингни
Чорлаб турган
Ришталар-да, узилса,
Ўрталикда
Кимдир қурган
Кўприк, девор бузилса,
Қадамингга
Интизордир
Қайтар йўлда хас ё чўп…
Атрофингда учмай қўйса
Қушлар ғужғон, тала-тўп…
Сени бир зум тарк этмаган
НАФАС — ЎЛИМ яшайди,
Қурган бўлсанг ҳаёт йўлинг,
Эккан гулинг яшайди!..

* * *

“Ойнаи жаҳон” ишқи
Фарҳоду Шириндандур,
Бу дунёнинг кам-кўсти
Фош қилган сирингдандур…

* * *

Эй дўст, жимлигимдан
Сенга не фойда?
Ақл таъма билмас
Куйланар жойда.

Тобора ер қучар:
Тун чўкар, қўнар…
Тоққа бошин қўйган
Уфқ-чи, ёнар!..

Жим, дейсан, боқаман
Яна тонг отар,
Қадим тупроқ гуллар,
Беармон боқар!..

Беармон гуллайди
Босган қадамлар,
Қай қатлам қоронғу
Билмас одамлар…

Қуёш тортқилайди
Ер қулоғидан,
Қушлар потирлайди
Ўз қўноғида…

Сукунатни тинглаш
Нақадар оғир!..
Кўрдим, тош ҳам гуллар –
Бағр… тошбағр…

Эй дўст, жимлигимдан
Сенга не фойда?
Ақл таъма билмас
Куйланар жойда…

* * *

Қисмат ҳар хил
Қадр ҳар хил
Ранг ҳар хил

Ранг кўру
Ҳол сўр демоқ
Эмас бекор

Илло бир ранг
Фарқ талаб
Турфа хилдир

Яхши ёмон
Ажрим-ажрим
Тархи бор
Бир кимсанинг
Неча юзлаб
Шарҳи бор

Кимда чеҳра
Кимларнингдур
Турқи бор

Одоб ҳар хил
Сабр ҳар хил
Феъл ҳар хил

Кимлар аҳил
Кимлар ёлғиз
Ким бахил

Дунё борки
Оқнинг оқдан
Фарқи бор

Илм олмоқ
Шу сабабми
Мадад ёр

Яхшиликнинг
Тури кўпдир
Ўнг ишда

Яхшиликдан
Нишона бор
Онг ишда

Шундоқ бўлмас
Жаҳолат ҳам
От минар

Ҳар яхшида
Бир ёмонлик
Ёт минар

Қисмат ҳар хил
Қадр ҳар хил
Ранг ҳар хил

09

013 Rauf Subhon 1958 yil 13 martda Samarqand viloyatining Ishtixon tumanida tug‘ilgan. ToshDUning tarix fakultetini tamomlagan (1985). Shoirning «Afsonaning davomi» (1989), «Tadrij» (1993), «Alpomish» (nasriy bayon, 2004), «Salomatlik alifbosi» (2007) kabi kitoblari nashr etilgan. «Omon qaytgan tulporlar» (1995) nomli dostoni ham bor.

09

Rauf Subhon
SHE’RLAR

QUSHLAR QO’SHIG’I

I

Sog’inib qaytamiz
Shu yurt taftini,
Sog’inib aytamiz
Qushlar baxtini.

Bizni nelar chorlar
Shunchalik ilhaq,
Siz nechun kutasiz
Bunchalar barvaqt?!

Bizga oson emas
Janubdan qaytish,
Oson bo’lmaganday
Sharqni tark etish!..

II

Biz doim tinchlikni kuylab uchamiz,
Ko’pchilikmiz, ko’kni yorib o’tamiz.

Dunyoning qushlari bo’lmasa agar,
Parvoz yolg’iz ishi emas, netamiz?!
Bahor chorlamoqda O’zbekistonda,
O’zbekiston erur bor qo’shig’imiz.

Manzilda bemalol in qurajakmiz,
Bizni chorlayotgan yurt ­– beshigimiz.
Notinch o’lkalar ham talpinib qolar,
Tinchlik chorlamasa ortga qaytmasdik.

Qay yurtdan topolsak mangulik bahor
Boshqa o’lkalarni aslo aytmasdik!..
Hozircha yo’ldamiz, hur parvozdamiz,
O’zbekiston, degan jo’r ovozdamiz!..

* * *

Sen hali yalpizi ketmagan uvat,
Har tong aylanarding shabnam sadafga.
Sen hali otingni bilolmasdan bot,
Qarab qo’yar eding ko’klam tarafga.

Seni takrorlardi, hamma takrorlar,
Yana alnglarding jisming gul — quloq.
Anglash oson emas, fursat qaramas,
Endi bahormassan, yoz bo’lding ko’proq.

* * *

Yolg’izlikni yo’latmagan,
Baxtim o’zingsan, mabodo:
Muhabbatdan esar bo’lsa
Xotirjamlikdir shabboda.

Shabbodaki, to’rlanadi,
Mavjlanadi yuzlaringda.
O’sha mavjlar qalbim o’ynar,
Jonim olgan so’zlaring-da…

Qat-qat bo’lar gunoh-savob,
Qatlanadi muhabbat ham.
Seni desam ishqdir javob,
Bu dunyoda qolmagay g’am.

Ko’kayimdan toshgan to’lqin
Ko’ngling qadar karvon bo’ldi.
Qay oshiqlar dodlar balkim,
Mening yo’lim ravon bo’ldi.

Yolg’izlikni yo’latmagan,
Baxtim o’zingsan, mabodo:
Muhabbatdan esar bo’lsa
Xotirjamlikdir shabboda.

OQTOVDA

Tosh quladi, tosh quladi, tosh quladi,
Cho’qqi yoshlik, chiqsam ko’nglim yosh bo’ladi.
Men o’rlayman, qoyalar-ku jigarlarim,
Ko’kdan boqar ota quyosh xush kuladi,
Bora-bora qoyalar ham past bo’ladi.

Pastga boqsam, past chorlaydi uzun-uzun,
Qoya degan yaqinimdan tosh jiladi…
Cho’qqilarda ko’ray deyman bosgan izim,
Izlar uzoq ko’kda qushlar sas qiladi:
– Seni bu yurt zaboningga xos biladi!..

* * *

Qora tunni gulxanlarda yoq,
Saksovul, yantoqni, o’rikni.
Shunchaki yoq, qala erinmay,
Ko’rmaysan, alamni, kuyukni…

Qalagin iztirob o’rnida,
Shu gulxanlar sen uchun mayoq.
Toki quyosh bo’y cho’zmaguncha,
Qora tunni gulxanlarda yoq!..

* * *

Sohilda xayollar daryoday jo’shar,
Ninachilar uchar, kapalak shoshar.
Tebranib turadi ko’ngil gullari,
Qushlar sayrar, mavjli to’lqinlar toshar.

Hatto qayroqtoshda jon zohir bo’lar,
Bu tongni chizolmas biron musavvir.
Noxush shamollar ham mayin o’rangan,
“Hayotni sev”, — deydi, bu shivir-shivir…

UMR
(«Hurriyat qo’shig’i» turkumidan)

Sen alqab payqamay qolgan bu dunyo
Payqamas so’nishin yonguvchi sha’mning,
Ishqu munojotdan fasli almashar
Oyog’ing ostida aylangan g’amning…

Poyingta tashlansa lo’ppi-lo’ppi qor,
Izingdan lovullab yulqinsa gullar,
Bu dunyo daryoday sochsa hamki zar,
Ajrini olgaydir talpingan qo’llar.

Biz yondik, deganda bo’lgan sabrsiz,
Qadrsiz ilinjdan madad kutganlar,
Sevib-sevilmagan tun-ku qadrsiz,
Kunduz ham ne’matdir og’riq yutganlar!

Gunohkorning umri shaylanib o’tar,
Senga yorug’ amal tilayman Sabr!
Har kim aytib o’tsin Mangulik so’zin,
Dunyo bu nafs emas, emasdir qabr…

Bongtim bo’l, ichimda jim otgan tonggim,
Nigoh so’zim bo’lgin, saqlagan to’zim.
Men ba’zan shoshsam ham, shoshmaydi ko’zim,
Mangulik — o’zligim, o’tkinchi o’zim.

KUCHLI ODAM
Farhod Fayz o’g’liga

1. Tilimni yettiga bo’lgan xudoyim,
Yetti xil o’yinga tushaman har kun.
Til uchi achchiqni sezadi doim,
Tanglay shirinlikni qiladi talqin.
Til qisqa masofa — nafs va halollik,
Achchiq va chuchukning yo’li ham bir xil.
Sinamay chaynasang, achchiq — malollik
Shirin ko’p bo’lsa, u qiladi bir hol…
Yettiga bo’lingan balki umr ham,
Yetti yo’l, yetti baxt, yetti g’am kelar.
Umr boshi shirin va yo intiho –
Buni yaratganning bir o’zi bilar…
Lekin shukr qilgum, garmdorini
Tanglayda sinamoq to’gri kelmaydi.
Aqlimga solgandir yo’g’u borimni,
Buni birov bilib, birov bilmaydi.

2. Mehrimni avvalo Allohga bergum
Va keyin ochunga teng taqsim qilgum…

3. Yoshlik davrim o’tar, suronim o’tar,
Halollik istagan bo’ronim o’tar.
Qaerga keldimu, qayoqqa ketgum,
Ko’ksimga ko’milgan armonim o’tar.
Buzilgan ko’prikka o’xshaydi dunyo.
Kim buzib o’taru, kim yamab qo’yar…
Ko’prikning holiga tushaman go’yo,
Bilmayman, ko’rganim tushmi yo ro’yo…

4. Oyning oydinida shukr va imon,
Quyoshsiz bo’y cho’zmas bironta yaproq.
Tongning zarrasidan umidim, umrim,
Har bir nafasimga guvohdir tuproq.
Taassub sololmaymiz hech bir narsaga
Aslida inson ham taassubga loyiq.
Payg’om keltirganga imon barchada,
Yaratgan oldida har kim ham suyuk.
Buyuklar ham o’tgan dunyodan ko’plab,
Ruhin yog’dusidan jismu tan bardam.
Yong’oq po’chog’iday razolat singan,
Lek hayot mag’izin asrashgan har dam.
Mening ham zirqirar jismu tavonim,
Bas, omon bo’lsin bu ruhi ravonim…

* * *

Bu qaro ko’zlarni o’ynatib ketding,
Bog’im bulbullarin sayratib ketding.
Atirgullarimni yayratib ketding,
Mudragan yo’llarni uyg’otib ketding.

Bog’larimning tongda to’qding yoshini,
Rauf Subhon yengdi cho’ng bardoshini.
Uying qayda, aytgin, rangin kapalak,
Yo’llar ostonangga ko’yar boshini…

* * *

Kimning so’ragani kimgadir javob,
Hayotim u qadar falsafa emas.
Kimga pul keragu, kimgadir savob,
Istagim savobdir, nafs-balo demas.

Nurdan-da ingichka ishqning tolasi,
Haq — ishqim topinchi, tilovatimdir.
So’zlarimni qarzlarimga sarflayman,
Umrim mening qarzim — ibodatimdir.

* * *

Sen hali yalpizi ketmagan uvat,
Har tong aylanarding shabnam — sadafga.
Sen hali otingni bilolmasdan bot,
Qarab qo’yar eding ko’klam tarafga.

Hamma takrorlardi… seni takrorlar,
Yana termularding, jisming gul — quloq.
Anglash oson emas, fursat qaramas,
Endi.. bahormassan, yoz bo’lding ko’proq.

* * *

Ko’qda muallaqman,
tuning yetar menga,
Yo’qda najotimsan,
unim yetar senga.

Men betob emasman,
tobing yetar menga,
Benishon shon topgum,
ko’nglim yetar senga.

BAXSHIYONA
«… Quyosh bilan Oyni ajdaho yutib yuboradi. Uni bir botir qutqaradi…»
Ertakdan

Gul bargi tomchilaydi,
Tol bargi qamchilaydi,
O’lan ayting, baxshilar,
Kuy bilan g’am chiroyli.

Yurt qorong’u tor bo’lsa,
Botir ko’ksi yer bo’lar,
Quyosh yutgan, Oy yutgan
Ajdaho bedor bo’lar.

Tun uxlaydi, kun uxlar,
El bo’g’zida un uxlar.
El-yurt ajdar og’zida,
Bu qorong’u dun uxlar.

Bu ertakmi, ermakmi,
Bir o’lib so’ng turmoqmi,
Barcha yaxshi-yomonni
O’z-o’zidan so’rmoqmi…

Harna ko’kdan sir bo’lar,
Botir ko’ksi or bo’lar,
Oy, Quyoshni qutqargan
El og’zida zo’r bo’lar.

Gul bargi tomchilaydi,
Tol bargi qamchilaydi,
O’lan ayting, baxshilar,
Kuy bilan g’am chiroyli.

* * *

Sevgilim,
Qor bo’roni
Qadamlarni sekinlatdi-da,
Yur, g’orga kiramiz,
Ajdaholar uxlab yotgan asriy jimlikda
Muhabbat haqida suhbatlashamiz…

OHU

Tog’lardan termildi, bog’dan kuzatdi,
Botqoqlik ortida to’kislik, ko’klik…
Haydasa o’tmaydi agar yuz otni…
Orin bermaganday bironta haqli…

Hayotda boshqa bir qoida yo’qday,
Bir sakrasa go’yo to’lardek bag’ri,
Botqoqlik ortida hayvonlar to’qday
O’tib olsa yasharmi ishonchi, ori?!

Ortiga qaraydi, odamlar o’qday,
Poylaydi, sayyodlar kun ko’rsatmaydi.
Hech bir jon tinch o’tmas, botqoqlik yutgay,
Bu hududda bo’lmas ko’ngilning mayli…

Ko’ziga ko’rindi rohat, farog’at,
O’zimcha yashayman, dedimi ohu?..
Bir joyga kelganda yutdi-ku botqoq,
Ko’zida jim ketdi xayoli, ohi!..

AROSATDAGI ODAMGA

Aslida ichingda chiroq yonmaydi –
Yoritgin, hammabop bo’lmog’ing uchun…
Fe’lingga-ku, oqu qaro ko’nmaydi,
Birovga ko’rsatma bu kibr-kuching…

Arosat bosgansan, axir yoshmassan,
Yer yutmas ko’lmakday, parcha osmonsan!..

RIZQ HIKMATI

Bu bog’ juda erta gullaydi,
Mevasi ham pishib-pishmaydi.
Yer sohibi har yil pullaydi,
Qo’lga tushar, yerga tushmaydi…

Bolalari to’yib-to’ymaydi,
Kelgan pul g’isht yo og’och bo’lar.
Sohib shu kasbini qo’ymaydi,
Rizq bermasa tog’ ham och qolar…

Ish rohatin ko’rmoq bo’lsangiz,
Kuchga to’ling, bog’day yetiling,
Bog’ qolibdi, desin o’lsangiz,
Baxt degani mehnat betinim.

Hay-hay zamon yaxshi, albatta,
Har bir onning o’z hikmati bor.
Shukronasiz qolar g’urbatda,
Kelajakka bugun poydevor!..

SO’NAYOTGAN KO’Z XASRATI

1

Qullik
Qilgan bilan
Daraxt ko’karmas,
Doimo egilib turasan banda!
Pullik
Ado etgan
Ibodat bo’lmas,
Yuzingni ko’rishga shubha bor menda!

Tullik
Qildingmikan
Yuzing burasan,
Seni do’st ko’rsatmas bu yolg’on xanda!

Yillikmisan,
Asrlikmi, bilmadim,
Qiliqlaring nishonlatding amallab,
Qanday tik boqasan VATANga!

2

Ko’zlaringni
Chorlab turgan
Rishtalar-da, uzilsa,
O’rtalikda
Kimdir qurgan
Ko’prik, devor buzilsa,
Qadamingga
Intizordir
Qaytar yo’lda xas yo cho’p…
Atrofingda uchmay qo’ysa
Qushlar g’ujg’on, tala-to’p…
Seni bir zum tark etmagan
NAFAS — O’LIM yashaydi,
Qurgan bo’lsang hayot yo’ling,
Ekkan guling yashaydi!..

* * *

“Oynai jahon” ishqi
Farhodu Shirindandur,
Bu dunyoning kam-ko’sti
Fosh qilgan siringdandur…

* * *

Ey do’st, jimligimdan
Senga ne foyda?
Aql ta’ma bilmas
Kuylanar joyda.

Tobora yer quchar:
Tun cho’kar, qo’nar…
Toqqa boshin qo’ygan
Ufq-chi, yonar!..

Jim, deysan, boqaman
Yana tong otar,
Qadim tuproq gullar,
Bearmon boqar!..

Bearmon gullaydi
Bosgan qadamlar,
Qay qatlam qorong’u
Bilmas odamlar…

Quyosh tortqilaydi
Yer qulog’idan,
Qushlar potirlaydi
O’z qo’nog’ida…

Sukunatni tinglash
Naqadar og’ir!..
Ko’rdim, tosh ham gullar –
Bag’r… toshbag’r…

Ey do’st, jimligimdan
Senga ne foyda?
Aql ta’ma bilmas
Kuylanar joyda…

* * *

Qismat har xil
Qadr har xil
Rang har xil

Rang ko’ru
Hol so’r demoq
Emas bekor

Illo bir rang
Farq talab
Turfa xildir

Yaxshi yomon
Ajrim-ajrim
Tarxi bor
Bir kimsaning
Necha yuzlab
Sharhi bor

Kimda chehra
Kimlarningdur
Turqi bor

Odob har xil
Sabr har xil
Fe’l har xil

Kimlar ahil
Kimlar yolg’iz
Kim baxil

Dunyo borki
Oqning oqdan
Farqi bor

Ilm olmoq
Shu sababmi
Madad yor

Yaxshilikning
Turi ko’pdir
O’ng ishda

Yaxshilikdan
Nishona bor
Ong ishda

Shundoq bo’lmas
Jaholat ham
Ot minar

Har yaxshida
Bir yomonlik
Yot minar

Qismat har xil
Qadr har xil
Rang har xil

022

(Tashriflar: umumiy 195, bugungi 1)

Izoh qoldiring